автордың кітабын онлайн тегін оқу Грузия муваффақиятга қандай эришди
Грузия муваффақиятга қандай эришди?
Лариса Буракова
Таржимон: Абдулазиз Абдуллаев
Мамлакат портрети
Муқаддима
Бундан бир ярим йил аввал, Лариса Буракова “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобини тайёрлаётганини эшитганимда, жамиятда ҳали турғунлик туйғуси ҳукмрон эди, шунинг учун мазкур асар жамиятни жароҳатлаган умидсизликка қарши даво бўлишидан хурсанд бўлгандим. Китобда “яхши томонга тез ўзгариш мумкин”лиги ҳақидаги эзгу хабар баён этилган, бунга далил сифатида кўп томонлама бизга (Россияга – таҳририят изоҳи) ўхшаб кетадиган мамлакат тажрибаси муҳокама қилинган. Бугунги кунда Грузияда квартира савдо-сотиғини расмийлаштириш, автомобилга рақам олиш, фирма ёки нотижорий ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ярим соат ҳам вақт кетмайди, бунга ҳаттоки муҳр ва устав капитали ҳам талаб қилинмайди. Полициячилар шундай фаолият юритадиларки, натижада мамлакатнинг кўплаб аҳолиси тунда машиналарини қулфламайди. Давлат автомобиль назорати (ДАН) ходимлари пора олмайдилар, сабаби оддий – мамлакатда ДАН тарқатиб юборилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг юқори самарадорлиги туфайли мамлакатда илгари амалга ошириш имкони бўлмаган жараёнларга йўл очилган. Худди биздаги сингари, Грузия шаҳарларида ҳам спорт майдончалари аввалги полиция томонидан жуда тез бузиб ташланганди, энди эса улар яна қайта бунёд этилмоқда. Шаҳарлар орасида Европа даражасидаги йўллар пайдо бўла бошлади – илгари бунга бизда ҳам кенг тарқалган “келишилган танловлар” тўсқинлик қиларди.
Ҳамма жойда жамият тафаккури ва ҳаракатларида жонланиш сезилаётган, 1980-йиллар охирида унутилаёзган дастурлар кураши яна қайта бошланган бугунги кунда мазкур китобни хавотир ила ўқимоқдаман: ўзгаришлар учун имконият пайдо бўлганида, ундан фойдалана оламизми? Монтек Ахлувалия томонидан таъкидланган “заиф ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги кучли келишувлар”нинг Ҳиндистонга хос ёндашув усули Россияда ҳам шаклланмоқда. Модомики, асосий мақсад “заиф ислоҳотлар” бўлса, мазкур ёндашув аслида унчалик ёмон эмас. Бироқ агар полицияни ислоҳ қилишнинг грузинча вариантидаги шахсий таркибнинг 90 фоизи ишдан бўшатилиши ва маош миқдори бир неча марта оширилиши ҳолатлари ходимлар сонини 15 фоизга камайтириш ва маошларни 15 фоизга ошириш сингари мўътадил “мукаммаллаштириш” усули билан солиштирганда, айнан охирги усул хомхаёл эканлиги ҳамда муваффақият келтирмаслигини ич-ичимдан сезяпман.
Шундай бўлса-да, тан олишим жоизки, китоб мени кескин ислоҳотларнинг мўътадил ислоҳотлардан афзал эканлигига ишонтиришдан кўра, аслида қандай ислоҳот мўътадил деб ҳисобланиши ҳақидаги янгича қарашимни шакллантирди. Агарда бирор идоранинг барча ходимларидан фақат раҳбар ва бош ҳисобчи ишга келаётган бўлса, идора фаолиятининг тугатилиши вазиятнинг асл ҳолатини тасдиқлайди, холос. Башарти дориларнинг сифати ва хавфсизлиги АҚШ ёки Европа Иттифоқида(ЕИ) текширувдан ўтган экан, уларнинг Грузияда қайта текширувдан ўтказилиши қўшимча сарф-харажатларни келтириб чиқаради, аслида эса бу харажатлардан осонгина воз кечиб қўя қолиш мумкин. Аксарият грузинча ислоҳотларда мен кескинликдан кўра ҳалолликни кўраман: тан олиш жоизки, кўплаб давлат муассасалари ходимлари шахсий мақсадларига етишиш йўлида фаолият кўрсатмайдилар ва яқин келажакда ҳам бунга эриша олмайдилар.
Бу каби ҳалолликни ҳозирги пайтда Россияда давом этаётган мамлакатни ривожлантириш стратегияси ҳақидаги баҳсларга қўшиш ўзимиз излаётган “стратегия”нинг асл моҳиятини ёдимизга солиб турган бўларди. Биз стратегияга қандайдир бир ҳаракат режаси, амалга ошириш ёки ёддан чиқариш мақсадга мувофиқ бўладиган ишлар рўйхати сифатида қарашга жуда ўрганиб қолдик. Лекин стратегия негизида доимо бутун кенгликларни қамраб олишдан воз кечиб, ҳаракатларни бир қатор йўналишларга жамлаш қарори ётади. Грузин сиёсатчиларининг давлат фаолиятини чеклашга тайёрликлари стратегияни яхши ҳис қилишнинг ёрқин намунаси бўла олади. Кўп эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, Грузия айнан шу ҳис ёрдамида барчасини уддалай олди.
Евгений Ясин,
“Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқот университетининг илмий раҳбари
Муаллифдан
2007 йил август ойининг охирида – Америкадаги Катон тадқиқот институтининг рус тилида сўзлашувчилар учун мўлжалланган лойиҳаси доирасида илк бор эркинлик ғоялари билан қизиқувчи талабалар учун ёзги мактаб ташкил этилди. Мактаб талабалари орасида мен ҳам қатнашаётган бўлсам, ўқитувчилар орасида Каха Бендукидзе бор эди.
Бой тажрибага ва қандайдир жуда табиий, интуитив эркинлик туйғусига эга бўлган қизиқарли ҳикоянавис Каха Автандилович ахборотга ғоят чанқоқ ўқувчилар галасини доимо ўз атрофига жалб этарди. Ярим тундан кейин ҳам давом этадиган ўша суҳбатлар ҳамон катта илиқлик билан эсга олинади.
Машғулотларнинг охирги кунига келиб, биз – талабалар нафақат ҳамфикр, балки дўст бўлиб улгургандик ва ҳазил аралаш ўз келажак фаолиятимиз истиқболларига аниқлик киритардик. Кимдир ўзини президент маъмурияти раҳбари ўрнида кўрса, яна кимдир шаҳар мэри сифатида тасаввур қиларди... Ўзим, эҳтимол, биринчи марта батафсил ўйлаб кўрганимдан сўнг ўша вақтда Бендукидзе эгаллаб турган лавозим – ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича давлат вазири вазифаси мен учун ҳам жуда қизиқ бўларди, деган хулосада тўхталдим.
Ўшандан бери ислоҳотлар ҳам, Грузия ҳам аввалига фақат қизиқишларим мавзусига айланган бўлса, кейинчалик тадқиқотларим манбаига айланди. Биринчи марта 2008 йилнинг октябрида, илк бор Грузияга ташриф буюрганимда, менда мазкур китобни ёзиш нияти пайдо бўлди ва кейинчалик бу ҳақиқий лойиҳага айланиб кетганидан ўзим ҳам ҳайратдаман.
Шу вақтлар давомида мен Грузияда деярли Москвадан ҳам кўпроқ бўлдим. Мухолифат вакиллари, кўплаб ислоҳотлар муаллифлари ва ижрочилари билан танишдим, такси ҳайдовчилари ҳамда Грузиянинг турли регионлари аҳолиси билан суҳбатлашдим, кўплаб янги дўстлар орттирдим. Албатта, ўзим билган ва кўрган-кечирганларимнинг барчасини китоб орқали тақдим этишнинг иложи йўқ. Лекин ҳеч бўлмаганда, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тасаввурларимни шакллантирган далиллар, ҳикоялар ва таассуротларни билдириб ўтишга ҳаракат қиламан.
Шу сабабдан китобхонларга ҳам ислоҳотларни ўйлаб топган ва амалга оширган кимсаларнинг “овозларини эшита олиш”, ўз ишининг усталари билан суҳбат давомида ўзим муттасил равишда туйган қувончни ҳис қилиш имконини тақдим этиш мақсадида, китобга кўплаб тўғридан-тўғри нутқлар киритилган. “Бевосита иштирок таассуроти”ни кучайтириш учун эса матнда бош ислоҳотчиларнинг таржимаи ҳоллари ҳам келтирилган.
Албатта, “Нима яхши-ю, нима ёмон?” тушунчасини шахсан ўзим қандай идрок қилишим суҳбатдошларни танлашимга таъсир ўтказди. Мен учун бендуномика (янги грузин ҳукуматининг радикал либерал ташаббусларини мухолифат шундай атайди) – янги Грузиянинг ривожланишида устувор йўналишга эга бўлган иқтисодиёт. Ва бу китоб – ушбу фаннинг ўзига хос дарслари мажмуаси – Каха Автандилович билан, унинг қарашлари менга яқин ва тушунарли бўлган издошлари, елкадошлари билан кўплаб соат давом этган суҳбатлар натижасида пайдо бўлган.
Ва ниҳоят, мазкур йўналиш билан шуғулланишим сабабини тушунтириб ўтишни лозим деб биламан. Грузияда амалга оширилган ва айни пайтда ҳам рўй бериб келаётган ислоҳотлар жуда қизиқарли, фойдали, мароқли ва айтиш мумкинки, ноёбдир. Мазкур мамлакатда амалга оширилган кўп ислоҳотларни Россия ҳам қўлласа бўлаверади ва қўллаши шарт ҳам. Аслида, Россиядаги баъзи қонунчилик ташаббусларида грузинча асослар яққол кўзга ташланади. Лекин улар худди Грузиядагига ўхшаш натижаларга олиб келишига айни вақтда ишонч йўқ.
Ҳозирча бизга грузинча ислоҳотлар ҳақида кўп нарса маълум эмас. Уларни муҳокама қилиш энди-энди бошланмоқда. Лекин грузинча вино ва минерал сувларга эмбарго қўйилганидан ташқари, гўёки Грузиядан келадиган ва Грузия ҳақидаги маълумотларга ҳам тўсиқ қўйилгандек тасаввур уйғоняпти. Мазкур тўсиқ сатирик ва ёзувчи Михаил Жванецкийнинг кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда давлат телеканали орқали узатилган истеҳзога тўла саҳна чиқиши учун мавзу бўлди: “Кўзда ёшим билан сизлардан илтимос қиламан: бизга Грузияни очинг. Эндиликда буни мен “у томонга” гапиряпман. Буни шунчаки телекамера туйнугига гапиряпман. Телекамеранинг титраб турган туйнугига... Титраётган туйнук... Бизга Грузияни очинг! Ҳамма гапиряпти, грузинларнинг ички сиёсати ташқисидан ақллироқ экан. Ҳамма гапиряпти, грузинлар коррупцияга барҳам беришганмиш. Ҳамма гапиряпти, лекин мен буни аниқ билмайман, чунки бу ҳақда бирор манбадан ўқий олмайсан. Ҳамма айтяпти, улар ўзларида ДАН фаолиятига нуқта қўйишганмиш. У ерда ёшлар, йигирма етти ёшли инсонлар вазир лавозимида ишлаётганмиш. Вазирликлар таркиби эса фақатгина бир неча инсонлардан иборат экан. Уларнинг тажрибаларини ўзлаштиришимизга, у томонда қандай воқеалар рўй бераётганини аниқлаш учун туйнукдан ўша томонга бир мўралашимизга нима халақит беради? У томонда нималар рўй бераётганини бизга хабар қилинг. Бу нарсалар ҳақида гапирмаётганликлари учун у томон гўё жаннатдек тасаввур уйғотяпти” [1]. Грузияда охирги етти йилда рўй берган воқеалар ҳақида маълумотлар ҳақиқатан жуда кам. Воқеаларнинг нотўғри талқин этилиши, атайлаб ошкор қилинмаслиги, тушунчаларнинг аралаштириб ёки алмаштириб юборилиши, кўпинча эса рўй бераётган ўзгаришларнинг жадаллиги ҳам ислоҳотлар ҳақида кўплаб афсоналарнинг пайдо бўлишига олиб келди. Шу сабабдан ислоҳотлар ҳақидаги ҳикоялардан китобхонни ҳеч нима чалғитмаслиги учун ўз китобимни мазкур афсоналарни муҳокама қилишдан бошлашга қарор қилдим.
***
Менга интервью берган, материаллар тақдим этган, грузин тилини билмаслигимни енгиб ўтишимда кўмаклашган, қимматбаҳо фикрлар ва кўрсатмалар тақдим этиш орқали ёрдамини аямаган инсонлар иштирокисиз мазкур китоб ёзилмаган бўларди. Мен Михаил Авалиани, Реваз Адамия, Евгения Антонова, Георгий Ахалая, Вахтанг Барамидзе, Лили Бегиашвили, Каха Бендукидзе, Ираклий Берекашвили, Рима Бериашвили, Леван Варшаломидзе, Гела Васадзе, Эка Габададзе, Демур Гиорхелидзе, Паата Гоголидзе, Хатуна Гогоришвили, Галактион Гонадзе, Нино Горгадзе, Леван Готуа, Ладо Гургенидзе, Гия Жандиери, Мариам Жапаридзе, Эмзар Жгереная, Давид Жинчарадзе, Татулия Долидзе, Михаил Иашвили, Андрей Илларионов, Георгий Касрадзе, Александр (Сандро) Качарава, Александр (Алеко) Качарава, Анна Кванчилашвили, Кетеван Кинкладзе, Эроси Кицмаришвили, Нана Клдиашвили, Тамуна Ковзиридзе, Кетеван Кокрашвили, Эка Колбая, Шалва Кочладзе, Юрий Кузнецов, София Лебанидзе, Вато Лежава, Лаша Мгеладзе, Вахтанг Мегрелишвили, Галина Морозова, Георгий Мосидзе, Вадим Новиков, Теона Одзелашвили, Лана Ониани, Тамта Отиашвили, Олег Панфилов, Владимир Папава, Ираклий Петриашвили, Арчил Почхуа, Николоз Пруидзе, Александр Рондели, Михаил Саакашвили, Нана Сакварелидзе, Натия Самушия, Ираклий Сирадзе, Гиги Угулава, Тато Уржумелашвили, Шота Утиашвили, Натия Хантадзе, Тамара Хвтисиашвили, Георгий Цхакая, Давид Чантладзе, Георгий Чантурия, Звиад Чеишвили, Алекси Чикваидзе, Георгий Чиковани, Георгий Чхиквадзе, Екатерина Шарашидзе, Эдуард Шеварднадзе, Павел Шеремет, Паата Шешелидзе, Жаба Эбаноидзе каби инсонларга, номлари келтирилишини хоҳламаган инсонларга, шунингдек, онамга, опамга ва унинг турмуш ўртоғига самимий ташаккуримни изҳор этаман. Номлари санаб ўтилган инсонларнинг ёрдамисиз китобни якуний кўринишга келтира олмаган бўлардим.
[1] Дежурный по стране (www.jvanetsky.ru/data/text/vs/dejurnyi84)
КБФ (кўп билдириладиган фикрлар) [2]
Грузиядаги ислоҳотлар ҳақида қандай аудиторияда нутқ сўзлашимдан қатъи назар, мухолифларимнинг далиллари асосан доимо бир хил фикрлар тўпламидан иборат бўлган. Мазкур фикрларнинг барчаси ҳам ҳақиқатга мос эмас. Уларнинг баъзиларини изоҳлаб ўтишни хоҳлардим [3].
1. “Грузинча мўъжиза” фақатгина ғарб давлатларининг, биринчи навбатда АҚШнинг катта кўламдаги моддий кўмаги эвазига содир бўлди.
Дарҳақиқат, Грузияга хориждан салмоқли ёрдам келиб тушади. Лекин дунёнинг 180 дан ортиқ давлати ташқаридан ёрдам олади ва уларнинг барчаси ҳам грузинча иқтисодий ўсиш суръати билан тенглаша олмайдилар. 1992–2007 йиллар оралиғида ривожланишга расмий ёрдам [4] (РРЁ) сифатида Грузияга ҳаммаси бўлиб 4,3 миллиард АҚШ доллари (2005 йилги нархлар бўйича) келиб тушган бўлса, шундан 3 миллиард доллари 1992–2003 йилларга, 1,3 миллиард доллари ислоҳотларнинг биринчи тўрт йиллигига (2004–2007 йиллар) тўғри келади. Шу билан биргаликда, 1994 йилдан 2003 йилгача бўлган 9 йил давомида (радикал ислоҳотлар бошланишигача иқтисодий ўсиш даври)РРЁ ҳажми ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан ўртача 7,7 фоизни, мамлакатнинг йиллик ўртача иқтисодий ўсиш суръати эса 5,9 фоизни ташкил этди. Кейинги 4 йилликда (2004–2007) РРЁ ҳажми ЯИМнинг 4,7 фоизигача камайган бўлса, Грузиянинг йиллик ўртача иқтисодий ўсиш суръати 9,3 фоизгача ошди.
2004–2007 йиллар оралиғида Грузияга кўрсатилган РРЁ миқдори жон бошига 298 доллардан (2005 йилги нархлар бўйича) тўғри келди. Жон бошига нисбатан ҳисоблаганда, ўша йиллар давомида дунёнинг 44 мамлакати кўпроқ моддий ёрдам олди. Лекин ЯИМнинг жон бошига нисбатан ўсиш суръати бўйича Грузиядан фақатгина бир мамлакат – Арманистон ўтиб кета олди, холос.
Мазкур тўрт йил давомида АҚШ томонидан Грузияга 349 миллион доллар (2005 йилги нархлар бўйича), яъни Грузия томонидан қабул қилинган барча ёрдамнинг чорак қисмидан кўпроғи миқдорида кўмак тақдим этилди, бу эса жон бошига нисбатан ҳисоблаганда 79 доллардан тўғри келади. Айнан ўша дамда жаҳоннинг 14 мамлакатига АҚШ томонидан тақдим этилган ёрдам бундан кўпроқ эди. Масалан, Арманистон учун бу жон бошига 87 доллардан тўғри келарди. Бу ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, ислоҳотлардан бевосита олдинги тўрт йилликда (2000–2003 йиллар) Грузияга АҚШ тақдим этган ёрдам ислоҳотлар давридаги (2004–2007 йиллар) кўрсаткичдан кўп бўлиб, мос ҳолда 413 миллион доллар ва 349 миллион долларни ташкил этади. Лекин ислоҳот давридагидан фарқли равишда, аввалги давр учун маблағ киритиш иқтисодий муваффақиятга олиб келмади – 2000 йилдан 2003 йилга қадар ЯИМ жон бошига нисбатан 28,7 фоизга, 2004–2007 йиллар оралиғида эса 40,6 фоизга ошди.
[2] Ҳисоблашлар Иқтисодий таҳлил институтида амалга оширилган. Мавзуга алоқадор материалларни (шу ўринда ва бундан кейин, алоҳида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, муаллиф изоҳи) www.iea.ru/georgia.php сайтидан топиш мумкин.
[3] Шарҳларда қуйидаги даврлар ҳақида гап боради:
2. Грузия иқтисодиёти муҳожирларнинг пул ўтказмаларига боғланиб қолган.
Ҳа, унча катта бўлмаган давлатларда фуқаролар истеъмол даражасини бир меъёрда ушлаб туриш учун бу каби воситалар манбаи муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Лекин “бой қариндошлар”нинг пуллари иқтисодий ўсиш тезлигини кафолатлайдими? 2004–2007 йиллар давомида хорижлик жисмоний шахсларнинг пул ўтказмаларидан Грузияга 1,38 миллиард доллар (2005 йилги нархлар бўйича) ёки жон бошига 315 доллардан пул келиб тушди. Айнан ўша йилларда жаҳоннинг 55 мамлакатида жон бошига пул ўтказмалари миқдори Грузиядагидан ортиқ бўлди. Лекин мазкур мамлакатлардан фақат иккитаси – Латвия (хориждан ўтказилган пуллар жон бошига 804 доллардан тўғри келган) ва Арманистон (694 доллар) иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Грузияни ортда қолдира олди.
2004–2007 йиллар давомида икки пул манбаси – грантлар ва хориждан келадиган пул ўтказмаларидан тушган беғараз маблағлар миқдори Арманистонда Грузиядан кўпроқ (жон бошига нисбатан мос равишда 1010 доллар ва 613 доллар)ни ташкил этганди. ЯИМ йиллик ўртача ўсиш суръати Арманистонда Грузияга қараганда ортиқ (мос равишда 12,8 фоиз ва 9,3 фоиз) бўлганини айнан мазкур нисбат билан тушунтиришга ҳаракат қилиш мумкин. Шунга қарамасдан, катта миқдорлардаги РРЁ олган ўнлаб мамлакатларнинг ўсиш суръатлари пастлигича қолди.
3. Саакашвили бошқаруви даврида мамлакат қарз ботқоғига ботиб қолди.
Грузиянинг ташқи қарзи билан боғлиқ вазият қуйидагича кўриниш олган. 2003 йилнинг охирида ташқи қарзлар 1,849 миллиард долларни, яъни ЯИМнинг 46,3 фоизини ташкил қилган бўлса, 2007 йил охирига келиб, унинг абсолют ҳажми деярли ўзгармасдан қолди, яъни 1,838 миллиард долларни ташкил этди. Лекин иқтисодиётнинг тез ривожланиши ва лари пул бирлиги реал курсининг ўсиши туфайли ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 18,1 фоизгача камайди. Сўнгра – 2008 йилги ҳарбий ва 2009 йилги инқироз шароитларида – Грузия иқтисодиётини тиклаш учун мамлакатга катта миқдордаги кредитлар тақдим этилди. Натижада мамлакатнинг ташқи қарзи ортди ва 2010 йил охирига келиб 4,199 миллиард долларга етди, шу тарзда ЯИМнинг 35,6 фоизини ташкил этди. Бошқача айтганда, бугунги кундаги ташқи қарзларнинг грузин иқтисодиёти ҳажмига нисбати барибир Эдуард Шеварднадзе давридагидан камроқдир.
2002 йилда Россияда ҳам тахминан шу каби ҳолат кузатилганида – ташқи қарз миқдори ЯИМнинг 35,3 фоизини ташкил этганида, бу ҳолат (изоҳ: Россияда) жиддий муаммо талқин қилинганди. Давлатнинг тўлиқ қарзини қоплаш учун ЯИМнинг 2,2 фоизи сарфланиши туфайли Россиядаги ҳолат янада мураккаброқ эди. Кредитлар бўйича тўловлар тез орада ечими йўқ муаммога айланишидан хавотирлар бор эди. Барчага маълумки, бундан кейинги йилларда Россия қарз ҳалокатидан қутулиб қолди – иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишга ёрдам берган стратегия (солиқ ислоҳоти, фоизсиз давлат харажатларининг камайиши, давлат бюджети профицитлигини таъминлаш, барқарорлаштириш фондининг ташкил этилиши) қўл келди.
Бугунги кунда Грузиянинг ташқи қарзни қоплаш харажатлари ЯИМнинг 1 фоизидан ошмайди, ташқи қарзлар бўйича ўртача чамаланган ставка миқдори эса бор-йўғи 2,1 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатнинг халқаро валюта захиралари 2003 йил охирида 196 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2010 йил охирига келиб, 11 баравардан кўпроқ ўсган ҳолда 2,264 миллиард долларга етди.
Қарз билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлигини кўрсатувчи муҳим кўрсаткич сифатида анъанавий равишда фоизлар бўйича тўловнинг экспортга нисбати ишлатиб келинади [5]. Бу нарса охирги 7 йил ичида Грузияда сезиларли тарзда камайди: кредитлар бўйича экспортга нисбатан йиллик тўловлар 2003 йилда 17 фоиз, 2007 йилда 4,8 фоизгача тушди ва 2010 йилда 7,4 фоиз даражада бўлди.
4. Саакашвили ватанни сотиб юборди, ҳаммасини хорижликлар харид қилди.
Ҳокимият тепасига янги жамоа келиши билан, 2004 йилда хусусийлаштириш жараёни жадаллашгани ҳақиқатан ҳам тўғри. Шеварднадзе бошқарувининг охирги беш йиллигида (1999–2003 йиллар) давлат мулкини сотишдан 62 миллион доллар келиб тушган бўлса, кейинги беш йилда (2004–2008 йиллар) мазкур кўрсаткич 1,44 миллиард долларни ташкил этди.
Мулкнинг хорижликлар томонидан хусусийлаштирилиши грузин иқтисодиётида қанчалик муҳим аҳамият касб этди? 2006 йилдан 2009 йилгача маҳсулот ишлаб чиқаришдаги хорижий компаниялар ҳиссаси 28,4 фоиздан 35,2 фоизгача ошди. Бу бир қарашда унча ҳам кўп эмасдек кўринади. Лекин асосий капиталга сармоя киритиш даражаси бўйича хорижликлар ростдан ҳам пешқадамлик қилмоқдалар. 4 йил (2006–2009 йиллар) давомида улар 2 миллиард доллар (2006 йилги нархлар бўйича) сармоя киритган бўлсалар, мазкур кўрсаткич хусусий резидентларда 1,5 миллиард долларни, давлатда эса 1,6 миллиард долларни ташкил этди.
