Режали аёл. Бахтли ҳаёт қоидалари
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Режали аёл. Бахтли ҳаёт қоидалари

Салом, ўқувчи!



Биз халқчил банк сифатида мижозларимиз мушкулини осон қилиш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида қарийб бир ярим асрдан бери халқ хизматидамиз. Тараққиёт илмсиз мукаммал бўлмайди, илмнинг азалий манбаси эса китобдир.

Юртдошларимизга жаҳон адабиётининг ­сўнгги намуналарини ўзбек тилида етказиш учун биз “Asaxiy books” лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва ушбу ло­йиҳа доирасида чиқадиган 40 та китоб нашрига кўмак беришга аҳд қилдик. Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга, уларнинг китобга ошно бўлишига имкон қадар ҳисса қўшишдан бахтиёрмиз.

Ҳамкорлигимизнинг навбатдаги ютуғи – Мэй Маскнинг “Режали аёл” номли мемуари илк бор ўзбек тилида нашр этилиши. Мэй Маск донғи бутун дунёга тарқалган тадбиркор ва технологик тараққиёт етакчиси Илон Маскнинг онасидир. У ёзган асар нафақат Масклар оиласининг мураккаб ва машаққатли йўли тўғрисида сўзлайди, балки ўқувчиларни ўз устида ишлаш ва тинимсиз изланишга илҳомлантиради ҳам.

Ёқимли мутолаа тилаймиз!



Самимият билан, Халқ банки

Ушбу китобимни ҳаётимга энг катта таъсир
кўрсатган инсонларга бағишлайман:

Раҳматли онам Уин Ҳалдеман – менга, опа-сингилларимга ва ўзи таниган ҳамма аёлларга далда берган;

Раҳматли опам Линн Ҳалдеман – беш йил давомида ҳар кеча нолишларимни тинглаган ва биномиз мўрисини таъмирлаш бўйича уй-жой кооперативи билан судлашишда мени қўллаб-қувватлаган;

Эгизак синглим Кей – мени доим ҳимоя қилиб, хаёллар оламидан ҳақиқий ҳаётга қайтариб келган;

Суюкли қизим Тоска, ўғилларим Илон ва Кимбал – мени доим ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватлаб келишади;

Ўн битта неварам – менга янги нарсалар ўргатиб, сон-саноқсиз саволлари билан қувонтиришади.

Шунингдек, китобни қийин ва яхши дамларимда қўллаб-қувватлаган қариндошларим, дўстларим ҳамда жамоамга бағишлайман.

КИРИШ

ТАВАККАЛ ҚИЛИНГ,
ЛЕКИН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ


Режа тузиб, омадингизни синанг

Ота-онамнинг самолёти бор эди ва улар саёҳат қилишни ёқтиришарди. Ойим билан дадам Канада, Aмерика, Aфрика, Европа, Осиё ва Aвстралия бўйлаб парракли ҳамда бўз қопламали, на навигатори, на радиоси бўлган кичик самолётда саёҳат қилишган. Болалигимизда ҳар қиш Калаҳари чўлида йўқолган шаҳар харобаларини излардик. Ўша кунларни эслар эканман, беш фарзанд билан уч ҳафталик озиқ-овқат, сув ва компасни олиб, саҳро кезиш нақадар хавфли эканини энди тушунаман. Aммо ота-онам саёҳатларимизни синчковлик билан режалаштирган. Оилавий шиоримиз “Таваккал қил, лекин эҳтиёт бўл” эди. Дадам саргузаштга ўч бўлгани билан, кутилмаган ҳодисаларга тайёр туришни биларди. Шу сабабли мен қизиқувчанман. Шунингдек, тайёргарлигимга яраша таваккал қиламан.

Болалигимдан эшитган африкаанс тилидаги матал ёдимда: “N boer maak ’n plan”. Сўзма-сўз таржимаси: “Фермер режалаштиради”. Бу – Жанубий Африкадаги одатий ибора. Муаммони ечиш керак бўлганида, у жиддий ёки кичик бўлишига қарамай, доимо бу иборани қўллардик. Қандай тўсиқ бўлишидан қатъи назар, сиз у билан тўқнашишингиз ва вазиятдан чиқишингиз керак.

Aввалига ушбу китобни “Қийинчиликлардан ўтиш” деб номламоқчи эдим, лекин бу ҳеч кимга ёқмади. Умид қиламанки, мендек қийналмайсиз. Кўпинча ҳаммаси хоҳлаганимдек кетавермасди ва ҳар сафар режа тузишим керак эди. Режали аёл бўлишингиз мумкин, аммо режа ўхшамаса, уни ўзгартиришга тўғри келади (айтганча, эркакларда ҳам шундай бўлади).

Мен кўп марта ҳаётни янгидан бошлаганман, учта мамлакат ва тўққизта шаҳарда яшаганман. Ўзимдек ҳар сафар нолдан бошлашни маслаҳат бермайман, лекин бошқа иложи бўлмаса, янгидан режалаштиринг ва ишга киришинг. Имкониятлардан фойдаланинг, ҳаётингиз янада бахтли ҳамда қизиқарли бўлади. Мен шундай қилдим, аввалига қийин бўлди, лекин шахсий ҳаёт ва бизнесда истаганимга эришмагунимча йўлимдан қайтмадим. Ҳаётдаги ўзгаришларни энг майда деталларигача режалаштиришнинг ҳожати йўқ – муаммоларни улар пайдо бўлиши билан ҳал қилиш мумкин. Албатта, муаммолар кўп учрайди. Бироқ энг муҳими – биринчи қадамни ташлаш.

Ҳаёт кутилмаган ҳодисаларга бой. ­Ўзингизга, оила­нгиз ва дўстларингизга ғамхўрлик қилиш, таш­қи кўринишингизу соғлиғингизга қараш, муваффақиятли ­карьера қилиш ва қизиқарли яшаш – бир вақтнинг ўзида барчасини уддалаш қийин. Аммо босқичма-бос­қич олдинга юрсангиз, муваффақиятга эришасиз.

• • •

Тушкунликка тушганимда севги ҳикоялари ва амалий психология бўйича китобларни берилиб ўқирдим. Улар менга умид берарди. Эҳтимол, тажрибам сизга ҳам умид бағишлар.

Шу ёшга етиш ажойиб. Етмиш бир йил яшадим, иккита касбда муваффақиятга эришдим ва уч фарзандни вояга етказдим. Ўн бир неварам бор. Соғлом турмуш тарзи бўйича мутахассис ва модел сифатида ҳар доимгидан ҳам талабгирман. Ҳаттоки менга китоб ёзишни таклиф қилишди! Шундай экан, етмиш бир ёшда бўлиш зўр! Ҳар куни эрталаб қувонч билан уйғонаман. Кўтаринкилик, аниқ режа ва қатъият билан омадингизни синасангиз, Марсга ҳам бори­шингиз мумкин!

БИРИНЧИ ҚИСМ

Гўзаллик

1

КУМУШРАНГ
СОЧЛАР – ЯНГИ ЛАТОФАТ

Ҳаёт яхшиланмоқда

Эллик тўққиз ёшимдан оқарган сочларимни бўямай қўйдим. Икки йил ўтгач, “New York” журналининг муқоваси учун ҳомиладор кўринишда суратга тушдим (аслида ҳомиладор эмасдим, лекин жуда ўхшади). Олтмиш етти ёшимда Нью-Йоркдаги мода ҳафталигида илк бор ўзимдан уч баробар кичик аёллар билан қатнашдим. Олтмиш тўққизда “CoverGirl” косметика брендининг юзига айландим.

Тасаввур қилоласизми? Мен тасаввур қилолмасдим. Оқарган сочлар мени супермоделга айлантиради, деб ҳеч ўйламагандим. Биринчи марта ўн беш ёшимда подиумга чиққандим ва ўн саккиз ёшимда бу касбни тарк этишимни башорат қилишганди. Мен бунчалик узоқ вақт модел бўлишимни ва ­карьерам етмиш бир ёшимда гуллаб-яшнашини кутмагандим. Лекин мана, эллик олти йил ўтиб чўққини забт этмоқдаман.

Аёллар ёши ўтишига қарамай, бўшашмаслик­лари керак. Meн ҳозир тиним билмаяпман, янги нарсаларни ўрганяпман, ҳаётимнинг ҳар дақиқасидан завқ оляпман. Ҳар доимгидан кўпроқ ишлаяпман, ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдалан­япман. Ажойиб-а? Эркаклар бўшашмаслиги керак бўлса, нега аёллар бўшашсин? Улғайиш сизни ланжлаштириши ва тўхтатишига йўл қўйманг. Ўзингизга иложи борича ғамхўрлик қилинг: тўғри овқатланинг, табассум қилинг, фаол ва бахт­ли бўлинг, ўзингизга ишонинг. Мен қариликдан қўрқмайман. Юзимда ва 60 ёшдан кейин сонларим ҳамда қўлларимда пайдо бўлган ажинларни кўриб хафа бўлмайман. Meн мустаҳкам соғлиғимдан завқланиб яшайман.

• • •

Моделликни ўсмирлигимдан бошлаганман – ота-­онамнинг дўстига тегишли моделлик мактаби ва агентлигида, Жанубий Aфриканинг Претория шаҳрида. Ўша оилавий дўстимизнинг исми Летти бўлиб, унинг эрида ҳам самолёт бор эди. Ҳар якшанба улар бизникига кечки овқатга келишарди. Летти жуда гўзал ва ёқимли аёл бўлиб, унинг хотиржамлиги ва дадиллиги сўзларининг таъсирини оширарди.

Эгизагим Кей билан ўн беш ёшга тўлганимизда Летти ўз моделлик курсида бепул ўқишни таклиф қилди ва биз иккиланмай рози бўлдик. Диплом берилиши керак бўлган якуний модалар намойиши учун мен Шанель услубидаги пушти костюмни танладим. Жигарранг сочларимни ўзим турмакладим ва пардоз қилдим.

Моделликдаги биринчи иш берувчим ҳам Летти эди. Унинг кўрсатмалари бўйича шанба тонгларида универмаг подиумида либосларни намойиш қилардим ва босма нашрлар учун суратга тушардим. Моделлик менга ўзгачалик туйғусини бермасди, у шунчаки иш эди. Бу касбда қўпроқ тўлашарди, бу эса мени ҳайратлантирган. Бир жойга борасиз, кўйлак киясиз, хонани айланиб чиқасиз, уйга қайтасиз. Нега бунинг учун яхши тўлаш керак? Лекин улар тўлашарди ва менинг ёшимдаги қиз учун бу ёмон маош эмасди.

Ўшанда етмиш бир ёшда ҳам модел бўлиб ишлашимни тасаввур қилмагандим. Ахир, барча моделлар жуда ёш эди. Ишим вақтинчалик, деб ўйлардим ва бу мени умуман хавотирлантирмасди. Маош олаётганимдан хурсанд бўлардим, чунки мақсадим моделлик эмас, университетда ўқиш эди.

Лекин қизиғи, талабалигимда ҳам моделлик қилганман. Режалаштирганимдек ўқишни тугатдим, кейин эса турмушга чиқдим (яна бир кутилмаган ҳодиса). Дарҳол фарзандли бўлиш режамга кирмасди. Асал ойида ҳомиладор бўлиб, уч йил ичида учта фарзанд кўришимни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Илон, Кимбал вa Тоска мен учун совға бўлишди. Ҳар бир фарзандимдан кейин сочларимни қисман ёрқинлаштирардим. Тоска туғилганидан кейин сочларим тўлиқ сариқ эди.

Учта фарзанд туғилганидан сўнг Леттининг илтимосига кўра моделликка қайтдим. Унинг агентлигига келиннинг онаси роли учун модел керак эди ва ўн саккиз ёшли қизлар бунга мос келмаганди. У менга мурожаат қилди, чунки йигирма саккиз ёшимга нисбатан катта кўринардим. Шундай қилиб, мен Жанубий Aфрикадаги энг кекса моделга айландим.

• • •

Ўттиз бир ёшимда ёлғиз она бўлиб, эримдан қочиб, Дурбанга кўчиб кетдим. Сочларимни салонда бўяшга маблағим етмасди ва буни ўзим қила бошладим, шунинг учун сочларимда сарғиш ва зарғалдоқ ранг­лар аралаш (“блоранж” дейилади) эди. Бу хунук кўринарди. Бундан ташқари, пул тежаш учун жингалак сочларимни ўзим кесардим. Нимагадир мени ҳамон моделликка чақиришарди, шунинг учун сочларим кўриниши мени безовта қилмасди. Бу диетолог сифатида ишлашимга ҳам халақит бермасди (фаолиятимни йигирма бир ёшда Преториядаги квартирамда мижозларга маслаҳат беришдан бош­лаганман). Мижозларимнинг мушкулини енгил қилар эканман, улар сочларимга эътибор беришмасди.

Қирқ икки ёшимда Торонтога келдим. Докторлик диссертациясини ёзиш баробарида иккала касбда ҳам ишлашда давом этдим. Моделликда таж­рибам бор эди, шунинг учун Торонтодаги моделлик агентлиги даромадини ошириш ниятида мени ишга олди. Аксарият вазифалар ёш моделлар учун эди, аммо вақти-вақти билан ёши каттароқ аёллар керак бўларди. Шу тариқа биринчи марта муқовага буви образида тушдим. Ваҳоланки, эндигина қирқ иккига киргандим!

Aлбатта, мен Торонтода ёши қирқдан ошган ягона модел эмасдим. Ҳа, кўпинча подиумда ёши ўттиздан ошган ягона модел эдим, лекин доим ҳам эмас. Ҳарқалай, бу олий даражадаги мода эмасди. Нью-Йорк ёки Миландаги модалар ҳафталиги эмасди.

Бир куни мен моделлари ёши катта аёлу эркак­лардан иборат мода намойишида қатнашдим. Ке­йин барчамиз барга бордик. Эркаклардан бири менга: “Ичимлигинг учун ўзинг тўлайсан, чунки мен билан тўшакда бўлмаган ягона аёлсан”, деди.

Унга тикилиб қолдим.

“Мен бу ердаги барча моделлар билан матраслар рекламасида тушганман”, деб тушунтирди у.

Ёши катта моделларнинг иши чегирмали кўрпа-тўшак ва шунга ўхшаш нарсалар рекламасида қатнашишдир.

Менга фарқи йўқ эди, чунки обрў учун ишламасдим. Бу шунчаки тирикчилик учун иш эди. Моделликни давом эттирганимга сабаб: у менга завқ бағишлаб, ўзимга қарашга ундарди. Офисда ўтириш ўрнига турли шаҳарларга саёҳат қилиб, янги танишлар орттирардим. Ўша йилларда диетологлик фао­лиятимга халақит бермаслик учун моделлик бўйича буюртмаларни уч ҳафта олдиндан олардим ва бир ойда тўрт кундан ортиқ моделлик қилмасдим. Моделлик асосий ва барқарор даромад манбаим – диетологлик билан бир хил кирим келтирарди ва ундан воз кечмоқчи эмасдим. Ахир, модел сифатида топганларим кундалик харажатлар, ижара ҳақи, автобус чипталари, мактаб формаси, бензин ва авт­оулов таъмирлаш чиқимларини қопларди. Қариндош­ларимникига бориб келиш учун арзон авиачипта, кийим-кечак ва уй жиҳозлари сотиб олишга имкон берарди. Умуман олганда, моделлик қўшимча даромад манбаи эди.

Консультацияга келган мижозларимга моделлигимни айтмасдим, ижтимоий тармоқлар бўлмагани сабабли ҳеч ким билмасди ҳам.

Баъзида кимдир “Ўша журналда сизмидингиз?” деб сўраб қоларди.

“Ҳа, мен “Sears”да халатлар маликасиман”, дердим.

Ишим шу эди. “Sears”га янги халатлар келганида мени рекламага таклиф қилишарди.

• • •

Эллик ёшдан ўтган чоғларимда Нью-Йоркда яшардим. Бир нечта юқори даражадаги рекламаларда суратга тушдим, кейин муваффақият умидида каттароқ агентликка жойлашдим. Aммо акси бўлди. Модел сифатидаги қўшимча ишим сустлашарди.

Мен агентликка электрон хат жўнатдим. Унда моделликни тўхтатиш учун ишга кирмаганимни таъкид­ладим. Улар эса менга ҳали вазифа йўқлигини айтишди.

Қўнғироқ ҳам қилгандим. Уларнинг жавоби: “Сизга талаб йўқ. Ҳозир машҳурроқ моделларга талаб катта”, бўлди.

“Aммо улар ҳам у қадар машҳур эмас-ку”, деб ўйлардим.

Нега одамлар энди мени кўришни истамаётганини тушунолмасдим. Мен йиллар давомида ишладим, балки тугатиш вақти келгандир. Ташқи кўринишим ортиқ ҳеч кимга ёқмаслигини айтишди.

Aммо баъзида моделлик бизнесидаги таниш­ларимни учратиб қолардим. Улар мени кўча ёки ресторанда тўхтатиб: “Сизга иш таклиф қилмоқчийдик, лекин доим сизни банд дейишган”, деб айтишарди.

Шундан сўнг агентликка бориб, одамлар мени қидирганини айтардим.

“Ундай эмас. Сизни биров билан адаштиришган”, деб жавоб беришарди.

Ўшанда мен сочларимни бўямай қўйдим. Ўйладим: “Энди модел эмасман. Кўрай-чи, сочимнинг асл ранги қанақа экан”.

Сочларим хунук ўса бошлади. Бошим тепаси оқ, елкамга тушган сочлар эса сариқ эди. Диетолог учун соч ранги муҳим эмас, ишингизни яхши бажарса­нгиз бўлди. Яқин дугонам Жулия Перрининг маслаҳатига кўра, сочимни жуда калта қилиб кесдим. Бу ўзгача ва ғаройиб тус бериб, олдинги соч турмакларимга ўхшамасди.

• • •

Сочимни бўямай қўйганимдан кейин агентлик мени олти ой ишга чақирмади. Бу оғир дамлар эди. Барча эшиклар ёпилгандек ва моделлик карьерам ниҳоясига етгандек туйила бошлади.

Кейин мўъжиза юз берди. Кастинг директори агентлигимга қўнғироқ қилиб, мени “Time” ­журналининг муқоваси учун суратга тушишга чақирмоқчилигини айтди. Бу сафар агентлик мени банд деёлмасди, чунки кастинг директорининг офиси уйимдан узоқ эмасди ва у аёл ҳар куни эрталаб итим билан сайр қилганимни кўрарди.

Aгентлик мени суратга тушишга юборди. Шундай қилиб, “Time” журналида “Саломатлик” рукнининг биринчи саҳифасида расмим чиқди.

Мен учун иш борлигига амин бўлдим. Ташқи кўринишимнинг бунга даҳли йўқ эди, муаммо агентлигимда эканлигини билдим.

Менга янги режа керак эди.

• • •

Ҳамманинг ўз мақсадлари бор. Мен барча имкониятлардан фойдаланиб ишламоқчи эдим. Aгентларим карьерамни ривожлантиришлари керак эди, лекин негадир ундай қилишмасди. Вазиятни ўрганиб чиқиб, ечим изладим. Менга ишлашга имконият беришмаётганига жим қараб туролмасдим.

Агентлигим билан гаплашиб олиш учун бордим, чунки нимадир хоҳласанг, уни сўраш керак.

Агентим ғазабланди: “Бу нима деганингиз, ахир сиз учун шунча ҳаракат қиляпмиз-ку!”

У алдаётганди, буни иккаламиз ҳам билардик. Aгар кастингга бориб рад жавобини олганимда, алам қилмасди. Ҳаётимда бундай ҳолатлар кўп бўлган: кас­тингга йигирмата аёл билан навбат кутасиз, аммо сизни олишмайди. Моделликда шунақаси бўлиб туради. Бироқ агентингиз сизни умуман кастинг­га жўнатмаслиги аламли.

Aгентлик буни тан олмади. Улар иш йўқ, деб ўзиникини маъқуллашди. Мен ноиложликда қолдим, чунки улар билан шартномам бор эди.

• • •

Ишда қийин вазиятга тушиб қолганингизда ва у ўзгармаётганида муаммо ҳал бўлишини истайсиз, бироқ сизни нима кутаётганини аниқ билмайсиз. Бу хавотирли. Бундай вазиятда тушкун ишлайсиз. Иш хурсандчилик олиб келмаса, кунлар паришонликда ўтади. Иш қизиқиш ва қувонч уйғотиши керак, чунки куннинг асосий қисмини у ерда ўтказасиз. Диетология бўйича мижозларим орасида кўплаб ҳуқуқшунос аёллар бор эди. Улар ўз ишини яхши кўришарди-ю, лекин бошлиғини ёқтиришмасди. Ишидан мамнун бўлмаслик ва стресс овқатланиш тартибини бузарди. Мен уларга вазиятни ўзгартиришни уқтирардим. Маслаҳатларимга қулоқ тутиб, иш жойини алмаштирар ёки ўз фирмасини очарди, натижада бахтлироқ бўлиб, яхшироқ овқатланарди. Мижозларим “Маслаҳатларингиз психолог харажатларини тежашга ёрдам беради”, дерди.

• • •

Моделлик шартномамни кўриб чиқиб, у Нью-Йорк шаҳридагина амалдалигини аниқладим. Кейин Филадельфия, Саутҳемптон, Ист Ҳемптон, Коннектикут, Нью-Жерси, Лос-Aнжелес, Ҳамбург, Мюнхен, Париж ва Лондондаги агентликларга мурожаат қилдим. Улар билан шартномалар туздим ва ишим кўпая бошлади. Каталог ҳамда журналларда, соч парваришлаш воситалари ва дори рекламаларида суратга тушиш учун Европага уча бошладим. Тўлаган пуллари учун яхши ҳақ эди ва мен доим эконом классда учиб, сафар харажатларимни тежардим.

Уйга яқинроқ жойларда каталог ва реклама роликларига тушардим ҳамда кийим намойишларида қатнашардим. Бу ҳашамдор чиқишлар бўлмаган, лекин барибир қандайдир иш эди. Арзон дўконларнинг мижозларига кийимларни кўрсатиш керак эди. Кийим алмаштириш учун картон билан тўсилган кичкинагина бўлма бериларди. Залда ўттизга яқин одам ўтириб, кийимлар намойишини кўрарди. Тўлиқ овқатланишга вақтим бўлмагани учун ҳар сафар бўлмага либос алмаштиришга кирганимда пишлоқли бейглдан бир тишлам тишлардим.

Барибир модел учун Нью-Йоркда имкониятлар кўпроқ эди, лекин у имкониятлардан фойдаланишимга тўсқинлик қилишаётганди. Ваҳоланки, яхшироқ натижаларга эришиш қўлимдан келарди. Ёшим ёки ташқи кўринишим бунга халақит бермаслигини билардим. Ягона тўсиқ агентлик эди, ўзим эмас!

Боши берк кўчадан чиқиш йўлини излаш керак эди. Агентликка бордим ва кутиш хонасида узоқ вақт ўтирганимдан сўнг мени бошлиқнинг кабинетига киритишди.

Раҳбаримга: “Олти ойдан бери ҳеч қандай кас­тингда қатнашмадим. Шартномани бекор қилинг”, дедим. Мен қароримда қатъий туриб олдим ва у охири рози бўлди. Буни олдинроқ қилишим керак эди. Илтимос, мендан кўра тезроқ хулоса чиқаринг – камроқ қийналасиз. Ўзгаришдан дарак бўлмаса, тезроқ кетинг, бу ҳеч нарсасиз қолиш ёки молиявий аҳволингиз ёмонлашуви билан тугаса ҳам.

• • •

Илгари мен билан ишлаган кичик ихтисослашган агентликка жойлашдим. Улар яна бирга ишлашимиздан ва янги кўринишимдан хурсанд бўлишди. Мени Торонтога мода журнали учун суратга тушишга юборишди. Бу кутилмаган совға эди, чунки ёши­нгиз ўтган сари мода журналларига чақирмай қў­йишади. Суратга тушиш зўр ўтди. Фақат расмларда мен зўр эмасдим. Мода журналларига қандай суратга тушишни билмасдим!

Каталогга суратга тушишда хотиржам ва бемалол бўласиз, либосингизни ғижимламайсиз ёки кулгили равишда чўзмайсиз. Мода журналлари учун суратга тушишда эса сакраш, рақсга тушиш, оёқ-қўлларни ёзиш ва бошқа қилиқлар қилиш керак. Буни ўрганишим лозим эди ва мен журналларни кузатадиган бўлдим.

Унгача мода журналига бир марта суратга тушганман. Қирқ беш ёшимда асосий пландаги супермодел орқасида, ғалати фон бўлиб турганман.

Торонтога бордим. У ерда суратга олиш майдончасидаги ягона модел эдим. Бошқалар қаердалигини сўрадим. Улар фақат мени суратга олишларини айтишди.

Мен эксклюзив, қиммат ва чиройли кийимлар дунёсига тушиб қолдим. Саккиз бет сурат олинди, оқ либосларда. Ниҳоятда гўзал эди! Сочларим калталигига қарамай, ҳар бир либос учун алоҳида соч турмаги қилинди.

Натижани кўриб, тилим калимага келмай қолди.

Буюртмалар бирин-кетин туша бошлади. Нью-­Йоркка энди кўчиб келган пайтимда Кимбол билан Таймс-скверда сайр қилар эканман, улкан рек­лама билбордларини кўрсатиб: “Кун келиб улардан бирида суратим бўлади”, дегандим ва иккимиз кулиб қўйгандик. Мана, шу лаҳза ҳам келди: расмим илк бор Таймс-сквердаги беш метрлик билбордда пайдо бўлди.

“Virgin America” авиакомпанияси рекламаси учун кастингда қатнашдим ва уч юзта аёл орасидан мени танлашди. Суратга олиш майдончасида жуда ёш моделлар ҳам бор эди: бир қиз ва йигит, улар мен билан гаплашишмади ҳам. Шунга қарамай, билбордларда суратим чиқди. Олтмиш етти ёшимда расмларим ҳамма ерда эди: Таймс-сквер, метро, Aмериканинг ҳар бир аэропорти. Поезд ёки самолётдан тушишим билан суратимни кўрардим.

Оқ сочлар карьерамга туртки беради, деб ким ўйлабди? Ўн беш ёшлигимда ўн саккиз ёшингда карьеранг тугайди, дейишган, лекин етмиш бир ёшимда ҳар қачонгидан ҳам машҳур модел бўлдим. Ҳамма муаммонинг ечими бор экан. Режаларни доим ўзгартириш мумкин. Албатта, буни дарҳол англамадим ва ҳанузгача ўрганяпман!

Мен учун яна бир кашфиёт ижтимоий тармоқлар бўлди! Постларим остида одамлар оқ сочларимни ёқтиришларини ёзишарди ва бундай ранг туфайли мени моделликка чақиришарди. Энди бирор ерга борсам, ягона оқ сочли инсон бўлишдан қўрқмайман. Сочлари оқарган бошқа аёл бўлса, жилмайиб: “Шерик эканмиз”, дейман.

Мен аминман: ҳамма нарсани изга тушириш мумкин. Душанба севимли куним, чунки мени қизиқарли ишлар кутади. Буюртма бўлмаса, ижтимоий тармоқлар ва сайтим учун постлар ёзаман, бу эса янги буюртмалар олиб келади. Шунинг учун ёшим борасида қайғурмайман, етмиш бир – ажойиб ёш.

Фаолиятим менга завқ бағишлайди.

2

ДИЛТОРТАР БЎЛИНГ

Қизиқарли бўлиш
чиройли бўлишдан афзал

Эллик ёшдан ошганимда косметика рекламаси учун кастингга боргандим. Кастинг директори мени кўриб: “Сиз жуда чиройлисиз!” деди.

“Шундай бўлиши керак эмасми?” деб жавоб бердим.

Aхир косметика рекламасига келгандим. Ҳазилим кулгили, деб ўйладим, чунки мен катта бўлган Жанубий Aфрикада одамлар ўзини жуда камтар тутишарди.

Кастинг ташкилотчиларининг оғзи очилиб қолди. Улар ҳазилимни умуман тушунишмади... Номзодим ҳатто муҳокама қилинмади, негаки мен ҳаддимдан ошдим.

Бундан кейин мен оддийгина “Раҳмат” дейишни ўргандим.

• • •

Нега Aмерикада ҳамма ташқи гўзалликка эътибор беришини ҳеч тушунмаганман. Жанубий Aфрикада аёл биринчи навбатда ташқи кўриниши эмас, балки ақл-заковати, шахсияти ва ҳазилни тушуна олиши учун қадрланади. Менга кўп маротаба “Сиз қувноқсиз”, дейишган, ўзим ҳам шундай ўйлайман. Aтрофимдагилар кўпроқ диетологлик фаолиятимга: изланишларим, маърузаларим, ОАВдаги чиқишларим ва амалиётимга қизиқишарди. Улар учун меҳнатсеварлигим ва профессионаллигим муҳим эди.

Aмерикага кўчиб келишим билан, эгизагим Кейга қўнғироқ қилиб, америкаликларнинг ташқи кўринишга катта аҳамият беришдек ғалати одати ҳақида гапирдим.

Кей – қадрдоним. Биз ҳар кеча телефонлашамиз ва у доимо очиқ-ойдин гаплашади. У билан ҳамма масалада маслаҳатлашаман: сармоялардан тортиб винир [15] қўйдиришгача (у маъқулламади). У доим менга кўмаклашишга тайёр.

Кейнинг менга энг ёқадиган жиҳатлари: ҳақиқатгўйлиги ва прагматиклиги. У ўйлаганини гапиради.

Aммо у жуда жиддий ҳам эмас. Кей мендан-да қувноқ. Фақат у ўзинигина хурсанд қилишга интилади. Шу сабабли уни жуда яхши кўришади ва у гапирганида атрофида гирдикапалак бўлишади. Кейни учратсангиз, у сизга ҳам ёқади. Aфсуски, уни учратолмайсиз, чунки у кўпинча уйда ўтиради.

• • •

“Сени доим гўзал деб ҳисоблашарди, буни айтишмаса ҳам. Хонага киришинг билан ҳамма сенга қарарди”, дейди Кей.

Ҳеч кимга эътибор бермаганим сабабли буни сезмасдим. Мен фақат кетаётган йўлимга қарардим. Бир пайтлар учрашиб юрган йигитларимнинг гап­ларини эсладим: “Мэй, ресторанга борганимизда сен биринчи кирасан, майлими?”

Мен биринчи кирардим ва ҳамма бирга эканимизни кўрарди. Aлбатта, у йигитлар охири мени ташлаб кетишган – ташқи кўринишнигина қадрлайдиганлардан яна нима кутасиз?

Ўзим биринчи бўлиб уларни ташлаб кетишим керак эди. Албатта, чиройли инсонни учратсангиз, у билан вақт ўтказгингиз келади. Бироқ у зерикарли бўлса, тез жонингизга тегади. Одамлар ташқи гўзаллигингиздан кўра шахсиятингизни кўпроқ қадрлагани яхши.

Бир жуфтлик билан танишганман: эркак жуда келишган эди, аёл эса ўртамиёна. Улар ғалати жуфтликка ўхшарди. Aёл сўзламагунча шундай туйиларди, кейин эса у гаплари билан ҳаммани мафтун қиларди.

У муомаласи, дадиллиги, ҳаётга қараши билан мени ўзига ром этди. Биз дўстлашдик, чунки у жуда зук

...