1984
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  1984

Тегін үзінді
Оқу

Жорж ОРУЭЛЛ

1984

АКСИЛУТОПИК РОМАН

БИРИНЧИ ҚИСМ

I

Апрелнинг ҳавоси очиқ, аммо совуғи этни жунжиктирадиган куни эди ва соатлар ўн учинчи бора бонг чалаётганди. Уинстон Смит, ҳувиллаган шамолдан оғиз-бурнини беркитиш учун  иягини кўкрагига тираганча, тезда ўзини «Ғалаба» турар жойининг шиша эшиги ортига олди, аммо унинг ортидан бир уюм қум қуюни ҳам ичкарига кириб улгурди. 

Даҳлизда қайнаган карам ва эскирган палос ҳиди анқирди. Эшикнинг шундоқ қаршисида бу хона учун жуда катта бўлган рангли плакат осиғлиқ турарди. Плакатда одамнинг баҳайбат, эни бир метрдан зиёд юзи тасвирланганди – бу, чамаси, қирқ беш ёшлардаги, ҳашамдор қора мўйловли одамнинг дағал, аммо эркакларга хос жайдари юзи эди. Уинстон зинага қараб юрди. Лифтга боришга ҳожат йўқ эди. У ҳатто энг яхши замонларда ҳам камдан-кам ишларди. Ҳозир эса кундузи электр умуман ўчирилиб қўйилар эди. Нафрат ҳафталигига тайёргарлик доирасида тежаш режимига ўтилганди. Уинстон еттинчи қаватга кўтарилиши лозим эди; тўпиғида варикоз яраси бор ўттиз тўққиз яшар одам учун бу осонмасди: у секин юқорилаб, бир неча марта тўхтаб, нафас ростлади. Ҳар бир қават майдончасида, лифтнинг қарама-қарши томонидаги плакатдан яна ўша башара тикилиб турарди. Портрет шундай ишланган эдики, қаерда бўлсанг ҳам, кўзлари ўша томон қараб тургандек бўларди. КАТТА ОҒА СЕНИ КУЗАТЯПТИ, деб ёзилганди сурат тагига.

Хонада тиниқ, ширадор овоз чўян ишлаб чиқариш ҳақидаги кўрсатгичлар рўйхатини ўқирди. Овоз ўнг томондаги деворга ўрнатилган чўзинчоқ, хира тортган ойнага ўхшаш металл қутидан келарди. Уинстон унинг мурватини буради, овоз пасайди, аммо сўзлар ҳали ҳам аниқ эшитилар эди. Бу қурилмани (у телекран деб аталарди) пасайтириш мумкин эди-ю, тўла ўчириб бўлмасди. Уинстон дераза томон юрди; ўзи пакана ва нимжон одам эди, партия аъзосининг мовий коржомасида янада қилтириқ кўринар эди. Унинг сочлари батамом сарғиш, қизил юзлари эса сифатсиз совундан, ўтмас устарадан ва яқиндагина тугаган қаҳратон қишнинг изғиринидан пўст ташлаганди.

Зич ёпилган дераза ойналари ортидаги ташқи дунё совуқ уфурарди. Шамол чанг-тўзонни ва қоғоз парчаларини бурама қилиб чирпиратарди; гарчанд офтоб йилтираб турса-да, осмон тўқ мовий рангда бўлса-да, шаҳарда ҳамма нарса туссиз кўринарди – ҳар жойга илиб ташланган плакатлар рангдор эди, холос. Қорамўйловнинг башараси ҳар бир бурчакдан қараб турарди. Қарши томондаги уйда ҳам биттаси турганди. Катта Оғанинг қора кўзлари Уинстоннинг кўзларига синчков боқаркан, КАТТА ОҒА СЕНИ КУЗАТЯПТИ, дея уқтирарди ундаги ёзув. Пастда, йўлак тепасида бир чети юлинган плакат шамолда чайқалар ва ҳар чайқалганда ИНГСОЦ сўзи кўзга ташланар эди. Йироқда – томлар орасида вертолёт кўринди, бир лаҳза ўликка қўнган пашшадай муаллақ турди-да, энкайиб кўздан йўқолди. Бу полиция патрули бўлиб, одамларнинг деразасидан ичкарини кузатар эди. Буниси ҳолва. Аҳамиятлиси: Фикр полицияси эди. 

Телекран Уинстоннинг елкаси оша чўян эритиш ва тўққизинчи учйиллик режа ортиғи билан бажарилгани ҳақида ҳали ҳам кўпириб гапирарди. Телекран бир пайтда ҳам гапирарди, ҳам эшитарди. Агар шивирлаб айтмаса, у ҳар бир сўзни илиб оларди. Боз устига, Уинстон бу ясси қурилма олдида турганида, қурилма уни нафақат эшитиши, балки кўриши ҳам мумкин эди. Сизни у кузатяптими-йўқми – билиб бўлмасди. Фикр полицияси қачон ва қайси телекран симига уланганини билиб бўлмас, фақат тусмоллаш мумкин эди. Ҳар бир одамни куну тун кузатишади деб тахмин қилса ҳам бўларди. Ҳар ҳолда улар истаган пайтда уланиши мумкин эди. Шундай яшашга мажбурсан – шундай яшагансан, ҳар бир сўзингни эшитишларини, уйингда чироқ ўчгунича, ҳар бир ҳаракатингни кузатишларини билиб яшашга кўникасан ва бу инстинктга айланади.

Уинстон телекранга орқа ўгириб турарди. Шунақаси хавфсизроқ. Гарчи у буни билади – елка ортидан ҳам сездириб қўйиши мумкин. Бир километр нарида кир босган, исқирт манзара устида Ҳақиқат вазирлигининг оппоқ биноси қад ростлаб турарди – бу унинг иш жойи эди. Мана, – хира, алағда бир беҳузурлик билан ўйлади Уинстон – мана, Лондон, Океания давлатининг аҳолиси сонига кўра учинчи минтақаси бўлган I-Парвоз минтақасининг бош шаҳри. У болалик хотираларини ёдга олишга тиришди – Лондон ҳамиша шундаймиди. Бу XIX асрнинг путурдан кетган, ёғоч тирговучлар тутиб турган, ойналари картон қоғозлар билан ямалган, томлари олақуроқ, боғларининг девори қийшайган хароб уйлари ҳамиша шу тахлит турармиди? Бу оҳак чанги тўзиб ётган, вайроналар уюми устидан баргисурх печаклари ўсиб чиққан, бомбалар портлашидан сўнг очилган, қўзиқориндай пайдо бўлган товуқхона янглиғ кулбаларга макон бўлган ясси яйдоқликлар-чи? Аммо уриниши беҳуда – у эслай олмади; ёрқинлиги кўзни қамаштирадиган, сарзамини йўқ ва, асосан, ноаниқ, мужмал парча-парча саҳналардан бўлак ҳеч нарса ёдида қолмаган. 

Ҳақиқат вазирлиги – янгитилда  Ҳақваз – атрофда ястанган ҳамма нарсадан кескин ажралиб турарди. Бу маҳобатли, эҳромона бино бўлиб, оқ бетони ярқирарди, бино айвон устидан айвон уланиб, 300 метргача кўкка юксалган эди. Уинстон турган жойидан партиянинг бинонинг оқ пештоқига салобатли ҳарфлар билан битилган учта шиорини бемалол ўқий оларди:

УРУШ – ТИНЧЛИКДИР.

ЭРК – ҚУЛЛИКДИР.

БИЛИМСИЗЛИК – КУЧДИР.

Миш-мишларга қараганда, Ҳақиқат вазирлигининг ер устида уч мингта ва яна ер остида шунча хонаси бор. Лондоннинг турли томонларида яна учта худди шундай маҳобатли бино қурилганди. Улар шаҳар устида шу қадар маҳобатли юксалган эдики, «Ғалаба» турар-жой уйининг томидан бу тўрт бинони бир варакайига кўриш мумкин эди. Бу биноларда тўртта вазирлик, бутун давлат девони жойлашган эди: ахборотни, таълимни, дам олишни ва санъатни тартибга солувчи Ҳақиқат вазирлиги; уруш қилувчи Тинчлик вазирлиги; ҳуқуқ-тартиботни сақлаш билан шуғулланувчи Муҳаббат вазирлиги ва иқтисодга масъул бўлган Фаровонлик вазирлиги. Янгитилда айтганда: Ҳақваз, Тинчваз, Муҳваз ва Фарваз.

Муҳаббат вазирлиги чинакамига мудҳишларидан бири эди. Унинг деразалари йўқ эди. Уинстон бирор марта унинг остонасидан хатлаб кирмаган, унга ярим километрдан яқинроқ бормаганди. У ерга фақат расмий иш билан кириш мумкин эди, шунда ҳам тикансимли тўсиқлар оралаб, темир эшиклардан ва яширин пулемётлар уясидан ўтиб бориш лозим эди. Ҳатто унинг ташқи тўсиқларига олиб борувчи кўчаларда ҳам бўғимли таёқлар билан қуролланган, қора кийимли, маймунбашара қўриқчилар айланиб юрарди. 

Уинстон кескин ўгирилди. Юзига сокин кўтаринкилик тусини берди, телекран олдида шундай шодон кўриниш лозим эди. Кейин хонанинг бошқа томонига, мўъжаз ошхонага ўтди. Вазирликдан қайтаётганда унинг ошхонасидаги тушликдан воз кечганди. Уйда эса егулик йўқ эди – бир бўлак қора нон қолган, уни ҳам эртангига асраш керак эди. У жавондан «Ғалаба жиншароби» деб ёзилган жўн қоғоз ёпиштирилган, рангсиз ичимлик солинган шиша идишни олди. Жиншаробнинг мазаси расво, қўланса ҳидли Хитой гуручидан олинган ароққа ўхшарди. Уинстон ундан бир чой қошиқ миқдорида қуйиб, бир дам руҳини жамлади, худди дори ичаётган бемордай, ичимликни ютиб юборди.

Унинг юзи дарҳол қизарди ва кўзлари ёшланди. Ичимлик худди азот кислотасига ўхшарди. Бундан баттари: бир ютумдан сўнг гўё кимдир  чарм таёқда бўйнингга орқадан ургандек бўлар эди. Аммо бироздан сўнг ошқозондаги жизғанаклик юмшади, дунё кўзга чиройли кўрина бошлади. У «Ғалаба сигареталари» деб ёзилган ғижимланган  боғламдан сигаретани суғуриб олди-да, паришонхотирлик билан уни тикка тутиб турди. Сигаретадаги тамакининг ҳаммаси ерга тўкилди. Кейинги сигаретани Уинстон эҳтиёткорлик билан саришталади. У хонага қайтиб, телекраннинг сўл томонидаги стол қаршисида ўтирди. Стол остидаги тортмадан  ручка, сиёҳ солинган шиша идиш ҳамда қизил тагламали, мармартусли қалин дафтарни олди.

Номаълум сабабга кўра, бу хонадаги телекран ноодатий шаклда ўрнатилган эди. У деворнинг бутун хона кўринадиган томонига эмас, узунчоқ томонига – дераза қаршисига ўрнатилганди. Унинг чап томонида унчалик чуқур бўлмаган, эҳтимол, китоб жавони учун мўлжалланган токча бор эди, Уинстон шу ерга ўтирган эди. Тахмоннинг ичкарироғида ўтирган одам телекраннинг назаридан четда бўларди, тўғрироғи, телекран уни кузата олмасди. Албатта, уни эшитишлари мумкин эди, аммо у ерда ўтирган одамни кузатиб бўлмасди. Хонанинг бу тахлит ноодатий жойлашуви уни ҳозир қилмоқчи бўлган иши билан шуғулланишга қисман туртки берганди.

Бундан ташқари, тортмадан чиқаргани ўша дафтар ҳам уни шунга ундаганди. Дафтар жуда чиройли эди. Силлиқ, сутранг қоғоз вақт ўтиб бироз сарғайган – бунақа қоғоз яқин қирқ йил, балки ундан ҳам кўпроқ вақтдан буён ишлаб чиқарилмай қўйган. Уинстоннинг тахминича, бу китоб ундан ҳам қадимийроқдай. У бу китобни жинкўчалардан иборат маҳалладаги (қайси биридан эканини ҳозир эслай олмайди) эски-туски увадаларни сотадиган дўкончада кўрган ва уни сотиб олгиси келиб қолганди. Партия аъзолари оддий дўконларга бориб савдо қилиши мумкин эмасди (буни «Маҳсулотларни эркин бозордан харид қилиш», деб аташарди), аммо бу тақиққа доим ҳам риоя қилинмасди: туфли боғичлари ёки устаранинг тиғлари сингари кўплаб майда-чуйдаларни бошқа жойдан топиб бўлмасди. Уинстон тезгина у ён-бу ёнга аланглаб, дўкончага ўзини урди ва дафтарни икки ярим долларга сотиб олди. Нега сотиб олганини ўша топда ўзи ҳам билмасди. У дафтарни иш жомадонига солганча уйга ўғринча олиб келди. Ҳеч нарса ёзилмаган ҳолида ҳам бу дафтарни сақлаш номақбул эди.

У кундалик ёзишга тараддудланган эди. Бу ғайриқонуний эмасди (қонунлар бўлмагани боис, ғайриқонунийликнинг ўзи мавжуд эмасди), аммо башарти қўлга тушса, Уинстонни ўлим жазоси ёки камида йигирма беш йилга мажбурий меҳнат лагерига сургун бўлиш кутарди. Уинстон ручкасига перони ўрнатди ва мойини кетказиш учун ялаб кўрди. Бунақанги сиёҳдонга ботириб ёзиладиган пероли ручка эскилик ҳисобланарди. Ундан ҳатто имзо қўйиш учун ҳам жуда оз фойдаланишарди. Уинстон бу ручкани яширин тарзда, бироз қийинчилик билан топганди. Чунки, унинг фикрича, бу ажойиб сутранг қоғоз сиёҳли қалам билан эмас, ҳақиқий сиёҳ билан перода ёзишга лойиқ эди. Очиғи, у қўлда ёзишга ўрганмаганди. Қисқа қайдлардан бошқасини у овоз ёзгичга айтиб ёздирарди. Аммо ҳозирги қилмоқчи бўлган иши учун овоз ёзиш тўғри келмасди. У перони сиёҳга ботирди-ю, бирор сония каловланиб турди. Қорнида аллақандай титроқ турди. Қоғозга қаламнинг учини тегизиш – ҳал этувчи қадамдир. Кичик, эгри-қийшиқ ҳарфлар билан ёзди:

1984 йил 4 апрель

Ўзини орқага ташлаб, ўтирғичга суянди. Ўзининг буткул иложсизлигини сезди. Ростдан ҳам ҳозир 1984 йилми, у аниғини билмасди. Тахминан шундай бўлса керак, чунки у 1944 ёки 45 йилда туғилгани, ёши эса 39 далигига амин эди. Аммо энди бирор санани аниқ белгилашнинг имкони йўқ, камида бир йил ёки икки йилга хато қиласан.

У бирдан ўйлаб қолди: бу кундалик ўзи ким учун ёзилмоқда? Келажак учун, ҳали туғилмаганлар учун. Унинг хаёли вараққа битилган тахминий сана устида айланар ва бехосдан айланиб келиб, Янгитилдаги «қўшфикр» сўзига туртинганди. У илк бор бошлаган ишининг бутун кўламини ҳис қилди. Келажак билан қандай мулоқот қилиш мумкин? Бу табиатан имконсиздир. Ё эртанги кун ҳам бугунгига ўхшаш бўлади ва унинг додини ҳеч ким эшитмайди, ёки эртанги кун бошқача бўлади ва Уинстоннинг арзу додини улар тушунолмайдилар.

Уинстон вараққа безрайиб, маъносиз боққанча ўтирарди. Телекрандан кескин ҳарбий мусиқа жаранглади. Ажабо, у нафақат ўз фикрларини ифодалаш қобилиятини йўқотган, балки нима демоқчи эканини ҳам унутганди. У бу дақиқа учун неча ҳафталаб тайёрланганди, бу ерда жасоратнинг ўзи етарли эмаслиги хаёлига ҳам келмаганди. Ёзишнинг ўзи қийин эмас. Миясида йилларча жаранг бераётган сўнгсиз хавотирли монологни қоғозга туширса бас. Мана, бу монолог ҳам тамом бўлди. Тўпиғидаги яра чидаб бўлмас даражада қичимсиради. Оёғини қашлашга ҳам қўрқарди – қашланган ердан яллиғланиш бошланарди. Дақиқалар чакиллаб томарди. Қоғознинг оқлиги, тўпиғидаги қичима, тантанали мусиқа овози ва бошининг енгил чайқалиши, сармастлиги – у шуларнигина ҳис қиларди. 

Ва бирдан саросимада ёзишни бошлади, нима ёзаётганини унчалик ҳам фаҳмламасди. Жуда майда, болаларча эгри-қийшиқ сатрлар гоҳ юқорига, гоҳ қуйига тушиб кетар, аввал бош ҳарфлар, кетидан нуқталар ҳам тушиб қола бошлади.

1984 йил 4 апрель. Кеча кинода. Ҳаммаси ҳарбий фильмлар. Биттаси жуда яхши, қайдадир Ўрта ер денгизида қочқинлар кетаётган кемага бомба зарбаси берилмоқда. Томошабинлар гавдали бақалоқ эркакнинг вертолёт таъқибидан сузиб қочишга уриниши акс этган саҳналардан завқланарди. Аввал биз уни сувда дельфин каби шалоплаб сузишини кўрамиз, кейин унга юқоридан қараймиз – у вертолётдан нишонга олинади, бадани илма-тешик бўлади, ён-атрофи қизғиш тус олади ва қочоқ тешикларидан сув киргандай чўка бошлайди. Унинг чўкишини томошабинлар қаҳқаҳа отиб қаршилайдилар. Кейин болалар тўла чармқайиқнинг тепасида вертолёт чарх уриб айланади. Қайиқнинг бурун қисмида ўрта ёшлардаги яҳудийбашара аёл қўлида уч ёшлардаги болакайни қучоқлаб ўтирарди. Болакай қўрқувдан чирқиллаб, бошини аёлнинг кўкрагига яширади, гўёки унинг ичига кириб кетишга уринади, ўзи ҳам қўрқувдан адо бўлган аёл болани тинчлантиришга уриниб, қўли билан яширади. Аёл, гўёки қўллари билан ўқни қайтара оладигандай, болани яхшироқ пана қилишга уринади. Кейин вертолёт уларнинг устига 20 килоли бомбани ташлайди, ваҳшатли портлашдан қайиқ парча-парча бўлиб кетади. Кейинги кадр янада ажойиб: боланинг узилган қўлчаси юқорига, осмонга отилади, уни вертолётнинг шиша ойнасидан суратга олишган шекилли, учиб келаётган қонли қўлчаларни кўриб партия аъзолари жарангдор қарсак чаладилар, бироқ пастда қора халқ пролетариат, яъни проллар [2] ўтирган ердан қанақадир жайдари аёл жанжал кўтаради ва буни болаларга кўрсатиш мумкинмас, деб қичқиради, «Болаларга кўрсатишга арзимайди, арзимайди», дея бақиради у ва полициячилар уни олиб чиққунча увиллайди. Унга ҳеч нарса қилишмаса керак, проллар валдирайверади, бу пролларга хос табиий қилиқлар, тепадагилар пролларнинг фикрига парво ҳам қилмай қўйишган…

Уинстон ёзишдан тўхтади, қўлининг томир тортишишидан азоб чекарди. Нега қоғозга бу бемаъни нарсаларни ёзганини ўзи ҳам билмасди. Аммо, қизиғи шу эдики, у қоғозга мук тушиб ёзаётганда хотирасида буткул бошқа нарса тиниқлаша бошлади, шу қадар тиниқлашдики, уни ҳозироқ қоғозга тушириш мумкин эди. Хотирасида тиниқлашган айнан ўша ҳодиса туфайли у бугун уйга қайтиб, тўсатдан кундалик ёзишга киришишга қарор қилган.

Ҳодиса – агар бу мубҳамликни «юз берди» деб аташ мумкин бўлса – эрталаб вазирликда юз берди.

Вақт соат 11:00га яқинлашаётганди. Уинстон ишлайдиган «Ҳужжатлар бўлими»да ходимлар курсиларни хоналардан олиб чиқиб, катта даҳлизнинг ўртасига – катта телекран қаршисига териб қўяётган, Икки Дақиқа Нафратга тайёрланаётган эди. Уинстон ўрта қаторлардаги ўз одатий жойига ўтиришга чоғланганди, тўсатдан яна икки киши пайдо бўлди: юзлари таниш, аммо улар билан гаплашмаган эди. Улардан бири у йўлакларда тез-тез учратиб турадиган қиз эди. Унинг исмини билмасди, аммо «Адабиёт бўлими»да ишлашидан хабардор эди. Унинг гоҳида мойли қўлларида ускуна михларини бурагич калит билан юришига қараганда, аёл роман ёзадиган машиналардан бирига хизмат кўрсатарди. Қизнинг юзи сепкилли, қалин сочлари тўқ рангда, ёши йигирма еттиларда эди; ўзига ишонч билан, спортчилардай шахдам ҳаракат қиларди. Коржомасининг белидан бир неча қават айлантириб маҳкам боғланган алвон қайиш – «Сексга қарши ёшлар лигаси»нинг рамзи – унинг адл қоматини кўз-кўз қиларди. Уинстон илк учрашгандаёқ уни ёқтирмаганди. Нима учунлигини ҳам биларди. Қиздан хоккей майдонларининг, совуқ сувда сузишнинг, сайёҳлик сафарларининг, умуман олганда, бенуқсонликнинг нуқси тараларди. У деярли ҳамма аёлларни, айниқса, ёш ва ёқимли аёлларни ёмон кўрарди. Партиянинг энг ашаддий мухлисалари, шиорларнинг жарчилари, ҳаваскор жосуслар ва шаккокларни излаб юрувчи  исковучлар айнан аёллар, аввало, ёш аёллар эди. Бу қиз бошқалардан ҳам хавфли кўринарди. Бир куни у билан йўлакда тўқнаш келиб қолди, қиз кўз қирини ташлади, гўё назари тешиб ўтгандай бўлди – унинг юрагига қора қўрқув кирди. У ҳатто бу қиз Фикр полициясининг агенти бўлса керак, деган гумонга борди. Дарвоқе, бундай бўлиши эҳтимоли оз. Уинстон ўзини ноқулай сезди, қизни ҳар кўрганида кўнглида қўрқув аралаш адоватни ҳис қиларди. 

Аёл билан бирга О’Брайен ҳам кирди, у Ички партиянинг аъзоси эди, лавозими ҳам шу қадар муҳим ва юксакда эдики, Уинстон бу кимса ҳақида мубҳам тасаввурга эга эди. Ички партия аъзосининг қора коржомасини кўриб, телекран қаршисида ўтирганлар бир лаҳза жимиб қолишди. О’Брайен баланд бўйли, бўйни йўғон, дағал юзли миқти эркак эди. Қиёфаси ваҳимали бўлгани билан истараси совуқ эмасди. Унинг бурнидаги кўзойнакни тез-тез тўғрилаб қўйиш одатида ғалати бир дилтортарлик сезиларди. Бу одат – агар кимдадир бу ҳақда оз бўлса-да тушунча қолган бўлса – тамаки қутисини таклиф этиб турган ўн саккизинчи аср аслзодасининг қилиғини эслатарди. Ўн йил мобайнида Уинстон, эҳтимол, О’Брайенни узоғи билан ўн марта кўргандир. О’Брайеннинг нимасидир уни ўзига тортарди, бунинг сабаби фақатгина унда оғир вазнли боксёр қомати ва тарбиялилик ўртасидаги уйғунлик борлиги учун эмасди. Уинстон О’Брайеннинг ҳам сиёсий эътиқоди комил бўлмаса керак деган гумонда эди. Эҳтимол, бу гумон ҳам эмас, балки умид эди. Унинг афт-ангори шундай таассурот қолдирарди. Бироқ, эҳтимол, унинг чеҳрасида партия ақидаларидан шубҳаланиш эмас, шунчаки ақллилик акс этаётгандир. Нима бўлганда ҳам, у билан яккама-якка, телекран назаридан панада гаплашса бўладиган одамдай тасаввур уйғотарди. Уинстон бирор марта ҳам буни синаб кўрмаган; бунга қурби ҳам етмасди. О’Брайен соатига қаради – қарийб 11:00, «Ҳужжатлар бўлими»да Икки Дақиқа Нафрат якунлангунча қолишга қарор қилди. У Уинстон билан бир қаторда, икки ўриндиқ нарида ўтирди. Уларнинг ўрталарига Уинстон билан ёнма-ён ишлайдиган паканагина малласоч аёл жойлашди. Қорасочли қиз орқа ўриндиққа жойлашди. 

Девордаги катта телекрандан бадоҳанг, қаҳрли нутқ ва ғичирлаш овози эшитилди – гўёки мойланмаган улкан машина ишга тушгандай бўлди. Бу товушдан бошда сочлар тикка турар ва тишлар ғичирларди. Нафрат бошланди. 

Одатдагидай экранда халқ душмани Эммануэл Голдстейннинг қиёфаси кўринди. Томошабинлар ларзага туша бошлади. Малласочли пакана аёл қўрқув ва нафратдан чинқириб юборди. Муртад ва хоин Голдстейн қачондир олис ўтмишда (шу қадар олиски, қачонлигини кимса эслай олмайди) партия раҳбарларидан бири, Катта Оғага деярли тенг шахс эди Кейин аксилинқилобчилик йўлига ўтди, ўлимга ҳукм қилинди ва сирли тарзда қочиб, ғойиб бўлди. Икки Дақиқа Нафратнинг дастури ҳар куни ўзгарса-да, Голдстейн мавзуси ундан муқим ўрин эгаллаган эди. Бош хоин, партиянинг софлигини илк булғаган кимса. Партияга қарши қолган барча жиноятлар, барча бузғунчиликлар, сотқинликлар, хурофотлар, адашишлар унинг таълимотидан униб чиққан. У қаердадир яшайди, ҳамон тирик, фитна чиқариш билан банд: эҳтимол, денгиз ортида, хорижий ҳомийларининг ҳимояси остидадир, эҳтимол – шунақа миш-мишлар ҳам бор – шу ерда, Океанияда яшириниб юрибди.

Уинстонга ҳаво етишмай қолди. Голдстейннинг юзига оғриқли туйғуларсиз қарай олмасди. Лўппи оқ сочлар остидаги қуруққина жуҳудча афт-ангор, эчкисоқол, ақлли ва, шу билан бирга, одамни ғижинтирадиган тушуниб бўлмас юз; учига кўзойнак қўндирилган қиррадор узун бурун. Унинг ўзи ҳам, овози ҳам қўйникига ўхшарди. Голдстейн ҳар доимгидай партия таълимотларини дарғазаб фош қиларди; унинг танқидлари шу қадар муболағали ва мужмал эдики, ёш болани ҳам ишонтира олмас эди, айни чоғда, тингловчи буни мендан бошқа ҳушёрлиги камроқ одам эшитса, унга ишониб қолади, деб ўйлаши мумкин эди. У Катта Оғани ҳақоратлар, партиянинг мустабидлигини фош қиларди. У Евросиё билан дарҳол ярашишни талаб қилар, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, йиғилишлар эркинлиги, фикр эркинлигини тарғиб қиларди; у инқилобга хиёнат қилдинглар, деб шаллақиларча бақирарди. Унинг нутқидаги тез айтилган мураккаб сўзлар партия нотиқларини масхара қилаётгандай эди, ҳатто Янгитил сўзлари айтиларди, бу сўзларни партиянинг ҳар қандай аъзосидан кўпроқ ишлатарди. Шу аснода Голдстейннинг баландпарвоз гаплари ортида кимлар турганига шубҳа бўлмаслиги учун  унинг қиёфаси ортида чорпахил, тўнг афт-ангорли евросиёлик аскарларнинг саф-саф шахдам қадам ташлаб кетма-кет чиқиб келишлари кўрсатиларди. Аскарлар этигининг бир тахлит гупирлаши Голдстейннинг маърашига жўр бўларди.

Нафрат бошланганига ўттиз сония ўтар-ўтмас, ўтирганларнинг ярми ғазабини босолмай жўша бошлади. Экрандаги ўзидан мамнун қўйбашара ва унинг ортидаги евросиё қўшинларининг мудҳиш босимига чидаб бўлмас эди: бунинг устига, Голдстейнни кўриш, у ҳақда ўйлашнинг ўзи беихтиёр қўрқув ва ғазаб уйғотарди. Мухолифатчи Голдстейнга бўлган нафрат Евросиё ва Остосиёга бўлган нафратдан ҳам давомли эди, чунки Океания уларнинг бири билан урушганда иккинчиси билан сулҳ тузарди. Бироқ шуниси ҳайратланарлики, Голдстейнни ҳамма ёмон кўрса ва нафратланса-да, ҳар куни, кунда минг бор минбарларда, телекранларда, газета ва китобларда унинг таълимотини манфур бир сафсата сифатида фош қилишса-да, тор-мор этишса-да, масхаралашса-да, унинг таъсири сира камаймас эди. Унга ишонадиган соддадиллар йўлдан уришини кутиб лоп этиб чиқиб қоларди. Фикр полицияси унга эргашиб хоинлик, бузғунчилик қилганларни қўлга олмаган бирор кун йўқ эди. У давлатни ағдариш пайидаги улкан махфий қўшинни, фитначилар тармоғини бошқарарди. Бу қўшин «Биродарлик» деб аталишини тахмин қилишарди. Одамлар шивир-шивир қилиб, яширин тарқатилаётган, бузуқ фикрларни жамлаган қандайдир китоб ҳақида сўзларди – унинг муаллифи Голдстейн эди. Китобнинг номи йўқ эди. Одамлар у ҳақда «Китоб» деб гапиришарди, агар умуман гапиришса. Бунақа нарсалар ҳақида миш-мишлар орқали билиш мумкин эди. Партия аъзоси имкон қадар «Биродарлик» ҳақида ҳам, «Китоб» ҳақида ҳам гапирмасликка тиришарди. 

Иккинчи дақиқада Нафрат жазавага айланди. Одамлар ўринларидан қўзғалишди ва Голдстейннинг маърашини босиш учун бор овозлари билан бақиришга тушишди. Малласочли пакана аёл қичқиравериб, лоларанг тусга кирди, оғзи қирғоққа чиқиб қолган балиқникидай очилиб ёпиларди. Ҳатто О’Брайеннинг оғир юзи ҳам қизариб кетди. У қаддини тик тутиб ўтирар, унинг салобатли кўкраги қирғоққа урилган дарё тўлқинини қарши олгандек кўтарилиб-тушиб титрарди. Уинстоннинг орқасидаги қорасочли қиз «Чўчқа! Чўчқа! Чўчқа!» деб қичқиришни бошлади, сўнг Янгитилнинг оғир луғат китобини олиб, телекранга отди. Китоби Голдстейннинг бурнига урилиб қайтди. Аммо овоз йўқолмас эди. Сал ўзига келган лаҳзада Уинстон ўзи ҳам бошқалар қатори бақириб, ваҳшат билан курсининг суянчиғига ўзини ташлаётганини фаҳмлаб қолди. Икки Дақиқа Нафратнинг қўрқинч томони унда роль ўйнаш кераклиги эмас, балки инсон унга жўр бўлишдан ўзини тиёлмаслиги эди. Ўттиз сония чидасанг бас, у ёғига кўзбўямачилик шартмас. Кейин барча қатнашчилар қўрқув ва интиқомнинг жирканч жазаваси комига тушади, ғаним башарасини болға билан мажақлаш, ўлдириш, азоблаш истаги одамдан-одамга электр мисоли тарқайди. Одамлар ақлидан мосуво бўлиб қийшаяди ва додлайверади. Айни пайтда бу ғазаб мавҳум ва бебошларча бўлади, уни пайвандчироқнинг тили каби истаган томонга буриш мумкин. Тўсатдан Уинстон Голдстейндан эмас, аксинча, Катта Оғадан, партиядан, Фикр полициясидан нафратлана бошлади. Шу лаҳзада унинг қалби ёлғонлар дунёсидаги оқилик ва ҳақиқатнинг ягона ҳимоячиси, ёлғиз, мазах қилинаётган еретик билан эди. Бир лаҳзадан кейин у яна ёнидагиларга қўшилди, унга Голдстейн ҳақида айтилаётган ҳамма гаплар ҳақиқатдай туюлди. Шу тахлит Катта Оғага нисбатан яширин нафрати эҳтиромга айланди, Катта Оға ҳаммадан юксалди – Осиё ўрдасига қарши қоядай турган қўрқув билмас, қўл етмас ҳимоячига айланди. Голдстейн эса қувғиндалиги ва ҳимоясизлигига, тирик-ўликлиги ноаёнлигига қарамасдан, ўзининг заиф овози билан тамаддун биносини вайрон қилишга қодир ёвуз жодугардек кўринарди. 

Гоҳида, фикрни жамлаб, нафратни у ёки бу нарсага қаратиш мумкин эди. Худди алғов-далғов тушдан уйғониб, ёстиқдан бошни бехос кўтарган каби Уинстон иродасини даҳшатли бир тарзда таранглаштирди-да, экрандаги кимсага бўлган нафратини орқадаги қорасочли қизга йўналтирди. Тасаввурида жуда ажиб, аниқ-тиниқ манзаралар жонланди. У бу қизни чарм таёқ билан боплаб савалайди. Яланғоч ҳолда устунга боғлаб қўяди ва авлиё Себастьянни ўлдиришгандай ўқлар билан қонга ботиради. Зўрлайди ва сўнгги акашак талвасасида томоғига тиғ тортади. Бу қизни нима учун ёмон кўришини жуда аниқ тушунди. Ёшлиги, гўзаллиги ва жинссизлиги учун; у билан тўшакка ётишни истаса-да, бу орзуси ҳеч қачон ушалмаслигини тушунгани учун; жувоннинг нозик, хипча белларини унинг қўллари эмас, бокираликнинг рамзи бўлмиш жирканч алвон камар қучиб тургани учун ёмон кўради.

Нафрат ўзининг авж нуқтасига чиқди. Голдстейннинг нутқи яққол маърашга айланди ва унинг юзи ўрнида қўйнинг башараси кўринди. Кейин бу башара Евросиё аскарига қоришиб кетди: йирик ва даҳшатли аскар автоматдан ўқ ёғдириб томошабинлар устига юрди, гўё экранни синдириб чиқиб келадигандай эди, олдинги қаторда ўтирганлар ўтирган курсилари суянчиғига қапишиб қолишди. Бироқ дарҳол енгил нафас олишди: ғаддор душман парчаланиб Катта Оғанинг бошига эврилди. Бу бош қорасочли, қора мўйловли бўлиб, қудратга ва сирли бир сокинликка тўла эди, катталигидан бутун экранни эгаллаб турарди. Катта Оға нима деганини ҳеч ким эшитмади. Жанг урҳоси ичида унинг далда бергувчи бир-икки сўзи, балки тушунарсиздир, аммо айтилишининг ўзи таскин беради. Кейин Катта Оғанинг чеҳраси хиралашиб аста кўздан ғойиб бўлди, ўрнида партиянинг уч шиори кўринди:

УРУШ – ТИНЧЛИКДИР.

ЭРК – ҚУЛЛИКДИР.

БИЛИМСИЗЛИК – КУЧДИР.

Катта Оғанинг юзи яна бир неча лаҳза экранда турди: кўзларимиз қорачиғида у қолдирган из шу қадар ёрқин эдики, дарҳол ўчиб кетолмас эди. Малласоч пакана аёл олдидаги курсининг суянчиғига қапишиб олганди. У ҳиқир-ҳиқир пичирлаб, «Холоскорим!» дегандек минғирлади ва қўлларини телекранга чўзди. Кейин юзини кафтлари билан ёпди. Афтидан, у дуо қилаётганди. 

Шу он бутун мажлис аҳли секин, бир суръатда, паст овозда, дона-дона қилиб ҳайқира бошлашди: «КА-О!.. КА-О!.. КА-О!» – яна ва яна, чўзиб, «КА» ва «О» ўртасида тўхтаб олиб айтишарди, бу оғир шовқинли овозда ғалати бир ёввойилик бор эди – қулоққа яланг оёқларнинг гупурлаши ва улкан ноғораларнинг даранглаши эшитилиб кетарди. Бу ҳолат ўттиз сонияча давом этди. Умуман бундай ҳолат ҳис-ҳаяжон кучайган лаҳзаларда тез-тез юз берарди.  Бу қисман Катта Оғанинг буюклиги ва донолигига куйланган мадҳия эди, аммо кўпроқ, катта эҳтимол билан, ўз-ўзини овутиш эди – одамлар бир маромда шовқин солиб уйғонган зеҳнларини чўктирардилар. Уинстоннинг ичи совуди. Икки Дақиқа Нафратда у ҳам умумий ҳушсизликка берилишдан ўзини тиёлмас эди. Аммо бу «КА-О!.. КА-О!» деган ёввойи ҳайқириқ доимо уни даҳшатга соларди. Албатта, у ҳам бошқалар билан бирга бақирар, шусиз иложи ҳам йўқ эди. Туйғуларингизни яшириш, юз ифодангизни бошқариш, бошқалар нима қилса, шуни такрорлаш – булар инстинкт. Аммо оралиқда бир-икки лаҳза ўтдики, кўзларининг ифодаси уни сотиб қўйиши мумкин эди. Айни шу пайтда ғалати ҳодиса юз берди – агар ростдан юз берган бўлса.

У О’Брайен билан кўз уриштириб олди. О’Брайен аллақачон туриб олган. Кўзойнагини ечган, ҳозир эса яна уни тақиб, бурни учига ўзига хос тарзда қўндираётган эди. Аммо сониянинг қандайдир қисми ичида уларнинг кўзлари тўқнашди ва ана шу оний лаҳзада Уинстон тушунди – ҳа, тушунди!  – О’Брайен ҳам у ўйлаган нарсани ўйлаяпти. Буни бошқача тушуниш мумкин эмас. Гўёки уларнинг онги очилиб, фикрлари кўзлар орқали бир-бирига оқиб ўтди. «Мен сиз билан, – дегандай бўлди О’Брайен. – Нимани ҳис қилаётганингизни яхши биламан. Ёмон кўришингиз, нафратланишингиз, жирканишингизни биламан. Аммо хавотирланманг, мен сиз томондаман!» Аммо ақлнинг бу чақнаши зумда ўчди ва О’Брайеннинг юзи яна бошқаларники сингари писмиқона тус олди. 

Мана, бўлгани шу. Уинстон шубҳаланиб қолди, ўзи ростдан шундай бўлдими? Бу ҳолат бошқа такрорланмади. Фақат бир томони бор: бу ҳодиса унга ишонч, умид берарди – партиянинг ундан бошқа ҳам душманлари бор. Эҳтимол, фитначилар ҳақидаги миш-мишлар ёлғонмасдир, «Биродарлик» ҳам ҳақиқатда мавжуддир! Тинимсиз ҳибсга олишлар, иқрорлар ва қатлларга қарамасдан, «Биродарлик»нинг шунчаки  афсона эмаслигига тўла ишонч йўқ эди. Айрим кунлари у бунга ишонар, бошқа куни  – ишонмасди. Аниқ далиллар йўқ эди, тайинли бир нарсани англатмайдиган ишоралар: қулоққа элас-элас чалинган узуқ-юлуқ суҳбатлар, ҳожатхона деворларидаги хира ёзувлар, яна бир гал нотаниш икки одамнинг учрашиб, бир-бирига қарата маънодор қўл ҳаракатлари қилгани. Фақат тусмоллар. Буларнинг бари унинг тасаввури меваси бўлиши эҳтимоли катта. У О’Брайен томонга қарамасдан ўз хонаси томонга юрди. У билан бу бир лаҳзалик алоқани яна давом эттириш фикри хаёлига ҳам келмасди. У билан яқинроқ бўла олганида ҳам, бу жуда хавфли эди. Улар бир лаҳза маънодор кўз уриштиришди, шу билан ҳикоя тамом. Бироқ ёлғизлик исканжасида яшашга мажбур одам учун шу лаҳза ҳам эсда қоларли воқеа эди.

Уинстон бир силкиниб олди, бақамти ўтирди. Кекирди. Ошқозонидаги жиншароб бўғзига келарди.

Унинг кўзлари яна вараққа термилди. Кўрдики, тизгинсиз хаёлларга берилган пайтда унинг қўллари ғайриихтиёрий тарзда ёзишда давом этаётганди. Бироқ бу энди олдингидай акашак, қинғир-қийшиқ ёзувлар эмасди. Қалам силлиқ қоғоз устидан шавқ билан йўрғалар, катта-катта босма ҳарфлар билан ёзарди:

ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА!

ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА!

ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА!

ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА!

ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА!

Қатор ва қатор, варақнинг ярми тўлиб бўлганди.

Уни саросима босди. Бемаъни саросима: бу сўзларни ёзиш кундалик тутишнинг ўзидан хавфлироқ эмас эди. Шунга қарамасдан, унда бузилган варақларни йиртиб ташлаш ва бу машғулотини умуман йиғиштириш истаги пайдо бўлди.

Аммо у бундай қилмади, бунинг фойдасизлигини билди. У «ЙЎҚОЛСИН КАТТА ОҒА!» деб ёзадими ёки ёзмайдими, ёки кундалик тутишни давом эттирадими ёки йўқ – фарқи йўқ. Фикр полицияси барибир уни тутиб олиши мумкин. У қилиб бўлди – қоғозга қаламни теккизмаганда ҳам, қилган бўларди – барча жиноятларни қамраб олган жиноятни аллақачон қилган эди. Фикрий жиноят – улар шундай аташарди. Фикрий жиноятни мангу пинҳон сақлаб бўлмайди. Сен қанчадир вақт, ҳатто йилларча чап бериб юришинг мумкин, бироқ эртами-кечми сени топишади.

Бу истисносиз тунда рўй беради – кечаси ҳибсга олишади. Тўсатдан уйғотишади, дағал қўллар елкангни силкийди, чироқлар кўзингда ялтирайди, ўриндиғинг атрофини қовоғи уйилган шахслар қуршаб олади. Аксар ҳолларда суд бўлмайди, ҳибс ҳақида бирор ерда хабар берилмайди. Одам тўсатдан йўқолади, ҳамиша шундай – тунда. Исминг рўйхатлардан ўчирилади, изинг ҳам қолмайди, сенинг қачондир бор бўлганинг ҳам инкор этилади ва унутиласан. Сен бекор қилиндинг, йўқ этилдинг: ҳамма кўниккан иборага кўра, «буғланиб» тамом бўлдинг.

Уни бир он ваҳима босди. Шошқин, қийшиқ ҳарфлар билан ёза бошлади:

Мени отишади, менга барибир, энсамдан, гарданимдан отишсин, менга барибир, катта оға йўқолсин! 

У бош кўтариб, курси суянчиғига ўзини ташлади, ўз-ўзидан уялди, ручкани қўйди. Кейин бутун вужудида титроқ турди. Эшикни тақиллатишди.

Дарров-а! У сичқондек тек ўтирарди, ким бўлсаям тақиллатиб, кейин кетади, деб беҳуда умид қилди... Аммо, йўқ, яна тақиллатишди. Бундай ҳолатда энг ёмони каловланишдир. Юраги дўмбирадай дукилларди, аммо узоқ машқлар давомида қотган юзи хотиржам эди. У ўрнидан турди ва қийналиб эшикка борди.

2. Прол – ишчилар синфи вакили. Тарж.

II

Уинстон эшик очиш учун тутқични ушлади-ю, стол устида кундаликни очиқ қолдирганини кўрди. «КАТТА ОҒА ЙЎҚОЛСИН!» деган ҳайбатли ёзувга тўла дафтарни хонанинг у чеккасидан ҳам кўриш мумкин эди. Ақл бовар қилмас тентаклик қилди. Йўқ, ўйлади у, ҳатто саросима ҳолатида ҳам оппоқ қоғозни сиёҳи қотмай ёпиб расво қилишни истамаганди. 

У чуқур нафас олди ва эшикни очди. Баданида енгиллик югурди. Остонада сийрак сочлари тўзғиган, ажин тўла юзларида уқубат акс этган рангпар бир аёл турарди. 

– Ой, ўртоқ, – минғирлаган овозда гап бошлади аёл, – уйингиздасиз деб ўйлагандим. Бизникига кириб, ошхонадаги жомаширни кўриб беролмайсизми? Тиқилиб қолган кўринади…

Бу шу қаватдаги қўшнининг хотини Парсонс хоним эди. (Партия «хоним» деган сўзни маъқулламас, ҳаммани «ўртоқ» дейиш лозим эди, аммо айрим аёлларга беихтиёр шундай мурожаат қилади киши.) Аёлнинг ёши ўттизларда бўлса ҳам, анча қарироқ кўринарди. Унинг ажинларига чанг ўтиргандай туюлар эди. Уинстон унинг ортидан эргашди. Бунақа кундалик ҳаваскор устачилик малол келарли эди. «Ғалаба» уйи эскирган, 1930 йилда ё шу атрофда қурилган бино эди, ҳозир путур етган эди. Деворлар ва шифтдан доим сувоқ кўчиб, тўкилар, ҳар қаттиқ совуқда қувур ёрилар, озроқ қор ёғса, томдан сув сизиб ўтар, иситиш тизими ярим босимда ишларди – албатта, агар иқтисод қилиш учун ўчириб қўйилмаган бўлса. Агар ўзинг тузата олмасанг, тузатиш ишларига масъул юқори мартабали қўмиталарнинг фармойиши зарур бўларди, уларга эса деразанинг синган ойнасини тузатиш учун ҳам икки йил керак бўларди.

– Албатта, Том уйда бўлганда эди… – минғирлади Парсонс хоним.  

Парсонсларнинг хонадони Уинстонникидан каттароқ, харобалиги ҳам ўзига хос эди. Ҳамма буюмлар ғижимланган ва топталгандай эди, гўё бу уйни улкан ва ёвуз бир ҳайвон кириб, тўзитиб кетгандай. Спорт ашёлари – хоккей таёқлари, боксёрларнинг чарм қўлқоплари, тешик футбол тўпи, тер ҳиди анқиган, астари ағдарилган иштончалар – ерда сочилиб ётарди. Столда ювуқсиз идишлар билан бирга ғижимланган машқ дафтарлари турар эди. Деворга «Ёшлар Лигаси» ва «Жосуслар»нинг алвон байроқлари, Катта Оғанинг сурати солинган плакат осилган эди. Бутун уйда бўлгани каби бу ерда ҳам қайнатилган карам ҳиди анқирди, аммо бу ҳидни кучли тер ҳиди босиб кетарди. Бу ҳид, гарчанд қандай сезилганини англаб бўлмаса-да, ҳозир уйда бўлмаган одамнинг ҳиди эканини бир нафас олгандаёқ билиш мумкин эди. Бошқа хонада кимдир ҳуштак ва ҳожатхона қоғози билан ҳали ҳам телекрандан янграётган ҳарбий мусиқага жўр бўлишга интиларди.

– Бу болалар, – Парсонс хоним хавотир билан эшикка назар ташлаб қўйди. – Улар бугун уйда қолган. Ва албатта…

Унинг гапини охирига етказмаслик одати бор эди. Ошхонадаги идиш-товоқ ювадиган жомашир ифлос яшил оқовага тўла, ҳиди карам ҳидидан ҳам баттар эди. Уинстон тиз чўкканча қувурнинг бурчагини кўздан кечирди. У қўл ишини жуда ёмон кўрар, эгилишни ёқтирмасди – бу ҳолатда уни йўтал тутарди. Парсонс хоним иложсиз кўз тикиб турарди.

– Албатта, агар Том уйда бўлганда эди, ўзи ҳаммасини саранжомларди, – деди аёл. – Том бунақа ишларни ёқтиради. Унинг қўллари тилло. Том...

Оқова тиқилиши ойлаб олдин бошланган, Том Парсонс эса эрталаб ишга кетганди.

Парсонс Уинстон билан бирга Ҳақиқат вазирлигида ишларди. У семиз, аммо ҳаракатчан одам бўлиб, ўтакетган аҳмоқ эди – ақли заиф, аммо ҳовлиқиб, жўшиб ишларди. Исталган разил топшириқни ортиқча савол бермай сидқидилдан бажарадиган бундай ишчанларга партия Фикр полициясидан ҳам кўра кўпроқ суянарди. Ўттиз беш ёшида у «Ёшлар» лигасини истамайгина тарк этди; бу лигага киришдан олдин у керагидан бир йил ортиқ жосуслик ҳам қилганди. Вазирликда у ақлий қобилиятни талаб қилмайдиган майда лавозимда эди. Бошқа томондан, у спорт қўмитасининг ва сайёҳлик сафарлари, стихияли намойишлар, тежаш кампаниялари ва бошқа кўнгилли ташаббуслар учун масъул бўлган турли қўмиталарнинг етакчи арбобларидан бири эди. У муштугини лабига қўндирганча ўзига хос камтарона кибр билан Жамоатчилик марказда тўрт йил мобайнида ўтказилган бирорта кечадан қолмаганини фахр билан гапириб бериши мумкин эди. Тинимсиз ишлашини кўрсатувчи, истаган одамни ағдарадиган тер ҳиди у билан ҳамиша ҳамроҳ эди, бирор жойдан кетса, ўрнини билдириб турарди. 

– Сизда бурама калит борми? – сўради Уинстон қувурни бирлаштириб турган гайкани тутганча.

– Бурама? – Парсонс хоним кўзларини пирпиратиб такрорлади. – Рости гап, билмайман. Балки, болалар…

Қадам товушлари эшитилди, ҳуштак чалинди, болалар хонага бостириб киришди. Парсонс хоним калит келтирди. Уинстон сувни туширди ва ижирғаниб қувурдан шилимшиқ сочлар тутамини тортиб олди. Кейин совуқ сувда бармоқларини астойдил ювди ва бошқа хонага ўтди.

– Қўлингни кўтар! – деб ёввойиларча товушда унга қичқиришди.

Кўркамгина тўққиз ёшли болакай стол остидан чиқиб унга ўйинчоқ пистолетини ўқталди, ундан икки ёш кичик синглиси ёғоч билан нишонга олди. Иккаласи ҳам жосуслар кийимида – яшил иштонча, қўнғир кўйлакда бўлиб, қизил галстук таққан эди. Уинстон қўлини кўтарди, аммо ёқимсиз ҳис ичида қолди: болакай ҳаддан зиёд ғазабда эди, ўйин эмас, ростакамига ўхшарди.

– Сен хоинсан! – чинқирди болакай. – Сен – фикрий жиноятчи! Сен Евросиё жосусисан! Мен сени отиб ташлайман, мен сени буғлаб юбораман, мен сени туз шахталарига сургун қиламан!

Улар унинг атрофида бирдан ирғишлай бошладилар, тинимсиз қичқирардилар: «Хоин!», «Фикрий жиноятчи!» – қизча ҳам болакайнинг ҳар бир ҳаракатини такрорларди. Яқинда одамхўрларга айланадиган йўлбарсчаларнинг ҳаракати уни бироз ҳуркитди. Болакайнинг кўзларида қатъиятли шафқатсизлик, Уинстонни уриш ёки тепкилаш истаги аниқ кўринарди ва у билардики, тез орада бунга етарли кучи ҳам бўлади, бироз катта бўлса бўлди. Яхшиям пистолети ҳақиқий эмас ҳозирча, деб ўйлади Уинстон.

Парсонс хонимнинг асабий назари гоҳ Уинстонга тушар ва яна болаларга қайтарди. Бу хона ёруғроқ эди ва Уинстон қизиқсиниб қаради, аёлнинг ажинларига ростдан ҳам чанг қўнган эди.

– Тўполон қилишяпти, – деди у. – Осилганларни кўришга олиб бормаганим учун хафа улар, сабаби шу. Мени улар билан боришга вақтим йўқ, Том ҳали-бери ишдан келмайди.

– Нега биз қандай осишаётганини кўра олмаймиз? – бола ваҳшатли чинқирди.

– Қандай осишаётганини кўришни истайман! Осишларини кўргим келяпти! –  ялинди қизча ҳам, айланиб сакрар экан.

Уинстоннинг ёдига тушди, бугун кечқурун Паркда евросиёлик асирларни – уруш жиноятида айбланганларни осишади. Бу машҳур томошани ойда бир марта ўтказишади. Болалар бу оммавий тамошани кўришга олиб боришларини талаб қилиб хархаша қилишади. У Парсонс хонимникидан чиқиб, ўз эшигига қараб кетди. Даҳлизда олти қадам қўйишга улгурмади ҳамки, нимадир орқа бўйнига чидаб бўлмас оғритиб урилди. Гўёки қип-қизил чўғга айланган сим санчилгандай бўлди. У турган жойида ортга ўгирилди ва Парсонс хоним ўғлини эшикка судраб кираётганини, бола чарм тошотгичини чўнтагига жойлаётганини кўрди. 

– Голдстейн! – бола эшик ёпилиши олдидан бақирди. Уинстонни ҳаммасидан ҳам кўпроқ онанинг оқиш юзларида акс этган иложсиз қўрқув ҳайратга солди.

Уинстон хонасига қайтди, телекран олдидан тезда ўтиб, бўйнини силаганча, стол олдида ўтирди. Телекранда ҳарбий мусиқа тинди ва кескин ҳарбийча овоз дағал бир завқ билан янги сувда сузувчи қалъанинг ҳарбий аслаҳаларини тасвирлай бошлади, бу қалъа Исландия ва Ферер ороллари ўртасида лангар ташлаган экан.

Шўрлик аёл, деб ўйлади у, бунақа болалар билан ваҳшат ҳаётини кечирса керак. Бир-икки йил ўтиб, улар ғоявий йўлдан озишини фош қилиш учун ўз онасини кечаю кундуз кузатадиган бўлади.  Ҳозир деярли барча болалар одамда қўрқув уйғотади. Энг ёмони, «Жосуслар» каби ташкилотлар воситасида болаларни битталаб жиловлаб бўлмас ёввойиларга айлантиришмоқда, айни пайтда, бу болаларда партия интизомига қарши исён қилиш истагини пайдо қилмайди. Аксинча, партия ва у билан боғлиқ ҳамма нарсага эҳтиром кўрсатадилар. Қўшиқлар, намойишлар, байроқлар, юришлар, ўқув милтиқлари билан машғулотлар, шиорларни бақириб чинқириш, Катта Оғага итоат – бари улар учун шарафли машғулотдир. Уларда бегоналарга, тузум душманларига, хорижликларга, хоинларга, зараркунандаларга, фикрий жиноятчиларга нисбатан нафрат уйғотилади. Ўттиз ёшли одамлар ўз болаларидан қўрқиши одатий ҳолга айланди. Бу бежиз эмас: бир ҳафта бўлгани йўқ, «Таймс» газетасида ёш кузатувчи – эътироф этилган ифодага кўра, «митти қаҳрамон», – номақбул иборани эшитиб, Фикр полициясига ота-онасини ушлаб берибди.

Бўйиндаги оғриқ пасайди. Уинстон истар-истамас ручкани олди, аммо ҳали нима ёзмоқчи эканини билмасди. Дафъатан у яна О’Брайен ҳақида ўйлай бошлади.

Бир неча йил аввал… – неча йил аввал? Етти йил бўлса керак, – у тушида ўзини қоп-қоронғи хонада бораётган ҳолда кўрди. Ёнида ўтирган кимдир унга деди: «Биз қоронғилик йўқ жойда кўришамиз». Бу гап секин, равон айтилди, – буйруқ эмасди, шунчаки гап эди. Тўхтамай юришда давом этганди. Ўшанда, тушда бу сўзлар катта таассурот қолдирмаган эди. Фақат кейинчалик улар аста-секин аҳамият касб эта бошлади. У эслай олмасди, бу унинг О’Брайен билан илк учрашувидан олдин бўлганмиди ёки кейин; қачон бу овоз О’Брайенники экани фаҳмлади – буни ҳам эслай олмайди. Муҳими, овозни таниб олганди. У билан қоронғида гаплашган кимса О’Брайен эди.

Уинстон ҳалигача тагига етолмади – ҳатто улар кўз уриштириб олганидан сўнг ҳам билолмади – О’Брайен дўстми ёки душман?! Қолаверса, бу унчалик муҳим эмасдай. Улар ўртасида англаш риштаси пайдо бўлди, бу эса қандайдир дўстлик ва дарддошликдан кўра муҳимроқ. «Биз қоронғилик йўқ жойда учрашамиз», – деди О’Брайен. Бу нимани англатади, Уинстон буни тушунмасди, аммо қандайдир бир тарзда англадики, улар ҳали учрашишади. 

Телекрандаги овоз тўхтади. Дим, биқиқ хонани карнайнинг жарангдор, тантанавор овози тўлдирди. Чийилдоқ овоз давом этди:

«Диққат! Диққат! Ҳозиргина Малабар жабҳасидан тезкор хабар олинди. Қўшинларимиз Жанубий Ҳиндистонда шонли ғалабага эришдилар. Менга сизларга шуни хабар қилиш топширилдики, мазкур жанг уруш тугашини тезлаштириши мумкин. Тезкор маълумотларни тингланг».

Яна нохушлик бўлса керак, деб ўйлади Уинстон. Худди шундай: Евросиё ўрдасининг тор-мор этилиши, ўлдирилганлар ва асир олинганлар борасидаги ақл бовар қилмас рақамлардан сўнг эълон ўқиб эшиттирилди: келгуси ҳафтадан шоколадни тақсимлаш меъёри ўттиз граммдан йигирма граммга туширилади.

Уинстон яна кекирди. Жиншароб кайфи аллақачон тарқаган, фақат ўзидан кейин бузуқ кайфият қолдирганди. Телекран, ғалабани нишонлаш учунми ёки тортиб олинган шоколад ҳақидаги ўйлардан чалғитиш учунми, «Сенга, Океания» деб куйлай бошлади. Бу пайтда тикка қотиб туриш шарт эди. Аммо у телекран кўрмайдиган ерда эди. 

«Сенга, Океания» мадҳияси енгил мусиқага алмашди. Уинстон телекранга орқа ўгирганча, деразага яқин келди. Кун ҳали ҳам очиқ ва совуқ эди. Қайдадир узоқроқдан портлаган ракетанинг бўғиқ гулдураши эшитилди. Охирги пайтларда Лондонга ҳафтасига йигирма-ўттизта ракета тушмоқда. 

Пастда шамол йиртилган плакатни тортқилар, унда ИНГСОЦ сўзлари тебратанарди. Ингсоц. Ингсоцнинг муқаддас устунлари. Янгитил, қўшфикр, ўтмишнинг ўзгарувчанлиги. Унда шунақа бир туйғу пайдо бўлди, у гўё уммон тубидаги ўрмонда тентираб юрибди, махлуқлар дунёсида кезяпти, ўзи ҳам – махлуқ. У ёлғиз эди. Ўтмиш ўлган, келажакни тасаввур қилиб бўлмайди. Тирик одамларнинг ҳеч бўлмаса биттагинаси унинг томонида, деб ишониш учун заррача асос борми? Партия ҳукмронлиги абадий давом этмаслигини билиш мумкинми? Жавоб ўлароқ кўз ўнгида Ҳақиқат вазирлигининг пештоқидаги учта шиор пайдо бўлди:

УРУШ – ТИНЧЛИКДИР.

ЭРК – ҚУЛЛИКДИР.

БИЛИМСИЗЛИК – КУЧДИР.

У чўнтагидан йигирма беш центлик тангани чиқарди. Бу ерда ҳам мўъжаз ҳарфлар билан шу учта шиор ёзилган, орқа томонда – Катта Оғанинг боши. У ҳатто тангадан ҳам кузатиб туради. Тангаларда, почта маркаларида, дафтар-китоб муқоваларида, байроқларда, плакатларда, сигарет қутиларида – ҳамма жойда. Ҳамма жойда сени шу назар таъқиб этади ва шу овозлар қуршовидасан. Тушингда ва ўнгингда, ишда ва таом тановул қилаётганингда, кўчада ва уйда, чўмилиш хонасида, тўшакда – таъқибдан қутулиш йўқ. Бош чаноғинг ичидаги бир неча сантиметр кубдан бўлак ҳеч нарса ўзингникимас. 

Қуёш кетган, вазирлик биносидаги чироғи ўчган минглаб деразалар қалъа истеҳкомидаги ўқотар қуроллар жойланган туйнуклардай қовоғини уярди. Улкан пирамидани кўриб унинг юраги увушарди. Бу эҳром жуда мустаҳкам, уни забт этиш имконсиз. Минглаб ракеталар ҳам уни буза олмаса керак. У кундаликни ким учун ёзаётгани ҳақида яна ўйлади. Келажак учун, мозий учун… эҳтимол, хаёлдаги бирор давр учун. Уни шунчаки ўлим эмас, бутунлай йўқ қилиниш кутмоқда. Кундалигини кулга айлантирадилар, ўзини буғлантирворадилар. Унинг ёзганларини ер юзидан ҳам, хотиралардан ҳам ўчириб юборишдан аввал фақат Фикр полицияси ўқиши мумкин. Агар сенинг изинг ҳам, ҳатто аноним ёзилган сўзинг ҳам қолмаса, келажакка қандай мурожаат қила оласан?

Телекран соат ўн тўртга бонг урди. Ўн дақиқадан сўнг у кетиши керак. 14:30 да у хизматда ҳозир бўлиши лозим. 

Ажабо, бонг овози унга дадиллик берди. У ҳақиқатни гапирадиган ёлғиз арвоҳдир, бироқ бу ҳақиқатни ҳеч ким эшитмайди. Аммо у ҳақиқатни айтар экан, дунёда қандайдир ришта узилмай туради. Бу ришта ўзгаларга ҳақиқатни эшиттириб эмас, балки инсонлик мероси бўлмиш ақли солимликни сақлаб қолиш билан туради. У столга қайтди ва перони сиёҳга ботириб, ёза бошлади.

Келажакка ёки ўтмишга – фикр эркин бўлган, одамлар бир-биридан фарқ қилган ва ёлғиз яшамайдиган, ҳақиқат мавжуд бўлган ва ўтмиш йўққа айлантирилмайдиган замонларга

Бир туслилик давридан, ёлғизлик давридан, Катта Оға давридан, қўшфикр давридан – саломлар бўлсин!

Мен аллақачон ўлганман, деб ўйлади у. У ўйлардики, ҳозир, фикрларини ифодалай бошлагач, ортга қайтиб бўлмас қадамни ташлаган эди. Ҳар бир ҳаракатнинг оқибати ҳаракатнинг ўзида мужассамдир. У ёзди:

Фикрий жиноят ўлимга олиб келмайди: фикрий жиноятнинг ЎЗИ ўлимдир.

Энди, ўзининг аллақачон марҳум эканини англагач, имкон қадар узоқроқ яшаш муҳимдир. Ўнг қўлининг иккита бармоғига сиёҳ теккан эди. Шунақанги майда-чуйдалар сени сотиб қўяди. Вазирликдаги қандайдир исковуч жонкуяр (катта эҳтимол билан, бу аёл бўлади – масалан, ўша малласоч пакана аёл ёки адабиёт бўлимидаги қорасоч қиз) сиёҳли бармоғига кўзи тушиб, ўйланиб қолади, хўш, нега у тушлик пайти ёзади ва нега эски сиёҳли ручкада ёзган, нимани ёзган – кейин керакли ерга хабар қилади. У ювиниш хонасига кирди ва бармоқларини қумқоғоздай қиртишлайдиган, шу мақсадда ишлатишга мос донадор жигарранг совунда обдан ювди.

У кундаликни столнинг тортмасига жойлади. Яширсанг-яширмасанг – уни барибир топиб олишади; ҳеч бўлмаса улар кундалик ҳақида билиб олган-олмаганларини аниқлаш мумкин бўлади. Китоб тиртиғига соч толасини қўйса, сезилиб қолади. Бармоғининг учи билан оппоқ қум доначасини китоб муқовасининг четига қўйди: гар унга тегинишса, қум урвоғи тушиб кетади.

III

Уинстон тушида онасини кўрди.

Ўн-ўн бир ёшлигида онаси бирдан йўқолиб қолгани ёдида. У башанг сочлари тиллоранг, салобатли, камгап, оҳиста ҳаракат қиладиган аёл эди. Отасини унчалик эслай олмайди: сочи қора, озғин одам бўлиб, доимо бежирим қора костюмда (нимагадир туфлисининг тагчарми юпқа экани ёдида қолган) ва кўзойнакда юрарди. Иккаласи ҳам 50-йиллардаги дастлабки сиёсий тозалашларда йўқ қилинган. 

Ана, онаси ундан қуйида, чуқурликда эди, қўлида сингилчасини кўтариб олган. Синглисини у деярли эслай олмайди – фақат кичкинагина, озғин чақалоқлигини, катта кўзларини жовдиратиб, жимгина ётишини эслайди. Пастликдан уларнинг иккаласи унга қараб турарди. Улар қайдадир ернинг остида эдилар – қудуқнинг тагидами, жуда чуқур кавланган қабр ичидами – чуқурга кетиб борардилар. Улар гўё чўкаётган кеманинг ичида бўлиб, Уинстонга қораяётган сув аро боқиб тарардилар. У ерда ҳали ҳаво бор эди ва улар Уинстонга боқар эдилар, у ҳам – уларни кўрарди, аммо улар бу яшил сувга ботиб, чўкиб борардилар – яна бир лаҳза ўтади ва сув уларни батамом, мангуга  ютади. У баҳаво ва ёруғ ерда, уларни эса гирдоб симирмоқда, улар пастга чўкмоқда, чунки у юқорида. У буни тушунади ва улар ҳам буни тушунишлари юзларида акс этган. Уларнинг юзларида ҳам, дилларида ҳам ўкинч йўқ эди, фақат тушуниш бор эди, улар у яшаши учун ўз ўлимлари билан товон тўлашлари керак, зеро, табиатнинг йўриғи шундайдир.

Уинстон бу қандай юз берганини билмайди, аммо у тушида аниқ билардики, онаси ва синглисининг ҳаёти унинг ҳаётига қурбон қилинган. Бу тушга хос бўлган манзара эди – кундузи ўйлаганлари давом этадиган тушлардан бири эди: уйғонганингдан кейин ҳам янги, муҳим ғоялар ва фактлар эсда қолади. Онасининг деярли ўттиз йил аввал юз берган ўлими шу қадар фожиали ва аламли бўлгани, бугун ўшандай фожиани такрорлаш имконсизлиги Уинстоннинг хаёлига келди. Фожиа, ўйларди у, эски замонларда бўлган, у замонларда шахсий ҳаёт, муҳаббат ва дўстлик бор эди, одамлар оила қурардилар, бир-бирларини ҳимоя қилардилар, бунинг учун сабаб излаб ўтирмасдилар. Онасини эслаш унинг юрагини парча-парча қилди, чунки онаси уни севароқ ўлди, у ҳали ёш ва худбин эди, онасига муҳаббат билан жавоб қилишни билмасди, онаси эса қандайдир бир тарзда – қандай эканлигини у эслай олмайди – ўзини садоқат йўлида қурбон қилди, бу садоқат ўта шахсий ва барқарор туйғу эди. У тушундики, бугун бунақа бўлиши мумкин эмас. Бугун қўрқув, нафрат ва оғриқ бор, аммо туйғулар йўқ, чуқур ва мураккаб алам йўқдир. Буларнинг барини у яшил сув ичидан, юзлаб чақирим чуқурликдан, чўкаётган ҳолида унга боқиб турган онасининг ва синглисининг кўзларидан ўқиб олди.

У тўсатдан пакана, чайир ўтлар ўсган ўтлоқда пайдо бўлди, ёз эди, кеч тушаётганди, қуёшнинг заррин нурлари ерни тиллорангга буркаётганди. Бу манзара унинг тушларига тез-тез кирарди, ҳаётда бунақа жойни кўрган-кўрмаганини аниқ айтолмайди. Уинстон ўзича бу жойни Олтин юрт деб атарди. Бу қуриб, қариган, кемирувчилар қиртишлаган ўтлоқ эди, унга ёндош сўқмоқ бор, у ер-бу ерда каламуш уялари кўзга ташланарди. Майдоннинг нариги томонида панжарадай терилган бутанинг шохларини шамол тебратар, қалин барглар шодаси аёл сочлари каби тўлқинланиб, шовулларди. Қайдадир шу атрофда тинч, сокин анҳор оқарди. Анҳорда оқ тол шохлари остида қизилкўз балиқ сузиб юрарди. 

Ўтлоқ оралаб у томонга ўша қора сочли қиз келаётганди. У бир ҳаракат билан кийимини ечди ва ижирғаниб узоққа улоқтирди. Бадани оппоқ ва силлиқ эди, аммо хоҳиш-истакни уйғотмасди; бу баданга у ҳатто қарамади ҳам. Уни жувоннинг кийимини бир ҳаракат билан улоқтириши ҳайратга солди. Ўзининг назокати ва бепарволиги билан бу ҳаракат бутун маданиятни, яхлит таълимотни йўқ қилди гўё: Катта Оға ҳам, партия ҳам, Фикр полицияси ҳам қўлнинг ажиб бир силтови билан йўқликка улоқтирилди. Бу ҳаракат ҳам эски замонлардан қолган эди. Уинстон тилида «Шекспир» сўзи билан уйғонди.

Телекран қулоқни қоматга келтирадиган, битта нотада ўттиз сония давом этадиган даҳшатли ҳуштак чалди. 07:15 – хизматчилар уйқудан уйғонадиган вақт. Уинстон тўшакдан узилиб чиқди – у яланғоч ётарди, чунки Ташқи партия аъзоларига бир йилга бор-йўғи уч минг кийим талони берилади, пижаманинг ўзи олти юз талон турарди. У курсига осилган эски коржомаси ва иштонини олди. Уч дақиқадан сўнг жисмоний машқлар бошланади. Уинстон йўталнинг зўридан ярим букчайди – ҳамиша туш кўрганидан кейин йўтал тутарди. Йўтал ўпкасини шу қадар зўриқтирдики, у елкасини тўшакка бериб, бир неча бор чуқур нафас олиб, ўзига келди. Томирлари зўриққандан таранглашди ва варикоз яраси қичимсирай бошлади. 

– Ўттиздан қирққача бўлганлар гуруҳи! – аёл кишининг ўткир овози жаранглади. – Ўттиздан қирққача бўлганлар гуруҳи! Жойингизни эгалланг. Ўттиздан қирққача бўлганлар!

Уинстон телекран қаршисида тик турди: у ерда аллақачон мускуллари бўртган, калта иштон ва гимнастика пойабзалини кийган нисбатан ёш аёл пайдо бўлганди.

– Қўлларни букиш ва чўзиш! – бақирди аёл. – Саноқ бўйича бажарамиз. Бир, икки, уч, тўрт! Бир, икки, уч, тўрт! Қувноқроқ, ўртоқлар, жонлироқ! Бир, икки, уч, тўрт! Бир, икки, уч, тўрт!

Йўталнинг оғриғи тушнинг таассуротларини даф қилишга ҳали ургурмаган, машқларнинг шиддати эса ҳушни яна жойига келтирди. Гимнастикачилар каби роҳатдан қовоғини уйгандек кўрсатиб, қўлларини беихтиёр чўзиб ва букиб, Уинстон олис болалик йилларининг ғира-шира хотиралари томон йўл олди Бу жуда қийин эди. Эллигинчи йилларгача кечган барча ҳодисалар хотирадан ўчиб кетган. Бирор ерда ёзиб қўйилган бўлмаса, хотирангда ҳатто ўз ҳаётинг чизгилари ҳам хира тортади. Сен буюк ҳодисаларни эслайсан, аммо улар аслида юз бермаган бўлиши ҳам мумкин; воқеанинг тафсилотлари ёдингда, аммо ўша муҳитни ҳис эта олмайсан; бўм-бўш, узоқ, ҳеч нарса юз бермаган даврлар ҳам бор. Аввал ҳаммаси бошқача эди. Ҳатто мамлакатларнинг номлари ва харитадаги жойлари ҳам бошқача эди. I Парвоз минтақаси, масалан, аввал бошқача аталарди: у Англия ёки Британия деб номланарди, Лондон эса – Уинстон буни озми-кўпми аниқ хотирларди – ҳамиша Лондон деб аталган.

Уинстон мамлакат уруш ҳолатида бўлмаган бирор замонни аниқ эслай олмайди; бироқ унинг болалик даврида бир қадар узоқ тинчлик бўлган, чунки ҳаво ҳужумидан огоҳ этувчи овоз янграганда ҳамма довдираб қолгани эсида. Эҳтимол, ўшанда

...