автордың кітабын онлайн тегін оқу Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш
Раҳматулла Асадуллаевич Усманов
Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш
Шрифты предоставлены компанией «ПараТайп»
© Раҳматулла Асадуллаевич Усманов, 2023
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича: ҳуқуқий ва ташкилий масалалар; ҳимоялаш воситалари; ишлаб чиқариш жараёнлари, ускуналари, техника, электр, экология, иқтисодиёт ва ёнғин хавфсизлиги; электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажариш; санитар-гигиена саволлари; жамоа шартномасининг макети; қоидалар, низом, йўриқномалар ва кўпчиллик бошқа масалалар қаралади. Қўлланма корхоналар раҳбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари, илмий ходимлар ва олий ўқув юртлари талабалари учун фойдали бўлиши мумкин.
ISBN 978-5-0059-1588-7
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
Оглавление
К И Р И Ш
Пахта тозалаш корхоналарини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.
Пахта тозалаш саноати соҳасидаги фаолият тажрибаси пахта тозалаш корхоналари иш фаолияти турларининг ҳеч бирини бажарилиши хавфсиз бўлмаслигини кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги замон ишловчиси табиий, техноген, ижтимоий ва бошқа хавфлар дунёсида яшайди. Шунинг учун, ер юзидаги инсонлар ҳаёт-фаолияти муҳитидаги энг ўткир — халқаро терроризмга қарши кураш, ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий-диний низолар каби глобал муаммолар билан бир қаторда ишловчиларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ночор кун кечиришлар, касалланишлар ва жароҳатланишлардан ҳимоялаш муаммоси ўта муҳим аҳамият ҳосил қилади.
Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, корхоналар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги корхона ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун пахта тозалаш корхоналаридаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишловчиларни яшаш шароитларини яхшиланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари сонини камайиши, хавфсизликни ошиши ва меҳнат гигиенасини яхшиланишига олиб келувчи энг муҳим омил — қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда иш берувчиларни иқтисодий рағбатлантириш принципидан кенг фойдаланишдир. Иқтисодий рағбатлантириш, шароитларни яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилишга воситалар сарфлашни жарималар, оширилган суғурта бадаллари, ноқулай шароитларда ишлаганлик учун компенсация тўловлари ва меҳнат қобилияти йўқотилганда зарарларни қоплаш сарфларига нисбатан, моддий манфаатлилигини назарда тутади.
Мутахассисларнинг фикрича, ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ имтиёзлар тўлови харажатлари меҳнат шароитларини яхшилаш воситалари харажатларидан икки баробар кўпни ташкил қилади. Бунда иқтисодий самарадорликка жароҳатланиш, умумий ва касбий касалланиш оқибати харажатларини камайиши, иш вақти йўқотилишини камайиши эвазига меҳнат унумдорлигини ошиши, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича имтиёзлар ва компенсациялар харажатлари ҳамда авариялар моддий зарарларини камайиши эвазига эришилади.
Пахта хом-ашёсини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида ишлатилаётган машина ва механизмлар, технологик ускуналарни ҳаракатга келтирувчи кучи — электр энергияси билан узликсиз таъминлаш, пахта заводининг самарали фаолияти гарови бўлганлигидан, ўқув қўлланмасида электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлаш масаласига жиддий этибор берилганлиги ўзини оқлайди.
Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишни вазифаси меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишловчиларни ҳаётини ва соғлиғини сақлаш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириб ишловчиларни жароҳатланиш ёки касалланиш эҳтимолини минималлаштириш билан биргаликда максимал меҳнат унумдорлигида соғлом ва қулай меҳнат шароитларини яратишдан иборат.
Пахта тозалаш корхоналарида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб пахтани чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва пахтани чуқур қайта ишлаш машиналар тизимини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар системасини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, пахта тозалаш корхоналари технологик жараёнлари ва ускуналари хавфсизлиги, электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари кучайтириб ёритилган, пахта тозалаш корхоналарининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш муаммоси илк бор илмий асосланган нуқтаи назардан келтирилган «Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш» ўқув қўлланмасининг яратилиши ва чоп этилиши, бизнинг фикримизча, ўз вақтида бўлган ва замонавий талабларга жавоб беради.
Ўқув қўлланманинг биринчи — пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш асослари бўлимида: меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳуқуқий ва ташкилий масалалари; ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари; ишлаб чиқариш жараёнлари, ускуналари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари; меҳнат гигиенаси ва санитар-соғломлаштириш талаблари; меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат шароитларини баҳолаш; пахта тозалаш корхоналарида: электр хавфсизлигини; электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилиши; экология; иқтисодёт; ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнатни мухофаза қилишнинг бошқа кўпчиллик масалалари ёритилган.
Қўлланманинг иккинчи — меҳнатни мухофаза қилиш бўйича макет, қоидалар, низом ва йўриқномалар бўлимида пахта тозалаш корхоналарини замонавий бозор иқтисодиёти шароитларига мос фаолият юритиши, ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб беришга ва меҳнаткашларни ижтимоий мухофаза қилишга йўналтирилган жамоа шартномасининг макети, ишчи ва хизматчилар учун ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари, корхоналарда уч босқичли мамурий-жамоа назоратини ўтказишни ташкиллаштириш низоми ҳамда пахта тозалаш корхоналарида бажариладиган хавфли ва зарарли ишларни хавфсиз бажаришга мўлжалланган, корхоналар муайян ишлари ва касблари учун меҳнатни мухофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар намуналари келтирилган.
Қўлланма корхоналар рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган бўлиб, муаллифнинг пахта тозалаш саноати соҳасидаги илмий ишлари ҳамда меҳнат фаолияти тажрибаси асосида яратилди. Ишловчилар учун жамоа шартномасининг намунавий макети бозор иқтисодиёти шароитлари инобатга олиниб, меҳнат мухофазаси маҳаллий йўриқномалари намуналари эса амалдаги йўриқномалар ишлаб чиқиш бўйича низом талаблари асосида тайёрланди.
Муаллиф 1994- йилда уни Тошкент вилояти «Пахтасаноат» бирлашмасига ишга қабул қилиб саноатга ишлашга тайёрлашни ташкиллаштирган бирлашма раиси Р. А. Бўриевни, 1995-йилда Э. Зикриёев раҳбарлик қилаётган «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўлимига бош мутахассис лавозимига ишга олиб устозлик қилган Қ. О. Ярқуловни миннатдорчилик билан эслаб ўтишни ўз бурчи, ўғиллари Музаффар ва Равшанларнинг китобни яратилишидаги беминнат хизматларини таъкидлаш жоиз деб ҳисоблайди.
Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.
I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ АСОСЛАРИ
I.1. Меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий масалалари
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича асосий тушунчалар ва таърифлар.
Меҳнатни мухофаза қилиш — бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика ва реабилитация қилиш тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Техника хавфсизлиги — ташкилий, техник тадбирлар ва воситалар тизими бўлиб, жароҳатланишга олиб келувчи ишлаб чиқариш омилларининг ишловчиларга таъсирини бартараф қилишга йўналтирилган.
Ишлаб чиқариш санитарияси — ташкилий тадбирлар ва техник воситалар тизими бўлиб, ишловчиларга зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки уларни олдини олишга йўналтирилган.
Меҳнат гигиенаси — профилактик медицина сифатида тавсифланади, меҳнат шароитларини ва меҳнат характерини ўрганувчи, уларни соғлиққа ва инсонни функционал ҳолатига таъсирини ва ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнларини зарарли ва хавфли омилларини ишловчиларга таъсирини олдини олишга йўналтирилган илмий асослар ва амалий чораларни ишлаб чиқади.
Электр хавфсизлиги — электр токи, электр ёйи, электр магнит майдони ва статик электрнинг хавфли ва зарарли таъсиридан ишловчининг ҳимояланиш ҳолатини билдиради.
Ёнғин хавфсизлиги — шахсни, мол-мулкни, жамиятни, давлатни ёнғинлардан ҳимояланиш ҳолати. Ёнғин хавфсизлиги Меҳнат вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ФВВ (фавқулодда вазиятлар вазирлиги) соҳасидир. ФВВ бу соҳадаги ишларни меъёрлаштиради, назорат қилади ва текширади.
Ҳаёт фаолиятини хавфсизлиги — инсонни техносфера билан комфорт ва хавфсиз узвий боғлиқликдаги ҳаракати тўғрисидаги фан.
Меҳнат хавфсизлигини бошқариш — меҳнатни хавфсиз ва зарарсиз шароитларини яратиш мажмуи вазифалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонуний норматив ҳужжатларни қўллаш асосида, хавфсизликни таъминлаш, жароҳатланиш, авариялар, касбий касалланишларни камайтириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини ташкиллаштириш.
Касбий тавакалчилик — ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида, меҳнат шартномаси бўйича ишловчини ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ёки меҳнат кодекси томонидан ўрнатилган ёхуд бошқа ҳолларда соғлиққа зарар келтириш эҳтимоли. Касбий таваккалчиликларни бошқариш — ўз ичига касбий таваккалчиликлар даражасини аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш бўйича комплекс чораларни қамраб олган узвий боғланган тадбирлар мажмуини олади. Касбий таваккалчиликларни бошқариш тўғрисидаги Низом, меҳнат соҳасида давлат сиёсатини олиб борувчи ва шу соҳадаги меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириб борувчи Меҳнат вазирлиги билан меҳнат соҳасидаги ижтимоий-меҳнат қилишни мақбуллаштириш бўйича уч томонлами комиссиянинг хулосасини инобатга олган ҳолда, ҳукуматни бажарувчи органи томонидан тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қўлланиладиган асосий атамаларни келтирамиз.
Саноат хавфсизлиги (Меҳнатни муҳофаза қилиш ўз ичига саноат хавфсизлигини олмайди) — шахс ва жамиятни хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ва уларни оқибатларидан ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимояланганлик ҳолати.
Меҳнат шароитлари — ишловчини ишлаш қобилияти ва саломатлигига таъсир этувчи ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари тўплами.
Ишловчи (ходим) — иш берувчи билан меҳнат муносабатларига кирган жисмоний шахс.
Иш берувчи — ташкилот рахбари (ҳуқуқий шахс) номидан иш юритадиган (нотариус далолатномаси бўйича расмийлаштирилган) ёхуд ишловчи меҳнат муносабатларида бўладиган жисмоний шахс.
Ташкилот — корхона, муассаса ёки мулк шакли ва бўйсинишидан қатъий назар бошқа ҳуқуқий шахс.
Зарарли ишлаб чиқариш омили — таъсири ишловчини касал бўлишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.
Хавфли ишлаб чиқариш омили — таъсири ишловчини жароҳатланишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.
Иш жойи (ўрни) — ишловчи туриши керак бўладиган жой ёки иши туфайли бориб турадиган жой ва бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида турадиган жой.
Иш зонаси — пол сиртидан 2 метргача баландликда жойлашган фазовий ҳудуд ёки ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида вақтинчалик ва доимий келиб турадиган майдонча шаклидаги иш жойи.
Ишловчиларни шахсий ва жамоавий ҳимояловчи воситалари — ишловчиларга зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки бартараф этиш ҳамда уларни ифлосланишдан ҳимоялаш учун фойдаланиладиган техник воситалар тўплами.
Ишлаб чиқариш фаолияти — ресурсларни тайёр маҳсулотларга айлантириш учун, турли хил хом-ашё, қурилиш, турли-туман хизматларни бажаришни ўз ичига олган, меҳнат қуролларини қўллаб одамларни бажарадиган ҳаракатлари тўплами.
Авария — иншоотлар, ускуналар, техник қурилмаларни синиши, одамларни соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин бўлган назоратсиз портлаш ва хавфли моддаларни чиқариб ташланиши.
Авария ҳолати — ишловчиларни жароҳатланишга, деталларни синишига ва бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёнғин ва моддий бойликларни ҳимоясизлигини таъминловчи ҳолат.
Хавфсизлик — бу шундай ҳолатки, бунда персоналнинг соғлиғи ва хавфсизлигига тавакалчилик етарли даражада бўлади.
Ишлаб чиқариш ускунасининг хавфсизлиги — меёрий ҳужжатлар билан ўрнатилган, ишлаб чиқариш ускуналарининг монтаж (демонтаж) ва фойдаланиш жараёнларида меҳнат хавфсизлиги талабларига мос бўлиш хоссаси.
Меҳнат хавфсизлиги — ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсир кўрсатмайдиган меҳнат шароитлари.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса — ишловчи томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини ёки иш берувчининг топшириғини бажараётганда ишлаб чиқаришнинг хавфли ёки зарарли омилининг таъсири натижасида содир бўлган ҳодиса.
Меҳнат хавфсизлиги шароитлари — меҳнат шароитларининг ҳолати, бунда ишловчига ишлаб чиқаришни зарарли ва хавфли омиллари таъсирлари бўлмайди, ёхуд уларни таъсир этиш даражаси ўрнатилган меъёрий даражадан анча паст бўлади.
Меҳнат хавфсизлиги талаблари — бажарилиши ишловчиларни хавфсизлигини таъминлайдиган қонунчилик ҳужжатлари, норматив-техник ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларда ўрнатилган талаблар.
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунчилик. Меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунлари асосини конституцияга асосланган меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва ҳукумат қарорлари ташкил қилади. Буларда меҳнаткашларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми ва иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Амалдаги Ўзбекистон республикасининг конституциясида (1992 й.): Ўзбекистон халқи республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб мазкур конституцияни қабул қилганликлари (муқаддима); ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш (37-модда); ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш (39-модда); ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (40-модда), бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги ва ҳар ким билим олиш (41-модда) ҳуқуқига эгалиги, шунингдек хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқга эгалиги (46-модда) келтирилган.
«Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчаси ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини фаолият юритишини асосий йўналишларини акс эттиради. Бу тизим ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш ва ишловчиларга, уларни меҳнат жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига жавоб берадиган, меҳнат шароитларини яратишга йўналтирилган бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун «Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчасини техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси билан алмаштириш мумкин эмас, улар меҳнатни мухофаза қилишни таркибига кирувчи элементлар бўлади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш бу тизим, меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва ш.ў. -лар унинг таркибий қисмлари эканлиги келиб чиқади.
Бундан кейин ажратиш учун, матнда Ўзбекистон республикаси меҳнат кодексининг (29.10.2022 й.) меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги моддалари уч хонали сонлар билан белгиланганлигини, Ўзбекистон республикасининг меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонуни (23.09.2016 й.) моддалари эса бир ёки икки хонали сонлар белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг мақсади (1-модда) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, унда назарда тутилган нормалар, барча хўжалик субъектлари учун риоя қилиниши шарт бўлган, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишловчиларни ҳуқуқ ва кафолатларини қонуний ўрнатади ва республиканинг барча ҳудудлари корхоналарида иш берувчилар ва ишловчилар орасида меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришни ягона тартибини таъминлайди.
Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқаришда ёки бошқа фаолият соҳасида банд бўлган одамларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш ишлаб чиқариш натижаларига нисбатан устиворлигидан келиб чиқиб давлат ва ижрочи ҳокимият органларининг фаолият йўналишлари аниқланилган бўлса, 6…11- модаларида Ўзбекистон республикасида меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши вазирлар маҳкамаси, меҳнат вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат томонидан ваколат берилган органлар томонидан амалга оширилиши ҳамда уларнинг кўпчиллигини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган.
Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, шунингдек элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилиши ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши қонунлаштирилган (12-модда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсинишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан (13-модда) шартнома асосида амалга оширилиши ҳам мумкинлиги таъкидланган.
Меҳнатни мухофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши доирасида қонун билан вазирликлар, концернлар ва бошқа корхоналар бирлашмаларида ҳам мажбурий тартибда меҳнатни мухофаза қилиш хизмати тузилиши қонуний ўрнатилган. Агар бундай хизматлар тузилмаса, буни қонунчилик талаблари бузилиши деб эътироф этилади.
Меҳнатни мухофаза қилишга доир талаблар (352-модда) меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши, ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни мухофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Иш берувчи меҳнатни мухофаза қилишга зарур маблағлар ажратади ва меҳнатни мухофаза қилиш фондини ташкил этишга ҳақли (353-модда). Бу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра (359- модда, 23-модда) хавфсиз шароитларни таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар иш берувчининг, аниқроғи — корхонанинг биринчи шахси (раҳбари) зиммасига юкланади.
Ҳар бир ишловчи қуйидагиларга риоя қилишга мажбур (355- модда, 22-модда):
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиши;
жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиши;
ишларни бажаришни хавфсиз методлари ва усулларидан ўқитилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ олиши;
дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан мажбурий ўтиши.
Мажбуриятлардан ташқари, ҳар бир ишловчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилишлари учун, ишловчиларга бериладиган ҳуқуқий кафолатларга қуйидагилар киради:
давлат ишловчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялашни кафолатлайди;
меҳнат шартномаси бўйича меҳнат шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бериши керак;
ишловчини айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилиши оқибатида ишлар тўхтатиб қўйилган вақт учун ишловчига иш ўрни ва ўртача иш ҳақи сақланади;
меҳнат мажбуриятларини бажараётганда ишловчини ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилса кўрсатилган зарар амалдаги қонунларга кўра қопланади.
Қонун билан иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси иш берувчи томонидан ўтказилиши, ўтказиш даврийлиги беш йилда камида бир марталиги (14-модда), ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити иш берувчининг қарорига биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши (15-модда) белгиланган.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви (28-модда) ҳамда меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (29-модда) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ҳамда шу вазирликнинг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари томонидан амалга оширилиши ва уларга меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилган.
Меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонунда (18-модда) келтирилиб меҳнат кодексида (363-модда) мустаҳкамланган талабларга кўра, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ўрнатилган.
Ўзбекистон республикасининг меҳнат кодексининг 364-моддаси билан, иш берувчи соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга мухтож ходимни унинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда, шундай ишга ўтказиши шартлиги, меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаши қонунлаштирилган.
Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд узвий боғланган тўрт даражали ҳуқуқий нормативлардан: ягона, тармоқлараро; тармоқлар учун ва корхоналар нормативларидан ташкил топган.
Ягона ҳуқуқий нормативлар меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида давлатни устивор принципларини ўрнатадиган асосий давлат ҳужжатларини: Ўзбекистон республикасининг конституцияси, меҳнат кодекси ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунини ўз ичига олади.
Тармоқлараро ҳуқуқий нормативлар — меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги давлат ҳужжатлари бўлиб, уларда тармоқ белгилари бўлмаганлиги учун, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўлланилади. Уларга электр хавфсизлиги қоидалари, қурилиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги тизимига киритилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ), айрим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаш санитар қоидалари ва нормалари (СҚваН) ва б.қ. киради.
Тармоқ ҳуқуқий нормативлари — мамлакатнинг у ёки бу иқтисодиёт тармоғи хусусиятларига мос хавфсизлик талабларини аниқлайди: кимё, металлургия, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари хавфсизлиги қоидалари; пахта тозалаш саноати хавфсизлиги қоидалари ва б. қ. Бу ҳуқуқий нормативлар фақат муайян иқтисодиёт тармоғига мўлжалланган ва бошқа тармоқларда юридик кучга эга бўлмайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг тармоқлараро қоидалари Меҳнат вазирлиги томонидан, алоҳида тармоқ учун қоидалар эса тегишли тармоқ бошқарув органи томонидан тақдим этилиб Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари маълум муддат давомида фойдаланиш учун ёки чекланмаган муддатга тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар — меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ўрнатадиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалашда, ташкиллаштириш ва амалга оширишда, алоҳида иш турларини, ишлаб чиқариш ускуналари, қурилмалари, агрегатлари, машиналари, аппаратларидан фойдаланишда, шунингдек бошланғич материалларни, тайёр маҳсулотларни, моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва б.қ. ташишда, сақлашда, қўллашда бажарилиши мажбурий бўлган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини (МХСТ) ҳаракатда бўлишини инкор этмайди, ҳамда қуйидагиларга қурилиш ва санитар меъёрлари ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон республикаси назорат органлари билан тасдиқланган қоидалар, хавфсизлик меъёрлари ва ҳужжатларга зид бўлмаслиги керак.
Корхоналар нормативлари — фақат шу корхонада амалда бўлган меҳнатни мухофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар) ни ўз ичига олади.
Битта ҳуқуқий ҳудудга киритилган нормативларнинг ҳар бири бир хил ҳуқуқий кучга эга, яъни корхонани иш жойини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномасидаги меҳнат хавфсизлиги талабларини бажарилиши ишловчилар ва иш берувчилар учун Ўзбекистон республикаси конституцияси моддалари ёки тармоқ меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалари талабларини бажариш билан бирдай мажбурийдир. Ҳуқуқий ҳудудга кирган ҳар бир норматив ҳужжат талабларини бузилганлиги учун бирдай жавобгарлик шакли назарда тутилади.
Давлат ва тегишли ижрочи органларни ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосида, корхоналар меҳнатни мухофаза қилиш бўйича корхоналар стандартларини, ишловчилар касблари ва алоҳида иш турлари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Касаба уюшмалари қўмиталарининг ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Амалдаги меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими меҳнат хавфсизлигини стандартлаштириш масалаларини ечишга ва меҳнат хавфсизлиги талабларини стандартлар ва техник шартларга киритишга мўлжалланган.
Ўз таркиби бўйича меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ- ГОСТлар) бешта тизим ости стандартларидан тузилган, уларга: 12.0; 12.1; 12.2; 12.3; 12.4 тартиб рақамлари тақдим этилган.
Ташкилий-методик стандартлар (12.0). Бу стандартлар меҳнат хавфсизлигини баҳолаш методларини, хавфли ва зарарли омилларнинг синфланишини, меҳнат хавфсизлиги соҳасида мақсадлар, масалалар ва тузилишларни ўрнатади.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш турлари бўйича нормалар ва талаблар стандартлари (12.1). Бу стандартлар кўриниш, таъсир тавсифи, қийматни рухсатли чегараси ва назорат методларига ҳамда зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизлик талабларини ўрнатади. Улар яна, ёнғин- ва портлаш хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, радиация, титраш ва биология хавфсизлиги, шунингдек шовқиндан, инфра- ва ультратовушдан, электр магнити майдонидан, зарарли моддалардан ҳимояланиш талаблари, ёруғликка ва муҳит ҳавосига талабларни ўрнатади.
Ишлаб чиқариш ускуналари хавфсизлигига талаблар (12.2). Уларда бутунлай ускунани конструкциясига ва унинг алоҳида компонентларига, шунингдек хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш методларига талаблар ўрнатилган.
Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига талаблар стандартлари (12.3). Уларга ускуналарни жойлаштириш ва иш жойларини ташкиллаштириш, технология ускуналарини ишлаш тартиблари, иш жойлари ва меҳнат тартиби, бошқарув системаларига талаблар ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш киритилган.
Ишловчиларни ҳимоя воситаларига талаблар стандартлари (12.4). Бу стандартлар ҳимоя воситаларини синфлайди ва алоҳида синфлар ва ҳимоя қурилмалари турларини фойдаланиш, конструкцияси ва гигиенаси кўрсаткичларига, шунингдек уларнинг ёрдамчи ускуналари, ҳимояловчи ва сақловчи чегараловчилари, тўсқичлагичлари, сигналлаштиргичлари, ишончлилик ва мустаҳкамлигига, қўллар, бошни, нафас олиш ва эшитиш органлари ҳимоя воситаларига ва б.қ. га талабларни киритиб назорат ва ҳимояни баҳолаш методларини ўрнатади.
Меҳнатни мухофаза қилишнинг техник ва санитар нормалари ҳамда меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талаблари алоҳида ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун «Нормалар ва қоидалар» орқали халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ қилинади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат томонидан қўйиладиган меъёрий талабларга биноан, меҳнатни муҳофаза қилишдан меъёрий ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқланиши, ҳисобга олиниши, чоп этилиши, тарқатилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларни бекор килиниши, уларни тузилишига қўйиладиган талаблар, мазмуни, расмийлаштирилиши ва белгиланиши, уларни текшириш тартиби, кўриб чиқилиши ва улар билан корхоналарни таъминланиши ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш ва текшириб туриш тартиби ўрнатилган.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома — ишлаб чиқариш участкаларида, корхонани ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва бошқа ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ўрнатиладиган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари намунавий (тармоқники ёки тармоқлараро) ва корхоналар ишловчилари учун бўлади (алоҳида лавозимлар, касблар ва иш турлари учун).
Намунавий йўриқномалар хўжалик юритувчи органлар томонидан, тегишли касаба уюшмалари билан келишилиб, тасдиқланилади.
Тармоқда намунавий йўриқнома сифатида бошқа тармоқни намунавий йўриқномаси ҳам қабул қилиниши мумкин, бунда шу йўриқномани тасдиқлаган хўжалик юритиш органи билан келишиш керак бўлади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар лавозимлар бўйича (Бошқарув раиси, бош мухандис, бош бухгалтер ва ҳ.к.), алоҳида касблар бўйича (электрпайвандчи, электромонтёр, лаборантлар, чилангарлар ва ҳ.к.), алоҳида ишлар учун (баландликда ишлайдиган ишчилар учун, таъмирлаш ишлари, тажриба-синов ишларини ўтказиш ва ҳ.к.) ишлаб чиқилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларини штат жадвалига биноан ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ишловчилар учун намунавий йўриқномалар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:
умумий хавфсизлик талаблари;
ишни бошлашдан олдинги хавфсизлик талаблари;
ишни бажаришда хавфсизлик талаблари;
авария ҳолатларда хавфсизлик талаблари;
иш бажарилгандан кейин хавфсизлик талаблари.
Керак бўлганда йўриқномаларга янги, қўшимча бўлимлар киритилади.
Киритилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишловчилари учун вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқилишига рухсат берилади. Вақтинчалик йўриқномалар теҳнологик жараёнларни хавфсиз бажарилишини ва ускуналарни хавфсиз ишлатилишини таъминлаши керак.
Барча лавозимли шахслар учун йўриқномалар, тегишли касаба уюшмалари ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, керак бўлганда бошқа хизматлар билан келишилиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланилади.
Йўриқномалардан ишга қабул қилинаётган барча ишловчиларга кириш йўл-йўриғини, иш жойидаги дастлабки ва кейинчалик ҳар чоракда ўтказиладиган даврий йўл-йўриқларини, меҳнат қилиш хусусиятлари ўзгарганда навбатдан ташқари ҳамда бевосита мутахассислик бўйича мажбуриятлар билан боғланмаган бир маротабалик ишларни бажаришда (юклаш, тушириш, ҳудудларни тозалаш, наряд — рухсат расмийлаштирилиши керак бўлган ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўтказиладиган мақсадли йўл-йўриқларни беришда фойдаланилади. Ишловчилар учун йўриқномалар дастлабки йўл-йўриқ ўтказишда, йўл-йўриқ шахсий карточкасига қўл қўйдирилиб, ишловчиларга берилиши ёки иш жойлари, ёхуд участкаларда осиб қўйилиши, ишловчилар фойдалана олиши мумкин бўлган жойда сақланиши керак.
Йўриқномаларни ишловчилар томонидан ўрганилишини иш берувчи таъминлайди.
Ишловчилар учун йўриқнома талабларини бажариш мажбурийдир.
Бу талабларни бажармаслик меҳнат интизомига риоя этмаслик даражасида тушунилади, ва тегишли чора кўрилади.
Персонал билан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишлаш ишлаб чиқариш фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу фаолият хавфсизликни, ишончлиликни ва корхонани ишини самародорлигини таъминлайди, ва қуйидаги асосий вазифаларни бажаришга:
ишга қабул қилинаётган шахсларни малакасини иш ўрни тавсифига ва ишлаб чиқариш шароитларига мослигини таъминлаш;
ишни мустақил бошлашдан олдин ишловчиларда, шунингдек, махсус билимлар талаб қилинадиган, тегишли назорат органларининг рухсати бўлиши лозим бўлган ишларни бажаришда ҳам, керакли билимлар ва тажриба орттирилишини таъминлаш;
меҳнат фаолияти жараёнида керакли билимлар ва малакани сақланиши, ишлаб чиқариш малакасини ривожлантириб борилиши;
ишлаб чиқариш шароитлари ўзгарганда билимларни ва малакани такомиллаштириш;
ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида касбий билимлари ва малакасини доимий ва систематик равишда назорат қилиш;
ишларни хавфсиз бажаришни илғор усулларини ўрганиш ва қўллаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар, меъёрлар ва йўриқномаларни персонал томонидан риоя қилинишини мажбурийлик ҳиссида тарбиялашга йўналтирилган бўлади.
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашнинг стандартларини ишлаб чиқиш. Корхоналарда асосан меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимининг ташкилий-методик стандартлари ишлаб чиқилиб, қуйидагилар стандартлаштириш объектлари бўлади: корхонада меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш, режалаштириш ва рағбатлантириш тартиби; ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни ва йўл-йуриқ беришни ташкиллаштириш; хавфи юқори бўлган объектларни назорат қилиш; меҳнат хавфсизлигини назоратини ташкиллаштириш; хавфи юқори даражада бўлган объектларга хизмат кўрсатувчи шахсларни аттестация қилиш; корхона бўлинмалари ва хизматларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни баҳолаш методикаси; корхонада ишлаб чиқаришда олинган тан жароҳатланишлари ва касб касалликлари сабабларини тахлил қилиш тартиби; корхонани конструкциявий ва технологик ҳужжатларига хавфсизлик талабларини киритиш тартиби; корхонада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш; меҳнат хавфсизлигини баҳолаш учун ўлчашлар ўтказиш тартиби ва методлари; МХСТ ни тадбиқ қилиш ва унга риоя этиш назоратини ташкиллаштириш; ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ундан фойдаланиш ва сақлашда хизмат кўрсатиш талаблари ва бошқалар.
Меҳнатни мухофаза қилиш йўриқномаси маълум иш жойида муайян ишни бажараётган ишчига мўлжалланган бўлса, корхона стандартлари йўриқномалар ишлаб чиқувчи шахсларга йўналтирилган бўлади.
Корхонада ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати бош инженер тасдиқлайдиган рўйхат асосида олиб борилади. Ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати асосида корхонада буйруқ чиқарилади ва стандартларни тадбиқ этиш ташкилий-техник тадбирлари режаси тасдиқланади.
МХСТ-ни корхонани таркибий бўлинмалари ва хизматларида тадбиқ этилишини назоратини корхонани меҳнатни мухофаза қилиш хизмати олиб боради.
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар:
меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилиш, санитар-соғломлаштириш тадбирлари бўлими бўлган жамоа шартномаси;
иш жойларини аттестациялаш ҳаритаси;
меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг чораклик иш режаси;
ишлаб чиқаришга стандартларни тадбиқ этиш далолатномалари;
ишчилар ва инженер-техник ходимларни меҳнат хавфсизлигидан ўқитиш, йўл-йурик бериш ва билимларни текшириш дастурлари;
корхона раҳбарлари ва инженер-техник ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича лавозим мажбуриятлари;
корхонани барча касб ишловчилари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маҳаллий йўриқномалар ва бошқалар ишлаб чиқилади ва юритилади.
Меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатининг назорати. Меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати ва ишлаб чиқаришда хавфсизлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат, тармоқ ва жамоа назорати ўрнатилган.
Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари риоя қилиниши устидан давлат текшируви ва назоратини, корхона маъмурияти фаолиятига боғлиқ бўлмаган, давлат органлари: Меҳнат вазирлиги меҳнат қонунларини, меҳнатни муҳофаза қилишни барча нормалари ва қоидаларини бажарилишини назоратини олиб боради. Давлат санитар-эпидемиологик назоратини Соғлиқни сақлаш вазирлиги органлари олиб боради. Бунда корхоналар томонидан санитар-гигиена ва санитар-эпидемияга қарши нормалар ва қоидаларни бажарилишини назорати олиб борилади. Энергетика вазирлиги қошидаги Давлат энергия назорати ускуналарни тўғри ўрнатиш ва электр ускуналардан тўғри фойдаланиш устидан назорат олиб боради. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғиндан сақлаш бошқармаси бино-иншоотларни қуриш, технология жараёнларини бажариш, технологик ускуналардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириб, технологик жараёнларни бажаришда, шунингдек, ускуналар, бино ва иншоотлардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларини бажарилиши устидан назоратни олиб боради.
Ундан ташқари республика прокуратураси, адлия вазирлиги ҳамда тоғ-кон ва саноат назорати, йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекциялари, табиатни мухофаза қилиш қўмиталари давлат назоратини олиб борадилар.
Тармоқ назоратини тегишли вазирлик, уюшма, концерн, корпорация амалга оширади.
Жамоа назоратини (меҳнатни мухофаза қилиш қонунларининг бажарилиши устидан) касаба уюшмалари, экологик хавсизликни таъминлаш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларини назоратини халқаро «ЭКОСАН» жамғармаси олиб борадилар.
Меҳнатни мухофаза қилишнинг асосий вазифаси ҳозирда мавжуд ва янгидан вужудга келаётган нохуш омилларни доимий равишда ўрганиш, хавфсиз ва зарарсиз меҳнат қилишни таъминлайдиган тадбирларни ишлаб чиқиш ва бажаришдан иборат.
Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаган айбдор шахслар, шартномалар ва келишувларда, меҳнат шартномаларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлар ёки меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини риоя қилинишига масъул давлат назорат ва текширув органларига қаршилик кўрсатганлар ҳамда жамоа назоратини олиб борувчиларга тўсқинлик қилганларга нисбатан интизомий, маъмурий, фуқаро-ҳуқуқий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилади.
Интизомий жавобгарликка хайфсан бериш, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиш, ишга маст ҳолда, наркотик ёки заҳарли моддалар истеъмол қилган ҳолда келганлиги учун ходимга ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ва ишдан бўшатиш киради. Ҳар бир хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо берилади ва у амал қилиб турган муддатда ходим рағбатлантирилмайди.
Маъмурий жавобгарлик, назорат органлари томонидан, лавозимли шахслар жаримага солиниб (тортилиб) амалга оширилади.
Меҳнат мажбуриятларини бажариш пайтида ўз айби билан корхонага моддий зиён етказган ишловчиларга нисбатан моддий жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланилади.
Лавозимли шахсларнинг техника, ёнғин ва саноат санитарияси қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарлигида жарима, ишдан бўшатиш ёки ахлок тузатиш ишлари ҳамда бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Корхонада меҳнат хавфсизлигининг уч босқичли назоратини олиб бориш тартиби ва муддатлари. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича уч босқичли маъмурий жамоа назорати корхонанинг барча иш жойлари, участкалари, цехлари ва бошқа ҳудудларида меҳнат шароитлари ва хавфсизлигининг ҳолати ҳамда барча хизматлар, мансабдор шахслар ва ишчилар томонидан меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунлар, қоидалар йўриқномалар ва бошқа норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилишнинг асосий шаклидир. Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишнинг уч босқичли назоратининг биринчи босқичида корхонанинг барча бўлинмаларида ҳар куни иш жойларининг хавфсизлик ҳолатини, ускуналар созлигини, ҳимояловчи тўсиқлар борлиги, тўсқичлагичлар ўрнатилганлиги ва уларнинг созлигини, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланилаётганлигини ва бошқаларни назорат қилади. Аниқланган камчилликлар махсус журналда қайд қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Уч босқичли назоратнинг иккинчи босқичида цех бошлиғи, тайёрлов маскани бошлиғи, смена устаси, тегишли цех (тайёрлов маскани) касаба уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича комиссиясининг раиси, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандис ва цех шифокори камида ойига икки марта цехда, тайёрлов масканида, ишлаб чиқариш участкасида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назоратини олиб боради. Иш жойларида ҳамда бутунлай цехлар ва тайёрлов масканларида аниқланган камчиликлар махсус журналда қайд этилиб уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Учинчи босқични корхона бош мухандиси, корхона касаба уюшмасининг раиси, корхона шифокори, меҳнат хавфсизлиги бўлимининг бошлиғи, бош механик ва бош энергетик билан биргаликда ойида бир марта корхона цехлари, участкалари ва тайёрлов масканларида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиб турадилар. Текширув натижалари корхона раҳбари ёки бош мухандиси ҳузуридаги цех, участка ва тайёрлов масканлари бошлиқларини ишлаб чиқариш бўйича йиғилишида муҳокама қилинади ҳамда камчиликларни бартараф этиш, меҳнат шароитларини яхшилаш тадбирлари, уларни бажариш муддатлари ва бажарувчилари кўрсатилган буйруқ билан расмийлаштирилади ва унинг амалий бажарилиши таъминланади.
Меҳнатни муҳофаза қилишни иқтисодий аспектлари. Меҳнат шароитлари, ва шунингдек, жароҳатланиш, ўлим ва касб касаллигига чалиниш нафақат алоҳида инсонлар ва уларнинг оилаларига, жамиятга, шу билан бирга муайян корхона, регион ва ҳатто мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир қилади. Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратишни ижобий иқтисодий натижаларига: меҳнат унумдорлигини ошиши; меҳнат ресурсларининг сақланиши ва ишловчиларни касбий фаоллигини ошиши; ва шу икки кўрсаткични яхшиланиши эвазига миллий маҳсулотни кўпайиши киради.
Меҳнат унумдорлигини ошиши муддатидан олдин чарчаб қолишни олди олинганлиги, кичик жароҳатланишлар камайганлиги ҳамда жароҳатланишлар, умумий ва касб касалликларига чалинишлар камайганлиги натижасида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ва ишда тўхтаб қолиш вақтлари камайганлиги эвазига содир бўлади.
Меҳнат ресурсларининг сақланиши ишловчилар ҳаёти давомийлигини ошиши, шунинг учун меҳнат стажи ва касб маҳоратининг ошиши, шунингдек, пенсионерлар меҳнатидан уларга мос иш ўринларида фойдаланиш билан боғланган.
Бундан ташқари, зарарли шароитларда ишлаганлик учун имтиёз ва компенсация харажатлари (қисқартирилган иш куни, қўшимча татил, оширилган тариф ставкалари, имтиёзли пенсия, сут ва пархез овқатларнинг текин берилиши) корхонанинг иқтисодий ҳолатига таъсир этмай қолмайди. Ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ кадрлар қўнимсизлиги ҳам харажатларнинг кўпайишига (янги ходимларни излаш, уларни ўқитиш ва ишни бошлаш даврида камроқ иш унумдорлигида ва кўпроқ хатолар билан ишлашини инобатга олиб уларни ишга мослаштириш ва б.қ.) олиб келади.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасида иш берувчиларни меҳнат шароитларини яхшилашга йўналтирувчи иқтисодий манфаатлантириш етарли даражада эмаслиги ва кам самаралилиги кейинги пайтларда зарарли ва хавфли меҳнат шароитли иш ўринларини кўпайиб боришига олиб келмоқда.
Ишлаб чиқариш маданияти ва унга эришиш йўллари. Ишлаб-чиқариш маданияти меҳнатга виждонан ёндошиш билан бошланади. Эркин яратувчанлик меҳнатда инсонни дунёқараши таркиб топади, унинг истеъдоди ва имкониятлари ривожланади, тажриба ва билими кўпаяди. Агар ишлаб-чиқариш маданиятини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашга йўналтирилган барча тадбирлар узликсиз равишда режа бўйича олиб борилса, ишлаб чиқариш жароҳатининг камайиши қонуний тус олади. Шартли равишда ушбу тадбирлар учта гуруҳга бўлинади.
Биринчи гуруҳга ишлаб чиқаришни самарадорлигини ошириш ва ишловчилар меҳнатини ташкиллаштириш, иш жойларида тозалик ва тартибни назорат қилиш, корхона ҳудуди ва ишлаб чиқариш биноларини кўкаламзорлаштириш, ёритгичларни рационал жойлаштириш, шовқинни ихоталаш ва табиий шамоллатиш қурилмалари, механизмлар, ускуналар, хоналарни техник эстетика талаблари бўйича ранглаш, меҳнат қонунларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш тадбирлари киради.
Иккинчи гуруҳга: сермеҳнат ва оғир ишларни механизациялаштириш тадбирлари, жумладан, пахта ва пахта маҳсулотларини транспорт воситаларига юклаш, ташиш, пахтани ғарамлаш ва уни технологик оқимга қайта ишлаш учун узатиш; технологик ускуналар ва ишлаб чиқариш участкаларини ҳамда вентиляция, аспирация ва чанг тутиш қурилмалари, гидропресс ускуналари, сепаратор ва шу каби катта ўлчамли ускуна ва машиналарни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш тадбирлари киради.
Учинчи гуруҳга: технологияни такомиллаштириш, янги ишлаб чиқариш ва маиший хизмат кўрсатиш хоналарини қуриш ва реконструкция қилиш, технологик жараёнларни комплекс механизациялаштириш ва автоматлаштириш, юк ортиш-тушириш ишларини ялпи механизациялаштириш, ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ишловчиларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва бошқалар киради.
I.2. Меҳнат шартномаси тарафларининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Меҳнат шартномаси — ходим ва иш берувчи ўртасидаги муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажарилиши ҳақида тарафлар келишувидир.
Меҳнат шартномасида тарафларнинг келишуви бўйича: иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси), ходимнинг меҳнат вазифалари — мутахассислиги, малакаси, лавозими; ишнинг бошланиш куни; меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати; меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатни бошқа шартлари белгиланади.
Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафларидир.
Меҳнат шартномасини тузиш пайтида ходимнинг қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ҳамда кафолатлари даражаси пасайтирилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг 22-моддасида ходимнинг ва 23- моддасида иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари кейинчалик Ўзбекистон республикаси Меҳнат кодексининг тегишлича 355 ва 359-моддаларида ҳам келтирилиб мустаҳкамланган. Қуйида ходим ва иш берувчининг меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтирамиз.
Ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:
меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига мос бўлган иш ўрнига эга бўлиш;
иш берувчидан меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли мавжудлиги, шу муносабат билан ўзига берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шунингдек шахсий ҳимоя воситалари ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳақида ахборот олиш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ иш берувчининг маблағлари ҳисобидан шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиш;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилиниш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганлиги оқибатида ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келган тақдирда, агар шундай ҳолатлар меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширувчи органлар томонидан тасдиқланса, ишларни бажаришни бундай хавф бартараф этилгунига қадар рад этиш;
ўз иш ўрнидаги меҳнат шароитлари ҳамда муҳофазаси меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи орган томонидан текширишдан ўтказилиши учун сўровнома бериш;
иш берувчининг маблағлари ҳисобидан меҳнатнинг хавфсиз услублари ва усуллари бўйича ўқиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва компенсацияларни олиш;
ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши муносабати билан ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини иш берувчидан ундириш;
ўз иш ўрнида меҳнат қилиш учун хавфсиз шароитлар таъминланиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда ва ўзи билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса ёки унинг касб касаллиги текширилаётганда шахсан ўзи иштирок этиш ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиш;
тиббий тавсияларга мувофиқ навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтиш, ушбу тиббий кўрикдан ўтиш вақтида унинг иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланиши;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганлиги оқибатида иш ўрни тугатилган тақдирда иш берувчининг маблағлари ҳисобидан қайта тайёргарликдан ўтиш.
Ходим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Ходимнинг мажбуриятлари:
меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши;
шахсий ҳимоя воситаларини тўғри қўллаши;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ва малака оширишдан ўтиши;
одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи ҳар қандай вазият тўғрисида, шунингдек иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши шарт.
Ходимнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ходимлардан меҳнатни муҳофаза қилишга ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир нормалар, қоидалар ва йўриқномаларга риоя этишни талаб қилиш;
ходимларнинг алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси ёки токсик модда таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун уларни текширувдан ўтказиш;
ходимлар ишлаб чиқаришда олган жароҳатланишларнинг оғирлик даражаси, ходимларда уларнинг жароҳатланишига олиб келиши мумкин бўлган касаллик мавжудлиги тўғрисида, шунингдек уларнинг алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси ёки токсик модда таъсиридан маст ҳолатда эканлиги ҳақида маълумотлар олиш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этганлик учун ходимларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда айбдор ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш.
Иш берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Иш берувчининг мажбуриятлари:
ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаши;
бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллаш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш чоғида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаши;
иш ўринларида меҳнат шароитларининг ҳолати, айниқса зарарли ишлаб чиқариш омиллари ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари юзасидан назоратни амалга ошириши;
меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликлар хавфи мавжудлиги, муайян иш ўринларида ва ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати ҳақида, шунингдек шу муносабат билан ходимларга берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари тўғрисида ходимларни ўз вақтида хабардор қилиши;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этиши;
ходимларни белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув, шахсий ҳимоя ҳамда гигиена воситалари билан таъминлаши, шунингдек жамоавий ҳимоя воситалари қўлланилишини таъминлаши;
ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олишини, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан, қайта тайёргарликдан ўтишини, малака оширишини ва билимлари текширилишини таъминлаши;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқлар олмаган ва билимлари текширилмаган шахсларни ишга қўймаслиги;
ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, ногиронлар банд бўлган зарарли, хавфли ва бошқача меҳнат шароитларига эга иш ўринларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиши;
дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этиши;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларга, шунингдек касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига уларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати, бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текшириши юзасидан назоратни, текширишни ва мониторингни амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни тақдим этиши;
авария вазиятларининг олдини олиш, бундай вазиятлар юзага келганда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, шу жумладан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг кўрсатмаларини бажариши ҳамда касаба уюшмаларининг ва ходимлар бошқа вакиллик органларининг тақдимномаларини кўриб чиқиши;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинишини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини таъминлаши;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини белгиланган тартибда текширувдан ўтказиши, шунингдек уларнинг ҳисобини юритиши шарт.
Улардан ташқари, меҳнат шартномаси тарафлари ҳуқуқлари ва мажбуриятларига қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар ҳам киритилиши мумкин.
Фуқароларни соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига тўғри келмайдиган ишга қабул қилиш ва ишловчиларни бошқа шундай ишга ўтказиш тақиқланиши, шунингдек соғлиғи ва ҳаётига юқори даражада хавф туғдириши мумкинлиги олдиндан аён бўлган ишга қабул қилиш ҳамда ўтказиш чоғида иш берувчи уларни бу ҳақда огоҳлантириши шарт.
Соғлиғининг ҳолатига кўра енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсирини истисно этадиган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи ана шундай ишга уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай ўтказиши шарт.
Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш имконияти йўқлиги туфайли, давлат назорат ва текширув органи талаби бўйича, корхона, цех, участка, иш жойи фаолияти тўхтатилганда (бекор қилинганда), иш берувчи ходимни малакасига мос иш билан таъминлашга ёки ходимни янги касбга (мутахассисликка) тайёрлаши ҳамда тайёрлаш даврида ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда бепул ўқитилишини таъминлашга мажбур.
Ишловчи ўзини ҳаёти ва соғлиғи учун бевосита хавф туғилганда шундай ишларни ва меҳнат шартномасида назарда тутилмаган меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлайди.
Иш берувчи иш жойида касал бўлиб қолган ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши, даволаш-профилактика муассасасига олиб бориши керак.
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўқиш ва йўл-йўриқдан ўтмаган ҳамда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалар, нормалар ва йўриқномалардан билимлари текширилмаган шахсларни ишлашига рухсат этиш тақиқланади.
Корхоналар маъмурияти ишловчилар ишлаш нормаларини бажаришлари учун нормал шароитларни таъминлашга мажбурдирлар, яъни машиналар, ускуналар, мосламаларни соз ҳолатда бўлишини таъминлашлари; керакли ёритилганлик, иссиқлик ва шамоллатиш яратишлари; шовқин, нурланиш, титраш ва ишловчилар соғлиғига салбий таъсир ўтказадиган бошқа омиллар зарарли оқибатларини бартараф қилишлари керак.
Меҳнат шартномасида меҳнат шароитларини ишончли тавсифи, ишловчиларга оғир меҳнатлар ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун имтиёз ва компенсациялар кўрсатилади.
Давлат томонидан иш берувчи билан меҳнат шартномаси бўйича меҳнат жараёнида қатнашаётган ишловчиларнинг меҳнатни мухофаза қилиш ҳуқуқи кафолатланади ва унинг номидан фаолият юритувчи қонунчилик, ижрочи ва суд ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши таъминланади.
I.3. Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришдан мақсад: иш жойларида, ишлаб чиқариш участкаларида, цехлар ва тайёрлов пунктларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишловчиларни ишлаб чиқаришдаги зарарли ва хавфли омиллар таъсиридан ҳимоялаш, меҳнаткашларни узоқ ва юқори меҳнат қобилиятларини сақлашдан иборат.
Корхона фаолиятидан мақсад, хом-ашё тайёрлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, уни сотиш ва фойда олиш билан бир қаторда меҳнат жамоаси турмушини яхшилаш, ҳаётини ижтимоий ривожлантириш ва атроф муҳитни мухофаза қилишдир.
Меҳнат жамоасини ҳаётини ижтимоий ривожлантириш деганда меҳнатдан қониқиш даражасини ошириш, меҳнат жамоаси аъзоларини моддий ва маънавий талабларини қондириш, меҳнат, маиший хизмат кўрсатиш, дам олиш шароитларини яхшилаш, ҳар бир ишловчини ижтимоий фаоллигини ошириш бўйич
