автордың кітабын онлайн тегін оқу Jazosiz tarbiya
АДЕМ ГУНЕШ
ЖАЗОСИЗ
ТАРБИЯ
Қадрли умр йўлдошим
ва болаларим
МУСТАФО, ХОЛИС, КАМОЛ
ҳамда
ЛЕВАНТга
бағишлайман...
МУАЛЛИФ ҲАҚИДА
Адем Гунеш 1969 йилда Анқарада туғилган. Бошланғич, ўрта мактаб ва лицейда Туркияда ўқигач, Роттердам университетининг педагогика факультетини тамомлаган.
Социология бўйича магистр. Докторлик даражасини Сакаря университети «Йўл-йўриқ ва психология маслаҳати» бўлимида эгаллаган. Шунингдек, у Сулаймон Демирел университетида ва АҚШда таҳсил олган. WISC-R (WECHLER INTELLIGENSESCALE for Children), GESEL, METROPOLITAN, PEABODY, AGTE тестларини қўллаш, талқин қилиш ва ҳисобот бериш бўйича тренингларда қатнашди.
У Нидерландия ва Бельгияда муқобил таълим тизимлари (Montessori, Waldorf, Reggio, Emilia, Ferber) бўйича таҳсил олган. Мантессори таълим сертификатига эга бўлган Гунеш «Мураббийлар тайёрлаш» дастурларини ташкил қилди. У Истанбулнинг Баҳчелиевлер шаҳридаги 20та давлат мактабининг 40та синфини Монтессори таълим тизимига айлантириш лойиҳасини ҳам амалга оширган.
«Туркия Илмий ва технологик тадқиқот» кенгаши (TUBITAK)нинг «Болаларни эрта ташхислашдан огоҳлантириш тизими» лойиҳасида иштирок этди. NRN COCUK ва TURK TELEKOMDA лойиҳалар маслаҳатчиси сифатида ишлаган. Гунешнинг болалар таълимига бўлган ёндашуви Британиянинг Бристол университетида тадқиқот мавзусига айланди. Турли журналларда болалар тарбиясига оид мақолалар ёзган, республика радиоканалларида болаларга маърифий эшиттиришлар тайёрлаган. Туркия болалар саммити томонидан «Болага дўстлик» мукофоти, Медиа ахлоқ кенгаши томонидан «Оила ва бола дастури медиа ахлоқи» мукофоти ва Чаноққалъа 18 март университети Сенати томонидан «Фахрий доктор» унвони билан тақдирланган.
Адем Гунеш Халқаро оила терапияси ассоциацияси, Америка психологик ассоциацияси, Ўйин терапияси ассоциацияси, Америка маслаҳат ассоциацияси аъзосидир.
Педагог ва оила маслаҳатчиси бўлган Гунеш бугунги кунда «Чақалоқ ва сиз», «Она ва чақалоқ», «Чақалоқ билан актуал яшаш» каби журналларга мақолалар ёзиб келмоқда. 21та турк, 2та инглиз тилларида китоблари нашр қилинган Гунеш «Болаларга нисбатан сезгирликнинг ошиши ижтимоий фаровонликка ҳисса қўшишига» урғу беради.
Адем Гунеш оилали, тўрт нафар фарзанди бор.
Жазо –
бу камситиш ҳаракатидир.
Камситиш билан тарбияланган
болалар
соғлом шахс бўлиб етишишига
ишонмайман ...
Балки бир лаҳзада, эҳтимол, бир неча ҳафта ичида ўқиб чиқадиган ушбу китобнинг тайёрланиши мен учун янги тарбия жараёни бўлди...
Болалик йиллари нимани англатишини ва уларнинг ҳаётдаги мазмунини яна бир бор батафсил кўриб чиқдим.
Инсоннинг умри бўйи энергия манбаи бўладиган болалик йиллари нега бу қадар муҳим? Боланинг темпераментини бузмасдан ўзини англай олиши нимани англатади? Шахс ривожланишида сезгиларнинг, туйғулар ва хатти-ҳаракатларнинг ўрни қандай? Жазо боланинг ўз-ўзини англашига қандай таъсир кўрсатади? Нега ва қандай қилиб жазосиз таълим?! Ушбу китобда соғлом шахсни ривожлантириш учун юқоридаги каби саволларингизга жавоб топасиз. Ўқиётганингизда шикастланишдан кўра, тузалиш қийинроқ эканини кўришингиз мумкин. Шунинг учун сиз ҳам шунга ўхшаш саволларни беришингиз ва бу мутолаа ҳаётингизда янги ойналарни очишига умид қиламан. Устозим Адемга ушбу китоб учун ташаккур айтмоқчиман. Биз нозик тафсилотларни ва улар уйғотадиган онгни қамраб олишга интилдик...
Психолог Селма Шаҳин
БИРИНЧИ БЎЛИМ
БОЛА ТАРБИЯСИДА ЖАЗО
Бир неча йиллар аввал жазосиз бола тарбиясининг мавжудлигига ишонардим. Мен жазо ва мукофотни болага нима тўғрию нима нотўғри эканлигини тушуниши учун ажойиб тарбия воситаси деб ўйлардим. Ҳаёт ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган боланинг нотўғри қилмишлари жазоланмаса, қандай қилиб тўғри ёки нотўғрини ўрганиши мумкин?
Ушлаган буюмини синдирганда, укасини туртиб юборганда, ота-онасининг гапига қулоқ солмаганда индамасмидилар, жавоб бермасмидилар? Табиийки, жавоб қилинарди. Жазо берилмаса, бола масъулиятсиз бўлиб қоларди...
Агар мактабда жазодан қўрқиш ҳисси бўлмаса, қайси бола уй вазифасини бажарарди...
Уй вазифасини бажармайдиган болаларга жазо берилмаса, ҳамиша бажарадиганлар ҳақсизликка учрамайдиларми ёки бироз вақт ўтгач, уй вазифаларини бажарадиганлар ҳам вазифаларини қилмайдиган бўлиб қолмайдиларми?
Қолаверса, жазо қўрқуви бўлмаса, ўқитувчи синфни қандай қилиб бошқара олиши мумкин? Шунингдек, болани нотўғри иш қилгани учун жазоламаса, у «Катталарни ҳурмат қилишни» қандай ўрганарди?
Мен ишонардимки, бола катталар томонидан жазоланар экан, у аслида, ким катта ва ким кичик эканлигини билиб олади...
Фарзанд ота-онаси ёки устозлари хоҳлаган пайтида нотўғри ҳаракатларига жазо беришини билса, катталарга янада ҳурматли бўлишларини ўйлардим.
Йиллар ўтгач, ҳам оталик тажрибаларим, ҳам мутахассис сифатидаги орттирган билимларим бундай эмаслигини кўрсатди. Кузатувларда англашилдики, гарчи бола босим ва мажбурланиш шароитида вақтинчалик керакли хатти-ҳаракатларни намоён қилган бўлса-да, аслида, ҳеч нарса ўзгармади, муаммолар ичкарида катталашиб бораверди.
Бола жазолашга қодир бўлган каттани «буюк» деб кўргани учун ҳурмат қилади, деб ўйлардим... Бироқ бу ҳурмат муносабатлари эмас, балки бола ўзини зараркунандадан ҳимоя қилишидек гап.
Йиллар давомида мен тарбияда жазо зарурлигига ишондим...
Аслида эса ҳамма ҳам жазони бирдай қўллаб-қувватламади. Кўп шовқин қилмайдиган кичик бир гуруҳ жазосиз тарбияланиш имконияти ҳақида гапирарди. Улар: «Ҳар қандай муаммони ўзаро гаплашиб ҳал қилиш мумкин», дедилар. Бошқа тарафдан эса бу ғояни қўллаб-қувватлаганларни ҳаёт ҳақиқатидан йироқда бўлганлар, деб ўйладим.
Ҳа, улар яхши одамлар эди. Эҳтимол, улар болаларни ранжитмасликка ҳаракат қилишгандир. Тўғри, болаларнинг дилини оғритиш керак эмас. Лекин ҳаёт ҳақиқати ҳам бор, албатта. Бундай ўйинқароқлик билан болани тарбия қилиб бўлмайди. Ҳаётнинг эса ўзига хос мажбуриятлари мавжуд. Бола улғайгани сайин масъулиятли бўлиши, шунингдек, муваффақиятга эришиши керак эди. Ишлаб кўриши ва бола ишлаш жараёнида кўплаб қийинчиликларга учраши лозим эди. Шунингдек, биз болани эркалатган ҳолда барча нарсани «яхшилик ва гўзаллик»дан иборат дея тушунтираверсак у: «Бажармайман!» дея қайсарлик қилса нима бўларди.
Масалан, бошланғич мактабга борган бола қўл телефони тутишни истаганида, ота-онаси у билан гаплашиб, смартфоннинг фойдасидан зарари кўплигини қандай тушунтира оларди? Қолаверса, у эндигина бошланғич мактаб ўқувчиси бўлса, на бир сўзга кўнади ва на уни тинглайди. Баъзан эса жаҳл қилмоқ ҳам, уни озорламоқ ҳам керак эди. Шундай экан, гаплашган ҳолда муаммоларни ҳал қилиш энг яхши йўлдир. Ёки бола: «Йўқ, истамайман!» деганида нима бўларди? Барча ишларимизни ташлаб бор кучимизни тўплаб, у билан суҳбатлашган бўлардик.
Мана шундай ўйлардим....
Тарбияда жазонинг бўлмаслиги зарурлигини ҳимоя қилиб чиққан кишиларни ҳамиша ҳурмат қилдим, фақат нима деётганларини тушунишга ҳам интилмадим.
Йиллар ўтгани сайин ҳаёт ҳақидаги кузатишларим ортиб борди. Болаларим билан бўлган тажрибаларим шакллана бошлади. Мен юзлаб соҳага оид китобларни ўқидим.
Бир пайтлар ўзлари ҳам ота-она бўлган кексаларнинг ўлимларидан аввалги пушаймонликларини тингладим...
Юзлаб ота-оналарга фарзандлари билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш учун педагогик маслаҳатлар бердим...
Мен бу ота-оналарнинг фарзандлари билан боғлиқ муаммоларининг илдизида нималар ётганини тушуниш учун кечаю кундуз курашдим.
Ниҳоят, болани жазо билан тарбиялашга уринишнинг оқибати катта умидсизлик эканлигини тушундим. Жазо боланинг кичиклигида натижа берса-да, улғайганида, минг афсусга сабаб бўлади.
Модомики, бу кичик бир хато экан, у ҳолда нега кўпчилик болалар тарбиясида жазодан фойдаланмоқда? Жазосиз тарбиялаш мумкинлигини эшитгач, «Менимча ундай эмас», дея нотўғри ёндашадилар. Бу саволнинг жавоби эса аслида, жуда аянчли..
Жазо билан тарбияланган катта ёшдагиларнинг жазосиз тарбия бўлиши мумкинлигига ишонишлари деярли мумкин эмасдай эди. Чунки бу одамлар жазосиз қолишни тарғиб қиладиган бўлсалар, улар аввало, ўз ота-оналарига қарши чиқадилар. Ўзларини, гўё уларни айблагандек ҳис қиладилар. Уларнинг нотўғри қилганларини ўйлаш мажбуриятида қолардилар. Бу оддий бўлиб кўринадиган келишмовчилик домино тошини ташлаб юборишдек бир гап эдики, учи кишининг ўзигача келадиган ва «яхши тарбияланмагани» каби ҳақиқатга юзлаштирадиган бир таъсирга эга эди. Бу унинг бутун шахсиятини қайта кўриб чиқишни англатади.
35 ёшли бир аёл 9 ёшли ўғлининг беқарор хатти-ҳаракати бўйича маслаҳат сўраш учун келганди.
Онанинг сўзларига кўра, бола уй вазифасини ўз вақтида бажармаган. Уйда доимий равишда огоҳлантириш, танбеҳ ва баъзан низолар мавжуд бўлган. Онани узоқ вақт тингладим, у боласидан деярли тўйган, золим она бўлиб кўринишдан безовта эди. Оиладаги муаммоларни оила ичида сақлаб қолишга қанчалар уринмасин, ўғлининг отаси олдида ғайритабиий хатти-ҳаракати уни хижолатга солар, асабларини бузарди. «Энди ўғлимга на насиҳат кор қилади ва на жазолар», деди.
Она айтадиган гапларини айтди, ичидагиларни тўкиб-солди...
Қизиқ, боланинг ўз дунёсида нималар бор эди? Бу гал уни тингламоқ учун ота-онасини ташқарига чиқариб юбордим.
Бола «Тўйиб кетдим!» дея гап бошлади. «Онамнинг ҳамма нарсадан жаҳли чиқади, бундай қилма, дейди, ҳамма нарсага аралашади. Агар унинг айтганини қилмасам, дарров «Жазоланасан, бор хонангга», бироз шовқин қилиб ўйнасам, «Гапирмайман сенга, энди ҳеч нарсага аралашмайман», ўқитувчи бирор смс ёзса, «Бугун телевизор кўрмайсан», уй вазифамни бажармасам, «Бугун ташқарига чиқишинг тақиқланади!» деяверадилар. Шунақанги тўйиб кетдимки, задаман, зада...»
Она боладан тўйган, бола эса онадан. Мана, жазонинг салбий натижаларидан бири яна қаршимда турарди.
Зеро, жазо олганни ҳам, берганни ҳам бир-биридан бездиради. Бирмунча вақт ўтгач эса жазоловчи ўз хатоларини яна жазолаш билан тузатишга уринаётганини, жазоланувчи шахсни доимий равишда йўналтириш, бошқариш ва назорат қилишнинг айёрона йўлига ўтиб қолганини англай олмай қолади. Бундай аёвсиз йўлга кирган одам бироздан кейин босим ва назоратдан воз кечса, ҳаммаси издан чиқиб кетади, деган хавотирда бўлиб қолади.
Психология бизга инсоннинг энг маъносиз ҳаракатлари «Бошқа одамни назорат остида ушлаб туриш» эканлигини ўргатади.
Чунки инсонлар эркинликка мойилдир... Назорат остида ушлаб туришга ҳаракат қилинганда, улар асабийлашади, жиззаки бўлиб, шахсияти бузилади, ҳудуддан ташқари хатти-ҳаракатларга мойил бўлади. Бола тарбиясида тўғри нуқтаи назар – болани назорат остида ушлаб туриш, уни бошқариш эмас, балки босқичма-босқич ўзини бошқаришга ёрдам беришдир. Фарзандларини бошқариш учун доимий назорат ролини ўз зиммасига олган ота-оналар, бирмунча вақт ўтгач, бунинг иложи йўқ эканини тушуниб етади. Буни англаб етгунга қадар ўтадиган вақт бола ва ота-она ўртасидаги муносабатларни бузади...
Боланинг эркинликка бўлган эҳтиёжи унинг ривожланишининг мутлақ шартидир. Бу ҳашамат эмас, балки заруратдир. Кейинги ёш даврига ўтиш учун болага эркинлик керак. Уни назорат остида ушлаб туриш, ёш даврида чеклаб қўйиш ҳиссий ва ақлий ривожланишига тўсқинлик демакдир.
Ўн ёшга тўлган боланинг ҳали ҳам бирор ишни мустақил бажара олмаслиги, доимо онага эҳтиёж сезиши, ёшига мос муаммоларни ўзи ҳал қилиш ўрнига ёрдам сўраши, эркинликнинг у ёки бу сабаби билан тўсқинлик қилиниши билан боғлиқдир.
Фарзандини жуда яхши кўрадиган ва уни энг яхши тарзда тарбиялашга интилаётган онанинг 7 ёшли ўғли мактабда дўстлари билан муаммога дуч келган. Бола ҳар куни эрталаб мактабга бормасликни илтимос қиларди. Ўз муаммосини ёлғиз ўзи ҳал қила олмаслигини тушунган бу она педагогик маслаҳат олишга қарор қилди.
Онаси фарзандига, гўё қаттиқ боғлангандек эди. Ўша кунгача бола ўзича ҳеч нарса қилмаган, эркин бўлолмаган, онасининг соясида тарбияланган.
Онаси билан ёлғиз қолганида ташқи дунё қанчалар шафқатсиз экани, одамларга кўп ишонмаслик, ўз оёқларида мустаҳкам туриш кераклигини англади. Шубҳасиз, бу она ўз фарзандини ташқи дунё муаммоларидан ҳимоя қилмоқчи эди. Бироқ у қўллаган усул болани мустаҳкамламади ёки мустақил қилмади. Аксинча, унинг ўз ички оламига қамалиб олишига йўл очганди.
Фарзандларини ҳимоя қилиш учун ҳар доим қанотларини ёйиб, уларга нимадир бўлишидан хавотир бўлган ота-оналарнинг фарзандлари, улар кучли кўринса ҳам, чуқур ташвишланиш хусусиятига эгалар. Бундай болалар меҳр-муҳаббат билан ўсган тақдирда ҳам ташқи дунёга нисбатан заиф, кучсиз ва уятчандир.
Кўпгина ота-оналар фарзандларини ҳимоя қилиш тўғри эмаслигини билишса-да, улар ўз ташвишларидан халос бўлолмайдилар ва фарзандларининг ривожланиши учун зарур бўлган эркин муҳитни таъминлай олмайдилар. Чунки болалиги босим остида ва чекланган эркинликларда ўтган инсонлар ота-онага айлангандагина руҳий муаммоларини ҳис қила бошлайди.
Гарчи оддий кўринса-да, бу муаммони огоҳлик ёки билим даражасини ошириш орқали ҳал этиб бўлмайди.
Болаликда бошланган ҳиссий муаммоларни ҳал қилиш билиш ва ўрганиш орқали эмас, балки шикастланган ҳис-туйғуларни тиклаш ва йўқолган ҳақиқий шахсни қайта шакллантириш орқалигина мумкин.
Баъзи ота-оналар, ҳатто ўз фарзандларига босим ўтказаётганларини ва уларнинг ривожланишлари учун зарур бўлган эркинликни чеклашларини билишмайди. Чунки бундай ота-оналар ўз фарзандлари учун барча нарсани қила оламан, деб ўйлайдилар, уларни ранжитадиларми ёки ғазаблантирадими, жазолаймидими, хонага қамаб қўядиларми, бунинг нотўғри эканлигини ўйламайдилар.
Чунки улар бу зерикарли можароларнинг барчасини фарзандлари учун қилаётганларига ишонадилар.
Кўпгина катталар учун боланинг нотўғри хатти-ҳаракатини жазолаш билан тузатишга уриниш дастлаб самарали усул каби кўринади. Аммо йиллар ўтиши билан бунинг натижасини кўриш жуда оғриқлидир.
Фарзандининг жиззаки ва жаҳлдор хулқ-атвори туфайли ёрдам сўраган она бу фактларнинг барчасини айтганимда, эътироз билдирди:
– Агар жазо нотўғри бўлса, мен ёмон одам бўлардим. Боиси ота-онам ҳам мени жазолашарди. Бироқ мен ёмон одам бўлмаганман, ҳаттоки ўзимни жуда яхши одамман, деб ҳисоблайман, – деди у.
Мен эса унга шундай дедим:
– Жазо инсонда яратадиган энг аниқ онгсиз хато – бу унинг яхши одам эканлигига ишониш мажбуриятидир.
– Қандай қилиб? – деди у.
– Фарзандларни жазо билан тарбиялаган одамлар ўзларини яхши одаммиз, деган ҳолда танитиш мажбуриятида қоладилар.
– Тушунмадим, – деди у тамомила ҳайратда қолиб.
– Мана бундай тушунтираман, барча жазо берувчилар буни ўз фарзандининг яхшилиги учун қилганларига ишонадилар. Масалан, уй вазифасини бажармаган ўқувчини жазолаган ўқитувчи ҳам шу муносабат билан ўша болани уй вазифасини бажаришга ундайди ва уни жазолаш орқали топшириқларни бажарадиган бошқа болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бошқаларнинг яхшилиги учун ҳаракат қилган бирор бир кимса ўзининг ёмон эканлигига ҳеч ишонадими?
Буни педагогик онглилиги юқори бўлган ўқитувчигина англайди. Сабаб нима бўлишидан қатъи назар, жазоланган бола ўзини хафа, ранжиган, руҳан жароҳатланган ҳамда камситилган ҳис қилади. Уй вазифасини қилмаган ўқувчининг жазоланиши, бошқа ўқувчиларни топшириқларни бажаришга ундаш эмас, балки «Агар уй вазифангизни бажармасангиз, сизда ҳам шундай бўлади», дея таҳдид қилишдир. Муваффақиятли тарбия – бу таҳдидлар билан эмас, балки ҳурмат билан амалга ошириладиган муносиб тарбиядир.
Аёл бироз тўхтади, ўйга толди.
– Аслида, бу ҳақиқат, жуда тўғри. Унда нега бундай ўйламай, нотўғри иш қилган болани тўғри йўлга солиш учун дарҳол жазолашга киришамиз? – дея савол берди.
Бу саволга жуда фожиали жавоб бор эди...
– Агар биз жазо нотўғри деб билсак, бу бизнинг ота-онамизга нисбатан бўлган эътиқодимизга зид бўлганимиздан далолатдир, – дедим мен.
– Қанақасига? – у тушунишга ҳаракат қиларди.
– Тушунтираман: жазоловчининг нияти қандай бўлишидан қатъи назар, алалоқибат жазо болани ранжитади, камситади... Жазо олаётганда ўзини яхши ҳис қила оладиган бола йўқ, тўғрими?
– Тўғри.
– Яхши. Болага жазо берган ва ранжитган кимса унинг ота-онаси ва ўқитувчиси бўлса, бола нимани ўйлаши мумкин, сизнингча?
– Нимани ўйлайди?
– Аслида, ҳеч нимани тушунмайди, қулфланиб олади... Ота-онаси жазо бераркан, ёмон бирор нима қилганига ишонишнинг ўрнига, ранжиса ҳам, камситилса ҳам ёши улғайгунга қадар ўзини айбдор ҳис қилади. Ва шу тарзда у ўзида онгсиз қарашни шакллантиради... Шу нуқтаи назарга кўра, жазо беришнинг тўғрилиги эмас, қаршисидаги кишининг «айбдорлиги» биринчи ўриндадир.
Сизга бир мисол келтираман:
Ўрта мактабнинг биринчи синф ўқувчисини ургани учун маҳкамага чақирилган ўқитувчи ҳақидаги хабарни ўқиган бир нечта катта ёшлилар билан бир жойда эдим. Бу кишилар:
«Майли, ўқитувчи хато қилгандир, аммо ким билади бола ҳам нимадир қилгандирки, ўқитувчи шунга мажбур бўлган», дея хабарга хулоса берардилар.
Улар зўравонликни нотўғри деб баҳоласалар ҳам бунга ишонадилар. Зеро, бу фикрни билдирганлар ота-онаси ва яқинларидан зарар кўрган инсонлар эди. Агар улар бошқача фикрда бўлсалар, ота-оналари, яқинлари уларни ҳақорат қилганликларини тан олган, уларни озор бериш ва хўрлашда айблаган бўлардилар. Натижасида, ушбу фикр уларда ғалати безовталикни келтириб чиқарди, эҳтимол, улар ўзларининг шахсиятларига шубҳа қила бошлагандирлар. Бу безовталикни бошдан кечириш ўрнига жазони меъёрлаштириш ва «Бу нима бўлибди, биз ҳам жазо билан ўсганмиз», дейиш осонроқ бўларди. Шундай шароитда болалигини ўтказган одамларнинг ақлий схемалари болага зарар етказишга эмас, балки хатти-ҳаракатларни тузатишга қаратилган. Бошқача қилиб айтганда, у ҳиссий ривожланишга эмас, балки хулқ-атворни ривожлантиришга йўналтирилгандир.
Фарзандининг асабий хатти-ҳаракати учун ёрдам сўраб келган бу она нисбатан масъулиятлироқ бўлишга ҳаракат қила бошлади. Бироздан кейин савол берди:
– Жазо бериш ёмон иш бўлса-да, барибир яхши томони ҳам борку! Боиси бу мени нотўғри ишлар қилишимдан сақлайди.
Ушбу онага ўхшаб, кўпчилик катталар жазонинг нотўғри эканлигини тан олсалар-да, ўз ўтмишларини шубҳа остига қўймаслик учун «Бу нотўғри бўлса-да, яхши иш бўлди», дея ўзларини овутишга ҳаракат қиладилар. Ҳолбуки инсон, тўғри хулқ-атворга уни камситиб, ранжитиш билан эмас, балки ҳурмат билан муносабатда бўлиш орқали эга бўлади. Бирида шахсиятни йўқотиш хавфи бўлса, иккинчисида ўзига ўхшаб завқланиш...
Ҳар икки ҳолатда ҳам бола тўғри хулқ-атворга эга бўлиши мумкин. Аммо бирида жароҳатланган ўзлик, иккинчисида эса шахсга ҳурмат билан эътибор қаратилиши лозим.
Жазони фарзандининг хулқ-атворини тўғрилаш қуроли сифатида қўллаган катталар бироз вақт ўтгач, зулмнинг миқдорини ошириб, зўравонликка ўтиб олишларини англамайдилар. Зўравонлик болага фақат жисмоний зарар бериш, уриш, калтаклашдангина иборат эмас. Зўравонлик муаммоси билан учта фан шуғулланади: тиббиёт, ҳуқуқ ва психология.
Агар зўравонликнинг таърифини тиббиётга нисбатан ишлатадиган бўлсак, унга кўра, зўравонлик инсонга «жисмоний» зарар етказишнинг аралашувидир. Тиббиёт тўқималарнинг шикастланишига қараб, шахснинг зўравонликка дучор бўлганлигини тушунишга ҳаракат қилади. Тиббиётга кўра, зўравонлик жисмоний хатти-ҳаракатдир. Мактабда ўқитувчиси томонидан зўравонликка учраган бола шифокорга боради, жисмоний назоратдан ўтади ва зўравонликка дучор бўлган-бўлмагани ҳақида хабар топади. Агар ўқитувчи ўз ўқувчисига из қолдирмайдиган тарзда жисмоний тазйиқ ўтказса, бу борада тиббиётнинг ўзигина етарли бўлмасди. Тиббиёт зўравонликни исботлаш учун аниқ жароҳатларга таянади. Агар аниқ зарар бўлмаса, бу ҳам қонун доирасидадир. Ўқитувчи ўқувчисини туртиб ёки уриб, из қолдирмаса, бу масала энди тиббиёт соҳасида эмас, ҳуқуқ соҳасига тегишли ҳисобланади. Қонун барча зўравонлик хатти-ҳаракатларини, у из қолдирмаслигидан қатъи назар, текширади, гувоҳларни тинглайди ва бу ҳаракат зўравонликми ёки йўқ, ҳал қилади. Бироқ, агар жисмоний зўравонлик бўлмаса ҳам болага психологик зарар етказилган бўлса, бу психология соҳасига оиддир. Психология инсон бошдан кечирадиган психологик зарар билан шуғулланади.
Агар ўқитувчи ўз ўқувчисига ҳеч қандай жисмонан куч ишлатмаган ҳолда камситишга ўхшаш ҳаракатлар қилган бўлса, психологик сўроқ остида бўлади. Психологияга кўра таърифласак, ҳар қандай камситувчи хатти-ҳаракат зўравонликдир. Ҳар қандай ҳиссий зарар зўравонликдир.
Зўравонликнинг таърифи тиббиётга нисбатан ишлатиладиган бўлса, психологик зўравонлик бир четда қолиб кетади. Шунинг учун, агар зўравонлик ҳақида гапирадиган бўлсак, жазо шундай ҳаракатдир. Боиси у камситиш ва, ҳаттоки хўрлашни ҳам ўз ичига олади.
Уй вазифасини бажармаган боланинг синфда дўстлари кўз ўнгида камситилиши жазо эмас, балки психологик зўравонликдир. Бу камситишдир. Бундай ўқитувчи ўқувчини уй вазифасини бажаришга мажбурласа ҳам натижа ўзгармайди. Бу камситиш билан ҳаракатланишдан бошқа нарса эмас.
Дарсга кеч қолган болани дўстларининг кўз ўнгида синфдан ҳайдаб юбориш ёки ҳисоб сўраш жазо эмас зўравонликдир. Укасини урган боланинг қўлидан тутиб, хонасига қамаб қўйилиши ҳам жазо эмас, зўравонликдир.
Буларнинг барчасини фарзандларининг ғайритабиий хатти-ҳаракатларини қандай тузатиш мумкинлигини сўраш учун келган ота-оналарга айтаман. Кўпгина ота-оналар жазо ҳам зўравонликнинг бир тури эканлигини қабул қилишлари қийин бўлади.
Фарзандининг нопок хатти-ҳаракати туфайли маслаҳат олишга келган онага буларнинг барчасини бирма-бир тушунтирдим. Аёл ўз фарзандининг нотўғри хатти-ҳаракатларини тузатишга қаратилган ҳукмрон муносабатини жазо эмас, балки «санкция», деб атади. Санкциянинг мақсади «Ҳар бир нотўғри хатти-ҳаракат учун жазо бўлиши керак», дея мантиқийлаштирилди. У буни «ўз манфаати учун» қилаётганини ва мақсади ёмон эмаслигини таъкидлади.
– Мақсадингиз яхши бўлса, болангиз ўзини камситилишига тўсқинлик қилмайди, – дедим.
– Ва у ўз мажбуриятларини бажармаса ҳам мукофотга лойиқ эмасми? – дея сўради у.
– Ҳа, ҳеч бир бола ўз мажбуриятини бажармаса ҳам камситилишга лойиқ эмас. Эътибор нега ўз мажбуриятини бажара олмаганлигига қаратилади. Балки хато сиздадир. Уйнинг ичида ҳеч ким ўзини масъулиятли тутмаётгандир. У мактабда ҳақоратланади. Бундай катта муаммога дуч келган бола қандай қилиб, диққатини жамлай олади ва ўз мажбуриятларини бажара олади. Шу каби ўнлаб имкониятларни кўриб чиқиш керак бўлса, нега энди муаммонинг илдизига етиб бормаслик керак. Нега фарзандингиз жиззаки бўлиб қолади. Бу каби тазйиқлар ва мажбурлашлар қаршисида у борган сари итоатсиз бўлиб боради. Натижада сизнинг ўзингиз ҳам ечим тополмай қоласиз. Жазоланган одам ўз ҳис-туйғуларини ҳимоя қилиш учун тажовузкор бўлиб қолади.
Агар бола ўз жазоловчисига қарши ҳимоя воситаларидан фойдалана олмаса, у «бўйсунувчи» бўлиб қолади. Итоаткорлик – бу ички қаршилик сукунатидан шаклланган «нофаол» хатти-ҳаракатдир. Масалан, золим ва муросасиз ўқитувчининг синфидаги ўқувчилар итоаткордир.
Уй вазифаларини ўз вақтида бажарадилар, дарсларини қунт билан ўрганадилар. Бу болалар ҳам муваффақиятга эришадилар. Бироқ мазкур муваффақият эвазига йўқотиладиган нарса – бу унинг шахсиятидир...
ЭҲТИЁЖ
Янги туғилган чақалоқни яшашга ундаган нарса нима?
Уни иштиёқ билан ҳаракат қилишга бошлайдиган куч қаердан келади?
Масалан, болани ўрнидан туришга ва гапириш каби жуда мураккаб хатти-ҳаракатни оддий нарсага айлантирадиган асосий мотив нима?
Эҳтиёж...
Хўш, эҳтиёж ўзи нима?
Эҳтиёж – бу йўқлигида етишмаётган ва қондирилганда енгиллик ҳиссини уйғотадиган ҳамма нарсадир. Бу ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.
Ҳар бир ривожланиш даврида боланинг янги эҳтиёжлари мавжуд.
Мария Монтессори буларни «сезувчанлик даврлари», деб атайди.
Мотессорининг фикрига кўра, боланинг ҳиссий дунёсида маълум вақтларга боғлиқ бўлган «ички стимуллар» мавжуд. Бу стимуллар вақти келганда ҳаракат қилиб, «ҳаракатлантирувчи куч» ҳосил қилади.
Эҳтиёжлар «ўз вақтида, етарли даражада ва сўзсиз» қондирилса, руҳий енгиллик ва кенглик ҳолати юзага келади.
Қондирилмаган ёки шартланган эҳтиёжлар боланинг асабини таранглаштиради, безовта қилади ва ўз эҳтиёжларини қондириш учун асабий бўлишга йўл очади.
Бола 2-3 ёш эканида нарсаларга тегинишга эҳтиёж туғилади. У атрофидаги нарсаларга қўл орқали тегиб, танишиб олишга ҳаракат қилади. Гоҳида стол, баъзан стакан, гоҳ деразадаги нақш, баъзан эшик тутқичи... У буюмга қанчалик бемалол тегина олса, шу қадар кўнгли хотиржам тортади. Ўзига нисбатан ишонч туйғуси ҳосил бўлади.
Юқори даражадаги фикрлаш салоҳиятига эга бўлган ота-оналар боланинг бу каби истакларини ҳис қила оладилар ва эҳтиёжларини тўсиқларсиз қондиришга ёрдам берадилар. Улар деразадан кўрган ва қизиққан нарсасига қўл чўзмаслиги, ўша буюмни олмаслиги учун болани чалғитиш ўрнига, у билмоқчи бўлган ҳар бир нарсани боланинг бармоқчалари орасига бемалол жойлашга интиладилар.
Эътиборсиз ота-оналар 2 ёшли фарзандига уйдаги тортмаларни тортиб кўришига йўл қўйишмайди, болани тўполончиликда айблаб, атрофдаги нарса-буюмлар билан танишишга изн беришмайди.
Шунингдек, улар қондириб бўлмайдиган эҳтиёжлардан келиб чиқадиган боланинг жиззакилигини «шўхлик» ёки «эркалик», деб ўйладилар. Бироқ боланинг мақсади на ота-онадан фойдаланиш ва на атроф-муҳитга тажовузкор муносабатда бўлишдир. У фақат ўз эҳтиёжларини қондириш учун жуда муҳим ишларни бажарадиган ҳурматли шахсдир.
Яна бир мисол келтирсак:
Болаларда «тартибга сезгирлик» 3-4 ёшгача ривожланади... Бу ёшда бола қаергадир яширинишга, ўзи топган бўшлиқларга киришга интилади...
Бу баъзан чодир каби ўриндиқлар бир-бирига яқин бўлган бурчаклар орасига яшириниш сингари кўринади. Баъзан яшаш хонасида стол остига кириб, у ерда ўйнаш сингари кўринади. Катталар учун маъносиз бўлган бу хатти-ҳаракат, бола учун қондирилиши керак бўлган эҳтиёждир. Бу ёшдаги болалар ўзларининг ривожланиш эҳтиёжларини белгиланган ҳудудда яшириниб, шу ҳудудда тартиб ўрнатиш орқали тўлдирадилар. Шундай қилиб, бола ҳаёт майдонида тартибга оид ютуқларга эришади.
Ҳушёрлиги юқори бўлган ота-оналар фарзандларидаги бу сезгирликни эътибордан четда қолдирмайдилар, уларни қўллаб-қувватлайдилар.
Масалан, шу даврда фарзандларига уйда ўрнатиш мумкин бўлган чодирлар сотиб оладилар, маиший майдончалар яратадилар, уларнинг капалак сингари ўзлари учун пилла ҳосил қилишларига ёрдам берадилар ва ривожланиш даврини қўллаб-қувватлайдилар.
Ҳар бир ривожланиш даврида фарқ қилувчи эҳтиёжлар қанчалик сўзсиз қондирилса, бола шунчалик хотиржам, сокин бўлади.
3 ёшли фарзандининг қайсарликлари туфайли қийналган она маслаҳат сўраб келди. Нима бўлганига қизиқсам:
– Асти сўраманг! Ўғлим шу ёшда жуда жаҳлдор бўлиб қолган. Масалан, у сув истайди, мен бераман. У стаканни қўлимдан олишга ҳаракат қилади, мен уни ушлаб тураман. Агар стаканни ўғлимга бутунлай берсам, у тушиб кетиб, синади. Агар у синса, ўғлим жаҳл қилади. Мен берган сувни ичмайди, хархаша қилиб, шаталоқ отади. Қайнонамнинг айтишича, у худди отасига тортганмиш. Қайнонам ўз ўғлини тўполончилиги учун болалигида калтаклаганини ҳам айтади.
Ҳолбуки, бу она фарзандининг болаларча хархашалари сабабини турмуш ўртоғининг болалик даврларидан қидиришига ҳожат йўқ эди.
Бола ўз маҳорати билан ҳаётда яшашни истар экан, онасининг ташвишлари унга тўсқинлик қилади. Натижада, у ўзига тўсқинлик қилган одам билан кураш олиб борарди.
Боланинг курашишига асос онасини севмаслиги ёки ғазаби туфайли эмас, аксинча, ички йўналишининг қаршилигига учрамаслик учун кескин ҳаракат қилиши сабаблидир. Бунда болага стаканни бериб, ўз қўли билан сув ичишга ёрдам бериш унинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий ривожланишини сақлаб қолиш нуқтаи-назаридан муҳимдир...
ЭҲТИЁЖЛАРНИ ШАРТЛИ
РАВИШДА ҚОНДИРИШ
Бугунги кунда кўпгина ота-оналар фарзандларининг эҳтиёжларини тарбия воситаси сифатида ишлатишдан тортинмайдилар. Улардан хоҳлаган хатти-ҳаракатлар амалга оширилганда, боланинг эҳтиёжларини қондиришни нормал деб билишади ва ўзлари истамаган хатти-ҳаракатларни чеклайдилар. Бироқ боланинг (айниқса) «ривожланиш эҳтиёжларини» шартли равишда қондириш «суиистеъмоллик»дир. Педагогикадаги суиистеъмоллик – бу шахснинг кучсизлигидан маълум бир мақсадга эришиш воситаси сифатида фойдаланишдир.
Масалан, озиқ-овқат инсон учун эҳтиёж, заиф нуқтадир. Бу заиф нуқтадан фойдаланиб, болани тарбиялашга уриниш ғайриинсоний хатти-ҳаракатдир.
Ундан сўраганини қилинмаса, оч қолиши, ўзини хоҳлаганича тута бошлаганида, овқат бериш тўғри тарбия усули эмас. Сув боланинг энг асосий эҳтиёжидир, бу унинг заиф нуқтасидир. Болани сувсиз тарбиялаш қабул қилинадиган интизом эмас.
Боланинг эҳтиёжлари фақат очлик ва чанқаш эмас.
Бола айни пайтда «севилишга ва қадрланишга» ҳам эҳтиёж сезади. Болани оч қолдириш орқали тарбиялашга уриниш тўғри тарбиялаш усули бўлмаганидек, болани меҳрсиз қолдириб, уни тарбиялашга уриниш ҳам мумкин эмас. Боланинг эҳтиёжлари тарбияда восита сифатида ишлатилмайди. Эҳтиёжлар муқаддасдир ва бола нима қилишидан қатъи назар, сўзсиз қондирилиши керак.
Кўпгина ота-оналар бу сатрларни қабул қилмасликлари мумкин: «Мен севгини восита қилмайман», дея. Бироқ боладан хафа бўлиш, бола тўғри иш қилганда хурсанд бўлиш ва нотўғри иш қилганда бахтсиз бўлиш севгини воситага айлантиришдан бошқа нарса эмас.
Тарбияда ҳис-туйғулардан восита сифатида фойдаланиш, бирмунча вақт ўтгач, зерикишга олиб келади.
Қандай қилиб?
Ўн йиллик турмушида турмуш ўртоғидан қаттиқ бегоналашиб қолган бир хоним уларнинг аҳволини шундай сарҳисоб қилди: «Бирор сабабга кўра, жанжаллашиб қолганимизда, эрим муаммони ҳал қилиш ўрнига, ранжиб, ухлаб қоларди... Суҳбатлашиш учун ёнига борсам, акс таъсир кўрсатар, суҳбатлашмас, ортига ўгирилиб ётиб оларди. Аввалига бу менга оғир ботди, кўп йиғладим. Онамга қўнғироқ қилардим ва унинг айтган гаплари билан ўзимни юпатишга уринардим. Кейин кўникиб қолдим. У хафа бўлганида, ранжимасликни ўргандим. Мен тугалланмаган ишни тугатишга ёки телевизор кўришга мойил бўлиб қолдим. Бироз вақт ўтгач, мен эримдан аста-секин узоқлашаётганимни ҳис қилдим. Унинг ҳис-туйғулари энди мени ташвишга солмасди. Энди менга барибир. Мен, ҳатто унинг муносабатини ҳозир ачинарли деб биламан».
Турмуш ўртоғингиздан ранжиш – уни йўқлигингизга кўниктиришдир. Боладан ранжиш меҳрсиз бўлишга одатланишдир.
Шунинг учун ота-оналар бола нима қилса ҳам меҳрни, севгини восита сифатида ишлатмасликлари лозим.
Баъзи ота-оналар: «Боланинг нотўғри қилмишидан аччиқланмасак, у нима тўғри, нима нотўғри эканлигини қандай ўрганади?» дейишади. Сизнинг гапларингизни эшитаётганга ўхшайман. Бу фикр жуда фожиали.
Бугунги кунда кўплаб ота-оналар ўз фарзандларини меҳр билан тарбиялашга одатланганлар, улар бу воситани йўқотиб қўйганларида нима қилишга ҳайрон бўлиб қолишади. Бола тарбияси уни севгисизлик билан пушаймон қиладиган хатти-ҳаракатлар эмас, балки бола билан «хавфсиз алоқа» ўрнатиш ва унга «таъсир қилиш» орқали амалга ошириладиган ҳурматга тўла турмуш тарзидир. Бундай турмуш тарзи ҳам болага ўз қадрини ҳис қилишга ёрдам беради.
Боланинг шахсияти ўз қадр-қимматини ҳис қилган сари ривожланади. Бу ўринда жазонинг шахс ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини англай оламиз.
Зеро, жазо – қадрсизлик ҳисси асосида қурилган тарбия усулидир. Жазо сабаб бола ўзини қадрсиз ҳис қилади.
Мактабда ўқувчисидан жаҳли чиққан, уни мимикаси билан камситган, ножўя хатти-ҳаракатлари учун ташқарига ҳайдаган, бир оёғи билан доска олдида кутишга мажбур қилган муаллим болага ўзини қадрсиз ҳис қилдириб, руҳини синдирадиган ўқитувчидир. Боланинг қадрият эҳтиёжларини мактаб таълимида воситага айлантириш ҳам болаларга нисбатан зўравонлик, ахлоқсиз хатти-ҳаракатдир.
Кўпгина болаларнинг асабий хатти-ҳаракатлари негизида қадрсизлик туйғуси ётади. Бола ўзини қадрсиз ҳис қилгани сари жаҳли чиқади, тангликни бошдан кечиради. Эҳтиёжлар сўзсиз қондирилса, маънавий енгиллик пайдо бўлади, сўнгра унинг эҳтиёжини қондирувчи одамга яқинлик ҳисси пайдо бўлади.
Шундай қилиб, бола ўзини хавфсиз ҳис қилади. У ўз эҳтиёжини қондирадиган одам билан боғлана бошлайди.
Боланинг катталар билан ўзини хавфсиз ҳис қилиши жуда муҳимдир.
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ота-она ва эҳтиёжлари сўзсиз қондириладиган бола ўртасида «хавфсиз алоқа» шаклланади. Бола ва ота-она ўртасидаги бу алоқа тарбияни осонлаштиради. Бу енгиллик таълим жараёнининг болага босим ўтказмасдан, жазога муҳтож бўлмасдан ишлашда асосий роль ўйнайди. Акс ҳолда, эҳтиёжи шартли қондирилган болаларда жиззакилик, ўжарлик ва безовталик пайдо бўлади.
Бола ва ота-она ўртасидаги бу ҳолат «бирикма бузилиши», деб аталади. Фарзандлари билан ишончсиз муносабатда бўлолмайдиган ва уларга беихтиёр муносабат билдира олмайдиган ота-оналар ушбу икки аёвсиз доирадан бирига тушиб қолишади. Боланинг асабий хулқ-атворига путур етказмаслик учун уни бостириш, қўрқитиш ва керак бўлганда калтаклаш ёки боланинг жиззакилигига ён бериш орқали муаммони ҳал қилишга уриниш.
Биринчи вазиятда ота-оналар ўз тарбия услуби билан фарзандларини асабий, жиззаки қилиб қўяди ва улар орасидаги алоқа янада бузилади. Айниқса, ўсмирлик даврида бола унга босим ўтказаётган ота-онаси олдида ноқулай бўлади, ичида ғазабни ҳис қила бошлайди. Ота-онасига нисбатан салбий ҳис-туйғуларини билдира бошласа, бу ўзаро ришталар узилиб бораётганидан далолат беради. Бу унинг қалбида «ота-она» туйғусини йўқотаётганидан даракдир.
Иккинчи ҳолатда эса бола ота-онаси билан алоқани бузмаслиги мумкин, аммо бирмунча вақт ўтгач, итоатсиз бўлиб қолади.
Мен саккиз ёшли қизнинг доимий нолишидан шикоят қилган отани учратдим.
– Қизим ниманидир хоҳласа, баъзида лабларини буруштириб, йиғлай бошлайди. Ўша пайтда мен шунчалик асабийлашаманки, тушунтириб беролмайман. Истакларини муносиб сўзлар билан ифодалаш ўрнига йиғлайвериши асабларимни бузади.
– Бундай вазиятларда нима қиласиз? – дея сўрадим мен.
– Балки мен ноҳақдирман. Аммо бундай ҳолларда мен бармоғимни кўтариб, тик туриши билан: «Йиғлама! Мен билан йиғламасдан гаплаш!» дея бироз қизишаман.
– Яъни қандай? Йиғлагани учун хафа бўласизми ёки жаҳлингиз чиқадими?
– Агар ростини айтишим лозим бўлса, йиғлайдиган одамларни яхши кўрмайман. Мисол учун, аёлимнинг ҳам йиғлашини ёқтирмайман. Отас
