автордың кітабын онлайн тегін оқу Минг қуёш шулъаси
Холид Ҳусайний
Минг қуёш шуъласи
Тошкент «Ёшлар матбуоти»
ЁРУҒЛИККА УНДОВЧИ АСАР
«Минг қуёш шуъласи» келиб чиқиши афғон бўлган америкалик адиб Холид ҳусайнийнинг иккинчи китоби бўлиб, 2007 йилда ушбу роман бутун дунёда бестселлерга айланди. Асар муҳаббат ҳақида.
Холид ҳусайнийдан олдин ҳам севги-муҳаббат ҳақида кўп ёзилган, бундан кейин ҳам ёзилади. Аммо «Минг қуёш шуъласи»ни ўқий бошлаганингиздаёқ ўзга бир оламга ғарқ бўласиз. Илло, зулм ва истибдод ҳукмрон бўлган, одамгарчилик ва диёнатга ўрин йўқдек кўринадиган, тун зулматидан-да қорароқ кўрингувчи бир ўлкада, ўқлардан илма-тешик бўлиб кетган заминда ҳам севги-муҳаббат куртаклари бош кўтаради. Қийинчиликлар, зулмат, ноҳақликлар, ҳаёт ташвишлари ва азоб-уқубатлардан кейин ҳам инсонлар қалбида диёнат ва оқибат учун жой топилади.
Романнинг асосий қаҳрамонлари Афғонистондаги тинч ҳаётни бузган ғалаёнларнинг қурбонига айланган икки аёл. Марям – бой тадбиркорнинг ноқонуний қизи, эсини танибоқ қийинчиликлар, ноҳақликлар, хўрланишларга маҳкум бўлган, тақдири шундай тугаши ҳақидаги фикрга кўникиб кетган. Лайло эса аксинча, бахтли ҳаёт ҳақида орзу қиладиган аҳил оиланинг севимли қизи. Бу икки аёлни боғлаб турадиган ҳеч қандай умумийлик йўқ, улар турли оламларда яшашади. Агар қирғинбарот уруш бўлмаганида эди, бу икки аёлнинг йўллари сираям тўқнашмаган бўларди.
Уруш оқибатида нафақат йўллари, балки тақдирлари ҳам туташ бўлган икки мазлума бир-бирлари учун душман ҳам, дугона ёки опа-сингиллар ҳам эмас, аммо улар бир вақтлари тинч-фаровон ҳаёт кечирган, энди эса қон ва зулмга ғарқ бўлган шаҳарда бирдам, ҳамжиҳат бўлсаларгина тирик қолишларини билишади. Ва улар буни уддалашади ҳам: азоб-уқубатлардан бирга ўтишади, бирга қувонишади, бирга йиғлашади, аммо бир дақиқагина бўлсин, ёруғ келажакка етиб боришдан умид узишолмайди. «Минг қуёш шуъласи» уруш даҳшатларидан юракларни сиқадиган, аммо қаро тунлар ортидан бари бир қуёш чарақлаб чиқишига умид қилишга ундайдиган ажойиб асар.
Иқтидорли ёш ёзувчи ва таржимон Рустам Жабборов маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган бу асарни ўқишимга тўғри келганида қанчалар юрак-бағрим эзилгани ҳамон эсимда. Ваҳоланки, бу икки аёл менинг тенгдошларим. Улар шундай шўришларни бошдан кечираётган пайтларда биз ўйнаб-кулиб юрардик, аммо ёнгинамизда, шундоққина қўл узатсак етгудек жойда инсонлар, айниқса, ожиза аёллар уқубатларга мубтало бўлаётганлари хаёлимизга ҳам келмасди. Холид ҳусайний ана шу ҳаёт ҳақиқатини бизга рўйи рост кўрсатиб беролган. Энг муҳими, асар қаҳрамонлари зулмат орасида яшашса-да, ўзларининг инсоний қиёфаларини йўқотишмайди. Марям Лайло ҳамда унинг икки норасида гўдаги ҳаётини асраб қолиш учун ўз ҳаётини қурбон қилганида ҳам, бу болалар кулфатлар аро туғишгандан-да аъло бўлиб қолган икки аёлнинг орзулари ижобат бўладиган кунларни кўришларига сираям шубҳаланмайди…
Бу роман ҳаёт ҳақиқатининг қоғозда акс этган тасвиридир. Асар уруш даҳшатларини очибгина қолмай, балки тинчлик инсонлар учун улуғ неъмат эканлигини, унинг пароканда қилиниши қанчалар қимматга тушиши мумкинлигини доимо ёдимизга солиб туриши билан ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Муҳаббат Йўлдошева,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
БИРИНЧИ ҚИСМ
БИРИНЧИ БОБ
Марям илк бор «ҳароми» деган сўзни эшитганида беш яшар қизалоқ эди. Хулласи калом, бу ҳодиса пайшанбада юз берганди. Ўшанда унинг эс-ҳуши жойида эмас, ўзини қўярга жой тополмасди. Ахир пайшанба кунлари уларнинг ёнига Жалил келарди-да! Вақтни тезроқ ўтказиш учун (ҳадемай у узоқдан қўлларини силкитганча, тизза бўйи ўтларни босиб кела бошлайди) Марям стулнинг устига чиқиб олди ва токчадаги хитойи чинниларга қўл узатди. Бу чинни сервиз Марямнинг икки яшарлигида дунёдан ўтган бувисидан қолган ягона ёдгорлик бўлиб, ойиси уни кўз қорачиғидек асрарди. Нана (Марям ойисини шундай атарди) қушлар ва хризантема гуллари тасвири туширилган пиёлаларни, тумшуғи эгик чойнакни, ёвуз руҳларни қувадиган аждар нусхаси солинган қанддонни, ҳатто ишлатишга ҳам кўзи қиймасди.
Худди шу қанддон Марямнинг қўлчасидан ёғоч полга сирғалиб тушдию чил-чил бўлди. Нана полда сочилиб ётган чинни бўлакларини кўрдию юзлари қизариб, лаблари титради, ҳамиша меҳр билан боқиб турувчи кўз «нанамнинг елкасига яна шайтон миниб олди», деб ўйлаб, қўрқиб кетди. Йўқ, ўтиб кетди. Нана қизининг қўлларидан маҳкам тутиб, ўзига тортди ва тишларини ғижирлатганча, унинг қулоғи остида ғазабнок шипшиди:
– Ҳў қўлгинанг сингур, аҳмоқ! Менга кўрсатган кароматинг шу бўлдими? Бу митти ҳароми мени хонавайрон қилмаса гўргайди. Шундай қимматбаҳо нарсани синдирди-я!
Ўшанда Марям ҳеч нарсани тушунмаганди. «Ҳароми» деган сўз унга мутлақо нотаниш эди. Ҳали жуда кичкина бўлгани учун бу мудҳиш ҳақоратнинг маъносини англаёлмасди. Зотан, бунда унинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ, ҳамма айб дунёга келишига сабабчи бўлган кимсаларда эди. Марям бу сўз бари бир ёмон маъно англатишини сезганди.
Улғайгач, ҳаммасини тушунди. Ўшанда онасининг овозидаги нафрат оҳанги бежиз эмасди. Ҳароми, яъни Марямнинг ўзи барчага тегишли бўлган ҳуқуқлардан маҳрум этилган, ҳеч кимга керак бўлмаган бир жонзот экан. Муҳаббат, оила, уй-жой – буларнинг ҳеч бири унинг учун эмас.
Жалил Марямни бирор марта бундай атамаган. У ҳар доим қизини «менинг гулғунчам», дерди. У қизчасини тиззасига ўтқизиб, Марям туғилган қадимги Ҳирот – не-не мутафаккиру алломалар юрти, шарқ маданияти бешиги ҳақида қизиқарли ҳикоялар айтиб берарди.
– Ҳирот шундай шаҳарки, қаёққа оёқ узатсанг, бирорта шоирнинг кетига тегади, – дея ҳазиллашарди отаси. (Бу ҳазиломуз жумла аслида буюк мутафаккир Мир Алишер Навоийга тегишли – тарж.)
Жалил қизига Ҳиротни чин дилдан севган ва у ерда кўплаб мадрасаю миноралар қурдирган малика Гавҳаршодбегим ҳақида гапириб беришни ёқтирарди. У Марямга Ҳиротнинг буғдойзор далалари, мевали боғлари, болга тўла узумзорлари, гавжум бозорлари ҳақида гапириб беришдан чарчамасди.
– Ҳиротда кекса бир писта дарахти остида буюк аллома Жомийнинг қабри бор, – дерди у қизчасини эркалаб, бағрига босаркан. – Жомий биздан беш юз йил аввал яшаб ўтган. Мен албатта сенга ўша дарахтни кўрсатаман.
Гарчи Марям умрининг дастлабки ўн беш йилини Ҳиротда яшаб ўтказган бўлса-да, отаси ваъда қилган дарахтни кўра олмади. У қадимий минораларни зиёрат қилмади, машҳур боғларнинг мевасидан татиб кўрмади, буғдойзор далаларни кезмади. Аммо у ўшанда отасининг ҳикояларини завқ-шавқ билан тинглаган, унинг бу қадар кўп нарса билишидан митти юракчаси ғурурга тўлиб-тошганди.
– Ҳаммаси қуруқ сафсата, – дерди Нана Жалил кетгач ўзича тўнғиллаб. – Бойларга Худо тилдан ҳам берган. У сенга ҳеч қанақа дарахт-парахтни кўрсатмайди. Ширин гапларига учма, қизим. Севимли дадажонинг бизни шунчалик осонлик билан сотганки!.. Уйдан чиқариб ҳайдаган. Ўшандоқ ҳашаматли уйига сен билан мен сиғмадик. Ҳатто киприк қоқмай, ҳайдаворди-я, номард!
Гарчи отаси ҳақида бундай нордон гаплар ёқмаса-да, Марям Нанасининг гапларини мутелик билан эшитарди. Ахир отаси ёнида бўлганида, уни ҳеч ким «ҳароми» деёлмасди-да! У ҳар пайшанба бир-икки соат отасининг дийдорига тўйиб, чиройли совғаларидан, ширин сўзларию эркалашларидан баҳраманд бўлганида, ҳаёт кўзига шу қадар гўзал кўриниб кетардики... Шунинг учун Марям отасини беҳад яхши кўрарди.
Отасида бошқаларнинг ҳам ҳақи бор эди.
Жалилнинг уч хотини ва ўн нафар қонуний боласи бор эди. Марям уларнинг бирортасини ҳам ўз кўзи билан кўрмаганди. Жалил Ҳиротнинг энг бой одамларидан бири эди. Унга қарашли бўлган кинотеатрни ҳам Марям умрида кўрмаганди. Ростдан, отаси унинг қистови билан бу кинотеатрни тўлиқ тасвирлаб берганди. Бу кинотеатр мовий ва жигарранг кафел билан қопланган, ичида эса юмшоқ ўриндиқлар ўрнатилган, вестибюл ҳинд филмларининг афишалари билан безатилган, сешанба кунлари кинотеатрнинг буфетида болаларга музқаймоқлар текин тарқатилар экан.
Жалил музқаймоқ ҳақида гапираётганида Нана аччиқ кулимсираб қўйганди. Жалил кетиши билан Нана заҳархандалик билан жавради:
– Бегона болаларни музқаймоқ билан сийлармиш? Сени-чи, қуруқ чўпчаклар билан алдаб-алдаб даф бўлади!
Кинотеатрдан ташқари Жалилнинг Караҳ ва Фарда томорқалари, учта гилам, битта кийим-кечаклар дўкони, 1956 йилда чиққан «Бюик» автомобили бор эди. Унинг танишлари орасида таниқли зодагонлар, амалдорлар, ҳатто, Ҳирот ҳокими ва вилоят волийси ҳам бор эди. Табиийки, хизматкори, ошпази ва ҳайдовчиси ҳам бор. Унинг уйида бир эмас, уч оқсоч хизмат қиларди.
Нана ҳам унинг оқсочларидан бири эди. У пайтларда ҳали Нананинг қорни дўппаймаганди. Айтишича, ўз иффатини хожасига тақдим этгани маълум бўлиб қолгач, бутун оила аъзолари ғазабга минишганди. Ҳатто сал бўлмаса орада қон тўкилаёзди. Хотинлари шўрлик оқсочни уйдан ҳайдашни талаб қилишди. Нананинг отаси, Гулдоман қишлоғида тоштарошлик билан шуғулланувчи кекса уста ҳам қизидан юз ўгириб, бор лаш-лушини автобусга юкладию Эронга жўнаворди. Ҳозиргача унинг ўлик-тиригидан хабар йўқ.
– Алам қилади, – деди у бир куни товуқларига дон сепаркан. – Ўшанда отам ҳеч ўйланиб ўтирмасдан виждони амрига бўйсуниб, мени чавақлаб ташлаганида яхши бўларди. – Кейин эса қизига ўгирилди. – Сени ҳам. Ахир ношаръий зурриётнинг кимга кераги бор? Ҳа, отам қўрқоқ эди, бу ишга журъат этолмади.
Жалилда ҳам журъат йўқ экан. У ўз яқинларининг, хотинчаларининг хоҳишига қарши боролмади. Ҳамма уйқуга кетганида кирдию «жоним, ҳамма нарсангни йиғиштириб, бу ердан кет», деди.
– У ўзини оқлаш учун хотинларига нима деганини биласанми? Ҳаммасига мен айбдор эмишман. Уни йўлдан урибман. Э, аёл зотининг шўри қурсин!
Нана дон тўла идишни ерга қўяркан, қизчасини кўтариб, бағрига босди:
– Менга қара, – Марям ночор онасига боқди. – Эсингда тут, қизим! Эркак зоти ҳамиша аёлни айблаб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Эсингдан чиқмасин.
ИККИНЧИ БОБ
– Жалил ва унинг хотинлари учун мен оддий қичитқиўт ёки ажриқдан бошқа нарса эмасдим. Сен ҳам. Ҳали туғилмасингдан туриб уларнинг нафратини қозонгансан! Мени едириб-ичириш бошқа масала эди. Ахир қўлимда сен бор эдинг! Кейин бу масалада у уйидагилар билан келишиб олган кўринади.
Нананинг айтишича, унинг ўзи Ҳиротда қолишни истамаган.
– Нима қиламан қолиб? Хотинларини олиб, шаҳарни қандай кезишини томоша қилиш учунми?
Нана Ҳиротдан сал наридаги Гулдоман қишлоғига, ҳувиллаб қолган ота ҳовлисига ҳам боришни истамади. У таниш-билишлар кўзидан йироқ бўлишни, одамлар унга қўлини бигиз қилиб кўрсатмаслигини, ҳеч кимда нафрат ёки ачиниш туйғуларини уйғотмасликни истади.
– Ишонасанми, – дерди у қизига, – отанг мени кўздан йўқотиш учун оёғи куйган товуқдек питирлаб қолганди.
Шунда Жалилнинг биринчи хотинидан туғилган катта ўғли Муҳсин Гулдоман яқинидаги чангалзордан кичикроқ бошпана топди. Ҳирот шоссесидан қоялар томонга қараб баланд ўтлар ва гуллар оралаб кетган илонизи сўқмоқ бўлиб, у тўғри баланд тепаликларга олиб борарди. Бу ерда теракларнинг тинимсиз шовуллаши қулоққа чалинар, қизғалдоқлар оловдек ловуллар, чап томонда, пастликда қишлоқдаги шамол тегирмонларининг қанотлари кўзга ташланар, ўнгда эса Ҳиротнинг бутун манзараси кафтдек намоён эди.
Жалил шахсан ўша жойни бориб кўрди. Қайтиб келганида эса унинг гап оҳанги ўзи тушган ҳибсхона шароитидан мамнун тутқунникига ўхшарди…
– Ҳа, отанг бизга ана шу каламуш уяни лойиқ кўрди!
Нанани 15 ёшида бир шиндонлик тўтифурушга бермоқчи бўлишган экан. Гарчи Нана қизига бу ҳақда бефарқ оҳангда ҳикоя қилса-да, аммо кўзлари фараҳдан қувнаб кетарди. Ҳа, унинг ҳаётида ҳам бир қанча қувончли кунлар бўлган, аммо яшин тезлигида ўтиб кетганди.
Онасининг тиззасида ўтирган Марям уни тўй либосида тасаввур этишга уринарди. Мана, у от устида кетиб бораяпти, юзларидаги табассумни ҳарир парда тўсиб турибди, бармоқларига ҳино қўйилган, сочларига кумушранг упа сепилган, қизнинг қулоқларига шу аснода карнай-сурнай, ноғора садолари, от изидан чопаётган ҳайқириқ эшитилгандек бўларди.
Хуллас, Нанани эндигина эрга бермоқчи бўлишганида, яна «елкасига шайтон миниб олган» экан. Ҳарқалай, Марям шундай деб эшитганди. Бунақа пайтда онаси ғужанак бўлганча, ерда думалаб қолар, кўзлари олайиб, оёқ-қўллари қалтирар, оғзидан баъзан оқ, баъзан қизғиш кўпик оқа бошларди. Кейин эса ҳушига келганида Нана ҳеч нарсани эслолмас, гаплари ҳам узуқ-юлуқ чиқарди. Бундай касали борлиги ҳақида эшитган шиндонлик тўтифуруш ва унинг яқинлари тўйни тўхтатишган экан.
– Ўшанда куёв томоннинг роса юраги ёрилган, – дея бу ҳақдаги ҳикоясини тугатарди Нана.
Чакалакзорнинг бир четида Жалил икки ўғли Фарҳод ва Муҳсин билан кичикроқ, лойсувоқ кулба тиклаб беришган. Бир деразали бу кулбада Марям умрининг дастлабки ўн беш йилини ўтказган эди. Иккита каравот, стол ва иккита тик суянчиқли стул, Нана сопол хумчалари ва онасидан қолган хитойи чинниларни сақлайдиган токча – кулбанинг бутун жиҳозоти шулардангина иборат эди. Жалил кулбанинг ичида янги чўян печка қуриб берган, қишки ўтинларни ҳам ғамлаб кетган, ўтин ғарами шундоқ кўзга ташланиб турарди. Уйнинг ёнида тандир, товуқхона ва эчки қўраси ҳам қўққайиб турарди. Мажнунтоллардан юз қадамча нарида Фарҳод ва Муҳсин ҳожатхона қазиб беришганди.
Нананинг айтишича, Жалил уларга уй тиклаб бериш учун усталар ҳам чақирмоқчи бўлган, аммо негадир бундай қилмаган экан.
– Шунақа қилсам, айбим енгиллашади, деб ўйлаганмикан?
Нананинг ишонч билан таъкидлашича, у туққанида ёнида ҳеч ким бўлмаган. 1959 йил, Зоҳиршоҳнинг деярли осойишта кечган қирқ йиллик ҳукмронлигининг 26-йили эди. Баҳорнинг тунд, булутли бир куни. Жалил ўшанда шифокор тугул доя кампир чақиртиришни ҳам хаёлига келтирмабди. Ҳолбуки, шайтон туғуруқ пайтида ҳам Нананинг елкасига миниб олиши мумкин эди. Унинг бир ўзи терга ботганча, қўлида пичоқ билан пол устида чалқанча ётарди.
– Оғриқ жонимдан ўтиб кетгани учун ёстиқнинг учини тишлаб, овозим бўғилиб қолгунча бақирдим. Юзимни артадиган, сув тутадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Сен эса Марямжо, қимир этмасдинг. Икки кун мана шу совуқ пол устида емай-ичмай ётиб, минг бир азобда тўлғаниб, эсон-омон туғилишингни Худодан сўраб ётганман.
– Кечиринг, ойижон!
– Киндигингни кесиш учун пичоқ олиб ётганман.
– Кечиринг!
Нана унга жавобан заифгина жилмайиб қўйди. Бу табассумдан онаси қизини ростдан ҳам кечирганми ёки туғуруқ жараёнидаги азоблар учун ҳануз қизидан аламзадами, билиб бўлмасди.
Марям ўн ёшдан ошгач, Нананинг бу ҳақдаги чўпчакларига ишонмай қўйди. Жалилнинг сўзлари нисбатан ишончлироқ туюла бошлади. Унинг айтишича, ўша пайтларда Жалил сафарда бўлган, аммо сал аввалроқ, Нанани Ҳиротдаги кенг ва ёруғ госпиталга ётқизган. Марям шинам палатада, шифокор назорати остида туғилган экан. Марям ҳалиги пичоқ ҳақида гап очганида Жалил қизига қараб, аянчли бош чайқаганди.
Марямга онасининг икки кун туғолмай қийналгани ҳам шубҳали туюлганди.
– Дўхтирлар менга чақалоқ бир соатда туғилди дейишган, – елка қисганди Жалил. – Марям, сен жуда ақлли, беозор қизсан. Ҳатто туғилган пайтингда ҳам онангга озор берганингга ишонмайман.
– Отанг қорасини ҳам кўрсатмаганди-ку, – тутақиб кетганди онаси. – Ўшанда у ўзининг улфатлари билан Тахти Сафарда от чоптириб, ўйнаб юрган экан, ер юткур!
Нананинг айтишича, Жалилга яна битта қиз кўргани ҳақида маълум қилишганида, у отнинг ёлларини тараркан, елка қисиб қўя қолган.
– У сени биринчи марта қўлига олганида, бир ойлик бўлиб қолгандинг. Сенга бир қараб, «намунча юзи чўзинчоқ бўлмаса», деб лаб бурган ва қўлимга қайтариб берганди.
Бу гапларга Марям ишонди. Жалил ўша пайтда Тахти Сафарда от чоптириб юрганини тан олди. Аммо отасининг талқинига кўра, у қиз кўрганини эшитиб, хаёлчан елка қисмаган, балки эгарга сакраб миниб, Ҳирот томонга от чоптирган. Болани қўлига олиб, эркалаган, юзчаларини силаган, ҳатто унга алла ҳам айтган. Гарчи Марям юзи узунчоқ эканини ўзи ҳам билса-да, отасининг бундай таънали гапларни айтганини тасаввурига сиғдиролмасди.
Нананинг айтишича, у қизига ўз бувисининг исмини берган. Жалил эса бу исмни ўзи атай қўйганини таъкидларди. Марям энг чиройли гул – табаргул деган маънони англатаркан.
– Сиз бу гулни ёқтирасизми? – сўраганди Марям отасидан.
– Жудаям, – деганди Жалил кулиб.
УЧИНЧИ БОБ
Темир ғилдиракларнинг тошларга урилиб чиқарган садоси Марямнинг энг биринчи хотираларидан. Марямнинг ота бир, она бошқа акалари Муҳсин билан Ромин (гоҳида Фарҳод) ойида бир аравачада уларга гуруч, ун, чой, шакар, ёғ, совун, тиш пастаси келтириб туришарди. Улар аравачани илонизи, шағал ва тошлар тўшалган, ўт-алаф ва буталар босган йўлакдан шалдиратиб, дарё қирғоғига олиб боришар, бу ерда аввалдан тайёр турган қоп ва қутилар ёрдамида юкларни нариги қирғоққа олиб ўтишар, кейин уларни яна аравага юклашга тўғри келарди. Баланд бутазор ва ўтлар орасидаги кулбага етгунча оёқ остидан саноқсиз қурбақалар сакраб чиқар, чивинлар аямай талар, йигитлар жиққа терга ботиб кетишарди.
– Ахир уларнинг хизматкорлари бор-ку! – ҳайратланарди Марям. – Нега ўшаларни жўнатишмайди?
– Отанг шу тариқа ўз айбини ювмоқчи-да, – изоҳларди Нана.
Ғилдирак овози келиши билан она-бола кулбаларидан чиқишарди. Нана уларни қандай кутиб олишини Марям бир умр эсидан чиқармайди. Озғин, оёқяланг онаси калта қирқтирилган сочларини елкасига ташлаб, қўлларини кўксида қовуштирганча мағрур қиёфада ўгай ўғилларини қарши оларди. Унинг эгнидаги қопга ўхшаган узун камзулининг чўнтаклари тошга тўлғазилган бўларди.
Ака-укалар дарё бўйида турганча, Марям ва Нананинг озиқ-овқатларни қандай ташиб киришларини томоша қилишарди. Ўспиринлар ўттиз қадамдан ортиқ яқинлашиб бўлмаслигини билишарди. Нана отган тошлар тегишига сал-сал қолар, улар бир амаллаб бу тошбўронга чап бериб қолишарди. Нана қопларни кулбасига олиб кираркан, Жалил, унинг бошқа хотинларию болаларига бисотидаги бор қарғишларни ёғдиришдан чарчамасди. Марям бунақа қарғишларнинг кўпи қандай маъно касб этишини билмас, йигитчалар ҳам бир оғиз чурқ этишмасди.
Қизча акаларига жуда ачинарди. Ахир улар аравани шу ергача судраб келгунча қанча қийналишди экан? Лоақал, уларга сув берса бўларди. Онаси рухсат бермайди-да! Ақалли одамга ўхшаб хайрлашиш тугул, қўл силкиб ҳам қўймайди.
Марям онасига ёқиши учун унинг ёнида туриб, Муҳсинни мазаммат қилар, «ҳе калтакесакникига ўхшаган қийшиқ оғзингга тупроқ тўлсин», дея чийилларди. Кейин эса «акаларим бу гапларни отамга етказмасмикин?» дея уят, қўрқув ва виждон азобида ўртанарди. Нана эса қарғайвериб хуморидан чиқар, қаҳ-қаҳ уриб кула бошларди. Бундан Марям бир оз хавотирга ҳам тушарди. Аммо Нана қизининг бошини силаб, «ўзимнинг ақлли қизим», деб эркалаб қўярди.
Ака-укалар аравачани бўшатиб ортга қайтишарди. Марям уларнинг ортидан то қалин ўтлар орасида йўқолиб кетишгунча кўзини узмай турарди.
– Келаяпсанми?
– Ҳа, Нана!
– Улар пичирлашиб сени аҳмоқ қилишди, эшитдингми? Мен ўз қулоғим билан эшитдим...
Эрталаб она-болани қўй-қўзиларнинг маъраши ва подани серўт адир томон ҳайдаб бораётган чўпонларнинг най садоси уйғотарди. Нана ва Марям эчкиларни соғиб, товуқларга дон беришар, тухумларни териб олишарди. Нонни биргаликда ёпишарди. Нана қизига хамир қориш, тандирга ўт қалаш ва нон ёпишни ўргатганди. Шунингдек, Нана қизига тикиш-бичиш, гуруч қайнатиш, нон юзини безаш учун турли зираворлар тайёрлашни ҳам ўргатган.
Нана фақатгина Жалилнинг ўғилларинигина эмас (уларни-ку кўргани кўзи йўқ эди), умуман, уйига меҳмон келишини ёқтирмасди. Уларнинг кулбасига фақат айрим кишиларгина келиб туришарди. Улар орасида қишлоқ оқсоқоли, қорни катта, калласи кичкина Ҳабибхон ҳам бор эди. Уям бўлса, ойда бир марта, хизматкори билан келар, улар келтирган сават ичида пиширилган жўжа, бир идишда мошкичири, Марямга аталган рангли тухумлар бўларди.
Уларникига Нананинг ота таниши – марҳум сангтарошнинг беваси ҳам келиб турар, ёши ўтган, дум-думалоқ бу хотинни Нана Бибижо деб чақирарди. Унинг олтита неварасидан лоақал бир-иккитаси соядек эргашиб келарди. У хонага кириши билан Нана таклиф қилган стулга ҳансираб ўтирар, у ҳам албатта Марям учун конфетми, бирор ширинликми, олиб келган бўларди. Бибижо кириши билан энг аввал соғлигидан, оёқ оғриғидан шикоят қилишни бошлар, кейин Ҳиротдаги ва қишлоқдаги миш–мишларга навбат келарди.
Бироқ Марям ҳаммадан ҳам (албатта, Жалилдан ташқари) кекса қишлоқ мулласи Фатҳулла Охуннинг келишини интизорлик билан кутарди. Мулла Гулдомандан ҳафтасига икки марта келиб, қизалоқнинг суралар ва диний калималарни қандай ёдлаётганини текширарди. Бир пайтлар у Нананинг ҳам болалигида диний сабоқлар берганди. Мулла Фатҳулла қизчанинг нозик бармоқчаларидан тутиб, унга ҳуснихат билан араб ҳарфларининг ёзилишини ўргатган эди…
Мулла қотмадан келган, оқ соқоли кўксига тушган, тишлари тўкилиб кетган, хушмуомала чол эди. У, одатда, Марямдан икки ёш катта, малласоч ўғли Ҳамзани етаклаб келарди. Мулла Фатҳулла остонада кўриниши билан Марям унинг қоқсуяк қўлларини тавоф қилар, чол эса, қизчанинг пешонасидан ўпиб қўярди. Кейин улар кулба ёнида ўтирганча, кўк чой ичиб, ерёнғоқ ейишар, шохдан-шохга қўнаётган ҳаккаларни томоша қилишарди.
Баъзида улар анҳор бўйидаги хазон пойандозлар узра, тоғ чўққилари этагидаги дарахтзорларни кезишар, чол унга кексаларга хос титроқ овозда болаликдаги саргузаштлари, хусусан, Исфаҳоннинг ўттиз уч арк кўпригида унга дуч келган икки бошли аждаҳо, Мовий масжид олдида иккига бўлиниб кетган, икки палласи «Аллоҳу акбар» деб ёзилган тарвузлар ҳақида мароқ билан ҳикоя қилиб берарди.
Мулла нафақат ҳикоя қилишни, балки эшитишни ҳам биларди. У Марям гапираётганида диққат билан эшитар, худди қизчанинг тавозесини қабул қилгандек кулимсираб, бош ирғарди. Марям юрак ютиб онасига айтолмайдиган гапларни ҳам бемалол Мулла Фатҳуллага айта оларди.
...Бир куни у сайр пайтида мактабга боришни жуда-жуда хоҳлаётганини айтиб қолди.
– Мен отамнинг бошқа болалаларига ўхшаб, ҳақиқий мактабга боришни, синфда, парталарга ўтириб дарс тинглашни истайман.
Бир ҳафта илгари Бибижо турфа мишмиш ва ғийбатлар билан бирга Жалилнинг қизлари Саида ва Ноҳиднинг Ҳиротдаги «Меҳри» деб номланган қизлар мактабига ўқишга бораётганини айтганди. Ўшандан бери ўқитувчи ва мактаб ҳақидаги хаёллар Марямнинг миясидан кетмай қолди. Усти муқовали катак дафтарлар, чиройли ёзадиган шарикли ручкалар кўз ўнгидан кетмай қолганди.
– Ростдан ҳам мактабга боришни хоҳлайсанми? – Мулла Фатҳулла қизалоқнинг ёш ҳалқаланган кўзларига тикилганча қотиб қолди: унинг бошидаги каттакон салла майсалар устига ўз кўланкасини ташлаб турарди.
– Ҳа!
– Онангдан розилик олиб беришимни истайсанми?
Марям кулимсиради. Унингча, фақат отаси Жалил уни худди мана шу оқкўнгил чолдек тушуна оларди.
– Нимаям дердим. Ҳар банданинг бир ожиз тарафи бўлади. Менинг ожизлигим шундаки, сенинг ҳеч бир хоҳишингга қарши чиқолмайман, қизим! – мулла бўйнидаги терини оҳиста артди.
Нана ошхонада пиёз тўғраётганди. Мулла унга қизининг истагини етказганида, қўлида пичоқ ерга тушиб кетди.
– Нима кераги бор?
– Қизим, агар болалар ўқишни исташса, уларга қарши бормаслик керак. Майли, ўқисин, савод чиқарсин!
– Ўқисин? Нималар деяпсиз, охун соҳиб? – Нана унинг гапини шарт кесиб, қизига қараб қовоқ солди. Марям индамай ерга қаради. – Бунга ўхшаганларга ўқишни ким қўйибди? Ўқиб гўр бўлармиди? Вей, менга қара? Ҳали мактабда ўқигинг кеп қолдими?
– Унақа дема, қизим? – оғир хўрсинди Фатҳулла ота.
– Менга қара дедим! – Марям қўрқа-писа онасига қаради. – Сабр қил, тушундингми?
– Нимага сабр қилишим керак, ойи?
– Сен билан менинг қисматимиз азалдан аён. Мактабга бораман деяпсан. У ерда сени тенгдошларинг «ҳароми» деб чақиришларини истайсанми? Сен ҳақингда ҳар хил бўлмағур гапларни айтиб, хафа қилишади. Сен шуни истайсанми? Мен эса, истамайман!
Марям жимгина бош ирғади.
– Яна бу ҳақда оғиз очганингни эшитмай.
– Қизим, аввал яхшилаб ўйлаб кўр, ахир...
– Охун соҳиб, илтимос, – шартта унинг гапини бўлди Нана. – Бунинг ҳамма гапларигаям қулоқ солаверманг. Унинг жойи шу ерда, онасининг ёнида. Бошқа ҳеч қаерга бормайди. Ҳамма жойда уни турткилашади, озор беришади. Биламан-ку, охун соҳиб!
ТЎРТИНЧИ БОБ
Марям меҳмонлар келишини ёқтирарди. Қишлоқ оқсоқоли, ғийбатчи кампир Бибижо, мулла Фатҳулла... Аммо, Марям ҳаммадан кўра Жалилнинг келишини кўзи тўрт бўлиб кутарди.
Безовталик сешанба оқшомидан бошлаб уни қамраб оларди. Ишқилиб, жалилнинг бирор муҳим иши чиқиб қолмасин-да! Акс ҳолда уни янаги ҳафтанинг пайшанбасигача кутиши керак бўлади. Чоршанба куни Марям уйга сиғмас, ўтлоқларни қадамлаб ўлчар, товуқларга паришонлик билан дон сочар, гулларнинг япроқларини юлиб, чивинларни ҳайдар, пайшанба куни эса, ҳаммасини йиғиштириб, анҳор лабида ўтирганча отасининг йўлига кўз тикарди. Агар Жалил кечикаверса, унинг баданига титроқ кириб, тиззалари мажолсизланиб қолар, қаёқларгадир қочиб кетгиси келар, аммо бунинг уддасидан чиқолмасди.
Дафъатан онасининг овози эшитиларди.
– Мана, дадажонинг, олифталаниб келишини қара!
Марямга илкис жон киргандек бўларди. Отасини узоқдан кўриши билан ўрнидан сапчиб турарди. Отаси анҳорнинг нариги қирғоғига етиб келгач, у тарафга қараб қўл силкитар ва майин жилмаярди. Бу пайтда Марям онасининг ундан кўз узмай турганини сезар, шу боис, отасининг истиқболига ошиқишга журъат этолмас, Жалилнинг ўзи у томонга келишини кутишдан бошқа иложи қолмас, аммо назарида отаси жуда секин юриб келаётганга ўхшарди.
Жалил ўтлоққа оёқ қўйиши билан камзулини тандир устига ташлар ва қучоғини кенг очарди. Қизча отаси тарафга бир-икки қадам босиши билан оёқлари ердан узиларди. Отаси уни ҳавога отиб, ўйнатар, ҳамма ёқни Марямнинг шодон қийқириғи тутиб кетарди.
Отасининг кучли қўллари уни самога ирғитаркан, қизча баландда туриб, Жалилнинг ёрқин табассуми, ўртасидан иккига бўлинган чиройли иягини, бу шаҳарда камдан-кам одамда учрайдиган оппоқ, ёрқин тишларини аниқ кўра оларди. Марям унинг қирқилган мўйлови, тўқ жигарранг камзулини жонидан ортиқ кўрар, ҳар қандай об-ҳавода отаси ана шу костюмда келар, унинг чўнтагидан оппоқ рўмолчанинг бир учи кўриниб турарди. Отасининг тиниқ қорачиқларида Марям ўзининг ва кенг само аксини ҳам кўра оларди.
«Бир куним шу отанг сени ерга туширворса, ўласан, оёқ-қўлинг синиб», дея тўнғилларди Нана. Аммо, Марям бунга ҳеч қачон ишонмасди. Унинг учун отасининг қучоғидек хавфсиз ва ёқимли жой йўқ эди. Нана кулбанинг ёнгинасида Жалил учун жой ҳозирлаб, чой дамлар, улар сирли кулимсираб, бир-бирлари билан саломлашишарди. Жалил бирор марта ҳам ўғилларини тошбўрон қилиб, орқасидан қарғаб қолганини Нананинг юзига солмасди. Нана ҳам Жалилни орқасидан гўрдан олиб гўрга солса-да, олдида бирор оғиз қўпол гапирмас, бу пайтда унинг сочлари ювиб-таралган, тишлари чайилган, бошига энг чиройли рўмоли танғилган бўлар, қўлларини тиззалари устига қўйганча одоб сақлаб ўтирарди. Бирор марта бўлсин, Жалилнинг юзига тик қарамас, кулганда ҳам чирик тишлари кўзга ташланмаслиги учун кафти билан оғзини тўсиб оларди.
Нана ундан ишлар қандай кетаётгани, хотинлари ва болаларининг саломатлигини сўрарди. Бибижо кампирнинг айтишича, Жалилнинг кенжа хотини Наргис учинчи боласига оғироёқ экан.
Нана билан чой ичиб бўлишгач, Жалил Марямни олиб, балиқ овига жўнарди. Отаси унга қармоқни қандай ташлаш, балиқни қандай тозалашни қунт билан ўргатганди. То пўкак қимирлагунча, Жалил қаламни узмасдан туриб, қандай қилиб фил суратини чизишни кўрсатиб берар, турли шеър ва қўшиқларни ёдлатарди.
Гоҳида ўзи билан олиб келган, Ҳиротда чоп этиладиган «Иттифоқи ислом» газетасидан қирқиб олинган қизиқарли мақолаларни ўқиб берарди. Шунда Марям ўзи яшаётган Гулдоман қишлоғи ва Ҳирот шаҳридан ташқарида ҳам бепоён олам борлиги, унда турли-туман ҳодисалар содир бўлиши, поездлар мағрибу машриққа елишини отаси олиб келган газета қирқимлари орқали тасаввур эта оларди.
1973 йилда, Марям 13 ёшга тўлганида катта давлат тўнтариши юз бергани, Кобулда қирқ йил ҳукуматни бошқарган Зоҳиршоҳ тахтдан ағдарилганини ҳам Марям отасидан эшитганди.
– Шоҳ Италияда даволанаётганида, ҳокимият унинг амакиваччаси Довудхоннинг қўлига ўтди. Биласанми у ким? Сен туғилганингда, у Кобулда бош вазир этиб тайинланганди. Энди Афғонистонда монархия йўқотилди. Энди мамлакатимиз республика, давлат раҳбаримиз президент деб аталади.
Отаси унга сиёсатдан дарс ўтаётганида Марямнинг икки кўзи отасининг дўппайиб турган чўнтагида бўларди. Отаси эса, шу заҳоти камзулининг чўнтагидан кичкина қутича чиқариб, Марямга тутқазарди. Вақти-вақти билан отаси унга ана шундай совғалар келтириб турарди. Юраксимон билагузук, ложувард мунчоқлар... Бир гал у Марямга ҳар бирида ҳилол ва юлдуз тасвири туширилган тангачалар билан безатилган зебигардон совға қилди.
– Буни тақиб кўр-чи, Марямжо! Баракалла! Қара, нақ маликанинг ўзгинаси бўлдинг!
Отаси кетгач, Марям қизининг бўйнидаги зебигардонни пайқаб қолди:
– Кўчманчилар лўлиларнинг тақинчоғи-ку! Бунақа матоҳни улар одамлардан йиғилган чақаларни эритиб ясашади. Қани, дадажонинг қўлидан келса, тилла тақинчоқ совға қилсин-чи? Қаёқда? Отангда бунақа мардликдан асар ҳам йўқ.
Жалил кетгач, Марям то дарахтлар орасидан отасининг қораси кўринмай кетгунча кўз узмай тикилиб турар, отаси билан яна бирга бўлиши учун яна бир ҳафтани қандай ўтказишни ўйлаб, юраги сиқиларди.
Марям кечалари отасининг ҳашаматли уйи, у ердаги шарт-шароитлар ҳақида, отаси билан Ҳирот кўчалари ва Чорсу бозорини кезиш, остида машҳур шоир дафн этилган дарахтни зиёрат қилиш ҳақида ўйларди. «Дадамга мениям Ҳиротга олиб кетинг, сизни жудаям соғинаман, деб айтаман. У мени албатта тушунади ва ўзи билан опкетади. Мен Ҳиротда, отамнинг уйида, ака ва опаларим қуршовида яшайман» деб ўйларди у.
БЕШИНЧИ БОБ
1974 йилнинг баҳорида Марям ўн беш ёшга тўлди.
– Туғилган кунимга нима совға хоҳлашимни айтайми? – деди Марям йиғма стулда рўпарасида ўтирган отасига.
— Айт қани? – деди Жалил унга меҳр билан термилиб.
Икки ҳафта илгари Жалил Марямга ўзининг кинотеатрида американча кино кетаётганини айтганди. Уни мултфилм деб аташаркан. Унда кўп-кўп суратлар тезликда ўтказилар, томошабин назарида худди расмларга жон кириб ҳаракатланаётганга ўхшаркан. Кинода фарзанди йўқ кекса қўғирчоқбознинг ҳаёти ҳикоя қилинаркан. Бечора қариган чоғида ўзига ёғочдан бола ясаб олишга қарор қилибди. Марям бу кинога жуда қизиқиб қолди ва отасидан батафсил ҳикоя қилиб беришни сўради. Маълум бўлишича, қулоқсиз ёғоч бола охирида отаси истагандек мўмингина, қобилгина болага айланиб, кино яхшилик билан тугаркан. Марям турли саргузаштларни бошидан кечирган бу ёғоч бола воқеасини ҳатто мулла Фатҳуллага ҳам айтиб берди.
– Дада, мени кинотеатрингизга олиб боринг, ўша ёғоч бола ҳақидаги кинони ўз кўзим билан кўргим келяпти, – деди бир куни у отасига.
Худди шу гапни айтиши билан ота-онасининг кайфияти бирданига тушиб кетди. Улар бир-бирига маъноли қараб, безовталик билан стулларини ғичирлатишди.
– Бекорни бештасини айтибсан, – деди Нана совуқ оҳангда, қизига еб қўйгудек ўқрайиб. Жалил ҳам йўталиб қўйди.
– Биласанми, Марямжо, филм тасмаси анча эскириб қолган, тасвирлар ҳам рангсиз, хира, бунинг устига овози яхши чиқмайди. Яхшиси, сенга бошқа нарса совға қила қоламан.
– Ана кўрдингми, – деди Нана. – Отанг тўғри айтяпти, нима қиласан, бунақа нарсаларни?
– Илтимос, мени кинога оборинг, – ялинди Марям отаси билан анҳор қирғоғига етишганда.
– Бўпти, – деди Жалил. – Мен яқинда бирортасини жўнатаман. У сени кинога олиб киради. Энг яхши жойда ўтириб, конфет шимиб кино томоша қиласан.
– Йўқ, мен сиз билан кираман.
– Марямжо!
– Акаларим ва сингилларимни ҳам олиб борасиз, уларни ёнида ўтириб кино кўргим келяпти.
Жалил маъносиз нигоҳини тоғлар тарафга қаратди.
Отасининг айтишича, одамнинг юзи экранда худди уйдек катталикда кўринаркан. Машиналар тўқнашган ҳамма ёқ гурсиллаб кетаркан. Агар Жалил билан балконда ўтириб, музқаймоқ еса, роса зўр бўларди-да!
– Дада. Майлими? – ўтинди Марям.
Жалилнинг кўзларида қайғу аксланди.
– Эртага тушдан кейин ўша жойда учрашамиз унда, бўптими, дада?
– Бўпти! – Жалил қизчасини бағрига узоқ босиб турди.
Нана кулба атрофида қўлини мушт қилиб тукканича айланиб юрарди.
— Нега Худо менга сендек ношукур фарзандни инъом этдийкин? Сен учун мен ҳамма нарсага кўксимни қалқон қилсаму, сендан кўрадиганим шу бўлдими? Сен ифлос ҳароми ҳали мени ташлаб кетмоқчимисан? – кейин эса, очиқ-ошкор истеҳзога ўтди. – Аҳмоқсан-да, аҳмоқ! Отам мени яхши кўради, деб ўйлайсанми? Унинг уйидагиларнинг сенга кўзи учиб тургани йўқ. У сени бошқа фарзандлари қатори кўрмайди, билиб қўй.
Охирида она қизини инсофга чақира бошлади.
— Агар сен кетиб қолсанг, мен ўламан, эшитяпсанми? Мени елкамга яна шайтон миниб олади. Тилим бўғзимга тиқилиб, бўғилиб ўламан, тушундингми? Кетма, Марямжо!
Марям жим эди.
– Мен сени жонимдан ортиқ яхши кўраман, қизим. Сенсиз менга ҳаёт йўқ.
— Бир айланиб келардим-да? – деди қизча ялинчоқ оҳангда. У онасини ранжитишни истамасди. Чиндан ҳам елкасига шайтон миниб олишидан қаттиқ қўрқарди. Жалилнинг айтишича, бу бир касаллик экан, агар вақтида дориларни ичиб турса, анча енгил тортаркан.
Марямнинг назарида онаси уни ёмон кўрадигандек, қизининг бахтли бўлишини истамайдигандек эди. Аммо, бу ҳақда оғиз очишга юраги дов бермасди.
Ўтлоқнинг ўртасида Марям ёқтирган бир жой бор эди. Бу ердан туриб бутун Ҳирот ва унинг обидаларини, Чорсу майдони, Аёллар боғи ва Искандар Мақдуний қалъаси харобаларини бемалол кўриш мумкин эди. Миноралар худди паҳлавонларнинг бармоғидек осмонга ниқталиб турарди. Шаҳар кўчаларида қайнаётган одамлар ва уларнинг устида чарх ураётган қалдирғочлар ҳам унга яққол кўриниб турар, Марям уларга ҳавас-ла боқарди.
Марям кўпинча ўн бир дона тошдан турли устунчалар ясарди. Биринчи устундаги тўртта тош Хадичанинг болаларини билдирар, учтадан тош тахланган икки устун Афсун ва Наргиснинг болалари эди. Охирида биттагина тош бир ўзи қоларди.
Эртаси куни Марям оч-сариқ тусли, тиззадан келадиган кўйлагини, янги чит лозимини кийиб, бошига яшил рўмолини танғиди. Қиз маҳаллий усталар ясаган, кўкиш милли эски соатига қаради. Уни мулла Фатҳулла совға қилганди. Соат эрталабки тўққизни кўрсатиб турарди. Қизиқ, Нана нега кўринмайди? Уни қидириб келсамикин? Онасининг масхараомуз қарашлари, таҳқиру таъналарини эслаб, қўл силтади. Марям курсига ўтириб, вақтни қисқартириш учун Жалил ўргатгандек қаламни узмай фил тасвирини чиза бошлади.
Соат миллари 11.30ни кўрсатганида, чўнтагига ўн битта кичикроқ тошчани солиб уйдан чиқди ва анҳор тарафга йўл олди.
Марям белгиланган жойда ўтириб, отасини кута бошлади. Атрофда қора қарғалар қағиллаганча учиб юришарди. Қирғоқдаги қушқўнмас ўти поясидан жирканч шиллиққурт ўрмалаб борарди. Марям оёқлари толгунча кутиб ўтирди.
Йўқ, уйга қайтмайди.
Қиз лозимининг почасини тиззасигача қатлаб, анҳорни кечиб ўта бошлади. У умрида биринчи марта Ҳиротга отланганди.
Ҳирот ҳақида ҳам Нана уни алдаган экан. Ҳеч ким уни қўлини бигиз қилиб кўрсатмади. Ҳеч ким унинг устидан кулгани ҳам йўқ. Марям сарв дарахтларига бурканган хиёбоннинг гавжум йўлагидан кетиб борарди. Ҳеч ким унга эътибор ҳам бермади. Унинг ортидан биров «ҳароми» деб бақирганини ҳам эшитмади.
Марям кўзларига ишонмасди. Юраги қувончдан ҳаприқарди. Ёнида мулла Фатҳулла бўлганида янаям яхши бўларди. Унинг жасурлигига офарин айтган бўлармиди? Ахир у қўрқмасдан шундай катта шаҳарда юрибди-я? Энди у отаси, туғишган ака-укалари, опа-сингиллари бағрида бўлади. Энди у ҳеч нарсадан қисиниб-қимтинмай, зориқмай яшайди.
У хиёбонни кечиб ўтиб, катта йўл бўйига чиқди. Йўл четида юзлари офтобда қорайган аёллар, болалар турли меваларни сотиб ўтиришар, тўхтаган машинанинг атрофини ўраб олишарди. Марям бир четда туриб қолди. Қизиқ, атрофда шунча мўъжизалар бўла туриб, одамлар нега бунчалар лоқайд, бефарқ бўлишмаса?
У бутун журъатини тўплаб, беқ
...