автордың кітабын онлайн тегін оқу Озор берма: Ҳаёт, ўлим ва нейрожарроҳлик
Ҳенри Марш
ОЗОР БЕРМА
Ҳаёт, ўлим ва нейрожарроҳлик
Таржимон
Ҳикматжон Толибжонов
Нашрга тайёрловчи
Хуршид Йўлдошев
Муҳаррир
Муҳаббат Шарифова
Мусаҳҳиҳлар
Зиёда Турдибоева,
Рашид Хўжамов
“Asaxiy Books” лойиҳаси доирасида таржима ва чоп қилинди
Ушбу китобнинг ўзбек тилига таржимаси учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy Books” лойиҳасига тегишли бўлиб, “Asaxiy Books” рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.
Нейрожарроҳлик тиббиётнинг жуда нозик ва хатарли йўналиши. Чунки шифокорнинг арзимас эътиборсизлиги мудҳиш хатога сабаб бўлиши мумкин. Операция хонасида суперқаҳрамон ролига кирган нейрожарроҳга беморининг ишончи қанчалик куч беради? Унинг хатосини бемори ва яқинлари қандай қабул қилади?
Нейрожарроҳ учун қай бири муҳимроқ: бемор ҳаётини сақлаб қолишми ёки тинчгина ўлишига қўйиб бериш?..
Қўлингиздаги китоб Буюк Британияда фаолият олиб борувчи таниқли нейрожарроҳ Ҳенри Маршнинг ҳаётий ҳикояларидан иборат.
ISBN: 978-9910-9778-0-0
© «Asaxiy Books» MChJ, 2023
© Henry Marsh 2014
Салом, ўқувчи!
Биз халқчил банк сифатида мижозларимиз мушкулини осон қилиш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида қарийб бир ярим асрдан бери халқ хизматидамиз. Тараққиёт илмсиз мукаммал бўлмайди, илмнинг азалий манбаси эса китобдир.
Юртдошларимизга жаҳон адабиётининг сўнгги намуналарини ўзбек тилида етказиш учун биз “Asaxiy books” лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва ушбу лойиҳа доирасида чиқадиган 20 та китоб нашрига кўмак беришга аҳд қилдик. Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга, уларнинг китобга ошно бўлишига имкон қадар ҳисса қўшишдан бахтиёрмиз.
Ҳамкорлигимиз доирасида чоп этилаётган навбатдаги асар – таниқли инглиз нейрожарроҳи Ҳенри Маршнинг “Озор берма” китобидир. Ҳаётий воқеалар асосидаги ушбу асарда шифокор ўзининг гоҳ қувончли, баъзан эса қайғули якун топган жарроҳлик амалиётлари, беморлари билан боғлиқ самимий хотиралари ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, соҳа вакилларининг одатда бизга қоронғи бўлиб қоладиган кечинмалари билан ҳам танишасиз. Умид қиламизки, китоб сизга манзур бўлади.
Самимият билан, Халқ банки
Ушбу китоб ёзилишига сабабчи бўлган
Кейтга бағишлайман
“Аввало, озор берма...”
Oдатда милоддан аввалги 460 йилда Кос оролида туғилган Гиппократга тегишли деб қаралади
“Ҳар бир жарроҳнинг ичида вақти-вақти билан тазарру қилишга борадиган кичик қабристони бўлади.
У муваффақиятсизликлари учун ушбу алам ва надоматлар маконидан изоҳ изламоғи керак.”
René Leriche, La philosophie de la chirurgie, 1951
(Рене Лериш, “Жарроҳлик фалсафаси”, 1951)
Муқаддима
Шифохонада касал бўлиб ётсак ва ўлимдан қўрқиб, ваҳимали жарроҳлик амалиётини кутаётган бўлсак, даволаётган шифокорларга ишонишимиз керак. Йўқса, ҳаёт янада мушкуллашади. Қўрқувимизни енгиш учун докторларга ўта қудратли одам деб қарасак, бунинг ажабланарли ери йўқ. Операция муваффақиятли ўтса, жарроҳ – қаҳрамон, агар бирор кор-ҳол юз берса, у – ваҳший.
Ҳақиқат эса, албатта, батамом бошқача. Жарроҳ ҳам барча қатори одам. Яхшими, ёмонми, шифохонада содир бўладиган ҳодисаларнинг аксарияти омадга боғлиқ. Амалиёт муваффақиятли чиқиши кўпинча шифокорнинг қўлида эмас. Қачон операция қилиш кераклигини билиш уни қандай бажаришни билиш каби муҳим ва бу маҳоратни ўзлаштириш анча мушкул.
Нейрожарроҳнинг ҳаёти зерикарли кечмайди, аксинча, баъзан у инсонга чуқур қониқиш беради. Аммо бунинг ҳам ўз бадали бор. Хатолар муқаррар ва баъзида уларнинг даҳшатли оқибатлари билан яшашни ўрганишингизга тўғри келади. Кўрганингизга хотиржам қарашга одатланиш ва бунда инсонийликни йўқотмаслик керак. Ушбу китоб жарроҳликда талаб этиладиган раҳмдиллик ва ўзини узоқроқ тутиш, хаёлий истак ҳамда воқелик орасидаги мувозанатни топишга уринишларим ҳамда баъзан юз берадиган муваффақиятсизликлар ҳақида ҳикоя қилади. Мен нейрожарроҳлар ёки, умуман, шифокорларга омма ишончини сусайтирмоқчи эмасман, лекин китобим барчага улар дуч келадиган, техник эмас, кўпинча инсоний қийинчиликларни тушунишда ёрдам беради деган умидим бор.
Пинеоцитома
эпифиз безининг кам учрайдиган, секин ўсувчи ўсмаси
Тез-тез мияни кесишимга тўғри келади ва бу ўзимга ҳам ёқмайди. Бир жуфт диатермик қисқич билан миянинг ярқираб турган юзасидаги чиройли ҳамда мураккаб қизил қон томирларини қисиб қўяман. Кичкина скальпель [1] билан юзани кесиб, ҳосил бўлган тешикка вакуумли сўрғичнинг ингичка учини киритаман. Мияда желега ўхшаш бирикма бўлгани учун вакуумли сўрғич нейрожарроҳнинг асосий қуроли ҳисобланади. Сўнг жарроҳлик микроскопига қарайман ва пайпаслаганча миянинг юмшоқ оқ моддаси ичидан ўсмани излашга киришаман. Сўрғич айнан инсоннинг фикрлари, ҳис-туйғулари ва ақл-идроки бўйлаб ҳаракатланаётгани, хотиралар, орзулар ҳамда фикр-мулоҳазаларимиз мана шу илвираган нарсадан иборат деб ўйлашнинг ўзи жуда ғалати. Кўз ўнгимдагиларнинг барчаси модда. Лекин нотўғри соҳага, нейрожарроҳлар “ақлли мия” деб атайдиган нутқ, ҳаракат, кўриш ҳамда сезгига масъул юзага ўтиб кетиб қолсам, биламанки, жарроҳлик амалиётидан сўнг натижани кўриш учун тикланиш бўлимига борганимда шикастланган, ногирон беморга дуч келаман.
Нейрожарроҳлик жуда хатарли. Замонавий технологиялар ёрдамида бу хавф маълум даражада камайтирилди, холос. Мисол учун, жарроҳлик амалиётини ўтказаётганимда “GPS”нинг бир кўриниши бўлган компьютер навигациясидан фойдаланишим мумкин. Бу ҳолатда инфрақизил камералар Ер шари атрофида айланиб юрган сунъий йўлдошлар сингари бемор бошига қарата жойлаштирилади. Камералар қўлларимдаги сигнал қайтарувчи шарчалар қадалган асбобларни “кўра олади”. Шундан сўнг камераларга уланган компьютер жарроҳлик амалиётидан бироз аввал сканерланган миядаги асбобларим жойлашувини кўрсатади. Беморни маҳаллий анестезия билан уйғоқ ҳолатда операция қилишим мумкин, бунда электрод ёрдамида қўзғатиш орқали миянинг “ақлли” соҳасини аниқлай оламан. Анестезиолог беморга оддий вазифаларни бериб туради, шунда жарроҳлик амалиёти давомида унга қандайдир шикаст етказмаётганимни кўра оламиз. Миядан-да нозикроқ бўлган умуртқа жарроҳлик амалиётини ўтказаётган пайтим ҳаракатим фалажни келтириб чиқариши мумкин бўлса огоҳлантирадиган, уйғотилган потенциаллар (ЭП) деб аталувчи электростимуляция [2] услубидан фойдаланишим мумкин.
Бу каби барча замонавий технологияларга қарамай, нейрожарроҳлик ҳалиям хатарли, ҳануз маҳорат ва тажриба талаб қилинади, чунки асбобларим бош мия ёки орқа мияга кириб борар экан, қачон тўхташ кераклигини ҳам билишим шарт. Кўп ҳолларда касалликни табиий ривожланишига қўйиб бериш ва умуман тиғ тегизмаслик энг маъқул йўл. Шунингдек, омад ва бахтсиз тасодифлар ҳам бор. Тажрибам ошиб боргани сари жарроҳликда омад кулиб боқиши муҳимроқдек туюлаверади.
Эпифиз – ғуддасимон без ўсмаси бор беморни аввал ҳам операция қилганман. XVII асрда яшаган дуалист файласуф Декарт инсон онги ва мияси бир-биридан мутлақо алоҳида организм эканини таъкидлаб, руҳни ғуддасимон безда деб ҳисоблаган. Унинг фикрига кўра, айнан шу ерда мия қандайдир сеҳрли ёки сирли тарзда онг ва руҳ билан алоқага киришади. Агар у беморларим компьютер мониторидаги ўз мияси тасвирига қандай тикилаётганини кўрганида нима деган бўларди, билмадим (маҳаллий оғриқсизлантириш орқали жарроҳлик амалиёти ўтказганимда шунақаси ҳам бўлади).
Ғуддасимон без ўсмаси жуда кам учрайди. У безарар ёки хавфли бўлиши мумкин. Безарар ўсмани даволаш шарт эмас. Хавфли ўсмалар эса радиотерапия ва кимёвий терапия билан даволанади, аммо улар барибир ўлимга олиб бориши эҳтимолдан холи эмас. Илгари бундай ўсмаларни олиб ташлаш имконсиз ҳисобланарди, аммо замонавий микрожарроҳлик усуллари пайдо бўлиши билан вазият тубдан ўзгарди. Ҳозир ҳеч бўлмаганда биопция олиш ва ўсманинг турини аниқлаш учун жарроҳлик амалиёти зарур, шундан сўнггина беморни даволашнинг энг мақбул усули борасида бир қарорга келиш мумкин. Эпифиз бези миянинг тубида жойлашган, шунинг учун бундай жарроҳлик амалиёти, жарроҳларнинг ўзлари таъкидлаганидек, оғир вазифа. Нейрожарроҳлар эпифиз бези ўсмалари акс этган мия тасвирларига гўё баланд чўққини забт этмоқчи бўлиб, юқорига тикилиб турган альпинистлардек қўрқув ва ҳаяжон билан қарайди.
Бир беморга ўта хавфли касалликка чалингани ва ҳаёти энди ўз қўлида эмаслигини қабул қилиш жуда қийин кечган. У нуфузли компания директори эди. Бу одам ўзини тунда безовта қилган бош оғриқларига стресслар (2008 йилги молиявий инқироздан кейин кўплаб ходимларини ишдан бўшатишга мажбур бўлган экан) сабабчи деб ўйлаганди. Аммо унда ўткир гидроцефалия [3] ва ғуддасимон без ўсмаси борлиги аниқланди. Ўсимта ликвор – орқа мия суюқлигининг мия атрофида нормал айланишига тўсқинлик қилади ва тўпланган суюқлик бемор миясида босимни оширади. Касаллик даволанмаса, бу одам бир неча ҳафтада кўр бўлиб қолиши ва вафот этиши мумкин эди.
Жарроҳлик амалиётидан олдин у билан кўп марта суҳбатлашдик, бу осон кечмади. Унга ўлим ёки инсультнинг энг оғир формаси хавф солса-да, жарроҳлик мақбулроқ йўл эканини тушунтирдим. Чунки операциядан воз кечиш бундан хатарлироқ эди. Эркак айтаётган барча сўзларимни смартфонига ҳафсала билан қайд қилиб қўярди. Гўё обструктив гидроцефалия, эндоскопик вентрикулостомия [4], пинеоцитома, пинеобластома каби узундан-узун сўзларни қайд этиш унга вазият устидан назоратни қайтариб бериб, ҳаётини асраб қоладигандек... Беморнинг безовталиги бир ҳафта аввал ўтказган амалиётимнинг қалбимда чуқур из қолдирган қайғуси билан бирлашиб, уни операция қилишга қўрқув билан қараётганимни англатарди.
Бу одамни операциядан олдинги оқшомда кўргандим. Беморлар билан аввалги учрашувларда жарроҳликнинг хавф-хатарларини бафуржа муҳокама қилиб оламиз, шу сабаб одатда амалиётдан бир кун олдинги суҳбатда бу ҳақда тўхталмасликка ҳаракат қиламан. Уларни тинчлантиришга ва қўрқувларини камайтиришга уринаман, лекин бу ўзимни икки баравар кўпроқ ташвишланишга мажбурлаётганимни англатади. Беморга бу ўта хавфлилиги ва хато қилиш эҳтимоли катталигини олдиндан айтсангиз, мураккаб операцияларни бажариш анча осон кечади. Балки шунда мабодо бирор кор-ҳол юз берган тақдирда, айбдорлик ҳиссидан камроқ азоб чекарман.
Аёли қўрқувдан ранги оқарганча унинг ёнида ўтирарди.
– Бу оддий жарроҳлик амалиёти, – дедим эркакни сохта кўтаринки кайфият билан тинчлантиришга уринарканман.
– Лекин ўсма хавфли бўлиши ҳам мумкин, шундай эмасми? – сўради у.
Бироз иккиланиб шундай эҳтимол борлигини тасдиқладим. Аёлига эса жарроҳлик амалиёти пайтида вақтинча сезгидан маҳрум қилинган қисм тўқимасидан намуна олишим ва уни дарҳол мутахассис текширишини тушунтирдим. Ўсма хавфсизлиги аниқланса, уни тўлиқ олиб ташлашим шарт эмас. Агар бу биз “герминома” деб атайдиган ўсма бўлса, умуман олиб ташлашга ҳожат йўқ, бемор даволаниши, шунингдек, радиотерапия билан тўлиқ тузалиб кетиши ҳам мумкин.
– Демак, у саратон ҳам, герминома ҳам бўлмаса, операция хавфсиз экан-да, – деди аёл, лекин ишонқирамай жим бўлиб қолди.
Уни қўрқитиб юборгим келмай, бироз иккиландим. Сўзларимни эҳтиёткорона танладим.
– Ҳа, ўсмани бутунлай олиб ташлашга тўғри келмаса, хавф анча камаяди.
Яна бироз гаплашдик, кейин уларга хайрли тун тилаб уйга қайтдим.
* * *
Эртаси куни тонгда ўрнимда ётарканман, ўтган ҳафта ўзим операция қилган ёш жувон ҳақида ўйладим. Унинг орқа миясида, олтинчи ва еттинчи бўйин умуртқалари орасида ўсма бор эди. Нега шундай бўлди – билмайман, жарроҳлик пайтида ҳаммаси рисоладагидек туюлган бўлса-да, аёл амалиётдан кейин танасининг ўнг томони шол бўлиб уйғонди. Афтидан, ўсмани олиб ташлаш учун ортиқча ҳаракат қилиб юборганман. Ўзимга жуда ишонган бўлсам керак. Муваффақиятсизликдан унча қўрқмасдим. Навбатдаги эпифиз бези ўсмаси жарроҳлиги яхши ўтишини, барчаси яхшилик билан тугашини, охир-оқибат ҳамма узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришини орзиқиб кутардим. Шунда ўзимни яна хотиржам ҳис қила олардим.
Бироқ надоматларим қанчалик аччиқ бўлмасин, жарроҳлик амалиёти қанчалик яхши ўтмасин, бу ёш аёлга етказган шикастимни тузатиш учун ҳеч нима қила олмаслигини ҳам билардим. Менинг фожиам унинг оиласи бошидан кечирган мусибатнинг олдида бир чақага арзимасди. Ўзим жуда катта умид боғлаганим ёки аввалги амалиётим ёмон кечгани эпифиз бези ўсмаси бўйича кейинги операциям муваффақиятли ўтишига сабаб бўла олмасди.
Эпифиздаги жарроҳлик амалиёти натижаси кўп жиҳатдан менга боғлиқ эмас. Ўсма хавфли бўлиб чиқадими ёки йўқми, уни олиб ташлай оламанми ёки чорасиз беморнинг миясида қолиб кетиб, ҳаммаси даҳшатли хатога олиб борадими, буни олдиндан билиш иложсиз. Ўша ёш аёлни шикастлаганим учун унга ачиниш ҳисси ҳам вақт ўтиши билан унутилишини билардим. Унинг шифохона каравотида қўл-оёғи фалажланиб ётгани ҳақидаги хотиралар оғриқли яра эмас, чандиққа айланади. Аёл хатоларим рўйхатига қўшилади ва франциялик жарроҳ Лериш айтганидек, ҳар бир жарроҳ ўзи билан олиб юрадиган ўша қабристонга яна бир қабр тоши қўйилади.
Операция бошланиши билан одатда мияга ўрнашиб қолган ҳар қандай қўрқув йўқолганини сезаман. Скальпелни илгаригидек ёрдамчи ҳамширанинг қўлидан эмас, балки янги саломатлик ва хавфсизлик протоколларига мувофиқ, темир патнисдан оламан. Сўнг жарроҳлик маҳоратимга тўла ишонган ҳолда пичоқчани беморнинг бош териси устига қадайман. Кесилган жойда қон пайдо бўлиши билан жараёнга астойдил берилиб кетаман ва ҳаммаси тўлиқ назоратим остида эканини ҳис этаман. Одатда жараён камида мана шундай бўлади. Аммо бу сафар ўтган ҳафтадаги муваффақиятсиз амалиётни унутолмаганимдан операция хонасига кучли қўрқув билан кириб келдим. Доимгидек менга ёрдамлашиб турадиган ҳамшира ва мутахассис ординатор сифатида танилган стажёр жарроҳлардан бири – Майк билан суҳбатлашиш ўрнига, индамай беморнинг бош терисини тозалаб, чойшабни тўғрилай бошладим.
Майк билан Бир неча ойдан бери ишлардик ва бир-биримизни яхши билардик. Ўттиз йиллик жарроҳлик фаолиятим давомида кўплаб ординаторларни тайёрлаганман. Аксарияти билан илиқ муносабат ўрнатдим деб ўйлайман. Уларга жарроҳликни ўргатишим керак ва бажараётган барча ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммамга олишимга тўғри келади. Ўз навбатида, улар ҳам менга ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлаши, зарурат туғилса, ҳатто руҳлантириши керак. Бир нарсани яхши тушунаман: одатда улар фақат (ўзларининг фикрича) мен эшитишни хоҳлайдиган гапни айтади. Бироқ баъзида шундай – эҳтимол, жангдаги аскарларнинг елкадошлигига бироз ўхшаб кетадиган муносабат бўлиши мумкин. Нафақага чиққанимдан кейин энг кўп соғинадиганим мана шу бўлади.
– Нима бўлди, хўжайин? – сўради Майк.
Юзимдаги тиббий ниқоб остидан ғўлдирадим:
– Нейрожарроҳлик – тиббиёт илмидан хотиржам ва оқилона фойдаланиш воситаси деган ғоянинг ўзи мутлақо бемаънилик. Мен учун камида шундай. Ўтган ҳафтадаги лаънати операциядан кейин худди ўттиз йил олдингидек асабийлашяпман. Яқинда нафақага чиқадиган шифокорга ҳам ўхшамайман.
– Буни кутишга сабрим етмайди!.. – деди Майк. Фаолиятим охирига етиб бораётгани учун бундай сурбетона ҳазилларга жасоратлироқ ординаторларим журъат эта олади. Ҳозир амалиётчи шифокорлар сони бўш иш ўринларидан кўра кўпроқ, шунинг учун стажёрларим доим келажаги ҳақида қайғуради.
– Нима бўлганда ҳам, бемор тузалиши мумкин, – қўшимча қилди у, – жарроҳлик амалиётига ҳали кўп бўлмади-ку.
– Бунга шубҳам бор.
– Лекин ҳеч қачон аниғиниям билмайсиз...
– Майли, ўйлашимча, бу ҳақиқат.
Биз оғриқсизлантирувчи таъсирида беҳуш, тик ҳолатда ўтқизиб қўйилган бемор ортида турардик. Майк аллақачон унинг бўйни орқасига ингичка йўлак ҳосил қилиб тушган сочларини олиб ташлаганди.
– Пичоқ, – дедим ёрдамчи ҳамшира Агнесга.
У тутиб турган патнисдан пичоқни олдим ва дарров бемор бошининг орқа қисмидаги терини кесдим. Майк вакуумли сўрғич билан юзага чиққан қонни олиб ташлагач, бош суягини пармалаш учун бўйин мушакларини тортиб ажратдим.
– Жуда зўр, – деди Майк.
Бош териси кесилди, мушаклар тортилди, бош суяги пармаланиб, мия пўстлоқлари очилди ва акс эттирилди (жарроҳликнинг қадимий тавсифловчи ўз тили бор). Операцион микроскоп келтирилди ва мен жарроҳлик стулига ўрнашдим.
Бошқа мия ўсмаларидан фарқли ўлароқ, ғуддасимон без жарроҳлигида ўсмага етиб бориш учун мияни кесишнинг ҳожати йўқ. Бунинг ўрнига мия пўстлоғи, бош мия ва орқа мияни қоплайдиган бош суяги остидаги мембранани очганингиздан сўнг миянинг юқори қисмини, яъни бош мия ярим шарларини унинг пастки қисми – мия стволи ва миячадан ажратиб турадиган тор ёриққа кўзингиз тушади. Ўзингизни худди узун туннелдан эмаклаб бораётгандай ҳис этасиз. Гарчи микроскопда масофа юзлаб маротаба узоқ туюлса-да, тахминан етти ярим сантиметр чуқурликда ўсмага дуч келасиз.
Шундай қилиб, миянинг маркази, бизни тирик ва онгли ушлаб турадиган барча муҳим функцияларни бошқарадиган яширин ҳамда сирли ҳудудга тикиламан.
Тепамда худди собор томининг гумбазларига ўхшаш миянинг чуқур томирлари – ички мия веналари ўтади, уларнинг ортида Розенталнинг асосий веналари, кейин ўрта чизиқ бўйлаб Галеннинг тўқ кўк тусдаги, микроскоп нурида ялтираётган катта венаси келади. Бу нейрожарроҳларни ҳайратга соладиган анатомия. Бу веналарнинг барчаси катта миқдордаги қоннинг миядан ташқарига ҳаракатини таъминлайди. Уларнинг шикастланиши беморнинг ўлимига олиб келиши муқаррар. Қаршимда донадор қизил ўсма, унинг остида эса мия стволининг тектал пластинкаси турарди, унинг шикастланиши доимий комага олиб келиши мумкин. Икки ёнда миянинг кўриш учун масъул қисмларини қон билан таъминлайдиган орқа артерия жойлашган. Олд томондан, ўсмадан бироз узоқликда (ўсмани олиб ташласак, у гўё оқ деворли узун йўлакка очилган эшикка ўхшаб қолади) учинчи қоринча жойлашган.
Ушбу номларда жарроҳлик шеъриятининг ўзига хос нафосати акс этган ва улар замонавий микроскопнинг ажойиб оптикаси билан бирлашганида жарроҳлик амалиётини нейрожарроҳликнинг энг яхши намуналаридан бирига айлантиради. Албатта, агар ҳаммаси яхши кечса. Ўсмага яқинлашар эканман, йўлимдан кесилиши керак бўлган бир неча қон томирлари чиқиб келади. Булардан қайси бирини қурбон қилиш мумкин-у, қай бирига тегмаслик кераклигини билишингиз шарт. Мен гўё бор тажриба ва билимларимни йўқотгандек эдим. Ҳар сафар қон томирни кесганимда, қўрқувдан бироз титрайман. Бироқ жарроҳ сифатида фаолиятингизнинг илк босқичиданоқ кучли хавотирни кундалик ишингизнинг табиий қисми сифатида қабул қилишни ва унга эътибор бермай, амалиётни давом эттиришни ўрганасиз.
Жарроҳлик амалиёти бошланганидан бир ярим соат ўтиб, ниҳоят ўсмага етиб бордим. Ундан патология лабораториясига юборишга кичик бир бўлакни олганимдан сўнг операция стулига суяндим.
– Энди кутишимиз керак, – дедим Майкка оғир тин олиб.
Операция ўртасида танаффус қилиш осон иш эмас. Ишимни тезроқ давом эттириш иштиёқида асабим таранг ҳолда ўриндиққа чўкдим. Лабораториядаги ҳамкасбларим ўсмани хавфсиз ва операция қилса бўладиган деб хулоса беришларидан, беморим тирик қолиши, жарроҳликдан сўнг унинг хотинига ҳаммаси яхши бўлишини айтишдан умидвор эдим...
Қирқ беш дақиқадан сўнг сабр косам тўлди, курсимни операция столидан нари суриб, стерилланган халатим ва қўлқопларимни ечмай, энг яқин телефонга бориш учун ўрнимдан турдим. Лабораторияга қўнғироқ қилиб, патолог врач билан гаплашишни талаб қилдим. Бироз узилиш бўлди, кейин шифокор телефон гўшагига келди.
– Нимага қотиб қолдинглар?! – деб бақирдим. – Нималар бўляпти?
– О, кечикканим учун узр сўрайман. Бинонинг нариги томонида эдим, – жавоб қилди шифокор анча вазмин овозда.
– Хўш, нима бало экан у?
– Хўш... Мана, ҳозир уни текширяпман. Эҳа! Бу хавфсиз пинеоцитоманинг нақ ўзига ўхшайди.
– Ажойиб, раҳмат!
Шу заҳоти унинг гуноҳидан ўтиб, ҳамма кутаётган операция столига қайтдим.
– Қани, бошладик!
Яна қўлларимни тозалаб, операция курсисига ўтирдим ва тирсакларимни суянчиқларга тираб, ўсма билан ишлашга киришдим. Бош миянинг ҳар бир ўсмаси ўзига хос. Баъзилари тошдай қаттиқ. Бошқалари желе каби юмшоқ. Баъзилари бутунлай қуруқ, бошқаларидан қон оқади – шу даражадаки, операция пайтида бемор қон кетишидан ўлиши мумкин. Баъзи ўсмалар қобиғидан нўхат каби осонликча ажралади, бошқалари мия тўқималарига ва унинг қон томирларига маҳкам ёпишиб олади. Уни олиб ташлашни бошламагунингизча тасвирига қараб ўсма ўзини қандай тутишини аниқ била олмайсиз. Бу бемордаги ўсма жарроҳлар айтганидек, “кўнувчан” ва қулай юзада, яъни мияга ёпишиб кетмаганди. Атрофдаги соғлом тўқималарга тегмасликка ҳаракат қилиб, уни аста-секин қиришни бошладим. Уч соатдан сўнг ўсимтанинг катта қисмидан халос бўлганим кўриниб турарди.
Эпифиз бези ўсмаси камдан-кам учрарди, шу сабаб ҳамкасбларимдан бири жараённи кузатиш учун жарроҳлик амалиёти хонасида ҳозир бўлганди. Эҳтимол, менга бироз ҳасади келгандир. У елкаларим оша мўралади:
– Ҳаммаси яхшига ўхшайди.
– Ҳозирча, ҳа.
– Биз кутмаган пайтдагина бирор нохуш кор-ҳол юз беради, – жавоб қилди у ўзининг жарроҳлик хонасига қайтаркан.
* * *
Амалиёт мия атрофидаги муҳим ҳаётий аъзоларни шикастламаган ҳолда ўсмани тўлиқ олиб ташлагунимча давом этди. Жароҳатни тикишни Майкка қолдириб, ўзим палатага жўнадим. Беморларим жуда кўп эмас, улар орасида бир ҳафта олдин ўзим фалаж қилиб қўйган ёш она ҳам бор эди. Уни ён томондаги хонадан топдим. Ўзингиз майиб қилган беморга яқинлашаётганингизда қандайдир сизга қарши куч майдони бордек ва ўша куч ортида бемор ётган хонанинг эшигини очишингизга тўсқинлик қилаётгандек бўлади – эшик тутқичи қўрғошиндан қилингандек шунчалик оғир туюладики... Бу куч сизни беморнинг жойидан нари итараётгандек, иккиланиб қилган табассумингизга ҳам қаршилик кўрсатаётгандек бўлади. Бунақа вазиятда одам ўзини қандай тутиши кераклигини билиш қийин. Жарроҳ энди ваҳший ва жиноятчига айланади, агар уни шунчаки уқувсиз шифокор дейишса, бу яхши. У энди ҳар нимага қодир қудратли қаҳрамон эмас. Бунақа пайтда беморнинг ёнидан тез ва жимгина ўтиб кетиш анча осонроқ.
Палатага кириб, аёлнинг каравоти ёнидаги курсига ўтирдим.
– Яхшимисиз? – сўрадим зўрға.
У менга қараб юзини буриштирди, индамай соғлом чап қўли билан ўнг қўлига ишора қилди, сўнг уни кўтариб қўйиб юборди – қўл жонсиз ҳолда каравотга тушди.
– Илгари ҳам жарроҳлик амалиётидан кейин шундай ҳолатларга дуч келганман. Бунга бир неча ой вақт кетса-да, беморлар тузалган. Анча яхши бўлиб кетишингизга чиндан ишонаман.
– Сизга жарроҳлик амалиётидан олдин ишонгандим, – деди аёл. – Нега энди яна ишонишим керак?
Бу саволга ўша заҳоти жавоб топа олмадим ва ўнғайсизланиб оёқларимга тикилдим.
– Лекин сизга ишонаман, – дея қўшимча қилди аёл бироз вақтдан кейин (балки буни фақат ачинганидан айтгандир).
Яна операция хонасига қайтдим. Жарроҳлик столидан каравотга кўчирилган бемор аллақачон ҳушига келганди. У ёстиққа бош қўйганча нурсиз нигоҳлари билан атрофга боқар, бу пайт ҳамширалардан бири унинг сочларидаги қон ва суяк қолдиқларини юваётганди. Анестезиологлар ва бошқа ҳамширалар суҳбатлашиб, кулишиб бемор атрофида овора, интенсив терапия бўлимига (ИТБ) олиб боришга тайёрлаш учун унга бириктирилган кўплаб найчалар, симларни йиғиштиришарди. Бемор ўзини яхши ҳис қилмаганда улар, албатта, индамай ишлаётган бўларди. Ҳамширалар аравачадаги асбобларни тозалаб, ишлатилган чойшаблар, симлар ва найчаларни чиқинди учун мўлжалланган пластик қопчаларга соларди. Санитарлардан бири жарроҳлик амалиёти хонасини кейинги беморга тайёрлаш учун аллақачон полдаги қонни тозалашга киришиб кетганди.
– Унинг аҳволи яхши! – бақирди менга Майк хонанинг нариги томонидан хурсанд оҳангда.
Мен беморнинг хотинини излаб чиқиб кетдим. У ИТБ ёнидаги йўлакда кутарди. Яқинлашаётганимни кўргач, аёлнинг юзи қўрқув ва умиддан қотиб қолди.
– Ҳаммаси кутганимиздек яхши ўтди, – дедим мен қуруқ ва расмий оҳангда, вазмин ҳамда истеъдодли жарроҳ ниқобини кийиб. Бироқ кейин унинг елкасига қўйиш учун қўлларимни узатишдан ўзимни тия олмадим. Аёл кафтларини елкамга қўйган пайти нигоҳларимиз тўқнашди ва унинг кўзлари ёшланганини пайқадим. Бир лаҳза ўзимни қўлга олиш учун курашишимга тўғри келди. Ўша пайтда ўзимга бир муддат ғалаба нашидасини суришга ижозат бердим.
– Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади, – дедим ниҳоят.
[1] Жарроҳ ишлатадиган махсус пичоқча – ҳаволадаги барча изоҳлар таҳририятга тегишли.
[2] Қўзғатиш, кучайтириш
[3] Бош (мия) истисқоси. Мия қоринчаларида орқа мия суюқлигининг ортиқча йиғилиши билан таърифланадиган касаллик.
[4] Бош истисқосини даволашнинг замонавий услуби.
[2] Қўзғатиш, кучайтириш
[1] Жарроҳ ишлатадиган махсус пичоқча – ҳаволадаги барча изоҳлар таҳририятга тегишли.
[4] Бош истисқосини даволашнинг замонавий услуби.
[3] Бош (мия) истисқоси. Мия қоринчаларида орқа мия суюқлигининг ортиқча йиғилиши билан таърифланадиган касаллик.
Аневризма
қон томири, одатда артерия деворидаги паталогик кенгайиш
Нейрожарроҳлик мия ва умуртқа поғонасида касаллик ёки жароҳати бўлган беморларни операция усулида даволашни тақозо қилади. Булар кам учрайдиган муаммолар, шу сабаб нейрожарроҳлар ва нейрожарроҳлик бўлимлари сони бошқа тиббий мутахассисликлар билан таққослаганда анча оз. Тиббиёт факультети талабаси сифатида бирор марта нейрожарроҳлик операциясига гувоҳ бўлмаганман. Биз амалиёт ўтаган шифохонада эса нейрожарроҳлик операциялари хонасига киришимизга ҳам рухсат беришмасди. Ўша хонани оддий талабалар учун ўта махсус ва сирли деб ҳисоблашарди. Бир сафар умумий жарроҳлик бўлими йўлагидан кетаётиб, нейрожарроҳлик хонаси эшигининг кичкина дарчасидан ҳушсиз ва операция столига тик ўтқизилган яланғоч аёлга кўзим тушиб қолди. Унинг сочлари бутунлай қириб ташланганди. Аёлнинг ортида юзини жарроҳлик ниқоби билан тўсиб олган, бошига мураккаб чироқ ўрнатилган кекса ва новча нейрожарроҳ турарди. У катта қўллари билан аёлнинг тақир бош терисини тўқ жигарранг йодли антисептик билан бўяётганди. Бу худди даҳшатли фильмдан олинган лавҳадек эди.
Уч йил ўтиб, айнан ўша нейрожарроҳлик хонасига кирдим ва шифохонада ишлайдиган икки консультант нейрожарроҳдан ёшроғи мия аневризмаси ёрилган аёлни операция қилишини кузатдим. Унгача шифокор сифатида бир ярим йил малака оширдим ва тиббиёт соҳасида фаолият юритиш фикридан ҳафсалам пир бўлиб, бу касбдан кўнглим қолиб бўлганди. Ўша пайтда ўзим ўқиган шифохонанинг интенсив терапия бўлимида кичик шифокор бўлиб ишлаётгандим. Бўлимда ишлайдиган анестезиологлардан бири бироз зерикканга ўхшаб турганимни кўриб, операция хонасига таклиф қилди ва беморни нейрожарроҳлик амалиётига тайёрлашда унга ёрдам беришимни сўради.
Бу мен кўрган, одатда узун, қонли кесмалар ва тананинг катта, силлиқ қисмлари билан ишлашни ўз ичига олган операциялардан фарқ қиларди. Амалиёт аёл бошининг ён томонидан очилган кичик тешик орқали операцион микроскоп билан, мия қон томирларини бошқарса бўладиган нозик микроскопик асбоблар ёрдамида амалга ошириларди.
Аневризмалар – мия қон томирларидаги кичик, пуфаксимон бўртмалар. Улар мияда хавфли қон кетишига сабаб бўлиши мумкин (тез-тез шундай бўлади). Операциядан мақсад аневризма ёрилиб кетишининг олдини олиш учун у бўртиб чиққан жойга миттигина – диаметри бир неча миллиметрлик пружинали металл қисқични ўрнатиш ҳисобланади. Ҳақиқий хавф шундаки, жарроҳ беморнинг бош мияси остидаги тор бўшлиқ – бир неча сантиметр чуқурликда ишлайди. У атрофдаги аъзолардан холи қилиб, қисқич ўрнатишга уринаётганида аневризмани бехосдан ёриб юбориши мумкин. Бўртмаларнинг деворлари юпқа ва мўрт, лекин ичидаги артериал қон босими баланд бўлади. Баъзан девор шунчалик юпқа бўладики, микроскопдан қараганда жуда катта ва ваҳимали туюладиган аневризма ичида айланаётган тўқ қизил қон гирдобини ҳам кўриш мумкин. Жарроҳ аневризмани қисқични ўрнатишдан олдин ёриб қўйса, бемор одатда вафот этади ёки камида даҳшатли фалаждан азобланади. Бундай тақдир ўлимдан-да ёмонроқ бўлиши мумкин.
Жарроҳлик амалиёти хонасидагилар жим ишлашар, одатдаги бекорчи гап ва суҳбатлардан асар ҳам йўқ эди. Нейрожарроҳлар баъзида аневризма жарроҳлигини бомбани зарарсизлантиришга тенглайди. Лекин бу ҳолатда бутунлай бошқача жасорат талаб қилинади. Чунки жарроҳнинг эмас, беморнинг ҳаёти хавф остида бўлади.
Мен кузатаётган операция мутахассисларнинг сокин ва вазмин иш жараёнидан кўра кўпроқ ўлжаси хавфли аневризма бўлган қонли спортга ўхшарди. Таъқиб шундай эди: жарроҳ эҳтиёткорлик билан миянинг тубига, аневризма турган жойга уни безовта қилмасликка уриниб писиб борди. У аневризмани тутиб олиб, тузоққа туширганида воқеаларнинг авж нуқтаси бошланди. Кейин шифокор пружинали титан қисқич билан аневризмани бартараф қиларкан, бемор ҳаётини сақлаб қолди. Ҳаммасидан ҳам жарроҳлик амалиёти инсон ҳаёти учун муҳим бўлган, барча фикрларимиз ва ҳиссиётларимиз жамланган сирли замин – бош мияга алоқадор эди. Танамизнинг бу аъзоси ўзига хос жумбоқ, назаримда, у атрофимизни ўраб турган коинот ва тунда пайдо бўладиган юлдузлар каби буюк туюлади. Жарроҳлик амалиёти ажойиб, жуда қалтис, хатарли ва шу билан бирга, чуқур маъноли эди. Нейрожарроҳ бўлишдан ҳам аълороғи борми, деб ўйладим. Буни ҳозиргина англаб етган бўлсам–да, негадир кўнглимдан бутун ҳаётим давомида хоҳлаган ишимни топдим, деган ғалати туйғу ўтарди. Бу бир кўришда уйғонган муҳаббат эди.
Жарроҳлик амалиёти яхши ўтди. Аневризма ҳалокатли фалаж ёки қон кетишига сабаб бўлмасидан муваффақиятли зарарсизлантирилди, операция хонасидаги муҳит эса тўсатдан шодон ва хотиржам тус олди. Ўша оқшом уйга бориб, аёлимга мия жарроҳи бўлмоқчилигимни маълум қилдим. У бироз ҳайратланди, чунки қайси йўналишни танлаш ҳақида анчадан бери бир қарорга келолмагандим. Лекин, назаримда, фикримни оқилона деб ўйлади. Ўшанда нейрожарроҳликка бутун вужудим билан берилиб кетишим, узоқ иш соатлари ва у менда пайдо қилган ўзимни ҳаммадан юқори қўйиш ҳисси йигирма беш йилдан сўнг турмушимизнинг якунланишига олиб келишини ҳеч биримиз билмасдик.
* * *
Орадан ўттиз йил ўтди ва бир неча юзлаб аневризма операцияларидан кейин қайта оила қурдим. Пенсияга чиқишимга бир неча йил қолганида душанба куни тонгда аневризмага қисқич қўйиш учун велосипедда ишга бордим. Ҳаводаги юқори ҳарорат тўлқини эндигина якунига етган, оғир, кулранг ёмғир булутлари жанубий Лондон осмони узра ястаниб турарди. Туни билан ёмғир ёғди. Тирбандлик кам – деярли ҳамма таътилга кетгандек туюларди. Шифохонага кираверишдаги ариқчалар тўлиб тошган, шу сабабли йўлдан ўтаётган қизил автобуслар пиёдалар йўлини сувга тўлдириб юборганди. Ишга кетаётган кам сонли ходимлар автобуслар ўтаётганида бир томонга сакраб ўтишга мажбур бўларди.
Ҳозир камдан-кам ҳолларда аневризмага қисқич қўяман. Аневризма жарроҳлиги бўйича аста-секин қийинчилик билан эгаллаган кўникмаларим технологик ўзгаришлар туфайли эскирди. Бугунги кунда очиқ жарроҳлик ўрнига беморнинг чов соҳасига катетер ва сим киритилиб, игна орқали сон артериясига ўтказилади ҳамда нейрожарроҳ эмас, радиология шифокори уни юқорига йўналтиради. Аневризма сиртдан киритилган ускуна билан қисиш ўрнига ичкаридан блокланади. Бу, шубҳасиз, бемор учун анъанавий жарроҳлик амалиётидан кўра анча енгил кечадиган тажриба. Гарчи нейрожарроҳлик аввалгидан анча ўзгарган бўлса-да, амалиётда нейрожарроҳ ролининг йўқолиши беморнинг фойдасига бўлди. Ҳозир ишимнинг кўп қисми глиома [1], менингиома [2] ёки невринома каби мия ўсмалари билан боғлиқ (“-ома” қўшимчаси қадимги юнон тилида ўсимта маъносидаги сўздан келиб чиққан, унинг биринчи қисми эса тахминан ўсма ривожланган ҳужайра турининг номи саналади). Баъзан аневризмани одатдагидек қимчиб (бураб) бўлмайди, шунинг учун тез-тез эрта тонгда ўзимга ўтмишдан яхши таниш бўлган ҳолат – хавотир ва ҳаяжонимни назорат қилиб ишга бораман.
Ҳамкасблар билан эрталаб йиғиламиз. Бу амалиётни йигирма йил аввал бошлаганман. Бу борада полициячилар ҳақидаги “Ҳилл Стрит кўк формалилари” (“Hill Street Blues”) телесериалидан илҳомланганман: унда участка полицияси сержанти ҳар куни эрталаб яхши кайфиятда зобитларига ваъзхонлик қилиб кўрсатмалар беради, шундан кейингина ходимлар полиция машиналарида сиренасини ёққанча шаҳар кўчалари бўйлаб йўлга отланади. Бу воқеа ҳукумат кичик шифокорларнинг узоқ давом этувчи иш соатларини қисқартира бошлаган пайтда содир бўлган. Айтишларича, шифокорлар ҳолдан тойган ва ҳаддан ташқари кўп ишлаган, оқибатда беморлар ҳаёти хавф остида қолган. Лекин энди тунда кўпроқ ухлайдиган бўлгач, улар хавфсизроқ ва самаралироқ ишлаш ўрнига янада асабий ва ишончсиз бўлиб қолди. Назаримда, бунга шифокорлар сменаларда ишлаётгани ва кўпроқ вақт ишлаган пайтидаги муҳимлик, жамоага дахлдорлик ҳиссини йўқотиб қўйгани сабабдек туюлди. Мен сўнгги қабул қилинган беморларни муҳокама қилиш, ёш шифокорларни доимий ўқитиб тайёрлаб бориш, шу билан бирга, муолажаларни режалаш учун ҳар тонгда йиғилиб, йўқотилган полк руҳини қайта ярата оламиз деб умид қилардим.
Йиғилишларимиз жуда танилган. Улар шифохонанинг мақсадлари ҳамда янги клиник протоколлар муҳокама қилинадиган, зерикарли ва юморсиз ўтадиган раҳбарият йиғилишларига умуман ўхшамайди. Тонгги нейрожарроҳлик йиғилишимиз мутлақо бошқача жараён. Ҳар куни роппа-роса соат саккизда қоронғи ва деразасиз рентген хонасида тўпланиб, бечора беморларимизнинг мия тасвирларига қараб, уларнинг номига қўполроқ ҳазиллар қилиб бақирамиз, баҳслашамиз ва куламиз. Худди “Starship Enterprise” фазо кемасида ўтиргандек, ўнтача катта ва кичик шифокор гуруҳ бўлиб ярим доира шаклида ўтириб оламиз.
Қаршимизда қатор компьютерлар ва оқ девор бўлиб, унга миянинг оқ-қора тасвирлари бир неча баравар катталаштириб туширилади. Ушбу тасвирлар сўнгги 24 соат ичида тез ёрдам машинасида шошилинч касалхонага олиб келинган беморларга тегишли. Уларнинг кўпи ўлимга олиб борувчи мияга қон қуйилиши ёки бошнинг жиддий шикастланиши қурбонига айланиши мумкин, баъзиларига яқинда мия ўсмаси ташхиси қўйилган. Шундай қилиб, биз жўшқин ва тетик, ўз ишимиздан мамнун ҳолда ўтирамиз – жарроҳлик учун қизиқарли вазиятларни топиш илинжида Олимп худолари каби хотиржам, баъзан эса истеҳзоли вақтичоғлик билан инсоний азоб-уқубат ҳамда бахтсизликнинг мавҳум тасвирларини муҳокама қиламиз. Кичик шифокорлар касаллик ҳолатларини кўрсатиб, уларнинг “тарихи”ни бизга баён қилиб беришади. Бу ҳар куни, ҳар йили такрорланиб турувчи тўсатдан содир бўладиган фалокатлар ёки даҳшатли фожиалар ҳақидаги ҳикоялар бўлиб, гўё инсон азоб-уқубатлари ҳеч қачон тугамайдигандек таассурот уйғотади.
Ўша кун ўзимнинг одатдаги жойимда, орқа бурчакда ўтирдим. Кичик шифокорлар биринчи қаторда, жарроҳлик амалиётчилари уларнинг ортида, улардан кейинги қаторда эса клиник ординаторлар ўтирарди. Мен кичик шифокорларнинг қайси бири шошилинч тиббий ёрдам бўлимида навбатчилик қилганини сўрадим.
– Ўриндош шифокор, – жавоб берди ординаторлардан бири, – ва у аллақачон уйига кетган.
– Жума куни йигирма тўрт соат давомида бешта доктор шошилинч тиббий ёрдам қўнғироқларига жавоб берганди, – деди ҳамкасбларимдан бири. – Бешта доктор-а? Ҳар тўрт ярим соатда улар бир-бирига фавқулодда қўнғироқларни топширишган! Бу ўтакетган тартибсизлик....
– Тақдим этишга нимадир борми? – дея сўрадим. Кичик шифокорларнинг бири ўрнидан туриб, стол устидаги компьютер клавиатураси томон юрди.
– Ўттиз икки ёшли аёл, – деди у лўнда қилиб. – Бугун операция қилинади. Бошида оғриқ бўлган ва мияси томография қилинган.
Ёшгина кичик шифокорларга қарарканман, бирортасининг исмини эслолмаганимдан уялдим. Чорак аср аввал консультант бўлиб ишлаган пайтларимда бўлимда атиги иккита кичик шифокор бор эди. Ҳозир уларнинг сони саккизтага етган. Авваллари уларнинг барчаси билан шахсан танишиб, фаолиятига қизиқардим. Ҳозир эса улар худди беморлар сингари тез алмашади. Уларнинг биридан исмини билмаганим учун узр сўраб, қаршимизда турган бемор мияси томографиясини тасвирлаб беришини сўрадим.
– Альцгеймер, – дея бақирди қоронғи бурчакда турган ординаторлардан бири бироз ҳурматсизлик билан.
Кичик шифокор исми Эмили эканини айтди.
– Бу мия томографияси тасвири, – деди сўнг.
– Ҳа, буни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Лекин у нимани кўрсатяпти?
Хонага ноқулай сукунат чўкди.
Бироздан сўнг унга раҳмим келди. Девор томонга юриб, томографияга ишора қилдим. Мия томонга ўсиб борган артериялар худди дарахт шохларига ўхшашини, ташқарига ёйилиб боргани сари учи торайиб боришини тушунтирдим. Кейин томирлардан бирида пайдо бўлган кичик шиш – ҳалокатли “мевача”ни кўрсатиб, Эмилига савол назари билан тикилдим.
– Бу аневризмами? – сўради Эмили.
– Ўнг томондаги ўрта мия артерияси аневризмаси, – жавоб бердим. Кейин аёлдаги бош оғриғи аслида жуда кучсиз бўлгани ва аневризмага алоқаси йўқлигини тушунтирдим. Биз уни тасодифан топиб олгандик.
– Навбатдаги имтиҳон топширувчи ким? – сўрадим ординаторлар қаторига юзланиб. Амалиёт якунида барчаси нейрожарроҳлик бўйича миллий имтиҳон топширишлари керак бўлади. Уларни имтиҳонга тайёрлаш учун мунтазам савол-жавоб ўтказишга ҳаракат қиламан.
– Бу етти миллиметр ўлчамдаги ёрилмаган аневризма, – деди энг тажрибали ординаторлардан бири Фиона. – Демак, 1998 йил чоп этилган халқаро тадқиқотга кўра унинг ёрилиб кетиш хавфи бир йилда 0,5 фоизга тенг.
– Агар у ёрилиб кетса-чи?
– Беморларнинг ўн беш фоизи ўша заҳоти ва қолган ўттиз фоизи кейинги бир неча ҳафта ичида ўлади. Бунга одатда кўп қон йўқотиш сабаб бўлади ва хавф йилига 4 фоиздан ортиб боради.
– Рақамларни биларкансиз, жуда яхши. Лекин биз нима қилишимиз керак?
– Радиологдан сўраш керак, уни ичкаридан даволай олишармикан?
– Буни сўраб кўрдим. Улар бундай қила олмас эканлар.
Интервенцион радиолог – одатда аневризмани даволайдиган рентген мутахассиси айтдики, аневризма нотўғри шаклда. Уни даволаш учун жарроҳлик йўли билан қисқич қўйилиши керак.
– Сиз операция қилишингиз мумкин...
– Лекин шундай қилиш керакми?
– Билмадим.
Кичик шифокор ҳақ эди. Буни мен ҳам билмасдим. Агар ҳеч нима қилмасак, беморда охир-оқибат қон кетиши кузатилиши, бу ҳалокатли фалаж ёки ўлимга сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Лекин аёл аневризма ёрилиб кетишидан анча аввал бошқа сабаб билан вафот этиши ҳам мумкин эди. Айни пайтда эса аёл ўзини жуда яхши ҳис қилаётганди. Томография қилишга ундаган бош оғриқларининг аневризмага алоқаси йўқ, у тасодифан топилганди. Операция қилган тақдиримда ҳам, инсультга сабаб бўлишим ва уни майиб қилиб қўйишим мумкин эди. Бу хавф тахминан тўрт ёки беш фоизни ташкил этарди. Шундай қилиб жарроҳлик амалиётидан кутиладиган энг катта хавф ва ҳеч нарса қилмасак, бемор ҳаётида юз бериши мумкин бўлган хавф айнан тенг нисбатда эди. Аммо биз ҳеч нима қилмасак, аёл миясида аневризма борлиги ва исталган пайт уни ўлдириши мумкинлигини билиб яшашига тўғри келарди.
– Хўш, энди нима қилиш керак? – деб сўрадим.
– Беморнинг ўзи билан муҳокама қиламизми?
* * *
Аёлни илк бор бир неча ҳафта аввал амбулатор клиникамда учратгандим. Уни миясини томография қилишни тавсия этган умумий амалиёт шифокори юборганди. Лекин шифокор ёзиб берган йўлланмада беморнинг ёши ўттиз иккидалиги ва унда ёрилмаган аневризма борлиги ҳақидаги маълумотдан бошқа маълумот кўрмадим. Аёл ўзи ёлғиз келганди. Башанг кийинган, узун қора сочларини қуёшдан асровчи қора кўзойнаги билан орқага суриб қўйганди. У зерикарли амбулатория кабинетидаги иш столим қаршисида турган курсига ўтирди. Қимматбаҳо сумкасини курси ёнига, полга қўйиб, менга хавотир билан қаради.
Аёлдан куттириб қўйганим учун узр сўраб, гапни давом эттиришга бироз иккиландим. Суҳбатни дарҳол унинг оилавий аҳволи ёки ўзи ҳақида сўрашдан бошлагим келмади. Бундай қилсам, гўё унинг ўлимини кутаётгандек тасаввур уйғотиб қўйишим мумкин эди. Бош оғриқлари ҳақида сўрадим.
Аёл бош оғриқлари аллақачон тузалиб бораётганини айтди. Эътибор берсак, оғриқлар зарарсизга ўхшади. Агар жиддий сабаби бўлса, одатда бу уларнинг табиатидан яққол маълум бўлади. Шифокор ўтказган текширув (эҳтимол, одатдаги томография аёлни тинчлантиради деган умидда қилгандир) бутунлай янги муаммони юзага келтирганди. Лекин оғриқ безовта қилмаётган бўлса-да, аёл энди жуда хавотирда эди. Албатта, интернетдан тегишли маълумотларни излаган. Энди бошида исталган пайтда портлаши мумкин бўлган “вақт бомбаси” борлигига ишонар ва мен билан учрашишни бир неча ҳафтадан буён кутаётганди.
Унга қаршимиздаги стол устида турган компьютер мониторидаги ангиограммани кўрсатдим. Аневризма жуда кичкина экани ва ҳеч қачон ёрилмаслиги мумкинлигини тушунтирдим. Яна катта ўлчамдагилари хавфли бўлиши ва уларни аниқ даволаш зарурлигини ҳам. Кейин жарроҳлик амалиёти хавфи аневризма ёрилишидан инсульт бўлиш хавфи билан деярли бир хиллигини айтдим.
– Операция қилиш шартми? – сўради у.
Унга агар тузалишни хоҳласа, албатта, жарроҳлик амалиёти зарурлигини билдирдим. Муаммо жарроҳлик амалиётини ўтказиш ёки ўтказмаслик кераклигини билишда эди.
– Операциянинг қандай хатарли томони бор?
Аёлга жарроҳлик амалиёти сабаб ўлиши ёки ногирон бўлиб қолиши эҳтимоли тўрт ёки беш фоизлигини айтганимда у йиғлай бошлади.
– Агар операция қилинмаса-чи? – сўради у кўзларидан ёш томаркан.
– Хўш, унда қариб, кунингиз битганида ўласиз, аневризма шунда ҳам ёрилмайди.
– Айтишларича, мамлакатдаги энг яхши нейрожарроҳлардан экансиз, – деди у хавотирдаги беморлар қўрқувларини камайтириш учун фойдаланадиган соддаларча ишонч билан.
– Хўш... ундай эмас. Лекин, албатта, жуда тажрибалиман. Қўлимдан келадигани – бор имкониятимни ишга солишга ваъда бераман. Сизга нима бўлишидан қатъи назар, жавобгарлик бўйнимда эканини инкор этмайман, аммо жарроҳлик амалиётини ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақидаги қарорни ўзингиз қабул қилишингиз керак. Нима қилишни билганимда, ишонинг, буни сизга айтган бўлардим.
– Ўрнимда бўлганингизда, сиз нима қилардингиз?
Мен иккиланиб қолдим, бироқ гап шундаки, олтмиш бир ёшгача ҳаётимнинг катта қисмини яшаб қўйганимни ва унинг энг яхши дамлари ортда қолганини яхши билардим. Қолаверса, ёшимиздаги фарқ ундан кўра камроқ умрим қолганини англатарди. Шунинг учун агар жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, аневризманинг ҳаётимга соладиган хавфи анча кичик бўларди. Шунга мос равишда жарроҳлик амалиётининг нисбий хавфи баландроқ бўларди.
– Гарчи бу ҳақда унутиш жуда қийин бўлса ҳам, аневризмани даволатмаган бўлардим, – дедим мен.
– Мен жарроҳлик амалиётини танлайман, бу нарса билан яшашни хоҳламайман, – деди аёл бошига ишора қилиб.
– Ҳозир қарор қабул қилишингиз шарт эмас. Уйга боринг ва барчасини оилангиз билан яхшилаб муҳокама қилинг.
– Йўқ, қарор қилиб бўлдим.
Бир муддат индамадим. Операция хавфи ҳақида айтганимда аёл мени чиндан тинглаётганига тўла ишончим комил эмасди. Бу гапни такрорлаш фойда беришига ҳам шубҳам бор, шунинг учун котибимнинг иш кабинетини топиш ва жарроҳлик амалиёти кунини белгилаш мақсадида касалхона йўлаклари бўйлаб йўлга чиқдик.
* * *
Уч ҳафта ўтгач, якшанба куни тушдан сўнг ўша аёл ва эртаси куни операция қилинадиган бошқа беморларни кўриш учун одатдагидек оғир қадамлар билан ишхонамга йўл олдим. Шифохонага ўзим истамай, асабийлик ва хавотирда кириб бордим, чунки куннинг кўп қисмини беморни кўришим ва унинг ташвишлари билан юзлашишим керак деган хаёлда ўтказгандим.
Ҳар якшанба кечки пайт велосипедда касалхонага кетарканман, хаёлим безовта ўйларга тўла бўлади. Бу туйғу, мени кутаётган вазифалар қанчалик мураккаблигидан қатъи назар, уйдаги шароитдан иш муҳитига ўтиш жараёнида келиб чиқаверади. Оқшом пайти шифохонага бориш мен учун кўп йиллардан буён такрорланаётган бир маросимдек бўлиб қолган. Лекин қанча уринмай, барибир унга кўника олмадим. Сокин кўчалар бўйлаб велосипедда борар эканман, якшанба кунлик “маросим”нинг қўрқув ва хавотирларидан – деярли ҳалокат ҳиссидан қутула олмайман. Бироқ беморларни кўришим ва улар билан гаплашиб, эртанги масалаларни муҳокама қилишни бошлаган заҳотим қўрқув йўқолади. Сўнг уйга хуш кайфиятда, эртанги жарроҳлик амалиётига тайёр ҳолда қайтаман.
Беморни аёллар палатасидаги гавжум бурчакларнинг биридан топдим. Эри ҳам ёнидадир, шунда улар билан бирга гаплашиб олардим деган умидда эдим. Лекин аёл уйида болалари ёлғизлиги учун эри аллақачон кетганини айтди. Биз бир неча дақиқа жарроҳлик амалиёти ҳақида гаплашдик. Қарор аллақачон қабул қилинган, шунинг учун амбулатор клиникада эслатиб ўтганимдек операциянинг хавф-хатарлари ҳақида таъкидлаш заруратини сезмадим. Лекин мураккаб турдаги розилик хатини имзолатаётганимда барибир уларни эслатиб ўтишимга тўғри келарди.
– Бироз ухлаб оласиз деган умиддаман, – дедим мен. – Ваъда бераман, мен ҳам ухлайман. Бу вазиятда энг муҳими шу.
У ҳазилимга кулиб қўйди. Жарроҳлик амалиётидан олдинги кечада барча беморларга шундай ҳазил қиламан. Аёл балки буни аллақачон тушуниб етгандир: шифохонада сизга бериладиган энг сўнгги нарса, айниқса, эртаси кун мия жарроҳлигини бошдан кечиришингиз керак бўлса, бу тинчлик, дам олиш имконияти ёки сокинлик.
Жарроҳлик амалиёти учун рўйхатда турган яна икки беморни кўрдим ва улар билан бўлажак операциялар тафсилотларини муҳокама қилдим. Иккаласи ҳам розилик варағига имзо чекди ва бу жараёнда менга ишонишларини таъкидлаб ўтишди. Хавотир юқумли бўлиши мумкин, лекин ишонч ҳам юқумли. Шифохонанинг автомобилларни қўйиш жойи томон борар эканман, беморларимнинг ишончидан кўнглим кўтарилди. Ўзимни кема капитанидек ҳис қилдим – ҳаммаси худди кемадагидек жойида, ҳамма нарса пухта тайёрланган, палуба тозаланиб, эртанги жарроҳлик амалиётларига шай ҳолатда. Ушбу денгиз метафораларидан завқ олиб, шифохонани тарк этдим ва уйга жўнадим.
***
Эрталабки йиғ
