автордың кітабын онлайн тегін оқу Фарғона тонг отгунча
Биринчи китоб
ҚАЪР ГУЛДУРОСИ
БИРИНЧИ ҚИСМ
ҚАЙТИШ
Биринчи боб
Ким экан у қиз?
Ўтган асрнинг [1] сўнгги кузи Қорабулоққа очиқ чеҳра билан келди. Унинг гулгун сиймосидан узоқ вақтларгача нур аримади. Ахири октябрь ойи ҳам тугади, ўрик япроқлари совуқда ўйнаган ёш боланинг лўппи юзидай қизарди, шунда ҳам осмонда бирон парча булут кўринмади. Кундузлари қуёш саратондагидай қиздириб турди. Деҳқон осмонга қараб яхши ҳаводан қувонса, ерга қараб мўл ҳосилдан суюнади. Далаларда иш қайнайди: кимлар пахта теради, кимлар беда ўради, кимлар шудгор қилади...
Илк саҳардан то қора кечгача одамлар тиним билмаган ана шу кунларнинг бирида, қуёш энди тиғ ёя бошлаган салқин сабоҳда Қорабулоқ қишлоғидан бири кекса, бири ёш икки отлиқ чиқиб келаверди. Ингичка, узун оёқларини чаққон босиб, чиройли бошини азот кўтариб келаётган қашқа саман бирдан пахса девор томонга бурилди. Ёнидаги қорабайир буни сезди шекилли, бир неча одам ўтиб, қадамини секинлаштирди. Отлиқ қайрилиб қаради. Пиёзи чакмонининг барини тақимига қисиб, қора бахмал ҳошияли оқ қалпоғини бостириб олган хушрўй йигит баланд пахсадан осилиб тушган беҳи шохига қараб борар эди. «Бола-да, мурти сабза уриб қолган бўлса ҳамки, болалигини қўймайди, беҳига ҳуши кетди», деб ўйлади қорабайирдаги кекса киши.
Саман отлиқ қамчисини буклаб, пиёзи чакмони ёқаси билан гардани орасига қистирди-да, отини қистаб деворга яқинлашди. Шохда беҳилар осилиб ётар эди.
Отлиқ шохни ушлади, уни авайлаб ўзига тортди, кейин беҳилардан бирининг чанг босган тукини қўли билан артди, қалпоқли бошини энгаштириб уни ҳидлади, яна ҳидлади...
«Узиб олади!» деб ўйлади нариги ёқдаги кекса отлиқ.
Лекин у узмади, у шаҳло кўзларини баралла чақнатиб ҳамроҳига қаради.
– Ота, манави беҳиларни кўринг, ҳиди оламни тутади, бирам пишибдики! – деди саман отлиқ беҳи шохларига ишора қилиб.
Ҳамроҳи унга қиё ўгирилиб кулиб турар эди.
– Ҳў анави нашватини қаранг, ўғлим, – деди у девордан анча ичкарида меваларининг кунгай томонлари қизариб турган нашвати дарахтига имо қилиб.
Саман отлиқ беҳи шохини аста қўйиб юборди. Ҳамроҳи имо қилган нашватига қараб анчагина жилмайиб турди. Чеҳрасида ошкор бахтиёрлик бор эди.
– Жаннат, жаннат, дейишади-ю, жаннат деганлари Қорабулоғимиздан яхшимикан?! – деди у ўзида йўқ қувониб.
Ҳамроҳи жавоб қилмади, отининг тизгинини силтади. Йигит ҳайрон бўлиб, унинг орқасидан бир зумгина қараб турди. «Қалтис гап қилдим, шекилли», деб ўйлади-да, ҳамроҳига етиб олиш, ундан узр сўраш учун отига қамчи босди. Лекин саман олдинга ташланмади, пишқириб бирдан орқа оёқларига туриб олди. Ҳамроҳи саманнинг бежо пишқирганини ва олдинги оёқларини кўтарганда чиққан, дупурини эшитиб, чўчиб орқасига қаради. Йигит тизгинни маҳкам ушлаб, от ёлига ёпишиб турар эди.
– Маҳкам ушланг, йиқила кўрманг! – деб ҳамроҳи бирдан қичқириб юборди. У қўрқиб кетган эди.
Саман йигитни орқасига йиқита олмаганидан кейин, энди шартта отиб олдинга улоқтирмоқчи бўлди, лекин йигит маҳкам ўтирар, қўрқиш, ранги ўчиш ўрнига ҳадеб кулар эди. Ҳамроҳи отга етиб келиб, саманни жиловлаб олди: ранги ўчган, текис тарашланган оппоқ соқоли титраб турган эди.
– Ҳай-ҳай, Худо бир сақлади! – деди чол, кейин янги қора чопоннинг симжияк ёқасини сал очиб, қовурғалари кўриниб турган кекса кўкрагига бир-икки туфлаб сўради: – Нимага бунақа қилганини биласизми?
Йигит билмас эди, шунинг учун бўлса керак, катта, чиройли кўзларини жавдиратиб:
– Невлай, – деди.
Ҳамроҳи мўмин, меҳрибон кўзларига ёт кўринган бир қувлик билан кулимсиради.
– От жонивор жуда эсли келади...
– Бўлмаса, мени хушламабди-да? – деди йигит, чол сўзини бўлиб.
Чол дудмал қилиб йигитга қаради. Йигит ҳам унга қаради. Чол юзида изтироб кўлкаси бор эди.
– Ота, тобингиз жойидами? – деб сўради йигит ташвишланиб.
– Тобим-ку жойида-я, ўғлим, лекин отингизнинг қилиғи бир нарсани эсимга тушириб юборди.
Чол от жиловини силтади. Отлар юриб кетди. Йигит ёнда сўз кутиб борди, лекин чол ҳадеганда гапиравермади.
– Нимани эсингизга туширди, ота?
– Кейин, вақти билан айтиб бераман.
Ота-бола анчагача жим борди. Ўртага оғир сукунат тушди. Ота ўз ўйлари билан, бола эса отаси чеҳрасидаги ғамгинлик сабабларини қидириш билан машғул эди. Ёш юрак аста-секин қарорини йўқота борди. Уни гоҳ куз қуёшида оппоқ кўксини тоблаб ётган пахтазорлар олиб кетар, гоҳ қовун капаларда сайраётган беданалар элитар, гоҳ теримчиларнинг узоқ-яқинлардан эшитилиб қоладиган ашулалари яйратар эди. Баҳор бўйи, ёз бўйи заррама-зарра йиққан бунёдини буюк саховат билан деҳқон этагига тўкаётган мана шу олтин кузда унинг юраги қафасдан чиққан қуш юрагидай яйрай бошлади.
Бўлиқ кўкатлар ўртасида ўтлаб юрган қўйларни кўрганда, ана шулардай ўйноқлагиси келарди унинг. Табиат ўз тилида роз айтиб шувиллар экан, йигит бундан ўз қувончининг мадҳини ўқирди. Юрагига қанот берган шу ажойиб ҳислар таъсирида бирдан отини чоптиргиси келиб кетди. Қамчини кўтарди-ю, яна секин ёнига туширди. Чол буни сездими ё ўзичами:
– Чопгингиз келдими, ўғлим? – деб сўради.
– Йўқ, йўқ, – йигит қизаринқираб ерга қаради, боя қамчи босганда саман қилган қалтис шўхлик эсига тушиб кетди. – Ўзим...
– Хоҳласангиз чопинг, баҳрингиз очилар, – деди чол.
– Йўғ-е, жониворни уринтириб нима қиламан, ўзингиз ҳам ишга солмай боқаётганга ўхшайсиз.
– Нимага? – Чол ажабланди. – Деҳқоннинг оти бўлади-ю, ишга солинмайдими? Баҳорда чунонам қўш тортдики, жонивор, қорабайирни нақ кўк терга тушириб юборди. Зўр от.
Отлар бир-бирига туташ икки дала орасидаги эгатга келиб тўхташди. Йигит чаноқлардан тошиб чиққан оппоқ пахталарни кўрди-ю, ўзининг ҳам ёш чеҳраси шу чаноқлардай очилиб кетди. У ўзларининг даласини билар эди. Пахталарнинг қийғос очилиб турганини кўриб ажабланди. Қайси куни отаси, «иккинчи теримга тушамиз», дегандек бўлиб эди. Қизиқ, пахталар ҳеч терилганга ўхшамайди-ку?
– Ҳали ҳам тердирганингиз йўқми, ота?
– Бир марта терганмиз, ўғлим. Яна уч-тўрт кундан кейин иккинчисига тушамиз.
Йигит ялт этиб қўшни далага қаради. У ерда хотин-халажлар, бола-чақалар чувиллашиб пахта теришаётган эди.
– Бу Мадаминхўжанинг пахтаси, – деди чол, йигит қараб турган томонни кўрсатиб. – Қани, ҳайданг отингизни, ўғлим, хўжадан ҳол-аҳвол сўраб ўтайлик.
Мадаминхўжанинг хирмони дала этагидаги каттакон тол тагида эди. Ота-бола ўша ёққа қараб кетдилар. Отларни хирмон яқинидаги каллак урилган тутларга боғлаб, ўзлари хирмонга пиёда боришди. Хирмонда алоҳида-алоҳида тўкилган пахталар деваланиб ётар эди. Мадаминхўжа тол соясида чой ичиб ўтирган экан, буларни кўриб дарров ўрнидан турди.
– Э, Вали ака, келинглар, келинглар, – деди у бир неча қадам пешвоз юриб.
– Ассалому алайкум, ҳорманг энди, эшон! [2] О, баракалла, теримни тугатиб қўйибсиз-ку!
– Ваалайкум ассалом. Ҳа, яқинлашиб қолдик, – деди Мадаминхўжа чол билан кўришиб. Кейин йигитга қўл чўзди. – Ана холос, қорини олиб чиқибсиз, билсам палов қилиб ўтирардиму!
Йигит уялинқираб кулиб қўйди.
– Қани, тўшакка ўтиринг, Вали ака. Э-э, бу ёққа чиқинг, Ғуломжон, отангизнинг ёнига, ҳа, – деди Мадаминхўжа меҳмонларга парвона бўлиб.
Вали ака фотиҳага қўл кўтарди.
– Омин, ҳосилга барака берсин.
– Омин!
Мадаминхўжа ўтирган ерида хиёл қўзғалди-ю, қўл қовуштирди:
– Хуш келибсизлар.
– Хушвақт бўлинг.
– Аммо Ғуломжонни хўб олиб чиқибсиз-да, Вали ака, – деди Мадаминхўжа йигитга кулимсираб туриб. – Ғулом қорининг ашуласини жуда соғиниб қолдик. Бир-иккита ашула қилиб бермаса, биздан осонликча қутулмайди.
Ғуломжон ҳам ўтирган ерида хиёл қўзғалиб кулимсиради.
– Ашула сиздан айлансин, эшон, айтиб беради, бир оз нафасини ўнглаб олсин, – деди Вали ака.
Мадаминхўжа дастурхон солди, нон ушатди, кейин каттакон бир гурскеттини келтириб пичоқ тортган эди, қовун тарс этиб ёрилди.
– Жонивор, хўб етилибди-да, – деди Мадаминхўжа қовунни коса қилаётиб.
– Вой жонивор-ей, асал бўлиб кетибди-я! Байбай-бай!
– Ия, Қорабулоқнинг эрка сувини ичади-ю, яна асал ҳам бўлмайдими!
– Шуни айтинг, – деди Вали ака, – Қорабулоқнинг суви билан ери етти иқлимда йўқ. Ҳали ўғлим «жаннат» деди, тўғри айтади. Қорабулоқ ерига тош ташласангиз, жавҳар қилиб чиқариб беради.
Ғуломжон гапга аралашмади, қовундан ҳам ёйилиб емади, хирмон орқасидаги теракзорда сайраётган булбул ноласига ҳуши кетиб ўтирди, тез-тез ўша томонга қараб, булбулни хаёл кўзлари билан қидирар эди. Шу қарашларнинг бирида хирмонга пахта кўтариб келаётган бир аёлга кўзи тушди. Аёлнинг бошида эски чопон бор эди. У пахтасини келтириб хирмондаги энг катта тўпга тўка бошлади. Ғуломжон унинг оппоқ, момиқ қўлларини кўриб: «Ёш экан», деб ўйлади. Аёл пахтасини тўкиб бўлгунча Ғуломжон унга ер остидан разм солиб турди. У этакка илашиб қолган пахталарни қоқаётганда, бошидаги чопон бирдан сирғалиб тушиб кетди. Ғуломжон унинг жамолини кўриб сурат бўлиб қолди. Ўн беш-ўн олти ёшларда, юзлари ширмондай, чиройли қиз эди у. Ғуломжоннинг тикилиб турганини сезгандек, қиз ҳам чопонини олатуриб йигитга ер остидан қараб қўйди. Шунда кўзлар тўқнашди. Ғуломжоннинг юраги шиғ этиб кетди. Қиз унга бир табассум ҳадя қилиб хирмондан тез чиқиб кетди. Ғуломжон орқадан қараб қолди. Аммо қиз узоқ кетмади, ўн қадамча нарида тўхтаб бошидаги чопони ичидан бир қиё боқиб қўйди.
– Шунақа, эшон, деҳқон қишин-ёзин ишлайди-ю, кузга бориб илиги қурийди. Гўр азоби билан етиштирган пахтасини заводга келтириб сув текин сотади, – деяр эди куюниб Вали ака.
Мадаминхўжа бошини чайқади.
– Шунақа дейсиз-у, оқсоқол, бошқа иложи бўлмагандан кейин деҳқоннинг қўлидан нима ҳам келади? – деди у. – Ўзимиздан қиёс-да. Болта кўпасдан [3] ёзда пул кўтарамиз, а? Кузда-чи? Бор пахтамизни келтириб топширамиз. Қарзимиздан қутулсак, Худога шукр, қутулмасак яна бой елкамизда-да.
– Болта кўпас Миркомилдан [4] қолишмайдиган юҳо чиқиб қолди. Пахтани пахтада ютади, мевани мевада. Оббо ноинсоф-ей, Ширмонбулоқнинг этагидаги қора тупроқ ерларни ҳам қўлга киритиб олди-я!
– От бозорга завод солдирармиш, эшитдингизми, оқсоқол?
Вали ака калласини қимирлатди, кекса юзи тумшайди, аммо буни Ғуломжон кўрмади. У чоллар суҳбатини эшитмас, хирмон орқасидан кўзларини узолмас эди. Ундаги безовталик авжига минган сари кўнглида ашулага иштиёқи кучайиб борарди. Ғуломжоннинг ўзи хира бўлиб эмас, бошқалар хира бўлаверганларидан кейингина ашула қилиш одати бор эди, ҳозир эса нима учундир, ўзининг ашула айтгиси келар, қариялар тезроқ суҳбатларини тугатишса-ю: «Қани, Ғуломжон, бир-иккита ашула қилиб беринг», дейишса, деб юзларига қараб-қараб қўяр эди. Отаси унинг кўзларидаги илтижони уқдими, ахири:
– Қани, ўғлим, дамингизни олган бўлсангиз, бир ашула қилиб бермайсизми? – деб қолди.
Мадаминхўжага жон кирди:
– Ҳа, ҳа, шунақа бўлсин, мулла, эшитайлик.
Ғуломжон ўнг қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди.
– Жоним билан.
У ашулани «Кўча боғи»дан бошлади, овозини баралла қўйиб, шу дамгача кўрилмаган ва бутун вужудини қамраб олган иштиёқ билан, зўр илҳом билан айтди. Ашула оҳангидаги ранг-баранг тароналар Ғуломжон ҳаяжонига пайванд бўлиб оқар, унинг шинам овози гўё «Кўча боғи» учун, «Кўча боғи»нинг мафтункор оҳанги эса Ғуломжон учун яралгандек янграр эди. «Кўча боғи» унинг овозига қовушиб, ажойиб бир қувноқлик, жозибали бир жўшқинлик билан теварак-атрофда, узоқ-узоқларда, кенг фазоларда янграрди. Ғуломжон бу ўтли куйларини ким учундир айтар, айта туриб, кўзлари билан кимнидир излар эди. Вали ака Ғуломжоннинг ёниб куйлашига, кўзларининг ғўзалар ичида нигорон бўзлашига ҳайрон бўлади. У ўғлини таний олмайди. Мадаминхўжа эса бошини солинтириб, мумдек эриб ўтиради. Фақат озғин гавдаси ашулага монанд чайқалади.
Ғуломжон «Кўча боғи»ни тугатиб, олдида турган жийда гул пиёладаги кўк чойдан бир-икки ҳўплади.
– Э, умрингиздан барака топинг, мулла, – деди Мадаминхўжа, энди бошини кўтариб.
Ғуломжон мийиғида кулиб қўйди. Кейин чолларнинг яна гапга тушиб кетишларидан ё отаси «жўнайлик» деб қолишидан қўрққандек, дарров «Дугоҳ»ни бошлаб юборди. Кўзлари яна пахтазорда, ғўзалар ичида изғир эди. Бу ашулани ҳам ёниб-жўшиб айтди. Ким билади, излаганини топса, йўлида бўзлаганини кўриб турса, балки бундай ёниб, бундай ҳаяжонланиб айтмасми эдикан ашулани?
«Дугоҳ» ҳам излаганини топиб бермади, ўзи ҳам излашдан, бўзлашдан чарчамади. «Сегоҳ»га ўтди, яна аллақандай ғамгин, эзгин куйларни айтди. Аммо ҳеч бири юрагида нотаниш қиз ёқиб кетган ўтни пасайтиролмади...
Иккинчи боб
Бу қандай бадбахтлик?
Вали ака эртасига саҳарлаб уйғонганда, Ғуломжон ҳужрасида йўқ эди. У ҳовлига ўтиб, тўрдаги мажнунтол тагида шириллаб оқиб турган муздай куз сувида юз-қўлини ювди-да, ичкарига қайтиб, ўчоқ бошида ивирсиб юрган хотинидан сўради:
– Онаси, ўғлингиз бомдодга чиқиб кетдими?
Чакка сочларига оқ оралаган, бўйи ўртадан келган буғдойранг хотин аввал эрига салом берди, кейин таажжубдан кўра ташвишни ифода қилган бир товуш билан:
– Невлай, – деди. – Ҳужрасида китоб ўқиётганмикан, деб кирсам, у ерда ҳам йўқ.
– Отларга беда солгани чиққандир-да бўлмаса?
– Невлай.
Вали ака ташқарига қараб юрди. Хотини орқасидан пича қараб турди-да:
– Ҳой отаси, тўхтанг, – деди.
Эри тўхтаб орқасига қаради.
– Хўш?
– Бу ёққа ўтиринг, – деди у эрини палос солиғлиқ супага таклиф қилиб. Эри келиб супачага ўтирди. Хотин бошидаги жун рўмолини олди-да, бир-икки қоқиб, яна ўради, кейин ўзи ҳам эрининг ёнига ўтириб, тоқати тугаган киши товуши билан ҳасрат бошлади: – Бошқалар боласини ўн еттига чиқмай уйлантиришади, орзу-ҳавас кўришади. Худога шукр, ўғлингиз йигирма бирга қадам қўйди, бўлди-да шунча раъйига қараганимиз. Кўзимиз очиқлигида бошини иккита қилиб қўяйлик, ахир! Мунча беғамсиз? Хилват қилиб бундоғ гапирсангиз бўлмайдими?!
– Хўп қизиқ гап қиласиз-да, онаси, – деди Вали ака куюниб. – Мен, нима, келин кўрай, невара кўрай, демайманми? Мен ҳам эл қатори орзу-ҳавас кўрай, демайманми? Ички-ташқилик, ҳовлилик [5] шундай катта эшикда [6] икковимиз ҳувиллаб ўтирсак, еганим татийдими, онаси? Йўқ, татимайди. Лекин...
– Лекин, деб ўтирсак ўтираверамиз! – деди хотини гапни юлиб. Икки дунёда ҳам ўғлингиз ёрилиб: «Хотин олиб бер», демайди. Топиб олгани китоб! Айб ўзингизда, мадрасага элтиб бермай, уйлантириб қўйганингизда, ўз қанотимизда бўларди, бу вақтгача невара ҳам кўрардик.
– Шундай-ку, лекин мадрасани битириб олса, ёмон бўлмайди-да.
Эрининг оғир-босиқ гаплари хотинининг тутай бошлаган ўтини баралла ёндириб юборди. У табиатининг оғирлигига қарамай, ўрнидан сапчиб туриб кетди.
– Нима, мадрасани битиртириб мачитга имом қиласизми?
– Йўғ-е, мачитга имом бўлсин, демайман. Ўқигани яхши-да!
– Ё Ғиёс каллага ўхшаш порахўр қози бўлар, шу-да?! – деди хотин яна рўмолини бошидан силтаб олиб.
Вали ака хотинининг жаҳли чиққанини кўриб, анчагача индамай ўтирди, кейин босиқлик билан гапирди:
– Бекор хафа бўласиз, онаси, ўзингиз ўйлаб кўринг ахир, мана сиз, анави ерга баҳорда гул экдингиз-а? – деди у, супа ёнида очилиб турган қашқаргулларни кўрсатиб. – Ҳа, экдингиз, шулар гулласин, кўрганимизда баҳримиз очилсин, деб экдингизми? Ҳа. Борди-ю, булар очилмасдан, биров келиб юлиб ташланг, деса, юлиб ташлайсизми?
– Нимага юлар эканман? Юлиб ташлаш учун экибманми? – деди хотин четда йиқилиб ётган бир гулни тиклаб.
Вали ака нашъа қилиб кулди.
– Ҳа, баракалла, ўғлингиз ҳам шунақа, очилмаган гул, онаси. Ўқишини жувонмарг қилсак, уволига қоламиз. – Вали ака фикрида бир нарсани салмоқлаб кўраётгандек, бир оз соқолини силаб турди, кейин хотинига юзланиб гапирди: – Сизга ким айтди мадрасадан чиққанларнинг ҳаммаси имом ё қози бўлади, деб? Маманиёз охун, мулла Маткарим домла, Содиқ аъламлар ҳам мадрасада таълим кўришган-ку. Ҳаммаси ҳам Ғиёс каллага ўхшаган бетавфиқ бўлаверармиди? Курмак у, ўша Ғиёс каллангиз!
– Бўлмаса нима қил, дейсиз, яна икки йил кут, дейсизми? – деди тутақиб хотини.
– Ихтиёр ўзингизда, кутмайман десангиз айтиб кўринг, хўп деса нур устига аъло нур.
– Менга ташлаб қўймай, сиз ҳам айтинг-да, отасисиз.
– Хўп-хўп.
Вали ака ўрнидан туриб ташқарига йўналди. Хотини шарақлаб қайнаётган қумғонни тутқич билан ўтдан олиб, бир чойнакка кўк, иккинчисига қора чой дамлади. Чойнакларни ўт дамига қўйиб, ўзи супага дастурхон сола бошлади.
– Ташқарида йўқ, саманга миниб бир ёққа кетганга ўхшайди, – деди эри қайтиб келиб.
Тўғри, Ғуломжон шу дам кеча ашула айтган ерида, саман устида хомуш бўлиб турарди. Мадаминхўжанинг пахтазорида эса терим тугаган, бугун бу ерга ҳеч ким чиқмаган эди.
«Менга нима бўлди? – деб ўйларди Ғуломжон, ўзидаги безовталикка, юрак ўйнашларига тоб беролмай. – Шоирлар: «бир кўришда ақлим олди», деб ёзганларида, мен буни маҳоват деб билар, дунёда бундай нарса бўлмайди, деб ўйлардим-ку! Ҳа, менинг ҳам ҳозирги аҳволимни айтсам бунга ким ишонади? Ҳеч ким ишонмайди...»
Саман хирмондан чиқди, аста-секин юриб, шох орқали катта йўлга тушди. Бундан Ғуломжон бехабар эди. У от тизгинини бўш қўйиб, ҳамон ўз ўйлари билан машғул эди. Кеча табиат гўзаллигини кўриб масъуд порлаган кўзлари ҳозир юмуқ, у кўзларини очгиси келмайди, очса ҳақиқат хаёлидаги дилбар юзига парда тортишидан қўрқади.
От қаёққа юришини билмай, катта йўлда бир оз турди, кейин йўл бўйидаги ўтлардан чимдилаб секин-аста юриб кетди. Унинг қаёққа юрганини, ора-сира тўхтаб ўт чимдилаганини сезмас эди Ғуломжон.
«Ким ўзи, кимнинг қизи? Нимаси сеҳрлади мени? Бир қиё боққаними? Ё лабларида жилва отган табассумми? Юрагимдаги яра қайдан? Кўзларида чақнаб кетган ўт тиғи очмадимикан бу ярани?»
– Ассалому алайкум!
Ғуломжон сесканиб кўзларини очди. Ёнидан ўрта ёшли, мардикорнамо бир киши кир қопини орқалаб ўтиб кетаётган эди. У Ғуломжоннинг алигини эшитиб бир қаради-ю, йўлига кета берди. Ғуломжон тизгинни қўлга олди. «Ана холос, бу одам мени танирмиди экан? Аҳволимни хўп томоша қилгандир? Шарманда бўлдим!»
Ғуломжон отнинг жиловини силтади, кейин қаёққа кетаётганини аниқлаш учун у ёқ-бу ёққа аланглаб қаради. От тўғри кетаётган эди. Ҳў ана, икки қирғоғи баланд кўтарилган Каттаариқ. У баданини қуёш қиздираётганини сезиб, вақтнинг чошгоҳга яқинлашиб қолганига ҳайрон бўлди. «Шу вақтгача нима қилдим? – деб ўйлади кўнглида. – Уйга айтмай чиқиб кетдим, балки хавотир қилишаётгандир? Қайтиш керак. Йўқ, ўзини кўрмаганимга яраша кимлигини билмай қайтаманми? Лекин кимга ёриламан? Кимдан сўрайман? Отамдан сўрайми? Қайси юз билан? Йўқ, йўқ, Худо сақласин. Айтмоқчи, отам ҳам, Мадаминхўжа ҳам хирмонга орқаларини қилиб ўтиришган эди-ку!»
Ғуломжон чуқур тин олди, кўзларини юмиб ҳеч нима ўйламасликка тиришди, бўлмади. Эзгувчи ўйлар бостириб келар: «Қани, қани у қидирганинг?» деб ҳоли жонига қўймай сўрар эди. У кимгадир жаҳл қилаётгандек бошини қаттиқ силтади, кўзларини чаноқларидан чиққудай кенг очди. Энди у дала манзараси билан овунмоқчи, шу йўл билан бемурувват ўйлардан қутулмоқчи эди. Бу ҳам бўлмади. Катта ариқнинг шағал тортиб кўтарилган баланд қирғоғи қишлоқнинг тоғ томон манзарасини тўсиб олган эди. У отини қистаб ариқ лабига чиқди. Пастда, ёйилиб кетган кенг ўзанда куз суви шилдираб оқар, тагидаги ранг-баранг тошлар ўз жимирлари билан кўз ўғирлар эди. От сувни кўрар-кўрмас жилов тортиб пастга интилди. Ғуломжон хаёли тарқалганидан қувониб, отни ўз майлига қўйиб берди. «Жонивор, юраги ёмон куйибди», деб ўйлади-ю, рўпарасида тўш очган манзарага ҳуши кетиб қараб қолди. Узоқда – баланд, тоғ, унинг этакларида – япроқлари сариқ дарахтлар, берида – каталак пахтазорлар. Осмон мусаффо. Қуёш тик кўтарилган, оташи ер юзини ёндиришга қасд қилгандек беаёв...
Ғуломжон бирдан сесканиб тушди, хушнуд югурган кўзлари бир нуқтада тақатақ тўхтади. У ерда, ўша машъум нуқтада, тўрт нафар инсону бир нафар ҳайвон тирмашиб ётарди. Улар ер ҳайдардилар. Омоч қулоғида ўн икки-ўн уч ёшли нимжонгина бола, қўшнинг бир томонида эркак, яна бир томонида аёл, олдинда эса устига етти-саккиз ёшли бола миниб олган семиз эшак. Ғуломжон бир неча зум ҳайрат ва даҳшат ичида нест бўлиб турди, кейин бирдан отига қамчи босди.
От ҳали сувга қонмаган эди, бехос тушган қамчидан бошини азот кўтариб, ариқнинг у лабига сакради.
– Ё Оллоҳ, бу қандай бадбахтлик! – деб юборди Ғуломжон, кўз ўнгида баралла очилган даҳшатли манзара олдида шошиб қолиб.
Ғуломжон қўшчилар яқинига келиб бир чеккада тўхтади. У шундай алам талвасасида эдики, салом бериш ҳам, ҳол сўраш ҳам эсига келмади. У бу тўрт нафар бечора жоннинг қайси бирисига ачинишни билмас эди. Эшак яғринига канадек ёпишиб олиб, уни ҳадеб хихилаб қистаётган мурғак болага ачинсинми? Ё омоч қулоғига қорни билан ётиб олиб, уни чуқурроқ юргизиш пайида гоҳ оёқлари ерга тегмай кўтарилиб, гоҳ ерда судралиб бораётган жафокаш болага жони ачисинми? Ё бўлмаса буларнинг бахти қаро ота-оналарининг шўрларига куйсинми?!
Ғуломжон турган ерида тахта бўлиб туриб қолди. У қимирлашдан, бир нарса дейишдан ожиз эди. Кўзлари рўпарада, қаршисида кўриб турган дўзах азобида. Ана, қўшнинг бир томонида кир, ямоқ иштонининг почалари тиззаларидан юқорига чиқариб ҳимариб олинган ярим яланғоч нимжон эркак. У қўшнинг кўндаланг ёғочини гоҳ чап елкаси билан, гоҳ ўнг елкаси билан чираниб итаради. Пешанаси эски латта билан танғиб олинган, ел ялаган қора, кир юзидан, офтобда яллиғланган, суяклари бўртиб чиққан қотма баданидан тер ёғилади. У чикалдак оёқларини ерга қадаб, ёғочни итаради ва сира тинмай кичик ўғлига буюради:
– Ҳайда, бўтам! Бўшаштирма! Ҳа, бўшаштирма!
Ёғочнинг нариги учини гавдаси мўъжазгина бир аёл итариб боряпти. У елкасига шапалоқ-шапалоқ ямоқ тушган кир, эски кўйлак этаклари орасида гоҳ ўралашиб қолади, гоҳ чалишиб йиқилиб кетади, яна туриб итаради. Кўйлаги жиққа ҳўл, сийрак сочлари тўзғиган, боши очиқ. У ҳам озғин, ҳорғин товуш билан ўғлини қистайди:
– Ҳайда, болам! Ҳайда, айланай! Ҳа, бўшаштирма!
Аёл ҳолдан кетган эди, оғир аравани қирга тортиб чиқаётган отдай ҳансирар, лаблари қалтираб, ранги ўчиб борарди. Бирдан кўзлари тинди, шалоплаб қоқ ерга йиқилди!
– Тўхта!
Эркак югуриб келиб хотинининг бошидан кўтарди. Хотиннинг боши шилқ этиб эркак тиззасига тушди.
– Сув! Сув олиб, кел, ўғлим! – деб қичқирди эркак, ёнида тиззаланиб онасига мўлтираб турган катта ўғлига.
Ўғли чопиб бориб сув келтирди, хотин юзига сув сочишди. У бир сесканди, кейин қўрғошиндан қуюлгандек оғир қовоқларини зўрға кўтариб, хира, сўлғин кўзларини очди. Эри унинг оғзига сув тутди, аёл сувни шимириб, оёқни тириш, қотма қўли билан секин итарди. Шунда ёшданми, пешанасидан оққан терданми намланган кўзларини катта очиб, бирдан юзини енги билан тўсиб олди.
Ғуломжон булар олдида ерда отини жиловлаб хомуш турар эди. Эркак даст ўрнидан туриб кетди. У хаёлга чўмиб, ғам чекиб турган кишини танир эди.
– Э, келинг, мулла Ғуломжон, – деди у қўл қовуштириб.
– Отни олинг, Матқовул ака!
– А? Нимага? – Ҳайронликдан Матқовул аканинг кўзлари олайди.
– Келинбувимни ҳам, болаларни ҳам қийнаманг. Эшак билан қўшиб ерингизни ҳайдаб олинг.
Матқовул ака шошиб қолди. Дунёда шўри-ғавғодан, бахти қароликдан ўзгасини кутмаган бир бечора учун ақл ишонмайдиган катта бахт эди бу. Худодан тани соғлик сўрагани эсида, юртга тинчлик, элга омонлик сўрагани эсида, беимон ўлдирма, деб илтижо қилгани ҳам эсида, аммо мушкулимни осон қил, ерни ҳайдаб олай, от бергин деб сўрамаган эди-ку! Шунинг учун у отга эмас, нарироқда болаларини қанотига олиб ўтирган муштипар, рангпар хотинига қаради. Хотини мазлум юзида омонатдай кўринган бир жилмайиш билан Ғуломжонга қараб турарди.
– Вой, сизмисиз, айланай Ғуломжон! Бошим айланиб, қаранг, танимабман. Келинг, айланай. Хадича бувим саломат юрибдими?
– Худога шукр, саломат, – деди Ғуломжон, энди ўзини пича ўнглаб олиб. – Далага чиқиб эдим, сизларни кўриб, тикка келиб қолдим, хафа бўлмайсиз-да, Салтон хола.
– Вой, айланай, биздақа тупроққа беланиб ётган бечораларни қадр қилиб кўргани келасизу бошимиз осмонга етмай, хафа бўламизми? Ҳай, ўтиринг бу ёққа, айланай.
Салтонбуви ўрнидан турди-ю, бу ер ўтириладиган жой эмаслигини, палос йўқлигини кўриб қизариб кетди.
– Эсим қурсин, сизни ерга ўтиринг, деганимни қаранг.
– Йўқ, йўқ, хафа бўлманг, – деди Ғуломжон, Салтонбуви кўрсатган ерга ўтира туриб. – Шундай қилайлик, Матқовул ака, от билан эшакни қўшга қўшинг. Келинбувим укаларим билан уйга қайтсин. Чарчаган бўлсангиз, ўзингиз ҳам дам олинг. Мен ҳайдаб берай.
Салтонбуви кўзларига ёш олиб дуо қилди:
– Худоё умрингиздан барака топинг. Илойим яхши қайлиқ олиб, бола-чақали, невара-чеварали бўлинг!
Ғуломжоннинг юраги шиғ этиб кетди. Бирдан боши айланиб, кўзларига хирмон кўринди. Пастки лабини ичида хиёл қимтиб, кўзларини бир юмиб очди, кейин ўзини тутиб, ясама жилмайиш билан Матқовул акага қаради.
– Чамамда, бу ер аввал вақфга қарашли [7] эди, шекилли? – деб сўради у тангирқаб.
– Ҳа, вақфники. Икки йилдан бери ўт босиб ётган эди. Мутаваллига ялиниб, раҳматли имом домлага ялиниб, зўрға сўраб олдим.
– Бутунлай беришдими?
– Ўлар! Тўртдан бирга [8] икки беришди, – деди Салтон буви куюниб.
– Бирини мутавваллига берасизларми?
Матқовул ака аввал хахолаб кулди, кейин бирдан юзи тиришди, қовоқлари тушди.
– Худо бандасини яратганда, пешанасига чоракор бўласан, деб ёзмасин. Ёзгандан кейин кунинг шу-да, мулла Ғулом! Ерни минг азоб билан ҳайдайман, уруғлик топаман, ҳосилнинг тўртдан бирини олсам, Худога шукр дейман. Ҳали экилмаган, унмаган буғдой устида бошим минг ёриляпти. Эшакни икки чорак буғдой бераман, деб ялиниб юриб зўрға олиб келдим. Э-ҳа, камбағалнинг шўрини асти сўраманг!
Ғуломжон бир юмалоқ кесакни олиб уқалаб ўтирар, хаёлида кеча отасига айтган сўзлари такрорланарди: «Жаннат, жаннат, дейишади-ю, жаннат деганлари Қорабулоғимиздан яхшимикан?» Ҳа, шундай дедим. Агар Қорабулоқ жаннат бўлса, бахтиёр ғилмони Матқовул ака бўлдими? Миясида қайнашган ўйлар Ғуломжонни ларзага келтирди... Кеча Қорабулоқни жаннат деганда отаси тескари ўгирилиб олганини энди англади. «Э-ҳе, мен дунёнинг оқу қорасига тушунмас эканман. Жаннат деганим дўзах эканидан бехабар эканман!..» дедию кўнглида, ўрнидан туриб этагини қоқди...
Учинчи боб
Кигиз тагида яширилган китоб
Ғуломжон кейинги вақтларда танҳоликка майл боғлаб, муллаваччалар суҳбатидан ўзини тортадиган бўлиб қолди. Балки бунга қишнинг қаҳратон совуқлари, неча кундан бери кўз очирмай ёғаётган қор сабаб бўлгандир? Ё танида нохушлик, ёхуд дилида бир сиёҳлик бордир? Ҳар ҳолда Ғуломжон буни ҳеч кимга айтмайди. Мударрисдан сабоқ олади-да, ним қоронғи ҳужрасига кириб, китоблари орасига кўмилади. Неча ойлар бўлдики, унинг булбулники сингари хуш овози баланд шифтли хонақоҳнинг кенг бағрида Қуръон сураларига қовушиб янграмайди, неча йиллардан бери мадрасада бирга истиқомат қилишиб келган дўстлари гурунгида қаҳқаҳаси эшитилмайди. Ҳужрасига вақти-бевақт дўстлари киришса, китоб устидан бош кўтармай, тафаккур оламидан қайтмайди. Ундаги бу ногаҳоний ўзгариш сабабини ҳеч ким билмайди. Балки бултур севги фариштаси хирмонда отган ўқдан дили жароҳатдадир? Балки Матқовулнинг бадбахтлиги юрагини ғаш қилиб қўйгандир? Қишлоқда уч кун хомуш ва беҳуш юриб шаҳарга қайтаётганда ота-онаси ўртага олиб айтган гаплари оғир ботгандир?
Ҳа, гапни онаси бошлаган эди ўшанда:
– Айланай, болам, ўн битта бола кўрдик, ўни ўлиб, битта сен қолдинг. Улардан ҳеч бирининг орзу-ҳавасини кўрмадик. Ҳаммаси кўнглимизда доғ, кўзимизда ёш қолдириб кетди.
Онаси енгининг учи билан кўз ёшларини артди.
– Йиғламанг, буви, Худонинг иродаси, – деди Ғуломжон, бундай гаплар онасининг ҳилвираган қалбига малҳам бўлолмаслигини билса ҳам.
Шу вақтгача калласини солинтириб, ўйга ботиб ўтирган отаси ўғлига термилиб қаради. Ғуломжон унинг кўзларидаги мунгни кўриб, ерга қараб олди.
– Биз ҳам дунёдан орзу-ҳавас кўрмай ўтмасак, кўзимизнинг очиқлигида бошингизни иккита қилиб қўйсак деймиз-да, ўғлим, – деди чол ҳамон мўлтираб туриб.
Ғуломжоннинг эсига бирдан хирмон тушиб кетди. Йўқ, хирмон эмас, хирмонда бир қиё боқиб кетган оқ билак, жоду кўзлари билан юрагига ўт ёқиб кетган малак кўринди. Аммо унинг кимлигини билмас, билганда ҳам шуни олиб беринглар, деб айтолмас эди. У йигирма бирга кириб, севги гаштини сурмаган, унинг заҳрини татимаган эди. Шу уч кун ичида у кўп ўйлади, умрининг бўшлиқда, равон йўлда ўтганини англади. Дунёда юракни орзиқтирадиган, ўйнатадиган, гоҳ оғритиб, гоҳ яшнатиб юборадиган ҳислар борлигини пайқади. Уни бу ҳислар сеҳрлар, чорлар, ўзига тортар эди. Жоду кўзларни яна бир кўриш, ҳеч бўлмаганда у кўзлар эгасининг кимлигини билиш истаги билан юраги тепарди. Ғуломжоннинг тилини лол қилиб қўйган нарса ҳам шу ҳис ва шу истак эди. Одоб ва ҳаёчи? Ота-она олдида одобни унутсин, ҳаёни поймол қилсинми? «Менга фалончини олиб беринглар!» десинми? Йўқ, йўқ, бундай деёлмайди. Хайр, борди-ю: «Майли, билганларингни қилинглар», десачи? О, йўқ, жоду кўзлар нима бўлади унда?
– Яна бир оз сабр қилинглар, ўқишим бир ёқли бўлсин, кейин, – деди.
Балки ўшанда онасини йиғлатиб, отасини мўлтиратиб кетгани учун шу кунларда ичини еб юргандир? Ё бўлмаса, йўлда учраган одамнинг гаплари таъсир қилдимикан?..
Ғуломжон қишлоқдан чиқаверишдаги қирга етганда, у ерда дам олиб ўтирган бир кишига кўзи тушди. Бу одам Ғуломжон яқинлашганда дарров ўрнидан туриб салом берди:
– Ассалому алайкум, мулла Ғулом!
– Ваалайкум ассалом.
– Мени танимадингиз-а? – деб кулди у киши.
Ғуломжон танимас эди. Уялинқираб жилмайди.
– Мен сизни узоғи куни далада, саман от устида кўрган эдим. Ўйланибми, уйқусирабми турган экансиз.
Ғуломжон эслашга уринди, лекин эслай олмади.
– Ҳеч эсимда йўқ, – деди у, хиёл қизариб.
– Йўғ-е, салом бериб ўтганимда бир қараб қўйдингиз-ку.
– Ҳа, ҳа, сизмидингиз ўша киши?
Йўловчи «ҳа» дегандай қилиб бошини эгди. Шундан кейин ўрталарида гап улашиб кетди.
– Мен ҳам қорабулоқликман, – деди у киши. – Қишлоқда жигарим бор, кўриб кетяпман.
– Шаҳарда турасизми?
– Ҳа, саккиз йилча бўлди, кўчиб кетганмиз. – У Ғуломжоннинг ҳайратли кўзларини кўриб, изоҳ бера бошлади: – Қишлоқда сиқилиб қолдик. Икки таноб еримиз, товуқ катагидай эшигимиз бор эди, отам раҳматли буларни Болта кўпасга, жонини бўлса Худога топшириб қутулди. Мен сиз тенги йигит эдим, онамни, укаларимни олдиму шу қишлоқда турмасам бўлдими, деб шаҳарга кетиб қолдим.
– Қалай, шаҳарда тузук турибсизларми? – деб сўради Ғуломжон.
– Шаҳар ҳам, қишлоқ ҳам бир қаро гўр-у, лекин шаҳарда унча-мунча иш топилиб туради. Иннайкейин, шаҳарда турсангиз, одамнинг кўзи ҳам очилар экан.
Ғуломжон ўйланиб қолди. Одамнинг кўзини илму ирфон очади, деб билар эди. Нега у: «Шаҳарда одамнинг кўзи очилар экан?» дейди ё ўқирмикан-а? Уст-бошидан ҳеч муллаваччага ўхшамайди-ю? Оёқларида кўн этик, эгнида рум ёқа кўйлак, чолвор, булар устидан пахтаси чиқиб кетган моғор чопон кийиб олибди.
Ғуломжон ҳамроҳига мулойимгина қараб:
– Исм-шарифларини билсам, – деди.
– Қудрат.
Ғуломжон анчагача ўйланиб борди, уни ҳамон Қудратнинг бояги сўзи қизиқтирар эди.
– Шаҳарда нима касб қиласиз, Қудрат ака?
Қудрат унинг кўнглидаги бесаранжомликни сезиб тургандек хахолаб кулди-да:
– Мадрасада ўқийман, муллаваччаман, – деди. Унга қўшилиб энди Ғуломжон ҳам кулди.
– Йўқ, рости? – у кулиб туриб яна сўради.
– Депода ишлайман.
Ғуломжон бу сўзни тушунмас эди.
– Лаббай? – деди у сўзини англамай қолгандек.
– Депода, поезд ишхонасида.
– Ҳа, – деди Ғуломжон ажабланиб.
– Ғуломжон поездни кўрган бўлса ҳам, лекин ишхонаси борлигидан бехабар эди. Уни ҳозир поезд ишхонаси эмас, ўшандай ишхоналарда бир мусулмоннинг ишлагани ажаблантирар эди.
– Тавба, – деди у ҳайратини яширолмай, – мен ундақа жойларда фақат ўрислар ишлайди, десам, мусулмонлар ҳам бор экан-да?
Қудрат беозор қилиб кулди.
– Ҳа, ҳа, бор, – деди у фахрланиб. – Депода, пахта заводларида ишлаётган мусулмонлар анчагина бор. Лекин баримиз ҳам қора ишда ишлаймиз, мастеровоймиз, ўқимаганмиз-да, машинанинг тилига тушунмаймиз. Қани энди сиздай ўқиган, илмли кишилар бўлса-ю, машинанинг тилига тушунса, ўзи ҳам антиқа машиналар ясаса...
Ғуломжон ўнғайсизланиб, анчагача жим борди. Ёнидаги одам, назарида, чўзилиб, бўйи ўсиб кетаётгандай туйиларди. Шундай туйилган сари Ғуломжон ўзини кичкина, бачкана ҳис қилиб борди. Энди бояги сарбастлигини йўқотиб, сўз тополмай қолди.
– Депода анча яхши йигитлар бор, – деди Қудрат, Ғуломжон гапира бермагандан кейин ичи пишиб. – Мастеровойлар менга уни-буни ўргатиб туришади, лекин илм бўлмагандан кейин, мактаб кўрмаганингдан кейин дарров илиб ололмас экансан. Ўқимаганимга жуда армон қиламан. Менга қаранг, мулла Ғулом, мана, сиз мадрасада ўқийсиз-а? Ҳа, баракалла, сизларга ҳам шундай илмни ўқитишадими, йўқми?
Ғуломжон қандай жавоб берсам экан, деб пича ўйланиб турди, кейин:
– Мадраса – диний мактаб. Лекин риёзиёт, илму ҳикмат, ҳандаса, кимё деган дарслар ҳам ўтилади, – деди. – Ўтилишга-ку ўтилади-я, аммо-лекин...
– Орқасига тушадиганлар бўлмайди, шундайми? – деди Қудрат унинг сўзини бўлиб.
– Йўқ, нимага? Тушадиганлар ҳам бўлади. Масалан, шаҳри Самарқандда Мирзо Улуғбек расадхона қурган, Хоразмда Абу Райҳон Беруний алжабр илмига асос солган. Бухоройи шарифда Абу Али ибн Сино деган бағоят улуғ табиб ўтган. Лекин булар ва буларга ўхшаган кўп уламо ва фузалолар мадрасада кўрган таҳсилларига қаноатланиб қолмай, ўз саъе-улмларида жонбозлик қилганлар.
– Бундан чиқди, сиз ҳам жонбозлик қилсангиз, бирон мачитга имом ё мутавалли бўлиб қолмасангиз бўлар экан-да?..
Шу гапдан кейин улар узоқ жим қолдилар. Бундан кейин йўлда бўлган бошқа майда-чуйда гап Ғуломжоннинг эсида қолмади. Шаҳарга кирганда улар бошқа-бошқа кўчаларга бурилиб, ажралишдилар.
Ғуломжон хуфтон намозидан кейин тўғри ҳужрасига кириб кетди. Юпқа, мурабба пишиқ ғиштдан қурилган бу ҳужра тоғни тешиб қилинган кичик ғорга ўхшар, қишин-ёзин офтоб тушмагани учун зах ҳиди анқиб турар эди. Дарча очилиши билан қоронғи ҳужрага совуқ ёпирилиб кирди. Ғуломжон токчани тимирскилаб гугуртни топди-да, чақиб, ўчоқ бошида турган жинчироқни ёқди. Бўйи икки, эни бир ярим қулочча келадиган тор ҳужра жинчироқнинг хира ёруғида сарғимтил тус олди. Ғуломжон жинчироқни кўтариб бир зумгина ўй суриб турди. Кейин тўғри бориб, дарпарда ёнидаги сандалга келди. Чироқни тўнтариғлиқ сопол товоқчага қўйиб, ўзи сандалга ўтирди. Қўлларини кўрпа тагидан сандалга тиқди. Лекин у ерда ҳам ҳужрадаги сингари буюқ ўйнарди. «Андек ўт қилмасам бўлмайди», деб ўйлайди-ю, ўчоққа бориб, майда тол тарашалардан ўт қалади. Қуруқ ўтин бир зумда ловиллаб ёниб кетди. Ғуломжон ўчоқ ёнига ўтириб, қўлларини исита бошлади. Ўт юришиб кетгандан сўнг ўчоққа икки-учта ўрик ўтин ташлади. Кейин ўчоқ бошидаги кичкина қумғонни олиб, дарча ёнидаги бурчакда турган челак олдига келди. Челак чеккасидан мис чўмичнинг сопи чиқиб турган эди, уни ушлаб тортди, лекин чўмич чиқмади; челакдаги сув музлаб, чўмични тишлаб қолган эди. Ғуломжон челакни ўчоқ ёнига келтириб қўйди? Сувдаги музнинг эришини кутиб, ўзи ҳам шу ерда исиниб ўтирди.
Ташқарида қутурган шамол ғувуллаб дарчани итарар, унинг тирқишларидан қор учқунларини ирғитарди. Бирдан шу шовқин ичида бўғиқ қаҳқаҳа эшитилди, кейин ҳайқириб айтилган бўлук-узук сўзлар кўтарилди. Кимдир шанғи товуш билан: «Мулла Асад, ҳамқишлоғингизни чақириб чиқинг, иккита ашула қилиб берсин», деди. Ғуломжон бу сўзларни аниқ эшитди, чунки булар ташқарида, Ғуломжон дарчасининг ўнг томонидаги дарча олдида айтилган эди. Бошқа биров: «Э, у кишини қўяверинг, димоғига тушган қуртларни ҳужрасида очган жўжаларига териб беряпти!» деган эди, қўшни ҳужра ичида яна қаҳқаҳа чақнаб кетди. «Э, айтдим-а, биздан ўзини тортиб қолди деб, курк бўлган экан-у, билмабмиз-а!» – деди аллаким, ичаги узилгудай кулиб.
Устма-уст ёғилаётган шалтоқ, ҳар қанча жирканч бўлса ҳам, Ғуломжон ўзини босди, юрагида портлаган ғазаб уввосига эмас, инсоф овозига қулоқ осди. Ўрнидан қўзғалиб турмоқчи ҳам бўлди, лекин ўзини босди. Ҳар нечаки улар пасткашлик қилишмасин, Ғуломжон вазминлик кўрсатишга мажбур эди. Шунинг учун мажбур эдики, мадрасанинг қоронғи ҳужраларида, ҳаммасида бўлмаса ҳам, кўпчилигида ҳаёт шу тахлитда кечарди. Ярим йилгина илгари унинг ҳам беғубор кулгилари шу қаҳқаҳалар ичида жаранглаган кезлар бўларди-ку? Унда ноўрин кулгилар бировга озор беришини, оти аския деб қўйилган мазахлар киши кўнглига оғир ботишини ўйлабмиди? «Қандай пасткашлик! Қандай ярамас қабоҳат! Шу маҳалгача сезмаганимга ҳайронман!» деб ўйлади Ғуломжон. Ўйлади-ю, шу кўйи донг қотиб қолди; ташқарида, дарчанинг қоқ рўпарасида аллаким ёнларига попиллатиб урди-да, хўрозга ўхшаб: «Қу-қу-қу-қу!» деб қичқирди. Ғуломжон энди ўзини тутолмади. Бу ҳазил эмас, аччиқ масхара ҳам эмас, шафқатсиз ҳақорат эди. У қўш табақа дарчани икки қўли билан икки ёнга тарақлатиб очди-ю, ташқарига шиддат билан отилиб чиқди. Ўнг томондаги ҳужрага бир тўда муллавачча ёпирилиб, қочиб кириб кетди. Ғуломжон нима қилаётганини ўзи ҳам билмай қўшни дарчага икки ҳатлаб етиб келди. Аммо дарча берк эди. Олов чақнаган кўзлари ёпиқ дарчани кўргандагина у тўхтади. Қўллари ёнига тушди, боши солинди. Аммо дарчани итармади, бир оғиз ҳам сўз айтмади. Орқасига қайрилди, бир-бир босиб ҳужрасига кириб кетди. Дарчани ичкаридан ёпиб, унга орқаси билан суяниб қолди. Ҳали вужудини ларзага келтирган даҳшатли қалтироқ ҳануз тарқалмаган эди. «Нима қилай? Нима қилай?» деб хаёлида ўзидан сўрар, кўзларини юмиб олиб жавоб излар эди. Анчагача кўзи юмуқ, боши солиқ турди, кейин жавоб топдими ё ўчоқда лаққа чўғ бўлиб қолган ўтга кўзи тушдими, шошиб бориб хокандозга чўғни авайлаб солди, сўнг ўрнидан секин туриб, уни сандал ўтхонасига келтириб тўкди. Чап қўли билан кўтариб турган кўрпани яна тушириб, хокандозни ўчоқ ёнига келтириб қўйди. Ана шундагина челакда эриган сувга кўзи тушди. Қумғонга сув қуйиб, уни ўчоққа қўйди, қумғон қорнига учта тарашани тираб, пуфлаб ёндирди, кейин сандалга бориб ўтирди. Ёнидаги токчага чўзилиб довот билан қаламни олди, буларни жинчироқ ёнига қўйиб, кигиз тагидан латтага ўроғлиқ бир нарсани олди, чангларини қоқди, пуфлади, кейин латтани очиб, ичидан бир китоб олди, уни очди, овоз чиқармай шивирлаб ўқиди. Кейин бир парча қоғоз олиб, қамиш қаламни қитирлатиб ёза бошлади. Ёзганда ҳам тез-тез китобга кўз ташлаб, чапдан ўнгга қараб ёзарди...
Ғуломжон машғулотига шу қадар берилиб кетдики, қўшни ҳужрада ора-сира портлаб турган қаҳқаҳаларни ҳам, ташқарида увлаётган шамолни ҳам эшитмас эди. Ҳатто дарпардаси ёнидан қалин қорни ғирчиллатиб ўтган дупурни ҳам эшитмади. Дарча бехосдан очилганда эса дарров жинчироқни пуфлаб ўчирди.
– Ким? – деди Ғуломжон, қоронғида туриб. Унинг овозида ваҳм, ҳаяжон бор эди.
– Мен, мен, мулла Ғуломжон, – деди кирувчи шошиб. У чироқни Ғуломжоннинг ўзи ўчириб қўйганидан бехабар бўлса керак, дарров узр сўради: – Қўполлигим қурсин, эшикни қўққисдан очиб, чироқни ўчириб қўйдим.
Ғуломжон овозни таниди.
– Ашур Мирзо, дўстим!
– Мен, азизим, мен.
Ғуломжон ўчоқдаги ўт ёруғида қомати хирагина кўриниб турган дўстини бориб қучоқлади.
– Эй, бормисиз, дўстим! Соғинтириб юбордингиз-ку жуда.
– Борман, борман. Ўзингиз қалай? Мадраса тупроғини ялаб ётибсизми ҳали ҳам? – деди Ашур Мирзо ҳазиллашиб.
– Ҳа, сиздан қолган, табаррук, яламай бўладими?
Икковлари хахолаб кулишди. Ғуломжоннинг кулгиси шу қадар беғубор эдики, ҳужрада қирқинчи фонарь ёқилгандай бўлиб кетди.
– Ие, эсим қурсин, чироқни ёқмай турганимни қаранг, – деди Ғуломжон юрагини тўлдирган шодликдан бахтиёр бўлиб. – Қани, қани, сандалга ўтинг, мен чироқни ёқиб юборай.
Ғуломжон жинчироқни ёқди, сандал устида довот ҳам, бояги китоб ҳам йўқ эди. У меҳмонни сандалга ўтқазиб, бир зумда дастурхон ёзди. Токчадаги қутидан жийда, ўрик қоқи келтириб қўйди. Суви қочган иккита нони бор экан, уларни ҳам ушатди.
– Э, хўп келдингиз-да, дўстим, – деди у қувониб.
– Шунақа, биз истамасак, сизнинг эсингизга ҳам келмаймиз, – Ашур Мирзо ўпкалаб гапирди.
– Йўғ-е, йўғ-е, ўзингиз биласиз: мутолаа, муколама. Ҳа, дарвоқе, Тўтиқиз қалай, катта бўляптими?
Ашур Мирзо қизнинг отини эшитиши билан ёзилиб кетди.
– О, учга қадам қўйиб қолди-ку. Тили бирам ширин бўлиб чиққанки, асти қўя берасиз.
– А? – деди Ғуломжон ажабланиб.
– Ҳа, гаплари қизиқ. Билмайман, ким айтган экан: сенинг отинг қушнинг оти, одамга ўхшаб гапирадиган чиройли қуш бор, оти тўти, сенинг ҳам отинг Тўти, дебди. Ана шундан бери: «Дада, тўти қанақа бўлади?» – деб сўрайди-да. Ўзим кўрган бўлсам ҳам кошки эди, таърифини эшитганман, холос. Билганимча айтаман, кейин ўзимиз гапда ўйнаган ўйинни қилиб бераман.
Ашур Мирзо ўтирган ерида қўлларини елкалари бараварида кўтариб, тирсагидан олдинга қараб букди, панжаларини пастга қаратди ва бутун гавдаси билан силкиниб туриб тўтиқушни тақлид этди:
– Тўтиқуш боласига дон беради, дон бераман деб жон беради...
Ғуломжон шукуҳ қилиб кулар, Ашур Мирзо эса завқланиб ҳикоя қилар эди.
– Ҳар кун дўкондан борсам аҳвол шу. Тўтиқуш бўлиб берсам, ҳадеб қиқирлаб кулади.
– Худо умрини берсин, – деди Ғуломжон.
Икки дўст анча гаплашиб ўтиришди. Ғуломжон чой дамлаб келтирди, иккинчи чойнак тугаганда Ашур Мирзо Ғуломжондан сўради.
– Хўш, ўзингизнинг аҳволингиз қалай, дўстим? Бирон мачитга имом бўлмагунимча мадрасадан бир қадам ҳам жилмайман, деб ўтирибсизми?
– Йўқ, дўстим, аввалда ҳам бундай ният йўқ эди, айниқса ҳозир, ҳай-ҳай!
Ашур Мирзонинг юзига жилмайиш югурди, кўзларида ғалати бир ўт чақнади.
– Ундай бўлса, бирон бойнинг хизматига кирасизми? – деди кўзларини макрона сузиб. – Мирзо бўласиз, магазинда ишлайсиз, яхшигина пул топасиз.
Ғуломжон дарров жавоб қилмади, дўстининг муғомбир кўзларига тикилиб турди.
– Хўпми? – деди Ашур Мирзо, мулойим қилиб. – Менинг хўжайиним – Болта кўпас, ҳажга жўнайман, деб юрибди. Чамамда, мени бирга олиб кетса керак. Хоҳласангиз, сизни ўрнимга тавсия қилишим мумкин эди. Маъқулми?
– Йўқ, бу иш ҳам менга тўғри келмайди.
Ашур Мирзо хахолаб кулиб юборди.
– Ана холос, нима касб-кор қилмоқчисиз? Имомликка унамасангиз, мирзаликка юрмасангиз...
– Мактабдорлик қиламан.
Ашур Мирзо яна баттар хахолаб кулди.
– Офарин, ҳали болаларнинг нонини туя қилиб бераман, пайшанбалик оламан, супурги пули оламан, бўйра пули оламан денг? Бой бўлиб кетар экансиз-да, дўстим!
– Йўқ, ҳеч нарса олмайман, менинг мактабим бошқача мактаб бўлади.
Ашур Мирзо бирданига кулгидан тўхтади, кўзлари ҳайратдан олайди.
– Менинг мактабимда ўқийдиган бола уни битиргандан кейин мачитга имом ё бўлисга қози бўлмайди.
– Нима бўлади, осмонга устун бўладими? – деди Ашур Мирзо, очиқ бир киноя билан.
Савол заҳри қанчалик ўткир бўлса ҳам, Ғуломжон кайфини бузмади, оғир туриб гапира берди.
– Ким билади, балки осмонга чиқадиган устунни ўйлаб чиқарадиган одам бўлар. Мана, одамлар темир устида оташ арава юргизишяпти, пахталарни алмисоқдан қолган чиғириқда эмас, машинада чиқаришяпти, одам боласи қилган ишни одам боласи қилолмайди дейсизми? Йўқ, қилади. Фақат бунга ёшликдан ўргатиб бориш керакка ўхшайди.
– Ўргатинг, зора осмонга устун, кўрпага енг, ҳовузга қопқоқ, ошпичоққа қин ўйлаб чиқаришса, камимиз шу эди.
– Мен фақат сизга ниятимни айтдим, – деди Ғуломжон майингина кулимсираб. – Лекин ўзимда ундай илм йўқ. Ўргансам, ўргатсам, дейман холос. Ўтган йили бир ҳамқишлоғим мени жуда ёмон мулзам қилди. «Мадрасада машина ўйлаб чиқариладиган илм ҳам ўқитиладими?» деди. Ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим.
Ашур Мирзо хихилаб кулди.
– О баччағар-ей, гапини қаранг-а!
– Гапи тўғри, Ашур Мирзо!
– Гапи тўғри бўлса, «ўқитилмайди, қўлингдан келса сен ўқит», демадингизми?
– Мана!
Ғуломжон кигиз тагидан китоб олиб кўрсатди. Ашур Мирзо қўлига олди, устидаги таниш ёзувни ўқиди: «Чор китоб». Хўш, нима бўпти?
– Очинг, ичини очинг!
Ашур Мирзо китобни очди-ю, донг қотиб қолди, кўзлари чаноғидан чиқар бўлди.
– Ўрисча-ку!
– Ҳа, – деди Ғуломжон овозини пасайтириб.
– Нима китоб?
– «Букварь».
– У нима деганингиз?
– Алифбо.
– Ўқияпсизми?
– Ҳа, бир одамнинг ёрдами билан.
– Ўрисми?
– Йўқ, мусулмон.
– Ўрисчани қаердан билар экан у?
– Поезд корхонасида ишлайди.
Ашур Мирзо китобни сандал устига ташлади. Бу Ғуломжонга ғалати туйилди. У Ашур Мирзога таажжубланиб бир қаради-ю, китобни олиб, яна кигиз тагига яшириб қўйди.
Тўртинчи боб
Дарёга қайтиш
Баҳорнинг ҳаётбахш дамлари мадрасага ҳам жон киргизди. Уч томони ҳужралар билан ўралган саҳна ўртасидаги садақайрағоч шохларида чумчуқлар чирқиллашиб кўкламни олқишлайдилар, шохдан шохга қўнадилар, зурриёт ғамида ин қурадилар. Аллақайлардан қалдирғочлар ўқдай отилиб келиб, мачит ичига кириб кетадилар, чуғурлайдилар, шифтга осилиб олиб уя соладилар. Ана битта қалдирғоч мачитнинг тахтадан қилинган баланд панжарасига ўтириб олиб, ҳадеб «валфажри» ўқияпти.
Томлардаги буғдойлар бошоқ чиқарди, ораларидаги лолақизғалдоқлар қип-қизил бўлиб очилди. Муллаваччалар эса ўзларини офтобга солиб, қафасларидан учирилган қушлардай яйрай бошладилар. Бир ҳафта илгари савалаб ёққан ёмғирдан сўнг офтобнинг қизиб кетиши қари мударрис Камолуддин махдумни ҳам ҳужрасидан чиқариб юборди. У киши садақайрағоч тагидаги супага жой солдириб, талабаларга шу ерда дарс бера бошладилар. Мана бугун ҳам ўзлари супанинг тўрига солинган қалин тўшак устида саллалик ўтириб, олдида давра қурган муллаваччаларга ахлоқдан дарс беряптилар.
– «Аттайиботу литтайибина», деганлар саллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръони Каримдан оят келтириб. Анинг туркий маъноси бу эрур: заифони покка мардумони пок, яъни масалан, ҳалол аёлга ҳалол эркак равойи шаръийдур.
Домла шу тахлит дарс бера туриб, бирдан муллаваччалар қаторига кўз югуртира бошлади. Етмишдан ошиб қолган, ёшига бегонадай кўринган шўх, йирик кўзлари олая бошлади. Оқ аралашган ўсиқ қошлари жийирилди, сийрак, нимжон киприклари қовоқлари устидан ошиб бориб, ўсиқ қошларига туташди.
– Ғулом қаёнда?
Домла бир кишига эмас, ҳаммага қараб туриб савол берди. Овозида тажанглик, асабийлик бор эди. У киши табиатан оғир, хушфеъл одам бўлсалар ҳам, лекин муллаваччаларнинг дарсларга совуқ қараганларини, берилган сабоқларини вақтида тайёрламай, кунларини ялло билан ўтказганларни, айниқса, дарсга келмай қолганларни билсалар, табаррук мавқеларини унутиб, бирдан тутақиб кетардилар. Ҳар бир фозилнинг ўзига хос заиф томони бўлганидек, мадрасанинг чирик, зах ғинглари орасида пилпиллаб турган бу жинчироқнинг ҳам муллаваччаларни таажжубга соладиган жаҳолати бор эди. Бундай ҳоллар тез-тез бўлмаса ҳамки, йилда бир ё бир неча бор бўлар, шундай пайтларда бу оний жаҳолатни фақат сукунатгина забт этиши мумкинлигини муллаваччалар яхши билар эдилар. Шунинг учун домланинг зуғумли саволига жавоб бергувчи бўлмади.
– Мен сизлардан сўраяпман, Ғулом қаёнда? – деди у, калласини хиёл қалтиратиб.
Давра ўртасида тиз чўкиб ўтирган қорамағиз, хушрўй муллавачча, боятдан солиғлиқ бошини кўтариб бир нарса демоқчидай бўлган эди, тарғил соқоли тутамга кириб қолган ва заҳил юзига зах ҳужраларнинг сариқ тамғаси босилган бир чувак муллавачча илдамлик қилиб қолди.
– Тақсир, – деди у, тиз чўкиб ўтирган ерида қўл қовуштириб, – мулла Ғулом Ашур Мирзога таассуф қилиб, мадрасани тарки абад қилмоқ азминдадурким, анинг саибадди толибул илмларни, аз жумла каминаи камтаринни ғазабнок қилмоқдадур. Неча ойдурким, биз ёру биродарлари бирлан ҳамсуҳбат, ҳамкалима бўлмоғликдан қочиб, умри ғаниматини қаёнлардадир зое ва фоний этмоқдадур. Кеча оқшом Ашур Мирзо бирлан кетиб, ҳануз қайтмади ва бинобарин, бугун бомдод намозини тақсирим имоматларинда иқтидо этмади.
Чувак муллавачча гапини тугатиб, тик ҳолда қўл қовуштириб турди. Махдум бўлса узун оқ соқолини ўнг қўли билан силаб:
– А? А? – деяр эди.
Қорамағиз, хушрўй муллавачча ўрнидан турди.
– Асад қорининг гаплари дуруғ, тақсирим, – деди у домлага қараб. – Мулла Ғулом неча кундан бери бетоб, ниҳоят бугун ётиб қолди.
Махдум унга синовчи назар билан тикилиб турарди. У гапини тугатиб, ихчам салла остидаги хушбичим калласини хиёл эгиб таъзим қилгандан сўнг, махдум Асад қорига «шундайми?» дегандек қаради. Асад қорининг сарғимтил юзида қизариш бўлмаганидек, бўзариш ҳам кўринмас эди. У истеҳзо билан жилмайиб, елкаларини силкиб қўйди.
– Не дерсиз, мулла Асад, анинг гапига? – деди махдум, калласи билан қорамағиз муллавачча томонга ишора қилиб.
Асад қори энди бўзарди, зах ердан сизиб чиққан сув сингари ичидаги ғашлик юзига урди, юпқа лаблари қалтиради, лекин ўзини йўқотмади.
– Каминанинг беғараз ва беозор сўзларини дуруғ демоғлиқ бирлан тақсирим олдинда одамни беандишалик қилдилар бу киши, наинки камина...
– Мулла Асад! – деди қорамағиз муллавачча унинг сўзини бўлиб. – Домламизнинг ҳурмати бўлмаса, сизнинг бу хатти баддингизни ғийбат демоғлик жоиз эди.
Асад қори бир нарса чақиб олгандек, бирдан сесканиб тушди. Ихтиёрсиз олдинга интилди-ю, бир нима демоққа чоғланди, лекин махдум ўнг қўлини кўтарди.
– Бас! – деди у, кейин энг чеккада ўтирган ёш муллаваччага юзланди: – Туринг, ҳужрасидан хабар олинг, бўлса бунда чиқсун.
Ёш муллавачча таъзим билан ўрнидан туриб Ғуломжон ҳужрасига йўлланди. Ҳужра садақайрағочнинг орқасида эди. Домла ҳам қайрилиб қараб турди. Ёш муллавачча дарчани очиб ҳужрага кирди, у ердан бунинг ҳол сўрагани ва Ғуломжоннинг нимжон товуш билан қилган жавоби эшитилди. Бир неча дақиқадан кейин у ердан икки киши чиқиб келди.
Ғуломжон эгнида пиёзи чакмон, бошида сувсар телпак билан келиб мударрисга салом берди. Камолуддин махдум хўмрайган қовоқларини аста кўтариб қаради. Ғуломжоннинг ҳамиша тароватли оппоқ юзи қизаргач, кўзларида ҳарорат намлиги намоён эди. Домла унинг бетоблигини кўрди-ю, Асад қорига ер остидан хўмрайиб қўйди.
– Қаттиқ бетоб бўлмасангиз ўлтиринг, – деди у Ғуломжонга, – сабоқни эшитурсиз.
Ғуломжон таъзим билан супа четига ўтирди. Домла қовоғини солиб анча ўйланиб турди. Муллаваччалар ҳам бошларини хам қилиб ўтирар эдилар.
– Хўш, нимада тўхтаб эрдик? – деди домла ўз ўзича, кейин дарров топиб олди. – Ҳа, аттайиботу литтайибина. Сўғин: «Аззони лоюн каҳу иллаззонията», деганлар. Яъни зино қилмиш эркак никоҳ қилинмайдур, фақат зино қилмиш заифага никоҳ қилинур.
Домла шу оят атрофида узоқ гапирди. Зино қилғувчиларнинг, яъни бегона хотин билан ўйнашганларнинг бу дунёда аҳли муслим, у дунёда Худо қаҳрига учрашларини айтиб муллаваччалар юрагига дўзах ваҳмини солди. Домла сабоқни тугатиб, энди ўрнидан қўзғалмоқчи бўлганда Ғуломжон савол бериб қолди.
– Шариатдан маълумки, зино қилғувчи эркак девор тагига бостирилиб, зино қилувчи заифа эса тошбўрон қилиб ўлдирилади, яъни уларга ёруғ дунёда умр йўқ. Бас, бундай бўлғоч, никоҳларига не ҳожат?
Махдум шунча йиллар мударрислик қилиб ҳам бу хил қалтис саволга дуч келмаган эди. Шунинг учун ўзини анчагина йўқотиб қўйди. Дарҳақиқат, бу савол ўзига ишонарли жавоб талаб қилиш билан бирга, асрлар бўйи тарғиб ва татбиқ қилиб келинаётган бир асом мантиқига имтиҳон ҳам эди. Масаланинг биринчи ва муҳим томони шу бўлса, махдумни ташвишга солган иккинчи томони ҳам бор эдики, махдум ана шунинг андишаси билан мақбул жавоб қидиришга мажбур бўлди. У гапни ўзининг обрўйи устида кетаётибди деб ўйлар, бу ўй миясида кўпчиб, юзига уриб борар эди. «Дарвоқе, бир ёқдан ўлимга ҳукм қилиниб, иккинчи ёқдан никоҳ ҳақида дам урмоғлиқ бачи маъни? Йўқ, йўқ!»
– Йўқ, йўқ, бу андоза тафаккур, аввалан, куфр сониян, шариати шарафига шаку баддур, зеро, «Валҳабисоту лиҳабисина», яъни бузуқ аёлларга бузуқ эркакларгина раводур. Бинобарин... – домла гапининг учини йўқотиб қўйдими ё фикридаги ошкор зиддиятдан хижолат тортдими, ямланиб қолди. Кейин Ғуломжонга ўқрайиб, гапига хотима ясади. – Бинобарин, бу борадаги гапни чўзмоғлиқ жоиз эрмас!
Ғуломжон жавобдан қаноат ҳосил қилмади, лекин гап талашиб ўлтиришни ҳам лозим кўрмади. Фақат Асад қорига ер остидан қараб олиб, бошқа бир саволни берди.
– Шариатда-ку, зино қилғувчилар ўлдирилар экан, нима учун: «Алғийбату ашадду миназзинои», яъни ғийбат зинодан ёмон дейилади-ю, ғийбат қилғувчилар ақалли чертиб ҳам қўйилмайди? – деди. Сўнгра у жавоб кутибми ё савол таъсирини билгиси келибми, домлага пича қараб турди. Домладан садо чиқавермагандан кейин Асад қорининг сарғимтил юзига тикилиб туриб сўради: – А, мулла Асад, сиз нима дейсиз?
Даврадаги муллаваччалардан бири пиқ этиб кулиб юборди. Домла сезмадими ё савол изтиробида ўзини йўқотиб қўйганмиди, ҳар нечук, нашъалидан кўра заҳарли экани ошкор сезилиб турган бу чучмал кулгига эътибор қилмади. Асад қори эса наинки кулги, ҳатто сўнгги киноя ҳам ўзига тааллуқи йўқдек без бўлиб ўтираверди. Ўртага нохуш сукунат тушди. Домла кўзларини юмиб олиб, қўлидаги каҳрабо тасбеҳини ўгирар, лаблари овозсиз пичирлар эди. Агар шу маҳал мадраса саҳнида узун банорас чопонининг кенг барларига ўралашиб келаётган кекса бир уламо томоқ қириб ўзидан хабар бермаганида, ким билади, бу сукунат яна қанча давом этар эди.
Камолуддин махдум, пинак сураётганда шарпадан чўчиган бангидай уламо шарпасини эшитиб бирдан сесканиб тушди. Кўзларини очди-ю, супага қараб келаётган уламони таниб, ўрнидан туриб кетди. Бу – Қорабулоқ қишлоғи ва атрофига қозилик қилувчи маълум зот эди.
– Э-э, келсинлар, тақсир, келсинлар!
Олдинда Камолуддин махдум, орқасида муллаваччалар пешвоз югуришди.
– Ассалому алайкум, мулла Камолуддин!
– Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу! Қани, супага, қози домла, супага чиқсинлар, – деди махдум икки қўли билан супадаги тўшакка ишора қилиб.
Супага ўтириб, дуойи фотиҳа бажо келтирилгандан сўнг, қози домла Ғуломжонга бир қараб олди-да, илжайиб қўйди. Ғуломжон қозининг кўз қарашида аллақандай илиқлик ва ҳатто таҳсин сезди. Камолуддин махдум ўтирган еридан хиёл қўзғалиб:
– Хуш келибдилар, қози домла, – деди.
– Хушвақт бўлсинлар, қуллуқ.
– Қандай шамол учирди тақсиримни? Қадами мубораклари билан бизни сарафроз айладилар.
– Бошимизға кўп оғир кулфат тушди, – деди қози домла, қоп-қора юзида савлат тўкиб турган узун оқ соқолини силаб. – Бафуржа айтурмиз.
Камолуддин махдум атрофида қимтиниб турган муллаваччаларга жавоб бериб, дастурхон тузашни Асад қорига буюрди. Қорамағиз муллавачча Ғуломжонни ҳужрасига узатиб қўйди. Тилда қанча чаққон бўлса, оёқда ҳам қолишмайдиган Асад қори бир зумда дастурхон солди, домлаларнинг қўлларига сув бериб, ўзи чой келтиргани кетди. Камолуддин махдум нонни ушатиб, патнисдаги анорни олди-ю, авайлаб сўя бошлади.
