Аммо онаси кўнмади.
– Ҳай, болам, қўй бу гапингни! Мактабдан мактабга кўчиб бўлармишми? Дарахт ҳам бир ерда кўкаради, жонимни қоқай! Ўқийвер ўз мактабингда...
Дилшоднинг онаси адабиёт ва риёзиёт мударриси машҳур Самандар домланинг қизи эди. Самандар домла шарқ адабиёти ва тарихини, шунингдек, қадим Юнон адабиётини яхши билган олим эди. Баъзи ривожларга кўра, Россия адабиёти билан ҳам қизиқиб, Державин, Пушкин, Лермонтов шеърлари ва достонларини шарқ тилларининг қайси биригадир қилинган таржималари орқали ўрганган, уларни адабий мажлисларда ўқиб, рус классик лирикаси ва фалсафасининг қамровчи руҳини мақтаб ва кенг тарқатиб юрган. Самандар домлани зўр илми ва ажойиб фазилати учун, маърифатпарвар ва одампарварлиги учун замонасининг каттасидан кичиги ҳурмат қиларди. Ҳақиқатан ҳам, у пок инсон тама, иғво, адоват деган нарсани билмас, фақат илмдан, маърифатдан ўзгасини кўрмас эди. Ана шу табаррук падарнинг кўп одатлари, ҳатто юз чизиқлари Дилшодда бор эди. Ҳамидахон ўғлининг бобоси сингари олим бўлишини истар, шунинг учун ҳам ота-боболаридан қолган мақол билан ўрнидан қўзғатгиси келмас эди. Агар Ҳамидахон далил ўрнида келтирган мақолига кенгроқ, синчикиброқ қараса, тамоман бошқа манзарани кўрган бўларди. Маълумки, том соясида ёхуд ғовлаб кетган мевасиз дарахт кўлкасида сиқилиб, қуёшдан, нурдан маҳрум бўлиб ўсолмай қолган ҳар қандай кўчат у ерда кўкармайди, агар ўз вақтида баҳаво ерга, қуёш нури, ёруғлик мўл-кўл ерга кўчирилмаса сўлади, бора-бора қурийди.
Ҳар қандай ғарни ғар деса аччиғи келади, худди шунинг сингари ҳар қандай ғар ўзини ғарман деб ҳам айтмайди.
