автордың кітабын онлайн тегін оқу Кашандаликдан қутулишнинг осон йўли
Таржимон
Фазлиддин Мадиев
Муҳаррир
Отабек Умаров
Мусаҳҳиҳлар
Зиёдахон Турдибоева,
Рашид Хўжамов,
Ҳамидбек Юсупов,
Умида Абдусаломова
“Asaxiy Books” лойиҳаси доирасида таржима ва чоп қилинди.
Ушбу китобнинг ўзбек тилига таржимаси учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy Books” лойиҳасига тегишли бўлиб, мазкур компания рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.
Аллен Каррнинг ушбу китоби номига мос равишда чекиш одатидан осон қутулиш сирлари ҳақида. Муаллиф кенг тарқалган қарашларга қарши чиқиб, ўз нуқтаи назарини илгари суради. Шунингдек, илмий асослар ва тажрибасига таяниб, чекишни ташлашнинг ноодатий усулларини таклиф этади. Китоб нафақат кашандаликдан азият чекаётганлар учун ишончли қўлланма бўла олади, балки мавзуга қизиққан барча китобхонларга фойдали маълумотлар бера олади ҳам.
УЎК 613.844
КБК 51.1(0)5
ISBN 978-9910-9325-2-6
© “Asaxiy Books” МЧЖ, 2024
© Allen Carr, 1985
Салом, ўқувчи!
Биз халқчил банк сифатида мижозларимиз мушкулини осон қилиш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида қарийб бир ярим асрдан бери халқ хизматидамиз. Тараққиёт илмсиз мукаммал бўлмайди, илмнинг азалий манбаси эса китобдир.
Юртдошларимизга жаҳон адабиётининг сўнгги намуналарини ўзбек тилида етказиш учун биз “Asaxiy Books” лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва ушбу лойиҳа доирасида чиқадиган 20 та китоб нашрига кўмак беришга аҳд қилдик. Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга, уларнинг китобга ошно бўлишига имкон қадар ҳисса қўшишдан бахтиёрмиз.
“Asaxiy Books” билан ҳамкорликда чоп этилган “Кашандаликдан қутулишнинг осон йўли” номли китоб шундай фойдали асарлардан. У асримиз учун долзарб, негаки замонимизнинг энг катта муаммоларидан бирига ечим таклиф этади. Китобда чекишни ташлашга оид йўл-йўриқлар келтирилган. Мутолаа давомида ушбу ҳалокатли одатдан қутулиш йўлларидан ҳам бохабар бўласиз.
Ёқимли мутолаа тилаймиз!
Самимият билан, Халқ банки
МУАЛЛИФ ҲАҚИДА
Аллен Карр китобларининг умумий мазмуни – қўрқувдан халос бўлиш. Дарҳақиқат, унинг даҳолиги шунда: у одамларни қўрқувдан қутулиб, ҳаётдан тўлақонли баҳраманд бўлишга ундайди. Каррнинг “Кашандаликдан қутулишнинг осон йўли”, “Чекишни бутунлай ташлашнинг ягона йўли” (“The Only Way to Stop Smoking Permanently”), “Озишнинг енгил йўли” (“Allen Carr’s Easyweigh to Lose Weight”), “Алкоголдан тийилишнинг осон йўли” (“Allen Carr’s Easyway To Control Alcohol”), “Болангизни чекишдан қутқариш” (“How to Stop Your Child Smoking”) ва “Парвоздан роҳатланишнинг осон йўли” (“The Easy Way to Enjoy Flying”) бестселлерлари бунга яққол мисолдир.
Муваффақиятли ҳисобчи Аллен Карр кунига юзталаб сигарет чекарди ва минг урингани билан бу одатдан қутулолмагани сабаб умидсизликка тушиб қолганди. Охир-оқибат 1983 йилда у дунёга нима кераклигини англади: чекишни ташлашнинг осон йўли. Аллен Робин Ҳейлини “Allen Carr’s Easyway Worldwide” компаниясининг бошқарувчи директори лавозимига тайинлаб, у билан клиникалар тармоғи ҳамда халқаро ноширлик лойиҳасини ташкиллаштиришга киришди. Бу клиникалар дунё бўйлаб чекишни ташлашга ёрдам бериб, улкан обрў қозонди.
Аллен Карр китоблари элликдан ортиқ мамлакатда қирққа яқин тилда чиққан бўлиб, DVD, аудио, CD-ROM, видеоўйин ва веб-трансляция шаклидаги қўлланмалари ҳам мавжуд. Шунингдек, Аллен Карр Робин Ҳейлини ўз вориси қилиб, меросига масъул этиб тайинлади.
Аллен Каррнинг “Easyway” клиникаларига борган юз минглаб одамларнинг 90 фоизи кашандаликдан қутулган. чекишни ташлай олмасангиз, пулингизни қайтариб беришади. Ёрдамга муҳтож бўлсангиз, энг яқин клиникага боришдан тортинманг.
Ҳозир ушбу клиникаларда вазнни меъёрда ушлаш ва алкоголь ичишни ташлаш сеанслари ҳам бор. Шунингдек, компаниялар ходимлари учун чекишни ташлашнинг содда ва самарали дастурлари ташкиллаштирилади.
Аллен Каррнинг “Осон йўл” (“EASY-WAY”) туркумидаги китоблари, DVD ва CD-ROM дисклари, аудиолари, видеоўйинлари ва веб-трансляцияларига оид мулоҳаза ҳамда саволлар Лондондаги бош офис ва клиникаларга юборилиши лозим.
Сигаретдан воз кечтира олмаганим бутун кашандаларга (умид қиламанки, бу китоб сизни ўз эркингиз сари етаклайди), Сид Суттонга ва айниқса, Жойсга бағишланади
Сўзбоши
Ҳар кимга, ўзингизга ҳам чекишдан қутулишга ёрдам берадиган шундай сеҳрли усулни тасаввур қилинг:
- БИРДАН
- ТОАБАД
- ИРОДАНИ ИШГА СОЛМАСДАН
- ХУМОРИ ТУТМАСДАН
- СEМИРМАСДАН
- КЕСКИН УСУЛ, ДОРИ, НИКОТИН ПЛАСТИРЛАРИ ВА БОШҚА ШОВ-ШУВЛИ ВОСИТАЛАРСИЗ.
Тасаввур қилишда давом этамиз:
- ЎЗИНГИЗНИ МУҲТОЖ ВА ҒАМГИН ҲИС ҚИЛМАЙСИЗ
- ДАВРАЛАРДА КЎПРОҚ ЗАВҚЛАНА БОШЛАЙСИЗ
- ЎЗИНГИЗГА ИШОНЧИНГИЗ ОРТИБ, СТРEССДАН ЧИҚИШИНГИЗ ОСОНЛАШАДИ
- ДИҚҚАТНИ ЯХШИРОҚ ЖАМЛАЙ ОЛАСИЗ
- УМРИНГИЗ ХУМОРГА ҚАРШИ КУРАШДА ЎТМАЙДИ
- ЧЕКИШНИ ТАШЛАШ НАФАҚАТ ОСОН КЕЧАДИ, БАЛКИ ОХИРГИ СИГАРEТНИ СЎНДИРГАНДАН КEЙИН РОҲАТЛАНА БОШЛАЙСИЗ ҲАМ.
Шундай сеҳрли усулдан фойдаланган бўлармидингиз? Бироқ сиз мўъжизага ишонмайсиз. Мен ҳам ишонмайман. Лекин юқорида таърифланган усул мавжуд ва мен уни ОСОН ЙЎЛ дейман. Аслида, у сеҳрли эмас, шунчаки шундай кўринади. Уни кашф этганимда менга ҳам мўъжизавий туйилган. Сигаретни шу ОСОН ЙЎЛ ёрдамида муваффақиятли ташлаган миллионлаб одамларнинг таассуроти ҳам шундай.
Менга ишонмаётгандирсиз. Хижолат бўлманг, даъволаримни исботсиз қабул қилиш соддалик бўларди. Аммо уларни жуда бўрттирилган деб ўйламанг. Ушбу китобни ўқиётганингизга сабаб – ё “EASYWAY” клиникасига борган, ё бу китобни ўқиган ёки бошқа қўлланмам ёрдамида чекишни ташлаган кишининг тавсияси. Тавсияни тўғридан-тўғри ёхуд сизни йўқотишдан қўрқадиган суюкли инсонингиз орқали етказишганми – аҳамиятсиз.
“ОСОН ЙЎЛ” қандай ишлайди? Буни қисқача тушунтириш осон эмас. Кашандалар клиникамизга саросимада келишади ва чекишни ташлай олишига ишонишмайди. Мўъжиза юз бериб, ташлай олса ҳам, номаълум муддат ўта бахтсиз бўламан деб ўйлашади. Давралар ортиқ завқлантирмаслигидан ва стрессга чидам йўқолишидан қўрқишади. Чекишни бутунлай ташлаган тақдирда ҳам эркин бўлолмаслигидан ва умр бўйи хуморга қарши курашишга тўғри келишидан хавотир олишади.
Бу кашандаларнинг кўпчилиги бир неча соатдан кейин бошқа чекмайдиган бахтли одам бўлиб клиникамизни тарк этади. Бундай мўъжизага қандай эришамиз? Буни билиш учун “EASYWAY” клиникамизга келиш керак. Аксарият кашандалар жараённи шундай тасаввур қилади: биз уларни даҳшатли касалликлар билан қўрқитиб, чекиш жуда жирканч ва серхарж одатлигини ҳамда ундан қутулмаслик аҳмоқлик эканини уқтирамиз. Йўқ, биз шундоқ ҳам сиз биладиган маълумотларни айтиб ақл ўргатмаймиз. Булар чекишни ташлаш муаммолари эмас, балки кашанда бўлиш муаммолари бўлиб, улар сизни чекишдан тўхтатмайди. Кашандаликдан қутулиш учун унинг сабабларини йўқотиш керак. “ОСОН ЙЎЛ” буни ҳал қилади. У чекиш истагини йўқотади. Истак қолмаган бўлса, иродани ишга солишга ҳожат йўқ.
“ОСОН ЙЎЛ” методини клиника, китоб, DVD, аудио, CD-ROM, видеоўйин ва веб-трансляция орқали ҳам ўрганиш мумкин. Ушбу воситалар бир хил маълумотни етказади. Маъқул келганидан фойдаланаверинг. Баъзилар китоб ўқиш, бошқалар видео томоша қилишни афзал кўради. Клиникаларимиз шунчалик муваффақиятлики, натижа бўлмаса, пулингиз қайтариб берилиши кафолатланган. Нархлар жойлашувга қараб фарқланади. Шунингдек, сиз 20 фоиз мижозларимиздек биттадан кўп сеансга муҳтож бўлсангиз, биринчи сеанс учунгина тўлайсиз, қолганлари текин. Биз ҳаммага қўлдан келганча ёрдам берамиз. муолажалардан кейин чекишни ташлай олмасангиз, пулингиз тўлиқ қайтариб берилади. Дунё миқёсида клиникаларимиз ўртача 90 фоизлик натижа кўрсатади.
Аммо бу китоб ҳам самарадорликда қолишмайди. У тугал бир курс бўлиб, миллионларча кашандалар уни ўқибгина чекишни осон ташлай олган. Барибир шубҳаланаётган бўлсангиз, балки энг яқин клиникага қўнғироқ қиларсиз?!
ОГОҲЛАНТИРИШ
Балки, бу китобни ўқишдан олдин хавотирланаётгандирсиз. Эҳтимол, кўпчилик кашандалардек чекишни ташлашни ўйлаб ваҳимага тушарсиз ва айнан бугун ташлашни истамассиз.
Кашандаликнинг соғлиқ учун қўрқинчли хавфлари, харажатлари, бу одат жирканчлиги ва сиз журъатсиз ҳамда иродасиз аҳмоқ эканлигингиз ҳақида ваъз ўқишимни тахмин қилсангиз, адашасиз. Бундай ёндашув чекишни ташлашимга ёрдам бермаган. Агар у самарали бўлганида, кашандаликдан аллақачон қутулардингиз. “ОСОН ЙЎЛ” номли усулим ундай ишламайди. Айрим гапларимга ишонмаслигингиз мумкин, лекин китобни тугатиб, нафақат ишонасиз, балки нақадар адашганлигингизни ҳам англайсиз.
Одамлар тамакига қарамликни ўзлари танлайди, деган янглиш тушунча бор. Бироқ кашандалар бу борада алкоголикка айланган ичувчилардан ёки бангига айланган героин истеъмолчиларидан фарқ қилмайди. Илк марта татиб кўриш илинжида чекишимиз рост. Аммо мен ҳам баъзан кинога бораман, лекин бутун умрни кинозалда ўтказишни истамаслигим аён.
Ҳаётингизга назар солинг. Сизда сигарет чекмасдан овқатланолмайман, даврага қўшилолмайман, диққатни жамлай олмайман ёки стрессни енголмайман, деган ҳиссиёт бўлганми? Қачон нафақат давраларда, балки сурункали тарзда сигаретга муҳтожлигингизни ҳис қилиб, сигаретсиз ўзингизга ишонч йўқола бошлаган ва саросимага тушадиган бўлгансиз?
Ҳамма кашандалардек сиз ҳам инсон ва табиатнинг бир орага келиб, айёрона яратган энг ёмон қопқонига тушгансиз. Ҳеч қайси ота-она, ўзи чекса ҳам, чекмаса ҳам, фарзандининг чекишидан хурсанд бўлмайди. Демак, барча кашандалар чекишни бошлаганидан афсусланади. Бундан ташқари, бу қопқонга тушишдан олдин ҳеч ким таомдан лаззатланиш ёки стрессни енгиш учун сигаретга муҳтож бўлмайди.
Бироқ никотинга ружу қўйганлар барибир чекишда давом этишни истайди. Ҳарқалай, ҳеч ким бизни сигарет тутатишга мажбур қилмайди. Бунинг сабабини тушунамизми-йўқми, лекин чекишга ўзимиз қарор қиламиз.
Сеҳрли тугмага босиб, эртаси куни ҳеч қачон чекмаган инсондек уйғониш имкони бўлганида, атрофда чекишни энди бошлаган ёшлардан бошқа кашанда кўрмасдингиз. Сигаретни ташлашга ягона тўсиқ – ҚЎРҚУВ. Номаълум муддат ғамгин ва муҳтож бўлишдан қўрқув.
Овқатланиш ва базм сигаретсиз мароқли ўтмаслигидан қўрқув. Тамакисиз диққатни жамлай олмаслик, стрессдан чиқолмаслик ва ўзимизга ишонч йўқолишидан чўчиш. Шахсиятимиз ва характеримиз ўзгаришидан ҳадиксираш. Аммо ҳаммасидан ёмони – “бир марта чеккан доим чекади” деган тушунча ва умрингиз охиригача хумор тутишидан хавотирланиш. Сиз ҳам мендек сигаретни ташлашнинг барча анъанавий усулларини синаб иродангизни қийнаган бўлсангиз, бу руҳиятингизда асорат қолдиргандир.
Агар ҳадиксираётган ва чекишни ҳозир ташлашга ботинолмаётган бўлсангиз, бунга қўрқув сабаб. Сигарет бу қўрқувдан халос этмайди, балки уни пайдо қилади.
Никотин тузоғига тушиш танловингиз эмасди, лекин қопқон сизни ушлаб турибди. Илк марта чекканингизда бутун умр кашанда бўлишга қарор қилганмисиз? Ундай бўлмаса, қачон йиғиштирмоқчисиз? Эртагами? Ёки кейинги йил? Ўзингизни алдаманг! Бу кетишда умр бўйи алданасиз. Ўйлаб кўринг: нега кўпгина кашандалар ўлгунича чекади? Ушбу китоб илк бор 1985 йилда чиққан ва ўшандан бери бестселлерлар рўйхатидан тушмаяпти. Ҳар йили ўқувчилардан фикр-мулоҳазалар келади. Қуйида келтирилган бу фикрлардан маълумки, усулим умидларимни ортиғи билан оқлаган. Шунингдек, улар ОСОН ЙЎЛнинг мени ташвишлантирган иккита жиҳатини очиқлайди. Иккинчиси ҳақида кейинроқ сўзлаб бераман. Биринчиси эса мактубларни ўқиганимда ойдинлашган. Учта мисол келтирай:
“Бошида иддаоларингизга ишонмаганим учун узр сўрайман. Бу айтганингиздек осон ва завқли усул экан. Китобингизни барча кашанда дўсту биродарларимга тарқатдим. Аммо нега улар ўқимаяпти, тушунмайман.”
“Менга китобингизни чекишни ташлаган бир дўстим саккиз йил олдин тутқазган. Уни энди ўқий бошладим ва ҳозир қанчалик эркин эканимни таърифлашга тил ожиз. Ягона пушаймоним – саккиз йилимни кўкка совурганим.”
“ОСОН ЙЎЛ”ни ўқиб чиққанимга энди тўрт кун бўлди, бироқ ўзимни осмону фалакда ҳис қиляпман. Ортиқ умуман чекмаслигимга аминман. Бу китобни беш йил олдин ўқишга киришгандим, лекин ярмига келганимда саросимага тушиб, тўхтагандим. Давом эттирсам, чекишни ташлашим кераклигини билардим. Аҳмоқлик қилганман-а?”
Йўқ, бу аёл аҳмоқ бўлмаган. Сеҳрли тугма тўғрисида айтганимни эслайсизми? ОСОН ЙЎЛ ўша сеҳрли тугмадек ишлайди. Тўғри, ОСОН ЙЎЛ аслида сеҳр эмас, аммо мен ва миллионлаб собиқ кашандаларга у мўъжизадек туйилади!
Сизни огоҳлантирмоқчиман: вазиятингиз қалтис. Ҳамма кашандалар чекишни ташлашни истайди ва буни осон ҳамда мароқли бажара олади. Лекин қўрқув бунга ғовдир. Энг катта ютуқ – қўрқувдан халос бўлиш. Бунинг учун китобни охиригача ўқиб чиқиш зарур. Аммо учинчи мактубни ёзган жувон тасвирлаганидек, китобни ўқиганингиз сари саросимангиз кучайиши ва охирги саҳифаларгача боролмаслигингиз мумкин.
Сиз тузоққа тушишни хоҳламагансиз, лекин ундан чиқиш учун қатъий қарор зарур. Балки, ҳозироқ чекишни ташлашга иштиёқманддирсиз, бироқ хавотирланаётган бўлишингиз ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, ёдингизда тутинг: СИЗ ҲЕЧ НАРСА ЙЎҚОТМАЙСИЗ!
Китобни тугатгандан кейин ҳам чекишда давом этишга қарор қилсангиз, ҳеч ким ёқангиздан олмайди. Ҳатто ўқиётиб ҳам чекишингиз мумкин. Биз шок терапиясини қўлламаймиз, балки сизни фақат хурсанд қиламиз. Граф Монте-Кристо қамоқдан қочганидан кейин ўзини қандай ҳис қилганини эслайсиз-а? Мен ҳам никотин қопқонидан қутулганимда ўзимни шундай ҳис қилганман. Бу туйғуни усулимни қўллаган миллионлаб собиқ кашандалар ҳам туйган. Китобни тугатиб, сиз ҳам ХУДДИ ШУ ҲИСНИ ТУЯСИЗ! ОЛҒА!
КИРИШ
“Мeн дунёни сигарeт балосидан қутқараман.”
Хотинимга шундай деганимда оғзи очилиб қолган. Ахир у чекишни ташлашга саноқсиз уринишларимни кўрган. Охиргиси бундан икки йил бурун эди. Ўшанда олти ой азоблангандим. Алалоқибат сабрим тугаб, сигарет ёққанимда боладек йиғлаворгандим. Бир умр кашандаликка маҳкумман деб ўйлагандим. Шунчалик тиришиб қийналгандимки, ортиқ бундай синовларга мажолим қолмаганди. Мен зўравон эмасман, лекин агар ўшанда менга бирор чекмайдиган одам ҳамма чекишни дарҳол ва бутунлай ташлай олишини айтганида, уни бир нима қилиб қўярдим. Аммо ишончим комил: фақат чекувчилардан иборат ҳар қандай ҳакамлар ҳайъати бундай қотилликни оқлаган бўларди.
Балки, чекишдан қутулишнинг қулай йўли борлигига сиз ҳам ишонмассиз. Шунга қарамай, бу китобни ахлат қутисига ташлаб юбормаслигингизни сўрайман. Илтимос, менга ишонинг. Сиз ҳам кашандаликдан осон халос бўлоласиз.
Муваффақиятсиз уринишимдан икки йил ўтиб охирги сигаретимни сўндирарканман, хотинимга нафақат ортиқ чекмаслигим, балки бу одатдан бутун дунёни даволашимни ҳам айтганман. Рафиқам ишонмаганидан ранжисам-да, шижоатим йўқолмаган. Балки, сигаретни ташлаганимдан қувончим ичимга сиғмай бир томонлама ёндашгандирман. Ҳозир хотинимни тушунаман. Жойс, қалин дўстлар ва қариндошларим мени жиннихона беморлигига номзод деб ўйлагани ҳам энди ҳайрон қолдирмаяпти. Бутун ўтмишим чекишни ташлаш учун тайёргарликка ўхшайди. Ҳисобчиликка ўқиган ва ҳисобчи бўлиб ишлаган ёқимсиз йилларим ҳам сигарет тузоғининг моҳиятини англашимга ёрдам берган. Ҳаммани ҳамма вақт алдаб бўлмайди деб ўйлайсизми? Менимча, тамаки компаниялари узоқ йиллар буни уддалаган. Ўйлашимча, сигарет тузоғини биринчи бўлиб мен фош этдим. Балки димоғдор бўлиб кўринаётгандирман, бироқ ўша кашфиёт сабабчиси мен эмас, балки вазиятдир.
Бу 1983 йилнинг 15 июлида рўй берди. Ўшанда охирги сигаретимни сўндирар эканман, Кольдиц қасридан қочган тутқундек енгил тортиб, қувондим. Шу пайт кашандалар орзуси – чекишни ташлашнинг осон йўлини топдим.
Бу усулни чекадиган дўстлар ва қариндошларимда синаганимдан кейин ҳисобчиликни йиғиштириб, кашандаларга ёрдам бера бошладим. Икки йилдан сўнг ушбу китобни ёздим. Бунга сабабчи бўлган кишини 25-бобда тилга олдим. У олдимга икки марта келган ва ҳар сафар иккаламиз кўз ёш тўкардик. У шунчалик асабийлашардики, маслаҳатларимнинг мағзини чақолмасди. Ҳаммасини қоғозга туширсам, у ўзига қулай вақтда бемалол ўқиб, ўгитларимни ўзлаштиради, деб ўйладим. “ОСОН ЙЎЛ” менга қанчалик ёрдам берган бўлса, бошқаларга ҳам шунчалик ёрдам беришига шубҳам йўқ. Лекин китоб ёзишни ўйлаб иккиланганман. Негаки бундай қўлланмага талабни ўрганганимда одамлар ижобий фикр билдирмаган:
“Чекишни ташлашга китоб ёрдам берадими? Ахир менга ирода керак!”
“Хумор азобини китоб қандай қилиб енгиллаштириши мумкин?”
Ўзимда ҳам шубҳалар бор эди. Клиникамизга келган мижоз бирор муҳим жиҳатни нотўғри тушунса, унга тушунтириб берардим. Аммо китоб бундай жонли мулоқотга қодир эмас. Ҳисобчиликка ўқиганимда баъзан китоблардаги айрим фикрларни тушунмасдим ёки уларга қўшилмасдим ва китобдан батафсил изоҳ сўраш имконсизлигидан афсусланардим. Бундан ташқари, телевизор ва видео замонида кўпгина инсонлар мутолаага одатланмаган.
Энг жиддий хавотирим ёзувчи эмаслигим эди. Мен кашанда билан юзма-юз ўтириб, уни чекишни ташлашнинг завқи ва осонлиги, тамакисиз йиғинлар мароқли ўтиши, диққат ҳамда стрессга чидам яхшиланишига ишонтиролардим. Аммо билимларимни китобда баён этолишимга шубҳам бор эди. Худога шукр, қўлимдан келди. Анъанавий ва электрон почтадан ўн мингларча эътироф мактубларини олдим:
“Бу шу пайтгача ёзилган энг буюк китоб!”
“Сиз устозимсиз!”
“Сиз даҳосиз!”
“Сиз рицарлик унвонига лойиқсиз!”
“Сиз бош вазир бўлишингиз керак!”
“Сиз авлиёсиз!”
Бу шарҳлардан талтайиб кетмай. Ахир улар ёзувчилик қобилиятимни мақтамаган, чунки бундай истеъдодим йўқ. Эътирофлар боиси шуки, китобимни ўқийсизми ёки клиникамизга борасизми – АЛЛEН КАРРНИНГ “ОСОН ЙЎЛ” УСУЛИ САМАРАЛИ!
Мен нафақат “EASYWAY” клиникаларининг халқаро тармоғи, балки ушбу китоб илк нашридан бошлаб ҳар йили бестселлерлар қаторидан тушмаслиги билан ҳам мақтаноламан. Яқинда Норвегияда у ҳатто “Ҳарри Поттер”дан кўпроқ сотилиб, бадиий ва нобадиий асарлар орасида биринчи рақамли бестселлер бўлди. Элликта мамлакатда тўққиз миллион нусхаси сотилган китобим ўттиз олти тилга ўгирилган.
Клиникаларимизни бир йилча юритиб, чекишни ташлашнинг барча сир-асрорларини билдим деб ўйлагандим. Лекин ажабланарлиси, йигирма йил ўтиб ҳам ҳар куни янги нарсалар ўрганаман. Шунинг учун китобнинг биринчи нашри чиққанига олти йил бўлганида уни қайта кўздан кечиришимни сўрашган пайт хавотирга тушдим. Ҳамма ёзганларимни ўзгартиришим керак, деб қўрқдим.
Бироқ ташвишланмасам бўлар экан. Чунки “ОСОН ЙЎЛ”нинг асосий тамойиллари ҳар доимгидек самарали. Жозибали ҳақиқат шуки, ЧEКИШНИ ТАШЛАШ ОСОН!
Бу факт. Фақат кашандаларни бунга ишонтиришим керак. Йигирма йиллик билимларимни шунга бағишлаганман. Клиникаларимиз мукаммал натижага интилади. Натижага эришолмасак, хафа бўламиз, чунки чекишни осонликча ташлаш ҳамманинг қўлидан келишини биламиз. Одатда мижоз чекишни ташлолмаса, буни ўз хатоси деб ўйлайди. Аммо биз буни ўзимизнинг хатомиз деб биламиз, чунки кашандаликдан қутулиш қанчалик осон ва ёқимли эканига уни ишонтиролмаганмиз.
Китобимнинг илк нашрини ўзим даволай олмаган 16-20 фоиз кашандага атаганман. Уларга пулини қайтариб берганмиз. Ҳозир дунё миқёсида клиникаларимизда даво топмаганларнинг улуши ўртача 10 фоиздан ошмайди. Демак, муваффақият кўрсаткичи – 90 фоиз.
Кашфиётим ажойиблигини тушунсам-да, бундай натижалар тушимга ҳам кирмаган. Дунёни чекувчилардан тозалаш учун 100 фоизлик натижага эришишим кераклигини таъкидлашингиз мумкин.
Йўқ, мен ҳеч қачон буни кўзламаганман. Ҳидлаб бурунга тортиш ўтмишда никотинга қарамликнинг энг оммалашган кўриниши бўлиб, бугун беадаблик ҳисобланади ва кам учрайди. Бироқ никотинни шундай тортадиган ғалати одамлар ҳануз бор ва гумонимча, доим бўлади. Ажабланарлиси, Британия парламенти бурунга тортиш одати сақланган сўнгги қалъалардандир. Бунга ҳайрон бўлмайман, ахир сиёсатчилар одатда замондан юз йил орқада юришади! Демак, кўпчилик чекишни ташласа ҳам, кашандаликдан воз кечмаган ғалатилар доим бўлади. Мен, албатта, жаҳондаги ҳар бир кашандани шахсан даволашни мақсад қилмаганман.
Мен сигарет тузоғини ва қуйидаги хомхаёлларни фош этиш етарли деб ўйлагандим:
- Кашандалар чекишдан маза қилади.
- Кашандалар чекишни танлайди.
- Чекиш зерикиш ва стрессни енгиллаштиради.
- Чекиш диққатни жамлаб, бўшаштиради.
- Чекиш бу – одат.
- Чекишни ташлаш учун кучли ирода керак.
- Бир марта чеккан доим чекади.
- Чекиш ўлдириши ҳақида кашандаларга айтилса, улар сигаретни ташлашади.
- Сигарет ўрнини босувчи никотинли воситалар чекишни ташлашга ёрдам беради.
Чекишни ташлаш осонлиги ва бунинг учун ўтиш даврига ҳожат йўқлигини исботлаганимда одамларнинг кўзи очилади, деб соддаларча ўйлаганман.
Энг катта душманим – тамаки саноати, деб юрардим. Буни қарангки, аслида иттифоқдош деб юрганларим йўлимда тўғаноқ бўлди: ОАВ, ҳукумат, “ASH” (“Action on Smoking and Health”) ва “QUIT” каби ташкилотлар ҳамда шифокорлар.
“Ҳамшира Кенни” (“Sister Kenny”) фильмини кўргандирсиз. Кўрмаган бўлсангиз, айта қолай: бу – полиомиелит болаларнинг кушандаси бўлган давр ҳақидаги кино. Ҳозир “саратон” сўзи мени қандай сескантирса, ўшанда “полиомиелит” номи шундай қўрқитганини эслайман. Бу касаллик қўл ва оёқларни фалажлаб, қийшайтирарди. Фалажлангандан кейин қийшайишнинг олдини олиш учун оёқ-қўлларни темир қолипларга солишарди. Бироқ натижада одам бир умрга фалаж бўларди.
Ҳамшира Кенни темир қолиплар тикланишга халақит беришига амин эди ва мушакларни юришга қайта ўргатиш мумкинлигини минг марта исботлаган. Аммо Кенни шифокор эмас, оддий ҳамшира эди. “Малакали шифокорларнинг ишига қўл уришга у қандай журъат этди?” қабилидаги эътирозлар янграган. Ҳамшира Кенни муаммога ечим топгани эса тиббиётчиларни унчалик қизиқтирмасди. Кеннидан шифо топган болалар ва уларнинг ота-оналари ҳамширанинг ҳақлигини билишарди. Бироқ расмий тиббиёт унинг усулини қўллашни истамаган ва ҳамшира Кеннига тўсқинлик қилган. Мутахассисларга ҳақиқатни қабул қилдириш учун Кенни йигирма йил сарфлаган.
Мен “ОСОН ЙЎЛ” усулини топишдан анча йиллар олдин бу кинони кўргандим. У жуда қизиқарли ва маълум даражада ҳақиқатни акс эттирган. Лекин менга Ҳолливуд воқеликни бўрттиргандек туйиларди.
Бутун тиббиёт топмаган нарсани ҳамшира Кенни кашф этиши мумкинмиди? Ахир шифокорлар шунчалик аҳмоқ бўлмагандир? Нимага фактларни қабул қилиш учун уларга йигирма йил керак бўлди?
“Ҳақиқат уйдирмадан ҳам ғалатироқ”, дейишади. “Ҳамшира Кенни” ижодкорларини бўрттиришда айблаганим учун узр сўрайман. Ахир ўзим ҳам ҳатто замонавий коммуникациялар даврида йигирма йилдан бери одамларга ҳақиқатни етказолмаяпман. Аммо даъволаримни исботладим: бу китобни ўқишингизга ягона сабаб – бирор собиқ кашанда тавсияси. Мен Британия шифокорлар уюшмаси, “ASH” ёки “QUIT” каби молиявий қудратли эмасман. Ҳамшира Кеннидек, мени ҳам дунё бўйлаб клиникаларимни юритаётган сафдошларимгина қўллаб-қувватлайди. Ҳамшира Кеннидек, мен ҳам усулим самара бергани учунгина машҳурман. Мени чекишни ташлашнинг биринчи рақамли гуруси дейишади. Кеннига ўхшаб, мен ҳам ўз нуқтаи назаримни исботладим. Лекин дунё тўғри ишнинг тескарисини қилишда давом этар экан, бундан не фойда? Шунга қарамай, ушбу китобнинг охирги жумласи илк қўлёзмадаги билан бир хил: “Жамиятда ўзгариш шамоли эсмоқда. Биргина қор парчаси кўчкига сабаб бўлади”.
Мен ҳақимда шифокорларни ҳурмат қилмайдиган одам, деган хулосага келгандирсиз. Лекин бу ҳақиқатдан жуда йироқ. Ахир битта ўғлим шифокор ва мен бундан яхшироқ касбни билмайман. Боз устига, клиникаларимизни бошқа касб эгаларидан кўра шифокорлар кўпроқ тавсия этади. Ажабланарлиси, аксарият мижозларимиз ҳам тиббиёт вакиллари.
Бошида шифокорлар мени товламачи ҳисоблашди. Бироқ 199
