автордың кітабын онлайн тегін оқу Ҳорун Ар Рашид
ЖУРЖИ ЗАЙДОН
ҲОРУН АР-РАШИДНИНГ
СЎНГГИ
ВАСИЯТИ
I БОБ
СИМОН МЕҲМОНХОНАСИ
Халифа Мансур ҳижрий 145 йили Боғдод шаҳрига асос солди. У бунда ўз қўшинини пойдор қилди, шунингдек, давлат амалдорларини шаҳар бўйлаб жойлаштириб, янги пойтахтни ҳокимиятининг мустаҳкам қалъасига айлантирди.
Аввалбошда шаҳар яхлит доира шаклида бўлиб, унинг қоқ марказида халифа Мансурнинг амри билан ўзига аталган сарой барпо этилди. Ҳадемай «Олтин сарой» номи билан довруқ таратган мана шу салобатли иншоотга ёндош яна бир улуғвор бино қад ростлади ва у ҳам ҳукмдорнинг номи билан «Мансур масжиди» деб аталди.
Халифанинг кўрсатмасига биноан шаҳарнинг турли мавзеларида давлат маҳкамалари ва ўз яқинлари учун уйлар қурилди. Шаҳар уч қаватли девор-тўсин билан ўраб олинди, чор тарафида тўртта дарвоза ўрнатилди. Қалъанинг шимолий-шарқ томондаги дарвозаси – Хуросон; шимоли-ғарбий дарвозаси – Шом; жанубий-шарқ томонидагиси Басра ва жанубий-ғарб томондагиси эса Кўфа номи билан атала бошланди. Сабаби, ҳар бир дарвоза қайси ном билан аталган бўлса, унинг бўсағасидан бошланадиган йўл ўша юртга томон йўналганди.
Ал-Мансур ўзига яқин кишиларга сахийларча шаҳар атрофидаги ерлардан эгалик ҳуқуқини бергувчи ҳужжатлар асосида мулк ажратиб берди. Улар ўз навбатида бу жойларни ўзлаштириб, кўркам ва муҳташам қасрлар бунёд этдилар. Ўша бетакрор қароргоҳлар ҳозирга қадар ўша кишиларнинг номи билан юритилади.
Кўп ўтмай шаҳарни ўраб турган қалъа девори ортида янги турар жой бинолари, мавзелар қад ростлади. Ҳарбия шимолий ҳудуддаги энг гавжум мавзе бўлса, Карх шаҳарнинг жанубидаги жўшқин манзил сифатида танилди. Кейинроқ Дажла дарёсининг шарқий соҳилида Шамассия, Русафо, Муҳаррам ва бошқа яна бир талай аҳоли турар жой мажмуалари вужудга келди.
Хуросон дарвозаси ортида Ал-Мансурнинг таклифи билан улкан муҳофаза қўрғони – Хулд қасри барпо этилди. Уни «Абадият арки» деб номлашди. Қўрғон билан Хуросон дарвозаси оралиғида катта ва кенг майдон текисланди. Хуросонга олиб борадиган катта карвон йўлига олиб чиқадиган йўл баайни шу жойдан бошланарди. Шимол томонга ястанган бу йўл Дажла дарёсини ўртакўприк орқали кесиб ўтиб, кейин Шарқ томонга кескин бурилиш ҳосил қилиб, Муҳаррам ва Русафо мавзелари оралаб ўтарди. Бу жойларнинг серҳосил ерлари Дажла дарёсининг атрофга ёйилиб кетган ирмоқларидан суғорилар, бу манзиллар боғ-роғлар, дарахтзорлар билан шу қадар бурканган эдики, гоҳида салобатли муҳташам қасрлар ҳам уларнинг ортидан кўринмай қоларди.
Жафара канали Дажланинг мана шундай ирмоқларидан бири бўлиб, у Шарққа томон ястанган, ҳар иккала аҳоли турар жойлари оралаб узала тушганча оқиб ётарди. Русафо сарҳадлари оша каналнинг ҳар икки соҳили бўйлаб мевазор боғлар ва оромгоҳлар кўзга ташланиб турарди.
Бир томони Хуросон катта йўлига тақалгувчи боғлардан бирида мана, ярим асрки, дабдаба ва ҳашаматдан холи мўъжаз бир меҳмонхона қад кериб турарди. Айтишларича, унга асли набатийлардан бўлган бир савдогар асос солган, асосан, Боғдодга қадам ранжида қилган ажнабийлар мана шу меҳмонхонадан қўним топар экан. Меҳмонхона шундоққина йўл ёқасида, боғ этагида жойлашган; кираверишда хўжайиннинг унча катта бўлмаган дўкончаси ишлаб турарди. Сотувчи қўли-қўлига тегмай хурмо ва узумдан тайёрланган қўлбола шароб маҳсулоти билан савдо қилар, ошпазлар эса меҳмонларнинг талаби ва таъбига қараб ҳар хил таомлар пишириб туришарди. Бу жой фақатгина ажнабийларнинг эмас, боғдодликларнинг ҳам тез-тез бориб турадиган масканларидан бири эди. Боиси у ҳар томонлама қулай: катта йўлнинг ёқасида жойлашгани сабаб ҳар қандай уловга осилиб ҳам етиб бориш мумкин эди; одамлар яшайдиган мавзелардан чеккада, назардан холи бўлгани боис шароб ичиб, кўнгил ёзмоқчи бўлган кишилар бу ерда ўзларини бемалол ҳис этишарди. Қолаверса, бу ерда ичимлик ва таом учун тўланадиган нархлар ҳам чўнтакбоп, қиммат эмасди. Шундан кайфу сафо қилиб, ғуборини тўкмоқни истаган киши борки, шу томонга ошиқарди.
Меҳмонхонанинг аксар мижозлари оддий одамлар, бироқ баъзида кўнгли танҳоликни истаган таниқли кишилар ҳам кўриниш бериб қоларди.
Меҳмонхонанинг ишбошқарувчиси ёши олтмишларни қоралаган, тақдирнинг турфа ўйинларини бошидан кечирган бир киши эди. Ҳаётнинг инсон иродасига бўйсунмайдиган қарама-қаршиликлари уни ўта мўмин, итоаткор қилиб қўйган; бутун вужудида ҳалимлик аломати бўй кўрсатиб турарди.
Симон (меҳмонхона хўжайинини шу ном билан чақиришарди) Аббосийлар сулоласидан ўтган учта шафқатсиз халифа – Маҳди, Ходи ва Ар-Рашид ҳукмронлик қилган йилларга гувоҳ; шу давр мобайнида кўплаб унутиб бўлмас воқеаларни кўриб, кўзи қотган киши. Айниқса, бундан роппа-роса олти йил муқаддам шафқатсизларча калтакланган Бармоқийлар хонадони вакилларининг доду фарёди қулоқлари остидан кетмас, кўприкда осилиб турган халифат вазири Жаъфарнинг жасади ҳануз кўз олдида чайқалиб турарди.
Худди мана шу каби даҳшатли саҳналар аслида кишининг иродасини тоблаб, сабрини мустаҳкамлайди. Акс ҳолда шароб билан савдо қила олмасди.
Шаробфурушлар одамларнинг кайфи ошганда ошкор бўладиган ожизликлари, мастона қилиқларига сира ажабланмасдилар. Бунга ўрганиб қолишган. Сўкинишса чидашар, урсалар, урган кишидан «муштингиз лат емадими?» деб узр ҳам сўрашарди. Ҳолбуки, улар мижозларининг кўнглини олишга, дилларидаги гидирни, қўл ва оёқларидаги чигални ёзишлари учун имкон яратиб беришга масъул; жуда кўпларнинг сиридан бохабар бўлиш баробарида сир сақлашни ҳам билишлари шарт эди.
Одатда шароб савдоси билан қашшоқлик ва камситишлар исканжасида яшаган ғайридинлар, шу мамлакатнинг туб аҳолиси бўлмиш яҳудийлар ёки набатийлар шуғулланиб келишган. Илло, мусулмонларнинг бу иш билан шуғулланишлари таъқиқланган, Қуръон уларга нафақат шароб ичишни, балки кайф берувчи нарсалар билан савдо қилишни ҳам ман қиларди.
Симоннинг шаробхонаси ўзи яшайдиган уйнинг битта хонасида жойлашганди. Оёқ остига тагликлар тўшалган, сомон билан тўлатилган дағал матодан тикилган ёстиқлар сочилиб ётарди. Девордаги токчаларда хурмо, узум, олма ва бошқа мевалардан тайёрланган шароб сақланадиган бочкалар қатор терилган, пештахталарда ёғоч ва шишадан ясалган жомлар қўйилганди. Бу идишлар шаробни ўлчашда ишлатиларди. Бириси бутун, бошқа бири ярим, яна бириси бутуннинг тўртдан бири ҳажмида эди. Бундан ташқари, хонанинг кўзга ташланадиган, мижозларнинг қўли етадиган жойида ноғора, уд, най сингари чолғу асбоблари осиғлиқ турарди.
Айтиш жоизки, шароб билан савдо қилгувчи касбу кор эгалари, одатда, яхшигина хиргойи қилишган; бир ёки бир неча чолғу асбобларини чала оладиган кишилар бўлишган. Боғдод шаробхоналари соҳиблари баъзи-баъзида хушбичим, овози қўнғироқ хонандаларни ҳам чорлаб туришарди. Бу мижозларнинг сархушликка бўлган иштиёқини оширар, натижада шароб дарё бўлиб оқарди.
II БОБ
ЖАНГАРИ ВА АСКАР
Ҳижрий 193 йилнинг оддий кунларидан бири. Вақт кечга томон сирғалиб бормоқда эди, Симон учун бу кун барорли бўлмади: шаробхона остонасидан биров ҳатламади. Шундан авзойи хуфтон, аммо умиди сўнмаган, дарчадан катта йўл томон қараб-қараб қўярди. Унинг асосий даромад манбаи мана шу йўлдаги қатнов ҳисобидан эди. Йўловчилар мабодо ажнабийлар бўлса, омади чопар: уларга маҳсулотини қиммат баҳода ўтказиш пайига тушарди. Унга хорижликларнинг нарх борасида маълумотга эга эмаслиги қўл келарди. Асосийси, улар боғдодликларга ўхшаб талашиб-тортишишмас, маҳаллий мижозларга икки дирҳамга бир амаллаб ўтказаши мумкин бўлган дуркун шароб учун оғринмасдан беш динор тўлашарди.
Кун бароридан келмади, биров бирров шаробхонага мўраламади ҳам. Кечга яқин у ҳовли этагидаги ўчоққа ўт ёқди. Кечки овқат учун ажратиб қўйилган балиқни қовуришга тутинди. Пешбандининг этакларини белига қистирди-да, ўчоқдаги ўтинга бир парча чўғ ташлаб, ёндирмоқчи бўлиб пуфлади. Ҳавога кўтарилган тутун уни бор бўйи билан қоплаб олди. Шу пайт кўча эшик томондан қандайдир номаълум товуш келди, кимдир уни чақираётгандек туюлди:
– Эй, хўжайин, ким бор?!
Бугунги омадсизликдан озурда бўлиб турган Симоннинг кўнгли ҳаприқиб кетди. Дарҳол овоз келган томон ошиқди. Остонада дайди башара бир киши турарди. Бунақаларни бу пайтга келиб Боғдод атрофларида бот-бот учратиш мумкин эди. Улар тирикчилик ғамида гоҳ унга-гоҳ бунга ёлланиб, катта-кичик ишларни бажариб юришарди. Асосан, мулкий можаролар, қарзни ундириш, ҳаволаниб кетган кишининг попугини пасайтириб қўйиш сингари воситачилик вазифалари билан шуғулланишарди. Улар адолат тантанаси учун курашмас, ким пулини тўласа, адолатни ўшанинг манфаатига тиклаб беришарди. Оддий халқ бу тоифа кишиларни муштумзўрлар, расмий доиралар эса жангарилар деб аташарди. Симон дайдининг ёнида яна бир киши турганини кейин илғади.
У жангарини кўрибоқ аввалига бир оз чўчиди. Шунда ичида «Ўзинг асра!» деб Худога ёлворди. Аммо тезда ўзини ўнглаб олди. Бунақа вазиятга биринчи бор тушиши эмас-ку. Тажрибаси бор: бундай чоғ фақатгина бардам бўлиб, балони даф этиш мумкинлигни биларди. Шундан Худога таваккал, меҳмонларни мулойим қаршилади.
Дайди бошига пальма япроғидан тўқилган кенг гардишли чалма – қалпоқ кийганди. Эгнидаги рангин, нақшинкор нимчаси енгсиз; дағал матодан тикилган иштони калта тиззасигача келар, оёғида пойабзали йўқ эди. Чап елкасида майда тошлар билан безак берилган сафар халтаси, белбоғида эса ўзига ўхшаш ялангоёқлар одатда олиб юрадиган тошотар қуролини қистириб олганди. У бир қўлида калта ғадир-будур таёқ, иккинчисида яримта нонни ушлаб турарди. Чайнаб турган луқмасини ютиб оғзини бўшатгач, Симонга сўз қотди:
– Қани, бизга шаробингдан қуй-чи, хўжайин!
Симон унга енгилгина таъзим бажо келтириб, айтганини адо қилишга киришди: катта сопол жомга тўлдириб май қуйди-да, олиб бориб дайдига тутқазди. Кейин синчковлик билан унинг ҳамроҳини кўздан кечирди. У ҳарбийлар уст бошида эди. Камзулининг орқасида халифалик шиори: «Ҳамма нарсани эшитиб, кўриб, билиб тургувчи Аллоҳ сизни қўлласин» деган сўзлар билан нақш берилганди; бошидаги баланд учли қалпоқ, ҳамма ёғига игналар қадалгани боис шаклини тутиб турарди; белбоғида қиличи осиғлиқ эди.
Симон дўконига аскар мижознинг келганини яхшиликка йўйди. Сабаби, улар ҳам, ҳамёнида ойлик маошидан бирор нима қолган бўлса, албатта, тўлов вақти талашиб-тортишмас, шароб учун пулни қизғанишмасди. Аскар дайдининг қўлидаги жомга ишора қилиб, май беришини сўради. Симон дарҳол иккинчи жомга ҳам тўлатиб шароб қуйди-да, таъзим билан аскарга узатди.
Аскар унинг илтифотини жавобсиз қолдирди. Жомдаги майни бир кўтаришда сипқорди-да, кекириб четга ўтди. Дайди эса: «Худонинг раҳмати сенга бўлсин, Симон, Яратганга қасам, бир куни юқори мартабага эришсам сени ўзимга шахсий югурдак қилиб оламан!» деди.
Аскар жилмайиб унинг ёнига келиб, елкасига қўлини қўйди.
– Мен ҳам сенга ваъдадан бошқа ҳеч нарса беролмайман, – деди у араб тилини хунук талаффуз қилиб. Симон унинг фарғоналик эканини дарров билди. Мансурнинг ҳарбий қўшини фарғоналик ёлланма аскарлардан иборат эди.
– Биз ҳадемай сафарга чиқамиз. Пул дегани сувдек оқиб келади. Ўшанда сен билан ҳисоблашаман. Унгача мени ҳам қарздорлар рўйхатига тиркаб қўй. Кутишдан ўзга чоранг йўқ!
– Қашшоқлик ва етишмовчилик фақат мендами десам, сиз ҳам унга тобега ўхшайсиз? Ваҳоланки, сиз хизматингиз эвазига ойма-ой маош олиб турасиз-ку, – таажжубланди жангари.
– Тўғри айтдинг оғайничалиш, – хўрсинди аскар, – мен маош оламан, аммо оиламга жўнатаман! Ўзимга орттира олмайман. Ўзинг ўйла, фақат жанг бўлса-ю ҳарбий ўлжа қўлга киритсамгина сендан фарқ қилишим мумкин, акс ҳолда иккимизнинг мавқеимиз бир. Фақат, мабодо саройда... – у бирдан тилини тишлади. Бегона қулоқ эшитмаяптимикин, деб атрофга ўғринчи кўз югуртирди. Лекин жангари у айтмоқчи бўлган гапни охирига етказди:
– Демоқчисанки, халифаликда жиддий ўзгариш содир бўлсагина ойлик маошинг ҳозиргисидан анчайин кўтарилади. Шундайми? Унда, қувонавер, ҳадемай орзуинг амалга ошади!
Аскар кафти билан шарт унинг оғзини бекитди. Ортиқча сўз айтиб қўйишидан чўчиди. Бироқ Симон учун уларнинг ҳозирги мулоқотлари бир чақалик аҳамиятга эга эмасди. У мана бу икки мижозидан сариқ чақа ҳам ундира олмаслигини англаб, безовталиги ошди. Иккисининг суҳбати жиддий тус олганини ва улар ташқарида, очиқ раста олдида туриб гапиришга чўчиётганини англаб, хўжайин уларни ичкарига чорлади. Ичига сомон солинган тўшакларни кўрсатиб, ўтиришга таклиф қилди.
Ичкарига кирибоқ жангари деворда осиғлиқ турган удни қўлига олди. Уни Симонга узатиб, деди:
– Эшитганман, ширали овозинг бор, дейишади. Яна удни ҳам қойилмақом чалар эмишсан, айтганча, сен мусиқачи Барсумнинг қариндоши бўласан-ку, а? Қани, бизга бир нима ижро қилиб бер-чи!
– О, қани ҳозир қариндошим Барсум билан бирга бўлсам эди! – Симон удни қўлига олиб, симларини жўрлай бошлади. – Бироқ у мени мирламайди, амирнинг даврасидаги одам у. Амирни ўз яқинларига меҳрибон ва мурувватли, дейишади.
– Маҳоратингни кўрсат, – аскар унга далда берди, – Барсумга насиб этган толе сени ҳам четлаб ўтмайди. Барсум бўлмаса қўшиқчи Иброҳим Мосулидек... – аскар яна тилини тишлади, кейин тамоман бошқа бир мазмунда гапини давом эттирди. – Худога шукр қил, ўшаларнинг сафида эмассан. Саройга яқин бўлиш хавфдан узоқ бўлиш дегани эмас. Сен айтган кишиларнинг тутган мавқеи ҳар қанча юқори бўлмасин, Бармоқийлардан юксалиб кетмагани тайин. Уларнинг тақдири охир-оқибат қандай якун топганидан эса хабаринг бўлса керак.
– Бундай разм солиб қарасам, сен биродар бирда файласуф, бирда дунё лаззатларидан воз кечган зоҳидга ўхшайсан, – луқма ташлади жангари. – Менга қолса охирини ўйлаб ўтирмасдим, қўлингдан келса мени муҳташам бир қасрга мангуга қама ёки халифа саройининг хонандасига айлантир, чолғучиси ёки шоири бўлай, мабодо бир куни хавф-хатар бошимга соя соладиган бўлса, Худонинг даргоҳи кенг – бир чораси топилар. Ёки яхшиси, ўрнингни менга бер, маош оладиган аскар бўлай, ўзинг менинг бошлиғим бўл! Бирга жангга борамиз, лак-лак ўлжа оламиз... ҳурилиқо асира қизларни қўлга киритамиз... – унинг йўтали тутиб, гапи узилиб қолди.
– Аввало, жангдан тирик чиқсанг, албатта! – аскар кинояли луқма ташлади унга бошини чайқаб.
– Сен нега Рафи ибн Лайсга қарши Самарқанд юришига бормадинг? – сўради ундан жангари. – Ахир мўминлар амирининг сафарга чиққанига икки ой бўлиб қолди-ку! Эҳтимол, бу музаффар бўлишимизга ишонмаганингдандир?
– Валлоҳу алам! Келажак ишлар фақат Унинг измида, бандаси бу масалада ожиз! – елкасини учириб қўйди аскар. – Ҳарбий юришга кимнинг бориш-бормасалигини раҳбарлар ҳал қилади. Эътибор қилдингми, ар-Рашид қаттиқ бетоб бўлишига қарамай бу сафарга ўзи бош бўлиб борди, ўрнига эса ўғли Муҳаммд Аминни қолдирди. Бу йигитчани биламан: бағрикенг, саховатпеша ва давлатни оқилона идора қилишда отасидан сира қолишмайди. Ўйлайманки, бу нарса сиз учун ҳам айни муддао бўлди. Негаки, сардорингиз Хориш ҳам саройга суқилиб юрибди, ҳалитдан ўзини худди оқсуяклардек тутяпти.
– Яхши бўларди, – тасдиқлади уни жангари. – Токи, бир иш содир бўлмас экан, ҳали омаддан оғиз очиб бўлмайди, – дея у ёқ-бу ёққа аланглаб қараб олди, сўнг овозини бир парда пастлаб, индаллога кўчди. – Амин расман халифа бўлгач, бизга ҳавас қилсанг арзийди, худдики, мен ҳозир сенинг аскар эканингга ҳавас қиланимдек.
Шу асно у ҳовли этаги томон юзини буриб, баланд овозда деди:
– Балиқ қовриляпти, ҳиди димоққа келиб урилди!
Симон бу пайт мусиқа асбобини созлаш билан овора эди. Шу орада борлиқни қоронғилик пардаси чулғаб, ҳовлининг бурчагидан ўчоқдаги оловнинг ёғдусида қозондан қоп-қора тутун бурқсиётгани кўзга ташланди. Симон бирдан сапчиб ўрнидан туриб кетди:
– Эсим қурсин, балиқни буткул унутибман-ку!
Унга ёриткич керак эди. Симон ҳамма нарсани ташлаб, девордаги токчага қараб чопди. Чироқнинг пилигини бармоғи билан тўғрилаб, уни ёқишга уринди. Чақмоқтошни ишқалаб аввал бир тутам сомонни ўт олдирди, кейин унинг бир найчасини пиликка тутди.
Симон шу иш билан машғул бўлган маҳал жангари вақтни беҳуда кетказмади. Ўчоқ бошига бориб, гуруллаб ёнаётган оловга ҳам аҳамият бермай, салкам куйиш арафасида турган балиқни таёғига илдириб олди. Худди шу тезликда қайтиб, уни ноннинг устига қўйди-да, Симонни чақирди.
– Қани, бизга кутраббул шаробингдан иккита қуй-чи!
– Менда унақаси йўқ, – маъюс жавоб қилди Симон. – Лекин сизларни узум ва асалнинг аралашмасидан тайёрланган мусаллас билан меҳмон қиламан.
У ўзи айтган мусалласни келтириб, мирқуруқ мижозларига қуйиб узатди. Юзига мулойим табассум ифода қилиб турса-да, ичида Худодан илтижо қилиб, мана бу икки дилозордан тезроқ халос қилишини сўраётганди.
Жангари билан аскарнинг эса парвойи фалак, кетадиган одамга ўхшашмасди. Аксинча, май ҳўплаб, чақчақлашиб ўтиришар, шошилинч ишлари ҳам, борадиган жойлари ҳам йўқ эди. Шундан Симон уларнинг даврасига қўшилишдан ўзга чора топмади.
III БОБ
БАШОРАТЧИ САДУН ВА ХОРИШ
Жангари билан аскар ҳали ҳам суҳбатлашиб ўтиришарди. Қайсидир мавзуда фикрлари ўхшаш, баъзи бир масалаларда баҳслашиб қолишарди. Баъзан хандон отиб кулишарди. Шу пайт кўча томондан кимнингдир баланд сасда алланимлар деб овоз бераётгани қулоқларига чалинди.
– Ҳозиргина тутилган балиқлар! Танланган, сара балиқлар! Олинг, арзон бўлди, сотаману кетаман!
Ўша пайтлари молини юриб сотадиган кишилар мана шундай жар солиб юришарди. Жангари ўрнидан сапчиб турди.
– Омад дегани шу бўлади, сендан қарздор бўлиб қоладиган қарол эмасман, Симон!
У халтасидан бир дона тош олиб, тошотар қуролига ўрнатди-да, ташқарига ошиқди; йўл-йўлакай майфурушга даъват қилди:
– Симон, ҳаялламай ортимдан бор, балиқларни териб оласан!
Симон бечора, жангари балиқчини ўлдириб қўяди, деб ўйлаб юраги орқасига тортиб кетди. Балиқ илинжида эмас, балиқчига ачиниб унинг ортидан югурди. Етиб олгач, қўлидан тутиб орқага тортди. Шу орада у йўлда кетиб бораётган балиқчига назар ташлади. Қоронғида уни бор бўйи билан кўриш қийин, шундай бўлса-да, Симон унинг бечораҳол бир киши эканини илғади. Оёқяланг, эгнидага жулдур кийими, бошидаги униқиб кетган қалпоқ эгасининг амаллаб кун кечириб юрган қашшоқ киши эканини кўрсатиб турарди. У униқиб кетган қалпоғи устига сомондан тўқилган сават қўйиб олганди.
Жангари ўзидан Симоннинг қўлини силтаб ташлади.
– Халал берма, – деди у майфурушни четга итариб. – Ҳозир битта балиғингни иккита қилиб қайтараман.
– Бечорага раҳминг келсин! Жонига қасд қилма! – ёлворди Симон азбаройи қайғуриб. – Менга ҳеч нарса керак эмас.
– Қўрқма, – кулди у, – мен фақат балиқни мўлжал оламан, балиқчига ҳам, унинг саватига ҳам заҳм етмайди. Ҳозир ўзинг кўрасан.
Ҳақиқатан ҳам, у тошотарини боши узра айлантириб, тошни улоқтирганди, тош бориб балиққа тегди. Типирчилаб баландга сакраган балиқнинг ортида яна бири безовталаниб сакради. Иккиси ҳам ерга қулади. Балиқчи буни сезмади ҳам. Йўлида давом этаверди. Бу одам, ҳақиқатан, ҳам тош отишда беназир эди.
Балиқчининг қўлида нон ҳам бор экан. Жангари Симонга уни кўрсатиб деди:
– Хоҳласанг, қўлидаги нонни уриб тушираман.
У керагидан баланд овозда гапирган бўлса керак, гапи балиқчининг қулоғига бориб етди. Ортига ўгирилиб қаради. Қўлида тошотар тутиб турган жангарини кўриб, жон ҳолатда нонни ерга ташлаб, илтижо қилди: «Ол, нонимни ол, жонимга қасд қилма!»
Шундан кейин у оёғини қўлига олиб қочишга тушди. Жангари хахолаб кулганча унинг ортидан чопди. Бир оздан сўнг нон билан иккита балиқни олиб қайтди. Симон унинг эпчиллигига қойил қолгандек кўрсатди ўзини. Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да! Балиқларни қозонда қовура туриб яна Яратгандан мана бу Худобезор мижозларидан халос этишини сўраб, илтижо қилди. Қарангки, қилган илтижолари тезгина мустажоб бўлди. Боққа кираверишдаги дарвоза ортидан отнинг туёқ товуши, эгар-жабдуқнинг шиқирлаши эшитилди.
Дайди билан аскар сукутга чўмиб қолишди. Симон товуш чиққан томонга бурилиб, тутун аралаш баланд бўйли, бир оз букчайиб қолган кишини кўрди. Унинг кўриниши кишида беихтиёр ҳурмат ҳиссини уйғотарди
Остонада турган кишининг бошидаги қора салла кенг пешонасининг ярмини ёпган, эгнидага асал рангли узун жуббасининг бел қисмига кенг фўта боғланганди. Ўша пайтлари мусулмонлар ҳомийлиги остида бўлган ғайридинлар шундай кийиниб юришган. Белбоғида қаламдон ва сиёҳдон осиғлиқ турарди.
Нотаниш меҳмоннинг озғин чеҳрасида ўзига хос нозик жиҳатлар кўзга ташланарди. Териси тортилган каби тиниқ, шунданми ёноқ суяклари бўртиб турарди. Милтираб турган қорачиқларида ақл нишонаси барқ урарди. Бурни катта; учи бир оз қайрилган; қулоқчаккасидан таралиб келган узун соқоли қалин ва оқара бошлаганди. У қўлидаги ҳассага таяниб олган, иккинчи қўлида енги билан ниманидир яшириб турарди.
Симон бу одамни кўрибоқ, уни сабей зодагонларидан ёки илоҳиётчиларидан бўлса керак, деган фикрга борди. Аммо уларнинг меҳмонхоналарга бормаслигини эслаб, бу ташрифдан росмана таажжубланди.
Жангари билан аскар ўзларини четга олдилар, Симон эса хушнудлик билан унга пешвоз чиқди. Чуқур таъзим бажо келтириб, хизматига шай эканини ифода этди.
Меҳмон оҳиста, паст овозда сўради:
– Бу Симонга тегишли қўналға, шундайми?
У қувониб кетди. Ахир шундай довруқли киши номингни тилга олса қувонмай бўладими!
– Худди шундай, афандим!
– Айт-чи, бўтам, боғингда дам олса бўладиган хилват бир жой борми? – сўради меҳмон.
– Бир гўша бор, сизга маъқул келади, деган умиддаман! – деб жавоб қилди Симон, кейин: «Ортимдан юринг», дея уни боғнинг қуюқ дарахтлар билан қопланган бурчагига бошлаб кетди. У йўл-йўлакай Симонга тегишли топшириқларни баён этиб борди:
– Агар бу кеч Хориш келиб башоратчи Садунни сўраса, шу жойда кутиб турганимни айт.
Жангари билан аскар савдо растаси ёнида туриб, келган янги меҳмонни кузатишарди. Жангари бу одамни қаердадир кўргандек эди. У Хоришнинг номини тилга олганидан сўнг, бу одамни бир эмас, бир неча бор жангарилар сардори Хоришнинг ҳузурида кўрганини эслади ва дарҳол бу жойни тарк этиши лозимлигини англади. Сардор келгунга қадар кўздан ғойиб бўлиши шарт.
Аскар эса аксинча, шу ерда қолишга қарор қилди. Нотаниш меҳмон ва Хориш ўртасида бўлиб ўтадиган суҳбатдан хабардор бўлгиси келди. Зотан, шаҳар ташқарисидаги қўналғаларда ҳамиша ҳам бундай имконият бўлмайди. У боққа тақалган девор остидаги бўйрага чўзилиб, ёстиққа ёнбошлади. Қиличини тиззасига қўйиб, кута бошлади.
Симонга келсак: у алломанинг келганидан ҳам, ал-Хоришнинг бўлажак ташрифидан ҳам бағоят шод эди. Мабодо улар учрашув маҳали таомга майл билдирсалар борми ёки томоқларини ҳўлламоқчи бўлсалар, бас, бугунги чиқимлар ортиғи билан қопланиб кетади. Мана шуларни хаёлидан ўтказиб бораётган Симон башоратчининг олдига тушиб, секин-секин одим отиб бормоқда эди. Сабаби, унинг бўйи баланд бўлгани боис катта салласи шох-шаббаларга илакишиб қолмасин деб, у секин ҳарактланмоқда эди. Ахийри, улар кўзланган марра – тош супага етиб келишди. У Жафара дарёси бўйида, шохлари тарвақайлаб ўсган дарахт остида, тошқалама тарзида бино қилинганди.
Супада бўйра тўшалган, атрофида ёстқлар териб қўйилганди. Симон меҳмонни супага жойлаштириб, ўзи чироқ олиб келгани боғ томонга йўналди. Қайтиб келгач, қўлидаги чироқни қачонлардир кесиб ташланган улкан дарахтнинг тўнкаси устига қўйди ва Садундан, башоратчи ўзини шундай деб таништирган эди, таомга ёки шаробга эҳтиёжи бор-йўқлигини сўради.
– Йўқ, миннатдорман, – деди аллома ёстиқлардан бирига ёнбошлаб, ҳассасини бир чеккага қўйди-да, енги орасидан кичик бир халтачани олиб, олдига қўйди.
Симон яна боққа қайтди. Башоратчи эса узун-узун бармоқлари билан соқолини тараб, шу ерга яқин бир жойда ғийқиллаб айланаётган чархпалакнинг товушига қулоқ тутиб ётди.
Савдо дўконига қайтиб келган Симон бошқа бир чироқни ёқиб, хонани ёритди. Шу асно кўзи аскарга тушди. Жангари кўзга ташланмагани боис аскардан уни сўради.
– У қочиб кетди, – жавоб қилди аскар, – назаримда, сардори Хоришга юзма-юз келишдан чўчиди, – деди мийиғида кулиб. Кейин: «Меҳмон қандай? У бугунги чиқимларингни қоплайдими, ҳарнечук?» деб қизиқсинди.
– Умид қилиб турибман!..
– Албатта, умид қилсанг бўлади. Ахир у бугун ал-Хориш билан бу ерда муҳим бир масала юзасидан учрашади-ку!
– Сен ҳақсан, – тасдиқлади уни Симон, – бу одамларнинг бариси сеҳру жоду соҳиблари – мунажжимлар. Улар учун махфий бўлган нарсанинг ўзи йўқ. Эҳтимол, Хоришнинг бегоналар сирини билиш қобилияти ҳам шундан – унинг мана шу кишилар билан яқин алоқада эканидан, назаримда.
Аскар унинг сўзларни тасдиқлаган бўлиб бошини ирғаб қўйди, сўнг оғир ўйга чўмиб қолди. Юрагининг аллақаерида «Ҳозир айтган гап-сўзларимизни, жумладан, менинг у ҳақда нималар деганимни айни дамда масофадан ўқиб турган бўлса-чи, жазоласа-чи?» деган кечинмалар ўтмоқда эди.
Симоннинг эса бу ҳақда ўйлашга вақти йўқ, у ердаги тўшама устига томган ёғ томчиларини артиб, тўкилиб қолган таом қолдиқларини йиғиштириш билан банд – бир сўз билан айтганда, Хоришнинг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда эди. Шу пайт Садуннинг дарвоза олдида, хизматкорнинг қаровига қолдирилган оти қаттиқ пишқирди. Узоқроқдан бунга жавобан бошқа бир тулпорнинг пишқиргани эшитилди. Симоннинг юраги ҳаяжондан тез-тез ура бошлади. Келаётган отнинг туёғидан чиқаётган сас тобора яқинлашиб, ахийри дарвоза олдига келиб тўхтади. Отни бошлаб келган жангарилар либосидаги хизматкор боққа кириб овоз берди:
– Эй, Симон соҳиб, – қичқирди у.
Симон ошиғич унга пешвоз чиқди.
– Мен бу ердаман!
Симон синовчан нигоҳлари билан сарбозни тезгина назардан кечирди: у жуда пўрим кийинганди. Эгнидаги тилларанг нақшли узун ёпинчиқ тиззасигача тушган; иштони қимматбаҳо матодан тикилганди. Бошида дубулға, атрофи ҳарир мато билан саллага ўхшаб ўралганди. Белида қиличи осиғлик, рангли теридан боғичлари бор оёқ кийими ўзига ярашиб тушганди.
– Мунажжим Садун сеникидами? – сўради хизматкор.
– Садун шу ерда, – жавоб қилди Симон, – у боғнинг хилват бир гўшасида жаноб Хоришга мунтазир.
Симон отдаги сарбоз жангарилар сардори Хориш эканини англаб, унга илтифот кўрсатишга тушди. У яқин келиб отнинг жиловидан тутиб, сардорнинг отдан тушишига кўмаклашди.
Хориш миқтидан келган, паст бўйли киши экан. Ёши элликларга бориб қолганига қарамай, ҳали ёшлик шижоатини йўқотмаганди. Хатти-ҳаракатлари тетик, жисмонан бақувват эди. Лаблари дўрдоқ, қалин соқоли ва мўйлабига оқ оралай бошлаганди. Пешонасида чуқур жароҳат изи: у бу чандиқни ёшлигида ҳаёти учун хатарли кечган жангда орттирганди. Ҳозир мана шу чандиғи билан ғурурланади. Унинг митти кўзлари ҳамиша қизариб юрар, худди беҳаловат кечган уйқудан уйғонган каби тасаввур уйғотарди. Бу одамнинг жангарилар сардори эканини эсга олсак, унинг ички оламини фараз қилиш янада осонлашади. Савол туғилади: жангарилар кимлар? Улар ўғрилик, талончилик ва бошқа шунга ўхшаш зўравонликларни одат қилган кишилар. Тирикчилиги шундан уларнинг.
Энг ачинарлиси, ҳокимият уларнинг мана шундай қинғир ишларига панжа орасидан қараб келарди. Шундай ҳоллар ҳам бўлардики, ҳукумат одамлари баъзи бир масалаларни баайни шундайларнинг иштироки билан ҳал этишарди. Масалан, бирор-бир жойда салтанат хавфсизлигига раҳна солаётган қароқчилар тўдаси пайдо бўлса ва уни топиб, бартараф этиш лозим бўлса, бу ишни жангарилар амалга оширишарди. Фоҳишалар савдоси билан шуғулланадиган масканлар ҳақида маълумотларни аниқлаш ҳам жангарилар зиммасида эди. Уларнинг бу масалаларда «ҳид билиш қобилияти» зўр эди. Ҳукумат ўзининг бу борадаги курашига жангарилар хизматидан фойдаланар, шунинг учун ҳам бутун бошли жангарилар жамоаси давлат таъминотида турарди. Уларни «тавба қилганлар» деб аташарди.
Бироқ, айтиш жоизки, улар ҳамиша ҳам ҳукумат ишига садоқатли бўлмаганлар. Лафз масаласида муқим эмасдилар. Аксар ҳолларда қароқчилар билан тил бириктириб кетишарди.
Бунинг мисолини биз бошқарув тизими зўравонликка асосланган жамиятда бот-бот кузатамиз. Золим ҳукмдорнинг ҳокимияти ожизлашиб, қўл остидагиларнинг ўлжага бўлган нафси ҳакалак отган пайти жангариларнинг нуфузи ва таъсири кучаяди. Бундай палла инсоннинг ахлоқан тубанлашиб бориши кузатилади. Бир-бирини пойлаш, бир-бирини сотиш – шу йўл билан ўзига йўл очиш «анъана»си қарор топиб боради. Ачинарли томони шундаки, бу йўл охир-оқибат тубсиз жарликка бориб тақалади.
IV БОБ
АЛКИМЁГАР
Худди аввалги меҳмон каби Хориш ҳам оти ва хизматкорини дарвоза олдида қолдириб, боғ томон юрди. Симон уни тавозе билан башоратчининг ҳузурига бошлаб борди.
У Хориш билан саломлашиб, сўрашиш учун ўрнидан турди. Жангарилар сардори бунга жавобан жилмайиб қўйди, сўнг бориб супага ўтирди. У Симоннинг хизматига эҳтиёжлари йўқлигини билдиргач, майфуруш дўконига қайтди. Аскар ҳали ҳам шу ерда эканини кўриб, унга обрўйи борида этагини йиғиштириб олса яхши бўлишини тушунтирди. Хоришда шубҳа уйғотиб нима наф топарди ҳақиқатан ҳам. Аскар истар-истамай кўча эшиги томон юрди.
Бу пайт ниҳоят якка ўзлари қолганига тўлиқ ишонч ҳосил қилган Хориш ўша-ўша мулойим табассум билан алломага юзланди:
– Мени узоқ кутиб қолмадингми?
– Йўқ, йўқ, кутдим дейишга арзимайди, – жавоб қилди Садун.
– Мен сенинг ёрдамингга муҳтожман, – дея у муддаога кўчди. – Акс ҳолда, мен уйимни тарк этиб, бу ёққа, сен билан учрашувга келолмаган бўлардим. Эшитган бўлсанг керак, мўминлар амири Ҳорун ар-Рашид ҳозир Боғдодда эмас.
– Ўрнига ўғлини қолдириб кетган-ку!
– Тўғри, Амин қолган... аммо у ҳали ёш! Қолаверса, биласан, у муҳим давлат ишларини ҳал эта олмайди: ҳарҳолда отасидек бўлиши учун ҳали анча қовун пишиғи бор. Валиаҳдни мияси ҳозир қизлар ва шароб билан банд. Шунинг учун мен анчадан бери ҳеч қаёққа чиқмай уйда ўтирибман. Махфий хизмат бошлиғининг вакиллари эса эшигимни тўпир қилиб ташлашди. Шу қадар кўпки саволлари. Ўзимча, «Ахир мен Садун эмасман-ку, ҳар битта муаммога юлдузларга қараб ечим топадиган», деб ўйлайман.
Шу гапдан кейин Хориш мийиғида кулди; ўзидан қаноатланди; суҳбатдошига илтифот кўрсатди ва энди муддаога кўчса бўлади. Садун эса гарчи гап мавзуси қайси томонга сирғалиб бораётганини англаб турса ҳам, ўзини билмаганга олди.
– Менга керагидан ортиқча баҳо бериб юбордингиз, муҳтарам Хориш! – деди у. – Сиз билан қиёслаганда мен кимман? Наҳотки, ўзимни сизга тенглаштира олсам! Мен жумбоқларни китоблар, таҳлил ва тадқиқот, илм йўли билан очаман. Сиз эса куч ва жасорат билан натижага эришасиз.
Хоришга мақтов хуш ёқди.
– Албатта, мен ҳали нималаргадир қодирман! – дея маъноли жилмайиб қўйди у. – Қарияпман, биламан, лекин борган сари сизни топиш мушкуллашиб боряпти, ўзи яшар манзилингиз қаерда?
– Кексаликнинг бунга алоқаси йўқ, – эътироз билдирди Садун. – Бунинг барчасига алкимё сабаб. Астрологияни майли айтмай қўя қолай, аммо алкимё жуда кўп вақтимни олади ва ёлғизликни талаб қилади. Мутлақ озод бўлиш учун ҳаттоки, энг яқин кишиларимдан ҳам узоқлашганман. Биз ҳозир шу қадар йироқлашганмизки, ҳатто улар яшаш манзилимни ҳам билишмайди. Агар сиз улардан мен ҳақимда сўраб-суриштирадиган бўлсангиз, бир сўз демай, мендан воз кечиб қўя қоладилар.
Хориш гап айланиб Садуннинг машғулотига бориб тақалганидан хурсанд бўлди. Демак, энди ундан бир парча миснинг тақдири нима кечгани ҳақида сўраса бўлади.
– Ҳа, сиз фаннинг турли соҳалари билан шу қадар машғулсизки, ҳатто дўстингизни унутиб юбордингиз, – гина қилди Хориш.
– Бўлмаган гап! – унинг гапини шарт бўлди Садун. – Мен ўз хўжасини унутадиган субутсизлардан эмасман. Қолаверса, сизга хушхабарим бор: камина сиз менга берган бир парча мисни олтинга айлантиришга муваффақ бўлдим. Бу камёб ҳодиса, аммо жуда қизиқарли.
Бу сўздан Хоришнинг юраги гупиллаб уриб кетди. Зеро, у Садунга берган мис парчаси жуда салмоқли ҳажмга эга эди. Агар аллома уни олтинга айлантирган бўлса, Хориш унга яна бир бўлак мис бериши мумкин, қарабсизки, ҳадемай у жуда катта бойликка эга бўлади. Шундан сўрамасликка сабри чидамади:
– Наҳотки! Сиз мисни олтинга айлантиришга муваффақ бўлдингизми? Ростми шу? – кетма-кет саволга тутди уни. Садун маъноли жилмайиб сафар халтасига қўлини суқиб, ундан бир бўлак соф олтин қуймасини олди.
– Ҳа, хўжам! Мана, синов учун тайёрлаганим. Қолгани ҳам тайёр бўлиши билан сизга топшираман.
Садун олтинни Хоришга тутқаза туриб шивирлади:
– Ўйлайманки, буни ошкор қилмаслик кераклигини таъкидлашим шарт бўлмаса керак. Мен хоҳламасдимки... Умуман олганда, ўзингиз биласиз, махфийлик қанчалик муҳимлигини.
Хориш қуймани яхшироқ кўздан кечириш мақсадида чироқнинг шуъласига тутиб кўрди. Шубҳасиз, бу олтин эди. Шундай бўлса ҳам юрагида ҳадик уйғонди. Алданиб қолишдан чўчиди. Ҳамма ёқда алдамчилик, товламачилик авж олган замонда эҳтиёткорлик муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, ахлоқий таназзул ва ўзаро зиддиятлар авж олган ҳозирги даврнинг бош талаби ҳам шу – огоҳлик! Буни боғдодликлар орасида Хоришчалик теран ҳис этадиган бошқа бир одам бўлмаса керак. Чунки у ўз фаолияти давомида не-не воқеаларнинг гувоҳи бўлмади дейсиз...
У олтинни кафтида тутиб, оғирлигини чамалашга уринди. Хоришнинг ҳали ҳам иккиланаётганини сезган Садун зардали оҳангда деди:
– Шубҳага ўрин йўқ, хўжам! Агар хоҳласангиз олтинни эртага бозорга обчиқинг. Тилла билан савдо қилувчилар дарҳол баҳосини беради: ҳам шубҳангиз тарқайди, ҳам каминага бўлган гумонингиз арийди. Мен сизнинг бу каби муносабатингиздан ранжимайман, тўғриси, ҳозир одамлар шартнома шартларига амал қилмай қўйяптилар, қолаверса, алкимёга ҳам ишонмайдилар. Ҳатто ишонадиганлари ҳам илмнинг орқасидан бойиш мумкинлигигагина эътибор берадилар. Фаннинг ўзи илм сифатида уларни заррача қизиқтирмайди.
Садуннинг шама қилиб айтган гапларидан Хориш ҳушёр тортди. У башоратчига ишонди, ҳурмати ошди. Йўл қўйган хатосини тузатиш учун ўзини ўзи оқлашга тутинди:
– Сизга ишончсизлик билан қарашдан Худонинг Ўзи асрасин! Илм бобида ҳам сизнинг тенгингиз йўқ. Сиз туфайли қанчадан-қанча сирларни, қаначадан-қанча фитналарни фош қилмадим ахир. Мен бундан буён сизни жонажон укам дейман, ҳатто укамдан ҳам ортиқ бир одамимга айланасиз!
– Қандай қилиб шаккок одам мусулмоннинг укаси бўлиши мумкин, наҳотки, бунинг иложи бор? – айёрона табассум қилди Садун. – Буни қандай ҳазм қиласиз?
Садун қўлидаги матони ўраб, қопига солиб қўйди.
Унинг охирги сўзларини Хориш ҳазил деб қабул қилди.
– Агар юлдузларга сиғинадиганларнинг бариси сиз сингари бўладиган бўлса, уларнинг барчаси менинг ини-оғаларимдир! – деди у ҳаяжон ичра. – Юлдузшунослик фанига асос солган қавмни ардоқлайман ва…
Узоқдан қулоққа чалинган аллақандай товуш сўзини бўлди.
– Хабарчи тулпорларнинг анжомлари шалдираяпти.
Садун қопнинг оғзини маҳкам боғлаб, қўлтиғига тиқди-да, ўрнидан қўзғалди.
– Бу чопар Хуросондан келяпти, – ишонч билан сўзлади у. – Муҳим хабар олиб келяпти… Суворийни қарши олайлик деб ўрнимдан турдим.
Хориш унга яна бир бор қойил қолди: «Ҳамма нарсани олдиндан билади!» Кейин ўйлади: «Қизиқ, агар у ҳақ бўлса, хуросонлик суворий қанақа муҳим хабар олиб келяптийкин?»
У ҳам ўрнидан туриб, дубулғасини тўғрилаб, қиличини тартибга келтирди.
– Хабарчи отларнинг товуши киши кўнглига ғулғула солади, деб тўғри айтишган экан, – луқма ташлади Хориш, сўнг: «Юракка қўрқув ҳам солади!» деб қўшиб қўйди у. – Чиқиб қарай-чи, суворийдан бирор-бир янгилик эшитарман.
У ошиғич дарвоза томон қадам ташлади, Садун эса бамайлихотир унинг орқасидан йўрғалади.
Ҳали дарвоза остонасига етмай туриб, Хориш хабарчи суворийнинг оти келиб дарвоза олдида тўхтаганини кўрди. Унда чакмонига ўралиб олган суворий, қалин қилиб ўралган белбоғини маҳкам чангаллаганча ўтирарди. Отнинг ҳар икки ёнидан буғ чиқиб турарди. Бу унинг тинимсиз йўл босиб келганидан, тўғрироғи, йўл бўйи чопиб келганидан далолат: отнинг сағринидан тер томчилари думалар, оғзидан кўпик парчалари ерга узилиб тушмоқда эди.
– Эй, Симон, тезроқ менга сув олиб чиқ! – товушини баралла қўйиб, шаробфурушга амр қилди у.
V БОБ
МУҲИМ ХАБАР
Симон чўмичга сув қуйиб, суворийга тутди. Аммо ҳарқанча чанқаб турганига қарамай, у сувни ичмади. Кўзи ўзи томон яқинлашиб келаётган Хоришга тушиб, безовталаниб қолди. Ошиғич бориб унинг қўлини ўпди. Аммо Хориш уни дарров гапга солмади, аввало, чанқоғини қондириши лозимлигига ишора қилди. Чопар мириқиб сув симирди, бўшаган идишни Симонга қайтаргач, Хоришни четга тортиб, қулоғига нималардир деди. У ҳам деярли шивирлаб чопардан ниманидир сўради. Садун боғ эшиги олдида турар, бўлиб ўтаётган гап-сўзлар унгача етиб бормаётганди. Аммо Хоришнинг юз ифодаси бирдан ўзгариб кетганини кўриб, англадики, Хуросондан келган хабар – катта аҳамиятга молик.
Хориш билан чопарнинг суҳбати қисқа муддатли бўлди. Шундан кейин чопар тезгина хайрлашиб, отига ўтирди-да, қамчи босди. Ҳадемай у кўздан ғойиб бўлди. Суворийнинг отга аёвсиз қамчи босиши Садуннинг фикрини тасдиқлади. Хабар жуда катта янгилик бўлишидан дарак бермоқда эди. Садун боғ томон юрганди, Хоришнинг шу ёққа келаётганини кўриб тўхтади. Жангарилар сардорининг юзида билинар-билинмас табассум нуқсини илғаш мумкин эди. Башоратчининг ақли вазиятни тўғри баҳолашга кўмак бермоқда эди: «Турган гапки, ҳозиргина чопар олиб келган хабар халифа ар-Рашид билан алқадор. У эса дарди оғир бўлишига қарамай, Хуросонга кетганди. Махфий манбалардан олинган маълумотларга қараганда, халифанинг дарди бедаво – бу дунёни тарк этиб кетишига саноқли кунлар, қолган эди. Шунинг учун ҳам хабарчи отнинг ташвишнок товушини эшитибоқ, хабар Хуросондан келаётганини ва у катта аҳамиятга молик эканини айтганди. Унинг хаёлидан, «Халифа бандаликни бажо келтирдимикин», деган ўй ҳам кечганди.
Энди эса Хоришнинг юзидаги ифода унинг фаразлари ҳақиқатга ёвуқ эканини тасдиқлаб турарди. Шунинг учун ҳам у Садунга деди:
– Ҳар умрнинг ўз муддати бор…
Башоратга ўхшаш бу сўзлар Хоришни лол қилиб қўйди. У Садуннинг тирсагидан тутиб, бир чеккага бошлади ва ҳаяжон ичра сўради:
– Сиз буни билармидингиз?! Қаердан?
– Ҳа, Худо раҳматига олган бўлсин, ар-Рашид сафарга чиққан кундаёқ унинг умр шами сўниб бораётганини билганман. Юлдузлар йўналиши шундан дарак берганди. Хорижда, Ватанидан йироқда жон таслим қилиш қисматида бор эди, – жавоб қилди Садун. – Аммо, англашимча, сиз халифанинг вафотидан хурсандсиз. Биламан, бу бежиз эмас: сиз ва сиз каби амалдорларнинг, шунингдек, аскарларнинг энди маоши ортади. Албатта, халифанинг вафоти ҳаммадан кўра сизга наф келтиради, сабаби, Ал-Амин халифалик тахтини эгаллагач, сиз янаям саройга яқинлашасиз. У сизни ўз ёнига олиши тайин.
Садун атай ўзини йўталганга олди, мана шу қусур фикрини охирига етказишига халал бергандек қилиб кўрсатди. Бироқ Хориш буни фаҳмламади, шундан сўради:
– Чопар менга иккинчи муҳим янгиликни айтмади. Гарчи менга садоқати қойим, хизматимга ҳозир бўлса ҳам чурқ этмади, фақат аҳамияти жиҳатидан аввалги хабардан муҳимлигини таъкидлади, холос. Ҳозирча бу ҳақда бир нима дея олмаслигини, аммо ҳадемай мен ундан хабар топишимга ишонишини айтиб, узр сўради.
– Албатта, эшитасиз, элга овоза қилишганда ҳамма билан баробар эшитасиз, – киноя қилди Садун, кейин аламдан юзини буриштирди. – Қани энди, шу топда башоратлар китобим бўлганидами! Ҳаммасини ҳозироқ билган бўлардим, аммо афсус!..
Садун тезроқ бу ерни тарк этиб, севимли машғулоти билан шуғулланиш истагида эди. Шундан хизматкорига отни ҳозирлаб, олиб келишини сўради. Хориш уни яна тўхтатди:
– Биламан, шошиб турибсиз, аммо сизда яна бир ишим бор.
– Сизнинг хоҳишингиз мен учун қонун! – таъзим бажо келтирди у. – Бироқ менда иккинчи махфий хабарнинг мазмунини билиш иштёқи ортиб боряпти – шошаётганим шундан.
– Сизни тушуниб турибман, аммо мени ҳам тушунинг. Биз сиз билан шу ерда учрашиб, обдан гаплашиб олишга келишгандик. Ҳозирча учрашдик, холос, ҳали ҳамма масала юзасидан гаплашиб олмадик. Қолаверса, ҳали асосий гапни айтишга улгурмадим. Билсангиз, махсус хизмат бошлиғи Али ибн Иса ибн Маҳан сиз билан танишмоқчи. Сиз ҳақингизда гапиргандим унга.
– Мис ҳақида гапирмагандирсиз ҳарнечук? Алкимё билан шуғулланишим ҳақида билмаса керак? – безовталиги ошди Садуннинг.
– Албатта, бу фақат иккимиз биладиган сир-ку! – қиличининг қинидаги боғични ўйнаб жавоб қилди Хориш. – Мен бор-йўғи сизнинг башорат бобида ва юлдузшуносликда маҳоратли эканингиз ҳақида айтганман. У мана шу масалаларда сизга қизиқиб қолди, учрашмоқчи эканини айтиб, сизни бошлаб боришни менга топширди. Ўйлайманки, у хизматларингизни қуруқ қўймайди. Ахир кимсан, Боғдод махсус хизматининг саркори! Ваколати жуда кенг унинг! Айниқса, энди, ар-Рашиднинг вафотидан кейин таъсир доираси янаям кенгаяди. Амир уни ғоят қадрлайди, ҳар бир масалада унга таянади. Бу менга ҳам маъқул, ҳарқалай шу йўл билан хизматларингизни муносиб тақдирлаган бўламан.
Садун жавоб беришга шошилмади, соқолини силаб, таёғи билан бир муддат ер чизиб турди.
– Рухсат берсангиз ҳозир кетай, – деди у ниҳоят тилга кириб, – кечки пайт хоҳласангиз сизга жавоб билан келаман.
– Майли, келишга ваъда бердингиз, ҳозир кетаверинг, – рози бўлди Хориш. – Тун оққанда келсангиз Ҳарбиядаги жангарилар маконида бўламан. У жойни биласиз. Ўша ердан тўғри Ибн Маҳанникига йўл оламиз, у уйғоқ бўлади шубҳасиз. Умуман, халифанинг вафоти ҳақидаги хабардан сўнг унинг маҳкамасидагилар бу яқин орада мижжа қоқмасалар керак. Бу воқеалар жуда катта ислоҳотларга дебоча бўладигандек назаримда. Янгиланишлар бизнинг манфаатларимизга мувофиқ келади, деб умид қиламан.
Шу сўзларни айтиб, Садунга хайрлашиш учун қўл узатди. Хизматкори унга кичикроқ бир сандиқча, қўл таёғи ва ёпинчиғини келтириб берди. Хориш хизматкорига бу жойнинг хўжайини билан ҳам ҳисоб-китоб қилиш топшириғни берганди, у Симоннинг қўлига дирҳамлар билан лиқ тўла хийла кичикроқ бир ҳамённи тутқазди. Симон миннатдоричлик юзасидан жангарилар сардорниниг қўлин ўпмоқчи эди, Хориш уни ўзига яқинлаштирмади.
– Қани, менга айт-чи, биродар, – дея Симонга гап қотди Садун, – Хориш бу кеч сенинг боғингда бўлдими?
– Йўқ, афандим! – деди меҳмонхона соҳиби, Садун бу учрашув ҳақида ҳеч ким ҳеч нима билмаслигига шама қилаётганини фаҳмлаб. – На у ва на Садун бу ерда бўлгани йўқ, хотиржам бўлинг!
Хориш у томон ўгирилиб, хахолаб кулди:
– Сиз бораверинг, мен кейинроқ йўлга чиқаман, – деди Хоришга, – токи учрашганимизни ҳеч ким билмасин.
– Назаримда, сиз керагидан ортиқ эҳтиёткорлик қиляпсиз, – таажжуб маъносида елка қисди Хориш. – Ваҳоланки, биз ғайриқонуний бир иш қилганимиз йўқ. Ва умуман, учрашиш учун шаҳар ташқарисига чиқишимиз шартми?
– Алкимё билан шуғулланишимни яна кимдир билишини хоҳламайман, – овозини бир парда пастлаб изоҳ берди Садун. – Шаҳарда учрашиш хатарли: унда ҳар бир деворнинг қулоғи бор, ҳар бир кўчанинг тили. Шундай экан, мени маъзур тутинг!
– Хўп, майли, сиз айтганча бўла қолсин! – деди Хориш, кейин отини юргизиб, хизматкори билан Хуросон йўлидан ғарбга томон, кўприкка қараб кетди. Ундан у ёғи жанубий-ғарб томонда жойлашган Ҳарбия қўналғасига от суришди. Садун эса уларнинг кетганига тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, сакраб отига ўтирди-да, шитоб билан жанубий-шарқ томонга, Муҳаррам масжиди ортидан кўриниб турган Маъмун саройи томон от қамчилатди.
VI БОБ
МАЪМУН САРОЙИ
Бу сарой Боғдод шаҳрининг жанубий-шарқ томонида жойлашган бўлиб, у валиаҳд Аминнинг қароргоҳидан салобатли кўринарди. Муқаддам Ҳорун ар-Рашиднинг вазири Жаъфар Бармоқийга тегишли бўлиб, Жаъфар саройи деб аталган. Унинг қурилиши билан боғлиқ бир тарих бор. Бундан аввалги «Ҳорун ар-Рашиднинг синглиси ёхуд Бармоқийлар таназзули» деб номланган асаримиздан сизга маълумки, Жаъфар ичкилик ва кўнгилхушликка муккасидан кетган киши эди. Отаси Яҳё жуда оқил киши бўлиб, ўғлининг хурмача қилиқларидан хавотирланар, ўғли бир кунмас-бир кун ўзини ўзи шарманда қилишидан чўчиб, юрак ҳовучлаб юраркан. Уни ҳидоятга бошламоқчи бўлган, ўғли қулоқ солмаган; одамлар орасида узунқулоқ гаплар тарқалишига йўл қўймаслигини ўтиниб сўраган, бироқ Жаъфар бунга ҳам эътибор бермаган. Шунда Яҳё ўғлининг ўжарлигини юмшатиш мақсадида шундай таклиф киритган: «Модомики, ўзингни ожиз томонларингни ошкор қилмасликка чорасиз экансан, Боғдоднинг Шарқидаги аҳолиси сийрак ҳудудида ўзинг учун битта қаср қургин, – деб маслаҳат беради. – Ўша ерда дўстларинг, созандаю раққосаларингни тўплаб, истаганингча кўнгилхушлик қилаверасан. Шояд шунда сенинг қилиқларингдан озурда бўлаётган одамларнинг назаридан йироқ бўлсанг!»
Жаъфарга бу таклиф хуш ёққан. Шаҳарнинг шарқий ҳудудида қаср қуриш учун топшириқ берган. Унинг қурилишига каттагина маблағ киритган. Ниҳоят сарой қурилиши тугаб, ҳамма нарса тайёр бўлгач, Жаъфар бир қатор дўсту биродарларини чорлаб, зиёфат беради. Меҳмонлар орасида Мунис ибн Умран исмли Жаъфарнинг садоқатли, оқил бир дўсти ҳам бўлган. Меҳмонлар сарой ичини юриб роса томоша қилишади, ҳайратларини яшира олмай Жаъфарнинг шаънига мақтовлар ёғдиришади. Ҳамма гапириб бўлгач, Жаъфар бир четда жимгина турган Мунисга сўз қотади:
– Нега сен ҳеч нима демаяпсан? Ёки айтадиган гапинг йўқми?
– Айтиладиган гаплар айтиб бўлинди назаримда, – қуруққина қилиб жавоб берибди Мунис Умран.
Жаъфар англабдики, дўсти нимадир демоқчи-ю, аммо айтмаяпти.
– «Чайнаганим гумон, ютганим ўзимники», деган мақолни эшитганмисан? – зардали оҳангда гапира бошлабди Жаъфар. – Башарти, айтилган гапларни эшитдим, битта айтилмагани қолди – сендан эшитмоқчиман.
– Агар шуни хоҳласанг, майли, айтсам айтақолай!
– Гапир, фақат чўзма!
– Фараз қил, қўл остингда ишлайдиган бир кишининг уйига бординг-у, унинг иморати сеникидан зўр эканини кўрдинг, нима қилган бўлардинг?
Жаъфар нимага шама қилинганини дарҳол тушунди. Ҳақиқатан ҳам, унинг қўл остидаги бир амалдорнинг қасри Боғдодда яккаю ягона экани ҳақидаги гаплар саройга етиб борса, Ҳорун ар-Рашиднинг ғурури зада бўлади.
– Сени тушундим, – маъюсланди Жаъфар. – Нима қил дейсан?
– Мўминлар амирининг ҳузурига боришингни таклиф қиламан. Сарой ҳақида турган гапки, ҳалитдан унга хабар етиб борган. Сен эса буни унинг ўғли, Маъмунга атаб қурдирганингни айт, ишонтир!
Куннинг қолган ярмини вазир саройда, дўсти Умраннинг таклифи устида бош қотириш билан ўтказади. Ахийри бир қарорга келди, эртаси куни абадият қасрига йўл олди. Ҳорун вазирнинг салобатли сарой қурдиргани ҳақида эшитиб улгурган, гап ташувчи одамлар бу борада фаолликларини исботлаб қўйган эдилар. Қолаверса, иншоотнинг бетакрорлиги ва Боғдодда унинг олдига тушадиган бошқа бир бино йўқлигидан ҳам хабардор қилган эдилар.
– Қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг, – сўради Ар-Рашид. Нега шу пайтгача қорангни кўрсатмадинг? Нима ишлар билан банд эдинг?
– Мен бир ҳашаматли сарой қурилишига бош-қош бўлиб тургандим. Уни шаҳзодамиз Маъмун учун бунёд эттирдим. Бу сарой шаҳар чеккасида, Дажла дарёси бўйида – бориб бир кўрсангиз дегандим, – деди у мўминлар амирига жавобан.
– Маъмунга атаб, дейсанми? – ҳайрон бўлди у.
– Шундай, ҳазрати олийлари! Бу отамнинг талаби. Илло, шаҳзода дунёга келган кун, уни аввал менинг тиззамга қўйишган экан. Кейин сизга олиб боришган. Шунинг учун отам ҳамиша қулоғимга бир гапни – шаҳзодага садоқат билан хизмат қилиш бурчим эканини қуйиб келди. Шу муносабат билан мен унга атаб мана шу саройни барпо эттирдим. У баҳаво жойда қад ростлаган. Истардимки, шаҳзода ўша саройда ғам-ғуссадан холи, мусаффо ҳаводан нафас олиб, жисмонан бақувват бўлиб ўсса. Фақат саройнинг ички безак ишларига айрим нарсалар етишмай қолди. Рухсат берсангиз уни салтанат ғазнасидан олсак, дегандим. Қарз тарзида берилса ҳам майли, инъом сифатида бўлса ҳам...
Ар-Рашид унинг самимийлигига ишонди. Юрагига ботиб ётган тош юмшади.
– Инъом тариқасида, фақат инъом тариқасида! – деди у эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб. Кейин: «Бундан буён сен ҳақингда бирор-бир киши бўлмағур сўз айтишига йўл қўймайман. Фақат мақтов сўзлар эшитишга умидворман. Сарой эса ўзингга насиб этсин, Аллоҳга қасамки, унда сен ва сенинг авлодларинг яшайдилар. Қанақа кемтик қолган бўлса, буюраман, хазина ҳисобидан тўлдирилади.
Ар-Рашиднинг кўнглини хижил қилган шубҳа ва гумонлар шу тариқа ариди. Сарой Жаъфарнинг ўзига насиб қилди. Тўғрироғи, ар-Рашид уни, соҳиби билан бирга тўлиқ ўзига бўйсундирди. Шундан сўнг вазир ўзининг номи билан аталгувчи мана шу саройда бир неча кун мобайнида кўнгилхушлик қилди.
Ҳижрий 187 йил, ар-Рашид Бармоқийларни қаттиқ жазога тортиб, уларнинг мол-мулкларини давлат ҳисобига мусодара қилдирган пайт бу сарой ҳам кичик валиаҳд Маъмун ихтиёрига ўтди. Ўша пайтлари шаҳзода ҳали жуда ёш бола эди. Унга сарой жуда маъқул келди. Бўш вақтларини, дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун мана шу жойга келарди. У аста-секин уни кенгайтириш ҳаракатига тушди. Ёш валиаҳд қуруқликдаги ерлар ҳисобидан унга катта бир майдонликни қўшиб олди. Унда от пойгаси ва чавгон ўйнайдиган жой ҳозирлатди. Сарой яқинида темир панжаралардан тикланган уйчалар бўлиб, уларда шер ва бошқа йиртқич ҳайвонлар сақланар эди.
Шунингдек, Маъмун саройнинг шарқий томон деворидан янги дарвоза очишга амр қилди. У қуруқликдан кириладиган асосий йўл вазифасини ўтайдиган бўлди. Бундан ташқари, у сарой ҳовлисига бу ердан унча узоқ бўлмаган дарёдан ариқ торттирди ва сув таъминотини йўлга қўйди.
Кўп ўтмай сарой атрофи Маъмунга яқин бўлган кишиларга тегишли уй-жойлар билан ўралди. Ўша вақтдан бошлаб бу сарой «Маъмун саройи», атрофидаги ерлар билан бирга Маъмуния – Маъмуннинг мулки сифатида атала бошлади. Ҳозир ҳам Боғдодда баайни шу ном билан аталадиган кўча сақланиб қолган. Юқоридагиларга қўшимча тарзида айтишим мумкинки, «Маъмун саройи» билан боғлиқ жуда кўп тарихий воқеалар мавжуд.
VII БОБ
ФАЗЛ ИБН САҲЛ
Ҳижрий 192 йилга қадар мазкур саройда истиқомат қилган валиаҳд шаҳзода Маъмун ўз вазири ал-Фазл ва унинг укаси Ҳасан ибн Саҳлни ҳам жойлаштирган эди (ҳар иккиси салтанат ва сарой тарихида муҳим ўрин тутади).
Мавороуннаҳрда ар-Рашид ҳокимиятига қарши кўтарилган қўзғолонни бостириш ва унинг бошида турган Рафи ибн Лайсни жазолаш учун мўминлар амирининг ўзи ҳарбий қўшин тортиб борадиган бўлди. Маҳаллий ҳукмдорлар ва лашкарбошилар унга бас кела олмаётган экан, ўзи шахсан бориб, тартиб ўрнатишга аҳд қилди. У ўзининг ўрнига Боғдодда тўнғич ўғли Аминни қолдирди. Кичиги Маъмунга ҳам пойтахтни тарк этмаслик шарти қўйилди. Бундан аввалроқ ар-Рашид ўзининг вафотидан сўнг Маъмунга Хуросон валийлигини васият қилган эди. Токи бутун ҳокимият унинг қўл остига ўтгунга қадар у Хуросонни бошқариб туриши лозим эди. Бу эса фақат бир ҳолда – Амин вофот этсагина рўёбга чиқиши мумкин эди.
Маъмуннинг вазири ал-Фазл ибн Саҳл, асли форсий, келиб чиқиши Сарахс деган жойдан эди. Ҳокимиятга ташна, жуда кўп форсийлар каби юрагининг қатида халифа ар-Рашидга нисбатан интиқом ҳиссини сақлаб келарди. У ҳам бошқа ватандошлари каби Жаъфар Бармоқийни ҳийла-найранг билан ўлдирилганини кечира олмасди. Фазл ибн Саҳл ва унинг издошлари энди ал-Маъмунга умид кўзи билан қараб келишарди. Унинг онаси форсийлардан бўлиб, узоқ йиллар Жаъфарнинг ҳомийлиги остида таълим-тарбия олган, валинеъмати эътиқод қўйган мазҳабга нисбатан садоқат ҳиссини ўзига сингдирган эди. Фазл ибн Саҳлга Жаъфарнинг отаси Яҳёнинг ўзи ишонч билдириб, уни ал-Маъмун хизматига қўйганди. Фазл – оташпараст эди. Ҳокимият учун кураш ундан эътиқодини ўзгартиришни талаб этганида ҳеч иккиланмай исломни қабул қилди. Унда қавмининг ҳар соҳада устунлигини таъминлаш иштиёқи кучли эди. Маъмун вазирини юксак қадрлар ва жуда кўп масалаларда унга орқа қиларди.
Оғир бетоб бўлишига қарамай, ар-Рашиднинг сафарга отлангани ҳақидаги хабар қулоғига етгани ҳамоноқ унинг безовталиги ошди: «Маъмун Боғдодда қоларкан, вазият қалтис!»
Шундан дарҳол бориб шаҳзода Маъмунга ичидагини тўкиб солди. Ҳақиқатан ҳам, ташвишланганича бор: мабодо сафарда ар-Рашиднинг жони узилгудек бўлса, шаҳзодага биргина Хуросон насиб этарди. Муҳаммад Амин эса тахтга ўтиради, укасини ҳокимиятдан четлатиш учун қўлидан келган чорани қўллайди. Сабаби, у Зубайданинг боласи, тоғалари эса ҳошимийлар авлодидан. Зубайдадан ҳар балони кутса бўлади, шунинг учун Маъмун отаси билан сафарга отлангани маъқул.
Вазирнинг ундови билан шаҳзода Маъмун мўминлар амирига шу масалада сўз очган эди, ар-Рашид уни дастлаб рад қилди. Бир оздан сўнг, нималарнидир мушоҳада қилган бўлди-да, бу таклифга хайрихоҳлик билдирди. Маъмунга сафар давомида вазири Фазл ибн Саҳл ва унинг кичик укаси Ҳасан ҳамроҳлик қиладиган бўлишди.
Саройда фақат иш юритувчилар, хизматкорлар ва қуллар қолишди. Уларни бошқариб туриш вазифасини Маъмун ишончли бир кишига топширди. Уни хўжалик ишларини тартибли ташкил этиш ва сарф-харажатларни назорат қилиб боришга масъул этиб тайинлади.
Саройнинг дарёга қараган томони жуда гўзал, гирдо-гирд улкан дераза ва ойнаванд тўсинлар билан безатилганди; ички безаклари ҳам кишининг эътиборини жалб этмай қолмасди: сатҳида зар ипакдан тўқилган гиламлар тўшалган, ҳар жой-ҳар жойда парқу ёстиқлар тартиб билан тахлаб қўйилганди; эшик ва ромлар тепасига узоқ ўлкалардан олиб келинган қимматбаҳо матолардан тикилган парда ва ёпинчиқлар осилганди. Бунда ҳар бир нарса, айтиш жоизки, ҳар ким шу муҳташам саройнинг жиҳози, шу муҳташам манзаранинг бир бўлаги саналарди. Ходимлар, оқсочлар, қуллар – уларнинг неча нафар бўлиши кераклигини ҳам саройнинг нақадар ҳашаматли эканини белгиларди.
Дажла дарёси томондан сарой деворига баланд, саҳнига мармар ётқизилган, бир томони дарё соҳилига, иккинчи томони саройнинг ғарбий тарафини тўсиб тургувчи деворга келиб тақалган майдонча барпо этилганди. Саройга меҳмон бўлиб келган кишилар икки томони мармар устунчалар билан безатилган кенг зиналардан кўтарилиб, майдончага чиқишар, шу ерда туриб Дажла узра ястанган бетакрор манзарани томоша қилишарди. Бу ердаги бунёдкорлик ишларида форс меъморчилик анъаналари кўзга ташланар, кишида бу нарсалар аввал қайсидир эрон шоҳининг саройини безаган, деган тасаввур уйғотарди. Ундан саройнинг ойнаванд, кенг гардишли, остига гиламлар тўшалган бўлмасига ўтиларди. Девор бўйлаб чайқалиб турадиган курси ва ўриндиқлар қўйилган; меҳмонлар ўзларини дарёда гоҳо кўтарилиб, гоҳо пастга сирғалаётган қайиқда ўтиргандек ҳис этишлари учун шароит қилинганди.
Отаси билан сафарга отланган Маъмун ҳали ўн иккига тўлмаган, халифа бобоси Умму Ҳабиба деб эркалайдиган қизи – Зайнабни саройда қолдирди. Унга отасидан ақли расолик, ўқиш ва ўрганишга иштиёқ, зеҳн сингари фазилатлар юққан бўлса, бобоси ар-Рашиддан ҳошимийлар хонадонига садоқат ҳисси ўтганди. Ёш бўлишига қарамай, у қатъиятли ва ўз қарашларига эга экани билан ажралиб турарди. Отаси унинг ҳошимийлар хонадонига бўлган садоқатини унчалик ҳам ёқламасди. Аксинча, она қавмига бўлган қизиқишини ўстириш пайида бўларди. Шу муносабат билан у қизининг тарбиясини Данонир деган мураббияга, бир пайтлари ўзини тарбият этган аёлга топширди.
Данонир, эрксиз аёл – Бармоқийлар хонадонига тегишли қуллардан бири эди. Бу хонадон юксак мартаба тутган кезлари вазир Жаъфар ўзининг васийлигида бўлган Маъмунни Данонирнинг тарбиясига бериб, шаҳзодада форс маданияти ва анъаналарига муҳаббат туйғусини уйғотиш вазифасини қўйганди. Маъмун унинг тарбиясини олиб улғайди. Ўсмирлик чоғлари, ўт-олов ёшлик даврларида ҳам мураббиясини беҳад ҳурмат қилар ва унинг айтганларига қулоқ тутарди. Кейинчалик Маъмун уни ўз саройига олиб кетди ва хизматкорлари сафига қўшди. Эндигина дунёга келган қизи Зайнабнинг парваришига уни масъул этиб тайинлади. Зайнаб улғая боргани сари отаси Данонирнинг зиммасига уни форс оламига муҳаббат руҳида тарбиялаш мажбуриятини юклади. Мураббия бор билим ва тажрибасини ишга солиб, жонбозлик кўрсатар, Маъмундан қўрққанидан эмас, балки топширилган вазифани виждонан адо этишга бурчли эканидан тиришарди.
Ар-Рашид мана шу набирасини бағоят яхши кўрарди, уни эркалаб Умму Ҳабиба деб чақирарди. Вақти-вақти билан қошига чорлаб, у билан бирпас ўйнар, қимматбаҳо тақинчоқлар ҳадя қилиб, кузатарди. Баъзида у оиланинг катта кишилари тўпланадиган йиғинларда иштирок этарди. Бундай чоғ у халифанинг завжаси – Зубайданинг ёнида, ҳошимийлар хонадонига мансуб эканидан ғурурланиб ўтирарди. Зотан, у мудом, ҳошимийлар хонадонининг улуғворлиги тилдан тушмайдиган доирада ўсар, мурғаккина қалби шу каби тушунчаларни симириб борарди. Унинг қалби ҳошимийлар хонадонига бўлган ҳурмат ва эҳтиром билан шу қадар зийнатланган эдики, Данонир ҳар қанча уринмасин, унинг кўнглида мустаҳкамланган эътиқодни бошқа бир ўзанга бура олмади. Шунинг баробарида, Зайнаб ўз энагасини ёқтирар, уни тинглар, болалик дунёсига нотаниш бўлган мавзуларда унинг билан очиқ-ошкора суҳбатлашишни яхши кўрарди.
VIII БОБ
УММУ ҲАБИБА ВА ДАНОНИР
Зайнаб ўзининг ёшига нисбатан улғайганроқ кўринарди. Унинг нафис чеҳраси чақнаб тургувчи кўзлари билан янада чирой очиб турарди. Бежирим бурни, қип-қизил дўндиқ лаблари табиатан нима вазифани бажарса бажаргандир, аммо рамзан унинг гўзаллигини янада оширишга хизмат қиларди. Жағи бир оз олдга бўртиб туриши қатъий феъл эканидан, тимқора кўзларидан чақнаб турган шуъла шууридан таралаётга нурнинг иниъкоси эканидан далолат эди. Данонир уни қаттиққўллик билан одмиликка ошуфта этиб тарбиялади. Ўша пайтлари олиймақом оилалар ичида урф бўлган айрим намойишкорликлардан: дабдаба ва ҳашамга ўчлик; ялтироқ либосларга мойиллик сингари бефойда одатлардан уни асрарди. Зайнаб баъзида куни бўйи оддийгина бир ёпинчиқда, сочларини ортига ташлаганча юрарди. Кимларгадир кўз-кўз қилиш мақсадида ҳадеб либос алмаштиришдек манманликдан йироқ эди. Шу ўринда Данонир ҳақида икки оғиз сўз.
Чеҳраси ёқимтой, оқ юзли бу аёл Яҳё ибн Холид Бармоқий хонадонига ҳали болалигидаёқ келиб қолганди. Унинг отаси басралик бўлган. Шеъриятга ошнолик, илмга ошуфталик унга отасидан ўтган. Худди мана шу фазилатлари билан ҳам Яҳёнинг назарига тушганди. Шу ўринда ўқувчиларимизга эслатмоқчимиз: бу қизни бошқа бир Данонир – ширали овози билан қўшиқчи сифатида ном чиқарган, чиройли шеърлар айтиб, кўпларнинг эътиборига сазовор бўлган адаши билан адаштирмасликларини истардик. Бизнинг Данонир илмга иштиёқманд қиз эди...
Шу ўринда яна бир гап: Яҳё хонадонида бошқа барча Бармоқийларда бўлгани каби кечки йиғинлар адабиёт ва илм соҳасида кечадиган қизғин баҳс-мунозаралар, мулоқотлар асносида кечарди. Зотан, Аббосийлар салтанат тутган даврда айнан шу хонадон вакиллари илм-фан ҳомийси бўлиб танилганлар.
Яҳё Птоломейнинг «Алмагест» асарини араб тилига таржима қилиш мақсадида энг моҳир мутаржимларни тўплаб, шу ишни ташкил этганида, Данонирни тез-тез уларнинг орасида учратар, самовий жисмлар ҳақидаги мулоқотларни чанқоқлик билан тинглаб турганига гувоҳ бўларди. Бошқа асира қизлар унинг устидан кулишар: маъноси фақат олиму фузалоларгагина маълум бўлган бу чигал фанлар орасида нима сабаб ивирсиб юрганига ҳайрон бўлишарди. «Сал «анақароқми?» деб бир-бирлари билан шивирлашишарди.
Фалсафа ўша кез араблар учун янги бир таълимот эди. Улар қадим дунё файласуфларининг бу борада қўлга киритган салмоқли натижаларидан ҳали бехабар эдилар. Айтиш жоизки, таржима ишлари ҳали у даражада равнақ топмаганди. Халифалар Мансур, Маҳди ва ар-Рашид ҳукмронлиги даврида бор-йўғи астраномияга оид битта, тиббиётга тааллуқли бир нечта рисолалар араб тилига ўгирилган эди, холос.
Данонирнинг мана шу муҳитда фалсафага бўлган қизиқиши ва билим бисоти ортиб боради. Яҳё хонадони унинг учун катта мактаб бўлиб хизмат қилади. Ҳадемай Данонир Бармоқийлар хонадони хизматкорлари орасида оқила ва зеҳнли қиз сифтида мавқе тута бошлади.
Жаъфар вазир ишонч билан уни Маъмуннинг тарбиясига масъул этиши ҳам шундан эди. У шаҳзода билан кундалик машғулотлар чоғи турфа хил мантиқли ўйинлар ўйлаб топар, уларнинг йўналиши илм ўрганишга қаратилган бўларди. Масалан, у папирус қоғозига ҳар хил фазовий ёки тиббий рамз ва белгиларни чизиб, шаҳзодадан уларни хотирасида сақлаб қолишни талаб этарди. Бола улғая боргани сари ўзи илмга интиладиган бўлиб борди. Унинг фанларга оид берадиган тизгинсиз саволларига Данонир ҳеч иккиланмай, оғринмай жавоблар қайтаришга тиришарди. Шундан кейин унинг сабоқлари жиддий фанлар, мураккаб масалаларга томон ўсиб борарди. У шаҳзоданинг ёшига муносиб тарзда босқичма-босқич дарслар ўта бошларди. Бироқ буни мажбурият юзасидан қилмасди. Балки савоб учун, ўз вазифасини ўта яхши кўрганидан қиларди. Зотан, чанқаган кишига сув бермоқ ва унинг миннатдорлик сўзларини эшитиш қанчалар ёқимли бўлса, у ҳам шаҳзоданинг қалбига илм уруғларини сочишадан завқланар, экканлари қачондир ҳосил бериб, қувонч ҳиссинни туйишдан умидвор эди.
Данонирнинг жонбозликлари беҳуда кетмади. Кейинчалик шаҳзоданинг таълим-тарбияси билан махсус ёлланган муаллимлар шуғуллана бошлаганларида ҳам у турли хил ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги табиат қонуниятларини ўрганишга кучли иштиёқ пайдо қилди.
Маъмун ўзи ота бўлган кезлари ҳам Данонирни худди онасидек ҳурмат қиларди. У бўш вақтини деярли унинг билан кечадиган мулоқотлар оғушида ўтказарди. Бу суҳбат-мулоқотлар асносида у Данонирнинг оқила, билимдон аёл эканига бот-бот амин бўларди, ҳайрати ошарди. Қизи Зайнабнинг тарбиясини айнан унга топширгани ҳам, бу аёлга ўта ишонганидан ва у қизига рисоладагидек таълим-тарбия бера олишига имони комил эканидан эди.
«Олма, дарахтидан узоққа тушмайди», деб бежизга айтилмаган. Зайнаб ҳам отасига ўхшаб илмга иштиёқманд бўлиб камолга етди. Борлиқда кечаётган воқеа ва ҳодисаларнинг туб моҳиятини билиш, уларнинг орасидаги ўзаро боғлиқлик, бунинг сабаблари ҳақидаги билимларни ўзлаштириш жону дили эди. Шунинг учун ҳам Данонир Зайнабни бу каби сабоқларга қизиқтириш учун ортиқча вақт ҳам, куч ҳам сарфламади. Зайнаб онаси вафот этганида ҳали ёш эди. Шундан у энагасини она ўрнида кўрарди. Отасидан кўра Данонирга яқин эди. Доимо унинг ёнида бўлишга тиришарди. Сабаби Маъмун давлат ишларидан деярли бўшамас, қизига вақт ажрата олмасди.
Нафсиламбрини айтганда, ўша кезлари юқори қатлам вакиллари фарзандларининг тарбияси билан деярли шуғулланмас, бу иш билан асосан махсус танланган қуллар ёки ёлланган муаллим-мураббийлар шуғулланишарди.
Хуллас, Зайнаб фалсафанинг асосларини чуқур ўрганар ва дунёда кечаётган воқеаларнинг моҳиятини теран англашга уринарди. У ўйин-кулги, ўзининг тенгқурларига хос бўлган эрмаклардан воз кечиб, саройда бўлиб ўтадиган турли дабдабали тантаналарда деярли қатнашмасди. Зотан, бу каби тадбирларда ҳамма иштирок этарди: маросимларда ҳаттоки, қуллар ҳам, хизматкорлар ҳам мазза қилишарди. У бўлса Данонирнинг ёнидан жилмасди.
Улар биргаликда боққа гул узгани боришарди; катакдаги йиртқич ҳайвонларни бориб томоша қилишарди; қуллар бу ҳайвонларга хом гўшт бериб, қандай таомлантираётганларини кузатишарди.
Кўнгли ўйинга суст кетса, шахмат тахтасини ёйиб, мана шу тафаккур ўйини билан машғул бўларди. Бу ўйиннинг салтанатда урф бўлганига ҳали кўп бўлгани йўқ, уни ар-Рашид илк жорий қилганди. Данонир дарҳол уни ўрганиб олиб, Зайнаб билан ҳам гоҳ-гоҳи тош суришиб турарди. Баъзан улар саройнинг ғарбий дарвозаси томонга ўтишар, ойнавандли алоҳида бўлмада ўтириб, Дажла бўйлаб ҳаракатланаётган кемалар қатновини томоша қилиб ўтиришарди. Бу уларга завқ берарди, айниқса, мусиқачилар ва қўшиқчилар кетаётган қайиқлардан таралаётган наво ва оҳанглардан ғоятда завқланишарди.
