автордың кітабын онлайн тегін оқу Surgundagi sarguzashtlar
КОМИЛ СИНДАРОВ
ТЕРГОВЧИ
«СУРГУН»ДАГИ
САРГУЗАШТЛАР
ДЕТЕКТИВ ҚИССА
СЎЗБОШИ ЎРНИДА
Ҳурматли китобхон! Азиз мухлисларим!
Мана, навбатдаги – ўнинчи китобимни сизларга тортиқ қиляпман. Сўнгги пайтларда «Кейинги китобингиз қачон чиқади?» деб сўровчи мухлисларим сони кўпайиб қолди. Мен уларга ҳазиллашиб, «Ҳой, барака топгурлар, китоб ёзиш осон иш эмас, тўққизта китобим бор, қолганларини топиб, ўқиб туринглар», десам, улар «Тўққизини ҳам аллақачон ўқиб чиққанмиз, ўнинчисини кутяпмиз», деб қолишади. Шундай мухлисларим борлигидан фахрланиб кетаман. Кўнглим тоғдай кўтарилади... Бошқа томондан уларнинг қистови менга чексиз илҳом бахш этади...
«Сургун»даги саргузаштлар» муқаддам «Терговчи» сериясида нашр этилган «Қимматга тушган хато ёки қасоскор қалб исёни» (2013), «Темурийлар кутубхонасининг сири» (2015), «Кечиккан қасос» (2017), «Амирликнинг олтин тахти изидан» (2018), «Тунги қотиллик» (2019), «Ўғирланган болалик» (2020), «Дорихонадаги қотиллик» (2020), «Сўпоқсойдаги сирли қотиллик» (2021), «Қадр кечасидаги қотиллик» (2021) каби детектив қиссаларимизнинг мантиқий давомидир. Бу асарда ҳам прокуратура терговчилари ва изқуварларнинг Навоий вилоятида содир этилган қотиллик жиноятларини фош этишдаги маҳорати қаламга олинган.
Асардаги воқеалар асримизнинг биринчи ўн йиллиги ўрталарида содир этилган бўлса-да, бир учи ўтган асрнинг саксонинчи йилларига бориб тақалади. Гдлян, Иванов тергов гуруҳи томонидан «Ўзбек иши», «Пахта иши» номи билан машҳур қатағон даври реалликларига уланиб кетади.
Асар кенг китобхонлар оммаси – аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини кўтаришга, ҳуқуқшунослик таълим йўналиши талабалари, магистрлари, прокуратура, Ички ишлар ходимлари, терговчилар, судьялар ва бошқа ҳуқуқшунослик соҳаси мутахассисларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Асарларимиз юзасидан қимматли таклиф ва мулоҳазаларингизни электрон манзилим (sindarov60@gmail.com), фейсбукдаги саҳифамга (komilsindarov) ҳамда 90 187 94 40 телеграмм каналимга юборишингиз мумкин.
Комил СИНДАРОВ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Юридик фанлари доктори
Қаердан ҳам шу касбни танладим-а! Терговчилик ҳам иш бўлдими?! Бундан кўра чўпон-чўлиқ бўлиб, чўли биёбонда қўй боққан яхши эмасми? Далада кетмон чопган афзал эмасми? Оч қорним – тинч қулоғим... Уйгинангда ўтириб, бир пиёла чойни беғалва ичсанг, фарзандларинг таълим-тарбияси билан шуғуллансанг, оилангга эътибор қилсанг, қариндош-уруғнинг ҳолидан хабар олсанг, тўй-ю маъракасида бош-қош бўлсанг... бундан ортиқ бахт борми? Ҳаётнинг мазмуни шундан иборат эмасми? Умр дафтарини савобли ишлар билан безамайсанми? Шу ҳам ҳаёт бўлдими? Ит ётиш, мирза туриш... Кунларинг юрак чангаллаб, дарбадарликда кечса! Умринг чопа-чоп, қува-қув, ҳайда-ҳайда билан ўтса! Оиланг, болаларингга вақт ажрата олмасанг! Одамлардай оёғингни чўзиб, бемалол ётолмасанг, боргинг келган жойга бориб, келгинг келганда келиб, билганингча яшолмасанг! Камига бунақа асаббузарликлар!
Тоҳир Ғафурович бўлмаганда аллақачон ҳаммасига қўл силтаб, ташлаб кетган бўларди. Терговчиликдан нима топди? Сенинг ўлиб-тирилганинг кимга керак? Адолат қиламан, дея чиранишингдан нима фойда? Оқимга қарши сузиб, нимага эришасан? Бошқалар қатори замона зайлига қараб иш тутсанг, муроса йўлини тутиб, оғирнинг остидан, енгилнинг устидан ўтсанг, раҳбар «туя учади» деса, киприк қоқмай «албатта, учади», деб турсанг, мақтов ҳам, мансаб ҳам сеники бўлмайдими? ... Одамларга нима бўляпти? Пул, молу дунё кўзларни кўр, қалбларни сўқир қилиб қўйдими? Бойликка бунчалар ружу қўйишмаса! Давлатлари ошган сайин, кўзлари оч бўлиб, маънан қашшоқлашиб бормоқда. Ўзлари тўйган билан кўзлари тўймаяпти. Ҳамма нарсаси тўкис – уй-жойи, дала-ҳовлиси, қўша-қўша машиналари бор... энди боласини ўйлайди... туғилмаган набирасига атаб қаср қурдиради... Ахир очдан ўладиган замонлар ортда қолиб кетган-ку! Аллоҳга шукр, фаровон, тўқчилик даврда яшаяпмиз. Ишлаган тишлаяпти, қирт этган одамнинг уйида бир бурда нони, бир тўғрам гўшти бор, қора қозони қайнаб турибди... Бундан эллик, юз йил нарига – яқин мозийга бир назар ташлайлик. Ота-боболаримиз қанақа очарчилик, қаҳатчиликни бошдан кечиришган. Аҳолининг катта қисми тўйиб овқат емаган... Қирилиб кетганлар қанча? Аммо ўша оғир замонларда ҳам инсонлар қалбидан меҳр-оқибат, инсоф, диёнат деган муқаддас қадриятлар чекинмаган. Одамлар қўлни қўлга бериб, келажакка умид қилишдан, яшашдан, яратишдан, ижод қилишдан тўхтамаган... Тўқликка шўхлик, деганлари шу бўлдимикан? Қайсидир аллома, меҳр-оқибат ва бойлик қарама-қарши икки қутб, бири яқинлашган сари, бири чекинади, бири ортган сари, бошқаси камайиб боради, деган экан. Наҳотки шу рост бўлса! Аслида акси бўлиши керак эмасми? Бойлик зиёда бўлса, меҳр-муҳаббат ҳам кўпайиши керак эмасми? Йўқ, йўқ, машойихлар бекорга айтишмаган. Не-не бадавлат хонадонларни кўрмади. Қанчадан-қанча тўқ оилаларнинг тинчи йўқ, хотиржамлиги йўқолган. Ота бола билан, ака ука билан, опа сингил билан ёвлашган. Орадан меҳр-оқибат қочган. Аксинча, камбағал бўлса-да, бир-биридан меҳр-мурувватини аямайдиган, аҳил, тотув, бахтиёр оилалар қанча! Шундай экан, одамлар нега бойликка интилади? Бахтнинг калитини бойликда, деб билишади? Оилада бахти йўқлар, бошқаларга қандай бахт, қувонч берсин, шодмонлик улашсин... Тўғри, бойликка интилиш, бадавлат бўлишни орзу қилиш айб эмас. Ҳалолдан топилган бойлик қадрли бўлади, хўжасига бахту иқбол, фаровонлик, тўкинлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат келтиради... Ҳаром-ҳариш ортидан орттирилган давлат хўжасига вафо қилмагани етмагандай бахтсизлик эшикларини ҳам очиб юборса не ажаб. Бу ҳам етмагандай ҳаром луқманинг касофати фарзанду аржумандларга ҳам урмайдими?
Мирза Охунович бадавлат хонадондан чиққан дейишади. Отаси шўролар даврида қайсидир нуфузли савдо ташкилотининг раҳбари бўлган экан. Мансаб пиллапояларидан тез кўтарилди. Институтни битириб, қисқа муддат туман прокурори ёрдамчиси, ўринбосари бўлиб ишлади. Уч йилга қолмай, каттагина туманга прокурор этиб тайинланди. Ўттиз ёшида вилоят прокурори ўринбосари, ўттиз беш ёшида вилоят прокурори курсисини эгаллади. Ўттиз саккиз ёшида Бош прокурорнинг кадрлар бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Ҳар қандай одам ҳавас қилса арзийдиган таржимаи ҳол. Аммо мансаб кишига нима учун берилади? Чексиз ваколатларга эга бўлиб, ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаш учунми? Унга ишонч билдирганларнинг юзига оёқ қўйиш учунми? Қўл остидагилар ва оддий одамларнинг устидан кулиш, уларнинг тақдирига беписандлик билан қараш, шахсий манфаатларни ҳар нарсадан устун қўйиш учунми? Балки ундаги манманлик, худбинлик, такаббурлик, кибр, шуҳратпарастлик иллатлари отасидан, тўғрироғи, отасининг беҳисоб бойликлари таъсирида пайдо бўлгандир. Умри давомида пешонаси терлаб меҳнат қилмаган, енгил-елпи ҳаётга ўрганган, пул билан ўқишга кириб, таниш-билишчилик билан мансаб курсисига ўтирган раҳбардан нимани ҳам кутиш мумкин. Бунақалар учун эл-улуснинг дарди, одамларнинг ташвишлари заррача қизиқ эмас. Улар мансабдан чўнтагини қаппайтириш, ваколатларини кенгайтириш, янада баландроқ лавозимларга эришиш, ўзи ва яқинларининг муаммоларини ҳал этиш учун фойдаланадилар. Ўз ҳаром ишларини хаспўшлаш, кирдикорларини яшириш, қилмишларини оқлаш, жазодан қочиш учун мансабни қалқон қилишади... Энг ёмони – бунақа кимсалар «тепа»дагиларнинг кўнглига қандай йўл топишни яхши билишади. Уларнинг кўзига ишчан, меҳнатсевар, фидойи ва ташаббукор раҳбар сифатида кўринишни уддасидан чиқишади. Ундан ҳам баттари – кўр кўрни қоронғида топади, деганларидай бу каззоблар пастда ҳам ўзлари каби сотқин, ғаламис ва қитмир кимсаларни топиб олиб, ҳалол, пок ва тўғрисўз ходимларни сиқувга олади, оқни қора дейишга мажбур қилишади. Ноғорасига ўйнамаганларни йўлдан сидириб ташлашади... Бунақа бетавфиқлар қаердан пайдо бўлади-я! Ҳеч бир ота-она фарзандини ёвуз қилиб тарбияламаса керак. Болани уйда, боғчада, мактабда, институтда эзгуликка ўргатсак, яхши бўл, ҳалол бўл, одил бўл, десак, бу бемазалар бунақа таълим-тарбияни қаердан олади? Бу қусур уларга қаердан ўтади? Қайсидир латифада ўзбекнинг қўлида чўпи бор, дейилганди. Наҳотки рост бўлса! Мустақил бўлдик. Ёғийларнинг думи тугилди. Энди бир халқ, бир миллат бўла туриб, ўз-ўзимиз билан ёвлашиш нимага керак? Бир-биримизга бўҳтон тошларини отиб, қилич яланғочлашдан, бир-биримизга чоҳ қазишдан ким манфаатдор? Нега одамлар ўртасида аҳиллик йўқ? Нега бир-биримизга яхшилик соғиниб, Ватан тараққиёти, юрт фаровонлиги йўлида қўлни қўлга бермаймиз? Нега Мирза Охунович каби каззобларни кўкка кўтариб, Фахриддин Каримович каби ҳалол, тоза ва жонкуяр ходимларни оёқости қиламиз, устидан мағзава ағдариб, қамоққа тиқамиз... Ахир, тўғрисўз, ҳалол ва одил ходимларимизнинг қисмати шундай аччиқ бўлса, ким уларнинг кетидан эргашади? Эртага устоз каби эзгуликка интилган ёшлар шу кўйга тушишдан чўчиб, хиёнат йўлини танламайдими? Ахир адолат, ҳақиқат йўлида собит бўлиш, оқимга қарши сузиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди... Ширин ҳаёти, гўзал турмуши, ўзи ва яқинларининг ҳаловатидан кечиб, имонсиз бошлиқнинг раъйига қарши бориш осон иш эмас...
Санжарбек бундан ўн кунча муқаддам содир бўлган воқеаларни эсларкан, юраги увишди, ичидан зил кетгандай бўлди...
* * *
– Раҳмонов, зудлик билан Мирза Охуновичнинг қабулига киринг, – ички телефондан котиба қизнинг чийиллаган овози эшитилди.
– Нима масала экан? – ҳайрон бўлди Санжарбек.
– Билмадим, тезроқ бўлинг, кутиб турибдилар, – гапни қисқа қилди қиз.
– Тушунарли, ҳозир чиқаман, – гўшакни жойига қўйди терговчи. «Кадрлар бўйича ўринбосар нима масалада чақириши мумкин? Ё Тоҳир Ғафурович айтган бўлса, бирорта мансаб таклиф қилмоқчимикан? Йўғ-е, унда устоз огоҳлантирган бўларди. Балки менга айтиб қўйиш ёдидан чиққандир. Ўтган сафар шаҳар прокурорининг тергов бўйича ўринбосарлигига таклиф қилишганди. Аммо бахтга қарши Меҳриддин Бахтиёрович ишдан олиниб, масала тўхтаб қолди. Балки шу масала тағин кўтарилдимикан? Ишониш қийин. Бош прокурор пойтахтга ўз чизган чизиғидан чиқмайдиган ўз одамини қўйган, дейишади. Тоҳир Ғафуровичнинг гапига қараганда, Мирза Охунович уни хушламайди. Бундай ҳолатда мени шаҳар прокурори ўринбосарлигига тавсия қилиши... жуда қийин-ов! Ҳар ҳолда яхши терговчи сифатида номим чиққан, балки тажрибамдан фойдаланмоқчидир... Йўқ, йўқ, бунақа раҳбарлар ходимни касбий малакасига эмас, балки ўзига нисбатан содиқлигига қараб баҳолайди, мансаб беради...
Шу хаёллар оғушида тўртинчи қаватдаги муҳташам қабулхона кирган Санжарбекни котиба қиз совуққина қаршилаб, ўтиришга таклиф қилди:
– Ёнларида меҳмон бор эди, бироз кутиб турасиз, – деди у ойнага тикилганча ари чаққандай бўртиб чиққан лабини бўяшдан тўхтамай.
Санжарбек котиба кўрсатган жойга ўтириб, кута бошлади. Шу орада қиз икки-уч дугонаси билан валақлашиб, роса иғвонинг уйини қўзғади. Терговчи қизнинг бемаъни, тузсиз гапларини эшитмасликка ҳарчанд ҳаракат қилмасин, айрим жумлалар қулоғига чалинди. «Тавба, ўхшатмасдан учратмас, деб бекорга айтишмаган экан-да! Нуфузли идоранинг раҳбари бўла туриб, котибаликка топган одамини қаранг! Оғзидан боди кириб, шоди чиқяпти. Ишга яқинда келган, шекилли. Бу даргоҳнинг қонун-қоидаларини ҳеч ким тушунтирмаган кўринади. Ўзини худди картошка бозорда юргандай тутишини қаранг! Ёки ҳамма нарсани тушунса-да, атайлаб ўзини шундай эркин тутяптимикан? Ишонгани бақувват бўлса керак-да!»
– Балки мен сал кейинроқ чиқарман, – деди Санжарбек тоқати тоқ бўлиб. – Бўшаб қолса, айтарсиз!
– Йўқ, йўқ... яхши йигит, сабр қилинг, ҳозир бўшаб қолади... Кейин бақир-чақир қилиб юрмасин тағин, – танноз қиз ниҳоят телефондан бўшаб, йигитга бошдан-оёқ разм солди.
– Ҳали бери бўшамайдиган кўринади, ишларимни қилиб турардим...
– «Нозик» меҳмон... балки сизни шу одам туфайли йўқлагандир... Ҳозир «кирсин» деб қолиши ҳам мумкин... Терговчимисиз?
– Ҳа, шунақа.
– Икки ойдан бери шу ерда ишлайман, муқаддам сизни ҳеч кўрмаган эканман ё яқинда ишга келдингизми? – гапга тутди қиз.
– Ишимиз шунақа, кўпинча хизмат сафарида юрамиз...
– Мен ҳам терговчи бўлмоқчиман... нима дейсиз, эплай олармиканман? – деди қиз сохта карашма билан.
– Институтда ўқийсизми?
– Йўқ ҳали, Мирза Охунович бу йил ўқишга кирасан, деяптилар. Ўқишни битирсам терговчи бўлиб ишлаб кетолармиканман? Киноларда кўрганман, жиноятчини топишнинг ўзи бўлмайди-ку!
– Тўғри, прокуратурада осон юмушнинг ўзи йўқ... Олдин қаерда ишлагансиз? – қизиқди терговчи.
– Гўзаллик салонида ишлардим... Тақдир тақозоси билан шу даргоҳга келиб қолдим, қизиғ-а!
– Чиндан ҳам қизиқ экан. Қандай қилиб бу ерларга келиб қолдингиз? – Санжарбек хаёлига келган фикрнинг тўғри ёки нотўғрилигини билишга қизиқди.
– Шефнинг «қизча»си менга қатнарди...
Шу пайт қизнинг столидаги қора телефон жиринглаб қолди.
– Мирза Охунович, лаббай...
– Раҳмонов шу ердами? – гўшакдан раҳбарнинг зардали овози эшитилди.
– Шу ерда... кутиб турибдилар...
– Кирсин!
Котиба гўшакни жойига қўйгач, хона эшигини очиб, Санжарбекни ичкарига чорлади.
– Мирза Охунович, киришга рухсат этинг, ассалому алайкум, – терговчи зобитларга хос тартиб билан саломлашди.
– Раҳмонов, кел, ўтир... Ишларинг яхшими?
– Раҳмат... Ишлаб турибмиз!
– Сен бола, нима ишлар қилиб юрибсан? – қўққисдан ҳужумга ўтди раҳбар.
– Тушунмадим... нима қилибман? – деди Санжарбек ҳайрат аралаш.
– Сени Тоҳир Ғафурович зўр терговчи деб мақтаганди, – йигитнинг кўзидаги ғазабни кўриб, биринчи ўринбосар бироз овоз оҳангини пасайтирди, – сени бирор мансабга тавсия қилишни ўйлаб юргандик... Бу ёғи қандоқ бўлди?
– Мирза Охунович, раҳмат... аммо мен...
– Бу кишини танийсизми? – деди раҳбар қаршисида ўтирган «меҳмон»ни кўрсатиб.
– Йўқ, нимайди?
– Тиббиёт академиясининг ректори Турғун Пўлатович бўладилар. Қайсидир ишни тергов қилишда қотилликда академия ходимларидан гумон қилиб, чақиртирган экансиз-ку!
– Тўғри, – ёдга олди терговчи, – дорихонадаги қотиллик бўйича академия масъулларини ҳам чақиришга тўғри келганди, – деди у орқаси тиришиб. Унга раҳбарнинг «чақиртирган экансиз» дегани «асоссиз чақиртиргансиз» дегандай туйилди.
– Қотилликни бошқалар қилган экан... Академиядагиларга ёпишиб нима қилардингиз? Қичимаган жойни қичиб, нима кераги бор эди? – «ўйиб олди» раҳбар.
– Мирза Охунович, қотиллик юзасидан илгари сурилган асосий тахминларнинг бир учи тиббиёт академиясига бориб тақалганди, – тушунтиришга ҳаракат қилди терговчи, – аммо кейинчалик тахминларимиз ўзини оқламади...
– Ана, кўрдингизми, бошиданоқ нотўғри йўлдан кетгансизлар. Йўқ нарса учун домлаларни безовта қилиб, тинчини бузгансизлар...
– Ахир ҳар қандай жиноятни очиш учун бир қанча тахминлар тузилади ва терговчи уларнинг ҳар бирини, ҳатто эҳтимоллиги жуда паст бўлганларини ҳам текшириб кўришга мажбур бўлади. Бусиз жиноятни очишнинг имкони бўлмайди-ку!
– Нима, менга ақл ўргатмоқчи бўляпсизми? – раҳбарнинг юзи тиришди. – Жиноятни очаман, қотилни қўлга оламан деб бошқаларнинг тинчини бузиш, беҳуда судра-судра қилишга устасизлар. Мана, сизнинг ўша биргина нотўғри тахминингиз сабаб академияда муҳит издан чиққан, раҳбариятнинг қўли ишдан совиган, ходимларнинг кайфияти тушиб кетган...
– Мирза Охунович, бунга бизнинг нима алоқамиз бор? – «тиллашиш»да давом қилди Санжарбек, – академияда талабаликка қабул жараёни тўла издан чиққан, порахўрлик, таниш-билишчилик авжга минган экан. Агар яхшилаб текширилса, масаланинг бир учи катта идораларга келиб тақалиши аниқ. Шунинг учун биз Тоҳир Ғафуровичнинг маслаҳати билан жиноят ишининг бу қисмини алоҳида иш юритувга ажратиб, шаҳар прокуратурасига юбордик.
– Эй-й, Санжарбек, нима деяпсиз? – раҳбар биринчи бор унинг исмини тилга олди, – Марсдан тушганмисиз? Икки-уч киши ўқишга қинғир йўллар билан кирса – киргандир! Бунинг учун бутун бошли олийгоҳни айблаш, давлатнинг таълим соҳасида тизими ишини йўққа чиқариш инсофдан бўлмайди... Майли, ўтган ишга салавот, бўладиган ишдан гаплашайлик...
– Нима қилиш керак? – раҳбарнинг муддаосини англолмай ҳайрон бўлди Санжарбек.
– Жиноят ишининг тиббиёт академиясига тегишли қисмини алоҳида иш юритувга ажратиш шарт эмас эди. Ўша ерда ишнинг шу қисмини тугатиш тўғрисидаги қарор қилинса, тўғри бўларди.
– Қандай қилиб? – Санжарбек раҳбарнинг нимани хоҳлаётганини англай олмади, – у ерда жиддий масала кўтарилган, тегишли текшириш, тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қарор қабул қилишнинг имкони йўқ эди. Биз шу сабабли ишнинг шу қисмини алоҳида иш юритувга...
– Санжарбек, сиз нотўғри қилгансиз, деётганим йўқ, – раҳбар «дипломатия»ни ишга солди, – аммо ҳозир ўша ҳужжатлар бошимизга бало бўлиб турибди. Материал анча вақт шаҳар прокуратурасида туриб қолган. Текшириш ўтказилса, кўпчиликнинг калласи кетиб қолиши аниқ. Таёқнинг бир учи тепадагиларга тегса, бир учи ўзимизга ҳам тегиб қолиши мумкин. Шу сабабли жиноят ишини суддан чақиртириб, қарорингизни алмаштириб қўйсак, олам – гулистон, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.
– Тушунмадим... қанақа...
– Қанақа, қанақа, бунча ғалча бўлмасангиз, – деди ўринбосар кулимсираб, – жиноят иши қисмини алоҳида иш юритувга ажаратиш тўғрисидаги қарорни жиноят ишининг қисмини тугатиш тўғрисидаги қарорга алмаштириб берасиз, вассалом! Ҳаммаси изга тушиб кетади!
– Мирза Охунович, ҳазиллашяпсизми? – деди Санжарбек таассуфини яширолмай. – Бу жиноят эмасми?
– Қанақа жиноят! Ҳаммаси келишилган... каттанинг ҳам хабари бор... қарор ҳам тайёр, сиз қўл қўйиб берсангиз бўлди!
– Кечирасиз, мен бундай қилолмайман...
– Нима, раҳбариятнинг кўрсатмасини бажармайсизми? – раҳбарнинг зўрға ўзини босиб тургани сезилиб турарди.
– Қонуний топшириқ бўлса, марҳамат, бажаришга мажбурман, аммо, илтимос, бунақа қонунсиз ишларга мени аралаштирманг.
– Ўйлаб кўр, ҳой бола, – ўринбосар жойидан туриб, терговчига яқинлашди, – тағин афсус чекиб юрма! Ишлаш ниятинг борми?
– Мирза Охунович, сиз раҳбарсиз, ишдан кет, десангиз, ариза ёзиб беришга тайёрман. Аммо ҳеч қачон қонунсиз ишга қўл урмайман.
– Яхши, унда бу суҳбатни ёдингиздан чиқарасиз! – раҳбар хижолатдан қип-қизариб кетган йигитни елкасига қоқиб қўйди, – синаб кўрмоқчи эдим. Табриклайман, имтиҳондан яхши ўтдингиз! Сизга жавоб, бораверинг.
Санжарбек нима дейишини билмай, бироз эсанкираб, секин хонадан чиқди. «Синаб кўрмоқчи» эмиш... Ҳозир «хўп» десам тап тортмай шу ишни қиларди. Жиноятчиликка қарши курашувчи шундай нуфузли идоранинг раҳбари бўла туриб, ўзи жиноятга қўл урарди. Мени ҳам кирдикорларига шерик қилган бўларди. Ҳеч балодан қўрқмаганига қаранг! Юраги ҳам отнинг калласидай экан-да! Бунақа бемазагарчиликларни қилавериб, кўзи пишиб кетган, шекилли. Қонун эгаси бўла туриб, қонунни шунчалик оёқости қилиш мумкинми? Ким буларга шунақа катта мансабни бериб қўйибди? Бу қўзичоқни бўрига ишониб топшириб қўйгандай бир гап эмасми? Эҳ, поки Парвардигор, давлатнинг, прокуратуранинг тақдирини кимларга қолиб кетган-а? Тоҳир Ғафурович бекорга бу одамни Худодан қайтган – иймонсиз, деб айтмас экан. Мажлисларда столни муштлаб бақиришлари, куйиб-пишишлари ёлғон экан-да! Уялмай-нетмай катта минбарда туриб, «Ҳамманг порахўр, муттаҳамсан», деб дўқ урганига ўлайми? Одам ҳам шунақа тили бошқа, дили бошқа бўладими?»
Санжарбек хонасига кириб, анча пайтгача ўзига келолмай, қўли ишга бормай ўтирди. Бир хаёл воқеани Тоҳир Ғафуровичга айтиб, кўнглини бўшатмоқчи бўлди. Лекин устозини дилини хуфтон қилишдан чўчиб, фикридан қайтди.
* * *
Душанба куни Тоҳир Ғафурович ўзига тегишли бўлинмалар билан одатдаги тезкор йиғилишни якунлагач, бошқа бўлинмаларга жавоб бериб, тергов бошқармаси ходимларини беш дақиқага қолишларини сўради:
– Тайёргарлик кўринглар, келгуси ҳафта аттестациядан ўтишларинг керак экан.
– Тоҳир Ғафурович, яна қанақа аттестация, ўтган йили ўтгандик-ку, – терговчилардан бири эътироз билдирди, – тинчгина ишлашга қўйишмас экан-да!
– Тўғри, ўтган йили ҳамма аттестациядан ўтганди, бу тағин нимаси бўлди? – генерал ички телефон гўшагини кўтариб, қисқа рақамни терди, – Баҳодир Қудратович, келаси ҳафта тергов бошқармаси ходимлари аттестациядан ўтади, дегандингиз, шу тўғрими?
– Худди шундай, бугун буйруқни сизга олиб киришади, – нариги тарафдан ходимлар бошқармаси бошлиғининг овози эшитилди.
– Ахир бошқарма ходимлари бир йил олдин аттестациядан ўтишганди-ку, бу яна қанақа ўйин? Нима, бошқа қиладиган ишларинг йўқми? – зарда қилди ўринбосар.
– Тоҳир Ғафурович, гапингиз тўғри... ходимлар камида уч йилда бир марта аттестациядан ўтишлари лозим... Аммо Мирза Охуновични биласиз-ку...
– Яхши, у киши билан ҳам гаплашаман, – Тоҳир Ғафурович гўшакни ўрнига қўйиб, йигитларга ўгирилди. – Сизлар бораверинглар, мен биринчи ўринбосар билан гаплашиб, натижасини айтаман... Раҳмонов, сиз бир дақиқага қоласизми?
Санжарбек ортига қайтди. Раҳбар уни ўтиришга имлаб, тик турганча ички телефондан биринчи ўринбосарнинг рақамини терди.
– Ассалому алайкум, Мирза Охунович, яхшимисиз?
– Э, ваалайкум ассалом, Тоҳир Ғафурович, ўзлари яхшимилар? – гўшакдан биринчи ўринбосарнинг ёқимсиз овози эшитилди. – Нима гап, ака?
– Раҳмат, яхши, ишлаб ётибмиз, – совуқроқ жавоб қилди генерал, – тергов бошқармаси ходимлари ўтган йили аттестациядан ўтганди, нима, кадрдагилар уларни бу йил ҳам аттестация қилишмоқчими?
– Шунақа, шунақа! Ўтган йилги аттестация Девоннинг кўрсатмасига биноан ўтказилганди. Бу йил навбатдаги аттестация муддати келган. Устига-устак, биласиз, тергов бошқармаси кўрсаткичлари тушиб кетган, тергов сифати паст, муддатларга риоя этилмаяпти...
– Мирза Охунович, бу гапларни қаердан олдингиз? – ҳайрон бўлди Тоҳир Ғафурович, – тергов учун мен масъулман...
– Кадрлар учун, уларнинг касбий тайёргарлиги, аттестацияси учун эса мен жавобгарман! – овозини кўтарди биринчи ўринбосар, – ҳар ким ўз ишини қилгани яхши...
– Майли, билганингизни қилинг! – генерал зарб билан гўшакни жойига қўйди. – Ичи қора, бемаза! Кимнидир ишдан бўшатиш учун шу ўйинни ўйлаб топган! Аттестация бир баҳона! Одам ҳам шунақа мараз бўладими?
– Устоз, ўша ишдан бўшатмоқчи бўлаётган одами мен бўлсам керак, – Санжарбек дилини ёришга мажбур бўлди.
– Нима, ораларингдан бирор гап ўтдими? Кейинги пайтда сизни ёмонлашга, юзингизга лой чаплашга тушиб қолди. «Ҳой, банда, Санжарбек энг иқтидорли терговчиларимиздан, қўли тоза, ҳалол, покиза ходим, қилни қирқ ёриб, қанчадан-қанча ўта оғир жиноятларни фош қилган», деб фикрини ўзгартиришга роса ҳаракат қилдим. Қайда дейсиз, бунақа маҳмадоналарга гап уқтириб бўладими? «Сиз билмайсиз, бу бола қўй оғзидан чўп олмайдигандай бўлиб кўрингани билан учига чиққан лўттибоз, орқаси тоза эмас, сассиқ гаплар болалаб юрибди», дейди. Дилингизни вайрон қилмаслик учун сизга айтмагандим... Ўзи нима бўлганди?
Санжарбек бундан икки ойга олдин бўлиб ўтган воқеаларни оқизмай-томизмай гапириб берди.
– Ўшанда таклифини рад этганим, айтганини қилмаганим қурум босган юрагига тиғдай ботган экан, шекилли, пасткашлигини хаспўшлаш учун шунақа бемаъни ўйинни ўйлаб топибди, – қўшимча қилди терговчи.
– Гап бу ёқда экан-да! – деди раҳбар таассуфдан ёқа ушлаб, – вой мараз-ей, вой муттаҳам-ей, бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бўла туриб қилиб юрган бемазагарчилигини қаранг! Одамнинг ишонгиси келмайди! Садқаи шундай улуғ даргоҳ, садқаи мансаб кет-е!
– Мен сабаб бутун бошли бошқармани аттестациядан ўтказмоқчи бўлаётганини қаранг, – Санжарбек боядан бери бошида айланиб юрган фикрни тилига чиқарди, – шунча оворагарчиликнинг нима кераги бор? Ундан кўра мен аризамни ёзиб, тинчгина терговчиликдан кета қолай. Ишини пишириб есин!
– Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқмайдилар, – деди генерал босиқлик билан. – Биринчидан, сизни ишга у каззоб олган эмас, демак, ишдан бўшатиш ҳам унинг ваколатига кирмайди. Иккинчидан, сизнинг бевосита бошлиғингиз у эмас, менман. Демак, сизнинг фаолиятингизга баҳони у эмас, мен бераман. Учинчидан, сизнинг билим-салоҳиятингиз, тажрибангиз, касбий маҳоратингиз етарли, ҳеч ким сизни аттестациядан йиқитишга журъат этолмайди... Аммо бу тулки анойилардан эмас. Бизнинг калламизга келмайдиган бошқа ғирромликни ҳам ўйлаб қўйган бўлиши мумкин. Бунақалар пайт пойлаб, орқадан пичоқ уришга уста бўлишади. Ҳар нарсага тайёр туришимиз керак...
– Нима қиламиз? – деди Санжарбек соддалик билан.
– Ўғлим, сиз ишингизни қилаверинг, – оталарча меҳрибонлик билан сўз олди Тоҳир Ғафурович, – калладан ҳар хил бемаъни ўйларни чиқариб ташланг. Билиб қўйинг, шу кекса генерал устозингиз ишлаб турар экан, сочингизнинг бир толаси ҳам тўкилмайди. Қўрқмай ишлайверинг. Сиздай иймонли, инсофли, ҳалол, жафокаш ва фидойи ходимни ҳимоя қила олмасак, елкамизга мана бу юлдузни осиб, нима қилиб юрибмиз!
– Раҳмат, устоз! Ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан, – Санжарбекнинг тилига бундан ортиқ сўз келмади. Раҳбар билан хайрлашиб, хонадан чиқар экан, елкасидан тоғ ағдарилгандай, юрагига тиғдай ботиб турган нохуш ҳислар қўшини чекингандай бўлди...
* * *
Санжарбек шанба куни эрта туриб, шаҳар марказидаги теннис кортига йўл олди. Бугун қандай бўлмасин «рақиб»ни доғда қолдириш истаги кучли эди. Ўтган сафар негадир ундан омад юз ўгирди, ҳар иккала геймни бой берди. Тўғри, «рақиб» кучли теннисчи, ёшлигида катта мусобақаларда қатнашиб, совриндорлар сафида бўлган. Профессионал теннисчи деса ҳам бўлади. Ўртада узоқ йиллар теннисни ташлаб, бироз қорин қўйганлигини инобатга олмаса, унга бас келишнинг сира ҳам имкони йўқ. Урган тўпи кўзлаган жойга тушади-я. Шу гавдасига ҳаракатлари чаққон, зарбаси аниқ ва кучли. Аслида тенниснинг сирларини унга ўргатган ҳам шу одам, устоздай гап.
Сумкасини елкасига осиб, кортга кирганда «рақиб» аллақачон спорт кийимида чигалёзди машқларини бажариш билан банд эди.
– Ассалому алайкум, Холмурод ака, нима бало кечаси шу ерда қолиб тайёрландингизми, дейман, – Санжарбек ҳар галгидек гапни ҳазилга бурди.
– Ваалайкум ассалом, физкульт-салом! – алик олди «рақиб» тўпни деворга уришдан тўхтамай, – қаттиқроқ тайёрланмасак, сиз яхши кўрадиган мақол ижобат бўлишидан чўчиб қолдик.
– Ака, машойихлар бекорга «Устоздан ўтмаган шогирд – шогирд эмас», дейишмаган. Бугун барибир сизни доғда қолдираман.
– Мақтанма ғоз, ҳунаринг оз, – паст кетмади «рақиб», – эътиборингиз учун камина бугун янги, теша тегмаган усулларни қўлламоқчи. Бунақанги ўйинни шогирдимиз ҳали тушларида ҳам кўрмаган.
– Э-э, шунақами? «Бобойча»дан ҳар нарсани кутиш мумкин, – Санжарбек апил-тапил ечиниб-кийинишга тушди, – кўрамиз, яна қандай ҳунарлари бор экан. Аммо бугун шогирдингизнинг шашти баланд. Чиранишингиз бефойда, мағлубият аламини тотишингиз аниқ.
– Шунақами? Укажон, «бобойча»ни билмас экансиз, – Холмурод «пайров»ни давом эттирди, – ўзи бешафқат кўрингани билан кўнгли бўш, рақибни ҳадеб мағлуб қилавергиси келмайди. Аҳён-аҳён ютқазиб, ўксик дилни шодмон қилишни ҳам билади.
– Демак, ютқазишингизни олдиндан сезяпсиз, шундайми?
– Тағин ютқазиб қўйсангиз, аразлаб спортни ташлаб кетишингиздан хавотирдаман... ундан кўра мағлуб бўлганим афзал эмасми?
Йигитлар ҳазил-мутойиба билан ўйинга тушдилар. Бир ярим соат давом этган беаёв «жанг»да гоҳ у тарафнинг, гоҳ бу тарафнинг қўли баланд келиб, ҳисоб алмашиб турди. Биринчи сетни 6:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган Санжарбек, иккинчи сетни мағлубият билан бошлади. Ҳисоб 0:3 бўлгач, зийрак терговчи «бобойча»да толиқиш аломатларини сезгандай бўлди. Демак, тўпни майдоннинг гоҳ ўнг, гоҳ чап томонига улоқтириб, «қоринбой»ни югуртириш фурсати етди. Сал ўтмай «усул» ўзини оқлади, ҳисоб тенглашди, ғолиб тай-брекда аниқланди. Шогирднинг қўли баланд келди.
– Ана, кўрдинизми, «бобойча» сўзининг устидан чиқиб, бу гал ютқазиб берди, – деди Холмурод отдан тушсаям, эгардан тушгиси келмай.
– Раҳмат, раҳмат, биз учун сабаб-баҳонанинг фарқи йўқ, асосийси ғалаба! – деди Санжарбек юзидаги шашқатор терни арта туриб, – мағлубнинг ҳамиша баҳонаси тайёр!
Беғубор кулги кўтарилди.
– Мана бу чойдан олинг, дармондорининг ўзгинаси, ғолиб учун атайлаб дамлаб келгандим, – «бобойча» термоснинг оғзини очиб, пиёлага қуйди, – кечда келин бола ҳам биздан рози бўлади!
– Эй, шунақами? – Санжарбек чойдан ҳўплади, – чиндан ҳам шифобахшга ўхшайди. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, ака!
– Банияти шифо, деб ичинг, дамламага етти хил гиёҳ қўшилган, танани яйратиб юборади, – Холмурод пиёлаларни тўлдириб қуйди.
– Холмурод ака, яхши ўйин бўлди-я, – Санжарбек ғалабадан масрур эди, – жуда чиройли ўйин кўрсатдингиз. Биз-ку ўсишга ҳаракат қиляпмиз, аммо сизда йиллар силсиласида йўқолиб кетган маҳорат аста-секинлик билан қайтиб келяпти, чоғи. Иложсиз тўпларни қайтаряпсиз.
– Тўғри, бир пайтлар манави қорин ўлгур йўқ эди, чаққонгина эдик. Унча-бунчасини писанд қилмасдик. Энди ўша чаққонлик қайтмаса ҳам айрим усуллар ёдга тушяпти, қўл келишиб қолди.
– Авваллари мен теннисни аёлларга хос ўйин, деб билардим. Ўзим бир умр футболни хушлаганим учунми, бошқа спорт турини тан олгим келмасди. Йўқ, мана, икки йилки, теннисга маҳлиё бўлдим-қолдим. Қандайдир жозибаси бор экан. Ўйнаб тўймайсан киши...
– Албатта, теннис аристократлар ўйини, бутун баданни яйратади, оёқларни чаққон, қўлларни кучли, кўзларни равшан қилади. Энг асосийси, мияни дам олдиради.
– Жуда тўғри, – маъқуллади Санжарбек. – Баъзида калламга бир нохушлик кирса, уни ҳеч нарса билан чиқариб бўлмайди. Кун бўйи қалбингга озор беради, дилингни яралашдан чарчамайди. Ҳатто ухлаганда ҳам ўша бемаза ҳислар миянгни қуртдай кемириб, тинчингни бузади, асаб толаларингни ишдан чиқаради. Фақат теннис ўйнаган пайтинг, коптокнинг ортидан чопган пайтинг ҳамма нарсани унутасан, миянг тиниқиб дам олади, руҳиятинг ором олади, баданинг яйрайди. Чўмилиб, аъло кайфият билан ишхонага борсанг, меҳнат самарадорлигинг ҳам юқори бўлади, ишчанлик қобилиятинг ҳам ортади.
– Тўппа-тўғри, – гапни илиб кетди Холмурод, – қани эди ҳамма раҳбарлар ҳам сиздай мушоҳада қилса. Жиноят қидирувда ишлаган пайтларим раҳбарларимиз теннис ўйнашга рухсат бермасди, спортни кераксиз машғулот, деб ҳисобларди. «Ҳой, барака топгур, биз иш пайти эмас, тонгда – ишдан олдин ўйнаймиз», десак ҳам унамасди. «Ё ишни де, ё теннисни!» дея тихирлик қилиб, туриб оларди. Онда-сонда, қўрқиб-писиб кортга қатнардик. Билиб қолса, ишёқмас, дангасага чиқариб, қилдан қийиқ ахтаришга тушарди...
– Прокуратурада ҳам шу аҳвол, – шеригининг гапини бўлди Санжарбек, – кўпчилик раҳбарлар спортга қатнаган ходимни итидан ёмон кўради. Яхшиям, бизда Тоҳир Ғафурович бор, ўзи шу ёшда ҳам сузишга қатнайди. Спорт машғулотларига қатнайдиганларни тўғри тушунади, керак бўлса, қўллаб-қувватлайди.
– Биласизми Санжарбек, спортнинг, жисмоний тарбиянинг фойда-зиёнини тушунмайдиган раҳбарларни Японияга юбориш керак. У ерда ҳатто иш пайти ҳам спорт билан шуғулланишга, бироз мулгиб, ҳордиқ чиқариб олишга рухсат берилади. Улар бу нафақат соғлом турмуш тарзи, балки меҳнат самарадорлигини оширувчи восита эканлигини яхши билишади.
– «Япон-япон» дейсиз, сизга япон раҳбарни қаердан топиб бераман, – Санжарбек машҳур фильмдаги [1] машҳур иборани эсга олди.
Кулишди. Сўнг чўмилиб, кийиниб, тараниб, иш-ишига тарқадилар.
[1] Режиссёр Мелис Абзаловнинг «Суюнчи» фильмидаги диалог.
* * *
– Раҳмонов, табриклайман, аттестациядан ўтдингиз! – комиссия раиси Мирза Охунович Санжарбекни қутлади. – Барча саволларга жавоб бердингиз, билимингиз, тажрибангиз етарли. Аттестация комиссияси сизни прокуратура ходимлари малакасини ошириш марказига ўтишни тавсия қилади. Тушунарлими?
– Т-у-ш-у-н-а-р-л-и... – Санжарбек ҳеч нарсани тушунмаётган бўлса-да, шу тобда комиссияга эътироз қилиб ўтиргиси келмади. У аттестациядан эсон-омон ўтганидан хурсанд бўлиб, биринчи ўринбосарнинг гапини ҳазил бўлса керак, деган ўйга ҳам борди. Ташқарига чиқиб, тўғри Тоҳир Ғафуровичнинг хонаси томонга юрди, эрталабдан бери хавотирда ўтирган устозини хурсанд қилишга шошилди. Тушликка яқин бўлгани учун қабулхонада ҳеч ким кўринмади.
– Тоҳир Ғафурович, ассалому алайкум, киришга рухсат этинг, – Санжарбек эшикдан мўралади.
– Ваалайкум ассалом, келинг, келинг, нима бўлди? – ўринбосар ўрнидан туриб, шогирдига пешвоз чиқди.
– Ўтдим, устоз, ўтдим, ҳаммаси яхши бўлди!
– Ана, адолат бор экан-ку, эй, яшанг! – генерал шогирдининг елкасига қоқиб қўйди, – сиз бўлса, «ариза ёзаман», «комиссияга кирмайман», деб ваҳима қилиб юрибсиз... Роса қийнашгандир?
– Айтманг, бир соатдан кўп сувимни сиқиб, ичишди. Саволларига баҳоли қудрат жавоб бердим. Мирза Охуновичнинг ўзи «Табриклаймиз, аттестациядан ўтдингиз», деб қутлади, аммо охирида... «комиссия сизни прокуратура ходимлари малака ошириш марказига ўтишга тавсия қилади», деганига сал тушунмай қолдим...
– Шунақа дедими? Ўла бемаза, – ўринбосар бироз ўйланиб қолди, – сизнинг марказга – ўқитувчиликка нима дахлингиз бор? Фан номзоди эмассиз, муқаддам домла бўлиб ишлаган бўлмасангиз... Бу қора юрак тағин бир нарсани бошламоқчи, шекилли... Савол-жавобда ҳеч нарсага эришолмагач, синдиришнинг шунақа йўлини танлаган кўринади... У ерга ўтасиз, сизда педагогик салоҳият етарли эмас... дарс беришни эплолмаяпсан, деган важ билан у ердан ҳам думингизни тугмоқчи, шекилли! Вой аблаҳ-ей!
– Устоз, балки ҳазил қилгандир?
– Қанақа ҳазил, хатга тушдинг – ўтга тушдинг! Комиссия баённомасига кирса, қарорни ўзгартириш қийин бўлади... Хўп, сиз нима деб жавоб қилдингиз?
– Нима қилай, комиссия аъзоларининг олдида ади-бади айтишиб ўтиргим келмади. Қолаверса, Мирза Охунович ҳазиллашаётган бўлса керак, деган хаёлга бордим.
– Йўқ, бу маккорлар, бир одамга канадай ёпишдими, қўйиб юбормайди, – таҳлил қилишга тушди устоз, – сизни савол-жавоб билан аттестациядан қулатишнинг иложини тополмагач, шу йўлни танлашган. Одам ўзи севмаган, ёқтирмаган, уқуви бўлмаган ишни қилиши мумкинми? Шундай қилсак, ўзи ариза ёзиб ташлаб кетади, деб режа қилишган... Санжарбек, балки ўқув марказига ўтиб ишлаш ниятингиз бордир?
– Йўғ-е, устоз, умримда дарс бермаган бўлсам, маҳоратим бўлмаса, тингловчилар олдида шарманда бўлиб нима қиламан! Ундан кўра аризамни ёзиб кетганим яхши эмасми?
– Ана кўрдингизми, уларга айнан шу даркор, Санжарбек, қандай бўлмасин, сиздан қутулса бўлди! – Тоҳир Ғафурович столга бир мушт тушириб, ўрнидан туриб кетди. – Бу уйинг куйгурларга ҳалол, фидойи, меҳнатсевар ходим керак эмас, чиққан чизиғидан чиқмайдиган, айтганини икки қилмайдиган манқуртлар зарур!!! Булар на прокуратурани, на миллатни, на давлатни ўйлайди! Булар фақат курсисини, чўнтагини, ўз тинчини ўйлашади! Қарши чиққанларни, бош кўтарганларни чумолидай мажақлаб кетишади, бу йўлда тап тортмай, ҳар қандай разилликдан, туҳмату бўҳтондан устомонлик билан фойдаланадилар! Лозим бўлса миллат қаҳрамонини Ватан хоинига ҳам айлантира оладилар!
– Устоз, узр, сизниям тоза ташвишга қўйдим... жуда унчаликка боришмас... Агар чиндан ҳам ўқув марказига ўтказмоқчи бўлишса, аризамни ёзиб, кетавераман... очимдан ўлмасман... бирор иш топилар...
– Эй-й-й, Санжарбек, гап бу ерда фақат сизнинг ҳақингизда кетаётгани йўқ, – бошлиқнинг баттар хуноби чиқди, – аслида тўпнинг оғзи менга қаратилган. Мени йўқотишиб, ўрнимга ўзларига маъқул ўринбосарни тайинлаб, билганини ейишса! Инсофли, ҳалол, адолатпеша ходимларни сафдан чиқариб, ўзларининг гумашта ҳаромхўрларини олиб келса! Баъзида мен ҳам шартта аризамни ёзиб, ҳаммасига қўл силтаб кетгим келади. Бироқ шуларни ўйлаб, фикримдан қайтаман... Халқни ўйлайман... Сизга ўхшаган ҳалол ходимларни ўйлайман... Бор ҳокимиятни бу ноинсофларнинг қўлига бериб қўйиб, сўнг уларнинг ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб, қинғир ишларини авж олдиришидан қўрқаман!!!
– Тоҳир Ғафурович, қўйинг, кўп асабийлашманг, – Санжарбек ўқув маркази масаласини айтганидан афсусланиб, устозига тасалли бериш учун сўз тополмай қийналарди. – Бир гап бўлар, бошга тушганини кўз кўрар... балки ҳаммаси яхшиликкадир...
– Ҳа, майли, сиз ишингизни қилаверинг, балки шунақа бемазагарчиликка журъатлари етмас. Агар чиндан ҳам ариза ёзишни талаб қилишса... унда биз ҳам қараб турмаймиз, тушунарлими?
– Тушунарли, – Санжарбек елкасидан оғир юк ағдарилгандай қабулхонадан чиқиб кетди.
* * *
Орадан уч-тўрт кун ўтмай, Санжарбекни кадрлар бошқармаси бошлиғи ҳузурига чақирди. Терговчининг «нима масалада?» деган саволига калта бўйли, тепакал, аммо бурнига хода тиралган «кадровик» «келаверинг, вопрос, на месте», дея жавоб берди. «Наҳотки, биринчи ўринбосар ўша масалани яна кўтарган бўлса! Нима бўлсаям, яхшиликка бўлсин-да! Тоҳир Ғафуровичга ҳозирча ҳеч нима демай тургани маъқул. Масала нима эканлигини билгач, кейин олдига кирса, тўғри бўлади».
– Раҳмонов, табриклайман! – деди бошқарма бошлиғи қандайдир киноя билан.
– Нима билан?
– Нима билан, дейди-я! Аттестациядан муваффақиятли ўтганлигингиз билан-да! Бундан ташқари комиссия сизни масъулиятли лавозимга тавсия қилибди, мана, танишиб чиқишингиз мумкин, – Баҳодир Қудратович «баённома»ни столга ташлади.
– Масъулиятли лавозим деб малака ошириш марказини назарда тутяпсизми? – деди терговчи ҳафсаласи пир бўлиб.
– Ҳа, нима, ўқитувчилик масъулиятли лавозим эмасми? Тажрибангиз етарли...
– Тўғри, прокуратура ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш жуда масъулиятли ва нозик иш, – тушунтиришга ҳаракат қилди терговчи, – ҳар ким ҳам эплай олмайди, бунинг учун касбий кўникма ва тажрибадан ташқари кишида педагогик қобилият, илмий салоҳият ҳам бўлиши лозим.
– Раҳмонов, қўйсангиз-чи, шунча йиллик терговчи кечагина ишга келган ходимларни алдай олмайсизми? Тергов қилган ишларингизни гапириб берсангиз бўлди, уларга бундан бошқа нима керак!
– Кечирасиз, кимдир шунақа қилиб, ишлаб юрса, юргандир. Аммо мен бунақа қаллобликка йўл қўя олмайман, – деди Санжарбек юзи тиришиб.
– Қизиқ одам экансиз-ку! Бу раҳбариятининг тавсияси... олов билан ўйнашмоқчи бўляпсизми?
– Тавсиясими ёки топшириғими?
– Нима фарқи бор, катталар айтдими, «есть» деб кетавермайсизми? Солдатмисиз?
– Солдат эмасман, терговчиман...
– Э, анчагина маҳмадона йигит, дейишганди, ростга ўхшайди-ку, – деди «кал» беписанд тиржайиб. – Нима, ишлагингиз келмяптими?
– Баҳодир Қудратович, қўрқитманг, керак бўлса, шу бугун аризамни ёзиб кетишим мумкин, аммо сиз тавсия қилаётган ишга ўтмайман...
– Санжарбек, бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйишнинг нима кераги бор, – танлаган «номери» ўтмагач, сал «пастга тушди» бошлиқ, – ўқув маркази тинч жой, бир-икки соат дарсингизни ўтиб, маза қилиб юрасиз... Терговчиликда тўплаб қўйганларингизни майда чайнаб...
– Бу нима деганингиз? – Санжарбекнинг сочлари тикка бўлиб кетди, – терговчиликда нима тўплабман... мени ким деб ўйлаяпсиз? Ҳаммани... – у «ўзингизга ўхшатиб» демоқчи бўлди-ю, вазиятни кескинлаштиришдан чўчиб, «порахўрга чиқарманг», деб қўя қолди.
– Раҳмонов, тилимни қичитиб нима қиласиз, – деди «кадровик» безрайиб. – Биз ҳаммасини биламиз, қайси ишларни тергов қилгансиз... кимдан, қанча олгансиз...
– Бўҳтон, тилим бор деб ҳар нарсани гапираверасизми? – деди Санжарбек жаҳлини жиловлаёлмай, – Мен ҳеч кимдан пора олмаганман, олмоқчи ҳам эмасман! Агар қўлингизда далилингиз бўлса, марҳамат исботланг! Бунақа туҳматларингиз менга ўтмайди! Ҳар ким дунёни ўз қаричи билан ўлчайди, деганлари рост экан-да...
– Ҳой, бола, ҳаддингиздан ошманг, – деди «кал» кўзлари косасидан чиққудай бўлиб, – керак бўлса, исботлаймиз! Ж-а-а-а ўзингизни фаришта тутасиз! Нима, тиббиёт академиясидан каттагина нарсани қўпорганингиз ёлғонми?
– Ёлғон! Керак бўлса, текширинг, юзлаштиринг! Аллоҳга шукр, ота-онамиз бизни ҳаром луқма билан катта қилмаган. Фарзандларимга ҳам ҳаром едириш ниятим йўқ!
– Нима, бу билан бошқаларни ҳаромхўрга чиқармоқчимисиз? – зарда қилди «кал». – Айтиб қўяй, мана шу заҳар тилингиз бир кун бошингизга бало бўлади! Билиб қўйинг, Мирза Охунович сизни бекорга бошқа жойга ўтказмоқчи эмас. Қўлида етарлича фактлари бор...
– Баҳодир Қудратович, ўзига тўғри одам учун бировларнинг сассиқ гапи асло қизиқ эмас, ит ҳурар, карвон ўтар...
– Ҳой, бола, оғзингга қараб гапир, – «кал»нинг жини қўзиб кетди. – Нима, сен бизларни итга тенглаштиряпсанми? Мирза Охуновичга айтсам, биласанми сени нима қилади?
– Ака, ким сизларни итга қиёслабди, – деди Санжарбек босиқлик билан. – Бу халқ мақоли... Бировлар ҳақида бўлар-бўлмас иғво қўзғовчиларга аталган... Гап эгасини топади...
– Йўқ, ўртоқ Раҳмонов, бу гапинг учун ҳали жавоб берасан, билдингми? Сен маҳмадона Мирза Охуновичнинг совунига кир ювмаган кўринасан...
– Баҳодир Қудратович, осмон қўлларингда бўлса, ташлаб юборинглар, – Санжарбек шарт ўрнидан турди. – Қўрқсам, ёлғиз Аллоҳдан қўрқаман, бандасидан ҳайиқадиган ёшдан ўтганман, тушундингизми? Омон бўлинг! – у эшик томонга юрди.
– «Ариза ёзиб бераман» деб гупиллаётгандилар шекилли, индамай чиқиб кетяптилар? – «кадровик» терговчининг йўлини тўсди.
– Ҳеч қанақа ариза бермайман, керак бўлса, айбимни бўйнимга қўйиб, бўшатиб юборинглар! Аммо сиз ҳам, ўша акахонларингиз ҳам билиб қўйсин, шаҳар бедарвоза эмас, ҳар нарсанинг сўрови бор! – терговчи эшикни қарсиллатиб ёпиб, хонадан чиқиб кетди.
– Бузоқнинг югургани сомонхонагача... Кўрамиз, ҳолинг не кечаркан сен олифтанинг... Олдимга йиғлаб келмасанг...
Санжарбек калнинг вайсашига парво қилмай, узун йўлак бўйлаб, хонаси тарафга юрди.
* * *
– Вой, дадаси ҳалиям ётибсизми? – Мафтунанинг қўнғироқдай овози Санжарбекни уйғотиб юборди. – Бўла қолинг, ишга кечикасиз...
– Болаларни мактабга кузатдингизми?
– Ҳа, кетишди, – аёл чаққонлик билан хонани йиғиштиришга тушиб кетди, – сизга нонушта тайёрлаб қўйдим, совиб қолади... бўлинг, тура қолинг, дадажониси!
– Мафтуна... келинг, ёнимда бирпас ётинг... – йигит кўрпани кўтариб, аёлини бағрига чорлади.
– Вой, дадаси, ишга кечикасиз-ку, – Мафтуна нозланиб, эрининг ёнига ўтирди.
– Йўқ, бугун ишга бормайман...
– Тинчликми, дадаси? Ё ҳалироқ хизмат сафарига кетасизми? – деди аёл хавотирдан кўзларини катта-катта қилиб.
– Хоним, сиз мени яхши кўрасизми? – йигит аёлининг белидан қучиб, ўзига тортди.
– Вой, бу нима деганингиз, одамни қўрқитманг, тинчликми? Санжар ака, нима гап?
– Саволимга жавоб бермадингиз?
– Албатта, яхши кўраман, нима бунга шубҳангиз борми? Сиздан, болаларимиздан бошқа кимим бор... нега сўраяпсиз? – аёлнинг юраги қинидан чиққудай гупиллаб уриши йигитга сезилиб турарди.
– Бугун прокуратурада ишлайман, терговчиман... эртага... мабодо ишдан бўшаб қолсам ҳам яхши кўраверасизми?
– Дадаси, бу нима деганингиз, мен сизни топганда оддийгина талаба эдингиз-ку! Нима гап, ишингизда бирор нохушлик...
– Йўқ, йўқ, ҳаммаси жойида... баъзида сизларни ўйлаб, ишдан ариза ёзиб, бўшаб кетсамми, деган ўйга бораман, – йигит дилидагини очиқлашга уринди. – Бу нима тирикчилик? Оилангга, болаларингга эътибор қилолмасанг. Умринг хизмат сафарларида ўтса... Турмуш юкини сизнинг елкангизга ташлаб қўйган бўлсам... Бундан кўра бошқа иш топганим яхши эмасми?
– Санжар ака, тинчликми? Сизни таний олмаяпман, – Мафтунанинг кўнгли бир нарсани сезди, шекилли, жиддий тортди. – Нега ношукрлик қиляпсиз? Ҳаётимизга нима бўпти? Тўғри, ишингиз оғир, оила билан кўп шуғулланишингизга имкон бермайди. Аммо шарафли. Биз сиз билан фахрланамиз. Дадамиз прокуратура терговчиси, деб мақтаниб юрамиз. Кўпчилик бизга ҳавас қилади... Оиланинг юки кўпроқ менинг зиммамга тушаётгани рост. Аммо бундан сира ҳам хафа эмасман... Ҳар нафасда сизнинг далдангиз, қўллаб-қувватлашингизни сезиб яшайман... Сиз бизнинг суянган тоғимиз, мустаҳкам қўрғонимиз, бошимизда офтобимиз, умид чироғимизсиз...
– Вой-вў, шоир бўлиб кетинг-е, хоним! – Санжарбек меҳрдан ийиб кетиб, аёлини маҳкамроқ қучди. – Раҳмат, жоним! Сиз менинг кўзмунчоғим, туморим, гўзал фариштамсиз!
Эр-хотин узоқ айрилиқдан сўнг висолга етишган келин-куёвлардай чирмашиб, бир-бирини қайноқ бўсалар билан сийладилар. Мафтуна турмуш ўртоғининг меҳридан масрур, эркалашларидан маст эрса-да, аёллик сезгиси билан жуфтининг қалбидаги изтиробни англаб турарди.
– Санжар ака, ростини айтинг, нима бўлди? Фахриддин акамдан кейин... юрагимни олдириб қўйганман...
– Худо сақласин-е, – йигит ўзининг тузли-тузсиз сўзлари билан аёлини хавотирга қўйганини фаҳмлаб, сал қоғозга ўраб бўлса-да дилини очишга мажбур бўлди, – ишхонада аттестация бўлганди...
– Аттестациядан ўтолмадингизми?
– Йўғ-е, ўтдим, фақат прокуратура ходимлари малака ошириш марказига ўтишни тавсия қилишди...
– Бу яхшими-ёмонми?
– Билмадим... Тажрибангиз катта, ёш прокурорларни ўқитинг, тарбияланг, дейишди.
– Унда яхши-ку, ҳамиша уйда бўласиз, вилоятма-вилоят юрмайсиз...
– Ёқмай қолсин! Сизга яхши... Мендан қандай ўқитувчи чиқсин, бу ёғини тасаввур қиляпсизми?
– Ўқитувчиликнинг нимаси қийин экан, – аёлнинг чеҳраси очилди, – ўзим сизга устоз бўламан...
– Прокуратура ходимларини ўқитишнинг ўзи бўладими? Эплолмасдан шарманда бўлайми? Йўқ, дедим... Қисталанг қилаверса, аризамни ёзиб, ишдан кетаман...
– Майли, дадажониси, қаерда бўлсангиз ҳам жонингиз соғ бўлсин! Кўнглингиз буюрган ишни қилинг. Бу борадан маслаҳат беришга ожизман, ишингизни тушунмасам... Ҳар на бўлса – яхшиликка!
– Тўғри айтасиз, бунда ҳам бир ҳикмат бордир, яхшиликка бўлсин! – Санжарбек сакраб ўрнидан туриб, кийинишга тушди.
