Amir Temur o'gitlari (cyr)
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

кітабын онлайн тегін оқу  Amir Temur o'gitlari (cyr)

МИЛЛАТНИНГ ДАРДЛАРИГА ДАРМОН БЎЛ...

 

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РАҲИЙМ

 

1

 

Салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни: 1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор, тадбиркорлик, ҳушёрлик; 4) эҳтиёткорлик. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан, салтанатни бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юритгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан. Шуни ҳам билишинг керакким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка солиш билан битур. Хуллас, бажарилиши шарт бўлган тадбирларнинг таърифидан ва зикридан сўнг шуни таъкидлаш лозимки қатъийлик, сабр, чидамлилик, соғлигу сергаклик, эҳтиёткорлик ва шижоат билан барча ишлар амалга оширилур.

 

2

 

Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур.

 

3

 

Ишбилармон мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.

 

4

 

Ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплигидан, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмокдик Тангрининг мадади ва бандасининг тадбири биландир.

 

5

 

Гарчи ишнинг қандай якунланиши такдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир.

 

6

 

Агар икки хатарлик ёки бир хатарлик ишни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарини ихтиёр этмоқ керак.

7

 

Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй.

 

8

 

Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, яқинига ҳам йўламасинлар. Хотирдан чиқмасинким, Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

 

9

 

Кенгаш икки турли бўлур: бири — тил учида айтилгани, иккинчиси — юракдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.

 

10

 

Амирларим агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим, агар урушга мойил бўлсалар, унинг нафъ ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим, қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган [турумсиз] кенгашни эшитишдан сақланардим. Қайси киши ақлга сиққан бир ишни куйиниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.

 

11

 

Бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олиб, кейин Қуръондан фол очардим ва Қуръон ҳукми билан иш қилур эдим.

 

12

 

Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин.

 

13

 

Худо битта, унинг шериги йўқдир. Шундай бўлгач, Аллоҳ таолонинг муқаддас мулки — ер юзига эгалик қиладиган (кадхудо) киши ҳам битта бўлиши керак.

 

14

 

Агар ерда ва кўкда икки худо бўлса, жаҳоннинг иши бузилур.

 

15

 

Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдир манға,

Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға.

(Амир Ҳусайнга Амир Темурбек ёзган туркий байт)

 

16

 

Кимки менга келиб қўшилса улуғланади, кимки мен билан курашмоқчи бўлса йиқилади.

 

17

 

Жангда енгиш-енгилиш иши тақдир пардаси остида яширин.

 

18

 

Жаҳонни идора этгувчи қудратли набираларимга маълум бўлсинким, Тангри таоло даргоҳидан умидим шулки, кўплаб фарзанддарим, авлодим салтанат тахтига ўтириб, мамлакатларни идора этгай. Шунинг учун салтанат қуриш, давлат тутиш ишларини бир неча тузукка боғладим ва салтанат бошқариш ҳақида қўлланма (дастуриламал) ёзиб қолдирдим, токи фарзандларим ва авлодимдан бўлганларнинг ҳар бири унга мувофиқ иш юритсин... толеъи баланд миллатининг шарофатини, муҳаббат ва дўстлигим орқали қўлга киритган давлат ва салтанатни сақлагайлар. Бу тузуклардан ўз салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангайлар, токи мендан уларга етадиган давлат ва салтанат зарару таназзулдан омон бўлгай.

 

19

 

Дўсту душман билан муросаю мадора қилдим.

 

20

 

Ҳар мамлакатга шайхулислом юбордимки, токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, уларни яхши ва савоб ишларга ундасин.

 

21

 

Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим.

 

22

 

Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказма.

 

23

 

Менга ёмонлик қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, унут бўларди.

 

24

 

Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

 

25

 

Уламо билан суҳбатда бўл ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қил.

 

26

 

Азму жазм билан иш тутдим. Бирон ишни қилиш-га қасд қилган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим.

 

27

 

Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомала қилмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб.

 

28

 

Ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунлари ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва хуш ахлоқлари, маъқул сифатларидан намуна олиб, унга амал қилдим. Давлатларининг таназзулга учраши сабабларини суриштирдим ва давлату салтанат заволига сабаб бўлувчи ишлардан сақландим. Наслни бузувчи, очарчилик ва вабо касали келтирувчи зулм ва бузуқчиликдан сақланишни ўзимга лозим билдим.

 

29

 

Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим.

 

30

 

Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳолисининг ашроф-улуғлари ва бузурглари билан ошна тутиндим. Уларнинг мижозларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим.

 

31

 

Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим.

 

32

 

Яхшиларга — яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим.

 

33

 

Фарзандлар, қариндошлар, ошна-оғайни, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига эришганимда унутмадим, ҳақларини адо этдим.

 

34

 

Дўст-душманлигига қарамай, ҳар жойда сипоҳийларни ҳурмат қилдим, чунки улар боқий мато бўлган жонларини фоний дунё моли учун сотадилар. Ўзларини маърака-майдон, ҳалокатга отиб, жонларини қурбон қиладилар. Агар ғаним сипоҳидан бирор одам ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб уруш кунларида менга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатдим, қошимга паноҳ истаб келганда, уни қадрлаб, ҳақиқат билан хизмат қилишига ишондим.

 

35

 

Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим.

 

36

 

Давлат агар дину ойин асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса, назарини олиб қочади. Ёхуд касу нокас тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.

 

37

 

Мен ўз салтанатимни дини ислом, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тузук асосида бажардим.

 

38

 

Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар қуришни, мусофир йўловчилар учун йўл устига работлар бино қилишни, дарёлар устига кўприклар қуришни буюрдим.

 

39

 

Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари ва ислом дини илмлари: тафсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим.

 

40

 

Кимки Муҳаммад динини қўллаб-қувватласа, сен ҳам уни қўллагил, кимки, Муҳаммад динини хор қилса, сен ҳам уни хор тутгил.

 

41

 

Салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси ҳазрати Муҳаммаднинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдирган ҳолда уларни мустаҳкамладим. Салтанатим мартабасини қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.

 

42

 

Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди.

 

43

 

Менда бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч вақт унутмадим. Бирон кимса билан танишган бўлсам, уни ҳеч вақт назаримдан қолдирмадим.

 

44

 

Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.

 

45

 

Менга илтижо қилиб келган бадкирдор одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Менга қилган ёмонликларини қилмагандек кўриб, уларни ёмон қилмишлари дафтари устига афв қаламини тортдим.

 

46

 

Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни парвардигори оламга топширдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.

 

47

 

Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

 

48

 

Кимнинг ақли ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқ кўрсам, уни тарбия қилиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматига яраша мартабасини яна-да оширар эдим.

 

49

 

Ҳар мамлакат ва диёр саёҳатчиларию мусофирларининг бошини силадимки, турли мамлакатлардан менга хабар келтириб турдилар. Ҳар бир мамлакатга ва диёрга бориб туриш учун савдогарлар ва карвонбошилар тайинладимки, улар ўшал мамлакатларда яшовчи кишиларнинг ҳол-аҳволи, туриш-турмушлари ҳақида менга хабар олиб келсинлар. Ҳар бир мамлакат ҳукмдорининг ўз раиятига қандай муомалаю муносабатда эканлигини аниқласинлар.

 

50

 

Узоқ-яқиндан бирон киши келиб, менинг мажлисимга кирар экан, қайси тоифадан бўлса ҳам, давлатим дастурхони неъматидан уни қуруқ қайтармасинлар.

 

51

 

Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли микдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин.

 

52

 

Гарчи яхши сўзни ҳаммадан эшитиш зарур бўлса ҳам, лекин бошқалар сўзда, салтанат ишларида подшоҳга шерик, ёхуд ундан устун бўлмасликлари шарт.

 

53

 

Султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди.

 

54

 

Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.

 

55

 

Подшоҳ ҳар ишда қарорида қатъий бўлсин, яъни ҳар қандай ишни қилишга қасд қилар экан, то би-тирмагунича ундан қўл тортмасин.

 

56

 

Подшоҳ ҳукми жорий этилиши даркор. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин.

 

57

 

Подшолик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё — хиёнатчи хотин сингари, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади.

 

58

 

Подшо салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб вақтида ишлатсин.

 

59

 

Вазирлар, амирлар бирон кимса ҳақида яхши-ёмон сўз қилар эканлар, подшо эшитсин. Лекин уни амалга оширишда бутун ҳақиқат аён бўлмагунича шошмай, мулоҳаза билан иш тутсин.

 

60

 

Подшо мажлис ахдидан огоҳ ва ҳушёр бўлсинким, улар кўпинча айб ахтариб, уни ташқарига ташийдилар. Подшоҳнинг сўзидан, ишидан вазирларга, амирларга хабар бериб турадилар.

 

61

 

Қайси ҳоким ҳукмининг таъсири чўп билан калтаклаш таъсиридан камроқ бўлса, ундай ҳоким ҳукумат юргизишга яроқсиздир.

 

62

 

Агар ўғилларимдан қайси бирови салтанат мартабасига даъвогарлик қилиб бош кўтарар экан, уни уриб-сўкиб, ўлдиришга ёки мучасидан бирон жойини камайтиришга ҳеч ким журъат қилмасин, лекин уни кўз тагида сақласинларки, токи ўз даъвосидан қайтсин ва Тангри таолонинг мулкида фасод чиқмасин.

 

63

 

Давлат ичида талай олчоқ, ёмон одамлар бордирки, давлат душманларини яхшилаб, унинг жон фидоларини турли макр-ҳийлалар билан хароб қиладилар. Буларнинг мақсадлари салтанат қўрғонига рахна солишдир.

 

64

 

Ғаразгўй, бузуқи ва ҳасадгўй одамларнинг вазирлар ҳақидаги уйдирмаларини эшитмасинлар, чунки бу табақадаги кишиларнинг душмани кўп бўлади, негаки, олам аҳлининг барчаси дунёталабдир. Агар вазирлар бундай одамларнинг кўнглига қарасалар, давлатга хиёнат қилган бўлурлар, қарамасалар, улар вазирларга душманлик қилурлар.

 

65

 

Агар доруғалар ва ҳакамлар халққа зулм қилиб, уларни хароб қилган бўлсалар, қилган ишларига лойиқ жазо берилсин. Агар бирор кимсанинг гуноҳи исботлангандан сўнг ундан жарима олсалар, бошқа яна дарра билан урмасинлар. Агар дарра уриш би-лан жазоласалар, ундан жарима олмасинлар.

 

66

 

Кимки бировнинг молини зўрлик билан тортиб олган бўлса, мазлумнинг молини золимдан қайтариб олиб, эгасига топширсинлар. Агар кимда-ким тиш синдирса, кўзни кўр қилса, қулоқ ва бурун кесса, шароб ичса, зино ишлар қилса, уни девондаги шариат қозиси ёки аҳдос қозисига олиб бориб топширсинлар.

 

67

 

Вазирлар ушбу тўрт сифатга эга бўлган кишилардан бўлишлари лозим: биринчиси — асиллик, тоза насллилик; иккинчиси — ақл-фаросатлилик, учинчи-си — сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалада бўлиш; тўртинчиси — сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик. Кимки шу тўрт сифатга эга бўлса, ундай одамни вазирлик мартабасига лойиқ киши деб билсинлар. Уни вазир ёки мас-лаҳатчи этиб тайинласинлар. Бундай вазирга тўрт имтиёз: ишонч, эътибор, ихтиёр ва иқтидор берилсин. Камолотга эришган вазир улким, давлат муомалаларини тартибга келтириб, мулкий ва молиявий ишларни тўғрилик билан, асли-насли тозалигини кўрсатиб, ажойиб тарзда бажаради.

 

68

 

Қайси вазир ғийбат гапларни айтса, уйдирма гапларга қулоқ солса, жабр-зулм қилса, ўзига ёқмаган кишиларни йўқотиш пайига тушса, уни вазирликдан тушириш лозим. Наслию зоти ёмон, ҳасадчи, гина-кек сақловчи, қора кўнгилли кишиларга зинҳор вазирлик лавозими берилмасин. Бузуқи, қора кўнгилли, зоти паст одам вазирлик қилса, давлату салтанат тез орада қулайди.

 

69

 

Рухсат этувчи ва тақиқловчи буйруқларида вазирнинг асиллиги ва тоза насллиги кўриниб туради. Душманлик ва жабр-зулм қилмайди. Хоҳ сипоҳдан, хоҳ раиятдан бўлсин, ҳар кимнинг номини яхши сўзлар билан тилга олади. Бировдан ёмонлик ахтармайди, айтсалар эшитмайди. Агар бировдан ёмонлик кўрган бўлса, унга нисбатан шундай муомала қиладики, у шахс охири ёмонлигидан қайтади. Ўзига ёмонлик қилган одамга нисбатан шундай яхшилик қиладики, у олдига бош эгиб келади.

 

70

 

Асли тоза, насли пок, улуғ зотлардан бўлган, яхши равишли кишилардан топиб, вазир қилинглар. Чунки асли тоза киши хатоликка йўл қўймайди, бадасл эса вафо қилмайди.

 

71

 

Қайси вазир софлик, тўғрилик билан вазирлик ишига киришиб, давлатнинг молия-мулкия ишларини диёнат, савоб билан, нафси бузуқлик қилмай, омонатга хиёнат этмай бажарар экан, ундай вазирни энг олий мартабаларга етказсинлар. Қайси вазир бузуқлик қилиб, ёмонлик йўли билан мамлакат ишларини юргизар экан, кўп ўтмай салтанатдан хайру баракат кўтарилади.

 

72

 

Доно вазир шуддирки, ўз ўрнига қараб, гоҳ қаттиққўллик, гоҳида эса мулойимлик билан иш юритади. Бундай вазир ортиқча қаттиққўллик ҳам қилмайди, кўп мулойимлик билан юмшаб ҳам кетмайди. Агар кўп мулойимлик қилса, дунёталаб, таъмагир одамлар уни ютиб юборадилар. Агар ортиқча қаттиқлик ишлатса, ундан қочадилар ва унга бошқа мурожаат қилмайдилар. Демак, доно вазир шулдирки, салтанат корхонасининг ишларини энг тўғри чораю тадбирлар қўллаб, яхши англаган ҳолда амалга ошириб, давлатни тартиб-интизомга келтиради.

 

73

 

Давлату салтанат уч нарса билан: мулк, хазина ва лашкар билан тикдир. Доно вазир буларнинг ҳар учаласини тадбиркорлик билан яхши аҳволда, саранжом тутади.

 

74

 

Ақлли, билимдон ва ҳушёр вазир шундай бўлурки, бир тўғри тадбир қўллаб ғаним қўшинини пароканда қилиб юбора олади. Бундай вазир валинеъматининг соқчиси бўлиб, подшосининг бошига тушган муҳим ва мушкул ишларини тадбиркорлик билан ва узоқни кўра билиши билан осонлаштиради. Агар салтанат ишларида жумбоқ учраса, ақлу фаросатини ишлатиб, уни ечади.

 

75

 

Агар подшоҳ золим бўлиб, вазири одил бўлса, подшоҳнинг жабр-зулмини тўхтатиш чора-тадбирини кўради. Лекин вазир золим бўлса, салтанат ишлари тез муддатда парокандаликка учрайди.

 

76

 

Уч юз ўн уч амиримнинг бариси ақл-ҳуш эгалари, базму разм шерлари, маҳоратли саркарда, ғаним лашкар тўпини бузиб, уни мағлуб этувчи кишилар эди. Жангнинг сир-асрорини, ғаним аскарларини синдириш йўлини билган, уруш қизиганда ўзини йўқотмасдан, қўл-оёғи бўшашмасдан, лашкар фавжларини жангга бошлай оладиган, агар қўшин сафига рахна тушса, уни тезда тузата оладиган кишигина амирлик ва ҳукмронликка лойиқ ҳисобланади. Амирлардан қайси бири ўзи қизиқиб иш сўрар экан, унга буюрса бўлур.

 

77

 

Қилич чопишда ўзини кўрсатган баҳодирларни биринчи мартаба бўлса — ўнбоши, иккинчи мартаба ботирлик қилса — юзбоши, учинчи мартабасида эса — мингбоши қилиб тайинласинлар.

 

78

 

Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин, чунки улар давлат хизматида бўлиб, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзигагина ҳам инъомга ва моддий таъминотда бўлишга ҳақли ва лойиқдирлар. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар инсофсизлик қилган бўлурлар.

 

79

 

Ёши улуғ, кекса сипоҳийларни ҳурматлаб, азиз тутсинлар. Улардан фойдали маслаҳатлар олсинлар, чунки улар айтадиган гаплар ўз тажрибаларида кўриб, билганларидир. Уларни салтанат корхонасининг устунлари деб билсинлар. Улардан кейин ўғилларини ўринларига ўтқазсинлар.

 

80

 

Ғаним томонидан бизнинг қўлимизга ҳар қандай сипоҳий асир бўлиб тушса, уни ўлдирмасинлар. Унга ихтиёр берилсин. Агар навкарликни қабул қилса, навкар қилсинлар, йўқ эса уни озод этсинлар.

 

81

 

Ғаним сипоҳийларидан қайси бири ўз давлатининг тузини оқлаб, бизга қарши қилич чопган, сўнгра ихтиёрий равишда ёки мажбур бўлиб паноҳимизга келса, бундай аскарга ишониб, уни азиз тутсинлар. Чунки у ўз соҳибига вафодорлик қилиб, еган туз-намаги ҳақини сақлаган.

 

82

 

Ҳақиқий подшоларга лозимдирки, қайси навкарни ўзлари улуғлаб кўтарган бўлсалар, тезда уни хорлаб тубан қилмасинлар. Ўзлари кўтарган кишиларни ташламасинлар. Кимни билган ва таниган бўлсалар, унутмасинлар. Агар аҳён-аҳёнда унинг иззат-нафсига тегиб хўрлаган бўлсалар, эвазига илгаригидан икки баробар ортиқ иззатини оширсинлар.

 

83

 

Қайси бир навкар ўз ихтиёри биланми ёки ихтиёрсизми бегидан ажраб кетган бўлса-ю, кейинроқ яна қайтиб келса, уни ҳурматласинлар, чунки у ажралиб кетганидан пушаймон бўлгани учун ҳам қайтиб келган.

 

84

 

Ғаним томонидан бўлган навкар бизга қарши қилич кўтарган бўлса, ўз юртининг туз ҳақини ҳалоллаган бўлади.

 

85

 

Ҳар бир навкар ғаним наздида ҳурмат-эътиборга эга бўлиб қадрланса-ю, бироқ жангу жадал вақтида ўз бегига хиёнат қилиб, унинг душманига дўстлик қилса, туз ҳақини, бек ҳурматини унутса, ўз бегининг душманига ён босиб, уни ўз бегидан устун қўйса, бундай кимсани хизматга йўлатмасинлар.

 

86

 

Агар навкарлардан бири қилич чопишиб, ғанимни синдирар экан, ғаразгўй одамларнинг унинг ҳақида айтган гапларига қулоқ солмасинлар. Унинг қилган хизматларини яширмаслик лозим, аксинча, бир хизматини ўнга йўйсинлар, мартабасини оширсинлар, токи бошқа навкарлар буни кўриб жонбозлик қилишга рағбатлансинлар.

 

87

 

Агар навкарни бирон мамлакатга ҳоким қилган бўлсалар-у, у бевафолигидан душман билан келишиб, мулкни унга таслим қилса, ўлим жазосига маҳкум қилсинлар. Мамлакатни ҳимоя қилиб, душманни йўлатмаган навкарни юқори мартабага кўтариб, ҳурматласинлар.

 

88

 

Менга ҳасад қилиб, ўлдиришга қасд қилган кишиларга шунчалик совға-инъомлар бериб, муруввату эҳсон кўрсатдимки, бу яхшиликларни кўриб, хижолат терига ғарқ бўлдилар. Ҳамиша менинг розилигимни олиб иш тутган дўстларим олдимга паноҳ тилаб келганларида, уларни ўзимнинг бахту давлатимга шерик билиб, ҳеч қачон улардан мол-мулк ва тирикчилик ашёларини аямадим.

 

89

 

Содиқ ва вафодор дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз душмани деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямади.

 

90

 

Ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ.

 

91

 

Агар душманинг бош уриб паноҳингга келса, раҳм қилиб яхшилик ва мурувват кўрсат.

 

92

 

Душман сендан мурувват ва хайр-эҳсон кўрсаю яна қайтадан душманлик йўлини тутса, уни парвардигорнинг ҳукмига топшир.

 

93

 

Чин дўст улдирки, дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади.

 

94

 

Қайси мамлакатда диндан қайтиш (илҳод) ва зиндиқлик кучайса ва у диёрнинг аҳолиси, сипоҳу раият турли маслакка кириб иттифоқлари бузилса, у мамлакатнинг ҳалокати яқиндир.

 

95

 

Бугунги ишни эртага қолдирма.

 

96

 

Юмшоқлик қилишга тўғри келса, мулойимлик қилдим қаттиққўллик ишлатиш вақти етса, қатъий чоралар кўрдим. Шошмаслик керак ерда шошилмадим, шошиларли ишларни кечиктирмадим. Қайси ишни чораю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса унда қилич ишлатмадим.

 

97

 

Зинодан туғилган киши ўзига яхшилик қилган одамга ёмонлик қилмагунча дунёдан кетмайди.

 

98

 

Тўқайга ўт тушса, ҳўлу қуруққа қарамай барчасини куйдиради.

 

99

 

Қайси мамлакатни забт этган ёки қўшиб олган бўлсам, ўша ернинг обрў-эътиборли кишиларини азиз тутдим; саййидлари, уламолари, фузало ва машойихига таъзим бажо келтирдим ва ҳурматладим, уларга суюрғол, вазифалар бериб, маошларини белгиладим; ўша вилоятнинг улуғларини оға-иниларимдек, ёшлари ва болаларини бўлса ўз фарзандларимдек кўрдим.

 

100

 

Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим.

 

101

 

Сипоҳийлардан бирон киши раиятнинг хонадонига зўрлик билан келиб тушмасин, раиятнинг от-уловларини тортиб олмасин.

102

Буюрдимки, ҳар мамлакатнинг гадоларига вазифа юклаб иш берсинлар, токи шу йўл билан гадолик расми йўқотилсин.

 

103

 

Авлиёлар, дин пешволарининг мозорлари ва мақбараларига вақфдан маблағ ажратсинлар. У ерларни гилам, таом ва чироқ билан таъминласинлар.

 

104

 

Ҳар бир мамлакат фатҳ этилгач, у ернинг гадоларини тўплаб, кундалик емиш-ичмишларини бериб, уларга бирон вазифа белгиласинлар. Ҳамда барчасин тамғоласинлар, токи бошқа гадолик қилмасинлар. Агар тамғодан кейин ҳам гадолик қилгудек бўлсалар, уларни узоқ мамлакатларга сотиб юборсинлар ёки ҳайдасинлар. Шундагина гадо зоти мамлакатда йўқолади.

 

105

 

Ҳар бир мамлакат фатҳ этилгач ёки қўшиб олингач, турли кўнгилсиз ҳодисалардан эмну омонликда бўлсин, унинг ҳосил ва даромадларини ҳисобга олиб иш тутсинлар. Агар ерлик фуқаро азалдан бериб келган хирож миқдорига рози бўлса, уларнинг ро-зилиги билан иш кўрсинлар.

 

106

 

Кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, учинчи йили эса олиқ-солиқ қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғилсин.

 

107

 

Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю, лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин.

 

108

 

Хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига янги кўприклар қурсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар қурсинлар. Йўлларга кузатувчи ва соқчилар қўйсинлар, ҳар бир работга бир нечта одамни жойлаштирсинларки, йўлларни кузатиш ва сақлаш ишлари шуларга тегишли бўлсин. Йўловчилар молларини ғафлат босиб, ўғирлатиб қўймасликларининг вазифаси ҳам ўшаларнинг зиммасида бўлсин.

 

109

 

Катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона солсинлар, касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар. Ҳар бир шаҳарда дор ул-аморат ва дор ул-адолат қурсинлар. Раияту зироатни қўриқловчи қўрчилар ҳам тайинласинлар.

 

110

 

Ўлганларнинг молларини ўз ворисларига етказсинлар. Агар вориси йўқ бўлса, уни хайрли ишларга сарф қилсинлар ёки Маккайи муаззамага юборсинлар.

 

111

 

Чораси бўлмаган ишга киришма, чунки ундан қутулиб бўлмайди.

 

112

 

Куч — адолатдадир.

 

113

 

Бир кунлик адолат — юз кунлик тоат-ибодатдан афзал.

 

114

 

Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб — шукр.

 

115

 

Илм ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келганлар. Сизлар эса менга нисбатан бундай қилмаяпсизлар. Менинг мақсадим — мамлакатда адолат ўрнатиш, тартиб ва тинчликни мустаҳкамлаш, фуқаронинг турмушини яхшилаш, юртимизда қурилишни кучайтириш, давлатимизни ривожлантиришдир. Сизлар бу ишларни амалга оширишда менга ўз маслаҳатларингиз билан кўмаклашишингиз керак. Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинмаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан эзилаётгани мендан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берингиз, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўлурди.

(Амир Темурнинг олим-уламолар олдида айтган нутқидан).

 

116

 

Агар мамлакат ҳокимсиз қолса унга халал етади, ҳол-аҳволида фаҳш юз кўрсатади, халқи бахтсизлик қаҳри ва душманнинг хиёнаткорлиги туфайли тамом қирилиб кетади.

 

117

 

Бошсиз мамлакат жонсиз танга ўхшайди. Бежон таннинг аҳволи вайроналикка яқиндир.

 

118

Маъқули шулким, Сиз (амакиси Ҳожи барлос) Хуросонга кетмоқчисиз, мен бўлсам Кеш тарафга қайтаман. Улусни ўзимга мойил қилиб оламан-у, сўнг Илёсхўжа хоннинг хизматига кираман, умаро ва аркони давлатдан кўз-қулоқ бўлиб тураман, токи вилоят хароб бўлмасин, Тангри таолонинг дуогўйи бўлган раият заҳмату ташвишга қолмасин.

 

119

 

Тўрт қўшин бўлишсин ва ҳар бир суворий икки боғдан узун шох-шаббани отининг икки биқинига боғлаб шундай чопдирсинларки, чангу ғуборни осмону фалакка кўтарсин ва ўша тарафларнинг доруғалари катта қўшинни мушоҳада қилиб, қочиб қолишсин.

 

120

 

Фирузи асар лашкардан қочган румликларни таъқиб қилиб борганлар орасида бўлган Султон Маҳмудхон Боязид Илдиримга етиб келди ва уни тутиб, шу ондаёқ жаҳонгир соҳибқироннинг ҳузурига жўнатди. Давлат дўстлари вақт тақозоси билан қайсари Румнинг қўлларини боғлаб хуфтонда олам подшосининг даргоҳига олиб келдилар. Соҳибқироннинг хуш табиати подшоҳона жўш урди ва ҳомийларча отифат қилиб, унинг қўлларини ечиб, ҳурмат билан олий даргоҳга олиб киришларини буюрди. Иззат-ҳурмат билан учрашганларидан кейин, соҳиб-қирон ҳурмат-эҳтиром кўргазиб, ёнидан жой кўрсатди. Сўнггина ўрнига яхшиликни сўзловчи, нодир нарсаларни баён этувчи ва гавҳар сочувчи оғизларини сўзга очиб дедиларки; «Қандай бўлмасин олам аҳволи тамоман парвардигорнинг иродаси ва қудратига боғлиқдир, ҳеч кимсанинг буни таҳқиқ этишга ихтиёр ва қудрати етмайдур. Лекин, инсоф билан ростини айтиш керакки, сен ўзингдан бошқани кўрмайдиган бўлиб қолгансан... кўп вақтлардан бери босар-тусарингни билмай қолдинг, мени ўзингга интиқом учун гина-кудурат сақлаб юрибди, деб ўйладинг. Шу диёрда истиқомат қилиб турган кофирларни ғазо қилиш маслаҳатида эдим, мусулмонлик ва хуш андишалик борасида нимаики лозим бўлса, сен билан муросаю мадора ва муросасозлик қилиб келдим. Ва ўйладимки, маслаҳатларимга қулоқ осасан...»

 

121

 

Илдирим Боязид хижолат ва уят мақомида қолиб ва хато-камчиликларини эътироф этиб деди: «Дарҳақиқат хато қилдим, ҳазрати Соҳибқироннинг сўзларига қулоқ солмадим, шунинг учун жазоимни тортиб турибман. Агар подшоҳона иноят қилиб, гуноҳимни кечсалар, ўзиму фарзандларим то ҳаёт эканмиз оёғимизни фармонбардонлик ва хизматкорлик тариқидан бошқа йўлга қўймагаймиз». Олийҳиммат соҳибқирон унинг елкасига подшоҳларга муносиб чопон ташлади, уни турли-туман сийлов ва навозишлар билан сийлади. Қайсар ҳазрати соҳибқироннинг хуш ахлоқини мушоҳада қилиб, дуойи санодан сўнг, арз қилди: «Фарзандларим Мусо билан Мустафо жанг чоғида ёнимда эдилар, йўқолиб қолишди. Агар уларнинг ҳол-аҳволини тафтиш қилиш, тирик бўлсалар ҳузуримга олиб келишлари ҳақида фармони олий берсалар, бу аввал кўргизган илтифотларига қўшимча бўлур эди.» Фармони олий берилди ва тавочилар шу заҳотиёқ уларни қидириб кетдилар. Бир неча кундан кейин Мусони топиб, ҳазрати соҳибқироннинг ҳузурига олиб келдилар. Ҳазрати соҳибқирон унга подшоҳона марҳаматлар кўрсатиб, уни хос чопон билан сийлади ва отасининг қошига жўнатди.

 

122

 

Адлу эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади.

 

123

 

Бахту саодат ва молу мулк эшикларининг менга очилиши, фатҳ қилинган дунё келинчакларининг менга кулиб боқиши фақатгина Сеистон ўқлари сабабидан бўлди. Ўша вақтдан, яъни душман ўқлари мени мажруҳ этганларидан бери то шу кунларга қадар мен фақат равнақ топишда давом этаман.

 

124

 

Мана шундай жангларда эр киши имтиҳон қилиниб, синалади.

 

125

 

Бир кун келадики, золим ўз бармоқларини тишлайди.

 

126

 

Курашиб эришилмаган ғалаба ғалаба эмас.

 

127

 

Давлат — лашкарлару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги-ла қудратлидир.

 

128

 

Ёзилган нарса авлодлар хотирасида қилинган ишдан ҳам узоқроқ яшайди.

 

129

 

Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг.

 

130

 

Улкан мерос доимо улкан мухолифлик туғдиради.

 

131

 

Адоват эмас — адолат енгади.

 

132

 

Аввал йўлдош — кейин йўл.

 

133

 

Беткай кетар, бел қолар,

Беклар кетар, эл қолар.

 

134

 

Билаги зўр — бирни йиқар, билими зўр — мингни.

 

135

 

Бир калима ширин сўз қилични қинга киритар.

 

136

 

Бир таёқни синдирмоқ мумкин, Кўп таёқни букиб ҳам бўлмас.

 

137

 

Бир қинга икки қилич сиғмас.

 

138

 

Ботир жангда билинар, Доно — машваратда.

 

139

 

Ботирлик — қалъа олади.

 

140

 

Бошга қилич келса-да рост сўзла.

 

141

 

Бўридан қўрққан ўрмонга кирмайди.

 

142

 

Вақт ўтгандан кейин қиличингни тошга чоп

 

143

 

Ваҳима — душманнинг йўлдоши.

 

144

 

Душманнинг кулгани — сирингни билгани.

 

145

 

Душмандан қўрқма, мунофиқдан қўрқ.

 

146

 

Емсиз от довон ошолмайди.

 

147

 

Мерган овда билинар, ботир — ёвда.

 

148

 

Номуссиз ҳаётдан, номусли ўлим яхши.

 

149

 

Олтмишга кирган отадан ош сўрама.

 

150

 

От минган отасини унутади.

 

151

 

Ота бўлмаган ота қадрини билмас.

 

152

 

Оғзингга қон тўлса ҳам душман олдида тупурма.

 

153

 

Қилич ўткир бўлса-да ўз сопини кесмагай.

 

154

 

Сайёҳда макр бўлмаса, домига ов илинмас.

 

155

 

Сўзлагувчи гар нодон эрур, тинглагувчи доно ўлсин.

 

156

 

Той минган — от ҳам минади.

 

157

 

Туя минган одам қўй орасига бекинмас.

 

158

 

Қўлига қилич олган баҳона қидирмайди.

 

159

 

Кечира олишлик — мардлик, кечира билмаслик номардлик саналади.

 

160

 

Қонни қон билан эмас, сув билан ювишни ўрган.

 

161

 

Энг баланд минора ҳам ердан кўтарилгай.

 

162

 

Яхши ит ўз ўлигин кўрсатмагай.

 

163

 

Яхши одам юрт тузар, ёмон одам юрт бузар.

 

 

СОҲИБҚИРОН ҲИКОЯТЛАРИ

 

Бир куни падари бузрукворимиз — Амир Тарағай баҳодир кўп қўйларни менга бериб, Самарқанд бозорига савдога йўлладилар. Қўйларнинг ҳаммасини минг олтинга сотиб, пулларни белга боғлаб сайр қилиб юрур эдим. Бир ерда хушовоз қаландар одамларга сўзлаб тургон экан: қўлида қоғоз-шеър битилган, у дер эди:

— Шул ёзувнинг қадрига етиб, ким минг олтунга олса, дунёнинг охирига етади...

Ҳимматим жўшиб, минг олтунни қаландарга тутқаздим. У менга тикилиб турди-да, сўнг насл-насабимни сўради. Айтдим. Сўнг тайин қилди:

— Отанг олдига борғил, буни отанг олдида ўқи, борғунча очма...

Қоғозни келтириб, падари бузрукворга бердим. чиб ўқидилар. Форсча рубоий экан — маъноси қўйидагича: зулм билан дунёда ном қолдириб бўлмайди. Жамшид, Сулаймон, Искандарлар ўтиб кетди, навбат сенга ҳам етиши тайин. Дунёга келдингми яхшилик билан ном қолдир...

Рубойининг муаллифи — ўшал қаландар-аллома шоир Камол Хўжандий эркан. Ул зотни падари бузрукворимиз кўп ҳурмат қилар эрканлар.

— Баракалло, ўғлим, кўп доно ишга олтунларни сарф этибсан. Энди, минг олтунға олғон ушбу ҳикматга қатъий риоя қилмоқ лозимдур...

Падари бузрукворнинг айтқонларини бош устида тутдим

 

* * *

 

Қарши қалъасин забт этолмай, дилга кадар тугиб қайтмоқда эдим. Қизилдарёдан кечиб, бир қишлоққа қўндик. Мен бир кулбани ихтиёр этдим. Унда ушоққина кампир яшар, тирикчилиги ёлғиз эчкидан эркан. Момодан бирор овқат қилиб бермоқни ўтиндим. Кўп ўтмай оғоч товоққа сузилган атала дастурхонда пайдо бўлди. Оч эрдим. Оғоч қошиқни товоқдаги аталага мўлдириб, ютоқиб еган эдим, оғзи-тилим куйгандан-куйди. Шунда момо деди:

— Сен-да Амир Темурга ўхшаш шошқолоқлардан экансан.

— Темурбекнинг шошқолоқлигини қайдин билдингиз, момо, — сўрадим.

— Эшитишимча, Амир Темур Қарши қалъасига тик бориб, уни ололмабди. Магарки, аввал қалъа атрофидаги кичик-кичик қишлоқ ва маҳаллаларни эгаллаб, куч тўплаб, сўнг қалъага ҳужум қилмоқ лозим эди. У эса бир йўла бекликни олмоқчи бўлдию, шашти синди... Шунга ўхшаш сен ҳам шошдинг ва оғзингни куйдирдинг. Аталани аввал товоқнинг гирдидан олиб, секин-секин ялаб кўради, совуганини билгач, сўнгра қошиқни тўлдириб ейди-да...

Шунда хатойимни англагандай бўлдим. Ва дедим:

— Дархон момо, ўшал шошгич Амир Темур мендирман. Танбеҳингизни бош устига оддим. Тиланг тилагингизни...

Дархон момо одамлар учун ариқ қазиб, сув чиқариб беришни сўради. Орадан кўп ўтмай Танқос дарёсидан ариқ қазиб, сув чиқариб бердим.

 

* * *

 

Қарши қалъасини забт этиб, музаффарлик туғи бирла қайтар эдим. Кечда Кўкбулоққа етиб, шу ерда тунамоқни ихтиёр этдик. Навкарларни хонадонларга тақсимлаб, ўзимиз сой бўйида яшил чодир тикдик.

Субҳидам атрофга разм солмоқда эдим, Иттифоқо, бир аёл кишининг от етаклаб, сой томон кетмоғига назаримиз тушди. Шунда бизни ўй чўлғади. Мулозим йўллаб, ул ожизанинг эркагини топдириб келтирдик. Савол айладик:

— Нечук, завжангизни от суғорғали йўллайсиз ? «От суғормоқ эркак кишининг хизмати-ку?!

— Соҳибқирон, — жавоб айлади ул киши, — от боқиш ҳам, от суғориш ҳам эркакнинг юмуши эконини биламан. Аммо уйимга қоплонсифат тўрт навкаринг тушибдир. Уларнинг ниятин билмасман. Шул боисдан аёлимни от суғормоққа йўллаб, уйда қолган икки бўйдор қизимни қўриқламоқ истадим... Биз мулоҳазага берилдик. Ва ўз хатойимизни англаб, ҳамишалиққа қарор бердик: бундан буёғинда навкарлар хонадонларга жойлаштирилмасин. Навкарларим яланг ўтлоқ ва сувлоқ жойларда чодирларда ; умргузаронлик қилишсин.

Кўкбулоқ қишлоғига қуёш мўраламасданоқ навкарларни хонадонлардан чиқариб, чодирларга жойладим ва шу тариқа эл осойишталигини таъмин этдим...

 

* * *

 

Самарқанд тахтини эгаллаб, азим Мовароуннаҳр бизнинг ҳукмимизга киргач, юртда адолат ўрнатмоққа аҳд этдик. Аркону давлат атрофинда кўп нобакор

мардумлар ин қўймоқчи эрди. Инчунин, уларнинг ,замзамасидан хуноб бўлиб, бир тадбир буюрдим: «Мусаввир келган арзигўйнинг суратин чизиб, мен-

га киритсин. Арзигўйнинг қиёфатига боқиб, қабулимни айтармен...

Мусаввирлар саройга келганларнинг сувратин чизиб, менга киритишар, арзигўйнинг пешона, бурун, даҳан, кўз ва бошқа сифатларига қараб, унинг мақсад ва феълини олдиндан билиб турардим. Бадфеъл ва хиёнаткорларни қабулимга йўлатмаслик ҳаракатида бўлдим. Бунда пирим — шайх Шамсиддин Паррандадан «Илми қиёфа» — қиёфага қараб баҳо бериш ва олдиндан тақдирни башорат этиш илмини мукаммал эгаллаганлигим ғоят қўл келди. Иттифоқо, бир арзигўйнинг сувратин келтириш-ди. Сувратга тикилиб, анинг ғийбат ва бўҳтонга ружу қўйганин англадим. Қабул буюрмадим. Аммо ул киши мулозимларга зўрлик билан ҳузуримга ғавғо солиб кирди.

— Соҳибқирон, — дерди у киши, — сиз ҳақсиз. Кейинги умримда мен-да кўп қатори ғийбат ва бўҳтонга ружу қўйдим. Аммо илгари чин кўнгил киши эрдим. Найлайки, замон зайли мени шу кўйга солди... Ортиқ чидашим мушкул... Арзим ҳам замона зайли-дандур. Файз берувчи суҳбатингдан маҳрум этма!..

Шундан сўнг қабулга изн бердим. Мулозимлар бу кишини хос хонага бошлашди.

 

* * *

 

Қўл остимизга ўн тўрт мамлакат раияти жам бўлғонда, Самарқанд келиб катта тўю томошалар бердик. Зиёфатларга яқин-йироқдин барчани чорладик. Одамлар кўп кунлар тўкин дастурхон атрофида бўлишиб, тўйғунча еб-ичишди. Зиёфатга келғонларнинг бариси шодумон эрди, зиёфатлар тугади. Келғонларни янада хурсанд этмоқ ниятида (рўзғорига, бола-бақрасига яратар деган умидда) ҳар бир меҳмонга бир бошдан ҳисори қўй туҳфа этмоқни буюрдим. Баковуллар ҳар кишиға биттадан қўй тутқазиб, жўнатаверишди... Бехос, хаёл олди: меҳмонларим ростдан-да мамнунмикан? Усти-бошимни ўзгартириб, зиёфатдан қайтаётган одамлар тўдасига кирдим. Чаҳор йўлда одамлар куйманишар, дала-даштда

ўсган қўйларни судраб, уддасидан чиқолмас эрди. Айниқса, беш-олти пудди ҳисори қўчқорни етаклаб олган киши қўйни ҳарчанд тортмасин ўрнидан қўзға- толмас эрди. Шунда ул киши тутоқиб деди:

— Қўйнику беришга бердинг, бир қулоч арқонни қизғаниб нима қилардинг. Бир қулоч арқон билан бойиб қолармидинг, эй подшоҳи зиқна...

Бу киши фикрига қўшилғонлар бўлди. Шунда эл кўнглини, одамлар кўнглини олмоқ нақадар мушкул канини англадим. Кейин ушбу сабокдан хулоса олиб, нуқсонларга асло йўл қўймаслик тадорикини кўрдим.

 

* * *

 

Шом сари юриш олдидан Қорабоғда чодир тикиб узоқ туриб қолдик. Ҳарбу зарб машкдарини пухталамоқ учун қўшин ичинда бўлиб, очиқ ҳавода тунадик. Кўп вақт ўтказиб, сафар олдидан чодирга қайтсам, ажиб манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бизнинг йўғимизда чодир тўйнугидан икки кабутар тушиб, жуфту ҳалоллик қилмишлар. Улар бизнинг хос ўриндиққа хас-хашак-ла ин қуриб, бири тухум босиб ётур эди Тангри таолонинг бу беозор жониворларига халал етказмаслик учун чодирни ўзга қилдик. Эртаси куни, сафарга жўнар аввалида, тўрт нафар навкарни мулозим бирла қолдирдик. Уларга тайин этдикким:

— Тангри таолонинг беозор қушлари тухум очиб, палопонлари учурма бўлғунча, шу ёнда бўлурсиз. Полопонлар учиб чиққач, чодирни йиғиб, ортимиздан етиб борғайсиз...

Шом сафарига отландик. Жониворлар борасида тузган тадбиримиз Тангри таолога хуш ёқиб, зафар туғини ҳилпиратди..

 

* * *

 

Азиз авлиёлар, саҳобалар мақбараларини, қутлуғ қадамжоларни зиёрат этмоқни ҳам фарз, ҳам қарз билур эдим. Қайда бўлмай, зиёратгоҳлар олдида отдан тушиб, таҳорат олгач, яланг оёқ билан бориб, зиёратни ўринлатдим. Аркону давлат, барча мулозимларим ҳам зиёратгоҳларни ана шундай тавоф этмоқни одат билишди.

 

* * *

 

Чақалоқларни йиғлатманғиз, болаларга озор бермангиз — бу гуноҳи азим эрур. Бундай гуноҳни Оллоҳ хуш кўрмагай...

 

* * *

 

Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас бир кун мевасини татирсан...

 

* * *

 

Черик тузиб, навкар олмокда уч қоидага амалқилдим: биринчидан — йигитнинг куч-қувватига, иккинчидан — қилични ўйната олишига, учинчидан ақл-заковати-ю камолотига эътибор қилдим. Шу уч фазилат жамулжам бўлса, навкарлик хизматига олдим. Негаким, куч-қувватли йигит ҳар қандай қийинчиликларга, азобу уқубатларга чидамли бўлади, қилич ўйната оладиган киши рақибини мағлуб эта олади, оқил навкар ҳар жойда ақл-идрокини ишга солиб, мушкулотни бартараф этмоғи мумкин.

 

* * *

 

Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбандийнинг: «Кам егин, кам ухла, кам гапир» деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларга ҳам айтар сўзим шу бўлди: «Кам енглар — очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар — доно бўласизлар.»

 

* * *

 

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келинбўлмиш насли-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин туширдим.

 

* * *

 

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, хотинларига яқинлашишни маън этдим. Зеро, шаробнинг таъсирида бунёдга келган фарзанд насл-насабининг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим.

 

* * *

 

Ҳар кимдан кенгаш олдим, ҳар кимдан фикр ўргандим, қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, ишлата билдим.

 

* * *

 

Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Уларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини ўтиндим. Дарвеш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва ҳеч бир талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим.

 

* * *

 

Қиличим ўткир бўлса-да ўйлаб қинидан чиқардим, ширин сўз айтиб, ғанимнинг имон топмоғига йўл очдим.

 

* * *

 

Мен ҳаётим мобайнида беш нарсага қатъий эътиқод қўйдим ва ҳамишалиғ уларга амал қилдим. Улар ушбулардир:

ОЛЛОҲ— ул ҳар нарсага қодир куч, сидқидилдан сиғинсанг истаган муроду мақсудинга етказади.

ТАФАККУР — фикрлаш ва мушоҳада қобилияти, қувваи ҳафизаси кучли инсон ҳар қандай мушкулу мушкулотни осон қилиш йўлини топа олади.

ИМОН — ул инсонни барча жонлилардан фарқлантириб тургувчи хусусиятдир. Имонли одам хиёнат қилмайди, қариндош-уруғлари, элу халқнинг ор-номусини ҳимоя қилади, ҳалоллик ва покликни фазилат билади.

КИТОБ (битик) — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.

ҚИЛИЧ — ул йигитнинг йўлдоши, эл-юрт осойишталигининг посбони, ҳар қандай душманни маҳв этиш қуроли, анинг қудрати ила динсизларни динга солмоқ мумкин.

 

АМИР ТЕМУР ВАСИЯТИ

 

Англаб турибманки, руҳ қуши қалб қафасидан парвоз қилмоқчи. Тангри таолонинг даргоҳига жонимни бахш этаётибман. Сизларни унинг лутфу мар- ҳаматига топширдим. Обидида қилиб ўлтирманглар, оҳу нола чекманглар, чунки бундан фойда йўқ. Руҳимни фотиҳа ва такбир билан шод этинглар. Алҳамдулиллоҳ, Тангри таолонинг ёрдами-ла маъмурайи оламни шундай забт этдимки, бугун тамом Эрону Туронда бирон кишининг бошқаларнинг ишига аралашиш ёки жабру бепок қўлини бечораларга озор бериш учун кўтаришга мажоли йўкдир. Гуноҳим қанча кўп бўлса ҳам кечиринглар деб, Тангри таолонинг мулкини беқиёс сахийлик билан қўриқладим, золимларнинг таарузли қўлини мазлумларнинг ҳаёт этагидан юлиб ташладим. Салтанат қуриб ўлтирганимда, эшитмаган ёки менга хабар қилмаган, ёхуд дунё собит бўлмаган пайтлардан бошқа вақтда зўравоннинг заиф устидан зўравонлик қилишига йўл қўймадим...

— Шундай бўлса-да, дунё менга вафо қилмади, сизларга ҳам вафо қилмайди.

Лекин зўравонликка монелик қилиш ишини кечиктириш мамлакатни хавфу ғавғо остида қолдиради, жумлаи халойиқнинг ҳузур-ҳаловатини бузади, маслагу тариқатнинг бузулишига олиб келади. Қиёмат куни буни биздан сўрайдилар, суриштирадилар.

Шу кундан эътиборан фарзандимиз Пирмуҳаммад Жаҳонгирни ўзимизға валиаҳд ва тожу тахт вориси этиб тайинладикким, Самарқанд тахти унинг амр-фармонида бўлғай, тамкинлик ва истикдол билан мулку миллат, лашкар ва раиятнинг му-ҳим юмушлари билан машғул бўлсин. Сизлар эса унга тобеълик ва бўйсуниш маросимини ўрнига қўйинглар, уни биргаликда қўллаб-қўлтиқланглар, токи олам бузилмасин...

Ўғилларим! Миллатнинг улуғ мартабасини, саода-тини сақламоқ учун сизларга қолдираётган васият ва тузукларни яхши ўқинг, асло унутманг ва татбиқ этинг.

Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифан-гиздир. Заифаларни қўринг, йўқсулларни бойлар зулмига ташламанг. Адолат ва озоддик — дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин. Мен киби узун салтанат сурмоқ истасангиз қиличингизни яхши ўйлаб чекингиз. Бир даъфа чеккандан сўнгра-да уни усталик-ла қўллангиз. Орангизга нифоқ тухумлари экилмаслиги учун кўп диққат бўлинг. Баъзи нодимларингиз ва душманларингиз нифоқ тухумлари сочмоққа, бундан фойда-ланмакка интилажакдурлар. Фақат васиятимда сизга идора шаклини, унинг илкуларини кўрсатдим. Буларга содиқ қолсангиз, тош бошингизга тушмас...

Мендан сўнг хоқон Пирмуҳаммад Жаҳонгир бўлажакдур. Унга менга итоат этар киби итоат этажаксиз. Қўмондонларим, ҳозир итоат ойинини адо этингиз...

(Барча кўмондонлар. сарой одамлари йиғлаярак: «Омин» деб фотиҳа ўкидилар. Амир Темур 1405 йил 18 февраль куни вафот этди. Соҳибқироннинг сўнгги сўзи «Ло-илоҳа иллоллоҳ» бўлди.)

 

 

ИЗОҲЛАР

 

АНВАР — равшан, энг нурли

АХДОС ҚОЗИСИ — урф-одатлар ва кундалик ишларнинг бажарилишини назорат қилувчи

БАРЛОС — ўзбек уруғларидан бири

БЕТКАЙ — тоғ ва қирнинг кунгай томони; қуёш нур сочган тарафи

ВАЛИАҲД — тожу тахт вориси, ўринбосар

ВАЛИНЕЪМАТ — ҳукмрон, бошлиқ

ВОЛИЙ — ҳоким

ГАРДУН — фалак, осмон

ДОР УЛ-АДОЛАТ — адолат уйи, қозихона

ДОР УЛ-АМОРАТ — амирлик уйи, ҳоким маҳкамаси

ДОРУҒА — шаҳар ҳокими

ЁҒИЙ — душман, ёв

ЖАЙҲУН — Амударёнинг қадимги номи

ЖАҲОНГИР — жаҳонни бўйсундирувчи, дунёни олувчи

ЖОҲИД — дин йўлидаги уруш, ғазовот

ЗАВЖА — хотин, турмуш ўртоғи

ЗИНДИҚЛИК — худосизлик, ҳурматсизлик қилиш

ЗИНО — ғайри қонуний жинсий алоқа; ўзаро никоҳда турмаган эркак ва аёлнинг жинсий алоқада бўлиши

ЗИРОАТ — деҳқончилик, экинзорлар

ИСТИФОДА — фойдаланиш

КАДАР — ғам, қайғу, алам, ғурбат

КОРИЗ — ер остидан ўтказилган сув йўли

МАШВАРАТ — давлат арбоблари билан ўтказиладиган маслаҳат кенгаши

МУДАРРИС — мадраса ўқитувчиси

МУЛК — подшолик ери, давлат ҳудуди, мамлакат

МУҚАРНАС — бинонинг қатма-қат уймаси, қабариқ шакллар бериб ишланган қубба шаклидаги чиройли нақшлар

ОЙИН — қоида, расм, тартиб, усул, одат, равиш

ОТИФАТ — ширинсўзлик

ПАДАРИ БУЗРУКВОР — отага нисбатан ишлатиладиган ҳурматли сўз

РАБОТ — карвон қўниб ўтадиган жой, карвонсарой

РАИЯТ — бирор подшо ёки хонга қарашли аҳоли

САДР — уруғ, мансаб

СЕИСТОН — ҳозирги Покистондаги бир вилоят

СИПОҲ — отлиқ аскар, отлиқ қўшин

СОҲИБ — эга, тасарруф этувчи

СУЮРҒОЛ — тожу тахт олдида кўрсатилган катта хизматлар эвазига бериладиган ер инъоми

ТАРИҚАТ — ислом дини оқими

ТАФСИР — Қуръони каримни изоҳлаш

ТИЛОВАТ — «Қуръонни қироат билан ўқиш

УЛУС — эл, халқ

ФАВЖ — қисм, қўшин бўлаги

ФИҚҲ — мусулмон ҳуқуқшунослиги

ХОЖА — эга, оила бошлиғи, уй эгаси

ХОЛИСА — давлат даромадлари ва ерлари билан шуғулланувчи мансабдорлардан иборат ҳайъат

ХОНАҚОҲ — ғариб-мискинлар, қаландарлар тўхтайдиган, истиқомат қиладиган жой, ғарибхона

ХУТБА — жума кунлари ва ҳайитларда ўқиладиган намоз (унга давлат бошлиғи исми қўшиб ўқилган)

ЧЕРИК — қўшин, ҳарбий тузилма

ШАЙХУЛИСЛОМ — мусулмон жамоасининг бошлиғи

ШАМС — қуёш

ШАҲИД — қурбон бўлиш

ҚАВМ — бир маҳалла, қишлоқ кишилари, бир уруғ вакиллари

ҚАЙСАР — Рум ва юнон подшоҳларининг қадимий лақаби

ҒАДДОР — хиёнатчи, алдамчи

ҒАНИМ — қарши томон, душман, ёв

ҒУСЛ — чўмилиш

ҲАДИС — Қуръондан кейинги муқаддас манба

ҲИСОР — қўрғон, қалъа, ҳарбий паноҳгоҳ