автордың кітабын онлайн тегін оқу Siyosatnoma
НИЗОМУЛМУЛК
СИЁСАТНОМА
(СИЯР УЛ-МУЛУК)
УЛУҒ ЗОТЛАР МЕҲРИ ТУШГАН
«ҚИЛИЧ ВА ҚАЛАМ СОҲИБИ»
Жаҳон маданиятининг бешикларидан бўлган Шарқ тарихи кўп воқеаларга шоҳид: саноқсиз жангу жадаллар натижаси ўлароқ салтанатлар алмашди, не-не буюк шоҳу саркардалар келиб кетдилар. Кимлардир ранжу аламлар чекса, кимлардир зафарлар нашидасидан масрур бўлиб, давру даврон сурди. Лекин фақат яхши ишлар, уларни амалга оширган улуғ зотларнинг табаррук номлари, шуларнинг барчасидан бизни воқиф этган азиз китобларгина боқий қолди. Маънавият ва билим хазинаси, чашмаси бўлган талайгина асарлар бугунги кунимизгача етиб келди.
Ана шундай хазина китоблар сирасида Низомулмулкнинг «Сиётсатнома» асари ҳам бор. Салжуқий шоҳларга 30 йил ҳалол вазирлик қилиб, ўз номини сўнмас шон-шуҳратга чулғаган Низомулмулк марказлашган кучли давлат учун кураш олиб бориш билан бирга бу борадаги ўз кузатувларини жамлаб, умумлаштирган ҳолда кўплаб амиру умаролар, давлат арбоблари, сиёсатчилар учун зарур қўлланма хизматини ўтаб келган ажойиб китоб яратди. Унда давлатни бошқаришдаги энг майда масалалардан тортиб, ғоят йирик ва муҳим муаммоларгача ҳаммасини ўзи яшаб турган даврга қадар тўпланган сиёсий тажрибадан келиб чиққан ҳолда атрофлича ёритиб берди.
Албатта, қувваи хотирага энг аввало шарқ ижтимоий тафаккури, маданияти маҳсули бўлган, ҳам муҳим амалий аҳамиятга, ҳам юксак бадиий қийматга эга бундай асарларни боболаримиз тўққиз асрлар муқаддам ярата олган эканлар, улар қуруқ жойда пайдо бўлмаган, деган фикр келади. Шундай асарлар қалам учидан тўкилиши учун шунга яраша шарт-шароит, ижтимоий онг ва тафаккур, маданият ва маънавият даражаси, энг муҳими, умумлаштиришга, хулоса чиқаришга арзигулик муайян амалий ижтимоий-сиёсий тажриба бўлмоғи зарур эди. Чиндан ҳам бугунги кунда юксак тараққиёти ҳақли равишда эътироф этиб келинаётган қитьа ва минтақаларнинг аксарияти ҳали уйқу оғушида бўлганида Шарқда, жумладан, бизнинг қадимий юртимизда давлатчилик бобида каттагина тажриба тўпланган эди.
Мусулмон Шарқида уйғониш даври ўз чўққисига чиқиб, кейинги тараққиёт босқичини Ғарбга узатди. Шарқдаги бу жараён умумжаҳон цивилизациясининг ўспиринлик ва балоғат даври эди.
Инсониятнинг шундан кейинги равнақи кўп жиҳатдан ўша даврдаги маънавий-сиёсий жўшқинликда муҳрлаб, белгилаб берилганди. Биз тарих ғилдираги босиб ўтган бу тараққиёт босқичларини ўз вақтида таҳлил қилиб, ўрганиб, ўзимизга жуда кўп фойдали сабоқлар олишимиз мумкин эди. Мана, ниҳоят, имкон туғилган экан, сиёсий, ҳуқуқий ўтмишимизга жиддийроқ назар ташлаб, уни теранроқ англашга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Зеро, давлатчилик сиёсатининг илдизлари «Сиёсатнома» сингари ноёб асарларга бориб тақалади, улардан озиқ олади.
«Темур тузуклари»да ҳар қандай подшоҳ, халқ орзу қилгулик ақл-заковат, валинеъмат соҳиблари бўлмиш вазирлар тўғрисида сўз юритилганида «Сиёсатнома» муаллифи Низомулмулк алоҳида меҳр-муҳаббат билан, ҳар жиҳатдан намуна қилиб кўрсатилади. Бундай «Қилич ва қалам соҳиби» бўлмиш вазирларни эъзозлашга, қадрлашга даъват этилади.
Адолат, тенглик – ҳаққонийлик ва бошқа инсоний эзгуликлар манбаи, шубҳасиз, Қуръони карим ва Ҳадиси шариф бўлса, «Сиёсатнома» сингари асарлар шу муқаддас китобларда баён этилган фикрлар ва уларни рўёбга чиқариш бобида олиб борилган ишлар ифодасини аниқ бир фаолият доирасида кўрсатиб, шарҳлаб ва изоҳлаб беради. Давлат масаласи «Сиёсатнома»нинг ўзак томирини ташкил қилади. Бу жиҳатдан унинг асосий ғоялари эзгу мақсадларни кўзлаган ҳар қандай тузум, давр, жумладан, бизнинг давлатимиз сиёсати билан ҳамоҳангдир.
Низомулмулк ўз китоби воситасида қуруқ панд-насиҳатни, кўрсатма беришни мақсад қилиб қўймайди. У турли давлатларнинг ҳукмдорлари, авлодлар тажрибасидан, жумладан, ўз шахсий тажрибасидан бизга мароқли ҳикоя қилади. Шу жиҳатдан ҳам, гарчи асар асосан энг мураккаб ва масъулиятли инсоний фаолият жабҳаси бўлмиш сиёсатдан сўзласа-да, ғоят қизиқарли бадиий асар сифатида мароқ билан ўқилади. Бошқача айтганда, муаллиф муҳим сиёсий муаммолар хусусидаги фикрларига бадиий ён босиб, уларнинг маъқуллигига ўқувчи ишончини мустаҳкамлайди, асар ибратини янада кучайтиради.
Буюк истиқболли мустақил Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида бўлган ҳар бир давлат арбоби, масъул шахс, сиёсатшунос олим, зиёли, барча ватандошларимиз мазкур китобда баён этилган аждодлар тажрибасидан ўз фаолиятлари учун зарур сабоқ ва маънавий қувват олишлари аниқ.
Шариф ХОЛМУРОД
НИЗОМУЛМУЛК ВА УНИНГ
«СИЁСАТНОМА» АСАРИ
Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий Низомулмулк (1018–1092) Шарқ тарихи ва маданиятида ўзининг 1091 йили ёзилган «Сиёсатнома» (ёки «Сияр ул-мулук») асари билан ўчмас из қолдирган.
Абу Али Ҳасаннинг бобоси Байҳақ қишлоғининг энг нуфузли деҳқонларидан бўлиб, тўрт нафар ўғилнинг отаси эди. Унинг катта ўғли Абулҳасан Али отаси вафотидан кейин Хуросон волийси Абулфазл саройига бориб, унинг хизматига киради. 1018 йилда унинг оиласида (Туснинг Родкон вилоятидаги Навғон қишлоғида) Абу Али Ҳасан оламга келади. У бошланғич таҳсилни шу ерда олади, кейин Нишопур ва Марвда ўқиб, вояга етгач, Балхга бориб, Али ибн Шодон хизматига киради. Кейинчалик у Довуд ибн Микоилга дабир бўлади. Дабирлик мансабидан салжуқийлар (1037–1194) шоҳи Алпарслон (1063–1072 йиллар) саройида вазирлик мансабигача кўтарилади ва «Низомулмулк», яъни мулкнинг низоми, тартиби маъносини англатувчи номи билан шуҳрат қозонади. Вазирлик даврида у қарийб давлатнинг бутун ишларини ўзи олиб боради.
Низомулмулк сарой ва давлатдаги шунчалик катта обрў-эътиборига қарамасдан ҳасадгўй, ғаразгўй кишилар ва мансабдорларнинг иғволаридан хавфсираб яшарди. Ҳатто Алпарслоннинг ўзи ҳам вазирини рофизийликда айблаб, унинг шофеий мазҳабида эмаслигидан афсусланарди. Шоҳнинг шундай муносабатини Низомулмулк ўз асарида таассуф билан эслайди.
1072 йили Алпарслон ўлдирилганидан кейии Низомулмулк унинг ўғли, 17 ёшида тахтга ўтирган Маликшоҳ (1072–1092 йиллар) саройида вазирлик қилиб, бу шоҳнинг давлатига ҳам катта мадад беради, мулкини бошқариб туради. Маликшоҳ уни ўз ҳомийси отабек деб атаган. Вазирлиги даврида у кўп олимлар ва машҳур кишиларга ҳомийлик қилиб, моддий ёрдам кўрсатди. Улуғ олим ва шоир Умар Хайём ҳам Низомулмулкнинг мурувватидан баҳраманд бўлганлиги яхши маълум.
Шу ҳукмронлар даврида Низомулмулк Арабистондан то Туркистонгача бўлган улкан мамлакатни бошқарган. Бу даврда ҳатто халифа пойтахти бўлмиш Бағдод ҳам Маликшоҳ қўлида эди ва уни бевосита вазири Низомулмулк бошқарган. Тарихчи Мирхонд ўзининг «Равзат ус-сафо» асарида (4-жилд, 107-бет) бир воқеани келтирган. Бир куни Маликшоҳ Низомулмулкнинг ўғлидан хафа бўлади. У султон шаҳнасини таҳқир қилган эмиш. Вазири олдига ўз одамларини юбориб, хафа бўлганини айтиб юборади: «Агарда мамлакат бошқарувида сен менга шерик бўлсанг, майли-я, бироқ менга тобе бўлсанг, нимага ўғлинг қилмишларини назорат қилмайсан, у ҳадидан ошиб кетибди-ку. Хоҳласам буюраман, олдингдан давотни оладилар (яъни вазирликдан тушираман сени)». Низомулмулк унга жавоб бердики, сенинг давлату тожинг менинг давотимга боғлиқ, вазирликни мендан олсанг, сендан тожингни оладилар.
Низомулмулкнинг оқилона ва адолатли давлат бошқаруви туфайли Маликшоҳнинг номи тарихда қолди. У адл ва инсофнинг буюк меъмори эди. Вазирлиги даврида Бағдод, Басра ва Исфаҳонда «Низомия» номидаги мадрасалар бино қилади.
Маликшоҳ ва унинг вазири Низомулмулк давлатида иқтисодий шароит яхшиланган даврда 30 ёшли Умар Хайём (1040–1123) таниқли астроном эди. Уни 1074 йили Сосонийларнинг шамсий тақвими (календари)ни ислоҳ этиш учун тузилган гуруҳга раҳбарликка таклиф қилишади. Умар Хайём бу ишни бажариб, девоннинг илмий ва давлат ишларига таклиф қилинади. Бу таклифни Умар Хайём рад этса ҳам, Низомулмулк унга йилига 1200 туман ҳақ бериб, илмий ва адабий фаолиятини олиб бориши учун шароит яратиб беради.
Маликшоҳ салжуқийлар салтанати пойтахти бўлмиш Марвда катта обсерватория қурдиради. Саройда илмий-маданий муҳит шаклланади. Бўлғуси буюк олим – Муҳаммад Ғаззолий (1058–1111) бу вақтда энди ижодга киришган, арабийнавис шоирлар Муизий, Тантароний, Туғроий кабилар Маликшоҳ саройи билан боғланган эдилар. Низомулмулк 1067 йили Бағдодда оламга машҳур «Низомия» мадрасасини қурдиради. Муҳаммад Ғаззолий ўз вақтида ана шу мадрасада дарс берган.
Низомулмулк ўз даврининг машҳур кишиларидан бўлмиш Ҳасан Сабоҳни ҳам Маликшоҳ саройига жалб этади. Аммо кейинчалик у билан келиша олмай, уни сарой хизматидан четлатади. Улар ўртасида очиқ душманлик муносабати пайдо бўлади. Ҳасан Сабоҳ Мисрга бориб таҳсил олиб, исмоилия мазҳабининг доийси – тарғиботчиси бўлиб қайтгач, куч билан Қазвин яқинидаги Аламут қалъасини босиб олади ва Маликшоҳ Салжуқий ва унинг вазири Низомулмулкка қарши ҳаракатларини бошлайди.
Бундан ташқари, Маликшоҳ ўлимидан кейин унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш бошланади. Низомулмулк Маликшоҳнинг катта ўғли Барқаёриқнинг тахт учун курашувига мадад беради ва бу билан Маликшоҳнинг хотини Турконхотуннинг ашаддий душманига айланади. Давлат ишларига таъсири жуда сезиларли бўлган Турконхотуннинг бевосита иштирокида Низомулмулк вазирликдан олиниб, ўрнига шу хотиннинг яқин кишиси Тожулмулк Абулғаноим ибн Хусрави Фируз тайинланади.
Вазирликдан кетган Низомулмулк ана шу кишиларнинг иғволари ҳамда Ҳасан Сабоҳнинг иштироки билан Бағдод сафари йўлида, Наҳованд шаҳри яқинида Абу Тоҳир исмли ёлланган қотил тиғидан 1092 йили 14 октябрда ўлдирилади.
Маликшоҳдан кейин меросхўрлар ўртасидаги тож-тахт учун талашувлар натижасида у бунёд этган обсерватория ёпилиб, Умар Хайём ҳам бу ерни тарк этади. Маданий муҳит таназзулга юз тутади.
Маликшоҳ Салжуқий ўз ҳукмронлиги даврида саройнинг фозил ва олимларига давлатни бошқариш қоидалари, тартиботи ва усуллари ҳақида бир рисола ёзиб, унда ўтган шоҳлар тарихи ва ҳаётий тажрибасидан мисоллар келтиришларини буюради. Бу рисола, аввало, давлат бошқаруви ишларида дастур вазифасини бажариши кераклигини таъкидлайди. Ўзига хос ушбу ижодий беллашувда Низомулмулк ҳам иштирок этади. Унинг сўзига қараганда, мазкур ишга Шарафулмулк (Абу Саид Муҳаммад бини Мансур бини Муҳаммад ал-Хоразмий), Тожулмулк, Маждулмулк (Абулфазл Асад бини Муҳаммад ал-Қумий) ва бошқалар қўл урадилар.
1091 йили Низомулмулк ёзган 39 бобдан иборат «Сиёсатнома» ёки «Сияр ул-мулук» («Подшоҳлар турмуши») номли асар шоҳга манзур бўлади. Сўнгра Низомулмулк асарини қайта ишлаб, уни янги боб ва қисмлар билан бойитади. 1092 йили уни кўчириб, Султон Маликшоҳга бериб қўйиш учун саройнинг махсус котиби Муҳаммад Мағрибий ан-Носиҳга топшириб, ўзи Бағдод сафарига йўл олади.
1092 йили Маликшоҳ ҳам ўлдирилиб, тож-тахт учун кураш авж олиб кетади ва давлат ишлари тартибсизликка учраб, халқнинг аҳволи ёмонлаша боради. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Мағрибий фақат 1105 йилга келиб, яъни Ғиёс уд-дин Муҳаммад бини Маликшоҳ даврида (1105 – 1118 йиллари) Низомулмулк асарини эълон қилишга муваффақ бўлади.
Шундай қилиб, котиб Муҳаммад Мағрибийнинг Низомулмулкка садоқати ва шижоати туфайли унинг васиятномаси бизгача етиб келди.
«Сиёсатнома» асари яратилган даврдан бошлаб олимлар, тарихчилар, адиблар, энг асосийси, шоҳу ҳокимлар диққатини ўзига тортиб келади. Бу асарни султонлар ва бошқа мансабдорлар кўчиртириб олиб, ўз фаолиятларида фойдаланганлар. «Сиёсатнома» Шарқ маданиятини, салжуқийлар тарихи ва сиёсий ҳаётини ўрганишда энг ишончли манба бўлиши билан бирга форс адабиётининг дастлабки бадиий асарларидан саналади.
«Темур тузуклари» асарида улуғ вазир ва давлат арбоби Низомулмулк амаллари ҳурмат-эҳтиром билан эсланиб, жумладан, шундай дейилади: «Масалан, Маликшоҳ Салжуқий ўз вазири Низомулмулкни мартабасидан туширди. Вазир бошдан-оёқ яхши сифатларга ўралган эди. Унинг ўрнига зоти паст, ёмон бир кишини вазир қилиб тайинлади. Бу шумқадам вазирнинг қабиҳ ишлари, зулм-ситами ва нафси бузуқлиги касофатидан салтанат биноси бузила бошлади». Бошқа бир жойида Низомулмулк давлатни бошқаришда ибрат қилиб кўрсатилиб, унинг фазилатларига таъриф берилади: «Низомулмулкнинг ёмон қилмишлари кам бўлиб, хайрли ишлари кўпроқ эди. У Ҳажга бормоқчи бўлиб турган вақтида авлиёлардан бири унга дебди: «Маликшоҳ давлатининг хизматида бўлиб, амалга ошираётган хайрли ишларинг ва Тангри таолонинг бандаларига етказиб турган ёрдаминг Ҳаж қилиш билан баробардир».
«Темур тузуклари»да ақлли, билимдон ва ҳушёр вазир мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларида жуда катта куч эканлиги, подшоҳининг бошига тушган муҳим ва мушкул ишларни тадбиркорлиги ва узоқни кўра билиши қобилияти билан осонлаштириши олижанобларча эътироф этилади. «Бундай вазирни эъзозлаб, иззат-икром этсинлар, давлат шериги билиб, азиз тутсинлар. Зинҳор унинг сўзидан чиқмасинлар, у нима деган бўлса, бари ақл кўзгусидир», дея қайта-қайта таъкидланар экан, шундай ҳурматга сазовор вазир сифатида яна Низомулмулк мисол сифатида келтирилади.
Асарнинг тарихий, сиёсий ва бадиий аҳамияти шундаки, у салжуқийлар ҳукмронлигига оид обрўли манба бўлиб, бу силсила шоҳлари учун давлатни бошқаришда бир дастур тарзида яратилган. Асар адабий манба сифатида ҳам жуда қимматлидир. Шу сабабли асарга, Низомулмулк шахсиятига Алишер Навоий, «Дастур ул-мулук» муаллифи Самандар Термизий, «Осор ал-билод» муаллифи Абу Яҳё Закариё ибн Муҳаммад ал-Қазвиний ҳамда Ибн Исфандиёр, Ибн Биби, Ибн Тиқтак, Хожа Халифа ва бошқа кўплаб улуғ алломаю давлат арбоблари ғоят юксак баҳо берганлар.
Ушбу асар машҳур шарқшунос олимлардан Ш.Риё, В.Дорн, Э.Брове, А.Кристенсен, Ч.Шеффер, Т.Нельдеке, В.В.Бартольд, А.Кримский, Муҳаммад Низомиддин, Файз ал-Ҳасан Файзий, Б.Ғафуров, Б. Аҳмедов ва бошқалар диққатини ўзига тортиб, уларнинг жиддий хулосаларига асос бўлган. Кўпгина хорижий нашрларда «Сиёсатнома» асари бугунги сиёсатчилар учун ҳам энг яхши қўлланма сифатида баҳоланади.
«Сиёсатнома» асари ва Низомулмулкнинг шахсияти кўп мутахассислар қатори ўзбек олимлари ҳамда ўқувчиларини ҳам қизиқтириб келмоқда. Бу асардан баъзи парчалар ва маълумотларни академик Бўрибой Аҳмедовнинг мақолаларида ҳамда «Ўзбекистон тарихига оид манбалар» китобида учратамиз.
***
«Сиёсатнома» ёки «Сияр ул-мулук» асарини олимлар салжуқийларнинг сиёсий дастури сифатида баҳолаганлар. Асарнииг асосий ғоялари ҳам шундан иборатки, вазир Низомулмулк шоҳ ва ҳокимларни адлу инсофга, сулҳ ва мурувватга, давлатни оқилона бошқариб, қатьий қоида ва тартиб ўрнатишга, амалдорларни виждонли, пок, ҳалол ва имонли бўлишга, мамлакат ободонлиги, унинг аҳли фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш учун ҳаракат қилишга даъват этади.
Ўқувчи Низомулмулк асарини ўқир экан, муаллифнинг ақл-заковати, ҳаётий тажрибаси, ҳикоя ва мисолларига мафтун бўлади, унда келтирилган илмий, ахлоқий-тарбиявий, диний далилларга ишонади, асар муаллифининг тилига, бадиий тасвир маҳоратига қойил қолади.
Масалан, Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» да Хожа Камолиддин Ҳусайн номли шоир ҳақида гапира туриб шундай ёзади: «Хожа Низомулмулкнинг ўғлидир. Отасининг таайюн ва иштиҳори бурунги Низомулмулкдин ортиқроқ бўлмаса, ўксук (кам) ҳам эмас. Эътибор юзидин анинг била тенг бор эди. Аммо мансаб юзидин ортти...». Навоийнинг гаплари шуни кўрсатадики, Ҳирот маданий муҳити учун салжуқийлар вазири таниқли шахс бўлган. Шу боисдан ҳам бошқани унга қиёслаб, нисбат бериб таърифлаяпти.
Низомулмулк фикрича, адолат ва саховат хайр-садақадан, ночор, ноилож кишиларга мадад беришдан, бева-бечоралар, майиб ва ногиронларга хазинадан нафақа ажратишдан ва инсонларнинг ҳуқуқларига риоя қилишдан иборатдир. Амалдорларни тўғри танлаб, уларга қўлларидан келадиган ишлар ва вазифаларни топшириш, бир кишига бир амал бериб, ундан итоат ва ижро фазилатини кутиш давлат бошқарувининг асосий талабларидандир. Ҳар бир ишда амалдорларнинг маслаҳат билан иш кўришлари кўзда тутилади. Низомулмулкнинг шоҳ ҳаёт тажрибасига эга бўлган, жаҳон кезган оқсоқоллар, олиму мўътабар кишилар билан маслаҳатлашиб иш тутиши тарафдоридир.
Низомулмулкнинг яна бир фикри эътиборга сазовордир. Бу ғоя шундан иборатки, давлатда марказий ҳукумат (яъни шоҳ ҳокимияти) жуда ҳам кучли бўлиши лозим. Шундагина давлатда тинчлик ва адолат барқарор бўлади, раият ўз мақсадига ета олади, жамият сулҳ ва адолатда, мурувватда яшайди.
XI аср вазири Низомулмулкнинг фикрича, раият аҳли, зулму ситам кўрган ҳар бир киши, умуман, норози бўлганлар амалдор ва ҳокимдан тортиб то вазир ва шоҳнинг ўзигача қабулларига бориб, шикояти ёки маслаҳатини баён қилишлари зарур. У ёзади: «Подшоҳ ҳафтада икки кун зулм кўрганларни қабул қилиб, золимларнинг додини бериб, жазолаб ва раият сўзларини бевосита эшитиб бориши керак. Агарда худованд подшоҳ додхоҳларини олдига чақириб, ҳафтада икки маротаба уларнинг сўзларини эшитади ва золимларнинг жазосини беради, деган хабар мамлакатга тарқалса, унда ситам қилувчилар оқибатини ўйлаб қўрқиб бедодлик қилмайдилар».
Низомулмулк ҳар бир ғояни исботлаш учун муайян тарихий ва афсонавий шахслар, сулолалар ва салтанатлар тарихидан, ўтмишидан фойдаланиб, тегишли воқеалардан мисоллар келтиради. Давлат бошқаруви ва ҳукуматчиликка у 875 – 999 йилларда ҳукм сурган сомоний ҳамда ғазнавий султон ва шоҳларни намуна қилиб кўрсатади. Бу сулолаларнинг намояндаларини ниҳоятда улуғлаб, баъзан уларга хос бўлган фазилат ва яхши хислатларни, хулқ-атворларни эъзозлаб, замона шоҳларида ҳам шундай сифатларни кўрмоқчи бўлади ва шу йўл билан уларга давлатни бошқариш борасида самимий маслаҳатлар беради.
Низомулмулк замонасидаги иллатларни баъзан очиқчасига баён қилади, лекин оқил инсон, давлат арбоби бўлганлигидан баъзи ҳаракатлари зое кетаётганлигини яхши тушунади. Ўша даврларда ҳам ҳасадчи ва ғаразли амалдорлар борлигини, саройдаги макрлар, амалдорларнинг бир-бирларига қасд ва душманликлари давлат ишларига, халқ ва салтанатга зиён эканлигини яширмайди. «Бизнинг замонда, – деб ёзади у, – амирлар бир ҳаром динордан чўчимайдилар, ҳақиқатни ёлғонга чиқариб, иш оқибатини ўйламайдилар». Бошқа жойда: «Ҳозир шундай замон бўлганки, юз мусулмоннинг қони тўкилса ҳам, бировнинг заррача иши йўқ. Олтинларни олганда ҳам бировни жавобгар қилмайдилар, ишни ҳам охиригача олиб боролмайдилар. Ажаб дунё, бундан кейин нима бўлар экан?!» – деб ёзади.
Давлатни идора этишда амалдорлар катта ўрин тутишини яхши тушунган Низомулмулк уларни тўғри танлаб, жой-жойига қўйишни, ҳар бирига лойиқ амал бериб, асосий мақсад йўлида тарбия қилишни муҳим бир талаб деб билади. Ҳар қайси амалдорни тарбиялашга кўп вақт кетиши ва бу мушкул иш эканини тушунтириб, ҳокимларга қўл остидагиларни эҳтиёт қилишни маслаҳат беради. Амалдорнинг хатосини кўриб, уни дарров ишдан олиш тўғри эмаслигини, уни биринчи маротаба кечириб, яна хато қилмаслиги учун ҳимоя қилиш кераклигини айтади.
Асарнинг баъзи қисмлари ва бобларида халифаларга қарши бўлиб ўтган қўзғолон ва урушлар, исломдаги ҳар хил мазҳаб ва жараёнлар, уларнинг намояндалари ва тарафдорлари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Жумладан, Маздак ҳаракати, Муқанна қўзғолони, Абу Муслим ҳаракати, Озарбайжонда афшин Бобакнинг чиқишлари ҳамда қарматий, ботиний, рофизий, қадария ва шиалар ҳаракатлари билан боғлиқ воқеалар ўз аксини топган. Муаллиф бу воқеаларни баён қилиб, уларнинг сабаблари ва оқибатларини очиб беришга ҳаракат қилади. Муаллифнинг энг асосий хулосаси шундан иборатки, марказий давлат ягона бир ғояга эга бўлмаса, ҳар хил ғоя ва фикрлар тарафдорлари ҳокимият учун курашадилар, бу мақсад эса қон тўкишлар ва зулму ситамларга сабаб бўлиши мумкин. Асарда Марказий ҳукумат, давлат, шоҳу ҳокимлар халқ бирлиги, давлат истиқлоли, қудрати ва мудофаасини таъминлаш учун куч-ғайратларини сарфлашлари зарур, деган ғоя етакчи ўринда туради.
«Сиёсатнома» мавзу жиҳатдан кенг қамровли ва сермазмун асар. Унда давлат бошқарувига алоқадор қарийб ҳамма қоида ва қонунлар, усул ва воситалар, қози ва қозихона ишлари, қўшин ва сарбозлар, хизматчи ва шахсий сарбозлар масалалари, саройдаги соқчилару посбонлар вазифалари, уларнинг маошлари, почта ва айғоқчилик (разведка) ишлари, уларнинг моддий жиҳатлари, хазина ва байтулмол, элчиларга муносабат, ҳатто, шоҳнинг оилавий ишлари, унинг базм ва мажлислари, хос ходим ва шахсий соқчилари ҳақида маълумот ва маслаҳатлар бор. Асарда молия ва хўжалик ишлари, солиқ ва хирож, закот ва вақф масалалари ҳам ўрин олган. Улар баъзан керакли даражада очиб берилган бўлмаса ҳам, муайян тадқиқотларга озуқа бера олади.
Асар ҳозирги давр сиёсатчилари, давлат амалдорлари ва мансабдор кишиларга, умуман, ўтмиш тарихимизга қизиқувчи барча ўқувчиларга маънавий руҳ ва куч беради, деб ўйлаймиз.
Асарнинг бадиий қиммати шундаки, унинг муаллифи ўз фикрларини турли ҳикоятлар воситасида исботлаб, мустаҳкамлаб боради. Қарашлари ўқувчи онгига етиб бориши, диққатини жалб этиши учун турли тарихий шахслар, ҳар хил қаҳрамонлар ва уларнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳикоятларни келтиради. Салжуқий ҳукмдорларга панд-насиҳат қилаётган муаллиф, асосан, илгари ўтган ҳукмдорлар билан боғлиқ воқеаларни келтириш орқали уларнинг ижобий хусусиятларини замонаси шоҳларига, ўтмиш ҳукмдорларига намуна қилиб кўрсатишни истайди. Салбий жиҳатларни тилга оларкан, уларнинг оқибатларидан сабоқ беради. Асар тилининг соддалиги билан китобхонни ўзига тортади. Низомулмулкнинг баён услубидаги публицистик руҳ ҳам асарни ўқишли қилган.
«Сиёсатнома», – деб ёзади профессор Б.Н.Заходер, – бу жиддий сиёсий ҳужжат бўлиб, марказий ҳукумат парчаланишига қарши қаратилган асардир. «Сиёсатнома» марказлашган давлат тузишга даъват этиб, кучли давлат маҳкамаси, армия ва бошқа текшириш воситаларини яратишга чақиради» [1].
«Сиёсатнома» нинг энг қадимий нусхаси Британия музейида (АДД 23516) ҳамда Берлинда сақланади. Бу нусхалар 1168-1169 йили Урмия шаҳрида амир-ҳожиб Алп Жамолиддин фармонига биноан кўчирилган, Чарлз Шеффер 1291 йили кўчирилган бошқа нусхадан фойдаланиб, асарни француз тилига ўгириб, 1893 йили нашр этган. 1914 йили Калкутта шаҳрида асарнинг тошбосма нусхаси ҳам чоп қилинган. Кейинчалик, 1932 йили Теҳрон шаҳрида Иброҳим Халхолий иштирокида «Сиёсатнома» асари беш нусха асосида солиштирилиб, босиб чиқарилган.
Низомулмулкнинг бу асарини Б.Н.Заходер кўп йиллик тадқиқотларидан сўнг 1949 йили рус тилига таржима қилиб, нашр эттирди. 1960 йили асар инглиз тилида чоп қилинди.
«Сиёсатнома»нинг яна бир нашри 1989 йили Душанбеда амалга оширилди. Асарни нашр этган олим А.Девонақулов ўз сўзбошисида асарнинг асосан бадиий аҳамиятини умуминсоний қадриятлар жиҳатидан таҳлил этган. Аммо бу нашр баъзи камчиликлардан холи эмас: асарнинг баъзи боблари тушириб қолдирилган.
«Сиёсатнома»нинг ушбу таржимасига асарнинг 1932 йилги Эрон нашри асос қилиб олинди. Китоб оммавий нашрга мўлжалланаётганлигини назарда тутиб, айрим жузъий қисқартиришлар қилинди ва асар тили эса ўзбек тилидаги баён услубга яқинлаштирилган тарзда берилди. Асарни нашрга тайёрлашда бизга ёрдам берган барча шахсларга, жумладан, таржимани асл нусха билан солиштиришга кўмаклашган Олима Набиевага, ноширларимизга миннатдорчилик билдирамиз.
[1] Сиасатнамею Книга о правлении визира XI столетия Низам аль-мулька. Москва - Ленинград. "Наука", 1949, с. 242.
БИСМИЛЛОҲИ-Р-РАҲМОНИР-РАҲИЙМ
Алҳамдулиллоҳи раббил оламин ва салавоту ва салом ала хайри халқиҳи Муҳаммадин ва Олиҳи ва суҳубиҳи ажмаъин, аммо баъд бу китобни Низомулмулк Аллоҳ инояти ила ўттиз бобда қисқача баён қилган эди. Кейинроқ қалбида ранжу азоб бўлганидан ва шу давлат мухолифларига қарши китобни қайта ишлаб, яна ўн беш фасл қўшди. Ҳар бир фаслда нимаики лойиқ бўлса, шуни ёзди. Бу фикрлар Бағдод йўлида пайдо бўлган эди. Аммо ботинийлар хуруж қилдилар ва одамларга кўп зиён етказдилар. Ўша вақтларда банда шуни ошкор ёзолмадим. Энди адолат ва ислом олам худованди – подшоҳи халадаллоҳу мулкаҳу даврида кучайиб кетиб, ҳар куни зиёда бўлиб, тараққий топаётганидан умид қиламизки, Тангри таоло шу давлат устунларини қиёмат кунларигача мухаллад ва муаббад тутади.
БИРИНЧИ ФАСЛ
ЗАМОНА ОДАМЛАРИНИНГ АҲВОЛЛАРИ ВА СУЛТОНИ ОДИЛ, ШАҲАНШОҲИ АЪЗАМ
ХАЛАДАЛЛОҲУ МУЛКАҲУНИНГ МАДҲИ ҲАҚИДА
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар аср ва давру замонда халқ ичидан бир кишини подшоҳликка кўтариб, унга ҳунарлар ва ёқимли сийрату фазилатлар беради, дунё тинчлиги ва бандалар оромини қўлига бериб, фасоду ошуб эшигини у орқали ёпади, унинг имзо ва ҳашаматини халойиқ қалби ва кўзларида тарқатади, токи одамлар унинг адолати соясида паноҳ топиб, тинч кун кўриб, омонликда унинг давлати абадий бўлишини тилайдилар. Ва агарда, Худо кўрсатмасин, бандалардан бирор-бир исён зоҳир бўлса, шариат ишларига хавф ё бирор зарар тоату Ҳақ фармонларига тегса, уларга шу подшоҳдан жазо етади, қилган ишларига ажр берилади. Худо бизга шундай кунларни кўрсатмасин, шундай ҳокимлардан узоқроқ бўлайлик. Бўлмаса исён шумлигидан, одамларга хашму хазлон (сарсонлик) етиб, одил подшоҳни ҳам бошларидан олиб ташлайди. Ҳар хил балою қўзғолон кўтарилиб, ноҳақ қон тўкилади ва кимки кучли бўлса, истаган ишини қилади. Шунда гуноҳкорлар шу фитна ва қон тўкишларда ҳалок бўладилар ва олам улардан тозаланади, аммо уларнинг касофатларидан бегуноҳ кишилар ҳам нобуд бўладилар. Бунга шундай мисол келтирса бўлади, агарда қамишзорга ўт тушса, қуруқ нарсалар ҳаммаси ёниб кетади ва ҳўл нарсалар ҳам олов таъсиридан ёниб йўқ бўлади.
Аллоҳ одамлардан бир кишига қудратини кўрсатиб, давлат ва иқбол беради, Ҳақ таолодан билим ва ақл топиб, шу билим билан қўл остидагилардан ҳар бирини ўзига тенг билади, ҳар бирига мартабасига мос қадр қилиб, мансаб беради, хизматкорларини халқ ўртасидан ажратиб олади, ҳар бирига бир мартаба ва манзала беради, дин ва дунё заруратию муҳимоти билан уларни таъминлайди, раиятни муҳофазат қилади, токи унинг адли соясида халойиқ роҳат ила яшаб кун кўрсин. Агарда хизматкор ва ё маҳрамлардан бирортаси нолойиқ иш тутса-ю, яхшиликдан тушуниб олса, ишга қайта қўйиш керак, агарда хушёр бўлмаса-ю (йўлидан қайтмаса), вафо қилмаса, уни бошқа бир лойиқ кишига алмаштириш лозим. Раиятдан бирортаси неъмат ҳақини, омонлик ва тинчлик қадрини билмаса, хиёнат этишни андиша қилиб сотқинлик қилса, номардлик кўрсатса, ҳаддидан ошиб кетса, гуноҳини бўйнига қўйиб, яраша жазо бериб, ишдан олиб, улардан воз кечиш керак.
Давлатни идора қилиш талабларидан яна бири бу четдан кориз қазиб сув келтириш, қишлоғу далалар ободонлиги учун катта ариқлар қазиш, қалъалар қуриш, шаҳарлар бино этиш, зебо бинолару кенг кўчалар, работлар қурдиришдир. Толиби илмлар учун мадрасалар очиш ҳам зарур, чунки бунда шоҳнинг номи абадий қолади ва унинг савобидан мулкида сулҳу тинчлик ҳосил бўлади. Аллоҳ қудратидан шу кунлар ўтган тарихда қолади ва олдинги маликлар ҳаётларини безатади, халойиққа ҳеч кимга ҳали насиб қилмаган бирор-бир саодатни ҳадя қилади.
Худованди олам ва шаҳаншоҳи муаззамнинг ота-боболарига подшоҳлик ва пешволикни раво кўриб, хонадонини, ҳамма вакилларини Афросиёбдан бошлаб юксалтириб, буюк тутган. Олам маликларидан узоқ бўлган кароматлар ва буюкликлар билан уни безатган. Масалан, унга чиройли ҳусн, ёқимли феъл-атвор, жасорат, мардлик, ақл берди, от миниш ва ҳар хил аслаҳалардан фойдаланиш, ҳар хил ҳунарни билиш, Аллоҳ азза ва жалла яратган бандаларига раҳму шафқат этиш, ваъдага вафо қилиш, динга тўғри эътиқод қўйиш, Аллоҳ таолога яхши имон келтириб, унга кўнгил қўйиш, намоз ўқиб, рўза тутиш, дин уламолари, зоҳиду порсоларни ҳурмат қилиб, кетма-кет дарвишу гадоларга садақа бериш, хизматкорлар ва қўл остидагиларга яхшилик қилиш, халқ билан хурсанд яшаш, раиятга ситам қилувчилар ситамини ман этиш фазилатларини ато қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло лойиқ мартабаси ва яхши эътиқодига яраша унга давлату мулк берди, жаҳонни унга тобе қилди, сиёсатини ҳаммага етказди, оламдагилар унга хирож берадилар ва шунинг учун унинг ғазабидан озоддирлар. Агарда баъзи халифалар даврида мулклари бирор ривож ва тараққий топган бўлса ҳам, ҳеч қачон кўнгиллари ором топмаган. Ҳозирги муборак замонда, худога шукрки, дилида ёмон фикри бор ва итоатдан бош тортаётган бирор-бир киши йўқ. Аллоҳ таоло шу давлатни қиёматгача эҳтиёт қилсин, давлат камолотига ёмон кўз тегмасин, чунки халойиқ шу подшоҳ адлу сиёсати соясида кун кечириб, дуойи хайр қилмоқда. Демак, давлат аҳволи шундай экан, давлату дониш ва эзгу расму одат ёруғ шамга ўхшайди. Ва одамлар шу ёруқликда йўлларини топиб, қоронғиликдан чиқадилар. Унга бирор мушовир (маслаҳатчи) ва йўлбошчи керакмас. Худованд подшоҳ бандаларини синамоқчи ва аҳвол андозаси ила ақл ва билимларини билмоқчи бўлиб, менга буюрдики, подшоҳларга керак бўлган некусийрат фазилатлар ва зарарли бўлган нарсалар, ҳозирда бажарилиши шарт бўлмаган қоидалар, маъқул ва номаъқул ишлар ҳақида бир китоб ёз, мен ҳам кўрганларим, билганларим, эшитганларим ва ўқиганларимдан эслаб туриб ушбу китобни ёздим.
Шоҳ олий фармонларига биноан шу бир неча фасл ихтисор қўли ила ёзилди ва ҳар фаслига лойиқ нарсалар киритилиб, равшан ва осонфаҳм иборалар билан битилиб, мушкул ва қийин бўлган маънолардан парҳез қилинди, токи ўқувчига тушуниши савоб (осон) бўлсин ва Аллоҳ таоло тавфиқи ила охирига етсин.
ИККИНЧИ ФАСЛ
ПОДШОҲЛАР ТОМОНИДАН АЛЛОҲ ТАОЛО НЕЪМАТЛАРИ ҚАДРИНИ БИЛИШ ҲАҚИДА
Аллоҳ таоло неъматлари қадрини подшоҳларнинг билишлари уларнинг халққа қиладиган хайру эҳсон ва адолатларидан маълум бўлади. Агарда халқ дуолари эзгулик билан қўшилса, мулк мустаҳкам бўлиб, кун сайин кучга тўлади, шу мулк ўз давлат ва тинчлигидан баҳраманд бўлади, бу оламда яхши ном ва у дунёда раҳм-шафқат насиб қилади.
Дин улуғлари айтганларки, «Ал мулку ябқа маъал-куфри ва ло ябқа маъаз-зулми». Маъноси шуки, «Мулк куфр ила мавжуд бўлиши мумкин, зулм билан эса барбодликка маҳкумдир».
Ҳикоят
Ахборда шундай келтирилганки, Юсуф алайҳиссалом оламдан ўтибди, уни Иброҳим салавотуллоҳу алайҳ олдида, яъни бобо ва аждодлари яқинида дафн қилмоқчи бўлибдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб айтибди:
«Шу ерда тўхтанглар, бу жой унинг жойи эмас, бир мулкнинг жавобини қиёматда бериши керак».
Юсуф пайғамбарнинг аҳволи шундай бўлса, кўрингки, бошқаларнинг аҳволи нима бўлади?
Пайғамбар саллаллоҳи алайҳи васаллам хабарида бордирки, қиёмат кунида кимки бирор халққа бошлиқ бўлиб, фармон берувчи бўлса, қўлларини боғлаб олиб келар эканлар. Одил бўлган бўлса, қўллари адлу инсофидан очилиб, жаннатга олиб борар эканлар. Агарда золим бўлган бўлса, шу боғланган қўллари билан дўзахга ташлар эканлар. Яна ҳадисларда айтилишича, қиёмат куни фармон берувчи киши ўз қўли остида бўлган одамлар жавобини беради ва қўйлар жавобини берган чўпонга ўхшайди.
Ҳикоят
Шундай маънода Абдуллоҳ ибн Умар ал-Хаттоб ўз отасига айтган экан:
– Эй ота, оламдан ўтсанг, сени тезроқ иккинчи ё учинчи кечада тушимда кўришни истайман.
Орада ўн икки йил ўтиб ҳам уни тушида кўрмабди. Ўн икки йилдан кейин тушига отаси кирибди. Тушида ўғли ундан сўрабди.
– Ота, сен менга уч кечадан кейин тушингга кираман, деган эдинг-ку.
Отаси жавоб берибди:
– Наҳарвонда бир кўприк бузилган экан ва хизматчилар уни тузатмаган эканлар. Қўйлар шу кўприкдан ўтаётган вақтда бир қўйнинг оёғи тешикка тушиб синибди. Ҳозиргача шунинг жавобини бердим.
Ҳақиқатан, подшоҳи олам биладики, шу буюк кун – қиёматда унинг қўл остида бўлган халойиқ жавобини ундан сўрайдилар. Агарда бошқа кишига ҳавола этилса, қабул қилмайдилар. Шундай экан, бу мулк муҳимотини ҳеч кимга топшириш ва халойиқ ишларидан ғофил қолиш ҳам керак эмас. Шоҳ қўлидан келганича яширинча ва ошкора тарзда халқ аҳволидан хабардор бўлиши шарт. Бедодликка йўл бермай, золимлар зулмидан аҳолини қутқариши керак. Шу ишларининг баракаси унинг давлатига тегиб, халқ уни дуо қилади, қиёматгача унинг номига дуойи хайр юборадилар. Унинг номайи аъмолида эса буюк савоблар ёзилган бўлади.
УЧИНЧИ ФАСЛ
ПОДШОҲНИНГ МАЗЛУМЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИ, ОДИЛ ВА ЯХШИ ХУЛҚЛИ
БЎЛИШИ ҲАҚИДА
Подшоҳ ҳафтада икки кун зулм кўрганларни қабул қилиб, золимларнинг додини бериб, жазолаб ва раият сўзларини бевосита эшитиб бориши керак. Муҳим бўлган аризаларни қабул қилиб, ҳар бирига жавоб бериши лозим. Агарда, «подшоҳ додхоҳларни олдига чақириб, ҳафтада икки маротаба уларнинг сўзларини эшитади ва золимларнинг жазосини беради», деган хабар мамлакатга тарқалса, унда золимлар қилмишларининг оқибатини ўйлаб, қўрқиб бедодлик қилмайдилар.
Ҳикоят
Олдин ўтган кишиларнинг китобларидан шуни ўқиб билдимки, Ажам шоҳлари бир дўкон ясаб, уни отга юклаб саҳрога олиб борарканлар, токи ўша жойда йиғилган мазлумларни кўриб, ҳар бирининг арзини эшитиб олиш мумкин бўлсин. Бунинг сабаби шу эдики, агарда подшоҳ бирор жойда ўтириб қолса, у ерда даҳлиз, долон, эшик ва парда пайдо бўлади. Ғаразли кишилар ва ситамгарлар шундан фойдаланиб, зулм чекаётганларни подшоҳ олдига қўймайдилар.
Ҳикоят
Эшитдимки, шоҳлардан бирининг қулоғи оғир экан. У «тилмочлик қиладиганлар мазлумлар сўзини менга тўғри етказмайди ва уларнинг ҳолини билмай, ишларига мувофиқ келмайдиган бирон буйруқ бериб қўйишим мумкин», деб ўйлаб қолади. Ана шунда у зулм кўрган кишилар қизил кийим кийсин, бошқа ҳеч ким бундай рангдаги кийим киймасин, токи мен уни таниб олай, деб буйруқ берибди. Бу шоҳ бир филга ўтириб, саҳрода юрганида тўхтаб, қизил кийганларни олдига чақиртириб оларкан. Улар ҳам баланд овозда ўз аҳволларини айтиб берарканлар ва подшоҳ уларга жавоб қайтараркан. Ўша замонда бундай эҳтиёткорлик шоҳ учун бирор-бир нарса қоронғи қолмаслиги учун қилинаркан.
Ҳикоят
Сомонийлар ўртасида энг одил амир Исмоил ибн Аҳмад деган киши бўлган. Унинг яхши фазилатлари кўп экан. Аллоҳ таолога қаттиқ эътиқодда бўлган бу дарвештабиат кишининг ҳаёти тўғрисида кўп нарса ёзилган. Исмоил Бухорода турарди ва Хуросону Ироқ, Мовароуннаҳр унинг отаси қўлида эди. Яъқуб Лайс Сийистонда унга қарши бош кўтаради ва у Сийистонни Хуросонга қўшиб, Хуросонни ҳам ўзига тобе қилади.
Ироқни ҳам олади. Доийлар уни алдаб, исмоилия мазҳабига киритадилар ва у халифага қасд қилиб, қарши чиқади. Хуросон ва Ироқ лашкарини йиғиб, Бағдодга юриш бошлаб, халифани ҳалок қилгач, аббосийларни йўқ этиш учун ҳаракатга киришади. Халифа Яъқубнинг Бағдодни олишга майл қилганини эшитади. Элчи юбортириб айттиради:
– Бағдодда сенинг қиладиган ишинг йўқ. Ҳокимиятни қўлингда ушлаб туриб, ҳалиям Кўҳистон, Ироқу Хуросонни талаб қилаяпсан. Бирор-бир ихтилоф ва даъвогарлик бўлмаслиги учун бу йўлингдан қайт.
У бу гапларга бўйсунмай дебди:
– Менинг орзуим албатта саройингга бориб, хизмат расм-русумини жойига қўйиб, аҳдимни тоза қилиб келиш, шуни қилмасам, қайтмайман.
Халифа кўп элчилар юбортириб, шу жавобни олаверди. Шу сабабли ундан шубҳалана бошлади. Катталарни чақириб айтди:
– Менинг сезишимча, Яъқуб ибн Лайс итоат этишдан бош тортаяпти ва хиёнат билан бу томонга келаяпти. Биз унга саройга келгин, деб фармон бермаганмиз. Мен унга қайтиб кетишни буюрсам ҳам ўз билганидан қолмаяпти. Ҳар ҳолда дилида қандайдир хиёнат яширинган. Ўйлашимча, у ботинийлар қўл остига ўтган. Бу ерга келмагунича буни билдира олмаяпти. Эҳтиёт бўлиш керак, ғофил қолишимиз мумкин эмас. Бу ишнинг чораси қандай экан?
Шундай хулосага келадилар: Халифа шаҳардан саҳрога чиқиб, нузул этсин ва Бағдоднинг каттаю кичиклари билан қўшинлар жойини тайёрласин. Агарда Яъқуб Лайс келиб қолса, халифанинг саҳрода қўшин билан турганини кўриб, фикридан қайтиши мумкин ва унинг хиёнати амиралмўъмининга маълум бўлади. Одамлар лашкаргоҳда бир-бирлари билан борди-келди қиладилар. Агарда қўзғолон кўтарилса, Хуросону Ироқ бошлиқлари хоҳишлари ва розиликлари билан бўлади. Агарда исён кўтарилса, шу хиёнатларини маълум қиладилар. Биз унинг қўшинига қарши чиқамиз ва агар унга бас келолмасак, жанг қилмасак, ҳамма томонга йўл очиқ бўлади ва асирликка тушмай, бошқа бирор-бир жойга борамиз.
Бу сўзлар ва бу илож амиралмўъмининга маъқул тушади. Шундай ҳам қиладилар. Бу, амиралмўъминин Ал-Мўътамад алаллоҳ эди. Яъқуб Лайс етиб келиб, халифа лашкаргоҳи қаршисига тушади. Икки лашкар аралашиб кетади. Эртаси куни исён кўтариб, халифа олдига одам юбортириб айттиради: Бағдодни топшир ва қайси томонга хоҳласанг, кет!
Халифа икки ой муддат сўрайди. Лекин у вақт бермайди. Қоронғи тушади. Халифа унинг қўшини амирларига одамларини махфий юбортириб, у (Яъқуб) очиқ исён кўтариб, шиалар тарафига ўтмоқчи, бизнинг хонадонимизни йўқотиш учун келиб, ўрнимизга душманимизни қўймоқчи деб маълумот беради. Сизлар ҳам унинг томонидамисизлар ёки йўқми?
Бир гуруҳ айтадики, биз бу жоҳу ҳашаматни унинг давлатидан топганмиз. У нима қилса, биз ҳам шунга шерикмиз. Аммо кўплари айтадиларки, амиралмўъминин айтаётган бу ҳолатдан бехабармиз ва биз у амиралмўъмининга қаршилик қилмайди деб ўйлаяпмиз. Агарда у шундай қаршилик кўрсатмоқчи бўлса, биз розилик бермаймиз. Мулоқот қилиш куни сен билан бўламиз, жангда сенинг томонингга ўтамиз ва сенга ёрдам берамиз.
Булар Хуросон амирлари эди.
Халифа (Мўътамад) Яъқуб лашкари бошлиқларидан шундай жавобни эшитиб, шод бўлади. Эртаси куни довюрак бўлиб, Яъқуб Лайсга хабар юборади: энди хиёнат ва неъмат кофирлигини ошкор қилдинг, қаршиликка эришдинг. Ўртамизда энди қилич бор ва менинг лашкарим кам ва сеники кўп бўлса ҳам, парвойим йўқ. Ҳақ таоло ҳаққа ғалаба беради, ҳақиқат эса мен биландир ва сен билан бўлган қўшин меникидир.
У қўшинга қуролланишни буюради. Жанговар ноғоралар чалиниб, қўшин саҳрода сафланади.
Яъқуб Лайс ҳам халифанинг бу мазмундаги хабарини эшитиб: «Ўз муродимга етдим», – дейди. У ҳам буюради, ноғора чалиб, қўшинни олиб, катта дабдаба билан саҳрога чиқиб, сафланадилар. Лашкар қалбида бир тарафда халифа, бир тарафда Яъқуб турарди. Халифа овози баланд бир кишини сафдан чиқариб, шундай дейишни буюради:
– Ё, маъшар ал-муслимин! Билиб қўйингларки, Яъқуб осий бўлган. У аббосийларни йўқ қилиб, ўрнига улар душманларини Жамиддиядан олиб келиб, халифа қилиб қўйиб, бидъатни ошкор қилиш учун келган. Кимки Аллоҳ расули бўлган халифага қаршилик қилса, Аллоҳ расулига хилоф иш қилгандек бўлади. Кимки расулга итоатдан бош тортса, Худои таоло итоатидан чиққандек бўлади ва мусулмонлик доирасидан чиқади. Худои таоло ўзи нозил қилган китобида айтадики, «Атиъуллоҳа ва атиъуррасула ва увлил амри минкум», яъни «Аллоҳга, расулига ва сизларга амрлари бўлган кишиларга итоат қилинглар».
Сизлардан ким жаннатни дўзахдан афзал деб билса, ҳақиқатни тан олса, ботилдан қайтса, бизнинг душманимиз билан эмас, биз билан бўлади.
Яъқуб лашкари бу нидони эшитади ва Хуросон амирлари халифа томонига ўтиб, шундай дейдилар:
– Биз ҳукму фармон ва итоат билан сенинг хизматингга келиш фикрини қилдик. Энди исён маълум бўлганидан кейии биз сен биланмиз ва танамизда жонимиз борича сен учун жанг қиламиз.
Халифа кучли бўлиб, ҳамлага ўтиш учун буйруқ беради. Биринчи ҳужум билан Яъқуб Лайсни мағлуб этадилар ва у қочиб Хузистон томонга кетади. Хазинаю давлатини талон-торож қиладилар. Бутун қўшин Яъқубдан товонгар бўлди.
У Хузистонга етиб келиб, ҳар томонга одам юбортириб, тарафдорларини чақиртира бошлайди. Хуросону Ироқ хазиналаридан дирҳаму динор олиб келишга одамларини юборади. Халифа унинг Хузистондан жой олганини эшитиб, тезлик билан элчи ва хат юбортириб айтади:
«Бизга сенинг соддалигинг аён бўлди. Душман сўзларига кириб мағрур бўлибсан, ишнинг оқибатини кўрдингми? Қара, Эзид, таоло ўзи сенга қандайлигини кўрсатди: сенинг ва лашкаринг ҳаракатини зое қилди, бизнинг хонадонимизни сақлади. Бу сенинг хатоинг эди. Энди биламанки, ҳушёр бўлиб, қилган ишингдан пушаймон ебсан. Хуросону Ироқ амирлигига сендан лойиқроқ киши йўқ ва биз ҳам унга даъво қилмасмиз. Сенга лутфимиз зиёда ва биз ёқимли ишларингни назарда тутиб гуноҳингни кечдик. Даҳшатли ишларни қилмагансан, деб ҳисоблаймиз. Сен ҳам ўтганга салавот деб тезлик билан Хуросон ва Ироққа бор ва вилоят ишлари билан машғул бўл».
Халифа номасини ўқиб, Яъқубнинг кўнгли юмшамайди, у қилган амалидан пушаймон бўлмади. Олдига бир товоқда кўкат, пиёз ва балиқ олиб келишларини буюрди. Элчини ҳам ҳузурига чақиртириб келтирибди. У элчига қараб дебди:
– Бориб халифага айт, мен бир мисгар (саффор) кишиман ва отамдан шу касбни ўрганганман. Менинг овқатим буғдой нонию балиқ, пиёзу кўкатдир ва бу подшоҳлигу хазиналарни айёрлик билан олганман ва мардлик билан қўлга киритганман. Булар отамдан мерос қолмаган ва буни сен ҳам менга бермагансан. То сенинг бошингни ҳадя учун олмагунимча, авлодингни сўйиб ташламагунимча тинч туролмайман. Ё шу айтганларимни амалга ошираман, ёки қайта буғдой нонию балиқ, пиёзу кўкат атрофига ўтираман.
У халифа элчисини кузатиб қўяди. Халифа яна қанча элчи ва хат юбормасин, у яна шу айтган сўзларидан қайтмайди. Қўшинини ташлаб, Бағдод тарафга йўл олади. Уч манзил йўл босиб ўтганларида у қулунж касалига мубтало бўлиб, аҳволи ночорлашади. Бу дарддан қутула олмаслигини сезади, унинг акаси Амру Лайс орқага, Хуросонга қайтиб келиб, подшоҳлик қилади. Халифага итоатда бўлади. Лашкар ва раият Яъқубдан кўра Амруни яхши кўрарди. Амру ато ва саховатда жуда ҳам машҳур, сиёсатда ҳушёр ва мурувватли эди. Ҳиммати шу даражада эдики, унинг ошхонасида кунига тўрт юз туя сўярдилар.
Бошқа нарсаларини ҳам шундан қиёс қилса бўларди.
Аммо халифа гарчи Амру бундай эътиқодда бўлмаса ҳам, акаси йўлига кирар, деб ўйларди. У кетма-кет Бухорога амир Исмоил ибн Аҳмад олдига одам юбориб айтдирадики: «Амруга қарши юриш қил, мулкини қўлидан тортиб ол, сенинг Хуросону Ироқ амирлигида ҳаққинг бор, чунки кўп йиллар давомида бу мулк оталаринг қўлида эди. Булар ҳокимиятни зўравонлик қилиб олганлар. Ҳақиқий ҳоким ўзингсан, иккинчидан, сенинг фазилатларинг яхши, учинчидан, менинг розилигим сен томонда. Мен шу нарсага ишонаманки, Худойи таоло сенга ғалаба, зафар ато қилади, қўшиннинг камлигига қарама».
Халифа сўзлари амир Исмоил ибн Аҳмадга таъсир этади ва у Амру Лайсга қарши боришга қарор қилади. Жайҳундан ўтаркан, ҳамма лашкарини йиғиб, санаб кўрса, ўн минг кишидан иборат экан. Кўп аскарларининг ёғочдан жабдуқлари бор эди, ҳар ўн кишидан бири қалқонга, ҳар йигирма кишидан бири совутга, ҳар эллик кишидан бири найзага эга эди. Бир киши улов-отсизликдан совутига фитрок (чилбур, арқон) бойлаган эди. Шундай лашкар билан Жайҳундан ўтиб, Марвга келади.
Амру Лайсга хабар беришадики, Исмоил ибн Аҳмад Жайҳундан ўтиб, Марв шаҳрига келди. Марв шаҳри ҳокими эса қочиб кетиб, мулкини талаб қиляпти. Ўша пайтда Амру Лайс етмиш минг қуролланган лашкар билан Нишопурда эди, у лашкари билан Балхга қараб юради. Бир-бирларига қарши келаверадилар. Шундай тўқнашув бўладики, мағлуб бўлган Амру Лайснинг бутун бошли етмиш минг суворийси қочиб кетади. Бирор киши ярадор ҳам бўлмайди, тўққиз киши асир тушади. Шулар орасида Амру Лайс ҳам бор эди. Уларни Исмоилнинг олдига олиб бориб, қоровулларга топширишади.
Дунё ажойиботларидан шу ҳодиса ажиброқдир. Намози аср ўқилганидан сўнг Амру Лайс фаррошларидан
