Afsun
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Afsun

Афсун

Сўзбоши ўрнида

ЮКСАК ЭЪТИРОФГА МОЛИК
АСАРЛАР

Нобель мукофоти Ер юзидаги энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири бўлиб, ҳар йили илм-фанда инқилобий кашфиётларга қўл урган, маданият ва жамият ривожига улкан ҳисса қўшган инсонларга берилади.

Мукофот номи ва тарихи бевосита швед кимёгари ва муҳандиси Альфред Нобель билан боғлиқ. 1833 йилда Стокҳолмда таваллуд топган Нобель ўз фаолияти давомида бир қатор кашфиётларга ҳам қўл урган. У 355 дан ортиқ ихтироси, жумладан, динамитни кашф этгани боис умри давомида каттагина бойлик тўплаган.

Ўз кашфиёти минглаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлишини умрининг сўнгида англаб етган Нобель бор сармоясини физика, кимё, тиббиёт, адабиёт, тинчликни сақлаш сингари йўналишларда катта ютуқларга эришган илм-фан, маданият ва сиёсат арбобларига йиллик мукофот тарзида беришни васият қилади. Унинг васиятига кўра, ушбу мукофотни беришда номзодларнинг ирқи, миллати, диний ва сиё­сий қарашларидан қатъи назар, энг муносибларга бериш белгиланган эди.

Мазкур васият Нобель ўлимидан сўнг 1897 йил 26 апрель куни расман кучга киради.

Кейинчалик машҳур ихтирочининг васиятидан келиб чиқиб, турли йўналишлар бўйича Нобель қўмиталари ташкил этилади. Қўмиталар аъзолари томонидан ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар аниқланиб, мукофотларни уларга турли илмий ва маданий муассасаларда тантанали равишда топшириш анъанаси йўлга қўйилди.

Жумладан, адабиёт бўйича Нобель мукофоти 1901 йилдан бошлаб ҳар йили Швеция академияси томонидан ўз эгаларига топшириб келинади. Ушбу мукофот биринчи бўлиб француз адиби ва публицисти Рене Франсуа Арман Прюдомга «Адабиёт соҳасидаги кўзга кўринарли ютуқлари, жумладан, асарларидаги юксак идеализм, бадиий мукаммаллик, шунингдек, истеъдод ва руҳиятнинг ғайриоддий уйғунлиги учун» топширилган эди.

2020 йилга қадар дунёнинг турли мамлакатларидан 117 нафар адиб Адабиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган. Улардан 16 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Қайд этиш жоизки, турли сабабларга кўра ўтган 120 йилга яқин вақт давомида фақат саккиз маротаба (1914, 1918, 1935, 1940 –1943, 2018 йилларда) мукофот топширилмаган. Тўрт маротаба (1904, 1917, 1966, 1974 йилларда) мукофот икки нафар муаллиф ўртасида тенг тақсимланган.

Нобель тарихида адабиёт бў­йича ушбу мукофотни қўлга киритган бош­қа соҳа вакиллари ҳам бўлган. Улар орасида буюк британиялик сиёсат арбоби Уинс­тон­ Черчилль, немис тарихчиси Теодор Моммзен, америкалик мусиқачи Боб Дилан ҳам бор.

Муаллифларнинг 76 нафарини носирлар, 41 нафарини эса шоирлар ташкил қилади. Нобель мукофотининг энг ёш совриндори инглиз адиби Редьярд Киплинг бўлиб, у мукофотни қўлга киритганида 42 ёшда эди. Энг кекса ёшли лауреат эса 88 ёшда бу поғонани забт этган яна бир инглиз адибаси Дорис Лессинг бўлди.

Нобель жамғармаси низомига кўра, ушбу мукофотга номзодлар турли илмий ва адабий муассасалар, академиялар, институтлар вакиллари, адабиёт бўйича профессорлар, илгари шу мукофотни қўлга киритган адиблар, муаллифлик уюшмалари томонидан илгари сурилиши мумкин. Адабиёт бўйича Нобель қўмитасига топширилган аризалар Швеция академияси томонидан кўриб чиқилади ва ғолиб аниқланади.

Ўтган йиллар давомида Адабиёт бўйича Нобель мукофоти қўмитаси фаолиятига нисбатан бир қатор танқидий фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилган. Жумладан, мукофот, асосан, Америка ва Европа адабиё­ти вакилларига, хусусан, Скандинавия мамлакатлари (Норвегия, Швеция, Дания)га берилаётгани бошқа ҳудудлардаги зиёлиларнинг норозилигини ҳам уйғотган. Бу эса ўз навбатида, ўзига хос тарих ва анъаналарга эга бўлган Осиё ва Африка адабиёти Ғарбда етарлича шуҳрат қозонмагани билан изоҳланади.

Шунингдек, жаҳон адабиётида юксак мавқега эга Лев Толстой, Томас Вулф, Анна Ахматова, Карель Чапек, Харуки Мураками, Хорхе Луис Борхес, Чингиз Айтматов сингари етук шоир ва ёзувчилар номзоди турли сабабларга кўра Нобель қўмитаси томонидан рад этилган ёки тан олинмаган.

Ҳар бир ғолибга ушбу мукофот адибнинг муайян асари учун ёхуд унинг асарларида илгари сурилган умуминсонийлик, тенглик, эркинлик ғоялари, руҳий кечинмаларнинг ўзига хос инъикоси, воқеликни акс эттиришдаги янгича ёндашувлар, бадиийлик ва услуб уйғунлиги ва бошқа ўзига хос жиҳатлари учун тақдим этилади.

Айни пайтга қадар Нобель мукофотини қўлга киритган адибларнинг кўплаб асарлари турли давр­ларда ўзбек тилига таржима қилинган. Хусусан, Габриэль Гарсиа Маркес, Пабло Неруда, Нажиб Маҳфуз, Михаил Шолохов, Орхан Памук сингари адиблари асарлари ўзбек тилига бир неча маротаба чоп этилган.

Мазкур тўплам ҳам айни пайтга қадар ўзбек таржимонлари томонидан ўгирилган асарлар орасидан танлаб олинди. Таржимонлар орасида атоқли устоз адиблардан тортиб, бадиий таржима маҳоратини эндигина эгаллай бошлаган ёш ижодкорлар ҳам бор. Шу боис таржималарнинг бадиий савияси бир-биридан бир мунча фарқланиши мумкин. Мазкур тўпламни тузиш, ҳикояларни саралаш асносида таржима ва аслиятдаги мутаносиблик, мазмун ва моҳиятни сақлаган ҳолда таҳрир ва қисқартириш­ларга ҳам йўл қў­йилганини таъкидлаш жоиз.

Муҳтарам ўқувчилардан Нобель мукофоти айнан тўпламдан жой олган ҳикоялар туфайли уларнинг муаллифларига берилган, деган хулосага бормасликни сўрардик. Ушбу тўпламдаги ҳикояларни адиблар мукофотни қўлга киритишдан аввал ҳам, кейин ҳам ёзган ёки адиблар бошқа асарлари учун ушбу мукофотга лойиқ кўрилган бўлишлари мумкин.

Муҳими, муаллифнинг ҳар бир асарида унинг истеъдоди, кучи, имкониятлари бўй кўрсатади. Ҳикоя қачон ёзилгани ва қандай эътирофга сазовор бўлганидан қатъи назар у ўз яратувчисининг ижодий меҳнати маҳсули саналади. Муаллифнинг иқтидори ва услуби ҳақида муайян тасаввур уйғотади. Қолаверса, адиб ҳар бир асарини ўз фарзандидек кўради, бирини бошқасидан устун қўймайди. Келгусида бу туркумни давом эттиришни, Нобель мукофотини олган ҳар бир адибнинг алоҳида тўпламларини таржима қилиш ва чоп этишни мақсад қилганмиз.

Бу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад эса ўзбек китобхонлари, барча адабиёт мухлисларини Нобель мукофотига сазовор адиблар ижоди, уларнинг маҳорати ва имкониятлари билан яқиндан таништириб бориш эди. Зотан, вақти келиб, ўзбек адабиёти вакиллари орасидан ҳам ана шундай улуғвор эътирофга лойиқ адиблар етишиб чиқиши учун ушбу чўққини аввалроқ забт этган адиблар босиб ўтган йўлга, уларнинг бой ва сермазмун ижодига холисона назар ташлаш фойдадан холи бўлмайди.

Рустам ЖАББОРОВ,
Наргиза АСАДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари
ГЕНРИХ СЕНКЕВИЧ
(1846 – 1916)
ПОЛЬША

Поляк адиби Генрих Иосифович Сенкевич 1846 йил 8 март куни Польшанинг Подляшье губерниясига қарашли Воля-Окшейска шаҳарчасида туғилган. Бир қатор тарихий романлар муаллифи сифатида ном чиқарган. 1896 йилдан умрининг охирига қадар Санкт-Петербургдаги Императорлик фанлар академияси мухбир аъзоси бўлган. Генрих Сенкевич Польшада асарлари энг кўп босилган адиб­лардан бири саналади. 1944 – 2004 йилларида адибнинг асарлари салкам 36 миллион нусхада босилган. 1905 йилда Адабиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган. Генрих Иосифович Сенкевич 1916 йил 15 ноябрь куни вафот этган.

Рус тилидан
Амир ФАЙЗУЛЛА таржимаси

ФАРИШТА

Каликстовани кўмиб бўлгач, Деришкурово ша­ҳарчасида жаноза маросими бўлди, жаноза маросимидан кейин эса оятларни ниҳоясига етказиб қўйиш учун яна бир нечта кампир костёлда [1] қолди. Кун қиёмга келган, соат тўртлар чамаси эди, аммо қишда бу пайтда шом қоронғиси тушиб қоларди. Шунинг учун костёл ичи ҳам зим-зиё эди. Ҳаддан ташқари катта меҳроб зулмат қаърига ғарқ бўлган, Биби Марям суврати ёнида ҳамон икки шам милтиллаб ёниб турар, уларнинг заиф алангаси олтин эшикчаларни ҳамда эшикчалар устидаги йўғон-йўғон михлар билан чормих қилинган хочдаги Халоскорнинг оёқларини ғира-шира ёритарди. Бу михларнинг қалпоқчалари меҳробда дум-думалоқ ялтироқ нуқтадай кўзга ташланарди. Қолган шамлар яқинда ўчирилган, улар устида тутуннинг ингичка торлари эшилиб, ҳавони ибодатхонага хос мум ҳиди билан тўлдирган эди.

Меҳроб пойида бир чол билан бола ивирсир эди. Бири ер супурар, иккинчиси гиламни зинапоядан йиғиштириб оларди. Кампирлар қироатдан тўхтаганда чолнинг болакайни жаҳл билан пичирлаб сўкаётгани ва қор ўтириб қолган деразаларга чумчуқлар келиб урилаётгани қулоққа чалинар, жониворлар совуқ ва очлик азобидан ўзларини қаерга уришни билмаётганди, чоғи.

Аёллар китобчалари билан эшик олдидаги ўриндиқда ўтиришарди. Бир нечта мойчироқни ҳисобга олмаганда, у ер ҳам янада қоронғироқ эди, ўқишга осон бўлсин деб, мойчироқларни ёқиб қў­йишганди. Бир мойчироқнинг алангаси дўзах ўти ва шайтонлар тасвири туширилган гуноҳкорларни, олдинда турган ўриндиққа маҳкамлаб қў­йилган туғни анча дуруст ёритиб турарди. Бошқа туғларда эса бирор нарсани на ўқиб, на англаб бўларди.

Ўриндиқларда ўтирган хотинларни китоб ўқияпти эмас, уйқули товушлар билан оятларни мин­ғирлаб такрорлашяпти, деса бўлар, улар биргина байтни замзама қилар эдилар:


Келганида ўшал Охират куни
Ўзинг қўлла, Тангрим, биздайин қулни…


Костёлда ҳукм сурган нимқоронғилик, харрак­лар узра осилиб турган туғлар, кампирларнинг малла юзлари, шамларнинг ўчай-ўчай деган алангалари – булар бари кўнгилни ғуссага тўлдириб, ҳатто ваҳимага соларди. Мунг ила хомуш ўқилаётган дуолар теварак-атрофга жуда-жуда мос тушган эди.

Аҳён-аҳёнда аёллар қироатдан тўхташарди; улардан бири харракдан турарди-да, титроқ овозда дерди: «Биби Марям, бокирам, қувна». Қолганлар унинг изидан жўр бўларди: «Тангри сенга ёр бўлсин…» Ўша куни Каликстовани дафн этганлари боис улар «Биби Марям»дан кейин қўшимча қилар эди: «Фалаклар Парвардигорисан ва мангулик мас­кани эгасисан, илоҳо, марҳума қулингдан мангу марҳаматингни дариғ тутмагайсан».

Каликстованинг қизалоғи Марися кампирлардан бири ёнида харракда ўтирарди. Бу вақтда онасининг қабри устига енгил қор зарралари келиб қўнмоқда, бироқ қизалоқ энди ўнга кирган бўлиб, афтидан, у на бошига тушган мусибатни, на бундай пайтдаги алам-изтиробларни ақлига сиғдира оларди. Унинг лўппи юзи ва катта-катта мовий кўзлари болаларча беғам боқар, ҳатто бироз қув­ноқ ҳам эди. Бу кўзларда одатдаги қизиқишдан бошқа ҳеч нарса сезилмасди. Оғзини очганча у дўзах оловида куяётган гуноҳкорлар тасвири ишланган туғга диққат билан қараб турарди, ке­йин нигоҳини костёл тўрига олди, кейин чумчуқлар келиб урилаётган деразага қаради.

Унинг кўзлари ўша-ўша бефарқ боқарди. Бу орада кампирлар уйқули товушларда ўнинчи бор минғирлашга тушишган эди:


Келганида ўшал Охират куни…

Қизалоқ орқасидан иккита сичқон думидек қилиб ўрилган малла сочини бармоғига айлантириб ўйнарди. У, ҳойнаҳой, зерикаётган эди. Бир пайт унинг эътиборини ер супуриб юрган чол тортди. Чол костёл ўртасига чиқди-да, шифтдан осилиб турган тугунли арқонни силкий бошлади. У марҳума Каликстова ҳурматига қўнғироқ чаларди, аммо буни у мутлақо ўзича, эҳтимолки, бошқа бир нарсани ўйлаб қилаётганди.

Ушбу қўнғироқ овози яна кечки ибодат тугаганини билдирарди. Тангридан ўзларига осон ўлим юборишини тилаб айтилган муножотларни сўнгги марта такрорлаб, кампирлар костёлдан чиқиб, бозорга йўл олишди. Улардан бири Марисянинг қўлидан ушлаб олди.

– Куликова, – сўради ундан бошқа аёл, – қизалоқни нима қилмоқчисиз энди?

– Нима қилардим? Почтага юборишган Войтек Маргула Лешинецга қайтиб кетяпти, ўша олиб кетади-да. Бошқа уни қаёққа юборай?

– Лешинецда қиз нима қилади?

– Э-эй, дугона! Бу ерда нима қилса, шуни қилади-да. Қаердан келган бўлса, ўша ерга боради. Кўриб турибсан-ку, қўрғонда ҳам етимларга бош­пана беришяпти, одамлар уйларида тунагани қў­йишяпти.

Шу тариқа суҳбатлашганча улар бозор майдонидан юриб ўтиб, қовоқхонага боришди. Атрофга қоронғилик чўкмоқда эди. Қишнинг сокин об-ҳавоси ҳукм сурар, осмонни булут қоплаган, ҳаво нам, димоққа эриган қор ҳиди уриларди. Томлардан чак-чак этиб томчи томади, майдонни ифлос қор шилтаси ва похол қоплаган. Уйчалари чўкиб, тўкилиб тушгудек бўлиб ётган шаҳарча ҳам худди костёлдагидек бефайз, мунгли эди. Яккам-дуккам деразаларда чироқ милтиллайди, кундузги чопа-чоплар тинган, фақат қовоқхонада шарманканинг инграган овози, меҳмонларни чорлагани эшитилади. Қовоқхонада жон асари кўринмасди. Кампирлар қовоқхонага киришди, арақ ичишди. Куликова ва Марисяга ярим қадаҳдан манзират қилишди:

– Ма, ютиб ол. Энди етимчасан, энди бошингни силагувчи ҳеч киминг йўқ.

«Етимча» сўзи дугоналарга Каликстованинг ўлимини эслатиб юборди.

– Сизнинг соғлиғингиз учун, Куликова! Қолдирмай ичинг! – деди Капустинская. – Э-эй, қоқиндиқлар-а! Шундоқ оғзини очди-ю, жон берди-қўйди, осонгина кетди. Ксендз [2] истиғфор айтгани келди, у бўлса аллақачон қотиб бўлибди.

Куликова унга жавобан деди:

– Мен анча олдин айтгандим-а, хириллаб нафас оляпти, деб. Тунов куни якшанбада олдимга келганди, ўшанда унга айтдим: «Ҳой Каликстова, бепарво бўлманг, Марисяни қўрғонга бериб юборсангизлар, яхши бўларди», деб. У эса: «Дунёда шундан бошқа ҳеч кимим йўқ, уни ҳеч кимга бермайман», деди. Шундай деяпти-да, кўзларидан дувиллаб ёш тўкиляпти, адойи тамом бўлгани шундоқ кўриниб турибди. Кейин идорага, аминнинг олдига борибди, қоғозларини тўғрилагани. Бу қоғозлар тўрт злотий ва олти грошга [3] тушибди унга. «Қизим учун кетса-кетибди», дейди. Э-эй қоқиндиқлар! Ўшанда ўзи кўзларининг пахтаси чиқиб кетаётувди, ўлганидан кейин бутунлай юмилмай қолди. Уларни юммоқчи бўлиб роса уриндик, қани энди юмилса. Одамлар, ўлганида ҳам қизидан кўзини узолмади, дейишди.

– Келинглар, шунинг қайғусига бир стакандан ичайлик!

Шарманка ҳамон ғийқиллагани-ғийқиллаган эди. Кекса дугоналар ширакайф бўлиб қолишганди. Куликова нуқул шикоят оҳангида: «Шўрлик қизим, шўрлик қиз», – деб такрорларди. Капустинская эса ўзининг марҳум эрини эслаб кетди:

– Жон бериши қийин бўлди, эргинамнинг, хирр-хирр қилиб, хирр-хирр қилиб, хирр-хирр қилиб… – Битта гапни қайтарарди у сўзларни чўзиб-чўзиб, сўнг эса шу сўзларни беихтиёр шарманка оҳангига солиб айта кетди, салдан кейин икки қўлини белига қўйиб, қўшиқ қилиб куйлай бошлади:


Хирр-хирр қилиб, хирр-хирр қилиб,
Хирр-хирр қилиб ўлди бегим!


Бир вақт Капустинская ҳўнграб йиғлаб юборди, шарманкага олти грошни итқитди ва яна арақ ичди. Куликованинг ҳам кўнгли бузилиб кетди, аммо у қайғусини Марисяга тўкди:

– Онангни гўрга тиқишаётганда пан ксендз айт­ган гапларни эсингдан чиқарма, етимча: сени пиришта сақлайди… – Шу жойда у бирдан жимиб қолди ва атрофга ҳайратли қараб қўйиб, кутилмаганда қатъий оҳангда қўшиб қўйди:

– Пиришта дедимми, демак, пиришта!

Ҳеч ким уни масхара қилмади. Мўлтайган, нодон кўзчаларини пирпиратиб Марися ночор Куликовага тикди, кампир эса вайсаб кетди:

– Сен етимчасан, инс-жинслар сенга яқин йўламайди. Етимни пиришта сақлайди. Пиришта меҳрибон. Мана сенга ўн грош. Яёв бўлса ҳам Лешинецга бор, барибир адашиб қолмайсан: у сени олиб бориб қўяди.

Капустинская куйлай кетди:


Қанотлари остида асрагай абад,
Келтирма шак унинг меҳрига минбаъд.


– Жим! – қичқирди Куликова ва яна Марисяга юзланди: – Айт-чи, нодон қиз, ким сақлайди сени?

– Пиришта, – ингичка овозда жавоб берди қизалоқ.

– Етимчагинам, етти кулчагинам, мусичаи бе­заволгинам! Пиришта қанотлари билан сақлайди сени, – бутунлай кўнгли эриб кетиб, ғудранди Куликова ва кайфли, аммо самимий эҳтирос билан қизалоқни кўкрагига босди.

Қизалоқ йиғлаб юборди. Шу аснода унинг унча фаҳмли бўлмаган мияси ва мурғак кўнглида эҳтимол, қандайдир фаросат учқунлари йилтиллай бош­лаганди.

Қовоқхона эгаси пештахта ортида донг қотиб ухларди, шамлар эса эрийвериб, замбуруғларга ўхшаб қолган, шарманкачи чалишдан тўхтаган, кўз олдида рўй берган манзарага маҳлиё бўлиб қолганди.

Қовоқхонага жимлик чўкди, аммо шу пайт эшик ортидан туёқларнинг лойга урилган овози чалинди ва кимдир:

– Дррр! – деди қичқириб.

Қўлида ёниқ фонус тутган Войтек Маргула кириб келди. У фонусни полга қўйиб, исиниб олиш учун қўллари билан чапак чала бошлади, кейин эса қовоқхона эгасига қараб қичқирди:

– Бир стакан қуй!

– Маргула, Худо хайрингни берсин, – деди Куликова, – қизчани Лешинецга олиб кет!

– Бир оғиз сўзингиз, хонимча, – жавоб берди Маргула ва хотинларга тикилиб қараб, сўз қотди: – Оббо, улфатчилик зўр бўлганга ўхшайди-ку, а?

– Мен боғдан келсам, сен тоғдан келасан, – уришиб берди уни Куликова.

– Қизчани сақлаб қол дедимми сенга, демак, сақлаб қол. Етим қолди у. Уни ким сақлашини биласанми ўзи, пайтавақулоқ?!

Бироқ Войтек жавоб беришни ўзига эп билмади: бу нарсалар уни қизиқтирмаслиги шундоқ ҳам маълум эди, унинг дарди хаёли бошқа ёқда, яъни бир стакан арақда эди.

– Сизларга… – деб гап бошлаган эди-ю, аммо гапини тугатолмади, чунки шу паллада арақни оғзига отиб улгурган эди, афти бужмайди, тупурди ва стаканни қўйиб, норози оҳангда деди: – Бу арақ эмас, сув-ку. Бошқа шишадан қуй-чи!

Қовоқхона эгаси бошқа шишадан қуйди. Войтек уни ҳам сипқорди ва афти баттар бужмайди:

– Ўткирроғидан топсанг-чи, барака топгур!

Маргула ҳам кампирларнинг ҳолига тушиши аниқ бўла бошлаганди. Бироқ шу ўринда бир нарсани эътибордан четда қолдирмаслик керак: худди шу кунларда Деришкурово боёни бир журнал учун «Заминдорнинг мусалласни насияга улгуржи сотиб олиш ҳуқуқи – ижтимоий тузум негизи» деган мавзуда муфассал ва мукаммал рисола ёзмоқда эди. Шундай қилиб, ўзи билмаган ҳолда Войтек ижтимоий устқурмаларнинг мустаҳкамланишига ҳамкорлик қилмоқда эди, боз устига, бу майхона гарчи шаҳарда яшаса-да, боёнга қарар эди.

Қаторасига беш марта ўз ҳиссасини қўшиб, Вой­тек ўз-ўзидан равшанки, пилиги ўчиб қолган фонусни унутди, аммо Марисяни унутмади. Уйқусираган қизалоқни қўлидан ушлаб, у деди:

– Қани, чиллашир, кетдик!

Кампирлар бурчакда пинакка кетган бўлиб, ҳеч ким Марися билан хайрлашмади. Начора, дунёнинг ишлари шунақа экан-да: она Деришкуроводаги қабристонда ётиб қолаверди, қизи эса қайдасан Лешинец, деб жўнаворди.

Улар ташқарига чиқиб, чанага жойлашишди; Маргула: «Чў-ў!» – деб қичқирди ва отлар қўзғалди. Аввалига чананинг кўча лойларида юриши қи­йин бўлди, бироқ кўп ўтмаёқ отлар уларни кенг ва оппоқ далаларга олиб чиқди. Чана қордан ­енгил сирпаниб борар, сирғалган чана оёқларидан эшитилар-эшитилмас ғичирлаган овоз қулоққа чалинарди. Фақат ўқтин-ўқтин от пишқириб қўяр ҳамда аллақаер олисларда ит ҳурар эди.

Улар шу тахлит анча йўл босишди. Войтек минғиллаганча хиргойи қилар эди: «Не ваъда қилгандинг, ҳой, бекорхўжа…» Бироқ салдан кейин у жимиб қолди ва мудрай бошлади. Чана гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонга чайқаларди. Войтек туш кўрди: гўё Лешинецда хатлар солинган сумкани йўқотиб қўйгани учун боплаб бўйнига туширишганмиш, уйқу аралаш у дам-бадам: «Сизларними, ҳали!..» деб ғуд­раниб қўярди. Марися ухламади, у совқотган эди. Кўзларини катта-катта очганча дам-бадам Маргуланинг қоп-қора гавдаси тўсиб қолаётган оппоқ далаларни томоша қиларди. Томоша қиларди-да, «Ойижоним ўлиб қолди», – деб ўйларди. Шунда унинг хаёлида кўзлари олайиб кетган онасининг оппоқ озғин чеҳраси намоён бўларди. У жонидан яхши кўрган ойижониси энди Лешинецда йўқлигини ва бошқа ҳеч қачон у ерда бўлмаслигини ғира-шира англай бошлаганди. Ахир, уни ерга қандай кўмишганини ўз кўзи билан кўрган эди. Булар барчасини эслаб, Марися қайғудан йиғлаб юборар ҳам эди, аммо унинг оёқлари музлаб кетганди ва у совқотганидан йиғлаб юборди. Нафсиламрини айт­ганда, ҳаво у қадар совуқ эмасди, аммо намгарчилик кучли эди – ўзи эрувгарчилик бошланганда доим шунақа бўлади.

Войтек, ҳеч бўлмаганда, қовоқхонада ўзи учун иссиқни яхшигина ғамлаб олганди. Деришкуроволик боён жуда топиб айтганди: «Қишда арақ иситади, у эркаклар ичимлиги бўлгани учун эса ягона овунчоқ, бинобарин, йирик заминдорларнинг бу эрмакни халқ ичига олиб кириш ҳуқуқидан батамом маҳрум қилиб, уларни ичкиликка таъсир кўрсатиш имконидан ҳам жудо этадилар». Бу гал Войтекнинг қовоқхонада шунақанги «бити тўкилди»ки, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди.

Ўрмонга етгач, бу ернинг йўли бошқа жойлардагидан анча яхши бўлишига қарамай, отлар қоқилиб кетганида, кейин эса чанани йўл чеккасидаги ариққа ағдариб юборганида ҳам Войтекнинг парвосига келмади. Тўғри, у уйғонди, аммо нима бўлганини фаҳмлай олмади.

Марися уни турткилай бошлади:

– Амаки!

– Нимага чийиллайсан?

– Ағдарилиб кетдик.

Бироқ Войтек тўнғиллаб: «Стаканда арақ бор, дейсанми?» – деди-да, яна қаттиқ уйқуга кетди.

Ғужанак бўлиб олган қизалоқ чана ёнига келиб чўнқайди. Бироқ кўп ўтмай, унинг юзи бутунлай музлаб қолди ва у яна ухлаётган кишини турткилади:

– Амаки!

Жавоб бўлмади.

– Амаки, уйга боргим келяпти! – деди Марися ва бирпас туриб, қўшиб қўйди: – Амаки, мен яёв кетаман!

Шундай деди-да, қизалоқ йўлга тушди. Унга Лешинецгача жуда яқин қолгандек туйилганди. Йўл таниш эди, у ҳар якшанбада онаси билан костёлга шу йўлдан юриб борар эди. Лекин бугун у ёлғиз бормоқда эди. Эрувгарчилик бўлишига қарамай, ўрмонда қор қалин эди. Лекин тун сутдай ёруғ эди. Қор йилтиллар, сукунатда булутлар оқариб кўринарди, шу ёғдулар туфайли йўл худди кундуздагидек эди. Нигоҳини қоп-қоронғи ўрмон ичига қадаб, Марися узоқдаги дарахтларнинг ҳаракатсиз таналарини аниқ-тиниқ фарқлар, оппоқ қорда улар кўзга янада яққолроқ ташланарди. Ердан то дарахт учигача ёпишган қорларни ҳам кўрар эди. Ўрмонни қандайдир сирли осудалик чулғаб олганди, шу нарса қизалоққа далда бўлмоқда эди. Қалин муз қатлами боғлаган бутоқлардан томчилар томар, шох ва шохчаларга урилиб, оҳиста шитирлаганча майдаланиб кетарди. Бу заиф шитирлашни ҳисобга олмаса, ўрмон сув қуйгандек жимжит эди. Гунг­лик, овлоқлик, сукунат ва қор, чор-атроф қор.

Шамол тинган. Қор қўнган шохлар қилт этмайди. Ҳамма нарса қиш уйқуси қўйнида. Гўё ер юзига ёзилган оппоқ дастурхон, хомуш, қор сепилган ўрмон ва осмондаги оқиш булутлар – барча-барчаси бир яхлит ўлик оқликка қоришиб кетган. Эрувгарчиликда ўзи шунақа бўлади. Худди кичкинагина нуқтадай, мана шу гунг паҳлавонлар орасида ҳаракат қилаётган ягона тирик мавжудот Марис­я­­ эди. Ёқимли, меҳрибон ўрмон! Томаётган мана бу сув эмас, балки етимча устига тўкилаётган кўз ёшларидир? Осмон баравар дарахтлар, аммо миттигина қизалоқни қандай авайлаяпти. Ғариб, заиф қизалоқ тунда ёп-ёлғиз қор қоплаган ўрмондан юриб бормоқда, ўзига ишонгани шунчаликки, ҳеч нарсани писанд қилмаяпти! Сутдай оппоқ тун гўё уни қўриқлаётгандай. Бунда қандайдир инсон ақли бовар қилмайдиган бир сеҳрли нарса бордирки, увоқдеккина ҳимоясиз хилқат бу қадар қудратли кучга инонаётир. Шундайин, бутун борлиқ ўзини Яратганнинг иродасига топширади. Қизалоқ узоқ юрди ва охири бутунлай ҳолдан тойди. Катта-катта оғир этиклари унинг юришига халақит бермоқда эди, этиклар дам сайин жажжи оёқчаларидан ечилиб кетмоқда эди. Бу қўпол этикларни қор орасидан суғуриб олишнинг ўзи бўладими. Бунинг устига, унинг қўллари ҳам банд: олдинга тик узатилган бирида у Куликова ҳадя қилган тангачани маҳкам қисиб ушлаб олганди. Қизалоқ уни қорга тушириб юборишдан қўрқаётганди. Баъзан қизалоқ овозини баралла қўйиб йиғлашга тушарди, аммо йиғлаганимни биров эшитиб қолмадимикан, дегандек ўша заҳоти жим бўларди. Бўлмаса-чи, унинг йиғлаганини ўрмон эшитиб турарди. Томчи қандайдир бир хил оҳангда ва шикоятомуз шилдирарди. Балки қизалоқнинг овозини яна кимдир эшитиб қолгандир? Марися юришини тобора секинлаштира бошлади. Тағин адашиб қолмадимикан у? Нега адашади? Йўл энди оқ тасмадай узоққа ингичкалашиб борар, қоп-қора дарахтларнинг икки девори оралиғида чувалиб ётарди. Қизалоқни уйқу боса бошлади.

У йўлдан четга чиқди-да, бир дарахт тагига бориб ўтирди. Кўзлари юмилиб кетмоқда эди. Шунда бир мўъжиза рўй берди, гўё ойижониси қабрдан чиқиб, оппоқ текисликдан унга томон югуриб келаётганмиш. Бироқ атрофда зоғ учмасди. Қизалоқ кимнингдир албатта келишидан умидвор эди. Ким келади? Фаришта. Ахир, кекса Куликова уни «пиришта» асрайди, деб айтмаганмиди? Марися ҳатто унинг қанақалигини биларди. Уларнинг уйида қанотлари бор ва қўлида гул тутган фаришта чизилган бир суврат бўлгувчи эди. Ўша, албатта, келади. Томчилар кучлироқ чакиллаб тома бошлади. Бу, ҳойнаҳой, фаришта қанотлари билан шохларга тегиб кетганидан бўлса керак. Жим! Кимдир бу ёққа келяпти, ғовак қор қандай шитирлагани эшитиляпти, қадамлар эҳтиёткорлик билан, аммо бетоқат яқинлашиб келарди. Марися ишонч билан уйқули кўзларини очади.

Бу нима? Кулранг, қулоқлари диккайган, понасимон бош қизалоққа тикилиб турарди. Қўрқинчли, жирканч бир махлуқнинг боши…

[1] Костёл – черков, ибодатхона (поляк).

[3] Злотий, грош – Польша пул бирликлари, бир злотий 100 грош­га тенг.

[2] Ксендз – католик дини руҳонийси (поляк).

РЕДЬЯРД КИПЛИНГ
(1865 – 1936)
БУЮК БРИТАНИЯ

Ёзувчи Редьярд Жозеф Киплинг 1965 йил 30 декабрда Бомбей шаҳрида туғилган. Унинг «Маҳкама қўшиқлари» шеърий тўплами, «Тоғ ҳикоялари» ва «Уч солдат» новеллалари, «Hyp сўнди», «Ким», «Казарма қўшиқлари», «Етти денгиз», «Беш миллат» шеърий тўпламлари ва романлари ўқувчиларга таниш.

Ёзувчининг, айниқса, болалар адабиётига қўшган ҳиссаси катта. Унинг «Довюрак денгиз сайёҳлари», «Шунчаки эртаклар», Маугли саргузашт­ларига бағиш­ланган «Жунгли китоби», «Рикки-Тикки-Тави», «Маугли» китоблари жаҳонда кенг тарқалган. Адиб ана шундай жаҳоншумул асарлари сабаб 1907 йил Нобель мукофоти соҳиби бўлган. Ёзувчи 1936 йил Лондон шаҳрида вафот этган.

Рус тилидан
Рустам ЖАББОРОВ таржимаси

ТОҒ ҚИЗИ

У тоғлик эр-хотин Соно ва Жаделарнинг қизи эди. Бир йили деҳқончиликда уларнинг омади келмади, Котгар [4] яқинида Сатле водийсида экилган оз миқдордаги экинларни ҳам айиқлар пайҳон қилиб кетишди.

Тоғлик эр-хотинлар бундай талафотни ўз худоларининг марҳаматсизлигига йўйишдими, бошқа сабабданми ўша йили қишда улар масиҳийлик динини қабул қилишди ва қизларини Котгарга, насронийлар қишлоғига чўқинтиргани олиб боришди. Котгар роҳиби қизга насронийча Элизабет исмини берди. Қабиладагилар эса қизни Лисбет дея талаффуз этиб чақира бошладилар.

Кўп ўтмай, Котгар водийсига вабо тарқалди. Машъум ўлат Соно ва Жаделарни олиб кетди. Қизча эса руҳонийнинг қарамоғида қолди. Котгар роҳибининг аёли уни ўзига хизматкор, жория қилиб олганди. Лисбет руҳоний хонадонида шу тариқа улғая бошлади.

Ўз қабиласининг маъбудалари қизни аввалдан сийлашганмиди ёхуд насронийлик унинг чиройини очдими, у ҳақиқий соҳибжамол бўлиб бораётганди. У ҳар куни сайр қилгани чиқар, шунчаки атрофнинг гўзаллигидан баҳра олиш учун эллик мил чамаси йўл босарди. Унинг юзларидек жозибадор чеҳрани одатда фақат сувратларда, камдан-кам ҳолларда ҳаётда учратиш мумкин эди. Қизнинг бутун вужуди фил суягидек оппоқ рангда эди. У ўз қабиладошларига қараганда анча баланд бўйли, кўзлари эса ҳайратланарли даражада чиройли эди. Агар сиз уни тоғ қўйнида танҳо учратиб қолсангиз маъбуда Диананинг ўзи ов қилгани чиқибдимикин, деган хаёлга борардингиз.

Лисбет насронийлик эътиқодига осонгина кўникди. У бошқа қизларга ўхшаб улғайиб, эсини танигач, ўз динига ўтиб кетмади. Қабиладошлари шунинг учун ҳам уни жуда ёмон кўришарди.

Бу пайтда роҳибнинг хотини қиз билан қандай муомала қилишини билмай қолганди. Ахир, бундай хушсурат, бокира фариштага идиш-товоқ ювишни буюришга ким ҳам ботина оларди? Шунинг учун ҳам Лисбет роҳибнинг болалари билан эмин-эркин ўйнаб юрар, якшанбалик мактабга қатнар, уйда қанақа китоб бўлмасин, барчасини қизиқиш билан ўқиб чиқарди. Роҳибнинг хотини қизни Симлага юбориб, унга муносиброқ иш топиб бериш ҳақида кўп гапирарди. Лисбет ўзига бошқа жой қидиришни хаёлига ҳам келтирмасди. У Котгардан кетишни умуман истамасди.

Бир сафар Котгарга сайёҳлар келишди. Улар бу томонларга камдан-кам ташриф буюришарди. Лисбет эса улар мени Симлага ёки шунга ўхшаган нотаниш томонларга олиб кетиб қолишади, деб ўйлаган, шу боис хонасидан ташқари чиқишга ҳам қўрқиб қолганди.

Ўшанда у ўн етти ёш бўсағасида эди. Кунларнинг бирида сайр қилгани тоққа жўнади. Қиз ярим мил пиёда юриб ортига фойтунда қайтадиган инглиз хонимларига ўхшамасди, албатта.

У ўзининг «қисқагина» саёҳати давомида Котгар атрофини тўлиқ айланиб чиқар, 20 – 30 мил атрофида йўл босар, ҳатто Наркундагача бориб келарди. Нафаси оғзига тиқилиб, юкнинг оғирлигидан бурни ерга теккудек ҳолатда уйига кириб келганида роҳибнинг хотини меҳмонхонада ухлаб ётарди. Қиз елкасидаги «юк»ни диван устига қўяркан, очиқчасига гап бошлади:

– Бу менинг эрим. Мен уни Багига борадиган йўлдан топиб олдим. У қоядан қулаб тушганга ўхшайди. Биз уни даволаймиз. У тузалиб кетса, роҳиб бизни никоҳлаб қўяди.

Шу пайтга қадар Лисбетни бундай вазиятда кўрмаган роҳибнинг хотини бирдан даҳшатга тушди. Бироқ ҳозир биринчи навбатда диван устида беҳуш ётган йигит ҳақида ўйлаш лозим эди. Бошидан жароҳат олган ёшгина инглиз йигити ҳамон диван устида ҳушсиз ётар, билинар-билинмас нафас оларди, холос.

Уни тўшакка ётқизишди. Тиб илмидан оз-моз хабардор роҳиб йигитнинг ярасига малҳам қўйиб боғлади. Лисбет эса эшик олдида ҳар қандай топшириққа шай бўлиб турарди. Қиз роҳибга ҳам ўз қарорини билдирди. Роҳиб ҳам, хотини ҳам қизни намойишкорона андишасизликда айблашди. Уни инсофга чақирмоқчи бўлишди. Лисбет эса уларни жимгина тинглаб, бояги гапини такрорлади. У тушунмасди: ахир, қандай қилиб кўнглингдагидек йигитни учратганингда ҳам у ҳақда ҳеч кимга оғиз очмай юраверишинг мумкин? Шу сабабли у аҳдида қатъий туриб олди. Йигит оёққа тургач, у билан турмуш қуради.

Қиз йигитнинг оёққа туриши, уйланадиган даражада куч-қувват йиғиши учун ҳар қандай ишга тайёр турарди.

Икки ҳафтада йигитнинг бошидаги жароҳатлар битиб кетди. У бундай меҳрибонлик учун роҳибга, унинг хотинига, ҳаммадан кўпроқ Лисбетга миннатдорчилик билдирди. У Шарққа (ўша пайтларда бу томонларга саёҳат қилиш у қадар оммавий тус олмаганди) саёҳат қилиш умидида келганини, у Дера-Дундан тоғларига турли хил гиёҳлар ва капалаклар йиғиш учун келганини айтди. Шу сабабли Симлада уни ҳеч ким танимас экан. Унинг фикрича, тоғда баланд қояда ўсган аллақандай гиёҳни узмоқчи бўлиб чиққанда мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушибди. У соғайиб кетиши билан Симлага қайтишини айтди. Энди тоғлар уни бошқа ўзига мафтун этмасди.

У қишлоқни тезроқ тарк этишни истар, бироқ ҳали бунинг учун етарлича мадор тўплаёлмаганди. Лисбет эса ҳеч кимнинг гапига қулоқ солишни истамасди. Шунинг учун роҳибнинг хотини Лисбетнинг миясида қанақа бемаза хаёллар чарх ураётганини йигитга айтиб берди. Йигит қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди ва бу шунчаки соддагина Ҳимолай қизининг ўзига ўхшаш содда ва беғубор хаёлоти эканини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Ватанида йигитни қаллиғи кутаётганмиш. Шундай бўлса-да, йигит ўзини ўта хушмуомала қилиб кўрсатарди.

У қиз билан суҳбатлашишни, у билан саёҳат қилишни, ширин сўзлар билан эркалаб кўнглини кўтаришни шунчаки кўнгилхушлик деб билар, аслида эса қизни умрбод ташлаб, юртига қайтиш учун куч йиғаётганди. Бу суҳбатлару сайр-саёҳатлар йигит учун ҳеч қандай маъно касб этмас, қиз учун эса катта аҳамиятга эга эди. У севиши мумкин бўлган одамни топганидан бахтиёр сезарди ўзини.

Ёввойи табиат қизнинг ўз ҳиссиётларини бош­қара олмаслиги фақат инглизнинг кулгисини қис­татарди. Йигит қайтишга отланганида олам кўзига қоронғи бўлиб кўриниб кетган Лисбет уни Наркундагача кузатиб борди. Қиз йўл-йўлакай йигитдан қайтиб келишига, ва албатта, унга уйланишга ваъда беришни қайта-қайта илтимос қилди.

– Кўряпсизми, у шунақа тентак, тарбиясиз қизки нима деётганини ўзи ҳам билмайди, – деди уларга ҳамроҳлик қилиб бораётган роҳибнинг хотини.

Йигит кета-кетгунча қизнинг нозик белидан оҳиста қучиб борди. Қайтиб келишига ва у билан никоҳдан ўтишига қизни ишонтирди. Улар Наркундага кираверишда айрилдилар. Қиз йиғлаб юборди. Мутианига буриладиган жойда кўздан йўқолгунча инглизнинг ортидан термилиб қолди.

Қиз алам билан кўз ёшларини артди. Улар яна Котгарга киришаётганда Лисбет роҳибнинг хотинига юзланди.

– У қайтиб келади. Кейин менга уйланади. У қариндошларини шу гапдан огоҳ қилиш учун кетди.

Аёл Лисбетни тинчлантирган бўлди:

– Ҳа, у, албатта, қайтади, қизим!

Икки ой ўтар-ўтмас, Лисбет хавотирга туша бош­лади. Унга йигитнинг денгиз ортига, Англияга жўнаб кетганини айтишганди. Қиз Англия қаерда жойлашганини билар, бу ҳақда мактаб дарсликларида ўқиганди. Бироқ тоғлар орасида ўсган қиз денгиз нималигини қаердан билсин? Уйда алмисоқдан қолиб кетган дунёнинг сиёсий харитаси бўларди. Қиз кечалари ўша харитадан Англия­ни қидирар, севгилисининг бармоқ билан босса, кўринмай кетадиган ҳудудда эканини ҳис этиб, аччиқ кўз ёш тўкарди. У орадаги масофа, пароходлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, унинг тушунчалари эса ҳақиқатдан анча йироқ эди. Қолаверса, инглиз йигити тоғлик қизга уйланиши учун Котгарга қайтишини хаёлига ҳам келтирмаслигини билмас эди у. Йигит Ассамда капалак қувиб юрганидаёқ қизни унутиб юборганди. У охир-оқибат Шарқдаги саёҳатлари ҳақида китоб ёзди. Бироқ унда Лисбет тилга ҳам олинмаганди.

Учинчи ой ҳам интиҳосига етгач, Лисбет тез-тез Наркундага қатнайдиган одат чиқарди. У ҳар гал ўша ерда инглиз йигитнинг айтишини кутиб ўтирарди. Айнан шу одатгина унга таскин берарди. Роҳибнинг хотини қизни илгаригидан шодонроқ кайфиятда кўриб, қизнинг ёввойи эркаликларидан халос бўлаётир, деган хаёлга борди.

Кўп ўтмай, бундай қатновлар ҳам Лисбетга ёрдам бермай қўйди ва у яна аввалги жиззакилигига қайт­ди. Бекаси ниҳоят бор ҳақиқатни очиқ-ойдин баён этди. Инглиз шунчаки қизни тинчлантириш учун уйланишга ваъда берганини, аслида, бу ишни умуман қилмаслигини, Лисбетнинг «олий ирқ вакилига» турмушга чиқишни орзу қилиши ҳам гуноҳ, уятсизлик эканини ва ниҳоят у ўзи тарафдан бир инглиз қизи билан оила қурганини тушунтирди. Лисбет эса бунинг ақлга зид экани, йигит уни муҳаб­батига ишонтиргани, ҳатто бекасининг ўзи ҳам йигитнинг қайтишига ишонтирганини эслатди.

– Наҳотки, сиз ҳам мени алдаган бўлсангиз, – сўради у андуҳ билан.

– Қизим, сени фақат юпатиш учунгина шундай дегандим, холос.

– Демак, ёлғон гапирибсиз-да, – тўлқинланиб кетди қиз, – икковингиз ҳам мени алдабсиз.

Аёл шунчаки, бош ирғаб қўя қолди. Лисбет ҳам анчагина жим турди-да, шахд билан югуриб нас­ронийлар қишлоғидан чиқиб кетди ва кўп ўтмай Ҳимолай аёлларининг кийимида, иркитга ботган ҳолда кириб келди. У тоғлик аёлларга хос тарзда бир томонга туширилган кокилларини қора ип билан боғлаб олганди. Фақатгина бурнига булоқа тақмаган эди, холос.

– Мен яна ўз эътиқодимга, халқим ёнига қайтаман, – деди у. – Энди Лисбет йўқ. Фақат қария Жаде ва қишлоқи Сононинг қизи қолди, холос. Сиз инглизлар ҳаммангиз ёлғончисиз! Сизларни кўргани кўзим йўқ.

Роҳибнинг хотини эс-ҳушини бир жойга тўплаб олганида Лисбет аллақачон унинг ҳузуридан ғо­йиб бўлганди. У айтганини қилди: яна ўз қабиладошлари, ўз аждодларининг маъбудалари қошига қайтди, масиҳийлар қишлоғига бошқа қадам қўймади.

У ўз халқини чин қалбдан севарди, унинг ана шу муҳаббати алдоқчи инглизга бўлган ёввойи интилишларидан устун чиқди. У тез орада бир пайтлар қизни роса савалаган ўтинчи йигитга турмушга чиқди ва қариб-чиригунча бахтиёр ҳаёт кечирди.

[4] Котгар – Ҳиндистон шимолида, Химачал-Прадеш штатидаги қадимий шаҳар.

Р

...