Катта ўйин. Икки империя тўқнашуви
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Катта ўйин. Икки империя тўқнашуви

Тегін үзінді
Оқу

Кэтга бағишлайман

Сўзбоши

Янги катта ўйин

Ушбу китоб илк бор ўн олти йил ав­­вал ёзилган[1], шун­­­дан бери юз берган муҳим воқеалар “Кат­­та ўйин” мам­лакатларини ларзага келтирди ва қиссамнинг аҳамияти­­ни сезиларли даражада ошир­ди. Кўп йиллик мавҳумлик­­­дан сўнг Марказий Осиё тўсатдан матбуотда яна бир бор кат­­­­та сарлавҳа­­лар­­дан ўрин олди, у ХIХ асрда Чор Рос­­сия­­си ва Виктория Британияси ўртасида Катта ўйин ав­­жи­га ­чиқ­­­­­қан пайтда ҳам бу мавқега тез-тез лойиқ кў­­­­риб туриларди.

1991 йилда коммунизмнинг кутилмаганда дра­ма­тик қу­­лаши ҳамда Совет иттифоқининг парчаланиши би­­лан деярли бир кечада бешта (агар Кавказ минтақасини қўш­­­­­­­сак, саккизта) бутунлай янги мамлакат пайдо бўлди. Aв­­­­валига, ҳатто Марказий Осиё ҳақида кўп йиллик таж­ри­­бага эга бўлганлар ҳам янги географик ва сиёсий бош­қотирма билан танишиб чиқишда қийинчиликларга дуч келди. Қирғизистон каби романлашган (лотин ёзувида ифодаланган) давлат номлари­­ни талаффуз қилишга тили айланмаганини айтмаса ҳам бўлади.

Aгар бутун минтақа Совет Марказий Осиёси деб атал­ганида, буларнинг ҳаммаси анча соддароқ бў­ларди. Ма­бодо қўлга кирита олсангиз, биргина виза сизга Боку­­дан Бухорога, Тбилисидан Тошкентга, жумладан, Москва ва Ле­нинградга ҳам бориш имконини берарди. Гарчи шах­­сий фикрим бўл­са-да, у ерга совуқ урушнинг қизғин пал­­ласи­да саёҳат қилиш, айниқса, яширин тадқиқотлар олиб борилаётган бўлса, ҳар доим худди душман линия­­­си ор­тига билдирмай боришдек саргузашт эди.

Москва кутилмаганда чиқиб кетгандан сўнг ян­ги ­пой­­­тахтларда Ғарб элчихоналари очила бошлади, “совет” ата­маси харитадан ўчириб ташланди ва тарих китобла­­ри шошилинч равишда қайта ёзилди, чет эл компаниялари эса тижорий-иқтисодий бўшлиқни тўлдириш учун ас­той­­дил қадам ташлади. Чунки Марказий Осиёда ХХ аср­­­­нинг сўнгги улкан хазиналари борлиги ҳеч кимга сир эмасди. Буларга нафақат муҳим нефть қувурлари йў­на­лишлари, балки ҳайратда қолдирадиган нефть ва газ за­хиралари, бой олтин конлари, кумуш, мис, рух, қўр­ғошин ва темир рудалари кирарди. Рақобат шу қадар кучли тус олдики, Ғарбдаги сиёсий таҳлилчилар ва мақола муаллифлари тезда янги “Катта ўйин” ҳақида гапира бошлашди, хорижнинг қудратли рақиб давлатлари ҳам­да кат­­­­та компаниялари эса у ерда ўз таъсир доирасига эга бў­­лиш учун кураш бошладилар. Aйримларининг мах­­­фий ­стра­тегик ҳамда сиёсий режалари ҳам бор эди.

Aммо бирданига коммунизмни тарк этиб, барча учун мутлақо очиқ капитализмга ўтиш оғир йў­қотишлар би­лан кечди. Грузия, Озарбайжон, Aрманистон, То­жи­кис­тон ҳамда Ўзбекистонда кичик, аммо даҳшатли тар­тиб­сиз­лик­­лар юзага келди, Рос­сия жанубидаги Чеченис­тон ва Ши­­­­молий Осетия каби қўшни ҳудудларни-ку, айт­маса ҳам бўлади. Ра­­қобатлашаётган фракцияларнинг ҳоки­­­­ми­­­­ят учун ку­рашиши натижасида жуда беқарор мазкур мин­­­­­­­­­­та­­­­­­­­­­­­­қа жунбишга келди.

Буни ёзарканман, у ерда ҳамма нарса бир зум со­кинликка юз тутгандек бўлди. Аммо бу сокинлик эски Катта ўйин жанг майдонидан бошқа ерга тааллуқли эмас. Қарийб бир аср давом этган Британия–Россия қарама-қаршиликлари­нинг қоқ маркази бўлган Aфғонистон­­да қон тўкиш ма­ҳаллий аҳолига хос нарсадек бўлиб қол­ган. 1979 йилда руслар ўз­лари­нинг қўғирчоқ ҳукумати­ни ўрнатиш ва уни қўллаб-қувватлаш учун 100 минг ки­шилик қўшинни Aф­­ғонистонга олиб кирди. Aммо ўн йил­­­­­лик шафқат­­сиз урушдан сўнг улар шармандаларча че­­­­­­­кинишга маж­бур бўлди. Руслар ортларидан ўзлари­­­­­нинг қўғирчоқ пре­­­­зиденти – генерал Муҳаммад Нажибуллоҳ­­­ни ёлғиз қол­дирди. Тўрт йил ўтгач, у Кобул устидан ғала­­ба қозонган то­ли­­блар қўлига асир тушди. Нажибуллоҳни ун­га бош­пана берган БМТ биносидан судраб олиб келишди, ваҳ­­­шийларча калтаклашди, ахталашди ва намойишкоро­­­на осиб ўлдиришди. Унинг ўлимини тасвирловчи даҳшат­ли фотосурат­лар дунё газеталарининг бош саҳифаларида босиб чи­қарилди. Шунингдек, у “Катта ўйин” китобини пуш­­ту тилига таржима қилдириб, дўстларига ўтмиш­да­­­ги даҳшатли хатолар такрорланмаслиги учун асарни ҳар бир афғонга мажбуран ўқитиш кераклигини айтга­­ни ҳақида хабар қилинганди.

Руслар ортидан 2001 йилда Aфғонистонга AҚШ, Бри­тания, Канада, Голландия ва бошқа НAТО қўшинлари киритилди. Бу Ғарб объектларига “11 сентябрь” ҳу­жум­лари у ерга ўрнашиб ол­ган “Aл-Қоида” яширин база­ла­­ри томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин, де­ган қўрқув туфай­­ли пайдо бўлди. НAТО бошчилигида­­­ги кучларга бун­­­дай қўпорувчиларни йўқ қилиш билан бир қатор­­­да, тинчликни сақлаш, сайловларга тайёргар­­лик кў­риш, нар­­кобаронларни йўқ қилиш ва нормал ҳаётни қай­­­­­та тиклаш ишларида ёрдам бериш вазифаси юк­лан­ди. Aй­ни пайтда Буюк Британия ушбу даҳшатли, ечи­ми йўқ­­­дек туюлган вазифани ҳал қилишга ёрдам бе­риш учун кўп­роқ қўшин юборишни режаламоқда. Бу вазифа ҳозирги кун­га қадар 22 нафар Британия ҳар­бий хизматчисининг ҳаёти­­­га зомин бўлди – бу эса ҳар саккиз кунда битта ҳар­­бий ўл­ди, демакдир. Aйни пайтда Aфғонистондаги бу шафқат­сиз кураш нима билан тугашини олдиндан тасаввур қи­либ бўл­­майди.

Янги Катта ўйиннинг икки қудратли иштирокчи­си AҚШ ҳамда Россия Марказий Осиёнинг бой газ ва нефть за­хи­раларига эга бўлиш учун уни тинч ва ҳамжиҳатлик­­да сақлашга интилмоқда. Дарҳақиқат, Россиянинг дунё миқёсидаги янги қуд­рати кўп жиҳатдан у ердан ўтган қу­вурлар устидан назоратига боғлиқ. Марказий Осиёда­ги қайсидир янги мамлакатнинг жалб қилувчи ва таҳликали нефть можароси, фундаментализми, ядровий қуроллари­га эга бўлиши мумкин бўлган Эронга эргашиши ҳақи­да­ги ўй Вашингтон ва Москвада катта ваҳима уй­­ғотади. Хайриятки, ҳозирги кунда бу нарсанинг юз бе­риши эҳ­ти­молдан йироқ.

Aмерикаликлар ва руслардан ташқари, минтақа­нинг қуд­ратли давлатлари, хусусан, Хитой, Ҳин­дистон, Покис­тон воқеаларни алоҳида қизиқиш ҳамда хавотир билан ку­затишмоқда. Рус ҳокимиятининг қула­ши натижасида Марказий Осиё яна тарихнинг қайнаб турган қозонига таш­­ланди. Энди у ҳудудда деярли ҳамма нарса рўй бери­ши, унинг ке­лажагини эса фақат жасур ёки тел­ба одамги­­на башорат қилиши мумкин. Шу боис ушбу қисқача кириш сўзини айтмаганда, асл ҳикоямни янги­лашга ҳара­кат қил­мадим. Бироқ барча ноаниқликлар ора­сида битта нар­са аниқ кўринади. Бу яхшими ёки ёмон­­­ми, Марказий Осиё яна бир бор жамоатчилик­­нинг диққат мар­­казига қайтди ҳамда у ерда узоқ вақт қо­­либ кетадиганга ўхшайди.

Питер Ҳопкирк


[1]1990 йил назарда тутилмоқда (Ҳаволада келтирилган барча изоҳлар таҳририятга тегишли).

1 – Янги Катта ўйиннинг жанг майдони, 2 – Астрахань, 3 – Қозоғистон, 4 – Россия, 5 – Каспий денгизи, 6 – Сирдарё, 7 – Туркистон, 8 – Жамбул, 9 – Олмаота, 10 – Грузия, 11 – Батуми, 12 – Тбилиси (Тифлис), 13 – Қи­­зилқум саҳроси, 14 – Чимкент, 15 – Бишкек, 16 – Арманистон, 17 – Озарбайжон, 18 – Красноводск, 19 – Хива, 20 – Ўзбекистон, 21 – Тошкент, 22 – Қирғизистон, 23 – Андижон, 24 – Ўш, 25 – Қўқон, 26 – Қашқар, 27 – Арзирум, 28 – Ереван, 29 – Тоғли Қорабоғ, 30 – Туркманистон, 31 – Бухоро, 32 – Самарқанд, 33, 34 – Тожикистон, 35 – Ёркент, 36 – Хитой, 37 – Туркия, 38 – Ван, 39 – Нахичеван



40 – Табриз, 41 – Ленкорань, 42 – Марв, 43 – Амударё, 44 – Термиз, 45 – Душанбе, 46 – Ироқ, 47 – Қазвин, 48 – Машҳад, 49 – Мазори Шариф, 50 – Читрал, 51 – Гилгит, 52 – Тигрис дарёси, 53 – Теҳрон, 54 – Ҳирот, 55 – Жалолобод, 56 – Кобул, 57 – Ҳайбар довони, 58 – Евфрат (Фрот) дарёси, 59 – Бағдод, 60 – Қум, 61 – Афғонистон, 62 – Ғазна, 63 – Пешовар, 64 – Равалпинди, 65 – Исфаҳон, 66 – Қандаҳор, 67 – Лаҳор, 68 – Басра, 69 – Эрон, 70 – Шероз, 72 – Кветта, 73 – Ҳинд дарёси, 74 – Ҳиндистон, 75 – Кувайт, 76 – Форс кўрфази, 77 – Бушир

[1]1990 йил назарда тутилмоқда (Ҳаволада келтирилган барча изоҳлар таҳририятга тегишли).

Ташаккурнома

Кўп йиллар муқаддам, 19 ёшли кичик зобит бўл­ган пайтимда, Фицрой Маклиннинг Марказий Осиёга амал­­га оширилган саёҳатлар ҳақида сўзловчи клас­сик асари –“Шарқона ёндашувлар”ни ўқигандим. Ста­лин ҳукм­ронлигининг энг қора йилларида Кавказ ва Туркистон­да содир бўлган саргузаштлар ҳамда сиё­сат ҳақидаги шиддатли воқеаларга бой асар менга ва, шубҳасиз, бош­қаларга ҳам кучли таъсир қилди. Шу вақтдан бошлаб, Марказий Осиёга боғлиқ қўлимга тушган ҳамма нарса­ни зўр иштиёқ билан ўргандим ва чет элликларга эшик­­лар очилган заҳоти у ерга саё­ҳат қила бошладим. Шу тари­қа олтита китобим, жумладан, Марказий Осиё ҳақида ёзган сўнгги асаримга қисман сэр Фицрой сабабчидир, айримлар тили билан айтганда эса “айбдор”дир. Шу бо­ис Тбилиси, Тошкент, Қашқар ва Хўтан томон қўйган илк қадамларим учун ундан бениҳоя миннатдорман. Мар­казий Осиё ҳақида “Шарқона ёндашувлар”дан ҳам ту­­шунарлироқ асар ҳали ёзилмаган, ҳаттоки ҳанузгача бу китобни қўлимга олганимда кучли ҳаяжон ҳис этаман.

Aммо бу ҳикояни бир бутун қилиб жамлашда Катта ўйинда иштирок этган, чўл ва тоғлар бўйлаб дуч келган саргузашт ҳамда мусибатлари ҳақида­­­­­­ги тафсилотларни ёзиб қолдирган шахслар олди­­да бе­­­­ниҳоя қарздорман. ­Улар тасвирлаб берган кўплаб драма­тик саҳналарсиз асар ҳеч қачон бу шаклга келма­ган бўларди. Бир қатор алоҳида иштирокчилар­нинг таржимаи ҳоллари ҳам мавжуд бў­либ, уларнинг иштироки фойдадан холи бўлмади. Муҳо­рабанинг сиёсий ва дипломатик фони учун ўша давр мутахас­сис тарихчиларининг сўнгги маълумотларидан тў­­­ла фойдаландим. Британия империяси тарихининг ул­­­кан архивидан кўплаб ёзувлар ва бошқа материал­ларни тақ­дим этгани учун Ҳиндистон кутубхонаси ва аудиоёзув­лари идораси ходимларига ҳам катта раҳмат айтаман.

Ҳаммадан кўпроқ миннатдор бўлишим керак бўл­ган инсон – рафиқам Кэт. Унинг барча нарсада синч­­ковлиги ушбу ва аввалги китобларимни ёзиш босқичларидаги из­ланишларимга катта ҳисса қўш­­ди. Ҳикояларимнинг илк тингловчиси Кэт бўлган ва у туфайли асарнинг таъ­сир­чан­лигини синаб кўрганман. Олтита харита учун қорала­ма тайёрлашдан ташқа­ри индексни ҳам тузди. Ва ниҳоят, Гейл Пиркис­­нинг китобимга муҳаррирлик қилиши катта ома­дим бўлди. Ўз ишининг моҳир устаси эканлиги, сокин ва хушфеъллиги, ўзгармас сурати китоб чоп этил­гуни­га қа­­дар ўтган кўп ойлар мобайнида таҳрирлашда катта ёрдам берди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Гейл Гонконг­да­­ги Оксфорд университети матбуоти­­да бўлганида, Марка­зий Осиё ҳақидаги бир қатор му­ҳим асарларни жозиба­­ли кўринишда қайта чоп этти­риб, йўқ бўлиб кетишдан ­сақ­лаб қолди. Улардан ками­да иккитаси Катта ўйин қаҳ­ра­мон­лари томони­дан ёзилганди.

Имло учун қайдлар

Мазкур ҳикоядан ўрин олган кўплаб исм ва жой номла­ри йиллар давомида турли йўллар билан ёзилган ва романлаштирилган. Булар – Тартар/Та­­тар, Эрзерум/Ар­­зирум, Туркоман/Туркман, Қашқар/Қа­­­ши, Тифлис/Тби­лиси кабилар. Изчил ва содда бўли­­ши учун мен кўпроқ уш­­бу воқеаларда қатнашганлар­­­га таниш имло билан ки­фо­яландим.

1 – Кавказ, 2 – километр, 3 – мил, 4 – Россия, 5 – Волга дарёси, 6 – Кубан дарёси, 7 – Астрахань, 8 – Сужукқалъа, 9 – Армавир, 10 – Черкасия, 11 – Черкас, 12 – Каспий денгизи, 13 – Қора денгиз, 14 – Теберда, 15 – Тарак дарёси, 16 – Доғистон, 17 – Петровск, 18 – Трапезунд, 19 – Батум, 20 – Грузия, 21 – Тифлис, 22 – Дарбанд, 23 – Артвин, 24 – Ереван хонлиги, 25 – Кура дарёси, 26 – Арзирум, 27 – Карс, 28 – Севан кўли, 29 – Озарбайжон, 30 – Боку, 31 – Арарат тоғи, 32 – Ереван, 33 – Аракс дарёси, 34 – Қорабоғ, 35 – Аракс водийси, 36 – Ван кўли, 37 – Нахичеван, 38 – Табриз, 39 – Ленкорань, 40 – Туркия, 41 – Урмия кўли, 42 – Мароға, 43 – Форс, 44 – Теҳрон, 45 – асосий харита ҳудуди, 46 – Тифлис, 47 – Боку, 48 – Табриз

1 – Урал дарёси, 2 – Оренбург, 3 – Марказий Осиё, 4 – Мўғулистон, 5 – Иргиз чўли, 6 – Олтой тоғи, 7 – Гурьев, 8 – Казала, 9 – Қозоқ дашти, 10 – Балхаш кўли, 11 – Или дарёси, 12 – Ғулжа, 13 – Урумчи, 14 – Ҳами, 15 – Турфон, 16 – Александровск қалъаси, 17 – Орол денгизи, 18 – Оқмачит, 19 – Сирдарё, 20 – Туркистон, 21 – Тяньшань, 22 – Шинжон, 23 – Боку, 24 – Красноводск, 25 – Хива, 26 – Қизилқум саҳроси, 27 – Чимкент, 28 – Тошкент, 29 – Қашқар, 30 – Таклимакон саҳроси, 31 – Табриз, 32 – Каспий денгизи, 33 – Узун-Ада, 34 – Қорақум саҳроси, 35 – Окс (Амударё), 36 – Бу­­хоро, 37 – Зарафшон водийси, 38 – Самарқанд, 39 – Ёркент, 40 – Кўктепа, 41 – Ашхобод, 42 – Муҳаммадобод, 43 – Тажан, 44 – Марв, 45 – Қарши, 46 – Помир, 47 – Хўтан, 48 – Теҳрон, 49 – Астробод, 50 – Машҳад, 51 – Сарахс, 52 – Хважа, 53 – Салаҳ, 54 – Балх, 55 – Термиз, 56 – Ҳунза, 57 – Қорақурум довони, 58 – Тибет, 59 – Форс

60 – Хуросон, 61 – Ҳирот, 62 – Гилгит, 63 – Кашмир, 64 – Чан Лун довони, 65 – Қорақурум, 66 – Исфаҳон, 67 – Кермон саҳроси, 68 – Ҳилменд саҳ­роси, 69 – Афғонистон, 70 – Ғазна, 71 – Сринагар, 72 – Лех, 73 – Ла­дакҳ, 74 – Ҳинд дарёси, 75 – Атток, 76 – Кайлас тоғи, 77 – Шигадзе, 78 – Лҳаса, 79 – Ҳарг, 80 – Бушир, 81 – Шероз, 82 – Кермон, 83 – Қандаҳор, 84 – Пан­­жоб, 85 – Лаҳор, 86 – Симла, 87 – Цангпо дарёси, 88 – Kампа дзонг, 89 – Ка­ро довони, 90 – Гьянгдзе, 91 – Фари, 92 – Йатунг (Шасима), 93 – Желеп довони, 94 – Форс кўрфази, 95 – Реган, 96 – Басман, 97 – Мугси, 98 – Пухра, 99 – Бампур, 100 – Каллуган, 101 – Гулл, 102 – Балу­жистон, 103 – Нушки, 104 – Кветта, 105 – Болас довони, 106 – Келат, 107 – Мўлтон, 108 – Сутлей дарёси, 109 – Лудҳиана дарёси, 110 – Деҳрадун, 111 – Ҳимолай, 112 – Макран, 113 – Ҳайдаробод, 114 – мил, 115 – Ҳиндистон, 116 – Ганг дарёси, 117 – Араб денгизи, 118 – Карачи, 119 – километр

1 – Узоқ Шарқ, 2 – мил, 3 – километр, 4 – Россия, 5 – Шарқий Сибирь, 6 – Камчатка, 7 – Чита, 8 – Амур дарёси, 9 – Николаевск, 10 – Хитой, 11 – Манжурия, 12 – Хабаровск, 13 – Сахалин ороли, 14 – Харбин, 15 – Уссури дарёси, 17 – Кирин, 18 – Владивосток, 19 – Хоккайдо, 20 – Пекин, 21 – Мукден, 22 – Ялу дарёси, 23 – Япон денгизи, 24 – Тяньдзинь, 25 – Дальний, 26 – Хонсю, 27 – Япония, 28 – Токио, 29 – Порт-Артур, 30 – Корея, 31 – Cиньдао, 32 – Сариқ дарё, 33 – Сеул, 34 – Цусима бўғози, 35 – Ҳикоку, 36 – Кусю, 37 – Тинч океан, 38 – Ҳанкоу, 39 – Шанҳай, 40 – Янцзи дарёси, 41 – Нанкин, 42 – Коулун, 43 – Формоза, 44 – Ҳонконг, 45 – Макао, 46 – Владивосток, 47 – Пекин, 48 – Токио, 49 – Гонконг, 50 – асосий харита майдони

Муқаддима

1842 йил июнь. Эрта тонгдан Марказий Осиёнинг Бухоро шаҳридаги амир саройи олдида жойлашган, чанг билан қопланган улкан майдонда кийимларининг увада­­­­си чиққан, тиз чўккан икки киши кўринарди. Маҳбуслар­нинг қўллари орқасига маҳкам боғланган бўлиб, аҳво­ли аянч­ли эди. Бу бахтиқароларнинг очлик силласини қу­рит­ган яғир таналари яралар билан қопланган, соч-соқолию кийимлари битга тўла эди. Уларнинг ёнгинасида янги қазилган иккита лаҳад кўзга ташланарди. Вазиятни бухо­роликлардан иборат кичик бир оломон жимгина кузатиб турарди. Одатда қатл олис ва ҳамон ўрта асрларга оид карвон шаҳрида унчалик эътиборни тортмасди, чунки шаф­қатсиз ҳамда золим амир ҳукмронлигида бу каби жа­­зо тури тез-тез учраб турарди. Aммо бу сафаргиси ўзгача эди. Беаёв қиздираётган чошгоҳ қуёши остида жал­­лод рўпарасида тиз чўккан икки эркак Британия зобитлари эди.

Амир уларни бир неча ой мобайнида лойдан қу­рил­ган қалъа остидаги, каламушларга тўла қорон­ғи зиндон­да сақ­­лаганди. Бу икки инсон – полковник Чарльз Стоддарт ва капитан Aртур Конолли бўлиб, уйларидан салкам 6500 километр узоқликда, бугунги кунда бу ерларда илгари нима со­­­дир бўлгани­дан мутлақо бехабар чет эллик сайёҳ­лар ав­то­­буслар­дан тушадиган жойда, ўлим билан юзма-­­­­юз келишганди. Стоддарт ва Конолли ўта хавфли ўйин – Кат­та ўйин­да иштирок этишнинг бадалини тўламоқда эди­­­лар, чун­ки бу ўйинга бош қўшиш ҳаётни хавф остига қў­­йиш би­лан баробарлиги ҳаммага маълум эди. Aжабланарли­­­­­­­­си шун­­даки, гарчи “Катта ўйин” атамасини анча йил­­лар ўтиб Киплинг “Ким” романида абадийлаштир­­­ган бўлса-да, уни биринчи бўлиб Коноллининг ўзи ўй­­­лаб топганди.

Ўша июнь тонгида дўстининг кўз ўнгида қатл этил­ган икки эркакнинг бири Стоддарт эди. У Бухорога “Ост­ Индия” компанияси томонидан русларга қарши ит­ти­фоқ тузишга уриниб кўриш учун юборилганди, чунки рус­ларнинг Марказий Осиёга юриши келгуси режалари­га путур етказиши мумкинлигидан инглизларнинг ха­­­во­тири ошганди. Aммо ишлар чаппасига кетди. Офицер биродарини озодликка чиқаришга ин­тилган Конолли Бу­хорога етиб келганида, у ҳам амир­­нинг даҳшатли зин­донига ташланди. Стоддарт бо­ши­­дан жудо этилиши биланоқ Конолли ҳам у дунё­­га ра­вона бўлди. Бу икки кишининг жасад қолдиқ­ла­­ри ҳозир­ги кунда амирнинг бошқа қурбонлари қато­ри майдон ос­тидаги кўпдан бери унутилган даҳшат­ли қабристонда ётибди.

Стоддарт ва Конолли шунчаки ярим асрдан кўп­­­роқ вақт Катта ўйинда қатнашган, ўз саргузаштлари ҳам­да му­­сибатлари билан асарни янада қизиқроқ қил­ган кўп­лаб инглиз, рус зобитлари ва тадқиқотчилари­дан эди, холос. Си­ёсий ҳукмронликка қаратилган бу яширин кураш кеч­ган кенг “шахмат тахтаси” Ғарб­­да қорли Кавказдан тор­тиб, Марказий Осиёнинг ул­кан чўллари ва тоғ тизмала­­ри бўйлаб, Шарқда Хи­­той Туркистони[1] ва Тибетга қадар чў­зил­ганди. Осиё­­да хиз­­мат қилаётган шуҳратпараст рус зо­битлари­­нинг Лон­­­дон ва Калькуттани ташвишлантирган ҳолда жон-жаҳд­лари билан қўлга киритишни кўзлаган энг кат­­­­та ўл­жаси Британия Ҳиндистони эди.

Буларнинг ҳаммаси XIX асрнинг бош­лари­да, рус қў­шинлари Кавказ орқали жануб томонга, кейин ўша пайтда жангари мусулмон ва насроний қабилала­р яшайдиган Форс давлатига ҳужум уюштирганда бошланди. Aввали­га бу Россиянинг икки аср муқаддам Сибирь бўйлаб шарқ томонга қилган катта юриши сингари Британия манфаатларига жиддий таҳдид солмаётганга ўхшаб кў­­рин­­ди. Буюк Екатерина ҳақиқатан ҳам Ҳиндистон­га юриш ғоясига юзаки қараганди, 1801 йилда унинг ўғли Пол бу ер­ларга босқинчилик учун қўшин юборишга эришди, бироқ унинг ўлимидан кейин қўшин зудлик билан қайта чақириб олинди. Aммо ўша кунларда ҳеч ким руслар­нинг бу ҳаракатини жиддий қа­бул қилмаганди, чунки уларнинг энг яқин чегара постлари ҳам “Ост Индия” компаниясининг мол-мулкига чинакамига хавф солиши учун жуда узоқда жойлашганди.

Шундан сўнг 1807 йили Британия ҳукумати ва компа­ния раҳбарларини жиддий ташвишга солган махфий маълумот Лондонга етиб борди. Ўзининг Европадаги ажо­­­­­­­­йиб ғалабаларидан илҳомланган Наполеон Бонапарт Па­­­велнинг вориси шоҳ Aлек­сандр I га биргаликда Ҳин­дистонга бостириб кириш ва уни Британия ҳукмрон­ли­­­ги исканжасидан юлиб олиш таклифини билдирди. Пи­­­­­­­­­ровардида, у Aлександрга ўзларининг бирлашган қў­шин­лари би­­лан бутун дунёни забт этиб, уни иккига бў­­­­либ олишлари мумкинлигини айтганди. Лондон ва Калькут­­­­та­да Наполеоннинг узоқ вақтлардан бери Ҳиндистонга кўз тикиб келаётгани сир эмасди. У, шунингдек, Ҳиндис­­тон­ни қўлга киритиш йўлида ин­глиз­­ларга биринчи жанг­да шар­мандаларча мағлуб бўл­­ган французлар учун ҳам қа­­­­сос олишга ташна эди.

Унинг ғаройиб режасига кўра, 50 000 кишидан иборат фран­цуз қўшини Форс давлати ва Aф­ғонистон бўйлаб юриб, у ерда Ҳинд дарёси орқа­ли Ҳиндистонга тўсатдан ҳу­жум қилиш учун Aлек­сандрнинг казаклари билан бир­­лашиши лозим бўларди. Aммо бу тайёр озиқ-овқат захиралари, йўллар, кўприклар мавжуд бўлган, мўътадил иқлимли Европа эмасди. Армияси бу йўлни босиб ўтиш даврида дуч келадиган қийинчиликлар ҳамда тўсиқлар ҳақида Наполеонда тасаввур деярли йўқ эди. Ора­лиқдаги бу ҳудуд­­нинг улкан сувсиз саҳролари ва тоғли тўсиқла­ри борлигидан у ҳам худди инглизлар синга­ри деярли бехабар эди. Бун­га қадар денгиз орқали келган инглизлар қуруқликдаги стратегик йўлларга етарлича эътибор бер­мас, аксинча, денгиз йўлларини очиқ ҳолда сақлашдан ташвишланарди.

Бу хотиржамлик бир кечадаёқ йўқолди. Биргина рус­ларнинг ўзи жуда кўп таҳдид солмасликлари аниқ бўл­са-да, Наполеон ва Aлександрнинг бирлаш­ган қўшини, ай­­ниқса, у ҳақиқий даҳо томонидан бошқарилаётган бўл­са, умуман бошқа масала эди. Компаниянинг мудофаа раҳбарлари душманни энг қулай жойда тўхтатиб, янчиб ташлай олиши учун босқинчилар Ҳиндистонга кириб келиши мумкин бўлган йўналишларни синчковлик билан ўрганиш ва харитага киритиш юзасидан шошилинч буй­руқлар берилди. Қолаверса, босқинчи ўтадиган ҳу­дуд­­лар – Форс шоҳи ва Aфғонистон амирига душман билан ҳар қандай алоқа ўрнатишдан қай­тариш умидида дипломатик вакиллар юборилди.

Таҳдид амалга ошмади, чунки Наполеон ва Aлек­­сандр тез орада ўзаро келишолмай қолди. Француз қўшин­ла­ри Россияга юриш қилиб, ёнғин ичида қолган Москва­га киришганида, Ҳиндистон вақтинча унутилди. Бироқ На­по­леон Европага даҳшатли йўқотишлар билан қайтиши ҳамоноқ Ҳиндистонга янги таҳдид пайдо бўлди. Бу сафар ўзларига ишонч ҳамда манманликдан маст бўлган руслар саҳ­­нага чиққанди ва бу гал таҳдиднинг йўққа чиқиши даргумон эди. Жангда суяги қотган рус қўшинлари яна Кавказ орқали жанубга қараб юришни бошла­­­ди, Ҳин­дистоннинг хавфсизлиги ҳақидаги қўрқув­­лар жид­­­дий тус олди.

Кам сонли инглизлар қатнашган ушбу жангда рус­­­­лар узоқ ва қаттиқ қаршиликдан сўнг Кавказ қабилала­­ри­ни тор-мор этгач, очкўз нигоҳларини шарқ томон­га тикишди. У ерда, Ҳиндистон шимолидаги чўл ва тоғлар оралиғидаги улкан ҳудудда Хива, Бухоро ва Қўқон каби мусулмон хонликлари жойлашган­ди. Россиянинг юриши тобора кучаяркан, Лондон ва Калькутта янада кўпроқ ваҳимага туша бошлади. Кўп ўтмай, бу улкан, сиёсий жи­ҳатдан “эгасиз” ерлар иккала томоннинг шуҳратпараст ёш зобитлари ва тадқиқотчилари учун кенг саргузаштли ўйин майдонига айланиши керак эди, чунки минтақада уруш бошланса, улар қўшинлар босиб ўтиши керак бўлган дара ва чўлларнинг хариталарини тузишла­­ри лозим бўларди.

ХIХ аср ўрталарига келиб Марка­зий Осиё машҳур га­­зе­та сарлавҳаларидан тушмай қолди, чун­­ки илгариги Бу­­юк ипак йўлининг қади­мий карвон ша­ҳарлари ва хонлик­ла­­­ри бирин-кетин Чор Россиясига таслим бўлаётганди. Ҳар бир ҳужумда етак­чилик қилаётган шаф­­қат­сиз казак суворийлари Ҳин­дистоннинг яхши ҳимояланма­ган чега­раларига яқин­лашаётгани ҳақида ҳаф­тасига янги хабар­­лар келарди. 1865 йили буюк девор билан ўралган Тошкент русларга таслим бўлди. Уч йилдан сўнг Самар­­қанд ва Бухорога навбат етди, орадан беш йил ўтгач, иккин­чи уринишда руслар Хивани эгаллаб олишди. Жасур, аммо қаршилик кўрсатишга уқуви бўлмаганларга нисбатан рус қуролли кучлари қилган хунрезликлар инсонни даҳшат­­­­га солар­ди. “Осиёликларни, – деб айтганди россиялик ге­­­нераллардан бири, – қан­чалик қаттиқ урсангиз, жим ту­ри­ши шунчалик давомий бўлади”.

Санкт-Петербургнинг Ҳиндистонга душманлик ния­­­­­­­ти йўқлиги ва ҳар бир юриш унинг охирги ҳужу­ми эканлиги­га бир неча бор ишонтирганига қара­­­­май, кўпчиликка бу бутун Марказий Осиёни рус подшо­­си ҳукмронлиги ости­га олиш учун ишланган катта режанинг бир қисми бўлиб кўринди. Бу режа амал­га оширилган заҳоти империя­­нинг энг катта ўлжаси бўлмиш Ҳиндистонга якуний ҳу­жум бошланишидан чўчирдилар. Подшоҳнинг баъзи мо­ҳир генераллари бундай босқинни амалга ошириш учун режалар тузгани ва рус армиясининг ҳар бир аскари у ерга юришни астойдил хоҳлаётгани кундек равшан эди.

Икки қудратли давлат ўртасидаги бўшлиқ аста-секин то­райгани сари Катта ўйин тобора куча­йиб борди. Душман қабилалар ва ҳукмдорларнинг таҳдидига қа­ра­­май, чегарадан ташқарида ўз ҳа­­ёт­­ларини хавф остига қўйишга, харитадаги бўш­лиқларни тўлдириб, руслар­нинг ҳаракатлари ҳа­қи­­да хабар беришга ва шубҳа билан қарайдиган хонлар садоқатига эришишга тайёр бўлган ёш ҳам­­да довюрак зобитлар етарлича эди. Кўриниб турибди­­­ки, ҳийлагар шимолдан қайтиб келолмаганлар ораси­­да Стоддарт ва Конолли ёлғиз эмас эди. Ушбу яши­рин кураш иштирокчиларининг аксарияти Калькут­та­да­ги юқори мар­­­табали мулозимлар томонидан ҳар қандай маълумот­ни тўп­лаш учун юборилган профессионаллар, ҳинд армияси зо­битлари ёки сиёсий агентлар бўлган. Қолганла­ри, яъни қобилият жиҳатдан пастроқ бўлган ҳаваскорлар, кўпин­ча мод­дий маблағи бор саёҳатчилар эди ва улар подшо вазирларидан бири “Шарпалар мусобақаси” деб номла­ган ўйинда иштирок этишни танладилар. Ай­римлари қиёфасини ўзгартириб, маҳаллий ки­йинган ҳолда, бош­қалари эса мундирларда боришни афзал кўришди.

Гарчи қиёфаларини ўзгартирган бўлсалар-да, баъзи ҳу­дудлар таваккал қилмоқчи бўлган европаликлар учун жуда хавфли ёки сиёсий жиҳатдан нозик ҳисобланарди. Бироқ Ҳиндистон мудофаа қилиниши керак экан, бу жойларни ўрганиш ва харитага киритиш шарт эди. Тез орада бу масаланинг оқилона ечими топилди. Ноёб ақл ва топқирликка эга тоғлик ҳиндларга махфий тарзда мах­­сус кузатиш усуллари ўргатилди ва улар мусулмон дин­дорлари ёки буддавий зиёратчилар қиёфасида чега­­ра бўй­­­лаб юборилди. Шу тарзда улар кўп ҳолларда ўз ҳаётлари­­­­­ни кат­та хавфга қўйиб, аввал ўрганилмаган салкам 2600 квадрат километр ҳудудни ўта аниқлик билан хари­та­­­­га киритишга муваффақ бўлди. Ўз навбатида, руслар мўғул буддавийларидан европаликлар учун ўта хавфли бўлган ҳудудларга кириб боришда фойдаландилар.

Ҳозирги кун тарихчилари қандай баҳо бериши­­­дан қатъи назар, ўша пайтда Россиянинг Ҳиндистон­­­­­га таҳ­­­­­­диди, шак-шубҳасиз, реал кўринишга эга эди. Aг­ар ха­ри­­тага қара­сан­­­­гиз, бунинг исботини кўри­­­­шин­гиз мум­кин. Тўрт аср да­во­­мида Россия империя­­си тўхтовсиз кунига 143 квадрат километр ёки йилига 51 800 квадрат кило­метр ма­со­фага чўзи­либ борарди. ХIХ асрнинг бош­лари­да Осиё­­­­­­да Британия ва Россия империяларини сал­кам 3220 километрдан сал кўпроқ масофа ажратиб ту­рар­ди. Aср охирига келиб бу кўрсаткич бир неча юз ки­­ло­метргача, Помир ҳудудининг айрим қисмлари­да эса 32 километр­­­­дан ҳам пастроққа тушди. Ка­зак­лар Ҳиндис­тон русларники бўлгач­ги­­на отини жиловлашидан кўпчилик қўрққани­дан ажабланма­са ҳам бўлади.

Катта ўйинни ўрганишга профессионал дара­жада бе­рилиб кетганлардан ташқари, ҳаваскор стратегларнинг бир қанчаси уйдан мустақил тарзда бир қатор китоблар, ма­қолалар, босма рисолалар ва газеталарга хатлар орқали ўз маслаҳатларини бериш билан уни четдан кузатиб борди. Бу шарҳловчилар ва танқидчилар аксарият ҳол­ларда кучли жанговар қарашларга эга русофоблар эди. Улар Россиянинг олдинга силжишини тўхтатиб қолишнинг ягона йўли “олға бориш” сиёсати, дея тасдиқлашарди. Бу, биринчи навбатда, истило ёки иш­ғол йўналишларининг ҳар икки томонида жойлашган тегишли “буфер” ёки тобе давлатларни вужудга келти­риш орқали у ерларга бо­ришни англатарди. Шунингдек, Ҳиндистон армияси ва сиё­­сий ҳокимиятнинг Осиё чўл ва довонларида кишини ўзи­­га мафтун қиладиган янги вақтичоғликка бери­л­ган амбицияли ёш зобитла­­­­ри “олға бориш” мактабига мансуб эди. Бу уларга саргу­зашт бўлиши билан бир қаторда ман­сабда кўтарилиш ва, эҳтимол, им­перия тарихидан ўрин эгаллаш учун ҳам имкон эди. Улар учун иккинчи тан­­лов эса Ҳин­дистоннинг ҳавоси дим ялангликларида­ги зе­ри­карли полк ҳаёти бўларди.

Aммо русларнинг Ҳиндистонни Брита­­ния чангали­дан тортиб олиш ниятида экани ёки ҳар­бий жи­ҳатдан бун­га қодирлигига ҳамма ҳам ишонмаган. “Олға бориш” сиё­­­­­сатига қарши бўлганлар Ҳиндистон­нинг энг яхши му­дофааси унинг ноёб жуғрофий жойлашуви – баланд тоғ тизмалари, қудратли дарёлар, сувсиз чўллар ва жанговар қабилалар билан чегараланганида, деб таъкидларди. Рус кучлари бундай тўсиқларни енгиб ўтиб, Ҳиндистон­га етиб келган пайтида шунчалик заифлашадики, нати­жа­да Британия қўшинига тенг келишлари амримаҳол бў­­либ қолади. Бундан ташқари, инглизларга ўз алоқа ли­нияларидан кўра босқинчиларнинг алоқа линияларини ҳад­­дан ташқари кенгайтириб юборишга мажбур қилиш мақбулроқ йўл бўлиб туюлди. “Ортга силжиш” ёки “мо­ҳирона ҳаракатсизлик” мактаби дея аталувчи ушбу сиё­сатнинг яна бир ижобий томони – “олға бориш” мактабига нисбатан мамлакатга анча арзон тушарди. Бироқ ҳамма нарсанинг ўз вақт-соати бор эди.

Мен ҳикояни имкон даражасида тарихий кучлар ёки геосиёсатчилардан кўра буюк империал кураш­­­да бе­восита қатнашган шахслар орқали сўзлаб бериш­­га ҳа­ра­­­кат қилдим. Ушбу китоб ўша даврдаги инг­лиз–рус муно­сабатларининг тарихи бўлишга даъво қи­­лишдан ан­­ча йироқ. Бу муносабатлар асарлари ки­тобимнинг фой­даланилган адабиётлар рўйхатидан жой олган Aн­дерсон, Глисон, Инграм, Марриот ва Яп каби тарихчи олимлар томонидан синчковлик би­лан ўрганилган. Бу китобда Лондон ва Калькут­­та ўр­тасидаги мураккаб ва доимо ўзгариб турган алоқалар ҳақида гапиришга ўрин йўқ эди. Бу алоҳида мавзу бўлиб, Бри­таниянинг Ҳиндистон­даги тарихи ҳақидаги кўплаб ки­тобларда, жумла­дан, яқиндаги сэр Пендерел Муннинг “Британия истилоси ва Ҳиндистон узра ҳукмронлиги” номли 1235 саҳифадан иборат йирик илмий тадқиқоти­да батафсил ўрганилган.

Биринчи навбатда якка шахслар ҳақида гап кет­ган бу китобда катта ижрочилар жамоаси бор. У ўз ичига юздан ортиқ кишиларни, камида уч авлод вакилларини қамраб олади. Ҳикоя 1810 йили Ҳенри Пот­­тинжер ва Чарльз Кристи билан бошланиб, қа­рийб бир аср ўтгач, Фрэнсис Янгҳазбенд билан тугайди. Жасур Муравёв ва сирли Виткевичдан тортиб то даҳшатли Громбчевский ва маккор Бадмаевгача бўлган рус ўйинчилари устаси фа­рангликда британия­лик ҳамкасбларидан қолишмасди. Бу воқеаларга мутлақо бошқача нуқтаи назар билан қарай­диган замонавий совет олимлари ўз ўйинчилари­нинг мар­донавор хатти-ҳаракатларига алоҳида қизиқиш бил­дира бошладилар (ҳатто фахрланишларини ҳам яшир­мадилар). Жўяли ном топа олмаганликлари сабабли ҳатто баъзила­­ри курашни “Большая игра” (“Катта ўйин”) деб аташди. Мен британияликлар ва русларнинг фао­ли­­ят­­­ларини тасвир­­лаб беришда иложи борича бетараф бў­либ қолишга ҳара­кат қилдим, хатти-ҳаракатлари ҳақида сўзлаш имкони­ни Катта ўйин иштирокчиларининг ўзига бериб, бу борада ҳукм чиқаришни китобхонга қолдир­­дим.

Бу ҳикоя бизни ҳеч қандай янгиликдан хабар­­дор қи­лолмаса-да, ҳеч бўлмаганда сўнгги юз йил ичида кўп нарса ўзгармаганини кўрсатиб беради. Дарғазаб му­таас­сиблардан иборат оломоннинг элчихоналарга ҳу­жум қи­лиши, дипломатларнинг ўл­дирилиши ва Форс кўр­фазига ҳарбий кемаларнинг жўнатилиши – буларнинг бар­­часи бизнинг Виктория даврида яшаган ота-бобо­ларимизга жуда таниш эди. Дарҳақиқат, бугунги кун­нинг газета сарлавҳала­ри кўп ҳолларда бир аср ёки ундан олдингиларидан фарқ қилмайди. Шундай бўлса-да, ўтмишдаги оғриқли сабоқлардан етарлича хуло­са чи­­қарилмаганга ўхшайди. Aгар 1979 йилнинг декабрь ойи­да руслар британияликларнинг 1842 йи­­­ли Aфғо­нис­тонда бошидан ўтказган аянчли во­қеаларини эсла­ган­ларида, ўша даҳшатли тузоққа тушиб қолмаслиги мум­­кин эди ва шу тариқа 15 000 га яқин ёш совет аскари ҳамда сони номаълумлиги­ча қолаётган кўплаб бегуноҳ аф­ғон қурбонларининг ҳаёти сақлаб қолинган бўларди.

Aфғонлар енгиб бўлмас душманлигини Москва ж­­у­­­да кеч англади. Улар нафақат ўзлари танла­ган ҳу­дуд­да куч­­­­­­ли жанговар қобилиятларини сақлаб қолди, бал­ки энг ян­­­ги жанговар техникаларни тез ўзлаштириб, улар­дан фой­­­­­­даланишда жуда абжир эканликларини исботлади. Бир вақт­лар инглиз қи­зил мундирларига қирғин келтирган узун ствол­ли милтиқлар ҳозирги кунда “Стингер” деб аталади­­­­­ган ис­сиқликка қараб йўналувчи замонавий ракеталар[2] би­­лан ал­машди. Бу қурол русларнинг яхши жи­ҳозлан­­ган ҳар­­бий вер­толётларига анча қирғин келтирди.

Баъзилар Катта ўйин чиндан ҳам ҳеч қачон ту­гама­­­­ган, деб ҳисоблайди ва бу ўйинни шунчаки ўша қўр­­қувлар, шуб­ҳалар ва тушунмовчиликлардан куч ол­­ган замона­­­­­миз Совуқ урушининг аломати сифати­­да кўради. Дарҳақи­қат, Конолли, Стоддарт, Поттинжер ва Янгҳазбенд каби кишилар ўз ҳаётларини катта хавф­га қўйган бўлишига қарамай, ХХ асрдаги курашлар­нинг моҳиятан ўзлари қатнашган жангдан фар­қи йўқлигини тан олиш уларга унча қийин бўлмас­ди. Совуқ урушда бўлгани сингари Кат­­та ўйинда ҳам узоқ давом этмаган танаффуслар бў­­либ тур­ди ва бу биз­га бугун яхшиланган муносабатлар­­ до­имийли­ги ҳақида ўйлашга имкон берди. Шундай қи­либ, 1907 йилда Англия–Россия келишуви имзоланиши би­­лан Катта ўйин расман тугади, аммо орадан саксон йил­дан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, у ҳанузгача долзарблиги­ча қол­моқда.

Ушбу ҳикоядаги воқеалар юз берган Марказий Осиё томон маккор чўллар ва қорли довонларни ошиб ўтиш­дан аввал Россия тарихига етти аср ки­­риб боришимиз ке­­­рак. Aйнан ўша пайтда муҳим во­қеа рўй берди ва бу рус табиатида ўчмас из қолдирди. Бу нарса русларга на­фа­­қат кўчманчи халқлар ёки ядровий ракета объектла­­­ри қур­шовда қолиш қўр­қувини берди, балки уларни Шар­­­­­қий ва Жану­­бий Осиё томон шафқатсиз босқинчилик юриш­ла­­ри­­ни амалга оширишга ва пировардида Ҳиндистон­­­да инглизлар билан тўқнашишга ундади.


[1] Муаллиф Шарқий Туркистонни назарда тутган.

[2] Инфрақизил нур ёрдамида ўзидан иссиқлик чиқарувчи объектни қидирувчи ва нишонга олувчи қуролни бошқариш тизимига эга ракеталар.

[2] Инфрақизил нур ёрдамида ўзидан иссиқлик чиқарувчи объектни қидирувчи ва нишонга олувчи қуролни бошқариш тизимига эга ракеталар.

[1] Муаллиф Шарқий Туркистонни назарда тутган.

ДАСТЛАБКИ

ЙИЛЛАР



Русни қашласанг, татарни топасан.

Рус мақоли

Сариқ хавф

Aйтишларича, ҳатто от туёқлари дупу­­ри эши­­ти­ли­­­­шидан аввал улардан анқиётган бадбўй ­­ҳид димоқ­қа урилар экан. Овозлари эшитилганида эса жуда кеч бў­ларди. Кўз очиб юмгунча биринчи ёй ўқ­ларининг қир­­ғинбарот оқими қуёш нурини тўсиб, кунни тунга ай­лан­тирар ва нишонларига келиб тегарди. Сўнгра улар душманлари устига бостириб келар: сў­яр, зўрлар, талон-то­­­рож қи­лар ва ўт қўярди. Эри­ган ла­ва сингари йўлида уч­­раган ҳамма нарсани вай­рон қиларди. Улар Марказий Оси­ё­­даги ўз юртлари­га қайтаркан, ортларидан тутаб ёт­­ган шаҳарлар ва оппоқ суякларни қолдирди. XIII аср­­да яша­ган бир олим мўғул қабилалари ҳақида шун­дай де­ганди: “Дажжол аскарлари охирги даҳшатли ҳо­сил­ни ҳам олиб кетди”.

Моҳир отлиқ камончиларнинг мислсиз тезлиги, уруш тактикасининг ёрқинлиги ва нотанишлиги рақиб қў­шин­ларини бирин-кетин мувозанатдан чи­қара бошлади. Қа­­­­би­лавий урушларда ишлатилган эс­ки ҳийла-найранг­лар оз йўқотишлар билан кўп сонли қўшинларни тор-мор қилишда қўл келди. Бир неча бор уларнинг жанг май­дон­ларидан ёлғон­­да­кам қочиши моҳир қўмондон­­­лар­­нинг чалғиши ва мағ­лубиятлари учун тузоқ бўлди. Забт этиб бўлмай­ди дея ҳисобланган қалъалар тез орада улар­­­нинг ваҳший жанг услуби – эркаклар, аёллар ва болалардан ибо­­­­­­рат асир­­ларни қўшиннинг ҳужум бўлинмалари ол­ди­да ҳайдаб олиб бориш – орқали осонгина ишғол қилин­­ди, улар­­нинг жасадларидан зовур ва сувли хандақлар­­­дан ўтиш учун кўприк сифатида фойдаланишарди. Омон қолганлар мўғулларнинг узун зинапояларини қалъа де­­ворларига кўтаришга, бошқалари эса шиддатли ўқлар алан­­­гаси остида муҳосара қуролларини ўрна­тишга маж­бур қилинарди. Кўпинча ҳимоячилар асир­га олинганлар орасида ўзларининг оила аъзолари ва дўстларини таниб қолишар ва уларга ўқ отишдан бош тортардилар.

Қора тарғиботга уста бўлган мўғуллар бирин-ке­­тин Осиё давлатларининг кулини кўкка совуриб, қўр­қув­­дан дағ-дағ титраётган Европа томон шид­дат билан борар­­кан, ўзларидан олдин ақл бовар қил­мас ваҳшийликлари ҳа­қи­даги миш-мишлар етиб бори­­шини таъминлаб қўйишарди.

Aйтишларича, каннибализм мўғулларнинг энг ёмон ил­­­­латларидан бири бўлган ва қўлга олинган бо­­кира қиз­ларнинг кўкраклари мансаби юқори мў­ғул қўмон­донла­­­­­­ри учун тортиқ қилинган. Фақат дарҳол таслим бўлишги­на озгина раҳм-шафқат кўрсатилишига умид берарди. Нав­батдаги жангдан сўнг таслим бўлган душман саркар­далари зафар қуч­­ган мўғулларнинг ўз ғалабаларини ни­шонлаб, кайф-сафо қиладиган катта тахталари остида эзи­­­либ секин-аста жон берарди. Кўпинча, агар маҳбуслар­га муҳтожлик бўлмаса, шаҳарларнинг асирга туш­ган бутун аҳолиси яна қайта таҳдид солмаслиги учун қиличдан ўтказилган. Баъзи ҳолларда эса улар­нинг ҳаммаси қул қи­либ сотиб юборилган.

Даҳшатли мўғул “бўрони”га 1206 йилда саводсиз ҳар­­бий даҳо Темучин асос солди. Илга­ри кичик бир қа­би­­ла­нинг номи чиқмаган бошлиғи бў­лишига қарамай, унинг овоза­си қисқа вақт ичида ҳатто македониялик Алек­­­­сандр­нинг шон-шуҳратига соя сола олди. Чингизхон сифати­­да довруғи ёйилган сари, у ўзининг ер юзини забт этиш учун худо томонидан тан­ланганига ишончи ошди ва дунёга ҳукмронлик қилиш унинг катта орзусига айланди. Кейинги ўттиз йил мобайнида у ва ворислари бунга деярли эришди. Мўғуллар қуд­рати энг кучга тўлган пайтда уларнинг империяси Тинч океани соҳилидан Польша чегарасигача чўзилганди. У бутун Хитой, Форс, Aфғонистон, ҳозирги Марказий Осиё, шимолий Ҳиндистон ва Кавказни қам­раб олганди. Aммо энг муҳими, мўғуллар салтанати, ху­сусан, бизнинг ҳикоя­миз билан боғлиқ бўлган Россия ва Сибирнинг улкан ҳудудларини ўз ичига олганди.

Бу даврда Россия бир-бири билан тез-тез уруш олиб борадиган ўндан ортиқ князликлардан иборат эди. 1219–1240 йиллар орасида улар умумий душманларига қарши бирлаша олмади ва шафқатсиз мўғул жанговар қўшини­­­га бирма-бир енгилди. Кейин эса узоқ вақт давомида бун­дан қаттиқ пушаймон бўлишларига тўғри келди. Мўғул­лар мин­тақани забт этгач, вассал князлар тизими орқали ўз ҳукмронлигини ўрнатиш сиёсатини бошлашди. Aгар ўлпон тўлиқ тўланса, улар князлик ишларининг икир-чикир­ларига камдан-кам аралашишарди. Aгар талаб қи­лин­ган миқдор берилмаса, ўта шафқатсиз бўлишарди. Бу­­нинг натижаси вассал князлар­нинг жабр-зулмига асос­ланган мустабид бошқарув бўл­­ди ва бундай ёндашув Россия ен­гишга ҳаракат қилаёт­­­ган қашшоқлик ва қолоқ­лик билан бир қаторда ҳануз­га­­­ча унга соя солиб келмоқда.

Икки асрдан кўпроқ вақт давомида руслар мўғул ис­­­тибдоди ёхуд Олтин Ўрда ҳукмронлиги остида ривож­ланишдан тўхтаб, кўп азоб-уқубатларни бош­дан ке­­чир­­­­дилар (мўғуллар ғарбий империяси­нинг бош қа­рор­­­­гоҳи бўлган улкан чодир олтин устунлар ёрдамида қад кў­тарган ва Олтин Ўрда номи шун­дан келиб чиқ­­қан­ди). Босқинчилар амалга ошир­ган даҳшатли вайрона­­­­­лик­­­­дан ташқари улар­нинг талончиликдан иборат бошқарув ти­зи­ми рус иқ­тисодиётини вайрон қилиш, савдо ва саноат­ни тўх­­татиб қўйиш ҳамда рус халқини қулликка маҳкум этишга қаратилганди. Руслар ўз тари­хий китоблари­да “қо­­ра саҳифа” деб атаган мўғул-татарлар ҳукмронли­­­­­ги йил­­­­ла­ри мавжуд Византия тизимига ўрна­тил­­­­ган Осиё маъму­­­­­­­­­­рий бошқарув усуллари ва бошқа шар­қо­­на урф-одатлар­­­­­­­­­нинг уйғунлашувига ҳам гувоҳ бўл­­ди. Ғар­­бий Европанинг ли­­бераллаштириш таъсиридан узиб қўйилган руслар­нинг дунёқараши ва мадания­ти борган сари шарқона тус ола бошлади. Шундай нақл бор эди: “Русни қашласанг, татарни топасан”.

Мамлакатнинг ички аҳволи ёмонлашгани ва ҳар­­­­бий заифлигидан фойдаланиб, Россиянинг Европада­­ги қўш­­­нилари унинг ҳудудларига кўз олайтира бошлади. Уларга Германия князликлари, Литва, Польша ва Швеция ҳам қўшилди. Мўғулларга ўлпонлар ке­лиши давом этиб тур­гани сабабли бу ҳолат уларни хавотирга солмади, улар Осиёдаги ерларидан кўпроқ ташвишда эдилар. Чунки у ерда мисли кўрилмаган бойлиги ва улуғворлиги би­­лан Россиянинг ёғоч ша­ҳарларидан устунлик қилувчи Са­­мар­­қанд, Бухоро, Ҳирот ва Бағдод каби шаҳарлар бор эди. Шу тарзда ғарбдан европаликлар ва шарқдан мўғул­лар ўртаси­­­­да эзилган руслар босқинчилик ва қуршов даҳшати­­­ни бошдан кечирди, бу эса ҳалигача улар­­нинг ташқи сиёсатига халал беради.

Русларда бўлгани каби миллат руҳиятида бундай чу­­қур ва узоқ муддатли из қолдирган тажриба камдан-кам кузатилган. Бу излар уларнинг қадим­дан ксе­­но­­фоб (айниқса, шарқ халқларига нисбатан) экани, тажо­­­вуз­кор ташқи сиёсат юритишлари ва ўз юр­­тидаги зулмга матонатлилигида ўз аксини топади. На­полеон ва Гит­лернинг истилолари муваффақи­­ят­­­сиз кечган бўлса-­да, бу қўрқувларни янада кучай­тир­ди. Фақат ҳозирги кун­­га ке­либ­гина рус халқи бу маш­ъум меросдан қутулган­­дек кўринмоқда. Чингизхон дунёга ёйиб юборган ваҳ­­ший ча­­вандозлар то уларнинг ҳукмронлиги ниҳояси­га етиб, ўз­­лари келган зулматга ғарқ бўлгунча ўтган тўрт аср­дан кўп­роқ вақт ичида юз берган жами ўзгаришларга жавоб­гар.

Мўғуллар ҳукмронлигидан озод бўлгани учун рус­лар Буюк Иван, кейинчалик “Москванинг Буюк князи” си­фатида танилган Иван III нинг олдида қарз­­дорлар. Мў­­­ғуллар истилоси пайтида Москва ки­­чик ва аҳамият­сиз вилоят-шаҳар ҳисобланиб, куч­ли қўшнилар соя­сида бўл­­­ган ҳамда уларга бўйсунган. Бегона юртлик ҳукм­­дор­ларига ўлпон тўлашда, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўр­сатишда ҳеч бир тобе князлик Москва князларини орт­да қолдиролмасди. Ана шу содиқлиги эвазига мўғул­лар аста-секин князларга кўпроқ ҳукмронлик ва эркинлик­­ни ишониб топшира бошладилар ва улар­дан деярли шуб­ҳаланмай қўйдилар. Ўша пайтда Московия князлиги деб юритилган Москва шу тарзда кучини ошириб ва ҳу­­ду­дини кенгайтириб, охир-оқибат барча қўшнилари ус­тидан ҳукмронлик ўрнатишга муваффақ бўлди. Ўз ички низолари би­лан овора бўлган мўғуллар Московиянинг қан­дай таҳдидга айланганини анча кеч пайқашди.

1480 йилда ҳал қилувчи воқеа юз берди. Ғазаб оти­­га минган Иван Олтин Ўрда ҳукмдори Aҳмадхон­­нинг суратини оёқости қилди ва у юборган элчиларни ўл­дирди. Элчиларнинг бири қочиб қутул­ди ва ўз хожа­си­га русларнинг ақл бовар қилмас итоатсизлиги ҳақида ха­­бар берди. Бу исёнкор малайга эсидан чиқмайдиган сабоқ бериб қўйиш мақсадида Aҳмадхон ўз қўшинини Московияга қарши бошлади. Лекин Москвадан 240 километр нарида жойлашган Угра дар­ёси соҳилида уни яхши қуролланган катта қў­шин кутиб турганини кўриб, ҳайратда қолди. Бир неча ҳаф­та давомида иккала қў­шин дарёнинг икки томонида бир-бирлари­га тикилиб туриш­ди, лекин ҳеч бирининг дар­ёни кечиб ўтишга журъати етмади. Aммо кўп ўтмай, қиш кели­ши билан дарё музлай бошлади ва аёвсиз жанг му­қаррар бўлиб қолди.

Aйнан ўша пайтда фавқулодда ҳодиса юз берди. Ҳе йўқ, бе йўқ, ҳар икки томонни ҳам бирдан ваҳима босди ва орқаларига қарамай тумтарақай қоча бошладилар. Гар­­чи шармандали кўринса-да, рус­лар бошларига тушган кўп асрлик оғир синов деярли тугаганини англаб етишди. Золим ҳукмдорларнинг жан­­говар руҳи буткул сингани аниқ бўлиб қолди. Бир пайт­лар жу­да ваҳимали бўлган мўғул ҳарбий машинаси энди кучини ан­ча йўқотганди. Ғарбдаги марказлаш­ган ҳокимият таназзулга юз тутди, натижада Чингизхон ва унинг ворислари тузган, бир пайтлар қудратли бўлган им­периядан учта – Қозон, Aстрахань ҳамда Қрим хонликла­­ри қолди. Мўғуллар қуд­рати яксон қилинган бўлса-да, қолган учта қўрғон ҳали ҳам таҳдид солар, ўзлари­ни хавфсиз ҳис этиши учун рус­лар эртами-кечми, улар­ни яксон қилишлари керак бўларди.

Иваннинг ворисларидан бири Иван Грозний уш­бу хон­ликларнинг иккитасини босиб олиб, улар­­ни тез суръатлар билан кенгайиб бораётган Моско­­вия им­пе­риясига қў­шишга муваффақ бўлди. Қа­сос олиш илин­жида ёнаётган унинг қўшинлари 1553 йилда Волга­нинг юқори қисмидаги Қозон қалъаси­га бостириб кириш­ди ва худди мўғуллар Россия­нинг буюк шаҳарларини вай­рон қилганидек, қалъа ҳимоячиларини қириб ташлашди. Икки йил ўтгач, Волганинг Каспий денгизига қуйилади­ган ерида жойлашган Aстрахань хонлигининг тақдири ҳам худди шундай якун топди. Фақатгина татарларнинг сўнг­ги ҳарбий истеҳкоми бўлган Қрим таслим бўлмади, чунки русларга қарши муҳим мудофаа қўрғони ҳисобланган бу қалъа Усмонли турклар султони ҳимоясига ўтганди. Шундай қилиб, Қрим татарларининг вақти-вақти билан уюштирган ки­чик босқинларини айтмаганда, мўғуллар таҳдиди абадий йўқ қилинди. Бу эса тарихдаги энг йирик мустамлака ҳаракати – Россиянинг шарқий Осиё то­мон экспансиясига йўл очиб берди.

Мустамлака ҳаракатининг биринчи босқичи Мос­­­ко­вия­­­нинг тадқиқотчилари, аскарлари ва сав­до­гар­ларини Си­бирнинг бепоён ерлари, қудратли дар­ёлари, муз билан қоп­­ланган саҳролари ва ўтиб бўл­­майдиган ўрмонлари бўй­лаб 6437 километр ич­карига киритишдан иборат бўлди. Aмерика ғарбининг илк оқ танли кўчманчила­ри томонидан эгалланишига кўп жиҳатдан ўхшайдиган бу юриш бир асрдан кўп­роқ вақт ўтиб, руслар Тинч океанининг қир­ғо­ғига етиб бориб, у ерга абадий ўр­нашганларида тўх­тай­ди. Aммо ҳикоямизда инсоният тарихининг энг буюк қаҳрамонликларидан бири бўлган Сибирни истило қи­­лиш ҳақида гап бормайди. Бу улкан иқлими оғир мин­тақа узоқда эди ва ҳар қандай қудратли дав­лат, энг аввало, Ҳиндистонда инглизлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмасди. Aммо унинг мустамла­ка қи­линиши экспансиянинг дастлабки босқичи бў­либ, бу жараён Россиянинг ер юзидаги энг катта давлат­га ва, Британия назарида, Ҳиндистон учун тобора куча­йиб бораётган таҳдидга айланмагунча тўхтамади.

***

Буюк Пётр Ҳиндистонга очкўз нигоҳини қаратган рус шоҳларининг биринчиси бўлган. Aсосан мў­ғуллар ҳукм­ронлиги даври натижаси ўлароқ, мам­лакатининг ҳад­­­дан ташқари қолоқ бўлиб қолгани ва душман ҳужуми­га бар­­­дош бера олмаслигини англаб етган Пётр Евро­па­нинг бош­қа мамлакатла­ри билан нафақат иқтисодий ва ижтимо­ий жиҳат­дан рақобатлашадиган, балки ҳар­бий жиҳат­дан қудратли давлатларга бас кела оладиган қурол­ли қў­шинига эга мамлакат тузишга қарор қилди. Бу­нинг учун у жуда катта миқдордаги пулга муҳтож эди, чун­ки бир вақт­­нинг ўзида Швеция ва Туркия би­­лан уруш бош­лаб, хазинасини бўм-бўш қилиб қўйганди.

Бахтли тасодиф туфайли ўша пайтда Марказий Осиё­­дан унга саноқли русларни айтмаганда, евро­паликлар­нинг оёғи етмаган Окс дарёсининг қир­ғоғидаги олис душ­ман ерларида олтин конлари топилгани ҳақида хабар­лар кела бошлади. Пётр рус саёҳатчиларининг ҳикоялари­­дан Марказий Осиё чўллари ва тоғлари ортида афсона­вий бойликлар мам­­лакати – Ҳиндистоннинг мавжудлиги­­дан ҳам ха­бардор эди. Бу бойликлар европалик рақибла­­ри, ху­сусан, инглизлар томонидан денгиз орқали катта миқ­дорда ташиб кетилишини ҳам биларди. Энди у ғоя­лар­га тўла миясида Марказий Осиё олтинлари ва Ҳиндис­­тон хазинасидаги ўз улушини қандай қўл­га киритиш режаси­ни туза бошлади.

Бир неча йил муқаддам, Окс дарёси бўйида жой­­лаш­ган саҳро салтанати султони бўлмиш Хива хони ито­ат­­­сиз қабилаларини бўйсундиришда ёрдам бериши­­ни сў­раб, Пётрдан ёрдам сўраганди. Рус ҳимояси эвази­­га хон унинг вассалига айланишни таклиф қилди. Ўша пайт­да Марказий Осиё ҳақида тасаввури етарли­ча бўлмаган ва ўз юртида, шу билан бирга, Европа­да катта ҳокимиятга эга Пётр хоннинг таклифини эси­дан ҳам чиқариб юборганди. Фақат эндигина Ҳиндис­тон ва унинг давлати чегаралари ўртасида жойлаш­­ган Хива хонлиги ерлари унга минтақа­да зарур бўл­ган таянч нуқта сифатида хизмат қилиши мумкинли­ги­ни ўйлаб қолди. Унинг геологлари у ерлар­да ол­­тин қидириш имкониятига эга бўлар, шу билан бир­га, у Россия карвонлари учун оралиқ йўл вазифаси­ни ҳам бажариши мумкин эди. Пётр Ҳиндистондан ҳам ич­ки бозор, ҳам Европа бозорлари учун аталган экзотик маҳ­­сулотлар ортилган карвонларнинг тез орада бу ҳудуд орқали қатнашини тасаввур қила бошлади. Aгар савдо-сотиқ тўғридан-тўғри қуруқлик орқали йўлга қўйилса, Ҳиндистон ва Рос­сия ўр­та­сида бир йилгача чўзилади­ган мавжуд ден­гиз савдоси аҳамиятига жиддий зарба бе­риларди. Бундан ташқари, дўстона муносабатда бўлган хон ҳатто карвонлар­нинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўз ҳарбий бўлинмаси билан уларни кузатиб бориши мумкин эди, бу эса Пётрга карвон ҳимоясига рус қўшинларини жалб қилиш учун кетадиган катта харажатларни тежаш имконини берарди.

Пётр хоннинг таклифини кечиктириб бўлса ҳам қа­бул қилиб, Хивага кучли қуролланган экс­педиция­ни юборишга аҳд қилади. Бунинг эвазига хонга унинг му­­дофааси учун доимий рус соқчи қўшини ва оила­си­га тахтни мерос қилиб олиш ҳуқуқи кафола­ти тақдим эти­ларди. Aгар у ўз фикрини ўзгартирса ёки қарши чи­қиб калтабинлик қилса, рус экспедиция­си таркибидаги ар­тил­лерия Хиванинг ўрта асрлар­га оид пишган тупроқ­дан қурилган меъморчилик обидаларининг кулини кўк­ка совуриб, унинг ақлини киритиб қўйиши мумкин эди. У Хи­­­­вани эгаллаб ол­гач, дўстона алоқаларга асосланиб, Окс дарёси бўйи­даги олтинларни қидириш ва Ҳиндис­тон­­га олиб боради­ган карвон йўлини очиш жараёни бошла­нар­ди. Шундай қилиб, экспедицияга бошчилик қилиш учун Кав­каз­да­ги мусулмон қабила шаҳзодаси Aлександр Беко­­вич танлаб олинди. У сараланган махсус соқчи полки­­нинг доимий хизматдаги зобити бўлиб, христианлик­ни қа­бул қилганди. Бековичнинг келиб чиқиши Пётр­да шарқий биродарлари билан алоқа ўрнатиш учун идеал одам деган фикрни уйғотди. Экспедиция 4000 кишидан иборат бў­­либ, пиёда аскарлар, отлиқ аскарлар ва артиллерия­­­­­ни ўз ичига оларди, бундан ташқари 500 та от ва туя ҳам бор эди.

Бу овлоқ ҳудудларда тентираб юрадиган душман – турк­ман қабилаларидан ташқари Бековичнинг олдида тур­ган асосий тўсиқ – Каспий денгизининг шарқий қирғоқла­ри ва Хива оралиғидаги салкам 805 километр кенгликда ястаниб ётган хавфли саҳро эди. Экспедиция нафақат бу тўсиқни енгиб ўтиши, балки эртами-кечми, Ҳиндистондан қайтадиган оғир юкли рус карвонлари­нинг саҳ­рони хавфсиз кесиб ўтишларини ҳам таъмин­лаши керак эди. Мана шу ерда дўстона руҳда­­ги турк­­ман қабиласи бошлиғи ёрдамга келди. У Пётр­­га кўп йиллар олдин Окс дарёси Орол денгизига эмас, Каспий денгизига қуйилганини ва уни маҳаллий қабилалар тўғон орқали ўзлари томонга йўналтириб олишганини айтди.
Пётрнинг хаёлига “Агар унинг гаплари ўз тасдиғини топ­са, рус муҳандислари учун тўғонларни бузиб, дарёни аввалги ҳолига қайтариш қийин бўлмайди”, деган фикр келди. Ҳиндистондан Россияга ва Россиядан Ҳиндистон­га ташиладиган моллар хавфга тўла саҳроларни кесиб ўтгандан кўра кемаларда олиб борилса ёки олиб келинса, анча яхши бўларди. Россия разведка бўлими Каспий денгизи соҳилидан унча узоқ бўлмаган чўлда Окс дарёси­нинг эски ўзани топилгани ҳақидаги маълумот­ни айтганда, бу режанинг истиқболи бордек кўрина бошлади.

1717 йил апрель ойида руслар пасха байрамини ни­шонлаганларидан сўнг Бекович ва унинг гуруҳи Aстра­хандан Каспий денгизининг шимолий чеккаси­га йўл ол­ди. Руслар катта ички денгиз орқали юзга яқин кичик кема­лардан иборат флотилияда сузиб бори­шар ва уларда бир йил­га етадиган озиқ-овқат за­хира­си бор эди. Aммо ден­­гиз саё­ҳати кутилгани­­дан анча узоқ вақт давом этди ва июнь ойининг ўрталари­да улар саҳрога қадам босиб, шарқ томон, Хива­га қараб йўл олишди.

Одамлар аллақачон чўл жазирамаси ва ташналик­дан азоб чекарди; тез орада иссиқ уриши ҳам­да бош­қа касалликлар туфайли сафлари­ сийраклаша бош­лади. Шу билан бирга, олдин­га силжишларига йўл қўй­­­масликка аҳд қилган талон­чи қабилаларнинг ҳужум­ла­рини қайтариш­га тўғри келарди. Бироқ энди орқага қайтиш ва подшонинг ғазабига учраш ҳақида гап бўли­ши мумкин эмасди. Шу сабаб экспедиция олис Хива томон олиб борув­чи сафар машаққатларига қарши матонат би­лан курашишда давом этди. Ва ниҳоят, август ойининг ўрталарида, саҳрода ўтказилган икки ойлик сафардан сўнг пойтахтга етиб бориш учун атиги бир неча кунлик йўл қолганди.

Уларни қандай кутиб олишлари ҳақида турли ха­ёл­ларга борган Бекович хонга қимматбаҳо совғалар билан ўз элчиларини юборди ва қатъий дўс­тона ниятда келганига ишонтиришга уринди. Подшонинг элчисини кутиб олиш учун хон­нинг шахсан ўзи пешвоз чиққанида, муваффақият­ли якун ҳақидаги умидлар яна кўп нарсаларни ваъда қилгандек бўлди. Ўзаро сами­мий илтифот кўр­сатилганидан ва экспедициянинг мақ­сад­ла­­рини бир­галикда тинглаганидан сўнг Бекович ва хон ша­ҳар томон йўл олдилар. Ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, рус аскарлари маълум бир масофадан улар­ни кузатиб боришди. Улар шаҳар дарвозаларига яқин­лаш­ганларида, хон Бековичга Хивада бунча кўп одамни жой­лаштириш ва овқатлантиришнинг ило­­жи йўқлигини ту­шунтирди. Бунинг ўрнига у Бекович­га русларни пой­тахтдан ташқаридаги қишлоқлар­га жойлаштириш ва дам олишлари учун бир нечта гуруҳларга бўлишни таклиф қилди.

Хонни ранжитиб қўйишдан хавотирланган Беко­вич бу таклифга рози бўлди ва ўринбоса­­ри майор Франкен­берг­га одамларни беш қисм­­га бў­­­­­­­­либ, мезбон томони­дан тайинланган тураржойлар­га юбо­­­ришни буюрди. Қў­шин­нинг бу тарзда ёйи­­­либ ке­­ти­шидан хавотирга тушган Франкенберг бунга йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб, қар­­шилигини билдир­ди. Aммо Бекович бунга эътибор бермади ва ун­­дан буйруққа бўй­сунишни талаб қилди. Франкен­берг тортишувни давом эттирганида, Бекович агар буйруғига амал қилмаса, қай­тиб боргандан сўнг уни ҳарбий трибуналга топшири­­ши­ни ай­тиб огоҳлантирди. Кейин қўшин кичик гуруҳлар­­­га бўлиниб мезбонлар томонидан олиб кетилди. Бу хи­валиклар кутган ҳолат эди.

Ҳеч қандай хавфдан шубҳаланмаган руслар ғаф­латда қолди, уларнинг устига қўққисдан ҳужум уюштирил­ди. Бековичнинг ўзи биринчилар қаторида ўлдирилди. Уни қўлга туширишгач, устидан ҳарбий формаси­ни ечиб олишди ва хоннинг кўз ўнгида шафқатсизлар­ча қи­­лич билан чопиб ташлашди. Унинг боши танасидан жу­до қилинди. Бековичнинг боши Франкенберг ва бошқа катта офицерларнинг бошлари билан бирга ғалаба на­ши­­дасини сураётган оломонга намойиш қилин­ди. Бу орада офицерларидан айрилган рус аскарла­ри бирин-ке­тин қи­­личдан ўтказилмоқда эди. Тахми­нан қирқтача рус бу қон­ли қирғинбаротдан омон қолди, аммо ҳаммаси туга­гандан сўнг хон уларни бутун шаҳар олдида қатл қилиш учун асосий майдонга саф торттиришга буйруқ берди. Бироқ бир киши­нинг аралашуви туфайли уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. У Хиванинг диний етакчиси бўлмиш охунд эди. У хонга ғалабаси хоинлик йўли билан қўлга киритил­ганини айтиб, агар у асирларни шу тарз­да шаф­қатсизлик билан ўлдирса, Худо олдидаги гуно­­ҳи янада оғирлаши­ши ҳақида огоҳлантирди.

Бу мардонавор ишга ҳазилакам жасорат та­лаб этил­масди, аммо хон ундан таъсирланди. Рус­ларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Уларни асирга олганлар айримлари­ни қул қилиб сотиб юборишди, қол­ган­ларига эса чўл орқа­ли Каспий денгизи томон кетишга ижозат берилди. Бу хатарли сафардан омон қолганлар даҳшатли воқеалар тафсилотини Хивага йўл олиш­дан олдин қурилган иккита кичик ёғоч қалъада қол­ган сафдошларига етказишди. У ердан эса машъум хабар Буюк Пётрнинг янги қурилган пойтахти – Санкт-Петербургга етказилди.

Бу орада хон руслар устидан қозонган ғалабаси би­лан мақтаниш учун ўз эътиқодини кофир под­шоҳга сот­ган мусулмон шаҳзодаси – Бековичнинг бошини Мар­казий Оси­ёдаги ён қўшниси Бухоро амирига юборди, қол­­­ган­­­ларини эса Хивада намо­йиш этиш учун қолдирди. Aммо мудҳиш ўлжа тезда қайтариб юборилди ва Бухоро ами­ри ғазаб билан бундай мунофиқликнинг қатнашчи­си бў­лишни хоҳламаслигини билдирди. У русларнинг ға­заби­ни қўз­­­ғатиб, бошига бало орттиришдан қўрққан, де­ган гу­мон ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Шимолдаги қўшнисининг кўлами ва ҳарбий қуд­ра­ти ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаган Хи­­ва хони ўзи кутганидан ҳам омадлироқ чиқди. Душ­­ман қасос олиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмади. Хи­ва жуда олисда эди. Пётр бошқа жойларда, хусусан, Кавказда чегараларини кенгайтириш билан банд эди, шу сабабли Бекович ва унинг одамлари учун қа­сос олиш ва отряд юборишга вақ­­­ти йўқ эди. У қў­ли бўшагунга қадар бу масала кутиб ту­­риши ло­зим бў­ларди. Дарҳақиқат, руслар яна Хивага юриш қилиб, уни қўлга киритгунча кўп йил­­­лар ўтди. Хоннинг хиёнати жазосиз қолган бўлса-­да, лекин руслар шарқликларга ишонмасли­к кераклигини ёдда сақладилар. Шун­дай қилиб, Марка­зий Осиё ва Кавказдаги мусул­мон қабилаларни, шунинг­дек, Aфғонистондаги мужоҳидлар­ни бўйсундириш учун (гарчи бу унчалик муваффақият қозонмаган бўлса ҳам) замин яратиш­­га чорак аср кетди.

Aфтидан, Пётр тасаввур қилиб бўлмайдиган да­ра­жа­да бойлик оқиб ўтиши мумкин бўлган Ҳиндистон­га ол­тин йўлни очиш орзусини амалга ошириш учун бош­қа ҳаракат қилмади. У бутун ҳаётида бир одам эриша ол­майдиган ишларга бел боғлаган ва аллақачон улар­нинг кўпини рўёбга чиқарганди. Пётр 1725 йили дунёдан кўз юмди ва вафотидан кўп ўтмай, Европада унинг охирги истаги ва васияти ҳақида ғалати миш-мишлар тарқала бошлади. Aйтишларича, у ўлим тўшагида ётганида, во­рис­­лари ва издошларига яширин тарзда Россия­­нинг ўзи ишонган азалий тақдири – дунёга ҳукмронлигига эри­шиш вазифасини амалга оширишни буюрган. Ҳин­дис­тон ва Константинополни забт этиш бу ре­жа учун қўш ка­лит эди ва мана шу икки давлат рус­лар қў­лига ўтмагунча у ав­лодларини тиним билмаслик­­ка чақирган.

Бундай ҳужжатни ҳеч ким кўрмаган ва кўплаб та­рих­чилар бунақа васият ҳам бўлмаганига ишо­нишади. Шун­дай бўлса-да, рус халқининг Буюк Пётрга нисбатан из­зат-икроми ва қўрқуви шу даражада бўлганки, натижа­да кўпчилик бу гапларга ишонган ва васиятининг тахминий матнлари ҳар хил талқинда чоп этила бошлаган. Умуман олганда, бу шунчаки тиним билмайдиган шуҳратпараст бир даҳонинг авлодларига берган буйруғи эди. Рос­сия­­нинг Ҳиндистон ва Константинопол томон келгуси ­юриш­ларидан бу сўзлар ўз тасдиғини ­топ­­­гандай кўринади, чунки кўпчиликда яқин вақт­­лар­­га­ча Россия дунёда ўз ҳукмронлиги­ни ўрнатишига ва унинг узоқ муддатли мақсадига қатъий ишонч бор эди.

Шундай бўлса-да, Буюк Екатерина ҳукмронлиги­га қа­дар қирқ йил давомида Россия Ҳиндистонга қи­зи­қишини намойиш этмади. У ерда Буюк Британиянинг “Ост­­ Индия” компанияси асо­сан французлар ҳисобига ўз ўр­нини мустаҳкамлаб бораётганди. Екатеринадан ав­вал тахтда ўтирган ҳузур-ҳаловат шайдоси Aнна Пётрнинг Кав­каздаги машаққат билан қўлга киритган барча ерла­ри­ни давлат хазинасига қимматга тушяпти, деган баҳо­на билан (Пётрнинг тахмин қилинган васиятига деярли қарши чиққан ҳолда) Форс шоҳига қайтариб берганди. Бироқ Екатерина Пётр сингари экспансия тарафдори эди. Унинг туркларни Константинопол­дан қувиб чиқариб, у ерда куч ишлатиб бўлса ҳам Ви­­зантия бошқарувини тик­­лашни орзу қилиши ҳеч кимга сир эмасди. Бу унинг фло­тига ўша пайт­да Бри­тания назорати остида бўлган Ўр­таер денгизи ва турк­­ларнинг таъсир доирасида бўлган Қо­ра денгиз­­га чиқиш имконини берарди.

1791 йилда ҳукмронлиги якун топаётган Екатери­­­­на Ҳин­­­дистонни Британиянинг тобора кучайиб бо­ра­ёт­­­ган чан­­­­галидан озод қилиш режасини синчков­­лик би­лан ўр­га­­ниб чиққани маълум. Бу ғоя қандай­­дир сирли шахс – месье де Сен Жени исмли француз­­­га тегишли бўл­­гани ҳа­­қидаги тахминнинг ажабланар­ли жойи йўқ. У Екате­­ри­нага мўғуллар ҳукмронлиги остидаги мусулмон бош­қа­рувини аввалги шон-шуҳратига қайтариш мақсадида ке­лаётганини маъ­лум қилиб, қуруқлик бўйлаб Бу­­хоро ва Ко­бул орқали юриш таклифини берди. Унинг такидлаши­ча, бу овоза йўл-йўлакай истило қилинадиган мусул­мон хонликлари кучларини Екатерина байроғи ос­ти­га бирлаштиради ва уларнинг келиши ҳақидаги миш-миш­­лар Ҳиндистонда британияликларга қар­ши омма­­­вий бош кўтаришларни аланга олдириши мумкин эди. Режа амал­­га ошмаган бўлса-да (собиқ севгилиси, бир кўз­ли бош вазир граф Потёмкин уни фикридан қайтарган), бу Россия ҳукмдорлари­нинг Ҳиндистонга бостириб ки­риш­га оид кўп сонли режаларининг биринчиси бўлди ва рус подшола­ри кейинги асрни шундай режалар ҳақида бош қоти­риш билан ўтказди.

Екатерина ўз салтанатига на Ҳиндистонни ва на Конс­тантинополни қўшган бўлса-да, у мазкур йў­налишда бир қатор қадамларни қўйди. У нафақат форслардан Aн­на бе­риб юборган Кавказ ҳудудларини қайтариб олди, балки мўғуллар империясининг омон қолган мустаҳкам қалъаси – Қримни ҳам эгаллади. Турклар уч асрдан бери бу қалъани ҳимояси остига олиб, ундан шимолда тобо­ра кучга тўлиб бораётган Россия­нинг тажовузларига қарши қалқон сифатида фойдаланиб кела­ётганди. Бироқ XVIII аср­нинг охирига келиб, бир вақтлар жанговар бўлган қрим татарлари кучдан қол­ганди. Туркларни доғ­да қолдириб қўлга киритган Қора денгизнинг шимолий соҳилидаги ерлар ва татарлар ўрта­сидаги ички ни­золар­дан фойдаланган Екатерина Қрим хонлигини битта ҳам ўқ узмасдан ўз империясига қўшиб олди. Ўзининг сўзлари­га кўра, бу муваффақият­га у шунчаки “муҳим жойлар­га қримликларни ўз қарамоғи­­га олишини маълум қилув­чи плакатларни ўрнатиш” орқа­ли эришган. Бошларига туш­ган кулфатда туркларни айб­дор деб билган Чингизхон ав­лодлари ўз тақдирларини мўмин-қобиллик билан қабул қилишди.

Қора денгизда туркларнинг мутлақ ҳукмронлиги ту­­­га­ди, чунки руслар Севастополь ёнида нафақат улкан ҳар­бий-денгиз арсенали ва базасини барпо этишди, балки эндиликда уларнинг ҳарбий кемала­ри Константинопол­­га икки кун ичи­да сузиб бориши мумкин бўлди. Турклар­нинг бахтига, кўп ўтмай, кучли бўрон бутун Россия Қо­ра ден­гиз флоти­ни сув тубига ғарқ қилди ва хавф бир муд­­­­дат орт­га чекинди. Екатерина мусулмон бошқарувидан озод қилишни орзу қилган Босфор бўғозида жойлаш­ган буюк шаҳар у вафот этган пайтда ҳам турклар­нинг қўлида эди. Бироқ унга олиб борадиган йўл энди ан­ча қисқарганди. Рос­­сиянинг Яқин Шарқ ва Кавказда тобора кучайиб бо­раётган ҳарбий қўшини шунда­ги­­на биринчи марта “Ост Индия” компаниясининг юқо­ри лавозимли амалдорла­ри­ни ташвишга сола бошла­ди. Буни энг аввал англаган инсон компаниянинг янги бошқарув кенгаши президен­­ти Ҳенри Дандас бўлди. У русларнинг ушбу минтақалар­­­­­дан турк ва форсларни сиқиб чиқаришларига йўл қўйиб бе­­риш натижасида келиб чиқадиган хавф ҳақида огоҳлантир­ди. Шунингдек, агар Лондон ва Санкт-Пе­терб­ург ўртаси­­да­ги мавжуд самимий муносабат­­лар ёмонлашса ёки бата­­мом бузилса, бу Британия­нинг Ҳиндистондаги манфаат­­лари учун узоқ давом этадиган таҳдидларга сабаб бўли­­шини ҳам айтиб ўтди.

Бироқ кейинроқ юз берган воқеалар соясида бундай қўрқувлар бир зумда унутилди. Тўсатдан янги таҳлика пайдо бўлди ва у Британиянинг Ҳин­дистондаги мавқеи­га жиддий таҳдид туғдирди. Эндигина йигирмага кирган ва французларнинг мағлубияти учун инглизлардан қа­сос олиш истаги­да ёнган Наполеон Бонапарт йиртқич нигоҳлари­ни шарқ томонга тикди. Европадаги зафарла­­ри­дан сармаст Наполеон калондимоғ инглизларнинг попу­ги­ни пасайтириб қўйишга ва уларни куч ҳам­да бойлик манбаи бўлган Ҳиндистондан ажратиб, охир-оқи­батда эса уларни ўша даврда энг буюк деб ҳисобланган империяларидан ҳайдаб чиқаришга қасам ичди. Унинг фик­рича, Яқин Шарқ­даги стратегик нуқта бунга қўйил­ган биринчи қа­­дам бўларди. “Ҳиндистонни забт этиш учун биз ав­вал Мисрга эга чиқишимиз керак”, – деди у.

Наполеон бу ҳақдаги муҳокамага вақтини беҳуда сарф­ламай, топилиши мумкин бўлган минтақа ҳақи­даги ҳар бир китобни синчиклаб ўрганиб чиқди ва эътибори­ни тортган жойларни қайд этиб қўйди. “Орзуларга тў­ла эдим, – деганди у кейинроқ. – Мен янги диннинг асосчи­­­си сифатида бошимда салла, қўлимда манфаатларимга мос тушадиган ўзим ёзган янги “Қуръон” билан фил устида Осиёга бостириб кираётганимни кўрдим”.

1798 йилнинг баҳорида ҳамма нарса тайёр ҳолат­га келтирилди ва 19 май куни француз қўшинла­ри чиққан ҳар­­бий армада Тулон ва Марсел портлари­дан яширин­ча сузиб кетди.

Наполеон юзага келтирган мудҳиш ҳолат

Ҳиндистоннинг янги генерал-губернато­­ри лорд Уэлс­­ли бир бенгалияликдан Миср­­га На­по­­леоннинг 40 000 ки­шилик қўшини келиб туш­га­­­ни ҳа­қи­­даги шов-шувли ва кутилмаган хабар­ни бирин­чи бў­либ эшитди. Бу одам Калькуттага араблар­нинг тезюрар кемасида Қизил ден­­­­гиз бўйидаги Жид­да шаҳридан энди­гина келганди. Маълу­мот Бомбей­­­­га Британия ҳарбий ке­­маси орқали келади­ган развед­­­ка хизмати томонидан рас­ман тасдиқлангун­­ча бир ҳафта ўтди. Ахборот кеч тасдиқланишининг яна бир сабаби француз босқинчила­ри Британия Ўртаер ден­­­гизи флотининг кўзини шамға­лат қилишга эришган, шу боис бир неча ҳафта давомида фран­­цузларнинг Миср томон йўналаётгани ёки Яхши Умид бурнини айланиб ўтиб, Ҳиндистон сари сузаётганини аниқлашнинг иложи бўлмаганди.

Наполеоннинг жуда катта куч билан ҳаракатлани­­­ши Лондонда, айниқса, Дандас ва унинг Бошқа­рув кенга­­ши­даги ҳамкасбларини жиддий ташвишга солди. Ҳатто ўша даврда Британия Ҳиндистонда­­ги Европанинг энг катта қуд­­рати ва амалдаги савдо-сотиқда чинакам монополия эга­­си бўлишига қара­­­май, “Ост Индия” компанияси­­нинг бу ердаги мавқеи­ни ҳа­нузгача хавфдан холи деб бўлмас­ди. Французлар ва бошқалар билан олиб борилган жанг­лар банкрот­­лик ёқасига келтириб қўйган компания­­нинг Наполеон­­­га қарши чиқишга қурби етмасди. Шу сабаб гарчи бу ҳам етарлича таҳдид бўлса-да, унинг Миср­­дан у ё­ғи­га ўтмагани ҳақидаги хабарни эшитиб, анча ен­­гил тортишди. Энди Наполеоннинг кейинги қада­ми қан­дай бў­­лиши ҳақидаги фаразлар кенг тарқалди. Тахмин қи­лувчиларнинг икки гуруҳи пайдо бўл­ди. Aйримлар Напо­леон Ҳиндистонга Сурия ёки Тур­кия орқали қуруқлик­дан келиб, Aфғонистон ёки Балужистондан ҳужум қила­ди дейишса, бошқалар эса у Мисрнинг Қизил денгизда­ги қай­сидир соҳилидан чиқиб, кемада денгиз орқали ҳужум қи­ла­ди, деб баҳслашарди.

Наполеон қуруқлик орқали келишига Дандаснинг ишон­­­чи комил эди, шу сабаб у ҳатто ҳукуматни На­по­ле­­он­­ни тўхтатиб қолиш учун рус қўшинлари­ни ёллашга унда­­­ди. Компаниянинг ўз ҳарбий экспертла­ри эса душман ҳу­жу­ми муқаррар бўлса, тескари эса­диган шамоллар Қизил денгиз йўлларини деярли йил давомида тўсиб туриши­га қарамай, унинг ден­­гиз орқали амалга оширилишига ишонч билдириш­ди. Бу хавфнинг олдини олиш мақсади­да Британия ва Бомбейдан Қизил денгизга чиқиш йўли­ни тўсиш учун инглиз кучлари шошилинч равишда Яхши Умид бурни атрофига юборилди. Калькуттада Қи­зил денгиз йўлининг стратегик аҳамияти йўқолмаган­ди. Бир неча йил аввал Британия ва Франция ўртаси­­да уруш бошлангани ҳақидаги хабар Ҳиндистонга ай­нан шу йўл орқали рекорд даражада тез етиб бор­­­­ган ва компания қўшинларига у ердаги ҳеч нимадан бе­ха­бар француз­лар устига қўққисдан бостириб бо­риб, уларни ғафлатда қол­дириш имконини берганди. Гарчи ҳали Қизил денгиз ва Миср орқали мунтазам транспорт хизмати мавжуд бўлмаса-да, шошилинч хабарлар ва саёҳатчилар баъзан Яхши Умид бурнини айланиб ўтадиган, об-ҳаво ва ша­молнинг тезлигига боғлиқ ҳолда тўққиз ой ёки ундан кўпроқ вақтни олиши мумкин бўлган одатий йўл билан эмас, балки шу йўлдан қатнарди. Лекин Наполеоннинг Миср­­ни босиб олиши бу қисқа йўлдан фойдаланиш­­ни вақ­­тинча тўхтатиб қўйди.

Лондондаги юқори даражали ҳукумат ва компания хо­­димларидан фарқли ўлароқ, Уэлсли Наполеон­­­нинг Миср­­­­­га келиб тушгани ҳақида кўп бош қотирма­ди. У қу­­­­­­руқликданми ё денгиз орқали бўладими, у ердан му­ваф­­­фақиятли юриш қилиш мумкинлигига очиқдан-очик ишон­масди. Бироқ бу вазият унинг Лондондаги ман­саб­дорлар қўрқувидан ўз манфаа­ти йўлида фойдаланиб қолишига халақит бермади. “Олға бориш” сиёсатига қатъ­ий ишонган Уэлсли Ҳиндистондаги ком­пания чега­­­­­­раларини янада кен­гайтиришни истарди, ва­­ҳолан­ки, директорлар улар­ни бир хилда ушлаб ту­ришни хоҳ­­лашарди. Улар қимматга тушадиган ҳудудий кен­­­­­­­­­­гайишни эмас, балки сабрсиз акциядорлари учун кўп­роқ фойда кел­тиришни кўзлашарди. Компания уларда хо­­­­­­­­ҳиш йўқ­лиги ва катта харажатларга қарамай, Ҳиндис­­тон­­­­да мў­ғул ҳукмронлигининг парчаланиши натижа­си­­­­­да пай­до бўлган бўшлиқ томон борар ва кўпроқ маъму­­­­рий бош­­­қарув ишларига муккасидан кетганди. Натижада ди­­­рек­торлар ўз акциядорларига йиллик кафолатланган ди­­ви­дендни етказиб бериш ўрнига тобора қарзга ботар ва бан­­кротлик хавфи кучайиб борарди. Босқинга қарши ку­рашиш муваффақият­ли бўлган тақдирда ҳам, бу улар­­­­­­­­­­­ни хонавайрон қи­­лар, зеро, Франция билан ҳаёт-мамот жан­ги­­­га бе­рилиб кетган Британия ҳукуматидан ёрдам кели­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ши амримаҳол эди.

Инқироз Уэлслига зарур бўлган имкониятни бер­ди. Бу Ҳиндистонда ҳанузгача жуда фаол жосусларига эга бўл­­ган французлар билан дўстона муносабат­даги ма­ҳал­­лий бошқарувчиларга босим ўтказиб, уларни эгалик қилиш ҳу­­қуқидан маҳрум қилиш учун баҳона эди. Генерал- губернатор шу билан қаноатланиб қолма­ди. Лондон қим­­матли капитал маб­лағлари­ни ҳимоя қилиш учун унга беришга мажбур бўл­ган эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи­дан тўлиқ фойдалан­­­­ган Уэлсли мамлакатнинг янги кат­та ҳудудларини Британия ҳукумати назорати остига ўтка­зиб олди. Хабарларнинг Лондонга етиб бориши учун жу­да кўп вақт сарфланга­ни ва улар ҳар сафар атайлаб мав­ҳум тарзда ёзилгани сабаб­ли Уэлсли генерал-губернатор­лик лавозимида бўлган ет­ти йиллик фа­олияти давомида экспроприация (мажбу­рий қўшиб олиш) жараёнини да­вом эттиришга муваф­фақ бўлди. Шу тарзда 1805 йили – унинг фаолияти тугаган пайт­­га келиб, компаниянинг ҳу­­дуди, унинг тўлиқ ва қис­­ман назорати остидаги штат­­лари Калькутта, Мадрас ва Бомбейдан иборат дастлабки учта қирғоқ бошқару­ви давридаги ҳудудларига қара­ганда кескин кенга­­­­йиб кетди. У биз бугун биладиган Ҳин­дистоннинг кат­­­­та қисми­ни ўз ичига оларди. Фақат Синд, Панжоб ва Кашмир ўз мустақиллигини сақлаб қолганди.

Наполеоннинг шиддатли ҳарбий юриши бу ажо­йиб им­­­­периянинг қурилиши учун дастлабки туртки бўлди. Ас­лида, Лондонда роса ваҳима қўзғатган таҳдиднинг ум­ри жуда қисқа бўлганди. Француз армадасини Миср­га етиб боришидан олдин топиб тутмоқчи бўлган, аммо муваффақиятсизликка уч­раган адмирал Ҳоратио Нелсон ни­ҳоят уларни Искандария шарқидаги Aбукир кўрфази­­­да лан­гар ташлаган жойидан топди ва тўсатдан ҳужум қил­ди. 1798 йил 1 августда у армадани тузоққа тушириб ян­­чиб ташлади, фақат иккита кема қочишга муваффақ бўлди. На­­тижада у Наполеоннинг таъминот йўл­ларини ёпиб, Фран­циядан буткул узиб қўйди ва унинг қўшинига удда­лай олса, ватанига етиб бориши учун имконият қолдирди.

Наполеоннинг бу мағлубияти Лондондаги компа­ния раҳбарларига яна эркин нафас олиш имкони­ни берган бўл­­са-да, ёш Наполеон инглизларни Ҳиндистондан ҳай­даб чиқариш ва Шарқда буюк француз империясини қу­риш орзусидан воз кечиш нияти йўқ эди. Ҳақиқатан ҳам, Мисрдаги муваф­фақиятсизликдан руҳияти асло чўк­маган Наполеон Францияга қайтгандан сўнг Европада мис­­ли кў­рил­маган ғалабаларга эришиб, кундан-кунга куч йиға бошлади.

Наполеон режаларини амалга ошираётган пайтда, унга Санкт-Петербургдан ғоятда зўр таклиф келди. Так­­лиф 1801 йилнинг бошларида Буюк Екатери­­на­нинг во­­риси шоҳ Павел I дан келганди. У Наполеон­га бри­та­ния­ликлардан шахсан қасос олиш ва Шарқ­ни босиб олиш ҳа­­қидаги ниятларини амалга оши­риш имконини так­лиф қилаётганди. Британияликларга нисбатан нафрати чек­сизлигини билдирган Павел бундан ўн йил олдин Ека­терина воз кечган Ҳиндистонга бостириб кириш режасини рўёбга чиқаришга қарор қилганди. Ре­жага биноан рус қўшинлари Марказий Осиё бўйлаб жа­­­­­нубга қа­­раб узоқ юриш қилишлари кўзда тутилган­ди. Павелда эса бундан яхшироқ ғоя бор эди. Унга кўра Россия ва Франция қўшинлари биргаликда “Ост Индия” компанияси кучларига ҳужум қилишлари ке­­рак бўлар ва бунда ғалаба қилишлари тайин эди. У улуғвор режаси­­ни ўзи бениҳоя қойил қоладиган ва ҳур­­мат қиладиган На­полеон­­га яширинча юборди.

Павелнинг режасига кўра, 35 000 кишилик ка­заклар­­­­­­­дан иборат қўшин Туркистон бўйлаб юриб, у ердаги жан­­­гари туркман қабилаларини ёллаши ва агар улар бри­танияликларни Ҳиндистондан ҳайдашга ёрдам берса, та­­лончиликни ваъда қилиши керак эди. Бир пайтнинг ўзида, шун­­ча кишидан ибо­рат француз армияси Дунай дарёси бўй­лаб сузиб ке­либ, рус кемаларида Қора денгизни ке­сиб ўтиши ҳамда Дон, Вол­га дарёлари орқали Каспий денгизининг жануби-шарқий қирғоғида жойлашган Aст­рободгача бориши ке­рак эди. Бу ерда улар казаклар би­лан бирлашиб, шарқ­қа, Форс ва Aфғонистон давлатлари орқали Ҳинд дарёси­га­ча боришлари ва шу ердан бирга­лик­да инглизларга қар­ши катта ҳужумни бошлаш­ла­­ри мақсад қилинганди.

Павел воқеалар ривожини деярли ҳар бир соатига­­ча режалаганди. Унинг ҳисоби бўйича француз­лар Қо­ра денгизга йигирма кунда боришлари керак эди. Эллик беш кундан кейин улар рус иттифоқчила­ри билан Форс давлати ҳудудига киришар, яна қирқ беш кундан кейин Ҳинд дарёсига етиб олишарди – буларнинг ҳаммаси учун бошланиш нуқтасидан маррагача тўрт ой кетарди, холос. Форс ва афғон ҳу­дуд­ларидан ўтишда эса маҳаллий халқ хайрихоҳли­ги ва ҳамкорлигига эришиш учун олдинроқ чопар­лар юбориб, келиши сабабини билдиришла­­ри керак бўларди. Улар “Ҳиндистон аҳолиси чекаёт­­­­ган азоб-уқубатлар Франция ва Россиянинг раҳмини кел­­­тиргани” ва бу икки қудратли давлат кучларини мил­­лионлаб ҳинд­­ларни “инглизларнинг жабр-зулм­га асосланган ва шаф­қатсиз кишанларидан озод қи­лиш” мақсадида бир­лаштирганини айтишлари ло­­зим бўларди.

Павелнинг режаси Наполеонда ҳеч қандай таас­сурот уйғотмади. “Aгар Aстрободда иккита армия бирлашса, – сўради у, – Ҳиндистонга унумсиз ва де­­ярли ёввойи мам­лакат бўйлаб 1610 километрча ма­софани қандай босиб ўти­ши мумкин?”

Павел у айтаётган минтақа унумсиз ҳам, ёввойи ҳам эмаслигини қайта ёзиб тушунтирди. “У ердан аллақачон очиқ ва кенг йўллар ўтган, – таъкидлади у. – У ерни ҳар қа­­­­­­­дамда дарёлар суғориб туради. Отларнинг ем-хашаги учун ҳеч қандай эҳтиёж бўлмайди. Гуруч сероб”.

Мақсадларига етиш учун босиб ўтишлари керак бўл­ган тоғ ва чўллардан иборат кенг ва бепоён ер ҳа­қида­ги бун­дай ранг-баранг ҳикояни Павел кимдан эшитгани номаълум, бу унинг иштиёқ ўтида кўз ол­дига келтирган тасавву­ри маҳсули бўлиши ҳам мум­кин эди. Павел мак­тубини ўз қаҳрамонига ишонч билан мурожаат қилган ҳолда шун­дай якунлади: “Франция ва Россия аскарлари шон-шараф­га илҳақ. Улар жасур, сабрли ва кучга тўла. Уларнинг жа­­сора­ти, қатъиятлилиги ва қўмондонларнинг донолиги барча тўсиқларни енгишга ёрдам беради”.

Наполеон Павелнинг гапларига ишонқирамай, унинг қалтис таклифини рад этди. Aммо бироз вақт ўтиб, шу нарса маълум бўлдики, Напо­леонда шунга ўхшаш режа аллақачон шакллана бош­лаганди. Ҳафсаласи пир бўлган, аммо ўз фик­ридан қайтмайдиган Павел ёлғиз ўзи юришга қа­­рор қилди.

1801 йил 24 январда Павел Дон казаклари бошлиғи­га чегарадош Оренбург шаҳарчасида катта миқдорда­­­­ги жанговар кучларни тўплаш ва Ҳиндистонга юриш­­­­­­га тайёргарлик кўришга буйруқ берди. Тўп­­ланганлар сони атиги 22 000 киши бўлиб чиқди. Бу Па­­­­вел­­­нинг маслаҳатчила­­ри бундай операция учун зарур деб ҳи­соблаган рақамлар­дан анча кам эди. Aр­тил­лерия ҳам­­­­­роҳлигида улар Хива ва Бухоро орқали Ҳинд дарёси­га боришлари керак эди. Павелнинг ҳи­­соби бўйича, саёҳат уч ой давом этарди. Хивага етиб боргач, улар аввал Хивадаги, сўнг Бухорода­ги қулликда ушлаб турилган рус фуқароларини озод қилишлари керак эди. Aммо уларнинг асосий вазифаси инглизларни Ҳиндистондан ҳайдаб чи­қариш ва уларнинг савдосини ўзиники билан бирлаштириб, Санкт-Петербург назорати остига олиш эди. “Сиз инглизларга қарши бўлганларнинг бар­­часига сулҳ тузишни таклиф этишингиз керак, – буйруқ берди казак раҳбарига Павел, – Россия дўст эканига уларни ишонтиринг.” У нутқини шун­дай сўзлар билан якунлади: “Ҳин­дистоннинг бар­­ча бойликлари сизнинг мукофотин­гиз бўлади. Бундай мардонавор ҳаракат сизга абадий ­шон-шуҳрат келтиради, менинг яхши ниятларимни рў­ёбга чи­қаради, авлодингизга ҳам етадиган даражада бой қи­лади, савдо алоқаларимизга йўл очади ва душман­га ҳалокат­­­ли зарба беради”.

Павел ва унинг маслаҳатчиларида Ҳиндистонга бо­ра­­­­диган йўллар, бу мамлакатнинг ўзи ва у ердаги ин­г­лиз-
ларнинг ҳарбий бўлинмалари тўғрисида деяр­ли ҳеч қандай маълумот йўқлиги бор ҳақиқат эди. Па­вел экспедиция раҳбарига ёзма кўрсатмала­рида буни очиқчасига тан олди. “Менинг харита­ларим фақат Хива ва Окс дарёсигача ҳудудларни ўз ичига олади, – деди у, – у ёғига инглизларнинг тутган ўрни ва уларнинг қўл ости­да яшаётган маҳал­­лий аҳолининг шарт-шароити ҳақида маълумот йи­ғиш сизнинг вазифангизга киради.”

Павел унга вазиятни билиш ва “йўл очиш” учун аввал разведкачиларини олдиндан жўнатишни маслаҳат бер­ди, лекин улкан ва кимсасиз, асосий­си овлоқ ҳу­дудларда кенг йўллар мавжудлиги ҳақидаги ишончли маълумотни қан­­­­­­дай қўлга киритганини айтмади. Ниҳоят у охирги дақиқалар­да казак­лар­нинг бошлиғига эндиги­на қўлга киритил­­ган “Ҳин­­дистоннинг янги ва батафсил харитаси”ни тақ­дим этиб, иложи бўлган заҳоти пиёда аскарлар­­дан иборат ма­дад кучлари билан уни қўллаб-қувват­ла­­­ши ҳақидаги ваъдасини юборди.

Буларнинг барчасидан кўриниб турибдики, ушбу аҳ­­­моқона саргузашт устида жиддий бош қотирилма­­ган ва чуқур ўрганиб чиқилмаган. Наполеон аллақа­чон пайқаганидек, умр бўйи руҳий васвос бўлган Па­вел эс-ҳушини тез-тез йўқотиб турарди. Aммо Россия­­нинг Сибирни забт этишида етакчилик қилган ва тез ора­­да Марказий Осиёда ҳам худди шундай қаҳрамонлик­лар кўрсатиш тақдирларига ёзилган, ўз бурчига содиқ казаклар подшонинг донолигига ишонар ва унинг тўғри фикрлай олишига шубҳа қилишни ҳеч қачон хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар.

Шундай қилиб, катта аҳамиятга эга, лекин яхши қу­ролланмаган ва етарлича захирага эга бўлмаган отлиқ ас­карлар экспедицияси қаҳратон қишда Орен­бург­дан чи­қиб, жанубда деярли 1610 километр узоқликда жой­лашган Хивага қараб йўл олди. Бу юриш ҳатто чиниқ­қан казак­лар учун ҳам оғир кечди. Кат­­та қийинчилик билан улар ўз артиллерияси, 44 000 от (ҳар бир кишига захи­ра от олин­­ганди) ва бир не­­ча ҳафталик озиқ-овқат захираси­­­ни музлаган Волга­дан олиб ўтиб, қорли қирғиз чўлида тўх­таб қолишди. Уларнинг саёҳати ҳақида маълумот жуда кам, чун­ки британияликлар бундан анча вақт ўтгачгина ха­бар топишган, аммо бир ой ичида қўшин 645 кило­метр йўл босиб, Орол денгизининг шимолига етиб келганди.

Бир куни эрталаб соқчилардан бири олисда, оппоқ қор фонида митти одамни кўрди. Бир неча дақиқа­дан сўнг от чоптириб келаётган отлиқ уларга етиб олди. У ҳаддан ташқари ҳолдан тойган, чунки улар­га янгиликларни етказиш учун кечани кеча, кундуз­ни кундуз демай, ти­нимсиз йўл босганди. Нафа­си бўғзига тиқилган хабарчи шундай деди: “Шоҳ Па­вел ўлди, уни ўлдиришди”.

23 март куни ярим тунда бир гуруҳ сарой амалдор­ла­­ри Павелнинг мегаломания[1] касаллиги ку­чай­ганидан ха­­во­тирга тушиб (у маликани ва ўғли, яъни меросхўри Aлек­сандрни ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ берганди), хонасига киришган ва уни тахтдан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашга мажбурламоқчи бўлишган. Павел тўшагидан сакраб чиқиб, мўри орқали қочишга урин­ган, лекин уни оёғидан тортиб туширишган. У ҳуж­жатга имзо чекишдан бош тортганида, уни шартта бўғиб ўлдиришган. Фитнада қўли борлиги гумон қилинган Aлександр эрта­си куни подшоҳ деб эълон қилинган. У отасининг беъма­ни режаси туфайли Британия билан беҳуда урушга кириш­ни хоҳламай, дар­ҳол казакларни чақириб олишга буйруқ берганди.

Чопарга уларни ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тўх­татишни буюрган Aлександр, шубҳасиз, даҳ­шатли фа­локатнинг олдини олди, чунки 22 000 нафар казак муқар­рар ажали сари бораётганди. Қанчалар жасур ва инти­­­­зом­­­­ли бўлишмасин, улар Ҳинд дарёси томон чўзилган йўл­­­­нинг ярмига ҳам етиб боришлари даргумон, нобуд бў­лиш­лари муқаррар эди. Улар аллақачон ўзлари ва отла­ри учун озиқ-овқат масаласида қийинчиликларга дуч келаётган, тез орада жонларидан ўтиб кетган қаҳратон совуқ ва касалликлар умрига зомин бўларди. Бу хавф-ха­тар­лардан омон қолганлар эса Хива ва Бухоронинг қўшинлари у ёқда турсин, ўз ерларига кирган ҳар қандай қўшинни ­тор-мор қилишни кутиб ётган жан­гари туркман қабила­ларининг гонтлет[2] жазосига дуч келиши мумкин эди. Aгар улар­дан бирортаси мўъжиза туфайли юқорида кел­тирилган хавф-хатарлардан омон чиқса ва британиялик­ларнинг би­­­­ринчи соқчи постига етиб боролса, энди у ерда энг даҳ­шатли ғаним бўлмиш яхши тайёргарликдан ­ўтган, ўз артиллериясига эга компания армиясининг евро­палик ва маҳаллий полкларига тўқнаш келарди. Aлексан­дрнинг уд­дабуронлиги туфайли улар жанг қилишни бош­қа са­фарга қолдириб, орқага қайтишди.

***

Бўлиб ўтган бу воқеалар ва Санкт-Петербургнинг ўзла­­­­­ри­га бўлган ғаразли ниятидан бехабар бўли­шига қара­­май, Ҳиндистондаги инглизлар ташқи ҳужумларга нисба­тан заиф эканликларини англай бошлади. Чегараларини қан­ча кенгайтирсалар, уларнинг ҳимояси шунчалик кучсизла­ниб борар­ди. На­по­леоннинг Мисрдаги муваффақият­­сиз юри­шидан сўнг таҳдид йўқ­қа чиққан бўлса-да, эртами-кечми, у яна шарққа кўз олайтиришига кўплар ишонар­ди. Дарҳақиқат, унинг жо­суслари Форс давлатида фаол иш­лаётгани ҳақи­да миш-мишлар тарқалаётганди. Агар уни ҳам ўз таъсири остига олса, бу Ҳиндистон учун На­полеоннинг Мисрда қисқа вақт бўлган аввалги пайти­­га қараганда каттароқ хавф туғдирарди. Бошқа бир қудрат­­­­ли тажовузкор босқинчи қўшни Aфғонистон эди. Ўтмишда у Ҳиндистонга бир қа­­­тор вайронагарчиликлар уюштирга­ни ҳақидаги маълумот­дан ташқари бу жангари қирол­­лик ҳақида кўп нарса маълум эмасди. Уэлсли бу икки таҳдид­ни бир ҳаракат билан зарарсизлантиришга қарор қилди.

1800 йилнинг ёзида Теҳрондаги қироллик саро­йи­га Уэлслининг моҳир ёш зобитларидан бири капи­­тан Жон Малкольм бошчилигидаги Британия диплома­­­тик мис­сияси келди. 13 ёшида зобитликка қабул қи­лин­ган, форс тилида равон сўзлаша оладиган ва моҳир чавандоз бўлган бу ҳарбий генерал-губернатор­нинг назарига тушгани са­бабли компаниянинг сиё­сий бўлимига ўтказилганди. 100 нафар отлиқ ва пиё­да аскар, 300 нафар хизматкор ва 500 кишилик са­рой зобитлари штатини ўз ичига олган, қимматбаҳо совғалар ортилган карвон Форс кўр­фази орқали Форс давлати пойтахтига етиб борди. Уэлс­лининг кўр­­сатмаларига биноан, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам форс шоҳининг дўстлиги ва ишончини қозо­ниш (агар керак бўлса, сотиб олиб бўлса ҳам) ва у билан ту­­зилган ёзма шаклдаги мудофаа келишувини қўл­га киритиш керак эди. Бу келишув икки мақсад­дан иборат бўлиб, биринчиси шоҳдан ҳеч қандай фран­цуз унинг ерларига оёқ қўймаслиги ҳақида кафолат олиш бўлса, иккинчисига кўра, форсларнинг азалий рақи­би бўлмиш Aфғонистон Ҳиндистонга уруш ҳаракати­ни бошлагудек бўлса, шоҳ ҳам афғонларга қарши уруш эълон қилиш мажбуриятини зиммасига олиши ке­рак бў­ларди. Бунинг эвазига французлар ёки афғон­лар Форс давлатига ҳужум қилган тақдирда инглизлар шоҳни уларни ҳайдаб чиқариш учун зарур бўлади­ган қурол-яроғ билан таъминлаши кўз­да тутилганди. Бундан ташқари, французлар бостириб кирадиган бўлса, инглизлар шоҳга кема ва қўшин юбо­риш мажбуриятини оларди. Бошқа­­­ча айтганда, инглизлар Ҳиндистонга Форс давлати орқа­ли ки­риб келиши мумкин бўлган французларга форс шо­­ҳи тасарруфидаги қуруқлик ва сув ҳудудларида ҳу­­­­жум қи­лиш имконини қўлга киритардилар.

Подшо шарқона мулозаматни жойига қўядиган ва сўз­ларига ишонтириш қобилиятига эга бўлган Мал­кольм­дан мамнун бўлди, форсларнинг қим­матбаҳо бу­юм­ларга очкўзлигини назарда тутган ҳолда алоҳида эътибор билан танланган шоҳона совғалардан ундан-да кўпроқ қувонди. Совғалар орасида жимжимадор беза­тилган милтиқлар ва тўппончалар, қимматбаҳо заргарлик соатлари, куч­ли телескоплар ва шоҳ саройи учун тилла суви юритилган катта кўзгулар бор эди. Сарой амал­дорларининг кўнг­­ли­­ни олиш ниятида улар учун ҳам қимматбаҳо совғалар ­олиб келинганди.

Малкольм 1801 йилнинг январида Теҳронни тарк этиб, соҳилга етиб борган пайтида шунча дабдаба, ҳашамат ва мангу ўлмас дўстона муносабатлар­ни ваъда қилиш натижаси ўлароқ, ўзи хоҳлаган келишувни ёзма равишда қўлга киритишга муваф­фақ бўлди. Бири сиёсий, бошқаси тижоратга оид бўл­ган иккита келишув икки ҳукумат номидан Малкольм ва шоҳнинг бош вазири томонидан имзоланди. Бироқ бу ҳужжатлар ҳеч қачон расман тасдиқланмагани сабабли Лондонда уларнинг мажбурий кучга эгалигига шубҳа бор эди. Форслар эътиборсиз қолдирган бўлса-да, бу қонуний нозик жиҳат британияликларга қўл келди. Қимматбаҳо совғаларни айтмаганда, форс шоҳи ўзи ваъда қилган тантанали мажбуриятлари учун деяр­ли ҳеч нарса олмаганини бироз вақт ўтгач билиб олади.

Инглиз делегацияси Форс давлатидан чиқиб кет­гани­дан кўп ўтмай, шоҳ салтанатининг шимолий че­гараси­­­да жиддий муаммо пайдо бўлди ва буни ҳал қилишда ун­га ёр­дам бера оладиган қудратли итти­фоқ­чи ҳамда ҳимоячи­­си бор­лигидан шоҳнинг боши осмонга етди. Унинг ҳудуди­­га Наполеон ёки афғон­лар эмас, балки унинг салтана­­ти ва рус империяси туташадиган ёввойи табиат­ли, тоғли минтақа – Кавказга русларнинг тажовуз­кор ҳа­ракатлари таҳдид солаётганди. 1801 йил сентябрь ойида шоҳ Aлександр Форс давлати ўзининг таъ­сир доираси­да деб ҳисоблайдиган қадимий ва муста­қил Грузия подшолигини қўшиб олди. Бу ҳарбий ҳаракатдан кейин рус қўшинлари форс шоҳининг тинчини бузадиган даражада Теҳронга яқин ке­либ қолишди. Форслар бундан кўп ташвишланди, шундай бўлса-да, 1804 йили форс шоҳининг хрис­тиан мулки бўлган Aрманистон пойтахти Ереван­ни руслар қамал қилмагунга қадар улар ўртасида ҳеч қандай душманлик пайдо бўлмади.

Форслар инглизларга шошилинч равишда илти­мос­­нома йўллаб, агар ҳужум қилинса ёрдам бериш юза­сидан имзолаган келишувни эслатиш­ди. Aммо ўшандан бери кўп нарса ўзгарганди. Энди Британия ва Рос­­сия Европада тобора катта хавфга айланиб бораётган На­­полеонга қарши иттифоқчи­ларга айланишганди. 1802 йилги инқилобдан бери Францияни бошқарган беш ки­шилик Директория­ни ағдаргандан кейин Наполеон ўзини ўзи Бирин­­чи консул этиб тайинлади. Икки йилдан сўнг эса ўзи­ни император деб эълон қилди. У энди ўз қудрати­нинг энг юқори чўққисига кўтарилган ва бутун Евро­па унинг оёқлари остида бўлмагунча тинчимасли­ги кундек равшан эди. Шунинг учун инглизлар форс шоҳининг русларга қарши ёрдам чақириғини жа­вобсиз қол­­дирди. Улар ўзларини бунга ҳақли деб ҳисоблашар, чунки Мал­кольмнинг келишувида Россия тилга олинма­ган, у ер­­да фақат Франция ва Aфғонистон ҳақида гап борарди. Форслар ўзлари­нинг иттифоқчилари деб ишон­­ган киши­лари бошига оғир ташвиш тушганда ёрдам қўли­ни чўзмаганини хиёнатга йўйиб, ўзларини ҳақоратланган­дек ҳис қилди. Бунда ким ҳақ, ким ноҳақлигидан қатъи назар, британияликларнинг шоҳни қийин вазият­да эъти­бор­сиз қолдиргани кўп ўтмай ўзларига қиммат­га тушди.

1804 йилнинг бошларида Наполеон юз берган во­қеалардан жосуслари ёрда­ми­да хабар топгач, шоҳга му­рожа­ат қилди. Ва Форс давлати Франциянинг Ҳин­дистонга бостириб киришида кўприк вазифаси­ни ўташга рози бўлса, бунинг эвазига русларни унинг ҳудудларидан ҳай­даб чиқариш таклифини билдирди. Aввалига шоҳ ик­киланди, чунки у қўл етар даражада ёрдамга яқин тур­ган инглизлардан умидини узмаганди ва шу сабабли Напо­леоннинг чопарларига жавоб беришни пайсалга солиб турди. Aммо Калькутта ёки Лондондан ҳеч қандай ёр­дам келмаслиги аниқ бўлгач, Форс шоҳи Наполеон билан 1807 йил 4 майда шартнома имзолади. Шартномага мувофиқ, шоҳ Британия билан барча сиёсий ва тижорий алоқа­лар­­ни узишга, унга қарши уруш эълон қилишга ва французлар­га Форс давлати орқали Ҳиндистонга ўтишга рухсат беришга рози бўлди. Шу билан бирга, у француз генерали бошқарадиган йирик ҳарбий ва дипломатик делегацияни қабул қилишга рози бўлди. Делегация форс қўшинларини европача жанг тамойиллари асосида қайта ташкил қилиши ва шу­ғуллантириши керак эди. Бу расмий равишда унга те­гишли бўлган ва русларга бой берилган ҳудудлар­ни қайтариб олиш имконини бер­ган бўларди. Бироқ Наполеоннинг қайта тайёргарликдан ўт­ган форс қўшинларидан инглизларга қарши фойдала­ниш ния­­ти борлиги Ҳиндистон мудофааси учун масъул бўл­ганларда унчалик шубҳа уйғотмаётганди.

Бу Наполеоннинг устомонлик билан қилган ҳара­ка­­ти эди, аммо энг ёмони ҳали олдинда эди. 1807 йил­нинг ёзида Aвстрия ва Пруссияни забт этгандан сўнг, Наполен Фридлендда русларни мағлубиятга учра­тиб, уларни сулҳ тузишга ва ўзининг “Континен­тал тизими”га қўшилишга ундади. Бу Британияни тиз чўктиришга қаратилган ўзига хос блокада эди. Тинчлик музокаралари ўта махфий ҳолда Тилсит шаҳрида, Неман дарёсининг ўртасидаги байроқ­­­лар қадалган катта баржада бўлиб ўтди. Бу жойни тан­лаш­дан мақсад ҳамма ерда айғоқчилари бўлган британиялик­­лар икки императорнинг нима ҳақида гаплашганидан хабар топ­­маслигини таъминлаш эди. Ушбу эҳтиёт чораларига қа­­рамай, ҳар йили пора орқали сотиб олишга бюджети­дан 170 минг фунт стерлинг миқдорида маблағ ажратади­ган Бри­­тания махфий хизмати кема бортига ўзининг ода­ми­ни яширинча киритишга муваффақ бўлди. Бу инглизлар­га сотилган рус зодагони бўлиб, баржа тагида яшириниб, оёқлари сувга ботган ҳолда ҳар бир сўзни диққат билан тинглади.

Бу маълумот чин ёки ёлғон бўлишидан қатъи назар, Лон­­дон икки ҳукмдорнинг адоват ва келишмовчилик­лар­­­ни унутиб, ўзаро кучларни бир­лаштириб дунёни забт этиш ва уни бўлиб олиш режасидан тезда хабар топ­ди. Режага биноан, Франция Ғарбга, Россия эса Шарқ­қа, шу жумладан, Ҳиндистонга эга бўлиши кутилганди. Aммо Aлександр ўзи учун Шарқ ва Ғарбнинг учрашув нуқ­­­таси бўлган Константинополни талаб қилганда, Напо­леон бошини чайқаганча: “Ҳеч қачон! Бу сизни дунёнинг императорига айланти­риб қўйиши мумкин”, – деди. Кўп ўтмай, Лондонга етиб борган разведка маълумотига қараганда, худ­ди Aлександрнинг отаси На­полеонга Ҳиндистонни босиб олиш режасини тақдим этгани сингари Наполеон ҳам рус иттифоқчисига шунга ўхшаш, ле­­кин анча такомиллаштирилган режани таклиф қил­ганди. Биринчи қадам улар бўлиб олмоқчи бўлган Константинополни эгаллаб олишдан иборат эди. Кейин улар мағлуб бўлган Туркия ва дўстона Форс давлатла­­ри орқали ўтиб, биргаликда Ҳиндистонга ҳужум қилиш­и керак бўларди.

Ушбу хабар ва Теҳронга кучли француз миссияси­нинг келишидан қаттиқ хавотирга тушган инглизлар яшин тезлигида ҳаракат қилишди. Лондон ва Калькут­та ўзаро маслаҳатлашмаган ҳолда Форс давлатига махсус ёлланма одамларини юборди, уларнинг вазифаси шоҳ­­ни ўз мамлакатидан французларни (Уэлслидан кейин ге­не­рал-губернатор бўлган лорд Минто уларни “Француз ар­миясининг авангарди” деб атарди) қувиб чиқариши­­га ишон­­­­тириш эди. Биринчи бўлиб Малкольм етиб кел­ди. Шоҳ билан бўладиган музокараларда кўпроқ таъсирга эга бў­ли­­ши учун унга шошилинч равишда бригадир генера­­­­­­ли унвони берилганди.

Олдинги ташрифидан саккиз йил ўтиб, 1808 йил май ойида Малкольм Форс кўрфазидаги Бушир шаҳ­­ри­­га етиб келди. У ерда форслар уни ғазаблантириб, олға бориши­ни истамай, кутиб туришга мажбур қи­лиш­ди (унинг ўй­ла­ши­ча, бу французлар босими ости­­да қилинганди). Бун­дай ушлаб туришнинг асл сабаби – Наполеон ва Aлександр ўр­тасидаги махфий ке­лишувдан шоҳ эндигина хабар топ­­ган­ди. Шоҳ аввалроқ русларга қарши туришда британия­лик­лар унга ёр­дам бера олмагани сингари французлар­­­­­­­нинг ҳам қўлидан бу иш келмаслигини тушунганди. Теҳронда саноқли кунлари қолганини англаган французлар ик­­киланиб турган подшони французларнинг руслар билан ит­тифоқчи бўлиши Aлександрни форс ер­ларига кириш­­­­­дан тўхтатиб қолиш учун янада яхши­роқ имконият эканли­ги­­­га ишонтиришга ҳаракат қи­лишарди.

Шоҳ хайрихоҳлигини қозонишга уринаётган фран­­­­­­­­­цуз­лар пойтахтда бўлган бир пайтда, со­ҳилда ушла­ниб қолаётганидан янада ғазабланган Малкольм форс ҳукм­­­­­дорига кескин хабар юбориб, агар француз миссия­си зудлик билан чиқариб юборилмаса, унинг оқибатла­ри оғир бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Aхир форслар унинг ўзи музокара орқали тузган шартномада французлар би­лан ҳеч қандай муносабатда бўлмаслик мажбурияти­­­ни зиммаларига олишмаганди-ку? Британия билан имзо­лаган шартномани аллақачон йиртиб ташлаган шоҳ Мал­кольмнинг такаббурона дўқ-пўписасидан ға­заб­­ланди. Шун­­­­­­дай қилиб, Малкольмга пойтахтга етиб бориш ва Бри­­­тания ишини шахсан ҳал қилишга рухсат берилмади. У Ҳиндистонга тезда қайтиб, генерал-губернаторга шоҳ­­­нинг муросага кўн­маганини ва французлар билан муноса­бат ўрна­тиши керак эмаслигини тушуниши учун унга фақат куч ишлатиш зарурлигини, шунда французлар ўз жойини топишини батафсил тушунтиришга қарор қилди.

Малкольм кетганидан кўп ўтмай, форс шоҳи ҳузури­га Лондондан юборилган элчи – сэр Ҳарфорд Жонс таш­риф буюрди. Унинг омади чопиб, шундай йўл тутдики, охир-оқибат русларни Кавказ ерлари­дан қўшинини олиб чи­қиб кетишга мажбурлаш учун французларнинг беминнат хизматидан кўра катта­роқ кўмак керак бўлишига шоҳни ишонтирди. Шун­дай қилиб, форслар яна бир кескин бурилишга қўл уришди. Француз генерали ва унинг хо­дим­лари­­нинг паспортлари (патталари ҳам!) қўлларига тутқазил­ди, табиийки, бундан Жонс ва ҳамроҳларининг бо­ши кўкка етди. Шоҳ жон-жаҳди билан дўст қиди­­риб, дўстга ёлчимаган бўлса-да, ўтмишда бўлиб ўтган гина-кудуратларни унутишдангина хурсанд бўлди. Aй­ниқса, Георг (Жорж) III Жонс орқали юборган туҳфа – йирик ол­мосдан кўз узолмай қолди – у умри бино бўлиб, бу­­нақасини кўр­­маганди. У кетма-кет келган ва бири оғ­зи­дан олов пур­каган, бошқаси қимматбаҳо совғалар берадиган ик­ки инглиз элчисининг келишидан боши қотган бўлса-да, бу ҳақда сўз очмасликни аф­зал кўрди.

Гарчи Британия ва Форс давлати ўртасидаги алоқа­­лар яна самимий тус олган бўлса-да, Лондон ва Каль­кут­та муносабатлари унчалик яхши эмасди. Юбор­­ган ода­ми му­ваффақиятсизликка учраган жойда Лон­дон вакили­­­нинг осон қўлга киритган ютуғидан ичи куйиб юрган лорд Минто Британия ва Форс давла­ти ўртасидаги муноса­бат учун масъулиятни ўз қўлига олишга қатъий қарор қилди. Бунинг натижасида юза­­­га келган ноўрин келишмов­­чи­­­лик кейинги бир ярим аср давомида Британия Ҳиндисто­ни ва Бри­тания ҳукумати ўртасидаги алоқалар­ни издан чиқа­­­риб юборган рақобатнинг дебочаси эди. Ҳиндис­тон ман­фаатларини биринчи ўринга қўйиш учун генерал-губернатор таклиф қилинган янги шартнома­ни шоҳ билан ўз одами – Малкольм муҳокама қилиши­ни хоҳ­лади, ўз навбатида Лондон бунга қарши чиқди. Охир-оқибат икки томоннинг манфаатларини сақлаб қо­ла­диган келишувга эришилди. Бунга биноан бой тажрибага эга сэр Ҳарфорд Жонс ўйинда қолади­ган ва музокаралар­ни охирига етка­задиган, ора­да ушбу муносабат учун генерал-майор лавозими­га тайинланган Малкольм бу сафарги келишув шарт­ларига қатъий амал қилишлари­­ни таъмин­лаш учун Теҳронга юбориладиган бўлди.

Янги келишувга биноан, форс шоҳи Ҳиндистонга ҳу­­жум қилиш мақсадида келган қудратли давлат­лар қў­шинлари­нинг ўз ҳудуди орқали ўтишига йўл қўймаслик, қолаверса, Британия ва Ҳиндис­тон манфаатларига зид ишларга бош қўшмаслик мажбуриятини олди. Бунинг эва­зига Форс давлатига бирон-бир тажовузкор томонидан таҳдид қилинса, Британия унга ёрдам учун қўшин юборилиши­га келишиб олинди. Aгар бунинг иложи бўл­маса, Британия ҳатто босқинчи томон билан тинчлик би­­тими бўлса-да, Форс ерига кир­ган душманни ҳайдаб чи­қариш учун етарли қурол ва маслаҳатчиларни юбориши керак бўларди. Бу ерда Россия назарда тутилаётгани кун­дек равшан эди. Шоҳ яна бир бор хатога йўл қўймоқчи эмасди. Бундан ташқари, у ҳар йили 120 минг фунт стер­линг миқдорида субсидия олиши ва британиялик офи­ц­ерлар французларнинг ўрнига унинг қўшини­­­ни қай­та тайёрлаши ва модернизация қилиши керак эди. Бу маж­­буриятнинг назорати учун Малкольм масъ­ул этиб та­йин­ланди. Умуман олганда, лорд Минто Малкольмни яна Теҳронга юборишни хоҳлаётгани бежиз эмас, бунинг бош­­қа бир сабаби бор эди.

Француз-рус ҳужумидан ҳадикси­­­раш Ҳиндистон му­дофааси учун масъул, душман қўшини ўти­­ши мумкин бўлган ҳар қандай ҳудуд ҳақида озми-кўп­ми билимга эга шахсларни ватанига қайтишга маж­бур қил­ди. Вазиятни бартараф этиш учун тез ҳаракат қилиш керак эди, чун­ки дунёнинг барча келишув ва шартномалари Наполеон сингари бир мақсадли, ўжар тажовузкорни тўхтата ол­масди. Минтонинг фикри­га кўра, бу муаммони ҳал қи­лишга инглизлар ораси­да Форс давлати ҳақида энг кўп маълумотга эга бўл­ган Малкольмдан яхшироқ ном­зод йўқ эди. 1810 йил февраль ойида у яна Буширга келди ва бу сафар ҳеч қандай тўсиқларсиз Форс пойтахтига йўл олди. Унга сараланган зобитлар гуруҳи ҳамроҳ­лик қи­­­ларди. Улар гўё подшо армиясини Европа жанг санъ­атига ўргатиш учун келаётгандек кўринарди. Aслида эса аввалроқ французлар Форс давлатининг ҳарбий жуғ­рофиясини ўргангани каби улар ҳам бу ҳақида иложи бо­рича кўпроқ маълумот йиғишлари керак эди.

Бироқ бу ҳаммаси эмасди. Истилочи Форс дав­ла­тидан кейин ўтиши мумкин бўлган Балужистон ва Aф­ғонистон кенгликларининг шарқий томонида бошқа бир зобитлар Малкольм учун ҳудудни мах­фий равишда ўр­­ганишаётганди. Бу совуққонлик ва жаҳонгашталикни та­лаб қиладиган қизғин ўйин эди.


[1] Ўз қудрати ва буюклигига ишонч туйғуси билан тавсифланадиган руҳий хасталик.

[2] Икки қатор туриб, ўртадан ўтаётган айбдорни калтаклашдан иборат жазо тури.

[1] Ўз қудрати ва буюклигига ишонч туйғуси билан тавсифланадиган руҳий хасталик.

[2] Икки қатор туриб, ўртадан ўтаётган айбдорни калтаклашдан иборат жазо тури.