автордың кітабын онлайн тегін оқу Meditatsiya darslari
КИРИШ
Дунёда ҳаммага зарур бўлган бир нарса бор. У ёшларга ҳам, кексаларга ҳам, бой-камбағал, соғлом-беморларга ҳам бирдек зарур. Бу нарсага эга бўлган инсон бир жойда тўхтаб қолмайди, яна ва яна шу нарсага эҳтиёж сезаверади. Хўш, нима экан у сирли ва сеҳрли нарса? Агар пул шундай қудратга эга десангиз, янглишасиз. Ҳокимият, мансаб деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам, бу – хато. Мен таърифини келтирган нарса инсонни руҳан ва маънан соғлом қилади. Ҳатто бойлик орттириши, атрофидагиларнинг меҳр-муҳаббатини қозониши, ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлиши мумкин. Сизни кўп ўйлантирмай айта қолай, инсонни ҳақиқий бахтга етказувчи универсал восита бу – медитация.
Бугунги шиддатли замон кишиси учун тана азоблари, руҳ қийноқлари бегона эмас. Жисм ва руҳ қийноқларидан қутқарадиган табиий ҳолат мавжуд, бу яна шу медитациядир, яъни инсон хотирини жам қилган ҳолда жим кузатади. Тинч кузатиш назаримизда барча йўллар беркилганда умид беради ва соғлом бўлишга йўналтиради.
Жимлик аввал бошдан, аниқроғи, бош ичидаги миядан бошланади. Шунинг учун арзимаган граммлар билан ўлчанувчи мия жойлашган бошни олтинга қиёсланади. Муболаға эмас, бошимиз чиндан ҳам олтинга тенг. Чунки унда ҳамма касалликларга даво бўлувчи «дори» яширилган. Барча муаммоларимизга ана шу «дори»дан ўзга яхши воситани топишимиз даргумон.
Кундалик ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлганимизда, кераксиз ўй-фикрлар кўпайиб, ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетганида биз ҳақиқатан руҳимизни, танамизни азоблаб қўямиз. Заминий азоблардан бизни бошимиз, унинг ичидаги хазина қутқаради. Ҳа, кунда дуч келаётганимиз – қаршимиздаги муаммоларнинг ечими бошимизда, ўзимизда яширин. Фақат «негадир» уларни эшитмаймиз, холос (балки эшитгимиз келмайди, десак тўғрироқ бўлар). Демак, хотиржам кузатиш – тинглай билиш ва ўзини тушуниш жараёнидир. Хотиржамлик эса танадаги 90 фоиз касалликни «ҳайдайди».
Одамлар орасида «Нима қилсам соғлом бўламан?» мазмунидаги саволларни эшитаман. Шунда мен овозимни баралла қўйиб, «нажоткоримиз – бошимиз» дегим келаверади. Яъни, ўзимизга керакли бўлган ҳамма нарса шу бошимизда мавжуд. Миямиз ҳақиқий мўъжизаларнинг кони. Лекин негадир бу хазинани бир талай муаммолар қаърига ташлаганмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: унга худди кураш майдони сифатида қараймиз. Ҳаётимиздаги кўплаб кечинмаларимизни солиб, омборхонага айлантирамиз, вақти-вақти билан бу омборхонани тозалаб, шамоллатишни хаёлимизга келтирмаймиз. Ҳар қандай инсон ўз истаклари, армонлари, юрагини қийнаб турган вазиятлар ҳақида гапирар экан, «Энди нима қилсам бўлади?» деган саволга рўбару бўлади. Дунё ғавғоларидан қутқарувчи нажот нима эканини билиш учун мутахассисга мурожаат қиламиз. Мутахассис тикилиб жим туради. Сониялар ўтади, бир дақиқалар ўтади. Шунда:
– Бирон ерингиз оғрияптими? – деб сўрайди мутахассис.
– Йўқ!
– Ўзингизни қашшоқ кишидек, таҳқирланган одамдек ҳис этяпсизми?
– Йўқ!
– Кўрдингизми, бир неча дақиқалик сукут сақлаганингизнинг ўзи сизни қанчалар соғайтирди ва бойитди. Ҳеч ерингиз оғримаяптими, демак соғломсиз, пулингиз қолмаганини ўйламадингиз, демак, бойсиз. Қалбингиз атрофингиздаги олам билан қўшилиб кетди. Ўзингизни руҳлантирдингиз. Бунинг учун бор-йўғи бир дақиқа кетди, холос ва буларнинг бари сизнинг миянгизда кечди.
Инсон танасини кекса донишмандга қиёс этиш мумкин. Ҳақиқатан шундай, тана ҳаётни билади ва ўз-ўзини яхши тушунади. Шунингдек, тана соғлом бўлиш йўлларини ҳам билади. Фақат биз инсонлар ана шу билимларни ҳаётда қўллашга танамизга имкон бермаймиз. Яъни, уни тинглагимиз келмайди, ўзимиз кўп гапирамиз, тана учун ўзимиз қарор чиқарамиз. Ахир унга ҳам имкон беринг, тананинг ҳам сизга айтадиганлари бор.
Медитациянинг нималигига, унинг туб моҳиятига кўпчилик тушуниб етавермайди, аксинча, касал кишилар қанчалар кам, соғлом, бахтиёр инсонлар қанчалар кўп бўларди! Медитация том маънода ажойиб ва ғаройиб восита – у саломатлик асоси.
Инсон руҳияти таҳлилига оид кўп китоблар бор. Улар орасида медитацияга оид рисолалар ҳам мавжуд. Медитацияга бағишланган китоблардан бирининг муаллифи Кацудзо Ниши ўз бошидан ўтказганларини шундай хотирлайди:
«Болалигимда диққатни жамлаш санъати – медитацияни ўрганишга кўп имкониятлар бўлган, негаки мен бетоб эдим, шифокорларнинг гапи бўйича бедаво дардга йўлиққан эдим. Бутунлай тузалиб кетишимга ҳатто ота-онамнинг ҳам умиди қолмаганди. Ўлимнинг юзига тик қарашга, ҳаёт учун курашишда менга медитация ёрдам берди. Мен энди-энди гуллай бошлаётган, чамандек очилган ва гуллаб бўлган сакурани кузатдим. Сакуранинг пушти япроқчаларини шамол учириб кетаётганини кўрдим – кейинги йил баҳорда дарахт қайта жонланди, ҳаммаси яна бошқатдан бошланди – сакура гуллади, унинг нафис гул япроқчаларини яна шамол узоқ-узоқларга учириб кетди. Шунда мен табиатда ўлимнинг мавжуд эмаслигини тушундим. Ҳеч нарса ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди, бу – абадийлик, мангулик. Ҳаёт қайта-қайта пайдо бўлаверади. Шу сабаб ҳам инсон ўлимдан қўрқмаслиги керак, ахир у ҳам табиатнинг бир қисми-ку, у ҳам табиат қонунлари асосида яшайди. Шундан сўнг мен ўлимдан сесканмайдиган, ундан қўрқмайдиган бўлдим. Худди шу дамлардан бошлаб мен тузала бошладим. Соғломлашиш сари қўйган илк қадамларим Борлиқ, Табиат қонунларини англашдан бошланди. Мен уларни медитацияда, ҳа, фақат медитацияда англай бошладим. Медитация пайтида мен ўз организмим сирларини тушундим, саволларимга организмим жавобларини эшитдим, сўнггина менга зарур бўлган ҳақиқий даво воситаларини топдим. Йўқ, уларни китоблардан ёки олимларнинг баҳс-мунозаларидан эмас, балки ўзимдан, ўз ичимдан топдим. Диққатни жамлаш санъати орқали ўз танам билан дўстлашдим».
Соғломлашиш керакли ҳолатга тушишдан – инсоннинг ўз ички оламида даво топиш ҳолатидан бошланади. Бу ҳолатга кундалик турмуш ташвишлари билан кириб бўлмайди, инсон мияси бир вақтнинг ўзида бир неча муаммоларни ҳал этиш билан банд бўлганида ўй-хаёллар бир-бири билан аралашиб кетади. Миянинг бурмалари бўйлаб бетартиб ҳаракатланаётган бу ўйларни «ҳазм» қилишга улгурмайди. Соғломлашиш ҳолати эса ички хотиржамликдан иборат. Ички хотиржамлик, осойишталикни бизга фақат медитация беради.
Медитация – бугунги шиддатли замон кишиси, айниқса, ҳар кунги ташвиш ва муаммолар юки остига қолган инсон учун осон эмас. Мен ҳамма ташвишларни бир четга суриб қўйиш керак, демайман. Фақат уларга бошқача ёндашиш зарур, шунингдек, соғломлашишга ҳам. Беҳаловатликда «эзма» ақл муаммоларнинг ечимини топа олмайди, демакки, соғломлашиш йўлларини ҳам билмайди. Ички хотиржамлик, осойишта кузатиш, диққатни жамлаш – худди мана шу ҳолатларда соғлиқ, даво келади. Агар бу ҳолат бўлмаса, саломатлик ҳам йўқ.
Безовта онг-шуурингизни тинчлантиринг, ўзингизда ички хотиржамликни, ҳамма саволларингизга жавоб топа оладиган ҳолатни пайдо қилинг, организм ўзини ўзи даволашга киришсин.
ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ САРИ ҚАДАМ
Минглаб километрларга чўзиладиган саёҳат биринчи қадамдан бошланади. Жуда топиб айтилган гап. Медитация сари бўладиган саёҳатимиз сизнинг айни дамдаги ички ҳолатингизга, кайфиятингизга монанд. Йўлнинг ўзи ҳаётни шахсан қандай қабул қилишингизга мос қурилади. Медитация амалиёти сизнинг муҳим эҳтиёжларингиз, интилишларингиз асосида жамланади. Ҳаёт, бугунги кун худди шудгор қилинган ерга қиёс. Шу ҳолатда сиз медитация уруғини қаерга қадар эдингиз? Одатларингиз, хулқингиз, қадриятлар ва ишончингиз медитация уруғининг ниш уриши ёки унмаслигини белгилайди.
Кишилар медитацияга турли сабабларга кўра мурожаат қиладилар. Бу ерда қизиқувчанлик ёки ғира-шира англашилган эҳтиёж катта роль ўйнайди. Медитацияга интеллектуал қизиқиш ёки стрессга қарши восита сифатида муносабатда бўлишлари мумкин. Баъзан унга ички таназзул оқибатида интилиш ҳам бўлади. Лекин аввалдан медитация инсоннинг бутун ҳаёти ва бутун шахсиятига тааллуқли бўлишини тушуниб олиш керак. Шунинг учун медитацияга дастлабки қадам айни пайтдаги шахсиятимиз, ҳаётимиз, ҳозирги воқеликлар ҳақидаги тасаввурларимиздан бошланади. Бу келгусида медитация амалиётининг мустаҳкам бўлиши учун қўйиладиган жиддий ва қатъий талаб. Шунинг учун шахсан мулоҳаза юритиш ва фикрлаш учун вақт топа билинг. Айтинг-чи, медитацияга қандай сабаблар билан мурожаат қилмоқчи бўляпсиз? Медитация уруғини экишга ўзингизни тайёр деб ҳисоблайсизми? Ёдингизда бўлсин, медитация ҳамиша маънавий оламнинг кенг кўламли қисми бўлиб келган. У табиатига кўра ҳеч қачон турғун бўлиб қолмаган, доим ҳаракатда. Қадимдан ривожланиб келган, йиллар оша такомиллашган анъанавий медитация ўзига хос жонли оқимдир.
ШАРҚ ВА ҒАРБ
Кузатиш, фикр юритиш, мушоҳада қилиш йўлига кирар эканмиз, табиийки, бу ҳаракатларимизда таянишимиз мумкин бўлган бирон нималарни излаб қоламиз. Шуни ёдда тутган ҳолда Шарқ ва Ғарб медитациясига қисқача тўхталиб ўтсак. Шарқ ва Ғарбнинг метофизик негизлари бир-биридан яққол ажралиб туради. Ғарб шахсан илоҳнинг мавжудлигини тан олиб, маълум қарашлар қолипида шаклланган, Шарқ эса илоҳийликни жонлантирмаган ҳолда ўз маънавий бойлигини яратган. Ғарб ҳаётида бу оламга, шу дунёга мурожаат қилинади. Шарқ ҳаётида эса бу олам бойликларидан нафратланадилар.
Ғарбда тушда ёки тасаввурларда кечган субъектив ҳаётга жуда кам эътибор берилган. ХХ асрга келиб Карл Юнг тушдаги ҳаётни синчиклаб ўрганиб, янги континентни кашф этди. Бу Ғарб одамлари учун жуда ҳайратланарли бир ҳодиса бўлди. Аммо Шарқ учун ички олам ҳеч қачон номаълум макон бўлиб қолмаган. Ғарбликларнинг медитация бўйича ишлаб чиққан усуллари Карл Юнг меҳнатларига буткул таянади. Ижодий фаолият ёки фикрлаш жараёнида жуда кўп нарсаларни олишга имкон бўлди, шу ерда иккала ёндашувга асос бўладиган фарқлар ётади. Шарқ медитацияси ақлни ишлатишга ёки ақлга таянишга ҳаракат қилмайди. Аксинча, ақлдан устун келишга ва ҳар қандай тажриба доирасидан юқори даражада бўлишга интилади. Бундай мақсадга, назаримизда ғарбона тафаккур ҳали тайёр эмас. Ғарб ҳамон очиқ ички ҳаёти билан чекланиб қолмоқда.
Биз медитация йўлига кираётганимизда турли асосларга таянган маданиятлар ўртасидаги фарқларни ёдимизда тутишимиз зарур. Индивид сифатида қанчалар истамайлик, маданий қадриятлар асосида олган тарбиямизни – хулқимизни бир четга улоқтириб юбора олмаймиз. Айрим изланишлар шуни кўрсатдики, Шарқ ва Ғарб ўқувчилари классик услубларга турлича жавоб берадилар. Субъектив оламга эътиборсиз бўлган Ғарб ўқувчилари ички олам таркибига сингиб кетганга ўхшайдилар. Улар хотира ва ички ҳислари яратган образлар таъсирига тушадилар. Шарқ ўқувчилари эса ички образларини истаганча кенгайтирадилар, «безайдилар». Демак, медитатив машқлар уни энди-энди ўрганаётганларда хаёл суриш, орзу қилиш, тасаввурлар оламини яратишни ривожлантиради. Шарқ ўрганувчиси ақлий кечинмаларни ортда қолдириб олдинга интилаётган пайтда Ғарб ўрганувчиси бунга бефарқлик билан қарайди. Шу ўринда айтиш жоизки, Ғарбда кўпгина медитация амалиётларида қовоқлар туширилади, лекин ёпилмайди. Бу тасаввур қилиш ўйинига халақит беради. Аксинча, Шарқда кўпинча кўз юмилади, бу хаёлий образларнинг пайдо бўлишига мос келади. Шарқ амалиётида ижодий образлардан фойдаланилса, Ғарбда ақлни тинчлантириш медитациясидан кам фойдаланилади. Ғарб ва Шарқ медитацияларида ана шундай тафовутлар мавжуд.
Диққатни жамлаш
Шахсий ёки ҳаётий муаммолар сабаб хаёлларимиз, фикрларимиз чалкашиб кетади ва биз ўжар, жаҳлдор, фикримизни жамланолмайдиган бўлиб қоламиз. Хотиржам пайтда эса ақлимиз хусусиятларини кўра бошлаймиз. Бунда кўп нарсалар ойдинлашади ва айнан шундай пайтда кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин бўлади.
Геше Рабтен медитацияни ақлни ўзгартириш, бўйсундириш ва бошқариш воситаси деб таърифлайди. Демак, биз ҳам энг оддийсидан бошлаймиз: диққатни жамлашни ўрганамиз. Диққатни узоқ вақт бир нуқтада ушлаб туриш ва ўзини назорат қилиш ҳам кўникмаларимиз давомини ташкил этади. Ақлнинг бу каби ҳолати кундалик кузатишлардан фарқ қилади. Оддий мисол сизга ақлнинг бир қисми назорат қилаётган бошқа ақл қисмини аниқлашга имкон беради. Ўз хаёлларингизни кузатган ҳолда шахсий фикрлашингиз оқимини назорат қилинг.
Бевосита кузатиш машқи
Бир неча дақиқа шунчаки тинч, хотиржам ўтиринг. Кўзларингизни юминг ва диққатингизни жамланг: онгингизда нималар содир бўляпти ва буларнинг ҳаммасини эслаб қолинг (буни бажаришдан кўра айтиш осон). Охирида мана шу қисқа муддатда миянгизга келган фикрларнинг ҳаммасини қоғозга ёзинг.
Натижалар сизни ҳайратлантиради: ўтмишга оид тасаввурлар, ассоциациялар, келгусидаги режалар ва бир-бирига боғлиқ бўлмаган хаёллар кетма-кет, шиддатли тарзда келаверган. Бу ерда англаш оқимини секинлаштириш ғояси ёрдамга келади. Диққатни жамлашга дастлабки уринишлар кўпинча саросимага солиб эсанкиратади. Исталмаган фикрлар қаерлардандир чиқиб келаверади. Онгимизнинг доимий ва қаршилик кўрсатиш шаклидаги «маҳорат»и биздан вақт ва сабрни талаб қилади. Бу ҳафта давомида содир бўлмайди ва машқлардан кўнглимиз қолиши ҳам мумкин. Бу ерда жонбозлик қилишимиз лозим. Атрофингиздаги тажрибали кишиларнинг қўллаб-қувватлашлари ва йўл кўрсатишлари доим хайрихоҳлик сифатида янграйди: тушкунликка тушманг, олға интилинг. Фикрларингиз сизни чалғитишига йўл қўйманг, уларнинг ўз-ўзидан кетишига имкон беринг. Фикрнинг объектини топинг ва ақлни шу объектга қаратинг. Фикрларингиз, ўйларингиз кетма-кет ўзи оқиб кетсин. Бир тўхтамга келиш ва бир фикрга эътибор қаратиш хусусиятингизни сақлаб қолинг.
Диққат-эътиборни маълум нарсага қаратиш орқали диққатни битта нуқтада жамлаш мумкин. Афсуски, биз ўзимизни мажбурлаб, яъни ақлимизни зўрлаб, кўп қийинчилик билан эътиборимизни битта нуқтага қаратамиз, лекин бу бефойда. Диққатни жамлаш – мақсад эмас, балки хаёлнинг чалғиши ва фикр тарқоқлигини оладиган дастлабки зарурий шартдир. Бусиз ақлда медитатив предметларнинг биронтасини ушлаб қолишнинг иложи йўқ. Геше Рабтен фикрни тиниқлаштирувчи концентрация, яъни жамланиш ҳақидаги тушунчаларимизни кенгайтириш учун олтита таққослашни беради, улар ичига хотиржамлик, турғунлик, динамизм, тиниқлик ва шаффофлик каби хусусиятлар киради. Мана ўша муқоясалар:
1. Концентрация худди суратни томоша қилаётган болага ўхшайди. Бола бутун полотнони қабул қилади, у майда деталларни пайқамайди. Биринчи босқичда биз ақлимизнинг нозик қирраларга эътиборсизлигини кузатамиз.
2. Концентрация сокин денгизга ўхшайди. Унинг сатҳи сув остида ёки сув тубида содир бўладиган воқеликларни бузмайди. Тинчланган ақл ташқи воқеликлардан таъсирланмаслиги керак.
3. Концентрация булутсиз осмонда чарақлаган қуёш мисоли. Ақлий концентрация тиниқ ва шаффоф, умидсизликлар тумани билан қопланмаган бўлиши керак.
4. Концентрация самода қанот қоқиб учган бургут, лочин каби йирик қушга ўхшайди. Бу қушлар кам қанот қоқади ва узоқ учади. Ақл ҳам қисқа муддатли жамланиш билан узоқ вақт самарали ишлаши керак.
5. Ақлнинг концентрацияси кўкда учаётган қуш мисоли. У парвоз қилаётганда ортидан из қолдирмайди. Фикрлар келади ва кетади, аммо ақл абадий қолади.
6. Концентрация теракнинг пар каби оппоқ гулига қиёс, майин, юмшоқ, ҳавода енгил учади. Биз медитация қилаётганимизда шундай жамланишимиз керакки, ақлимиз енгил бўлиб қолсин, толиқишлардан оғирлашмасин.
Инсон идрок эта олиши, ақлий фикрлаши билан ҳайвондан фарқ қилади. Фикр юритиш асносида инсоният ё эзгу ишларга ёки бўлмаса гуноҳлар томон йўл олади. Албатта, ақл-заковат тараққиёт белгиси, бу юксалиш томон қўйилган қадамлардир. Фақат инсон юксаклик пиллапояларидан онг бизнинг дўстимиз бўла оладиган даражага ҳам кўтарила олгани йўқ. Биз ҳамон ўз онгимиз имкониятларидан тўла фойдаланишни ўрганганимиз йўқ. Худди шу маънода биз қўлига мураккаб техник мослама, масалан, телефон аппарати бериб қўйилган кичкина болага ўхшаймиз. Бола телефондан ўзи учун керакли бўлган қанча кўп маълумотларни олиш мумкинлигини билмайди, шунчаки мосламани ўйнаб, бўлакларга ажратиб, фойдаланишга яроқсиз қилиб қўяди. Ҳатто айрим қимматли деталларини ишдан чиқаради. Инсон ҳам ўз ақл-шуури билан шундай иш тутади. Ақлнинг қанчалар аниқ ва ғаройиб механизм эканини, ундан ўз манфаати учун фойдаланиш мумкинлигини билмайди. Ақлдан ўз манфаати йўлида фойдаланмай, нуқул ўзига ўзи зарар орттиради.
Ақлни ўз фойдасига ишлатиш учун аввало ақлнинг эгаси бўлиш лозим. Ҳозирда кўпгина одамлар ақлнинг хоҳиш ва туйғулар устидан ҳокимлик қилишига йўл қўйиб берадилар.
Ақл ҳукмига тўла бўйсунган кишилар ўз ҳукмронликларини ва ҳаётларини бой берадилар.
Ҳозир сизнинг ақлингиз нималар билан машғул, шуни бир назорат қилиб кўринг. У идрок қила олиш майдонига кирган ҳамма нарсани қамраб олаётганини кўрасиз, битта нарсадан иккинчисига сакраб, хаёлингизда ҳадсиз чалкашликлар пайдо қиладики, бундай вазиятда сиз ўта муҳим масалаларни ҳал этолмайсиз. Ақл муаммоларни бартараф этишни хоҳламай қолади, у атрофдаги керак-нокерак ҳамма нарсани ушлаб қолгиси келади. Ақлнинг бундай ишлашига ўзингиз йўл бергансиз, тинчланишга, хотиржам бўлишга чақирмагансиз.
Ҳар қандай фикр-хаёллар исталган вақтда миянгизга кириб олаверади. Сўнг сиз оилангизни боқиш, пул топиш, қимматбаҳо буюмлар сотиб олиш, саломатликни қандай асраш ҳақида ўйлаб қоласиз. Буларнинг ҳаммаси, афсуски, ўтмишдаги хотиралар, қўрқувлар, шубҳа-гумонлар, гина-кудуратлар ва бошқа кўпгина бир-бирининг ортидан эргашиб келадиган ҳиссиётлар билан бирга кузатилади. Ўй-хаёллар ва ҳис-туйғулар ақл юзасига қалқиб чиқади, бир-бири билан ўзаро аралашиб кетади, бир фикр озгина чекинса ёки бирон ҳис сал сўнгандай бўлса, дарҳол ўрнини бошқа бир ўй ва ҳис эгаллайди. Шу тариқа улар бир-бирининг ўрнига келади, лекин бундан сизга ҳеч қандай наф йўқ. Фикрлар ва ҳис-туйғулар муаммоларингизни ҳал қиладиган таклифларни бермайди, улар фақат миянгизнинг бўш соҳасини тўлдириб туради, холос. Бунинг устига, фикр ва ҳис-туйғулар қанча кўп бўлиб, мия бурмалари аро баландроқ ва тезроқ сакраса, қанчалик кўп аралашиб кетса, сиз муаммоларингизнинг ечимидан шунча кўп узоқлашасиз. Ўй-фикрларнинг бошингиздаги беҳуда «сафсата»си бизнинг мавжудлигимиз қаърида доимо яшаётган ва саволларимизга жавоб беришга ҳамиша тайёр турган ҲАҚИҚАТ овозини бўғади. Қачонки сиз ўз ҳақиқатингиз овозини эшитишга тайёр бўлсангиз, ана шунда у ҳам сизга ёрдам беришга тайёр бўлади.
Агар сиз кўзларингизни юмиб, диққат жамланадиган кузатиш санъатини эгалласангиз – тартибсиз, тарқоқ хаёллар ўз-ўзидан чекинади ва ҳамма саволларингизга жавоб топасиз, муаммоларингизнинг ҳақиқий ечими бўй кўрсатади. Ахир «тўполон» қиладиган беҳаловат ақлдан ташқари ҳар биримизнинг Идрокимиз – табиий ички донишмандлигимиз бор. Бу ўша – бизнинг ички табибимиз, шифокоримиз. У ҳамма касалликларимизга ва муаммоларимизга даво бўладиган усулларни билгучи шифокор.
Мен сангзорлар узра боқдим –
Ва ҳайратдан, ҳам таажжубдан
лол қолдим, ҳайрон қолдим,
Асрларда қотган мусиқани эшитдим. [1]
Аммо безовта ақл Идрокка, унинг бир оғиз сўз айтишига изн бермайди. Идрок эса бизнинг тинчланишимизни ва уни тинглашимизни кутади.
Муаммоларимиз моҳиятини тушуниш, уларнинг ечимини кўра олиш ҳамда соғлом юришимиз учун Идрокни тинглай билишимиз шарт.
Табиатни кузатинг. Ундаги ҳар бир табиий ўзгаришларни мушоҳада қилинг. Табиат тинч ва улуғвор – у доим шундай бўлиб келган. Денгизда тўфон кўтарилган ёки чақмоқ чақиб момақалдироқ даҳшат солиб гумбурлаганда ҳам Табиат сокинлигини йўқотмайди. Буларнинг барида ҳақиқатан улуғворлик, осойишталик бор. Яна буларнинг ҳаммасида куч-қудрат мавжуд.
Инсон табиат билан ҳамнафас. Тараққиёт жараёнида инсоннинг ўзи ҳам табиатга айланди, аммо бутун хулқи, хатти-ҳаракати билан унинг акси бўлди. Негаки табиатда мавжуд куч, қувват, улуғворлик инсонда йўқ. Инсонда ҳаддан ортиқ ҳовлиқиш бор, беҳаловатлик бор.
Медитация санъатини эгаллаш Табиатнинг кучи ва қуввати билан худди унинг ўзига ўхшашиб кетиш демакдир. Табиат эса доим соғлом бўлган, у ҳеч қачон касал бўлмайди. Медитация санъатини эгаллаш буюк, улуғвор, қудратли, сокин ва соғлом Табиат билан уйғунлашиб, бир бутунликка айланиш демакдир.
Ҳаётдан нолиманг, у билан дўстлашинг.
[1] Китобдан ўрин олган кичик шеърий парчалар ақлни бир зум тинчлантиришга, ўй-хаёлларнинг тартибга солишга ёрдам беради.
Медитация ва физиология
Медитацияга кўпинча стрессларга қарши восита сифатида мурожаат қилишади. Ўтган асрнинг 70-йилларида унга илмий ёндашилди. Изланишлар шуни кўрсатдики, медитация кузатилган ўзгаришлар қаторида жисмонан ўзгаришларга ҳам сабаб бўлган.
Медитация таъсирида модда алмашинуви жараёнлари секинлашгани маълум бўлди. Организмнинг кислородга бўлган эҳтиёжи камайган, карбонат ангидрид ажратиш пасайган. Бу фан учун катта кашфиёт эди. Медитатив амалиёт ва мия тўлқинларининг айрим шакллари ўртасидаги боғлиқлик ҳам ҳайратланарли ҳодиса бўлди. Олимлар қон босимини туширишда, стресс туфайли руҳият бузилишларида медитация амалиёти орқали мижозларга ёрдам беришни тавсия қилдилар. Шунингдек, ангина, аритмия, қондаги холестерин миқдорини камайтириш каби муолажаларда ҳам яхшигина самара бериши исботланди. Шундай бўлса-да, тана ва онг ҳақида кўп нарсаларни ўрганиш керак. Шарқ неча асрлардан буён қадимги билимлари асосида тўпланган тажрибаларини амалда қўллаётган бир пайтда Ғарб юқорида таъкидланган билимлар устида изланишлар олиб борди. Демак, медитация сезиларли даражада организмга ҳам таъсир қила олади.
Агар биз медитацияга стрессга қарши восита сифатида қарасак, медитация амалиётида танада содир бўладиган ўзгаришлар натижалари фойдали бўлар эди.
Аммо биз Шарқ қарашлари ортидан эргашамиз ва медитацияни маънавий юксалиш ҳамда камолотга етиш воситаси деб ҳисоблаймиз.
Медитация предметлари
Баъзилар медитацияни реал ҳаётдан, бутун ташвишлардан қутулишнинг бир шакли деб биладилар. Йўқ, бундай эмас. Соғломлаштирувчи медитация аслида ҳаётий ва реал ҳисобланган самарали усулдир! Шифо топиш учун ҳаётни тарк этишингиз шарт эмас, аксинча, ҳаётнинг энг қайнаб турган соҳасига, қизғин палласига кириб боришингиз керак. Ҳаёт билан ҳамжиҳат бўлиб, ҳаётга тўйишингиз, уни мазмун-моҳияти, шакл ва шамойили билан тўлалигича англашингиз керак. Ана шундагина сиз соғлом бўласиз. Бошқа ҳеч бир нарса медитация каби реалликни бутунича, бор бўйи билан кўрсата олмайди, реалликка чуқур сингдирмайди. Ҳатто бунинг учун одатий, кундалик юмушлардан кетишга ҳожат йўқ.
Қадимий бир ҳикоят бор. Бир руҳоний нонушта пайтида устозидан сўрабди:
– Устоз, қандай қилиб ақл равшанлигига эришиш мумкин?
Шунда устоз ундан сўрабди:
– Нонушта қилиб бўлдингми?
– Ҳа, устоз.
– Ундай бўлса бор, идишларингни ювиб қўй!
Бу ҳикоят устознинг ўз ўқувчиси берган саволига жавоб беришдан қочиши ҳақида эмас, бир қарашда айнан шу мазмунда қабул қилсалар-да, унинг чуқур маъносини англаш керак – ақлни чароғон этиш сири ҳамма нарсада, ҳамма ҳаракатда, ҳатто нонуштадан сўнг ўз идишларини ювиб қўйишдек юмушда ҳам мужассам.
Оддий чанг артиш ҳаракати ҳам медитатив машқ бўлиши мумкин. Айтайлик, бир бўлак матони оласиз ва намлайсиз, чангдан хира тортган бирон жиҳоз сиртини артасиз. Ана шу жараёнда нафасингиз устида жамланасиз, бир текис енгил ҳаво ютиб, ҳаво чиқарасиз. Ичингиздаги ғубор ҳар нафас чиқарганингизда чиқади, янги, мусаффо ҳаво эса танангизга кириб, қон томирларидан оқиб, ҳамма аъзоларга етиб боради. Мусаффоликка тўйинган аъзолар эса бир-бири билан ҳамжиҳатликда ишлай бошлайди.
Ташқарида ҳаракатланаётган қўлларингиз ички оламингизга монанд ишлайди. Жиҳознинг ғуборини мато воситасида тозалайди. Жиҳоз янгиланади, нафас ола бошлайди. У ҳам ўзининг сизга кераклигини «ҳис» этиб, сизга узоқ йиллар хизмат қилади. Кўряпсизми, қанчалар оддий ва осон. Рамзий белгилар ҳам медитатив предмет сифатида олиниши мумкин. Масалан, туркий халқлар амалий санъатида нақш элементларидан фойдаланиш анъанага айланган. Анор гулидан ўсиб чиқаётган нозик чизмали барг туширилган сочиқни олинг. Аввал яхшилаб томоша қилинг. Сўнг кўзларингизни юмиб, ана шу белгилар ичида сайр қилинг. Балки ўзингизни шохдан-шохга сакраётган шўх боладай ҳис этарсиз. Ақлингиз тинчландими, сизни безовта қилган фикрлар четлашдими? Ақл беҳаловатликдан хотиржамликка ўтдими?
Агар оддий турмуш ташвишлари билан онгли тарзда шуғулланилса, у ҳолда айнан ўша ташвишлар инсонни соғайиш, даво топиш ҳолатига киритади. Яъни, биз медитация ва ақлни равшанлаштириш ҳолатига кирамиз. Медитация амалиётида ўз танамизни ва нафасимизни, дейлик, қўлларимизнинг идиш юваётган пайтдаги ҳаракатини, танамизнинг деворга мих қоқаётган пайтдаги сезгиларини англаймиз. Шунда кун
