Тўқчилик ва йўқчилик
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Тўқчилик ва йўқчилик

 

Эрнест Хемингуэй

 

 

 

Тўқчилик ва йўқчилик

 

 

 

 

 

Таржимон

Қандилат Юсупова

 

Нашрга тайёрловчи

Хуршид Йўлдошев

 

Муҳаррир

Зиёдахон Ғайратова

 

Мусаҳҳиҳлар

Зиёда Турдибоева,
Рашид Хўжамов

 

 

“Asaxiy Books” лойиҳаси доирасида чоп қилинди.

 

Ушбу китобнинг ўзбек тилига таржимаси учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy Books” лойиҳасига тегишли бўлиб, “Asaxiy Books” рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.

 

 

 

Эрнест Хемингуэйнинг илк бор 1937 йилда нашр этилган мазкур романи – “Тўқчилик ва йўқчилик” Буюк турғунлик даврида оиласининг қорнини тўқлашга ҳаракат қилган Ҳарри Морган ҳақида ҳикоя қилади ва шу билан бир қаторда ўша даврнинг тўқчил ва йўқсил одамлари ҳаёти ўртасидаги кескин фарқни ижтимоий шарҳлайди. Ҳаддан ташқари реал воқеаларга асосланган ушбу асар бошқалар каби молиявий вайронагарчиликка учраган Ҳарри Морган қанчалар ҳалол бўлмасин, Куба ва Ки-Уэст ўртасида контрабанда билан шуғулланишга, мусодара қилинган қайиғини ўғирлашга ва жиноятчилар билан ишлашга мажбур бўлганини ёритади.

 

ISBN: 978-9910-9869-9-4

© “Asaxiy Books” МЧЖ, 2023

 

 

Салом, ўқувчи!

 

Биз халқчил банк сифатида мижозларимиз мушкулини осон қилиш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида қарийб бир ярим асрдан бери халқ хизматидамиз. Тараққиёт илмсиз мукаммал бўлмайди, илмнинг азалий манбаси эса китобдир.

Юртдошларимизга жаҳон адабиётининг ­сўнгги намуналарини ўзбек тилида етказиш учун биз “Asaxiy Books” лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва ушбу ло­йиҳа доирасида чиқадиган 20 та китоб нашрига кўмак беришга аҳд қилдик. Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга, уларнинг китобга ошно бўлишига имкон қадар ҳисса қўшишдан бахтиёрмиз.

Ҳамкорлигимиз доирасидаги навбатдаги китоб америкалик адиб, Нобель мукофоти лауреати Эрнест Хемингуэйнинг “Тўқчилик ва йўқчилик” асаридир. Унда Буюк турғунлик даврида юзага келган мураккабликлар ҳамда бунинг инсонлар иқтисодий-ижтимоий ҳаётига таъсири кўрсатилади. Албатта, шу билан бирга танг аҳволда қолганлар жамиятида аҳлоқнинг ўрни ҳам тилга олинади. Ушбу китоб яқин ўтмишга назар солиш ва мулоҳазаларни келгусида қўллаш учун ажойиб имкониятдир. Умид қиламизки, у сизга манзур бўлади.

 

Самимият билан, Халқ банки

 

 

1-фасл

 

 

Ҳарри Морган

Баҳор

 

 

 

1-боб

Гаванада тонг саҳарлаб, ҳатто фургонлар барларга тарқатиш учун муз олиб келишидан ҳам эртароқ кўча дайдиларининг бино деворларига суянганча ҳалиям уйқуни ураётганини тасаввур қилинг. Биз бўлсак қаҳва ичиш учун докдан [1] майдон орқали “Сан-Франциско марвариди” қаҳвахонасига ўтиб келаётгандик. Шу пайт фавворадан сув ичаётган бир дайдига кўзимиз тушди. Бироқ қаҳвахонага кириб келган чоғимизда у ерда бизни ўшандай дайдилардан учтаси кутиб турган экан.

Бироздан кейин улардан бири ёнимизга келди.

– Хўш? – деди у.

– Бундай қилолмайман, – дедим унга. – Қўлимдан келганида жон деб ёрдам берардим. Аммо кеча кечқурун айтганимдек, бу ишни қила олмайман.

– Қанча сўрайсан?

– Гап пулдамас. Шунчаки, мен бундай қилолмайман. Бор гап шу.

Сал нарироқда турган иккита дайди ҳам ёнимизга келди, улар умидсиз кўзларини мўлтиллатганча менга қараб туришарди. Бу шўрликлар кўринишидан ёмон йигитларга ўхшамасди, уларга яхшилик қилишни ўзим ҳам хоҳлаб тургандим.

– Киши бошига минг доллар, – деди инглизчада ­бемалол гапирадигани.

– Мени ноқулай аҳволга солма, – дедим унга. – Мен сизларга аллақачон гапнинг очиғини айтиб бўлганман: Мен бу ишни қила ол-май-ман!

– Яна бир ўйлаб кўр, балки бизнинг пулимиз ҳам сенга асқатиб қолар.

– Биламан, жон деб ёрдам берардим. Аммо қўлимдан келмайди.

– Нега келмайди?

– Мен шу қайиқ билан тирикчилик қиламан. Қайиғимни йўқотсам, қандай кун кўраман?

– Биз берган пулга бошқасини сотиб олаверасан.

– Фақат қамоқхонада эмас.

Улар мени тортишсак рози бўлади, деб ўйлаган шекилли, биттаси ҳеч гапдан қолмасди.

– Сен уч минг долларли бўлиб оласан – уч минг доллар озмунча пул эмас, бир кунингга яраб қолади. Ҳали вазият ўзгаради.

– Қулоқ сол, – дедим мен. – Бу ерда ким президент эканининг қизиғи йўқ. Аммо мен гапира оладиган ҳар қандай нарсани Қўшма Штатларга олиб кирмайман!

– Гапиради деб бизни айтяпсанми? – деди боядан бери сукут сақлаб турган дайдилардан бири.

– Мен гапириши мумкин бўлган ҳар қандай нарсани дедим.

– Сен бизни “lenguas largas” деб ўйлаяпсанми?

– Йўқ.

– Сен ўзи “lengua largas” нималигини биласанми?

– Биламан. Тили узун одам дегани-да.

– Биз уларни нима қилишимизни биласанми?

– Қўполлик қилма менга, – дедим мен. – Мен эмас, сизлар менинг олдимга таклиф билан келдингиз.

– Овозингни ўчир, Панчо! – деб бақирди аввал гапирган дайди.

– У бизни сотиб қўяди деяпти, – деди Панчо.

– Қулоқ сол, – дедим унга. – Сенга мен гапира оладиган нарсаларни олиб юрмайман, деб айтдим. Мисол учун, кўзадаги ликёр гапиролмайди. Идишлар гапиролмайди. Яна тилсиз бошқа нарсалар ҳам бор. Одамлар эса гапира олади.

– Хитойликлар гапира олмайдими? – сўради Панчо чапараста жаҳли чиқиб.

– Гапира олади, бироқ мен уларни тушунмайман, – деб жавоб бердим унга.

– Демак, айтганимизга кўнмайсан-а?!

– Кеча кечқурун ҳам жавоб бердим. Иложи йўқ.

– Лекин ҳеч кимга айтиб қўймайсан-а? – деди Панчо.

У ҳали ҳам тушуна олмаётган нарса сабаб жиғибийрон бўлаётган эди. Мен буни унинг чорасизлигига йўйдим. Унга жавоб беришни лозим топмадим.

– Сен “lengua largas” эмассан-а? – сўроқларди у дарғазаб ҳолда.

– Ундай бўлмасам керак.

– Нима деганинг бу?

– Қулоқ сол, – дедим унга. – Саҳарлабдан одамнинг асабини бузма. Ишонаман, бир дунё одамнинг томоғига пичоқ тортгансан. Лекин мен ҳали қаҳвамни ҳам ичганим йўқ.

– Кимларнингдир бўйнига пичоқ тортганимга ишончинг комилми?

– Йўқ, – деб эътироз билдирдим мен. – Бунинг менга қизиғи ҳам йўқ. Менга қара, сен жаҳл қилмасдан гаплаша оласанми?

– Энди ростдан жаҳлим чиқди, – деб тутақди у. – Ўлдириб қўйгим келяпти сени!

– Жин урсин! – дедим унга. – Ҳаддингдан ошма!

– Бўлди қил, Панчо, – деди биринчи дайди. Ке­йин менга қараб: – Афсусдаман. Бизни олиб кетишингни жудаям хоҳлагандик.

– Мен ҳам афсусдаман. Аммо иложим йўқ.

Учовлон эшик томон йўл олишди, уларнинг ортидан кузатиб турдим. Улар афт-ангори дуруст, ёш йигитлар эди, пўрим кийиниб олган, бирортасида ҳам шляпа йўқ, кўринишидан худди пулдор одамларга ўхшарди. Улар ҳеч нарсадан тап тортмай, хизмат ҳаққим учун бир дунё пул ваъда қилишди-я. Туришидан ҳар гапига пулни қўшиб гапирадиган кубалик инглизларга ўхшарди.

Уларнинг иккитаси ҳойнаҳой ака-ука эди, учинчиси – Панчо бироз новча бўлса ҳам, кўринишидан шерикларидан фарқ қилмасди. Озғинлиги, пўрим кийими ва ялтироқ сочи уни қолган иккитасига ўхшатиб қўйганди. Фикримча, у ўзи айтганичалик ёмон одам эмасди. Фақат бу кўча боласининг анчагина асабий эканини англадим.

Йигитлар эшикдан чиқиб, ўнгга бурилиши биланоқ бир машина уларнинг устига бостириб кела бошлади. Машинадан кетма-кет отила бошлаган ўқлардан бири тўғри бориб дераза ойнасига тегди, яна бири эса ўнг томондаги витринада турган бир қатор шишаларни чил-чил қилди. Милтиқнинг пақ-пақ овози қулоғимни тешиб юборгудай бўлар, шишалар эса бутун деворга сачраб, парча-парча бўлиб, ерга тушарди.

Чап тарафдаги барнинг орқасига сакраб ошиб ўтдим-да, ўша ёқдан мўралаб кузата бошладим. Машина тўхтаб, ундан иккита йигит бўйини пастлатиб тушди. Бирининг қўлида Томпсон пистолет-пулемёти, бошқасида эса қирқма милтиқ [2] бор эди. Томпсон милтиғини кўтарган йигит ҳабаш эди. Наригиси эса ҳайдовчиларнинг оппоқ формасини кийиб олганди.

Болалардан бири йўлкада, ойнаси синган деразанинг шундоққина тагида юзтубан чўзилиб ётарди. Қолган иккитаси эса ёнимизда жойлашган “Кунард” барининг олдида тўхтаган “Tropical” пивоси ортилган муз фургонлардан бирининг ортига яширинганди. Муз фургонга қўшилган отларнинг бири абзали билан турар, депсинар, наригиси эса бошини тез-тез сараклатиб, безовталанарди.

Болалардан бири фургоннинг орқа бурчагидан ўқ узди ва ўқ йўлакка рикошет [3] бўлиб сакраб кетди. Пистолет-пулемёт кўтарган ҳабаш эса бунга жавобан бошини кўчага буриб, фургоннинг тагига ўқ узди ва шубҳасизки, бир бола йўлакка боши билан йиқилди. У йиқилган жойида қўллари билан бошини пана қиларкан, ҳайдовчи унга қирқма милтиқ билан ўқ отди. Бу вақтда ҳабаш пулемётига янги дискни жойлади. Аммо масофа анча узоқ эди. Бутун йўлакда отилган ўқлар кумуш парчалари сингари ўз изини қолдирди.

Иккинчи йигитча фургон орқасига беҳол йиқилган шеригини тортди. Шу пайт ҳабаш уларга яна ўқ узиш учун ерга эгилганини кўрдим. Кейин ҳалиги Панчонинг фургонни айланиб келаётганига кўзим тушди, у ҳамон безовталанаётган отнинг панасига ўтди. Сўнг от панасидан чиқди, унинг юзи шалдироқ қоғоздай оқариб кетганди, бирдан у қўшқўллаб тутиб турган катта Люгер тўппончаси билан ҳайдовчига ўқ узди. Ундан кейин ҳабашни мўлжалга олиб, кетма-кет ўқ уза бошлади.

Панчо отган ўқлардан бири машинанинг ғилдирагига ҳам тегди, чунки ғилдиракнинг дами чиққанда атроф чангиб кетганини кўрдим, ҳабаш эса ўн фут масофа наридан Томпсон қуролидан Панчонинг қорнини мўлжаллаб ўқ узди, у охирги ўқини узган бўлса керак, бир вақт ҳабаш қуролини ташлади, Панчо букчайиб ўтириб қолди, кейин юзтубан йиқилди. У ўрнидан туришга уринар, ҳамон ­қўлидаги тўппончасини тутиб турар, аммо зилдай бошини кўтаролмасди. Ҳабаш эса машина ғилдираги яқинида, ҳайдовчининг ёнида ётган қуролни олди-да, Панчонинг миясига тариллатиб отди. Эҳ бу ҳабаш!

Биринчи кўзим тушган оғзи очиқ шишадан, ҳатто у нималигини билмасдан тезда ичдим. Бўлиб ўтган гаплар бутунлай эсхонамни чиқариб юборганди. Барнинг орқасидан сирғалиб ошхонага ўтдим-да, орқа йўлакдан ташқарига чиқиб олдим. Майдон атрофидан оҳиста юриб борарканман, қаҳвахона томон ҳовлиқиб келаётган оломон тарафга қарамай, дарвозадан ўтдим-у, док устидан юриб, бортга чиқиб олдим.

Бортда кемани ёллаган йигит менга мунтазир экан. Унга содир бўлган воқеани гапириб бердим.

– Эдди қани? – дафъатан сўради бизни ёллаган ўша Жонсон исмли йигит.

– Мен уни отишма бошлангандан кейин кўрмадим.

– Унга ҳам ўқ текканмикин?

– Нафасингизни шамол учирсин-ей, йўқ. Сизга айтдим-ку, қаҳвахона ичига кирган ўқ фақат витринага қўйилган шишаларга тегди деб. У ҳам бўлса бошида, машина безориларни ортидан етиб келганда узилди. Чунки улар биринчи йигитчани дераза олдида кетаётганда отишди. Босқинчилар бурчакдан мана бундай келишди...

– Сиз буларни шунақанги ишонч билан гапир­япсиз-ки, – ҳайрон бўлди йигит.

– Мен кузатиб тургандим-да, – дедим.

Бошимни кўтариб қарасам, Эдди ҳар доимгидан ҳам новчароқ ва дарозроқ кўринди, оёқ-қўллари эса ўзига зўрға бўйсунгандай юриб келаётганди.

– Ана у.

Эддининг ҳоли анча чатоқ кўринарди. Ўзи эрталаб ҳам унча яхши эмасди-ю, аммо ҳозир жуда ёмон эди.

– Қаерларда қолиб кетдинг? – сўрадим ундан.

– Полда ётгандим.

– Отишмани кўрдингизми? – деб сўради Жонсон ундан.

– Қўйинг, жаноб Жонсон, – деди Эдди. – Эсласам, мазам қочяпти.

– Яхшиси, нимадир ичиб олинг, – маслаҳат солди Жонсон унга. Кейин менга юзланиб: – Хўш, айланиб келамизми? – деди.

– Буёғи сизга боғлиқ.

– Бугун ҳаво қандай бўларкин?

– Кечагидек. Эҳтимол, сал яхшироқ бўлар.

– Кетдик унда.

– Яхши, қармоқдаги хўрагимиз келсин.

Уч ҳафтадирки, бу нусха биз билан Гольфстримда балиқ овлаб юрибди, мен эса унинг консулга бироз овқат ва сафарга чиқишимиздан аввал қуйилган ёқилғига берган юз доллардан бошқа пулини кўрмадим. Балиқ тутиш анжомлари билан мен таъминлайдиган бўлдим, у эса кеманинг ижарасига кунига ўттиз беш доллардан бериб турадиган бўлди. Жонсон меҳмонхонада ухлар ва бортга ҳар тонгда келарди. Менга бу мижозни Эдди топиб берганди, шундай экан, Эддини ҳам олиб юришга мажбур эдим. Бунинг учун унга кунига тўрт доллар берардим.

– Кемага ёқилғи қуйиб олишим керак, – дедим Жонсонга.

– Яхши.

– Бунинг учун менга озроқ пул керак.

– Қанча?

– Бир галлони йигирма саккиз цент туради. Ҳеч бўлмаганда, қирқ галлон қуйишим керак. Ўн бир доллару йигирма цент бўлади.

Жонсон ўн беш доллар чиқарди.

– Қайтимига пиво ва муз олайми? – сўрадим ундан.

– Бўлади, – деди у, – сизга қанча пул беришим керак бўлса, ўшанга қўшиб ҳисобланг.

Хаёлимда Жонсон биз билан бирга юриши учун уч ҳафта озмунча вақт эмаслиги тўғрисидаги ўй кечарди, аммо унинг тўлашга пули бўлгандан кейин менга нима фарқи бор? Барибир у ҳар ҳафта учун пул тўлашга мажбур-ку. Лекин мен бир ойни ўтказиб юбориб, шундан кейингина пулини оладиган бўлдим. Шу жойда хато қилдим, нима қилай, дастлаб унинг чаққон ҳаракатларини кўриб, хурсанд бўлгандим. Фақатгина охирги кунларда у бироз асабимга тегди, аммо унга дўқ-пўписалар қилиб, жаҳлини чиқаришни ўзимга эп кўрмадим. Тўлаш учун ҳамёни бақувват экан, қанча узоқ юрса, шунча яхши.

– Бир шиша пивога нима дейсиз? – деб сўради у қутини очаркан.

– Йўқ, раҳмат.

Хўракни келтириб берган ҳабаш кўрингач, Эддига кемани сузишга тайёрлашини айтдим.

Ҳабаш хўракни олиб келиши билан биз қирғоқдан узилиб, бандаргоҳ томон сузиб кетдик, ҳабаш қармоққа бир жуфт макрель балиқчасини ўрнатди; уларнинг жабралари ташқарисидан илгакни ўтказиб, қорнининг бир томонини ёриб қўйди, сўнгра оғзини сим учига боғлаб, иккинчи томонидан ҳам илгак ўтказди, у илгакни шунчалар яхши ўрнатдики, натижада илгак у ёқ-бу ёққа сирпаниб кетмасди, демак, хўрак ҳам ҳеч қаерга буралмай, балиқни илинтириб кета оларди.

У кўк тумори кўйлаги остидан кўриниб турган, бошига эски похол шляпа кийган ақлли ва маъюс, чинакам қора ҳабаш эди. Унинг бортдаги энг севимли машғулоти ухлаш ва рўзнома ўқиш эди. Аммо у хўракни қармоққа жуда яхши ўрнатарди ва чаққон ишларди.

– Сиз ҳам қармоққа хўракни шундай ўрната оласизми, капитан? – қизиқсиниб сўради Жонсон мендан.

– Ҳа, сэр.

– Унда шугина ишни бажариш учун манави ҳабашни нега олиб юрибсиз?

– Катта балиқ илиниб қолганда кўрасиз, – изоҳ бердим унга.

– Бу нима деганингиз?

– Уни мендан кўра ўша ҳабаш дурустроқ уддалайди.

– Эдди-чи?

– Йўқ, сэр.

– Бу менга ортиқча чиқимдай туюляпти.

Жонсон ҳабашга кунига бир доллардан бериб турар, ҳабаш бўлса бу пулга ҳар оқшом румба рақсига борарди. Ҳозир эса уни уйқу чорлаётганини кўрдим.

– У менга керак, – узил-кесил дедим мен.

Бу орада биз Кабаньяс яқинида лангар ташлаган балиқ машиналари, кейин эса Морро қалъасининг қуйи қояларидан балиқ тутиш учун лангар ташлаган қайиқлар олдидан ўтдик. Мен эса кемамизни қора чизиқ ҳосил қилган Гольфстрим томонга бурдим. Эдди иккита катта хўрак ҳозирлади, ҳабаш эса учта қармоқни тайёрлаб қўйганди.

Тўлқинлар қирғоққа келиб урилар, сувнинг қирмизи рангда ялтирашидан кўзим қамашарди. Шарқ томондан енгил шабада эсарди. Биз бир дунё учар балиқларни ҳуркитиб юбордик, бу қора қанотли катта балиқлар Атлантикани кесиб ўтаётган Линдберг суратига жуда ўхшаб кетарди.

Ўша баҳайбат учар балиқлар у ердаги энг яхши нишон эди. Сув ичига қанча узоқ термилиб турсангиз, кичкина парчалардан кўриниб турган сарғиш бўғоз сувўтлари пастда оқим яхши эканини билдирар, қушлар эса миттигина балиқ илинжида тепамизда чарх уриб айланарди. Ўша балиқларнинг сакрашини бир томоша қилсангиз эди, ҳар бирининг оғирлиги бир кило ҳам чиқмасди.

– Хоҳлаган вақтингизда ов қилаверинг, – рухсат бердим Жонсонга.

У абзални тақди, олти юз ярд узунликдаги ўттиз олтинчи ип билан Ҳарди ғалтакли катта қармоқни сувга ташлади. Орқамга ўгирилиб, унинг қармоғидаги пухта ўрнатилган хўракнинг тўлқинлар устидан сакраб-сакраб келаётганини кўрдим, иккита ялтироқ безагимиз эса бир шўнғир, бир сапчир эди. Биз бир текис тезликда кетиб борарканмиз, кемани оқим ичига бурдим.

– Қармоқнинг тугилган жойини курсига боғлаб қўйинг, – маслаҳат бердим унга. – Ўшанда қармоқ оғир бўлмайди. Тормозни бироз бўшаштиринг, ана шунда балиқ келиб урилганида, уни осонгина тортиб оласиз. Агар маҳкам тутиб турганингизда келиб урилса, у сизни ҳам ўзи билан тортиб кетади.

Ҳар куни унга худди шу гапларни айтардим, аммо бу менга малол келмасди. Ахир кемага чиққан элликта ҳаваскордан биттасигина қандай ов қилишни билади. Ўша билгани ҳам калтафаҳмлик қилиб, каттароқ нарсани тутиш учун етарлича пишиқ бўлмаган чилвирдан фойдаланишни истайди.

– Кун қалай ўтяпти? – сўради у мендан мамнунлик билан.

– Бундан яхшиси бўлмайди, – бамайлихотир жавоб бердим унга. Ростдан ҳам кун яхши эди.

Ҳабашга рул чамбарагини топшириб, шарқ томондаги оқим бўйлаб сузишни буюрдим-да, хўраги сакраб-сакраб кетаётганини томоша қилиб ўтирган Жонсоннинг олдига қайтдим.

– Яна битта қармоқ ташлайми? – деб сўрадим ундан.

– Ҳожати бўлмаса керак, – деди у. – Мен балиқни ўзим илинтиришни, курашишни ва жойлаштиришни истайман.

– Жуда соз, – маъқулладим мен. – Унда Эдди битта қармоқ ташлаб, балиқ илинса, сизга қармоқни тутқазсинми? Шунда балиқни тезроқ илинтириб олармидингиз?

– Йўқ, – деб кўнмади у. – Мен фақат биттагина қармоқдан фойдаланишни афзал кўраман.

– Яхши.

Ҳабаш ҳамон кемани бошқариб борарди, мен унинг бошларини бироз чиқариб, сув юзига отилиб чиққан учар балиқлар тўдасини кўз остига олиб турганини кўрдим. Ортимга қарадим, қуёшда ярқираб ётган Гавана ҳамда Мородан кема жўнаб кетмоқда эди.

– Фаҳмимча, сиз бугун бирорта балиқ билан курашасиз-ов, жаноб Жонсон, – дедим Жонсонга.

– Ҳа, пайти келиб қолди, – хитоб қилди у. – Қанча вақтдан бери денгиздамиз ўзи?

– Бугун уч ҳафта бўлди.

– Балиқ ови учун бу жуда узоқ муддат-ку.

– Булар росаям қизиқ балиқлар-да, – дедим унга. – Келмасидан аввал сираям ҳидини чиқаришмайди. Лекин бир пайдо бўлиб қолса борми, гала-гала бўлиб кетади. Барибир бу ерда улар ҳар доим ҳозиру нозир. Мабодо ҳозир келмаса, демак, бошқа ҳеч қачон кўринмайди. Ой ҳам тўғри тушиб турибди. Оқим йўналиши ҳам соз, ўзимиз ҳам яхшигина шабадалаб кетяпмиз.

– Биринчи келганимизда бу ерда кичкина балиқчалар ҳам бор эди.

– Ҳа, – гапига қўшилдим мен. – Сизга айтдим-ку, кичиклари то катталари бўй кўрсатмагунича даминиям чиқармайди деб.

– Сиз қайиқчиларда доим бир хил “пластинка” экан-да. Ё вақт жуда эрта бўлади ёки жуда кеч, ёки шамол нотўғри эсади, ёки ой ноқулай тушади. Лекин пулни бир хил олаверасиз.

– Хўп, – дея ён босдим унга. – Машаққатимиз шундаки, ё ўта эрта бўлади ёки ўта кеч, аксарият вақтларда шамол муаммо туғдиради. Ҳаммаси аъло бўлганида эса қирғоқда мижозсиз ўтирамиз.

– Лекин сиз бугунни қулай кун деб ўйлаяпсиз-а?

– Бўлмасам-чи, – дедим мен. – Бугун росаям куч-ғайратим тошиб турибди. Сизни эса мақсадга эришишингизга астойдил ишонаман.

– Мен ҳам шундай деб умид қиламан, – деб қўйди у.

Биз бир уриниб кўрмоқчи бўлдик. Эдди кема тумшуғига борди-да, ухлаш учун ерга ётиб олди. Мен бирор дум-пум кўриниб қолармикин дея сувдан кўзимни узмай турдим. Бу вақт мобайнида ҳабашнинг тез-тез мудраб қолаётганини ҳам кузатиб турардим. У тўйиб ухлаб олмаса бўлмайдиганга ўхшайди.

– Бир шиша пиво ичсам, қаршимасмисиз, капитан? – деб сўради Жонсон мендан.

– Бемалол, жаноб, – деб жавоб бердим унга, музни кавлаб, ичидан яхдай пивони олар эканман.

– Ўзингиз ичмайсизми? – деб таклиф қилди у.

– Йўқ, жаноб, – эътироз билдирдим мен. – Кечгача сабр қиламан.

Шишани очиб, Жонсонга яқинлашар эканман, бирдан катта, жигарранг, бошида одам қўлидан ҳам узун найзаси бор бир балиқ кўринди, у бош ва елкаларини сувдан чиқарганча ўзини хўрагимиз – мак­релга урганини кўриб қолдим. У нақ катта ходадай кўринарди.

– Қармоқни бўшаштиринг, – деб бақирдим.

– Ҳали хўракка илинмади, – хотиржам жавоб берди Жонсон.

– Унда пойлаб туринг.

Балиқ сув тубидан чиқиб келди-да, зумда ўтди-кетди. Мен унинг бурилиб, яна ортига қайтишини билардим.

– Балиқ хўракни чўқилаши биланоқ унга ипни эркин қўйиб беринг.

Сўнгра балиқнинг ортимиздаги сув остидан чиқиб келаётганини кўрдим. Унинг сузгичлари сиёҳранг қанот каби кенг ёзилган, жигарранг танаси бўйлаб сиёҳранг чизиқлар тортилганди. Ўлжамиз гўё сувости кемасига ўхшарди, фақат тепа сузгичини кўрсатганча сувни тилимлаб сузиб келарди. Кейин тўғри хўракнинг орқасидан келди-да, найзасини силкитди.

– Хўракни оғзига тутинг, – дедим мен. Жонсон қўлини ғалтак найчасидан олган эди, ғалтак туйқус ҳуштак чалиб юборди, бизнинг балиқвой бўлса, бурилиб, ўша ондаёқ сув остига кириб кетди. Кейин қирғоқ томон жадал сузиб кетар экан, мен унинг кумушдай ярқироқ гавдасини аниқ кўрдим.

– Бироз тортинг-чи. Кўп эмас.

У ғалтакни торта бошлади.

– Унча кўп эмас, – деб буюрдим яна. Негаки ипнинг бир томонга қараб қийшаяётганини кўриб турардим. – Қармоқни маҳкамланг-да, уни уринг, – деб буюрдим. – Унга зарба беришингиз керак. У барибир сакрамоқчи.

Жонсон тормозни буради-да, қармоқнинг олдига қайтиб келди.

– Ипни тортинг! – деб қичқирдим унга. – Балиққа зарба беринг. Қайта-қайта ураверинг.

Жонсон балиққа қайта-қайта яхшигина зарба берди, қармоқ икки марта эгилиб кетди-да, ғалтак чийиллай бошлади, балиқ эса қуёш нурида кумушдай товланиб, бир баланд сакраб, сув бетига чиқди-да, худди қоядан учган от мисол шалоплаб, қайтиб сувга тушди.

– Тормозни бўшаштиринг, – такрорладим Жонсонга.

– У кетиб бўлди, – Жонсоннинг тарвузи қўлтиғидан тушди.

– Жин урсин, – деб куюндим мен. – Тезда тормозни бўшаштиринг.

Сув тагидаги эгри чизиққа кўзим тушди, кейинги сафар балиқ ирғиди-да, ортга бурилиб денгиз томон сузди. Бир маҳал у яна сув бетини оппоқ кўпиклантириб пайдо бўлди, оғзининг бир четидан қармоққа илиниб қолганини сездим. Ип унда аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Ҳа, ажойиб балиқ эди, кумушдай ял-ял ёнувчи, сиёҳранг чизиқли, ходадай улкан балиқ эди у.

– У кетди, – Жонсон умидини узди. Қармоқ бўм-бўш осилиб турарди.

– Ипни тортаверинг, – ундадим уни. – У яхшигина илиниб қолган. Бор двигателни ишга солиб, кемани олға сур! – деб бақирдим кейин ҳабашга.

Шундан сўнг гавдаси таранг тортилган балиқ сувдан чиқди. Шу тариқа у яна сапчиб кетди, ҳар сафар сувга тушганида, сувни баланд-баландларга сачратарди. Қармоқ таранг бўлиб тортилди, мен эса балиқ бурилиб, яна соҳил томонга кетаётганини пайқадим.

– Мана энди у қочиб қолмоқчи, – қичқирдим жон ҳолатда. – Борди-ю, у тез сузиб кета бошласа, мен унинг ортидан қуваман. Қармоқни эркин тутинг. Ҳали ипимиз сероб.

Бизнинг бу ўжар ўлжамиз бўлса барча катта балиқлар каби шимоли-ғарбга қараб суза бошлади, илгакдан қутулиб қолмоқчи эди! У узун-узун тўлқинлар орасида баланд сакрар, худди денгизда тезюрар қайиқ каби ҳаракатланарди. Биз балиқнинг кетидан боравердик. Рул чамбарагига ўзим ўтиб, Жонсонга қармоқни эркин қўйиб, тез ишлатишни буюриб бақирардим. Бирдан қармоқ бир силтаниб, ип бўшала бошлаганини кўрдим. Агар бу соҳани билмасангиз, ип бўшалганини сезмайсиз, чунки қармоқ ҳали ҳам сувга тортилиб турарди. Аммо мен буни яхши билардим.

– У кетиб бўлди, – дедим. Балиқ ҳамон тўлқинлар оша сакраб бораркан, охири шу кетишида кўзга кўринмай қолди. Дарҳақиқат, у тенгсиз балиқ эди.

– Ҳозир ҳам уни тортаётгандай бўляпман, – тахмин қилди Жонсон.

– Бу қармоқ ипининг оғирлиги, холос.

– Мен қармоқни зўрға тортяпман. Балки, у ўлиб қолгандир.

– Анавини кўрмаяпсизми? – олисни кўрсатдим унга. – Ҳалиям сакраб-сакраб кетяпти-ку. – Ярим ­милья масофадан ҳам балиқнинг ҳамон сувни осмонга отаётганини кўрса бўларди.

Мен унинг тортилаётганини пайқадим. Балиқ ипни маҳкам бураб олганди. Уни озгина бўлса-да, бўшаштириш мумкин эмасди. Негаки қармоқ синиб кетади.

– Мен сизга арқонни бўшроқ ушлаб туринг, демаганмидим?

– Лекин балиқ ипни тортиб олди-да.

– Хўш?

– Шундан кейин мен уни маҳкамлашга мажбур бўлдим.

– Менга қаранг, – гапира бошладим унга. – Агар сиз балиққа ипни бериб қўймасангиз, у худди ипни узиб олади. Уларни ушлаб турадиган бошқа ҳеч қандай ип йўқ. Балиқларнинг хоҳишига қараб ипни чўзаверасиз, тамом. Тормозни бўшроқ ушлашингиз керак эди. Уста балиқчилар ипни ҳатто гарпун [4] ипини ҳам ҳеч қачон қаттиқ тортмайди. Балиқ қочаётганда ипнинг ҳаммасини юлқиб олмаслиги учун қайиқ билан унинг ортидан қувишимиз керак, холос. Улар қоча бошлаганларида овоз чиқаради, ана шундагина сиз тормозни босиб, балиқни тортиб оласиз.

– Борди-ю, қармоқ синмаганида, мен уни қўлга киритган бўлармидим?!

– Сизда имконият бор эди.

– У ҳар доим ҳам шундай қилавермайди-ку, тўғрими?

– У бошқа жуда кўп усулларни ҳам билади. Кураш бошлангунича балиқ жуфтагини ростлаб бўлди.

– Начора, бошқасини тута қолайлик, – таклиф киритди Жонсон.

– Сиз аввал ғалтакка ип ўраб олишингиз керак, – маслаҳат бердим унга.

Биз Эддини уйғотмасдан ўлжамизни илинтирган, сўнгра қўлдан чиқариб ҳам бўлгандик. Мана энди карахт Эдди ётган жойидан қайтиб келди.

– Нима гап? – сўради у.

Ичкиликка ружу қўйишидан олдин бир маҳаллар кемадаги энг яхши одам Эдди эди, бироқ энди ундай эмас. Эддининг кенг оғзи билан узун ва ботиқ ёноқл

...