Одатда, йигитлар икки тоифага бўлинади. Биринчи тоифа йигитлар учун севги муаммоси, яъни қизлар билан танишиш, уларга муҳаббат изҳор қилиш муаммоси умуман йўқ, улар қизлар билан осон танишиб, осонгина, изтиробсизгина ажрашиб ҳам кетаверишади. Иккинчи тоифа йигитлар учун бир нарса ниҳоятда қийин муаммо бўлиб туйилади, болаликда қизлар даврасида кам бўлган, табиатан тортинчоқ, ҳатто қизларга яқинлашишни «уят» деб тушунадиган бу тоифа йигитлар, эр етганда ҳам қиз зотидан ийманиб, уларга яқинлашишдан чўчиб, довдираб, қисиниб юришади. Лекин бу тоифа йигитлар бир танишган қизга қаттиқ кўнгил қўйиб, қаттиқ севиб қолишади. Шу сабаб, улар учун жудолик ҳам катта изтиробга айланади. Ҳикматилло шу иккинчи тоифа йигитлардан эди.