Farg'ona kelini (cyr)
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Farg'ona kelini (cyr)



Жўржий Зайдон

ФАРҒОНА КЕЛИНИ

(роман)

 


 

Арабчадан Шоикром Шоисломов таржимаси

 

 

ЖАҲОН — ФАРҒОНА КEЛИНИ

 

221 йил.* Фарғоналиклар янги йилни кутишга ҳозирлик кўрмоқда. Ҳамма уй кўтариш, ясатиш, ҳовли тозалаш, супуриш-сидириш билан овора. Улар ўз томлари тепасига туғ осиб, дарвозалар устига гулдасталар тикишмоқда. Бу ишлардан қутулганлар эса ўзларига ва бола-чақаларига кийим-кечак, олти кунлик байрамга етарли қанд-қурс, ҳолва, тансиқ емиш харид этиш учун гала-гала бўлиб бозорга йўл олишарди.

Қайси ҳовлига кирманг, ҳаммасида аёллар ўчоқ ва тандирларга ўт қалаб, хонаки таом ва анвойи ширинликлар тайёрлаш тараддудида. Улар ювиниш учун сув иситишади. Уй ходимлари эса хожаларининг кичкинтойларини ясантиришади, овқат пиширишга ёрдамлашади, байрамга атаб ёпиладиган нонларнинг хамирини қоришади.

Янги йилнинг буғдойи баракали бўлсин деган умидда янги буғдой унидан нон ёпиб, байрам куни бўлишиб ейиш таомил бўлиб қолган. Байрам кунлари улар янги ақчаларни ишлатишар, кумуш идишларда бир-бирларига янги дон, тухум ва янги мева туҳфа этишарди. Бозор расталари ўша кунларда эртадан-кечгача очиқ, эркаклар ва ёш-яланглар билан лиқ тўла бўлади. Кишилар бозордан харид қилган совға-саломларини саватга солган, тугунчак қилиб боғлаб олган, ёки от-ешаклар устига юклаганча ё уйларига — бола-чақалари олдига, ёки ибодатхоналардаги мажусий* бошлиқларга олиб боришмоқда. Ҳамма оёғи олти, қўли етти бўлиб, шошганча борарди.

Агар сиз шаҳар ўртасидаги катта қўрғонга чиқиб, ундан Фарғона атрофига қарасангиз, қоғозга чизилган харитага ёки рангли суратга ўхшаган бир манзарага кўзингиз тушади. Негаки, қўрғон атрофидаги икки бинони истисно қилганда, қолган иморатларнинг ҳаммаси кесак деворли, бир-бирига ўхшаш пастқам уйлар эди.

Ўша икки бинонинг бири оташхона — мажусийлар топинадиган катта бино. У ерда ҳали ҳам оташпарастлик давом этарди.

Савлати зўр бу бино шаҳардаги бошқа биноларга қиёс қилинса, гуллар ўртасидаги баланд хурмо дарахтига ўхшаб кўринарди. Унинг тепасидаги шамолда ҳилпираб турган яшил байроқлар тоза ипакдан бўлиб, ҳар бирининг узунлиги ўн газча келарди.

Иккинчи бино эса марзубоннинг* уйи. «Марзубон» дегани қадимий форс тилида «ҳоким» деган маънони билдиради. Уй атрофи турли мева дарахтлари экилган катта боғча. У ерда, шаҳар қўрғонининг орқа томонида, узунасига кетган дарахтлар, токзор ва гулзорлар кўзга ташланади. Улар ичида зилол ариқлар шилдирайди. Дарахтларда қушлар сайрайди...

Шаҳар халқи ҳаракатда экан, зўр тантана билан кўчани чангитиб келаётган арава уларнинг диққатини ўзига жалб қилди. Дафъатан қараган кишига у арава эмас, балки катта уйга ўхшаб кўринарди. Арава тепасида нақшинкор ёғочларга ўрнатилган кумушдан ясалган, зарҳалли бир қубба. Унинг ўртасида эса кўк ипакдан тикилган гулдор пардалар ҳилпирайди. Аравага қўшилган икки дулдул отнинг устига кимхоб ёпқич тўшалган. Қўлида қамчи ушлаган аравакаш улардан бирига миниб келмоқда. Арава ёнида эса бир неча ғулом келишарди. Арава устига ёпилган парда унинг ичидагиларни кўришга имкон бермасди. Аммо у арава кимники эканини Фарғонада яшовчи ҳар бир киши билади. У ҳокимнинг араваси бўлиб, шаҳарда ундан бўлак ҳеч кимда бундай арава йўқ эди.

Бу аравани ҳокимга кавказлик черкас хотинининг қариндоши туҳфа қилганди. Ҳокимнинг ўзи эса форслардан эди. Кавказда бекаларнинг саёҳатга ёки шаҳарга чиққан вақтда тушиб юриши учун шунақа махсус арава тайёрланарди. Унда бекалар учун сафарда керак бўладиган ҳамма анжом— ҳатто озиқ-овқатларгача ҳозирлаб қўйилган бўларди.

Олдиларидан ўтаётган бу ҳашаматли аравада ўтирган маликани кўришга фарғоналикларнинг ҳаммаси — ёши ҳам, қариси ҳам ошиқарди. Малика ҳар сафар кўчадан ўтаркан, пардани оҳиста кўтариб, кўзи тушган кишилар билан саломлашарди. Нозик табассуми, шўх боқиши, ҳусни ва донолиги билан ҳаммани ўзига мафтун қилган у малак ҳокимнинг қизи эканини ҳамма биларди.

Аммо бугун негадир ҳокимнинг қизи арава пардаларини кўтармас, аравакаш эса отларни тез йўрттириб борарди. Кўчадан ўтаётган кишилар аравакашнинг отларни бу қадар тез ҳайдашидан унинг шаҳар ташқарисига чиқмоқчи эканини англашди. Арава орқасига икки от боғланган бўлиб, улар эгарланган бўлса ҳам, устида одам йўқ эди. Улардан бирининг эгари устига ўқ ёй тўлдирилган бир идиш юкланган. Бу от, аравада келаётган ҳоким қизининг оти эканини одамлар дарров пайқаб олишди. Чунки маликанинг худди шу отни миниб эркаклар кийимида овга, пойгага чиқиш одати борлиги кишиларга аввалдан маълум эди. У икки отнинг кетида ов пайтида хизмат қиладиган ғуломлар, итлар ва қоплонбоқарлар келишмоқда. Фарғоналиклар учун бу унчалик қизиқ томоша эмас, чунки ҳокимнинг қизи овга ишқибоз эканини, моҳир овчи эканини улар билишарди. Лекин нима сабабдан у худди бугун — байрам куни овга отланганини билолмай ҳамма ҳайрон эди.

Кўчада турганлар орасида икки киши бор эдики, уларнинг бири фарғоналик, иккинчиси эса қўқонлик савдогар. Қўқонлик савдогар фарғоналикнинг қариндоши бўлиб, янги йилни кутиб олиш учун келганди. Бунақа нарсаларни у илгари кўрмаганди. Шу важдан у: — Бунчалик тантана билан кетаётган ким бўлди? — деб ёнидаги ўртоғидан сўради.

— Бу ҳоким Таҳмознинг қизи Жаҳонбеканинг ваҳимаси. Илгари эшитмаганмисиз?

— Бу шаҳарда жуда бадавлат бир ҳоким яшайди, унинг ёлғиз соҳибжамол қизи бор деб эшитгандим. Унинг шу биттагина қизидан бўлак фарзанди йўқми?

— Бор, суюқ оёқ, бадбашара, кўса бир ўғли ҳам бор, лекин у қизига бир мисқол ўхшамайди, — деди фарғоналик ўртоғи.

— Ҳоким, албатта, шу шаҳарлик бўлса керак?

— Йўқ, келгинди, бундан ўттиз-қирқ йил муқаддам, қирчиллама йигитлик чоғида, араб мусулмонларидан қочиб бу ерга келиб қолган. У форснинг аллақайси қитъасида ҳоким бўлиб, кўп қийинчиликларни бошидан кечирган экан. Ота-боболарининг динидан чиқишни истамай, мол-мулкини йиғиштириб, шу ерга келиб қолган.

— У ростдан бадавлатми? — сўради яна қўқонлик меҳмон.

— Ҳа, мол-мулки беҳисоб, Фарғона ташқарисида, Тошкент дарёси қирғоғидаги дарахтзорларнинг ҳаммаси уники. Уй-жой, олтин-кумуш ва жавоҳирларни айтмайсизми? Келинг, қўйинг уни, яхшиси, бозорга бориб бир қўй олайлик-да, бола-чақамизга сўйиб берайлик, — деди фарғоналик савдогар.

Аммо унинг қўқонлик ўртоғи ҳар нарсага қизиқадиган одам бўлгани учун дўстининг маслаҳатига унамай, саволини давом эттиради:

— Бу бека шундай кунда саёҳатга чиқишига боис не экан?

Ўртоғи кулиб:

— Бўлмаса, у ҳам бизнинг аёлларимизга ўхшаб уйда хамир қориб, нон ёпиб, овқат пишириб ўтирсинми? У отасининг уйида ўзи бек, ўзи хон, дегани деган, айтгани айтган, дўстим. Бир неча йил бўлди, онаси вафот этган. Отаси шу қизининг кўнглига қараб бошқага уйланмай келяпти. Қизини жуда яхши кўради у. Қизини шунақанги эркалатадики, худди ошиқ-маъшуқ дейсан.

— Йўқ, уни уйда ўтириб хамир қорсин, овқат пиширсин деётганим йўқ, — деди қўқонлик ўртоғи, — лоақал байрам куни совға-салом билан отасини кўргани келганларни кутиб олиш учун уйда ўтирса бўларди.

Дўсти унинг сўзини бўлди:

— Эй, оғримаган бошимга олтин исирға, яхшиси, бозорга борайлик-да, оладиган қўйимизни танлайлик.

Дабдабали арава икки кишининг ёнидан ўтиб, шаҳар чеккасига йўл олди, ундан ҳам ўтиб, боғчалар томон бурилди-да, ҳокимга қарашли катта ер олдига бориб тўхтади. Бу аравани кутиб олишга одатланган ҳокимнинг корандалари бу сафар ҳам югуриб, унга пешвоз чиқишди. Арава тўхташи билан аравакаш отдан ирғиб тушди-да, унинг жиловидан ушлади. Беканинг қўлидан ушлаб тушириш учун ғуломлардан бири арава ёнига чопди. Маржон исмли чаққон ва уддабурон бир ғуломни бека ўзига яқин тутарди. У арава олдига келди-ю, лекин пардани кўтаришга юраги бетламай туриб қолди. Беканинг ўзи эса на пардани кўтарар ва на арава ичидан бошини чиқариб қарарди. Бека хизматида арава ёнида келган ғуломлар ҳам, унинг истиқболига чиққан корандалар ҳам Жаҳоннинг аравадан тушишини сабрсизлик билан кутишарди. Бека ҳадеганда аравадан тушавермагач, улар бесаранжом бўла бошлади. Беканинг қашқа оти эса одамдан кўра ҳам тинчсизланиб, оёғи билан ер депсир, гўё ўз эгасини чақиргандай ёки, у тезроқ чиқа қолсин, дегандай зўр бериб кишнарди. Отбоқар ҳар қанча уринса ҳам, уни тинчита олмасди. Ниҳоят парда кўтарилди-да, ичидан эллик ёшлар чамасидаги жуда салобатли, узун-мўл кийимли, бошидан тортиб бўйнигача катта рўмол ўраб олган бир аёл аравадан тушди. Бу аёл Жаҳоннинг оқсочи, сирдоши ва маҳрами Ҳайзурон эди.

Ҳайзурон ерга оёғини қўйиб бекасини аравадан тушириш учун унга қўлини чўзди. Жаҳон аравадан тушаркан, ҳамма унинг дилларга ўт туташтирадиган ҳусн-жамолини кўришга ошиқарди. Ўша куни у ов кийимларини, яъни узун шим, орқа этаги очиқ узун камзул ва устидан яна ипак кимхобдан тўнга ўхшатиб тикилган ридо ташлаб олганди. Бошида эса қийиқчага ўхшаган, чаккасини қошларигача бекитган бир рўмол. Офтоб урмасин учун елкасига унинг пешини тушириб ҳам олганди. Шамолда кийими кўтарилиб, юзидан бошқа аъзолари кўриниб қолишидан эҳтиёт қилиб, у ридоси устидан белини ҳам боғлаб олганди.

Жаҳон узун бўйли, барваста бўлиб, чеҳрасида салобат, соғломлик ва ҳусн барқ уриб турарди. Унинг шаҳло кўзлари шунақанги боқардики, сеҳр-жоду бундан ортиқ бўлмас.

Жаҳонга бир қараган ёки у билан сўзлашган ҳар қандай одам ақлу ҳушидан бегона бўлар, ўзини йўқотиб қўяр, тили калимага келмай қоларди. Бутун инон-ихтиёрини Жаҳонга берарди-ю, бир ўйинчоқ каби қизга бўйсунишдан бошқа чораси қолмасди.

Жаҳоннинг овга ёки бирор саёҳатга отланаётганини эшитганлар бир кўриб қолиш учун йўлига пешвоз чиқар, унинг кутиб турганлар билан табассум аралаш саломлашиб ўтиши одамларни ўзида йўқ хушнуд этарди. Аммо бугунги ҳолат тамоман ўзгача эди. Қизнинг чеҳрасидаги ғам кўланкаси, табассуми билан яширмоқчи бўлаётган кўзларидаги ёш одамларни ҳайратда қолдирди.

Жаҳон юзидан пардасини кўтариб, бўйнини очганини, сочини ташлаб уйда юрганини кўрсанг, унинг қанчалик шижоатли ва довюрак эканлигини пайқайсан. Дастлаб қараганда унинг асли зоти форслардан бўлган отасига жилла ҳам ўхшамаслигидан таажжуб қиласан киши. Лекин унинг онаси черкас эканини билдингми, табиийки, бу таажжуб йўқолади-да, қиз онасига тортганлигига қаноат ҳосил қиласан. Онасидан унга ташқи қиёфагина эмас, балки черкасларга хос куч-қувват, шижоат, эрксеварлик, чавандозлик ва овчилик каби хислатлар ҳам ўтганди. Зийраклик, ўткир ақл каби фазилатлар унга отасидан ўтганди. Мана шундай фазилатлари туфайли у ҳуснда ҳам, сиполикда ҳам замонасининг баркамол қизи бўлиб етишган ҳамда фарғоналикларнинг муҳаббат ва ҳурматини қозониб, улар ўртасида «Фарғона малаги» деган ном олган.

Жаҳон аравадан тушди. Кўришиш иштиёқида ўзини кутиб турганларга кўзи тушиши биланоқ, қалбидаги изтиробларни сездириб қўймаслик учун дарров уларга салом берди. Кейин маҳрамига қараб, ёқимли овоз билан:

— Ойи, отим қани? — деди. Қиз ёшлигидан зўр меҳр билан тарбият қилгани учун уни севиб, эркаланиб «ойи» деб чақирарди. Жаҳон дилидаги гапларни ҳамиша шу аёлга айтар, ундан ҳеч қандай сирини яширмасди.

Жаҳон аравадан тезда тушавермаганининг боиси ҳам муҳим бир иш устида маҳрами билан келишиб олмоқчи бўлганида эди.

Ҳайзурон отбоқарни имлади, у рақс тушаётгандай ўйноқлаб турган отни Жаҳонга кўндаланг қилди. Жаҳон жилмайиб, астагина отнинг пешанасини силади. Отнинг пешанасида шерни эслатувчи бир неча оқ ёл бўлгани учун қиз уни «шер» деб атарди.

Пешанасини силаётган одамни таниган от думини силкиб, оёқлари билан ер тепа бошлади.

Ҳайзурон қўл қовуштириб тик турганларга қаради:

— Сайидамиз овга кетяптилар, сизлар арава билан бу ерда қолиб, таом тайёрлаб турасизлар. Орангиздан чопқир икки киши орқамиздан юрсин. Қилинган овни олиб келишади.

Шундан кейин Жаҳон лип этиб ўзининг қашқа отига миниб олди. Ҳайзуроннинг отбоқари Фируз бекасига отини кўндаланг қилди-да, уни миндириб қўйди.

— Энди сен орқангга қайтиб, ўша икки киши билан борасан, — деди Ҳайзурон Фирузга қараб.

Бориши керак бўлган икки кишининг бири Маржон эди.

Ҳайзурон отга қамчи босиб, сайидаси Жаҳоннинг отига етиб олди-да, иккаласи ёнма-ён кета бошлади. Жаҳон камонни елкасига тақиб олган, ўқдони эса эгар қошига осиғлиқ эди. Текис ернинг кўп қисмига экин экилган. Узоқ-узоқдан шаҳар теварагидаги тоғлар кўринарди.

Одатда Жаҳон овга чиққанда қоплон ва итбоқарларни бирга олиб юрар, кийик, ёввойи эшак ва тоғ эчкиларини тоғ оралиғидаги йўллар ва водийларда овларди. Бугун кишилардан холи бўлиш мақсадида ҳеч кимни ўзига ҳамроҳ қилмади. Унинг «Овга чиқаман» дегани бир баҳона эди, холос.

Жаҳон билан Ҳайзурон иккаласи кўз кўриб, қулоқ эшитмайдиган холи бир ерга етганларида, Ҳайзурон меҳрибонлик билан Жаҳонга қаради-да:

— Мана энди икковимиздан бўлак ҳеч ким йўқ, сенинг ҳам, онангнинг ҳам махфий сирларини ҳеч кимга изҳор қилмаганим ва қилмаслигим ўзингга аён. Нега бунчалик паришон эканинг сабабини энди менга айтгин, — деди.

Жаҳон қаттиқ хўрсинди-да:

— Ойи, қўйинг, шу гапни сўраманг. Озгина бўлса ҳам кўнгил очиш учун овга чиққанман, — деди.

— Мени ростдан ҳам ов қилиш учун чиқдим, деган гапингга ишонади деб ўйлайсанми? Ахир шу баҳона билан холи жойи топиб суҳбатлашишимиз кераклигини сенга айтган ўзим-ку, ёки дилингдаги гап менга маълум эмас деб ўйлайсанми? — деди Ҳайзурон кулиб.

Жаҳон Ҳайзуронни чалғитмоқчи бўлди:

— Дадам бир неча йилдан буён дардга чалиниб ётганини кўриб-билиб туриб ҳам юрагим сиқилишидан ажабланасизми? Табиб унинг шифо топиб кетиши амри маҳол деганини ўзингиз эшитгансиз-ку, ахир. Агар отамга бирор гап бўлса, мен ёлғиз қоламан. Бу ерда ҳеч кимим йўқ. На отамнинг форс мамлакатидаги қариндош-уруғларини, на онамнинг Кавказдаги уруғ-аймоқларини танимасам. Қандай... — деди-ю хўрлиги келиб нафаси ҳалқумига тиқилдида, сўзини давом эттира олмади.

— Сайидам, ҳоким энди бетоб бўлганлари йўқ-ку, у кишининг дардларидан аввал ҳам ташвишланиб юрардинг, лекин бугунгидай сиқилмасдинг. Яшириб келаётган гапингни мен яхши биламан, — деди Ҳайзурон.

Жаҳон ажаблангансимон унга назар ташлаб, кўнглини билиб олиш мақсадида қаттиқ тикилди. У дилидаги гапни яширишга қанча уринмасин, юзлари қизариб, икки кўзи чақнаб бораётганини Ҳайзурон сезиб турарди:

— Ҳа, сирингдан воқифман, лекин сен уялиб, уни яширмоқчи бўлиб юрибсан. Мана мен ҳозир дилингдаги ҳаёни юзингда кўриб турибман, — деди.

Жаҳоннинг юзига қон югуриб, қизил гулдек очилиб кетди ва кўзлари яшиндек чақнаб, юрагида қайнаб турган севги ҳарорати сиртга тепди.

Киши ўз кўнгил сирини қанча яширмасин ёки яширишга уринмасин, унинг кўзларидан кўнглидагини уқиб олиш мумкин. Кишининг ўзи бир гап айтса-ю, тили бошқа гапни айтса, тилиники эмас, кўзиники тўғри чиқади, албатта. Хусусан Жаҳонга ўхшаган сезгиси нозик ва меҳри зўр кишиларда кўзнинг гапи сўзсиз тўғри келади. Жаҳон катта юрак, қалб ва катта ақл эгаси эди. Лекин шу пайтда аёлларга хос кўнгли бўшлик устун келиб, бошини ерга эгганча жим турарди.

Ҳайзурон сўз бошлади:

— Бу сирдан воқиф бўлганимга ажабланмасанг ҳам бўлади. Менгина эмас, бутун сарой аҳли бу сирни билади. Фақат отанггина билмайдилар, холос. Саройдагилар унча-мунча ҳайиқади, бўлмаса, уни отангга етказишган бўларди. Очиғини айтсам, бундай қилишларига мен рухсат этмадим.

Жаҳон отининг ёлини тузатиб туриб, бирдан:

— Акам Сомон-чи, у ҳам бу сирдан воқифми? — деди.

Ҳайзурон Сомоннинг номи тилга олинишидан аччиғланди:

— Қуруқ қолармиди ўша. У ҳамма нарсадан хабардор. Оёқ олишини мен аллақачон сенга айтган эдим-ку.

Ҳайзурон Жаҳоннинг акасига кўнгил бўшлик қилаётгани учун койимоқчи бўлиб турувди, буни сезган Жаҳон унинг гапини бўлди:

— Акам Сомоннинг ножўя хатти-ҳаракатларини сезиб юраман, лекин нима қилай: якка-ю ягона акам. Унга айб қўйишга юрагим чопмайди. Акамнинг баъзи қилиқлари ёқмаса ҳам, менга анча меҳри борлигини сезиб юраман. Лекин шунда ҳам ҳар хил сирларга аралашиб юриши менга маъқул эмас. У менга сир сандиққа ўхшаб кўринади. Кўпинча у кун бўйи аллақаерларда дайдиб юради. Бутун Фарғонани изласанг ҳам уни топиб бўлмайди. Келганидан кейин «қаерда эдинг» деб сўрасак айтмайди, ёки мужмал бир жавоб қилиб кетаверади. Баъзи миш-мишларга қараганда, у шаҳардаги оташхона бошлиғи билан кўпинча хуфия суҳбат қилармиш. Унинг ичидан пишган ва ҳийлакорлиги сир эмас.

— Фикримча, бу оташхона бошлиғининг Бобак* Хуррамий бошлиқ махфий жамият кишилари билан тили бир бўлса керак. Бобак шу қадар кучга эгаки, мусулмонлар халифаси ундан қўрқиб қолди. Аканг Сомон шу жамият аъзоси бўлса ҳам ажаб эмас. Майли, ҳечқиси йўқ, хуррамийлар ҳокимиятни форсларга олиб бериш ва мусулмонларга қарши жанг қилиш тадбирларини кўришмоқда, — деди Ҳайзурон.

— Акам Сомонни бенуқсон демайман, лекин нима қилайки, акам-да. Келинг, қўйинг, ўша ҳақда гаплашмайлик.

Бу қиз ўз акасининг шунчалик бемаънилигини, нияти бузуқлигини сезгани ҳолда яна ундан яхшилик кутиб юришидан ажабланган Ҳайзурон кўзларини ерга тикканча бир оз хаёлга чўмди, кейин бу баҳсни тўхтатиб, аввалги ҳангомани давом эттира бошлади:

— Хўш, хаёлингни паришон қилган, кўнглингни банд этган гапни ҳали ҳам айтиб бермайсанми?

Мураббияси олдида ўзини ожиз сезгани Жаҳонга қаттиқ таъсир қилди. Унинг нафсонияти ғолиб келди:

— Ойижон, мени ожиза деган фикрингиздан қайтинг, шундай деб ўйласангиз, янглишасиз. Паришонлигим сабабини билсангиз, қани ўзингиз айтиб беринг-чи.

Ҳайзурон гапни қисқа қилиб қўя қолди:

— Паришонлигингга сабаб — Зирғом.

Зирғом номини эшитган замон Жаҳоннинг юраги қинидан чиқаёзди, юзларига қон югурди, кўзлари чақнади. Буни кўрган Ҳайзурон: «Қизгинам, энди бўйнингга ола қол, Зирғомни севишингни кўзларинг айтиб турибди», — деди.

Зирғомни севишимга Ҳайзурон қандай қараркин. Маъқуллармикан-йўқмикин, деб Жаҳон унинг раъйини билмоқчи бўлиб, индамай турарди.

Ҳайзурон ўз фикрини баён қилди:

— Зирғом ўктам йигит, шижоатли, ботир йигит. Фарғона ва Форс мамлакатларида беназир йигит.

— Хўп, унинг ботир ва ўктам йигитлигини билар экансиз, унинг тўғрисида яна нималар биласиз? — сўради Жаҳон.

Ҳайзурон дилидаги гапни айтмоқчи бўлди-ю, лекин Жаҳонни ўйлаб, бир лаҳза жим қолди. Олдинги гаплардан анча дадилланган Жаҳон секингина қайта сўради:

— Ойи, ҳеч нарсани андиша қилмай, фикрингизни очиқ айтаверинг.

— Зирғомнинг насл-насабини ҳисобга олинмаганда, ундан муносиб йигит йўқ. Унинг насл-насабини, отаси кимлигини Фарғонада ҳеч ким, ҳатто унинг ўзи ҳам билмайди.

Жаҳон камонини ўйнаганча Ҳайзуронга қаради:

— Зирғом тўғрисида одамлар нима дейишади?

— Зирғом шижоатда, саховат, ҳуснда, олиҳимматлик ва сиполикда сара йигит, деб мақташади-ю, лекин насабига келганда бирор гап айтолмай, бир-бирларига қарашади, — сўз бошлади Ҳайзурон, — онаси уни қўлда кўтариб Фарғонага келган вақти менинг ёдимда. Ўшанда у келишгангина жувон эди. Фарғоналиклардан бир нечтаси унга совчи бўлди, киши қўйди, лекин у «йўқ, эр қилмайман, боламни катта қиламан» деб унамади, камбағал бўлишига қарамай, боласини яхши парвариш қилди. Кейин жаноби ҳоким — сенинг отанг ундан хабар топиб, ўз ҳузурларига чақиртирдилар. Унинг бошидан нималар кечганини суриштирганларида, аввалига айтмади-ю, кейин айтган гаплари мана бундай бўлди: «Мен ёш қизча эканман, турклар саҳрода онамнинг бағридан тортиб олиб, Ироққа келтириб сотишган экан. Кейин бир ироқлик қулфуруш уйида тарбияланиб, катта бўлдим. Тақдир экан, охири бориб ўша ерлик бир кишининг қўлига тушдим. У мени қулликдан қутқарди-ю, ўзига хотин қилиб олди. Қорнимдаги бола туғилмасдан у киши вафот этди. Бола туғилгач, ҳамма нарсадан воз кечиб, бор-йўғимни шунинг тарбиясига бағишладим».

Отанг жаноби ҳоким унинг гапларидан қаноатланмадилар шекилли, синаб кўриш учун «Сарой аъёнларидан биттасига сени узатсам, нима дейсан» деганларида, у эътироз билдирди. Шунда ҳам у кишининг шубҳалари тарқамади. Кейин уни ўз саройлари ёнига жойлаштириб, бутун рўзғор-тирикчилигини бут қилиб бердилар. У яхши чевар эди. Саройдаги бошқа хизматкорлар қатори ишлаб юриб, кўзи дардга чалинди. Шу касал баҳона бўлиб, кўздан айрилди, ишга ҳам ярамай қолди. Шундан кейин отангнинг уйида қолиб кетди. Бу ёғини ўзинг ҳам биласан.

Зирғом улғайгач, от минишни, камон отишни ўрганди. Унда зўр қобилият пайдо бўла бошлади. Шундан кейин отанг — жаноби ҳоким уни ўзларига содиқ маҳрам қилиб олдилар. Уни жуда яхши кўрар, истеъдодига қойил қолар эдилар.

Бир неча йил бурун халифа Муътасим бу томонлардан турклар, фарғоналиклар, ушрусанликлардан аскарликка одам сўраган вақтда Зирғом ҳам ихтиёрий равишда ёзилиб, Бағдодга кетди.

Сен яшириб юрган ораларингиздаги муҳаббатни ўша вақтдаёқ сезган эдим. Аммо унинг қандай қилиб сендан кўнгил узиб, Бағдодга кетганидан ҳайрон эдим. У бечора насл-насаб ва мартабада ораларингизда осмон билан ерча фарқ борлигини ўйлаб, «Мен қаерда-ю Жаҳонга эришиш қаерда», деб умид узган бўлса керак-да.

Ҳайзуроннинг сўзларига диққат билан қулоқ солиб ўтираркан, Жаҳон: «Одамнинг одамлиги шундай пайтларда маълум бўлишини билгани учун у Муътасимнинг хизматига боришга бел боғлаган. Сиз айтгандек, «Мен қаерда-ю, Жаҳонга эришиш қаерда» деб умидсизлангандир бечора. Аммо мен уни ўзимдан аллақанча афзал кўраман. Киши ер-суви, уй-жойи ва мол-мулки билан эмас, балки фазилатига қараб, эл-юрт ўртасидаги обрўсига қараб баҳоланади. Сиз ўзингиз ҳам, бошқалар ҳам унинг ажойиб хислатларини мақтаб гапириб юрасизлар-ку, ахир. Унинг аскарлик хизматида шараф топишига мен аминман. Турли жойлардан келтирилган қулларни халифа сотиб олиб тарбиялагани ва аскарликка олгани, кейинчалик улар ўз маҳоратларини кўрсатиб, қўмондонлик вазифаларигача кўтарилганини кўп эшитганмиз. Шундай экан, Зирғомнинг фазлу фазилатлари маълум-ку! Унинг қобилияти ўзингизга ҳам, менга ҳам аён-ку!»— деди.

Жаҳон бу гапларни қаттиқ ишонч билан, тилини бийрон қилиб сўзларкан, юрагида муҳаббат алангаси авж олаётгандай бўларди. Жаҳоннинг гапларини эшитган Ҳайзурон унинг Зирғомга чиндан ҳам кўнгил берганлигига яна ҳам қаттиқроқ ишонч ҳосил қилди. Жаҳонни бу раъйидан қайтаришга сўз тополмай, деди:

— Зирғомнинг Муътасим аскарлари орасида юқори мартабага эришувига ҳеч бир шубҳа йўқ, албатта. Лекин бош қўмондонликка эришгани билан ҳам киши Фарғона малагига муносиб бўла қолмайди. Сенга амирлар совчи қўйиб туришибди.

Ҳайзурон Жаҳоннинг кўнгли учун ёки уни мақташ учун эмас, балки бор гапни айтган эди. Жаҳонни жавоб қайтариш ниятидан чалғитиш учун Ҳайзурон гапни атайин бошқа ёққа буриб: «Қизим, мен жуда чарчадим», — деди-да, ён томонга қаради, ҳар гал Жаҳон келиб, ов қилиб кетдиган водийлар яқинидаги бир тепаликка кўзи тушди. Ўша тепаликка ишора қилиб: «Шу ерга бориб озгина дам олсак, нима дейсан? Кейин отга миниш қочмас. Сен ёшсан, сафар машаққатлари менга оғирлик қилади», — деди. «Жуда яхши бўлади», — унинг таклифини маъқуллади Жаҳон. Ҳар икковлари отдан тушиб, тепа томон йўл олишди. Отбоқар орқадан етиб келиб, иккала отни бир чеккага етаклаб, устидаги намат ёпқични олди-да, тепаликдаги ясси бир тош устига тўшаб берди. Жаҳон билан Ҳайзурон унинг устига ўтириб олгач, отбоқар отларини ўтлатгани кетди. Икки хизматкорга қараб Жаҳон: «Водийга кириб, овдан даарак олиб чиқинглар», деб жўнатиб юборди.

 

_______________

* Мелодий 826 йилга тўғри келади.

* М а ж у с и й л а р — оташпарастлар. Ислом дини кириб келгунга қадар Ўрта Осиё халқлари мажусий динида бўлганлар.

* М а р з б о н ё к и м а р з у б о н — катта ер эгаси, у шаҳар ҳокими ҳисобланарди.

* Б о б а к — Арабларга қарши Озарбайжондаги машҳур хуррамийлар қўзғолонининг йўлбошчиси, 837 йили ўлдирилган.

 

 

ЗИРҒОМНИНГ МАКТУБИ

 

Ҳайзурон Жаҳонга қаради:

— Сайидам, гапимга нима дединг?

— Мени шунчалик муболаға билан баланд кўтаришингиз ва севиб мақташингиз бежиз эмас, чунки мен қизингизман. Ҳар бир она ўз қизини мақташга тушиб кетганида, «уни талашиб подшоҳлар бир-бири билан жанг қилишяпти», дейишдан ҳам тоймайди.

— Мен, ҳақиқатни, рост гапни айтдим. Манаман деган Эрон шоҳлари розилигингни кутишаётгани ёлғон эмас-ку ахир?

Жаҳон елкасини қисди. Бу гапларга ишонгиси келмасди:

— Эрон шоҳлари-я? Тавба, ҳозир уларнинг подшоҳлари бор эканми?

Жаҳон ўзининг қанчалик юқори мартабали қиз эканини тушуниб олиш пайти яқинлашаётганидан Ҳайзурон ўзида йўқ севинди. Зотан, у бор гапни айтаётган эди.

— Сайидам, елкангни қисма, эронларда шундай улуғ шоҳлар борки, улар бугун-ерта Хусравийлар ҳокимиятини қайта тиклайдиган бўлиб туришибди. Табаристон ҳокими Мозиёрни, Ардабил ҳокими Бобак Хуррамийни билмайсанми? Минг-минглаб қаҳрамонлар бу шавкатли амирларнинг фармойишида. Лекин шунга қарамай, Фарғона малагига тиз чўкиб, унинг бир карами учун жон олиб-жон беришмоқда.

Жаҳон, ечилиб ўтлаб юрган қашқа отига назар ташларкан, Ҳайзуроннинг гапи ёқмагандек бош силкиди-да:

— Ойи, шоҳларингизни бошимга ураманми, менга Зирғомдан бўлак ҳеч ким керак эмас, Мозиёрни, Бобакни не қилай? Ардабил ва Табаристон билан бизнинг юрт орасида қанча кунлик масофа бор?

— Гапимга ишонмасанг, Бобак Хуррамий кимлигини, нияти нималигини аканг Сомондан сўра, — деди Ҳайзурон.

Жаҳон ўзини қўлга олди-да:

— Акам шунақа бир кишини ҳадеб мақтаётганини эшитгандим шекилли, лекин ўзингиз биласиз-ку, унинг ҳеч бир гапига ишонмайман. Бу гапга эътибор берганим ҳам йўқ, негаки, ҳеч ким Зирғомнинг ўрнини боса олмайди, амир ва подшоҳларни унинг тирноғига ҳам олмайман, — деди.

— У мамлакатларни узоқ десанг, мана қўшнимиз Ушрусананинг амири Афшин-чи? У ҳозир Бағдодда ҳамма мусулмон аскарларнинг бош қўмондони. У яқинда отангни кўргани келади. Отанг ўзлари янги йил байрамида келиб кетгин, деб унга хат ёзганлар, — деди Ҳайзурон.

Ҳайзурон билан шу чоққача бемалол гаплашиб ўтирган Жаҳоннинг Афшин номини эшитиши билан хаёли қочди, туси ўзгарди, юрагига ғашлик тушди. «Бўлди, унинг отини сира ҳам атаманг», — дегандай қўлини силтаб, Ҳайзуронни гапдан тўхтатди.

Ҳайзурон яна гап бошламоқчи эди, Жаҳон норози оҳангда: — Қўйинг, уни гапирманг, номини эшитишга тоқатим йўқ. Сиз сезиб юрган хафалигимнинг боиси ҳам худди ўшанинг ўзи. Унинг яқинда Фарғонага келишини, янги йил байрамини бизда ўтказишини эшитиб, ўзимни қўйгани жой тополмаяпман. Байрамни бошқа бирор узоқроқ ерга бориб ўтказиш қўлимдан келса, албатта шундай қиламан, — деди.

Жаҳон Афшинни шу қадар ёмон кўришидан ажабланган Ҳайзурон:

— Афшин сенга бирор ёмонлик қилганмиди? — деб сўради.

— Йўқ, менга ёмонлик қилмаган, бир оғиз гапирган ҳам эмас. Лекин у отамнинг зиёратига келганидан буён ёмон кўриб қолганман, афтига қарагим келмайди. Ким ҳақида нима деб ўйласам, худди шу ўйлаганимдек бўлиб чиқаверади. Бунга ўзим ҳам ҳайронман.

— Таажжуб, — деди Ҳайзурон, — Афшин Зирғомнинг бошлиғи эканини, Зирғомнинг мақсади мусулмон аскарлари орасида шуҳрат қозониб, Афшин қўмондонларидан бири даражасига кўтарилиш, унинг байроғи остида бўлиш эканини билмайсанми?

— Йўқ, ойижон, Зирғом Афшинга тобе эмас, у халифа қоровулларининг бошлиғи, — деди Жаҳон. Ҳайзуроннинг чеҳрасида ҳайронлик аломати зоҳир бўлди.

— Шу сўзларинг ростлигига ўзинг тўла ишонасанми?

Жаҳон унга тикилиб, табассум қилди:

— Ҳа, албатта, менинг унга ишончим сизнинг подшоҳлар менинг висолимга етишолмай юрганига ишончингиздан ҳам зўрроқ, — деди-да, қўлини чўнтагига тиқиб:

— Анча бўлди, ундан хат олгандим. У яқинда Фарғонага келишини ёзган. Лекин нима учундир ҳануз дараги йўқ, — деди.

У хатни чиқариб: «Мана ўзингиз ўқиб кўринг», деб Ҳайзуронга узатди. Хат қадимий паҳлавий тилида ёзилган эди:

«Сомуррода яшаётган Зирғомдан, Фарғонадаги кўнглим фариштаси Жаҳонга!

Сайидам! Мен сени ҳамма вақт сайидам деб атайман, чунки сен бутун борлиқнинг сайидасисан, менинг севгилимсан. Сен қалбимнинг — бутун вужудимнинг хожасисан. Фарғонадан чиққанимдан буён анча йиллар ўтиб кетди. Шу вақтгача сенга мактуб ёзмадим, тўғриси, буни ўзимга эп кўрмадим. Ҳокимнинг қизи, сайида, малакхилъат Жаҳонга хат ёзишни мендек бир фақир етимга ким қўйибди, деб ўйладим. Сен билан видолашаётган куним улуғ мартабага эришиш учун қўлимдан келганича тиришаман, сенинг мартабангга яқинлаша олсам, остонангга келиб бошимни ураман-да, жуфти ҳалолликка розилигингни сўрайман. Борди-ю, ўшандай юқори мартабага эриша олмасам, бахтим қаро экан дейман-да, пешанамга уриб, ҳажрингда зор-зор йиғлаб дунёдан ўтаман, деган эдим.

Мен бу ерга келиб аскарликка ёзилдим. Оғир жанг майдонларига сенинг номингни қалбимга жо қилиб кирдим. Номингни ўзида сақлаётган кўксимни ўқларга тутдим. Муборак, азиз номинг мени ҳамма фалокатлардан омон сақлади.

Мен аскарлик хизматида турли лавозимларда бўлиб, охири халифа саройида қоровуллар бошлиғи вазифасига эришганимдан кейин сенга севинч хабарини йўллаяпман.

Сен, эҳтимол: — Бу мартабага кўтарилишдан мақсадинг нима? — деб сўрарсан. Очиғини айтсам, мақсадим шу мартаба туфайли сенинг висолингга етишдир. Сенсиз ҳаёт ҳаёт эмас менга.

Мен жаноб ҳокимни зиёрат қилишга, севгилим Жаҳонни кўришга мушарраф бўлиш учун Фарғонага боришни ният қилган эдим, халифаликка путур етказадиган баъзи ташвишли юмушлар чиқиб қолмаганда, аллақачон Фарғонада бўлардим.

Фарғона сафарига отланиш учун ҳозир қулай бир чора топилди. Ўзинг биласанки, халифа Муътасим Бағдод яқинида турк аскарларига атаб Сомурро деган махсус шаҳарча бино қилган. Мен ҳам шу ерда турк аскарлари билан биргаман.

Ислом мамлакати — Бағдодда пайдо бўлган турли исёнчи гуруҳларни халифа ўша турк аскарлари кучи билан бостирмоқчи.

Турк аскарлари шаҳар атрофидаги аҳоли билан аралашса, куч-қуввати, шижоати кетиб қолишидан қўрққан Муътасим Мовароуннаҳрдан чўри турк қизларини сотиб олиб, ўша аскарларни уйлантирмоқчи, Фарғонага бориб чўрилар сотиб олиш учун бир қанча кишиларни танлаб қўйди. Ўша кишилар билан бирга мен ҳам ватанимга бориб келмоқчи эканимни халифага айтиб, рухсат олдим. Шояд, яқин орада дийдор кўришсак. Хатни сенга етказишни ишончли кишиларимдан бирига топширдим. Ойим-дан сенга салом».

Ҳайзурон хатни ўқиб бўлгач, Жаҳонни қучоқлаб ўпди:

— Сенга ҳам, Зирғомга ҳам муҳаббат муборак бўлсин. Зирғом, албатта, сенга муносиб йигит. «Киши ҳаётда мол-мулки билан эмас, балки одамий фазилатлари билан қадрли» деган гапинг тўғри. У ботирлиги ва ғайрат-шижоати билан ҳозирданоқ соқчилар бошлиғи лавозимини эгаллаган бўлса, бир неча йиллардан кейин жуда улуғ мартабаларга эришса ажаб эмас. Ислом давлати ҳали жангу жадал қиляпти, Зирғомдек йигит яна ҳам юқорироқ мартабаларга кўтарилишига нима тўсқинлик қиларди?

Ҳайзурон дилидаги гапни айтгани учун, Жаҳон беҳад хурсанд бўлди-ю, аммо кетидан лекини чиқиб қолди:

— Бу хатни олганимга бир неча ой бўлди. Ҳалигача Зирғомдан дарак йўқ, билмадим, не ҳодиса юз берди экан?

Ҳайзурон: «Ташвишланма, у албатта келиб қолади, лекин...» деди-ю, кўнглига бир нарса келгандек ўйланиб, бошини қуйи солди.

— Хўш, ойижон, айтинг, нима лекини бор, — деди Жаҳон.

— Лекини шуки, сени Зирғомга беришга отанг розилик бермасмикинлар деб қўрқаман.

— Тўғри, мен бу гапни отамларга айтганим йўқ, лекин ишончим комилки, у киши Зирғомни яхши кўрадилар, жуда ҳурмат қиладилар. Ундан кейин, мен нимани истасам, отам унга қаршилик қилмайдилар.

— Сайидам, жаноби ҳоким Зирғомни яхши кўришларини, ҳурматлашларини яхши биламан, лекин бу ерда бошқа бир гап бор. Шуни ўйлаб кўрдингмикин? — деди Ҳайзурон.

— Қандай гап экан? — деди авзойи ўзгариб Жаҳон.

— Билишимча, Зирғом мусулмон, сен бўлсанг ислом динига кирган эмассан. У сени хотинликка олиши қандай бўларкин?

Жаҳон:

— Мен ҳам мусулмон бўлсам нима қилибди? Ахир ислом дини ҳозир давлат дини-ку, — деди.

— Отанг, қавм-қариндошларинг динидан қандай қилиб воз кеча оласан?

— Бу дин Зирғом билан менинг муҳаббатимизга ғов бўладиган бўлса, мен албатта, ундан воз кечаман. Чунки мен бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам севгилим қаерда бўлса, ўша ерда бўлишни истайман.

Жаҳон шундай деб жилмайди. Унинг кўзларидан маржондек ёш оқиб, юзига тушди.

Гап чўзилиб, аҳвол оғирлашганини сезган Ҳайзурон Жаҳонни алаҳситмоқчи бўлиб, жойидан қўзғалди ва гапни бошқа томонга бурди:

— Кун алла-палла бўлиб қолди, сен бўлсанг, ҳали ҳам овга киришганинг йўқ, отингни мин, мен кетингдан кузатиб юраман. Кийик овлашдаги маҳоратингни кўриб, бир томоша қилай, қизим.

 

* * *

 

Жаҳон «отимни, камон ва ўқ ёйларимни олиб кел» дегандай қилиб, отбоқарга имлади. Кейин у қаерда ов яхши бўларкин дея мўлжаллаб тоғ томонга кўз югуртирди. Бирдан яқин ердаги тош устида бир тоғ такаси ўйноқлаб юрганини кўриб қолди. Илгари бу ерда тоғ такаларини ҳеч кўрмаган эди. У шошиб, «Фируз, камонни тез олиб кел», деб отбоқарга хитоб қилди.

Камон қўлига теккач, дарров уни ўқлади-да, тоғ такасини нишонга олди. Ўқни отиш олдида Жаҳон «агар шу ўқни унга теккиза олсам, Зирғомга етишаман, у билан тезда кўришаман. Борди-ю, ўқ тегмай қолса, Зирғом билан тезда учрашишим қийин бўлади», деб кўнглига тугиб қўйди.

Така эса ҳамон ўша тош устида булар томон қараб турарди. Жаҳон ўқ узди. Ўқ фазода визиллаб така томон учиб кетди.

Ҳайзурон эса ўқ бориб етмасдан така қочиб кетса, нима бўлди, деган хавотир билан ундан кўзини узмай турарди.

Така йиқилди, кейин қочиб бориб икки харсанг ўртасидаги бир чуқурликка бурилди. Таканинг йиқилганини кўрган Жаҳон севинганидан: «Ана йиқилди. Маржон, югур, уни олиб кел», деб бақирди. Маржон, ҳамроҳи ва отбоқар учаласи така томон чопиб кетишди. Жаҳон севинганидан юраги ёрилгудай бўлди. Ҳайзурон кулиб, унинг ёнига келди:

— Бу такани қулатганингдан жуда хурсанд бўлдим. Ўқинг унга теккани учунгина эмас, йўқ. Сен уни нишонга олаётганингда мен, «агар Жаҳон шунга теккиза олса, албатта Зирғомга ҳам етишади», деб хаёлимдан ўтказган эдим. Энди, қизим, албатта мақсадингга етишасан. Хурсандлигим мана шундан.

Жаҳон жилмайиб деди:

— Мен ҳам худди шуни кўнглимга келтирган эдим. Энди «Зирғом сенинг муносибинг», деб айта оласизми?

— Мен ғўр мулоҳазаларимни сенга айтган эдим. Ҳозир эса Зирғомга муҳаббатим жуда ҳам ошиб кетди.

Улар шу қабилда ҳазиллашиб кулишди. Ҳайзурон ўз фикрини очиқ айтиб, Жаҳоннинг кўнглига чироқ ёққандек бўлди.

Тоғ такасини судраб келаётганларнинг ҳайқириқ овозини эшитган Жаҳон улар томон югурди. Така ўлган эди. Унинг бир ўқ билан ўлганидан Жаҳон ажабланди. Унинг ўқи ҳамон таканинг биқинида санчиғлиқ турарди. У яна бошқа бир ўқ таканинг бўғзида санчилиб ётганини кўриб қолди-да, «Ҳой, бунда иккита ўқ бор, мен фақат битта отган эдим-ку, мана бу иккинчи ўқни қаранглар, бу қаердан келиб тегди? Маржон, бу ўқни дарров чиқариб ол!» деб, хизматкорга буюрди. Маржон жуда қийинчилик билан ўқни тортиб олди ва «така шу ўқ билан ўлган», деб уни Жаҳонга узатди. Жаҳон ўқни олди-да, бармоқлари билан у ёқ-бу ёғини ағдариб кўздан кечирди. Ўқнинг патида араб тилида ёзилган бир хатга кўзи тушди. Жаҳон арабча хатни ўқишни биларди. У хатнинг ҳарфларини ҳижжалаб, туриб, бирдан «Зирғом» деб бақириб юборди-да: — Мана бу ўқда Зирғомнинг исми ёзилган экан, — деди. Маржон ҳам араб ҳарфи билан битилган ёзувларни билгани учун, уни ўқиб кўрди-да: «Ҳа, тўғри, бунда Зирғомнинг исми бор», — деди.

Бу тасодифдан ҳанг-манг бўлиб қолган Жаҳон Ҳайзуронга қаради. Эсанкираб қолганини икки эркакдан яширмоқ учун у ўзини базўр қўлга олди. Кейин уларга қараб: «Такани бирор ерга олиб бориб сўйинглар-да, нима қилсангиз, ихтиёр ўзларингизда», — деди. Улар узоқлашгач, Ҳайзуронга қараб:

— Бу ҳодисага нима дейсиз? — деди.

— Менингча, — деди Ҳайзурон, — Зирғом шу ўртада бўлиши керак. Бу ўқ билан такани отган ҳам муқаррар ўшанинг ўзи. Лекин така жароҳатланганича узоқ ерларни босиб келганга ўхшайди, чунки тоғ такалари бу ердан узоқ бўлган Тошкент дарёсининг* қирғоқларида ёйилиб юради.

Жаҳон «бу тушимми ё ўнгимми» деб хаёлга чўмди ва бошини қуйи солиб:

— Бу жуда ғалати тасодиф, аммо ҳали ҳам мен янглишдиммикан деган хавотирдаман. Лекин кўнглим буни рост деб айтяпти. Хўп, майли, гумонимиз тўғри чиқса, уни сиз ҳозир қаерда деб ўйлайсиз? — деди.

— У Фарғонага киришдан аввал дам олиш учун бирор сой атрофига тушган бўлса керак. Лекин мен бу томонларда Тошкент дарёсидан бўлак сув борлигини билмайман, эҳтимол, у дарёнинг шарқий қирғоғига тушган бўлса,— деди Ҳайзурон.

Жаҳон сўради:

— Сиз айтаётган қирғоқ бу ердан узоқми?

— Бир-икки фарсаҳ* келади, ўша томонга боргинг келаётганга ўхшайди-а?

Хижолат аралаш табассум қилган Жаҳон, нега бундай савол бераётганини аниқ билиш учун Ҳайзуроннинг кўзига тикилди. Ўзининг фикрига қўшилаётганини сезиб, Ҳайзуронга: «Ҳа, биз уни излаб борсак, қандай бўларкин дейсизда», — деди.

Ҳайзуроннинг унга раҳми келди, кўнглига қўл солиб кўрмоқчи бўлди:

— Кишилар эшитса, Жаҳон Зирғомни атайин излаб борди, деб гап қилишади. Аммо тасодифан унга йўлиқиб қолсак-чи, унда ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Яна шуни ҳам билиб қўйки, йўл анча олис, машаққатли, унга чидай оласанми?

Жаҳон: «Отга миниб олганимиздан кейин нима машаққат бўларди. Қани, қўзғалинг, кетдик», — деди-да, икки эркак томонга қаради. Улар узоқда, ҳали ҳам така сўйиш билан овора эди. Жаҳон уларни чақирмоқчи бўлаётганини сезган Ҳайзурон, олдинроқ: «Бўлмаса, мен хизматчинг Фирузни чақириб келай, у сенинг жиловингдан юрсин, иккинчисига эса қолган хизматчилар билан шаҳар дарвозаси ёнига бориб, бизни кутиб туришга фармон қилсанг», — деди.

Унинг бу маслаҳати Жаҳонга маъқул тушиб, «жуда соз бўлади» деди. Ҳайзурон хизматчилар олдига бориб, «буёққа кел» деб Фирузни имлади. Дарров югуриб келган Фирузга: «Ҳамроҳингга бориб айт, у бошқа хизматчиларни олиб тезроқ шаҳар дарвозасига борсин-да, бизни кутиб туришсин. Ўзинг эса иккала отимизни олиб кел, бизнинг ёнимизда борасан», — деди. Фируз топшириқни бажариб бўлгач, Жаҳон билан Ҳайзурон қаерга боришаётганини била олмай уларнинг орқасидан йўлга тушди.

 

_____________

* Сирдарё назарда тутилади.

* Ф а р с а ҳ — 8 километрни ташкил этади.

 

 

ЗИРҒОМ ВА ЖАҲОН

 

Шояд, севгилим келаётганини кўрсам, деб кўзлари тўрт бўлиб бораётган Жаҳон отнинг бошини анҳор томонга бурди. Унинг ёнида от минган Ҳайзурон борарди. Тикка келган қуёш тиғи остида чуқур хаёлга чўмиб бораётган Жаҳон бугун овқат еган-емаганини ҳам унутганди. Ҳали овқат экан-ку, муҳаббат дардига йўлиққан одам ўзининг жаҳонда бор-йўқлигини ҳам унутиб қўяди.

Жаҳон ва Ҳайзуроннинг отлари ҳаккам-дуккам экин экилган ерлардан ўтиб бораркан, Фарғона малагини танийдиган ўша ерлик корандаларнинг кўзи уларга тушди. Улар Жаҳоннинг ўзинигина эмас, қашқа отини ҳам, хизматчисини ҳам танишар эди. Корандалар Жаҳоннинг ҳурмати юзасидан ўринларидан туриб, унга таъзим қилишди. Лекин хаёли паришон қиз уларга эътибор бермади, одатий табассумини унутди. Хаёл дарёсига ғарқ бўлиб бораётган Жаҳоннинг фикрини иккала отнинг баравар кишнаши бўлиб юборди. У олисга назар ташлади. Йўл устида туркманларники каби қуббали чодирлар тикиб ўтирган ўтроқ одамларга кўзи тушди. Илгари туркманлар ана шундай тепаси қуббали тўгарак чодир тикиб ўтиришарди. Чодирлар орасида тўрт-беш от кўринди. Йигитлар икки бияни соғишаётган эди. Саҳройи араблар туя сутини ичганидек, Туркистон чўлларида яшайдиган кўчманчилар ҳам бия соғиб, сутини ичишарди. Жаҳон уларнинг олдига борса, гапга тутилиб алаҳсиб қолишдан чўчиди-да, йўлини бошқа томонга бурди. Лекин Ҳайзурон отнинг жиловини чодирлар томонга бурди. «Зирғом тўғрисида булардан бир суриштириб кўрсак, шу ерлардан ўтган бўлса, улар кўришган бўлса ажаб эмас, дарё томонга юрсак, йўлимиз анча қисқарармиди дейман», — деди.

Унинг бу фикри Жаҳонга маъқул тушди шекилли, у ҳам отининг жиловини чодирлар томонга бурди. Буларни кўрган болалардан бири Жаҳоннинг қиёфасидан «бу албатта бирор амирнинг қизи бўлса керак», деб ўйлади-да, меҳмонларни кутиб олиш кераклигини хабар қилиш учун чодирга, отаси томонга югурди.

Боланинг отаси — мўйсафид деҳқон ҳассасига таяниб келаркан, Жаҳонга кўзи тушиши биланоқ уни таниди. Болаларини чақириб: «Меҳмонни отидан туширинглар», — деди. Лекин Жаҳон отдан тушгиси келмай, деҳқонга миннатдорчилик билдирди. Кейин у «қани, қарияни гапга солиб кўринг-чи», дегандек Ҳайзуронга қаради. Ҳайзурон:

— Сайидам, отдан тушинг, бир оз дам олиб, кейин яна йўлга чиқармиз, — деди. Жаҳон Ҳайзуроннинг таклифини ноилож қабул қилди. Фируз бошқа отларни кўрса, кишнаб, буларнинг гапига халақит бермасин, деб иккала отнинг юганидан ушлаб нарироққа олиб кетди.

Жаҳон билан Ҳайзурон пиёда юра бошлашгач, чол соддалик ва мулойимлик билан уларга:

— Бизнинг кулбаи вайронамизга маликам муборак қадамларини бир тегизиб, табаррук қилиб кетсалар яхши бўларди, — деб уларни ўз чодирига таклиф қилди. Жаҳон уяла-уяла чодирга кирди-да, ўзи ва ҳамроҳи учун тўшалган пўстакка ўтирди.

Ҳайзурон сўз бошламасданоқ чолнинг ўғли сопол косада суюқ овқат олиб келди. Овқат бия сутидан тайёрланганини сезган Жаҳон: «Ҳозир овқатга иштаҳам йўқ, кўнглим ҳеч нарса тусамаяпти», — деб узр айтди. Мўйсафид болага қараб:

«Бўлмаса бир коса қимиз олиб кел», — деди. Келган меҳмонларга шароб ўрнида талқон, гўжа ёки ҳозирги вақтда лимонад ва чой бериш одат бўлганидек, кўчманчилар бия сутини ачитиб қимиз қилиб қўяр ва меҳмонларга тутар эдилар. Чол қимизни кўрсатиб: «Буни ичиш учун киши оч бўлиши шарт эмас, сувдек бир ичимлик, иссиқнинг ҳоврини кўтаради, чарчоқни кетказади», — деди. Жаҳон буни ҳам рад қилишни ўзига эп кўрмай, косани қўлига олди. Шу фурсатдан фойдаланиб, Ҳайзурон чолга қаради:

— Бугун биздан бошқа меҳмонлар бу ердан ўтгани йўқми?

— Йўқ, сизларнинг пойқадамингиз етганидан беҳад хурсандман. Қайси шамол Жаҳонойни бу томонларга учирдики, хароб кулбамиз обод бўлди. Бошқа меҳмонлар келмаганда ҳам, Жаҳоннинг бир ўзи минг меҳмонга арзигулик.

Ҳайзурон: «Сафар қиладиган мусофирлар ҳамма вақт ҳам шу ердан ўтиб туришадими?» — деб сўради.

— Ҳа, албатта, — деди чол, — Ушрусана, Қўқон ёки Бухородан кунчиқар томонга юрадиган киши дарёдан ўтгач, албатта йўли шу ёққа тушади. Фарғонагами, бошқа шаҳарларгами шу ердан боради. Кўпинча, Ҳиндистон, Тибет ёки Хитойдан Рум мамлакатига кетаётган ёки у ерлардан қайтиб келаётган савдогарлар ҳам бу ердан ўтади.

Ҳайзурон Жаҳонга қараб форс тилида: «Зирғомнинг йўли ҳам шу ердан ўтадиган бўлса уни шу ерда кутиб турганимиз маъқул, у ёққа бориб овора бўлиб юргандан кўра, шу яхши эмасми? Биз бир йўлдан юрсак, у бошқа йўлдан келиб, ўтиб кетиб қолса, бир-биримизга дуч келмай қоламиз», — деди.

У ердаги деҳқонлар чиғатой тили, яъни қадимий турк тилида сўзлашганлари учун Ҳайзуроннинг гапига тушунишмади. Жаҳон бу гапга жавоб бермади. Лекин чеҳрасидан унинг таклифига рози бўлгандай эди. Ҳайзурон:

— Бўлмаса, майли, отахонимиз бирор таом тайёрлай қолсин, хўп дея қол, — деди.

— Аввал ўзимиз йўқ деб қўйиб, энди қай юз билан сўраймиз.

— Малол келмайдиган қилиб ўзим сўрайман, — дедида, Ҳайзурон чолга қараб чиғатой тилида: «Сўйиш учун сотадиган биронта отларинг йўқми?» — деди.

— Йўқ, сайидам, биз отларни фақат сути учун боқамиз. Уларни ночор бўлиб, сутдан қолгандагина сўямиз, — деди чол.

— Мабодо бирор тойча сўйиш лозим бўлиб қолса, нима қиласизлар?

— Шу ердан ўтадиган йилқилар подасини пойлаб турамиз-да, танлаганимизни сотиб оламиз, — деди чол, кейин кунчиқар томонни кўрсатиб: — Мен анчадан бери шу тарафга қараб турибман, олисдан қуюқ чанг кўтариляпти, эҳтимол бу ёққа келаётганларнинг подасидир. Улар келиши билан бир-иккита от сотиб олиб, дарров сўямиз. Маликамиз андак таҳаммул қилсалар, семиз бир от сўйиб зиёфат қилардик.

У кишининг хушмуомаласи, зийраклиги Жаҳонга маъқул тушиб, жилмайди. Қизнинг табассумидан ўз таклифига рози бўлганлигини англаган чол ўғилларидан бирига дарров бориб, ўша уюрнинг олдидан тўсиб чиқишни буюрди. Бола югурганича кетди. Ота эса дастурхон тайёрлашга киришди, битта қовун келтириб, Жаҳоннинг олдига қўйди:

— Мана бу тилни ёрадиган Бухоро қовунларидан. Истаган вақтларида сўйиб берамиз.

Катта амалдорлар уйида ҳам мақтовга арзийдиган бундай қовун чолнинг чодирига келиб қолганидан Жаҳон ажабланди. Буни сезган чол:

— Қизларимдан бирига хуштор бўлиб қолган бир йигит менга олиб келган туҳфалар орасида шу қовун ҳам бор экан,— деди.

Хуштор сўзини эшитган Жаҳон ўзининг муҳаббати дардини эслади-да, бир оҳ тортиб чолга қаради: — Бу қовунни аталган кишисига — қизингизга сақлаб қўйинг.

Чол жавоб қайтармоқчи бўлиб турувди, узоқдан кимнингдир чақираётганини эшитди. Қайтиб чопиб келаётган ўғли: «Улар подадан бирорта отни ҳам сотишмас экан», — деди.

Келаётган йилқи подасининг оёғидан чиқаётган чангга қараган Жаҳон унинг олдида эгарланган от миниб келаётган бир кишини, унинг орқасида эгар-жабдуқсиз ўнлаб отларни ўйнатиб келаётган чавандозларни кўрди.

Баъзи отларни Туркистон саҳроларида йилқи ва мол боқиб тирикчилик ўтказадиган Грузия даштидан келган чўпонлар миниб олганди. Жаҳон олдинда келаётган отлиқ йигит аскар кийимида эканини ва қўлидаги найзага байроқ осилганини кўрди, лекин у байроққа битилган исмга эътибор бермади. Агар ўша исмни ўқиса борми, бутун аъзойи баданини қалтироқ босиб кетган бўларди. Чол ўша отлиқ кишининг йўлини тўсиб: «Бу отлардан биттасини бизга сотинг», — деб илтимос қилди. Отлиқ киши такаббурлик ва қўполлик билан: «Йўқ, сотмаймиз», — деди.

— Болам, ҳозир битта от сўйиш зарур бўлиб қолди, айтган пулингни берамиз, — ёлворди чол. Аммо у киши бу илтимосни рад қилганча бош чайқади, лекин чол «нима учун сотмайсиз» деб яна савол берди. «Бу уюр пулга муҳтож кишиларники эмас», — деб жавоб берди отлиқ.

— Ким улар ўзи, ахир?

— Ўқишни билмайдиганга ўхшайсиз, акс ҳолда савол-жавобга ҳожат қолмаган бўларди, — деди-да, отлиқ йигит байроқни кўрсатди. Бу сўзни эшитган Жаҳон ялт этиб байроққа қаради. Араб ҳарфи билан ёзилган «Афшин Ҳайдар бин Корус» сўзларни ўқиди-ю, ранги ўчиб, Ҳайзуронга қаради. Деҳқоннинг ҳам, Ҳайзуроннинг ҳам чеҳрасида бир хилда ўзгариш пайдо бўлганди. Чол отлиқдан: «Тўғри айтдингиз, ўқишни билмайман, бу байроқ кимга тегишли?»— деб сўради.

— Халифа Муътасимнинг лашкарбошиси ва Ушрусана мамлакати ҳукмдори амир Афшин Ҳайдар бин Корусники.

Туркистонда бу номни билмайдиган бирорта киши йўқ эди. Чунки Афшин Муътасимнинг хизматига кирмасидан олдин Ушрусана подшоси бўлган. Чол ҳайрон бўлиб қолди. У қўрқиб кетганидан: «Eшитишимизга кўра, Афшин Бағдодда турар эмиш», — деди.

— Тўғри, — жавоб берди йигит, — у Бағдодда яшайди, лекин бир неча кун бурун Ушрусанага келди ва бизни аскарлари учун мол, қўй сотиб олишга юборди.

— Ҳозир бу йилқиларни Ушрусанага ҳайдаб боряпсизларми?

— Афшин Ушрусанада эди, лекин у наврўз байрамини ўтказиш учун Фарғонага келиши керак. Унинг аскарлари Тошкент атрофларида қўнишган, мана бу йилқилар ўшаларга тегишли, тушундингизми? — деди йигит ва отига қамчи босиб йўлга тушди. Отбоқарлар ҳам унинг кетидан жўнашди.

Чол яна суриштиришга ботинмади. Жаҳонни зиёфат қила олмагани учун хижолат тортди. Унга узр айтиш учун сўз тополмасди.

Жаҳон эса ўрнидан туриб, «ик

...