Кафансиз кўмилганлар
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Кафансиз кўмилганлар

Шукрулло

КАФАНСИЗ КЎМИЛГАНЛАР

Навоий ғамга қолди ўз каломи жонфизосидин,
Анингдекким, етар булбулга меҳнат ўз навосидин.
НАВОИЙ

Хотира сабаби

Суҳбатлардан бирида гапдан гап чиқиб, кимдир вазирликка тайинланганини айтиб қолишди. Ўтирганлардан бири бу вазир қандай бўларкин, олдингисидан яхши чиқармикан ёки бу ҳам олдингилардек бўлармикин, дегандек гап бошлаган эди, бошқаси унинг гапини шартта бўлиб:

– Бизларда ўзи яхши раҳбар бўлганми?.. Сталин... У ўлгандан кейин Хрушчев, Брежнев, ундан кейин Черненко, ундан кейин... Одатда, бизда раҳбарларнинг қайсиси яхши-ёмонлиги тиригида эмас, аксинча ўлгандан кейин айтилади, – деди.

Ярим ҳазил, ярим чин қилиб айтилган бу гап кутилмаганда кулгига, охири баҳсга айланиб кетди.

– Хўп замонларга етиб келдик-да, бундай гаплар мабодо ўттизинчи, ҳатто эллигинчи йилларда бировнинг оғзидан чиққанда, ҳали сен совет раҳбарини масхаралайдиган бўлдингми, бу партия раҳбарлигидан кулиш, деган сиёсий айбни қўйиб, оёғингни ерга теккизмасдан халқ душмани қилиб қамарди, – деди кўпни кўрганлардан бири.

Ўттизинчи, эллигинчи йиллар даҳшати, қама-қамаларни бошдан кечириш у ёқда турсин, ҳали у вақтда туғилмаган, орамизда ўтирган йигирма ёшлар чамаси бир йигитга бу гаплар афсонадек туюлди шекилли, кулиб қўйди. Аммо унинг бу ўринсиз кулгиси орамизда ўтирган бир одамга (отаси навқирон йигит вақтида 37-йилда отилиб кетган эди) қаттиқ ботди, шекилли, йигитчага қараб:

– Абдулла Қодирий, Усмон Носир деган ёзувчиларни эшитганмисан? Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовдек буюк раҳбарларни-чи? Уларни ким отган? Нега? Биласанми?.. Мана ёнингда ўтирган Шукрулло «халқ душмани» бўлиб, неча йилга ҳукм қилинган, неча йил қамоқ лагерларида ўтириб чиққан, бунга ҳам ишонмайсанми? Бир неча ўлимлардан қандай қилиб қолгани, хўрликларини эшитганмисан?

Йигит елка қисди.

Наҳотки, ҳозирги бу авлод буюк истеъдод, билим соҳиблари бўлган боболарининг Ватанга, халқига хоинликда айбланиб отилганига ишониб келган бўлсалар!

Ўтирганлардан бири бу авлод қонли тарихини билиб қўйсин, гапиринг, дегандек менга қаради.

Айтиб беринг, дейиш осон. Ҳар қандай даҳшатли, фожиали воқеаларни ҳам эртак эшитгандек эшитиш мумкин. Аммо қамоқларда тилка-пора бўлган бу юрак, қақшаган бу асаблар туҳмат ва ҳақоратлар азобини қайта хотирлашга энди бардош бера олармиканлар!

Кўзи боғлиқ одам

Одам ўлдирибми ёки ўғирлик қилибми, ишқилиб бирор гуноҳга ботиб қўлга тушган кишининг аҳволини тасаввур қилиш мумкин. Аммо ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, мутлақо бегуноҳ бир одамнинг уйидан қўлига кишан солсалар-да, олиб чиқиб қамаб қўйсалар, бундоқ қуруқ туҳмат кимнинг хаёлига келади-ю, қайси рисолада битилади.

1951 йили нашриётда муҳаррир бўлиб ишлардим. Мутлақо бегона бир одам менга иш охирида телефон қилиб, сизнинг мухлисларингиздан бириман, кўришмоқчи эдим, деган истак билдирди. Мен, вақтнинг кеч бўлиб қолганини, бундан ташқари айни замонда имконим йўқлигини, ижод ҳақида ҳамиша гаплашиш мумкин, деган важ-корсонга қарамай, атиги беш дақиқагина вақтингизни оламан, яқин жойдаман, ўзингизда бўлсангиз ҳозир бораман, деди-да, менинг жавобимни эшитмасданоқ гўшакни қўйиб қўйди. Орадан кўп ўтмай нашриёт ходимларидан кимдир таш­қарида мени қандайдир одам кутаётганини, чақириб беришни илтимос қилганини айтди. Чиқдим.

Бегона одам ишшайиб саломлашди. Атрофга олазарак қараб, мени чеккароққа олди.

– Мен военкоматданман, ҳарбий билетингиз ёнингизда бўлса кўрсам, – деди.

Тинчлик бир замонда бундай гап кишини таажжубга солиши табиий, албатта, бу мени ҳам ҳайратга солди.

Керакмас вақтда бу ҳужжатни ёнимда олиб юрмаслигимни айтдим. Аммо у эса қатъий қилиб, «Уйингизда бўлса кўришим керак», – деди. Ўша йиллардаги «овчи»ларнинг синалган усули эди бу.

Пастга тушдик. Кўчада машина кутиб турар, машинада баланд бўйли рус кишиси ҳам бор эди. Ўша заҳоти қўлимга кишан солишдими, йўқми – ёдимда йўқ, уйга келдик. Улар номига ҳарбий ҳужжатимни кўргандек бўлишди-да, уйда ким бор, ким йўқлигини аниқлагандан кейин ҳеч ким ҳеч қаёққа қимирламаслиги лозимлигини таъкидлашди. Мендан эса уйда қурол-яроғ, таъқиқланган сиёсий адабиётлар бор-йўқлигини сўрагач, тинтув бошлашларини айтди. Мен нима ҳам дердим! Бирорта одам таъқиқланган китоб­лар сақлаган деб маълумот берган бўлса, бундай нарсалар менда йўқлигидан хотиржам бўлиб қарашса-қарашаверсин, деб кўнглимдан ўтказиб қўйдим. Халқ душмани бўлиб қамалиб кетган Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирларнинг китоблари, ҳаттоки уларнинг номлари ёзилган газета ва журналлар чиқиб қолармикан, деган умидда роса излашди. Ҳатто отам, қариндош-уруғларимнинг 20 – 30-йилларда оврўпача ёқада тушган расмларигача йиғишди. Ке­йинчалик билсам, уларни жадидларга алоқадор, деган шубҳада олишган экан. Ҳатто мен билан ўрта ва олий мактабларда бирга ўқиган дўстларим, маҳалладош, таниш-билишларимнинг урушдан юборган суратларини ҳам олишди. Улар уйдаги нарсаларни ҳар ёққа отиб-сочиб тинтув қилардилар. 4 ёшли ўғилчам бўлса ҳеч нарсадан хабари йўқ уларга мен ёзган «Кремль юлдузлари» деган шеърни ўқирди.

Тинтув пайтида гувоҳлик учун чақирилган қўшни аёл гўдакнинг ўз отаси тақдиридан бехабарлигиданми ёки менга ачинганиданми, уни бағрига босиб ҳўнграб йиғлаб юборди.

Мен эса уйимда таъқиқланган бирор нарса топилмаслигига комил ишонч билан хотиржам эдим. Аммо бу хотиржамлик узоққа чўзилмади. Тинтув тугагач, мени ўзлари билан олиб кетажакларини айтишди. Қаерга, нега, аниқ жавоб беришмади. Хоҳласангиз, эҳтиётдан кўрпа-­ёстиқ, кийим-кечаклар олишингиз мумкин, деб қўйишди.

Хотин, бола-чақа, уйимда ҳозир бўлган қўни-қўшниларнинг қий-чуви остида мен улар билан кетдим.

Бошимга тушган бир неча йиллик айрилиқ, қаро кунлар мана шу дақиқадан бошланди. Аммо олдимдаги йўл қандоқ, худди кўзи боғлиқ одамдек менга қоронғи эди.

КГБ қамоқхонасининг якка хонасида ётганимга мана бир неча кун бўлди. Қамалганимнинг эртаси куни сочимни қиртишлашди. Бу ҳам хунук бир хабарнинг, яъни бу даргоҳдан яқин орада чиқишдан умид қилмаслик белгиси эди. Худди шуни тасдиқлагандек номим ёзилган тахтачани кўкрагимга қўйиб расмимни олишди. Ўзини ўзи осиб ёки бўғиб қўймасин, деган ғамхўрлик билан камарим борми, ҳатто томирини кесиб, ўзини ўзи ўлдирмасин, деган мақсадда бўлса керак, шимимдан тортиб ҳамма кийимларимдаги тугмаларгача қирқиб олинди.

Қамалганимнинг нечанчи куни, ёдимда йўқ, мен ётган хонанинг темир эшигидаги туйнукдан назоратчи номимни айтиб чиқишга тайёрланишимни буюрди.

Кутиб турдим. Эшик очилиб чиқишим билан назоратчи бошдан-оёқ гўё мен ниманидир яшириб қўйгандек ҳамма жойимни тинтиб чиқди-да, қўлингни ор­қага қил, йўлда гапирма, юр деганимда юр, тўхта деганимда тўхтайсан, деб тартибни тушунтириб, қаергадир олиб кетди. Бу дўқ-даваранинг замирида шу бугундан бош­лаб бутун инсоний ҳуқуқлардан маҳрумсан, кимлигингни энди унутавер, деган ишора бор эди.

Хўш, мени қаерга олиб бормоқчи? Яна қандай кўргиликларим бор – булар фақат Худойимнинг ўзигагина аён эди.

Қамоқ назоратчиси мени терговчи Сухановнинг хонасига олиб кирди.

– Хўш, аҳволинг қалай? – деди у сохта меҳрибончилик билан ишшайиб. Бу «меҳрибончилик»ни айнан масхаралаш, деб тушуниш лозим эди.

Бугунги терговда гўё туғилганимдан бошлаб шу кунгача бўлган қилмишларимни эслатиб, ёдимга солмоқчи бўлгандек, таржимаи ҳолимни суриштиришдан бошлади. Туғилган йилимдан тортиб то ота-онам кимлиги, қачон туғилиб қачон ўлганию, қариндош-­уруғларим ким бўлган, қамалганми-йўқми, чет элларда бўлганми-бўлмаганлигигача ҳаммасига жавоб бердим. У эса нималарнидир узоқ вақт ёзди. Ниҳоят ёзганларини ўқиб бериб, қўл қўйишимни сўради. Қўл қўйишдан аввал ўқидиму ёқа ушладим. Туғилган йилимдан бошқа деярли ҳамма гаплар бузиб, мен айтмаган нарсалар қўшиб ёзилган эди.

Отанг ким, деган саволга отам ҳам, авлод-аждодим ҳам эмчилик касби билан шуғулланган деб берган жавобим отам диндор, домла бўлган, мен ўзим советларга қарши тарғибот билан шуғулланганман, деб ёзилибди. Ахир таржимаи ҳолимни бузиб ёзишдан мақсад нима? Бундан кузатилган бирдан-бир мақсад, бутун авлод-­аждоди билан советлар душмани, деган тавқи лаънатни бўйнимга осиш, холос. У пайтларда, айниқса, диндорми, тамом – советга қарши душман, деган сўз эди.

Мен қўл қўйишдан бош тортдим. Мана шу бугундан бошлаб оқни қора, қилмаган гуноҳларимни қилди деб кўрсатиш, дўқ-ҳақорат, ёлғон бошланди.

Бу ҳақорат ва хўрлик азобларидан қутулиш учун битта йўл бор эди, у ҳам бўлса мен сочимнинг толасидан тирноғимгача совет давлатига душманман, миллатчиман, деб ёзиб беришим эди, холос. Бу эса ўзимни ўзим ўлимга ҳукм қилиш билан баробар эди.

Ким бунга рози бўлади?! Рози бўлмасанг-чи? Карцерга ташлашади. Карцер қандай бўлади, биласанми? Ётар жойинг цемент. Ҳар куни ейдиган бир чўмич ёвғон сўк оши ёки сули бўтқадан ҳам маҳрум бўлиб, икки юз грамм нон ва сувга кунинг қолади. Ойлаб сенга уйқу бермасликлари мумкин. Уйингдан киритиладиган ­ейиш-ичишдан ҳам, хат-хабардан ҳам маҳрум этиласан. Истаганча ҳақорат қилишлари, азоблашлари мумкин. Буларнинг ҳаммасига бардошинг етадими? Яшашдан умидинг борми? Қанча чидайсан? Нима қилиш керак? Ёлғонларни рост деб тан олиш – бу ўзингни ўзинг душман деб ҳукм чиқариш бўлмайдими? Хўш, борди-ю шундай ҳам қилдинг, барака топ, деб сени қамоқдан озод қилиб юборишадими?

Тўқима айбномаларга қўл қўйишни рад этганимдан кейин терговчи:

– Нега қамалганингни биласанми? – деди.

Бу билан, сен қўл қўясанми, йўқми, сени душман деб қамадикми, мажбур қиламиз, демоқчи. Албатта, менинг ҳайратланишим ва йўқ дейишимдан ўзга жавобим бўлмас эди. Мендан йўқ жавобни эшитгач, терговчи ўтирган жойидан дарғазаб қўзғалиб:

– Маккор!.. Маккор! Душман маккор бўлади! Советларга қарши ҳаракатларинг, пантуркизм ва панисломизм қарашларинг ҳақида бизларни билмайди деб ўйлайсанми! Зўрлаб, қийнамасимиздан ҳаммасини яширмай, ўзинг гапиришинг маъқул, бу гуноҳингни енгиллаштиради. Максим Горький нима деган? Шоир­сан, билишинг керак! «Душман ўзи таслим бўлмаса, уни мажақлаб ташлайдилар», шундайми? – деди.

– Ўзи йўқ нарсани нимасини яшираман? Гуноҳимни билсанг, айтабер! Мени совет давлатига ҳеч қандай душманлигим ҳам, енгиллатадиган ёки оғирлатадиган гуноҳим ҳам бўлган эмас.

Менинг бу жавобим унга ҳақорат туюлиб, столга ғазаб билан мушт уриб:

– Душманлигингни яшириб бизни алдамоқчимисан, туҳматчи! Сенга шафқат бўлмаслигини ўйла! – деб урмоқчи бўлгудек тепамга келиб туриб олди.

Ҳамиша тўтиқушдек бир гапни қайтарарди:

– Совет давлатига қарши қандай ва кимлар билан биргаликда курашмоқчи бўлгансан? Биз мажбур қилмасимиздан ўзинг айт!

У қанча дўқ-пўписа, ҳақорат қилмасин, менинг ҳам жавобим фақат битта бўлди:

– Мен душман бўлмаган бўлсам, нимани ўйлайман!.. Нимани айтаман!

– Сенинг ашаддий душманлигингнинг битта белгиси шундаки, ҳаттоки сен совет чекистларини ёлғончи қилмоқчи бўласан, уларга ҳам ишонмайсан.

Йўқ!.. Мен чекистларни энг фидойи, давлат ва Ватан манфаатидан ўзга манфаатни ўйламовчи, энг ҳалол одамлар деб ҳисоблаганман.

Аммо мен терговчига нима жавоб қилмай, ҳар битта сўзимни аксини айтиб, мендан душман чиқармакка интиларди.

– Яхшиликча миллатчилигингни бўйнингга олмасанг далил ва гувоҳлар билан душманлигингни фош қиламиз, бизларга ишониб, айбингга иқрор бўлсанг, яна такрорлайман, гуноҳинг енгиллашади, терговни тезроқ тугаллашга сабаб бўларди... Ўйла!

– Гуноҳим бўлса гувоҳсиз ҳам, далилсиз ҳам тан оламан. Йўқ гуноҳни нимасини ўйлайман! Гуноҳим бўлса айт!

– Миллатчилик фаолиятингни яширасанми?

– Туҳмат!

– Қамалган миллатчи, халқ душмани ёзувчилар билан алоқанг-чи?

– Ҳеч қандай миллатчи билан ҳеч қачон алоқам бўлган эмас. Бўлса, айтабер, тан оламан!

– Бизга ҳаммаси маълум. Душман маккор бўлади, дарҳол тан олмайди.

Жавобларимдан жини қўзиган терговчи мендан олдинроқ ҳибсга олинган Ҳамид Сулаймон, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, ака-ука Алимуҳаммедовлар, Маҳмуд Муродовлар билан танишлигим, қандай алоқада бўлганим, қаерларда учрашганимиз ва советларга қарши қандай ғоявий қўпорув ишлари олиб борганимиз ҳақидаги саволларга жавоб беришимни талаб қила бошлади.

Бунга дод дейишдан бошқа илож йўқ. Қаерга қочасан? Нимани ўйлаб, нимани иқрор қиламан.

– Биз ҳеч кимни ноҳақ қамаган эмасмиз. Гуноҳсиз одамлар бу ерга келмайди.

Терговчи менга зуғум билан қаради-да, назоратчини телефон орқали чақириб мени олиб кетишни буюрди.

Мана неча кундирки, якка кишилик камерадаман. Терговчи мени унутиб қўйди. Гуноҳларини обдан ўйлаб олсин, деб чақирмаётгандир балки. Ундай бўлса қайси гуноҳимни ўйлай! Ўзимга ўзим савол бераман, қилган гуноҳларим бормикан, деб ахтараман. Балки унутгандирман...

Бордию кимдир менга бу кўргиликлар бирон пайт ота-онангнинг дилини ранжитганинг, озор берганинг учун деса, уларнинг оёқларига йиқилиб тавба-тазарру қилишга, ҳатто ҳар қандай жазога ҳам рози бўлардим. Аммо ўз Ватаним, халқимга эса асло хиёнат қилган эмасман! Агар шундоқ бўлганда ўлимимга рози эдим.

Тақдиримни виждонимга ҳавола қилиб, ўз-ўзимга савол ҳам бериб кўраман. Ахир ҳаётдан, сиёсатдан норози бўлган вақтларим бўлмаганмикин? Бўлганми? Балки шунинг учун қамашгандир?

Қамоққа олиб келганларидан бери қиш ўтиб, баҳор ҳам кириб келди. Бу орада ердан кўкатлар униб, далаларда лолалар очилдими, дарахт куртак чиқариб гул ёздими, билмадим, буларни кўришдан буткул маҳрумман. Қушлар овози ҳам мен учун ёт. Мен ётган қамоқхонага на баҳор шамоли, на кўклам нафаси киради. Қилган қай гуноҳларимга Худо ўзининг бу оромбахш неъматларидан мени маҳрум қилди?!

Қани, терговчи айтгандек бошдан кечирганларимни ўйлаб кўрай-чи... Беайб Парвардигор, дегандек қайси гуноҳларимга Худонинг қаҳри келдийкин? Отам қори бўлса ҳам гуноҳкорманми? Абдулла Қодирий ёки Усмон Носир асарларини ўқиш айбми? Бундан совет давлатига нима душманлик бўлиши мумкин? Менинг нима айбим бор?

Менга қўйган асосий айбларидан бири – совет ҳокимиятига душманлигим, совет турмуш тарзидан, сиёсатидан норозилигим, нолишим эмиш! Душманлик бор, норозилик бор!.. 1930 йилларда одамлар очликдан шишиб қирилди. Бунга ким рози бўлади? 1937 йилда бегуноҳ одамлар қамалиб, йўқ бўлиб кетди. Ким бунга рози бўлди? Ақлимни танибманки, ёшлик чоғларимданоқ ҳамиша бир хавфу хатар билан юрагимни ҳовучлаб, норозилик билан кун кечирганим рост, буни яширмайман. Наҳотки бу душманлик саналса!

Беш-олти ёшларимда кўрганларим адолатсизлик, зўрликлар ҳали эсимда.

Маҳалламизнинг Маманбей деган комиссияси бўларди. Ўта муттаҳам одам эди. Ватан уруши йилларида ортиқча зоборний – карточка олиб сотишда айбланиб қамалганча, қамоқда ўлиб кетди. Маҳалла аҳолисининг кўпчилиги бунга қайғурмади ҳам. Ҳатто одамлар орасида «Қилмиш-қидирмиш, бировларнинг ҳақи қўймайди, битта ёмон камайибди», деганлари ҳам бўлди. Маманбей бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, қанча-қанча маҳалла кишиларининг 1928 – 30 йилларда ноҳақ қулоқ бўлиши, қамалишига сабаб бўлганлардан бири эди.

Ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. 1926 – 27 йиллари ҳар кун бўлмаса ҳам бир ҳафта, ўн кунда гарчанд отам домла бўлмаса ҳам эшигимиздан «Қори домла» деб бақириб-чақириб келарди. Маманбейнинг домла сўзига урғу бериб чақириб келиши сабаби мени кўнглимни овлолмасанг, диндор, домла деб қулоқ қилдириш ҳам қўлимдан келади, деган дўқ, таъна маъносида бўларди. Унинг бу ния­тини билган отам домла эмаслигини исботлаш учун Чор Россияси давридаёқ эмчи деб берилган шаҳодатномадан тортиб, Совет даврида қай туман, қай шаҳар, қайси рес­публикада қачон, қанча аҳолини эмлаганлиги ҳақидаги ҳужжатларни чиқариб кўрсатарди. Чаласавод Маманбей уни ўқий олармиди, йўқми, бу ҳужжатларни фалон жойга кўрсатинг, деганча бирор нарса ундиролмай қайтарди.

Аммо ҳафта ўтмасдан яна бирор баҳона топиб, маҳалла фаолларидан бирини ёнига олиб бақириб-чақириб эшикда пайдо бўларди:

– Болохонани чиқиб кўрмоқчимиз, одам ўтқазамиз.

– Ахир бу одам ўтирадиган жой эмас-ку, на деразаси, на эшиги бор, ўтин-пўтин, хазон-хузон қўйишдан бошқа нарсага ярамайди-ку... – Онамнинг бир чеккада рўмолига юзини яшириб қилган бу жавобига:

– Кўчиб кирадиган одам ўзига керак нарсани қилиб олади. Ичидаги ашқол-дашқолларни тушириб қўйинг­лар, – деган совуқ жавобни қиларди.

Онамнинг:

– Қори акангиз бу сафар узоқда. Қозоғистон томонга ишга кетганлар, келсинлар, ундан кейин бир маслаҳати бўлар, – деб қилган ноласига қарамасдан, «Эртага одам киради», – деганча орқасига қарамай чиқиб кетди.

Тепамизга ким келади? Бизларнинг устимиздан бостириб ким болохонага ўтиб юради? Бу зўравонлик, бу ваҳималардан фақат онамгина эмас, ёш бола менинг ҳам кўнглимда ҳаловат, хотиржамлик бўлмасди. Доимо кўнглимда қулоқ қилинсак ёки домла деб отамни қамашса нима қиламиз, деган ғашлик, қўрқув ётарди. Онам эса эшик тиқ этса, Маманбей кимни устимизга кўчириб келяпти, деган хавф билан кун ўтказарди.

Бу ғалвадан қутулиш учун кичкина бола ҳам чиқса бўладиган тахта нарвонни отам кимгадир бериб юбориб, ўрнига қўл ушламасдан чиқиб бўлмайдиган ёғоч нарвон топиб қўйди. Гўё шу билан болохонага одам кўчириб келиш ташвишидан қутулгандек бўлдик.

Йўқ, бу билан ҳам холамнинг ўғли Убайдуллохон каромат қилиб айтганидек, Маманбейни эшик қоқиб келишидан қутулмадик, унинг айтган гаплари бўлди.

1925 – 1926 йилларда отам яхши ният билан менинг суннат тўйимга атаб ҳавас билан иморат солдирган эди. Ўша вақтда ҳовлимизга келган Убайдуллохонга мақтаниб:

– Убайдуллохон, ҳали уйимиз чала, шипларни бўятиб, деворларини ганч қилдираман, ўшанда келасиз, – деганда, Убайдулла акам:

– Ганч қилиб шипининг панерларини бўятиш эмас, иложи бўлса, панерларини бузиб, тунуканинг ўрнига лой том қилиб қўйинг, замоннинг бу кетиши шу бўлса, болохоналик уй-жойинг бор экан, бой экансан, деб тортиб олиб қўяди. Ўзингизни қулоқ қилмаса ҳам, одам киритади, ҳозирги сиёсат шундай, – деган эди.

Бу қандай замон бўлди, ўз ҳалол меҳнатинг билан топган пулингга кўнглингдагидек орзу-ҳавас қилиб яшолмасанг, бу нима деган ҳаёт бўлди. Бундан ортиқ зўравонлик бўладими?

Убайдуллохон Россиянинг шаҳарларидан бирида 1905 йилда ҳуқуқ мактабини битирган, адвокат бўлган, жуда билимдон, замон сиёсатидан бохабар одам эди. Лев Толстойлар билан хат олиб, хат ёзишган. 1917 йилда Қўқон мухториятининг раҳбарларидан бири бўлган. (Албатта, Убайдулла акамнинг Қўқон мухториятининг раҳбарларидан бири экани у ёқда турсин, менга қариндош эканини буларга айтгудек бўлсам, ҳамма айбларни йиғиштириб қўйиб, мени қамаш учун шунинг ўзини дастак қиларди қўярди.) Орадан бир-икки йил ўтмаёқ, унинг каромат қилиб айтган ҳамма гаплари тўғри чиқди.

Маманбейнинг эшик қоқиб, турли баҳоналар билан келишидан қутулиб бўлмади: ҳали арзимаган қоровул пули, ҳали ҳовли солиқлари тўланган-тўланмаганини текшириш баҳонаси билан пайдо бўлаверди. Тўлаш муддатидан бир кун ўтган бўлса бас: уйимизни тинтув қилдириб, сандиқ борми, болохонами, молхонами – ҳаммасини остин-устин қилиб фалон муддатгача тўламасанглар ҳаммаси давлатга ўтказилишини тайинлаб, ваҳима солиб кетарди. Кунларни ваҳимада ўтказардик.

У вақтларда сандиғингдан уч-тўрт кийимлик мато чиқса бўлди, қулоқ қилиш учун баҳона бўлаверар эди. Онамнинг бирдан-бир ташвиши уйимиздаги китоблар, айниқса Қуръонни у ердан олиб бу ерга, киши кўзи тушмайдиган ерга беркитиш эди. Чунки ўша вақтда саводи бор, ҳатто масжидга чиқувчилар ҳам қулоқ қилинган. Уйимизда Навоий, Бедилдан тортиб Сўфи Оллоёр баёзларигача, Амир Умархон давридаги «Мажмуат-уш шуаро»гача бор эди. Бу китоблар Маманбейнинг кўзига тушиб бошимизга бало бўлмаслиги учун кунлардан бир куни ҳаммасини ҳовлимизнинг бир чеккасига ўра қазиб кўмганимиз эсимда. 1960 йилда ўра қилинган жойни умид билан кавлаб кўрдим, тупроқ тагидан китоблар ўрнида ҳовуч-ҳовуч кепаклар олиб йиғладим.

У йиллар шундай бир давр эдики, бутун ҳуқуқ Маманбейга ўхшаган китоб нималигини билмаган саводсизлар ихтиёрига бериб қўйилган эди. Ҳатто ўша йиллар «пастдан юқорига кўтариш» сиёсати қўлланиб, оддий ишчими, қоровул борми, раҳбарлик ишларига кўтарилаверганди. Ҳатто мактаб қоровули Қосим ака деган саводсиз бир одамни 1920 йилларнинг охирида мен ўқиган «Шайх Саъдий» мактабига мудир қилиб тайинлаб, бир неча тилларни ва фанларни биладиган Жамил афанди, Яҳё афандиларни эса қувғин қилиб, айримларини қамашганди. Маманбейдекларнинг айтгани айтган, дегани деган замонлар эди.

Илм, маърифат эгалари оёқ ости бўлиб, умрини чойхонада ўтказган, мактаб, тарбия нималигидан мутлақо бехабар, ҳатто қўл қўйишни ҳам билмаган одамлар иззат-икромда бўлса, ақли расо кишилар бу қандай сиёсат демайдими?

Терговчининг менга совет тузумидан норозилигинг, душманлик фаолиятинг ҳақида ўзинг айт, деган саволи сабаб бўлиб ёшликдан бошимдан кечирган бир-биридан кўнгилсиз, юқоридагидек адолатсиз воқеалар хаёлимдан ўта бошлади. Ахир бу ноҳақликлар кишида норозилик уйғотадими, йўқми? Ахир отам текинхўр, ўғри ёки савдогар бўлмаса (савдогарлик ҳам гуноҳ эмас, ахир у ҳам меҳнат), халқнинг болаларини эмлаб, офатдан сақлаб қолиш учун ҳалол меҳнат қилиб топган пулига болохонали иморат солган бўлса, хўш, нега энди у қурган тайёр жойга бир бегона одам текиндан-текин кириб яшаши керак? Бу зўрлик эмасми! Бундай адолатсизликка ким рози бўлади? Бундай адолатсизликдан нафратланиш наҳотки совет тузумидан норозилик, жиноят ҳисобланса!?

Кечагина терговчи, отамнинг касбини эмчи бўлган дейиш ўрнига, ўзича қаердандир ўйлаб, домла деб ёзди. Бу ёлғон-ку!

Борди-ю, отам эмчи эмас, домла бўлганда нима бўлибди? Унинг кимга зиёни бор? Диндор одам ёмон-у диндан қайтган яхши, ҳукуматга садоқатли бўладими? Ахир эътиқодсизликдан кўра нимагадир ишониб, эътиқод қўйиб яшаш афзалроқ-ку. Лев Толстой художўй бўлган, диндор бўлган, уни зарарли одам деб бўладими? Борди-ю, диндорлар совет кишиларини бузади, дейдиган бўлсак, ахир одамлар ҳам баъзилар ўйлаганча, дарҳол ҳар бир нарсага ишониб кетаберадиган даражада содда бўлмасалар керак! Бу олтин эмас, темир деган билан ишониб, темир экан деб ташлаб кетабермайди. Менимча, эътиқодга эмас, эътиқодини йўқотган, нафси учун, манфаати учун ҳар кўчага кириб кетаберувчиларга қарши курашмоқ афзалроқ эмасми, деб ўз-ўзимча ўйлардим.

Қамоқнинг якка хонасида ўзим билан ўзим курашиб, ўйлаган бу фикрларимни терговчига айтиб бўлармиди? Диндорликда айбламайдими?

Фақат 1920 – 1937 йиллар эмас, яқин-яқинларда ҳам диний эътиқоди учун, эскича фикрлашда, феодализм қолдиғи сифатида айбланиб минглаб эмас, миллион-миллион кишиларни қамаб, сургун қилганлари ҳаммага аён-ку. Шулар ҳукуматнинг сиёсатидан розими? Эътиқод учун кишини душманга чиқариб бўладими?

Ўзи туғилган тупроғидан маҳрум бўлиб, қулоқ қилиниб Сибирь, Украинага юборилган бечоралар бу адолатсизликдан нолимаганмикан? Тилида айтмаса ҳам дил-дилидан бу сиёсат, бу ҳаётдан рози бўлганми? Ўз меҳнати билан бой бўлиш гуноҳми? Бой бўлса, душман саналаберадими?

Ҳақиқатни айтмаслик бу – хиёнат. Аммо айтсанг-чи!.. Хаёл сени минг ёққа олиб кетади. Баъзан қанчалик чидамли, мард бўлсанг ҳам адолатсизлик алами, чирқираб қолган фарзандларинг, оиланг кўз олдингдан ўтиб бу хўрликдан кўзларингга ёш қуйилиб келади. Қамоқда бирдан-бир ҳамроҳинг хаёл-хаёл!..

Сенинг бундай узлуксиз хаёлларингни фақат ўзини ўзи осиб қўймадими ёки деворни тешиб қочишни мўлжаллаётгани йўқми, деб назоратчининг дам-бадам темир эшикнинг тугмадек тешигидан қарашигина бузади, қамоқда эканингни эслатиб туради. Назоратчи мени нима билан машғул эканимни бир оз кузатгач, эшик туйнукчасини очиб, исм-шарифимни сўраб, юкларим билан чиқишга тайёрланишимни айтди.

Ё тавба! Юкларим билан қаерга олиб боришмоқчи! Балки уйимдан олиб кетаётганда баъзи нарсаларни аниқлаб, гуноҳинг бўлмаса, эрта-индин қўйиб юбориш ҳам мумкин, биз бир нарса деёлмаймиз, деганларидек, наҳот уйга қайтарсалар! Э, Худо!

Аммо терговчининг, бу ерга бегуноҳ кишилар олиб келинмайди, деган сўзи ёдимга тушди-ю умидларим чил-чил синди. Хўш, энди қаерга олиб боришмоқчи? Уйдан кўтариб келган кўрпа-ёстиқ, яна нималарнидир ўраб туриб, бирданига ўпкам тўлиб кўзларимга ёш келди: хотиним шўрликнинг олти ёшидан худди мендек кўрпа-ёстиқ орқалаб юриши кўз олдимдан ўтаберди. Тақдиримиз шўрлигига йиғладим. Унинг поездма-поезд, дарёма-дарё кезиб, қувғинликда кечирган азоб-уқубатлари, бахтсизликлари эсимга тушди-ю ўзимга эмас, маъсума муштипар хотинимнинг тақдирига йиғладим. Кўз олдимдан унинг бахтсиз ўтмиши эмас, фожиали бугуни, келажаги ўта бошлади. Наҳот келажаги ҳам ўтмишидек қаро бўлса!

Хотиним билан тўй олдидан танишиб орзу-ҳавас, авлод-аждод, ота-она ҳақида гап кетганда кўзларида мўлт-мўлт ёш билан бир неча йилдан бери ота-онасининг ўлик-тиригидан дарак йўқлиги, олти ёшидан буён дарбадарликда бошидан кечирган ноҳақликлар, даҳшатли кечинмаларни айтаркан, уни эшитган инсоф­ли одам шу ҳаётдан рози бўладими?

Кўчиш. Дарбадарлик. Янги қабр.

Хотинимнинг ҳикояси

1931 йил, ёз. Мен олти ёшли қизалоқ эдим. Бизларни қулоқ қилишди. Тинтувдан сўнг ҳовли-жой, мол-мулк, от-уловлар мусодара қилиниб, отамларни қайгадир олиб кетишди.

Орадан 20 кунларча ўтгач, эрларнинг Украинага жўнатилиши, агар хотинлар эрлари билан кетмай, болалари билан қолишни истаса, қолсин, деб эълон қилишди. Шунда халойиқ орасида дод-фарёд кўтарилди. Онам эса мен болаларимни тирик етим қилмайман, эримни қаерга жўнатсангиз мен ҳам болаларим билан бирга кетаман, қандай азоб бўлса ҳам бирга тортаман, деб илтижо қилдилар. Айрим оилалар ажралиб кетди.

Бизни нега қулоқ қилишди – ҳаммамиз ҳайрон эдик. Озгина ер, бир сигир, бир от ва бизлар билан яшайдиган корандамиз Хушвақт ака ва унинг кампиридан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

Биз жўнаб кетишимиз олдида, онам Хушвақт акага – бизнинг уйда қолинг, мусодара қилинган молларимизни эҳтимол сизга беришар, деганларида Хушвақт ака, мен сизлардан ҳеч ёмонлик кўрмаганман, биттагина кетмонимни олиб бўлса ҳам сизлар қаерга кетсангиз, бирга кетаман, деган жавобни қилди. Шу билан Хушвақт ака ҳам кампири билан қулоқ қилинди. Бирга кетдик.

Август. Кун иссиқ. Ҳамма қулоқ қилинган оилаларни Қўйлиқдаги этап қилиш пунктига йиғишди. Қариндош-уруғлар келишган. Хайрлашув. Кимдир дод-фар­ёд қилиб ўзидан кетган. Кимдир йиғидан ҳолдан тойган. Биз эса отамиз билан бирга жўнаб кетаётганимиздан хурсанд эдик.

Тошкент темирйўл вокзалига олиб келиб, қизил товарный вагонларга жойлашди. Ҳар бир вагонда 2-3 оила жойлашган. Ҳар оилада камида 3-4 тадан болалар бор. Вагонда фақат биттагина дераза бўлиб, у ҳам жуда кичкина эди. Эшик ёпилди. Эшик тагида иккитадан соқчи қўйилди ва поезд жўнади. Поезд жўнадию, гўё ҳамманинг юрагини бирдан узиб олиб кетаётгандек бўлди. Ҳамон йиғи-сиғи босилмас эди.

Вагоннинг ичи иссиқ, ҳавоси бузуқ, кўнгилни оздирарди. Поезд катта станциядагина тўхтайди, холос. Шунда соқчилар билан бирга қайнаган сув олиб чиқиш мумкин эди. Ҳожатхона йўқ. Тувак тутилади. Вагон иссиғига чидаб бўлмас эди. Тувак поезд юрган пайтдагина деразадан ёки тешикдан тўкилар, сув ҳам етишмас эди. Уни эса тозалаб туриш керак. Шу аҳволда 13 кун йўл юрдик. Олинган озиқ-овқатлар қанча тежалмасин, етишмас эди. Ҳар куни туш пайтида суюқ балиқ шўрва бериларди. Бу шўрвани эса айниқса болалар ичмай хархаша қилишарди. Шу азоб билан Одесса шаҳрига келганлигимиз эълон қилинди. Яна қанча юрамиз – номаълум эди.

Одессадан бизни теплоходга («Пенай») ўтказдилар. Шу даврда кўз оғриқ, ич оғриқ касали авж олди. Деярли ҳамма болалар кўз оғриқ касали билан оғриган. Кўзларимиз юмилиб, шишиб кетган. Менинг кичкина 3 ёшли Абдулазиз деган укам эса зотилжам бўлиб қолди. Иситмаси баланд, шайтонлаб қолади. Ота-онам ухламай галма-гал кўтариб чиқишди.

Бир суткадан сўнг теплоходдан Херсон деган шаҳарга тушдик. Юзга яқин аравалар (4 ғилдиракли бричка) келтирилиб, қишлоқларга тарқатишди. Шу ерда қулоқлар тўрт миллатга ажратилди. Қозоқ, туркман, ўзбек, қирғиз. Ҳар бир миллатни алоҳида қишлоқларга олиб кетишди. Тошкентдан қулоқ қилинганларга отамни бошлиқ қилишди (отам рус тилини яхши гапирар, саводли эдилар). Бизга «Ястреб» деган қишлоқни беришди. Йигирма оила Ястреб қишлоғига жўнаб кетди. Биз билан Хушвақт ака ва кампири бирга эди.

Биз борган қишлоқдаги украинлар Сибирга сургун қилиниб, уларнинг мол-мулки ва уй-жойлари бизга ўхшаб мусодара қилинган экан. Улар бўм-бўш, уй атроф­ларини ўт босиб, ҳатто деразалар зўрға кўринади. Ҳар бир оилага бир хона ва бир даҳлиз ажратилди. Бизнинг ёнимизга Хушвақт ака кампири билан жойлашди.

Хушвақт аканинг биз билан кетиши отам учун катта ташвиш эди. Чунки бир кетмонидан ташқари ҳеч нарсаси йўқ. Унга бир кигиз, бир кўрпа, бир ёстиқ ва бир кўрпача ажратди. Уй-рўзғор буюмларидан бизга жуда кам берилган эди. Ҳатто қозон ҳам биттагина берилган. У ҳам бўлса ўртача декча эди. Йўлга олинган озиқ-овқатлар поезддаёқ тугаган. Отам икки-уч эркак билан Птаховка деган қишлоққа овқат қидириб кетдилар.

Укамнинг аҳволи оғирлаша бошлади. Онам эртаю кеч укам билан оворалар. Дўхтир йўқ. Бегона юрт. Учинчи куни ниҳоят отам Птаховкадан бир дўхтир топиб келдилар. Дори берди. Лекин фойдаси бўлмади. Ниҳоят олтинчи куни кечаси вафот этди. Бутун қишлоқ аҳолиси йиғилди. Эрталаб дафн қилинди. Унга бир

...