автордың кітабын онлайн тегін оқу Оқ қизлар
АБДУРАШИД НУРМУРОДОВ
ОҚ ҚИЗЛАР
Ушбу асаримни кўйлаклари шамоли билан нафрат оловини ўчирган раққоса қизларимизга бағишлайман.
Муаллиф
Биринчи фасл
Майсаларга бурканган дала йўлига чиққанимизда кун ботиш томонда қора булутлар кўринди. Булутларга кўз қирини ташлаган ҳайдовчи:
– Ака, бу йўлдан бекор юрдик-да, – деди хавотирли овозда. Мен унинг хавотирига эътибор бермай:
– Машина камқатнов йўлда юриш маза-ку. Тинч, бехавотир кетамиз. Чор атрофингга қара, қандай гўзал, – дея уфққа туташиб кетган қизғалдоқларга ишора қилдим. У менинг ҳис-ҳаяжонимга эътибор қилмай:
– Бир вақтлар бу йўлдан юриб, иккинчи бор юрмайман, деб қасам ичгандим, – деди асабий.
Мулойимгина, қўй оғзидан чўп олишга уяладиган йигитнинг гаплари менга ғалати туюлди.
– Нима гап? Нима бўлган? Очиқроқ, одам тушунадиган тилда гапирсанг-чи, – дедим жаҳлим чиқиб. У гапларимни эътиборга олмагандай саволимни жавобсиз қолдириб, биз томон шитоб билан келаётган булутларга қаради:
– Хўп десангиз, мана шу кўприкнинг тагига кирсак, – деди туйқусдан.
Унинг гапидан баттар жаҳлим чиқиб:
– Нималар деяпсан, эсинг жойидами?! Булутни кўрдингу, худди жин чалгандай бўлиб қолдинг. Йўлда туппа-тузук келаётган эдинг-ку, – дейишим билан:
– Илтимос, ака. Шу ерда қолайлик, – деди йиғламоқдан бери бўлиб.
Мен унинг гапидан шубҳаландим.
– Агар машинани ҳайдай олмаётган бўлсанг, ўзим ҳайдайман, – деб рулга қўлимни чўздим. Унинг кўзи қўлимга тушиб:
– Хўп-хўп, – дея газни босди. Машина бир силкиниб олдга интилди. Танингга ором берадиган намхуш ҳаводан, чор атрофнинг гўзаллигидан сархуш бўлиб, табиат билан ёлғиз қолдим.
Ҳақиқатда гўзал манзара эди. Ён томондаги тоғ чўққилари сўфининг салласидай оқ булутларга ўралган, қуйида қуёш нурида ялтираб тоғ жилғаси кўзга ташланади. Атроф кўм-кўк.
Бехос кун ботиш томонга қарайман. Қора булутлар ер билан туташиб кетгандай эди. Шамол қаршилигига учраган машина тезлиги сусайиб, мотори зўриқиб ишлай бошлади. Бирпасда осмон қора тусга кирди. Бир нохушлик бўладигандай юрагим безовта ура бошлади.
– Нима бўляпти? – дея ҳайдовчига юзландим.
Ранги бўзарган ҳайдовчи:
– Ҳозирча ҳеч нарса, нима бўлса, энди бўлади, – деди жаҳл билан.
Унинг авзойидан, осмоннинг қоралигидан, булутларнинг ерга тўшалганидан, шамолнинг кучайганидан кўнгилга ғулу тушиб:
– Тўхтат машинани! – дедим.
– Ҳозир машинани тўхтатсак, хароб бўламиз. Бирор панароқ жой чиқсин. Бўлмаса... – дейиши билан машина нимагадир урилди. Кучли зарбдан машина ёнламасига кўтарилди. Шу ҳолатда йигирма метрлар юриб, гурс этиб ерга тушди. Қўрққанимдан:
– Нима бўлди? – деб бақириб юбордим.
– Шамол, қуюн! – деди ҳайдовчи рулга ёпишиб.
– Шамол тегмайдиган ерга ҳайда, – дедим шошиб. У йўл четига чиқиб, қуйидаги сойга тушди ва сойнинг шамолга пана бўлган томонига машинани бурди. Машинадан тушди-да, қўлимдан ушлаб, қаршимиздаги қир тагидаги камар томон бошлади. У ерга борганимизда ғорга ишора қилиб:
– Шу ерга кириб кутамиз. Ҳадемай қуюн бошланса, улгурмай қоламиз, – деди.
Олдин у йўл бошлади. Одам шовуридан безовталанган иккита қуён ғордан отилиб чиқди. Бехос бошланган шатир-шутурдан қўрқиб:
– Тезроқ ўрмала, – деб ортидан эргашдим. Ғорнинг оғзини беркитиб қўйганимиз учун ичкари қоп-қоронғи эди.
Олдинда кетаётган шеригим бўғиқ овозда:
– Ака, орқага қайтинг, нафасим сиқилди, – деди.
Ортга қайтдим. Оғзи-бурни тупроққа беланиб кўриниш берди. Қайтадан биргалашиб ғорга кирдик. Бу сафар оёқларимиз тўрда, бошимиз ғорнинг оғзида эди. Икковимиз сиқилиб ётибмиз. Бироз ўтиб ер қимирлагандай бўлди. Олдин секин, кейин бизни ҳам қўшиб силкита бошлади. Мен шеригимга қарадим. Унинг кўзлари олайиб кетганди.
– Бошланди! – деди.
– Нима бошланди? – сўрадим унинг гапига тушунмай.
– Қуюн бошланди. У бизга яқинлашиб келяпти. Ичкарироқ кирайлик. Бўлмаса у бизни ғорнинг ичидан ҳам суғуриб олади, – дея ортга силжиди. Унга бўйсуниб мен ҳам ҳаракатландим. Шеригимнинг гапидан сўнг кўз олдимга машиналарни, уйларни, дарахтларни учириб кетувчи «торнадо» келди. Қўрқиб кетиб:
– Наҳотки! – дедим. У овозимни эшитиб:
– Ҳа-ҳа, ака, у ёмон, – дея янада ортга тисарилди. Мен ҳам эргашдим. Шу вақт гувиллаган овоз эшитилди. Овоз янада баландлашиб, биз томон яқинлашиб келарди. Юрагим тўкилгандай, ғор ичида мувозанатни йўқотгандай бўлдим.
Кўзларимни юмдим. Тепамиздан нимадир ерни ларзага келтириб ўтди. Чийиллаган овоздан кўзимни очдим. Қаршимда жойини бизларга бўшатиб берган қуёнлар турарди. Беихтиёр қўлимни чўздим. Шу илтифотни кутиб тургандай иккалови ҳам бир-бир сакраб қўйнимга кирди.
Мени ғор ичида кўринмас бир куч ўзига тортаётгандай туюлди. Бу куч чангалини сезган қуёнлар бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олди. Тирноқлари ботди. Аммо оғриқ сезмадим. Шунда қуёнларни маҳкам бағримга босиб, елкамни ғор деворига тирадим. Кўринмас куч баттар юлқилай бошлади. Ихтиёримдан ташқарида ғордан чиқиб кетгим келди. Шу хаёлда бироз олдга силжигандай бўлдим. Аммо қуёнларнинг безовта овозидан ҳушимга келиб, ортимга қайтдим ва шеригимга:
– Мени ушла. Ҳозир отилиб чиқиб кетаман, – дедим. У оёғимдан қучоқлаб олди. Аммо ваҳший куч силтаб юлқилашдан чарчамасди. Бағримдаги қуёнларнинг ҳам нафаси ўчиб қолганди.
Ғор оғзи қоронғилашди. Ҳеч нарса кўринмай қолди. Аммо нималардир учиб ўтар, гувиллаган овоздан қулоқлар том битганди. Бизни ғордан «чиқ-чиқ» деб юлқилаётган ялмоғиз куч қулоқ пардаларини йиртишга шайлангандай эди.
Ташқаридаги аҳволни билмайман, аммо ернинг ости даҳшатли эди.
Нимадир устимиздан гулдираб ўтиб сойга қулади. Унинг ортидан яна нимадир гурсиллаб ерга тушди. Тепалик кучли зарбдан силкинди. Қучоғимдаги қуёнлар қўрқувдан овоз берди. Ўзим ҳам уларга қўшилдим. Шеригимнинг овози чиқмасди. Оёғимни маҳкам қучоқлаб олганидан унинг тириклигини ҳис қилиб турардим.
Кейин биз ётган ғор устида дев бўлса керак, гурзидай оёқларини уриб рақс туша бошлади. У айланиб, ерни тепиб, миямизни қақшатиб ўйнади. Ғор ичи титради. Кейин раққос девнинг қадамлари ғор оғзида эшитила бошлади.
– Энди ўлдик, – дея шивирладим. Шеригим тирноқларини сонимга ботирди. Ҳеч оғриқ йўғ-эй!.. Ердан яна нималардир осмонга кўтарилди. Шунда яна биз ғор шифтига ёпишиб, муаллақ қолдик. Бу қандай ҳоллигига тушуна олмай карахтландим. Бу шовқин ғордаги ҳавони сўриб олгандай нафасим сиқилди. Очиқ ҳавога чиққим келди. Ғор оғзига силжий бошладим. Не кўз билан кўрай, осмонда улкан нарсалар ўйноқлаб учиб юрарди. Кўраётганларим ҳақиқатлигига иқрор бўлиш учун кўзларимни юмиб очдим. Йўқ, ўйноқлаб учиб юрганлар сароб эмасди. Тепалик устидан аллақандай нарса вишиллаб учиб ўтиб, ўйнаётганлар сафига қўшилди. Улкан дарахт экан. Шохлари гир айланишидан узилиб кетди. Тана қуйисидаги томирлари улкан илондай ўзини ҳар ён ташлаб, осмонга кўтарилиб кўздан ғойиб бўлди. Худди коптокдай шакл касб қилган бодомчаларнинг шамол зарбидан ўйноқлашини кўриб турардим. Осмондан нималардир овоз чиқариб ерга гурсиллаб қулаб туша бошлади. Кўзларимга қум зарралари санчилди. Шунда бехос қўрқув ёдга келгандай:
– Орқага! – дея бақириб, ғор оғзидан ўзимни ичкарига олдим. Қуёнлар ҳам безовталаниб қўйди. Шеригим ҳам ортга силжиди.
Буларнинг бари ҳатто тушга кирмайдиган воқеалар эди. Бир пайт ғорнинг ичига зарб билан шамол кирди. Қўрққанимдан учиб тушдим. Менинг жисмимдаги ўзгаришдан таъсирланган қуёнлар ҳам безовталанди. Шу лаҳзалар учовимиз ҳам бир жонга айлангандай эдик. Чунки улар мендаги ҳар бир ўзгаришни ҳис қилиб туришарди.
Қанча вақт ғор ичида бўлдик, эслай олмайман. Ташқарига қарашдан чўчиб, юзимни кафтларимга босиб ётавердим. Ташқарида охирги замон келгандай шамолнинг гувиллаши ва турли овозлар қулоққа чалинарди.
Ўлмай туриб ўлишни ҳис қилиб турардим. Бундай даҳшатлар ҳам борлигини илк бор кўрганлигим учунми, фикрлашдан тўхтаб, табиатнинг ўйинлари олдида нақадар ожизлигимга амин бўлдим.
Бироздан сўнг ер титрашдан тўхтади. Гувиллаган овоз биздан узоқлашгандай бўлди. Аъзойи баданим, ён атрофим қум-қурумга тўлган эди. Аммо бошимни кўтаришга ҳолим келмасди. Бундай пайтда паноҳимиз қуёнларнинг уйи бўлса-да, бошингни тупроққа босиб ётиш роҳатижон туюлди. Ғордан чиққим келмасди. Аммо сезгир қуёнларнинг безовталанганидан ҳушимга келдим. Ҳайвонларнинг хавфни олдиндан сезиши ёдга тушиб, бемаврид келган ажал ўтиб кетганлигини ҳис қилдим. Ғор туйнугидан ташқарига қарадим. Осмонда чанг-тўзон айланиб юрар, аммо кўксимиздаги ер тинч эди. Олдга ўрмаладим. Қуёнлар қўйнимдан чиқди. Олдимга ўтиб, йўл бошлашди. Ортимдан келаётган шеригимнинг нафаси сиқилгандай:
– Ака, тезроқ чиқайлик, – деди бўғиқ овозда.
Ғордан чиқдик. Олдинига ҳеч нарсага тушунмадим. Кейин тепамиздан ўтган ажал изларига кўзим тушиб қўрқиб кетдим. Ҳайдалган ер устида томири билан суғуриб олинган улкан дарахтлар сочилиб ётарди. Тоққа яқинлашиб бораётган қуюн осмонда улкан ўмров ҳосил қилиб гир-гир айланарди. Унинг узун тиллари ердаги ўт-ўланни, дов-дарахтларни домига тортиб, осмонда солланаётган ҳалқа рақсига итқитиб юборарди.
Океан ва денгизларда тўлқинлар тирик жонни даҳшатга солганидек, қуруқликдаги шамолнинг зарби ҳам ўй-хаёлларингни парчинлаб, жисмингни ломакон қаърига итқитиб юборар экан. Ҳаммамиз қўрқувдан титрар эдик. Оёғим остида турган жониворлар ҳам биздан ажралиб кетишни истамасди. Атрофга қарадим. Лаҳзалар олдинги қора булутлар ўрни оқариб келарди. Қуюн ўтган жойларда чуқур ҳайдалган излар. Офат ҳамма нарсани учириб кетган, тўрт томон худди бомба тушгандай вайронага айланган. Улкан дарахтлар қуюн ўтган йўл четида сочилиб ётарди. Менга эргашиб келаётган қуёнларни кўрганда қўрқув мендан чекинди. Тириклик улкан бахт эканлигини илк бор ҳис қилгандай ичимга илиқ нимадир югурди. Эгилиб уларни бағримга олдим. Қисқа-қисқа, тез-тез нафас олишидан улар ҳам мен қатори ҳали-ҳамон ўзига кела олмаганлигини сезиб, янада қаттиқроқ бағримга босдим. Жони оғригандай инграб қўйишди. Шеригимнинг:
– Хайрият, қуюн машинани четлаб ўтибди, – деган гапидан ҳушёр тортдим. Ортимга бурилдим. Унинг юзидаги мамнунлик аломатидан кўнгил хотиржам тортгандай бўлди. Шеригимнинг кўзи бағримдаги қуёнларга тушиб:
– Бу жониворлар ҳам қўрқиб кетишди-да. Бўлмаса улар тутқич бермасди, – дея қуёнларнинг бошини силаб қўйди. Кейин: – Энди бу хосиятсиз даладан тезроқ кетайлик, – дея машинасини олиб чиқиш учун ортига бурилди.
Ҳолсизландим. Бағримдаги қуёнларни ерга қўйдим. Улар бирпас ёнимда туришди-да, машина овозидан чўчиб яна бағримга отилишди. Мен уларнинг ҳаракатидан таъсирландим. Беихтиёр кўзимга ёш келди. Секин қуёнларнинг бошини силаб, табиатнинг даҳшати, кучи олдида заррадан ҳам кичиклигимизни ҳис қилдим. Ана шундай фожиалар ер юзининг қай бир гўшаларида бўлаётганлигини тасаввур қилиб, юрагим орқага тортди. Киноларда, ойнаи жаҳонда бундай воқеаларни кўриб завқланганим учун ўзимдан оғриндим. Машина сойдан чиқиб келди. Бағримдаги қуёнларни ерга қўйдим. Улар бир-бирини қувлашиб мендан узоқлашди. Ўрнимдан турдим. Қулоқлари ҳавода ўйнаб, сакраб-сакраб югуриб кетаётган қуёнларга бирпас тикилиб турдим-да, машина томон юрдим. Ичимдан нимадир узилгандай яна ортимга қарадим. Улар ҳамон югуриб боришарди.
Катта йўлга чиқдик. Иккимиз ҳам сукут сақлаб кетмоқдамиз. Қаршимиздаги йўлни тўсиб ётган дарахтни айланиб ўтдик. Чамаси ўн дақиқа юрмасдан, йўл четида ағанаб ётган машинага кўзим тушди.
– Тўхта, – дедим шеригимга. У машинани йўл четига олди. Ағанаб ётган машина томон юрдим. Шеригим ортимдан эргашди. Машина худди осмондан тушгандай ерда сочилиб ётарди. Атрофида эса чанг-қурум босган одамлар – тўрт йигит ва бир қиз. Уларнинг билакларини бир-бир ушлаб кўрдим. Ҳаммасининг ҳаёт шами сўнган, кўзлари косасидан чиққудай бақрайиб қотган эди. Шеригим икковимиз марҳумларнинг уст-бошларини тўғрилаб, бир жойга тўпладик. Кўзларини юмиб қўйдим.
– Буларни қуюн учирган, – деди ҳайдовчи. Мен ҳам унинг гапини тасдиқлаб:
– Ҳа-ҳа, қуюн учирган, – дея машина томон юрдим. Уларнинг машинасини очилиб қолган орқа қисмида созандаларнинг асбоб-анжомлари қалашиб ётарди. Шу вақт марҳумлардан қай бирини чўнтагидаги қўл телефони овоз берди. Шошиб телефонни олдим.
Телефондан аёл киши:
– Собир, қаерда қолиб кетдиларинг? Тўй эгаси сенларни кутиб хуноб бўлиб ўтирибди, – деди жаҳл билан. Бироз ўзимни босиб олиб:
– Синглим, мен ким билан гаплашяпман? – деб сўрадим. Шунда аёл:
– Ўзингиз ким бўласиз? – деб сўради. Аёлга бу ердаги воқеани ётиғи билан тушунтирдим. У томондан йиғи овози эшитилди. Кимдир аёл қўлидан телефонни олди. Манзилни сўради. Тезда етиб келишини айтди. Бўлиб ўтган воқеалар ва бу ташвиш силламни қуритгандай жойимга ўтириб қолдим.
– Кетамизми? – ҳайдовчининг гапидан ҳушёр тортиб:
– Ташлаб кетамизми, – дея зарда билан қаршимизда ётганларга ишора қилдим. У гапимга парво қилмагандай машинаси томон юрди. Уни синчиклаб кузата бошлади. Шеригимнинг хаёли машинасида эканини ҳис қилиб ўрнимдан турдим. Ёнига бордим. Зарб билан елкасига туширдим. Бехос тушган турткидан учиб тушди. Менга қаради. Хотиржам овозда:
– Э-э-э, машинангни ҳам... сени ҳам... – деб сўкиндим. У мендаги кутилмаган ўзгаришдан довдираб қолди. Нима дейишини билмай:
– И-и-и, ака, – дея машинасидан узоқлашиб дала томон юрди. Баттар жаҳлим чиқа бошлади. Ортидан бир қадам юрдим. Аммо хаёлимга келган ёмон ўйдан чўчиб жойимда тўхтадим. Агар яна бир қадам ташлаганимда, уни бир бало қилиб қўярдим. Шайтоннинг васвасасига учмай марҳумлар ётган ерга қайтдим. Ўртада ётганига нигоҳим оғди. Сохт-сумбати келишган, оппоқ пешонасида қоп-қора сочлари тўзғиб ётарди. «Ҳофиз йигит», деб ўйладим. Унинг икки ёнида қорачадан келган йигитлар. Раққоса қизга қарадим. Юзларига сурилган упалари уни тириклик шами тарк этмагандай кўрсатарди. Майин эпкин сочларини тўзғитиб ўйнатарди. Шунда шамол аллақайдан куй овозини олиб келди. Раққоса қиз ҳозир ўрнидан туриб ўйнаб кетадигандай туюлди. Аммо у ўрнидан турмади. Шунча вақт одамларга қувонч бахш қилиб келганларнинг куйлари, овозлари энди осмонларга учганлигини ҳис қилиб ортимга бурилдим. Қаршимда эса бундан бирмунча вақт илгари қалбимга куй, қўшиқ, қувонч бўлиб кириб, дилимни яйратган табиат ўз гўзаллигини йўқотиб, қорайиб ётарди. Мағрур тоғлар букчайиб, алвон лолаларга бурканган замин кексариб, вужудимга ёйилган роҳатбахш туйғуларни кимдир сўриб ташлагандай эди. Дала томон юрдим. Қанча юрдим, билмадим. Қулоғимга чалинган машина овозидан ҳушимга келиб, ортимга қарадим. Кун ботиш томондан бир машина учиб келарди.
Машинадан узун бўйли аёл тушди. Ёнида ҳайдовчиси. Улар қатор қилиб ётқизилган марҳумлар томон юрди. Аёл бизларга эътибор бермасдан, нималардир деб гапириб, ётганлар атрофида гир айлана бошлади. Кейин тиз чўкди-да, ҳар бирининг бошини бағрига босиб, дод солиб йиғлаб юборди. Унинг йиғисига дош беролмай юзимни четга бурдим. Лаҳзалар олдин менга нотаниш, аммо аёлнинг йиғиси ила жуда таниш одамларимга аза очгандай эдим. Ҳайдовчиси унинг ёнига бориб, ўрнидан турғизмоқчи бўлди. Қўлидан келмади. Шунда ёрдамга шошилдим. Икковлашиб аёлнинг туришига ёрдамлашдик. Ўрнидан турди, аммо йиғидан тўхтамади. Бехос хаёлимга келган гапни айтдим:
– Синглим, ўзингизни босиб олинг. Энди уларни бу ердан олиб кетиш ҳақида ўйлайлик.
Бегона киши далдасидан ҳайратга тушгандай менга ялт этиб қаради. Ёшли кўзлари билан бир лаҳза қараб турди-да:
– Сиз, – деди ҳайратини яшира олмай. Аёлни бироз бўлса-да ўзига келганлигидан хурсанд бўлиб:
– Ҳа-ҳа, менман, – дедим руҳим кўтарилиб. Тахмин қилган одами мен эканлигимга ишонч ҳосил қилганидан шошиб сочларини тузатди. Рўмоли билан кўз ёшларини артмоққа тутинди. Бундан лаҳзалар олдин дод солиб йиғлаётган аёл менга нигоҳи тушиши билан ўзига келиб қолганлигидан ҳайратланган ҳайдовчилар бошларини эгишди. Жиловни қўлга олишим кераклигини ҳис қилиб:
– Милиция ходимларини чақириш керак. Бўлмаса улар сизу бизни гуноҳкор қилиб қўйиши тайин, – дедим. Аёл бир сўз демади. Аммо ёнидаги ҳайдовчиси фикримга қўшилиб, телефонни олдида кимларгадир қўнғироқ қилди. Кейин:
– Муродга айтдим. Олиб келади, – деди опасига нигоҳ ташлаб. Аммо аёлдан садо чиқмади. Бошини хам қилиб, хўрсиниб ўтираверди. Аёлнинг ички изтиробини сезиб турганлигим учун унинг билагидан ушладим-да, марҳумлар ёнидан олиб кетдим. Йўлнинг нариги томонига ўтганимизда, қаршимизда турган тош устига ўтиришини илтимос қилдим. Ювош тортиб қолган аёл гапларимга бўйсунди. Кейин бошини қўллари билан сиқиб чуқур нафас олди. Ортимга қайтдим. Ҳайдовчи йигитдан ҳалокатга учраганларни сўрадим. Улар шу яқин атрофда яшар, қаршимиздаги тоғ ён бағридаги қишлоққа тўйга кетишаётган экан.
– Икки соатдан бери уларга қўнғироқ қиламиз. Қани биронтаси кўтарса. Хайрият, сиз телефонни олиб қолдингиз. Бўлмаса уларни кутиб ўтираверар эканмиз, – деди кўзларига ёш олиб. Мен унга бўлиб ўтган воқеани тушунтириб бердим.
Шунда у:
– Йўл-йўлакай ҳамма ёқнинг остин-устун бўлиб кетганини кўрдик. Йўл четидаги дарахтлар томири билан қўпориб ташланган. Отар-отар қўйлар ўлиб ётибди, – деди кўз ёшларини артиб.
Орадан кўп ўтмай, йўлда машиналар кўринди. Яқинлашиб тўхташди. Ҳаммаси шошиб биз томонга юрди. Улар биз билан кўришиб, марҳумлар ётган томонга юзланди. Келганларнинг барчаси марҳумларнинг қариндош-уруғлари, таниш-билишлари эди. Қай бири уларни қучоқлаб йиғлади, қай бири бошини хам қилиб турди. Ҳалок бўлган болаларнинг эгаси бордай эди. Аммо қизни ҳеч ким бағрига босмади.
Кўп ўтмай милиция ходимлари кўриниш бериб, марҳумлар атрофида тўпланганларни нари-бери суришиб, ҳалокатга учраганларга эгалик қилишди. Уларнинг ичидан капитани:
– Ким биринчи бўлиб кўрган? – деди атрофга олазарак қараб.
– Мен, – дея у томон юрдим. Унинг ҳам менга кўзи тушиши билан:
– Э-э-э, ака, сизмисиз, – дея жилмайиб қўлини узатди. Ўлганлар бир томонда қолиб, у мен билан сўрашиб кетди. Салом-аликдан сўнг: – Ака, расмиятчилик учун биз билан бирга кетасиз, – деди жилмайиб. Ер билан битта бўлиб аёл кўринди. Юзлари йиғлайверганидан бўғриқиб кетганди. Марҳумларни машинага олишди. Капитан олдимга келиб, машинасида бирга кетишимни сўради. Ортидан эргашдим. У мени олд ўриндиққа ўтқазди. Машина жойидан жилди. Шунда капитан:
– Ака, учрашган кунимизни қаранг. Мен аллақачон сиз билан бир мулоқот қилсам, деб орзуманд бўлиб юргандим. Бундай ҳолда ҳечам учрашаман, деб ўйламагандим. Тақдир-да, тақдир, – деди. Унинг гапидан таъсирланиб:
– Одамзод эртага нима бўлишини билмайди-да. Мана шу йўлга бурилганимизда ҳайдовчи норози бўлган, мен эса уни уришиб бергандим. Унинг норози бўлганича бор экан, қуюннинг ичида қолиб кетдик. Яна йўлимизда бу кўргилик, – дедим афсус билан.
– Сизлар ҳам қолиб кетдиларингизми? Қандай омон қолдингизлар? – деди капитан ҳаяжонини яшира олмай. Мен бошимиздан ўтган воқеаларни тингловчи одам топилганидан хурсанд бўлиб айтиб бердим. Гапларимдан тани жунжиккандай:
– Худонинг ўзи бир асрабди-да. Бўлмаса бундай қуюндан омон қолиб бўлмасди. Халоскорларингизга айланган қуёнлар ҳақида бир асар ёзадиган бўлибсиз-да, – деди у. Шеригимнинг гапидан руҳланиб кетиб:
– Ҳа, албатта ёзаман. Бу кун бир умр ёдимда қолади, – дедим.
Капитан ўқимишли йигит экан. Асарларимнинг ёдимдан чиқиб кетган томонларини айтиб бериб ҳайратга солди. Унинг гапларидан анча ўзимга келиб, тириклигимга ишонч ҳосил қилиб, равон гапира бошладим. Боргунча бўлиб ўтган воқеалар ҳам ёддан кўтарилгандай, суҳбатимиз қизиди. Гап орасида илк бор мен билан учрашган аёл ана шу ҳофизу хонандаларнинг раҳбари эканлигини ҳам билиб олдим. Мен аёлни илк бор кўрганимданоқ, кўнгилда нимадир содир бўлгандай эди. Капитаннинг гапларидан аёл билан яна қайта суҳбатлашгим келди. Йўл-йўлакай ундан аёл ҳақида сўрадим. Шунда у:
– Опамизни созанда, хонанда, раққоса қизлардан иборат труппаси бор. Бугун ҳалок бўлган санъаткорларнинг раққосаси ҳам Жумагул опанинг қизлари эди. Опанинг уйида кам деганда ўттиз-қирқ нафар раққоса, хонанда, созанда қизлари бор. Уларнинг бир қисми тўй мавсуми билан келса, бир қисми опанинг ҳақиқий қизларига айланган. Уйидаги қизларининг ҳаммасига уй-жой қилиб берган бўлса-да, аммо улар уйларига бир-бир бормаса, кўп ҳолларда опаникида бўлишади. Опа ҳам уларга ўрганиб қолган. Ёши ўтиб, рақс туша олмай қолганларини жойи чиқса, тўй қилиб узатиб юборади. Ўрнини ёшлари билан тўлдиради. Ўзи ҳам бир пайтлари донғи кетган хонанда, раққоса эди. Унинг кўйида не-не эр йигитлар қирпичоқ бўлишмади, дейсиз. Эркаклар опанинг ҳусни жамолига қараб ҳушдан кетишарди. Бу гўзалликнинг дастидан кўп эр-хотинлар ажрашиб кетишди. Бу оилаларнинг бузилиб кетишига опанинг хулқи сабаб эмас. Сабаб – опанинг гўзаллиги эди, – деди.
Туман милицияхонасига етиб келдик. Капитан мени бошлиқларининг олдига олиб кирди. Тўладан келган подполковник очиқ чеҳра билан ўрнидан туриб, мен билан кўришди. Капитан таништирмоқчи бўлганди, бошлиқ:
– Акани танимайдиган одамнинг ўзи бу музофотда йўқ. Ҳаммамиз аканинг китобларини ўқиб катта бўлганмиз. Сен ишингни қилавер. Биз ака билан суҳбатлашиб ўтирамиз, – деди. Капитан қаддини ростлади-да, ортига бурилиб хонадан чиқди. Бошлиқ елкамга қўлини ташлаб, ичкари хонасига бошлади. Кенг хонада ҳамма шароит бор эди. Диван, креслолар. Ўртадаги стол устида турли хил ширинликлар. У мени тўрдаги диванга таклиф қилди. Ўтириб фотиҳа қилдим. Шунда у:
– Учрашган вақтимизни қаранг-а, – дея йўлдаги капитаннинг гапини такрорлади. Кейин: – Балки шу бахтсиз воқеа бизларни учраштириш учун бўлгандир. Бўлмаса, бир-биримиз билан учрашолмай ўтиб кетармидик, – дея пиёлага чой қуйиб узатди. Чойдан ҳўплаб жуда чанқаганлигимни ҳис қилдим. Пешма-пеш чой ичдим. Бошлиқ менинг ҳолатимни тушунгандай бошини эгиб ўтирди. Бироз ўзимга келганимни сезгандай жойидан қўзғалиб:
– Яқинда нашр қилинган «Кўк тераклар» романингизни ўқиб чиқиб жуда эзилдим. Одамнинг қилган гуноҳлари, албатта, бир кун келиб бўғзидан олишини романингизда жуда таъсирчан тасвирлагансиз. Агар шу романингизни ёнимизда биз билан бирга яшаётган ёмонлар ўқиганда нур устига нур бўларди-да. Афсус, китоб жуда кам нусхада босилган экан. Аммо жиноят билан қўлга тушганларнинг ҳаммасига китобингизни ўқитяпман. Таъсири бошқача бўляпти. Босар-тусарини билмай қолганлари ювош тортади, кексалари бошини чангаллайди, айёрлари қилган ишларини рўй-рост айтади. Асарингизнинг жиноятчиларга таъсирини кўриб, одамни уриб, қўрқитиб тарбиялашдан кўра, унинг қалбига таъсирни ошириш кераклигини англадим. Ана шундагина жиноятчиликни камайтириш мумкин, деган хулосага ҳам келдим. Аслида бундай асарларни ҳамма турмаларга тарқатиб, маҳбусларни китоб ўқишга ўргатиш керак.
Мана, яқинда бир каззоб жиноятчини қўлга туширдик. Шунча йиллардан бери биз унинг қилган жиноятларини бўйнига қўёлмай келардик. Уриб кўрдик, сўкиб кўрдик, қўрқитиб кўрдик, лекин натижа чиқмади. Шунда хаёлимга сизнинг романингиз келиб, ёнига ўзимизнинг одамлардан бирини китоб билан киритдик. Одамимиз у билан гаплашмади, ундан ҳеч нарса сўрамади. Айтганимиздай фақат китоб ўқиш билан банд бўлди. Орадан бир неча кун ўтди. Шунда каззобнинг тоқати тоқ бўлиб:
– Намунча бу китобга ёпишиб олдинг. Менга бер, – деб ундан китобни тортиб олиб, ўқигиси келмаса-да, ўқишга тутинди. Аммо орадан бирон соатлар ўтиб, бизнинг одам билан унинг роли алмашди. Энди у гапирмайдиган, шеригидан ҳеч нарса сўрамайдиган одамга айланди. Куну тун китобни ўқиди. Ҳатто «нон-чой бермайсанларми», дея камерани бошига кўтарадиган каззобнинг нон-чой ҳам ёдидан кўтарилгандай эди. Бир куни ўзим ундан хабар олай деб борсам, китобга тикилиб йиғлаб ўтирибди. Мени кўриши билан ўрнидан сакраб турди-да, худди ёш боладай:
– Ўртоқ бошлиқ, мен ҳамма айбларимга иқрорман. Нима қилсангиз қилинг, олдинги қилган ишларимни ҳам айтиб бераман, – деса бўладими. Олдин унинг гапига ишонмадим. Аммо кўзларига синчков тикилганимда ундаги руҳий ўзгаришни ҳис қилиб, ходимларимга олдимга олиб киришларини тайинладим. Олдимга олиб келишди. Қўлида сизнинг китобингиз эди. Худди китобни кимдир тортиб оладигандай маҳкам чангаллаб олган. Аввалги айёр нигоҳлари энди маъюс тортганди. Хуллас, бурноғи каззобдан асар ҳам қолмаган эди. Айтилган жойга келиб ўтирди. Савол назари билан унга тикилдим. Маҳбуснинг боши қилган гуноҳларига тавба-тазарру қилаётгандай хам эди. Бироздан сўнг:
– Ўртоқ бошлиқ. Сўранг, ҳаммасини айтиб бераман, – деди хотиржам овозда. У ҳақидаги барча гумонларимни сўраб-суриштирдим. Ҳаммасини исботи билан айтиб берди. Бўйнига олган жиноятлари ортидан бошқа жиноятлар ҳам очилиб кетди.
Бошлиқ ўрнидан турди. Худди ҳис-ҳаяжонини босишга ҳаракат қилгандай у ёқдан бу ёққа юрди. Кейин:
– Ака, сиз ўзингиз билмаган ҳолда бизга катта ёрдам қилгансиз. Сизга алоҳида раҳматимни айтаман, деб орзуманд бўлиб юргандим. Мана бугун cуҳбатини истаган одамим ўз оёғи билан кириб келиб ўтирибди. Бу ҳам Худонинг хоҳиш-иродаси-да, – деди миннатдорчилик ҳисси билан менга тикилиб. Менга унинг гапи қаттиқ таъсир қилди. Ичимдан шундай асар ёзганлигимдан ғурурланиб ҳам қўйдим. У худди хаёлимдан кечган ўйларни сезгандай: – Сизлар ёзаётган китоблар бир одамга, бир оилага мансуб эмас. Улар бутун халққа мансубдир. Сизлар дунёнинг нариги бурчагида яшаётган, мутлақо бегона бўлган одамлар қалбида ҳам инсонийлик туйғуларини уйғота оласизлар. Бунинг исботини мен бир жиноятчи мисолида кўрганман. Сизга катта раҳмат, – деди ихлос билан.
Хона эшиги тақиллашидан норози кайфиятда қошлари чимирилиб:
– Киринг, – деди зарда қилгандай. Хонага бояги капитан билан раққосаларнинг энабошиси кириб келди. Аёлга нигоҳи тушган бошлиқнинг юзи ёришди. Чимирилган қошлари ёйилди. Аёл билан саломлашиб, менга ишора қилди:
– Дониёр ака. Юртимизнинг машҳур ёзувчиси, – деди хуш кайфиятда. Аёл маъюс жилмайди. Аммо бир сўз айтмади. Ана шу жилмайишда аёлнинг капитан айтгандай асл чеҳраси кўриниш берди. Тим қора қошлари, тоғликларникидек қирра бурни, мармардай оппоқ юзи, қалин қора сочлари ва юз бичимидаги мутаносиблик бир-бирини тўлдириб, унинг гўзаллигини ошкор қилиб турарди. Аёлнинг маъюслиги ҳам гўзал эди. Менинг ҳайрат билан тикилиб турганимни сезган бошлиқ:
– Опани бундан йигирма йиллар олдин кўрганингизда гўзаллигининг кўйида қаландар бўлиб, юртимизда қолиб кетган бўлардингиз, – деди. Аёл жилмайди, юзлари қизарди, кўзлари учқун сачратиб аланга олди.
Беихтиёр унинг раққоса қиз бошида йиғлаётгани ёдимга келди. Эсладим-у, бир оз афсус қилдим. Чунки аёлни қайта кўрмаганимда, шундай гўзал сиймо қаршисидан бепарво ўтиб кетган бўлар эканман, дея энтикдим. Бошлиқ хонасига кирган капитандан миннатдор бўлиб унга жилмайиб қарадим. У ҳам кулиб қўйди.
– Опа, нима хизмат? – деди бошлиқ аёлга тикилиб. Аёл ўрнидан турди. Унинг қомати ҳам сарвдек эди. Кўйлак остидан ортиқча ҳеч нарса кўзга ташланмасди.
– Менинг қизимга тиғ теккизманг, ука, – деди у лаблари титраб. Бошлиқ бироз ўйланиб:
– Тиббий хулоса керак бўлади-да. Биз уларни ҳужжатлаштиришимиз лозим, – дейиши билан:
– Айланай, укажон. Бир ёрдам қилинг, – деди ялингандай. Бундай кўзни қамаштирувчи, одамнинг қалбида чечаклар ўстирувчи аёлнинг ялинишидан хижолат чекиб:
– Сингилга мен учун ёрдам беринг, – дедим бошлиққа юзланиб. Шунда аёл миннатдорчилик ҳисси билан менга тикилди. Унинг жон олувчи нигоҳидан аллатовур бўлиб кетдим. Ичимдан нимадир чирт этиб узилгандай бўлди. Аёлнинг нигоҳида миннатдорчилик ҳиссидан ўзга яна сирли нимадир бор эди, назаримда. Бошимни эгдим.
– Опа, бу илтимосингизнинг асло иложи йўқ эди. Акамнинг ҳурмати учун… Тезда қизингизни олиб кетинг, – дейиши билан аёл шошилиб ортига бурилди. Шунда бошлиқ: – Эрталабдан қўйингизлар. Орамизда гап-сўз кўпаймасин, – деди. Аёл бошлиққа юзланди, кейин менга нигоҳ ташлади. Сўнг хонани тарк этди. У кетиши билан зил-замбил жисмим бўшашгандай, ҳолсизлик сездим. Аммо кўнгилда сирли умид учқунлари ёнди.
– Опага ҳужжатлаштириб бер, – деди бошлиқ капитанга юзланиб. У шу сўзни кутиб тургандай, шошиб ортига бурилди. Бошлиқ жиддий тус олди.
– Бугун оғир кун бўлди. Яна бир-икки жойда одамлар қуюнда қолиб, дом-дараксиз йўқолганмиш. Уларни топиш учун вилоятдан ҳам ёрдам кучлари сафарбар қилинган. Ҳаммамиз одамларни қидириш билан оворамиз, – деди. Шунда мен:
– Бугун кутилмаган, хаёлга келмаган воқеалар содир бўлди-да. Сизнинг ишингизга халақит бермай, – дея ўрнимдан турмоқчи бўлганимда:
– Ака, ҳозир қаерга борасизлар? Сизни ҳечам қўйиб юборгим келмаяпти. Манзилингизни айтсангиз, ишдан холи бўлишим билан олдиларингизга борардим, – деди ва: – Ҳозир, – дея кимнидир айтиб келишини қабулхонада ўтирган сержантга тайинлади. Кейин менга юзланиб: – Йўқ, ҳеч қаерга кетмайсиз. Сизни бир жойга йигитларим олиб боради. Дам олиб турасиз. Шу ишларни бир ёқли қилишим билан олдингизга ўтаман. Бугун менинг меҳмоним бўласиз, – деди самимий жилмайиб.
Кўзланган манзилга бугун боришга хоҳишим сўнганлиги боис унинг таклифига қаршилик қилмай рози бўлдим. Кўп ўтмай хонага:
– Чақирган экансиз, – дея бир майор кириб келди. Шунда бошлиқ:
– Ёзувчи акамиз билан кўришмайсизми? – дея мен томонга ишора қилди. Шошиб қолган майор:
– Кечирасиз, ака, – деб менга қўлини узатди.
– Қоровулларимизнинг бошлиғи Сафар, – дея йигит билан мени таништирди. Йигит жилмайиб:
– Бошлиғимиздан китобингизни олиб ўқиганман, – деди самимий. Унинг гапидан милиция ходимлари орасида анча обрў орттирганлигимни сезиб, хурсанд бўлдим.
– Мана шу йигит, ҳалиги каззоб билан камерада бирга ётиб, китобингизни ёд олган. Хотирасини текшириш учун китобингизнинг истаган саҳифасидан имтиҳон қилишингиз мумкин, – деди бошлиқ айтган гапларининг «тирик гувоҳи» қаршисида турганлигидан хурсанд бўлиб. Мен «тирик гувоҳ»га тикилдим.
– Шундай ака, шундай, – деди майор китобни ёд олганлигига ишора қилиб.
– Мендан кейин китобингизни бошқалар ҳам ёд олишган. Гапимга ишонаверинг, – деди бошлиғига маъноли қараб.
– Акамга ўша воқеаларни айтиб бериб ўтиргандим. Ҳа, айтгандай, сен меҳмонни тоғдаги боққа олиб борасан. Мен бу ердаги ишларни тугатиб, кейин ўтаман, – дея мени ташқарига бошлади. Ҳовлига чиқдик. Ҳовлида яна бояги аёлга дуч келдим. У қўлини кўксига қўйиб, бошини хам қилиб ёнимиздан ўтди. Ҳовлида бошлиқ мени майор билан қолдириб, ўзи машинасида қаергадир кетди. Майорнинг исми Сафар экан. Унга тикилдим.
– Ҳозир кетамиз, ака, – дея нимадир ёдидан кўтарилгандай шошиб ортига бурилди. Сафар кетиши билан рўпарадаги эшикда аёл кўринди. Мен аёл томон юрдим. Нигоҳи менга тушганда бир қалқиб жойида тўхтади. Яқинлашиб сўрадим:
– Қизимизни соат неччида чиқарасизлар?
– Соат тўққизларда. Бугун уйимда меҳмоним бўлсин, – деди ўкинч билан. Унинг «меҳмон» деган сўзидан юрагим эзилди. Бир лаҳза ўзимни йўқотгандай бўлдим. Кейин:
– Мен ҳам маросимда қатнашсам, – дедим. Бу гапимдан аёлнинг чеҳраси ёришди. Лабига ғамгин табассум эниб:
– Раҳматли Мунирахон ҳам сизнинг китобларингизни ўқиган эди. Борсангиз руҳи шод бўларди, – деди титроқ овозда. Ичимда кимдир аёл мени жуда яқиндан танишини шивирлагандай бўлди.
– Эрталаб уйингизга бораман. Ҳа, айтгандай, уйингиз қаерда? – деб сўрадим. Менинг саволимдан аёлнинг чеҳраси янада ёришиб:
– Ҳовлимни ҳамма билади. Туман марказида тураман. Раҳмат, сизга. Мен сизни худди шундай хокисор инсон деб тасаввур қилардим. Хаёлларим алдамади, – дея қўлини узатди. Аёлнинг юмшоқ, иссиқ бармоқлари тафтидан ҳушсизланиб айтмоқчи бўлган миннатдорчилигим бўғзимда қолди. Сукут ила хайрлашдик.
* * *
Сафар олиб келган жой жуда баҳаво эди. Сой устидаги супага чиқдик. Қуйида солланиб оқаётган тоғ суви дилни яйратар, сувнинг салқин шабадасидан кўнгли равшан тортган ҳайдовчим ҳам менга жилмайиб тикиларди. Шу боис хаёлдаги сўнгги дилхираликлар чекингандай эди.
Дастурхон устидаги ноз-неъматлар қўл узатишимизга мунтазир бўлиб, қорнимиз очганлигига ишора қиларди. Ўчоқ бошида ошпазга ул-бул кўрсатмалар бераётган Сафар бироз ўтиб қўйнинг думбаси ва жигаридан тайёрланган таомни олиб келди. Биз эса дастурхондаги ноз-неъматлардан тановул қилиш билан овора эдик. Сафар пиёлаларга тўлдириб ароқ қуйди. Менга узатди. Шеригим ичмаслигига ишора қилдим. Куни билан хаёлга келмаган ишлардан чарчаганлигим боис пиёладагини охиригача ичиб юбордим. Томоқни қириб ўтган ароқ бироз ўтиб дилни равшан қилди. Чор атроф янада гўзаллашгандай бўлди. Тил-забон ҳам аллақандай қуйма гапларни топиб бийронлашди. Сафар – Сафарбойга айланди. Қўй гўштидан тайёрланган димламани олиб келган ошпаз билан ҳам пиёлалар тўқнашди. Унинг қўли дард кўрмаслиги ҳақида анча гапларни айтиб юбордим. Хуллас, ароқнинг кучи билан бир-биримизни яқиндан таний бошладик. Орада Сафарнинг бошлиғи телефонда боролмаслиги сабабини айтиб узр сўради.
Ҳайҳотдай тоғда тўртовлон чақчақлашиб суҳбат қилар эдик.
«Кафан текин бўлса, ўлмоқ керак» деганларидек, қаршимизда ҳамма нарса муҳайё, суҳбатдошлар дилга яқин, тоза ҳаво, шарқираб оқаётган сув куйига жўр бўлиб қўшиқ куйлаётган қушлар хониши. Озгина кайф таъсирида эмасмизми, гўё бу макон оддий жой эмас, жаннатга айланган эди.
Суҳбатимиз қизиб кетганидан тонг олди уйқуга кетдик. Қуёш нурлари дарахтлар шохида сирпанганда ўрнимдан турдим. Тоза ҳаводан дилим равшан тортиб уйғондим. Ёнимда ётганларга халақит бермаслик ниятида секин ўрнимдан туриб, тоғ суви оқиб келаётган сой бўйлаб юқориладим. Мусаф
...