Зукколар ва ландавурлар
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Зукколар ва ландавурлар

Малколм Гладуэлл

ЗУККОЛАР ВА ЛАНДАВУРЛАР

Нега айрим одамларнинг ҳамма нарсаси бор, бошқа одамларда ҳеч вақо йўқ?


Тошкент 2019

КИРИШ. Розето жумбоғи

«Маҳаллий аҳоли фақат қариганлиги учунгина вафот этар эди. Ана шунақа, биродар...»

1

Розето-Вафорторе шаҳарчаси Римдан бир юз олтмиш километр масофада, Италиянинг жануби шарқий томонида, Апеннин тоғлари этагидаги Фоджа минтақасида жойлашган. У ўрта асрлардаги қишлоқлар андозасида: каттакон марказий майдон атрофида барпо этилган. Майдонда бир замонлар бу ўлкадаги кенг ерларга эгалик қилган Саджезе оиласининг саройи бор. Равоқли ўтиш йўлаги Кармел тоғининг Мадонна черковига олиб боради. Икки томонида қизил сопол томли қўшқават уйлар тизилган тош зиналар тоққа томон кўтарилиб боради.

Розето аҳолиси асрлар бўйи тоғдаги мармар конларида ёки воҳанинг пастида ястанган далаларда меҳнат қилганлар. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун улар тоғдан пастга ва пастдан тоққа – ортга олти километр йўл босганлар. Бу жуда машаққатли иш. Бу деҳқонлар деярли саводсиз, ҳаддан зиёд қашшоқ эдилар ва қачондир аҳвол яхшиланишидан умид ҳам қилмасдилар. Бироқ XIX аср охирига келиб, уммон ортида бир мамлакат борлиги ва улар учун катта имкониятлар мавжудлиги ҳақидаги овозалар бу ерга ҳам етиб келди.

1882 йилнинг январида Розето аҳолисидан 11 киши — ўнта эркак ва бир бола — уммон ортига, Нью-Йоркка жўнадилар. Биринчи оқшомни улар Манхеттеннинг Кичик Италия деб аталадиган ўлкасидаги Малберри-стритда жойлашган емакхонанинг ерида ухлаб ўтказдилар. Кейин улар ғарбга равона бўлдилар ва Нью-Йоркдан 145 километр олисликдаги Пенсилвания штатининг Бангор минтақасидаги очиқ сланец конидан иш топдилар. Бир йил ўтгач, Италиянинг Розето шаҳарчасидан яна 15 киши Америкага отланди. Уларнинг бировлари ватандошлари билан бирга сланец конида ишлаш учун Бангорда қолди. Янги келган мухожирлар Янги Дунёда очилаётган истиқболлар ҳақида уйига хабар жўнатишди ва тез кунларда розетоликлар бирин-кетин топган-тутганларини жомадонга жойлаб, Пенсилванияга кўчиб ўта бошладилар. Дастлабки мухожирларнинг мўъжаз ирмоғи тезда улкан бир оқимга айланди. Биргина 1894 йилда 1200 розетолик Америка паспорти олиш учун мурожаат қилди ва она қишлоқларидаги бутун-бутун кўчаларни ҳувиллатиб қолдирдилар.

Янги кўчиб келганлар Бангорни ягона тик йўлак боғлаб турган тошли чўққи ёнбағридан ерларни сотиб ола бошладилар. Қияликдан баланд-пастга ўрлаган сўқмоқ кўчалар атрофини икки қаватли ва шифер томли тош уйлар эгаллай бошлади. Кармел тоғининг Биби Марям черкови қад ростлади. Черков жойлашган бош кўчага Италияни бирлаштирган қаҳрамон Гарибалди номи берилди. Бошланишида улар ўз шаҳарчаларини Янги Италия деб номладилар. Бироқ бироз вақт ўтар-ўтмас ҳаммалари битта қишлоқдан келганликларини ҳисобга олиб, номни ўзгартирдилар. Янги Италия энди Розетога айланди.

1896 йилда Кармел тоғининг Биби Марям черковига ёш ва серҳаракат руҳоний — Паскуал де Ниско ота тайинланди. У черков биродарлигини барпо этди ва байрамларни ташкил қилди. Руҳоний ерларни тозалашга ва черков томорқасида саримсоқ, ловия, картошка, қовун ва мевали дарахтлар экишга даъват қилди. Ўзи уруғлар ва буталар тарқатди. Шаҳарчада ҳаёт жонланди. Розетоликлар чўчқа боқишни ва токзорлар барпо этишни бошлашди ҳамда узумдан қўлбола шароб ясашни йўлга қўйишди. Мактаб, монастир қурилди, боғ ва қабристон барпо этилди. Гарибалди-авенюда кичик дўконлар, нонвойхоналар, ресторанлар ва майхоналар очилди. Ўн-ўн иккита бичув-тикув цехлари пайдо бўлди.

Қўшни Бангорда асосан валлийликлар ва инглизлар жойлашди, нариги шаҳарчада асосан олмонлар яшашарди. Британ, олмон ва италян мухожирлар орасидаги таранг муносабатлар туфайли Розето ташқи дунё учун ёпиқ шаҳарчага айланиб қолган эди. Агар сиз ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида Розето кўчаларида айланиб юриш имконига эга бўлганингизда, фақат италянча сўзлашаётган одамларни эшитар эдингиз, нафақат италянча, айнан Фоджанинг жанубий қавми бўлган Италиянинг Розето аҳолиси шевасини тинглардингиз.

Розето аҳли учун уларнинг мўъжаз, аммо ҳамма нарса етарли бўлган шаҳарчаси бутун дунёга тенг эди. Стюарт Вулф деган инсон бўлмаганда Розето шу ёпиқ дунёлигича қолиб кетарди.

Вулф шифокор эди. У ошқозон касалликларини ўрганар ва Оклахома дорилфунунининг тиббиёт мактабида дарс берарди. Ёз ойларини у Пенсилваниядаги фермада, Розето шаҳарчаси яқинида ўтказарди, бироқ бу ҳали ҳеч нарсани билдирмасди, чунки Розето қолган бутун дунёдан шу қадар айри ҳолда яшардики, қўшни шаҳарчалардаги одамлар ҳам у ҳақда оз нарса билишар эди. «Ёз ойларининг бирида 1950 йилларнинг охирида, мени маҳаллий тиббий жамиятда маъруза ўқишга чақиришди» — эслади Вулф ўз интервьюларидан бирида. Маърузадан сўнг маҳаллий шифокор менинг олдимга келди ва бир бардоқдан пиво ичишга таклиф қилди. Суҳбат пайтида у менга шундай деди: «Биласизми, мен бу ерда ўн етти йилдан бери шифокор бўлиб ишлайман, мижозлар менинг олдимга ҳамма томондан ташриф буюришади, бироқ шу пайтгача Розетодан бирорта олтмиш ёшдан кичик мижоз юрак хасталиги билан келмади».

Вулф бу хабарга унча ишонмади. 1950 йилларда ҳали холестерин миқдорини камайтирадиган дорилар ихтиро қилинмаган ва юрак касалликларини олдини олиш тадбирлари жорий этилмаганди. Инфарктлар Америка Қўшма Штатларида эпидемия тусини олди ва 65 ёшдан кичик инсонлар ўлимининг асосий сабаби бўлди. Соғлом ақлнинг англамига кўра, шифокор ўлароқ, юрак касаллигига бирор марта дуч келмаслик мумкин эмас эди.

Вулф бу сирнинг тагига етишга қарор қилди. Талабалар ва ҳамкасбларининг хайрихоҳлиги билан, у шаҳарча аҳолисининг узоқ даврга оид топиш мумкин бўлган барча ўлим ходисасига оид гувоҳномаларини ўрганиб чиқди. Шифокорларнинг қайдномаларини таҳлил қилди. Аждодларнинг шажараларини тузди. «Ишимиз бошимиздан ошиб ётарди» — деб эслайди Вулф. Тадқиқот иши 1961 йилда бошланган эди.

Мэр бизга ёрдам учун ўзининг тўртта ҳамширасини ажратди ва муниципалитет биносида ишлашга имкон берди. Мен энди мажлисларни қаерда ўтказишига қизиққанимда, у шундай жавоб берди: «Биз мажлисларни вақтинча тўхтатиб турамиз». Аёллар бизга таом келтиришарди. Бизнинг кичик хоналаримиз бўлиб, у ерда одамлардан таҳлил учун қон олинар ва электрокардиограммалар қилинарди. Шу тариқа тўрт ҳафта ўтди. Шундан сўнг мен ҳокимиятдагилар билан гаплашдим ва бизга ёз бўйи ишлаш учун мактаб биносини ажратишди. Биз у ерга Розето шаҳрининг барча аҳолисини тиббий текширувга таклиф қилдик».

Натижалар жуда ғалати эди. Розетонинг бирорта яшовчиси 55 ёшгача инфарктдан ўлмаган ва ҳеч қандай бирорта юрак хасталигига чалинмаган эди. 65 ёшдан катталар орасидаги юрак хасталикларидан вафот этиш кўрсакичи ҳам мамлакатдаги умумий кўрсаткичларнинг ярмича эди. Бошқа сабаблар билан ўлим ҳолатлари ҳам аслида бўлиши лозим даражадан 30–35 % паст эди.

Вулф ёрдамга ўз дўстини, оклахомалик социолог Жон Брунни чақиради. «Мен тиббиётдан таҳсил оладиган талабаларни ва аспирант-социологларни интервью олувчилар сифатида ёлладим ва биз уйма-уй айланиб, барча йигирма бир ёшдан юқорилар билан суҳбатлашишни бошладик» — эслайди Брун. Бу ходисалар эллик йил аввал юз берган, аммо бу тадқиқот ҳақида гапираётганда, Бруннинг овозида ҳозир ҳам ҳайрат сезилади. На ўз жонига суиқасд, на ичкиликбозлик, на гиёҳвандлик бўлган ҳатто жиноятчилик ҳам йўқ ҳисобида эди. Уларда бирор киши нафақахўр эмасди. Кейин биз ошқозон яраси борларни излай бошладик. Бирорта бундай одам топмадик. Маҳаллий аҳоли фақат қариганлиги учунгина вафот этар эди. Ана шунақа, биродар».

Вулфнинг ҳамкасблари розетоликлар учун махсус ном топишарди, одатий мезонларни қўллаб бўлмайдиган, ҳаёти биз ўргангандан бошқача инсонлар дейишарди. Розето аҳолиси ўзига хослар тоифаси эди.

2

Дастлаб Вулф розетоликлар Эски Дунёдан олиб келинган ўзига хос диетага риоя қиладилар ва шунинг учун улар ҳавас қилгулик соғлиққа эгалар, деб тахмин қилди. Аммо бу тахминдан воз кечишга тўғри келди. Розето аҳолиси таомларни Италиядаги каби фойдали зайтун мойида эмас, чўчқа ёғида қовурарди. Италияликларнинг пиццаси туз, ёғ, помидор, анчоус ва пиёз солинган юпқагина хамирдан иборат эди. Пенсилванияда эса пиццалар сосиска, паперони пишлоғи, салями, чўчқа гўшти ва тухумлар остида эгиладиган қалин хамирдан иборат эди. Авваллари ширинкулча ва тузланган тешиккулчалар фақат Мавлуд каби байрамларда тановул қилинарди, аммо Розетода одамлар ширинликларни йил бўйи ердилар. Диетологлар розетоликларнинг таомлари таркибини таҳлил қилганларида, улар истеъмол қиладиган калорияларнинг 41 % ёғлардан иборатлиги аниқланди. Қолаверса, бу инсонлар эрталаб турадиган, йога билан шуғулланадиган ёки олти чақирим пиёда юрадиган одамлар эмасди. Уларнинг кўпчилиги паровоз каби тутун чиқариб сигарета чекар ёки семизликдан лопиллаб юрарди.

Хўш, агар сабаб диетада ҳам, спортда ҳам бўлмаса, балким ирсиятдадир? Бир шаҳарчадан уммон ортига келган розетоликлар бир-бирлари билан қариндош эдилар ва Вулф улардан касалликларни авж олишга қўймайдиган қандайдир ген борлигини тахмин қилди. У розетоликларнинг АҚШнинг бошқа худудларида истиқомат қиладиган барча қариндошлари тиббий қарталарини ўрганиб чиқди, уларда ҳам соғлиқ шунақа бақувват эканми-йўқми, деб текширди. Асло, улар розетоликлар каби соғлиққа эга эмасди.

Шунда Вулф тадқиқот объекти бўлган розетоликлар яшайдиган жойни ўрганишга киришди. Эҳтимол, шарқий Пенсилваниянинг тоғолди воҳасида яшаш уларнинг соғлиғига шу қадар ижобий таъсир ўтказаётгандир? Розетонинг шундоқ қуйисида,  тоғ ёнбағрида Бангор шаҳри жойлашган, Розетодан бор-йўғи бир неча километр нарида қўшни Назарет шаҳарчаси бор эди. Бу шаҳарчаларнинг кўлами деярли Розето билан бир хил, уларда ҳам меҳнатсевар оврўполик иммигрантлар яшашарди. Вулф бу иккала шаҳарча аҳолиси тиббий варақаларини ҳам обдон ўрганди. У ердаги 65 ёшдан ошганлар орасидаги ўлим ҳолатлари розетоликларникидан уч баробар кўп эди.

Вулф қадам-бақадам Розетоликларнинг тилсими диетада ҳам, спортда ҳам, ирсиятда ҳам ва яшаш жойларида ҳам эмас, деган хулосага келди. Бу сирнинг моҳияти шаҳар ҳаётининг ўзида эди. Шаҳарчада айланар ва унинг аҳолиси билан суҳбатлашар эканлар, Вулф ва Брун Розето шаҳрига тарих солган изларни сеза бошлашди. Улар розетоликлар қандай қилиб бир-бирлариникига меҳмонга боришларини, италянча гап сотишларини ва бир-бирлари учун туҳфалар пиширишларини кузатдилар. Шаҳарнинг ижтимоий тизимини ташкил этадиган улкан сулолалар, уруғ-аймоқлар билан танишдилар. Бир том остида оиланинг уч авлоди яшашини, кексалар ҳурмат-иззат қилинишини ҳис этдилар. Черковдаги ибодатда қатнашдилар ва тақво тўпланган инсонларни тинчлантиришига ва биродарлаштиришига гувоҳ бўлишди. 2000 одам истиқомат қиладиган шаҳарчада 22 та жамоавий ташкилот бор эди. Бу шаҳарчада тенглик руҳи яшарди: бойлар ўз бойликларидан кибрланмасдилар ва омади у қадар юришмаган ҳамшаҳарларига ташвишлардан халос бўлишда кўмаклашар эдилар.

Жанубий Италиядан шарқий Пенсилвания тоғлари ёнбағрига юртдошлик маданиятини олиб ўтган розетоликл ар барқарор ва ишончли ижтимоий тизим барпо этдилар ва бу жамоавий инсоний муҳит замонавий дунёнинг балоларидан уларни асраб келарди. Уларнинг соғлиқлари юртдошл ари мўъжазгина тоғ шаҳарчасида яратган тинчлик муҳити туфайли сақланган эди. «Сен Розетога ташриф буюрасан ва тушлик дастурхони атрофида оиланинг уч авлоди бирга ўтирганлигини, нонвойхоналарни, кўчаларда айланиб юрган ёки ўриндиқларга ўтириб, бир-бири билан гап сотаётган одамларни кўрасан, эрлари сланец конларида меҳнат қилаётган пайтда кундузлари тикувчилик цехларида кийим-кечак тикаётган аёлларни кўрасан, — деб ҳикоя қиларди Брун. — Худди шу нарсани сен Италиянинг қишлоқ жойларида ҳам кўришинг мумкин. Ҳайратга соладиган томоша».

Брун ва Вулф ўз тадқиқотлари натижаларини тиббий жамоатчиликка ҳавола этганларида қанчалик ишончсизликка дуч келганликларини тасаввур қиларсиз. Улар ҳамкасблари мураккаб жадвалларга тўла, қандайдир генлар, мураккаб физилогик жараёнлар баён этилган кўпсаҳифали маълумотларни ҳавола этадиган анжуманларда қатнашардилар. Брун ва Вулф эса кўчада гап сотиб юрган ва бир оилада уч авлод битта уйда яшайдиган қанақадир сирли одамларнинг соғлиғи ҳақида сўзлашарди. Анъанавий назариялар бизни шунга ишонтирарди: узоқ яшаш бизнинг ўзимизга боғлиқ, бизнинг ирсиятимизга, қанақа қарорлар қабул қилишимизга асосланади. Саломатлик нималарни ейишимиз, спорт билан қанчалик изчил шуғулланишимиз, сифатли тиббий ёрдамни олишимизга боғлиқ дейишарди улар. Чунки биз саломатликни маданият кесимида кўришга одатланмаганмиз.

Брун ва Вулф тиббий жамоатчиликни соғлиқ ва юрак хасталикларига янги нуқтаи назардан қараш зарурлигига ишонтиришлари керак эди. Шуни англаш лозим эдики, агар алоҳида олинган қарорлар ва хатти-ҳаракатлар билан изоҳласак, биз узоқ умр кўриш сабабларини аниқлай олмаймиз. Бир инсонни ўрганишнинг ўзи етарли эмас. Унинг қандай маданиятга алоқадорлигини, унинг дўстлари ва қариндошлари кимлигини, улар қай манзилда туғилганлигини тушуниш ҳам керак. Биз яшаётган дунёнинг қадриятлари ва атрофимиздаги одамлар бизнинг шахсимизда чуқур из қолдиришини қабул қилишимиз керак. Мазкур китобда мен омад ва мувафаққиятнинг манбаларини англаш учун Брун ва Вулф саломатлик манбасини англаш учун бажаргани каби ишларни  амалга ошираман.

I ҚИСМ. ИМКОНИЯТ

1-БОБ. Матфей эффекти

«Бу ерда ҳатто статистик таҳлил ҳам шарт эмас! Шундай ҳам ҳаммаси яққол кўриниб турибди»

1

2007 йил май ойининг илиқ бир кунида Ванкуверда, Британ Колумбиясида «Медисин-Хат Тайгерс» ва «Ванкувер Жайнтс» ўртасида хотира кубоги ўйналди. «Тайгерс» ва «Жайнтс» — Канада хоккей лигасининг икки машҳур хоккей жамоалари, дунёдаги энг навқирон ва кучли ўсмирлар хоккей командаларидир. Уларда спортнинг бўлғуси юлдузлари —17, 18 ва 19 ёшли ўсмир ва ёшлари ўйнайди, бу болалар оёқда юра бошлаганидан конкига чиқади ва шайба ирғитади.

Ўйин миллий телевидениеда олиб кўрсатилади. Ванкувер кўчаларининг икки ёнида реклама тахталарида соврин ўйналиши ҳақида эълонлар осилган. Ўйингоҳ минбарларида бўш ўрин қолмаган. Муз устига қизил гилам тўшалди ва шарҳловчи иштирок этаётган расмий шахсларни таништира бошлади. Биринчи бўлиб Британ Колумбиясининг Бош вазири Гордон Кэмпбелл пайдо бўлди. Ундан сўнг гулдурос қарсаклар остида афсонавий ўйинчи бўлган Горди Хоу чиқди. «Хонимлар ва жаноблар, — хабар берди шарҳловчи, — жаноб Хоккей!»

Кейинги соат давомида жамоалар ёрқин, тажовузкор ўйин намойиш қилдилар. Марио Близнак ҳаракати билан иккинчи давра бошида «Жайнтс» биринчи голини киритди. Шу давранинг охирида «Жайнтс» дарвозабони Тайсон Сексмит «Тайгерс»нинг очколар бўйича етакчи ўйинчиси Даррен Хелмнинг шайбасини ўтказиб юборди ва «Тайгерс» баланд келди. «Жайнтс» жамоаси учинчи чоракда ўзларини оқлашди ва иккинчи голни киритишди, кейин «Тайгерс» дарвозабонининг ашаддий уринишларига қарамасдан учинчи зарба ҳам дарвоза тўрига тушди.

Ўйин тугагач, ғолиб жамоанинг ечиниш хонасида ўйинчилар, уларнинг яқинлари ва спорт журналистлари тўпланишди. Ҳаво сигарета тутунига, шилта ҳўл бўлган хоккей кийимидан таралган тер ва шампан шароби ҳидига тўлганди. Деворда қўлда ёзилган плакат турибди ва унда шу ёзув бор: «Жангга киришгин». Хонанинг ўртасида «Жайнтс» мураббийси Дон Хейес. Унинг кўзларида ёш милтирарди. «Мен ўз йигитларим билан фахрланаман! Уларнинг чеҳрасига бир қаранг, уларнинг ҳаммаси бор кучини сарфлади!»

Канада хоккейи меритократия [1]тамойилларига қурилган. Минглаб канадалик болалар ҳали боғча ёшида ҳаваскорлик спортига қадам қўядилар. Бу ёшдагилар учун ҳам, қолган бош қа ёшдагилар сингари, алоҳида лига мавжуд ва ҳар бир лигада ўйинчилар баҳолаб борилади ва сараланади. Фақат энг яхшилар кейинги даражага кўтариладилар. Ўсмирлар юниорлик даражасига етганларида, уларни тўрт тоифага бўлишади. Бу тоифаларни ҳаваскорлик лигалари деб атайдилар. Junior В тоифасига кичкина жайдари шаҳарчаларнинг жамоалари киради. Кейинги, ундан юқорироқ поғона — Junior А, эҳромнинг тепасида Major Junior А туради. Агар Major Junior А синфидаги жамоа Хотира соврини ўйинларида иштирок этса, у энг юқорига кўтарилган бўлади.

Спортнинг бошқа кўплаб турларида ҳам шунга ўхшаш танлов тизимлари фаолият юритади. Европада ва Жанубий Америкада бу футбол учун стандарт бир амалиётдир; Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун спортчиларни ҳам худди шундай саралаб олишади. Шу йўсинда давом эттирадиган бўлсак, мумтоз мусиқада бўлғуси моҳир мусиқачилар, балетда – балериналар, таълим тизимида – бўлғуси олимлар ва заковатли элита ҳам худди шу тарзда танлаб олинади. Энг зўрларни ва истеъдодлиларни танлаб олиш ҳамда вояга етказишга интилишда биз тўрни янада кенг ёямиз ва танловни имкон қадар эрта ўтказишга интиламиз. Major Junior А гуруҳида жойни пул билан сотиб олиб бўлмайди. Сизнинг отангиз ким, онангиз ё бобонгиз ким эканига қаралмайди, оилангиз қанақа бизнесга эгалиги ҳам аҳамиятсиздир. Ё сизнинг Канаданинг энг шимолий минтақасидаги Тангри ҳам унутган бир овлоқда яшашингиз ҳам ҳеч кимга қизиқ эмас. Агар истеъдодингиз бўлса, ортингиздан спорт ёлловчиларининг бир тўдаси овлаб юради, агар сиз ўзингизнинг қобилиятингизни ривожлантиришга тайёр бўлсангиз, тизим сизнинг хизматингизга муносиб баҳо беради. Хоккейда омадни фақат шахсий фазилатларингизгина келтиради, бу ерда иккала сўз ҳам муҳим. Ўйинчиларни ўз шахсий ишига қараб баҳолашади ҳамда қандайдир исталган омиллар эмас, айнан қобилиятларингиз асосида хулоса чиқаришади.

Ёки бошқача ҳам бўлиши мумкинми?

2

Бу китоб ғайритабиий, кутилмаган хатти-ҳаракатларга қодир инсонлар ҳақидадир. Хулқ-атвори ва эришган муваффақиятлари биз ўрганиб қолган нарсалар доирасидан чиқадиган, олимлар ўзига хослар деб атайдиган инсонлар ҳақидадир.

Кейинги бобларда мен сизга даҳоларни, бизнесменларни, рок юлдузларини ва компьютер дастурловчилари ҳақида ҳикоя қиламан. Биз омадли адвокатларнинг тилсимларини очамиз, самолётни ҳалокатга учратганлардан ҳаққоний учувчилар нимаси билан фарқланишини билиб оламиз, осиёликл ар нима сабабли математикада бошқалардан кўра кучлироқ эканини аниқлаймиз. Ноодатий инсонларнинг ҳаётини ўрганиш жараёнида мен бизнинг ютуқларнинг манбалари ҳақидаги ўрганиб қолган тасаввурларимиз хато эканини исботлаб беришга ҳаракат қиламан.

Омади кулган инсонлар нега бизни қизиқтиради? Нега биз уларнинг аслида қанақа инсонлигини билгимиз келади, уларнинг хулқ-атвори қандай, улар қанчалик билимга эга, қандай ҳаёт кечиришади, табиат уларга қандай истеъдодлар ато этган? Бизнинг тасаввурларимизга кўра, айнан шахсий фазилатлар бу одамларга омаднинг, муваффақиятнинг чўққисига чиқишга кўмаклашган.

Ҳар йили миллиардерлар, тадбиркорлар, рок юлдузлари ва бошқа машҳурлар томонидан нашр этиладиган автобиографияларда ҳамиша айнан битта сюжет йўналиши кузатилади: оддийгина оиладан чиққан ўсмир ўзининг тиришқоқлиги ва истеъдоди туфайли муваффақият йўлини очган бўлади. Акалари томонидан қул қилиб сотиб юборилган Юсуф донишмандлиги ва заковати сабаб Фиръавннинг энг яқин ёрдамчиси даражасигача кўтарилади. XIX аср ёзувчиси Горацио Элжер романларида Нью-Йорклик қашшоқликда ўсган болакайлар мардлиги ва тадбиркорлиги туфайли алал-оқибат бойларга айланадилар. «Ўйлайманки, бу аслида камчилик, қусурдир», — Америка Президентининг ўғли, акаси ва Уолл-Стритдаги банк соҳибининг набираси бўлиш қанақа бўлади ҳамда бу бўлғуси мартабада қандай акс этади, деган саволга бир пайт Жеб Буш шундай жавоб берган эди. Флорида губернатори лавозимига номзодлик қилар экан, у ўзини доимо ҳамма нарсага ўзи эришган инсон деб тақдим этарди. Бу биз қанчалик ўз ютуқларимизни ўз фазилатларимиздан деб қатъий билишимизни кўрсатиб турибди. Биз ғайришуурий бир тарзда юксак ютуқларни инсоннинг шахсий ўзига хосликлари билан боғлаб тушунтиришга интиламиз.

Бироқ мен «Зукколар ва ландавурлар» номли бу китобимда муваффақият сирларини фақат шахсий ўзига хосликлар билан боғлаш шарт эмаслигини исботлашни истайман. Шахсий фазилатлар юксак муваффақиятларнинг ҳаққоний табиатини тушунтиролмайди ва ўзига хос одамлар бошқалардан нимаси билан ажралиб туради деган асосий саволга жавоб беролмайди. Менинг фикримга кўра, уларнинг шахсий фазилатлари билан қизиқишнинг ўзи тўғри эмас, бошқа омилларга кўпроқ эътибор бериш лозим. Бу одамлар қаердан пайдо бўлди? Уларнинг болалиги қандай шароитларда ўтган? Улар қаерда вояга етганлар? Қандай оилада? Қайси авлод вакиллари? Уларнинг хулқ-атвори қандай ўзига хос вазиятларда ва қанақа омиллар таъсири остида шаклланган?

Мазкур китобнинг саҳифаларида биз шу ғояларни ишлаб чиқамиз, яъни муваффақиятга эришишда қулай имкониятлар, омадли вазиятлар, оила ва маданий мерос қандай ўрин тутишини баҳолаймиз. Бу ишни бошлаш учун хоккей бизга аъло бир мисол бўлиб хизмат қила олади, чунки бу спорт туридаги ютуқлар илк қараганда кўрингани каби осон тушунтирилиши имконсиздир.

3

Қуйида 2007 йилдаги «Медисин-Хат Тайгерс» жамоасининг рўйхати келтирилади. Бу рўйхатга диққат билан қаранг: кўзингизга ғалати бир ҳолат намоён бўлмаяптими?

Фамилия, исм Позиция Дастакни ушлаши Бўй Оғирлик Туғилган сана
9 Бреннан Бош Марказий ҳужумчи Ўнг 5.7 170 14 февраль 1988 й
11 Скоп Уосден Марказий ҳужумчи Ўнг 6.1 201 4 январь 1988 й
12 Колтон Грант Чап қанот ҳужумчиси Чап 5.9 175 20 март 1989 й
14 Даррен Хелм Чап қанот ҳужумчиси Чап 6.0 182 21 январь 1987 й
15 Дерек Дорсетт Ўнг қанот ҳужумчиси Чап 5.11 178 20 декабрь 1986 й
16 Дейн Тодд Марказий ҳужумчи Ўнг 5.10 168 10 январь 1987 й
17 Тайлер Суистан Ўнг қанот ҳужумчиси Ўнг 5.11 180 15 январь 1988 й
19 Мэтт Лоури Марказий ҳужумчи Ўнг 6.0 184 2 март 1988 й
20 Кевин Андершут Чап қанот ҳужумчиси Чап 6.0 187 12 апрель 1987 й
21 Жеррид Сауер Ўнг қанот ҳужумчиси Ўнг 5.10 207 12 сентябрь 1987 й
22 Тайлер Эннис Марказий ҳужумчи Чап 5.9 155 6 октябр 1989 й
23 Жордан Хикмогт Марказий ҳужумчи Ўнг 6.0 181 11 апрель 1990 й
25 Якуб Рампел Ўнг қанот ҳужумчиси Ўнг 5.8 166 27 январь 1987 й
28 Бреттон Камерон Марказий ҳужумчи Ўнг 5.11 170 26 январь 1989 й
36 Крис Стивене Чап қанот ҳужумчиси Чап 5.10 197 20 август 1986 й
3 Горд Болдуин Ҳимоячи Чап 6.5 205 1 март 1987 й
4 Девид Шлемко Ҳимоячи Чап 6.1 195 7 май 1987 й
5 Тревор Гласе Ҳимоячи Чап 6.0 187 22 январь 1988 й
10 Крис Рассел Ҳимоячи Чап 6.11 177 2 май 1987 й
18 Майкл Сауэр Ҳимоячи Ўнг 6.3 205 7 август 1987 й
24 Марк Ишервуд Ҳимоячи Ўнг 6.0 180 31 январь 1989 й
27 Шейн Браун Ҳимоячи Чап 6.1 189 20 февраль 1989 й
29 Жордан Бендфельд Ҳимоячи Ўнг 6.3 230 9 февраль 1988 й
31 Райан Холфелд Дарвозабон Чап 5.11 165 20 июнь 1989 й
33 Мэтт Китли Дарвозабон Ўнг 6.2 189 27 апрель 1986 й

Сезмадингизми? Сезмаган бўлсангиз, хафа бўлманг, ахир кўп йиллар мобайнида буни дунёда ҳеч ким сезмаган. Канадалик руҳшунос Рожер Барнсли 1980 йиллар ўртасида нисбий ёш феноменига эътиборни қаратган илк инсон бўлди.

Барнсли турмуш ўртоғи Пола ва икки ўғли билан Жанубий Албертада ўтган «Летбриж Бронкос» жамоаси ўйинида ҳозир бўлган, бу жамоа «Ванкувер Жайнтс» ва «Медисин-Хат Тайгерс» каби Major Junior А лигасига кирган жамоа эди. Ўйин дастурига кўз ташлаётиб, Пола жамоа таркибини кўриб қолади. Ҳа, худди сиз ҳозир кўрган сингари рўйхатни кўради.

— Рожер, — дейди у эрига, — биласанми, бу йигитлар қачон туғилган?

— Уларнинг бари ўн олти ёшдан то йигирма ёшгача бўлган йигитлар, тахмин қиламанки, улар саксонинчи йилларнинг охирларида туғилган, — деди у.

— Мен қайси ойда туғилганини айтяпман.

«Мен хотиним талмовсираяпти, деб ўйладим, кейинчалик Барнсли шундай ҳикоя қилганди. — Аммо ўзим ҳам қараб кўргим келди ва Пола айтган нарса дарҳол кўзга ташланди. Қандайдир тушунарсиз бир сабабга кўра, рўйхатдагиларнинг аксарияти январь, февраль ва мартда туғилган эди».

Кечқурун уйга қайтгач, Барнсли ўзи топа олган барча маълумотномалардаги малакали хоккей ўйинчиларининг туғилган кунларини текшириб чиқди. Қонуният яққол кўзга ташланиб турарди. Барнсли хотини ва ҳамкасблари ёрдамида Онтарио Хоккей лигасининг барча ўйинчиларига оид маълумотномаларни йиғди. Яна ўша ҳолат. Ўйинчиларнинг аксарияти январда туғилган. Иккинчи энг кўп учрайдиган ой февраль эди. Учинчиси — март. Барнсли шуни аниқладики, Онтарио Хоккей лигасининг январда туғилган ўйинчилари сони йил охирида, ноябрда туғилганлардан беш ярим баробар кўп эди. У ўйинчиларнинг ёши 11 ва 13 ёш бўлган кучли жамоаларни ўрганиб чиқди. Бу юлдуз таркибли элитага оид жамоаларга танлаб олинадиган ўсмир ўйинчилар эди. Яна ўша ҳолат. Миллий Хоккей лигасини ўрганишга навбат келди. Бу ерда ҳам ўша вазият. Барнсли маълумотларни қанчалик чуқур ўргангани сари шунга ишончи комил бўлдики, бу тасодифий мутаносиблик эмас, бу Канада хоккейин инг темир қонуни эди. Исталган сара гуруҳдаги ўйинчиларнинг 40 фоизга яқини январь ва март ўртасида туғилган эди, 30 фоиз—апрель ва июнь ўртасида, 20 фоиз —июль ва сентябрь ўртасида ва фақат 10 фоиз — октябрь ва декабрь ўртасида таваллуд топган.

«Руҳшунос бўлиб ишлаган шунча йиллик меҳнат фаолиятим давомида бу қадар кенг кўламли омилни бирор марта учратмаганман, — иқрор бўлади олим. — Бу ерда ҳатто статистик таҳлил ҳам шарт эмас! Шундоғам ҳаммаси яққол кўриниб турибди ».

Энди «Медисин-Хат Тайгерс» жамоаси таркибига яна бир марта назар ташланг. Кўряпсизми? Йигирма бешта ўйинчидан ўн еттитаси январь, февраль, март ёки апрелда туғилган

Энди қуйида мен Хотира соврини финалидаги дастлабки иккита голнинг батафсил баёнини келтираман, фақат бу гал ўйинчиларнинг исмлари ўрнига уларнинг туғилган кунларини қўяман. Энди бу ёшлар хоккей жамоалари ўртасидаги чемпионатга эмас, Жаддий, Далв ва Балиқ мучаллари ўртасида ўтказилган ғалати спорт маросимини эслатади.

Ўн иккинчи март «Тайгерс» дарвозасини айланиб ўтади, шайбани жамоадошига, 4 январга узатади, у ўз навбатида 22 январга оширади, у эса, ўз навбатида, шайбани 12 мартга йўллайди. У эса бир зарба билан шайбани «Тайгерс» дарвозасига йўналтиради, дарвозада 27 апрель турарди. Дарвозабон шайбани қайтаради, «Жайнтс»даги 6 март шайбани эгаллаб олиб, яна дарвозага томон йўл олади! «Медисин-Хат Тайгерс» ҳимоячилари, 9 февраль ва 14 февраль, унинг йўлини тўсиш учун ташланишади, айни пайтда 10 январь уларни кузатиб турарди. Олтинчи март гол уради!!!

Энди иккинчи даврага ўтамиз.

«Медисин-Хат Тайгерс»нинг навбати келди. Очколарга кўра уларнинг етакчиси, 21 январь, майдоннинг ўнг томонида ҳаракат тез қилмоқда. У тўхтаб қолади, «Жайнтс»нинг ҳимоячиси, 15 февралдан қочиш учун ўгирилади ва чаққонлик билан шайбани жамоадошига, 20 декабрга узатади. Мана, буни узатиш деса бўлади! Унинг шиддатини кўринг! Ҳужум қилаётган ҳимоячидан, 17 майдан қочиб, 20 декабрь шайбани ортга, 21 январга узатади. У зарб билан шайбани уради! «Жайнтс» ҳимоячиси, 12 март, зарбани қайтариш учун олдинга интилади. «Жайнтс» дарвозабони, 19 март, шайбага ташланади, аммо бу бефойда эди. Шайба дарвозада эди, 21 январь ғолибларга хос тарзда қўлларини ёзади. Жамоадоши, 2 май, қувончдан унинг елкасига чиқиб олади.

4

Буларнинг барчасини осон тушунтирса бўлади, улар на илми нужум билан ва на дастлабки уч ойнинг сеҳру жодуси билан боғлиқ эмас. Гап шундаки, Канадада ёшга оид хоккей гуруҳларига ўйинчи танлаш 1 январда ниҳоясига етади. Бошқача айтганда, бола 9 ёшлилар гуруҳига тушиши учун у 1 январгача тўққиз ёшга тўлган бўлиши лозим. Агар 2 январда ўн ёшга тўлса, у ўзининг ўн ёшга тўлган кунини деярли декабрда нишонлайдиган болалар билан бир гуруҳда ўйнайди. Мазкур ўспиринлик олдида турган ёшда эса 12 ойлик фарқ жисмоний ҳолатда сезиларли тафовут бўлишини англатади.

Канадада, дунёнинг энг хоккейсевар мамлакатида, мураббийлар сара гуруҳларга болаларни айнан тўққиз-ўн ёшларида танлаб олишади ва, табиийки, ҳал этувчи бир неча ойда афзалликка эга бўлган, бўйи баландроқ ва чаққонроқ болани саралашади.

Юлдузли таркибга эга жамоага ўйинчи танлаб олинса, нима юз беради? У билан энг яхши мураббийлар шуғулланишади, у жуда кучли ўртоқлари билан ўйнайди ва бундан ташқари, мавсумда «уйдаги» лигада қолган ўртоқлари каби 20-ўйинда эмас, 50-70 ўйинда ўйнайди. Унга икки, ҳатто уч баробар кўпроқ меҳнат қилишга тўғри келади. Агар бошида унинг афзаллиги ёшдаги озгина фарқ бўлса, 13-14 ёшларга келиб, энди у юқори тоифали таълим ва қўшимча амалиёт туфайли маҳоратга эга бўлади ҳамда Канада хоккей лигасига танлаб олинишда, у ердан катталар гуруҳига ўтишда имконияти кўпаяди.

Канадада хоккей ўйинчиларини танлаб олиш усули — социолог Роберт Мертон «ўз-ўзидан амалга ошадиган башорат» атаган ходисанинг яққол намунасидир, бу вазиятда «сохта танлаш ўз ортидан янги хулқ-атворни келтириб чиқаради ва у нотўғри танлашни «ҳаққоният»га айлантиради». Канадаликлар тўққиз-ўн ёшлилар ўртасида ким яхши ўйинчи эканини аниқлашда нотўғри асосга эгалар. Улар яхшиларни эмас, ёши бир неча ойга бўлса-да каттароқларни танлаб олишади. Аммо бу «юлдуз»ларни ўқитиш давомида дастлабки хато асос алал-оқибат тўғри бўлиб кўринади. Мертон айтганидай: «Ўз-ўзидан амалга ошадиган башоратнинг алдамчи тарзда асослантирилганлиги янги хатолар босимини келтириб чиқаради. Зеро башоратчи ўзининг аввалдан ҳақлигига далил сифатида ходисаларнинг ҳаққоний ривожини кўрсатиб боради».

Бу фавқулодда ходисани баён этар экан, Мертон «Матфей эффекти» атамасини ишлатади, бу атама Янги Аҳддаги Матфейнинг муқаддас даъватномасидан келиб чиққан: «Зеро кимда бўлса, унга яна берилади ва кўпайтирилади, кимга берилмаган бўлса, ундан бори ҳам тортиб олинади». Айнан омадли инсонларнинг олдида кўпинча яна янги имконият эшиклари очилади, улар янада катта ютуқларга олиб боради. Айнан бой инсонлар юқори солиқ имтиёзларига эга бўлади. Муаллимлар айнан яхши талабаларга янада кўпроқ эътибору билим берадилар. Айнан энг ёши катта тўққиз ва ўн ёшлилар энг яхши мураббийлардан таълим олиб, маҳоратларини оширадилар.

Барнслининг таъкидлашига кўра, Матфей эффекти учта омил мавжудлигида: ажратилиш, тақсимлаш ва дифференциялашган тажрибада намоён бўлади. Агар сиз лаёқатлилик ёки лаёқатсизлик ҳақидаги қарорни ўйинчилар навниҳол пайтида қабул қилсангиз, «истеъдодлилар»ни «истеъдодсизлар»дан ажратсангиз ва биринчиларга сифатли тажриба орттириш имконини берсангиз, ўспиринларнинг танлов тугаган санага яқинроқ таваллуд топган кичик бир гуруҳини улкан афзаллик билан тақдирлаган бўласиз.

Америка Қўшма Штатларида на футболга, на баскетболга бу хос эмас. У ерда ажратиш, тақсимлаш ва дифференцияга кўп эътибор беришмайди. Бунинг натижасида у қадар жисмоний ривожланмаган бола ҳам бу спорт турлари билан катта тенгдошлари ёнида, биргаликда шуғуллана олади. Фақат бейсболда бунақа эмас. Америкада амалда барча мактабдан ташқаридаги бейсбол лигаларига танлов 31 июлда тугалланади. Бу шуни англатадики, етакчи лигаларнинг аксарият ўйинчилари туғилган кунларини августда нишонлайдилар. (Рақамлар ҳайрон қолдирмай қўймайди: 2005 йил маълумотларига қараганда, асосий бейсбол лигаларининг барча ўйинчиларидан 505 нафари августда туғилган.)

Европа футболида ҳам Канада хоккейи ва Америка бейсболиники каби худди шундай қоидалар амал қилади: спортнинг бу турида ҳам тақсимот туғилиш санаси билан боғлиқдир. Англияда танлов 1 сентябрда якунланади, шунинг учун бир-икки йил аввал Англия Премьер-лигасида сентябрь ва ноябрь ўртасида туғилган 288 футболчи ўйнарди ва фақат 136 ўйинчи июнь ва август орасида туғилган бўлган. Халқаро футболда саралаш авваллари 1 августда якунланган ва шунинг учун яқинда ўтган ўсмирлар чемпионатида 135 ўйинчи 1 августдан кейинги дастлабки уч ойда туғилган бўлган ҳамда фақат 22 ўйинчи май, июнь ва июлда таваллуд топган. Бугун саралаш санаси 1 январга кўчирилган. Чехословакиянинг юниорлар ўртасидаги 2007 йилги чемпионати финалига чиққан ўсмирлар терма жамоаси таркибини қаранг.

Фамилия, исм Туғилган сана Позиция
1 Марсел Геков 1 январь 1988 й Ярим ҳимоячи
2 Лудек Фридрих 3 январь 1987 й Дарвозабон
3 Петр Ианда 5 январь 1987 й Ярим ҳимоячи
4 Якуб Дохналек 12 январь 1988 й Ҳимоячи
5 Якуб Марес 26 январь 1987 й Ярим ҳимоячи
6 Михаль Хелд 27 январь 1987 й Ҳимоячи
7 Марек Стрестик 1 февраль 1987 й Ҳужумчи
8 Иири Валента 14 февраль 1987 й Ярим ҳимоячи
9 Ян Симунек 20 февраль 1987 й Ҳимоячи
10 Томас Склестек 21 февраль 1987 й Ярим ҳимоячи
11 Лубос Калуда 21 февраль 1987 й Ярим ҳимоячи
12 Радек Петр 24 февраль 1987 й Дарвозабон
13 Ондрей Мазух 15 март 1989 й Ҳимоячи
14 Ондрей Кудела 26 март 1987 й Ярим ҳимоячи
15 Марек Сухи 29 март 1988 й Ҳимоячи
16
...