Men bolamni urmayman
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Men bolamni urmayman


Қалбингиздаги болаликка янги ҳаёт бахш этишга, уни бағрингизга босиб, бошини силашга тайёрмисиз, меҳрибон ОНА?
У ҳолда бошладик.
Руҳан қайта туғилишга хуш келибсиз!

БАХТЛИ БОЛАЛИКДАН БАХТЛИ
ОНАЛИК САРИ


«Эй инсон, сен ўзингни оддий мавжудот
деб ўйлайсанми?
Сенда дунёлар яширин».

Ҳазрат Али (р.а.)

Инсон туғилиб ўсган оиласида катта тажриба орттиради. Севиш, севилиш, ҳаётга қараш, воқеаларни таҳлил қилиш, ғазабланиш ва хафа бўлишни ота-онасидан, энг кўп онасидан ўрганади. Агар инсон онаси билан ишончли ва мустаҳкам муносабат ўрната олган бўлса, унинг ёнида ўзини хавфсиз ҳис қилса, энг муҳими онасининг ёнида роль ўйнамай ўзини табиий тутса, ҳаётда анча омадли ҳисоб­ланади. Шунинг учун ҳам она қизига бера олиши мумкин бўлган энг қадрли, энг қимматли мерос, фик­римча, мустаҳкам она-қиз муносабатидир.

Болалигимизда (мен 80-йилларда туғилганман) кўп оилаларда «Қизини урмаган тиззасини уради», «Калтак жаннатдан чиққан», «Эти сизники, суяги меники» каби фикрлар устунлик қилган. Кўпчилигимиз калтак остида улғайдик. Болалигимизда нафақат жисмоний, балки жинсий, руҳий, психологик ва бир қанча зўравонлик турлари бор эди. Ўша йилларда ушбу зўравонликлар жуда оддий ва табиий, йўқлиги эса муболаға ва утопик ҳисобланарди. Эсимда, болалигимда ота-оналар фарзандини қандай урганини мақтаниб гапириб берарди. «У шундай қилгач, айлантириб бир солдим!» жумласи «Мен шунақанги яхши ота-онаманки, фарзандим хато қилса уриб жазолаяпман», деган маънони билдирарди. Шубҳасиз, бу нотўғри эди. Буни улғайгачгина тушуниб етдик.

Мен ҳам болалик чоғи худди ўша даврга тўғри келган кўпчилигингиз сингари кўп калтак еганман. Бугун 36 ёшимда шуни кўриб турибманки, болалик хотираларимдаги энг оғриқли дамлар – зўравонлик лаҳзалари экан. Улғайганим сари калтакнинг оғриғи фақатгина танада қолмаслигини тушуниб етдим. Қалбда изи қоларкан...

Хўш, фақат калтак жонимизни оғритадими? Албатта, йўқ. Жонимизни худди шундай оғритадиган бошқа нарсалар ҳам мавжуд. Шу жумладан, таҳқирлаш, камситиш, эътиборсизлик, жинсий ҳақорат, психологик зўравонлик... Ҳар бири болаликнинг оппоқ саҳифаларига қора доғлар тушишига йўл очади. Энг асосийси, булар шунчаки болаликда қолиб кетмайди. Биз улғайгач, хулқ-атворимизнинг бир чеккасида, такрорланмас табиатимизда ва ҳатто чархпалакдек такрорланадиган «оналикнинг ўтиши»да битта-биттадан намоён бўлиб, чиқиб келаверади.

Биз бу ҳодисаларни бошдан кечирарканмиз, кўпинча уларнинг таъсирини сезмаймиз. Бунинг оддий ҳол эканини ва ҳамма оналарни шундай (Бақирадиган, ҳақорат қиладиган, танқид қиладиган, урадиган ва ҳоказо) деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, улғайганимизда, аслида ҳаммаси бошқача эканини кўриб, хафа бўламиз. Оналик дунёси ундай эмаслигини, қўпол муносабатда бўлишни танлаган – онамизнинг ўзи эканини тушуниб етамиз ва бу ҳақиқат қалбимизни оғритади.

Ушбу оғриқ билан курашиш осон бўлмагани туфайли ўтмишдаги салбий хотираларни кўрмасликка оламиз. «Болалигимиз бахтли ўтди. Бошқалар бошидан нималарни кечирмайди?» деб баҳона излаймиз ёки ота-онамизнинг қилган муносабати учун жўяли сабаб топишга уринамиз (Ойимнинг бизга қарашга вақти бормиди? Бечора аёл ҳам эрининг, ҳам қайнонасининг қош-қовоғига қарарди) ёки уларни идеаллаштириб (Яхшиямки, мени уришган экан, мана яхши инсон бўлдим), ўзимизни овунтирган бўламиз.

Адашмасам, 27 ёшда эдим. Бир дугонамникига ақиқага боргандим. Ошхонага кириб, «Ёрдамлашиб юборайми?» деб сўрадим. Дугонам чойларни олиб киришимни илтимос қилди. «Хўп», деб чойларни қуйдим. Патнисда 30-35та бардакда чой бор эди. Патнисни қўлимга олдим-да, ичкарига юришни бошлашим билан шу пайт оёқларим титраб, қўлларим куйгандек ҳис қилдим. Икки фарзанднинг онаси, 27 ёшли кап-катта аёл бўлсам ҳам чойни тўкиб юборишдан ниҳоятда ташвишланардим. Ўша куни уйга келиб, ўйлай бошладим, ўзимдан «Нега бундай ҳиссиётни туйдим?» деб сўрадим. «Агар чой тўкилса, нима бўларди?» дедим. Ичимдаги қизалоқдан – кичкина «мен»имдан айнан шуни сўрадим:

«Чойни тўкиб юборсанг, нима бўлишидан қўрқ­япсан ёки нимадан хавотирдасан?»

Сизни азоблайдиган, улғайганингизда ҳам ҳаё­тингизга юқоридаги ҳодиса каби сизиб кирадиган онг ости қайдларни ўзингиздан сўрасангиз, кўплаб хотираларни эсга олишингиз мумкин бўлади. Ҳатто биз мавжудлигини билмайдиган қайдлар баъзан онгимизда, баъзан тушимизда, баъзан эса ҳис-туйғуларимизда намоён бўлади.

Ўша чой патниси, болалигимда ҳеч нарсани эплолмаслигимни такрор ва такрор қулоғимга шивирлайдиган «танқидчи она овозини» уйғотиб юборганди. Онг остимга жойлашиб олган танқидий жумлалар йиллар давомида «эплолмаслик, бажаролмаслик» тизимлашган назариясини ўрнатиб, нима қилсам ҳам ўзимдан камчилик ва айб излайдиган, ҳамма нарсадан норози, хатоларни қабул қилмайдиган ички овозга айланиб қолганди. Бу шунақанги қолип­лашган тизим эдики, йиллар давомида ҳам турмуш ўртоқ, ҳам она сифатида ўзимни «нуқсонли» ҳис қилишимга сабаб бўлганди.

Ичимдаги қизалоқдан «Чойни тўкиб юборсанг, нима бўлишидан қўрқяпсан ёки нимадан хавотирдасан?» деб сўраганимда, онг остимдан яна бир жавоб келди: бирор нарсани менга айтилганидек қилолмасам, танқидга учрашдан, гап эшитишдан, аслини олганда эса онамни хурсанд қилолмай, унинг меҳрини йўқотиб қўйишдан қўрқардим. Бу нафақат ёш болани, балки улғайган инсонни ҳам ҳолдан тойдирарди.

Йиллар давомида шунга ўхшаш бир нечта болаликдан қолган тизимлашган назарияларим билан юзлашдим. Баъзиларини ўзгартирдим, айримларини ривожлантирдим, бошқаларини эса борича қабул қилдим.

Шу аснода, бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Ушбу гаплар «Болалигимиз ёмон ўтди», деган маънони анг­латмайди. Зеро, болаликка «ёмон ёхуд яхши» деб аниқ таъриф бериш, фикримча, унчалик ҳам тўғри эмас. Ҳар биримизнинг болаликка оид яхши ва ёмон хотираларимиз бор. Ҳар биримизнинг ота-онамиз баъзан тўғри, баъзан нотўғри муносабатда бўлишган. Айнан шу сабабдан ҳам бизда ёқимли хотиралар бўлгани каби нохуш ва жароҳатли хотиралар ҳам мавжуд.

Кейин эса ўйлаб қолдим: ўтмиш нега ўтмишда қолмайди? Болалик йилларимиз нима учун кўз ўнгимизда қайта-қайта жонланаверади? Мана шу саволлар мени онг остимнинг теран, қоронғи денгизи томон чорлади. Кўрдимки, одамзод ушбу сувларни ойдинлатмагунча, ўзини енгил ҳис этолмас экан.

Бу китобда ҳаммамизни мен учун энг қадрли хазина бўлган – ўзлигимизни топишга таклиф қиламан. Онамиздан бизга мерос гўзал фазилат ва яхши хислатларни ўзимизга йўлдош билиб, болаликдаги ёқимсиз хотираларнинг салбий таъсиридан озод бўлишни чин дилдан тавсия қиламан. Табиийки, бу айтганларим биргина китоб билан амалга ошадиган даражада осон эмас, аммо ушбу сатрлар соғайишга умид, куч топишда йўлдош, яраларимизга малҳам суришда йўл-йўриқ кўрсатадиган харита бўлсин, дейман.

Ичимиздаги гўдак, яъни бизнинг олисдаги «мен»и­миз табассум қилса, бағримизда улғайтираётган фарзандимиз ҳам ҳузурга тўлади.

Ғайрат қилиш биздан, яхшилик Роббимиздан.

ҚАНИ, БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РОҲИЙМ!

Хадича Кубро Тонгар
Истанбул, 2020


Атрофимиздаги безовта, бахтсиз, ҳаётдан норози аксарият инсонлар, аслида ҳаётининг бугунидан эмас, болаликда ечими топилмай қолиб кетган руҳий жароҳатлар боис ич-ичидан безовталик, қониқмаслик, хафақонлик ҳисси билан яшайди. Кимдир ички овозини эшитмаслик учун ўзини тозаликка уради, кимдир карьерага берилиб, қулоғи кар бўлиб қолади. Кимдир тамакига, технологияга ёки харид қилишга қарам бўлиб, ички овозини бостиришга уринади, яна кимдир эса айбни тақдирга, ҳаётга, қайнонага, овсинга ағдариб, ўзидан жавобгарликни соқит қилишга уринади. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам ичимизда йиғлаб турган қизалоқ – жажжи «мен»имиз жим бўлмайди ва ўзининг ёқимсиз хотираларини ҳар фурсатда такрорлаб, ўтмишни бугунга судраб келаверади.

Биринчи бўлим

Оналикнинг ўтиши


Ушбу бўлимда ички дунёмиздаги психологик
механизмлар билан танишиб, улардаги носозликларни аниқлаймиз. Чунки таъмирлашнинг мутлақ
шарти – носозликни аниқлашдир.

«ОНАЛИКНИНГ ЎТИШИ»
НИМА ДЕГАНИ?


«Онг остидаги фикрларимиз устга чиқолмагач,
тақдир кўринишида қаршимизда
намоён бўлади».

Карл Густав Юнг

Ҳар биримиз бир она ва бир отадан дунёга келдик. Уларни биз танламадик. Қайси давлатда, қайси миллат ва қайси динга мансуб бўлишимизни ҳам, туғилиб ўсган муҳитимизни, қўшниларимизни, қариндошларимизни ҳам танламадик. Атрофимиздаги ушбу омиллар Яратганнинг туҳфаси бўлиб, туғилишимиз биланоқ «тақдири азал» аталмиш боғич ила бизга боғланган эди.

Аммо биз танламаган юқоридаги омиллар, келажакда ким бўлишимизда ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ҳаётга онамизнинг кўзи билан қарадик. Ота-онамизнинг бизга илиқ ёки совуқ, яқин ёки узоқ, изчил ёки ўзгарувчан муносабати ўзимизни қандай тавсифлашимизга туртки бўлди:

♦ «Ойим менга бақирганига қараганда, мен ёмон

инсонман».

♦ «Дадам мени урганига қараганда, мен айбдор

ман».

♦ «Ойим мени «аҳмоқ» деганига қараганда, мен

аҳмоқман».

♦ «Идишни синдириб, ойимни жаҳлини чиқар-

дим, мен ёмон боламан».

♦ «Ойим шунча овора бўлиб уйни йиғиштиради,

мен эса ўйинчоқларни ёйиб ташлайман. Ҳар

доим нотўғри иш қиламан».

♦ «Битта салат қилишни ҳам эплолмайман. Но- шудман».

Қулоқсизман, дангасаман, аҳмоқман, нодонман, бетартибман, қўполман, мукаммалман, ажойибман, энг қадрли инсон менман... каби юзлаб ота-­она ишлатган жумлалар асосида ўз шахсиятимизни шакл­лантирдик. Шундай қилиб, аввал ўзимизга, ке­йин инсонларга, сўнг ҳаётга нисбатан тизимлашган назариялар болаликнинг илк йилларидаёқ руҳиятимизда тугунчалар ҳосил қилди.

Бу таърифлар сизга бироз детерминизмга хосдек туюлиши мумкин. Ичингиздан, ҳатто «Агар биз ўзимиз танламаган жараён оқибатларини бошдан кечирган бўлсак, у ҳолда оналик тақдиримизни қандай қилиб ўзгартирамиз?» деган ўй ўтгандир. Бу саволнинг жавобини бутун китоб давомида биргаликда излаймиз. Келинг, авваламбор «Оналикнинг ўтиши» нима эканини тушуниб оламиз.

Бўлажак бир онани тасаввур қилайлик. У ҳомиладорлигидан яқинда хабар топган. Она қорнидаги митти жон етти ҳафталик. Биз шартли равишда исмини Малак деб атайдиган бу бўлажак она, аввал тўрт марта ҳомиласидан айрилган. У ҳар қанча муолажа олмасин, афсуски, митти жонлар яшаб қололмаган. Сўнгги бор беш ойлик ҳомиласидан ажралганда, ҳомиласи кап-катта бўлиб қолган экан. Қўли, оёғи, юзи, кўзи шаклланган боласини ўз қўллари билан тупроққа қўйган экан. Кўп йиғлабди, кўп сиқилибди. Ойлар давомида фарзандига аза тутибди. Руҳан она бўлолмаслигини қабул қилган бир пайтда ҳомиладорлигидан хабар топибди.

Сизнингча, Малак юраги остидаги фарзанди билан осонгина алоқа ўрната оладими? Уни қабул қилиб, бағрига босадиган кунни катта ҳаяжон ва интизорлик билан кута оладими? Ёки онгсиз равишда боласини йўқ деб ҳисоблаб, у билан имкон борича алоқа ўрнатмасликка ҳаракат қиладими? Ахир у олдин ҳам тўрт марта ширин ҳаяжонга берилди, фарзандини бағрига босадиган кунни орзу қилди, эҳтимол, илк бошмоқчасини ўз қўллари билан тўқиди. Аммо ҳар сафар ҳомиладорлиги ҳазин ниҳоя топди ва қалбида чуқур жароҳат қолдирди. Энди онг ости Малакни такрор шу изтироблардан ҳимоя қилиш учун ҳомиладорлиги ҳақидаги ҳақиқатдан уни узоқ тутиб, фарзанди билан алоқа ўрнатишига ҳиссий тўсқинлик қила бошлайди. Малак мумкин бўлмаса ҳам уйда оғир ишларни бажаради ва шу орқали ҳомиласига ўзи зарар беришга уринади. Ёки она бўлиш фикрини қабул қилмай, яшашда давом этади, фарзанди учун руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўрмайди. Онг ости тизими Малакни изтироб­лардан ҳимоя қилиш мақсадида оналик туйғусини имкон қадар бостириш йўлини танлайди.


Ушбу генетик таъминотнинг фақат
2 фоизи хромосома ДНКси
деб аталадиган соч
ранги, кўз ранги, бўйи, тери ранги каби
хусусиятлардан иборат. Қолган
98 фоизи эса ҳиссиёт, феъл-атвор ва
характердан иборат кодланмайдиган
ДНКдан ташкил топган
бўлади. Яъни биз, она қорнидаёқ
фақат қош-кўз ва чиройни
ўзлаштирибгина қолмай, балки илк
ҳиссиёт, феъл-атвор ва характер
кодларини ҳам айнан онамиздан
олишни бошлаймиз.


Малакнинг қизининг исми Селин дейлик. Селин она қорнидаги бир неча ҳафталик ҳомила. Ҳар бир бола сингари Селин ҳам она қорнидаёқ Малакнинг генетик кодларини ола бошлайди. У ҳам генетик ўтишларга дучор бўлади. Малакни тушкунлик ва изтиробдан ҳимоялаш учун тамомила яхши ниятда ишга тушган онг ости фаолияти туғруқдан сўнг ҳам ўз ишини давом эттиради. «Ажралиб қолсам-чи?» деган қўрқув, Малакнинг чақалоғига яқин она бўлишига тўсқинлик қилади. Малак гўдакни бағрига босмайди, она сути беришдан қочади, боланинг она қўлида бўлиш истагига бефарқ қарайди. Шубҳасиз, у буларнинг барини худди аввалгилари каби боласидан ажралиб қолса, азоб чекмаслик учун ғайришуурий тарзда қилади. Малак оналик инстинктидан қочишга уринаркан, ички дунёсида юзага келган кес­кинликни бартараф этиш учун онг ости унинг хатти-ҳаракатларини барқарорлаштириб туради. Малакнинг оғзидан қуйидаги сўзларини эшитамиз:

«Бағримга босмайман, чунки ўрганиб қолишини хоҳламайман».

«Эмизмайман, чунки сутим йўқ».

«Болам кучли, иродали бўлишини хоҳлайман. Менга боғланиб қолмасин».

Табиийки, онг ости худди шу яхши ният ила Селин учун ҳам ишга тушишни бошлайди. Ҳали она қорнидалигидаёқ онаси билан ҳиссий боғланолмаган Селин, «Инсонлар билан яқин алоқа ўрнатмаслик кераклигини» ўрганади. Онасининг ҳис-туйғуларидан маҳрум бўлиш Селинда «омон қолиш» тизимини қўзғатади ва бу тизим Селинни ҳиссий боғланишни истамайдиган инсонга айлантиради.

Она фарзанди билан ҳиссий алоқа ўрнатмаса, маълум бир муддатдан сўнг бола бу эҳтиёжини бос­тиришни ўрганади. Вақт ўтиб, у камроқ йиғлайдиган, ўзи билан ўзи кўпроқ вақт ўтказадиган, қучоқлашишни хоҳламайдиган, ўзини ўзи эплайдиган бўлади. Ҳиссий блокировкаси юқори бўлган оналар фарзандининг жуда одобли экани, уларнинг бир ўзи ухлашини, ҳеч нарса сўрамасдан соатлаб ўйин ўйнаб ўтиришини гапиради. Буни фарзандига ўргатганлик­ларини иддао қилиб, номини интизом дейди. Тўғри, бола ниманидир ўрганади, лекин ўрганган нарсаси эҳтиёжларини руҳий жароҳат орқали бостириш бўлади. Чунки қачонки, ҳис-туйғуларга эҳтиёж сезса, ҳеч ким бу эҳтиёжларини қондирмаслигини она қорнидалигидаёқ ҳис қилиб келган. Сўнг боланинг ягона чораси қолади: ҳиссий эҳтиёжини иложи борича бостириш, бостириш, бостириш...

Энди Селиннинг улғайганини тасаввур қилайлик. У ҳам оналик ёшига етган бўлсин. Онасининг масофали муносабати унинг руҳиятида очган яраларга Селин тобора гувоҳ бўлиб боради, «Мен онам каби бўлмайман. Фарзандим билан яқин муносабатда бўламан», дейди. Селин ҳам кун келиб, она бўлади ва унинг чақалоғи бошқа чақалоқлар сингари йиғлаш, эмиш, онага талпиниш орқали онаси билан алоқа ўрнатиш истагини билдиради. Бу хатти-ҳаракатлар Селиннинг онг остини қўзғатишни бошлайди. Селин ҳар сафар фарзандини қучоғига олганда, тушунарсиз безовталик ичини чулғаб, нафаси қисилади. Чунки у онаси билан худди шундай алоқа ўрнатишга уринганида, онаси ундан доим узоқ турган. Селин чақалоғини қўлига олганида, албатта, ўз болалигини ўйламайди, аммо онг остидаги қайдлар Селинга болаликдаги руҳий жароҳатларини эслатади. Ажабланарлиси шундаки, ёқимсиз хотираларни сақлаб қўйиб, болаликдаги изтиробларни қайта эслатиб турадиган онг ости, айни вақтда бизни оғриқли хотиралардан ҳимоя қилиш учун мантиқий баҳоналар ҳам топиб беради.

Селин агар шу мужмал ҳисларининг манбасини топишга уринмаса (яъни онгини фаоллаштирмаса), онг ости уни фарзандидан узоқлаштираверади. Худди онасига ўхшаб, фарзандини бағрига босгиси келмайди. Руҳиятидаги зиддиятни бартараф этиш учун эса онасининг хатти-ҳаракатларини тўғри, деб баҳолайди: «Ойим мени кўп бағрига босмаган, мана ёмон бўлдимми? Кучли, мустақил аёл бўлиб етишдим». У гўдакни эмизаётган пайтда, онг остидаги «она сутидан маҳрумлик» яраси қонай бошлайди, Селин бу оғриқни бостириш учун эмизишни истамайди. Бошқа томондан эса «Тайёр бўтқалар она сутидек фойдали. Ҳатто она сутидан ҳам кўпроқ фойдали, дейишади», дейди. Шундай қилиб, уч авлод довонида ҳар бир она ўз онасининг хусусиятларини такрорлайдиган оналикнинг ўтишини мерос қилиб олади.

Албатта, биз ўйлаб топган бу уч авлод хатти-ҳаракати оддий нақшдан иборат. Аслида, ҳаёт ғоят мураккаб ва чигал муносабатларни, теран муаммо ва ечимларни ўз ичига яшириб олган. Аммо масаланинг замирида бир нарса бор: шикастланган оналик муносабати агар вақтида тузатилмаса, наслдан наслга ўтади ва шу зайлда руҳий жароҳатлар ҳам онадан қизига каштали сарпо бўхчасидек мерос бўлиб ўтаверади. Зўравонлик қурбони бўлган болаларнинг зўравон, безори, жиноятчи бўлиб етишиш сабаби ҳам, болалигида ота-онасидан меҳр кўрмаган инсонларнинг ўз фарзанди билан яқин муносабат ўрната олмаслик боиси ҳам ана шунда. Биз бутун китоб давомида тилга оладиган оналикнинг ўтишига қуйидагича таъриф берсак бўлади: ҳимоя механизмлари билан бирга онадан мерос бўлиб ўтадиган шикастланган ҳис-туйғу, фикр ва хатти-ҳаракат қолипларидир.