Millat qiziga
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Millat qiziga

Раҳима Шомансурова

Миллат қизига


Биз аёлмиз!
Оламга, Одамга, Оилага жиддий
қараш, етмиш икки томиримизни
покиза тутиш бизга момомерос!
Дилимиз пок бўлса, ўзимиз ҳам,
сўзимиз ҳам пок бўлади.
Буни англаб етишдан қайси ёшда
бўлмасин, ҳеч биримизни бенасиб
қилмасин!

ҚАЛБИМИЗ ЮКИ ЭЗГУЛИК
БЎЛСИН


Яратганга шукрким, маънавияти бой ўзбек
аёллари доимо ўзларидан чиройли ва ёниқ
хотиралар қолдиришган.
Бу асрда ҳам уларнинг издошлари кўплигига
ифтихорим баланд ва шукр қиламан.
Ўтган асрнинг ярмидан кўпини кўрдик,
бу асрда ҳам яшаб, асрларни боғловчилар
сирасидан жой олишга мушарраф бўлдик,
иншаоллоҳ.
Аёл зоти ҳаётдан изсиз кетмаслиги
ишончини, шу буюк ҳақиқатни юраги тўрида
сақлаб келадиган аёллар маънан жуда бой
бўлишини кўп кузатганман.
Бундай аёллардаги фидойиликни, кўзларидаги
тиниқликни кўриб, қалбим оройиш олган дамларни
эсласам, Яратган мени яхши одамлар билан кўп
учраштирганига беадад шукрлар айтаман.
Улар ҳақида кўрган-билганларимни
бўрттириб эмас, фахр билан ёздим.

МУАЛЛИФ


Аёл – ўқилмаган
китоб


Оиланинг устуни бўлиш, фарзандларга
яхши тарбия бериш зиммасига
юклатилган аёл учун оқилалик нақадар зарур.
Аёлга ҳурмат ва эъзозни ўз иззатини
тийиб туриш, ўзлигини нечоғлик
англаш беради.
Фарзанд тарбиясидаги минг бир яхши
усулни танлашни ҳам онага ўз ҳурматини
билиш, сабрлилиги, бардоши,
саботи кўрсатади.


Сабот

Эри уни шундай севар, шундай эъзозлар эдики, атрофдагиларнинг ҳаммаси бу аёл бахтига ҳавас қилишарди. Эрининг шу вақтгача сақлаган биринчи муҳаббат эҳтироси, фидойилиги эвазига аёл кўзларида ҳам озгина бўлса-да шундай эҳтиросли севгининг, яқин кишисига меҳрибонлик, ғамхўрликнигина эмас, бир вақтлар чақнаб турган садоқатли севгининг ёлқинини кўришни истарди. Лекин бунинг ҳеч қачон содир бўлмаслигини билгани, ишонгани сари хотинига бўлган севгиси тобора илоҳийлашаверарди. Ҳа, у хотинининг кўзида ўзига нисбатан ишқ ёлқини ҳеч қачон ёнмаслигини билади. Бунга ўзи сабабчи, бу ёлқинни ўзи сўндирган…

Бир вақтлар ўзга хотин билан илакишиб кетганида қариндош-уруғлари, ака-укалари, ҳатто фарзандлари ундан кечмоқчи бўлганларида мана шу ғурури таҳқирланган аёлгина ўзини ҳеч нарса билмагандек, ҳеч нарсани сезмаётгандек тутди.

Биринчи муҳаббатнинг топталгани, дилидаги ишқ ёлқинининг дунёдаги энг яқин кишиси томонидан абадийга сўндирилганини билгани ҳолда фарзандларини отасининг поклигига ишонтира олди, улар кўз ўнгида унинг оталик ҳурматини тиклай олди, қариндош-уруғларининг ундан кераксиз матоҳдек юз ўгириб кетишларига йўл қўймади. Ёлғиз ўзининг саботи билан ҳаммасига қалқон бўлди.

Баҳорги дарё тошиб, охир ўзанига тушиб олганидек, тошқинли йиллар ўтди.

Фарзандлар катта бўлди, оила қурди. Бироқ уларнинг ҳеч бири ўша вақтда оналарининг дилидан нималар кечганини билгани йўқ. Уларнинг ҳеч бири оналарининг кўнглида ҳозир нима бор – билмайди.

Аёл сабот ва бардош билан эришган бу куннинг қад­рини, унинг қалби буюклигини фақат эригина билади ва бебош ўтган у йиллар эвазига ҳам уни ўн чандон ортиқ севади, ардоқлайди.

Кошки, бу маъсум кўзларда қайта ёлқин кўра олса!

Аёл

У битта корхонанинг раҳбари.

Иш вақтида юз чоғли киши унинг амри билан иш кўради. Кимларгадир буйруқ беради, кимларгадир меҳр улашади, кимнидир койийди. Ҳар сония у юз чоғли кишининг кўзи ўзида эканини, ҳаёти унинг изми билан ўтаётганини ҳис қилиб туради. Бундай мушкул юкни кўтариш нақадар оғир эканини ҳис қилган дамлари кўп бўлган. Ҳамманинг кўзу қошидан нарида, якка-ёлғиз тоғу тошларда оҳудек яйраб-яйраб юргиси келган вақтлари ҳам кўп бўлган. Лекин у кўпга бош эканини ҳеч қачон унутмаган. Ирода ва асабнинг узун-қисқа тизгинларини тўғри ва аниқ бошқариш унинг қўлидан келади. Фақат баъзан бу тизгинлар унга бўйсунмай қолади.

Бу аксарият кечки пайт содир бўлади.

Автобусдан тушиши биланоқ бекатда турган болаларини бағрига босиб, бу тизгинларни уларга топшириб қўяди. Бояги бир сўзлик раҳбар кичкинагина гўдакка айланади гўё. Шундан ҳузур қилади ҳам. Ўғилчаси унинг қўлидаги сумкасини олади, қизчаси оғзига гилос солиб қўяди. Яна бири гул тутади. Уйга келгунича гап мазмунини англаб бўлмайди. Чуғур-чуғур… Бу дунёда қизи берган гилосдан тотлироқ, эри тутган иссиқ чойдан мадорбахш ҳеч нарса йўқ! Шулар сенинг бахтинг, шулар сенинг ҳаётинг, дейди унга ички бир овоз. Елиб-югуриб шуларга бир тотлироқ таом тайёрласам, дейди. Лойиғини топа олмай қийналади. Улар оғзидан чиқаётган талаб эса арзимагандек бўлиб туюлаверади. Тизгинлар тамом йўқолади. Бир муҳаббат тизгинигина қолади, холос. У ҳаммани баробар қилиб қўяди. Бу тенглик дилини эркалайди, яйратади.

Эртасига яна юз чоғли кишининг кўзи ўнгида эканини ҳис этиб туради. Бу юкни кўтариш мушкул, лекин яқинларидан олган меҳр-муҳаббат қуд­рати унга ёрдам беради ва шу меҳр-муҳаббатни одамларга улашишга ҳам ундайди.

Биллур синди

Тўйдан кейинги ойлар эди. Олам иккисининг ҳам кўзига чунонам гўзал кўринар эдики, келин ҳам, куёв ҳам ўзларини бахтиёрликдан сархуш ҳис қилар эди. Улар бу ширин дамларнинг бениҳоя узоқ, умрларининг охиригача давом этишини исташарди. Йигитнинг шивири жуда эҳтиросли, келин кулгиси жилға мисол шўх, биллур мисол жарангли эди.

Бир куни келинни кўргани қариндошлари, дугоналари келишди.

– Куёв тўранинг олиб келаётган совғаларини олиб чиқ, кўрайлик! – дейишди улар суҳбат орасида.

– Ҳамма нарсамиз етарли, совғани нима қиламан? – кулди келинчак.

– Демак, у сени севмас экан. Агар севса, бор-йўқлигига қараб ўтирмасди. Бошингдан зар сочса арзийдиган қизсан-а! Шунчалик ҳам гўл бўласанми? Талаб қилсанг бўлмайдими?

Атроф шу қадар оддий, нурсиз бўлиб қолгандек туюлди. Келинчак ўзини бирданига бошқа, нотаниш оламга тушиб қолгандек ҳис қилди…

– Мени севасизми ўзи? – биринчи бор сўради у ўша куни тунда.

Бундай саволни бериш илгари келинчакнинг хаёлига ҳам келмаган, куёв учун ҳам ёз ўртасидаги момақалдироқдек туюлди.

У келиннинг овозида гумон сезди.

Кутилмаганда биллур синган эди. Уни келиннинг энг яқин кишилари синдириб кетишганди...

Дарз

Киши кўнглидек нозик нарса бўлмаса керак. Бир гап билан тоғдек кўтарилади, бир гап билан чил-чил синади.

Келиннинг бу хонадонга тушганига анча бўлди. Жуда қувноқ ва аҳил оила. Дастурхон устида ҳамиша гурунг. Шундай гурунгларнинг бирида гапдан-гап чиқиб, қайнона бўлмишнинг қайсидир боласининг «гуноҳ иш» қилиб қўйгани учун таъзирини бериш маъносида қорга ўтқазиб қўйганини гапириб беришди. Бу гап қизиқ устида, кулиш учун айтилган эди. Ҳамма кулди ҳам. Ҳатто ўша жазони олган бола – эндиликда катта бўлиб қолган йигит ҳам ҳаммага қўшилиб кулди. Тезда мавзу бошқа томонга бурилиб, бу воқеа унут бўлди ҳам. Фақат келингина унута олмади. Анча ўтгач, қайнонадан секин сўради:

– Ростдан ҳам шундай қилганмидингиз, ойижон?

– Нимани айтяпсиз, болам?

– Ҳалиги… қорга болангизни ўтқазиб қўйганингиз ростми?..

– Ҳа, гуноҳи бўлгандирки, ўтқазгандирман, – деди кулиб қайнона.

Келин кўнглида нимадир дарз кетгандек бўлди. Қўлидаги боласини бағрига қаттиқроқ босди.

Ялтадаги икки дарахт

Кўпинча шундай бўлади: бир мартагина кўрган, эшитган ё қулоғингга чалинган нарсаларни бир умр эсингдан чиқара олмайсан…

Ялтадаги Ботаника боғида ғоят чиройли бир дарахт бор экан. Шу дарахт вақти-вақти билан пўст ташлар экан… Гўё чиройини кўз-кўз қилмоқчи бўларкан. Номи ҳам ғалати – «Беҳаё». Айримлар уни «Курортчи аёл» деб ҳам аташаркан. Ўтган-кетганлар номини эшитиши биланоқ қизиқишлари ортиб, албатта, қайрилиб қарашади, ёнида анча тўхтаб, мийиғларида сермаъно кулиб, қўлларини дарахт танасига теккизиб кўришади, силашади, сездирибми, сездирмайми пўс­тини шилганлар ҳам бўлади.

Шу боғда яна бир дарахт бор. Номи – «Йиғлаётган мажнунтол». Ҳақиқатда ҳам бизнинг мажнунтолимизга ўхшаб кетаркан, бироқ барги қуюқроқ ва игнали. Бошини эгиб, маъсумгина, бирам латофатли турибди. Жуда чиройли. Бироқ ҳеч ким унга яқинлашишга юраги дов бермайди. Ҳеч ким ҳатто эсдалик деб, унинг мингйиллик беҳисоб баргидан биттасини юлиб олаётгани йўқ. Шу муқаддас дарахтдан хотира бўлсин деб, унинг соясида суратга тушишяпти, холос. Олимларнинг айтишларича, бу – дарахтнинг дунёдаги ягона нусхаси эмиш. Аввало шу дарахтни асраб, умрини узайтириш, имкон бўлса, кўпайтириш ҳақида кўп олимлар бош қотиришаётган эмиш…

Ўйлаб кетаман… Самарқанд, Хива, Бухоро, Тошкентдаги осори атиқалар ҳам дунёда ягона нусхада. Лекин қўйиб берса, кўчириш мумкин бўлган тош парчаси борки, одамлар кўчириб, хотира сифатида дунёнинг ҳар чеккасига олиб кетиш пайи­да бўладилар. Кишиларнинг психологияси қизиқ: дунё­даги ягона ҳисоб­ланган нарсанинг қумдек зарраси бўлса ҳам унда бўлиши шарт!

Ажабо, бу дарахтга эса қўл теккизишга ҳам ботина олишмаяпти…

Кўзим шу икки дарахтда-ю, хаёлим яна ўзга дунёда: оиланинг қанча кўп чанги чиқса, шунча кўп кулги бўлади. Бир марта оғизга тушиб, сирини ошкор қилиб қўйганлар ҳақида кўплар аямай гапираверади. Шу масалани муҳокама қилишга ло­йиқлар ҳам, шунга маънан ҳаққи йўқлар ҳам. Ўша оиланинг гўё мана шу «Беҳаё» дарахтига ўхшаб пўс­тини тобора шилаверадилар, тобора яланғочлайверадилар...

Оилани муқаддас билиб, сир олдирмаганларга эса ҳурмат билан боқишади, мана бу мингйиллик игна баргли мажнунтол каби маъсум дарахт каби тил теккизиш у ёқда турсин, бирон игнасини олишга ҳам андиша қилишади, шунинг ўзи билан унинг умрига умр қўшишади.

Хазина

Улар яқинда кўчиб келишган. Ҳали кўп қўни-қўшниларни танишмайди. Аёл чақалоғи билан овора. Баъзи-баъзида болани аравачага солиб сайрга олиб чиқишини демаса, эшикка чиқмайди ҳам. Боғчага болаларини эри ишга кетаётиб ташлаб кетади, кечқурун яна ўзи олиб келади. Кўп ўтмай, болаларни аёлнинг ўзи олиб борадиган бўлди. Икки боланинг қўлидан ушлаганича уларни шоширар, дамодам орқасига қайрилиб, иккинчи қаватдаги ўз деразасига қулоқ соларди. Кечқурун ҳам шундай шошиб келар, баъзида болаларнинг зинадан секин чиқишларига сабри чидамай, ўзи уйда ёлғиз қолиб йиғлай бошлаган чақалоғи томон чопиб кетарди. Қор-ёмғирли кунлар баъзида чақалоғини ҳам ўраб-чирмаб чиқарди. Бундай ҳол кўп давом этмади. Қайтишда ҳам бамайлихотир болаларининг қизиқ-қизиқ саволларига жавоб бериб, уларни кулдириб келадиган бўлди.

Орадан кўп ўтмай, эри хизмат сафаридан қайт­ди. Болаларини боғчага яна ўзи олиб борадиган бўлди.

Якшанба куни улар меҳмонга кетаётиб, бир нуроний аёл билан учрашганда:

– Ким бу кекса аёл? – деб сўради йигит хотинидан унинг бу нуроний аёл билан самимий сўрашиб, алоҳида ҳурмат кўрсатаётганига эътибор бериб.

– Хазина! – деб жавоб берди аёл ва кампир ортидан меҳр билан қараб қолар экан, бўлган воқеани сўзлаб берди.

Эри хизмат сафарига кетгач, қиш эмасми, болаларини боғчага олиб бориш, олиб келишга анча қийналибди. Чақалоқ ухлаб ётган бўлса, уни ташлаб, жонсаракликда югурганларини, уйғоқ бўлса, ҳаво ёғиб турганига қарамай, чақалоқни йўргаклаб бирга олиб чиқишга мажбур бўлганини қаршиларидаги уйда турадиган мана шу кампир сезиб қолибди. Кексаларга хос огоҳлик ва бағрикенглик билан кунда эрталаб ва кечқурун уларникига чиқиб турадиган, чақалоқни ёлғизлатмайдиган бўлибди.

– Ажойиб аёл экан! Ҳақиқатда ҳам хазина! – деди эри ҳам кампир ортидан меҳр билан тикилиб қоларкан.

Кампир билан келин

Тоғ бағридаги шинамгина қишлоқнинг бу хонадонида ҳаммадан эрта янги келин билан саксондан ошган Чинни буви уйғонишади. Кампир келин обдастадан қуйиб турган сувда уни дуо қилиб ювиниб олади-да сўридаги кўрпачага чиқиб ўтиради. Аста тасбеҳини ўгира бошлайди… Келин кавушини ғарчиллатиб, атлас кўйлагини ҳилпиратиб ҳовлига сув сепади. Самоварга ўт ташлайди. Энди ҳовлини супурай деганида:

– Болам, кечқурун ток баргига ўсма ўраб қўювдим-а! – дейди кампир.

Келин пиёлани тўнкариб, тўлдириб ўсма эзади.

– Қўйиб олинг, болам, қошингиз сув ичади, – ундайди уни Чинни буви.

Тўрт марта чўп тортиш билан келиннинг қаламдек текис, қоп-қора қошлари яшнаб кетади.

Келин чўпни кампирга тутади.

Кампир ҳарчанд уринмасин, чўпдаги ўсма суви ҳеч қошига инмайди. Ўсма суви кампирнинг қош­ларига эмас, сонсиз-саноқсиз ажин изларидан унинг пешонасига, қовоқлари оша юзларига таралади. Бу кўкимтир чизиқлар шундай кулгилики, келин ўзини тутолмай кулиб юборади. Тоғ жилғасининг қиқирлашига ўхшаш бу кулгидан кампирнинг дили яйрайди. Шу кулгини эшитиш насиб қилганидан беҳад завқланиб, ўзи ҳам кулади. Унинг кулгиси овозсиз. Худди шом шафақига ўхшайди. У нур беҳисоб ажинлар бўлиб таралади унинг юзида.

Иккисининг кулгисидан уйғонган куёв беқасам тўнини елкасига ташлаб, ҳовлига чиқади. Уларга жилмайиб қараб қўяди.

«Қариси бор уйнинг париси бор», деб бекорга айтишмайди-да.

Баҳра

Ҳар куни одати шу: тўртинчи қаватга чиқиб, шу хонага киради-ю аввал деразаларни очиб юборади. Туни билан димиққан хонага ташқаридан тоза ҳаво ёпирилиб киради. У эса ойна олдида туриб, зиналардан чиққунича тез-тез ура бошлаган юрагини тинчитишга уриниб, чуқур-чуқур нафас олади. Шу туришида ташқарини кузатади, кўпроқ дераза олдидаги дарахт учларига узоқ ва ўйчан тикилиб қолади.

Бу – жуда чиройли, аммо мевасиз дарахт.

Ҳар куни шундай.

Бугун ҳам… Бирдан у юрагида тунда бошланган санчиқни ҳам унутди. Дераза рахига суяниб, сал энгашди. Ўз-ўзидан кўзларидан нур ёғилди.

– Вой, жонивор-а! Ниҳоят-а! – деди.

Лекин бу нидони ҳатто ўзи ҳам эшитмади.

Кечагина қорайиб турган куртакларнинг айримлари ёрилиб, оч яшил барг чиқарибди! Кўп ўтмай, мана шу яланғоч новдалар қуюқ барглардан кўринмай ҳам кетади.

Кечагина эди-я баргларнинг тўкила бошлагани. Аёл бу дарахтнинг барг чиқариш, сарғайиб тўкилиш жараёнини неча йилдан бери кузатади.

Ҳар баҳор ним яшил барг чиқаради бугунгидек. Барглар қуюқлашган сари ранги ҳам тўқ бўлиб боради. Новдалар ҳам бирмунча ўсади. Саратоннинг яллиғида одамларга соя беради. Кеч кузда эса ишлаб толиққандек сарғая бошлайди. Япроқлари битта-битта тўкилиб, биринчи аёзли қордаёқ тамом яланғоч бўлиб қолади. Шу алфозда қаҳратонга ҳам дош беради, қорайган бағрини аёвсиз совуқ шамолларга тутиб беради. Баҳор келиши билан мана бугунгидек танасидан ним яшил, кишини ҳаяжонга соладиган жажжи япроқчалар чиқаради. Одамларга соя беришга ошиқиб тез шапалоқ отади. Аёзли қиш аламини босишга урингандек, жўшиб-жўшиб алланималарни шивир-шивир қилади. Одамлар унга томон ошиқадилар. Мевасиз бўлса-да, дарахт сояси доим гавжум бўлади.

Шулар ҳақида ўйлар экан, аёлнинг ёлғиз кўнгли шу гавжумликдан тўлишгандек руҳланиб, иш жо­йига ўтирди...

Хотира

Хотира баҳрибайтга ўхшайди.

Ҳаётдаги айрим воқеалар кўп ўтмай унутилгандай туюлади. Бироқ байт сўнггидаги нуқта баҳрибайтга хотима бўлмаганидек, бу воқеалар ҳам киши ҳаётида изсиз ўтмайди. Улардан хотира қолади.

Баҳрибайтда навбатдаги байт олдинги байтнинг сўнгги сўзидан бошланган каби хотира ҳам ўчмайди. Бугунги, эртанги ҳаёт бўлиб, ўтган ўша воқеага асос­ланади, шу воқеа тажрибасига, сабоғига таянади.

Хотира баҳрибайтнинг ўчмас байтларни бир-бирига боғлаб турувчи ўлмас сўзига ўхшайди, сени ҳам банди қилиб ушлаб туради.

Баҳрибайтлар борки, дилда туғён кўтаради, тилни бурро қилади, куйламаганни куйлатади. Хотиралар бор – тик қаддингни букиб, дилинг­ни чил-чил қилади, бошингни эгади, киприкларинг билан ёруғ дунёни тўсишга, тишларингни тилингга ботириб, нидойингни босишга мажбур қилади.

Баҳрибайтлар борки, ётганни турғазиб, турганни юргизиб кетади.

Одамзод шундай яшасинки, унинг ҳаётидаги ҳар бир воқеа ёрқин хотира бўлиб, машъалдек қоронғи тунни ёритсин. Олдинга, фақат олдинга етакласин. Эслаганинг сари баҳрибайтнинг ўчмас ва боғловчи сўзи каби ҳар гал ўзгача маъно касб этиб, янгидан умр кўраётгандек, одамни ҳаяжонга солсин.

Кўнгил чинни пиёла

Сарғайиб, бандида мадор қолмаган барглар хаёлпаришонлик билан узилиб туша бошлаган кеч кузакда икки дўст икки ёққа ажралиб кетишди.

Йигит курсдош қизни севарди. Севарди-ю, дил розини айтишга жасорати етишмасди. Назарида, қизга яқинлашиб, тунлари шеърдек тизилиб келган муҳаббат инжуларини унга узатадиган бўлса, ҳув осмондаги узун карвон булутлар бир ерга тўпланиб, момақалдироқ гумбурлайди, чақмоқ чақади, хаёлида бир умр онаси билан тенг эъзозлашга тайёр бўлган сиймо шу чақинда йўқ бўлиб кетади...

Унинг бу изтиробларини кўрган, ҳис қилган
дўсти:

– Кел, мен унга айтиб кўрай, ҳеч бўлмаса фик­рини биламан-ку… – деди.

Йигит бошини эгиб қолди. Бу унинг розилиги эди, шекилли.

Орадан кунлар ўтди. Ниҳоят, ўша ҳавода унинг дилидек паришон барглар учган куз кунида у юз минг истиҳола билан:

– Гаплашдингми? Нима деди? – деб сўради.

Дўсти кафтини зарб билан пешонасига урди:

– Вой, хумкалла, мутлақо эсимдан чиқиб ке­тибди!

Муҳаббатнинг ўз азалий қоидаси бор – у икки дил иши. Учинчи дил ҳам, тил ҳам бу ерда ортиқча. Йигит ботиний онги билан буни билган бўлса ҳам дўст деб бировга сир айтиб, хатога йўл қўйганини англади. Айб ўзида. Аммо… Зоҳирий онги шунча кундан бери кафтида унинг юрагини чангаллаб, унинг тепкинига бефарқ бўлган ўртоғини энди кечира олмаслигини айтиб турарди.

Оловранг гилам пойандозга ўхшаган хазон устидан бир-бир босиб, у ўз дўстидан узоқлашди. Шу кетишининг ўзида қалбида енгиб бўлмас жасорат уйғонди. Шу жасорат билан қиз қаршисига келиб, туфлисининг учи билан ерга алланарсаларни чиза-чиза нималардир деди. Кутганидек, карвон булутлар унинг боши узра тўдаланмади, момақалдироқ гулдураб, чақмоқ чақмади. Аксинча, муҳаббат фаслни ҳам буриб юбориши ҳеч гап эмас экан. Атроф мунаввар бўлди. Кўкдаги карвон булутлардан асар ҳам қолмади. Қиз кўзидаги ёлқиндан учқун олиб, кўкда қуёш чарақлади...

«Ёр-ёр»дан диллар титроққа турганида, сурнай навосидан келинпошша кўзларига ёш қалқиганида, карнайлар муҳаббат тантанасидан оламга жар солганида, куёвтўра ёнида ўзини дўст деб юрган кимса йўқ эди.

Келинчак

Бу қошлар ўсма сувини камдан-кам ичарди.

Бу кўзлар сурмани назар-писанд қилмасди.

Ўсма сувига ботирилган бўйра чўпи бир марта кип­рикларини сийпаб ўтганида упа кўрмаган юзларидан шашқатор ёш юмалаб тушди.

Ўрганмаганидан, табиийлигидан…

Бу лаблар авваллари ҳеч нарсадан хавфсирамай, шодон-шодон кулар эди.

Энди бу қошлар ҳар тонг ўсма сувини қониб-қониб ичади.

Энди бу кўзлар сурма тафтидан оловланади.

Энди бу лаблар уялибгина, қимтинибгина, ҳимо билан табассум қилади.

Бу кўзлар, қаламдек қаро қошлар, билинар-билинмас упа суртилган яноқлари қизил юзлар, ғунча мисол ним пушти лабларнинг эгаси энди келинчак!

Дарё

Бағрикенгликда, улуғворликда, ҳаётбахшликда… яна алланималарда дарёни оналарга ўхшатишади. Кичкинадан катта бўлгани, ўсиб-улғайиб, йўл-йўлакай бисотига бор яхшиликларни йиғиб келгани учун ҳам шундаймикин?

Тоғ чўққисидаги музликлардан чакиллаб-чакиллаб пайдо бўлган кичкина ирмоқча ўзини ниҳоят кучли сезиб, пастга қараб отилади. Унинг йўли пастга қараб кетгани учун унга осон, лекин ирмоқ бу осонликни ўз кучидан деб билиб, шўх ва мағрур оқади. Йўлидаги харсанглар устига ёйилиб, бўштоб ерларни ўйиб пастга отилади. Харсанг­лар тагидан сизиб чиқаётган булоқчаларга ҳам ўз кучини кўрсатмоқчи бўлгандек, уларга дадиллик бағишлаб, ўзига эргаштириб пастга олиб тушади. Оҳ, нақадар у кучли! Мағрурланиб ўқдек учади. Томчи-томчи бўлиб атрофга сачрайди. Қуёшга етгудек кўкка чатнайди… Хоҳлаган куйини куйлайди. Хоҳлаган йўлидан юради. Хоҳлаган… Лекин умри, кучи мазмунини у ҳали билмайди.

Ана шу шўх, мағрур, бесаранжом ирмоқ ҳам дарё ёнига яқинлашганда улуғликни туйгандек бир тин олади, алланарсадан чўчигандек орқасига қайтмоқчи бўлиб тисарилади. Лекин дарё амри бунга йўл қўймайди. Навниҳол келинни ҳарир рўмолларидан силаб бағрига олган меҳрибон қайнона мисол у ирмоқни оҳиста ўз бағрига тортади. Боягина ҳадиксираб, шўхлигидан ўт чақнаб турган ирмоқ аста-аста дарёга сингиб кетади. У энди бағри бутунликдан мағрур, у энди ҳаёти яхши маъно кашф қилганидан мамнун.

Дарёга қулоқ солганмисиз? Унда кўп куйлар, кўп оҳанглар мавжуд. Бу унга келиб қўшилган, ўзи тўғри йўлга солиб юборган ирмоқларнинг оҳанги, масрур қўшиғи. Серфарзанд, бағри бутун онанинг ёқимли алласига ҳам ўхшаб кетади бу қўшиқ.

Бағри бутунликда, амри букилмасликда, улуғ­ворликда… яна-яна алланималарда дарёни оналарга ўхшатишади.

Баҳо

Одамларнинг юрагини текшираётган врачларга қанчадан-қанча асбоблар ёрдам беради. Бироқ бу асбоблар юракнинг хаста ёки соғлигини айтиб бергани билан, бу юракнинг меҳрли ёки тошбағирлигини, сахий ёки хасислигини, қисқаси, оқ ёки қоралигини айтиб бера олмайди. Одамга баҳо бериш, балки шунинг учун ҳам жуда қийиндир.

Журнал топшириғи билан бир аёл ҳақида очерк ёзишим керак эди. Ёздим ҳам. Бироқ очеркни нашрга топшириш учун нимадир халал берар эди. Аёл билан танишиш, ўрганиш, ёзиш жараёнида жуда берилиб ишлаган бўлсам-да, охирги пайтда бир одамдан эшитган гап туфайли юрагимга тушган ғашлик тарқалмасди. Дилдаги бу ғашликни кетказиш учун қаҳрамонимни ўқитган ва кўп вақтдан бери иш фаолияти у билан боғлиқ бўлган муаллимига мурожаат қилишга аҳд қилдим. Бўлиб ўтган гапларни очиқ айтмадим-у, шогирдига холис баҳо беришни илтимос қилдим. Аёлнинг қаҳрамонимга берган баҳоси ҳам ҳақиқатдек лўнда, ҳаёт фалсафасидек чуқур эди:

– Қаҳрамон қилиб олганингиз бу аёл йўнилмаган қимматбаҳо тошга монанд… Қўлингиздаги узукка қаранг. У мана шу гўзал ҳолига келгунича қанча одамлар меҳнати, истеъдоди, кўз нурини олган. Унгача эса кўз илғамас бир келишимсиз тош… Одамлар орасида ҳам шундайлари кўп. Қалбига кириш учун калит топгунингизча қўполлиги билан сизни чўчитиб туради. Калит топиб қалбига кириб олсангиз, сиз унинг туганмас нуридан, меҳридан баҳраманд бўла оласиз…

Оҳ, олима опажоним, ўша сиз айтган сирли калитни топиш нега ҳаммага, ҳамма вақт ҳам насиб бўлавермайди?!

Армон

Бу дақиқани у ҳар куни ҳаяжон билан кутади…

Ушбу хонадонга келин бўлиб тушганидан бери одат шу.

Кечки овқатдан сўнг қозон-товоқни ювиб-артиб, ошхонани тозалаб чиқади. Кейин дарс тайёрлаш учун ўз хонасига кириб кетади. Илмий ишига муккасидан кетган куёв ўтирган хонтахтанинг бир чеккасидаги қоғозларни олиб, тартиб билан тахлаб қўяди. Ичкаридан оҳори тўкилмаган беқасам чопонни олиб чиқиб, куёв елкасига ташлайди. Бу дамни кутиб тургандек эркаланган эрининг сочларини тўзғитиб қўяди-да, хонтахтадан ўзига жой очиб, тиз чўкканича дарсига берилади. Ахир институтнинг охирги курсида ўқиш қийин…

Кўзлари китоб бетида-ю, ўша дақиқаларнинг тобора яқинлашаётганини сезиб ҳаяжони тобора кучая боради. Мана, ҳовлидаги сўрида секингина хониш қилаётган магнитофон овози тинди. Магнитофонни қайнотаси эшитади. Магнитофон тиндими, демак, қайнотаси ёнгиналаридаги дўконга чиқиб кетяпти. Дам ўтмай, улар ўтирган хонанинг очиқ эшиги енгилгина чертилади.

– Болам, нон иссиққина экан, мана, қанд билан иссиқ чой ичинглар. Толиқиб қолманглар, кунда узоқ дарс тайёрлайсизлар. Чойдан симириб-симириб дегандек… Қанд ақлни чархлар эмиш…

Кунда деярли бир хил гап. Аввалига келин қайнотасидан хижолат бўлиб юрди. Бир куни шуни айтмоқчи бўлиб қайнотасига юзланган эди, лол қолди, ҳаяжон билан «Раҳмат, дадажон!» дея олди, холос. Ичида қандайдир сезги билан «дада» эмас, «дадажон» дейиш кераклигини англади.

Қайнотасининг кўзлари намланди. «Қўша қаринг­лар! Омон бўлинглар!» дея олди холос.

Орқадан ярим таъзим бажо айлаб турган келин билмасдики киприкларидаги бу нам, оддий, лекин шукрона дуолар билан чол ўтмиш қолдирган армон изларини ювяпти…

Урушнинг аччиқ кунлари эди. Қора совуқ борлиқни ютаман дейди. На қорин тўяди, на уй исийди. Ҳамма нарса одамга қарши қаратилгандек. Чол унда йигирма беш-ўттизлар атрофидаги нав­қирон йигит. Шаҳарнинг нариги чеккасидаги тўқимачилик комбинатига саҳар туриб пиёда кетади. Ярим тунда қайтади. На хотин меҳрига қонади, на бир-биридан ширин болаларини тўйиб эркалай олади. Уларни ҳатто кўрмайди ҳам. Ишга кетаётганида ҳам, тун ярмида ишдан қайтганида ҳам болалар ухлаб ётишган бўлади.

Бир куни тунда қайтса, хотини мана шу ўғлини бағрига босганича юм-юм йиғлаяпти. Бола ҳам ўпкаси шишганича энди ухлаган, шекилли, ҳиқиллаб турибди.

– Нима гап? – деди шошилиб.

– «Нанна» деб ҳолу жонимга қўймади, лавлаги қайнатиб берсам, отиб юборяпти… – хотини кўзларидан оққан ёшни шоша-пиша артмоқчи бўлганида, бошидан рўмоли сирғалиб тушди. Ўттизга етмаган аёлнинг сочлари мош-гуруч бўлиб қолибди. Йигитнинг ичида нимадир узилгандек бўлди…

Бугун у ўша ўтмиш қолдирган армон изларини юварди.

Ўша сўз

Кеч киради…

Тўлғоқли тун тугаб яна тонг отади. Ёрқинлигини ёруғ оламга сиғдиролмай тоғлардан ошиб, боғлардан тошиб чарақлаб офтоб чиқади.

Баҳор қиш билан тахт талаша-талаша, охир ғолиб келади, яшнаб-яшнатиб, чақнаб-чақнатиб борлиқни ҳаётга чорлайди.

Етук аёл камолининг акси бордек бу ғолибликда, бу даъватда.

Кун билан туннинг алмашинуви, қишдан сўнг баҳорнинг чақнаши табиатдан. Ҳатто улар ўртасидаги кураш ҳам зарурат.

Аёл кишининг чақнаши, яшаб, даъват қилиши учун кўп эмас, фақат бир сўзгина кифоя.

Уни ёдлаб олинг, одамлар!

У шундай бир сўзки, бош ҳарфида бокира қиз севгиси акс этади…

...