– Баҳром ака, ҳар нарса бўлиши мумкин. Ўйлаб кўринг, агар Тўдакўлдан топилган мурда Борисга тегишли деб тасаввур қиладиган бўлсак, унинг ўлимидан бу ерда кимлар манфаатдор бўлади? Рўйхатнинг бошида Гулноранинг исми туриши аниқ. Негаки, бу опа бизга бор ҳақиқатни айтмагани аниқ. У уй-жой, дўкондан ташқари Борисга тегишли катта миқдордаги бойликни сақлаш учун олиб қолган бўлиши мумкин. Чунки тўсатдан бошланган текшир-текшир жиноятчиларга ўғирланган бойликларни ишончли ерга жойлаш, саранжом-саришта қилиш имконини бермаган. Борис ҳам орқа-олдини йиғиштиришга улгурмай, бойлигининг бир қисмини Гуляга омонат ташлаб кетган... Кейинчалик ҳаммаси тинчиб кетгач, қайтиб келиб, бемалол олиб кетишни кўнглига туккан. Бориснинг бу ёқларга келишига сабаб шу... Собиқ турмуш ўртоғининг қайтиб келаётгани ҳақидаги хабарни эшитган аёл, шубҳасиз, чўчиб кетган. Ахир шунча йил бутун бошли хазинани тагига босиб ётган хотинда эгалик ҳисси пайдо бўлмайдими? Нима қилиш керак? Шунча нарсани чет элга бериб юбориб, бармоқ сўриб қолиш аламли! Энг қулай йўл – қарийб уники бўлишга улгурган бойлигига эга чиқмоқчи бўлаётган нокасни йўлдан сидириб ташлаш! Собиқ эрига «олтинларинг қўйган жойингда турибди, келавер», деб қўйиб, ўзи уни «муносиб кутиб олиш»га тайёргарлик кўрган. Пулни ишга солган, қотил ёллаган... Боз устига Бориснинг сўрайдиган одами ҳам йўқ, итдай ўлиб кетаверади. Қолаверса, у даъво қилаётган бойликлар аслида Ўзбекистонга тегишли бўлиб, уларга эгалик қилишга келгиндидан кўра у кўпроқ ҳақли эканлигини яхши тушунган. Шу сабабли Бориснинг Ўзбекистонга келаётгани ҳақидаги хабар Гуляни унчалик суюнтирмаган. Қўлидаги мўмай бойликни унга бериб юбориб, бир чақага зор қақшаб қолгиси келмаган. Мард кетиб, тоғдай бойликдан мосуво бўлгандан кўра, номард бўлса-да давлатманд бўлишни афзал кўрган.