Muxtasar tarixi anbiyo va tarixi Islom (cyr)
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Muxtasar tarixi anbiyo va tarixi Islom (cyr)

МУХТАСАР ИСЛОМ ТАРИХЛАРИ ВА АБДУЛЛА АВЛОНИЙ АСАРИ

 

Ҳар бир мўмин ўзининг етти пуштини билиши лозим саналгани каби ҳар бир мусулмон фарзанди муқаддас тарих ҳисобланган Ислом тарихидан хабардор бўлиши керак. Ана шу матлаб шўролар даврига қадар юртимиздаги ҳар бир мактаб ва мадраса учун дастури амал саналган. Шунинг учун ҳам мадраса таҳсилининг дастлабки йиллариданоқ Пайғамбарлик тарихи, Ибодати исломия, Ақойид каби фанларнинг ўқитилиши жорий қилинди. Эски мактаб ва мумтоз мадрасалардаги ушбу таълим тизими жадид (янги) мактабларида ҳам давом эттирилди. Натижада ибтидоий мактабларнинг учинчи ва тўртинчи синфларида «Мухтасар ислом тарихи» алоҳида фан сифатида ўқитила бошлади.

Миллатнинг маърифати учун курашган жадидчи зиёлилар ўз фаолиятини янги ўқитиш тизимига асосланган “усули жадида” мактаблари очишдан бошлаган бўлсалар-да, бу тизим дастлабки йиллари бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқалмаган, давлат таълим тизими сифатида шаклланмаган эди. Шунинг учун ҳам Бухоро жадидчилари ўз мактаблари учун ўзбек ва форс тилларида, Туркистон ва бошқа ўлкалардаги жадид мактаблари учун ҳам турли олимлар ҳамда ўқитувчилар томонидан маҳаллий тилларда шу йўсинда дарслик ва қўлланмалар тузилгани манбалардан маълум. Шундай экан, “усули жадида” мактаблари кенг қулоч отган 1910 йилларда бир номда бир неча қўлланмалар яратилгани каби бир неча «мухтасар ислом тарихлари» чоп қилинди. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Мухтасар ислом тарихи» рисоласи (1913) ўзбек тилида ва Абдурауф Фитратнинг «Мухтасари таърихи ислом» асари (1915) форс тилида чоп қилинган эди. Шу каби Мунавварқори Абдурашидхон ва Шокир Сулаймоннинг ҳам қисқа ислом тарих яратганликлари хабар қилинади. Айни йиллари Тошкентда маърифатпарвар Абдулла Авлоний томонидан юқоридаги номда рисола эълон қилинди. Унинг мундарижаси Авлонийга қадар бу мавзуда битилган асарлардан жиддий фарқ қилмаса-да, ўқитиш усули жиҳатидан нисбатан тўлиқ маълумот беришга мўлжалланган эди.

Асар ҳажман ҳам Беҳбудий ва Фитрат рисолаларидан бир оз мўлроқ бўлиб, бу билан ҳар бир исломий ҳодисага имкон қадар тафсил бериб, ёш ўқувчилар томонидан осон қабул этилиши режалаштирилган эди.

Фитрат рисоласи ўзбек тилида икки марта қайта чоп этилиб (1992, 2004), изоҳлари билан нашр этилди. Ушбу манба гарчи тўлиқ бўлмаса ҳам ёш ўқувчиларга муқаддас тарихнинг энг ёрқин саҳифаларини очиқ кўрсатиб беради. Унда Саодат асри, хулафои рошидин (асл халифалар) ва умавийлар ҳамда аббосийлар даврининг асосий воқеалари зикр этилган. Асар сўзбошисида ёзилганидек, бу рисола «воқеаларнинг аниқ, жонли ифодаси, миллатсеварлик руҳи тасвир қатига сингдирилгани ва холис ёзилгани билан фарқланади (диний истилоҳларни қўллашда дабдабали усул ва сунъий илтифот сезилмайди)»1. Асар тарих тақсимидан бошланган бўлиб, умумий ва хусусий тарихни таснифлаш билан бошланади: «Ислом тарихи ҳам хусусий тарих жумласига киради. Бинобарин, Ислом тарихи Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) дунёга келишларидан ва ислом динининг дунёга тарқалишидан баҳс қилиб, Ислом оламининг тараққиётини тушунтириб беради. Ислом тарихини билиш барча мусулмонлар учун фарздир».

Ана шу нуқтаи назардан қараганда Фитрат асарида тарихийликка алоҳида эътибор қаратилган бўлса, Авлоний рисоласида масаланинг педагогик жиҳатига, яъни ўқувчига осонроқ етказиш учун ҳаракат қилинганини сезиш мумкин. Авлоний домла тарихий воқеаларнинг ўзини тасвирлаш билан чекланмай, ундан чиқариладиган сабоқ-хулосани пухталайди. Бу муқаддас тарихнинг ҳар бир воқеаси китобхон қалбида муҳрланишини истайди. Табиийки, муқаддас ислом тарихининг асосий қисми Пайғамбарлик тарихидан иборат. Бу йўсинда яратилган Рабғузийнинг «Қисаси анбиё», Алишер Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарлари китобхонлар ёдида бўлса керак. Рабғузий қиссаларида воқеанинг батафсил баёни талқинлардан келиб чиқиб, халқона усулда тушунтириб беришга қаратилган бўлса, Ҳазрат Навоий асари хос китобхонлар учун мўлжалланган бўлиб, унда Пайғамбарлик тарихининг асосий сифатларигина баён қилинади. «Қисаси анбиё»даги 72 қиссанинг сўнгида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) тарихлари баён этилган бўлса, Ҳазрат Навоий асари Пайғамбарлик тарихида Саодат асрини бошлаб берган Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) даврига келганда хотималанади. Афтидан, Алишер Навоий ҳазратлари Пайғамбаримиз (с.а.в.) тарихи хусусида алоҳида асар битмакни режалаштирган бўлсалар керак. Олтин Ўрданинг пойтахти Саройда яшаб ижод этган адиб Маҳмуд бинни Алининг «Наҳжу-л-фародис» («Жаннатнинг очиқ йўллари») асарида эса фақатгина Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) тарихини баён қилишлик раво кўринади. Адабиётимиз тарихида бу каби қиссаси анбиёлар, каъбул ахборлар кўплаб яратилган, бироқ жадид адабиёти намояндалари томонидан яратилган мухтасар ислом тарихларининг ҳам педагогика ва илоҳиёт тарихида алоҳида ўрни бор. Улар янги мактабларнинг илм толиблари учун фарзи айн бўлган ислом тарихидан сабоқ бериш орқали, аввало, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилишда собит турдилар. Сўнгра эса ушбу муқаддас тарихнинг асосий қисмини ўқувчиларга қуйи синфлардаёқ уқтиришга ҳаракат қилганларки, буларнинг саъй-ҳаракатлари барча жамиятлар учун сабоқ бўлғусидир. Чунки боланинг илк ёшлигиданоқ иймонли-эътиқодли бўлиб ўсгани униб ўсаётган жамиятнинг ютуғидир. Агар жамият комиллик сари интилиш тараддудида бўлса эътиборни кўпроқ ёш авлодга қаратади ва унинг такомили ёшларнинг ўсиб-улғайиши билан баробар кечади.

Китобхонлар ҳукмига ҳавола этилаётган ушбу Абдулла Авлоний асарининг ажойиб хусусиятлари ҳақида кенг тўхталишга ҳожат сезилмайди. Чунки зукко китобхон асардан мурод ёшларнинг иймон-эътиқоди покиза бўлишлиги учун бу муқаддас йўлда сарф этилган кучни, руҳий қувватни тушунишлари лозимлигини асарнинг илк саҳифаларидаёқ сезиб улгуради ва ўзини бу муқаддас тарих мутолаасига чоғлайди. Бу йўлда ўқувчиларга рағбат ва иноят кўрсатиш мақсадида китобга мухтасаргина луғат ҳамда уни табдил қилиб, бугунги ўқувчиларга етказиш тараддудида бўлган ҳурматли олимимиз Раҳматуллоҳ Баракот ўғлининг сўнг сўзи ҳам илова қилинади. Ушбу орқали китобхонлар нафақат Авлоний домланинг биргина бугун мутолааси кўрилаётган «Мухтасар ислом тарихи» асари, балки унинг бошқа адабий-маърифий китобларини ҳам эсга олади. Авлоний ҳазратлари айтган маърифат инсониятнинг «ҳаёт-мамот масаласи» эканини ҳам тушунгандай бўлади.

Айни рисоланинг яна кўп мамнун жиҳатларидан гапириш мумкин. Бироқ одил ҳукмраво бўлган китобхонларимизнинг зеҳну сажиясига ишонган ҳолда ушбу рисола ҳақида холис мулоҳаза айтишни уларнинг ўзларига қолдирамиз. Дину иймон йўлидаги дастлабки қадамларингиз қутлуғ бўлсин, деган дуо билан «Мухтасар ислом тарихи»нинг мутолаасига киришамиз.

 

Ҳамидулла Болтабоев,

филология фанлари доктори, профессор

 

1 Фитрат. Мухтасар ислом тарихи. - Т: Янги аср авлоди, 2004. - Б.3-4.

Фитрат. Мухтасар ислом тарихи. - Т: Янги аср авлоди, 2004. - Б.3-4.

Фитрат рисоласи ўзбек тилида икки марта қайта чоп этилиб (1992, 2004), изоҳлари билан нашр этилди. Ушбу манба гарчи тўлиқ бўлмаса ҳам ёш ўқувчиларга муқаддас тарихнинг энг ёрқин саҳифаларини очиқ кўрсатиб беради. Унда Саодат асри, хулафои рошидин (асл халифалар) ва умавийлар ҳамда аббосийлар даврининг асосий воқеалари зикр этилган. Асар сўзбошисида ёзилганидек, бу рисола «воқеаларнинг аниқ, жонли ифодаси, миллатсеварлик руҳи тасвир қатига сингдирилгани ва холис ёзилгани билан фарқланади (диний истилоҳларни қўллашда дабдабали усул ва сунъий илтифот сезилмайди)». Асар тарих тақсимидан бошланган бўлиб, умумий ва хусусий тарихни таснифлаш билан бошланади: «Ислом тарихи ҳам хусусий тарих жумласига киради. Бинобарин, Ислом тарихи Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) дунёга келишларидан ва ислом динининг дунёга тарқалишидан баҳс қилиб, Ислом оламининг тараққиётини тушунтириб беради. Ислом тарихини билиш барча мусулмонлар учун фарздир».

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

 

Ояти Карима: Наҳну нақуссу алайка аҳсанал қасаси бимо авҳайно илайка ҳазал Қуръана ва ин кунта мин қаблиҳи ламинал ғофилин (Қуръони карим. «Юсуф» сураси, 3-оят.).

Маьноси: Ё, Муҳаммад! Биз Қуръонни сенга ваҳий қилуб, қиссаларнинг гўзалини ҳикоят қиламиз, агарчи биз қисса қилмасдин илгари бу гўзал қиссалардин хабарсиз бўлсанг ҳам.

 

1. ҲАЗРАТИ ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ

 

Жаноби Ҳақ оламни бор қилуб, Отамиз Одам алайҳиссаломни лойдин яратуб, жон берди. Фаришталарни Ҳазрати Одамга сажда қилурға буюрди. Фаришталар сажда қилуб, Иблис сажда қилмади. Шул сабабли Аллоҳу таоло даргоҳиндан қувлануб, малъун ўлуб, Одам болаларига душман бўлди. Сўнгра Жаноби Ҳақ Ҳазрати Одамнинг чаб қобирғалариндин Аномиз Ҳаввони яратуб, иккиларини жаннатга қўюб, «буғдойдин емангиз», - деди. Душман Шайтон бир ҳийла ила жаннатга кируб, васваса қилуб: «агар буғдойдин есангиз, доим жаннатда қолурсиз», - деб алдаб, иккиларин ҳам едурди. Шул сабабли Жаноби Ҳақ аларни жаннатдин ерга тушурди. Ҳазрати Одам Ҳиндистонга яқин Сарандиб отасига (юртига) Ҳазрати Ҳавво Маккаи мукаррама ёниндаги Жадда тоғига тушдилар.

Ҳазрати Одам жаннатдин чиққанларига кўб вақт йиғлаб, қилған гуноҳларига тавба қилдилар. Ҳақ таоло тавбаларини қабул қилуб, «Маккага бор!» - деб амр қилди. Макк

...