Етти буюк пайғамбарлар қиссалари
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Етти буюк пайғамбарлар қиссалари

Раҳматулла Асадуллаевич Усманов

Етти буюк пайғамбарлар қиссалари





Муқаддас китоблар: «Библия», «Таврот», «Инжил», «Забур» лардан фойдаланиб, буюк пайғамбарлар: Одам ота, Нуҳ, Иброҳим, Мусо,


12+

Оглавление

Худонинг сўзлари ҳақиқатдир.


Руҳлари шод бўлиши учун отам Усманов Асадулла ҳамда 90 ёшли муслима онажоним Кодоева Таиса Иласовнага бағишлайман.

СЎЗ БOШИ

Субутий ва Зотий сифатларга эга бўлган Роббимиз (Худо — Аллоҳ) ўз ҳикмати билан инсонга яхши ёмонни, бузуқ тузуқни ажратишга ақл бериб, бу икки йўлнинг қайси бирига бўлсин, ўз ихтиёри бўйича юришга эрклик қилиб яратгандир. Савоб ишларни қилиб жаннатга кириш, гуноҳ ишларни қилиб дўзахга тушиш банданинг ихтиёрига боғлиқдир. Шайтон йўлида йўқотган кучни раҳмон йўлида ишлатиш банданинг ўз қўлидадир.

Худо битта, унинг ўхшаши йўқ, фақат у бизнинг қалбимиз эҳтиёжларимизни қондира олади, фақат у мақтов ва садоқатга лойиқдир. Худо солиҳ, у гуноҳни эътиборсиз қолдиролмайди. Худо бизни гуноҳларимизни кечириши учун Ийсо алайҳиссалом Худонинг жазосини ўз зиммасига олди. Одам Яратганнинг ердаги халифаси бўлганлигидан У одамларни севади ва ҳар бири билан бўлишни ҳоҳлайди. Шу сабабдан одамлар Уни улуғлаши ва севиши, ибодатлари ягона Худога бўлиши керак.

Инсонларга диний ишларда йўлбошчилик қилиш учун Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Буларнинг биринчиси Отамиз Одам Сафиюллоҳ, энг сўнгиси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бу икки орада ўтганлар бир ривоятда бир юз йигирма тўрт минг, иккинчи ривоятда икки юз йигирма тўрт минг пайғамбардир. Барчаларининг диний асослари уч нарсага қаралган эди:

Биринчиси, Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига (ягоналигига) имон келтириш;

Иккинчиси, ўлгандан кейин яна қайтадан тирилишга ишонмоқ;

Учинчиси, қиёмат кунининг бўлишига ва барча инсонлар бу дунёда қилган ишлари учун сўроқ қилиниши ҳамда тегишлича мукофот ёки жазоланиши муқарарлигига ишонмоқдир.

Мана шу хабарларни бутун инсонларга етказиш учун Аллоҳ таоло шунча кўп пайғамбарларни юборгандир.

Аллоҳ адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш, Аллоҳнинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб ўрнак бўлиши учун Парвардигор танланаётган Пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини ҳоҳлади.

Худо ҳамма нарсани: ўтмиш, ҳозирги ва келажакни, ҳатто бизнинг фикримизни ва келажакда нима қилмоқчилигимизни билгани учун унинг Пайғамбар танлаши адолатли ва мукаммалдир.

Ушбу китобни ёруғликка чиқишида, менга ҳар томонлама беғараз ёрдам берган, «Ridero» нашриёти платформаси ходимларига, раҳматлар айтиб ўзимни чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Китобни яратилиш жараёнида, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришган, рафиқам Аллаёрова Муҳайё, ўғилларим Музаффар ва Равшанларнинг беқиёс хизматларини миннатдорчилик билан таъкидлашни ўз бурчим деб ҳисоблайман.

КИРИШ

Аллоҳнинг элчилари ва пайғамбарларига ишониш имоннинг тўртинчи устинидир. Элчилар (Расул) Аллоҳнинг энг ҳурматли ва севимли қуллари эканлигига ишониш керак, У уларни танлаган, уларга ваҳий юборган ва уларни ҳақиқий динга чақириш учун халқларга юборган. Биринчиси — Одам ота (унга тинчлик бўлсин), охиргиси — Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам). Олдинги элчилар маълум халқларга ва маълум вақтларда юборилган бўлса, Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бутун инсониятга юборилган. Унинг элчилиги охиратгача кучга эга бўлади ва бутун дунё бўйлаб давом этади. У пайғамбарлар занжирининг сўнгги бўғини бўлган охирги пайғамбари ва элчисидир.

Расул ва Набий пайғамбарлар Аллоҳнинг бутун инсониятдан танлаган ва Аллоҳдан ваҳий олган махсус қулларидир. Аммо элчилар (Расул) пайғамбарлар Набий пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, ваҳийни одамларга етказиш мажбуриятига эгалар, улар ўзларининг намуналари ва ҳатти-ҳаракатлари билан одамларга Аллоҳ буюрган йўлдан боришга ёрдам беришган. Барча элчилар бир вақтнинг ўзида пайғамбарлардир, лекин ҳамма пайғамбарлар ҳам элчи эмас. Пайғамбарларнинг аниқ сонини фақат Аллоҳ билади. Баъзи олимларнинг таъкидлашича, жами 124 мингдан ортиқ пайғамбарлар бўлган ва улардан 313 нафари элчилардир.

Улар ўз-ўзидан пайғамбар бўлмайдилар, уларни қодир Тангри танлайди. Аллоҳ пайғамбарларга мўжизалар қилиш (кўрсатиш) учун қобилиятларни берди. Масалан, Мусо алайҳисаломнинг таёғи илонга айланди, Ийсо алайҳисалом касалларни даволади ва ўликларни тирилтира олди. Муҳаммад пайғамбарнинг (соллоллоҳу алайҳи васаллам) энг катта мўжизаси Қуръондир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, биринчи пайғамбар ва элчи, биринчи одам — Одам ота, у фақат Аллоҳга сиғинганди. Аммо Одам отанинг баъзи авлодлари охир-оқибат Аллоҳнинг динидан узоқлаша бошладилар, уни бузиб кўрсатдилар. Албатта, Аллоҳ уларга пайғамбарлар ва элчиларни юборди. Аммо одамлар пайғамбарлар орқали уларга берилган кўрсатмаларни яна унитдилар. Ва ҳар сафар халқлар иблиснинг таклифларига бўйсиниб, худбинлик учун ҳақиқий диндан воз кечганларида, Аллоҳ раҳм-шафқати билан, одамларни тўғри йўлга йўналтириш учун, пайғамбарларни уларга юборди.

Яратувчи ҳеч қачон одамларни ҳақиқий йўлдан бориш зарурлиги тўғрисида тушунтиришсиз қолдирмаган. Агар одамлар белгиланган кўрсатмаларга риоя қилиш имконига эга бўлмасалар, уларни нотўғри тушунчалар учун жазолаш адолатдан бўлмайди. Инсон ҳақиқий динни бузиб кўрсатди ва ундан узоқлашди. У Яратувчига ўз ижодининг фазилатларини боғлаган, динни коинот ҳақидаги ўз ғояларига мувофиқ ўзгартирган, қодир Тангрининг амрларини ихтиро қилинган меъёрлар ва урф-одатлар билан алмаштирган, бу эса жамиятнинг ахлоқий таназзулига ва ишончсизликка олиб келган.

Пайғамбарлар ва элчиларнинг ҳар бири аввалгисининг ҳақиқатини тасдиқладилар ва кейингиси ҳақида хабар беришди. Уларнинг барчаси монотеизмга, қодир Тангрининг буйруқлари ва тақиқларига риоя қилишга чақирдилар ва улар ўртасида тўлиқ давомийлик бор эди. Ҳар бир халққа бир ёки бир нечта пайғамбарлар юборилган, улар одамларга ҳақиқат йўлини кўрсатган. Улар ҳақиқатни ривожлантиришнинг ушбу босқичида маълум бир халқ учун мавжуд бўлган шаклда ваъз қилдилар.

Аллоҳ пайғамбарларга мукаммал фазилатларни ато этди. Ушбу фазилатларнинг барчасига эга бўлмаган киши пайғамбар бўла олмайди. Бу ҳақиқат, гуноҳсизлик, ақлнинг мукамаллиги ва қодир Тангри буюрган ҳамма нарсани одамларга етказиш қобилиятидир.

Пайғамбарлар ҳақиқатга энг юқори даражада эга эдилар. Уларнинг сўзлари ҳеч қачон ишларига зид бўлмаган. Улар нима ҳақида гапирган бўлса барчаси амалга ошган. Пайғамбарлар ёлғон гапира олмайдилар, чунки улар Худонинг каломи билан келишган. Агар пайғамбар бир марта ёлғон гапирган бўлса, демак, бу қодир Тангрининг амри, чунки пайғамбарлар ҳар доим ва ҳамма нарсада фақат унинг амрларига амал қилишади. Пайғамбарларга ҳамма нарсада ишонишган. Улар ҳеч қачон сақлаш учун берган нарсаларни ўзлаштирмаганлар.

Пайғамбар қодир Тангри кўрсатган йўлдан адашиши мумкин эмас, яъни гуноҳ қилиши мумкин эмас, чунки пайғамбарнинг ҳатти-ҳаракатлари намуна. Агар пайғамбар битта гуноҳ қилган бўлса ҳам, демак, бу қодир Тангрининг буйруғи ва бошқа одамлар бундай ишни танбеҳ ва жазосиз қилиш ҳуқуқига эга эмаслар. Пайғамбарлар ҳеч қачон аниқ, яширин гуноҳларни, катта ёки кичик гуноҳларни қилмаганлар.

Аллоҳнинг пайғамбарлари энг кўп қийинчилик ва мусибатларни бошидан кечирдилар ва энг кўп азоб чекдилар. Муҳаммад пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи васаллам) шундай деган: «Энг кўп азоб чекканлардан пайғамбарлар, кейин уларга эргашганлар ва улардан ўрнак олганлардир». Бироқ, Аллоҳ пайғамбарларга юборган қийинчилик ва бахтсизликлар қанчалик кўпаймасин, Улар уларга қатъий ва муносиб муҳосаба қилдилар. Қодир Тангри пайғамбарларга уларни улуғлаш учун синовлар берди.

Ақл-идрокка эга бўлмаган одам пайғамбар бўлиши мумкин эмас эди, чунки у билан бирга келган нарса мукаммалликдир. Агар пайғамбар мукаммалликка эришмаган одам бўлганида, одамлар унинг ваъзини ҳам шундай деб ҳисоблашган бўлар эди. Бундан ташқари, У мунозараларда ҳақиқатни ҳимоя қила олмайди, одамларга ўз ҳақлигини исботлай олмайди.

Пайғамбар қодир Тангрининг амрларини одамларга етказиши керак. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ваҳий олдилар ва уни одамларга етказишлари шарт эди, чунки улар одамларга ҳақиқат ва унинг амрларини етказиш учун танланган. Пайғамбарлар санаб ўтилганларга қарама-қарши фазилатларга эга бўлолмайдилар. Бу улар учун қабул қилиниши мумкин эмас.

Бундан ташқари, пайғамбарлар оддий одамлар билан бир хил бўлиши мумкин: безовталик, қувонч ва қайғу, касаллик. Улар овқатланишади, ухлайдилар, уларни оилалари ва ишлари бор эди. Аммо, масалан, эпилепсия, шизефрения ва бошқалар каби руҳий касалликлар, уларнинг обрўсига путур етказиши мумкин, пайғамбарларга хос эмас.

.

1. ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ

Одам алайҳиссалом Худо томонидан яратилган биринчи одам, унинг қовурғасидан биринчи аёл Ҳаво яратилган. Одам ота ва Момо Ҳаво инсониятнинг дастлабки аждодларидир.

ДУНЁНИНГ ЯРАТИЛИШИ. Биринчи куни Худо осмон билан ерни яратди. Ер ҳали шаклсиз ва бўм-бўш бўлиб, тубсизлик узра қоронғилик ҳукм сурар эди. Худонинг Руҳи эса сув юзида парвоз этар эди. Сўнгра Худо ёруғлик пайдо қилиб уни қоронғиликдан ажратди. Худо ёруғликни кундуз, қоронғиликни эса тун деб атади.

Иккинчи куни Худо бир гумбазни вужудга келтириб, гумбаз остидаги сувни гумбаз устидаги сувдан ажратди. «Осмон остидаги сув бир жойга тўплансин, қуруқлик кўринсин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Худо қуруқликни ер деб атади, сувларнинг жамини эса денгизлар деб атади.

Учинчи куни Худо: «Ер ўсимлик кўкартирсин: уруғ берадиган ўт-ўланлар, мевасида уруғи бор турли-туман мевали дарахтлар ер юзида ўниб-ўссин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Ер турига кўра ўсимликларни: уруғ берадиган ўт-ўланлар ҳамда мевасида уруғи бор мевали дарахтларни ундирди.

Тўртинчи куни Худо: «Кунни тундан ажратиш ҳамда фасллар, кунлар, йилларни белгилаш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин. Булар ер юзини ёритмоқ учун осмон гумбазида нур сочиб турсин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Шундай қилиб, Худо иккита катта ёритқични: кунни бошқариш учун каттароқ ёритқични ва тунни бошқариш учун кичикроқ ёритқични, шунингдек, юлдузларни ҳам вужудга келтирди. Ер юзини ёритиб турсин ва тун билан кунни бошқариб, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин, деб Худо буларни осмон гумбазида жойлаштирди.

Бешинчи куни Худо: «Сув тўда-тўда жониворлар билан қайнасин, ер устидаги осмон гумбази бўйлаб қушлар учсин», — деди. Худо ҳайбатли денгиз аждарларини, сувда яшайдиган турли-туман майда жониворларни ҳамда қуш-паррандаларни яратди. Худо уларни муборак қилиб: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар, денгиз сувларини тўлғазинглар. Ер юзида эса парранда кўпайсин», — деди.

Олтинчи куни Худо: «Ер турли-туман тирик жонни: чорва, судралувчи ҳамда ёввойи ҳайвон турларини ҳосил қилсин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Худо ерга хос турли-туман ёввойи ҳайвонларни, чорвани, қуруқликда судралувчиларни вужудга келтирди.

Худо еттинчи кунни муборак ва муқаддас қилиб айирди, чунки У Ўз фаолиятини еттинчи кунда тамомлаб, Ўзининг бутун яратиш фаолиятидан тинган эди. Осмон билан ернинг яратилиш тарихи мана шудир.

Яна Худо: «Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик. У денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар, чорвалар ва бутун ер юзи ва ерда ҳаракат қилувчи барча махлуқот устидан ҳокимлик қилсин», — деди.

Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди. Уларни эркак ва хотин қилиб яратди. Худо одамларни муборак қилиб, уларга: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар. Ер юзини тўлғазиб тобе қилинглар. Денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар ҳамда ер юзида ҳаракатланувчи барча ҳайвонлар устидан ҳоким бўлинглар», — деди.

Худо давом этиб: «Мана, Мен сизларга бутун ер юзидаги уруғ берадиган ўт-ўланнинг ва уруғли мева берадиган дарахтларнинг ҳаммасини бердим; сизларга овқат учун ярайди. Шунингдек, тирик жони бўлган бутун ёввойи ҳайвонларга: кўк юзида учиб юрувчи барча паррандаларга ва ер юзида ҳаракат қилувчи барча махлуқларга ҳам емиш учун кўк ўтнинг ҳар турли навини бердим», — деди ва шундай ҳам бўлди.

АДАМ ВА ЕВАНИНГ ЯРАТИЛИШИ. Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни шаклини ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлаб, Адамни тирик жон қилиб яратди. Сўнгра Адан ўлкасида боғ ўтқазиб, кўзга ёққан, емоққа яхши бўлган ҳар хил дарахтларни ердан ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини, шу билан бирга яхши ва ёмонни билиш дарахтини ҳам ўстириб, Ўзи яратган одамни, Адан боғини ишлаб парвариш қилиши учун, у ерга жойлаштирди.

Худованди Карим Адамга: «Сен бу боғнинг ҳар бир дарахтидан еявергин. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан», деди. Сўнгра Худованди Карим Адам ёлғиз бўлмаслиги учун унга муносиб мададкор яратиш мақсадида, тупроқдан ҳар хил дашт ҳайвонларини, кўкда учувчи ҳар хил паррандаларни ясади ва уларга от қўйиш мақсадида Адамнинг олдига келтирди. Адам эса ҳар бир жонли махлуққа от қўйди ва ўша махлуқнинг оти шундай бўлди. Адам ҳамма чорва туёқларига, ҳамма осмон паррандалари ва дашт ҳайвонларига ҳам от қўйиб бўлди, аммо Адамга мувофиқ мададкор топилмади.

Шунда Худованди Карим Адамни қаттиқ уйқуга мубтало қилди ва у ухлаб қолгач, унинг қовурғаларидан биттасини олди ва ўрнини эт билан қоплади. Адамнинг қовурғасидан бир аёл барпо қилиб, уни Адамнинг олдига олиб келди. Шунда Адам: «Мана, энди бу суяк менинг суякларимдан, бу эт менинг этимдандир. У хотин киши деб айтилади, зероки у эр кишидан олинган», — деди. Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар. Шунда одам билан хотини қип-яланғоч бўлиб, бир-биридан уялмас эдилар.

АДАМ ВА ЕВАНИНГ ГУНОҲ ҚИЛИШИ. Худованди Карим яратган барча дашт ҳайвонлари орасида энг айёри илон эди. Илон Евага: — Чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдимикин? — деди. Ева илонга деди: — Боғ дарахтларининг мевасидан ея оламиз- у, Худо фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасини еманглар, унга тегманглар, бўлмаса ўласизлар, деди. Илон Евага: — Йўқ, мутлақо ўлмайсизлар! Чунки Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар, — деди. Ева кўрсаки, дарахтнинг меваси емоққа яхши, кўзга ёқимли ҳамда дид-фаросат топишга фойдали экан. У дарахтнинг мевасидан олиб, еди. Сўнг эри Адамга ҳам берди, у ҳам еди. Шу онда икковининг кўзлари очилиб, яланғоч эканларини пайқадилар. Анжир баргларини бир-бирига тикиб, ўзлари учун ёпинчиқлар ясадилар. Куннинг салқин шабадаси эсган вақтда Адам ва унинг хотини Ева боғда юрган Худованди Каримнинг овозини эшитиб қолишди. Улар Унинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасида яширинишди. Лекин Худованди Карим Адамга хитоб қилиб, сўради: — Қаердасан? — Мен овозингни боғда эшитдим-у, қип- яланғочман деб қўрқиб, яшириндим, — деди Адам. Худованд: — Яланғоч эканингни сенга ким айтди? Ё Мен ема деб буюрган дарахт мевасидан едингми? — дея сўради. Адам: — Сен берган бу хотин дарахтнинг мевасидан менга берди ва мен ҳам едим, — деди. Худованди Карим хотинга: — Бу нима қилганинг? — деди. — илон мени алдади ва мен едим, — деди хотин. Шунда Худованди Карим илонга айтди: «Бу қилган ишинг учун сен ҳамма чорва туёқлари ва ҳамма дашт ҳайвонларидан кўра лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан судралиб юриб, тупроқ ейсан. Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан». Кейин хотинга деди: «Сенинг ҳомиладорлик пайтидаги машаққатингни бағоят орттираман. Сен дард билан фарзандлар туғасан. Иштиёқинг эрингга бўлади, у эса сенга ҳоким бўлади». Кейин Адамга деди: «Сен хотинингнинг гапига қулоқ солдинг, Мен ема деб буюрган дарахт мевасидан единг. Энди сен сабабли ер лаънатидир. Умринг бўйи машаққат чекиб, ер ундирган ҳосилдан ейсан. Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дашт ўтини еб юрасан. Сен ердан олингансан ва ерга қайтгунингга қадар пешана тери билан нон еб юрасан. Зеро тупроқдирсан ва тупроққа қайтарсан». Шундан сўнг Адам хотинининг исмини Ева (яъни Барҳаёт) қўйди, чунки у ҳамма ҳаёт эгаларининг онаси бўлди. Худованди Карим Адам ва унинг хотини учун теридан кийим ясаб, уларни кийинтирди. «Мана, одамзод яхши ва ёмонни фарқлашда худди Биздай бўлиб қолди! — деди Худованди Карим. — Энди, тағин қўлини чўзиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, уни еб абадий яшамасин!» Шу билан Худованди Карим, ўзи чиққан ерни ишласин, деб одамзодни Адан боғидан чиқариб юборди. У одамзодни ҳайдаб юборди-да, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқий томонига карубларни ва айланадиган алангали қилични қўйди.

КАИН БИЛАН АВЕЛЬ. КАИННИНГ НАСЛ-НАСАБИ. СИФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШИ. Адам хотини Евага яқинлашгач, у ҳомиладор бўлиб Каинни туғди. Ева: «Худованд берган қобиллик билан бир кишини қўлга киритдим», — деди. Кейинроқ унинг укаси Авелни туғди. Авель қўйчивон, Каин эса деҳқон бўлди. Бир муддатдан кейин Каин ернинг маҳсулидан Худовандга ҳадя тақдим этди. Авель ҳам қўйларининг каттасидан қурбонлик сўйиб, унинг думбасини тақдим этди. Худованд Авелни ва унинг ҳадясини манзур кўрди. Аммо Каинни ва унинг ҳадясини манзур кўрмади. Шунда Каин қаттиқ ранжиб, қовоғини солди. Худованд Каинга: — Нима учун сен ранжидинг? Нега қовоқ солиб ўтирибсан? Агар яхшиликни ният қилганингда, унда бош кўтариб юрмасмидинг? Агар ниятинг яхши бўлмаса, остонада гуноҳ пойлаб туриб, сени ўзига жалб қилади. Сен эса, аксинча, унга ҳоким бўл! — деди.

Каин укаси Авель билан сўзлашиб олди. Улар даштда бўлган вақтда Каин укаси Авелга қарши қўл кўтариб уни ўлдирди.

Худованд Каиндан сўради: — Уканг Авель қаерда? — Билмайман, мен укамнинг соқчисими? — деди Каин. Худованд: — Сен нима иш қилиб қўйдинг? Укангнинг қони тупроқдан Менга қараб фарёд этмоқда. Энди ўзингнинг дастингдан оғзини очиб укангнинг қонини ютиб қўйган тупроқдан қувилиб, лаънати бўлгайсан. Ерга ишлов берганингда ҳам, у ўз қувватини бошқа сенга бермас. Ер юзида сарсон-саргардон бўлгайсан, — деди. Каин Худовандга: — Менинг жазойим кўтара оладиганимдан ҳам каттадир. Агар Сен мени бугун бу тупроқдан ҳайдасанг, энди Сенинг ҳузурингдан яшириниб юраман, жаҳонда сарсон-саргардон бўламан. Ҳар бир йўлиққан жонзод мени ўлдириб юборар, — деди. Худованд Каинга: — Агар кимки Каинни ўлдирса, ундан етти карра ўч олинар, — деди-ю, Каинни ҳар бир йўлиққан урмаслиги учун унга бир нишона қўйди.

Шундай қилиб, Каин Худованд ҳузуридан чиқиб кетди-да, Аданнинг шарқий томонидаги Нод ерида ўрнашди. Каин хотинига яқинлашгач, у ҳомиладор бўлиб Енохни туғди. Каин шаҳар бинокори бўлди. Қурган шаҳрини эса ўғлининг номи билан Енох деб атади.

Адам яна ўз хотинига яқинлашди. У эса бир ўғил туғиб: «Каин ўлдирган Авель эвазига Худо менга бошқа зурриёт берди», — деди ва унинг исмини Сиф қўйди. Сиф ҳам бир ўғил кўрди, исмини Енос (яъни Инсон) қўйди. Ўша пайтда инсонлар Худованднинг исмини чақира бошладилар.

ЯРАТИЛИШДАН ТЎФОНГАЧА ЎТГАН ЎН АВЛОД. Бу Адам авлодларининг китобидир: Худо Адамни яратган кунида унга илоҳий сурат берди. У одамларни эркак ва аёл қилиб яратди. Уларни яратган кунининг ўзидаёқ муборак қилиб, уларга Одамзод номини берди.

Адам бир юз ўттиз ёш умр кўргандан сўнг, ўзига ўхшаган, ўзининг суратидек бир ўғил — Сифни кўрди. Сиф туғилганидан кейин Адам яна саккиз юз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.

Тавротда келтирилган Адам авлодларининг китобига кўра, яратилишдан тўфонгача тўққиз авлод ўтган бўлиб, ўнинчиси Нуҳ алайҳиссаломдирлар ва У кишининг аждодларининг исмлари (кўрган умрлари) энг юқорисидан бошлаб қуйидагилардир: Адам (930), Сиф (912), Енос (905), Қаинан (910), Малелеила (890), Иареда (962), Енох (365), Мафусал (969), Ламех (777), Ной- беш юз ёшга кириб, учта: Сим, Ҳам ва Иофет деган ўғилларни кўрди.

Одам жами тўққиз юз ўттиз ёш умр кўриб, ўлди.

ҚУРЪОНИ КАРИМ ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ ВА ИБЛИСНИНГ ЖАННАТДАН ҚУВИЛИШИ ҲАҚИДА. Биринчи инсон Одамнинг яратилиши Бақара сурасида қуйидагича баён этилади: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан! Ҳолбуки, биз Сенга тасбеҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз», дедилар. (У Зот) «Мен сиз билмаганни биламан», деди. (Бақара 30 оят). Бундан Аллоҳу таоло Одамга улкан ишонч билдиргани ва Ўзининг ер юзидаги ўринбосари — халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти.

Одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши, шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Тангри таолони ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмади. Шунинг учун ҳам Аллоҳу таоло фаришталарнинг эътирозларига қарамай, Аллоҳ таоло фаришталарнинг эътирозларига қарамай, «Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди». (Роҳман сураси 14 оят). Оятда тупроқдан лой қилиниб, уни одам шаклига келтириб қуритилганлиги, сўнгра руҳ киритилганлиги ва инсонни йўқдан бор қилган Зот уни тупроқдан яратганлиги маълум бўлади.

«Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини менга айтиб беринг». деди (Бақара 31 оят). Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб: «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен билгувчисан ва ҳикматли Зотсан», дедилар. (Бақара 32 оят). Фаришталар билмаган нарсаларини, сўзсиз, билмаймиз, деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «билмайман», дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.

Сўнгра Аллоҳу таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси — одамнинг фазлини изҳор қилиш учун: «Эй одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатиб нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди. (Бақара 33 оят). Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан биридир. Шу билан одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабаблардан бири–илм олишга истеъдодининг борлигидир. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Одамнинг фазли фаришталар кўз олдида намоён бўлгандан кейин Аллоҳ таоло: «Эсла, фаришталарга: „Одамга сажда қилинглар!“ деганимизни». Фаришталарга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни — Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.

«Бас, сажда қилдилар, фақат Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди». (Бақара 34 оят). «У Зот: «Сенга амр этганимизда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. (Иблис) «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди». (Аъроф сураси 12 оят). Шунда: (У Зот): “ Бас, у (жаннат) дан туш! Сен учун унда мутакабирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди. (Аъроф 13 оят). Иблис Аллоҳнинг амрини билиб туриб, эътиқод қилиб туриб, унга амал қилмагани учун Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди, Унинг лаънатига учради. Иблис Аллоҳнинг лаънатига учраб турган пайтида ҳам одам зурриётига ёмонлик қилишни унутмади. У Аллоҳдан одамлар қайта тирилтириладиган кунгача уларни иғво қилиш мақсадида бу дунёда туришга муҳлат сўради: (У) «Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!», деди. Аллоҳ таоло унинг сўроғига жавобан: “ (У Зот) «Албатта, сен муҳлат берилганлардансан, маълум вақт кунигача», деди. (Сод 80—81).

Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Иблиснинг ўзига Худо ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган. (У Зот) «Ҳақ шулки, зотан, Мен фақат ҳақни айтурман. Албатта, жаҳаннамни сен ва улардан сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди. (Сод сураси 84—85 оят) ва Иблисни жаннатдан қувиб чиқарди. Иблис билан инсон орасида душманлик шундан бошланади. Бу душманлик, яхшилик вакили ила ёмонлик вакилининг курашига айланди.

ШАЙТОН ВАСВАСАСИ ВА УНГА ОДАМНИНГ УЧГАНИ. Қуръонда Момо Ҳавони яратилиши тўғрисида муайян бир нарса айтилмаган, аммо Нисо сурасининг биринчи оятида: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!,…» дейилганидан, Аллоҳу таоло Одамдан унинг жуфти Момо Ҳавони яратганлиги келиб чиқади. Аллоҳу таоло Одамдан Момо Ҳавони яратди. Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани ҳоҳласаларигиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласиздар», дедик. (Бақара 35 оят).

Аллоҳ таоло жаннат тўла нарсаларни Одам ота ва Момо Ҳавога неъмат қилиб берди, лекин биргина дарахтга яқинлашишни тақиқлади. Аммо бу тақиқ одам учун зарур, унга керак эди. Зеро, тақиқ бўлмаса, одам чегара нима эканини билмай, ҳайвонга ўхшаб, кўнгли тусаган нарсани қиладиган, оқибатда у дунёни эмас, дунё уни бошқарадиган бўлиб қоларди. Тақиқ инсон иродасини мустаҳкамлайди, уни шаҳватидан ғолиб келишга ўргатади, ҳар бир нарсанинг меъёри, чегараси борлигини англатади. Ушбу нарсаларни фаҳмлаш ва уларга амал қилиш билан инсон ҳайвондан тубдан фарқ қилади. Аллоҳ таоло одамга ақлу ирода бергани, уни ўзининг ер юзидаги халифаси этиб тайинлагани учун ҳам унга ушбу тақиқни жорий қилиб, доимо иродасини чиниқтириб туришини хоҳлаган.

Шайтон Одам билан Ҳавони Аллоҳ таолонинг амридан чиқишга чорлай бошлади. «Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: „Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди“, деди». (Аъроф 20 оят). Шайтон, асосан, инсонни шарманда қилиш, унинг айбини–авратини очиш учун жиддий жаҳд этади. Аммо ниятини яшириб, инсоннинг заиф томонидан ҳужум қилади, ундаги шаҳват ва ҳавас оловини алангалатади. Шайтон ўз васвасасини ҳақиқат деб кўрсатиш учун: «Уларга: „Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман“, деб қасам ичди». (Аъроф 21 оят). Яъни, шайтон Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, ўз иғвосини насиҳат, деб атади.

Шайтон ўзининг ушбу иғвоси ила: «Бас, уларни алдов ила паст (ҳолат) га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: „Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!“ деди». (Аъроф 22 оят). Шайтон мақсадига етди. Одам ота ва Момо Ҳавони алдаб, ўз йўлига солди ва ниҳоят уларни гуноҳкор қилиб, мартабасини пастлатди.

Аллоҳ таоло Одам ва Ҳавога тақиқланган ишни қилиб, гуноҳор бўлганларини айтиб, эътироз билдирди. Одам билан Ҳаво ўзларини Иблис алайҳи лаъна каби тутмадилар, икковлари дарҳол гуноҳларига иқрор бўлдилар ва: Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар (Аъроф 23 оят) ва тавба қилдилар.

ХУДОНИ ЖАННАТДАН ТУШИШГА АМРИ. Шайтон алайҳи лаъна ҳам, инсон ҳам даставвал хатога йўл қўйдилар. Аммо оқибат натижа икки хил бўлиб чиқди. Шайтон лаънатга гирифтор бўлди. Инсон раҳматга эришди. Уларнинг бу мартабаларига гуноҳдан кейинги ҳолатлари сабаб бўлди. Гуноҳкор шайтон кейин ҳам кибру ҳавони тарк этмади. Гуноҳига иқрор бўлиб, тавба қилмади. Боз устига, ўз қилмишини тўғри деб даъво қилди. Одам эса, дарҳол тавба қилди ва Аллоҳ таолодан мадад истади.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисга хитоб қилиб: У Зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди. У Зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди». (Аъроф 24—25 оят). Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисни жаннатдан ер юзига тушишга амр қилди. Одам билан шайтон ер юзига бир-бирларига душман бўлган ҳолларида тушдилар ва қиёматгача бир-бирларига душман бўлиб қолдилар. Шайтон одам туфайли саждадан бош тортиб, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлди ва қиёматгача уни иғво қилишга аҳд қилди. Унинг табиати ёмонлик қилишдан иборат.

Одам шайтоннинг васвасасига учиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлди. Сўнгра тавба қилиб, Аллоҳга илтижо этди. Демак, Одамнинг асл табиатида яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор. Яхшилик йўлини тутса, Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, шайтондан юз ўгиради. Ёмонликни ишга солса, шайтоннинг айтганини қилади. Қайта тирилтириладиган кунгача (қиёматгача) шундай бўлиб қолаверади. Аллоҳ уларга шуни раво кўрган.

Улар қиёматгача ер юзида яшаб, ундаги бор неъматлардан ризқланиб турадилар. Аллоҳ таоло Одам болаларининг ер юзида истиқомат қилиб, умри тугагач ўлиб, қайта тирилишларига ишора этаркан: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар, деди». Шундай бўлмоғи муқаррар. Қайта тирилганларида ер юзида қилган амаллари эвазига мукофот ёхуд жазо оладилар, жаннат ёки дўзахга тушадилар.

ХУДО ОДАМНИНГ ТАВБАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ. Аллоҳ таоло Одам билан Ҳавони ер юзида хоҳлаганларингча кунларингни кўраверинглар деб ўзларини ҳолларига ташлаб қўйган эмас, балки уларга энг зарур неъматларни ато айлаган, ҳатто тавба қилиш учун зарур калималарни ҳам Ўзи ўргатган: «Бас, Одам Роббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин (У Зот) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир». (Бақара 37 оят). Аллоҳ шу пайтда Одамга илҳом орқали маълум сўзларни берди, у эса уларни қабул қилиб олиб айтди, шундан кейин Аллоҳ унинг гуноҳидан кечди. Момо Ҳавони гуноҳи Одамга эргашганлигидан Одамнинг зикри билан кифояланилиб, кечирилди. Уламоларимиз, Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган калималар кейинроқ келадиган: «Роббана заламнаа анфусана», дея бошланувчи ёлвориш калималари эди, деганлар. Оятнинг охирида Аллоҳ таолонинг тавбани қабул қилувчилик сифати: «Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир», деб зикр қилинишидан ўша сўзларда тавба ўз аксини топганлиги билиниб турибди.

«Ундан ҳаммангиз тушинг, Бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», дедик». (Бақара 38 оят). Аллоҳдан бандаларига келадиган ҳидоят Пайғамбар ва илоҳий китоблардан иборат бўлади. Демак, Аллоҳ ҳидоятга йўллашини, Пайғамбар ва китобларини юбориб туришини аввал бошданоқ айтиб қўйган. Ким Аллоҳнинг ҳидоятига — Пайғамбарига ва Китобига эргашса, уларга келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар аввал бўлиб ўтган ишлардан хафа ҳам бўлмайдилар.

ОДАМ ОТА БИРИНЧИ ПАЙҒАМБАР. Ер юзига тушганларидан кейин Одам ота ва Момо Ҳаво кўплаб ўғил ва қиз фарзандлар кўрдилар. Момо Ҳаво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша давр тақозасига кўра, биринчи жуфтликдаги ўғил қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қурар эдилар. Шундай тарзда вақт ўтиши билан одам зоти кўпайиб борди ва оталари Одам ота уларга пайғамбар бўлдилар.

Одам отанинг пайғамбар бўлганларига Қуръони Каримдан ва ҳадиси шарифдан далиллар бор. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди». (Оли Имрон 33 оят). Тоҳо сурасида эса: «Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади», деган. (Тоҳо 122 оят) Яъни, тавбада бардавом бўлишни кўнглига солди.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розиялоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в): «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг сайидидирман ва фахрланиш эмаску, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки; Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмаску, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман», деганлар. Ушбу далиллар Одам отани ҳам Набий ҳам Расул Пайғамбар бўлганларини кўрсатади.

ОДАМНИНГ ИККИ ЎҒЛИ ҚИССАСИ. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (с.а.в.) га хитобан ушбу қиссани кишиларга тиловат қилиб беришни амр қилди: «Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», деди. Бириси: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир. Агар мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман. Албатта, мен, оламларнинг Робби-Аллоҳдан қўрқаман. Албатта, мен, ўзимнинг гуноҳимни ҳам, сенинг гуноҳингни ҳам олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди. (Моида 27—29 оятлар). Аммо бу гаплар иккинчисига таъсир қилмади. «Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди». (Моида 30 оят).

У бу дунёда насиҳат қилувчисидан, яхшилик қилувчисидан ва ёрдам берувчисидан айрилиб зиён кўрди. Охиратда эса биродарини ўлдиргани учун дўзахга тушади. Қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин, бу ер юзидаги биринчи ўлик бўлганлигидан нима қилишни билмай қолди. Шунда: «Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: „Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!“ деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди». (Моида сураси 31 оят).

Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг устига учиб келганларида, фақат Аллоҳнинг ўзигагина маълум сабабдан, қарғалардан бири ерга қулаб тушиб, ўлган. Сўнгра иккинчи қарға ўлган қарғани ерни ковлаб кўмган. Қарға қарғанинг ўлигини кўмганини кўрган қотил ўзидан нафратланди, ғурурга кетганидан ҳасад қилиб, бегуноҳ биродарини ўлдирган бу жоҳил, вақти келганда бир қарғачалик бўла олмай қолган.

2.НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ. Тахминан мил. авв. 4—3 минг йилликда яшаганлар. Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган, ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлганлар, пайғамбарларнинг шайхи номини олганлар ва ул Зот алайҳиссалом улул-азм беш пайғамбарнинг (Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Муҳаммад) биридирлар.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ. Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 5- бобида келтирилган Одам авлодларининг китобига кўра, яратилишдан тўфонгача тўққиз авлод ўтган бўлиб, ўнинчиси Нуҳ алайҳиссаломдирлар ва У кишининг аждодлари энг юқорисидан бошлаб қуйидагилардир: Одам, Шит, Энўш, Қенан, Маҳолалил, Ёред, Ҳанўх, Матушалоҳ, Ламак. Демак, Нуҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ламак, энг катта боболари — Одам ота бўлган. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган.

ОДАМЗОТНИНГ БУЗИЛИШИ. Худо Одам ота билан момо Ҳавони жаннатдан ерга туширгач, уларнинг зурриётлари тезда кўпайиб, касбу-кор ўрганиб, хайрли ишлар қилиб яшай бошладилар. Улар отамиз Одам алайҳиссаломнинг динига эътиқод қилиб, ягона Худога ибодат қилишар эди. Одам отанинг авлодлари ичида Худодан қўрқадиган, тақводор, атрофдагилар ҳурмат қиладиган, солиҳ кишилар ҳам бўлган эди. Улар куни битиб ўлганларидан кейин, шайтон ҳийла ишлатиб қолган кишиларга: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз уларни суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди. Одамларга бу гап маъқул бўлиб, уларнинг суратларини чиздириб осиб қўйишди. Кишилар аввалига суратларга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар ясаб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Ҳар бир солиҳ киши вафот этгандан сўнг, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.

Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди, ҳайкалларни буту-санамларга айлантириб олишди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар. Ҳар бир қавм ўз Худосига эга бўлди. Ягона Худодан кўп Худоликка сиғиниш ва ер юзида инсонларга зарурий маҳсулотларни (ресурсларни) бир текис жойланмаганлиги ҳамда уларни чекланганлигидан қавмлар орасида қарама қаршиликлар вужудга келди. Зодагонларнинг ўз шахсий манфаатларини қавм манфаатларидан устун қўйиши, Худодан қўрқмасдан ҳаром-харишдан бойлик ортириши ҳамда фоҳишабозлик қилиб гуноҳ орттириши, охир-оқибат одамларнинг бирдамлигини йўқолишига ва жамиятни бузилишига олиб келди. Бундай ҳолат Худони ғазабини келтирди.

ЯНГИ ПАЙҒАМБАРЛАР ЮБОРИШ ЗАРУРАТИ. Одамларни Яратганга эмас ўзлари ясаб олган ҳайкалларга сиғиниши, бир томондан, қавмлар задогонлари ва ҳукмдорларининг ўз манфаатларини қавм аҳли манфаатларидан устун қўйиши, ўзларидан кетиб, Худодан қўрқмасдан ҳаром-ҳаришдан турмуш кечириши, ва бу етмагандек бу ишлари билан фахрланиб мақтаниши, иккинчи томондан, кўпчилик одамларнинг аранг тирикчиликни ўтказишлари ва ночор кун кечиришларига Худо раҳм қилиб, адашган бандаларига тўғри йўлни кўрсатиш, яратган Тангрига ширк келтирмасдан ёлғиз унинг ўзигагина ибодат қилишлари ҳамда қавм аҳлини ижтимоий муҳофаза қилиш учун янги Пайғамбар юборишни ирода қилди.

Парвардигор бу Пайғамбар одамларнинг ўзларидан, ўзларига ўхшаш бир одам бўлишини хоҳлади. Шунда Пайғамбарга ҳам одамларга ҳам осон бўлади. Чунки, Пайғамбар ўз қавмининг тилини, урф-одатини, яшаш тарзини, шароитларни ва бошқа жиҳатларини яхши билади. Бандалари ҳам Пайғамбар бўлиб келган зотнинг шахсини яхши танийдилар. Ундан ташқари Пайғамбар Худонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб одамларга ўрнак бўлиши ҳам зарур эди.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЮБОРИЛИШЛАРИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломга бориб тақалади. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари бут-санамларга ибодат қилиб уларга сиғинар эдилар. Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, задогонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ваҳий тушириб, ўз қавмини ягона Аллоҳга ибодат қилиш учун чақиришга ва Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтариишга юборди ва қавмини динга чақиришга буюрди.

Нуҳ алайҳиссалом, мен сизга пайғамбар бўлдим, деб ўз қавмларига мурожаат қилганларида, баъзилар «Бу қачондан бери Пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку», дейишди.

Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлиб битган эканми?» дейишди.

Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дедилар.

Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади. Лекин фақат саноқли кишилар иймонга келдилар, холос. Бу мўминлар ҳалол касблари билан ҳаёт кечирувчи кишилар эдилар. Бойлар эса: «Ялангоёқ, мискинларга ошно бўлмаймиз», дейишди.

Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади: «Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб расул қилиб, юбордик». (Нуҳ сураси 1 оят). Нуҳ алайҳиссалом Арабистон ярим оролига Пайғамбар этиб юборилган. У қавмга: «Эй қавмим! Албатта, мен сизларга юборилган аниқ огоҳлантирувчидирман (Нуҳ 2- оят) деди.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТЛАРИ ВА ХАСРАТЛАРИ. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини динга чақириш бўйича Алоҳу таолони буйруғини бажаришга киришдилар. У: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. У сизларнинг гуноҳларингиздан мағфират қиладир ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайдир», деди. (Нуҳ 2—4 оятлар).

Нуҳ алайҳиссалом Алоҳга мурожаат қилиб ўз қавмларидан саркашлари билан олиб борган даъват ишларини қуйидагича баён қилади. У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади. Ва албатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар, ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар. Сўнгра албатта, мен уларни жаҳрий даъват қилдим. Сўнгра албатта, мен уларга ошкора ва яширин (даъват) қилдим.», деди. (Нуҳ 5—9).

Шу билан бирга уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилдилар: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир» (Нуҳ 10 оят), деди. Агар бу оятга амал қилсангиз… «У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир», дедилар. (Нуҳ 11—12).

Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан «Аъроф» сурасида: «Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик» (Аъроф 96 оят), дейилади. Бундан Аллоҳ таоладан қўрққан, яхши амалларни қилган, адолат ва омонликни жорий қилган халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади. Инсонларга осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни инсон иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда, унга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди, тақво эса уни фаравон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлик бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.

Нуҳ сурасидаги кейинги оятда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига Аллоҳнинг азаматини ўйлаши лозимлиги хитоб қилинади: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар? Ҳолбуки, сизларни ҳолатма-ҳолат яратди. Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини (кўрмадингизми)?» (Нуҳ 13—16). Одамларнинг ҳолатма-ҳолат яратилиши, етти осмоннинг таба­қама-табақа халқ қилиниши, ойнинг нур ва қуёшнинг чироқ қилиб қўйилиши ҳар бир банда учун Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир банда мазкур нарсалардан ўзига керакли хулосани чиқариб олиб, Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Унга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши лозим бўлади.

Кейинги оятларда ҳам банда Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Аллоҳ тамонидан унга берилган неъматларни шукрини қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетади. Ҳар бир жонзод, шу жумладан, одамзот ҳам набототларга ва уларга боғлиқ бўлган нарсалардан озиқланиб яшайди, шу сабабдан кейинги оятда: «Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир». (Нуҳ 17), дейиляпти. Банда ўзини ердан ўстириб қўйган зотга иймон келтириши, Унинг азаматидан қўрқиши, Унга итоат ва ибодат қилиши лозим. Чунки, «Сўнгра сизларни унга қайтарадир ва яна чиқарадир». (Нуҳ 18).

Сизни ердан ўстирган Зот сизни яна ерга қайта киритади. Охиратда эса қайта тирилтириб, сизни яна ердан чиқаради. Шунинг учун ҳам сиз доимо Унинг азаматини ўйлаб иш қилишингиз лозим. Бу иш қиёмат куни сизни қайта тирилтириш билан бўлади. Ана ўшанда бу дунёдаги зарра оғирлигидаги яхшию ёмон ҳамма амалларимиз ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога иймон келтириш, Унга итоат ва ибодат қилиш керак.

Аллоҳ таоло сизни фақат яратибгина қўймаган балки, бу дунёда яшашингиз учун ҳамма шароитни муҳайё қилиб берган. «Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди. Унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун», деб айтди». (Нуҳ 19—20). Аллоҳ таоло ерда ҳамма шароитларни яратиб, одамлар бу дунёда бекаму куст-яшашлари ва ҳаёт кечиришларини таъминлаб қўйганини эслатганидан сўнг ҳам Нуҳ қавми ўз залолатидан қайтмади.

...