Baqirmaydigan onalar
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Baqirmaydigan onalar


Қалбимни жунбишга келтирган

Энес ва Эйменга...

 

Орадан йиллар ўтиб ҳеч ким уйимизнинг бетартиб бўлгани, ёйилиб ётгани ҳақида гапирмайди, бироқ биз бугун тарбия қилаётган, қалбларига меҳр уруғини қадаётган болажонларимиз умр бўйи хотирланадиган, хайрли ишларни амалга оширадилар.

 

Болани бақирмасдан, жаҳл қилмасдан, урмасдан тарбиялаш педагогика бугун кашф қилган услуб эмас. Бу Пайғамбаримиз (с.а.в.) томонидан бундан 1400 йил олдин кўрсатиб берилган ота-оналик шаклидир. Бизга эса бу таълим «дин» тушунчасига фақатгина ибодатлар (намоз, рўза, закот) сифатида қарамасдан, ҳаётимизни қамраб олган ролларимизда ушбу вазиятда «Пайғамбаримиз қандай йўл тутган бўларди?» деган саволни бериш орқали ўтади, чунки бу сўроқ ортида «Аллоҳ қандай қилишимни истаган бўларди?» деган истиҳола ётади...

Фарзанд онаси томонидан хўрланган, камситилган, калтак­ланган, эзилган бўлса, бу бола онгига келгусида «сени куч билан эзадиган ҳаммага бўйин эг» деган фикрни сингдириши билан хатарлидир.

Сўзбоши ўрнида

 

МИННАТДОРЛИК МАКТУБИ

Бу китобни ёзар эканман, беғубор болалигимга қайтиб, гоҳ қўғирчоқ ўйнаб ўтирган бегард қизалоқнинг сочларини силадим, гоҳ арғимчоқ учаётган қизларнинг ёнига бориб ўзига хос суҳбатларига гувоҳ бўлдим, хуллас, ҳаммаси ажойиб. Баъзан оналигим томон йўл солиб, ўғилларимни бағримга босдим, юзини, кўзини силадим, елкасини cийпаладим. Ўттиз йиллик ҳаётимнинг ҳар онига алоқадор бўлиб, ичимда баъзан бақирган, баъзан йиғлаган, баъзида жилмайган, баъзан қайсидир бурчакларга яширинган оналигимнинг бугунги тажрибалари ҳақида ёздим.

Ёзганим сайин ўзимни ўқидим...

Ўқиганим сайин ўзимдан тошдим ва буни сиз азиз ва азизаларга ҳам улашгим келди.

Бақиришдан холи оналикнинг бир утопия, ширин бир орзу эмаслигини, уни ҳар бир оддий аёл ҳам юксак натижалар билан бажара олишини ҳаммага ҳайқириб, тўлиб-тошиб айтишни истадим. Келинг, хафагарчиликларимиз ҳақида, нима учун жаҳлимиз чиқиши тўғрисида, баъзан асабларимиз қуюшқондан чиқиб кетиши хусусида дардлашамиз. Ва биргаликда сукунатга тўла оналикнинг ҳали юрилмаган йўлларини кашф қиламиз. Мен ана шуларни ният қилдим. Бу ҳақда келишиб олишимиз эса ўтириб бафуржа суҳбат қилишимизга боғлиқ.

Менинг оналигимга шивирлаган ҳақиқатлар, балки сизнинг ҳам оналик йўлингизда йўлдош бўлиб, яраларингизга зора малҳам бўлса ажаб эмас. Балки бу ўгит ва маслаҳатларим йиқилган жойингизда қўлингиздан тутиб, ўрнингиздан туришингизга ёрдам берса. Ана шундай хайрли ниятлар билан ижтимоий тармоқлар орқали «атолья» дастурида «Бақирмайдиган оналик» сирларини қалбимдан китобга кўчирдим.

Ва сиз азизаларга омонат қолдирмоқдаман. Омонатлиги шундаки, бу арзимас фикрларимни, албатта, ўқийсиз ва унга бироз бўлса-да, амал қиласиз. Ўқиш давомида ҳамиша бақироқ она бўлмаслик бир жонсиз «бекат» учун айтилган оддий гаплар эмаслигини, бу менинг оналигимга ҳамроҳ бўлаётган йўловчи – шерикларимга айтилаётган ибратли ҳикоялар эканлигини тушуниб етасиз. Ушбу китобда ҳаётим давомида йўлларимда шерик бўлаётганлар ҳикояларимнинг қаҳрамонлари бўлдилар, албатта.

Аввало, отам ва онам... Бир умрлик дарду ҳасратлар, йўқчиликлар ва қийинчиликлар бўлган бўлса-да, ортимда ҳар доим қоядек соғлом турмаганингизда, кўмаклару дуоларингиз, насиҳатларингиз билан йўлдош бўлмаганингизда бу кунларни кўра олишим мумкин эмасди. Борлигингиздан миннатдорман ва сизларга юз минг бора раҳматлар айтаман! Ҳаётимда борлигингиз учун Аллоҳимга ҳар нафасимда шукр дейман.

Суюкли турмуш ўртоғим! Яратган пешанамга ёзган – руҳ эгизим, қадрлим... «Агар бир она «бақирмасликни», яхши она бўлишни ният қилган бўлса, ёнида унга хотиржамлик ва бахт тақдим этаётган ажойиб турмуш ўртоғи борлиги учундир». Бундай дея олишимнинг ягона сабаби, менинг ёзувчилигимни кашф қилган, ёза олишим учун журъат топа олишимда кўмакчи бўлган, ҳаттоки ёзишга илҳомим келган онларда бе­зовта бўлганимни тушуниб, болаларимизни секингина хиёбонга айлантиришга олиб чиқиб кетган ҳаётий ва ҳақиқий дўстим. Агар сизнинг ёрдамингиз бўлмаганда бу сатрларни бита олишим ҳам амримаҳол эди. Борлигингиздан миннатдорман...

Фарзандларим... Кўз қорачиқларим, оналик туйғусини юрагим сувайдосига жойлаганларим – Энесим ва Эйменим... Ҳали жуда кичкинасизлар, шунинг учун ҳам балки бу сатрлар сизлар учун ҳеч қандай маъно англатмас. Дуоим шуки, катта бўлиб, бу китобни ўқиганингизда ёки бирор ерда сизларга мени эслатадиган қўшиқ тинглаганингизда, ё бўлмаса бирор гулнинг ифори онангизни ёдингизга солганида қалбингизда пайдо бўладиган, дилингизни ўртайдиган туйғу ҳузур ва бахт бўлсин. «Она» деганингизда қалбингизда доим гўзал хотиралар жонлансин. Болажонларим, агар сиз бўлмаганингизда бугунгидек инсон бўлишим мумкин эмасди. Борлигингиздан миннатдорман! Бахтимга ҳамиша соғ ва саломат бўлинг...

Умр йўлидаги саёҳатим давомида бекатларда меҳмоним бўлган дўстларим, ҳамкасбларим, нашриётлар ва ноширлар, ижтимоий тармоқлардаги кузатувчиларим ва фикрларимни китоб ҳолида мутолаа қилаётган азиз ва қадрли инсонлар, ҳар бирингиз мен учун ҳаётимнинг бир парчасисизлар. Сизлар бўлмаганингизда ҳаётим нурсиз ва рангсиз бўлар эди. Бу дунёда борлигингиздан миннатдорман...

Меҳрибон Роббим...

Гўзал бўлган жамики нарсалар (маҳлуқоту мавжудотлар)ни яратиб, содир бўлган ёки бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳам эзгу бир ҳикмат пайдо қилган Раҳмони Раҳим. Ҳар семинарда оналарга айтадиган холис бир фикрим бор: «Фарзандлар бизга бир омонатдир ва омонатни Бергувчи омонатига нималар қилганимиз ёки нималар қилишимизни (уларга нисбатан яхши ёки ёмон муносабатимизни) бир кун келиб, албатта, сўрайди. Мукаммал бўлишимиз мумкин эмас, аммо чумоли мисоли оловни сўндира олмасак-да, шу оловни ўчириш учун кам-камдан бўлса ҳам сув ташишга ғайрат қилишимиз, дилбандларимизни омонатчилик онги билан тарбиялашимиз керак».

Бу китоб бир она сифатида аввало менинг, кейин эса ушбу китобни мутолаа қилган, шу билан бир қаторда бақирмайдиган она бўлишга аҳд қилган барча оналарнинг, бизга берилган буюк неъмат – авлодлар ҳаққи билан омонатдор бўла олишнинг гўзал бир нишонасидир.


Шоҳид бўл, Ё Роб...
Шоҳид бўл, Ё Роб...
Шоҳид бўл, Ё Роб...
Шоҳид бўл, Ё Роб...



Энес ва Эйменнинг онаси...
Хадича Кубро Тонгар


Бақирмайдиган она бўлиш дегани, умуман
ғазабланмаслик, ҳар қандай ҳолатда ҳам ваҳима қилмаслик, фарзандларимизга тўсиқ – маълум бир
чегара қўймаслик дегани эмас. Фақат жаҳлимиз чиққанида, яъни «ақл»имизни йўқотганимизда буни инсонга хос йўллар билан ифодалай олишдир.

Болалигингизда онангиз сизга бақирармиди ёки урармиди?

Бир неча йиллар мобайнида давом этиб келаётган «Бақирмайдиган оналар атольяси»да гап зўравонлик, жазо ҳақида кетганида фарзандларига бақириб-чақириб муомала қилган ёки қилаётган оналардан, албатта, сўрайман:

«Кичкиналигингизда, бирор қоидага амал қилмаганингизда, катталарнинг гап-сўзларига қулоқ солмаганингизда; уйга вазифаларни бажармаганингизда ёки опа ва укаларингиз билан уришиб қолганингизда онангиз нима қиларди? Яъни қандай йўл тутарди?»

Семинарлар ўтказаётганимда хонада бир неча сония жимлик ҳукмронлик қиларди, бирпасдан сўнг эса кетма-кет, бир-бирига ўхшаш жавоблар жаранг сочарди:

• бақирарди;

• шиппакни отарди;

• қўпол, ярамас, қобилиятсиз, аҳмоқ, тентак каби ҳақоратли сўзларни эшитардим;

• ўйин ўйнашни ёки телевизор кўришни, умуман, тақиқларди;

• урарди.

Йигирма, ўттиз ва ҳатто қирқ ёшлардаги оналар ҳам бу жумлаларни айтар экан, одатда, кўзлари ёшга тўлар, қовоқлари уйилиб, табассумларининг ўрнини аччиқ сукунат эгалларди.

Мен болалигимда болаларни уриш, ҳақорат қилиш, бақириш ота-оналарга хос қабул қилинган «оддий» ҳаракатлар деб тушунардим. У пайтлардаги оналар ўз фарзандларига нисбатан мана шундай ҳаракатларни амалга оширишганида ҳозирги оналар ҳис қилаётган пушаймонлик, виждон азоби ёки хатони тузатиш каби туйғуларни ҳис қилишмаган. Чунки у пайтларда «Қизини урмаган тиззасига уриб қолади» дейдиганлар замони эди. Улар мана шундай ўрганишганди. Ўша чоғларда бола хато қилганида жазо берилиши керак эди, ҳатто жазо қанчалик қаттиқ бўлса, шунча яхши эди. Масалан, болани уриш дегани ўша болага қарата «Қара, бу ҳаракатларинг шунчалар нотўғрики, шунинг учун ҳам сени уряпман, бошқа бундай қилмаслигинг учун, ҳатто жонингга азоб ҳам беряпман» дегани эди.

Ишнинг энг қизиқ тарафи, ҳозир мана шу сатрларни ёзар эканман, қайрилиб ўтмишимга боққанимда отам ёки онам мени урган, бақириб-чақирганда ўзимни худди ерга урилгандек ҳис қилган онларимни кўзларим ёшга тўлиб, эслайман. Шунга қарамай, нега бундай қилганларини, яъни менга бермоқчи бўлган дарсларини тушуна олмайман. Қизиғи, ўша онларни тўлиқ эслай ҳам олмайман. Аминманки, худди шу ўринда сизлар ҳам бир нарсаларни ҳис қилаётгандирсиз. Орадан йиллар ўтди, ота-онам бермоқчи бўлган дарслар унутилиб кетди. Ортимда эса фақат уй олдида ейилган калтак ва эшитилган сўкинишларнинг совуқ хотиралари қолган холос.

Ота-оналаримиз бу каби ҳаракатларни бизга ёмонлик бўлсин, дея қилишмаган, албатта. Мақсадлари бизни тартибли ва интизомли қилиш, яхши йўлларга бошлаш бўлган. Биргина қилган хатолари бу яхши ниятни амалга татбиқ қилар эканлар, фойдаланган усул ва услубларини таҳлил қилмаганликларида деб ўйлайман. Яъни ўзлари ота-оналаридан кўрганларидек ҳаракат қилишни танлашган ва қайсидир нуқталарда мана шу сабаб янглишишган. Худди бугунги кун ота-оналари сифатида биз «Нима қилай, асабийлашганимда кўзим ҳеч нарсани кўрмай қолади, ураман, хафа қиламан, кейин эса виждон азоби чекаман, жаҳлим чиққан вақтда худди онамга айланиб қоламан» деган пайтларимизда янглишганимиз каби...

Ваҳоланки, ҳамма ишни узоқ муддатдан бери бажарилиши бунинг тўғри қилинаётганлигини англатмайди. Худди Элизабет Пантлей ҳикоясида бўлгани каби:

Ошхонада она бўрек пиширяпти. Қизи эса бу вақтда онаси шуғулланаётган ишни синчковлик билан кузатиб, томоша қилиб ўтирарди. Шу баробарида бўрек тайёрлаш сирларини ҳам ўрганаётганди. Қизалоқ қизиқиб онасидан сўрайди:

– Она, нега юпқани патнисга қўймасдан олдин бурчакларидан икки бармоқ кесяпсиз? Она шундай жавоб беряпти:

– Билмадим, онам шундай қиларди, – дейди онаси.

Қиз бу жавобдан қониқмай бувисига қўнғироқ қилади ва яна шу саволни беради:

– Буви нега бўрек пишираётганда юпқани патнисга қўймасдан олдин бурчакларидан икки бармоқ кесасизлар?

У ҳам шу жавобни беради:

– Онам шундай қиларди.

Қиз катта бувисига қўнғироқ қилади ва ундан ҳам юбқанинг бурчакларидан нега кесганлигини сўрайди. Катта буви жавоб беради:

– Чунки юбқа патнисимга ана шу шаклда сиғарди!

Бу мисол бизга ҳазрати Алининг пурмаъно сўзларини эслатади: «Фарзандларингизни ўз замонингиз таълимотларига кўра эмас, улар туғилган замон ҳақиқатларига мос тарбияланглар».

Ҳар бир ҳаракатни билиш, сабаблари ва сўнгги натижаларини ўйлаш лозим. Онанг шундай қилди дегани, баъзан бу ҳаракатлар тўғри эканини англатмаслиги мумкин.

Мана шу контекстда бугунги ота-она сифатида фарзандларимизга нисбатан қилаётган ҳаракатларимизни, уларга бўлган муомаламизни, бераётган тарбиямизни бироз кўздан кечиришимиз, бу каби қўрсликлар айнан ўзимизга қилинганида ўзимизни қандай ҳис қилардик, дея ўйлаб кўришимиз лозим. Айниқса, амалга татбиқ қилишимиз мумкин бўлган нотўғри амалларни назорат қилишни ўрганишимиз лозим. Ҳақиқий ота-она бўла олиш фарзандни дунёга келтиришдан-да ортиқроқ масъулият эканлигини ҳар биримиз чуқур тушунишимиз керак.

Бу жумла биз учун қанчалик эриш туюлмасин, бир нарсани обдан ўйлаб кўрайлик: аслида ҳаётимиз давомида фарзандларимизга тарбия ва чуқур билим бериш борасида устозлар билан ёнма-ён ҳолатда умримиз давомида ўз устимизда ишлаймиз, уларга яна нималарни ўргатсак экан, дея бош қотиришда давом этамиз. Бироқ мукаммал ота-она бўлиш учун алоҳида ўқув даргоҳи йўқ, аммо ҳаётий тажрибаларимиз бизга бебаҳо устоз бўла олади. Тўғри-да, мисол учун машина ҳайдамоқчи бўлсак гувоҳнома олиш учун автомактабларда ўқиймиз, бирор касб эгаси бўлишни истасак олий ўқув юртида таълим оламиз ва дипломга эга бўламиз. Турли хилдаги ширинликлар пиширишни истасак уларнинг қандай тайёрланишини ўрганиш учун ҳам бирор курсга бориб, сертификат оламиз. Лекин бу ҳаётда бўйнимизга олган энг муҳим ва жиддий иш «оталик ва оналик» бўлишига қарамай, бу борада ғайрат кўрсатишга, ўқишга, ўрганишга қунт қилавермаслигимиз ҳам бор гап. Ваҳоланки, бугунги кунда илм олиш, олимлар фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш, ўқиш, тадқиқ қилиш жуда ҳам осон. Чунки кундан кунга янги-янги турли мавзулардаги ажойиб асарлар чоп этилмоқда. Кўплаб тажрибали инсонларнинг ижтимоий тармоқлар орқали бериб бораётган ажойиб фикрлари ҳам ўз ўрнида бизга қайсидир маънода фарзандларимизга таълим ва тарбияни тўғри беришимизда кўмакчи бўлса ажаб эмас. Шундай экан, онажонлар, бас, етар, энди елкамиздаги ҳаракатсизликни тушириб юборайлик ва янада яхшироқ ота-она бўлиш учун ҳар доим ҳаракат қилайлик. Қолгани эса ўз-ўзидан бўлаверади.


Фарзандларимиз кичкиналигида уларга
бақириб-чақириб, баъзан уриб, қўрқитиб
айтганларимизни қилдира оламиз.
Хўп, улар биздан қўрқмайдиган ёшга
етганларида-чи, унда нима қиламиз?