Ибтидо
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Ибтидо

ИБТИДО

Ден Браун

Таржимон: Орифа Ғуломова






Электрон китоб Asaxiy Books лойиҳаси доирасида таржима қилинди

Бизни кутаётган ҳаётга эгалик қилиш учун ўзимиз режалаган ҳаётдан воз кечишга шай турмоғимиз даркор.

ЖОЗEФ КEМПБEЛ

 

 

ФАКТ:

Ушбу асарда учрайдиган барча санъат асарлари, меъморий обидалар, манзиллар, илм-фан ютуқлари ҳамда диний ташкилотлар ҳақиқийдир.

 

 

Муқаддима

Қадимий поезд тоғ ёнбағирлаб юқорига ўрмаламоқда. Эдмонд Кирш боши узра ястаниб ётган пурвиқор чўққилардан кўз узмайди. Олисда шир  яланғоч қоянинг текис юзасига қурилган маҳобатли тош ибодатхона кўзга ташланади. Бу мағрур иншоот очиқ самога сеҳргарнинг кўринмас арқони билан осиб қўйилгандек таассурот уйғотади. 

Бу боқий монастирь Испаниянинг Каталония вилоятида жойлашганди. У тўрт асрки, ўз вазифасини тўкис бажариб, бағрида умр ўтказаётган одамларни замонавий дунёдан ажратиб келмоқда эди.

“Тақдир ҳазилини қарангки, айнан улар асл ҳақиқатдан биринчи бўлиб хабар топади”, деб ўйлади Кирш воқеалар ривожини тасаввур қиларкан. “Тарихан ер юзидаги одамларнинг энг хавфлиси − Худонинг одамлари. Айниқса, уларнинг Худоларига таҳдид қилинса борми… Мен ҳозир қовоғарининг инига ёнаётган найзани улоқтирмоқчиман”, ўйлади Кирш чуқур нафас олиб.

Ўйга ғарқ бўлганча тоғ чўққисига етиб боргач, Кирш платформада поезд кутаётган ёлғиз одамга эътибор берди. Озғинлигидан эти суягига ёпишган кутиб олувчи эгнига католикларнинг анъанавий либоси – оқ рокет ва қирмизи жубба кийиб, бошига салладан кичикроқ митти қалпоқча – зукетто қўндириб олганди. Авваллари фақат суратларда кўрган бу қоқсуяк мезбоннинг ким эканлигини илғаган Киршнинг томирларида кутилмаганда адреналин жўш уриб кетди.

“Вальдеспинонинг шахсан ўзи мени кутиб олгани чиқибди!”

Епископ Антонио Вальдеспино Испанияда жуда обрўли шахс эди. У испан қиролининг ишонган дўсти ва маслаҳатчиси бўлиб, консерватив католик қадриятлари ҳамда анъанавий-сиёсий меъёрларнинг энг кўзга кўринган ҳимоячиси ҳам эди.

– Эдмонд Кирш, шундайми? – дона-дона қилиб сўради епископ поезддан тушган Киршга пешвоз чиқаркан.

– Худди ўзи, – йигит табассум билан жавоб қайтарди ва саломлашиш учун қўл чўзди. Мезбоннинг узун, нозик бармоқларини дўстона силкиркан, қўшиб қўйди: – Жаноб епископ, ушбу учрашувни ташкиллаганингиз учун миннатдорман.

– Мен эса учрашиш таклифингизни қадрлайман, – епископ Вальдеспинонинг овози Кирш кутгандан кучлироқ, қўнғироқдек жарангдор чиқди. – Очиғини айтганда, биз доим ҳам илм-фан одами билан мулоқот қилавермаймиз, айниқса, сиз каби таниқлилар билан. Бу томонга, марҳамат.

Улар платформа бўйлаб юриб кетишди. Изғирин тоғ шамоли епископнинг жуббасини тебратарди.

– Тан олмоғим жоиз, – деди епископ, – сиз тасаввур қилганимдан бошқача экансиз. Мен олимни учратаман деб ўйлагандим, бироқ сиз… – у Киршнинг устидаги “Китон” фирмасининг қимматбаҳо “К-50” костюмига, “Баркер”га тегишли туяқуш терисидан тикилган туфлига беписанд қаради, – Бироқ сиз ҳипстерга ўхшайсиз. Ҳипстер. Тўғрими? 

Кирш илтифот билан жилмайди. “Ҳипстер” сўзи ўн йиллар аввал урфдан қолганди.

– Сиз ҳақингизда жуда кўп ўқиган бўлсам ҳам, – давом этди Вальдеспино, – ҳанузгача нима иш қилишингизни аниқ билмайман.

– Ихтисослигим ўйинлар назарияси ва компьютер моделлаштиришдан иборат.

– Демак, болалар учун компьютер ўйинлари яратасиз, шунақами?

Епископ атай замондан ортда қолган қариядек кўринишга уриниб, муғомбирлик қилаётганини Кирш пайқади. Аниқроқ айтганда, Вальдеспино замонавий технологиялардан яхши хабардорлиги, тез-тез уларнинг хавф-хатарлари ҳақида маъруза қилиши йигитга маълум эди. Шундай бўлса-да, Кирш ҳеч нима билмагандек тушунтирди:

– Йўқ, жаноб. Ундай эмас. Ўйин назарияси – математиканинг бир тармоғи. У келажакни башорат қилиш учун такрорланувчи ҳодисаларни ўрганади.

– Ҳа-а, эсладим! Бир неча йил аввал Европада валюта инқирози бўлиши ҳақида башорат қилгандингиз. Мақолангизни ўқиганим ёдимда. Ўшанда сизга ҳеч ким ишонмаганди, сиз эса махсус компьютер дастурини ихтиро этиб, ўлган Европа Иттифоқини лаҳаддан тортиб олдингиз. Сизнинг “Мен ўттиз уч ёшдаман. Исо Масиҳ ҳам Лазарни қайта тирилтирганда ўттиз уч ёш эди”, деган сўзларингиз тилга тушганди.

Кирш қизариб кетди.

– Беўхшов қиёслаш бўлган, тан оламан, ҳазрат. У кезлари ёш эдим.

– Ёш? – кулди епископ. – Ҳозир неча ёшдасиз… қирқлар атрофидами?

– Роппа-роса қирқда.

Қария жилмайди. Кучайиб бораётган шамол унинг жуббасини ҳар томон ирғитиб ўйнарди.

– Аслида, заминимиз мўминларга мерос қолиши керак эди. Лекин бахтга қарши, у техникага муккасидан кетган, ўз қалбига эмас, экранларга боқишни афзал кўрувчи ёшларга қолди. Ростини айтсам, қачондир мен ҳозирги авлоднинг қаҳрамони билан учрашишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Замон болалари сизни ҳатто “Пайғамбар” деб атайди.

– Шундай бўлса-да, сиз билан кўришишни аввалдан билмагандим, зоти муқаддаслари, – жавоб қайтарди Кирш. – Сиз ёки ҳамкасбларингиздан бирортаси билан шахсан учрашиш имкониятини ҳисоблаганимда таклифимни қабул қилишингизга атиги йигирма фоиз умид бор эди, холос.

– Биродарларимга айтганимдек, художўйлар худосизларни эшитишдан ҳамиша наф топиши мумкин: чунки иблисни тинглаб, Парвардигор сўзларининг қадрига етамиз, – деб илжайди епископ ва дарҳол қўшимча қилди: – Бу албатта, ҳазил. Менинг қартайган юмор ҳиссимни афв этинг. Ҳазилларим ҳам ўзим каби қарияпти чоғи, – шундай дегач, епископ олдинга йўрғалади. – Қолганлар бизни кутмоқда. Бу томонга юринг, марҳамат!

Кирш бораётган манзили томон нигоҳ ташлади. Кулранг тошлардан барпо этилган баҳайбат қўрғон текис қоянинг энг баланд нуқтасига қурилган эди. Қоядан минглаб фут пастда кўкаламзор ўрмонлар, яшил тепаликлар ястаниб ётарди. Баландликда ўзини лоҳас сезган Кирш кўзини пастдан олди. У хаёлини бўлажак учрашувга йўналтиришга интилиб, нотекис сўқмоқ бўйлаб епископга эргашди.

Эдмонд Кирш бироз аввал якунланган конференцияда иштирок этган жаҳоннинг энг таниқли уч диний раҳнамоси билан юзма-юз учрашув белгилаган эди.

“Дунё динлари парламенти.”

1893 йилдан буён ўттизга яқин дунё динларидан чиққан юзлаб раҳнамолар маълум йиллар оралиғида, турли манзилларда динлараро мулоқот учун бир ҳафталик конференция ўтказиши одат тусига кирганди. Йиғилиш қатнашчилари орасида жаҳоннинг ҳар томонидан келган таниқли насроний руҳонийлари, яҳудий раввинлари ҳамда мусулмон имомлари билан бир қаторда, ҳинд пужарилари, буддист бхикшулари, жайнлар, сингхларни учратиш мумкин эди.

Парламент ўз олдига қўйган устувор вазифа “Дунё динлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, таълимотлар орасида мустаҳкам кўприк бунёд этиш ва барча эътиқодларнинг умумий илдизини топиш”дан иборат эди.

Устувор мақсад нақадар эзгу бўлмасин, қадимги афсона, миф ва башоратларнинг тасодифий ўхшашликларини қидириш Киршга вақтни бекорга совуриш бўлиб кўринарди.

Епископ Вальдеспинога эргашганча сўқмоқдан бораркан, йигит тоғ ёнбағирларини кўздан кечирди ва миясига келган фикрдан истеҳзоли жилмайди. “Худонинг сўзларини қабул қилиш илинжида Мусо тоққа чиққанди… Мен эса бунинг аксини бажариш учун чўққига кўтарилмоқдаман.”

Кирш бўлажак учрашувга ахлоқий бурч ундови билан кетаётганига ўзини ишонтирганди. Шу билан бирга, бу ҳаракатига ич-ичидан ёпирилиб келаётган кибр ҳам яхшигина туртки берганидан тонмасди. Дунё тан олган клериклар билан юзма-юз ўтириб, уларни кутаётган муқаррар чўкиш тўғрисида бор гапни айтиш ва ўша лаҳзадаги уларнинг юз ифодасини ўзгача бир лаззат-ла кузатиш истаги йигитга тинчлик бермасди.

“Бизнинг ҳақиқатимизни англаб, ўз қисматингиз билан тўқнашасиз.”

– Таржимаи ҳолингизга кўзим тушганди, – луқма ташлади епископ ўгирилиб. – Ҳарвардни тамомлаганмисиз?

– Шундай, тақсир. Бакалавр даражасини олганман у ерда.

– Тушунарли. Яқинда ўқиб қолдим, эмишки, Ҳарвард тарихида биринчи марта ўқишга қабул қилинган талабалар орасида атеист ва агностиклар сони диндорларникига нисбатан кўпайиб кетибди. Эътиборга молик маълумот-а, шундай эмасми, жаноб Кирш?

– Нима ҳам дердим, – елка қисди Кирш. – Талабаларимизнинг ақли йилдан йилга ўткирлашмоқда.

Шамол янада кучайди. Улар манзилга – қадимий, аммо улуғвор иморат қаршисига етиб борди. Бинонинг кириш қисми хира ёритилган бўлиб, хушбўй тутатқидан таралаётган ўткир ифор ҳавони тутганди. Икки ҳамроҳ лабиринтни эслатувчи йўлакдан ичкарига йўналди. Кирш кўзларини нимқоронғиликка мослашга уриниб, катта-катта очиб-ёпар ва епископга етишиб юришга интиларди. Ниҳоят, улар ёғочдан ишланган ажабтовур мўъжаз эшикка яқинлашди. Вальдеспино остонада тўхтаб, уни икки марта тақиллатди. Сўнг энгашиб ичкарига кираркан, Киршни ҳам ортидан имлади.

Йигит иккиланган кўйи остона ҳатлаб, олдинга қадам босди-ю, ўзини баланд деворлари қадимий, тери муқовали китоблар билан безатилган тўртбурчак ҳужра ичида кўрди. Деворлардан қовурғадек туртиб чиққан китоб жавонлари, улар остига ўрнатилган темир иситкичлардан чиқаётган мудҳиш вишиллаган товуш ҳужра гўё тирикдек таассурот берарди. Бу ерга илк маротаба кирган кишига хона худди жони бор, тирикдек туюлиши турган гап эди. Болохонага олиб чиқувчи айланма пиллапоянинг жимжимадор тутқичига назар ташлаган Кирш қаерда эканини дарҳол илғади ва танасида енгил титроқ турди.

“Оламга донғи кетган Монсеррат кутубхонаси”, ўйлади у. Узунқулоқ миш-мишларга қараганда, бу манзилда ягона нусхадаги ноёб матнлар сақланади. Бутун умрини Яратганга бағишлаб, ташқи дунё лаззатларидан воз кечган, мана шу чўққида осуда ҳаёт кечирувчи роҳибларгина унинг бойликларидан тўлиқ фойдаланиши мумкин эди.

– Эҳтиёткорлик ҳақида сўраган эдингиз, – жилмайди епископ, – ишонтириб айта оламанки, биз турган хона энг махфий макондир. Бу ерга қадами етганларнинг сони бармоқ билан санарли.

– Жуда серҳимматсиз, ташаккур. Бу мен учун улкан шараф! – Кирш ҳаяжонини босишга уриниб, миннатдорлик билдирди.

Епископ йигитни хона марказидаги катта стол томон бошлади. Ёғочдан ишланган стол атрофида икки ёши улуғ киши уларни кутиб ўтирарди. Чап тарафдаги одамнинг қалин, оппоқ соқоли кўксига тушган, кўзлари чарчоқдан толиққан эди. У уринган қора костюм, оқ кўйлак ҳамда махсус шляпа – федора кийиб олганди.

– Бу жаноб раввин Иеҳуда Кёвеш, – таништирди епископ, – Каббала космологиясини кўп ва хўп ёритиб берган таниқли яҳудий файласуфлардан бири.

Кирш столга яқинлашди, қўлини чўзиб раввин Кёвеш билан илтифотли кўришди ва деди:

– Сиз билан шахсан танишиш бахтига сазовор бўлганимдан мамнунман, жаноб. Каббалага оид китобларингизни мутолаа қилганман. Тўлиқ тушунмаган бўлсам-да, уларни мутолаа қилганим аниқ эсимда.

Кёвеш намланган кўзларини дастрўмоли билан артаркан, мамнуният-ла бош ирғади.

– Қаршингиздаги муҳтарам зот, – давом этди епископ иккинчи одамга ишора қилиб, – ҳурматли аллома Саид ал-Фадл бўлади.

Машҳур исломшунос олим ўрнидан туриб, ёйилиб жилмайди. Миқтидан келган бу одамнинг табассум аримайдиган юзи қувноқ киришимлиликдан далолат берса-да, тим қора кўзлари жуда ўткир боқарди. Унинг эгнида кўзга ташланмайдиган одмигина оқ либос – савб бор эди.

– Мен ҳам, жаноб Кирш, – гап бошлади Саид, – инсоният келажаги ҳақидаги башоратларингизни ўқиганман. Фикрларингизга қўшиламан, деб айтолмасам-да, башоратингиз билан танишганим аниқ эсимда.

Кирш мулойим жилмайганча Саиднинг қўлини сиқди.

– Бу киши меҳмонимиз, обрўли ва машҳур компьютер олими, ўйин назариётчиси, кашфиётчи ва техника оламининг салкам пайғамбари ҳисобланмиш Эдмонд Кирш бўлади. Унинг келиб чиқишини назарда тутсак, бизга қилган мурожаатидан таажжубландим. Келинглар, ушбу кутилмаган ташрифга жаноб Киршнинг ўзи изоҳ берсин, – Вальдеспино фикрини якунлаб, Кёвеш ҳамда ал-Фадлнинг ўртасидан жой эгаллади ва қўлларини қовуштирганча Киршнинг оғзига тикилди. 

Хонада вужудга келган муҳит олимларнинг дўстона учрашувидан кўра инквизиция залини эслатарди. Ҳар учала эркак Киршнинг рўпарасида ўтириб, жиноятчининг сўнгги иқрорини кутаётгандек ўткир нигоҳларини унга қадаганди. Бечора йигитни ҳеч ким, ҳатто Вальдеспино ҳам стулга ўтиришга бир оғиз таклиф этмади.

Кирш қаршисидаги қарияларга разм соларкан, юрагини қўрқув эмас, ажабланиш ҳисси қамраб олди. “Демак, бу – ўша оламшумул Муқаддас Учлик. Доно зотлар учлиги.”

Диққатини жамлаш мақсадида Кирш бир лаҳза тин олди ва секин одимлаб дераза ёнига борди, пастдаги мафтункор манзарага кўз ташлади. Қуёш нурлари остида ястаниб ётган яйловлар водий бўйлаб чўзилиб, Кольсерола тоғ тизмасининг этакларигача етиб борган ва юксак чўққиларга йўл очган эди. Уфқнинг олис бурчагида, Балеар денгизи томонларда паға-паға қора булутлар ғазабга тўлгандек шиддат билан тўпланаётганди.

“Ўхшашликни қаранг”, хаёл қилди Кирш. У ташқарида кўтарилажак бўронга ҳамоҳанг равишда, тез орада дастлаб бу хонада, сўнгра бутун дунёда тўс-тўполон кўтарилишини ич-ичидан ҳис қилиб турарди.

– Жаноблар, – хитоб қилди Кирш дабдурустдан ортига ўгирилиб, – ишончим комил, руҳоний Вальдеспино махфийлик ҳақидаги илтимосимни аллақачон сизларга етказган. Суҳбатимизни давом эттиришдан аввал аниқлаштириб олишни истардимки, ҳозир сиз билан бўлишмоқчи бўлган гапларимнинг бари мутлақо сир тутилмоғи даркор. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, орамизда бўлғуси гаплар ҳақида чурқ этмасликка қасам ичишингизни сўрайман. Келишдикми?

Учала эркак сўзсиз бош ирғади. Кирш қасам ортиқча эканини ҳис қилди. “Буюк зотлар бу хабарни, шаксиз, ўзлари билан гўрига олиб кетишни афзал билишади, овоза қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.”

– Ушбу учрашувдан мақсад, – сўз бошлади Кирш, – яқинда қилган илмий кашфиётим ҳақида хабар бериш эди. Янгилигим сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман. Инсоният ҳаётининг асоси бўлган икки саволга жавоб олиш учун камина узоқ йиллар мобайнида изланиш олиб бордим ва ниҳоят, муваффақиятга эришдим. Мен атайдан ёнингизга ташриф буюрдим, чунки бу хабарим дунё художўйларига кучли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъбир жоиз бўлса, кашфиётим диндорлар учун улкан бурилиш ясаб, уларнинг эътиқодига путур етказиши эҳтимоли юқори. Айни дамда сизларга айтмоқчи бўлган маълумотимдан хабардор ер юзидаги ягона тирик жон ўзимман.

У гапини тугатиб, костюмининг чўнтагига қўл суқди ва смартфон чиқарди. Бошқа қўл телефонларига қараганда анча йирик бўлган бу смартфонни Киршнинг шахсан ўзи ясаган бўлиб, махсус эҳтиёжлар учун хизмат қиларди. Ёрқин рангли мозаика кўринишида бўлган телефонни у бир ҳаракат билан кичик телевизор шаклига киритди ва ҳурматли зотларнинг рўпарасига жойлаштирди. Йигит телевизорда жонли тақдимотини кўрсатиш учун ўта даражада ҳимояланган серверга уланиб, қирқ етти белгидан иборат кодни теришга ҳозирланди ва гапида давом этди: – Ҳозир кўрсатмоқчи бўлган нарсам – тахминан бир ойдан кейин бутун жаҳонга ошкор этилажак янгилигимнинг бир қисми. Лекин бу хабарни улашишдан олдин дунёга таъсири кучли дин пешволари билан маслаҳатлашишга қарор қилдим. Чунки кашфиётимдан энг кўп таъсирланадиган кишилар қандай муносабат билдириши билан қизиқдим.

Руҳоний уф тортиб юборди. Унинг сасида хавотир эмас, балки зерикиш зоҳир эди. 

– Интригага гап йўқ, жаноб Кирш. Кўрсатажак маълумотингиз дунё динлари асосини титратиб юборадигандек гапиряпсиз гўё.

Кирш нигоҳини атрофдаги муқаддас қўлёзмаларга қаратди ва ўйлади: “Кашфиётим динларингиз асосини титратмайди, балки бутунлай чилпарчин қилади.”

Йигит қарияларга маъноли тикилди. Муҳтарам зотлар, аслида Кирш оламшумул кашфиётини атиги уч кундан кейин, барчани лол қолдирадиган даражада пухталик билан ташкилланган томошада оммага ошкор қилмоқчилигини қаердан ҳам билишарди?! Шу иш амалга ошгандан сўнг одамлар ер юзидаги динлар, қанчалик хилма-хил бўлмасин, ягона умумий хусусиятга эга эканини англаб етади. Яъни динларнинг барчаси тамоман янглиш экани инсониятга ошкор бўлади. 

 

Биринчи боб

Профессор Роберт Лэнгдон майдондаги бўйи нақ 12 метр келадиган баҳайбат ит ҳайкалига қизиқсиниб тикилди. Жониворнинг юнглари ўрнида хушбўй гуллар ёйилган майсазор қопланган эди.

“Мен сени ёқтиришга ҳаракат қиляпман, ростдан ҳам ҳаракат қиляпман”, ўйлади Лэнгдон.

Лэнгдон ажабтовур монументга яна бироз қараб тургач, четдаги йўлка томон олға юрди. Йўлка пастга буралиб тушган ғайриоддий пиллапояга уланиб кетганди. Зинанинг ғалати жиҳати шунда эдики, ундаги поғоналар ўлчами турлича бўлиб, йўловчиларни бир маромда қадам босишига йўл қўймасди. Лэнгдон ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, салкам икки марта қинғир-қийшиқ поғоналарга мослашолмай, йиқилаёзди. Амаллаб пастга тушиб олгач, “ниҳоят, вазифа уддаланди”, дея кўнглидан ўтказди. Нафас ростлаш учун бир муддат тўхтаб, олдинга назар ташлади ва рўпарасида намоён бўлган улкан мавжудотни кўриб, оғзи очилиб қолди. 

“Ҳаммаси тушунарли.”

Лэнгдон қаршисида баҳайбат ўргимчак – “Қора бева” қад ростлаганди. Унинг тахминан ўн метр узунликдаги ингичка темир оёқлари семиз танасини тутиб турар, қорнидан пастроққа шиша шарлар билан лиқ тўла тухум учун мўлжалланган тўрли қоп илинганди.

– Биз уни Маман деб чақирамиз, – деган товуш эшитилди.

Лэнгдон нигоҳини овоз келган ёққа йўналтирди. Ўргимчак тагида ҳиндларнинг қора рангли миллий чопони – шервани кийган Салвадор Далиникидек кулгили бурама мўйлов қўйган қилтириқ одам турарди.

– Менинг исмим Фернандо. Музейимизга хуш келибсиз, – қилтириқ одам гапида давом этди ва олдидаги стол устида териб қўйилган бейжикларга кўз югуртириб, сўради: – Исмингизни билсам бўладими?

– Албатта, Роберт Лэнгдон. 

Фернандо ажабсиниб кўзларини пирпиратди ва хижолат бўлиб узр сўради: – Вой, кечирасиз, жаноб. Сизни танимабман!

“Ўзим ҳам ўзимни базўр танияпман”, деб ўйлади Лэнгдон. Эгнидаги олифта қора фрак, оқ нимча ва капалакнусха оқ галстукда ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. “Худди 'Whiffenpoof' қўшиқчисига ўхшайман.” У кийиб олган фрак салкам ўттиз йил олдин Принстондаги “Печакгул клуби”га борган вақтлардан эсдалик эди. Кундалик сузиш машғулотлари туфайли қоматини яхши сақлаган Лэнгдонга ўттиз йиллик камзул ҳануз лойиқ келарди. 

Бу ерга йўлга чиқаётганида шошилганидан доимий киядиган камзули бир четда қолиб, эскирган кийимлари солинган чамадонни кўтариб келибди. Мана, 30 йиллик қадрдон фракини кийиб турибди.

– Таклифномада оқ ва қора кийимда бўлиш керак дейилган экан. Умид қиламанки, эгнимдагилар талабингизга мос келади, – жилмайди Лэнгдон Фернандога яқинлашиб.

– Классик услуб сизга ярашибди, – дея хушомад қилди Фернандо ва эҳтиёткорлик билан бейжикни Лэнгдоннинг ёқасига илиб, қўшиб қўйди: – Сиз билан учрашиш мен учун катта шараф. Олдин ҳам келганмисиз музейимизга?

Лэнгдон улкан ўргимчак ортидаги ярқироқ бинога яна бир кўз ташлади: 

– Очиғини айтсам, бу ерда илк марта бўлишим.

– Бўлиши мумкин эмас! – хитоб қилди Фернандо ишонқирамай, – Замонавий санъатнинг мухлиси эмасмисиз?

Умуман олганда, Лэнгдон замонавий санъат юзасидан муҳокамалардан ҳамиша завқ олган. У, айниқса, айрим тасвирий ишлар, масалан, Жексон Поллокнинг бўёқ томчилатиб ишланган расмлари, Энди Уорхолнинг “Консерваланган Кэмпбелл шўрваси” тасвири, Марк Ротконинг оддий рангларнинг тўртбурчак ёйилмасидан иборат расмлари нодир санъат намунаси сифатида кўрилиши сабабини тадқиқ қилишни ёқтирарди. Шундай бўлса-да, Иероним Бошнинг асарларидаги диний расмлар ёки Де Гойянинг ўзгача рассомлик услуби тўғрисида баҳслашганда ўзини сувда сузган балиқдек ҳис қиларди.

– Мен кўпроқ мумтоз санъат шайдосиман, – жавоб қайтарди Лэнгдон. – Де Кунингдан кўра да Винчи ҳақида кўпроқ биламан.

– Лекин да Винчи билан де Кунинг бир-бирига жуда ўхшаш!

Лэнгдон босиқ жилмайди:

– Ундай бўлса, Кунинг тўғрисида кўпроқ ўрганишим керак, шекилли.

– Роса боп жойга келдингиз! – мезбон қўли билан баҳайбат бинога имо қилди. – Бу музейда замонавий санъатнинг дунёдаги энг яхши намуналари жамланган. Вақтингизни мазмунли ўтказинг.

– Ниятим ҳам шу, – деди Лэнгдон. – Фақат нима сабабдан бу ерга чақирилганимни билсам эди.

– Буни билишни нафақат сиз, балки ҳамма истайди, – кулиб юборди Фернандо бошини чайқаб. – Кеча мезбони асл мақсадини сир тутди. Ҳатто музей ходимлари ҳам нима бўлаётганидан бехабар. Турли миш-мишлар тарқалди. Ичкарида бир неча юз меҳмон йиғилган – кўпчилиги машҳур шахслар – лекин бугунги ўтиришнинг сабаби ҳақида ҳеч кимда аниқ бир фикр йўқ!

Лэнгдоннинг пешонаси тиришди. Фақат саноқли мезбонлар: “Шанба куни кечқурун. Ўша ерда бўлинг. Менга ишонинг”, деган жумлалар битилган шошилинч таклифнома юборишга қодир эди. Ундан ҳам камроқлари юзлаб VIP шахсларни барча ишларини ташлаб, тадбирда қатнашиш учун шимолий Испанияга учишга мажбур қила оларди.

Лэнгдон темир ўргимчак тагидан ўтиб, катта ҳарфлар туширилган қип-қизил афиша осилган йўлкага қараб юрди.

ЭДМОНД КИРШ УЮШТИРГАН КEЧА

“Эдмондда ўзига ишонч ҳамиша юқори бўлган,” деб ўйлади профессор дабдабали афишага қизиқиб қараркан.

Тахминан, йигирма йиллар муқаддам ёш Эдди Кирш профессор Роберт Лэнгдоннинг Ҳарвард университетидаги илк шогирдларидан бири эди. Патила сочли компьютер жинниси бўлган Эддининг кодларга қизиқиши уни Лэнгдоннинг кодлар, шифрлар ва рамзлар тили бўйича биринчи босқич талабаларига ўтказадиган семинарига етаклаб келганди. Киршнинг ақлий салоҳиятини кўрган профессор қаттиқ таъсирланди. Кейинчалик Кирш компьютерларнинг нурли келажагига ишонган ҳолда рамзларнинг чанг босган оламини тарк этган бўлса-да, у ва Лэнгдон ўртасида мустаҳкам устоз-шогирдлик муносабати ўрнатилганди. Шу туфайли университетни битирганига йигирма йил бўлганига қарамасдан, Кирш ва Лэнгдон ўртасида узвий алоқалар сақланиб қолганди.

“Мана, ниҳоят, шогирд устозидан ўзиб кетди. Бир неча ёруғлик йилига!” Лэнгдон ич-ичидан фахрланди.

Бугунги кунда Эдмонд Кирш бутун дунёга донғи кетган даҳо – мультимиллионер, компьютер олими, футуролог [1], кашфиётчи ва тадбиркор. Ёши қирқни қаршилаган Кирш нанотехнология, сунъий ақл, мияни тадқиқ қилиш ва роботлаштириш каби турфа соҳаларда кескин ижобий силжишларга олиб келган технологияларни яратишга улгурди. Илмий тараққиёт келажаги тўғрисидаги башоратларининг бекам-кўст тўғри чиқиши ҳам унинг шахсиятини синоатга буркаб, одамлар қизиқишини ошириб юборганди.

Лэнгдон шогирдининг башоратлари тўғри чиқишига унинг атроф-олам ҳақидаги билимлари пухталиги сабаб, деб ҳисобларди. Эдмонд талабалик давридаёқ библиофил – китобсевар бўлган. У нимани кўрса, ўқирди. Киршдаги каби ўқишга бўлган иштиёқ ва китоб мазмунига шўнғий олишни Лэнгдон умри давомида ҳеч кимда учратмаганди. 

Охирги йилларда Кирш асосан Испанияда истиқомат қилди. У бу ердаги ҳамма нарсага: мамлакатнинг тарихий таровати, авангард меъморчилиги, ғайриодатий жин-барлари ва ажойиб иқлимига ошуфта бўлиб қолганди.

Йилда бир марта Кирш Массачусетс технологиялар университетининг Медиа лабораториясида нутқ сўзлаш учун Кэмбрижга келиб кетарди. Шунда у устозини Бостоннинг ҳашаматли, лекин Лэнгдоннинг ўзи ҳеч қачон эшитмаган ресторанларидан бирига овқатланишга таклиф қиларди. Бу учрашувларда уларнинг суҳбати ҳеч қачон технологияга бориб тақалмасди; Кирш муҳокама қилишни истаган ягона мавзу – санъат бўларди.

– Роберт, сиз менинг санъат бўйича шахсий маслаҳатчимсиз, – деб ҳазиллашарди Кирш.

Лэнгдонга ҳанузгача уйланмаганини айтиб ҳазиллашувчи Киршнинг ўзи бўйдоқ эди, у моногамияни “эволюцияга тўсиқ” деб ҳисоблар, шу билан бирга, йил бўйи ўнлаб супермодел қизлар билан тушган сурати журнал муқоваларини безарди.

Компьютер соҳасида қилган кашфиётлари туфайли Киршни технологияга муккасидан кетган, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, ишидан бошқа ҳеч нимани севмайдиган дастурчи сифатида тасаввур қилиш мумкин эди. Аслида, Кирш базмларнинг гули бўлиб, доим машҳурлар даврасида юрар, энг сўнгги урфдаги либосларни кияр, тушуниш қийин бўлган мусиқа тинглар, импрессионист ва замонавий санъатнинг қимматбаҳо асарларини тўпларди. У тез-тез Лэнгдонга электрон мактуб ёзиб, коллекциясига қўшмоқчи бўлган асарлар ҳақида маслаҳат сўрарди.

“Ва берган маслаҳатимни бутунлай тескарисини қилади”, деб ўйлади Лэнгдон кулиб.

Бир йилча муқаддам, навбатдаги ўтиришларнинг бирида Кирш суҳбат мавзусини санъатга эмас, Худога буриб, Лэнгдонни ҳайрон қолдирганди. Ўзини атеист деб эълон қилган одам учун бу ғалати мавзу эди. Бостондаги “Tiger Mama” емакхонасида янги сўйилган бузоқ гўштининг маромига етказиб пиширилган қовурғасини тановул қилганча шогирд устозидан дунё динларининг асослари тўғрисидаги фикрини сўради. Уни, асосан, борлиқ ва одамзотнинг пайдо бўлиши ҳақида динлардаги турли ҳикоялар қизиқтираётганди.

Ўшанда Лэнгдон ҳозир мавжуд эътиқодлар, жумладан, ислом, яҳудийлик ва насронийликда келтирилган тушунчалар, ҳиндуизмнинг Браҳма, бобилликларнинг Мардук ва бошқа кўплаб ривоятларини таҳлил қилиб берганди.

– Нима учун футуролог олим ўтмишга қизиқиб қолди? – сўради Лэнгдон ресторандан чиқар маҳали. – Наҳотки, машҳур атеист Худони топган бўлса?

Эдмонд қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. 

– Орзуга айб йўқ! Шунчаки келгуси жангим учун маълумот йиғяпман.

Лэнгдон жилмайди. “Ҳар доимгидек.” 

– Тушунарли. Лекин унутма, илм-фан ва дин бир-бирига рақиб эмас. Улар шунчаки бир ҳикояни сўзлаётган икки тилга ўхшайди. Дунёда иккиси учун ҳам жой етади.

Шу учрашувдан сўнг Эдмонд деярли бир йил йўқолиб кетди. Кейин уч кун аввал Лэнгдон “Федерал Экспресс” орқали самолёт билети, меҳмонхонада буюртирилган жой ҳамда Киршнинг дастхати билан ёзилган тадбир таклифномаси солинган конверт олди. 

“Роберт, ушбу тадбирда қатнаша олсангиз, мени бағоят мамнун қилган бўласиз. Сўнгги учрашувимизда айтган гапларингиз бу кечанинг ўтказилишида муҳим роль ўйнади.”

Лэнгдон чалкашиб кетди. Ўша суҳбатда келажакшунос олимнинг катта тадбир уюштиришига сабаб бўлувчи арзирли ҳеч гап айтилмаган эди.

Конверт ичида, шунингдек, икки кишининг бир-бирига тикилиб турган оқ-қора расми ҳам жой олган эди. Унда Киршнинг ўзи ёзган икки мисра шеър ҳам бор эди:

Роберт,

Сиз билан юзма-юз кўришган бир он,

Олам сирларини этаман баён.

– Эдмонд


Бир неча йил муқаддам содир бўлган воқеага ишора қилувчи суратни кўриб, Лэнгдоннинг юзига табассум югурди. Икки одамнинг қоп-қора юзи ўртасида муқаддас қадаҳ – Граал тасвири туширилган эди.

Музей олдида тураркан, Лэнгдон шогирди нимани эълон қилмоқчи эканига қизиқиб, қачонлардир саноатлашган шаҳарнинг жон томири ҳисобланган Нервион дарёси ёқалаб ётқизилган бетон йўлка бўйлаб юрди. Мавжланиб оқаётган тўлқинлардан урилган майин шабада эгнидаги фракни ҳилпиратар, ҳавога билинар-билинмас мис ҳиди ўрнаб қолганди.

Навбатдаги бурилишдан ўтгач, профессор тин олиб, ярқироқ музейга тикилиб қаради. Бинонинг тузилиши шу қадар мураккаб ва салмоқдорлигидан уни бир нигоҳ билан томоша қилиб бўлмайди. Бу иншоот нафақат архитектура қоидаларини четлаб ўтади, балки уларни бутунлай йўққа чиқаради. "Эдмонд учун муносиб маскан”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон музейнинг бўйига ва энига кўз югуртираркан.

Испаниянинг Бильбао шаҳрида жойлашган Гуггенҳайм музейи ўзга сайёраликларнинг ижод маҳсулига ўхшайди: баҳайбат металл қисмлари бир-бирининг устига пала-партиш тахланиб, кўкка гирдобдек кўтарилган, энига чўзилган тушунарсиз шакллар массаси эса қуёш ёғдусида балиқ тангачаларидек товланадиган ўттиз мингдан зиёд титан кафеллар билан қопланган. Буларнинг бари жам бўлиб, иншоотга тириклик бағишлайди, унга ўзгача олам руҳини беради. Худдики, махлуқ Левиафан дарё қаъридан кўтарилиб, қирғоқда, офтоб нурларида тобланиб ётгандек туюлади.

Музейнинг тантанали очилиш маросими 1997 йили бўлганди. Ўшанда “The New Yorker” журнали бино тарҳини чизган архитектор Френк Герини “Титан ёпинчиқда чайқалиб турган орзулар кемаси”ни яратди, деб алқаганди. Бутун дунё танқидчилари “Замонамизнинг энг муҳташам иморати!”, “Кумуш ёғдуси!”, “Оламшумул обида!” дея мақтовлар ёғдирганди.

Музейнинг илк дебютидан бери яна ўнлаб “деконструктивист” бинолар қад кўтарди: Лос-Анжелесдаги Дисней концерт зали, Мюнхендаги BMW дунёси, ҳаттоки Лэнгдоннинг янги шахсий кутубхонаси. Уларнинг ҳаммаси буткул ўзгача, ноодатий дизайнга эга бўлса-да, ҳеч бири шон-шуҳрат борасида Бильбао Гуггенҳайм музейи билан беллаша олмасди.

Бинонинг олд қисми ҳар қадамда шаклини ўзгартириб, ҳар томондан ўзгача қиёфа касб эта бошлади ва профессор кўз ўнгида музейнинг энг жозибадор кўриниши намоён бўлди: ажабланарлиси, азим иморат бамисли "чексизлик"нинг улкан кўрфазида сузиб юрар, тўлқинлар музей деворларини ювиб турарди. 

Лэнгдон бетакрор гўзалликдан маст бўлиб, бир муддат завқ ила қараб турди, сўнг шаффоф сув тўла кўлни митти осма кўприк орқали кесиб ўта бошлади. Унинг ярмига етганда оёқлари тагидан вишиллаган баланд овоз эшитилди. У чўчиб тушди ва таққа тўхтади. Кўприк остидан қуюқ тутун уюми кўтарилиб, уни ўраб олди. Аввал сув юзасини, сўнг бино атрофини қалин туман қоплади.

Лэнгдоннинг хаёлига ўқиган маълумотлари келиб, нима содир бўлаётганини тушунди. “Туманли ҳайкал” ўйлади у, япон рассоми Фудзико Накаянинг бу ижод намунаси ҳақида ўқиган эди. “Ҳайкал”нинг инқилобийлиги шундаки, у маълум вақт оралиғида пайдо бўлиб, яна ғойиб бўладиган кўзга кўринарли ҳаво – туман деворидан ясалади. Ҳаво ҳолати ва шамол йўналиши ҳар куни ҳар хил бўлгани сабабли туман пайдо қилган ҳайкал қиёфаси ҳам ҳар сафар турлича шаклга киради.

Вишиллаган товуш тинди, Лэнгдон кўрфаз узра гўё жонлидек ҳаракатланган, ноаниқ, аммо мафтункор манзара яратган тутунга диққат билан қаради. Бутун бошли музей денгиздаги туман аро йўлини йўқотган кема сингари муаллақ турарди.

Профессор эндигина юрмоқчи бўлиб турганда сувнинг тиниқ юзаси бир неча кичик портлашдан ларзага келди. Тўсатдан лагун ичидан учқун сачратиб гумбурлаганча беш дона мушак самога отилди. Улардан таралаётган ёғду музейнинг титан кафелларида аксланди.

Шахсан Лэнгдонга Лувр ёки Прадога ўхшаш мумтоз услубда қурилган музейлар кўпроқ ёқарди. Аммо ҳозиргина гувоҳ бўлгани – тутун ва мушак ҳодисасидан сўнг профессор келажакни аниқ башорат қилувчи, санъатсевар ва новатор одам ташкиллаган тадбир учун бундан-да муносиброқ жой йўқлигини англади.

Лэнгдон туман оралаб музейнинг кириш қисми вазифасини ўтовчи ваҳимали қора тешикка яқинлашди. Эшикдан ичкарига йўналаркан, худди аждарнинг оғзига кириб кетаётгандек танаси ёқимсиз жимирлаб кетди.

[1] Келажакшунос.

 

Иккинчи боб

Нотаниш шаҳарда, ташландиқ қовоқхонанинг бар столида адмирал Луи Авила ўтирибди. Ҳозиргина олис саёҳатдан қайтган адмирал жуда толиқди. Ўзига юклатилган вазифани бажариш учун ўн икки соат ичида бир неча минг миль йўл босишга мажбур бўлди. У олдида турган минерал сувнинг иккинчи стаканини ҳам сипқорди, барга териб қўйилган ранг-баранг шишаларга кўз ташлади. 

“Ҳар қандай киши саҳрода ҳушёр юриши мумкин, лекин водийда бўла туриб спиртли ичимликдан воз кечиш фақат касбига садоқатлиларнинг қўлидан келади”, минғиллади у.

Бир йилдирки, Авила оғзига шайтоннинг сувини яқинлаштирмайди. Ҳозир тасодифан бар ойнасида ўз аксини кўриб, мамнуният ҳиссини туйди. У қариш зарардан кўра фойдага ишлайдиган кам сонли Ўрта ер денгизилик одам эди. Ёши ўтган сари юзида сабза урган қалин, қора туклар майинлашиб мош-гуруч соқолга айланди, ёниб турган кўзларида ўзига бўлган мустаҳкам ишонч акс этганди, қуёшу шамолларда тобланган таранг буғдойранг терисига улуғлик бағишлаб ажин оралади. 

Олтмиш учга кирган бўлса ҳам, Авила ҳануз бақувват ва чайир эди. Эгнидаги коржомаси – кенг ёқали оқ костюм, тилларанг погон, кўкракка тақилган медаллар шодаси, крахмал билан қотирилган ёқа ва дазмолланган оқ шойи шим унга шоҳона кўркамлик бахш этарди. 

“Испан армадаси ортиқ “Енгилмас” ҳисобланмаса-да, офицерларни қандай кийинтиришни эсдан чиқармаган.”

Адмирал байрамона мундирини анчадан бери киймай қўйганди. Лекин бугун ўзгача кеча. Бироз олдин нотаниш шаҳарнинг кўчалари бўйлаб сайр қиларкан, аёлларнинг унга ҳавас билан тикилиши, эркакларнинг беихтиёр йўл бўшатишини кўриб роҳатланди.

Ватан олдида бурчини бажарганлар ҳамиша ҳурмат топади.

¿Otra tónica? [2] – деб сўради кўҳликкина бариста қиз жилмайиб. Унинг ёши тахминан ўттизларда бўлиб, қадди-қомати келишган, юзида ўйноқи табассум жилваланарди.

Авила бош чайқади: – No, gracias [3].

Қовоқхона бўм-бўш эди. Баристанинг ҳавас аралаш нигоҳларини сезгач, адмиралнинг кайфияти чоғ бўлиб ўйлади: “Тубсиз жардан яна ҳаётга қайтдим”.

Беш йил илгари содир бўлган даҳшатли воқеа Авиланинг хаёлини бир зум тарк этмай таъқиб қилади. Ўшанда она замин қулоқни қоматга келтириб фарёд чеккан ва бағри ёрилиб, Авилани тириклай ютиб юборганди.

***

Севилья бош ибодатхонаси.

Пасха тонги.

Андалусия қуёшининг заррин ёғдуси черков деразаларининг ранг-баранг ойналаридан ўтиб, тош деворларда ўзгача рангларда жилваланарди. Минглаб дуогўйлар Исо Масиҳнинг қайта тирилиши мўъжизасини шодлик билан нишонламоқда. Уларнинг хорига қўшилган органнинг товуши бинони ларзага келтириб, кўтаринки кайфият уйғотади.

Тиззалаган кўйи меҳроб қаршисида ўтирган Авиланинг юраги шукроналикдан хаприқмоқда. У бутун умрини денгиз қўшинларига бағишлаб, шахсий ҳаёти ҳақида эртароқ қайғурмади. Хизмат тугагандан кейин вақти-соати етиб, Парвардигор уни энг юксак мукофот – оила билан тақдирлади. Авила ёйилиб жилмайганча елкаси оша ўгирилиб, ёшгина рафиқаси Марияга қаради. Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларини бошидан кечираётган аёл учун узун йўлак бўйлаб юриб, меҳроб олдигача келиш қийинчилик туғдирди. Шунга остонага яқин ўрнатилган ўриндиқларнинг бирига чўкди. Мариянинг ёнида уч яшар болакай – уларнинг тўнғич ўғли – Пепе ўтирибди. Отасининг ўгирилганини кўрган кичкинтой ҳаяжон билан қўл силкиди, Авила унга кўзини қисиб қўйди. Буларни кузатиб турган Мариянинг юзига табассум ёйилди.

– Ўзингга шукур, Парвардигор, – шивирлади Авила қадаҳдаги винони қабул қилиш учун меҳробга қайта ўгириларкан.

Худди шу маҳал ибодатхонада қулоқни қоматга келтирувчи портлаш эшитилди.

Яшин тезлигида Авиланинг бутун дунёси куйди.

Портлаш тўлқини адмирални меҳроб томонга отиб юборди. У куйиб кетган инсон аъзолари-ю, парчаланиб кетган тана қолдиқлари орасига тушди. Ҳушига келганда ҳавони тутган ачимсиқ тутун нафас олишга изн бермасди. Авила бир муддат қаердалиги, нималар бўлганини англолмади.

Бироз ўтгач, шанғиллаётган қулоқлари остида аянчли чинқириқлар эшитила бошлади. У аранг бошини хиёл кўтарди, атрофга қараркан, даҳшат билан қаерда эканини ниҳоят англади. Рўй бераётган ишларнинг ҳаммаси шунчаки қўрқинчли туш эканига ўзини ишонтиришга уриниши беҳуда эди. Зўрға ўрнидан туриб, инграётган, мажруҳ жабрдийдаларнинг ёнидан мажолсиз оёқларини судраб ўта бошлади. Қоқилиб, бир неча дақиқа олдин рафиқаси билан ўғли жилмайиб ўтирган ўриндиққа қараб йўл олди.

Лекин у ерда ҳеч нарса йўқ эди – на ўриндиқ ва на инсон.

Фақат қорамтир тусга кирган тош полда ҳалқоб қонга ботган тана қолдиқлари…

***

Қовоқхона эшигидаги қўнғироқ жиринглаб, Авиланинг мудҳиш хотиралари сочилиб кетди. У газли сувни қўлига олди, бир симиришда стаканни бўшатди ва хаёлидан ваҳимали ўйларни қувишга тиришди.

Бар эшиги кенг очилиб, икки забардаст эркак ичкарига кирди. Улар ирланд тилида футбол мухлисларининг аллақандай қўшиғини хиргойи қилишарди, эгниларида қоринларини зўрға ёпиб турган яшил футбол майкаси бор эди. Афтидан, бугунги ўйин ирландларнинг меҳмон жамоаси билан бўлади.

“Кетиш вақти бўлди”, ўйлади Авила. Сўнг жойидан қўзғалиб, ҳисобни сўради. Келишган бариста бошини чайқаб, кўзини қисди ва пул олишдан бош тортди. Авила унга миннатдорлик билдириб, эшикка йўналди.

– Мана бунга қаранглар! – хитоб қилди ҳозиргина келган эркаклардан бири Авиланинг коржомасига қараб. – Испания қиролининг худди ўзи-я!

Ҳар иккала эркак қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва чайқалганча адмиралга яқинлашди.

Авила улардан узоқроқ туриб, тинчгина жўнаб кетишга уринди. Бироқ гавдалироқ эркак унинг қўлини маҳкам сиқиб, бар столига тортди. 

– Бир дақиқа, Зоти олийлари! Испанияга келиб қолибмиз, қирол билан бир қадаҳ ичмасак бўлмас!

Авила оҳорли енгига ёпишган эркакнинг кир қўлларига нигоҳ ташлади ва оҳиста деди: 

– Мени тинч қўйинг. Кетишим керак!

– Ҳечам-да… Сиз бу ерда пиво ичишингиз керак, amigo! – пишиллади эркак Авиланинг билагини янада маҳкамроқ қисиб. Иккинчи эркак ҳам ифлос бармоқларини адмиралнинг кўкрагига қўндирилган медаллар устида юргиза бошлади. – Туппа-тузук қаҳрамонга ўхшайсиз, отахон?! Ўрта асрлардан қолган шақир-шуқур тўғноғичми? Нима бало, ярқироқ совут кийган рицармисиз? – деб ҳиринглади эркак энг қадрли медаллардан бирига ниқтаб.

“Ўзингни бос”, эслатди Авила ўзига ўзи. У ҳаёти давомида бу иккиси каби бирор ишни қойиллатиб қўймаган, кимдир жон бериб ҳимоя қилаётган озодлик ва эркини суиистеъмол қиладиган бечора, бахтсиз эркакларга кўп дуч келганди. 

– Аслида, – мулойимлик билан жавоб қайтарди Авила, – бу тўғноғич Испан денгиз қўшини – “Unidad de Operaciones Especiales” рамзи ҳисобланади.

– Махсус топшириқлар?.. – эркакнинг қути ўчди. – Ажойиб! Мана бу ниманинг белгиси унда? – у Авиланинг ўнг қўлига ишора қилди.

Адмирал панжасига қаради. Кафтининг юмшоқ қисмида келиб чиқиши ўн тўртинчи асрга бориб тақалувчи қора рамз – татуировка ўйиб ёзилганди. 

 

 

 

“Бу белги менинг ҳимоячим, – хаёл қилди Авила рамзни кўздан кечириб. – Аммо ҳозир муҳтож эмасман!

– Ҳа майли, – гавдали безори бироз юмшаб, Авиланинг билагини қўйиб юборди ва баристага қаради. – Хўш чиройли, айт-чи, сен тоза испанияликмисан?

– Шундай! – мағрурланиб жавоб қайтарди қиз.

– Томирингда ирланд қони йўқми?

– Йўқ!

– Бўлишини истайсанми? – безори бар столига муштлаганча хахолаб кулиб юборди.

– Уни тинч қўйинг! – буйруқ оҳангида деди Авила.

Эркак унга олайиб қаради.

Иккинчи безори Авиланинг кўкрагига туртди.

– Нима қилиш кераклигини ўргатмоқчимисиз бизга?

Авила чуқур нафас олиб, барга имлади – узоқ давом этган саёҳат уни ростдан ҳам толиқтирганди: 

– Жаноблар, илтимос, ўтиринглар. Сизларни пиво билан меҳмон қиламан!

“Олийжаноб адмиралнинг қолгани яхши бўлди”, ўйлади бариста ичида. Гарчи ўзини ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқса-да, олийжаноб денгизчининг иккита кўча безориси билан келишганига гувоҳ бўлган қиз ич-ичидан унинг то қовоқхона ёпилгунча кетмаслигини истади.

Авила эркаклар учун иккита пиво, ўзи учун минерал сув буюрди ва жойини қайта эгаллади. Иккала футболсевар безори офицернинг икки ёнига чўкди. 

– Минерал сув? – ажабланди эркаклардан бири. – Бирга пиво ичмаймизми?

Авила чарчаганнамо жилмайиб баристага қаради, стаканни бўшатди ва қўзғалиб деди:

– Учрашувга боришим керак. Сизларга яхши ҳордиқ тилайман!

Ўрнидан турган маҳали ҳар иккала эркак худди келишиб олгандек, бараварига қўлларини офицернинг елкасига қўйди ва уни мажбуран курсига ўтқазди. Авиланинг кўзларида ғазаб учқунлари бир зум чақнади-ю, сўнг ғойиб бўлди.

– Бобожон, севгилингиз билан бизни холи қолдириб кетаверасизми? – безори ёқимсиз тиржайди ва қизга қараб тилини чиқариб, хунук қилиқ қилди.

Офицер анча муддат жим ўтирди, сўнг костюмига қўл чўзди.

Иккала эркак уни ушлади.

– Ҳой, нималар қиляпсиз?

Авила чўнтагидан оҳисталик билан қўл телефонини чиқарди ва безориларга испан тилида нимадир деди. Лекин улар ҳеч вақони англамагач, инглиз тилида қайтарди: 

– Афв этгайсиз. Рафиқамга қўнғироқ қилиб, кечикишимни айтиб қўйишим керак. Бу ерда бироз муддат ушланиб қоламан, шекилли.

– Бўларкан-у, оғайни! – хитоб қилди гавдалироқ эркак, кейин пивосини охиригача кўтариб, стаканни тарақлатиб қўйди. – Яна битта бўлсин!

Бариста стаканга пиво тўлдираркан, ойнадан Авилани кузатди. У телефонидаги бир нечта тугмачани босиб, қулоғига тутди. Қўнғироққа жавоб бўлгач, испан тилида тез сўзлади:

Le llamo desde el bar Molly Malone [4], – деди офицер барнинг номи ва манзилини рўпарасидаги афишадан ўқиб. – Calle Particular de Estraunza, ocho [5]. – У бир сония сукут сақлаб, давом этди: – Necesitamos ayuda inmediatamente. Hay dos hombres heridos [6], – деб гўшакни қўйди. 

¿dos hombres heridos?[7] Баристанинг юраги дукиллаб уриб кетди. 

Қиз бу жумлаларнинг маъносини чақишга улгурмасидан, Авила тўсатдан ўнг томонга ўгирилиб, тирсаги билан каттароқ безорининг тумшуғига туширди. Қарсиллаган овоз эшитилиб, юзи бир зумда алвон қонга бўялган барзанги орқасига қулади. Иккинчи эркак қаршилик кўрсатишга улгурмасидан, офицер чап тарафига қайрилиб, бошқа тирсаги билан унинг кекирдагига қулочкашлаб солди. Бу зарба безорини стулдан ағдариб юборди.

Бариста ерда ағанаб ётган икки безорига ҳайратланиб қаради. Улардан бири жон аччиғида додлар, иккинчиси томоғини ушлаганча нафас ололмай хирилларди.

Авила бир туки қилт этмасдан, босиқлик билан ҳамёнини олди, ундан юз евро чиқариб, бар устига қўйди.

– Маъзур тутасиз, хоним. Ҳадемай, полиция етиб келади ёрдамга, – деди у испанчада ва ўгирилиб қовоқхонадан чиқиб кетди.

***

Ташқарида адмирал Авила тунги мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олди. Сўнг Аламеда де Мазарредо кўчаси бўйлаб дарё томон кетди. Полиция сиреналари яқинлашганда ўзини панага олиб, йўл бўшатди. Уни олдинда жуда жиддий иш кутиб турар, ҳозир ортиқча машмашага Авиланинг тоқати йўқ эди.

“Регент бугун аниқ топшириқ берган.”

Авила учун Регентнинг буйруқларини бажаришда жуда оддий қоида бор эди. “Ўйлама! Иккиланма! Бажар!”

Узоқ йиллар давомида кўрсатма беришдан чарчаган Авилага рулни бўшатиб, кемани ўзгаларга топшириш ёқимли енгиллик бахш этаётганди.

“Бу урушда мен оддий пиёдаман!”

Бир неча кун муқаддам Регент томонидан ошкор этилган махфий сир шу қадар ташвишли эдики, вазиятни қўлга олиш учун Авила ўз ёрдамини таклиф этишдан ўзга чора тополмади. Келаётган оқшомда содир бўладиган хунрезликлар ҳақида ўйлаганда офицернинг этлари жимирлаб кетди, лекин барча қилмишлари кечирилишини билиб, кўнгли тинчиди.

“Тақводорликнинг шакли турлича. Эртанги тонггача ажал кўпчиликнинг ёстиғини қуритади.”

Авила хаёллар оғушида дарё ёқасидаги очиқ майдонга етиб борди. Рўпарасида намоён бўлган улкан иншоотни кўриб қошларини чимирди. Унинг кўзига бино металл кафель билан қопланган тартибсиз шакллар йиғиндиси бўлиб кўринди. Худди икки минг йиллик меъморий ютуқлар бетартиблик қўзғаш мақсадида ташқарига улоқтирилгандек эди.

“Замонавий санъат музейи эмиш! Бадбашара махлуқ-ку бу!” Авила юзини буриштирди ва хаёлларини жамлаб, майдонни кесиб ўтди. Йўл-йўлакай Бильбао Гуггенҳайм музейи олдига ўрнатилган ғалати ҳайкалларга кўзи тушди. Бинога яқинлашаркан, дарвоза олдида уймалашаётган оқ-қора башанг либосдаги ўнлаб меҳмонларни кўрди.

“Даҳрийлар оммаси жам бўлмиш!

Лекин бу оқшом улар ўйлагандек якунланмайди!”

Авила бошидаги офицерлар қалпоғини тўғрилаб, камзулини текислади, ўзини олдиндаги вазифа учун руҳан тайёрлади. “Бугунги кеча ҳар доимги оқшомлардан фарқ қилади. Бугун энг буюк бурч – тақво ҳимояси учун жанг бўлади.”

Адмирал чўнтагидаги тасбеҳни эҳтиёткорлик билан ушлаб, музей дарвозаси томон йўл олди.

[2] Яна тоник ичасизми? (Бу ва кейинги барча испанча сўзлар таржимаси таржимонники.)
[5] Эстраунза катта кўчаси, саккиз.
[6] Бизга зудлик билан ёрдам керак, бу ерда икки жароҳатланган бор.
[3] Йўқ, раҳмат!
[4] Молли Малонедан сизга қўнғироқ қиляпман.
[7] Икки жароҳатланган эркак?

 

Учинчи боб

Гуггенҳайм музейининг ички дизайни ўта замонавий черковни ёдга солади.

Остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйган заҳоти Лэнгдоннинг нигоҳи беихтиёр шифтга кўтарилган баланд ойнаванд парда, унга ҳамоҳанг равишда ўрнатилган олтмиш метрли баҳайбат оппоқ устунларга қўшилиб тепага йўналди. Бино гумбазидаги галоген прожекторлардан ёрқин ёғду тараларди. Тепадаги айвонларда оқ-қора кийинган меҳмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тепадаги галереяларни айланар, кенг деразалар ёнида туриб, мафтункор кўл манзарасини томоша қиларди. Девор бўйлаб ҳаракатланаётган шаффоф лифтлар овоз чиқармай, меҳмонларга хизмат қилаётганди.

Лэнгдон умри бино бўлиб бунақасини кўрмаган. Музейдаги ҳар бир деталь, ҳаттоки акустика ҳам ўзига хос туюлди. Товуш ютувчи махсус ускуналар шарофати билан анъанавий музейларда ҳамиша сокинлик ҳукмрон бўлади. Меҳмонларнинг шиша ва тошлардан қайтаётган шивирлаган товушлари Гуггенҳаймга ўзгача руҳ бағишларди. Фақат ичкаридаги ҳавогина барча музейларга хос мусаффо эди. Чунки ҳаво аввал оксидлантирилиб, сўнг ионланган сув билан 45 фоиз намлик ушлаб турилади. 

Шунингдек, музейдаги хавфсизлик тизими ҳам сезиларли даражада мустаҳкам бўлиб, қаторасига текширув ускуналари жойлаштирилган, ҳар бурчакда қуролланган соқчилар турарди. Лэнгдон улардан ўтиб, рўйхатга олиш столи ёнига борди. У ерда турган ёшгина жувон қулоқчин тарқатаётганди.

Audioguía? – испанчалаб сўради аёл.

– Раҳмат, шарт эмас, – профессор жилмайиб, бош чайқади ва ундан узоқлашмоқчи бўлганда аёл тўхтатиб, соф инглиз тилида деди:

– Маъзур тутгайсиз, жаноб, лекин кеча ташкилотчиси Эдмонд Кирш меҳмонларнинг қулоқчин тақишини сўраган. Бу дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

– Шундайми? Ундай бўлса, албатта, оламан.

Лэнгдон столдаги наушниклардан бирига қўл чўзди, лекин жувон ундан шошмасликни сўраб, меҳмонлар рўйхатидан профессорни текширди, кейин унинг исмига мос бўлган рақамли қулоқчинни топиб узатди ва изоҳ берди:

– Бугунги сайр ҳар бир меҳмон учун алоҳида ишлаб чиқилган.

“Ростданми?” Лэнгдон атрофдаги юзлаб меҳмонларга қаради.

У қўлига "қулоқчин" деб берилган, ҳар учига силлиқ ёстиқча ўрнатилган теп-текис ҳалқага ажабланиб қаради. Унинг ҳайратини сезган аёл ёрдамга ошиқди:

– Бу энг сўнгги русумдаги қулоқчин, – тушунтирди у. – Ёстиқчалар қулоққа тиқилмайди, шунчаки юзга қўйилади.

Шундай деб, аёл ҳалқани Лэнгдоннинг боши орқасига қўйиб, ёстиқчани жағидан юқорироққа жойлаштирди.

– Лекин мен қандай қилиб…

– Суяк орқали овоз ўтказиш технологияси. Ёстиқчалардан жағингизга ўтган товуш тўғридан-тўғри чиғаноқ, яъни ички қулоқдаги органга етиб боради. Ўзим ҳам бироз аввал синаб кўрдим. Таърифга тил ожиз. Овоз худди бошингиз ичидан келаётганга ўхшайди. Яна бир афзаллик жиҳати, қулоқчинни таққанда қулоқларингиз бўш бўлгани сабаб, ташқаридаги суҳбатларни ҳам бемалол тинглайверасиз.

– Жуда ақлли ўйланган экан, – илжайди Лэнгдон.

– Жаноб Киршнинг ўн йилча аввал қилган ихтиросидан ҳозир кўплаб ишлаб чиқарувчилар кенг фойдаланмоқда.

“Умид қиламанки, Людвиг ван Бетховен бу ихтиродан ўз улушини олади”, хаёл қилди Лэнгдон. Чунки суяк орқали овоз ўтказиш технологияси, аслида, ўн саккизинчи асрда яшаган композитор Бетховенга тегишли эканига унинг ишончи комил эди. Тахминан 40 ёшларида эшитиш қобилиятини йўқотган Бетховен пианинога металл хипчин ўрнатиб, мусиқа чалаётган маҳали уни тишлаган ва шу тарзда жағ суяклари орқали эшитишни кашф қилган. 

– Оқшомингиз хайрли ўтишига тилакдошман, – деди аёл. – Тақдимот бошлангунига қадар бир соат давомида музейда сайр қилишингиз мумкин. Аудио йўлбошловчи сизга юқори қаватдаги намойишлар залига бориш вақти бўлганини хабар беради.

– Миннатдорман. Бу матоҳни ишга тушириш учун бирор жойни…

– Ҳожати йўқ. Қулоқчин автоматик фаоллашади. Ҳаракатланишингиз биланоқ ишга тушади.

– Албатта, ҳаммаси тушунарли! – деб табассум қилди профессор ва зални кесиб ўтиб, жағига қулоқчин тутганча лифтни кутиб турган меҳмонлар томон юрди.

Бир неча қадам ташлагандан кейин боши ичидан эркак кишининг овози эшитилди:

– Хайрли кеч. Бильбао Гуггенҳайм музейига хуш келибсиз!

Лэнгдон аудиойўлбошловчи гапираётганини англаса ҳам, чўчиб тушди, бир зум тўхтаб ортига аланглади. Қулоқчин – аёл тасвирлагани каби – бошинг ичига кимдир кириб олгандек таассурот берарди.

– Сизга чин юракдан хуш келибсиз деймиз, жаноб Лэнгдон, – деди овоз енгил британча талаффузда. Унинг оҳанги зиёли, айни дамда дўстона эди. – Менинг исмим Уинстон. Бугунги кечада сизнинг йўлбошловчингиз бўлишдан мамнунман.

“Кимнинг овози бўлди яна бу? Ҳью Грантга ўхшайдими?” ўйлади Лэнгдон.

– Бу оқшом, – қувноқ оҳангда давом этди Уинстон, – истаган жойингизда истаганингизча сайр қилишингиз мумкин. Камина томоша қилаётган экспонатларингиз ҳақида тўлиқ маълумот беришга имкон қадар ҳаракат қиламан.

Афтидан, меҳмонларнинг шахсий маълумотлари ва суяк орқали овоз ўтказиш технологиясига қўшимча равишда ҳар бир қулоқчинда тингловчининг қаерда турганини аниқлаб берувчи GPS тизими мавжуд эди, у орқали аудио йўлбошловчининг нима ҳақида гапириши белгиланарди.

– Жаноб, санъатшунос олим сифатида сиз зийрак меҳмонларимиздан бирисиз. Менинг маълумотларимга эҳтиёжингиз камроқ бўлиши табиий ҳол. Бундан ҳам ёмони, айрим жабҳаларда камина қилган таҳлиллар сизнинг эътирозингизга сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас! – овоз хижолатомуз кулди.

“Наҳотки? Ким ёздийкан бу матнни?” Профессорнинг ҳайрати ошди. Хушчақчақ муомала ҳамда ҳар бир шахс учун мослаштирилган хизмат яхши ёндашув эди, албатта. Лекин ҳар бир мезбонга мосланган индивидуал қулоқчинларни тайёрлашга қанча меҳнат сарфланганини Лэнгдон тасаввурига сиғдиролмади.

Дастурланган саломлашиш диалогидан толиққандек, Уинстоннинг уни чиқмай қолди.

Лэнгдон оломон тепасига илиб қўйилган яна бир улкан қизил афишага кўзи тушди.

ЭДМОНД КИРШ

БУ КЕЧА БИЗ КЕЛАЖАККА ҚАДАМ ТАШЛАЙМИЗ

“Нималарни ўйлаб юрибсан, Эдмонд?”

Лэнгдон лифтга қаради. У ерда машҳур глобал интернет компанияларининг икки асосчиси, таниқли ҳиндистонлик актёр ва Лэнгдондан бошқа кўпчиликка яхши таниш бўлган башанг VIPлар гап сотиб турарди. Оммавий медиа ёки Болливуд ҳақидаги майда суҳбатларга тоби йўқ профессор бу гуруҳдан узоқлашишни афзал билди ва уларга қарама-қарши томонга юрди. Унинг эътиборини тортган нарса қаршисидаги деворга тираб қурилган замонавий асар намунаси эди.

Ғайриодатий экспонат қора гроттога жойлаштирилганди. У пол тирқишларидан чиқиб, тепага ҳаракатланиб, шифт тирқишларида ғойиб бўлувчи тўққизта энсиз тасмалардан ташкил топганди... Ижод намунаси вертикал югураётган тўққизта тренажёрга ўхшарди. Ҳар бир тасма юзасида матн акс этган бўлиб, бу ёзувлар ҳам тасмаларга қўшилиб тинимсиз ҳаракатда эди.

Мен баланд овозда илтижо қиламан… 

Сенинг ифорингни ҳис қиламан…

Сенинг исмингни айтаман.

Лэнгдон экспонатга яқинроқ боргач пайқадики, ҳаракатланаётгандек туюлган тасмалар аслида жойидан жилмаётган экан; ҳаракат иллюзияси уларга ўрнатилган миттигина лампочкалар орқали ҳосил қилинарди. Лампочкалар кетма-кет ўчиб-ёниб керакли сўзларни шакллантиради. Ҳодиса тез ва аниқ изчилликда бўлгани сабабли тасмалар ва ундаги жумлалар полдан шифтга қараб ҳаракатланаётгандек туюларди.

Мен тўйиб йиғлаяпман… 

Атроф қонга бўялган…

Ҳеч ким менга чурқ этмайди.

Лэнгдон экспонатнинг ҳамма қисмини айланиб кўрди ва синчиклаб ўрганди.

– Жуда қизиқ нарса, – тўсатдан тилга кирди аудио йўлбошловчи. – “Бильбао ўрнатмаси” деб аталувчи бу дурдона концептуал рассом Женни Ҳолзер ижодига мансуб бўлиб, ҳар бири тахминан ўн икки метр узунликдаги тўққизта панелдан иборат. Панелларда испан, баск ҳамда инглизчада турли иқтибослар акс этади. Иқтибосларнинг барчаси ОИТС даҳшатлари, беморларнинг мислсиз азоблари ҳақида. 

Экспонат кишини ўзига ром этиб, айни дамда юракни тилка-пора қилувчи хусусиятга эга эканига Лэнгдон тан берди.

– Женни Ҳолзернинг ижоди сизга таниш бўлса керак?

Лэнгдон сеҳрлангандек юқорига ўрмалаётган матнлардан кўз узолмасди.

Мен бошимни кўмаман… 

Мен бошингни кўмаман… 

Мен сени кўмаман.

– Жаноб Лэнгдон? – чақирди Лэнгдоннинг боши ичидаги овоз. – Жаноб Лэнгдон, мени эшитяпсизми? Қулоқчин ишлаяптими?

Профессорнинг хаёллари тўзғиб кетди:

– А? Нима? Ким гапиряпти?

– Ким гапиряпти? – ажабланди овоз. – Аллақачон танишиб бўлдик, деб ўйлагандим. Шунчаки, мени эшитаётганингизни текширмоқчи эдим.

– Мен… Мени кечирасиз, – дудуқланди Лэнгдон залга алангларкан. – Сизни аввалдан ёзилган матн деб ўйлагандим. Алоқада тирик инсон турганини пайқамабман. 

Унинг кўз олдига қулоқчин тақиб, музей каталогига тикилган юзлаб экскурсоводлар ўтирган катта хона келди.

– Ҳечқиси йўқ, жаноб. Бугун сизнинг шахсий йўлбошловчингиз бўламан. Қулоқчинга ўрнатилган махсус микрофон санъат тўғрисида суҳбат қуришимизга ёрдам беради.

Атрофни кузатган Лэнгдон бошқа меҳмонлар ҳам қулоқчинларига гапираётганини сезди. Ҳаттоки бирга ташриф буюрган жуфтликлар ҳам бир-бирига ҳайрон боқиб, боши ичидаги йўлбошловчи билан гаплашарди.

– Ҳар бир меҳмонга шахсий гид ажратилганми? – ишонолмасдан сўради Лэнгдон

– Худди шундай, жаноб. Бугун биз уч юз ўн саккизта одамга алоҳида хизмат кўрсатамиз.

– Бўлиши мумкин эмас!

– Жаноб Кирш санъат ва технологиянинг ашаддий мухлиси экани ўзингизга маълум. Музейларда уюштириладиган жамоавий сайрларни жини суймагани боис, у киши шахсий йўлбошловчи тизимини яратди. Бу билан ҳар бир ташриф буюрувчи алоҳида сайрдан мароқ олиб, ўзига мос тезликда экспонатларни томоша қилиши, истаган манзилига юриши, йўлбошловчидан ўзини қизиқтирган саволини сўраши мумкин. Биласиз-ку, жамоавий сайрлар вақтида гуруҳга эргашиш, у билан баравар юриш, шерикларга етишиб юриш, савол беришдан тортиниш каби ҳолатлар санъатдан тўлиқ баҳра олишга халал беради. 

– Эскиликчи деб ўйламанг, лекин нега энди биз билан бирга юриб қўя қолмайсизлар?

– Мантиқан олиб қараганда, – жавоб қайтарди Уинстон, – ҳар бир киши учун алоҳида экскурсовод ажратиш музейдаги жами одамлар сонини икки баравар оширади. Бу эса ташриф буюрувчилар миқдорининг тенг яримга қисқариши демак. Бундан ташқари, ҳамма гидлар баравар маъруза ўқиса, қандай шовқин бўлишини тасаввур қиляпсизми? Тан олинг, яхшигина ноқулайлик туғдириши аниқ. Хуллас, шахсий йўлбошловчи тизимидан кўзланган асосий мақсад – суҳбат учун имкон қадар қулай шароит яратиб бериш. Жаноб Кирш доим такрорлаганидек, санъатнинг энг муҳим мақсадларидан бири мулоқотдир.

– Сўнгги фикрингизга тўлиқ қўшиламан, – деди Лэнгдон. – Айнан мулоқот қилиш, фикр алмашиш учун одамлар музейларга кўпинча дўсти ёки севгани билан боради. Сизларнинг қулоқчинингиз эса бу муҳитни бироз бузадигандек.

– Агар шеригингиз билан келсангиз, – Уинстон дарҳол жавоб қайтарди, – иккала қулоқчинни битта йўлбошловчига мослаб, кичик жамоада сайр қилишингиз мумкин. Биз бу масалани ҳам ўйлаб қўйганмиз.

– Сизда ҳамма саволга жавоб бор, шекилли.

– Менинг ишим шундан иборат-ку, – хижолатнамо кулди Уинстон ва дарҳол суҳбат мавзусини ўзгартирди. – Хўш профессор, давом этамизми? Залдан деразалар тарафга юрсангиз, музейда сақланадиган энг катта суратни кўрасиз.

Зални кесиб ўтаркан, йўлида учраган чамаси ўттиз ёшлардаги келишган жуфтлик Лэнгдоннинг эътиборини тортди. Улар бир хил оқ рангли бейсбол кепкаси кийиб олганди. Кепкаларнинг олд қисмида одатдаги бренд эмас, ғалати белги туширилганди.

Бу белгини Лэнгдон жуда яхши биларди. Лекин уни ҳеч қачон кепкада учратмаганди. Безак берилган А ҳарфи сўнгги йилларда катта суръатларда кўпайиб бораётган – атеистларнинг муштарак тимсоли эди. Худосизлар сифатида кўрилувчи бу жамият аъзолари диний эътиқоднинг хавф-хатарлари ҳақида кундан-кун дангал, баралла гапиришни бошлаганди.

“Атеистлар ўз бейсбол кепкасини ишлаб чиқаряптими?” таажжубланди Лэнгдон.

Атрофида ғуж-ғуж бўлиб юрган компьютер ишқибозларига кўз югуртираркан, Лэнгдон уларнинг аналитик ақллари Эдмондники сингари динга қарши эканини тахмин қилди. Бу оқшом аудитория диний тимсоллар профессорига эш бўлиши даргумондек кўринди.

  

Тўртинчи боб

 

ConspiracyNet.com

 

 

ШОШИЛИНЧ ЯНГИЛИК

Янгиланди: “ConscpiracyNet” сайтидаги “Куннинг медиа хабарлар топ ўнталиги”ни қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин. Бизда, шунингдек, айни дамда содир бўлаётган энг шов-шувли воқеа ҳам ёритилган!


ЭДМОНД КИРШНИНГ КУТИЛМАГАН ЭЪЛОНИ?

Дунё технология саноати қироллари футуролог Эдмонд Кирш томонидан Гуггенҳайм музейида ташкилланган ёпиқ кечада иштирок этиш учун Испаниядаги Бильбао шаҳрига етиб келди. Киришдаги текширувлар жуда қаттиқ, меҳмонлар оқшомнинг асл сабабидан бехабар. Лекин “ConspiracyNet”га ички манбадан етиб келган маълумотга кўра, Эдмонд Кирш қисқача нутқ сўзлаб, меҳмонларни оламшумул илмий янгилик билан лол қолдирмоқчи. “ConspiracyNet” воқеалар ривожини кузатиб, сизларни янгиликлардан хабардор қилиб боради.



Бeшинчи боб

Европадаги энг катта cинагог – яҳудийлар ибодатхонаси Будапештдаги Доҳани кўчасида жойлашган. Маврча услубда қўш минорали қилиб қурилган бинода уч мингдан ортиқ ибодатгўйлар учун жой бор. Одатда, ибодатхонанинг пастки қаватида кўпроқ эркаклар, балконларда эса аёллар ўтиради.

Cинагог ташқарисидаги боғда нацистлар босқини вақтида ҳалок бўлган юзлаб венгер яҳудийларининг таналари оммавий кўмилган маскан бор. У ерга махсус ёдгорлик қурилган. Айнан ана шу жойда япроқларига қурбон бўлганларнинг исми ёзилиб, рамзий маънода кўзёш тўкиб турган мажнунтол – бетакрор Ҳаёт дарахтининг металл ҳайкали ўрнатилган. Ҳар сафар шабада эсганда металл япроқлар бир-бирига урилиб, бу ерда бўлиб ўтган хунрезликлар акс-садосини бергандек бўлади.

Ўттиз йилдан ошдики, атоқли талмудшунос олим, каббалачи раввин Иеҳуда Кёвеш Буюк синагогнинг бош руҳонийси бўлиб келмоқда. Ёши ўтиб, соғлиғи ёмонлашганига қарамасдан, раввин Кёвеш нафақат Венгрия, балки бутун дунё яҳудийлар жамоасининг илғор аъзоси эди.

Қуёш Дунай дарёсига бош қўяр маҳали кексайган руҳоний синагогдан ташқарига чиқди. Доҳани кўчасидаги сирли қовоқхоналар, ойнаванд дўконлар ёнидан ўтиб, Марсиус 15 майдонида жойлашган уйи томон йўл олди. Унинг уйи 1873 йили расман бирлаштирилган қадимги Буда ва Пешт шаҳарларини боғловчи Элизабет кўприги биқинида эди. 

Яҳудийларнинг пасха байрамига оз қолди. Одатда, бу кунларни йил давомида орзиқиб кутадиган Кёвешнинг кўнглига ҳозир байрам сиғмаяпти. У ўтган ҳафтада Дунё динлари парламенти йиғилишидан қайтгандан бери ҳаловатини йўқотган. 

“Умуман бормасам бўларкан шу мажлисга…”

Руҳоний Вальдеспино, аллома Саид ал-Фадл ва келажакшунос Эдмонд Кирш билан бўлган фавқулодда учрашув сўнгги уч кун давомида Кёвешнинг хаёлларини остин-устун қилиб юборганди.

Уйга етиб келгач, раввин Кёвеш шошганича шинам ҳовлидан ўтиб, “házikó” деб аталувчи кичикроқ уйчанинг эшигини очди. “Házikó” соҳибининг илм ўрганиши, ибодат қилиши учун мўлжалланган хос жой бўлиб, у ерда диний китобларнинг залваридан букчайиб қолган баланд китоб жавонлари бор эди. Кёвеш илдамлик билан стол ёнига бориб ўтирди, олдидаги палапартишликдан хуноб бўлди.

“Столимни шу аҳволда кимдир кўрса борми, мени ақлдан озди деб ўйлаши турган гап.”

Ёзув столи устида эслатмалар ёпиштирилган тушунарсиз олтита диний матн сочилиб ётарди. Матнлар ёнидаги ёғоч лавҳларда Тавротнинг иброний, оромий ва инглиз тилидаги уч нусхаси турар, уларнинг барчаси бир саҳифада тўхтаганди.

Ибтидо. 

Худо азалда осмонни…

Кёвешга Каббала космологияси ҳақида маъруза ўқиш ёки Зоар китобига илмий изоҳ бериш қанчалик осон бўлса, Ибтидони учала тилда ёддан айтиб бериш ҳам ҳеч қийинчилик туғдирмасди. Унинг даражасидаги диний олимнинг Ибтидони қайта ўрганиши Эйнштейннинг мактабга бориб, оддий арифметика дарслигини яна бир бор ўқиши билан баробар эди. Не тонгки, раввин бир ҳафтадан бери Ибтидо билан банд. Столи устидаги ён дафтарчага бўш жой қолдирмай ёзиб ташлаган тартибсиз белгиларни Кёвешнинг ўзи ҳам зўрға тушунаётганди.

“Шу кетишда ақлдан озаман.”

Раввин Кёвеш мутолаани насроний ва яҳудийлар учун умумий бўлган Тавротнинг биринчи китоби – Ибтидодан бошлади. “Худо азалда осмон ва ерни яратди.” Кейин Талмуднинг йўриқнома матнларига ўтиб, Маъасеҳ Берешит – Борлиқнинг Яратилиши тўғрисидаги раввинлик тушунчаларни қайта ўқиб чиқди. Шундан сўнг Мидрашни ўрганишга тутинди, оламнинг пайдо бўлиши ҳақидаги анъанавий ривоят атрофида келиб чиққан қарама-қаршиликларни тушунтиришга уринган таниқли тадқиқотчиларнинг турли изоҳларини синчиклаб таҳлил қилди. Охир-оқибат, Зоарнинг Каббала илми сирларига тааллуқли таълимотига шўнғиб кетди. Унда ёзилишича, инсон ақли билишга ожиз Худо ўзини ўн хил сефирот ёки ўлчам кўринишида намоён қилди. Унинг ўлчамлари Ҳаёт дарахтини шакллантирди, Ҳаёт дарахтидан эса бир-биридан мустақил тўрт алоҳида борлиқ ўсиб чиқди.

Яҳудийлик таълимотидаги мураккабликлар Кёвешни шу вақтгача безовта қилмасди. Аксинча, Худо бу қоронғилик орқали инсоният ҳамма нарсани англашга ожиз эканини эслатиб тургандек эди гўё. Бироқ Эдмонд Киршнинг тақдимоти, унинг кашфиётидаги оддийлик ва аниқликни мушоҳада қилиб кўргач, раввин уч кун вақтини зиддиятлар тўпламини варақлашга сарфлагандек туюлди. Айни дамда унинг қўлидан келадиган ягона иш – қадимий қўлёзмаларни четга суриб, фикрларини жамлаб олиш учун Дунай дарёси бўйлаб сайр қилиш эди. 

Қанчалар оғриқли бўлмасин, Кёвеш ҳақиқатни тан ола бошлади: Киршнинг кашфиёти ҳақиқатан барча иймонли қалбларга ҳаловатсизлик олиб келади. Олимнинг янгилиги ҳозиргача мавжуд бўлган ҳар бир диний таълимотга қарши туради ва буни рад қилиб бўлмас оддийлик билан ишончли тарзда бажаради.

"Сўнгги манзара ҳануз кўз олдимдан кетмайди, – дея ўйлади Кёвеш Киршнинг телефонида кўрган тақдимотнинг хулосасини ёдга олиб. – Бу янгилик фақат художўйларга эмас, бутун инсониятга таъсир қилади.”

Сўнгги кунларда тинимсиз мулоҳаза қилишига қарамасдан, Кирш берган маълумот ҳақида бир тўхтамга келолмай, Кёвешнинг боши қотганди. 

Вальдеспино ҳам, ал-Фадл ҳам бу масалада бирор чора топгани эҳтимолдан йироқ. Учала эркак икки кун олдин қўнғироқлашганди, суҳбат асносида ҳеч қандай тўхтамга келинмади.

– Дўстларим, – гап бошлаганди Вальдеспино, – жаноб Киршнинг тақдимоти ташвишланишга арзийди… кўп жабҳаларда… Масала юзасидан менга қўнғироқ қилиб, муҳокама қилишини унга тайинлагандим, негадир дараги йўқ. Ўйлашимча, жиддий қарор қабул қилиш вақти етди.

– Мен нима қилишни биламан, – деди ал-Фадл, – Бу аҳволда жим ўтиролмаймиз. Вазиятни қўлга олмоғимиз зарур. Киршнинг қўлидаги маълумот эътиқодларга қирон келтирувчи бомба мисоли. Кирш бомбани ишга тушириб, динларни ерпарчин қилишидан аввал ўзимиз унинг кашфиётини ошкор қилмоғимиз даркор. Зудлик билан. Ҳодисани ўз фойдамизга буриб, иложи борича художўйларда таҳлика кўтармайдиган қилиб ёритишимиз керак.

– Бу вариантни олдинроқ муҳокама қилгандик. Бахтга қарши, Киршнинг кашфиётини ваҳима уйғотмайдиган тарзда маълум қилишнинг йўлини кўрмаяпман, – деб уҳ тортди Вальдеспино. – Қолаверса, эшитган ва кўрганларимизни қатъиян сир сақлаш ҳақида қасам ичганмиз.

– Эсимда, – ал-Фадл унинг фикрига қўшилди, – қасамни бузиш борасида камина ҳам иккиланяпман. Лекин ишонаманки, буюк мақсадлар қурбонликларсиз бўлмайди. Мусулмонлар, яҳудийлар, насронийлар, ҳиндуистлар – барчамиз хавф остидамиз. Жаноб Кирш ҳамма эътиқодлар учун умумий бўлган фундаментал ҳақиқатларни заифлаштирмоқчилигини ҳисобга олган ҳолда, кашфиётини шундай тақдим этайликки, жамиятларимизга асло зарар келтирмасин.

Насронийлар етакчиси эътироз билдирди:

– Бундан бир иш чиқмайди, деб қўрқаман. Киршнинг янгилигини оммага айтганга яраша, уни нотўғри бўлиш эҳтимолига далиллар кўрсатиб беришимиз ҳам керак. Ана ўшанда кашфиётнинг аҳамияти пасайиб, одамлар иймонларини сақлаб қолади.

– Нима-нима? – ҳаяжонга тушди ал-Фадл. – Бирор масалада ҳеч қачон хато қилмаган олимнинг кашфиёти нотўғри эканини исботлаймизми? Кирш билан учрашувда ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз-ку, унинг тақдимоти бекам-кўст. Эътироз билдириш иложсиз.

– Галилео Галилей, Жордано Бруно ёки Коперник кашфиётларини эсланг. Динлар бу каби ҳолатларга биринчи марта дуч келиши эмас. Ҳозир ҳам ўша вақтда бўлганидек, эшигимизни илм-фан қоқмоқда, – хўмрайди Вальдеспино.

– Ҳозир гап физика ёки астрономиядаги янгиликлардан кўра чуқурроқ масала устида кетяпти! – ал-Фадл хитоб қилди. – Кирш эътиқодларимизнинг илдизига болта урмоқда. Тарихда нима бўлганини истаганча эслатишингиз мумкин, лекин унутманг, Ватиканингиз босди-босди қилишга қанчалик уринмасин, алалоқибат, Галилей ғалаба қозонди, унинг илми оламга ёйилди. Кирш билан ҳам шундай бўлади. У ҳам ғолиблик лаззатини тотади. Бунинг олдини олиб бўлмайди.

Ўртага оғир сукунат чўкди.

– Юзага келган вазиятга нисбатан муносабатим жуда оддий, – сукунатни бузди Вальдеспино. – Қанийди, Эдмонд Кирш шу кашфиётини умуман қилмаган бўлсайди... Унинг топилмаларини қабул қилишга тайёр эмасмиз. Шунинг учун Киршнинг янгилиги дунё юзини кўрмаслигини афзал биламан, – руҳоний бир зум тин олди. – Шу билан бирга, оламдаги ҳар бир ҳодиса Яратганнинг режасига биноан амалга ошишига ишонаман. Балки қилган илтижоларимиз Парвардигорга етиб бориб, Худонинг ўзи кашфиёт ҳақида оммага ошкор этмасликни Киршнинг қалбига солар.

Ал-Фадл қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:

– Жаноб Кирш Худонинг кўрсатмаларини тинглашга қодир одамлар cирасига киради, деб ўйламайман.

– Бўлиши мумкин. Лекин мўъжизалар ҳар куни содир бўлади.

– Кечирасиз-у, – ал-Фадлнинг фиғони фалакка кўтарилиб, пишқирди, – агар Худо Киршнинг жонини олмаса…

– Жаноблар! – гапга аралашди Кёвеш вужудга келган зиддият суронини пасайтириш учун. – Қарор қабул қилишда шошмаганимиз маъқул. Бу масала айнан бугун ҳал қилиниши шарт эмас. Жаноб Кирш янгиликни бир ойдан сўнг эълон қилишини айтганди. Келинглар, яхшиси, масалани ҳар биримиз алоҳида чуқур мулоҳаза қилайлик. Бир неча кундан сўнг фикр алмашамиз. Ҳиссиётларга берилмасдан қилинган мушоҳадалар тўғри йўлни кўрсатажак, албатта!

– Доно маслаҳат! – унинг фикрига қўшилди Вальдеспино.

– Лекин узоқ кутолмаймиз, – ал-Фадл вақт йўқотишдан хавотирланиб огоҳлантирди. – Икки кундан кейин қайта алоқага чиқамиз.

– Келишдик. Ўшанда сўнгги қарорга келамиз, – рози бўлди Вальдеспино.

***

Бу суҳбат бўлганига ҳам роппа-роса икки кун ўтди. Бир тўхтамга келиш муддати етди.

Хосхонасида ўтирган Кёвешнинг юраги бесаранжом урарди. “Негадир кечикишяпти…” Ўн дақиқа ўтди, қўнғироқдан дарак йўқ.

Фикрлар уммонида сузиб юрган раввин телефоннинг асабий жиринглашини эшитиб, гўшакка ёпишди.

– Хайрли кеч, раввин, – нариги томондан руҳоний Вальдеспинонинг хавотирланган овози келди. – Ушланиб қолганим учун узр. Аллома ал-Фадл суҳбатимизга қўшилолмайди, деб қўрқаман.

– Нима? Қанақасига? – ташвишга тушди Кёвеш. – Унга нима бўлди?

– Хабарим йўқ… Кун бўйи ал-Фадл билан боғланиш учун қилган уринишим бесамар кетди. Аллома… изсиз йўқолганга ўхшайди. Бирор тирик жон унинг қаерда эканини билмайди.

Кёвешдан совуқ тер чиқиб кетди:

– Бу яхшилик аломати эмас…

– Ҳақсиз. Ҳозирча ваҳима қилмай турайлик. Ишқилиб, жони соғ бўлсин. Бу ҳали ҳаммаси эмас, – руҳонийнинг овози тундлашди. – Ҳозиргина хабар топдим… Эдмонд Кирш кашфиётини дунёга эълон қилиш учун махсус тадбир ўтказмоқда экан… Шу бугун…

– Шу бугун?! – Кёвеш қулоқларига ишонмади. – Ахир… Ахир, бир ойдан сўнг деганди-ку?

Епископ алам билан пичирлади:

– У бизни алдабди!

 

Олтинчи боб

Уинстон назокатли оҳангда тушунтира кетди:

– Олдингиздаги, профессор, музейимиздаги энг катта сурат. Лекин кўпчилик ташриф буюрувчилар уни дарҳол пайқамайди.

Лэнгдон рўпарасини диққат билан кўздан кечирди. Лекин эътиборга молик улкан расмни кўрмади:

– Ҳмм… Кўпчилик қаторида эканман чоғи, мен ҳам кўрмаяпман суратни.

– Гап шундаки, у бироз ноодатий ўрнатилган, – деди Уинстон кулги аралаш. – Полдаги санъат асарини девордан қидириш бефойда, ахир.

“Эртароқ пайқашим керак эди”, ўйлади Лэнгдон. У пастга қаради ва оёқлари остида тош устига тортилган тўртбурчак брезентни кўрди.

Ҳақиқатан ҳам, анчагина жойни эгаллаган сурат бир хил – тўқ мовий рангдан иборат эди. Атрофдаги томошабинлар чуқур ҳовуз тубига қараётгандек қизиқсиниб пастга боқарди.

– Бу санъат дурдонасининг майдони деярли беш юз олтмиш квадрат метр, – маълумот берди Уинстон.

“Кэмбриждаги уйимдан ўн марта катта экан”, деб ўйлади Лэнгдон ҳисоблаб кўриб.

– Сурат муаллифи – Ив Клайн уни “Чўмилиш ҳавзаси” деб атаган.

Лэнгдон тан берди: маҳорат билан ишлатилган тўқ кўк бўёқ суратга шўнғиш мумкиндек таассурот уйғотарди.

– Асар рангини Клайннинг ўзи ихтиро қилиб, “Халқаро Клайн Кўки” номи билан патентлаштирган, – давом этди Уинстон. – Муаллифнинг айтишича, айнан мана шу тўқ мовий ранг унинг тасаввуридаги номоддий ва чексиз дунёни ифодалайди.

Лэнгдон Уинстоннинг маълумотларни ўқиб бераётганини сезди.

– Ив Клайн ўзининг монохром кўк суратлари билан донг таратган. Шунингдек, уни “Тубсизлик сари” деб номланган фотосурати орқали ҳам яхши танишади. 1960 йил намойиш этилганда “Тубсизлик сари” одамлар орасида яхшигина ваҳима уйғотганди.

Нью-Йоркдаги Замонавий санъат музейида сақланувчи “Тубсизлик сари” асарини Лэнгдон аввал кўрганди. Пўрим кийинган эркак баланд бино деворидан ўзини ташлаб, пастдаги йўлакка бамайлихотир қулаётгани тасвирланган фотосурат кишини бир қарашда ҳаяжонга солиб қўяди. Лекин расм ҳақиқий бўлмай, “Фотошоп” чиқмасдан анча аввал қайчи, устара ва елимдан усталик билан фойдаланиб амалга оширилган эди.

– Бундан ташқари, Клайн “Монотон сукунат” номли мусиқий асар басталаган. Композицияда симфоник оркестр йигирма дақиқа давомида фақат ре мажор нотани чалади.

– Кимдир эшитадими буни?

– Минглаб одамлар. Ре мажор композициянинг бир қисми, холос. Иккинчи бўлимда оркестр тош қотганча ҳаракатсиз ўтиради ва навбатдаги йигирма дақиқани “жимжитлик” куйини ижро этиб ўтказади.

– Ҳазиллашяпсиз-а?

– Албатта, йўқ. Айтиш жоизки, “Монотон сукунат” сиз тасаввур қилганингиздан кўра қизиқарлироқ бўлган. Масалан, саҳнада танасига кўк бўёқ билан ишлов берилган учта яланғоч аёлнинг баҳайбат суратлар атрофида айланиши ўзгача жозиба касб этган.

Лэнгдон ҳаётининг каттагина қисмини санъатни ўрганишга сарфлаган бўлса-да, замонавий санъатнинг олий кўринишларини қай тарзда баҳолашга ҳанузгача боши қотар; авангард жозиба сири мавҳумлигича қолганди.

– Нотўғри тушунманг-у, Уинстон, бирхилликдан иборат ишни қандай қилиб “замонавий санъат дурдонаси” деб аташ мумкинлигини унча тушунмайман.

– Тўғри, бу савол кўпчиликни қийнайди, – жавоб берди Уинстон. – Мумтоз санъатда рассомнинг ижро маҳорати, айтайлик, унинг бўёқ ва мўйқалам билан моҳирона ишлай олиши баҳоланади. Замонавий санъатда эса ижродан кўра ғоя асосий ўрин эгаллайди. Мисол учун, ҳозир битта нота ва жимликдан иборат қирқ дақиқалик композицияни ҳар ким осон ёзиши мумкин. Лекин бу ғоянинг асосчиси Ив Клайнлигича қолади.

– Ҳақиқатан ҳам…

– Бўлмасам-чи! Ташқарида кўрганингиз – “Туманли ҳайкал” ҳам замонавий санъатнинг ёрқин намунаси. Рассом кўприк остига тешилган қувурларни ўрнатиб, улардан сув юзасига тутун чиқариш ғоясини беради. Бу ғояни маҳаллий чилангарлар амалга оширади. – Уинстон бир зум тўхтади. – Тумандан код сифатида фойдаланиш ғояси учун рассомга қойил қолмасдан илож йўқ.

– Туман кодми?

– Худди шундай. Музей архитекторига аталган кодли бағишлов.

– Френк Геригами?

– Френк О. Герига! – тўғрилади Уинстон.

– Ақлли фикр.

Лэнгдон деразага яқинлашаркан, Уинстон сўради:

– Шу ердан ўргимчак яққол кўринади. Келаётганингизда Маманга кўзингиз тушдими?

– Ҳа. Маманни кўздан қочириш иложсиз, – жавоб қайтарди профессор ташқаридаги “Қора бева” ҳайкалига тикилиб.

– Дидингизга ўтирмагандек гапиряпсиз?

– Мен ҳаракат қиляпман, лекин… – тин олди Лэнгдон. – Тўғриси, мумтоз санъат ҳақида гап кетганда ўзимни океандаги наҳангдек бемалол ҳис қиламан. Бу ерда эса бебош тўлқинлар дастидан соҳилга итқитилган балиқчага ўхшаб қолдим.

– Қизиқ! Сиздек шахс Маманга етарли баҳо бера олади, деб ўйлагандим. Чунки у классикага доир таққослаш тушунчасининг мукаммал намунаси саналади. Келаси сафар шу тўғридаги маърузаларингизда Маманни мисол келтиришингиз мумкин.

Лэнгдон ўргимчакка қайта назар соларкан, классикага тааллуқли ҳеч вақони пайқамади. Анъанавийликни афзал билган профессор таққослаш мавзусини тушунтиришда Довудга етадигани йўқлигини кўринмас ҳамроҳига таъкидлади.

– Албатта, Микеланжело – олтин стандарт, – кулиб жавоб қайтарди Уинстон. – Довуднинг аёлларга хос тик турган гавдаси ва рогатка тутган ўнг қўли бевосита аёллик заифлигига ишора беради. Аммо унинг қувват ёғилиб турган танаси, кўзларида қотиб қолган қатъият, Голиафдан қасос олиш илинжида бўртиб чиққан ўқ томирлари ҳамда чайир пайлари эркаклик қудратини яққол намоён этади. Ҳақиқатан, Довуд бир вақтнинг ўзида ҳам аёлга хос нафислик, ҳам эркакча кучга йўғрилган. У ўзида нафосат ва ҳалокатни жам қилган.

Уинстоннинг қиёсий таҳлили Лэнгдонни ҳайратга солди. У айни дамда барча талабалари Микеланжелонинг ушбу санъат асари ҳақида ана шундай аниқ-тиниқ тушунчага эга бўлишини орзу қилди.

– Маман ҳам Довуддан деярли фарқ қилмайди, – давом этди Уинстон. – Унда кўҳна ёндашувларни зидлаштириш орқали таққослаш ифодаланган. Табиатан, “қора бева” ўргимчаги жуда қўрқинчли мавжудот. У қурбонларини тўр ёрдамида тутиб, маҳв этади ва улар билан озиқланади. Қаршингиздаги “қора бева” аёл жинсида бўлиб, кўриб турганингиздек, унинг қопи тухумга тўла. Йиртқичлигига қарамай, у янги ҳаёт инъом этишга тайёрланмоқда. Яъни “қора бева”да ҳам қотил, ҳам жон ато этувчи образ мужассам. Унинг баҳайбат танасига номутаносиб ингичка оёқлари яна бир қарама-қаршиликни ифодалаб, қувват ва мўртлик рамзини беради. Маманни ҳеч иккиланмасдан замонавий Довуд деб аташингиз мумкин.

– Мумкин эмас, – табассум қилди Лэнгдон, – аммо тан оламан, сизнинг таҳлилларингиз фикрий озуқа берди менга.

– Ажойиб! Ундай бўлса, рухсатингиз билан яна бир экспонатни кўрсатсам. Шахсан Эдмонд Киршнинг ўзи яратган.

– Йўғ-е? Эдмонд рассомликка қизиқишини билмас эканман, – ажабланди профессор.

Уинстон кулиб юборди ва кўтаринки оҳангда деди:

– Бунга ўзингиз баҳо берақолинг яхшиси.

Йўлбошловчи кўрсатмасига биноан Лэнгдон деразалар ёнидан ўтиб, кенггина тахмон томон юрди. У ерда бир гуруҳ меҳмонлар деворга осилган бир бўлак лой олдида тўпланиб турганди. Бир қарашда, қотирилган лой парчаси профессорга бошқа музейлардаги ҳайвон ва ўсимликларнинг тош қотган қолдиқлари кўргазмасини эслатди. Бироқ бу лойда ҳеч қандай қолдиқ йўқ, унинг юзаси янги ётқизилган цементга ёш болалар чўпда чизадиган тушунарсиз белгилар билан қопланганди.

Кузатувчиларнинг юзида ҳайрат аломати сезилмасди негадир. 

– Наҳотки, шу нарсани Эдмонд қилган бўлса? – энсаси қотиб сўради малласоч аёл. Унинг лаблари сунъий шиширилган, елкасига мўйна ташлаб олган эди. – Умуман маъносини тушунмадим.

Лэнгдоннинг муаллимлиги тутиб, аёлнинг гапини бўлди: 

– Бу экспонат ҳозиргача музейда кўрганларим ичида энг яхшиси, унда ғиж-ғиж маъно яширин.

– Шунақами? – малласоч хоним ўгирилиб, профессорга беписанд кўз ташлади. – Балки менга тушунтириб берарсиз?

– Жоним билан! – жавоб қайтарди Лэнгдон ва лой юзасига ўйилган белгилардан иборат санъат асарига яқинлашди.


– Дастлаб эслатиш жоизки, Эдмонд лойга битган белгилар инсониятнинг энг биринчи ёзуви – миххат шаклидадир.

Аёл ниманидир тушунмагандек кўзларини пирпиратди.

– Ўртадаги учта йўғон белги, – давом этди профессор, – Оссурия тилида “балиқ”ни ифодалайди. Диққат билан қарасангиз, ўнг томонга қараб очилган балиқнинг оғзи, унинг давомида учбурчак тангачали балиқ танаси кўз олдингизда намоён бўлади. Турли расмлар ёрдамида сўзларнинг ифодаланиши “пиктограмма” дейилади.

Aтрофида йиғилганлар қизиқсиниб, битикни қайта ўрганишга тушди.

– Балиқнинг ортига чизилган изларга қаранг, – давом этди Лэнгдон суратнинг чап томонидаги нуқтачалар кетма-кетлигига ишора қилиб. – Бу орқали Эдмонд балиқнинг қуруқликка томон бўлган тарихий эволюцион йўлини кўрсатмоқда. 

Томошабинлар тасдиқ ишорасида бошларини қимирлатишди.

– Ва ниҳоят, балиқнинг озуқаси сифатида тасвирланган ўнгдаги асимметрик юлдузчани кўряпсизми? Бу – Худонинг энг қадимий рамзларидан бири ҳисобланади.

Малласоч хонимнинг қовоғи уйилди.

– Балиқ Худони еяптими?

– Шунақага ўхшайди. Балиқ – эволюция динни ютиб юбориши Дарвин назариясининг қизиқарли варианти сифатида баҳоланиши мумкин, – елка қисди Лэнгдон. – Айтганимдек, жуда маъноли сурат бу, – у гапини тугатиб, анграйиб қолган малласоч хонимга табассум қилди-да, даврани тарк этди. Унинг ортида тўпланганларнинг ҳайратомуз шивир-шивири эшитилиб турарди. 

Йўл-йўлакай Уинстон хахолаб кулиб юборди. 

– Қойилмақом, жаноб профессор! Эдмонд ҳозирги маърузангизни эшитганда эди, боши осмонга етган бўларди. Бу суратнинг асл маъносини камдан-кам одам илғай олади.

– Нимаям дердим, – жилмайди Лэнгдон. – Менинг ишим шу.

– Нима учун жаноб Кирш сизни олиймақом меҳмон ҳисоблашини энди тушундим. Дарвоқе, Эдмонд сизга бугунги оқшомга йиғилган меҳмонларнинг ҳеч бири муваффақ бўлмайдиган бир нарсани кўрсатишимни сўраганди.

– Ростданми? Нима экан?

– Асосий деразаларнинг ўнг томонидаги йўлакка ўтиш жойини кўряпсизми? Устунчалар билан тўсиб қўйилган.

– Кўряпман.

– Жуда соз. У ҳолда кўрсатмаларимга эргашинг.

Лэнгдон ажабланган кўйи йўлбошловчисининг кўрсатмаларига бўйсунди. У йўлакнинг кириш жойига борди, атрофга сездирмай аланглаб, ҳеч ким кузатмаётганига икки марта ишонч ҳосил қилгач, эҳтиёткорлик билан устунчалардан ҳатлаб, кўздан панадаги йўлакка ўтиб олди.

Музейнинг асосий залини ортда қолдириб, бир неча метр юргач, қаршисида кодланган қулф ўрнатилган металл эшикка дуч келди.

– Олтита рақамни теринг, – деди Уинстон зарур рақамларни айтаркан.

Лэнгдон бир сўз демай унга бўйсунди. Кодни тергач, қулфнинг шиқирлаб очилгани эшитилди.

– Жуда соз, профессор. Ичкарига марҳамат!

Лэнгдон бир сония тараддудланиб турди. Сўнг ўзини қўлга олиб эшикни итарди. Олдинда деярли зулматга чўмган бўшлиқ пайдо бўлди.

– Ҳозир чироқларни ёқаман, – деди Уинстон. – Илтимос, ичкарига кириб, эшикни ёпсангиз.

Профессор бир қадам ичкарига кириб, қоронғилик аро ниманидир илғашга уринди ва атрофга разм солди. Ортдаги эшикни ёпганда чиққан шиқирлаган товуш эшик қулфланганидан дарак берди.

 Аста-секинлик билан хонанинг турли бурчакларида чироқлар кўрина бошлади. Лэнгдоннинг кўз ўнгида баҳайбат учоқлар кутиб олиниб, кузатиладиган ангар сингари бепоён кенглик намоён бўлди.

– Хона майдони уч минг юз квадрат метрни ташкил этади, – профессорнинг ҳайратини сезгандек изоҳ берди Уинстон.

Бу хонага солиштирганда музейнинг кириш зали митти гномча эди.

Чироқлар ёришаркан, Лэнгдон полдаги улкан шаклларни пайқади. Етти-саккизтача келадиган баҳайбат қорамтир шарпалар ярим тунда ўтлаётган динозаврларни ёдга соларди.

– Ё қудратингдан!.. Нималарни кўряпман ўзи?

– Кўраётганингиз “Вақт материяси” деб аталади, музейимиздаги энг оғир экспонат саналади. Унинг вазни тўққиз юз тоннадан зиёдроқ, – тантанали оҳангда изоҳ берди Уинстон.

– Бу ерда ёлғиз нима қиляпман?

– Айтганимдек, жаноб Киршнинг шахсан ўзи сизга ушбу ажойиботларни кўрсатишимни сўради.

Уинстон гапини тугатар экан, чироқлар бор кучи билан нур тарата бошлади ва бепоён зални оппоқ ёғду чулғаб, олис қисмлари ҳам кафтдагидек намоён бўлди. Қаршисидаги манзарага чексиз ҳайрат-ла тикиларкан, Лэнгдоннинг тили калимага келмас, хаёлида битта ўй айланарди.

“Мен бутунлай бошқа дунёга кириб қолдим.”