автордың кітабын онлайн тегін оқу Qimmatga tushgan xato
КОМИЛ СИНДАРОВ
ТЕРГОВЧИ
ҚИММАТГА ТУШГАН
ХАТО
СЎЗБОШИ
Ҳар бир жанрнинг ўзига хос қонунлари, тартиб, қоидалари, тамойиллари бўлади. Муҳаббат эски нарса, лекин ҳар бир қалб уни янгилайди деганларидек, Конон Дойлдан бошланиб, Европа ва бутун дунёга тез тарқалган детектив жанрнинг ҳам ўзига хос, фақат ўзига хос қонуниятлари бор, албатта. Лекин Европа детективи билан айтайлик, рус ёзувчилари яратган детектив асарлар ўртасида сезиларли тафовут борлигини ҳам кўрамиз. Ф. М. Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» асарида жиноятни таҳлил қилишдан кўра ижтимоий мотив кучлироқ бўлгани учун уни гоҳ саргузашт, гоҳ детектив асар сифатида баҳолашади. Шундай бўлса ҳам бу жанрнинг жанр хусусиятларини белгилайдиган ўзига хослиги бор. Чунончи, Америка ва Европа детективчилари детектив жанрнинг баъзи бир нормаларини белгилаб ҳам чиққанлар: 1) асарда жиноят мотиви биринчи ўринда туриши лозим; 2) асарнинг бошидаёқ жиноят (қотиллик) юз бериши керак; 3) изқувар ўз атрофидагиларга қараганда ақллироқ, теранроқ бўлиши талаб этилади; 4) китобхон билан изқуварнинг жиноят ҳақидаги хабардорлиги бир хилда бўлиши лозим; 5) муҳаббат, оила мотиви биринчи планга чиқмаслиги шарт; 6) изқувар жиноятчи ёки қотилни тасодифан эмас, далилларни таҳлил этиш асосида индуктив услуб билан топиши лозим.
Хуллас, бундай қоидалардан нақд 25–26 тасини белгилаб олганлар. Аммо ҳар бир халқ адабиёти мазкур нормативлардан заруринигина олиб, бу жанрга ўзига хос миллий руҳ берганлигини ҳам кузатишимиз мумкин. Ўлмас Умарбековнинг «Жўра қишлоқ», «Ёз ёмғири», Тоҳир Маликнинг «Шайтанат», Нуриддин Исмоиловнинг «Бургут тоғда улғаяди» ва бошқа севиб ўқилаётган асарлари бунга яққол мисолдир.
Комил Синдаровнинг «Қимматга тушган хато» асари қўлёзмасини ўқиб, ана шуларни кўнглимдан ўтказдим. Асар жанр талаб қилганидек мураккаб тугун, прокуратура бўлим бошлиғи, обрўли, эътиборли, фидойи меҳнати билан поғонама-поғона ўсиб борган Баҳром Сафаровнинг бехосдан йўқолиб қолиши билан бошланади. Шундай нуфузли идоранинг масъул ходими қаёққа кетган бўлиши мумкин: ўғирландими, ўлдирилдими ёки ўзи бирор жойга қочиб кетдими?
Шубҳа, гумон, тахмин, ваҳима Баҳромнинг ҳамкасбларидан тортиб, оила аъзолари, қариндош-уруғларигача ҳаммани саросимага солиб қўяди. Демак, детектив жанр учун муҳим бўлган тугун – жумбоқ пайдо бўлди. Энди детективчи ўзини кўрсатиши керак. Жиноятчи қўлга тушмаслик учун ўзини асраши, эҳтиёт қилиши, бекиниши, «қочиш» санъатини намоён этиши лозим.
Асарни ўқиш давомида китобхон «жиноятчи» деб тахмин қилинган Аҳад Ботировнинг «бекиниш» иқтидори юқорими ёки жиноятчининг изидан тушган тажрибали терговчилар – Фахриддин Каримович ва Санжарбекнинг «фош қилиш» қобилияти, мантиқий хулосалари, иккиланиш, шубҳа, тахминларни енгиб, ҳақиқат сари интилишлари кучлими», деган саволлар гирдобига тушиб қолади. Ўқувчи ҳам асар қаҳрамонлари бошидан кечираётган бир-биридан қизиқарли, ҳаяжонли лаҳзаларга шерик бўлади. Китобхон асарни «қани охири нима бўларкан?» деб шошиб, энтикиб ўқишга тушиб кетади. Ёзувчи детектив жанрнинг қоидаларига қатъий риоя қилиб, жиноятчини дарҳол қўлга тушириб қўя қолмайди. Жиноятчи деб тахмин қилинган шахс покдил, ҳалол одам эканлигини айтиш учун китобхонга имкониятлар яратади. Ана шу имконият кетида асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолатлари, аламли кечинмалари, қувончу шодликлари бир-биридан гўзал, бир-бирини тўлдирувчи лавҳалар орқали кўрсатиб берилади. Изқуварнинг, терговчининг, прокуратура ходимининг битта хатоси қандай оғир оқибатларга олиб келиши, инсонлар учун нақадар қимматга тушиши мумкинлиги ҳақидаги мушоҳадалар бу соҳада ишловчиларни ўйланишга, керакли хулосалар чиқаришга мажбур қилади.
Баҳром билан Вазиранинг «ишқ дафтари» баёни асарни янада ўқимишли қилади.
Агата Кристи, Жорж Сименонда ҳам гоҳо-гоҳо жумбоқнинг берк кўчага кириб қолиши, диққат билан кузатаётган китобхоннинг ҳафсаласини совутиб қўйиш ҳолатлари кўплаб учрайди. Ушбу асар муаллифи ҳам бу услубдан моҳирона фойдаланиб, қидирув ишларини муайян субъектив сабаблар билан вақтинча тўхтатиб қўяди. Бу эса китобхонни ўзини асар қаҳрамонлари ўрнига қўйиб, жиноятни очиш юзасидан турли-туман тахминлар қилишга, ўйлашга, теранроқ фикрлашга, воқеалар ривожига янада кўпроқ қизиқишлари ортишига сабаб бўлади. Орадан уч йил муддат ҳам ўтади. Қорлар ёғиб, излар босилгандек бўлади. Лекин тўсатдан асарда янги қаҳрамон – Вазиранинг журналист қиёфасида пайдо бўлиши, уни жонлантириб, китобхонни яна ўзига маҳлиё қила олади. Асар охирлаб бораётганда, чалкаш жумбоқлар кетма-кет вужудга келаётганда Марзия, Озода, Лайлоларнинг пайдо бўлиши асар воқеаларига яна ҳам шиддатли тус беради.
Ўзбек адабиётида детектив асарлар бармоқ билан санарли даражада кам яратилаётган бир пайтда Комил Синдаровнинг ушбу асари бу гўзал жанр ишқибозларига чиройли совға бўлади, деб ўйлайман ва муаллифнинг ижодига муваффақиятлар тилаб қоламан.
Худойберди ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
МУАЛЛИФДАН
Муҳтарам китобхон!
Қўлингиздаги қисса менинг 20 йилдан зиёд прокуратура-суд идораларида ишлаган давримда кўрган-кечирганларим, эшитганларим, кузатишларим натижасида дунёга келган асардир. Унда тасвирланган веқеаларнинг кўпчилиги ҳаётдан олинган. Албатта, мен уларга имкон қадар бадиий бўёқ беришга, уларни ўзимнинг фантазиям билан бойитишга ҳаракат қилдим. Шу соҳада бевосита ишлаганим, бир пайтлар ўзим ҳам жиноятларни тергов қилишда иштирок этганлигим менга қўл келди.
Асардаги воқеалар ўтган асрнинг 80-йилларида шўролар даврида юз берган ва мустақиллик йилларига уланиб кетган. Унда прокуратура ходимларнинг сермашаққат, масъулиятли ва шарафли хизматлари акс эттирилар экан, уларнинг биргина арзимас хатоси нақадар қимматга тушиши ҳаётий воқеалар асосида очиб берилган.
Асар детектив жанрда бўлиши билан бирга, унда меҳр-муҳаббат, вафо ва садоқат, висол ва ҳижрон, дўстлик, одамийлик, оила муқаддаслиги каби мавзуларни ҳам ёритишга ҳаракат қилинди.
Улар ўқувчини ўйлашга, мушоҳада қилишга, ўзи учун керакли хулосалар чиқаришга ундайди, деган фикрдаман.
Мен бир ҳаваскор ижодкор сифатида шундай йирик асарга қўл уриб тўғри қилдимми-йўқми, бунга баҳо бериш Сиз азиз китобхонларга ҳавола. Ҳар бир ижодкор учун ёзган асари – боласи каби қадрли бўларкан. Қўнғиз ҳам боласини оппоғим деб суйишини инобатга оладиган бўлсак, ҳеч бир ижодкор ўз асарини ёмон демайди. Шу маънода ҳақиқий баҳони зийрак китобхоннинг ўзи беради. Сизларнинг «Қимматга тушган хато»га берган объектив баҳоингиз мен учун қадрлидир.
Қисса каттароқ ҳажмдаги илк насрий асарим бўлганлиги боис камчиликлари бўлса, муҳтарам китобхондан олдиндан узр сўрайман. Фикр-мулоҳазаларингиз битилган мактубларни (нашриёт орқали) кутиб қоламан.
Тузатиб бўлмайдиган майда хатолардан йирик иллатларга ўтиш осон.
Луций Анней Сенека
* * *
Кеч уйқуга ётган Баҳром Сафарович тиниқиб ухлай олмади. У ён-бу ёнига ағдарилиб, безовта бўлиб чиқди. Тонгга яқин кўзи илинган бўлса-да, узундан-узоқ туш кўрди... У қаёққадир пиёда кетаётган эмиш. Узоқ йўл юрибди. Бир маҳал йўл иккига ажралибди. Қайси биридан юришни билмай, боши қотиб турганда ёнида бир кампир пайдо бўлибди. Кампир: «Агар манзилга эсон-омон етиб бормоқни истасанг, ўнг томонга юр, кўргулик истасанг, чап томонга юр», дея маслаҳат берибди-ю кўздан ғойиб бўлибди. Манзилга эсон-омон етиб бориш истагида ўнг томонга энди қадам ташлаган экан, худди бояги кампирдек оппоқ ки-йинган иккинчи кампир пайдо бўлибди. У «агар манзилга эсон-омон етмоқни истасанг чапга, кўргулик истасанг ўнгга юр», деб маслаҳат берибди. Кампирлардан қай бирининг гапига киришни билмай бир оз ўйга толибди. Сўнг таваккал қилиб, чап томонга йўл солибди. Йўл юрибди, йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир маҳал узоқдан қора қуюн кўтарилиб келиб, уни осмону фалакка учирибди-ю бирдан тинибди. Шунда шитоб билан пастга қулабди.
…Юраги орқага тортиб, аъзою баданига совуқ тер тепчиб, уйғониб кетди. Кўрган туши таъсирида бир муддат жойидан қўзғалолмади. Кампирларнинг қайси бир ҳақ? Иккаласи ҳам ишонарли қилиб гапиришди. Улардан қайси бири фаришта, қай бири шайтон? Лекин ўзи нима сабабдан унчалик мушоҳада қилиб ўтирмасдан бир қарорга келди. Қайси хаёлда чап томонга юрди. Одам ҳам ўзининг тақдирига шунчалар бепарво бўладими? Йўғ-э, бу бир туш-ку! Ишқилиб, яхшиликка бўлсин-да! Ҳа, дарвоқе туш таъбирини хотини яхши билади-ку. Йўқ, йўқ. Хотини ваҳимачи. Товуқ сўйиб, қон чиқармагунча тинчимайди. Шунинг учун Вазирахонга индамай қўйгани маъқул. Сафардан қайтиб келгач, ётиғи билан айтиб берар.
Баҳром ювиниб, ошхонага кирганда Вазира аллақачон болаларини нонушта қилдириб, кийинтириб мактабга жўнатиб, дастурхон тузаб эрини кутиб ўтирарди. Эр-хотин бирга нонушта қилишди. Вазира Баҳромнинг юзидаги безовталикни кўриб, «яхши ухлолмаган бўлса керак!» деган ўйга борди. У ёқ-бу ёқдан гапириб эрининг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди.
Баҳром Сафарович бугун баъзи бир юмушлари битса, Хоразмга хизмат сафарига кетиши мумкинлигини айтиб, болаларни эҳтиёт қилишини тайинлаб, хотини билан хайрлашган бўлди. Эшикдан чиқиб, бир нарса эсидан чиққандай ортга қайтди. Хотинига нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтладию, сўнг яна:
– Болаларга кўз-қулоқ бўлиб туринг! – дея гапини такрорлади.
– Бир-икки кунда келасиз-ку, намунча болалардан хавотир олмасангиз, дадаси, – деди Вазира.
Эр-хотин яна бир бор остонада хайрлашдилар. Эрининг зинадан тушиб кетишда ҳам бир неча бор ортига қайрилиб қараб қўйганлигидан хотини таажжубланди. «Хизмат сафарига боргиси келмаётгандир-да» хаёлидан ўтказди у…
Баҳром Сафаровичнинг прокуратура бўлим бошлиғи лавозимига тайинланганига бир йилча бўлган бўлсада, ўзининг қатъиятли, билимли, тўғрисўзлиги ва камтаринлиги билан жамоа ўртасида обрў-эътибор қозонишга улгурган эди.
У кабинетига кириб, стол тортмасидан сафар учун зарур ҳужжатларни олмоқчи эди, ички телефон жиринглади. Прокурор ўринбосари Тоҳир Ғофурович қисқагина қилиб, сафар қолдирилганини, бир неча кундан кейин давлатга қарши ўта оғир жиноятларни содир этган бир гуруҳ жиноятчилар устидан Республика Олий судида кечадиган суд жараёнида давлат айбловчиси – қораловчи бўлиб иштирок этишни тайинлади. Самолётга олинган билет ҳам қайтарилди. Бир ҳисобда яхши бўлди. Шундоқ ҳам умрининг катта қисми хизмат сафарида ўтади. Хотини ҳам, болаларининг ҳам юраклари жизиллаб қолишган. Ўзи ҳам оиласидан узоқда бўлишни хушламайди. Лекин хизматчилик. Шу касбни ўзи севиб танлаган…
У ишга шўнғиб кетиб, сафари бекор қилинганлиги ҳақида хотинини хабардор қилиб қўйишга ҳам вақти бўлмади. Судда кўриладиган йигирма томлик жиноят ишини синчковлик билан ўрганишга тушди.
Соат ўн икки яримда котиб йигит Лазиз телефонда уни бир аёл сўраётганини, ўзининг кимлигини айтмасдан «бошлиғингизнинг яқин дўстиман, менинг қўнғироғимни кутаяпти!» деб туриб олганини хабар қилди. Бошлиқ ўз хонасидаги телефонни кўтаргач, у қабулхонадаги телефон гўшагини жойига қўйди.
Орадан икки сония ўтар ўтмас Баҳром кабинетини қулфлаб, ташқарига шошилди.
– Лазизжон, мен тезда қайтаман, Сиз тушликка чиқмай туринг! – деди ортидан йўлаккача кузатиб чиққан котибга.
Қуёш чарақлаб турган бўлишига қарамасдан, куз ҳавоси, ташқари анча-мунча салқин эди. Бошлиқ курткаси, бош кийимини киймаганидан котиб: «Шу атрофда учрашиб, дарров қайтса керак», деган ўйга борди.
Орадан ярим соатча вақт ўтган бўлсада, бошлиқ қайтавермаганидан хавотирланган Лазиз ташқарига чиқиб, у ёқ-бу ёққа ҳам қараб келди. Лекин бошлиқни топа олмади. «Балки сал нарироқда, чеккароқда гаплашиб туришгандир, келиб қолар, шу кийимда тушликка чиқиб кетмас», деган хаёлда котиб яна бир оз кутишга аҳд қилди.
Соат миллари 13.30 ни кўрсатганда Лазизнинг бардоши чидамади. Эрталаб тузукроқ нонушта қила олмагани боис, ишхонага қарашли ошхонада тезда тушлик қилиб чиқишга қарор қилди. Мабодо бошлиқ излаб қолса, ошхонадан топиб олиши осон кечади.
Лазиз шоша-пиша овқатланиб, тепага чиқди. Қабулхона эшиги ҳамон берк эди. Куртка ва бош кийим ҳам жойида. «Демак, бошлиқ ҳали ҳам келмапти-да. Балки дўстлари машинада келган бўлса, шу атрофда бирор жойга тушликка чиқишгандир».
Чамаси соат ўн бешларда Баҳром Сафаровични кадрлар бошқармаси бошлиғи, сўнг ташкилий-назорат бошқармаси бошлиғи сўради. Лазиз бошлиғини ҳимоя қилиш мақсадида «ҳозир шу ерда эди, ташқарига чиқибди, келиб қолса, айтаман» деган ҳар хил баҳоналар тўқиб, сўраганларни чалғитиб турди. Бу ҳол бир неча марта такрорланганлигига қарамасдан, котиб бошлиғининг иш жойида йўқлигини билдирмай туришга ҳаракат қилди. Иш кунининг охирларида бошлиқни Тоҳир Ғофурович сўраб қолди. Минг истиҳола билан унга ҳам ёлғон гапиришга жазм қилди. Бир томондан раҳбарининг қаердалигини билмасдан хуноби чиқиб турган йигит, иккинчи томондан унга гап тегиб қолишидан хавотирда эди. «Қаерга кетган бўлиши мумкин. Ахир менга бир оғиз айтиб кетса бўлмасмиди! Ҳаммага ёлғон гапириб, қийналиб ўтирмасдим. Ёки дўстлари билан гурунг қизиб кетдимикин? Унда ақалли бир қўнғироқ қилиб қўйса ҳам бўларди-ку! Балки имкони бўлмагандир. Лекин ҳеч бунақа одати йўқ эди-ку! Ярим соат бирор жойга кетса ҳам, ҳеч бўлмаса телефон орқали вазиятни сўраб турарди-ку! Энди раҳбарият сўраса нима дейман?..» Лазиз шундай хаёллар билан иш кунини тугатди.
«Бари бир ишхонага кирса керак», деган ўйда ўзининг ёзув-чизувини қилган киши бўлди. Лекин бошлиқдан дарак бўлмади. Кутиш бефойдалигини сезиб, Лазиз соат йигирма бирлар атрофида ишдан чиқди. «Ўтиришдан чарчаб чиққан бўлса, ишхонага кирмасдан тўғри уйига кетган бўлса керак», деган фикрга борди…
Ишга барвақт келишга одатланган Лазиз қабулхона эшигини очди-ю бошлиқнинг устки кийимлари жой-жойида осиғлиқ турганлигини кўриб, «Кечаси келмабди-да, келганда курткасини кийиб кетган бўларди», деб ўйлади ва ўзининг кундалик ишлари билан машғул бўлди. Иш вақти бошланса-да, бошлиқдан дарак бўлмагач, хавотирга туша бошлади. Раҳбарият сўраб қолса нима деб жавоб беришга боши қотиб қолди. «Кеча ўртоқлари билан кўпроқ ўтириб, кеч ухлаган бўлса, эрталаб туролмаган бўлиши мумкин, бир оз кечикса керак», деган хаёлга борди.
Кутганидек соат ўнларда раҳбарият Баҳром Сафаровични яна сўрай бошлади. Лазиз энди нима баҳона тўқишни ҳам билмай қолди. Бошлиғининг ишга муносабати жиддий эканлигини билади. Ҳеч қачон ишга кечикиб келмаган. Жуда зарур бўлган вақтларда раҳбариятни телефонда бўлса ҳам хабардор қилиб қўярди. «Унга нимадир бўлдимикин? Балки шифохонага тушиб қолдимикин? Ёки машинада бахтсиз ҳодисага йўлиқдимикин? Йўғ-э! Унда шифохонадан хабар бўларди-ку».
Лазиз калласига келаётган нохуш хаёллардан ўзи қўрқиб кетди. «Уйига телефон қилса-чи? Мабода уйига бормаган бўлса, Вазира опани қўрқитиб қўйиши мумкин. У кишини яхши билади. Бирпасда ваҳима қилиб, еру кўкни оёққа қўйиши турган гап. Унда йўқ жойдан ишкал чиқарган бўлиб қолади. Яхшиси, яна бир оз кутгани маъқул. Агар тушликка қадар келмаса, бир иложини қилиб, Вазира опадан секин сўраб кўрса бўлади».
Тушликдан сўнг раҳбариятнинг безовталиги ортди. Ора йўлда Лазиз қийналиб кетди. Бошлиқни сўровчиларга энди нима деб жавоб қайтаришни билмай қолди. Ниҳоят фикрини бир ерга жамлаб, Вазира опанинг ишхонасига қўнғироқ қилди. Одатдаги салом-аликдан сўнг Баҳром Сафаровичнинг бугун ишга ҳаяллаб турганлигини билдирди.
– Э, Лазизжон хабарингиз йўқми, у киши кеча Хоразмга кетган эдилар-ку. Лекин ҳали менга ҳам телефон қилмади, – деди Вазира опа бепарволик билан.
Лазиз шошиб қолди. Ахир Хоразм сафари кеча бекор бўлган эди-ку. Демак, уйига ҳам бормаган…Шу тобда хаёлидан минглаб фикрлар ўта бошлади.
Опанинг телефонда қайта-қайта «Сиз билмасмидингиз?» деган саволига «Хабарим йўқ экан» деб қўя қолди. Ҳозир «Опа, хизмат сафари кеча бекор бўлган эди, Баҳром ака кеча тушликка яқин ишхонадан чиқиб кетган эди», деса нақд балога қолиши мумкин. Ундан кўра яна бир оз кутгани маъқул. Балки келиб қолар, минг қилса ҳам эркак киши, эҳтимол бирортасини топиб олгандир! Нима бўлса ҳам, тинчлик бўлсин-да, ишқилиб…
Иш вақти тугаса-да, бошлиқдан дарак бўлмади. Уйга кетишини ҳам, кутиб ўтиришини ҳам билмай қолган Лазиз нохуш хаёллар гирдобига ботди: «Нимадир қилиш керак. Қўл қовуштириб ўтиравермайди-ку, ахир! Нима қилсам экан? Ёки бор гапни раҳбариятга айтгани маъқулми? Унда бошлиққа гап тегиб қолмайдими? Ё эрталабга қадар кутиш керакми? Ҳасан Алиевич билан маслаҳатлашсам қандай бўлади? Ҳар ҳолда у Баҳром аканинг ўринбосари, бирор жўяли маслаҳат берар».
Лазизжон калласига келган фикрдан кўнгли тўлиб, ўринбосарнинг олдига кирди.
– Келинг Лазизжон, ҳали шу ердамисиз, қайтмадингизми? – Ҳасан Алиевич қоғоздан бошини кўтармасдан «ўтиринг» ишорасини қилди.
– Энди қайтмоқчи эдим, Сизнинг олдингизга… – Лазиз гапни нимадан бошлашни билмай чайналди. Негаки, кечадан бери ҳар сафар бошлиқни сўраганларида у кишига ҳам ёлғон гапирган эди-да.
Хайрият ўртадаги тангликни ўринбосарнинг ўзи бузди:
– Нима гап Лазизжон, бошлиқ қайтмадими?
– Қаердан?
– Ўзингиз боя топшириқ билан кетган, келиб қолар деган эдингиз-ку!
– Ҳа, йўқ, қайтмади. Лекин ростини айтсам, мен ҳам у кишининг қаердалигини билмайман…
– Қанақасига билмайсиз, бу нима деганингиз? – Ҳасан Алиевич ўрнидан туриб, котибга савол назари билан қаради.
– Мен у кишига гап тегмасин дегандим-да…
– Укажон, нималар деяпсиз, кимга гап тегади, нима учун гап тегади, ўзингизни босиб олиб, тушунтириброқ гапиринг! – деди ўринбосар қарама-қарши стулга ўтира туриб.
Лазиз бор гапни оқизмай-томизмай гапириб берди. Воқеани эшитиб, Ҳасан Алиевич ҳам ўйга толди.
– Балки уйдагиларга Хоразмга бораман деб айтиб, бирортасиникида тунаб қолдимикан?
– Унда ҳеч бўлмаса менга айтган бўлардилар. Ахир бугун иккинчи кун. Кеча қаергадир борган бўлса ҳам, бугун ишга келишлари лозим эди-ку! Ўзингиз яхши биласиз, у киши ярим соат бирор жойга чиқсалар ҳам айтиб кетардилар.
– Гапингиз тўғри, демак, бугун иккинчи кун. Раҳбариятни хабардор қилиш керак, – Ҳасан Алиевич ўрнидан қўзғалди. – Сиз шу ерда ўтириб туринг, мен Тоҳир Ғофуровичга учрашиб чиқаман.
– Ҳасан ака, бошлиққа гап тегиб қолмасмикин ишқилиб, – деди Лазизжон хавотирини босолмай.
– Тегса, тегмаса, қараб ўтира олмаймиз, – ўринбосар уст-бошини тўғрилаб, Тоҳир Ғофуровичнинг қабулхонаси томонга юрди.
Прокурор ўринбосари Баҳром Сафаровичнинг кеча уйига ҳам бормаганлигини эшитиб, ўйланиб қолди. Унинг бир нуқтага қадалган нигоҳидан дилидаги хавотирликни англаш қийин эмас эди.
– Мен прокурорни хабардор қилишим керак. Сизлар қариндош-уруғларга, таниш-билишларига телефон қилиб, суриштиринглар. Ҳа дарвоқе, турмуш ўртоғини ҳам чақиртиринглар. Бир соатдан сўнг яна йиғиламиз, – дея прокурор ўринбосари ўрнидан қўзғалди.
Вазира опани таклиф этиш Лазизга топширилди. Кеч бўлганда аёл кишини нима баҳонада эрининг иш жойига чақиртиришга боши қотган котиб, минг бир хаёлда таниш рақамларни тера бошлади. Телефонни Вазира опанинг ўзи кўтарди.
– Ассалому алайкум, опажон, яхшимисиз, узр яна сизни безовта қиляпман, – Лазиз ҳаяжонини сездирмаслик учун ўзини дадил тутишга ҳаракат қиларди.
– Раҳмат, укажон, ўзингиз яхшимисиз, акангиздан хабар бўлдими? Бугун телефонини роса кутдим, аммо ишлари кўпайиб, вақти бўлмадими? Сизларга телефон қилдими?
Лазизжон нима дейишни билмай, «Йўқ, ишлари кўпайиб кетди чамаси», деб қўя қолди. Сўнг ҳеч нарсани билмайдиган одамдай:
– Опажон, Сизни Тоҳир Ғофурович сўраётган эди, ҳозир вақтингиз борми? – деди.
– Нима масала экан?
– Билмадим, қандайдир маслаҳатли ишлари бор экан.
– Эрталаб кирсам қандай бўларкан?
– Ҳозир сизни кутиб турибдилар, эртага балки вилоятларга чиқиб кетишлари мумкин, – деди Лазизжон ёлғон гапириб турганлиги учун ўзидан ўзи хижолат бўлиб.
– Ҳозир етиб бораман, – Вазира опанинг юраги бир нарсани сезгандек, овозида олдинги тетиклик йўқ эди.
«Прокурор ўринбосарининг кеч кирганда йўқлаб қолиши бекорга бўлмаса керак. Қанақа маслаҳат бўлиши мумкин? Лазиз ҳам қандайдир ўзини бошқача тутди. Унинг сўзларида ҳаяжон, хавотир сезилгандай бўлди. Ишқилиб эри тинчмикин? Хизмат сафарига кетганига мана бир ярим кун бўлаётган бўлса-да, бирор марта ҳам телефон қилмади. Олдинлари бунақа одати йўқ эди-ку. Қаерга борса, дарров яхши етиб келганлигини билдириб, сим қоқиб қўярди. Эй Худо, бало-қазолардан ўзинг сақла!»
Вазирахон шу хаёлларда қандай қилиб эрининг ишхонасига етиб келганини ҳам сезмай қолди. Уни пастда Лазиз кутиб турган экан. Иккаласи тўртинчи қаватга, прокурор ўринбосарининг қабулхонасига кўтарилдилар. Котиб йигитга олдиндан айтиб қўйилган шекилли, Вазира опани кимлигини суриштириб ўтирмасдан ичкарига таклиф қилди.
Тоҳир Ғофурович меҳмонни ўрнидан туриб кутиб олди. Ўтиришга изн бериб, стол устидаги чойнакдан пиёлага чой қуйиб узатди. Ўзи, фарзандлари, ота-онасининг ишлари, соғлиқларини сўраган бўлди.
Вазирахон бу инсонни олдин прокуратуранинг у ёки бу тадбирлари, тўй-ҳашамларда кўрган, салом-алик қилган бўлса-да, яқиндан таниш эмас эди. Шу сабабдан ҳам унинг саволларига «ҳа», «йўқ», «Оллоҳга шукр» дея қисқа жавоб бериб турди. Суҳбатдошининг гапни бунчалик узоқдан бошлаши, бу ҳам етмагандай, ортиқча тавозе кўрсатиши унинг кўнглидаги шубҳа-гумонларни баттар жунбишга келтирди. «Бунча чўзмаса-я, тезроқ мақсадга кўча қолмайдими! Нима бўлганда ҳам болаларимнинг адажониси тинч бўлсалар бўлгани!» Вазирахоннинг хаёллари минг бир кўчага кириб чиқарди.
– Сизни чақиртиришдан мақсад… – Тоҳир Ғофурович гапни нимадан бошлашни билмай чайналди, – Баҳром Сафарович негадир…
– Эримга нима бўлди, тўғрисини айтинг, илтимос, – Вазирахоннинг ранги докадек оқариб, ўрнидан сапчиб туриб кетди. – Нима бўлди айтинг, илтимос айтинг…
– Вазирахон, илтимос ўзингизни босинг, ҳеч нима бўлгани йўқ, фақат биз у кишини икки кундан бери тополмай турибмиз.
– Қандай тополмайсиз, хўжайин кеча Хоразмга хизмат сафарига кетган эдилар-ку?!
– Гап шунда-да. Хоразм сафари бекор қилинган эди. Баҳром Сафарович кеча тушликка қадар ишда бўлган. Кейин қаергадир чиққан экан. Шундан бери дараги йўқ. Балки сизга кеча ёки бугун телефон қилгандир. Ёки бирор иши чиқиб қолгандир… ҳайронман.
– Йўқ, менга телефон қилмади. Кеча эрталаб «Хоразмга кетяпман» деб чиқиб кетган эди. Мен сафарга кетган деб, бемалол юрибман… – деди Вазирахон йиғидан ўзини тиёлмай.
– Илтимос, Вазирахон ўзингизни босинг. Ваҳима қилманг. Топилади, қаерга кетарди? Топамиз. Кеча тушликка яқин у кишини кимдир чақирган. Балки синфдошлари, балки курсдошларидир. Ҳар ҳолда яқин одами бўлган. Шулар билан ялло қилиб юргандир. Балки меҳмондорчилик қуюқроқ бўлган бўлса…
– Лекин унақа айтмасдан бирор жойга кетадиган одати йўқ эди! Қаерда бўлса ҳам ҳеч бўлмаганда қўнғироқ қилиб қўярди.
– Ҳа энди, вақти бўлмагандир, телефон йўқ жойга тушиб қолгандир.
Вазирахон бир оз таскин топгандай бўлди. Ҳақиқатдан ҳам телефон қилишга имкони бўлмаган бўлиши мумкин-ку! «Дўстлари билан чиқиб кетган» деяпти-ку! Балки улар билан тоққами ёки дала ҳовлигами боришган бўлса, у ерларда телефон ҳам бўлмайди. Ишқилиб, шундай бўлган бўлсин-да!
– Ҳа дарвоқе, Баҳром Сафаровичнинг ота-онаси қишлоқда туришади шекилли, улар билан боғлансангиз. Балки уларни зиёрат қилишга кетган бўлиши мумкин. Балки қариндошлардан бирортасининг бошига оғир кун тушган бўлса, Сизга айтишга ҳам улгурмасдан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Уларнинг телефони борми?
– Б-о-р, бор! – деди Вазирахон бу гапларга ўзини ишонтиришга ҳаракат қилиб.
Тоҳир Ғофурович телефонда Вазирахон айтган рақамларни териб, гўшакни унга узатди.
– Ассалому алайкум дадажон, яхшимисиз, қариндош-уруғлар соғ-омонми? Оллоҳга шукр, набираларингиз яхши, Баҳром акамлар ҳам…яхшилар. Бугун сал кечикаётганига хавотирланиб телефон қилаётган эдим. Қишлоққа бормадиларми?
– Йўқ келмади, телефонда ўтган куни гаплашган эдим. «Бораман» демаганди. Қаергадир командировкага кетаман дегандай бўлганди. Тинчликми, қизим. Нима гап? – Сафар отанинг овози атрофдагиларга ҳам тиниқ эшитилиб турарди.
– Тинчлик, тинчлик, дадажон. Хизмат сафари бекор бўлган эди. Телефон қилмаганига мен қишлоққа кетдимикин, деб хаёл қилган эдим. Узр. Сизларни ҳам безовта қилдим… Келиб қоларлар. Албатта телефон қиламан. Хавотир олманглар. Ҳаммага мендан салом айтинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дадажон! – Вазирахон телефон гўшагини узатар экан, «Қишлоққа ҳам бормапти!» дея ғудранди.
– Вазирахон, сиз уйга бориб хавотирланмай ўтира туринг. Биз у ер-бу ерни суриштирамиз. Сиз ҳам у кишининг дўсту биродорлари, қариндош-уруғларига билганингизча телефон қилиб кўринг. Балки кечаси келиб қолар. Эрталаб гаплашамиз, сизни йигитлар уйингизга олиб бориб қўяди, – прокурор ўринбосари аёлни эшиккача кузатиб қўйди.
Лазиз машинада Вазирахонни уйига кузатиб қўяр экан, йўлда кечаги воқеаларни ипидан игнасигача гапириб берди.
– Ўша аёл олдин ҳам қўнғироқ қилганмиди? Уни овозидан бирор танишига ўхшатдингизми? – деди Вазирахон суҳбатдошига юзланиб.
– Йўқ, биронта танишига ўхшатмадим. Балки телефонда қисқа мулоқот қилганлигимданми, ҳарқалай кимлигини англай олмай қолдим. У ҳам ўзини таништирмади-да! Ўшанда: «Кимсиз?» деб сўрасам бўларкан. Лекин яқинроқ таниши бўлгани аниқ. Йўқса, Баҳром ака нотаниш одамнинг олдига чиқмаган бўларди. Яна билмадим…
– Ишқилиб…
– Вазира опа, сиз хавотир олманг, ҳаммаси жойида бўлади, мана кўрасиз!
– Айтганингиз келсин!..
Уйига кириши билан Вазирахоннинг нигоҳи эрининг оёқ кийимини ахтарди. Пойгакда таниш пойафзални тополмагач, ҳафсаласи пир бўлди. «Демак, келмапти!» хаёлидан ўтказди у ва тўғри болалар хонасига йўл олди. Жаҳонгир ва Жавоҳир аллақачон ухлаб қолишган экан.
Вазирахон тортмадан эрининг телефон дафтарчасини топиб, кўз югуртира бошлади. «Кимдан бошласам экан, лекин нима деса бўлади. Дабдурустдан «Менинг эримни кўрмадингизми?» деса ноқулай. Ёки бор гапни айтгани маъқулми? Унда эрининг обрўсини тўккан бўлмайдими? Эшитганлар нима дейди?»
Вазирахон кеч бўлиб қолганлиги учун қўнғироқни оиланинг энг яқин дўстларидан бошлади. Тўрт-беш кишига қўнғироқ қилди. Лекин бирортасидан тайинли жавоб ололмади. Кейинги икки кун ичида эрини ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким билан қўнғироқлашмаган. Вақт алламаҳал бўлиб қолган бўлсада, Вазирахон телефон қилишдан чарчамади. Эрининг у танийдиган деярли барча таниш-билишлари билан гаплашди. Аммо ҳеч бир қўнғироқ кутилган натижани бермади. Қайтанга хижолат бўлгани қолди. Оиланинг кўпчилик яқинлари шундоқ ҳам уни рашкчи хотин сифатида билишар эди. Бу қўнғироқдан кейин тунда эрини ахтариб, бошқаларнинг тинчини бузаётган аёл ҳақида нима деб ўйлаётган эканлар-а…
Ўтаётган ҳар бир лаҳза Вазирани турмуш ўртоғидан шунча йироқлаштираётгандай эди. Дақиқалар ўтган сайин унинг қалбидаги умид учқунлари сўлиб бораётгандай, дилидаги олам-олам орзу-ҳаваслари йўққа чиқаётгандай эди. Туни бўйи мижжа қоқмаган аёл турли хил нохуш хаёллар оғушида тонгни қаршилади. Саҳарда бехосдан телефон жиринглади. Вазирахон ичида «хайрият-эй!» дея телефон гўшагини кўтарди. Қайнотаси Сафар ака экан. Кечаги телефондан у ҳам ухламаган кўринади. У ўғлининг ҳали ҳам уйга қайтмаганлигини эшитиб, ҳозироқ Тошкентга йўлга чиқишини айтиб, келини билан совуққина хайрлашди…
Иш вақти бошланишини кутиб ўтирмасдан, Вазира эрининг ишхонасига отланди. «Балки уларда бирор янгилик бордир!». Бахтига Лазиз ҳам ишга барвақт келган экан, юз-кўзидан у ҳам туни билан ухламай чиққанлигини англаш қийин эмасди. Ҳар иккиси бир-бирига нажот кўзи билан тикилди:
– Опа, янгилик борми? – Лазиз биринчи бўлиб сўз очди.
– Йўқ, барча дўстларига, яқин танишларига телефон қилиб кўрдим, ҳеч ким кейинги икки кунда акангизни кўрмаган, – Вазира йиғидан зўрға ўзини тийиб турарди.
– Опажон, келинг ўтириб туринг, ҳозир Тоҳир Ғофуровичнинг олдига кирамиз, ҳаммаси яхши бўлади! – Лазиз қандай қилиб бу аёлни овутишни билмасди.
Бир оз фурсат ўтиб, прокурор ўринбосари Вазирани яна қабулига чақирди.
– Салом Вазирахон, яхши дам олдингизми? – Тоҳир Ғофурович жой кўрсатиб, аёлни ёнига чорлади. – Бирор янгилик борми?
– Кечаси билан таниш-билишларга телефон қилдим, кейинги икки кун ичида у кишини ҳеч ким кўрмаган. Тонгда қайнотам ҳам йўлга чиқибди, пешинга яқин келиб қолади. Тоҳир Ғофурович, сизда нима янгилик бор? Энди нима қиламиз?
– Кеча воқеадан прокурорни хабардор қилдим. У киши ҳаммани оёққа турғазди. Ҳар эҳтимолга қарши барча шифохоналар, бахтсиз ҳодиса юз бериши мумкин бўлган жойларга одам юбордик. Ҳамкасблари, танишларини сўраб-суриштираяпмиз, натижа бўлиб қолар…
– М-е-н н-и-м-а қ-и-л-а-й? – Вазира яна кўзига ёш олди.
– Сиз шу атрофда бўлиб туринг. Мен ҳозир йигитларга тайинлайман, биргаликда Баҳром Сафаровичнинг кабинетини кўздан кечирасизлар, кийимлари, ён дафтарчаси, қайдларидан бирор-бир маълумот топилиб қолар!
Тоҳир Ғофурович тугмачани босиб, котибни чақирди ва опани учинчи қаватдаги бошқарма бошлиғи ўринбосарининг кабинетига кузатиб қўйишни айтди.
Уларни Баҳром Сафаровичнинг ўринбосари Ҳасан Алиевич пастда кутиб олди.
– Вазира опа, яхшимисиз, укамлар яхшими?
– Раҳмат Ҳасанжон, кўрмайсизми бу ташвишлар ҳам бошимизда бор экан, – деди Вазирахон кўз ёшини рўмолчаси билан арта туриб.
– Опажон, тушкунликка тушманг, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади!
Ҳасан Алиевич опани эрининг кабинетига бошлади. Қабулхонадаги кийим илгичда бош кийим ва куртка ҳамон осиғлик турар эди. Вазира курткани қўлига олиб, унинг чўнтакларини ковлаб кўрди. Куртканинг ички чўнтагидан уч-тўрт сўм пул, ён чўнтакларидан телефон рақамлари ёзилган бир-икки қоғоз парчалари топилди. Кабинетга кирдилар. Хона шинам ва тартибли. Ҳамма нарса жой-жойида. Тўрда каттагина сейф. Стол устида тахлам-тахлам қоғозлар. Телефон ёнида ён дафтарча очиқ ҳолда турибди. Иш столи устидаги қоғозларни бирма-бир кўздан кечирдилар. Қоғозларга кимларнингдир телефон рақамлари, исми-шарифлари, яна бошқа қайдлар битилган. Ҳамма нарса одатдагидек. Кабинетдан бирорта ғайриоддий нарса топилмади.
Ҳасан Алиевич Лазизга ҳозирча кабинетга ҳеч кимни қўймасликни, ҳеч нарсага тегмасликни тайинлади ва опани қабулхонада қолдириб, ўзи шошганича Тоҳир Ғофуровичнинг олдига чиқиб кетди.
Вазирани тушкунлик бутунлай ўз домига олган эди. Бўлаётган воқеалар қанийди туши бўлса! Бу даҳшатли туш тезроқ тугаса-ю, ўнгига қайта қолса! У эри билан бирга кечган онларни хаёлидан ўтказди. Қандай бахтиёр дамлар эди-я!...
* * *
Уларнинг танишишлари ҳам қизиқ бўлган эди. Ўшанда у Самарқанд давлат университетининг биринчи курсида ўқир эди. Дарслар оғир, дарсликлар етишмас эди. Шу сабабдан деярли ҳар куни университет кутубхонасига кириб, мутолаа қилишга тўғри келарди. Кечагидай эсида, баҳор кунларининг бирида у кутубхонада узоқ қолиб кетди. Китобга астойдил берилиб кетганидан кеч тушганини ҳам сезмай қолди. Бахтга қарши бугун дугонаси Машҳурахон кутубхонага келолмаган эди. Бир ўзи кўчага чиқди. Университет ётоқхонаси унча узоқ бўлмаса-да, лекин хиёбон орқали бир-икки чақирим пиёда юришга тўғри келади. Одатда, кундуз кунлари хиёбон одам билан гавжум бўлса-да, кечки маҳалда анча овлоқ бўлади. Ҳар ер-ҳар ерга қўйилган чироқлар йўлакни хирагина ёритиб туради. Вазира кеч қолганидан пушаймон бўлиб, тез-тез юра бошлади. Бир оз юргач, йўлак четидаги скамейкада ўтирган икки йигитга кўзи тушди. Уларнинг эътиборини жалб қилмаслик учун йўлнинг нариги томонига ўтиб олди.
– Яхши қиз, соат неча бўлди? – гап отди улардан бири. Вазира ўзини эшитмаганга солиб, йўлида давом этди.
– Нима бало, қулоқлари том битганми дейман! – иккинчи йигит гап қотди ва ўрнидан лип этиб туриб, қизнинг йўлини тўсди.
– Йўлдан қоч, соатим йўқ! – негадир Вазиранинг овози титраб кетди.
– Йўл бўлсин офатижон, қаерга бунча шошмасалар, ўзимиз сизни машинада олиб бориб қўямиз, – деди баланд бўйли, мўйловли йигит қизга яқинлашиб.
– Раҳмат, мен анави ётоқхонада тураман, – деди қиз олдинга ишора қилиб.
– Э, э талабамилар? Овга чиқибдилар-да. Мана тузоғингизга илиндик. Буни қаранг, соч эмас, бу – шаршара, шаршара! – деди йигитлардан пастроқ бўйлиси қизнинг узун сочларига қўл теккизиб.
– Қўлингни торт, аҳмоқ! – Вазира йигитнинг қўлини уриб юборди. Бу йигитларнинг нияти яхши эмаслигини сезган қиз бирор кимса ёрдамга келармикин, деган хаёлда атрофга аланглади. Бахтга қарши йўлакда ҳеч ким кўринмади.
– Илтимос йигитлар, қўйиб юборинглар, мен боришим керак, – қиз ялинишга тушди.
– Қаёққа шошасан, студент экансан, кайфу сафо қилмайсанми? Хоҳлаганингча соққангни берамиз, – дея мўйловли йигит қизнинг қўлидан тутиб, ўзига торта бошлади. Вазира димоғига урилган ароқ ҳидидан кўнгли айниб, бор овозда қичқирди:
– Қўлимни қўйиб юбор, ифлос! Айй… А-я-ж-о-н!!! – қиз бор кучи билан йигитни кўкрагидан итариб, юзига тарсаки туширди.
– Вой қанжиқ-эй! Ҳали менга қўл кўтардингми? Энди онангни кўзингга кўрсатаман! – мўйлов ўшқириб қизга ташланди.
Қиз жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатар экан, атрофга аланглаб, баланд овозда қичқиришда давом этарди.
– Дод солганинг билан ҳеч ким эшитмайди, яхшиликча гапга кўнмасанг, ҳозир оч биқинингдан дарча очиб қўяман! – пакана йигит чўнтагидан нимадир чиқариб, қизнинг бўғзига қадади.
Вазира ой нурида ялтираб кетган бу нарса пичоқ эканлигини фаҳмлаб, вазиятнинг анча қалтис эканлигини энди ҳис қилди. Оёқ-қўли музлаб, донг қотди. Шу тобда унинг хаёлидан минглаб фикрлар ўтарди. «Нима қилсам экан, наҳотки шу безорилар қўлига ўзини, ор-номусини, ҳаётини топшириб қўйса! Орзу-умидлари нима бўлади! Ота-онаси, қариндошлари, дугоналари, курсдошлари кўзига қандай қарайди. Йўқ, йўқ, ўлса ҳам бу ҳайвонларнинг гапига кирмайди, бир бошга бир ўлим!»
Шуларни хаёлидан ўтказган қиз юрагида қандайдир бир жасорат туйди ва бор кучини йиғиб, мўйловни ўзидан итариб юборди. Йигит чайқалиб, бир-икки қадам ортга чекинди. Шу дам иккинчи йигит қизнинг қўлларини орқага қайириб, тортқилай бошлади. Қиз қанча талпинмасин, йигитнинг бақувват қўллари уни тобора маҳкамроқ қисувга оларди. Қиз жон ҳолатда бақиришга ҳаракат қилди, аммо оғзи қуриб қолганидан овози чиқмади. Йигитлар икковлашиб, қизни йўл четида турган «Жигули» томонга судрай бошлашди. Шу пайт узоқдан бир шарпа кўрингандай бўлди.
– Ё-р-д-а-м беринглар, ё-р-д-а-м, ёр… – қиз ўша томонга қараб чинқира бошлади.
Йигитлардан бири қизнинг оғзини қўли билан ёпди. Қизнинг овозини эшитди шекилли, ҳалиги шарпа югурганича улар томонга яқинлашди.
– Қизни қўйиб юбор, аблаҳ! – нотаниш киши важоҳат билан йигитларга ташланиб, қизни уларнинг чангалидан суғуриб олди. Қиз ирғиб туриб, қалтираб халоскорининг ортига бекинди. Мўйлов оғзидаги ошни олдириб қўйган итдай қутириб, нотаниш йигитга ташланди.
– Жонингдан умидинг бўлса, бировнинг ишига аралашма, бўлмаса чавақлаб ташлайман!
– Ўзингни бос, оғайничалиш! Дунё бесўроқ эмас, мард бўлсанг яккама-якка чиқамиз! – деди нотаниш йигит паст келмасдан.
– Яхшиликча, кет жўра! Йўлингдан қолма! Биз кераксиз тешикка бурнини тиққанларни аяб ўтирмаймиз! – пакана нотаниш кишининг ёқасидан тутди.
Йигит уни бир силтаб, итариб ташлади. Мўйлов қўлидаги пичоқни ўйнатиб, рақибига ҳамла қила бошлади. Халоскор йигит ғайриоддий чапдастлик билан бир тепиб, боланинг қўлидаги пичоқни учириб юборди. Пичоқ беш-олти қадам нарига бориб тушди. Кўзлари қонга тўлган безорилар икковлашиб йигитга ташландилар.
Олдин ўзи учун қайғураётган Вазира энди бир бегуноҳ инсоннинг уволига қолишдан чўчиб, дод соларди. Шу маҳал йўлакда икки кишининг шарпаси кўринди. Қиз жон ҳолатда уларни ёрдамга чақира бошлади. Икковлон қизнинг овозини эшитиб, улар томонга юра бошлади. Лекин журъатлари етмади шекилли, яна ортларига қайтиб, кўздан ғойиб бўлишди. Шундай бўлсада қиз овозининг борича бақириб, ёрдамга чақиришда давом этарди. Аммо ён-атрофда бирор кимса кўринмасди. Қиз халоскорига ёрдам бериш мақсадида ерга энгашди, аммо қўлига бирор нарса илинмади. Қўл-оёғини баробар ишга солган безорилар бечора йигитнинг қаршилигини сўндиришга ҳаракат қилишарди. Йигит ҳам бўш келмасди… Шу пайт мўйловли йигит майсалар ичига тушиб кетган пичоқни қидира бошлади. Қиз унга қаршилик кўрсатмоқчи бўлди-ю, бироқ оёқлари унга бўйсунмади, қанча талпинмасин, жойидан қўзғалмади. Мўйлов эса аллақачон пичоқни топиб, бир-бирини аччиқ зарбалар билан «сийлаётган» йигитлар томонга чопди. Қиз «эҳтиёт, эҳтиёт б-ў-л-и-н-г, пи-чоқ, пи-чоқ…» дейишга улгурмай, рақибини қисувга олган йигитнинг биқинига пичоқ санчилди. Бир муддат ҳамма жим қолди. Пакана ўзини ўнглаб олиб, мўйловга «Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ! Ўлдириб қўйдинг-ку!» деб бақирди. Мўйлов бир зум донг қотиб қолди, қўлидаги қонга булғанган пичоқ ерга тушиб кетди. Нотаниш йигит орқасига қайрилиб қаради-ю, мажоли кетиб ерга йиқилди. Шунда безорилардан бири: «қочдик!» деб бақирди. Иккиси машинаси турган томонга қочишди. Вазира бир лаҳза жонсиздай қотиб қолди. Сўнг бор кучини йиғиб, йигитга ёрдамга шошилди. Ҳарчанд ҳаракат қилмасин, йигитнинг гавдасини ўнглаб ололмади. Қўллари, кийим-боши қонга беланган қиз бир амаллаб йигитнинг бошини тиззасига қўйди, қўллари билан унинг биқинидан қон сизиб чиқаётган жойни беркитди. Жони омонат турганига қарамасдан, йигит қизга илк бор тикилиб, «Сизга заҳмат етказишмадими у аблаҳлар?!» дея шивирлади. Унинг овози тобора пасайиб, кўзларидаги нур сўниб кетаётгандай эди. Қулоғига кимнингдир овози чалингандай бўлди. Ўша томонга қараб, «илтимос, ёрдам беринглар, бу ёққа, ёрдам, ёрдам…» деб бақирди…
Докторлар йигитнинг ҳаёти учун узоқ курашдилар. Уч соатдан ортиқ давом этган операциядан кейин ҳам ҳали хавф батамом ортда қолмаган эди. Вазира «Реанимация» бўлимига кириб чиқаётган ҳар бир оқ халатлига «нима бўлди, аҳволи яхшими, ҳушига келдими?» деган бир хил саволни такрорлар, улардан тузукроқ жавоб ололмай, баттар хуноб бўларди. Шифокорлар «ҳаммаси яхши, тезда ўзига келиб қолар» десаларда, уларнинг юз-кўзларида қандайдир хавотир бордай эди. «Демак, нимадир бўлган, аҳволи ёмонга ўхшайди. Йўқ, йўқ. У тузалиши керак, албатта тузалади! Худо хоҳласа ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетади!» Вазирахон шифохона йўлагида ўзини қўярга жой тополмай, туни билан мижжа қоқмай чиқди. Қариндош-уруғларига хабар берай деса, йигитнинг қаерда туриши тугул, ҳатто исмини ҳам билмайди. Бечоранинг ота-онаси, яқинлари хавотирдан хуноб бўлгандир. Балки хотини, болалари бордир. Шердек йигит ҳеч бир сабабсиз уйига келмай қолса, жигаргўшаларининг хаёлига нималар келмайди! «Эй, Қодир Оллоҳ, шу бегуноҳ бандангни ўз паноҳингда сақла, танимайдиган бир кимса учун ўз жонини хатарга қўйган марднинг жонини омонда асра! Бир бегуноҳ инсоннинг уволига қолдирма мени!»
Шу орада аввал милиция, бир оз ўтиб прокуратура ходимлари етиб келишди. Кимдир уларга хабар берган бўлса керак-да! Уч-тўрт киши Вазирани навбатма-навбат обдон сўроқ қилишди. Уни шу тобда терговчиларнинг саволларидан кўра, нариги хонада ўлим билан курашаётган йигитнинг аҳволи кўпроқ қизиқтирар эди. Шу сабабдан берилган саволларга қисқача жавоб беришга ҳаракат қилар, аксига олиб терговчилар уни батафсил гапириб беришга ундашарди. Айтилган гапларни қоғозга туширишиб, аллақандай ҳужжатларни расмийлаштиришди.
Тунни тик оёқда ўтказган Вазиранинг дуолари ижобат бўлиб, тонгга яқин навбатчи ҳамшира йигитнинг ҳушига келганлигини хабар қилди.
– Жон опа, бир дақиқага олдига кирай, рухсат бера қолинг, илтимос! – қиз ҳамширага ёлворишга тушди.
– Афсус, бунинг сира иложи йўқ, докторлар олдига ҳеч кимни қўйманг деган.
– Опажон, бола-чақангизнинг роҳатини кўринг. Сизни бир умр дуо қилиб юраман, илтимос…
– Бўпти, фақат бир дақиқага, кўриб қолишса сизга ҳам, менга ҳам гап тегади-я! – деди ҳамшира Вазирахоннинг эгнига халатни ташлаб. – Ортимдан юринг.
Улар оёқ учида ичкарига кирдилар. Ҳамшира хона эшигини оҳиста очиб,
– Келинг, фақат икки дақиқа! – дея хонадан чиқиб кетди.
Қиз аста бемор ётган кароват томонга яқинлашди. Йигит кўзини юмган ҳолда ётар, нафас олиши сезилар-сезилмас даражада эди. Бутун танаси симлар билан қандайдир аппаратларга уланганди. Кеча қоронғида йигитнинг юзини ҳам яхши кўролмаган эди. «Истараси иссиққина экан!» хаёлидан ўтказди қиз. Оёқ товушини эшитди шекилли, йигит кўзини очиб, қизга юзланди. Аввалига қизни ҳамширалардан бири бўлса керак деган ўйга борди шекилли, кўзларини яна юмиб олди.
– Ассалому алайкум, тузукмисиз, мени деб…
Йигит қизни овозидан таниди, кўзларини катта-катта очиб, қизга тикилди:
– Сиз ҳали шу ерда эдингизми, туни билан…
– Мени к-е-ч-и-р-и-н-г… Мени деб…
– Хижолат бўлманг, бу тақдир, инсон ундан қочиб қутила олмас экан, ҳар неки бўлса яхшиликка!
– Барибир олдингизда айбдорман, Сиз бўлмаганингизда…
– Унақа деманг, менинг ўрнимда ҳар қандай инсон ҳам шундай йўл тутган бўларди. Ҳа, дарвоқе исмингизни ҳам сўрамапман, – деди йигит майин жилмайиб.
– Вазира.
– Исмингиз чиройли экан. Меники – Баҳром. Мана танишиб ҳам олдик. Университетда ўқийсиз-а?
– Ҳа, филология факультетида.
– Мен эса ҳуқуқшуносликда. Сизни кутубхонада бир-икки марта учратгандайман.
– Ҳа, кеча кутубхонадан қайтаётган эдим, китобга берилиб, қандай кеч тушиб қолганини ҳам сезмай қолибман, бу менга қимматга тушди, олдингизда қарздорман, мени кечиринг, Баҳром ака!
Қизнинг «ака» деб мурожаат этгани йигитнинг қалбида қандайдир ҳаяжон уйғотди:
– Вазирахон, одамни хижолат қилманг, мен яхшиман, бир-икки кунда кўрмагандай бўлиб кетаман, баҳонада танишганимиз қолди. Қарзингиздан эса кечдим, батамом кечдим! – деди Баҳром гапни ҳазилга буриб.
Шу пайт эшикда ҳамшира кўринди:
– Бўлди, бўлди, синглим тез чиқинг, беморни тинч қўйинг, бу кишига ҳали гаплашиш мумкин эмас.
Вазира йигит билан истар-истамас хайрлашиб, хонадан чиқар экан, ортига қайрилиб:
– Баҳром ака, яқинларингизнинг телефонлари бўлса, хабар қилардим,– деди.
– Йўқ-йўқ, ота-онам қишлоқда туришади, ҳозирча билмагани маъқул. Фақат иккинчи ётоқхонада бирга турадиган дўстим Олимжонга айтсангиз бас. У ҳам кечаси бормай қолганимдан роса хавотирланиб ўтирган бўлса керак.
– Хўп, тезроқ тузалиб кетинг!
Вазира йигитнинг кўнглига таскин бўладиган тузукроқ сўз айтолмаганидан хижолат бўлиб, ташқарига чиқди. Йигитнинг аҳволини кўриб, ўзини анча енгил ҳис қилди. Туни билан елкасидан босиб турган тоғ ағдарилгандай эди. «Хайрият, ҳаммаси яхшилик билан тугади, тезда тузалиб кетади. Исмини Баҳром дедими? Келишган йигит экан. Шундай оғир дамда ҳам тушкунликка тушмапти. Кўзлари ҳам доимо кулиб турар эканми? Ётоқхонада турар экан, демак уйланмаган…»
Хаёлига келган фикрдан ўзи уялиб кетган қиз шифохонадан чиқиб, тўғри университет ётоқхонаси томон юрди…
* * *
Вазира эри билан танишган дамларни эсга олар экан, «шунақа оғир синовлардан омон чиққан инсон доруломон кунларда бехосдан йўқолиб қолиши мумкин эмас, у албатта топилади» деган фикрга келишга ҳаракат қиларди.
– Опажон, зерикмасдан ўтирибсизми? – Ҳасан Алиевичнинг овози унинг хаёлини бузди.
– Й-ў-қ, бирор янгилик борми, Ҳасанжон!
– Ҳозирча тинчлик опажон, юринг Тоҳир Ғофуровичнинг олдига чиқамиз.
Вазира балки прокурор ўринбосаридан бирор янгилик эшитарман деган ўйда Ҳасанга эргашди. Қабулхонада уни котиб йигит аввалгидай илиқ қарши олди, ўтиришга жой кўрсатиб, бир пиёла чой узатди. Бошлиқ ким биландир телефонда баланд оҳангда гаплашаётган экан. Унинг сўзлари аниқ эшитилмаётган бўлсада, муҳим масалада сўзлашиб тургани аниқ эди. Бир оз ўтиб, ички телефонда бошлиқ билан гаплашган котиб, уларни ичкарига таклиф қилди.
Тоҳир Ғофуровичнинг кайфияти йўқлиги, асабийлашгани шундоққина юз-кўзидан билиниб турарди. Вазира ундан совуқ хабар эшитишдан чўчиб, ўзини қўярга жой тополмай жим турарди.
– Синглим, биласизми масала биз ўйлагандан кўра жиддийроқ кўринади, шу сабабли раҳбарият мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатишга қарор қилди, энг тажрибали терговчилар, тезкор ходимлардан иборат махсус гуруҳ тузилди, гуруҳга шахсан ўзим раҳбарлик қиламан, мана кўрасиз, биз тез кунда Баҳромжонни топамиз…
Вазира чидаб туролмади:
– Қанақа жиноят, қанақа гуруҳ, нима Баҳром акамнинг жонига кимдир қасд қилган деб ўйлаяпсизми? Тушунмадим…
– Йўқ, йўқ, сиз мени нотўғри тушундингиз. Баҳромжон уч кундан бери йўқ, унинг қаердалиги номаълум, бундай пайтда қоидага кўра факт бўйича жиноят иши қўзғатилади. Бу ҳақда юқори идораларга ҳам хабар қилинди. Терговнинг бориши улар томонидан ҳам назоратга олинди. Сиз уйга бориб, қариндош-уруғларни тинчлантиринг. Зарурат бўлганда ўзим сизни чақиртираман. Ҳасан Алиевич сиз билан хабарлашиб туради. Бирор нарса сизга маълум бўлиб қолса, унга дарҳол хабар қиласиз!
Вазира прокуратура биносидан чиқар экан, ўзини ожиз ва нотавон сезди. Уни нохуш хаёллар ўз домига олган эди. Наҳотки энди эрини кўра олмаса, наҳотки фарзандлари ўзи каби етимлик азобида қолсалар?! Яратган Эгам, шунча кўргиликлар унга каммиди! Жиноят иши деяпти, демак масала жиддий. Эрига нимадир бўлган, улар ниманидир яширишяпти. Нима қилмоқ керак? Қандай йўл тутмоқ лозим?..
Лазиз машинасида Вазирани уйига ташлаб кетди. Остонада уни қайнотаси – Сафар ака кутиб олди.
– Тинчликми болам, нима гап ўзи, Баҳромжон қаерда?
Вазира ўзини тутиб туролмай ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Вой болажоним, нима бўлди, б-о-л-а-м, б-о-л-а-м, Баҳромжон тирикми? – деди Сафар ака ўпкаси тўлиб.
– Отажон, Баҳром акам уч кундан бери йўқ, ҳеч қаердан топилмаяпти.
– Вой болажоним-эй, намунча ваҳима қилмасанг, бирор жойга кетгандир, келиб қолар, тани-жони соғ бўлса бўлди! – деди Сафар ака келинини овутишга ҳаракат қилиб.
– Кошкийди, ота, кошкийди!!!
– Ишхонасидагилар нима дейишяпти?
– Жиноят иши қўзғатишибди, тергов олиб боришаркан.
«Жиноят иши» сўзини эшитиб, Сафар ака қўрқиб кетди. «Демак, нимадир бўлган!» хаёлидан ўтказди чол. У ичидан зил кетиб турган бўлса-да, шундоғам танг аҳволда турган келинининг олдида ўзини тетик тутишга уринарди:
– Қизим, жиноят иши дегани ҳали ҳеч нарсани англатмайди, сен ваҳима қилмай тур, мен бориб гаплашиб келай, шердай йигит бирдан йўқолиб қолмас ахир!
Сафар ака келинининг қаршилигига ҳам қарамасдан уйдан чиқиб, тўғри ўғлининг ишхонасига отланди.
Отани Тоҳир Ғофурович илиқ қабул қилди. У қидирув ишлари олиб борилаётгани, барча идоралар оёққа қўйилгани, лекин ҳозирча бирон бир янгилик йўқлигини, бир-икки кунда албатта натижа бўлишини, ўғлини топиб, оиласи бағрига қайтаражагини айтиб, отани тинчлантирди. Уни йигитлар уйига кузатиб қўйишини, янгилик бўлса дарҳол хабар қилишини тайинлаб, хайрлашди.
Сафар ака ҳам раҳбарга ортиқча эътироз билдирмай, қандайдир ишонч, айни пайтда ички бир хавотир билан уйига қайтди…
Эртаси куни Лазиз Вазирага телефон қилиб, Сафар ака билан бирга прокуратурага етиб келишлари лозимлигини тайинлади. Туни билан мижжа қоқмай чиққан қайнота-келин «бирор янгилик бормикин», деган ўйда тезда прокуратурага етиб келишди.
Уларни Лазизжон ҳар доимгидек очиқ чеҳра билан кутиб олди ва Ҳасан Алиевичнинг кабинетига бошлаб борди.
– Ассалому алайкум Сафар ака, опа Сиз яхшимисиз, яхши дам олдиларингизми? – деди Ҳасан Алиевич уларни ўтиришга таклиф эта туриб.
– Шукр болам, тонг отиши ҳам қийин бўлди, – Сафар ака мақсадга ўтолмай чайналди.
– Бирор янгилик борми, Ҳасанжон? – гапга қўшилди Вазира сабри чидамай.
– Ҳозир Тоҳир Ғофуровичда тергов гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтмоқда. Йигитлар кечаси билан ишлаб, бор маълумотларни тўплашган. Бир қанча тахминлар илгари сурилмоқда. Терговчилар чиққач, сизлар билан гаплашишади. Айрим масалаларни ойдинлаштиришда ёрдамларингиз керак бўлади. Бир оз кутиб турасизлар.
Сал ўтмай Лазиз йиғилиш тугаганини, алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи Фахриддин Каримович уларни ўз хонасида кутаётганлигини хабар қилди.
Терговчининг хонасида уларни беш-олти киши қарши олди. Салом-аликдан сўнг тўрдаги креслода ўтирган йигит гап бошлади:
– Сафар ака, Вазира опа, сизларнинг аҳволларингизни тўғри тушунамиз, биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилаяпмиз. Бир-икки кунда ҳаммаси изга тушиб кетади, Баҳром Сафаровични албатта топамиз, ҳозирча хавотирга ўрин йўқ. Хабарларинг бор, кеча тергов гуруҳи тузилган эди. Мен – Фахриддин Каримович гуруҳ раҳбари ўринбосариман, – ўзини таништирди терговчи. Сўнг ёнида ўтирганларга ишора қилиб, – бу кишилар эса алоҳида муҳим ишлар бўйича тажрибали терговчиларимиз, кўпчилиги Баҳром аканинг шогирдлари, гуруҳга яна Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ва бошқа идоралардан ҳам тезкор ходимлар киритилган. Уларга сизларнинг ёрдамингиз керак, – деди.
Сафар ака қўлини кўксига қўйиб «хўп бўлади», «тушунарли» деб терговчининг гапларини маъқуллаб турди. Вазира воқеалар соат сайин чигаллашиб бораётганидан ўзини қўярга жой тополмай, «бирор янгилик бормикин» деган хаёлда терговчининг оғзини пойлаб турарди. Ундан эрининг тақдири ҳақида бир оғиз ҳам сўз эшитмагач, ўзини тутиб туролмади:
– Фахриддинжон, Баҳром акамдан хабар борми, бирор кор-ҳол содир бўлмадимикан, илтимос менга ростини а-й-т-и-н-г-лар, қий-на-либ к-е-т-д-и-м! – деди Вазира рўмолчаси билан дув-дув оқаётган кўз ёшларини арта туриб.
– Опажон, илтимос ўзингизни қўлга олинг, биз қараб турганимиз йўқ, ҳозирча бир қанча тахминлар устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, – деди Фахриддин Каримович терговчиларга хос босиқлик билан. – Энг асосийси, Сафар ака, опажон, ҳозирча Баҳром ака билан бирор бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги ҳақида ёмон хабар йўқ, демак у соғ-омон, шунга ҳам шукр қилиб турибмиз.
– Айтганингиз келсин, – деди Вазира оғир хўрсиниб.
– Бор умидимиз сизлардан, жонларингизга тўзим берсин, илоё! – деди Сафар ака ўртадаги жимликни бузиб.
– Санжарбек, сиз меҳмонларни ўз хонангизга бошлаб бориб, батафсил суҳбатлашинг, ҳеч нарса эътиборингиздан четда қолмасин. Баҳром аканинг кейинги бир йил ичида хатти-ҳаракати, хулқ-атворида бирон бир ўзгариш сезилганми, кимлар билан мулоқот қилган, қўни-қўшнилар, таниш-билишлар ёки бирон кимса билан жанжаллашганми, уйга кимлар меҳмонга келган, у киши кимларникига меҳмонга борган, душманлари бўлганми, қўйингки, барча-барчаси ҳақида ипидан-игнасигача сўраб-суриштирасиз, муаммо туғилса, менга кирасизлар, тушунарлими? – дея Фахриддин Каримович ўрнидан турди.
– Тушунарли, – деди Санжар қатъият билан.
– Ҳа, дарвоқе, опажон, сиздан яна бир илтимос, уйга боргач, Баҳром акага тегишли бўлган ҳамма нарсаларни бир-бир кўздан кечирсангиз, эътиборга лойиқ бирор нарсами, телефон рақамими, хат-хабарми топилса, бизга хабар қиласиз, – қўшиб қўйди бошлиқ.
Вазира «тушунарли» дегандай бош ирғади.
Санжарбек олдин Сафар акани, сўнг Вазирани батафсил сўроқ қилди. Ора-орада саволлар бериб, масалаларга, воқеаларга ойдинлик киритиб борди. Савол-жавоблар кечгача давом этган бўлсада, терговчи «сўроқ»дан қониқмади шекилли, баённомаларни такрор-такрор ўқиб чиқди.
– Яхши, – деди у қоғоздан бошини кўтариб. – Ҳеч нарса ёдларингиздан чиқмадими?
– Йўқ, – дейишди қайнота-келин бараварига.
– Унда яхши, сизлар шу ерда ўтириб турасизлар, мен гуруҳ раҳбарига ахборот бериб чиқай, – Санжарбек ҳужжатларни бир жилдга солиб, ўрнидан қўзғалди.
Cал ўтмай терговчи қайтиб келди:
– Опажон, сизлар пастга тушаверасизлар. Мен ҳозир ортларингиздан чиқаман, биргаликда сизларникига борамиз, Баҳром аканинг буюмларини кўздан кечиришимиз керак, – деди Санжарбек стол устидаги қоғозларни йиғиштира туриб. – Шундай топшириқ бўлди. Ўзим борганим маъқул. Балки у ердан бирон диққатга молик нарса топилиб қолар.
Ташқарида куз қуёши аллақачон уфққа бош қўйган, йўл четидаги кўча чироқлари йилтирай бошлаган эди. Майин эсаётган шабада улкан чинордаги сўнгги баргларни учириб, оёқ остига пояндоз ёзарди. Бугунги кун ҳам ҳеч бир натижасиз поёнига етаётганидан Вазиранинг кўнглидаги ғашлик янада ортди. «Наҳотки шундай ажойиб инсон изсиз йўқолиб кетаверса, ҳеч ким кўрмаса, билмаса, бу қандай кўргилик бўлди. Эй Худо, Баҳром акамнинг жонини омонда сақла! Болаларимнинг отасини қайтариб бер! Эй, юз йиллик чинорлар, айтинг, менинг жону жаҳоним қаерда? Ахир сизлар эмасми у кишини охирги марта кўрган, қаергадир кузатиб қўйган! Ёлвораман айтинг..!» Негадир шу бугун унинг қалбидаги умид учқунлари ўчиб қолгандай, кўз очиб кўрган муҳаббати, энг азиз одамидан бир умрга ажралиб қолаётгандай эди.
Санжарбек узоқ куттирмади, ёнида яна бир терговчи йигит билан чиқиб келди…
Терговчилар Баҳром Сафаровичнинг хонасини, иш столини, кийим-бошларини диққат билан кўздан кечирдилар. Ҳатто жавондаги китоб-журналлар, альбомларни ҳам бирма-бир титкилаб чиқдилар. Телефон рақамлари, кимларнингдир исм-шарифлари ёзилган уч-тўрт қоғоз парчаларидан ташқари, деярли ҳеч қандай эътиборга молик ҳужжат ёки терговчилар тили билан айтганда «далилий ашё» топилмади. Фақат китоблар орасидан топилган бир энлик хат терговчилар диққатини ўзига тортди. Унда: «Салом Баҳром ака! Сизни учратолмай қайтдим. Яқинда яна бораман. Бир учрашсак. Сизда муҳим гапим бор. Ўзим Сизга телефон қиламан».
Мактуб қўлда ёзилган бўлиб, ҳуснихатидан аёл кишига тегишли эканлигини англаш қийин эмасди. Лекин хатда на исм, на имзо, на сана кўрсатилганди. Ёнидан топилган конвертдан кўринишича, хат почта орқали Баҳром аканинг ишхонасига юборилган. Конвертда ҳам жўнатувчининг бирор бир маълумоти кўрсатилмаган эди. Санжарбек конвертни синчковлик билан кўздан кечириб, хатнинг Тошкент шаҳридан ўн бешинчи октябр куни юборилганини ва ўн олтинчи октябр куни манзилга етиб келганлигини аниқлади.
Терговчилар барча расмиятчиликларни ўрнига қўйиб, мактубни «далилий ашё» сифатида олишди.
– Вазира опа, яна шунга ўхшаш бирор нарса топилгудек бўлса, менга телефон қиларсиз, – тайинлади Санжарбек нарсаларини йиғиштира туриб. – Бизларга жавоб, раҳбариятга ахборот беришимиз керак.
– Майли, яхши боринглар, – Вазира меҳмонларни кузата туриб «биз нима қилайлик» дегандай уларга қаради.
– Сиз ҳозирча уйда бўлиб туринг, Сафар ака ҳам шу ерда бўлганлари маъқул, бирор янгилик бўлса, ўзим сизларга телефон қиламан, – Санжарбек пальтосини қўлига олиб, машинани ўт олдириб кутиб ўтирган шериги томонга шошилди.
Меҳмонларнинг кетганидан хабар топган болалар хоналаридан чиқиб келишди. Улар, айниқса Жаҳонгир бу «меҳмонлар»нинг оддий меҳмон эмаслигини, нималарнидир ахтариб, уйни титкилашидан, доимо уларни эркалаб суйишдан чарчамайдиган бобосининг хомушлиги-ю, онасининг бир неча кундан буён ўзини қўйишга жой топа олмай юришидан қандайдир нохуш воқеалар рўй бераётганлигини аллақачон фаҳмлаган эди. Лекин шундай бўлсада онасидан бу ҳақда очиқча сўрашга ийманар эди.
– Ойижон, меҳмонлар ким, нимага келишган экан? – деди Жаҳонгир.
– Даданг билан бирга ишлайдиган йигитлар, даданг сафарда бўлгани учун уйдан унга тегишли айрим ҳужжатларни ахтаришди.
– Дадам кетганларидан бери бирор марта ҳам телефон қилмадилар-а, ўзи қаерга кетганлар, ойижон? – гапга қўшилди Жавоҳир.
– Ҳа, менга, ишхонамга телефон қилган эдилар, сизларга айтиш ёдимдан чиқибди, – она ич-ичини еб бораётган андуҳларини яшириш мақсадида болаларига сохта табассум қилган бўлди.
Болалар онасининг юз-кўзларига қўнган мусибатни аллақачон сезишган бўлсада, уни ортиқча саволларга тутиб, дилини янада вайрон қилгилари келмади. Ўзларини гўё онаси айтган гапларга ишонгандай тутишиб, катталарга яхши дам олишларини тилаб, хоналарига кириб кетишди.
«Бугун-ку уларни алдаб-сулдаб тинчитгандай бўлди, эртага, индинга нима дейди? Йўқ, йўқ, одамнинг кўнгли ўзига душман бўларкан. Эртага болаларининг дадажони ўз оёғи билан кириб келади. Болаларни бекорга қўрқитгани қолади. Уларни тинчитиб тургани яхши бўлди», хаёлидан ўтказди Вазирахон.
Қайнота-келин бир муддат ўз хаёллари билан овора бўлишиб, жим қолдилар. Сузилган овқатга ҳам деярли қўл урилмади. Сафар ака шу тобда бутунлай ғам ботқоғига ботиб бораётган келинининг кўнглини кўтарадиган бирорта умидбахш сўз айтгиси келар, бироқ шундай сўз тополмай қийналар эди.
– Келинжон, ноумид шайтон. Умидсизликка тушманг. Мана кўрасиз, эртага Баҳромжон топилади. Бизнинг ҳеч кимга душманлигимиз бўлмаган. Ким бизга ёмонлик қилиши мумкин? Ўзингиз биласиз, эрингиз ҳожатбарор инсон. Юргандир-да, бирор савобнинг кетидан қувиб, – Сафар ака зўраки жилмайди.
– Майлийди, лекин ҳеч бўлмаса телефон қилиб қўйсалар бўларди-ку! – Вазирахон кўзига яна ёш олди. – Ишқилиб, қаерда бўлсалар ҳам омон бўлсалар бас.
– Ҳа энди болам, телефон қилишга ҳам имкон тополмай тургандирда. Кўп жойларда телефон топиш амри маҳол. Ҳозирча ваҳима қилишга, тушкунликка тушишга асос йўқ. Эртага Худо хоҳласа, бир янгилик бўлиб қолар, болам… – Сафар аканинг овози бўғзига тиқилиб, жиққа ёшга тўлган кўзларини келинидан олиб қочди.
Вазира қайнотаси учун меҳмонхонага жой солиб бериб, болалардан хабар олиш учун уларнинг хонасига кирди. Ширин уйқуда ётган болаларнинг кўрпачаларини тўғрилади. Она эшик тирқишидан тушиб турган ёруғликда уйқудаги болаларининг қирмиздай юзларига, қўнғироқ сочларига бир муддат тикилиб қолди. «Наҳот болаларимнинг тақдири ҳам меникидай бўлса, наҳот энди бахтим тўкис бўлди деганда, яна бахтсизликка дуч келса. Бу яна қандай кўргилик бўлди. Шунчалар ҳам бахтим қаро бўладими? Наҳот мен онадан фақат алам учун туғилган бўлсам! Адолатинг қани эй, Парвардигор, эй қодир Эгам! Менинг, болаларимнинг айби нима? Баҳром акамни қайтиб бер, усиз мен ким бўлдим, яшашимдан нима маъни?
Оқ қушлар мабодо жуфтини йўқотса, ўзларини баландликдан тошларга уриб ҳалок қилар экан. Шунчалик садоқатни қайдан олар экан бу жониворлар! Инсон-чи? Инсон бунга қодирми? Қодир экан. Бугун мен ҳам ўша оққушнинг кўйига тушиб қолмадимми? Йўқ, йўқ Вазира, эсингни йиғ! Қалбингдаги умид чироғини ўчирма! Фарзандларингни ўйла! Уларга ҳам ўзингнинг армон тўла ёшлигингни раъво кўрма!»
Вазира кенжасининг ёнига яқинроқ ўтирди. Унинг сочларини силади. Юз-кўзларидан ўпди, боласини ўзиники каби аянчли ёшлик, аччиқ қисмат тортиб олиб қўядигандай қучоғига маҳкам босди…
* * *
Абдусалом ака ва Дилбар опаларнинг тўнғич фарзанд кўришлари уларга қўшалоқ қувонч олиб келган экан. Оилага янги меҳмон келган кун туман банкида ёш мутахассис сифатида ишлаб келаётган Абдусаломга раҳбарлар ишонч билдиришиб, банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига тайинлашди. Шу муносабат билан толеи, мартабаси баланд бўлсин дея қизалоққа Вазира деб исм қўйишди.
Орадан икки йил ўтиб, оилада иккинчи фарзанд – Анварбекнинг туғилиши тотув ва иноқ эр-хотиннинг шодлигига шодлик, бахтига бахт қўшди. Абдусалом ҳам, Дилбар ҳам ёшлигида ота-оналаридан ажралишиб, бировларнинг қўлида катта бўлганликлари, бахт нима эканлигини билмай ўсганликлари боис, унинг қадрига кўпроқ етишарди. Ўша кунлардаги чиройли ҳаёти, бекаму кўст оиласи, шириндан-шакар фарзандлари уларга ҳамма нарсадан азиз ва мўътабар кўринарди. Ёшлигида кўрган-кечирганлари гўёки қўрқинчли тушдай туюларди. Ортда қолган ғам-аламлар, қийинчилик ва мусибатлар, умидсизлик ва тушкунлик ўрнини шодлик ва хурсандчилик, ишонч, садоқат, меҳр-муҳаббат эгаллаган эди.
Орадан бир йил ўтиб, Абдусалом ака банк бошқарувчиси лавозимига тайинланди. У энди аввалгидан ҳам ишга кўпроқ берилган, кундузни-кундуз, кечани-кеча демасдан ғайрат, шижоат билан ишлар эди. Шундай бўлсада, оиласига, меҳрибон аёлига, болаларига ҳам вақтини аямас, ишдан бўш пайтларини оиласи бағрида ўтказишга уринарди. Тез орада қариндошлар ҳам кўпайиб кетди. Эр-хотин илгари танимаган «тоға», «амма», «хола», «амакилар» кунда-кунора эшик қоқиб қолишди. Дилбархон уларни илиқлик билан кутиб олиб, меҳмон қилиб сийласа, Абдусалом уларга қўлидан келганича ёрдам берди. Нажот истаб келган бирор кимсани кўкрагидан итармади, ёрдам беролмай қолган кезларда улардан тўғри маслаҳатини аямади, йўл кўрсатди.
Абдусалом ходимларга нисбатан ғамхўр, самимий ва меҳрибонлиги, эътиборли ва ширин сўзлиги унинг жамоа ўртасидаги обрўсини оширган бўлса, ишбилармонлиги, ташаббускорлиги, қатъиятли ва талабчанлиги билан раҳбарият ишончига сазовор бўлди. Дастлаб вилоят, кейинчалик республика банклари орасида барча кўрсаткичлар бўйича фахрли ўринларни эгаллай бошлади. Йил якунлари бўйича ўтказилган танловда ғолибликни қўлга киритганлиги учун уни «Москвич» автомашинаси билан мукофотлашди. Эр-хотиннинг суюнганини кўрсангиз, машинага боқиб тўйишмайди. Дилбархон суюнганидан оғзи қулоғида, келган-кетганга машинани кўрсатади, кабинадаги юмшоқ ўриндиқларга ўтириб, уларни ҳам ўтқазиб, радиосини қўйиб, «Москвич»нинг қулайликларини таърифлаб кетади. Қўлида латта, ҳар куни машинани икки-уч марта артиб чиқади. Ҳатто кечалари ҳеч ким тегмаяптимикин, деган хаёлда ҳовлига чиқиб, машинадан хабар олиб қўяди. У айниқса, эри билан болаларини ёнига олиб, машинада қариндош-уруғлариникига, таниш-билишларникига меҳмонга боришни ҳуш кўрарди. У эридан мамнун, оиласидан кўнгли тўқ, ҳаётидан хурсанд, бахтидан сармаст эди. Ҳали мактабга бормасидан ўқиш-ёзишни ўзлаштириб олган юзи гул, сочи сунбул қизидан, икки ёшда бўлишига қарамай, гап-сўзлари билан ҳаммани ҳайрон қолдираётган ўғли Анварбекнинг қилиқларидан завқланар, болажонларини дуо қилишдан чарчамас эди. Эру хотин ойнинг қоронғу кунлари ортда қолиб, ёруғ кунларга етиб келганидан шукроналик ҳисси билан яшарди. Аммо ёруғ кунлар кетидан яна зулматли дамлар келиши уларнинг хаёлига ҳам келмас эди…
Дам олиш кунларини Абудусалом дўстлари даврасида, оилавий меҳмондорчиликларда ўтказишни маъқул кўрарди. Айниқса, талабаликдаги дўсти – энг яқин сирдоши Баҳодирларникига тез-тез бориб туришарди ёки имкон топилди дегунча, дўстини оиласи билан меҳмонга чақирарди. Баҳодир ва Нигораларнинг ҳам икки қизи бўлиб, Вазира ва Анвар билан деярли тенгдош эдилар. Ота-оналар йиғилган маҳалларда болаларга ҳам байрам бўларди.
Баҳодирнинг ҳовлиси каттагина бўлиб, турли-туман мевали дарахтларга тўла эди. Айниқса баҳор кунлари ҳовли чиройли ва сўлим масканга айланарди. Боғдаги гилос, ўрик, шафтоли, олма кўчатлари, оқ, қизил, сариқ, зангори ранглардаги турфа гуллар шундай дид билан турна қатор қилиб жойлаштирилган эдики, кўрган кишини ўзига мафтун этарди. Боққа бир кирган киши чиққиси келмай қоларди. Боғнинг тўрида юз йиллик чинор дарахти бўлиб, соясида бемалол футбол ўйнаса бўларди.
Май ойининг хуш ҳаво кунларидан бирида Абдусалом Баҳодиржон билан олдиндан келишиб қўйган шекилли, хотини ва болаларига «сизларни бир маёвка қилдирай» дея, машинага ўтқазиб, йўлга тушишди.
– Дадажон тоққа кетаяпмизми? – орқа ўриндиқда тик турганча кетаётган Вазира эркаланди.
– Тоққа эмас, боққа болажон, боққа! Қайси боққа? – ота «топинг-ларчи?» дегандай машина ойнасидан қизига қаради.
Вазира бир муддат ўйланиб туриб, машина иккинчи муюлишдан ўтгандан сўнг:
– Топдим, топдим, дадажон, Нигора холамларникига кетаяпмиз, – деди юзлари яшнаб.
Ота-боланинг суҳбатидан завқланиб кетаётган Дилбархон гапга аралашди:
– Дадажониси, ростданми?
– Албатта, рост онажониси, бир мириқиб дам олайлик, сизларга ўз қўлларим билан кабоб пишириб берай!
Ҳамма бирваракайига «ура» деб қичқиришди. Жажжигина Анвар ҳам гап нимадалигини тушунмаса-да, катталарга қўшилиб, қўлчаларини бир-бирига уриб, «у-йа, у-йа!» деб бақириб қўйди.
Эрининг «маёвка» деганича бор экан. Мезбонлар чинор тагини супириб-сидириб, гилам ёзиб, устига кўрпачаларни тўшаб, чиройли дастурхон ҳозирлаб қўйишган экан. Боғнинг бир четида ёшгина қассоб ҳозиргина сўйилган ширбозни теридан чиқариш билан банд. Қозон осилган, қўралар тайёр ҳолга келтирилган. Хонадон бекаси чўғдай қизариб, тандирдан эндигина узилган иссиқ нонларни, Самарқандча патирларни саватга тахлаб, меҳмонларга пешвоз чиқди. Баҳодиржон белига оппоқ фартукларни боғлаб олган ҳолда ширбознинг жигарини сихлаш билан овора эди. Абдусалом ҳам бир пастда енг шимариб, дўстига ёрдамлаша бошлади. Аёллар дастурхоннинг ками-кўстини тўлдургунча, йигитлар жигар кабобни дастурхонга тортдилар. Болалар қўзичоқлардек сакрашиб, боғни бошларига кўтаришди…
Меҳмондорчилик кечга қадар давом этди. Қуёш аллақачон уфққа бош қўйган бўлсада, катталар ҳам, болалар ҳам бир-биридан ажралгиси келмас эди. Уй эгалари ҳам меҳмонлар кетиб қолишса, худди уйлари бўшаб қоладигандай уларни қўйиб юборгиси келмасди.
– Абдусалом ака, Дилбархон, келинглар, бугун ётиб кета қолинглар, болалар ҳам бир яйрашсин. Эртага якшанба бўлса, – Нигорахон кетишга чоғланаётган меҳмонларнинг олдига тушди.
– Мен ҳам қолайлик деяпман. Акангиз эрталаб ишга бораман, кетмасак бўлмайди деб турибдилар, бу кишининг ўжарлигини биласиз-ку! – гапга қўшилди Дилбархон эрига ишора қилиб.
– Нигорахон, сизларга раҳмат, роса маза қилдик. Эртага барвақтроқ ишга боришим керак, чораклик ҳисоботлар яқин. Биз бечораларга дам олиш куни ҳам тиним йўқ экан, – ўзини оқлашга тушди Абдусалом.
– Ишингизга шу ердан ҳам борсангиз бўлар, сиз айланиб келгунингизча бизлар дўппидек паловхонтўрани дамлаб турардик, – деди Баҳодир қўлидаги чойнакни стол устига қўя туриб.
– Дадажон, илтимос бугун шу ерда қолайлик, илтимос! – деди Вазира дадасини қучоқлаб.
– Келинглар, овозга қўямиз, – деди Абдусалом машинаси эшигини ёпа туриб, – бизнинг оиладан «қоламиз» деганлар қўл кўтарсин.
Дилбархон ва Вазира қўл кўтарди. Ҳамма Нигорахон қўлида кўтариб турган Анварга қаради. У кун бўйи чопа-чопа чарчаганидан кўзлари қисилиб, мудрашдан нари-бери аҳволда турарди.
– Анвар, қўлингни кўтар, қўлингни кўтар! – деди Вазира боланинг олдига яқинлашиб.
Болага опасининг гапи ёқмади шекилли, оғзидан тилини чиқариб, «бой кўтаймайман» деди.
– Энди «кетамиз» деганлар қўлларини кўтарсин.
Абдусалом ўзи қўлини кўтариб, Анварбек сиз-чи! – дея ўғлига яқинлашди. Бола гап нимадалигини тушунмасдан дадасига тақлид қилиб, икки қўлини баланд кўтарди. Ҳамма бирдан кулиб юборди.
– Бу сафар йигитлар командаси ғолиб бўлди, – Абдусалом ўзини кулгидан тўхтатолмай мезбонлар билан хайрлашишга тушди.
Ўша маҳалда жажжигина Анварбекнинг шу биргина «қарори» оила учун қанчалик қимматга тушиши, қанча кишининг тақдирини издан чиқариб юбориши ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди…
Машина бир пасда қишлоқ кўчаларини ортда қолдириб, катта йўлга чиқиб олди. Ҳамманинг кайфияти аъло. «Москвич» навбатдаги светофорда тўхтаганида, савалаб ёғиб турган баҳор ёмғири бир оз кучайгандай бўлди. Яшил чироқ ёниши билан машина жойидан қўзғалди, чорраҳанинг қоқ ярмига келганда, Абдусалом чап томондаги кесишма йўлдан катта тезликда шитоб билан яқинлашиб келаётган чироққа кўзи тушди. У «қизил»да тўхтаса керак, деган хаёлда ҳаракатланишда давом этди. Кўз очиб юмгунча чироқ яқинлашиб қолди. «Чироқ» яқин келганда Абдусалом унинг «Зил» юк машинаси эканини аниқ кўрди. У тўқнашувдан қочиш учун жон-жаҳди билан рулни ўнгга бурди. Бир сонияда унинг хаёлидан минглаб фикрлар ўтди. Кимдир чинқириб юборди. Шу пайт «Зил» шиддат билан келиб, «Москвич»нинг олди томонига урилди. Гумбурлаган овоз оламни тутди. Енгил машина худди ўйинчоқдай учиб, ўнг томондаги бетон симёғочга бориб урилди…
«Зил»нинг ҳайдовчиси машинадан тентираб тушиб, бошини чангаллаган ҳолда бақириб йиғлашга тушди. Гандираклаб, ерга йиқилди.
Бир зумда атрофни одам босиб кетди. Уч-тўртта забардаст йигитлар «ҳай-ҳай»лашиб, тасвирлаб бўлмайдиган даражада мажақланиб кетган «Москвич»дан ҳайдовчи ва йўловчиларни чиқариб олишга киришдилар. Бироқ тўқнашув зарбидан машина эшикларини очиш имкони бўлмади. Ойналари чил-чил синиб кетган деразалардан нима ҳодиса рўй берганини англолмай, кўзлари жавдираб турган Анварбекни суғуриб олишди. Сўнг гоҳ дадаси, гоҳ аясини турткилаб, айюҳаннос солиб бақираётган Вазира тортиб олинди. Машина мотори оёқларини қисиб қолганлиги боис, ҳайдовчини чиқариб олиш қийин кечди. Кимдир таёқ билан, кимдир лом билан йўл очиб, эр-хотинни базўр мажақланиб кетган машинадан суғуриб олишди. Яхши инсонларнинг саъй-ҳаракатлари билан жабрланганлар қисқа муддатда туман шифохонасига етказиб келинди. Аммо шифокорларнинг уринишлари зое кетди. Эр-хотинни, ҳатто ақалли улардан бирини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади…
Жанозага тумонат халқ йиғилди. Кўчаларга одам сиғмай қолди гўё. Осмон ҳам мотам тутгандай қовоғини уюб олди. Қора булутлар у ёқдан бу ёққа тўлғаниб, маржон-маржон ёш тўкди. Йиғламаган, куйинмаган одам қолмади. Ёшгина Вазиранинг «Ойижоним, дадажоним, бизни ташлаб кетманг!» дея ич-ичидан куйиниб йиғлаганини кўрган кишиларнинг юрак-бағри эзилиб кетди. Бўлаётган воқеаларга тушунмай, келганларга кўзларини жавдиратиб турган Анварни кўрганлар «болалари ҳали ниҳол экан, уларга қийин бўлди» деса, бошқа бировлар «қолганлар бир кунини кўрар, айни қирчиллама ёшида бу дунёдан ўтган марҳумларнинг ўзларига қийин бўлди» дейишди. Кимлардир «эсиз йигит, эсиз жувон, бу дунёда яхшига кун йўқ экан-да!» дея куюнса, бошқа бировлар «бола шўрликка кўз тегди, етимнинг оғзи ошга текканда жувонмарг кетди-я!» дея ачиндилар. «Ҳе аттанг, гулдай инсонлар бевақт сўлди-я!» дегувчиларнинг кети узилмади. Икки тобут кўчанинг ўртасига қўйилганда жаноза намозини ўқиш учун сафда турган ёшу қарининг кўнгиллари бўшашиб, беихтиёр кўзлари ёшга тўлди…
Бир кунда ҳам ота, ҳам онасини қаро ерга жойлаган икки норасида гўдак ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз қолдилар. Марҳумларнинг йигирмалари ўтгунга қадар қариндош- уруғлар навбатма-навбат болалардан хабардор бўлиб туришди. Кейинчалик қариндош-уруғлар тўпланишиб, етимларни бундан кейинги тақдири ҳақида маслаҳатлашиб олдилар. Айримлар икки етим бир оилага оғирлик қилади, шунинг учун болаларни алоҳида-алоҳида оилага бериш лозим, деган фикр билдирдилар. Бошқалар эса нима бўлганда ҳам опа-укани бир-биридан айирмаслик лозим, деган таклифни маъқуллашди. Охирида болалар Абдусаломнинг укаси – Нуриддин муаллимга беришга келишилди. Муаллим ҳам, унинг хотини Салимахон ҳам болаларни ўзининг икки боласи қаторида оқ ювиб, оқ тараб катта қилишга ваъда бердилар.
Нуриддин муаллим акасиникига авваллари ҳам тез-тез келиб турганлиги, ҳаммага меҳрибон ва ғамхўр бўлганлиги боис, болалар у кишини яхши кўришарди. Абдусалом ҳам, Дилбархон ҳам кўпинча болаларни олиб, укасиникига меҳмонга боришарди. Шу сабабли Вазира ва Анварбекнинг янги оила муҳитига ўрганиб кетиши қийин кечмади.
Муаллимнинг икки ўғли бўлиб, Шуҳрат ўн бир ёшда, Шавкат эса саккиз ёшда эди. Улар ҳам жиянларини туғишган ука-сингилларидай қабул қилишди.
Нуриддин муаллим хотинига ҳам, болаларига ҳам ота-онасидан айрилиб, кўнгли яримта бўлиб қолган болажонларга яхши муносабатда бўлишларини, қўлларидан келганича меҳрибонлик кўрсатиб, қўллаб-қувватлашларини тайинларди. Муборак китобларда ҳам етимни ўкситиш, уларнинг ҳақига хиёнат қилиш энг оғир гуноҳ эканлиги белгилаб қўйилганлигини уқтирарди. Ўзи ҳам болаларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилар, ишдан келгач, бўш вақтларини улар билан бирга ўтказарди. Якшанба кунлари бозорга тушганда ўғилларига бирон нарса харид қилгудек бўлса, албатта жиянларига ҳам қўшиб оларди. Салима ҳам болалардан ўз меҳрини аямасди. Баъзида Анварбек «аямга бораман, дадамга бораман!» деб хархаша қилган кезлари уни бағрига босиб, ширин сўзлар билан овутиб оларди. Вазира ҳам ота-онасини қўмсаб, соғинган кезлари ич-ичидан эзилиб, йиғлаб олар эди. Унинг хаёлида гўё улар ўлмагандек, ҳали замон эшикдан кириб келадигандек эди. Кечалари баъзан тортмадан альбомларни олиб, суратларга тикилар, жажжи қўлчалари билан онасининг юзларини силаб, отасининг кўзларидан ўпар эди.
Эр-хотин болаларнинг ўксик дилларини оғритмасликка, жажжи юракчаларидаги жароҳатни тезроқ битиб кетишига ҳаракат қиларди.
Шу тахлит орадан икки йил вақт ўтди. Нуриддин муаллим каттагина оиланинг бошлиғи сифатида болаларини ҳам, улар қаторида жиянчаларини ҳам ҳеч нарсага зориқтирмай катта қилиш учун эртаю кеч тиним билмай ишларди. Лекин оддий бир муаллимнинг топгани шунча кишини ичириб-едириш, кийинтиришга етармиди. Болалар улғайган сари уларнинг ташвишлари ҳам катта бўлиб бораверар экан. Ўғиллари қаторида Вазира мактабга чиққач, уларга кийим-бош, ўқув қуроллари сотиб олишга ноилождан Анварнинг тўйига атаб боқиб юрган ҳўкизни бозорга чиқариб, пуллаб келди. Авваллари байрамлар, туғилган кунларида хотинини турли-туман туҳфалар билан сийлаб юрган муаллим кейинги пайтларда бунга имкон тополмай қолди. Айниқса, хотини ўттиз ёшга кирган кун ҳам унга бирор совға ололмади. Эридан бирор арзигулик тортиқ кутган Салима ҳарчанд ўзини хурсанд кўрсатишга уринмасин, унинг юз-кўзларидан норозилик кайфиятини англаб олиш қийин эмасди. Шу-шу бўлдию эр-хотин ўртасига кўз илғамас совуқлик туша бошлади.
Салиманинг болаларга бўлган муносабатига ҳам бу таъсирини ўтказмай қолмади. Унинг хаёлида нохушликларга шу «етимчалар» сабабчидай эди. Гўёки улар эридаги унга бўлган бор меҳр-муҳаббатни тортиб олаётгандай туюларди. Гарчанд эрининг олдида ўзини болаларга меҳрибондай кўрсатса-да, у уйда йўқ кезларда болаларни жеркиб, бўлар-бўлмасга уришиб, ҳақоратлайдиган бўлиб қолди…
Шу орада Нуриддин муаллим Анваржоннинг суннат тўйини ўтказиш ташвишига тушиб қолди. Негаки халқ ўртасида «хатна» тўйи фақат тоқ ёшда ўтказилади, жуфт ёшда суннат қилинган бола бахтсиз бўлади, деган ривоят юради. Муаллим бунақа ирим-сиримларга ишонмаса-да, беш ёшга тўлган жиянини «суннат» қилдириб, ўз фарзидан қутилмоқчи бўлди. Шуларни ўйлаб хотинига маслаҳат солди:
– Салима, Анваржон ҳам беш ёшга кириб қолди, кичикроқ тўй қилиб, хатна қилиб қўйсак яхши бўларди-да!
– Майлику-я, лекин қайси пулингизга тўй қилмоқчисиз!?
Хотинидан бундай жавобни кутмаган муаллим шошиб қолди:
– Ҳа энди бир-иккита молни сотсак, яна уч-тўрт сўм қарз ҳавола қилсак, тўёнага тушган пуллардан қайтарардик.
– Ўзи уйдаги бор молни қуритдингиз, қолганини ҳам сотсангиз ош-қатиқ нима бўлади, қандай кун кўрамиз, шуларни ҳам бир ўйлаб кўрдингизми? – Салимахон қошларини чимириб, эрига ёвқараш қилди.
– Нима қил дейсан унда, ахир тўйини қилиб бермасам, акам билан янгам гўрларида тик турмайдиларми, хотин! – муаллимнинг ўпкаси тўлиб, овози титраб кетди.
– Ким сизга тўй қилманг деяпти, қилинг марҳамат, фақат менинг молларимни тинч қўйинг. Излаган одам имкон топади, – деди анчадан бери эрига айтишга ботинолмай юрган гапни айтиш фурсати келганидан суйинган хотин.
– Қанақа имкон, бу нима деганинг? – муаллим ҳайрон бўлиб хотинига юзланди.
– Ана, акангизнинг ҳовлиси бекор турибди, шуни сотинг!
– Э, калланг ишлайдими?! Катта бўлса болалар қаерда туради, ахир ҳовли уларнинг омонати-ку! Уйни сотсам, акамнинг руҳи чирқирамайдими?! – Нуриддин муаллим тутоқиб кетди.
– Унда тўй қилиб нима қиласиз, икки-учта чолни чақириб, чипрон қилиб қўяверинг! Тавба қилдим, одамларга тўғри маслаҳат берсанг ҳам ёқмайди. Болалар ҳозир биз билан бирга бўлса. Катта бўлишганда ўзимизнинг болаларимиз қаторида уйли-жойли қилармиз, кўчада қолмас. Уйни сотиб, пулини болаларнинг ўзларига ишлатсангиз, арвоҳлар ҳам рози бўлишар! – деди Салима гаплари тўғри нишонга тегаётганидан суюниб.
«Бир томондан унинг гапларида ҳам жон бор, – хаёлидан ўтказди муаллим. – Барибир ҳозир уй бекор турибди, одам яшамаган жой бир-икки йилда таъмирталаб бўлиб қолади. Анваржон катта бўлса, бир амаллаб уйли-жойли қилармиз. Лекин одамлар, қариндош-уруғлар нима деркин?»
Нуриддин ўйлай-ўйлай ахири хотинининг таклифига кўнишдан ўзга чора топа олмади.
Уй яхшигина пулга сотилди. Нуриддин муаллим Анваржонга катта тўй қилиб, халққа ош берди. Уйнинг қолган пулига тўёналарни қўшиб, бозордан беш-олтита қора мол харид қилди. Болаларига, хотинига кийим-бош қилишга ҳам орттирди. Оиланинг молиявий муаммолари бир муддат барҳам топди. Салиманинг қўли пул кўриб, эрига, етимларга меҳри ортгандай бўлди…
Бахт билан бахтсизлик ҳамиша эгизак экан. Кўп ўтмай оиланинг бошига оғир кулфат тушди. Тўртинчи синфга қадам қўйган Шавкатжон кутилмаганда «оқ қон» касалига чалиниб қолди. Нуриддин муаллим билан Салима бир йил давомида Шавкатжонни кўрсатмаган доктори, бормаган табиби, ўқитмаган мулласи қолмади. Эр-хотин шаҳарма-шаҳар, шифохонама-шифохона қатнади. Аммо боланинг аҳволи кундан кунга оғирлашиб борди. Баҳор кунларидан бирида гулдай бола жон таслим қилди. Ота-она учун фарзанд доғидан оғир мусибат бўлмаса керак. Жаноза куни Салимахон бир неча марта ҳушидан кетди. Унинг кўзларига дунё тор кўринди. Ўзича нималардир деб ғудурланар, гапига ҳеч ким тушунмасди: «Эй Худо, менинг жонимни олсанг бўлмасмиди, шу норасида болада нима айб. Дунёга келиб нима кўрди у шўрлик. Нима учун келиб-келиб менинг боламга ёпишди шу дард. Ҳаммасига шу етимчалар сабаб. Шумқадамлар. Ота-онасининг бошига етган ҳам шулар. Менинг боламни ҳам гўрга кўмдилар бу шумқадамлар…»
Кун сайин Салиманинг қалбидаги нафрат олови кучая борди. Вазирани ҳам, Анварни ҳам кўргани кўзи, отгани ўқи бўлмай қолди. Эридан ҳам тап тортмасдан болаларни «етимчалар», «шумқадамлар» деб ҳақоратлайдиган, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб, турткилайдиган одат чиқарди. Бошида Нуриддин муаллим буни аламдан деб ўйлаб, хотинига танбеҳ беришдан ўзини тийди. Шундоқ ҳам фарзанд доғида куйиб бўлган онаизорнинг дилини оғритгиси келмади. Сал фурсат ўтиб, ҳаммаси жойига тушиб кетар, деб ўйлади.
Вақт олий ҳакам дейдилар. Орадан олти ойлар ўтиб, Салиманинг юрагидаги айрилиқ жароҳати бита бошлади. Нуриддин ўқитувчи эмасми, ўлим ҳақлигини, одамга жон бериш ҳам, лозим бўлганда жонини олиш ҳам ёлғиз Оллоҳнинг иши эканлигини, тақдири азал ҳар бир кишининг пешонасига битиб қўйилганини, етимнинг дилини оғритиш гуноҳи азимлигини хотинига бот-бот уқтирди. У аста-секин рўзғор ташвишларига берилиб, эрига, болаларга эътибор қила бошлади. Ҳақоратлар, заҳарханда сўзлардан юрак олдириб қўйган болаларнинг кўкрагига салгина шамол теккандай бўлди.
Эл оғзига элак тутиб бўлмас экан. Нуриддин муаллимнинг хонадонидаги воқеалар хусусида қишлоқда ҳар хил гап-сўзлар пайдо бўлди. Айримлар ойдек боласидан ажралиб қолган Салимага ачинсалар, бошқалар унинг дастидан азият чекаётган етимларга куйиндилар. Маҳалла оқсоқоллари Нуриддин муаллимни чақиришиб, бу масалада бир неча марта гаплашишди. Муаллим ҳар гал хотини айрилиқ азобида сал одамохун бўлиб қолганини, унинг бу ҳолатдан аста-секинлик билан чиқиб бораётганлигини, тез кунларда ҳаётлари яна олдингидай изга тушиб кетишини, жиянчаларини ҳеч кимга мустар қилдириб қўймасликка ваъда бериб, оқсоқолларни тинчлантирарди.
Бу гаплардан хабар топган Баҳодир бир неча марта Нуриддин муаллимга учраб, марҳум дўстининг болаларининг кейинги тақдири ҳақида гап очди:
– Нуриддинжон, биласиз акангиз Абдусалом ҳам, Дилбархон ҳам бизга жуда яқин эди. Вазира ҳам, Анваржон ҳам ўз боламиздек эди. Келин билан бир маслаҳатлашиб кўринг. Биз янгангиз билан болаларни ўз тарбиямизга олмоқчи эдик.
– Баҳодир ака, раҳмат. Лекин мен уларни сизларга беролмайман. Тўғри, оиламиздаги айрим муаммолар, тушунмовчиликлар сизларни шундай қарорга келишга сабаб бўлган. Лекин улар вақтинчалик, Худо хоҳласа тезда барҳам топиб кетади, – деди муаллим кўзини ердан ололмай.
– Биз ҳам анчадан бери шундан ташвишдамиз-да, ука! – деди Баҳодир гап очмоқчи бўлган мавзуни муаллимнинг ўзи кўтарганидан енгил тортиб.
– Ҳаммаси жойига тушиб кетади, мен жиянларимни хор қилиб қўймайман. Келинингиз ҳам уларни ўз болаларидек яхши кўрарди. Боласидан айрилиб қолгандан кейин сал жиззакироқ бўлиб қолди. Ҳозир яна ўз ҳолатига қайтяпти. Ташвиш чекманг, ака.
– Яна бир маслаҳатлашиб кўринглар. Ҳар ҳолда болаларнинг келажагини ўйлашимиз керак. Уларни ўқитиш, уйли-жойли қилиш осон иш эмас!
– Бировдан олдин, бировдан кейин, бир амаллармиз! – деди Нуриддин муаллим меҳмонни кузата туриб.
«Баҳодир аканинг гапларида жон борга ўхшайди, – деб ўйга толди муаллим. – Ҳар ҳолда улар туман марказида туришади. Болаларни ўқитиш, уйли-жойли қилишда ҳам уларнинг имкониятлари яхшироқ. Хотини ҳали-бери ўзига келмайдиган кўринади. Болалар ҳам зада бўлиб қолишган. Жиянларимни ҳимоя қила олмаяпман. Акам билан янгам ҳам гўрларида тик тургандир. Нима қилмоқ керак?! Салимага ҳам оғир. Қўчқордай боласидан ажралиб ўтирибди. Наҳотки шугина бегуноҳ болаларни азоблашни давом эттирса! Эркак киши кўчанинг одами. У ишда бўлган пайтларда болалар қаердан паноҳ излашни билмай, мўлтираб ўтиришса-я! Негадир улар Баҳодир ака, Нигора опани кўришса, яйраб кетишади. Эр-хотин ҳақиқатда болаларга жуда меҳрибон-да! Ҳар сафар совға-салом билан келишиб, болаларни анча хурсанд қилиб кетишади. Шуларнинг борига шукр… Балки болаларни уларга берган маъқулмикин? Хотини нима деркин? Жон-жон деб рози бўлса керак! Одамлар нима деб ўйларкин? Жигарининг болаларини эплай олмай, кўчага ҳайдаган дейишмайдими? Хотинининг гапига кириб, жондай жиянларидан воз кечган муаллимнинг таълим-тарбия беришга ҳаққи борми? Йўқ, йўқ! Бундай қилолмайди! Бир умр маломат ўтида қолади. Акаси билан янгасининг руҳлари чирқирамайдими? Хотини инсофга келиб қолар. Ахир бир пайтлар у ҳам болаларни ўз боласидек яхши кўрар эди-ку!..»
Шуларни ўйлаб, уйига яқинлашган муаллимнинг қулоғига ҳовлидан хотинининг зардали овози эшитилди:
– Ҳа, ер ютгур сен шумқадамлардан қутулмадим – қутулмадим-да! Ҳадеб китоб ўқигандан кўра молларга ем бермайсанларми? Ким қилади бу ишларни…
– Ҳой-ҳой, нима бўлди, яна шунақа гапларми? – муаллим хотинига ёвқараш қилди.
– Кўрмайсизми, ҳамма иш ўзимга қолди. Бу Вазирангиз мактабдан келгандан китобга ёпишиб олади.
– Дарс тайёрлаши керак-да ахир, хотин! Бўшаганда қараб ўтирмас, қарашади, албатта қарашади! – Нуриддин муаллим Вазира эшитсин деб атайлаб баланд овозда гапирди.
– Қиз бола ўқиганда нима бўларди! – ғингшиди Салима.
Муаллим кўзлари жиққа ёшга тўлган ҳолда китобларини сумкасига жойлаётган Вазиранинг олдига яқинлашганда қиз ўзини тутиб туролмасдан амакисининг қучоғига отди:
– Ама-ки-жон, янгам мени нега бунчалар ёмон кўради!? Мен ҳозиргина дарс тайёрлашга ўтиргандим. Мактабдан келиб укамнинг кирларини ювдим. Ошхонани тозаладим…
– Биламан қизим, биламан. Сенинг айбинг йўқ. Янганг ўзи шунақароқ бўлиб қолган, уни уришиб қўяман. Сен парво қилма! Бирпасда ўзига келиб қолади. Сен ўзинг ақлли қизсан-ку! – муаллим ўксиб-ўксиб йиғлаётган қизни маҳкамроқ қучиб, сочларини силади.
– Амакижон, илтимос бизни болалар уйига топширинг, – Вазира йиғидан тўхтаб жиддий оҳангда амакисига юзланди.
– Қаердан олдинг бу гапларни, қизим! Қўй, уят бўлади. Мана мен борман-ку! Сени ҳам, укангни ҳам бировларга хор қилдириб қўймайман, – Нуриддиннинг ўпкаси тўлиб, кўзида ёш қалқиди. – Янганг ўзи ёмон одам эмас, лекин Шавкатни йўқотгач, бир оз ўзгариб, ғалатироқ бўлиб қолди. Бир оз вақт ўтсин, жон болам, ҳаммаси яхши бўлади. Салгина чидаб турайлик, хўпми гўзалим!
Анча пайтлардан буён бундай илиқ сўзларни эшитмаган Вазиранинг юраги юмшагандай бўлди. У «хўп» дегандай бош ирғаб, молхона томонга юрди.
«Бечора қизалоқ, алам роса жонидан ўтиб кетибди, – ўйга толди Нуриддин муаллим. – Олдинлари қанча зуғум ўтказса ҳам ҳеч қачон «янгам ундай, янгам бундай» деб айтмасди. Ҳаммасини ичига ютиб юрган экан-да, бечора бола! Ақли-хуши жойида, ҳали ҳам бардошли экан. Анваржон ҳали ёш, кўп нарсанинг фарқига бормайди. Лекин янгаси бақирган кезлари ўзини гуноҳкордай тутиб, бир бурчакка бекиниб олади бола шўрлик. Кўпроқ опасига суянади. Дарвоқе, болалар уйини қаердан эшитди экан. Кимдир маслаҳат бердимикин? Ёки китобдан ўқиганмикин? Ҳар ҳолда бу гапни бекорга айтмади. Аслида унинг бу ҳолга тушишига менинг ношудлигим сабаб эмасми? Хотинини инсофга чақиролмаган эр! Эй Худо, қандай кунларга қолдим! Фарзанд доғида куйиб адо бўлган бу ожизангга ўзинг инсоф бер! Йўқса, болаларни Баҳодир акага беришга мажбур бўламан».
Орадан олти ой ўтди. Баҳодир билан Нигорахон болаларни кўришга келиб-кетиб турдилар. Шундай ташрифларнинг бирида…
Кечаси билан ёққан қор эрталабга келиб ярим метрдан ошиб кетди. Бундай аёзли кунларда қишлоқ мактабларида, одатда, ўқиш ҳам бўлмайди. Шу сабабдан болалар тўда-тўда бўлишиб қорбўрон ўйнашади, айримлари уйлари олдидаги тепаликка чиқишиб, тойинчоқ учишади. Шуҳрат билан Анвар чала-чулпа нонушта қилишиб, кўчага отилишди. Вазира одатдагидек уй ишлари билан банд бўлди. Салима туни билан ҳар хил тушлар кўриб, кайфияти бузуқ уйғонди. Тушига яна Шавкатжон кирибди. У «Анвар велосипедимни миниб кетиб қолибди», деб йиғлаб турганмиш. Бир оз ўтиб қаердандир Анвар пайдо бўлибди. Лекин у «мен акамнинг велосипедига тегмадим» дермиш. Шавкат баттар хуноби чиқиб, «велигимни шундан бошқа ҳеч ким олмайди, шу олган ва билдирмасдан бировга сотиб юборган», дея хархаша қилиб турганмиш…
«Бу яна қандай савдо бўлди, – ўйга чўмди Салима. – Нима учун боламнинг руҳи безовта. Бу шумқадамлар боламни ўша ерда ҳам тинч қўйишмаяпти-я! Тушнинг таъбири нима бўлди, фолбинга борсамми? Олдин ис чиқариб юбориш керак! Ишқилиб яхшиликка бўлсин-да!»
Шу орада усти-боши лойга беланиб Анвар кириб келди.
– Қайси гўрдан чиқдинг, сен бола! Сенинг чўринг борда-а! Сенлар ботиб келаверасан, бунда ўлиб-тирилиб ювиб бераверадиган малайинг бор! – Салима жаврай-жаврай қўлидаги ўқлов билан Анварни савалай кетди. Югуриб келиб болани бағрига босган Вазиранинг қўлларига ҳам таёқ тегди. Опа-ука қочиб нариги хонага ўтиб кетишди. Ошхонадан Салиманинг ҳар икки гапидан бирида «етимчалар», «шумқадамлар» деган сўзлар қўшилган қарғиш овози эшитилиб турарди.
Вазира кўзлари жиққа ёш укасининг кийимларини ечиб олди. Қавариб кетган баданларига ўзича бир нималарни суртган бўлди. Анвар пиқиллай-пиқиллай опасининг иссиқ тафтидан маст бўлиб ухлаб қолди. Вазира укасининг олмадай қизариб кетган юзига термулгунча хаёлга толди: «Эй Худо, нима учун бизларни бунчалар азоблайсан. Ота-онамиз дунёдан ўтиб кетгани каммиди? Бизларнинг, шугина гўдакнинг гуноҳи нима? Бу кунларни кўргандан ўша ҳалокатда бизлар ҳам ўлиб кетсак бўлмасмиди? Янгамга биз нима ёмонлик қилдик! Нима учун у бизларни шунчалар ёмон кўради. Йўқ, йўқ, қочиш керак, болалар уйига қочиб кетишимиз керак…»
Ўзича ис чиқариб, бир оз ҳовуридан тушган Салима фолбинга боришга шайланар экан, Вазира ётган хонага бошини тиқди:
– Сасиб ётавермасдан турларинг энди! Мен бир жойга ўтиб келишим керак. Шуҳрат аканг, амакинг келса овқатларини сузиб бер. Чўзма тайёрлаб қўйдим, ўзларинг ҳам еб олинглар.
Вазира «хўп» дегандай бош ирғади. Салима бир оз юриб, яна орқасига қайтди:
– Ҳа айтгандай, ҳовлини ҳам қор босиб кетибди, юриб бўлмай қолди. Мен келгунимча эшик олдини кураб қўйинглар, келиб кўраман-а! Тағин хафалашиб юрмайлик. Меҳнатдан ҳали ҳеч ким ўлмаган! Белкураклар омборда.
Вазира ўрнидан туриб, истар-истамас янгасини кузатиб қўйди. Анварни уйқудан уйғотиб, овқатлантирди. Иштаҳаси бўлмасада, янгаси тайёрлаб кетган чўзмадан бир оз тотинган бўлди. «Келиб қолса яна балога қолмайин», деган хаёлда тезда омборхонадан иккита курак олиб чиқди. Опа-ука жон-жаҳди билан тиришиб, ҳовли саҳнидаги қорни курашга тушдилар. Қуёш йилтираб туришига қарамасдан, пешиндан кейин оёқ остида ястаниб ётган қорнинг совуғи баданга игнадай санчила бошлади. Болалар ишлаб турганликлари боис, совуқ заҳрини унчалик ҳис қилмас эди. Вазира укасини шамоллаб қолмасин деб қалинроқ кийинтирган бўлсада, ўзи юпун бир ҳолатда эди…
Шу атрофдан ўтиб кетаётган Баҳодир ака дўстининг болаларидан хабар олиш учун машинасини Нуриддин муаллимнинг уйи томонга бурди. Йўлда мактабдан уйига қайтаётган муаллимни ҳам машинасига ўтқазиб олди. «Жигули»ни йўл четида қолдиришиб, тизза бўйи қор оралаб олдинма-кетин ичкарига кирдилар.
Ҳовлида юз-қўллари совуқдан қизариб кетган, бўйларидан катта куракларни зўрға кўтариб, қимтиниб турган опа-укани кўриб, меҳмоннинг капалаги учиб кетди, мезмон ҳам кўзларига ишонмай ҳангу манг бўлиб қолди.
– Бу қанақа бедодлик, қор кураш сенларга қолдими? Ҳе садқаи одам кетинглар! – Баҳодир ака югуриб бориб, болаларнинг қўлидаги куракни юлиб олиб, четга улоқтирди. Анварни маҳкам бағрига босиб, қўлларини, юзларини ишқалай бошлади. Сўнг уни кўтариб, ичкарига олиб кирди ва печкага яқин жойдаги тўшакка ўради. Нуриддин муаллим Вазирани қўлтиғидан олиб, уйга етаклади.
– Болажонларим, ким сизларга шундай совуқда қор курасин деди, мен келиб ўзим кураб ташлардим-ку! Қолаверса, аканг бор-ку! – хижолатдан ер ёрилса, кириб кетгудек муаллим болалардан ўпкалаган бўлди.
– Ахир шу иш сизлар қиладиган ишми, болам! – деди Баҳодир ака ғазабини босолмай.
Вазира амакисини хижолат қилишдан чўчиб, жим турарди. Кўрпа орасида кўзлари жовдираб турган Анвар гапга қўшилди:
– Янгам «мен келгунча қорларни кураб қўймасанглар хафа қиламан», деб кетдилар. Ҳовлини тозалаб қўймасак, мени яна ўқлов билан урадилар.
Баҳодир ака «гап бу ёқда экан-да!» дегандай уй эгасига қаради. Муаллим уялганидан кўзларини олиб қочди.
– Нуриддинжон, Сиз ёмон одам эмассиз, лекин хотинингизнинг ҳайвондан фарқи йўқ экан. Инсон боласи бундай қабиҳликка бормас эди. Аёл киши ҳам шунақа бераҳм бўладими!? Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам мен ҳозироқ болаларни ўзим билан олиб кетаман. Дўстимнинг, Дилбархоннинг руҳлари шунча пайт чирқирагани етар!
Ғазаб ва номусдан кўзлари қонга тўлган муаллим жим турарди.
– Қизим, уканг билан сени уйга олиб кетаман, энди бизникида яшайсизлар, хўпми? – Баҳодир Вазирага юзланди.
Вазира амакисига бир қараб, ерга боққанча жим тураверди.
– Опа, бўлинг кетайлик, янгам келиб қолмасидан кета қолайлик, – ўрнидан сакраб турган Анвар опасини қўлидан тортқилай бошлади.
Вазира беихтиёр укасига эргашди. Баҳодир ака болаларни қўлларидан етаклаб, машинаси тарафга юрди.
Икки кўзи жиққа ёшга тўлган Нуриддин муаллим оппоқ қор оралаб кетаётган жиянчаларини ортидан кузатиб қолар экан, беихтиёр лаблари пичирлади: «Сизларни Худога топширдим, қайда бўлсанглар ҳам омон бўлинглар! Ўз жигарининг болаларини ҳимоя қила олмаган мендай ношуд амакингизни кечиринглар!»
* * *
Туни билан турфа хаёллар оғушида тўлғаниб чиққан Вазиранинг тонгга яқин кўзи илинди. Туш кўрди: эрини излаб юрганмиш. Чўлу биёбонлар… Жазирама иссиқ, атрофда қум барханлари. Чанқаб кетибди. Бир маҳал олдидан бир қудуқ чиқибди. Сув ичмоқчи бўлиб, қудуққа челак ташлабди. Шу пайт қудуқ тубидан овоз келибди:
– Вазира, Вазирам, мен шу ердаман.
– Баҳром ака, Сиз… бу ерда нима қилиб ўтирибсиз. Сизни изламаган жойим қолмади!
– Қудуққа тушиб кетдим. Энди чиқолмай ўтирибман. Арқонни ташла!
Вазира шошилиб, челакка боғланган арқонни қудуққа ташлади. Энгашиб, қудуқнинг тубига разм солди. Афтодаҳол аҳволдаги эрини яққол кўрди. «Яратган эгамга шукр, эсон-омон эканлар!» хаёлидан ўтказди.
– Торт! – қудуқдан овоз келди.
Вазира оҳиста арқонни торта бошлади. Лекин нақ ярмига келганда арқон қўлидан сирғаниб чиқиб кетди. Қудуқ ичидан гумбирлаган овоз эшитилди.
– Баҳром ака, арқон қўлимдан чиқиб кетди, кечиринг мени. Ёмон тушмадингизми?
– Йўқ, йўқ, хавотир олма. Қайтадан торт! – Баҳром арқоннинг учига тош боғлаб, ташқарига ирғитди.
Вазира жон-жаҳди билан арқонни торта бошлади. Бу сафар кутилмаганда арқон узилиб кетди... Аёл титроқ қўллари билан пастга энгашиб, қудуққа қаради. Ҳеч ким кўринмади. Қудуқ суви унга негадир қорамтирдай туюлди…
– Баҳром ака, Баҳром ака, Баҳром ака!
Бақириқ овозидан сесканиб уйғониб кетган Жавоҳир ёнида жиққа терга ботган аясини турткилаб уйғотишга тушди:
– Аяжон, аяжон! Сизга нима бўлди! Аяжон, туринг, а-я-ж-о-н…
Ўғлининг овозидан сесканиб уйғониб кетган Вазира у ёқ-бу ёққа аланглаб, қўрқувдан кўзлари жовдираб турган кенжасини бағрига босди:
– Бўлди болажоним, мен яхшиман. Туш кўриб, босин-қирадим шекилли.
Вазира ўғлини тинчлантириб, ўз ётоғига ўтди. Отаётган янги тонг шуъласи хонани ёрита бошлади. Негадир шу маҳалда ўз хобхонаси ўзига бефайз, беўхшов ва совуқ кўринди. Стол устидаги ўзи билан эрининг келин-куёвлик даврида тушган расмини қўлга олди: «Эҳ, Баҳром акам-а, қаерларда қолдингиз-а! Сизсиз уйимиз зимистонга айланиб қолди-ку!» Икки кўзи ёшга тўлган Вазира расмни кўксига босганча хаёлот оламига шўнғиди: «Нима бўлдийкин? Қаерга кетган бўлиши мумкин? Ёки қайсидир кинодагига ўхшаб жиноятчилар ўғирладимикин? Нима мақсадда? Балки бойлик орттириш ниятида… Унда пул ёки бирор нарса талаб қилмасмиди? Балки энди телефон қилишар. Телефонга кўз-қулоқ бўлиб туришим лозим. Қанийди шундай бўлса! Уй-жойимни, бор-будимни сотиб бўлсада, қутқариб олган бўлардим. Балки… йўқ, йўқ! Унақа бўлиши мумкин эмас. Бемаъни хаёлларга берилмаслигим керак. Ҳаётда нималар содир бўлмайди. Эҳтимол, ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган ноқулай аҳволга тушиб қолган бўлиши мумкин. Ҳа дарвоқе, Баҳром акам қудуқдан чиқолмай турганди. Қудуқнинг таъбири нима экан?»
Вазира хонасидан чиқиб, Баҳром аканинг кабинетидаги китоблар орасидан «Туш таъбирлари» деган китобни топиб варақлай бошлади: «қ,қ, «қуёш», «қуён», ҳа мана «қудуқ». «Ҳар ким тушида маълум бир жойда қудуқ қазилаётганини кўрса, ўз яқинларига ҳийла қилинишига далилдир. Агар қудуқда қора ёки кўк сув чиқса, ғаму андуҳдан дарак. Агар қудуқ суви ер қаърига кириб кетиб, ҳеч нарса қолмаса, турмуш ўртоғининг ўлими ёки давлатининг талон-тарож қилинишини англатади».
Вазиранинг устидан гўё қайноқ сув тўкилди. Ичидан чаён чиққандай қўлидаги китобни шоша-пиша ёпиб жо-йига қўйди: «Бу қандай туш, қандай таъбир бўлди? Қанақа ҳийла? Ким қилиши мумкин бундай қабиҳликни? Қудуқдаги сув кўзига қорамтир кўринган эдими? Бу наҳотки ғам-андуҳга ишора бўлса! Лекин қудуқнинг суви қочмаган эди. Демак, Баҳром акам тирик!»
Чиқарган хулосасидан бир оз таскин топган жувон хўрсиниб, болаларини уйғотиш учун улар ётган хона томонга юрди…
Сафар ака ҳам туни билан ухлай олмай, ётган жойида тўлғаниб чиқди. Турфа хаёллар, сон-саноқсиз гумону тахминлар, жавобсиз саволлар унга тинчлик бермади. Барвақт туриб, бир оз кўча айланди. Невараларини мактабга кузатар экан, уларга ўзини бепарводек кўрсатишга, вужудини кемираётган изтиробларни билдирмасликка ҳаракат қилди. Қайнота-келин жимгина нонушта қилишди.
Шум хабар тез тарқар экан. Баҳром аканинг бир неча кундан буён йўқлиги ҳақидаги гап-сўзлар яшин тезлигида ёйила бошлади. Анвар ҳам поччасининг уйга келмай қолганлигини опасидан эшитган бўлсада, бу гапга унчалик аҳамият бермаган эди. «Бирор иш билан юргандир, келиб қолар, ҳар ҳолда йигит киши-ку, йўқолиб қаерга борарди», деб қўя қолганди. Ишидан ортиб опасидан хабар ололмаган эди. Кечаси опаси билан телефонлашгач, негадир юраги «шув» этиб кетди: «Йўқ, йўқ шунча кун уйдагиларни огоҳлантирмасдан қаергадир кетиши мумкин эмас. Нимадир бўлган. Бирор фалокат юз берганмикин? Ёки душманлари …Худо сақласин! Шундай инсонда душман нима қилсин. Балки…»
Туни билан беором бўлган Анвар эрталаб опасининг уйига йўл олди.
– Ассалому алайкум, опажон! Яхши ўтирибсизларми, Жаҳонгиржон, Жавоҳиржонлар яхшими? – Анваржон ўзини босиқ ва хотиржам тутишга ҳаракат қиларди.
– Раҳмат, Анваржон! Ўзинг яхшимисан, келиним, Сарваржон соғ-омонмилар. Бир хабар олай демайсан-а! – укасини кўриб, кўнгли бўшашиб кетган Вазира ўзини тутиб туролмасдан йиғлаб юборди.
– Опажон, опажон, ҳаммаси яхши бўлади. Мана кўрасиз, поччам бугун ўз оёқлари билан кириб келади. Шўхлик қилиб, сизни бир қўрқитмоқчи бўлган-да! – деди опасини маҳкам қучоқлаб олган Анвар уни юпатиш учун қилган ҳазилидан ўзи хижолат чекиб.
– Шўхлик қилсалар ҳам бошлари омон бўлса бас! – Вазира меҳмонни ичкарига бошлади.
«Бечора опам, икки кунда шунчалар чўкиб қолибди-я! Телефонда гаплашганларида бунчалик сездирмаган эдилар. Мени хавотирга қўймаслик учун ўзини дадил тутиб, хотиржамдек гаплашган экан-да! Вазият мен ўйлаганимдан кўра мураккаброққа ўхшайди» – Анвар опасидан вақтида хабар ололмагани, шундай оғир кунида уни ёлғизлатиб қўйгани учун ичида ўзини койиди.
– Ия, қуда бобо ҳам шу ерда эканлар-ку! Ассалому алайкум, – Анвар меҳмон билан қуюқ саломлашди.
– Ваалайкум ассалом Анваржон болам, келинг, келинг! Эсон-омонмисиз. Келин, неваралар яхшими? – деди Сафар ака Анварга ёнидан жой кўрсатиб.
Одатдаги сўрашишдан сўнг Анваржон опасига юзланди:
– Опажон, минг бор узр. Кеча келолмадим.
– Ҳечқиси йўқ, укажон. Хижолат бўлма! Кеча биз отам билан кун бўйи прокуратурада бўлдик. Келганингда ҳам тополмасдинг.
– Поччамнинг ишхонасидагилар нима дейишмоқда?
– Қайдам, улар ҳам сўраб, суриштиришмоқда. Лекин ҳали бирор янгилик йўқ, – деди дастурхон учини ўйнаб ўтирган Вазира чуқур хўрсиниб.
– Улар ҳам қўлларидан келганча ҳаракат қилишмоқда, болам. Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлиб, барчамизнинг юзимиз ёруғ бўлсин ишқилиб, – Сафар ака қўлини дуога очди.
Сал фурсат ўтиб, эшикдан олдинма-кетин Баҳодир ака билан Нигорахон кириб келдилар. Ўзини ҳар қанча тетик тутишга уринмасин, ота-онасини кўриб, Вазира яна кўнглини бўшатиб олди.
Қариндош-уруғларнинг йиғилишиб келиб, ёнида тиргак бўлиб тургани унга қандайдир куч ато этди, кўнглида умид учқунлари чақнагандай бўлди. Уйда ота-онасини қолдириб, Сафар ака ва Анваржон ҳамроҳлигида прокуратура томон йўл олдилар...
Лазиз ҳар галгидек уларни илиқ қарши олиб, ичкарига бошлади. Бинонинг иккинчи қаватида Санжарбек уларга пешвоз чиқди ва кабинетга олиб кирди. Юз-кўзларидан терговчининг ҳам бу кеча тузукроқ ухламаганлигини англаб олиш қийин эмасди.
– Сафар ака, опажон, яхши дам олдингизларми?
– Раҳмат болам, тонг отиши ҳам қийин бўлди, – деди Сафар ака маъюс.
Бирор хушхабар эшитиш илинжида ўтирган Вазира терговчининг оғзини пойларди. Лекин унинг чайналишидан дардига таскин бўлиши мумкин бўлган янгилик йўқлигини англади. Шундай бўлса-да:
– Укажон, ўзингизда нима янгилик, кечаги хат бирор нарсага ойдинлик кирита олдими?
– Ҳозирча сизларни суюнтирадиган бирор хабар йўқ. Хат устида ишлаяпмиз, хатшунослик экспертизаси тайинланди, – деди Санжарбек қўлидаги қоғозга ишора қилиб.
Терговчи меҳмонларни хонасида қолдириб, тергов гуруҳи раҳбарининг кабинетига чиқиб кетди. Гуруҳ кейинги кун натижаларини муҳокама қилиш ва тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш учун йиғилган эди.
Фахриддин Каримович гуруҳ раҳбарига ўтган бир кунда амалга оширилган ишлар, тергов тадбирлари ҳақида қисқача ахборот берди. Баҳром Сафаровичнинг уйидан топилган далилий ашёга алоҳида тўхталиб, номаълум шахс томонидан ёзилган бу хат ишга ойдинлик киритиши мумкинлиги қайд этди.
– Экспертиза натижалари олиндими? – деди Тоҳир Ғофурович маърузачининг сўзини бўлиб.
– Бугун кечга қадар тайёр бўлади.
– Давом этинг.
– Раҳмат, илгари сурилаётган ҳар бир тахмин бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Ўтган даврда Баҳром Сафаровичнинг отаси, хотини, яқин қариндошларининг деярли барчаси сўроқ қилинди. У кишининг қўни-қўшнилари, маҳалладошлари, муқаддам бирга ишлаган ҳамкасблари, таниш-билишлари билан суҳбат ўтказилмоқда.
– Фахриддин Каримович, умумий гапларни қўйинг, амалга оширилган аниқ тадбирлар ҳақида гапиринг! – прокурор ўринбосари кўзойнагини олиб, маърузачига юзланди.
– Узр, Тоҳир Ғофурович, – терговчи бир муддат хаёлини йиғиб, гапида давом этди. – Барча туман, шаҳар прокурорлари номига кўрсатма юборилди. Ички ишлар Вазирлигининг барча ҳудудий бўлинмаларида қидирув иши очилди. Энг тажрибали, моҳир изқуварлар ишга жалб этилди. Айни пайтда, жойларда шу масалага оид тезкор маълумотларни йиғиш, таҳлил этиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Баҳром Сафарович иш фаолияти давомида тергов қилиб, судларга юборилган, ҳаракатдан тугатилган, тўхтатилган, алоҳида иш юритувга олинган барча жиноят ишлари чақиртирилди. Мазкур жиноят ишлари бўйича озодликдан маҳрум этилган, қамоқхоналарда, манзил колонияларида жазони ўтаётган, жазони ўтаб, озодликка чиққан шахсларнинг ва уларнинг жиноят қилишга мо-йиллиги бўлган, муқаддам судланган яқин қариндошларининг мукаммал рўйхати тузилмоқда.
– Рўйхатга қанча шахс кириши мумкин? – сўради бошлиқ.
– Тахминан икки юз кишидан ошса керак.
– Рўйхатдан фақат вафот этган шахсларни чиқариш мумкин, – Тоҳир Ғофурович ўрнидан туриб гапида давом этди. – Чет мамлакатларга ишга, яшашга кетган, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган шахсларнинг ҳам жиноятга алоқадорлиги пухта текширилиши лозим. Бундан ташқари, Баҳромнинг прокуратура идораларига ишга киргунга қадар ишлаган, ўқиган жойларида кимлар билан нифоқлашиб қолганлиги, отаси, хотини, ўғиллари, ака-укаларининг яқинлари доираси ўрганилиши, уларнинг душманлари бўлган-бўлмаганлиги ҳам аниқланиши лозим. Ҳа дарвоқе, Баҳром Сафаровичнинг хотини билан муносабати қандай бўлган?
– Жуда яхши, эр-хотин жуда иноқ бўлишган, – Фахриддин Каримович бу оилани шахсан ўзи яқиндан билганлиги учун ишончли жавоб қайтарди ва «тўғрими?» дегандай атрофидагиларга қаради. Терговчилар «тўғри» деб унинг гапини мақуллади.
– Бундай жиноятларда, одатда, турмуш ўртоғи биринчи даражали гумондор бўлади, – раҳбар ўтирганларнинг таажжубини босиш учун қўшиб қўйди. – Мен ҳам бу оилани яхши биламан, маданиятли, намунали оила. Лекин барибир ҳеч бир нарса назардан қолмаслиги лозим. Зудлик билан Баҳром Сафаровичнинг кейинги бир ойдаги ҳаёти хронометраж тартибида тикланиши шарт. Қачон, қаерга борган, кимлар билан учрашган, барча-барча воқеалар соатма-соат, дақиқама-дақиқа жонлантирилиши зарур. Тушунарлими? – Тоҳир Ғофурович ўрнидан қўзғалди.
– Тушунарли, – ўтирганлар баравар жавоб қайтаришди.
– Энди соат йигирма иккида йиғиламиз. Ҳаммага жавоб.
Гуруҳ аъзолари Фахриддин Каримовичнинг хонасига тўпланишиб, бугунги амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар, вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишди ва ҳар ким ўз йўналиши бўйича ишга киришди.
Санжарбекка оиланинг яқин қариндошлари йўналиши бўйича ишлаш топширилди. Шу сабабли у ходимлар бошқармасига чиқиб, Баҳром Сафаровичнинг шахсий йиғмажилдидан бу ҳақдаги маълумотларни олиб, хонасига тушди.
– Зерикиб қолмадингизларми? Узр сўрайман. Бизни – бутун гуруҳ аъзоларини Тоҳир Ғофурович йиғиб, тегишли кўрсатмалар берди, шунга сал ушланиб қолдим, – терговчи қўлидаги ҳужжатларни стол устига қўйиб, тик турганча гапида давом этди. – Вазира опа, сиз мана бу рўйхатдаги кишилардан кимнинг телефонини билсангиз, ёнига рақамларини ёзиб қўйинг. Қоғозда ўзининг ва эрининг яқин қариндошлари рўйхати берилган эди. Вазира тезда ўзига таниш телефон рақамларини тўлдириб, қоғозни терговчига узатди.
– Яхши, энди мана бу қоғозга ўзингиз ва Баҳром аканинг энг яқин дўстларингиз исми-шарифлари ва уларнинг яшаш манзиллари, телефон рақамлари ҳақидаги маълумотни тўлдириб берсангиз, – терговчи тортмасидан бир варақ қоғоз олиб, ҳамсуҳбатига узатди. – Сиз ўйлаб бемалол ёзаверинг, биз йигитлар билан нариги хонада бўламиз.
Санжарбек Сафар ака ва Анварбекка «кетдик» ишорасини қилиб, қўшни хонага ўтишди. Терговчи аввал Сафар акани, сўнг Анварбекни обдон сўроқ қилди. Асосий эътибор эр-хотиннинг ўзаро муносабатларига, уларнинг кимлар билан дўстлашиб, кимлар билан борди-келди қилишларига қаратилди.
Пешинга яқин терговчи меҳмонларга жавоб берди:
Воқеаларнинг бундай чигаллашиб бораётганлиги Вазирани баттар ташвишга сола бошлади. «Терговчининг масалага бунчалик узоқдан ёндашиши, ўзи ва эрининг яқинларини ахтариб қолиши терговнинг ҳали ҳеч нарсадан хабардор эмаслигини англатмайдими? Демак, ҳали уларда тузукроқ тахмин ҳам, жўялироқ режа ҳам йўққа ўхшайди. Бўлмаса менинг дугоналарим, ота-онам уларга нимага керак? Ёки тартиб шунақамикин? Йўқ, йўқ, терговчининг ўзини тутишига қараганда уларда эрининг ғойибдан йўқолиб қолиши хусусида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳаммасини бошидан бошламоқчи шекилли. Ёки мендан гумон қилишаяптими? Йўқса, менинг дугоналаримдан нимани сўрамоқчи? Шундай шубҳага келишларига бирор бир асос бормикин? Мен нима ўйдаман, улар нима ўйда! Ахир мен Баҳром акам учун жонимни ҳам беришга тайёрман-ку! Бечора ҳозир қаерда, қай аҳволда экан-а! Жиноятчиларнинг қўлидами? Ё кимсасиз жойда очу наҳор, хору ночор Оллоҳдан мадад кутиб, мўлтираб ўтирганмикин? Наҳот биргина телефон қилишга, ҳеч бўлмаганда бирортаси орқали холидан хабардор қилишга имкони бўлмаса! Заррача имкони бўлганда, жонини жабборга бериб бўлсада, бир хабар юбормасмиди! Қанот боғлаб учиб, уйига, болалари ёнига шошилмасмиди? Ишқилиб, омон бўлсалар бўлгани! Терговчиларга ҳам ҳайронсан киши. Ишни нимадан бошлашни билишмаса. Балки терговнинг у билмаган ўзига яраша сирлари бордир. Нима бўлса ҳам охирида суюнтирсин!»
Санжарбек кечга қадар Баҳром ака оиласининг ўн бешдан ортиқ яқинлари билан суҳбатда бўлди, уларни бирма-бир шошилмасдан сўроқ қилди. Саволлар ҳам деярли бир хил: Баҳром Сафаровични қачон охирги марта кўргансиз, у кишининг хатти-ҳаракатида бирор шубҳали ҳолатни сезмаганмисиз, эр-хотиннинг муносабатлари қандай эди, улар бирор-бир масалада жанжаллашиб қолганлигини ёки ўрталарида нифоқ борлигини эшитганмисиз, улар ўртасида уй-жой ёки бошқа мол-мулк хусусида низо бўлганми, эр-хотин бир-бирини рашк қилишармиди ва ҳ.к.
Терговчи сўроқ қилинган гувоҳлардан терговни қизиқтира оладиган жавоб ололмагач, ички туйғуси алдамаганлигини фаҳмлади. Амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот тузиб, Тоҳир Ғофуровичнинг кабинетига шошилди.
Прокурор ўринбосари бирма-бир гуруҳ аъзоларининг ҳисоботини эшитди. Соат йигирма учга яқинлашганда сўз навбати Санжарбекка тегди:
– Тоҳир Ғофурович, тергов режасига кўра Баҳром Сафарович оиласининг қариндош-уруғлари ва энг яқинлари, дўстлари билан суҳбат ўтказилди. Маълум бўлишича, эр-хотин Сафаровлар севиб турмуш қуришган, жуда аҳил яшашган, улар ўртасида низо ёхуд келишмовчилик бўлмаган. Вазира опадан эрининг йўқолиб қолишида гумон қилишга асос бўла оладиган ҳеч қандай маълумотга эга бўлмадик. Шундай бўлса-да, уни ва укаси Анварбекни доимий кузатув остига олдик. Яқин қариндошларнинг телефонларини эшитиш ташкил этилган. Бу борада тезкор-тергов тадбирлари давом этмоқда. Оиланинг вилоятларда яшовчи яқинлари эртага чақиртирилган. Яна битта масала. Баҳром Сафарович талабалик пайтида бўлажак турмуш ўртоғини жиноятчилар чангалидан қутқариб қолган экан. Лекин ўзи қорнидан пичоқ еб, оғир жароҳат билан касалхонага тушган. Кейинчалик жиноятчилар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
– Жиноят ишини чақиртириб, ўрганиб чиқинг. Жиноят содир этган шахсларнинг ҳозир қаерда эканлиги, уларнинг тергов қилинаётган жиноят ишига алоқадорлигини аниқланг, – деди Тоҳир Ғофурович ёнида ўтирган Фахриддин Каримовичга қараб. – Эртага соат ўнга Республика прокурорига ҳисобот бериш учун батафсил маълумотнома тайёрланг.
Ҳамма тарқалди. Гуруҳ аъзолари бу тун ҳам уйларига кетмасдан кабинетларида тунаб қолдилар.
Вақт алламаҳал бўлганига қарамасдан, Фахриддиннинг уйқуси қочиб кетди: «Бу қандай сир-синоат бўлди. Бутун бошли одам куппа-кундуз куни ҳамманинг кўз ўнгида йўқ бўлиб қолса! Ҳеч ким, ҳеч нарса кўрмаса, эшитмаса! Шунча йил терговчи бўлиб ишлаб, бу каби чигал жумбоққа дуч келмаган эдим. Қанча-қанча оғир, бир қарашда очилиши мумкин бўлмаган жиноятларни фош қилдим. Лекин ҳеч қачон бунчалик боши берк кўчага кириб қолмаган эдим. Вақт эса ўтиб бормоқда. Ортда қолаётган ҳар бир дақиқа жиноятчини биздан узоқлаштирмоқда. Унга жиноят изларини бекитишга имкон бермоқда. Шошилиш керак, ҳа, ҳа шошилиш даркор! Аммо ҳозирча унинг қўлида бирорта ишончлироқ тахмин ҳам йўқ. Қилинаётган тахминлар ҳам бирор ижобий натижа бериши гумон бўлиб турибди. Хатни ёзган аёл киши ким бўлди экан? Дўстми ёки душманми? Нима мақсадда ёзилган бу мактуб. Дўст бўлса, унда нега исм-шарифи кўрсатилмаган. Ё бу душманнинг ишимикин? Ундай десак, қайси аҳмоқ ўз қўли билан хат ёзиб, очиқчасига далил қолдиради. Ёки бу хат терговни чалғитиш, уни нотўғри йўлга солиб юбориш учун олдиндан пухта ўйланган режанинг бир бўлагимикин? Нима бўлганда ҳам хатнинг муаллифини аниқлаш шарт…»
Терговчи стол устидаги тахлам қоғозларни титкилай бошлади. Қоғозга нималарнидир ёзди, чизди, ўчирди. Сўнг қутисида қолган охирги сигаретни олиб, тутатди. Ўрнидан туриб, дераза ёнига бориб, унинг бир томонини очди. Ташқаридан тоза ҳаво юзига урилди. Кўча қоп-қоронғи, аммо сокин эди. Шунда кечадан буён ўзининг кўчага чиқмагани ёдига тушди. Бир оз тоза ҳавога тўйиб, деразани ёпди ва қандайдир бир ғайриоддий шижоат билан темир шкафдан қалин-қалин беш-олти жилдлик жиноят ишини олиб варақлай бошлади: «Терговчининг душмани ким бўлади? Албатта жиноятчи! Оғир жиноят содир этиб қамалган шахс айбдор эканлигини ҳис қилгани ҳолда бунда энг аввало милицияни, терговчини, прокурорни, судьяни айблайди. Уларга нисбатан юрагида адоват пайдо бўлади. Бир кун келиб улардан қасос олишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди ва шу йўлда ҳеч нарсадан тоймайди. Айримлар эса ўз яқинлари учун ўч олишни бурч деб тушунадилар. Баҳром Сафарович ҳам иш фаолияти давомида қанча-қанча жиноятчиларни панжара ортига ташлади. Уларнинг орасида қасос олиш ниятида юрганлари қанча бўлиши мумкин? Демак, ишни шундан бошлаш керак. У тергов қилган оғир ва ўта оғир жиноятлар ипидан игнасигача ўрганиб чиқилиши лозим…»
Фахриддин муқовасига «Чой қадоқлаш фабрикаси мансабдор шахслари Ш.Б.Шокиров, Т.У.Умаров ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон ССР ЖКнинг 119-1-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши, 1 жилд» деб ёзилган қалин ишни варақлай бошлади. Сўнг ишнинг кейинги жилдларини қўлига олди. Айбланувчи Ш.Б.Шокировнинг сўроқ баённомасидаги бир жумла унинг диққатини тортди: «Укам Шавкатнинг бизнинг ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бизнинг чойга беда аралаштиришимиздан хабари бўлмаган. Менинг топшириғимга кўра у менга икки-уч машина беда юборган эди. Лекин мен унга «бедани молларга бераман», деганман. Унинг бу ишлардан хабари бўлмаган. Ота-онам ёшлигимизда вафот этиб кетишган. Мен укам билан ёлғиз қолганмиз. Қийинчилик билан катта бўлганмиз. Мен унга бор меҳримни бериб тарбия қилдим, ўқитдим. Мар-ҳумларимнинг руҳларини ўртага қўйиб қасам ичаманки, Шавкатнинг биз қилган жиноятларга сира ҳам даҳли йўқ. Мен ҳар қандай жазога тайёрман. Аммо укамнинг ноҳақ айбланишига жимгина қараб тура олмайман. Уни панжара ортига тиққанлар бир кун келиб, албатта, ўз жазосини олишади. Лекин унда кеч бўлади»…»
Терговчи баённомани такрор-такрор ўқиди: «… укамнинг ноҳақ айбланишига жимгина қараб тура олмайман. Уни панжара ортига тиққанлар бир кун келиб, албатта, ўз жазосини олишади…» Бу нима дегани? Жонга – жон, қонга – қон демоқчими ёки уларни жазолашни Худога солмоқчими? «Лекин унда кеч бўлади…» дея нимани таъкидлаяпти? Бунда укасининг жазони ўтаб чиқишини назарда тутаяптими? Ёки бирор нохуш воқеага ишора қилаяптими? Бу кимнидир жисмоний йўқ қилиш – ўлдириш таҳдиди эмасмикин? Балки бу жигари учун жон куйдираётган аканинг ноиложликдан қилаётган шунчаки пўписасимикин? Нима бўлганда ҳам эрталаб бу масалани чуқурроқ ўрганиб чиқиш зарур…
Бир уюм қоғозларга кўмилганча ухлаб қолган терговчини бу кун ҳар галгидан ҳам эртароқ ишга келган ҳамкасблари уйғотиб юборишди…
* * *
Неча кундан буён қуш уйқу бўлиб қолган Вазира учун бу тун ҳам оғир кечди. Алламаҳалгача телефон олдида терговчининг қўнғироқ қилишини кутиб, маҳтал бўлиб ўтирди. Телефон бўлавермагач, «ўзим қўнғироқ қилиб кўрсаммикин» деган хаёлга ҳам борди. Лекин вақт кеч бўлиб қолганлиги боис бу фикридан қайтди: «Бирор гап-сўз бўлса албатта қўнғироқ қилган бўлардилар. Демак, ҳеч қандай янгилик йўқ. Яна бир кун ортда қолди. Қандай оғир кунлар-а! Наҳотки Оллоҳнинг шугина синови олдида шунча одам, шунча идора ожиз бўлса! Ҳеч кимнинг қўлидан арзигулик иш келмаса! Қўл қовуштириб ўтиришдан нарига ўта олмасалар!».
Вазира ётоғига кириб, бир оз бўлса-да тин олишга ҳаракат қилди. Аммо уйқуси келмади. Эрининг ёстиғини қучоқлаганча бир муддат у ёқдан бу ёққа ағанаб, тўлғаниб ётди. Сўнг яна чироқни ёқиб, шкаф тортмасидан қалин жилдли альбомни олиб, расмларни кўздан кечира бошлади. Эри билан келин-куёвлик даврида тушган расмни қўлига олиб, узоқ термилиб турди. Эрининг қувноқ ва ўтли юзларини бармоқлари билан оҳиста силади. Суратни лабларига босди. Кўзларидан тирқираб оқаётган ёшлар расмни жиққа ҳўл қилиб юборди. Аёлнинг титроқ лаблари пичирлади: «Эҳ, Баҳром акажоним-а! Қаерларда қолдингиз?! Бизни бунчалар қўрқитмасангиз. Сизни соғиниб кетдик. Тезроқ уйга кела қолинг, илтимос! Болаларингизнинг олдига қайтинг! Ахир ўзингиз «Худо бизни бир-биримиз учун яратган, умримизнинг сўнгги дақиқасига қадар бирга бўламиз», дер эдингиз-ку!»
Эрининг бир пайтлар қулоғига айтган гапларини эслар экан, хаёл оти уни беихтиёр ўша даврларга олиб кетди…
Дастлабки пайтларда ўзининг халоскори сифатида шифохонага қатнаб, ҳолидан хабар олиб юрган Вазиранинг хаёлидан Баҳромжон кейинги пайтларда кетмай қолди. Бошида бунга бегона бир инсон учун жон нисор айлаган йигитга қалбида уйғонган чуқур ҳурмат, эҳтиром ҳисси бўлса керак, деган ўйда унчалик эътибор қилмади. Гоҳ ўзи, гоҳ дугоналари билан бирга бир ўлимдан қолган йигитни кўргани шифохонага қатнаб турди. Айрим дугоналари шўхлик қилишиб, «дугонажон, келишгангина йигит экан, Худонинг ўзи сенга уни рўпара қилди, қўлдан қўйма!» деганларида қулоқларигача қизариб кетадиган Вазира бу гапларни ҳазилга йўйди. Айниқса, энг яқин дугонаси Машҳура Баҳромдан гап очилгудек бўлса, қувлик қилиб, «бўла қол дугонажон, шу йигитни этагидан маҳкам тут. Бўй-басти бинойидек, яна ҳуқуқшуносликда ўқир экан, ақли-хуши ҳам чакки эмас. Бундан зўрини қайдан топасан. Агар сен «йўқ» дейдиган бўлсанг, менинг ўзим унга тегиб оламан, шундай йигитдан қуруқ қоласан», дея ҳазиллашишни ёқтирарди. Вазира бундай кезларда:
– Ҳазилингни қўйсанг-чи дугонажон, мен у кишидан бир умрга қарздорман, – деб қўя қоларди. Дугонасининг шўхлигига шўхлик билан «ол, керак бўлса ўзинг унга тегиб олақол!» демоқчи бўларди-ю, аммо қандайдир бир ички туйғу бунга йўл бермасди.
Орадан бир ой ўтиб, Баҳромжонга жавоб беришди. Ўша куни Вазира ўқишидан жавоб олиб, тўғри касалхонага келди. Оҳиста иккинчи қаватга кўтарилиб, таниш хона эшигини қоқди. Ичкаридан «кираверинг» деган овоз келди.
– Ассалому алайкум, Баҳром ака, яхши дам олдингизми? – қиз ийманибгина эшикдан мўралади.
– Келинг Вазирахон, яхшимисиз? – аллақачон шифохона либосини алмаштириб, чиройли кийиниб олган йигит қизга пешвоз чиқиб, ўтиришга таклиф этди.
– Жавоб беришдими?
– Бугундан бошлаб эркин қушман, Вазирахон! Дўхтирлар «энди юзга кирасиз» дейишмоқда… сизнинг… – Баҳромжон «сизнинг шарофатингиз, меҳрингиз туфайли мана соппа-соғман» демоқчи бўлди-ю, яна қиз «сиз туфайли шу касофатларга йўлиқдим демоқчи бўлаяптими?» деган нотўғри хаёлга бормасин деган ўйда тилини тийди.
– Табриклайман, ҳаммаси ортда қолгани рост бўлсин, энди ҳеч қачон дард кўрманг, – қиз ўзгача бир назокат билан йигитга жилмайиб боқди.
– Сизга сўз бераман, – йигит бир нафас қизнинг сарв қоматига, тўлин ойдек рухсорига, ўзидан олдин кулиб турувчи қоп-қора кўзларига, пайваста қора қошларига маҳлиё бўлиб, кўзини ундан ололмай қолди.
Шу он эшик тақиллаб, Сафар ака билан Ҳалима опа кириб келишди. Ота-она фарзандларини бағриларига босиб, узоқ сўрашишди. Сўнг Баҳром уларга жой кўрсатиб, ўтиришга таклиф қилди. Хижолатдан қизариб кетган Вазирани ёнига ўтқазиб,
– Аяжон, дадажон, танишингизлар бу киши Вазирахон, университетимизнинг энг чиройли қизларидан!
– Қизим яхшимисан, ўқишларинг яхшими? – Сафар ака қиз билан илиқ саломлашди.
– Вазирахон деганлари шу қиз экан-да! – Ҳалима опа қизга ёв қараш қилиб, гапида давом этди, – қизим, қиз бола деганлари қош қорайганда кўчада ёлғиз юрмайди, ўзингиз талаба экансиз, ота-онангиз сизни не-не ниятларда ўқишга юборган…
– Аяси, қўйинг унақа гапларни, қизгинанинг нима айби бор, ҳар бир иш Оллоҳнинг иродаси билан рўй беради, – Сафар ака хотинига танбеҳ берган бўлди.
– Аяжон, аяжон, сиз билмайсиз, Вазирахон яхши қиз, у ҳам менга ўхшаб шу куни кутубхонадан қайтаётган эди, – аясининг характерини яхши биладиган Баҳромжон гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилди. – Сизлар ўтира туринглар, биз ҳозир ҳамширани чақириб келайлик, хонани қабул қилиб олсин.
Йигит қизга «кетдик» имосини қилгач, биргалашиб таш-қарига чиқишди.
– Вазирахон, кечирасиз, онам учун узр сўрайман, у кишини тўғри тушунинг. Сизни хафа қилмоқчи эмасдилар… аслида… – Баҳром онасини оқлашга сўз тополмасди.
– Ҳечқиси йўқ, фарзандини ўлим чангалига солган инсонни ҳеч бир она ҳам кечирмаса керак. У киши ҳақ гапни айтдилар. Лекин мен хафа эмасман, – олдинги кайфиятидан асар ҳам қолмаган қиз тушкунлигини сездирмаслик учун сохта жилмайиб қўйди.
– Раҳмат, – йигит оғир юкдан қутилгандай хўрсинди. Шу пайтда бечора қизнинг кўнглидан нималар ўтаётганлигини сезсада, унга далда бўладиган бирор оғиз гап айтишни уддасидан чиқолмаётганидан хижолат чекди.
Баҳром қизни дарвозагача кузатиб борди:
– Вазирахон, мен бугун уйдагилар билан қишлоққа кетаман. Бирор ҳафта қишлоқда туриб, сўнг ўқишга қайтаман. Сизни ўзим топаман, келишдикми?
Вазира «хўп» дегандай бошини ирғади ва хайрлашишга чоғланди:
– Яхши бориб келинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг, – қиз йигитга чиройли табассум ҳадя қилиб, шахдам қадамлар ташлаб кўча томонга юрди.
Қизнинг мулойим табассуми, меҳрибонлик билан «ўзингизни эҳтиёт қилинг» дейиши йигитнинг юрагидаги ғашликни бир оз бўлса ҳам тарқатгандай бўлди.
Баҳром дўхтирлар, ҳамширалар билан илиқ хайрлашиб, шу куни ота-онаси ҳамроҳлигида қишлоғига жўнаб кетди. Шаҳарда шунча йилдан буён яшаётганлигига қарамасдан, киндик қони тўкилган муборак гўша унинг кўзига чўғдай кўринарди. Қишлоқнинг мусаффо ҳавосидан нафас олиш, фусункор табиатидан баҳраманд бўлиш, бепоён адир, қирларини яёв кезиш, содда ва меҳрибон одамлари билан ҳамсуҳбат бўлиш унга олам-олам завқ-шавқ бағишларди. Ҳар гал уйига келганида вақт бир зумда ўтиб кетар, ота-онаси, яқинларининг, қишлоғининг меҳрига тўймай қоларди. Шу сабабдан кетишга унчалик оёғи тортмасди.
Шаҳарлик талабанинг келганлигини эшитишиб, оғайни, қариндошлар жам бўлишди. Сафар ака «кўрган-билганинг шу бўлсин, бало-қазо сендан йироқ бўлсин!» дея ўғлининг пойига қўй сўйдирди. Қозонга олов ташланди. «Баҳромжон тумовлардан эсон-омон қутилиб олдингизми?» дея ҳол-аҳвол сўраб келувчиларнинг кети узилмади. Ҳангома қизигандан қизиди. Гулгун суҳбат аскиябозликларга уланиб кетди…
Кеч уйқуга ётганлигига қарамасдан, Баҳром азонда туриб олди. Одатига кўра, молларнинг сув-емишидан хабар олди. Ўзи бир пайтлар ясаган қўлбола турникка осилиб, бадантарбия қилди. Сўнг юз-қўлини ювиб, челак кўтариб, ҳовлининг тўридаги боғ томонга юрди. Ўрик дарахтлари аллақачон меваларидан халос бўлган бўлсаларда, боғнинг бир четидаги дарахт шохлари ғиж-ғиж эди. Онаси ҳар йили шу кечпишар ўрик ҳосилига ҳеч кимни текизмай, шаҳарда юрган боласининг оғзи тексин, деб унга асраб қўярди. Бу гал ҳам шундай бўлибди.
Баҳром лип этиб, дарахтга чиқиб, қўлидаги пақирни тўлдирди. Шохда туриб, сап-сариқ бўлиб етилган ўрик меваларидан уч-тўрттасини тотиб кўрди. Ўрик эмас, асал бу, ҳа-ҳа болнинг ўзгинаси, оғзингга солсанг эриб кетади-я!
Баҳром шохдан тушиб, қўлидаги челакни бир четга қўйиб, ўзига қадрдон бўлган олма, шафтоли, ёнғоқ дарахтлари билан «саломлашди», «ҳол-аҳвол сўрашди». Шохларида етилиб келаётган меваларига маҳлиё бўлиб тикилди. Отасининг уста боғбонлигига яна бир марта қойил қолди. Эсини танибдики, бу боғда ўзгача бир саришталик, озодалик, нафислик хукмрон. Сафар ака ўз қўллари билан бир пайтлар барпо этган бу боққа ўзгача меҳр билан қарарди. Ҳар бир дарахтга ўз фарзандидай муносабатда бўларди. Болаларини ҳам ёшликдан шунга ўргатган эди.
Баҳром боғни бир оз айланиб, тўйиб-тўйиб нафас олди. Шунда у қишлоқ ҳавосини, боғнинг, ундаги дарахт гуллари, ўт-ўланларнинг хушбўй ҳидини, ариқ бўйидаги ялпиз, чучмома ва бошқа кўкатларнинг ёқимли ифорини қанчалар соғинганини англади. Ёшлик даврларини, мактабда ўқиб юрган кезларни ёдга олди…
Йигит қўлида бир челак ўрик билан қайтганда онаси тандирдан ҳозиргина узилган патир, нонларни дастурхонга жойлаштираётган эди. Оила жам бўлиб, нонушта қилдилар.
Пешингача ҳовлида у-бу ишлар билан банд бўлган Баҳром кечга яқин безовталаниб қолди. Авваллари ҳар келганда қишлоқнинг дийдорига тўймай қоладиган йигитнинг қалби бу гал негадир шаҳарга талпиниб қолди. Қанчалик ўйламасликка ҳаракат қилмасин, хаёлидан Вазиранинг хомуш чеҳраси кетмай қолди: «Кечаги воқеалардан дили вайрон бўлиб, сиқилиб юргандир бечора. Ҳозир қаерда экан-а. Нима ишлар қилаётганикин... Ундан тузукроқ кечирим ҳам сўрай олмадим-а! Онам тўғрисида нотўғри фикрга борган бўлса керак. Бу нохуш вазиятдан қандай чиқмоқ лозим? Балки хафа бўлмагандир. Ўз фарзандини жонидан яхши кўрувчи онанинг аҳволини тўғри тушунгандир. Ахир у ақлли қиз-ку!».
Ўз хулосасидан кўнгли тўлган йигит яна боғ томонга юрди. Бир-икки синфдошлари келишиб, меҳмондорчиликка таклиф этишган бўлсада, боргиси келмади. Олдинлари кўп вақтини оғайнилари даврасида ўтказишга мойил йигит негадир бу гал ёлғизликни хуш кўрди.
Ўғлининг феъл-атворидаги бундай ўзгаришни она сезмаслиги мумкин эмасди. Бошида бу ҳолатни ўғлининг олган жароҳатлари, шифохонада ётиб чиққанлиги билан боғлаган Ҳалима аянинг чуқурроқ ўйлагани сайин хавотири орта борди: «Наҳот бу бола тушмагур яна ўша қизни ўйлаётган бўлса, одамохун бўлиб қолиши, паришонхотир юришига ростдан ҳам шу «анди» қиз сабабчимикин?»
Офтобойимнинг Кумушбибига нисбатан ишлатган иборасини тилга олганидан ўзининг ҳам кулгиси қистади. «Балки у ҳам Кумушдек лобар, эсли-ҳушли қиз бўлса-чи!» Ўз хаёлидан ўзи чўчиб кетган она пичирлади: «Йўқ, йўқ Худо сақласин. Бу қиз шумоёқ, болажоним уни деб бир ўлимдан қолди, илоё юзини бизнинг оиламиздан тескари қилсин!»
Юрагига кирган безовталик Ҳалима аяни ўғлининг изидан етаклади. Баҳром чопонини тагига тўшаб, дарахт соясида бир нуқтага тикилганча ўйчан ўтирарди. Аввалига она ўғлининг хаёлини бузгиси келмади: «Наҳотки яна ўшани ўйлаётган бўлса?!»
Оёқ товушини эшитиб, йигит абжирлик билан ўрнидан турди:
– Аяжон келинг, боғимизни роса соғинган эканман, маза қилиб, дарахтлар билан ҳасратлашиб ўтирибман.
– Айниқса, шу кунларда боғ янада чиройли бўлади. Одамнинг чиққиси келмайди. Албатта соғингансан, ахир анча вақтдан бери келолмадинг. Дарахтларинг ҳам сени қўмсашган.
– Бу ернинг ҳавосини айтмайсизми, тўйиб-тўйиб нафас оласан киши.
– Майли болам, бемалол дамингни олавер, – онаизор боласининг хаёлини чалғитганидан хижолат бўлиб, ҳовлига қайтди.
«Ҳа онам-а, онам! Сал кўринмай қолганимга хавотир бўлиб атайлаб ортимдан чиққан. Шуни айтсалар керакда «онанинг кўнгли болада, боланики далада» деб. Бечора, мен учун жонини ҳам беришга ҳозир. Ҳамма оналар ҳам шундаймикин? Шундай бўлса керак. Оллоҳ ҳар бир жонзотни яратганда дунёнинг бардавомлигини таъминлаш мақсадида ўз боласи учун жонини ҳам фидо қилишдек буюк қудрат берган. Ерга ин қурадиган қайсидир бир қуш тухумини сақлаб қолиш учун жонини минг бир хавф-хатарга қўйиб, ўзидан бир неча марта ҳайбатли йиртқичга қарши жангга кираркан. Йиртқичга кучи етмаслигини билсада, ортга чекинмас экан. Қанотларини ёйиб, инини яшириб, йиртқични чалғитар ва шу йўл билан тухумларини омон сақлаб қолар экан. Ёки мана товуқни олинг. Ҳатто ёш бола ҳам «киш» деса, чўчиб кетади. Аммо курк бўлганда тухумларини ҳимоя қилиш, кейинчалик жўжаларини асраш учун Яратганнинг ўзи унга чексиз куч ато этган. Болаларига тажовуз қилган ёш бола тугул, катта одамга ҳам, ҳатто қопағон итга ҳам ташланиб, зиён-заҳмат етказа олишдек матонат берган. Шундай экан, инсон – она тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Унинг фарзандга бўлган меҳрини ҳеч нарса билан ўлчаб, тенглаштириб бўлмайди. Ана шу меҳр фарзандига қўл кўтарган ёв учун қаҳрга айланса, дунёни ларзага солмайдими?»
Баҳром шуларни ўйларкан, нимадандир сесканиб кетди. Юрагининг туб-тубида қандайдир хавотир пайдо бўлди: «Вазирахон наҳотки онасининг кўзига ана шундай «ёв» кўринаётган бўлса. Йўқ, йўқ, нега энди у. Ҳали орамизда ҳеч нарса йўқ-ку! Биз шунчаки танишмиз, у менга ўз халоскоридек муносабатда бўлмоқда. Мен ҳам унга илиқ муносабатда бўлсам нима бўлипти! Нега унда хаёлларим чалкашиб кетмоқда. Улар қайси йўлдан бормасин, негадир унинг кўчасига кириб қолмоқда. Нега у хаёлимдан кетмай қолди? Тавба ўзи менга нима бўлмоқда? Негадир бутун олам кўзларимга янада чиройли, янада гўзал кўринмоқда…»
Кейинги кун эрталабдан Баҳром «ўқишга бормасам бўлмайди, сессия яқин, имтиҳонларга тайёрланишим керак» деб туриб олди. Уч-тўрт кун қишлоқда дам олиш ниятида бўлган ўғлининг бирдан қарорини ўзгартириб қолиши Ҳалима аяга хуш келмади. Болажонининг дийдорига ҳали яхшироқ тўймаган она уни қайтариш учун қилган ҳаракатлари наф бермади. Эри ҳам ўғли тарафда бўлди: «Қўй хотин, ростдан ҳам ўқишдан анчагина қолиб кетди, имтиҳонларни топшириб олсин, яна келади-ку!» деб қўя қолди.
Ўжар ўғил, бепарво отага қарши чиқиш бефойдалигини ҳис этган она уларнинг қарорига бўйсинишга мажбур бўлди. Лекин уни боласининг меҳрига қонмай қолаётгани эмас, балки «бу боласи тушмагур тағин ўша ойимчани кўришга ошиқмаяптимикин!» деган хаёл кўпроқ ташвишга соларди…
Шаҳарга яқинлашгани сайин Баҳромнинг ҳаяжони орта борди. Аммо бунинг сабаби ўзига ҳам аён эмасди. Қалбида нимагадир, кимгадир интиқлик ҳисси тобора кучайиб бораётгандай эди. Юрагида қандайдир умид учқунлари оловланаётгандек, ҳаётга, яшашга иштиёқи ошаётгандай, чор-атроф, бутун борлиқ кўзига нафосатли кўринаётгандай эди. Олдин ҳеч бунақа аҳволга тушмаганди. «Тавба бу яна нима бўлди? Ёки шифохонада даволаниб чиққач, руҳий ҳолатида бирор ўзгариш бўлдимикин? Ёхуд бир бечора қиз олдида кўрсатган арзимас жасорати қалбига шундай илиқлик бағишлаяптими? Ҳе, калласига нима фикрлар келаяпти ўзи! Қанақа жасорат! Менинг ўрнимда ҳар қандай йигит ҳам шундай қилмасмиди? Бу жасорат эмас, аслида инсонийлик бурч. Мен бор-йўғи йигитлик бурчимни адо этдим холос. Унда бу кўйга тушушимга нима сабаб? Вазирахон эмасмикин? Негадир кейинги кунларда уни кўп эсга оладиган бўлиб қолдим. Ўйламасликка ҳаракат қилган сари унинг гулгун чеҳраси, оташ нигоҳи кўз ўнгимдан кетмай қолаяпти. Бу нима унда! Муҳаббатми!? Наҳот уни севиб қолган бўлсам. Ишқ дегани қалбга шунақа кириб келадими?..»
– Ука, етиб келдик. Нима бало ухлаяпсизми? – шофёрнинг дағал овози унинг хаёлини бузиб юборди…
Кечаси билан безовталаниб, яхши ухлай олмаган Баҳром барвақт туриб, кийимлар ичидан ўзига ёқадиган костюм-шимини олиб, дид билан дазмоллади. Анча пайтдан буён дарсга бормаганлиги сабабми, бугун ўқишга чиройли бўлиб боришга аҳд қилган эди. Унча-бунчага ўзини ойнага солмайдиган йигит негадир бугун тошойна ёнида тўхтаб, ўзига оро берди, сочларини чиройли қилиб таради. Дарсга шошилар экан, қаршисидан чиқаётган таниш-билишлари билан илиқ сўрашиб, уларга ҳам хуш кайфият улашди. Ўзини худди узоқ айрилиқдан сўнг севган ёри билан учрашувга кетаётган йигитдай ҳис қилди. Кеча шаҳарга келган заҳотиёқ эртага катта танаффус вақти Вазирани кўришга боришни режалаштириб қўйгани балки унга шундай руҳият бахш этаётган эди…
Дарс пайти ҳам у ўз хаёллари билан банд бўлди. Ниҳоят иккинчи пара тугаб, катта танаффусга қўнғироқ чалинди. Баҳром хиёбон оралаб, филология факультети томонга юрди. Чиқиш эшигининг икки табақаси ҳам очиб қўйилганига қарамасдан, талабалар йўлакларни тирбанд қилиб, тушликка ошиқишарди. Йигит нигоҳини эшикка қадаганича бир оз кутди. Ниҳоят ичкаридан хон атлас кийган икки қиз чиқиб кела бошлади. Улардан бири Вазира эди. Баҳромнинг юраги тез-тез ура бошлади: «Янада чиройли бўлиб кетибди!».
– Вазирахон, яхшимисиз, – йигит қизларга пешвоз чиқди.
– Баҳром ака, ассалому аллайкум, ўзингизми, бу ерда нима қилиб юрибсиз, қишлоққа кетмаганмидингиз?
– Кетгандим, кеча қайтиб келдим, сизни… кутиб тургандим, – Баҳром бегона қиз олдида ўзини ноқулай сезиб, қулоғигача қизариб кетди.
Буни сезган қиз дугонасини таништиришга тушди:
– Танишинг, дугонам – Гулнора.
– Танишганимдан хурсандман, Баҳром.
– Ўша ботир йигит сизмисиз! – Гулнора дугонасига сирли қараш қилди.
Баҳром бир оз ўзини босиб, қизларни тушликка таклиф қилар экан, қизнинг сирли қарашидан хаёлига «мен ҳақимда унга нималарни айтганикин», деган фикр келди.
Гулнора бу икки севишганлар, ўртасида ўзини ноқулай сезиб, «менинг ишим бор эди, бормасам бўлмайди», деб туриб олганлигига қарамасдан, Вазира уни бирга тушлик қилишга кўндирди.
Талабалар ошхонаси хўрандалар билан тўла эди. Баҳром қизларни четроқдаги столга ўтқазиб, ўзи навбатга турди. Сахийлиги тутиб бир талай егуликлар харид қилди. Гулнора олдига қўйилган биринчи, иккинчи овқатни паққос туширди. Баҳром ҳам, Вазира ҳам бир-бирини синаётгандай олдиларига қўйилган таомларни чўқилаб ўтиришди.
Баҳром аҳён-аҳён яширинча Вазирага назар солар, қиз эса ундан нигоҳини олиб қочаётгандай эди. Бир-икки марта кўзлар тўқнашганда ўртага яшин тушгандай бўлди. Йигит бечора қизларнинг кўнглини оладиган бирор жўяли гап ахтариш билан овора бўлса, ўз навбатида Вазира ҳам «бирор ҳафта қишлоқда бўламан» деб кетган йигитнинг икки кунда қайтиб келганлиги сабабини ўзича тафтиш қилиш билан банд эди. Ўртадаги сокинликни Гулнора ўзининг ҳангомалари билан бузиб турди. Танаффус пайти тугаб қолганлиги боис, қизлар кетишга чоғланиб қолди. Йигит ҳам беихтиёр қизларга эргашди. Факультет эшиги олдида ёшлар жўнгина хайрлашишди. Фақат Гулнора шаддодлик қилиб, дугонасининг судрашига қарамасдан орқасига қайрилиб, «биз томонларга тез-тез келиб туринг!» дея хитоб қилди.
Баҳром бир неча кундан бери кўришга ошиқаётган одамига тузукроқ бир сўз айта олмаганидан хижолат бўлсада, лекин кўнгли бир оз ёришгандай бўлди…
Кейинги уч-тўрт кун ҳам шундай ўтди. Баҳром гоҳ танаффуз пайтида, гоҳ дарсдан сўнг музқаймоқ ейиш баҳонасида Вазиранинг олдига бориб турди. Қиз учрашувларга ҳар доим дугоналари, кўпинча Машҳура, баъзан Гулнора билан бирга чиқарди. Уларнинг олдида Баҳром Вазирага бирор бир арзигулик гап айтишга журъат қилолмасди. Шунга қарамасдан, ўрталаридаги муносабатлари кундан-кунга илиқлашиб бораётгани унга таскин берарди.
Орадан бир ой ўтиб, имтиҳонлар бошланди. Баҳром билан Вазира деярли ҳар куни учрашиб туришди. Ораларида гўё кўз илғамас ришта пайдо бўлаётгандек эди.
Талаба халқи орасида гап ётмайди. Ҳуқуқшунос йигитнинг Вазирани олдига серқатнов бўлиб қолганини сезганлар уларни аллақачон «ошиқ-маъшуқ»қа йўйиб улгуришди. Гуруҳдошлар орасидан айрим йигитлар шундай барно қизни ўзгага бериб қўйишганидан надомат ўтида куйиб қолишди. Бошқалар эса «шу керакда сенларга, оғзингдагини олдириб, энди афсус чекмоқдан не фойда, қўйинглар бир-бирига муносиб экан, бахтли бўлишсин», дея мағлубиятларини тан олиб қўя қолишди.
Июн ойининг ўрталарида ўқишлар тугаб, талабалар қурилиш отрядларига жўнаб кетишди. Ҳуқуқшунослик факультети талабалари Маржонбулоқ шаҳрига, филология факультети эса узоқ Навоий шаҳрига юборилди. Баҳром «ҳижрон азоби», «фироқ ўти», «айрилиқ жафоси» каби жумлаларни китобларда кўп ўқиган бўлсада, уларга шунчаки шоирона иборалар сифатида қараб келган. Бу туйғуларнинг инсон руҳиятига шунчалар қийноқлар солишини тасаввур ҳам қилмаган эди. Бир ҳафтадан бери на уйқусида, на юриш-туришида ҳаловат бор. Кўпчиликка қўшилмай қўйди. Олдинги қувноқ ва шўх йигит босиқ ва жиддий бўлиб қолди. Кўз ўнгидан Вазиранинг сурати кетмай қолди. Ёлғиз сирдоши Зафаржон баъзида унга ярми ҳазил, ярми чин қабилида «севиб қолибсан дўстим, севиб қолибсан, ота-онангга айтиб сени тезроқ уйлантириб қўймасак, Мажнун каби мана бу чўлларга чиқиб кетишинг мумкин», дейишдан чарчамасди.
Бундай пайтларда Баҳром дўстидан хафа бўлиб:
– Бор-э, сенга дўстим деб бор сиримни ошкор қилсам-у сен менинг устимдан куласан, ҳеч кимга ишониб бўлмас экан-да! – деб қўя қоларди. Лекин бир оздан сўнг икки ўртоқ яна аввалгидек сирлашиб кетаверарди. Зафаржон ҳали ҳеч кимни севмаганиданми, тўғрироғи, бирорта қиз бола билан тузукроқ дўст бўлмаганиданми, ўртоғининг Вазира ҳақидаги ҳикоялари унга ҳам хуш ёқарди. Баҳром эса ичини бир оз бўлсада бўшатиб, қалбида ловуллаётган оловнинг тафтини босгандай бўларди.
Вақт жуда-жуда секинлик билан ўтиб борар, кунлар йилларга тенг эди гўё. Яхши ҳам иш бор экан. Талабалар кундуз куни асосий вақтини қурилишда ўтказар, кечки пайтлар эса ташқарига гулхан ёқиб, ҳар хил ўйинлар, кечалар, базмлар ва бошқа кўнгилочар тадбирлар уюштиришиб, «олтин давр»нинг ҳар бир лаҳзасини мароқли ўтказишга ҳаракат қилишарди. Фақат Баҳромгина бу тадбирлардан ўзини олиб қочиб, ёлғиз ўзи ёки Зафаржон билан сайр этишни хуш кўрарди.
Бугун ҳам шундай бўлди. Ишдан кейин кечки пайт талабалар тўпланишиб, ўйин-кулги қилишарди. Баҳром ётоқхонадан сал наридаги овлоқроқ жойга бориб, бир харсанг тош устига чўкди. Атроф сокин. Осмон тиниқ. Тўлин ой тепадан уни кузатиб тургандек. Юлдузлар ерга оқиб тушиб келаётгандай, қўлингни чўзсанг, кафтингга қўнадигандай. Узоқ-узоқлардан итларнинг ҳуришию чигирткаларнинг чириллаши эшитилиб турарди. Остидаги тошдан ҳали ҳам қуёшнинг илиқ тафти кетмаган эди. Тоғ томондан эсаётган ёқимли шабада юзларини силаб, хиёл ўсган сочлари билан ўйнашарди. У кўйлагининг чўнтагидан Вазиранинг расмини чиқарди. Ой нурида қизнинг чиройи ялтираб кўринди: «Эҳ Вазирам, Вазирам! Мана сени кўрмаганимга ҳам йигирма кун бўлибди. Йигирма кун-а! Нақадар соғинтирдинг мени, гўзалим! Қаерлардасан! Чўзсам қўлим, бақирсам овозим етмаса! Қанийди, ақалли гулгун рухсорингни бир кўрсам, қўлларингдан тутиб, сочларингнинг ифорига тўйсам, пойларингга бошимни қўйсам, армоним йўқ эди».
Баҳром мактаб пайтида ҳам баъзи-баъзида шеърлар машқ қилиб турарди. Айрим тадбирларда уларни ўқиб, олқишларга ҳам сазовор бўлган эди. Кейинги пайтларда, айниқса ҳуқуқшуносликка ўқишга киргандан сўнг унинг бу иқтидори йўқолиб қолгандек эди. Лекин негадир шу тобда унинг қалбидан дардли жумлалар қуйилиб кела бошлади:
Роҳат бахш этгувчи жамолинг эслаб,
Қоронғу тунларни ёлғиз ўтказдим.
Кўзларим қирини самога қадаб,
Интизор бўлибон тонглар ўтказдим.
Ялиндим ботгувчи ойга қараб мен,
Сабодан ахтардим ўзга бир нажот.
Жонсиз суратингга боқдиму лекин,
Ҳеч бири бермади менга қаноат.
Бу кун висолингга ташнаман, жоним,
Маъюс кўзларингга боққим келади.
Қалбинг тўлдиргувчи сел бўлиб гўё,
Сен томонга илдам оққим келади.
Лекин йироқдасан эркам, гўзалим,
Қўл чўзсам на қўлим, етмас овозим.
Соғинчим элтадур сенга ғазалим,
Ғазалим сен ўзинг, ўзингсан созим.
Қанийди шу пайт ёнида Вазира пайдо бўлсаю, ўқиб берса! Унинг қувноқ чеҳрасини кўриб, биргина «зўр чиқибди, муборак бўлсин!» деган мақтов сўзларини эшитса. «Э муҳаббат, муҳаббат, одамни не кўйларга солмасанг. Мана шоирлар қаердан пайдо бўлар экан… Лекин у-чи! У мени севармикин? Ахир ўзим ҳали қўрқоқлик қилиб, ичимдаги дардларимни Вазирага айта олганим йўқ-ку! Ҳар учрашганда унга дилимдагиларни тўкиб солмоқчи бўлардим-у аммо кўз-кўзга тушганда тилим лол қоларди, дардимни айтолмай, ношудлик қилардим, ҳа, ҳа ношудлик! Албатта у хатти-ҳаракатларимдан, кўз қарашларимдан унга бефарқ эмаслигимни сезган бўлиши керак. Бироқ бунга шунчаки дўстлик муносабатлари сифатида қараётган бўлса-чи! Эҳтимол бўлиб ўтган воқеалар сабаб ўзини менинг олдимда қарздордек ҳис қилиб, раъйимни қайтаролмай, учрашувларга чиқиб юргандир! Йўқ, йўқ бўлиши мумкин эмас. Унинг қалбида ҳам нимадир бор. Кўзлари алдаши мумкин эмас. Ҳар сафар нигоҳларида иффат, ҳаё аралаш муҳаббат учқунларини кўрмаганмиди?! Кўрганди. Балки ўша учқунлар унинг қалбидаги чўғни оловлатгандир. Ҳозир нима қилаётганикин. Мен ҳақимда ўйлаётганмикин? Мени кутаётганмикин? Бориб келсаммикин. Навоий шаҳри бу ердан тўрт юз чақирим келса керак. Бир кунда бориб, қайтса бўлади. Лекин у бунга қандай қараркин? Йўқ, йўқ яхшиси кутгани маъқул, ўн кун қолди. Шоирлар ҳижрон ҳам азобли, ҳам ёқимли туйғу деб бекорга айтишмаган эканлар. Азоби тушунарли. Ёқимлилиги умид билан яшашда, ёр васлига етмоқ учун орзулар оғушида кунларни ўтказишда бўлса керак. Ана шу умид эмасми, менинг ҳам қалбимни нурга тўлдириб, ҳаётимга кўрк бериб турган…»
Баҳром тош устидан секин тушиб, ётоқхона томонга юрди…
Қолган кунлар ҳам азоб ва умид аралаш ўтди. Шу орада Баҳром талабалар орасида яхшигина шоир сифатида ҳам танилди. Негаки, отрядда ўтказилган мушоира ва «байт-бараклар»да у ўзининг Вазирага бағишлаб ёзган шеърларидан ўқиб, кўпчиликни қойил қолдирди…
Ниҳоят орзиқиб кутилган дамлар ҳам етиб келди. Талабалар тушган автобус Самарқанд шаҳрига йўл олди. Йўлда йигит-қизлар автобусни бошларига кўтариб, ўйин-кулги қилиб келишди. Фақатгина Баҳромнинг қулоғига ҳеч нарса кирмасди. У ўзи билан ўзи бўлиб, Вазира билан бўлажак учрашув ҳақида ўйларди: «қандай кутиб олар экан? Менинг уни шунчалик соғинганимни, васлига зор бўлганимни билармикин? У ҳам соғинганмикин? Нега ўша куни кетиш олдидан бир оғиз бўлса ҳам севишини шартта айта қолмади! Рад жавобини берганда нима бўларди? Йўқ, йўқ, ундай қилолмасди. Менга нисбатан бефарқ эмаслигини кўзларидан сездириб қўярди-ку! Унинг ҳам қалбида менга нисбатан мойиллик борлиги аниқ. Ахир бир йигит бўлса, шунчалик бўлар-да!»
Йигит автобус ойнасидаги аксига қараб, сочларини тараб, ўз-ўзидан виқорланиб қўйди…
Баҳром кўч-кўронини хонасига жойлаб, университет ётоқхонасига шошилди. Ётоқхонага киришда ўтирган қоровул кампир Баҳромни таниб қолган эди:
– Кел, кел болам, ўтавер, қизлар келишган, хоналарида.
– Раҳмат, онажон, мен тезда чиқаман, – Баҳром кампир билан қуюқ саломлашиб, юқорига кўтарилди. Таниш эшик олдида тўхтаб, оҳиста тақиллатди. Эшикни Вазира очди. Баҳромни кўриб, кўзи чақнаб кетди:
– Ассалому алайкум Баҳром ака, хуш келибсиз… Киринг марҳамат! – Вазира меҳмонни ичкарига бошлади.
– Вазирахон, яхшимисиз… яхши етиб келдингизми? – Баҳром ҳаяжонланганидан оёқлари титраб кетди.
Машҳура Баҳром билан сўрашиб, чой қўйиш баҳонасида ташқарига чиқиб кетди.
Икковлари қолганлигидан фойдаланиб, Баҳром олдиндан тайёрлаб келган гапларини айтишга чоғланди-ю, аммо гапни нимадан бошлашни билмай дудуқланиб қолди:
– Са-фа-рин-гиз яхши ўтдими? Чар-ча-мадингизми, Вазирахон!
– Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз, қурилишлар билан чарчамадингизми? – Вазира бир пастда стол устига дастурхон тўшади.
– Мен сизни роса со… кўп эсладим, – Баҳром «сизни соғиндим» демоқчи бўлди-ю, юраги бетламади. – Сизга атаб шеърлар ҳам ёздим.
Вазира қизариб кетди:
– Шеър, ростданми? – дастурхон учини ўйнаб ўтирган қиз мийиғида кулимсираб, йигитга бир ўтли нигоҳ ташлади. – Бунақа истеъдодингиз борлигини билмас эканман.
– Сизни ўйлайвериб, шу аҳволга тушиб ўтирибмиз, – гапиришга гапириб, қулоғигача қизариб кетган йигит қўшиб қўйди. – Шоирлар шунақа пайдо бўлар экан-да!
Бир қўлида чойнак, иккинчисида пиёла тутган Машҳура кириб келиб, Вазирани хижолатдан сақлаб қолди.
Уч талаба анча суҳбатлашиб ўтирдилар. Бир-бирларига қурилиш отрядида кўрган-кечирганларини сўзлаб бердилар.
– Қизлар, менда битта таклиф бор. «Самарқанд» кинотеатрида янги ҳинд фильми кетаётган экан, шунга биргаликда тушсак, нима дейсизлар?
Қизлар бажонидил рози бўлишди.
Баҳром қурилиш отрядида ишлаб, анчагина пул ҳам ишлаган эди. У олдин қизларни ресторанга олиб борди. Чиройли суҳбатлашиб, тамадди қилишди. Сўнг кино бошлангунга қадар уларни музқаймоқ билан сийлади.
Йигит қизларни ҳашаматли кино залга бошлаб кирганда томашабинлар аллақачон ўз ўриндиқларини эгаллаб бўлишган, фақат олдинги қатордаги уларга тегишли учта жой бўш эди. Баҳром қизларни жойлаштириб, ўзи Вазиранинг ёнига ўтирди.
Чироқ ўчиб, фильм бошланди. Баҳромнинг кўзлари экранда бўлсада, хаёли бошқа ёқда эди. Бутун вужуди ёнгинасида ўтирган қизнинг юрак тафтини сезиб турар, унинг сочларидан таралаётган ажиб бир ифор қалбининг нозик торларини чертаётгандай эди. Бутун вужудини ҳаяжон аралаш бир титроқ босиб олгандай эди. Ўғрилик устида қўлга тушган боладай юраги сапчирди. Ниҳоят ўзини бир оз босиб олиб, Вазиранинг қўли устига қўлини қўйди. Қўллари гўё чўққа теккандай бўлди. Қиз бир сесканиб, қўлини секин тортиб олди, «сезмадимикин» деган хаёлда берилиб кино кўраётган дугонасига кўз қирини ташлаб қўйди. Бу ҳолат вужуди титроқ босиб турган йигитни янада хавотирга солди: «Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ! Дабдурустдан қиз боланинг қўлидан тутиб… Ҳали унга дилингдаги дардларни изҳор қилмасдан, қалбинг тўрида оловланаётган муҳаббатингни ошкор қилмасдан… Энди нима бўлади? Мен ҳақимда нима деб ўйлайди? Одобсиз, енгилтак йигит экан демайдими? Йўғ-э, унчаликка бормас. Унда нега қўлини тортиб олди? Бу муҳаббатимга рад жавоби эмасми? Балки дугонасининг сезиб қолишидан хавотир олиб, шундай йўл тутгандир. Нима қилиши керак эди!? Тўғри қилди. Қиз бола ўзининг ибоси, ҳаёси билан гўзал эмасми? Шуни била туриб… тўғри иш қилмадинг йигит, тўғри иш қилмадинг…»
Баҳром энди ўзини янада ноқулай сеза бошлади. Бир томондан қилган қўполлигидан хижолат бўлаётган бўлса, иккинчи томондан шугина «иш»ни эплай олмаганидан, ношудлигидан кўнгли хижил эди. Қилган ишидан юзлари чўғдек қизариб кетган йигитнинг айбини залдаги қоронғулик ва сукунат бир оз бўлсада «яшириб» тургандай эди. Фильм эса тугаб борарди. Ҳозир залда чироқлар ёнади. Унда қизнинг юзига қандай қарайди? Нима қилмоқ керак? Бу оғир вазиятдан қандай чиқса бўлади? Ўйламай қилган иши билан нафақат ўзини, балки Вазирани ҳам ноқулай аҳволга солиб қўймадими?..
Шу пайт Вазира бир оз энгашиб, дугонасининг қулоғига шивирлади. Машҳура мийиғида кулиб қўйди. Экрандан таралаётган ёруғликда Баҳром қизларнинг юзини яққол кўрди: «Мен ҳақимда гаплашишмаяптимикин? Устимдан кулишмаяптими? Йўғ-э, ўзларининг гапи бордир. Дугонасига айтмас».
Бояги воқеадан кейин ўзини хиёл дугонаси томонга олган қиз бир оз ўтиб, яна ўнғай ўтириб олди. Бу ҳолат Баҳромга яна шижоат бахш этди, юрагида алланечук қатъият пайдо қилди. Ниҳоят бор кучини йиғиб, қизнинг кафтига кафтини қўйди. Қиз бир сесканиб, ўрнидан қимирлаб қўйди, сал олдинга энгашиб, «чангал»да турган қўлини дугонасининг нигоҳидан пана қилгандай бўлди. Негадир бу сафар қўлини тортиб олишга шошилмади, нозик бармоқлари билан йигитнинг бақувват дастини оҳиста бир қисиб, сўнг «адашган» билакни ўз ўрнига секин қайтариб қўйди. Баҳромнинг юраги қинидан чиқаёзди. Қизнинг шу назокатли хатти-ҳаракатидан олам-олам маъно уқди: «демак, у ҳам мени севади! Се-ва-ди, ҳа, ҳа, севади! Вазира меники!»
Бирпасда Баҳромнинг қалбидаги нохушлик, умидсизлик, тушкунлик ўрнини ишонч ва қувонч ҳислари эгаллади. Қани энди тезроқ кино тугасада, чироқлар ёниб, севгилисининг гулгун юзларига бир тикилса, унинг чиройига қонса. Эҳ, ҳаёт нақадар гўзалсан!..
Икки ёшнинг ҳаётида гўзал дамлар бошланди. Улар энди деярли ҳар куни учрашишар, ўқишдан бўш пайтларини бирга ўтказишарди. Бир-бирларига шунчалик меҳр қўйдиларки, бир кун кўришмаса, туролмайдиган бўлиб қолишди. Ораларида кўз илғамас ришта пайдо бўлди. Шу алфозда ўтган талабаликнинг икки йили севишган юраклар учун, уларнинг соф муҳаббатлари учун ҳақиқий синов даври бўлди. Яхши-ёмон кунларда, қувонч ва ғамда улар бир-бирларига таянч бўлдилар.
Шу орада Вазира турли тадбирлар баҳонасида Баҳромни Баҳодир ака ва Нигора опалар билан таништирди. Гарчанд қиз йигитни барча қариндошларига «дўстим» деб таништирган бўлсада, сергак ота-она бу ёшлар ўртасидаги муносабатлар дўстлик чегарасидан аллақачон ўтиб кетганлигини англаб етишган эди. Баҳодир акага ҳам, Нигора опага ҳам бўлажак куёв ёқди. Йигитнинг айниқса, оддий ва самимийлиги уларга маъқул тушди. Ўзларича қизларини қишлоқнинг олд йигитларидан бирига узатишни ўйлаб юрган ота-она ёшларнинг танловига қаршилик кўрсатиш бефойда эканлигини тушунишиб, уларнинг ҳаққига дуо қилишдан бошқа иложлари қолмади…
Ҳамон ўша «анди қиз» билан илакишиб юрганидан дарғазаб юрган Ҳалима опа ўғли билан бир неча бор жиддий гаплашди. Баҳром онасига қарши чиқмади, баъзан гапни ҳазилга буриб, баъзан «ер чизиб» вазиятдан чиқиб кетди. Она эса эрининг «қўй-қўйи»га қарамасдан, тўнини тескари кийиб олди. Унинг хаёлида ўғлининг бу қиз билан танишиши яхшиликка олиб келмайдигандек туюларди. «Тўғри қиз чиройда ҳеч кимдан кам эмас, ақли-ҳуши, одоби ҳам жойида. Лекин барибир у ўғлимга тўғри келмайди. Ўғлим бир ўлимдан қолди. Қандай қилиб унга кўнглим бўлсин! Лекин Баҳромжон сўзида маҳкам туриб олса нима қиламан? У ҳам отасига ўхшаб ўжар. Уни фикридан қайтаришнинг ҳам ўзи бўлмайди. Нима қилсам экан? Фолбинга борсаммикин? Ёки муллага бориб, қайтарма қилган яхшими? Гарчанд у шу ёшга кириб, бундай «хизматлар»дан фойдаланмаган бўлсада, уларнинг қилган кароматлари ҳақида кўп эшитган. Албатта, уларнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Бироқ одамлар бекорга гап чиқармайди-ку! Уларнинг гапларида ҳам оз бўлсада ҳақиқат бўлса керак. Унинг ҳозирги вазиятда бошқа иложи йўқ. Болажони учун чўпга ҳам ихлос қилишга тайёр. Балки фойдаси бўлар».
Шуларни ўйлаб, Ҳалима опа қўшни қишлоқдаги Тозагул фолбинникига йўл олди. Кампир уни обдон тинглаб, «ўғлингизнинг расмини олиб келдингизми?» деб сўради. Она сумкасидан Баҳромжоннинг расмини чиқариб фолбинга узатди. Кампир аввалига олдида очиқ турган қалин китобни варақлаган бўлди, кейин кўзларини юмганча қўлидаги пичоқни ўйнатиб, эшитилар-эшитилмас қандайдир дуога ўхшаш сўзларни айтиб, фол очишга тушди: «Ўғлинг ўша қизга уйланади, уларнинг иккита десамми ё учта десамми фарзандлари бўлади, ҳа-ҳа икки ўғил бола кўринмоқда, ўғлингиз катта жойларда ишлайди, мартабаси баланд, бахтли-тахтли бўлади, келин бола билан аҳил яшашади, ризқлари жуда узоқларга сочилган болаларингизнинг, ҳаётлари осуда кечади, кейин, кейин … ҳеч нарса кўринмаяпти, эй нима бало, бўлди бошим оғрияпти, чиқинглар, мен дам оламан…».
Ҳалима опа фолбиннинг бирдан феъли айниб қолганига ҳайрон бўлиб, ўрнидан турди, сумкасидан пул чиқариб, кампирга узатди. Фолбин пул олишдан қатъиян бош тортиб, хонадан чиқиб кетди.
Ҳалима опа ҳали ҳам нима бўлганини англай олмай беихтиёр эшик томонга юрди: «Тавба, қизиқ кампир экан-а! Фол оча туриб, бирдан жини қўзғаб қолди. Фолбинлар орқали бўлади дейишарди, тўғри эканда! Ўғлинг бахтли-тахтли бўлади дедими? Лекин нимагадир фолни охиригача очмади, мендан ниманидир яширдими? Ёки кўрган нарсасини айтгиси келмадими? Бирор нохушлик сездимикин? Ҳар ҳолда у мендан ниманидир яширди. Негадир пул ҳам олмади-я!»
Уйига қайтар экан Ҳалима опанинг дилидаги ғашлик ортгандай бўлди, фолбинга учраганига пушаймон бўлди. Эри, ўғли эшитса нима дейди! Устидан роса кулишмайдими? Қаердан ҳам шу ерга келди ўзи! Шу фолбинларга ихлос қўйган одамнинг ўзи аҳмоқ. Бировнинг тақдирини олдиндан кўриб бўладими! Эртага нима бўлиши ёлғиз Парвардигордан бошқа ҳеч кимга маълум эмас-ку! Ҳе ўргилдим, сендай фолбиндан, яна у кишининг таъби нозиклигини айтмайсизми? Сиркаси сув кўтармай кетсин!
Орадан беш-олти кун ўтди. Опа ўйламасликка ҳарчанд ҳаракат қилмасин, фолбин кампирнинг тунд башараси, зардали сўзлари хаёлидан кетмай қолди. Шундоғам ўғлининг қайсарлиги, эрининг бепарволигидан қисиниб юрган онанинг қалбидаги ваҳима, қўрқинч ҳисси янада кучайди. Энди у қандай қилиб бўлмасин, ўғлини бу йўлдан қайтариш, «шумоёқ» қизни ундан ажратиб олишга аҳд қилди.
Шуларни дилига туккан она эрта тонгда Самарқандга – Баҳромжоннинг олдига йўлга чиқди. Кейинги пайтларда хотинининг ғайриоддий қилиқларидан ҳайратланиб юрган Сафар ака «Майли, ўғлини соғинган бўлса, кўриб келмоқчидир-да» деган фикрга келди…
Баҳромжон онасини кўриб суюниб кетди. Лекин унинг важоҳатини кўриб, «онам тушмагур яна бир нимани бошламоқчи шекилли!» деган ўй ичидан ўтди. Меҳмон шарафига Баҳром кечки пайт қўлбола ош дамлади. Она-бола узоқ суҳбатлашиб ўтирдилар. Ҳалима опа ўғлини кўриб, унинг дийдорига қониб, эски гиналарини, аразларини унутгандай бўлди. Лекин гап Вазирага қадалганда она-бола ўртасидаги якдиллик ортга чекиниб, қандайдир кўринмас девор пайдо бўлди.
– Баҳромжон, биламан Вазирани севасан, лекин бахтли бўлиш учун фақат севгининг ўзи камлик қилади. Бунинг учун ота-она ризолиги, яқинларнинг қўллаб-қувватлаши, қолаверса Оллоҳнинг хоҳиш-иродаси ҳам лозим бўлади, – она гапини узоқдан бошлади. – Тўғри танлаган қизинг ҳам ойдеккина. Аммо у сенга бир умрлик йўлдош бўла олмайди. Халқимизда тенг тенги билан деган нақл бор…
Боядан бери кўзини ердан узмай жим ўтирган Баҳром онасининг охирги гапидан ранжиди шекилли, унга ёвқараш қилди. Буни сезган она сал юмшади:
– Мен Вазирани камситмоқчи эмасман. У бир оилани бахтли қила оладиган қиз. Лекин сизларнинг юлдузларингиз бир-бирига тўғри келмайди. Сизлар бирга бўла олмайсизлар. Бошланиши яхшилик билан кечмаган ишнинг охири ҳам вой бўлади, болам!
Шу ерда она фолбиннинг башорати ҳақида гапирмоқчи бўлди-ю, бунақа ирим-сиримларга ишонмайдиган ўғлининг «онам шунчаликка бордими?» деган хаёлга боришини ўйлаб, фикридан қайтди.
– Онажон, дунёга келиб ғам-андуҳдан бошқа нарса кўрмаган бир бечора қизни умидвор қилиб, қандай ташлаб кетаман, – Баҳром ниҳоят бошини кўтариб, онасига тик боқди. – Сиздай тушунган аёлга шу маъқул бўладими?
– Болам, Вазира кўчада қоладиган қиз эмас, ўз тенгини топиб олади. Менинг ҳам унга раҳмим келади. Гўдаклик чоғидан ота-она меҳрига қонмай, ўзгаларнинг эшигида сарғайиб катта бўлган, етимлик азобини бошдан кечирган шу қизга онамнинг дили ачишмайди, деб ўйлайсанми? Ачишади! Лекин унинг йўли бошқа, сенинг йўлинг бошқа! Сен унга бир бор одамийлик қилиб, ўз бурчингни бажардинг!
– Онажон, энди шу қилган яхшилигимни юзига солиб, умри давомида илк бор қувонч нималигини ҳис қилган қалбини вайрон қилайми? Сизлар мени бундай пастликка ўргатмагансизлар-ку!
– Нималар деяпсан жиннивой! Ҳозир сенга шунақа туюлмоқда. Бир оз вақт ўтса, унинг ҳам, сенинг ҳам ёдингдан чиқади. Вақт – олий ҳакам! Сенга бир ҳурилиқо топиб қўйганман. Кўрсанг, ўзинг ҳам ёқтириб қоласан. Унга ҳам яхши жойлардан ато этар!
– Раҳмат, менга бошқаси керак эмас! – эшитилар-эшитилмас пичирлади Баҳром.
– Мен сени ўйлаяпман. Негадир шу қизга кўнглим чопмаяпти. Нима учунлигини ҳам билмайман. Мен онаман! Онанинг қалби эса бошқалар идрок этиши мумкин бўлмаган нарсаларни ҳам сезади. Не десанг ҳам мен қаршиман! Агар сен бизни десанг, бу йўлдан қайт!– Ҳалима опа биринчи бор ўғлига буйруқ оҳангида сўзлади.
Онаси билан тортишиш бефойдалигини сезган йигит индамай қўя қолди. У шу онда бирор ножўя сўз айтиб қўйиб, жиғибийрони чиқиб турган онасини баттар ранжитгиси келмади. Бошқа томондан Вазирадан воз кечишни хаёлига ҳам келтира олмасди. Шу сабабли бир оз фурсат ўтса, балки онам шаштидан тушиб қолар, деган ўйга борди. Онаси ҳақ, вақт – олий ҳакам. Боласини жонидан ортиқ севадиган она ҳеч қачон унинг бахтига қарши чиқа олмайди.
Ҳалима опа ўғлининг жим турганини розилик аломати деб тушунди. Қобил фарзанд ҳеч қачон онасининг гапини икки қилмайди…
Эртаси куни она ўғлини дарсга кузатиб, ўзи тўғри университет томонга йўл олди. Суриштира-суриштира Вазирани топди. У билан илиқ саломлашди, ўқишларини, уйдагиларининг ҳол-аҳволини сўради. Сал нари юришиб, хиёбон четидаги ўриндиққа ўтиришди. Ҳалима опа гапни узоқдан бошлаб, муддаога кўчди:
– Мен Баҳромжоннинг олдига келгандим. Сизни ҳам кўриб ўтай дедим. Жоним қизим, сиз билан учрашганимни у билмайди. Билмай қўя қолсин.
Вазира «хўп» дегандай бош ирғади.
– Сизнинг аччиқ тақдирингиз, бошингиздан кечирган азоб-уқубатларингиз ҳақида эшитганман. У кунларнинг ортда қолгани рост бўлсин. Болалик чоғларингиздан сизни ўзининг турли хил синовларига рўпара қилган Оллоҳ қолган умрингизни зиёда қилсин, шафоат нурларини бошингизга ёғдирсин, илоё!
– Раҳмат, сизга ҳам Худодан омонлик тилайман, – қиз ийманибгина жавоб қайтарди.
– Болам, сиз ақлли, фаросатли қизсиз. Чиройингиз қошида не-не йигитлар тиз чўкмайди дейсиз! Сизга Яратганнинг ўзи яхши жойдан умр йўлдош ато этишига имоним комил. Фақат Баҳромжонни тинч қўйсангиз!
Вазира илк бор ўзида қаршисида ўтирган ҳамсуҳбатига тик қарашга жасорат топди. Шунда Ҳалима опа ўзининг нотўғри гапириб қўйганини англаб, вазиятни юмшатишга тушди:
– Яъни демоқчиманки, Баҳромдан ўзингизни олиб қочсангиз. У сизни девоналардек севиб қолган кўринади. Кеча биз гаплашиб олдик. Менга сиз билан бошқа учрашмасликка ваъда берди. Сиздан илтимос, уни бошқа изламанг, энди учрашманглар. Сиздан ўтиниб сўрайман!..
Вазира донг қотди. Суҳбатдошининг кейинги гаплари унинг қулоғига ҳам кирмади: «Наҳотки Баҳром акам мендан воз кечган бўлса! Наҳотки энди биз бегоналардек ажралишиб кетсак! Наҳотки муҳаббатимиз шунчалик мўрт бўлса, биринчи зарбага дош беролмаса! Мен энди ким деган одам бўлдим! Бу дунёда қандай бош кўтариб юраман, энди қандай яшайман! Эҳ Баҳром ака, мендан воз кечиш наҳот сизга шунчалар осон бўлса! Мендай бахти қаро қизни Сиз ҳам ташлаб кетсангиз…
Ўксиб-ўксиб йиғлаётган қизни Ҳалима опа бағрига босди. Шу тобда унинг ҳам кўнгли бўшаб, йиғламоқдан нари-бери аҳволда эди:
– Қўй болам, қўй йиғлама. Бу ишларда сенинг заррача айбинг йўқ. Мен она ўлгурнинг кўнгли безовта бўлса нима қилай? Сабабини ўзим ҳам билмайман. Умримда бормаган фолбинга ҳам бордим. У қаердаги гапларни айтиб, баттар қўрқитди! Сен менга маъқулсан. Ортиқ бўлсанг ортиқдирсанки, ҳеч кимдан кам эмассан. Лекин қалбим хавотирда. Нима қилай?! Фарзандининг бахтидан бошқа нарсани кўра олмайдиган мендай нодон онани кечир, қизим.
Вазира бир оз ўзини босиб, рўмолчаси билан юз-кўзини артиб, сочларини тартибга солди. Сўнг бор кучини йиғиб, Ҳалима опага юзланди:
– Опажон, сизни норизо қилиб, биз бахтли бўлолмаймиз! Мен ҳам Баҳром акам билан бошқа учрашмасликка сўз бераман, хайр, – қиз илкис ўрнидан туриб, нари кетди.
– Қизим мени кечиринг, сиз албатта ўз бахтингизни топасиз! – деди Ҳалима опа чайқалиб-чайқалиб кетаётган Вазиранинг ортидан. Аммо қиз унинг гапларини эшитмади…
Баҳром икки ўт ичида қолди. Бир томондан оқ сут берган онаси, иккинчи томондан қалб ардоғи, суйган ёри – Вазира. Нима қилмоқ керак? Онасини деса, муҳаббатидан воз кечмоғи даркор. Ёрини деса, ота-она дуосидан бебаҳра бўлса! Йўқ, йўқ, ота-онасини норизо қилиб, уйлана олмайди. Хотин топилиши мумкин, лекин ота-она топилмайди. Ҳеч бир фарзанд ота-она хоҳиш-истагига қарши бориб, дуосини олмасдан бахтли бўла олмаган. Ахир халқимиз бекорга ота-она рози – Худо рози демаган. Ота-онани норизо айлаб, кимгадир кўнгил бериш, уйланиш, биринчи навбатда, муҳаббатга хиёнат эмасми? Хўп майли, турмуш ҳам қурдилар дейлик. Кейин нима бўлади? Оилага тушган келиннинг кейинги тақдири қандай кечади, Унинг шу оилага сингиб кетишига ким кафолат беради. Норизолик ботқоғига қурилган бахт қасри тезда таназзулга юз тутмайдими?
Шу тобда Баҳромнинг хаёлига «Ўтган кунлар» даги Отабек келди. У кимсан Тошкентнинг кўзга кўринган бекларидан бири Юсуфбек ҳожининг ўғли эди. Ўзи ҳам замонасининг ўқимишли, ақл-ҳушли, мард, жасур йигитларидан эди. Ота-онасининг ёлғиз фарзанди бўлишига қарамасдан, уларнинг раъйига қарши Марғилоннинг гўзал қизи – Кумушбибига кўнгил қўйди. У ҳам кексайиб қолган ота-онасининг ёлғиз фарзанди, кўзларининг оқу қораси эди. Аслида севиш, севилиш айб эмас, кўнгилнинг иши. Ҳеч ким шу инсонни севиб қолишим керак, деб севмайди, балки ўзи билмаган ҳолда севиб қолади.
Отабекдек қобил фарзанд муҳаббатнинг қаршисида чорасиз қолди. Ота-онасининг қаршилигига қарамасдан, Кумушга уйланиб ҳам олди. Уни дунёга келтирган, қароғларида асраб, вояга етказган, илму одоб берган табаррук зотларнинг дуосини олмай турмуш қуриб, гуноҳи азимга ботди. Муҳаббат унинг кўзларини кўр қилиб қўйди. Аҳли Тошкент иззат-ҳурмат қиладиган оиласини, унга ҳавас қилиб, эъзозловчи қавму қариндошларини, маҳалла-кўйини, кимсан Юсуфбек ҳожининг зурриёти деган шаънини унутиб, бебошликка, ҳа-ҳа бебошликка йўл қўйди.
Бу никоҳга Кумушбибининг ота-онаси ҳам қарши эди. Негаки, улар ҳам кексайган чоғларида ёлғиз фарзандларининг Отабек билан Тошкентга кетиб қолишидан беҳузур эдилар. Куёвлари Марғилонда қолиш даъвосини қилаётган бўлсада, бир кун келиб, юрт, ота-она соғинчи, улар олдидаги масъулият уни Тошкентга чорлаб қолишини дилдан ҳис қилардилар. Демак, бу томонда ҳам ота-она норизолиги.
Оқибати нима бўлди? Отабекнинг ота-онаси юзига оёқ қўйиб, қилган биргина бебошлиги қанча бахтсизликларга сабаб бўлмадими? Кумушбибини ўлдирган, Тошкенти азимда харидорлари сон мингта бўлган Зайнабхоннинг бахтсиз бўлишига Отабек сабабчи эмасми? Унинг биргина беодоблиги икки нуфузли оиланинг бахтсизликка юз тутишига олиб келмадими? У эмасми, ота-она, қариндош-уруғ, яқинлар, унга бор меҳрини берган инсонлардан кўра кўпроқ ўзини, ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлаган?
Йўқ, йўқ у бундай қилмайди, қила олмайди. Ота-онани қақшатиб, ҳеч кимга уйлана олмайди. Улар рози бўлмаса, Вазирадан воз кечишга, севгисини ичга ютишга мажбур бўлади. Бир кун келиб қалбидаги жароҳатлар битар! Балки бир кун келиб, онаси ўз шаштидан тушиб, фикридан қайтар! Бунинг учун вақт керак!..
Баҳромнинг хаёллари чувалашиб кетди. Вақт алламаҳал бўлишига қарамасдан, ухлай олмади. Ҳовлига чиқиб, бир оз сайр қилган бўлди. «Лекин Вазира бунга қандай қарар экан. У менга муҳлат, имкон берармикин? Онамни тўғри тушунармикин? Унинг кўнглидан нималар ўтаётганлигини ҳис қилишга ҳаракат қилармикин?
Дарвоқе, онам нима учун бизнинг турмуш қуришимизга қаршилик кўрсатаётган экан-а? Отабек ва Кумушнинг ҳолати тушунарли. Ҳар иккиси ҳам ота-онасининг ёлғизгина фарзандлари бўлишган. Уларнинг бирга бўлиши қайсидир бир оилани фарзандидан жудо қилиш билан баробар бўлган. Ўша давр учун Тошкент билан Марғилон ўртасидаги масофа ҳисобга олинадиган бўлса, бу айрилиқнинг даҳшатлари янада ёрқинроқ билинади. Аммо бизнинг вазият унчалик эмас-ку! Офтобойим билан Ўзбекойимни ташвишга солган айрилиқ дарди онамга хавф солаётгани йўқ-ку! Унда онамни нима бунчалар безовта қилаяпти? Нима учун у шу қизга шунчалар қарши бўлиб қолди. Унинг нимаси, қайси жиҳатлари онамга маъқул бўлмади экан? Хаёлимда онам кўпроқ менинг тақдиримдан хавотирда. Менинг бошимга тушган савдоларда Вазирани айбдор деб билади. Ирим-сиримларга унчалик ишонмайдиган онам негадир бу қизни «шумқадам» деб ҳисоблайди. Балки менга аён бўлмаган қандайдир сабаб бордир. Ахир оналарнинг қалби сезувчан бўлади-ку!…»
Баҳромнинг сабри зўрға икки кунга етди. Бутун бошли икки кеча-кундузни ёрини сўроқлаб боришдан ўзини ти-йиб ўтказди. Дақиқалар йилларга, кунлар асрларга айлангандай бўлди гўё. Вазира бу ҳолатдан таажжубга тушиб, балки ўзи йўқлаб келиб қолар деган хаёлга ҳам борди. Шу орада Вазиранинг ҳам Ҳалима опанинг «ўғлим менга учрашмасликка ваъда берди!» деган сўзларининг тўғрилигига шубҳаси қолмади. Ич-ичидан эзилиб, адои тамом бўлди. Турли-туман шубҳаи гумонлар бағри-дилини кемириб ташлади: «Наҳот онасининг биргина гапи шундай жасур, мард ва оқил йигитни изидан қайтариб, ёридан кечишга мажбур қилса. Наҳот Баҳром акам бу фожиани бартараф этиш, вужудга келган чигалликларни ечиш, онасининг кўнглига йўл топиш чораларини кўрмасдан бирданига таслим бўлса! Наҳот энди келмаса, уни бошқа кўрмасам! Усиз қандай яшайман!.. Ё ҳеч нарсани билмайдигандек ўзим излаб борсаммикин? Қизлик номуси, ҳаёси, ғурури бунга йўл қўярмикин? Бу машмашалардан хабари бўлмаганда эди, аллақачон унинг ортидан излаб бориб, ҳолидан хабар олган бўлмасмиди? Шунча гапдан кейин қандай қилиб борсин, борди ҳам дейлик, Баҳром акаси бунга қандай қараркан? «Энди мени изламанг, ортимдан келманг» деса нима қилади? Бундан ўлгани маъқул эмасми?... Эй Худо, ўзинг йўл кўрсат нотавон бандангга!..»
Учинчи куни Баҳромнинг сабр-бардоши тўлди. Дарсдан чиқиб, тўғри университет ётоқхонасига йўл олди. Иккинчи қаватга чиқиб, узун коридор бўйлаб юрар экан, таниш эшикка яқинлашган сари юраги қаттиқроқ ура бошлади.
Эшикни Машҳура очди:
– Э, э, ассалому алайкум, келинг куёв бола, келинг, камнамо бўлиб кетдилар. Ишлар кўпайиб кетдими дейман.
– Машҳурахон яхшимисиз. Ҳа, дарслар билан овора бўлиб…
Вазира меҳмоннинг овозини эшитиб, унинг истиқболига чиқди:
– Ассалому алайкум!
Баҳром қизнинг саломига алик олиб, бир-бир қадам ташлаб ичкарига кирди. Кўзлар тўқнашди… Гўё ўт чақнаб, юракларга олов пуркагандай бўлди. «Бу шаҳло кўзлардаги қувонч қайга йўқолди? Уч кунда шунчалик чўкиб қолибди бечора қиз. Ё онам унинг олдига ҳам келганмикин? Наҳот учрашган бўлса! Ўша куни «кузатиб қўяман» десам, унамаган эди. Демак, излаб топган!»
Йигит муваққатгина столга ўтирар экан, гапни нимадан бошлашни билмай тайсаллади:
– Вазира яхшимисиз, ўқишлар қалай?
– Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз?
– Сизлар бемалол гаплашиб туринглар, мен дўконга чиқмоқчи эдим, – Машҳура эгнига халатини ташлаб, таш-қарига шошилди.
– Мендан хафамисиз? – Баҳром қизга яқинроқ ўтириб, қўлларидан тутди.
– Йўқ, нега энди, ишингиз кўп, ҳаммасини тушунаман! – қиз кўзларини ердан узмай қўлларини қайтариб олишга ҳаракат қилди. Аммо йигитнинг бақувват қўллари уни маҳкамроқ тутиб, қайтариб олишига имкон бермади.
– Мен… менинг шу кунларда дарсларим кўпайиб, сиздан хабар ололмадим. Сиз…
– Мен сиздан хавотир олдим, – Ҳалима опанинг гаплари қулоғида жаранглаб турган қиз ўзини ҳеч нарсадан бехабардай тутишга уринди.
– Сизни бошқа хавотирга солмасликка ваъда бераман, – йигит шахт билан ўрнидан туриб, қизни ўзига тортди, белидан қучиб, оғушига олди. Товонига тушай деб турган сунбул сочларининг ифоридан маст бўлди. Қулоқларигача қизариб кетган қиз тўрга тушиб қолган қушдай питирлаб, бир муддат йигитнинг қучоғидан чиқишга ҳаракат қилди, аммо йигит уни маҳкамроқ қучиб, ўзига тортди:
– Жоним… соғиниб кетдим, сизни ҳеч кимга бермайман, – йигит луғатида бор ширин сўзлар билан қизни эркалаб, кўзларидан, юзларидан ўпа бошлади. Унинг қайноқ меҳридан ийиб кетган қиз бир фурсат жимиб қолди. Ўзига берилган бундай эркдан руҳланган йигит қизнинг ғунча лабларидан сонсиз бўсалар ола бошлади. Ишқ лаззати ҳар икки қалбни сархуш айлади. Шу тобда улар борлиғини унутиб, еттинчи осмонда учиб юргандай эди. Бутун умрлари давомида бундай лаззат гаштини тотмаган икки жисму жон бир бўлиб кетгандай эди. Шу пайтгача енгил қаршилик қилиб турган қизнинг назокат тўла хатти-ҳаракатлари йигитникига уйқашиб кетди.
– Сизсиз яшай олмайман, Баҳром ака, – Вазира кўзларини маҳкам юмганча йигитнинг қулоғига шивирлади ва уни маҳкам бўйнидан қучди.
– Мен ҳам ҳаётимни сизсиз тасаввур эта олмайман, жоним! – Баҳром қизни қаттиқроқ кучоқлади. Шунда қизнинг таранг кўкраклари кўксига ботиб, аъзои бадани жимирлаб кетди. Шу тахлит икки севишган қалб бир-бирига олам-олам лаззат, сафо улашиб, қотиб қолдилар. Қизнинг оловдек тафтли юз-кўзлари, дудоқларидан бўсалар олишда давом этаётган йигитнинг лаблари унинг кўзларидан қуйилаётган ёшни ҳис этди.
– Жоним, бўлди, бўлди, йиғламанг, мен сизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман, – йигит қизнинг бошидан ушлаб, кўзларига тик боқди – Нимадан бунчалар безовтасиз, ахир биргамиз-ку!
– Қўрқаман!
– Нимадан, кимдан?
– Сиздан айрилиб қолишдан.
– Сизни ташлаб кетадиган нодон бормикан?!
– Билмадим, яна битта-яримтаси бошингизни айлантириб…
– Эҳ Вазирам, Вазирам, сен билмайсан… сиз билмайсиз, менинг мана шу бераҳм қизни қанчалик севишимни!
– Яхши бўпти! – қиз ўзгача бир назокат билан йигитга тикилди ва чўзилиб, қулоғига шивирлади:
– Мени «сен» дейишингизни хоҳлайман!
– Нима учун? – йигит ҳам шу оҳангда қизнинг қулоғига шивирлаб сўради.
– «Сиз» десангиз негадир бир-биримиздан узоқлашгандек туюлади менга.
– Есть, бундан буён «сен» дейман, – йигит ўнг қўлини бошига олиб бориб аскарларга хос «чест» берди. – Сиз хафа бўлмасангиз бўлгани.
– «Сиз», эмас «сен»!
– Узр, сени жонимдан ортиқ се-ва-ман!
Бир мухлат икки ёшнинг жисму жони қоришиб кетгандай бўлди…
Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Вазира лип этиб Баҳромнинг қучоғидан чиқиб, ёйилиб кетган сочларини тўғрилади, юз-кўзларини артиб олди. Эшикда Машҳура кўринди. У ўзининг бемаврид келганини фаҳмлаб, сумкасидан қандайдир китобни олиб, изига қайтди.
– Сизлар бемалол гаплашиб ўтираверинглар, мен қизларнинг ёнида бўламан, – Машҳура хонадан чиқар экан, йигитдан яширин Вазирага кўз қисиб қўйди.
– Сизларни ҳам роса беҳаловат қилдим, узр. – Баҳром қизга айбдордек жавдиради.
– Ҳечқиси йўқ, дугонам ўзи кўпчилик бўлиб дарс тайёрлашни яхши кўради, – Вазира оҳиста ўз жойига ўтириб, муҳим гапни айтмоқчидай йигитга жиддий тикилди:
– Баҳром ака, илтимос… энди учрашмасак.
– Нега, бу нима деганингиз?
– Мени ҳам, ўзингизни ҳам қийнаманг. Ота-онангизни норизо қилиб биз ҳеч қачон бахтли бўла олмаймиз.
– Онам сиз билан учрашдими?
Қиз ерга қаради. Кўзларидан оқаётган маржон-маржон ёшни сездирмаслик учун юзини қўллари билан тўсди.
«Эҳ онажон, онажон-а! Барибир ўз айтганингиздан қолмабсиз-да!» Баҳромнинг онаси Вазирага учраганига шубҳаси қолмади.
– Вазира, жоним, онам учун сендан узр сўрайман, – йигит қизнинг ёнига ўтириб, юзини ўзига қаратди, рўмолчаси билан кўз ёшларини артди. – Мен онамни кўндираман. Мана кўрасан, онам унчалик қаҳри қаттиқ инсон эмас, унга бир оз вақт керак. Бизга Худо хоҳласа, ўзлари оқ фотиҳа берадилар.
– Билмадим, Баҳром ака, лекин негадир менга жуда қаршилар, сўзларидан қайтмайдиларми дея қўрқаман, – қиз бошини Баҳромнинг кўксига қўйиб, чуқур тин олди.
– Қўрқма, жоним! Ҳаммаси яхши бўлади, биз биргаликда курашамиз! Ким ахир ўз муҳаббатига осонгина эришибди? Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Баҳром ва Дилором, Отабек ва Кумуш… Ишқ йўлида қанчалар заҳмат чекмади улар! Балки севги ўзининг ана шундай азоблари билан қадрли ва ёқимлидир. Ҳар ким ўз севгиси, муҳаббати учун курашиши лозим эмасми?!
– Шоир бўлиб кетинг-э, – қизнинг чеҳраси ёришиб, йигитга юзланди, – Мен ҳам курашдан, кутишдан сира чарчамайман. Лекин барибир қўрқиб кетаяпман. Негаки, бошқаларга қарши курашса бўлади, аммо ўз онасига инсон қандай қарши бориши мумкин. Унга қарши қандай курашсин!
– Йўқ, жоним, биз онамизга қарши бормаймиз. Балки у кишини бизнинг тарафга ўтишига умид қиламиз! Ўзлари бошимизда туриб, никоҳимизга розилик беришларини кутамиз!
– Сиз чекинмасангиз бўлди, мен қанча бўлса кутишга тайёрман, қийинчиликларга ҳам сабру бардошим етади. Фақат Сиз…
– Хўш, хўш, биз нима экан?
– Онангиз кўзлаб юрган ўша қизга оғиб кетмасангиз бўлгани, – қиз кўзларини жавдиратиб, ёқимли эркаланди.
– Онамни шунчалик маҳлиё этган қизни аввал кўрайлик, агар сиздан сулув бўлса, ўйлаб кўрамиз!
– Ҳо, боринг ўша сулувингизнинг олдига! – қиз йигитни кўксидан итариб, ўрнидан қўзғалди.
– Тўхта, тўхта! – йигит қизни қўлидан тутиб, ўзига тортди. – Бунча рашкчи бўлмасанг. Сендан гўзал, сендан сулув қиз бормикин оламда?
– Изласангиз топилиб қолар! – Қиз «онангиз сизга аллақачон топиб қўйган» демоқчи бўлди-ю, йигитнинг кўнглига тегиб кетмасин деган хаёлда фикридан қайтди.
– Излай, излай сени топдим, Вазира! – Баҳром қизни маҳкамроқ қучди…
* * *
Фахриддин юз-қўлини ювиб, кийим-бошини тартибга солди. Пастга – ошхонага тушиб, аччиқ қаҳва ичиб, нонушта қилди. Бугунги кун одатдагидан анча оғир кечишини ҳис қилиб, биринчи навбатда қиладиган ишлари режасини тузди. Иш вақти бошланишига эрта бўлишига қарамасдан, гуруҳ аъзоларини йиғди. Навбатма-навбат уларнинг ҳисоботини эшитиб, кун давомида амалга ошириладиган тадбирларни ташкиллаштириш юзасидан ўзининг тавсия ва кўрсатмаларини берди. Гуруҳ аъзоларидан бирини Самарқанд шаҳрига юбориб, чой қадоқлаш фабрикаси раҳбари Шуҳрат Шокиров ва унинг укаси Шавкат ҳақида маълумот йиғишни, уларнинг тергов қилинаётган ишга дахлдорлиги масаласини текшириб кўришни топширди.
Сўнг ўтириб, амалга оширилган ишлар ҳақида прокурорга маълумотнома тузишга киришди. Ёзганларидан кўнгли тўлмай, қайта-қайта ўчириб, чизди. Диққати ошиб, котиба олиб келган сигарета қутисини очиб, тутатди: «Ё тавба, бу қандай савдо бўлди. Наҳотки боши берк кўчага кириб қолдик. Бирорта тахмин иш бермаса-я! Хатшунослик экспертизаси ҳам арзигулик маълумот бермади. Ёки нотўғри йўлга кириб қолдикми? Балки Самарқанддан бирор хабар келар!»
Терговчи хаёлларини жамлаб, яна шахт билан ёзишга тушди. Маълумотномани энди ёзиб тугатган эди, стол четидаги қора телефон жиринглади:
– Фахриддин Каримович, маълумотнома тайёрми? – гўшакдан Тоҳир Ғофуровичнинг салобатли овози эшитилди.
– Тайёр, ҳозир олиб чиқаман.
Терговчи маълумотномани имзолаб, шоша-пиша хонадан чиқди. Прокурор ўринбосарининг қабулхонасида беш- олти чоғли ходим навбат кутиб турарди. Котиба Фахриддин Каримовични кўриб, «Сиз киринг, кутиб турибдилар», деди. Терговчи навбат кутиб турган ҳамкасбларига узр айтиб, ичкарига кирди.
– Ассалому алайкум, Тоҳир Ғофурович, яхши дам олдингизми?
– Келинг ўтиринг, нима янгилик? – бошлиқ бирдан мақсадга кўчди. – Бирорта илинадиган нарса топилдими?
– Ҳамма тахминлар устида ишлаяпмиз, лекин… – терговчи қўлидаги қоғозларни бошлиққа узатди.
– Нима лекин, Фахриддин Каримович сиз масъулиятни сезаяпсизми? Неча кундан бери мени «ишлаяпмиз» дея авраб келасиз! Аммо бирор натижа йўқ. Мен ҳозир прокурорга ахборот беришим керак. Нима дейман? – Тоҳир Ғофуровичнинг хуноби чиқди.
Фахриддин бошлиқнинг феълини яхши билгани учун индамай тураверди. Бундай пайтларда унга эътироз билдириб бўлмасди. Сал гап қайтаргудек бўлсанг, баттар жаҳли чиқиб, киши кўнглини хуфтон қилиб қўярди.
– Хатшунослик экспертизаси бирор натижа бердими? – Тоҳир Ғофурович бошини маълумотномадан кўтармасдан сўради.
– Хат аёл киши томонидан ёзилган, аммо кимга тегишли эканлиги маълум эмас. Баҳром Сафаровичнинг оғайни, қариндошлари, таниш-билишлари орасидан ҳам бундай ҳуснихат муаллифи топилмади. Айни пайтда, у билан қайсидир масалада мулоқотда бўлган яна юздан ортиқ аёл кишининг ҳуснихатлари олиниб, экспертизага топширилди.
– Рўйхатни қаердан, қандай асосда олдингиз?
– Баҳром Сафаровичнинг яқинлари берган кўрсатмалар, ҳамкасблари берган маълумотлар, у кишининг телефон дафтарчасидаги қайдлар асосида рўйхат тузилди.
– Уй, хизмат телефонлари таҳлили олиндими?
– Олинди, рўйхатни тузишда улардан ҳам фойдаланилди.
– Яхши, хат эгаси «сизга ўзим телефон қиламан» деб ёзганди, шундайми? – Тоҳир Ғофурович кўзойнагини қўлига олиб, терговчига термилди. – Демак, ё уйига ё хизмат хонасига телефон қилган? Хотини ва котиби бу хусусда батафсил сўралдими?
Фахриддин «йўқ» дегандай елка қисди.
– Бундан ташқари, кейинги олти ой давомида қилинган барча қўнғироқлар бирма-бир таҳлил этилиши лозим, – Тоҳир Ғофурович терговчи унинг кўрсатмаларини ёзиб олаётганлигини кўриб, дона-дона қилиб сўзлай бошлади. – Телефон қилган ўша аёл уйидан ёки ишхонасидан телефон қилиши мантиққа тўғри келмайди. Шу сабабли умумий фойдаланишдаги телефонлардан, автомат телефонлардан қилинган қўнғироқларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу иш билан шахсан ўзингиз шуғулланинг.
– Хўп бўлади.
Бошлиқ яна кўзойнагини тақиб, маълумотномани ўқий бошлади:
– Чой қадоқлаш фабрикаси эпизоди бўйича ишни кимга топширдингиз?
– Санжар Раҳмонов бир неча тезкор ходим билан Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди.
– Яхши. Ҳа дарвоқе, Баҳром Сафаровичга талабалик йиллари тан жароҳати етказган анави безорилар масаласи нима бўлди?
Фахриддин Каримович қўлидаги папкадан бир варақ қоғоз олиб, бошлиққа узатди:
– Жиноятчилардан бири Суҳроб Азизов олти йилга, иккинчиси Темур Носиров беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони Қарши шаҳрида ўташган. Кейинчалик Азизов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган. Самарқанд шаҳрида бир нечта савдо дўконлари очган. Носиров эса қасддан одам ўлдириб, яна жиноий жавобгарликка тортилган. Айни пайтда Навоий шаҳрида жазони ўтамоқда. Демак, унинг биз тергов қилаётган жиноятга алоқаси йўқ. Ҳозирда Азизовнинг бу жиноятга алоқаси текширилмоқда. Шу пайтга қадар олинган маълумотларга кўра, у кейинги ойда икки-уч марта Тошкент шаҳрига келиб кетган. Ташриф тафсилотлари ўрганилмоқда.
– Ўша воқеадан сўнг Азизов Баҳром Сафарович билан учрашганлиги ҳақида бирорта маълумот борми?
– Уларнинг у ёки бу масалада тўқнаш келганлиги, учрашганлигини тасдиқловчи маълумот олингани йўқ.
– Яхши, мени қабулхонада кутиб туринг, прокурорга бирга кирамиз, – Тоҳир Ғофурович ўрнидан туриб, устига давлат герби ёпиштирилган ички телефон гўшагини кўтарди…
Республика прокурори аввал маълумотномани диққат билан ўқиб чиқди. Сўнг бир нуқтага тикилганча анча пайт ўйланиб қолди:
– Тоҳир Ғофурович, демак ҳали деярли ҳеч нарса маълум эмас. Илгари сурилган тахминлардан бирортаси натижа бермаган. Қилаётган ишларингиз ўзингизни қониқтираяптими?
– Йўқ, албатта! – прокурор ўринбосари «айтмадимми» дегандай Фахриддин Каримовичга қараб қўйди.
– Ҳисоботларингиз мени ҳам қониқтирмади! Гуруҳга энг тажрибали ходимларни ажратган, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари, илмий-текшириш муассасаларини бу ишга жалб этган бўлсак, нима сабабдан ишда силжиш йўқ? Ёки ташкилотчилик етишмаяптими? Фахриддин Каримович, сиз тажрибали терговчисиз, гуруҳ раҳбари сифатида сизга кўп нарса боғлиқ. Анави хат, чой қадоқлаш фабрикаси, Самарқандлик Азизов йўналишида ишлаётганлигингиз яхши. Лекин бошқа тахминлар бўйича ҳам ишни сусайтирмаслик лозим. Кучимиз, ходимларимиз етарли-ку! Барча йўналишда ишни параллел олиб боришингиз зарур! Тушунарлими? – прокурор ўрнидан қўзғалди.
– Тушунарли! – Тоҳир Ғофурович ва Фахриддин Каримович ўрнидан шахт билан туриб, бирваракайига жавоб берди.
– Биздан нима ёрдам керак бўлса, айтинг. Лекин қандай бўлмасин, тез кунларда жиноятни очиш лозим! – деди прокурор хайрлашиш олдидан.
– Раҳмат, ҳозирча ҳамма шарт-шароит етарли. Сизга тергов ҳаракатлари ҳақида вақти-вақти билан ахборот бериб тураман, – Тоҳир Ғофурович ҳарбийларга хос одат бўйича бошлиқ билан хайрлашиб, эшик томон юрди.
Сал олдинроқ хонадан чиққан Фахриддин бошлиғидан узр сўраган бўлди:
– Тоҳир ака, минг бор узр. Мени деб сиз гап эшитдингиз.
– Ҳечқиси йўқ, аммо прокурор тўғри эътироз қилди. У кишининг ўрнида ким бўлганда ҳам шундай йўл тутган бўларди. Ишни жонлантиришимиз керак. Соат ўн тўртга гуруҳ аъзоларини йиғинг.
– Тушунарли.
Фахриддин Каримович тўғри хонасига қараб юрди. Қабулхонада уни гуруҳ аъзоларидан уч-тўрт ходим кутиб турарди. Ҳаммасини ичкарига бошлади. Тортмадан сигарета олиб тутатди:
– Биз Тоҳир Ғофурович билан ҳозиргина Республика прокурорига терговнинг бориши ҳақида ахборот бериб чиқдик. У киши қилаётган ишларимиздан қониқмай, ҳақли равишда эътироз билдирди. Гуруҳ ишини жонлантиришни, тез кунларда жиноятни очишни талаб қилди.
– Фахриддин ака, менда бир шошилинч янгилик бор эди, – бошлиқнинг гапини бўлди Сажарбек.
– Хўш, хўш гапиринг, нима янгилик? – Фахриддин Каримович ўрнидан туриб кетди.
– Азизов масаласида. У Баҳром ака йўқолган куни Тошкентда бўлган. «Россия» меҳмонхонасига жойлашган. Меҳмонхона ходимларининг айтишича, у ёлғиз бўлмаган, ёнида аёл киши ҳам бўлган. Албатта, хотини эмас. Чунки бошқа-бошқа хоналарга жойлашишган. Аёлнинг шахсини ҳам аниқладик. Гулнора Ортиқова, Самарқанд давлат университетини тамомлаган, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Яна бир масала. Баҳром Сафаровичнинг қабулхонасига қилинган телефон таҳлилига кўра, ўша куни, яъни 13 ноябр куни «Россия» меҳмонхонасининг ёнидаги автомат телефондан қўнғироқ бўлган. Кейинги куни худди ўша ердан Баҳром Сафаровичнинг уйига ҳам бир марта телефон бўлган, бир дақиқа гаплашилган, – Санжар қўлидаги ҳужжатларни бошлиққа узатди.
– Калаванинг учини топганга ўхшаймиз. Санжарбек, раҳмат сизга! – Фахриддин Каримович тик турган ҳолда шоша-пиша ҳужжатларга кўз югуртирар экан, қўшимча қилди. – Улар айни пайтда қаерда?
– Самарқандда, ҳозирча уларга текканимиз йўқ.
– Тўғри қилибсизлар, уларни чўчитиб юбормаслик керак.
– Санжарбек, менга зудлик билан Вазира опани чақиртиринг! – Фахриддин қўлидаги ҳужжатларни бир папкага жойлаб, хонадан чиқишга ҳозирланди. – Сизлар ишларингизни қилиб туринглар, мен раҳбариятга ахборот бериб чиқай.
Гуруҳ аъзолари олдинма-кетин хонадан чиқишди.
Тоҳир Ғофурович терговчининг ахборотини диққат билан эшитиб, сўради:
– Наҳотки орадан шунча йил ўтиб, ўч олиш пайига тушган бўлса бу Азизов деганлари?!
– Олти йилга озодликдан маҳрум қилиниб, 4 йилда жазони ўтаб қайтган. Кооператив институтдан ҳайдалган. Балки ҳаётининг бундай издан чиқиб кетишида…
– Бўлиши мумкин, қасос – ёмон нарса. Инсонни ақли-ҳушидан айиради. Анави аёл тўғрисида нима маълум? – Тоҳир Ғофурович терговчига юзланди.
– Ортиқова Гулнора, тахминан Баҳром Сафарович билан бир вақтда университетда ўқиган, менимча бир-бирини танийди. Азизов бундан фойдаланган бўлса керак. Мен Вазира опани чақиртирдим. У киши бу масалага ойдинлик киритиши мумкин.
– Яхши, мен прокурорни хабардор қиламан. Сиз уч-тўртта ишончли йигитларингиздан олиб, Самарқандга жўнанг. Ҳа дарвоқе, йигитлар чой қадоқлаш фабрикаси эпизоди бўйича у ерда ишлашаётганди шекилли.
– Худди шундай.
– Уларни ҳам жалб этинг.
Фахриддин Каримовични қабулхонада Вазира кутиб турарди. У меҳмонни ичкарига бошлар экан, хаёлидан ўтказди: «Бечора, икки-уч куннинг ичида ўзини анча олдириб қўйибди, кўзлари киртайиб, жуссаси чўкиб қолибди. Дард ёмон нарсада!»
– Вазира опа, яхшимисиз? Жиянларим яхшими?
– Оллоҳга шукр! Фахриддинжон, бирон хушхабар борми? – терговчининг қўққисдан уни йўқлаб қолганлигидан бирон-бир янгилик эшитиш ниятида Вазира терговчига муштоқ тикилди.
– Опа, Гулнора Ортиқова деган аёл сизга танишми?
– Ҳа, Гулнора билан бирга ўқиганмиз – курсдошим. Нимайди?
– Уни охирги марта қачон кўргансиз ёки гаплашгансиз?
– Анча бўлди. Самарқандда яшаб юрган кезларимизда кўча-кўйда кўриб турардим. Тошкентга келганимиздан сўнг алоқамиз узилиб кетган.
– Кейинги пайтда сизга ёки Баҳром акага телефон қилганми?
– Йўқ.
– Мана қаранг, ўн бешинчи ноябр куни кеч соат 18.26 да Сизнинг уйингизга телефон қилган, бир дақиқа гаплашилган. – Терговчи телефон станциясидан олинган бир варақ қоғозни суҳбатдошига узатди.
– Ўн бешинчи ноябр куни кечки пайт мен прокуратурада эдим. Уйда болалар бўлган. Балки улар билан гаплашгандир. Лекин шу пайтда бу нимага керак бўлиб қолди? Гулноранинг нима алоқаси бор? – Вазиранинг баттар хуноби чиқди.
– Опа, илтимос, шошманг! Бизнинг тахминимизча, ўша дугонангиз ўн учинчи ноябр куни Баҳром аканинг қабулхонасига ҳам телефон қилган. Улар бир-бирини танирмиди?
– Мен орқали танирди. Ахир бирга ўқиганмиз. Нима улар мендан яширинча учрашган демоқчимисиз?
– Буни ҳали аниқлаганимизча йўқ. Опа талабалик пайтингизда Сизнинг ҳаётингизга тажовуз қилган йигитлар ёдингиздами?
– Бирининг исми Суҳроб эди, иккинчиси Носирмиди, Темурмиди? Шунга ўхшаш-да. Нимайди?
– Улар Баҳром ака билан кейинчалик жазони ўтаб чиққандан сўнг учрашишганми?
– Йўғ-э, улар қамалиб кетгандан сўнг нима бўлганини билмаймиз. Баҳром акам ҳам улар билан қизиқмаган. Йўқса мен билган бўлардим, бу аниқ.
– Гулнора уларни танирмиди?
– Билмадим… лекин… – Вазира бир муддат ўйланиб туриб, давом этди, – улардан бири, менимча Суҳроб дегани билан Гулнора бир маҳаллада яшарди шекилли.
– Буни қаердан билгансиз?
– Ўшанда суддан олдин Суҳробнинг отаси Гулнора орқали Баҳром акамга даъвосидан кечишни илтимос қилганди. Баҳром акам уларнинг гапига унамаганди. Гулнора бу ҳақда мендан ҳам илтимос қилганди. Лекин мен ҳам унга рад жавобини бергандим. Шундан кейин Гулнора билан муносабатларимиз сал бузилиб қолганди.
– Тушунарли, – Фахриддин енгил нафас олди. – Опа болаларингиз ҳозир уйдами?
– Уйда.
– Мана телефон, қўнғироқ қилиб, ўғлингиздан сўранг-чи, ўн бешинчи ноябр куни Баҳром акани Гулнора исмли аёл сўраган эканми?
Вазира уйига қўнғироқ қилди. Терговчи телефон тугмачасини босиб, овозни ташқаридан эшитиш мумкин бўлган ҳолатга келтирди. Гўшакни Нигора опа кўтарди.
– Аяжон яхшимисиз, гўшакни Жавоҳирга беринг!
– Тинчликми болам, бирон хушхабар борми?
– Тинчлик, тинчлик аяжон! Борганда гаплашамиз… Жавоҳир сенмисан, болам яхшилаб ўйлаб кўр-чи, ўн бешинчи ноябр куни дадангни бирор аёл телефонда сўраганмиди?
Жавоҳир бир оз ўйланиб туриб, жавоб қайтарди:
– Бир аёл сўраган эди. Исмини айтмаганди.
– Сен нима дегандинг?
– Мен «дадам Хоразмга иш билан кетган» деган эдим. Узр, ойижон сизга айтиш ёдимдан чиққан экан.
– Бошқа ҳеч нарса сўрамаганмиди?
– Йўқ, ойижон!
– Бўпти болам, яхши ўтиринглар, – Вазира гўшакни қўйди.
– Тушунарли, – Фахриддин қалин муқовали дафтарига нималарнидир қайд қилиб, ички телефонда Санжарбекни чақирди.
– Опа, сизни йигитлар кузатиб қўйишади. Мен Самарқандга бориб келишим керак. Ўша Суҳроб ва Гулноранинг Баҳром аканинг йўқолиб қолишига алоқадорлиги ўрганилмоқда. Ҳозирча бир қарорга келишимизга эрта. Шу сабабли сиздан илтимос, орамизда бўлиб ўтган суҳбат тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмайсиз.
– Нима, бу ишларда Гулноранинг қўли бор деб ўйлайсизми?
– Буни ҳали исботлаш керак. Суҳроб муқаддам судланган, бундан ташқари Баҳром акада қасоси бўлган. Гулнора эса унга ёрдам берган бўлиши мумкин.
– Ишонгим келмайди, йўқ, йўқ бўлиши мумкин эмас, – Вазира ёқасини ушлади.
– Ҳамма нарса бўлиши мумкин, опа. Текшириб кўрсак аниғини биламиз. Бу ҳақда уйдагиларга ҳам гапирмаганингиз маъқул. Мен сизга буларни ўзимизники деб айтдим. Аслида терговнинг сирини ошкор қилиш мумкин эмас.
– Раҳмат, укажон! Баҳром акамнинг ўзидан бирон хабар борми?
– Опа, жиноятчиларни фош қилайлик, Баҳром ака топилади.
– Илоҳим айтганингиз келсин!
Фахриддин Каримович Вазира опа билан хайрлашиб, котибага хизмат сафарига ҳужжатларни расмийлаштиришни тайинлаб, тепага кўтарилди. Тоҳир Ғофуровичга ахборот бериб чиққач, тўрт-бешта тезкор ходимлар ҳамроҳлигида тўғри аэропортга йўл олдилар…
Тезкор ходимларга Суҳроб Азизов ва Гулнора Ортиқоваларни топиш қийин бўлмади. Бир пайтда ҳар иккаласининг яшаш, иш жойларида тинтув ўтказилди. Аммо тинтувда уларнинг жиноятга алоқадорлигини тасдиқловчи бирорта далилий ашё топилмади. Азизов ўзини хотиржам тутди. Ортиқованинг бир оз ташвишланаётганлиги сезилиб турарди. Лекин ҳар иккаласи ҳам гўёки ўзларини нима сабабдан ушланганликларини тушунмаётгандек кўрсатишди.
Гумонланувчиларни Фахриддин Каримовичнинг ўзи сўроқ қилди. Санжарбек баённома юритди. Бир-икки одатий саволлардан сўнг терговчи мақсадга кўчди:
– Охирги марта қачон Тошкент шаҳрига боргансиз, нима иш билан?
Суҳроб Азизов бир оз ўйланиб,
– Ноябр ойининг бошларида боргандим, – деди.
– Аниқроқ айтинг, айнан қайси куни?
– Менимча, ўн учинчи ноябрда бориб, ўн бешинчи куни қайтган эдим. Чунки 16 ноябр куни хотинимнинг туғилган куни эди.
– Тошкентга нима мақсадда ва ким билан борган эдингиз? – Фахриддин Каримович савол беришда давом этди.
– Бир ўзим боргандим. Боришимга сабаб, мен тадбиркорман. Тошкентга маҳсулот олиб келишга бораман.
– Тошкентга борганда, одатда, қаерда тўхтайсиз?
– Меҳмонхонада.
– 13-15 ноябр кунлари қайси меҳмонхонада тўхтадингиз?
– «Россия» меҳмонхонасида, текшириб кўришингиз мумкин.
– Сиз ўша меҳмонхонада Самарқандлик танишларингиздан бирортасини учратмадингизми?
– Йўқ, ҳеч кимни учратганим йўқ!
– Ортиқова Гулнора деган аёлни танийсизми? – деди терговчи Суҳробнинг кўзларига тик боққанча.
Гумондор дами ичига тушиб, бир оз жим қолди. Сўнг кўзларини ердан олмай секингина жавоб берди:
– Танийман, бир маҳаллада яшаймиз.
– Қачон охирги марта у аёлни кўргансиз, қаерда?
– Э-с-и-м-д-а й-ў-қ! Маҳаллада, кўчада баъзан кўриб тураман.
– Демак, Тошкентга бир ўзингиз боргансиз, у ерда танишларингиздан ҳеч кимни учратмагансиз? – Фахриддин атайлаб саволини такрорлади.
– Шундай.
– Биздаги маълумотларга кўра, 13-15 ноябр кунлари Ортиқова ҳам Тошкентда бўлган. У ҳам сиз тунаган ўша меҳмонхонада тўхтаган.
Суҳробнинг ранги оқариб, ўнғайсизланди:
– Мен… мен… бир ўзим эдим. Ортиқовани кўр-га-ним й-ў-қ-!
– Мана бу меҳмонхона маъмуриятининг маълумоти, – терговчи қалин жилдли жиноят ишини очди. – Унга кўра, сиз 415-хонада, Ортиқова эса қўшни 416-хонада яшаган. Энди ҳам ёлғон гапиришда давом этасизми?
Гумондор масаланинг бунчалик чуқурлашиб кетишини ўйламаган шекилли, тахтадай қотиб қолди.
– Азизов, сиз оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаяпсиз! Ростини гапирмасангиз ўзингизга қийин бўлади. Ҳақиқатни айтинг! Айбингизни тан олинг, буни суд жазо тайинлашда инобатга олади. – Фахриддин Каримович «ҳужум»га ўтди.
– Рости, мен ҳеч қандай жиноят содир этганим йўқ. Мен жиноятчи эмасман. Кимнингдир жиноятини менга осмоқчи бўлаяпсизларми? – Суҳробнинг ҳаловати бузилди.
– Унда нега ёлғон гапириб, терговни чалғитишга ҳаракат қилаяпсиз?
– Ҳа, ҳа, меҳмонхонада Ортиқовани кўрган бўлсам, кўргандирман. Лекин ҳеч қандай жиноятга қўл урганим йўқ! Тошкентга товар олиб келишга борган эдим, тушундингизми, товар олиб келишга! – деди Суҳроб жазавага тушиб.
– Демак, Ортиқова билан бирга борганингизни тан оласиз!? – терговчи хулоса қилди.
– Унинг ҳам Тошкентда юмуши бор экан. Барибир мен машинада ёлғиз эдим.
– Ортиқованинг Тошкентда нима иши бор экан? Сизга айтганмиди?
– Билмайман, менга айтгани йўқ.
– Билмайсизми ёки айтишни хоҳламайсизми? – терговчи саволини яна такрорлади.
– Сизга айтдим-ку, билмайман деб, битта гапни неча марта сўрайсиз?! – Азизовнинг асаби чидамади.
– Ўзингизни босиб олинг. Керак бўлса, юз марта такрорлаймиз! То ҳақиқатни айтмаганингизча, сўрайверамиз! Тушунарлими?
Азизов лом-мим демай айб иш қилиб қўйган боладай ерга қараб ўтираверди.
– Баҳром Сафаров деган кишини танийсизми? – Фахриддин Каримович жиддий оҳангда сўради.
– Қанақа Б-а-х-р-о-м С-а-ф-а-р-о-в? Танимайман!
– Танийсиз, ҳозир ёдингизга солиб қўяман. Сиз тажовуз қилган қизни қутқараман деб, сиздан пичоқ еб, касалхонага тушган одамни танимайсизми?
– Ҳа, уми? Оти Баҳром эди. Фамилияси ёдимда й-ў-қ! Танийман, нима бўпти? – Суҳроб жавдираб терговчига тикилди.
– Баҳром Сафаровни охирги марта қачон, қаерда кўргансиз?
– Ўшанда уни тергов ва суд пайтида кўрган эдим. Ундан кейин вообще кўрганим йўқ. Ўртоқ бошлиқ, мен қилган жиноятим учун жазойимни ўтаб чиққанман. Яна мени нимага крайний қилмоқчисиз?! Нима айб қилибман? – Суҳробнинг асаби қўзиди.
– Ўзингизни босинг! Сизни гумонланувчи сифатида сўроқ қилаяпмиз! Ҳали ҳеч ким сизни айбдор деяётгани йўқ. Сизнинг вазифангиз саволларга тўғри жавоб бериб, ҳақиқатни айтиш. Айбингиз йўқ бўлса, тўрт томонингиз қибла, кетаверасиз! Айбингиз бўлса…
– Ҳеч қанақа айбим йўқ. Худога шукр, тирикчилик қилиб юрибман.
– Демак, Баҳром Сафаровни бошқа кўрмагансиз, гаплашмагансиз, шундайми? – терговчи яна мавзуга қайтди.
– Шундай, уни Тошкентда прокуратурада ишлаяпти деб эшитгандим. Билганим шу.
– Бу гапни кимдан эшитган эдингиз?
Азизов индамай тураверди.
– Кимдан, Ортиқоваданми? – терговчи «бизга ҳамма нарса маълум» дегандай ўз саволига ўзи жавоб берди.
Суҳроб ердан бошини кўтармай, «ҳа» ишорасини қилди.
– Сиз нима сабабдан Баҳром Сафаров билан қизиқиб қолдингиз? – терговчи саволни бошқача тарзда ифодалади.
– Ким қизиқибди? Мен ундан бу ҳақда сўрамаганман! Гулнора Баҳромнинг хотини билан бир курсда ўқиган. Шу сабабли уларнинг оиласини билган. Гулнора билан бир гаплашиб қолганимизда, у менга Баҳромнинг катта одам бўлиб кетганини, Тошкентда Республика прокуратурасида ишлаётганлигини айтган эди. Ўшанда билганман, – Суҳроб «бўлдими?» дегандай терговчига юзланди.
– Демак, сиз қизиқмагансиз, балки Ортиқованинг ўзи сизга бу маълумотни айтган. Шундайми?
– Шундай.
– Ортиқова Тошкентга сиз билан бирга борганда Баҳром ака билан учрашган эдими?
– Билмадим.
– Сизга бу ҳақда нима деган эди? Баҳром Сафарович билан учрашиш нияти борлигини айтганмиди?
– Йўқ. Менга бу ҳақда айтган эмас. Ўзи балки менсиз учрашган бўлса, учрашгандир. Мен кун бўйи ўз ишларим билан банд бўлганман.
– Демак, сизга айтмаган!.. Азизов! Яна бир марта огоҳлантираман, фақат ҳақиқатни гапиринг! Акс ҳолда, ўзингизга қийин бўлади. Сиз жуда жиддий жиноятни содир этганликда гумон қилинаяпсиз! Битта ёлғон гап сизга жуда қимматга тушиши мумкин! – Фахриддин Каримович ўрнидан туриб кетди.
– Начальник, мени қўрқитманг! Мен қилган жиноятим учун беш йил ўтириб чиқдим. Ўқишдан ҳайдалдим. Ўшани деб оилам бузилиб кетди. Ҳаётим издан чиқди. Яна менга нима дейсизлар? Мени энди туҳмат билан қамоққа тиқмоқчимисизлар? – Суҳробнинг кўзлари қонга тўлди.
«Демак, бу инсоннинг юрагидаги қасос ўти сўнмаган экан, аламзадалигини энди намоён қила бошлади» хаёлидан ўтказди Фахриддин Каримович:
– Азизов, ўзингизни қўлга олинг! Ҳеч ким сизга туҳмат қилаётгани йўқ. Айбингиз бўлмаса, сизни қонун ҳимоя қилади. Бунинг учун фақат ҳақиқатни айтишингиз лозим. Агар ёлғон гапириб, терговни чалғитишга уринсангиз, унда ҳеч ким сизга ёрдам бера олмайди!
Азизов тинчлангандай бўлди.
– Азизов, мана бу қоғозга 13-15 ноябр кунлари қаерда бўлганлигингиз, қачон, ким билан, нима масалада учрашганлигингизни хронологик тарзда ёзасиз. Бемалол ўйлаб кўринг. Ҳеч нарса ёдингиздан чиқмасин, – Фахриддин Санжарбекка ишора қилди. – Нариги хонага олиб ўтинг.
Терговчи қўлидаги сигаретни икки-уч марта чуқур-чуқур тортиб, кулдонга босди. Хона йўлагида пойлаб турган тезкор ходимларга Ортиқовани олиб келишни буюрди.
Хонага қадди-қомати келишган, буғдойранг, юзлари таранг, сочлари битта қилиб, чиройли турмакланган чамаси 35–38 ёшлардаги лобар аёл кириб келди.
«Дилбаргина аёл экан» хаёлидан ўтказди Фахриддин.
Салом-аликдан сўнг терговчи аёлни ўтиришга таклиф қилди. Гулнора ийманибгина терговчининг қаршисидаги столга ўтирди.
Фахриддин Каримович ўзини таништириб, эринмасдан аёлнинг шахси ва таржимаи ҳолига оид маълумотларни қоғозга туширди. Расмиятчилик юзасидан саволлар бериб, баённоманинг бўш жойларини тўлдирди.
– Ортиқова, сизни гумонланувчи сифатида сўроқ қилаяпмиз. Сиздан фақат ҳақиқатни айтиш талаб этилади. Саволларимга ўйлаб, аниқ ва лўнда жавоб беришга ҳаракат қилинг. Ёлғон гапирсангиз… – терговчи аёлнинг ўткир нигоҳларига қараб, сўзидан адашди. Сўнг қоғозга нималарнидир ёзган киши бўлиб, сўроқ қилишда давом этди:
– Охирги марта қачон Тошкентга боргансиз?
Аёл бу саволни кутмаган шекилли, довдираб қолди. Нима дейишини билмай, бир оз талмовсираб, секин жавоб берди:
– Ёдимда йўқ. Ўтган йили эди, шекилли. Бир-икки марта иш билан борганман.
– Йўқ, шу йил, аниқроғи ноябр ойида, Тошкентга нима мақсадда борган эдингиз? – терговчи саволни кўндаланг қўйди.
Аёл терговчига кўп нарсалар аёнлигини, ёлғон гапириб ишни бузиб қўйиш мумкинлигини тушуниб, минғиллади:
– Ҳа, ноябр ойида ҳам бир марта иш билан бор…бор-гандим.
– Санасини эслайсизми?
– 14 ёки 15 ноябрда эди шекилли.
– Ким билан борган эдингиз?
Гулнора қизариб кетди. Терговчидан кўзларини олиб қочди:
– Бир ўзим боргандим.
– Қаерда тунадингиз?
– Бир дугонамникида.
– Дугонангизнинг исми-шарифи ким, қаерда туради?
Гулнора бундай саволни кутмаган шекилли, баттар ўнғайсизланди. Қаршисида кўзини лўқ қилиб турган терговчига нима деб жавоб қайтаришни билмай, чурқ этмай тураверди. Фахриддин Каримович ҳужжатлар орасидан бир варақ қоғозни олиб, Гулноранинг олдига қўйди:
– Мана бу сиз турган «Россия» меҳмонхонасининг маълумотномаси. Унда сизнинг 13-15 ноябр кунлари шу меҳмонхонада яшаганлигингиз кўрсатилган. Бунга нима дейсиз?
Гулноранинг устидан совуқ сув қуйилгандай бўлди. Ёлғон гапи бунчалик тез фош бўлишини ўйламаган аёл хижолатдан ер ёрилса ерга киргудек бўлди. Айтар гапини йўқотиб, тошдай қотиб қолди.
– Ортиқова, мен сизни яна бир марта огоҳлантираман! Фақат ростини айтинг! Ёлғон гапирсангиз ўзингизга қийин бўлади!
– Мен, мен… кечиринг! Ростдан ўша меҳмонхонада тургандим. Уйдагиларга, эримга «Вазира деган дугонамникида тунадим» дегандим. Эримнинг рашки ёмон. Шу сабабли…
– Дугонангизникига бордингизми?
– Йўқ. Бормоқчи эдим, лекин вақтим бўлмади.
– Уникига олдин ҳам бориб турармидингиз?
– Йўқ. Олдин бормаганман.
– Унда манзилини қаердан олдингиз?
– Манзилини билмасдим, фақат уйининг телефон рақамини Машҳура деган дугонамдан олган эдим.
– Дугонангиз билан телефонда гаплашдингизми?
– Йўқ, бир марта телефон қилсам, уйида йўқ экан. Ўғилчаси билан гаплашдим. Кейин эрининг ишхонасига телефон қилдим. У киши ҳам ишда йўқ экан. Хоразмга кетган дейишди.
– Дугонангизнинг эрига нимага телефон қилдингиз? У кишини олдиндан танирмидингиз? Телефон рақамини ким берди?
Гулнора бир оз ўйланиб, жавоб қайтарди:
– Талабалик пайтимиздан у кишини танирдим. Машҳурадан ҳар эҳтимолга қарши унинг иш телефони рақамини ҳам олган эдим. Ундан Вазирани сўрамоқчи эдим.
– Баҳром Сафаровичнинг Хоразмга кетганлигини сизга ким айтган эди? – терговчи сўроқ қилишда давом этди.
– Ишхонасида ким биландир гаплашдим, ўшами ё ўғлими?.. Шулардан бири айтди шекилли…
– Демак, Тошкентга бир ўзингиз боргансиз, меҳмонхонада яшагансиз, дугонангизга телефон қилиб, топа олмагансиз, уйига бормагансиз, улар билан учрашмагансиз, шундайми? – Фахриддин Каримович илмоқли савол ташлади.
– Ҳм…шундай, – аёл терговчининг бу киноясига тушунмади ёки ўзини тушунмаганга солди.
– Суҳроб Азизовни танийсизми? – терговчи «ҳужум»га ўтди.
Гулнора гангиб қолди. Хаёлидан бирдан «ҳамма гапдан хабардор экан-да!» деган фикр ўтди. Энди қаршилик қилиш бефойдалигини тушуниб, тан олди:
– Узр, мен… илтимос кечиринг!.. Тошкентга у билан бирга борган эдик…
– Нима мақсадда борган эдингизлар? – терговчи қизнинг «сингани»дан фойдаланиб, савол беришда давом этди.
– У кишининг ишлари бор экан, менга «юринг, айланиб келамиз» деганди.
– Азизов сизга ким бўлади?
– Маҳалладошим.
– Азизовнинг Тошкентда қандай юмуши бор экан? Сизга айтганмиди?
– Дўконлари учун товар кўрмоқчи эди, шекилли.
– Сиз нима мақсадда Тошкентга бордингиз?
Аёл жим тураверди. Терговчи саволни бошқача тарзда такрорлади:
– Сизнинг Азизов билан муносабатларингиз бизни қизиқтирмайди. Сизларнинг шахсий ҳаётларингизга аралашмоқчи эмасмиз. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз фақат тўғри гапиришингиз лозим. Тошкентга ташрифингиз боисини билишимиз шарт.
– Мен… мен… Суҳроб «за компанию» дегани учун боргандим.
– Нега унда Вазира опанинг уйига телефон қилдингизлар! Баҳром Сафаровични изладинглар! Мақсад нима эди?
– Тошкентга келгандан кейин дугонамни кўрмоқчи бўлдим. Лекин топа олмадим.
– Нега унда кўрмадингиз? Нима халақит берди сизларга?
– Ўша куни бўш вақтим бор эди. Кейин ишлар билан бўлиб, фурсат топа олмадим.
– Дугонангизникига бориш ғояси кимдан чиқди, сизданми ёки Азизовдан?
– Бу нима деганингиз! Мен дугонамни кўрмоқчийдим. Суҳроб уларни танимаса…
– Шундаймикин? – Фахриддин Каримович ёнидаги столда ёзиб ўтирган Санжарбекка буюрди. – Анави жиноят ишини узатинг!
Санжарбек стол устидаги дипломатни очиб, ичидан қалин жилдли папкани узатди.
– Мана марҳамат, танишинг: бу Суҳроб Азизов ва Темур Носировларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши. Улар бу иш бўйича дугонангизнинг турмуш ўртоғи Баҳром Сафаровга қасддан оғир тан жароҳати етказганликда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинганлар. Бунга нима дейсиз?
Гулнора бу сафар тарашадай қотиб қолди. Вужудини совуқ тер босди. Кап-катта аёл киши бўла туриб, ёлғон сўзлаганидан ўзи уялиб кетди:
– Сизларга ҳаммаси маълум экан…м-м-мендан сўраб нима қиласизлар?..
– Ҳа, бизга ҳаммаси маълум, лекин биз сиздан эшитишни хоҳлаймиз, сиздан фақат тўғрисини гапириб беришни сўраяпмиз! – терговчининг жаҳли чиқиб, овозини кўтарди.
– Тўғри, Суҳроб Баҳром ака билан таниш эди. Биз Тошкентга машинада кетаётганимизда гапдан-гап чиқиб, Вазира ҳақида сўз очилди. Мен унинг Тошкентда яшаётганини, эри Республика прокуратурасида ишлаётганини айтдим. Суҳроб «дугонанг билан ҳали ҳам борди-келди қилиб турасизларми?» деб сўради. Мен «йўқ» дедим. Суҳроб «кел, Тошкентга боргач, уларникига меҳмонга борамиз, мен улардан кечирим сўрашим керак, за одно прокуратурада ишларкан, танишиб оламиз, керакли одам экан», деди. Менда уларнинг телефони йўқ эди. Мен дугонам Машҳурага телефон қилиб, уларнинг телефон рақамларини топдим. Шундан сўнг меҳмонхонадан бир-икки марта телефон қилдик. Аммо уларни топиб бўлмади. Қолган гапларни айтдим…
– Ортиқова, сизни яна бир марта огоҳлантиришга мажбурман! Сиз жуда оғир жиноятни содир этганликда гумон қилинаяпсиз. Ҳар қандай ёлғон сизнинг зиёнингизга ишлашини ҳис қилаяпсизми? Жуда оғир вазиятга тушиб қолгансиз. Ҳамма фактлар сизга қарши. Фақат рост гапгина сизни бу оғир вазиятдан олиб чиқиши мумкин! – терговчи ўрнидан туриб, аёлнинг ёнига борди.
– Қанақа оғир жиноят? Мен билганимни айтдим! Мендан нима хоҳлайсизлар ўзи? – деди Гулнора йиғламсираб.
– Ростини айтишингизни, балки сиз бевосита жиноятни содир этмагансиз. Лекин ёлғон сўзлаб, жиноятни яширишга ҳаракат қилсангиз, сиз ҳам жиноятчиларнинг шеригига айланасиз! Тушундингизми? – деди Фахриддин Каримович дона-дона қилиб.
– Тўғрисини гапириб турибман-ку!
– Бошидан ёлғон гапириб, терговни чалғитишга ҳаракат қилдингиз, сизнинг сўзларингизга ишонмасликка асосимиз бор! Ёлғон гапиришдан сизга нима наф?
– Мен фақат Суҳроб билан бирга Тошкентга борганимни яширишга ҳаракат қилган эдим. Оилали хотинман. Гап-сўз бўлмасин деган маънода… қолган масалаларда ростини гапирдим…
– Суҳроб Баҳром Сафаровичнинг уй ва хизмат телефонини билганмиди? – терговчи жойига ўтириб, сўроқ қилишда давом этди.
– Йўқ, мен телефон қилган эдим, у киши ёнимда турган эди, балки қоғозга кўзи тушган ҳам бўлиши мумкин.
– Дугонангизни телефонда тополмагач, Суҳроб яна телефон қилишингизни сўрадими?
– Йўқ, Баҳром ака Хоразмга кетганлигини эшитиб, «бошқа сафар келганда таништирарсан» деди.
– Ўша кунлари доимо Суҳробнинг ёнида бўлдингизми? У сизсиз бирор жойга кетдими?
– Кўпинча бирга бўлдик, баъзи пайтларда у мени меҳмонхонада қолдириб, ишларини битиришга чиқиб кетарди.
– Санжарбек, Ортиқовани нариги хонага олиб ўтиб, ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштиринг, – деди Фахриддин машинкани чиқиллатиб ўтирган ёрдамчисига.
Санжарбек Ортиқовани қўшни хонага олиб ўтди. Фахриддин Каримович эшик ёнида турган тезкор ходимларга Азизовни олиб келишни буюрди.
Эшикдан ранги докадек оқариб кетган Суҳробни олиб киришди. У қўлидаги бир варақ қоғозни терговчига узатди. Терговчи қоғозга кўз югуртириб, олдиндан ўйлаб қўйган саволларни бера бошлади:
– Мана бу Ортиқованинг сўроқ баённомаси. Унинг кўрсатмасига кўра, Баҳром ака ва Вазира опага телефон қилиш ғояси сиздан чиққан экан-ку! Бунга нима дейсиз?
– Йўлда келишимизда гапдан-гап чиқиб Гулнора ўша дугонасини эслаб қолди. Ҳозирда уларнинг пойтахтда яшаётганлигини, эри Республика прокуратурасида ишлаётганлигини айтди. Тошкентга келаётган эдик, «телефони бўлса гаплаш, бир учрашайлик» дедим. Ўтган мудҳиш воқеалар учун узр сўраб қўймоқчи эдим. Гулнора кимларгадир телефон қилиб, дугонасининг телефонини топди ва қўнғироқ қилди. Лекин ўша куни эр-хотинни топа олмадик. Эрини… Баҳромни Хоразмга кетган дейишди. Шу сабабли бошқа телефон қилмадик.
– Баҳром Сафарович билан нима мақсадда учрашмоқчи эдингиз?
– Қанақа мақсад? Гулнора эслаб қолгани учун бир учрашсак, учрашайлик, дегандим. Мен жазойимни ўтаб келганимни, ҳозир ишларим яхшилигини билдирмоқчи эдим. Балки мени кечирса, танишиб олиб… ҳар ҳолда Республикада ишлар экан… У-бу масалада ёрдами тегар деган эдим-да! – Суҳроб жавдираб терговчига қаради.
– Сиз Вазира опанинг номусига тажовуз қилгансиз, Баҳром аканинг жонига қасд қилган одамсиз! Қайси юз билан уларга кўринмоқчи эдингиз. Ёки қасос ўти ҳали юрагингизда сўнмаган эдими? – терговчи эзғилаб сўрашда давом этди.
– Қанақа қасос?! Ўша пайтларда ёш бўлганмиз. Бир аҳмоқлик қилдик-да! Шунга яраша жазойимизни ҳам олдик. Шу сабабдан қамоқда юрган кезларим ҳам, ундан чиққач ҳам ўч олиш фикри калламга келмаган. Ҳамиша ўзимни айбдор санаб юрганман. Нима уларга бирор нарса бўлдими? – Суҳроб ниманидир сезгандай бўлиб, сесканиб кетди. – Тўғрисини айтинг, уларга бирор кор-ҳол бўлганми?
– Буни сиздан сўрамоқчимиз-да! Марҳамат қилиб айтинг, Баҳром Сафарович билан қаерда, қачон учрашдингиз! Кейин нима бўлди? Ҳаммасини гапирадиган пайтингиз бўлди! Бизни чалғитишга уринманг!
– Мен… мен… ростини айтдим. Баҳром ака билан ҳам, Вазира билан ҳам учрашганим йўқ. Уларга бирор нарса бўлган бўлса, менинг бунга асло дахлим йўқ. Ишонмасангиз, марҳамат Гулнорадан сўранг! – Суҳроб қўллари билан юзини тўсиб олди. – Эй Худо, бу яна қандай кўргулик бўлди. Энди ҳаммаси жойига тушди деб турганимда, бу балолар ҳам бормиди?
– Майли, ҳақиқатни яширадиган бўлсангиз, биз ўзимиз уни топишга ҳаракат қиламиз! – Фахриддин Каримович ўрнидан қўзғалди. – Қолган гапларни Тошкентда гаплашамиз!
– М-е-н ҳам к-к-кетаманми? – Суҳроб ўзини йўқотиб қўйди.
– Сизни жиноятни содир этган шахс сифатида ушлашга мажбурман! – Терговчи хонада у ёқдан бу ёққа юриб, қонунчиликка кўра ушлаб турилганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирди.
– Уйдагиларга телефон қилиб, огоҳлантириб қўйсам бўладими? – хаёлидан минг хил фикрлар ўтаётган Суҳроб сўрашга жазм қилди.
– Албатта, марҳамат, – терговчи стол устидаги телефонни Суҳроб томонга сурди.
Фахриддин эшик ёнида кутиб турган тезкор ходимларни чақириб, Азизовни олиб чиқишни буюрди. Санжарбек «Г. Ортиқовани жиноят содир этишда гумонланувчи сифатида ушлаб туриш ҳақида»ги қарорни гуруҳ раҳбарига олиб кириб, қўл қўйдирди.
Тезкор ходимлар алоҳида машиналарда гумонланувчиларни Тошкент шаҳрига олиб кетишди.
Фахриддин эрталаб харид қилган қутидаги охирги сигарета донасини олиб, тутатди. Кўнгли негадир ғаш эди. «Наҳотки яна нотўғри йўлдан кетдик. Бу ишга уларнинг алоқаси йўққа ўхшайди. Уйига, ишхонасига телефон қилишган! Қайси жиноятчи очиқчасига ўзидан шундай далил қолдиради? Ёки эҳтиётсизлик, тажрибасизлик қилдимикин? Бундай жиноятни қилишга қўл урган одам бунақа пала-партишликка йўл қўймаса керак. Унда нега ҳар иккаласи бошида ёлғон гапиришга ҳаракат қилишди? Балки алоқалари ошкор бўлишидан чўчишгандир».
Фахриддин раҳбариятга телефон қилиш лозимлиги ёдига тушиб, таниш рақамларни тера бошлади:
– Ассалому алайкум, Тоҳир Ғофурович!
– Салом! Нима янгиликлар бор? – симнинг нариги учидан овоз келди.
– Ҳар иккаласини ушладик. Айрим тергов ҳаракатларини ҳозиргина якунлаб, уларни Тошкентга юбордим.
– Фахриддин Каримович, нима деб ўйлайсиз бирор натижа чиқадими? – прокурор ўринбосари у кутган саволни берди.
– Билмай қолдим, Тоҳир Ғофурович! Тўғрисини айтсам, жиноятга уларнинг дахли борлигига ўзим ҳам ишонмай турибман. Яна билмадим. Ҳар нарса бўлиши мумкин.
– Бўпти! Тезроқ етиб келинг, қолган гапларни келганда гаплашамиз.
Раҳбарининг телефонда гаплашиб бўлишини кутиб ўтирган экан шекилли, хонага Санжарбек қўлида бир варақ қоғоз билан кириб келди.
– Фахриддин ака, мана бу «Чой қадоқлаш фабрикаси» йўналиши бўйича қилинган ишлар ҳақидаги ҳисобот, буниси Вазира опанинг талабалик вақтидаги дугонаси Машҳура Мелиеванинг сўроқ баённомаси!
Гуруҳ раҳбари маълумотномага кўз югуртириб чиқди:
– Демак, Шавкат Шокиров саккиз йилда жазони ўтаб, озодликка чиққан. Айни пайтда икки кўзи ҳам кўрмай қолган. Ишламайди. Укаси Шуҳрат Шокиров беш йилда қамоқдан чиқиб, Москва шаҳрига ишлаш учун кетган. Кейинги бир йилда Самарқандга келмаган.
– Ҳар эҳтимолга қарши ҳар иккаласининг телефон сўзлашувлари таҳлили олинди. Алоқаларнинг доираси ва характери ўрганилмоқда, – деди Санжарбек стол устидаги бўш сигарета қутисини қўлида ўйнатиб.
– Мелиева Ортиқованинг гапларини тасдиқладими?
– Худди шундай. Ортиқова ҳақиқатдан ҳам 13 ноябр куни Мелиевага телефон қилиб, Баҳром Сафарович ва Вазира опаларнинг уй ва иш телефонларини ёзиб олган экан.
– Қайси пайтда телефон қилган экан? Эрталабми ёки кечда?
– Тахминан кеч соат 17 ларда.
– Яхши, бошқа масала қолмадими?
– Менимча йўқ.
– Унда қайтсак ҳам бўлади, – Фахриддин Каримович ҳужжатларини йиғиштиришга тушди.
* * *
«Тавба, Гулноранинг бу ишларга нима алоқаси бор экан. Ҳа энди Тошкентга келган бўлса, телефон қилган бўлса, қилгандир. Бу дегани ундан шубҳаланиш керак, дегани эмас-ку! Унда нима сабабдан эримнинг ишхонасига телефон қилган экан. Ё бирор бузуқ нияти бўлганмикин? Йўғ-э, мени тополмаган бўлса, кейин сўраш учун Баҳром акамнинг ишхонасига қўнғироқ қилган бўлса керак. Терговчи уни Суҳроб деган анави безори йигит билан бирга Тошкентга келган дедими? Гулнора оилали хотин бўла туриб, нима сабабдан қандайдир бир бетамизлар билан ош-қатиқ бўлиб юрган бўлиши мумкин? Номаҳрам киши билан ўзга шаҳарда санғиб юришини қандай тушунса бўлади? Бу иккиси бир балони бошлаган бўлмасин тағин! Наҳотки орадан шунча йил ўтиб, бу аблаҳ ўч олиш пайига тушган бўлса?! Терговчи бекорга улардан шубҳа қилмаяпти. Бирон-бир ишончли асоси бордирки, уларни гумон остига олаяпти. Терговчи «Самарқандга кетаман» дедими? Демак, масала жиддий! Вой номардлар-эй! Безорилик қилган, Баҳром акамга пичоқ санчиб, ҳаётига тажовуз қилган ўзлари бўла туриб, яна қасос олсалар! Қамалиб ҳам кўзлари очилмапти-да бу уйинг куйгирларнинг! Баҳром акамни нима қилган бўлишлари мумкин? Бирор нарса таъма қилиш учун гаровга олишдимикин? Унда нега шу пайтгача жим туришибди? Шу пайтгача телефон қилиб, шартларини айтган бўлмасмиди? Гаровда бўлса ҳам жонлари омон бўлса бўлгани. Майли, қанча пул сўрашса ҳам топиб бераман! Уйимни, жонимни сотиб бўлса ҳам Баҳром акамни қутқараман. Қанийди ҳозир уйга кимдир телефон қилиб, эринг омон, товон тўлаб олиб кетавер деб қолса! Ҳаммасига бажонидил рози бўлардим! Ёки… наҳотки… Йўқ, йўқ! Худонинг ўзи сақласин! Лекин бу бетамизлардан ҳар нарсани кутса бўлади! Ўшанда ҳеч бир сабабсиз пичоқ санчган одам, қамалиб келгандан кейин гўр бўлармиди? Баттар ваҳшийга айланган. Эй, Парвардигори олам! Баҳром акамнинг жонини ўзинг омон сақла! Гулнора ўлгур қандай қилиб бу касофатларга қўшилиб қолган экан? У билан ўқишни битиргандан буён учрашмаган эдик-ку! Телефонимни қаердан олди экан? Машҳурадан бошқа ҳеч ким телефонимни билмасди-ку! Ундан олган бўлса керак. Машҳурадан сўрашим керак!..» – Вазира хаёлига келган фикрдан сергакланиб, телефонга ёпишди:
– Ассалому алайкум, яхшимисиз. Қодиржон, ўғлим сенмисан?
– Ассалом! Ҳа, мен Қодиржонман.
– Қодиржон, яхши ўтирибсизларми? Бу мен Тошкентдан Вазира холангман. Аянг, даданг яхшимилар?
– Хола, ўзингиз яхшими? Аям уйда йўқ эдилар.
– Ишдан қайтмадиларми ҳали?
– Йўқ, прокуратурага кетган эдилар.
– Нега, прокуратурада нима қилади?
– Билмадим, чақиришган экан. Келсалар айтиб қўяман.
– Қодиржон, аянг келганда менга телефон қилиб юборсин, мен кутиб тураман, – Вазира телефон гўшагини жойига қўяр экан, хаёлидан «демак, дарров чақиришибди-да!» деган ўй ўтди.
Кейинги пайтларда Вазира уйга келиб, ётоғига қамалиб олишни одат қилганди. Бугун ҳам шундай бўлди. Фақат шу ерда унга ҳеч ким халақит бермас, ташвишу аламлар тўфонида хасдек сочилиб кетаётган хаёлларини йиғиштириб олишига, жиндек ўзига келиб, қаддини ўнглаб олишига, бирин-кетин кўксига урилаётган ҳаёт зарбаларига қарши туришга, сабру бардош йиғишига имкон бўларди. Фақат шу муқаддас гўшадагина у дунёдаги энг қадрдон кишиси – жуфти ҳалоли билан хаёлан гаплашиб, таскин топарди.
Бу ёқда Сафар ака, Баҳодир ака, Нигора опалар ўзларини қўйишга жой тополмай беҳузур бўлсалар, бошқа томонда ҳол-аҳвол сўраш ниятида ҳар куни тўда-тўда бўлиб келаётган туққан-туғишганлар саросимада эди. Ким биландир телефонда гаплашса, эшик ҳатлаб ташқарига чиқиб келса ёхуд кимдир эшикдан келса, уларнинг «нима гап, бирор янгилик борми?» деган саволларига жавоб бериш, ўзининг ичини ит кемириб, нима қилишини билмай турган бир пайтда ўзгаларга далда бўлиш, ўз қалбидаги умид учқунлари кундан-кунга сусайиб бораётган бир пайтда бошқаларни «ҳаммаси яхши бўлиши»га ишонтириш Вазирага осон эмасди. Шундай оғир пайтларда оиланинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлашда, бошларига тушган фалокатга қарши матонат билан курашишда, қариндош-уруғларга тиргак, ҳамма нарсани сезиб, жавдираб турган болажонларига суянчиқ бўлишда уй бекасининг зиммасида катта масъулият юки бор эди.
Шу сабабдан Вазира ўзини уларнинг олдида вазмин ва босиқ тутишга, ичидаги дарду ситамни юзага чиқармасликка, ташвишларини сездирмасликка, ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қиларди. Маълум маънода бунга эришарди ҳам. Фақат Баҳодир ака, Нигора опа ва Сафар акаларгина Вазиранинг юз-кўзларидан унинг қалбининг туб-тубида ётган ташвиш ва аламни ҳис қилиб туришарди.
Вазира хонадан энди чиқмоқчи бўлиб турганда телефон жиринглади. У «Машҳура бўлса керак» деган хаёлда гўшакни кўтарди:
– Алло, Вазира, дугонажон сенмисан? Ассалому алайкум!
– Ваалайкум ассалом. Машҳура яхшимисан? Уйдагиларинг яхшими?
– Оллоҳга шукр, дугонажон. Ўзларинг қалайсизлар? Баҳром акам, ўғилларинг яхши юришибдими?
– Раҳмат! Ҳаммалари яхши. Боя телефон қилгандим, ўғлинг олди. Катта йигит бўлиб қолибди…
– Дугонажон, тинчликми? Мени прокуратурага чақиришган экан. Ҳозир ўша ердан келдим. Нима гап ўзи?
– Нима дейишди?
– Гулнора курсдошимиз бор эди-ку, ўша қиз мендан сизларнинг телефон рақамларингизни олган эди. Тошкентга бораётган экан. «Бир телефонлашаман» деганига берган эдим-да! Ўшани сўрашди. Тинчликми ўзи, дугона? – Машҳура саволини такрорлади.
– Тинчлик, т-и-н-ч-лик! – Вазиранинг овози титраб кетди.
– Дугонажон! Нима бўлди ўзи? Ё у бехосият эрингга бирор нарса дептими? Шу телефон ўлгурни бермасам бўлар экан-да!.. – Машҳура ўзини гуноҳкор ҳис қилди.
– Дугонажон, биласанми… бир ҳафтадан буён Баҳром акам йўқлар…
– Нега йўқ бўлади? Бирор жойга кетгандир-да, келиб қолар!..
– Йўқ, еру кўкда йўқ. Қидирмаган жойимиз, сўрамаган одамимиз қолмади. Бир кор-ҳол бўлганга ўхшайди, дугонажон! Нима қилишимни, бошимни қайси деворга уришимни билмай қолдим… Пешонам шунчалар шўр экан… – Вазира ўзини тутишга қанчалик уринмасин, қадрдон дугонасининг қаршисида кўнгли бўшаб, ич-ичидан ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади.
– Дугонажон, қўй, хафа бўлма! Сен иродали қиз эдинг-ку! Кап-катта эркак, қайга борарди. Баҳром акам йўқолиб қоладиган йигитлардан эмаслар! Мана кўрасан, эрта-индин ўз оёғи билан кириб келади…
– Айтганинг келсин!
– Гулноранинг бу ишларга нима алоқаси бор экан?
– Баҳром акамнинг ишхонасига телефон қилган экан. Ёнида менга тажовуз қилган безори йигит бор эди-ку, исми Суҳроб, ўша ҳам бўлган. Шунга бирор нарсадан гумон қилишаётган бўлса керак. Яна билмадим…
– Одамларнинг гапига қараганда Гулнора билан ўша йигитни Тошкентга олиб кетишибди. Демак, бу ерда бир гап борга ўхшайди.
– Қайдам?
– Дугонажон, тушкунликка тушишга асос йўқ! Ўзингни бардам тут! Бу ҳам Оллоҳнинг бир синови. Ҳаммаси яхши бўлади. – Машҳура бисотидаги барча илиқ сўзларни ишлатишга ҳаракат қиларди.
– Раҳмат, дугонажон!
– Вазира нима қилай, олдингга борайми?
– Раҳмат, шарт эмас. Телефонлашиб турамиз. Уйдагиларингга салом айт.
– Майли, дугонажон. Болаларингни ўпиб қўй.
Вазира гўшакни жойига қўйиб, ўйга толди: «Тошкентга олиб кетишди» дедими? Бирор асос бордирки, шунча йўлга бориб, олиб келишган бўлса… У аблаҳлар Баҳром акамни кўздан панароқ жойда гаровда ушлаб туришганмикин? Ёки аллақачон…»
Вазира хаёлига келган фикрдан ўзи чўчиб кетди. Эрини соғ-саломат болалари ёнига қайтаришни Яратгандан такрор-такрор сўради…
* * *
Фахриддин Каримович Санжарбек билан аэропортдан тўғри ишхонага келишди. Котиба қиз уларни прокурор ўринбосари кутиб турганини айтди. Гуруҳ раҳбари хонага кириб, қўлидаги дипломатдан керакли ҳужжатларни олди ва шоша-пиша тепага кўтарилди. Телефонда паст овозда гаплашиб турган котиба қиз Фахриддинни кўриб, қўли билан эшик томонни кўрсатиб, «кираверинг» ишорасини қилди. Терговчи эшикни оҳиста тақиллатиб, жавобини кутмасдан ҳам ичкарига бош суқди.
– Ассалому алайкум Тоҳир Ғофурович, мумкинми?
– Келинг, келинг Фахриддинжон! Яхши бориб келдингизми? – прокурор ўринбосари ўрнидан туриб, ходимининг рўпарасига келиб жойлашди. – Қани, бир бошидан гапиринг-чи!
Фахриддин Самарқанд сафари таассуротларини батафсил сўзлаб берди. Раҳбар унинг сўзини бўлмасдан, қунт билан тинглади. Сўнг қўлидаги қаламни ўйнатиб, бир муддат ўйга толди, хулоса қилди:
– Демак, Суҳроб ва Гулнораларнинг Баҳром Сафаровнинг йўқолиб қолишига алоқаси йўққа ўхшайди. Шундайми?
– Менимча шундай.
– Ундай бўлса нима сабабдан ҳар иккаласи бошидан ёлғон гапириб, терговни чалғитишга уринган?
– Сабаби аниқ, ҳар иккаласи ҳам оилали. Тошкентга хуфёна бирга келишган. Сирлари ошкор бўлишидан чўчиб, ҳақиқатни яширишга уринишди. Уларнинг телефон қилиши тасодифан ўша машъум кунга тўғри келиб қолган. Бу менинг шахсий мулоҳазаларим холос. Ҳали икки кун вақтимиз бор. Ҳар эҳтимолга қарши улар билан ишлаб кўрамиз. Уларнинг Тошкентда қўйган ҳар бир қадамини, алоқалари доирасини чуқур ўрганиб чиқамиз. Шундан кейингина аниқ бир фикрга келиш мумкин.
– Тўғри, ихтиёрингизда қирқ саккиз соат вақт бор. Ҳаммасини батафсил текширинг. Ҳеч нарса эътибордан четда қолмасин. Дарвоқе, чой қадоқлаш фабрикаси раҳбарлари хусусидаги тахминлар бирор натижа бердими? – деди Тоҳир Ғофурович котиба ҳозиргина олиб кирган қаҳвани хўплай туриб.
– Бу тахминимиз ҳам ўзини оқламади. Шуҳрат Шокиров жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққан. Айни пайтда икки кўзи ҳам кўрмай қолган. Мустақил равишда ҳаракат қила олмайди. Укаси эса қамоқдан чиқиб, Россияга ишлаш учун кетган. Кейинги бир йилда Самарқандга келмаган. Шундай бўлсада, бу йўналишда ҳам ишни тўхтатганимиз йўқ, – Фахриддин бир варақ қоғозни бошлиғига узатди.
– Фахриддин Каримович, сиз Самарқандда пайтингизда ходимларингиз менга Сирғали тумани ҳудудида Чирчиқ дарёси бўйидан номаълум шахснинг тўлиқ куйиб кетган жасади топилганлиги ҳақида ахборот беришган эди. Буни ҳам назоратингизга олинг! Эртага соат ўн тўртга гуруҳ аъзоларини менинг ҳузуримга йиғинг. Ҳар бир ходимнинг ҳисоботи эшитилади, тайёр бўлишсин! – Тоҳир Ғофурович ўрнидан қўзғалди.
– Тушунарли! Кетишга рухсат этинг! – Фахриддин ҳарбийларга хос чаққонлик билан ўрнидан туриб, чиқишга ҳозирланди.
Тоҳир Ғофурович «рухсат» дегандай бош чайқади.
Фахриддин Каримович кеч бўлиб қолганлигига қарамасдан, гуруҳ аъзоларини тўплаб, уларнинг кун давомида қилган ишлари ҳақидаги ҳисоботини эшитди. Эртанги қилинадиган ишлар юзасидан кўрсатмалар берди. Тун ярмидан оққанда хизмат машинаси уни уйи ёнида қолдириб кетди…
Кейинги икки-уч кун ҳам тергов гуруҳи учун деярли натижасиз бўлди. Суҳроб ва Гулноранинг жиноят содир этганлигини исботловчи бирорта далил топилмади. Ушлаб туришнинг қонуний муддатлари тугагач, улар қўйиб юборилди. Шундай бўлсада, тергов гуруҳи уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан кузатув қўйишга қарор қилишди.
Чирчиқ бўйидан топилган жасад юзасидан тайинланган экспертизалар ҳам кутилган натижа бермади. Тадқиқотлар мурда 35–40 ёшлардаги эркак кишига тегишлилиги, ҳаётлигида унинг бўйи 166 сантиметр бўлганлигини кўрсатди. Баҳром Сафаровичнинг бўйи 180 сантиметрдан зиёд эканлиги боис, раҳбарият ва гуруҳнинг барча аъзоларини ташвишга солган бу тахмин ҳам истисно қилинди.
Фахриддин қанчалик жон куйдирмасин, тергов-суриштирув ишлари бирор жўяли натижа бермаётганлигидан кўнгли ғаш эди. Наҳотки бирорта «кўрдим», «билдим», «эшитдим» деган инсон топилмаса. Устозлари унга «ҳар қандай жиноят ўзидан из қолдиради», дея ўргатишган эди. Қани ўша из, қани ўша далил. Ёки бу жиноятни содир этганлар шунчалик устасифарангмикин!? Шунча йил ишлаб бунақа қийин вазиятга дуч келмаганди. Не-не жиноятларни қисқа муддатларда фош этиб, жиноятчиларни қонун олдида жавоб беришга мажбур этган изқувар бугун ўзи билан елкама-елка ишлаган қадрдонини шундоққина ёнгинасидан ўғирлаб кетишса-ю, қўлидан ҳеч иш келмаса, томошабин бўлиб ўтиришдан бошқасига ярамаса. Қилаётган барча ишлар зое кетса. Бу қандай кўргилик бўлди! Вақт эса ўтиб бормоқда. Ортда қолаётган ҳар бир сония терговчиларни ҳақиқатдан шунчалик йироқлаштираётганлиги ҳаммага аён эди. Жиноятни «иссиқ изидан» очишга бўлган уринишлар чиппакка чиқаётгандай эди…
Кейинги куни тезкор ходимлар Фахриддин Каримовичнинг ҳузурига прокуратурага қўшни уйда яшовчи бир чолни бошлаб келишди. Ўзини Сотволди ота деб таништирган тахминан етмишларни қоралаган бу инсон анчагина зийрак чиқиб қолди. У ўзининг кўрсатмасида Республика прокуратураси биноси ёнидаги уйда яшашини, 13 ноябр куни қизининг туғилган куни бўлганлигини, шу сабабли бу кунни эслаб қолганлигини, ўша куни эрталабдан уйи олдида бир шубҳали «Жигули» машинаси турганлигини, унинг ичида икки эркак ва бир аёл киши бўлганлигини, тушликка яқин қора костюм-шим кийган, галстук таққан бир йигит келиб, машинага улар билан бирга ўтириб кетишганлигини баён этган эди.
Фахриддин чол ҳикоя қилаётган воқеалар Баҳром Сафаровичнинг йўқолиб қолиш билан боғлиқ ҳолатлар тафсилотига жуда мос келаётганлиги сабабли калаванинг учини топгандай сакраб ўрнидан туриб кетди. У Сотволди отага эҳтиром кўрсатиб, чой узатди. Унинг соғлиги, болалари, невара-чеваралари ҳақида сўраб, гапга солди. Сўнг мақсадга кўчди:
– Сотволди ота, 13 ноябр куни қизингизнинг туғилган куни экан, уйда меҳмонлар кўп бўлгандир.
– Дилноза қизимнинг туғилган кунида кечга яқин уйга меҳмонлар келиши керак эди. Куёвим ишда, невараларим ўқишда эдилар. Қизим бир ўзи куйдир-пишир дегандай… кун бўйи қўли ишдан бўшамади. Мен у-бу нарса харид қилиш учун дўконга чиқиб келишимга тўғри келди. Эрталаб соат ўнларда чиққанимда бир қизил рангли «Жигули» турган эди. Унчалик аҳамият бермадим. Кейинги чиққанимда яна турган экан. Ичида икки эркак ва бир аёл бор эди. Кўзимга шубҳали кўринди. Кап-катта кишилар нима қилиб машинада ўтириши мумкин. Меҳмонга келган бўлса, киришарди. Бировни кутаётган бўлса, катта кўчада ҳам кутса бўлади. Улар атайлаб кўздан панароқ жойни танлашган бўлса керак, деган хаёлга бордим. Учинчи марта чиққанимда бир галстук таққан, туришидан анча сатанг бир йигит келиб, машинага ўтирди. Сўнг улар қаёққадир кетишди, – Сотволди ота «бор гап шу» дегандай терговчига юзланди.
– Отахон, машинанинг рақамига эътибор қилмадингизми? – Фахриддин саволига ижобий жавоб бўлишига ишонмаган ҳолда сўради.
– Биринчи рақами 22 эди. Бу аниқ. Чунки мен 1922 йилда туғилганман. Шундан ёдимда қолди. Кейинги рақами 89 ми, ёки 98 ми, ҳозир хотирамдан чиқди. Охири «Тш» ёки «Тн» эди. Негаки меҳмон бўлганда ёдимда қоларди, «шу атрофнинг машинаси экан» деб ўйлагандим.
– Шу ёғига ҳам қойил отахон, қойил! Ҳозирги ёшлар ўзлари миниб юрган машинанинг рақамини билишмайди-ку! Шунчалик зийраклигингизга балли! – Терговчи чолга бир пиёла чой узатиб, гапида давом этди. – Машинанинг ранги тўқ қизилмиди?
– Анави китобнинг рангидан, гилос ранг, – деди чол стол устида турган қалин китобга ишора қилиб.
– Машинада ўтирган шахсларнинг кўриниши қанақа эди? Ёдингизда борми?
– Рулдагиси бақалоқ эди, ёши тахминан 35 ёшларда, ёнидагиси қотмадан келган, у ҳам чамаси шу ёшда, аёл киши машинадан тушмаганлиги сабабли эътибор қила олмадим.
– Кейин келган йигитга эътибор қила олдингизми?
– У ҳам 35–40 ёшлардаги забардаст йигит эди. Раҳбарларга хос чиройли кийинганди. Юз тузилиши ҳам ёдимда қолган.
– Отахон, айтинг-чи нима сабабдан бу шахсларга диққатингизни қаратдингиз? Сизнинг уларга шубҳа билан қарашингизга нима туртки бўлди?
– Биласизми болам, ёшингиз кексайган сари ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиган, ён-атрофга эътибор билан разм соладиган бўлиб қоларкансан киши.
– Отахон, сизга катта раҳмат! Бизга анча ёрдамингиз тегди. Лозим бўлса, сизни яна чақирамиз. Бемалол уйингизга бораверинг, – Фахриддин ўрнидан туриб, меҳмонни эшиккача кузатиб қўйди.
Сотволди отанинг айтганлари рост чиқди. Тергов гуруҳи Тошкент шаҳри ва вилоятида рўйхатдан ўтган қизил рангли «Жигули» автомашиналари орасидан давлат рақами «22» билан бошланувчи беш юздан ортиқ машинани текширишдан ўтказиб, ниҳоят отахон қайд этган машинани топишга муяссар бўлдилар. Давлат рақами ТШ 22–68 бўлган бу машина Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи фуқаро Холмурод Тоғаевга тегишли эканлиги аниқланди.
Автомашина эгаси сўроқ қилинганда, у Сотволди отанинг кўрсатмаларини тасдиқлади. Ҳақиқатда 13 ноябр куни синфдошлари Карим ва Муяссарлар билан Тошкент шаҳрига боришганлигини, прокуратурада ишловчи синфдошлари Маҳмуд Темировга телефон қилганда, у иш пайти вақти йўқлигини, фақат тушлик пайти улар билан учрашишга чиқиши мумкинлигини, у ишдан чиққунга қадар, ишхона яқинида бирор жойда келиб кутиб туриши лозимлигини таъкидлаганлигини, шу сабабли улар соат 10 лардан 12.40 ларга қадар прокуратура ёнидаги уйлар олдида кутишганлигини, тахминан соат 13 лар атрофида Маҳмуджон ишдан чиққанлигини, машинага ўтиришиб, «Тошкент» меҳмонхонаси ёнидаги кафеда тушлик қилишганлигини таъкидлади.
Прокуратура ходими Маҳмуд Темиров, унинг синфдош дўстлари Карим ва Муяссарлар ҳам Холмурод Тоғаевнинг гапларини тасдиқлашди.
Шундай қилиб, навбатдаги тахмин ҳам йўққа чиқди. Тергов гуруҳи яна боши берк кўчага кириб қолди. Жиноятни содир этишда гумон қилинган икки юздан ортиқ шахс текширувдан ўтказилди. Уларнинг ҳар бири билан олиб борилган тезкор тадбирлар, суриштирув-тергов ҳаракатлари ижобий натижа бермади. Жиноят иши юзасидан олдинга сурилган турли-туман тахминлар, кўплаб фараз ва гумонларнинг бирортаси ўзини оқламади. Фахриддин Каримович ва гуруҳ аъзоларининг тинимсиз қилган меҳнатлари, саъй-ҳаракатлари, интилишлари зое кетди.
* * *
Вазира болаларни ўрнига ётқизиб, майда-чуйда уй юмушлари билан банд бўлди. Сўнг ётоғига кириб, тортмадан бир пайтлар Баҳром акаси унга йўллаган мактубларни, шеърларни олиб ўқий бошлади. Гарчанд улар ёд бўлиб кетган бўлсада, ҳар сафар уларни ўқиганда худди биринчи бор ўқиётгандай ҳис қиларди ўзини. Ҳар сафар эрининг унга етишиш учун ўша даврларда ҳаётнинг қандай оғир синовларидан ўтганлигини ёдга олганда унинг зукколигига, матонатига қойил қоларди. Ахир унга етишиш учун у бечора ҳам озмунча уқубат кўрмадими? Ота-она ризолигига эришиш учун қанчадан-қанча синовларни бошдан кечирмади. Бошқа айрим йигитлардек «ота-онам рози бўлмаяпти, мен нима қилай» деб қўл-қовуштириб ўтирмади. Севгиси учун курашди. Курашганда ҳам босиқлик билан курашди. Онасининг раъйига қарши бормади. Уларнинг юзига оёқ қўймади.
Вазира ўша даврларни кўз олдидан ўтказар экан, кўнглида эрига нисбатан ажиб бир ҳиссиёт туйди...
Вақт ўтган сайин икки ёш янги муаммоларга дуч келишарди. Бир томондан Вазирадан гап очилганда сукут сақлаб турувчи ўғлига келинликка янги-янги номзодлар топаётган Ҳалима опанинг қистовлари ортаётган бўлса, иккинчи томондан келган совчиларга рад жавоби беравериб, қийналиб кетган Нигора опанинг Вазирани ҳар кўрганда «Баҳром акангнинг совчилари қачон келади?» деган хархашалари ошиб борарди. Бундай пайтларда қиз бечора ота-онасига Баҳром акаси билан олдиндан келишиб олган турли-туман баҳоналарни пеш қилиб, вазиятдан чиқишга уринарди. Аммо кейинги пайтда бу хайрли ишнинг ортга сурилиб бораётганидан кўнгли хижил бўла бошлаган онани тинчлантириш Вазирага осон бўлмай қолди.
Сафар ака хотинини инсофга чақиришга кўп бор ҳаракат қилди. Аммо унинг барча панду насиҳатлари зое кетди. Ҳалима опа ҳар гал «дадаси, сиз аралашманг, мен онаман, она қалби олдиндан сезади, негадир кўнглим шу қизга чопмаяпти, ўғлимиз у билан бахтли бўлишига кўзим етмаяпти, қўйинг, бир оз ўтса, иккиси ҳам тақдирга тан беради!» дея эрини тинчлантирар эди. Эрининг «ҳой хотин, у қизнинг сенга нимаси ёқмайди, ойдеккина жамоли бўлса, ақли-ҳушда ҳеч кимдан кам бўлмаса, ўғлинг ҳам бекорга унга кўнгил бермагандир, ахир» деган гаплари қайсар онага заррача таъсир этмади.
Сафар аканинг «севишган қалбларга тўғаноқ бўлиш, уларни бир-биридан ажратишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, аксинча чўғланиб турган муҳаббатни оловлантиради, ҳижрон ўти севгини янада тоблайди», деган фалсафий хулосалари ҳам Ҳалима опага кор қилмади. У «шунақа китобий гапларингизни қўйинг, китоб бошқа, ҳаёт бошқа, сиз эркаклар буни қаердан ҳам тушунардинглар!» дея эрига эътироз билдирарди. У ўз қарашларининг тўғри эканлигига тўла ишонар, энг асосийси бу тоат-ибодатларнинг барчасини ўғлининг бахтини ўйлаб қилаётганлигидан кўнгли таскин топар эди. Баҳромнинг ҳам бир кун келиб мана шу ҳақиқатни англаб етишига умид қиларди…
Аммо… Баҳром 4-курсни битириб, бир ойча қурилиш отрядида бўлгач, август ойи бошларида қишлоққа қайтди. Янги ўқув йили бошланишига бир ойча вақт бор эди. Хаёлида бир-икки ҳафта ота-онаси ёнида бўлиб, сўнг Самарқандга қайтиб кетмоқчи эди. Тўғрироғи Вазира билан шунга келишиб олишганди.
Ҳалима опа учун ҳам бу айни фурсат эди. Негаки, бу йил ўғли ўқишни битиради, қолгани диплом иши, амалиёт дегандай. Энди «ўқишим бор» деган баҳона ўтмайди. Иккинчидан, ўқишга ҳали бир ойча бор. Шу фурсатдан фойдаланиб, бирор қиз топиб, унаштириб қўйишни хаёлига туйди. Демак, совчиликка бугундан отланиши керак! Вақт ғанимат.
Шу кеч Баҳром ташқаридаги сўрида тоза ҳавода ота-онаси билан алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирди. Соат ўн бирлардан ошганда Сафар ака ётиш учун ичкарига кириб кетди. Она-бола ёлғиз қолгач, Ҳалима опа ўғлининг қўйнига қўл солиб кўриш ниятида узоқдан гап бошлади:
– Ўғлим, Худога шукр, бу йил ўқишинг ҳам тугай деб қолди. Мен кейинги пайтларда уй ишларига ҳам ярамай қолаяпман. Ўқишинг бошланишига бир ойча вақт бор экан. Кеча отанг билан маслаҳатлашиб, ўқишинг бошлангунга қадар бирорта қизга нон синдириб қўйсак дегандик.
– Онажон, биламан сизга ҳам қийин бўлмоқда. Лекин ҳали ўқишимга бир йил бор-ку!
– Ҳеч нарса қилмайди! Майли, унаштириб қўяйлик, тўйни баҳорда ўтказсак ҳам бўлади! Мен аммаларингни чақириб қўйдим. Эрталаб совчиликка жўнаймиз!
Баҳром ялт этиб онасига қаради:
– Кимга?
– Бу ёғини менга қўйиб бер, – Ҳалима опа ўғлининг қизиқаётганлигини ризолик аломати сифатида тушуниб, унга яқинроқ ўтириб олди. – У қиз сенга ҳам ёқади!
– Менсиз ҳаммасини ўзларингиз ҳал қилиб қўйибсизлар-ку!
– Қўзивой раиснинг қизи. Оти Муҳаббат. Бу йил шаҳарга ўқишга кирди. Ҳусни латофатда тенги йўқ. Ўзи ҳам очиққина. Эсли-ҳушли қиз. Ҳозир шу ерда. Онасига анча пайтдан бери айтиб, ишни пишитиб юрибман. Сен мактабни битирганингда ёш бўлган. Сени танимаса керак. «Хўп» десанг эртага ўзинг ҳам гаплашиб кўришинг мумкин! Раис бобо ҳам мактабда отанг билан бирга ўқиган. Иккиси яхши ўртоқ. Отангни ҳар кўрганда «прокурор ўғлимиз қалай», деб сени сўраб қўярмиш. Менимча, у киши ҳам йўқ демайди.
– Демак, ҳамма рози. Қиз-чи? Балки унинг севган йигити бордир, – анчадан бери жим ўтирган Баҳром тилга кирди.
– Қанақа йигит, раиснинг қизлари унақа қизлардан эмас.
Баҳром онасининг бу гапини «Вазирага ўхшаган қизлардан эмас» деган маънода тушуниб, ичидан зил кетди.
– Севиш, севилиш айб эмас-ку, онажон.
– Муҳаббат бошқа, ҳаёт бошқа, болам. Фарзандига яхши турмуш ўртоқ топиш ота-онанинг бурчи. Ота-боболаримиз, момоларимиз бўлажак келиннинг насли-насаби, келиб чиқишини пухта ўрганиб, кейин бир қарорга келишган.
Онаси бу сафар ҳам Вазиранинг ота-онаси йўқлиги, бировларнинг қўлида катта бўлганига писанда қилаётгандай туюлди. Агар бу сўзлари онаси эмас, бошқа биров айт-ганда, боплаб таъзирини бериб қўйган бўларди. Лекин унинг бахтидан бошқа нарсани кўришни ҳам, эшитишни ҳам истамайдиган онасига нима ҳам десин! Шу сабабдан сукут сақлашни маъқул кўрди.
– Баҳромжон, болам, сен ҳаммасини менга қўйиб бер. Ҳаммаси яхши бўлади. Она ахир ўз боласига ёмонлик соғинмайди-ку. Жойингга ўтиб ухла. Қолганини эртага гаплашамиз.
Баҳром секин ўрнидан туриб, сўри ёнидаги кроват томонга юрди. Ёз тугаб бораётган бўлса-да, кунлар анча иссиқ, ҳаво тоза эди. Осмонда сон-саноқсиз юлдузлар чарақлаб турарди. Улар ичидан ўзининг юлдузини ахтара бошлади. Ҳа мана, бошқа юлдузлар орасида чақнаб турибди. Ёшлигида негадир шу юлдузни ўзиники қилиб олган эди. Ҳали-ҳали шу ёрқин юлдуз бошқалардан кўра унга қадрдондай туюлади. Йилнинг фаслларига қараб, жойини тез-тез алмаштириб турсада, уни дарров топиб олади. Соатлаб унга тикилиб, ўй суришни яхши кўрарди. Бугун ҳам шундай бўлди. Уйқуси қочиб, онасининг гапларини бир-бир таҳлил қила бошлади:
«Раиснинг қизи онамга нимаси билан маъқул бўлди экан. Ёки онамни уларнинг мол-давлати, мансаби қизиқтираяптимикин? Ёхуд мени Вазирадан айириш учун кимга бўлсада уйлантирмоқчими? Эртага совчиликка борамиз дедими? Улар совчиларга «йўқ» дейишса ҳай-ҳай, рози бўлишса нима бўлади? Нон синдиришса, кейин нима бўлади? Лекин тўй бўлмаса…Бир нуфузли хонадон, бегуноҳ қизнинг обрўсига дарз кетмайдими? Не-не йигитларни бахтиёр қилиши мумкин бўлган гулдай қизнинг ор-номуси топталмайдими? Қиз боланинг тўйи қайтиши унинг шаънига ўчмас доғ эмасми? Бу томонда Вазира нима бўлади? Мени кимгадир унаштириб қўйишса, бечора адои тамом бўлмайдими? Йўқ, йўқ! Бу чўғни оловга айланмасидан ўчириш лозим! Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Нима қилмоқ керак? Барвақт туриб, шаҳарга кетиб қолса қандай бўлади. Йўқ! Қочиш билан масалани ҳал этиб бўлмайди. Не-не орзуларни дилига туккан онасининг аҳволи нима кечади? Элга ош бериб, тўй қилиш ниятида юрган отасининг боши эгилиб қолмайдими? Кейин уларнинг кўзига қандай қарайди! Эй Худо, ўзинг менга йўл кўрсат!..»
Баҳромнинг уйқуси қочиб, турфа хил хаёллар гирдобида қолди. Чора излаган албатта топади деганлари рост экан. Алламаҳалда бошига келган фикрдан енгил тортгандай бўлди: «Институтга чақириб қолди!» дея шаҳарга кетгани маъқул. Гарчанд бу вақтинчалик чора бўлса-да, ҳозирги вазиятда энг тўғри ва мақбул йўл шу. Шунда сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Кейин бир гап бўлар. Вазирадан воз кечиб, бошқа қизга уйлана олмаслиги аниқ. Лекин ўйлаб қўйган чораси туфайли бериладиган қисқа фурсат онасининг қалбига йўл топиб, унинг марҳаматига эришишга имкон беришига умид боғлади. Туни билан тўлғаниб чиққан Баҳром тонгга яқин донг қотиб ухлаб қолди. У турганда Ҳалима опа икки қайинсинглиси билан аллақачон совчиликка жўнаб кетишганди. Ҳовли юзида батартиб экилган кўчатларни суғориб юрган Сафар ака ўғлининг турганини кўриб, сўрига тўшалган дастурхонга келиб ўтирди. Баҳром юз-қўлларини ювиб, отасининг ёнига келди:
– Ассалому алайкум, отажон, яхши дам олдингизми?
– Ваалайкум ассалом. Раҳмат, болам. Ўзинг яхши ётиб турдингми?
– Тоза ҳавода ухлаш бошқача, шу пайтга қадар ухлаб қолибман.
– Ҳечқиси йўқ, чарчоқларинг чиққан бўлса бўлди, дастурхонга қара. Мен ҳам сени кутиб нонушта қилмай тургандим.
– Онам кўринмайди, – Баҳром ўзини ҳеч нарсадан бехабардай тутди.
– Кеча аммангларни чақиртириб қўйган экан. Каллаи саҳардан биргалашиб, совчиликка кетишди. Оқшом сен билан гаплашиб розилигингни олган экан-ку!
Баҳром индамади. Ота ўғлининг кайфиятидан бўлаётган ишлар унинг розилигисиз, қайсар хотинининг хоҳиши билан бўлаётганлигини фаҳмлади:
– Анави қиз… оти нима эди?
– Вазира.
– Вазира билан муносабатларингизга ойдинлик киритиб олмадиларингизми? – ота негадир ўғлини «сиз»лашга ўтди.
– Ота, ахир мен уни… – Баҳром «севаман» демоқчи бўлди-ю, аммо падари бузруквори олдида бу сўзни ишлатишга истиҳола қилди, – …ташлаб кета олмайман. Кўра-била бир бегуноҳ инсонга хиёнат қилиш қўлимдан келмайди.
– Унда нега онангизнинг совчиликка боришига розилик бердингиз?
– Ким розилик берибди? – Баҳромнинг қошлари чимирилди, сўнг отасига дилини очмаса бўлмаслигини англаб, паст оҳангда гапини давом эттирди. – Отажон, онам мени эшитишни ҳам хоҳламаяпти. Икки ўт ўртасида қолдим. Бу томондан сизларнинг дуоингизни олмасдан уйланишим мумкин бўлмаганидек, иккинчи томондан Вазирадан воз кечишга ҳам кучим етмаяпти. Онам эса «шу қизга уйлансанг… сендан ҳеч қачон рози эмасман», деб турипти. Онам Вазира билан учрашиб, унинг ҳам мен билан бошқа учрашмасликка ваъдасини олган. Бечора қиз ўзига қанчалик қийин бўлмасин, онамни норизо қилишимга қарши. Анча пайт мен билан учрашмасдан, ўзини тортиб юрди. Мен ҳам онамнинг орзу-ҳавасини ўйлаб, ундан воз кечишга ўзимни мажбур қилиб кўрдим. Бўлмади. Қалбим ўзимга бўйсунмади.
– Ҳмм, масала анча чигаллашиб кетибди-да, болам. Бунга энди Қўзивой раиснинг хонадони ҳам қўшилса, унда нима бўлади? Элу юрт олдида шармандамиз чиқмайдими?! Онангизнинг ўжарлиги ҳам бор бўлсин. Мен ҳам неча марта айтдим. Шу қизга негадир кўнгли чопмаяпти. Ирим-сиримга ҳеч ишонмайдиган одам ўзича фолбинга ҳам бориб юрибди. Сабабини айтмайди. Бошқа кимга бўлса майли, фақат шу қизга уйланмайди деб туриб олган.
– Онам Вазирани «шумқадам» деб билади. Танишишимиздаги анави воқеа ҳеч ёдидан чиқмайди. Ёки ўша фолбин бирор нарса деганми?.. – бундай нозик мавзуларда отаси билан ҳеч гаплашмаган йигит бугун отаси билан дардлашиб ўтирганидан, айниқса падарининг ўзи томонда эканлигидан кўнгли бир оз таскин топгандай бўлди. – Отажон, онамни кўндирмасак бўлмайди.
– Ҳа, кўндирмасак бўлмайди. Аммо қандай қилиб? Бу осон иш эмас. Биласизми ўғлим, оналарда қалбан ҳис қилиш қобилияти бўлади. Биз эркаклардан фарқли ўлароқ, она фарзанди учун, унинг бахти учун ҳеч нарсадан тоймайди. Ўзини ўққа ҳам, чўққа ҳам уради. Лозим бўлса, жонини ҳам беради. Онангиз албатта сизларни, сизларнинг бахту саодатингизни ўйлайди. Унинг бунчаликка бориши ҳам бежиз бўлмаса керак. Ўша мудҳиш воқеалар онангизнинг хаёлида қолиб кетган. Шунда уни айбдор санайди.
– Отажон, тўғри биз шундай нохуш вазиятда танишдик. Аммо Вазира жуда яхши қиз, содда, оқкўнгил, зеҳнли. Ёшлиги ҳам жуда аянчли ўтган. Ота-онаси автоҳалокатда вафот этишгач, бировларнинг эшигида сарғайиб катта бўлган. Ҳозирги ота-онаси жуда яхши инсонлар. Уни ва укасини ўз фарзандларидай кўришади. Аммо барибир ҳеч ким ота-онанинг ўрнини боса олмас экан. Ёшлигида кўрган кечирганларини гапирганда одамнинг юраги эзилиб кетади…Бу томонда ота-онаси безовта. Икки йилдан буён келган совчиларни қайтаравериб, чарчаб кетишди. Мен ҳам, Вазира ҳам турли баҳоналарни пеш қилиб, уларни авраб келдик. Шу кунларда онаси Вазирани қаттиқ қистовга олмоқда. Менинг совчиларимдан дарак бўлмаганлиги уларни ҳам ташвишга сола бошлади. Вазира азобда қолди. Энди мен ҳам уни ора йўлда ташлаб кетсам, у бечора бундай хиёнатга чидай олмаса керак! – Баҳром чуқур хўрсиниб қўйди.
– Шундай экан, нега шу пайтгача ғинг демасдан юрибсиз? Шунча муаммо бор экан, мен билмайман. Онангиз менга охирги марта олдингизга бориб келгач, «Бўлди, Баҳромжон рози бўлди, қиз билан ҳам гаплашдим, у ҳам тўғри тушунди, энди бошқа учрашмайдиган бўлишди, фақат ўғлимиз бир оз вақт ўтсин, тўртинчи курсни тугатай, тўй масаласини кейин гаплашамиз деб айтди» дея мени тинчлантирди. Ўзим ҳам ҳайрон бўлдим-а, «бу Баҳромжон қандай қилиб, сўзидан қайта қолдийкан» деб.
– Нима қилай ота, онам ўшанда қаттиқ қистовга олди. Тушунтиришга ҳаракат қилдим. Аммо улар мени эшитишни ҳам хоҳламадилар. Бошқа ҳар қандай масалада мен билан ҳисоблашиб келган, ҳатто кўп ҳолларда менинг раъ-йимга қарайдиган онам бу сафар менинг ҳис-туйғуларимга заррача эътибор қилмади. «Йўқ» десам мендан қаттиқ ранжиши мумкин эди. Шу сабабдан индамай туравердим. Онам буни ўзича ризолик аломати деб тушунган. Мен эса вақт ўтса, онамнинг мени тушуниши ва бизга оқ фотиҳа беришига умид қилган эдим.
– Тўғри қилгансиз, ота-онанинг дуосини олмаган одам бахтли бўлиши қийин. Лекин буни мендан сир тутиб хато қилибсиз. Шу даврда биргалашиб, онангизни йўлга солган бўлармидик. Бир чораси топилармиди. Майли, ўтган ишга саловат. Энди буёғини ўйлаш керак. Биринчи навбатда, бу воқеаларга Қўзивойнинг оиласининг қўшилиб қолишини олдини олишимиз лозим. Йўқса, онангиз бирпасда уларни ҳам кўндириб, тўйни бошлаб юборадиган чоғи бор. Раиснинг қизини ҳам яхшигина дейишади. Онангиз анчадан бери уни кўз остига олиб юрган эди. Онаси билан гапни деярли пишитиб қўйган. Отаси менинг қадрдон дўстим, унинг ҳам бизнинг оилага ҳурмати баланд. Қизи рози бўлса, ота-онаси сўзсиз рози бўлишади. Ҳамма гап қизда. У бечоранинг ҳам бекорга бу машмашаларга қўшилиб қолишига йўл қўймаслигимиз даркор!.. – Сафар ака гапира-гапира бирдан жимиб, бир нуқтага тикилганча ўйланиб қолди.
Баҳром отасининг жуда қийин вазиятлардан чиқиб кета оладиган ақлу заковат, ҳаётий тажрибага эга эканлигини яхши биларди. Кўп бор бунга ўзи амин бўлган. Айни пайтда унинг хаёлга чўмиши йигитнинг қалбига қандайдир умид бахш этди. «Наҳотки бир иложини топса! Ахир отам кўпни кўрган, ҳаёти давомида бундан-да оғир, мураккаб вазиятларга тушган ва улардан чиқиб кета олган. Нималарни ўйлаётган экан-а…»
– Гап бундай, ўғлим, бизга бир оз бўлса-да фурсат лозим. Аммо онанг ҳозир бизга имкон бермайди. Уни ортга қайтариш осон бўлмайди. Фақат бир йўл бор, – ёнбошлаб ётган Сафар ўрнидан қўзғалиб, мардош қуриб ўтириб олди.
Баҳромнинг юраги гупиллаб, отаси томонга силжиди. Ота-бола худди муҳим сирни ошкор қилишаётгандай бир-бирига яқинроқ ўрнашиб олиб, пичирлашиб гаплаша бошлашди:
– Қизнинг оти нимайди?
– Вазира.
– Йўғ-э, Қўзивой раиснинг қизини сўраяпман.
– Онам Муҳаббат деди чоғи.
– Тўғри, Муҳаббат. Унга хат ёзасиз!..
– Қанақа хат? Нега?
– Эшитсангиз-чи, мактубда қиздан узр сўраб, севган қизингиз борлигини, унга уйланиш ниятида эканлигингизни, онангизнинг бунга қаршилиги-ю, орада вужудга келган муаммолар, ҳамма-ҳаммасини баён этасиз. Охирида совчиларимизга рад жавобини бериб, бизни бу оғир вазиятдан қутқариб, шу билан ўзини ҳам бу машмашадан асраб қолишини илтимос қиласиз. Фақат у бегуноҳ қизнинг иззат-нафсига тегмасдан, эҳтиёткорлик билан сўзларингизни топиб ишлатишингиз лозим. Тушундингизми?
– Тушунарли, – Баҳром елкасидан оғир юк тушгандай чуқур тин олди.
Ота-бола нонуштасини тугатар-тугатмас оғзи қулоғида Ҳалима опа шериклари билан совчиликдан қайтиб келишди. Уч хотиннинг бири олиб, бири қўйиб, таассуротларини сўзлаб кетишди:
– Ўртоғингиз ҳам, хотини ҳам ҳурматимизни жойига қўйиб, иззат-икром билан кутиб олишди. Мақсадимизни эшитиб, «Қизимизни берсак Баҳромдек йигитга берамиз-да!» дея хурсанд бўлишди, – Ҳалима опа «тўғрими» дегандай қайинсингилларига қараб қўйди.
– Уй-жойларини айтмайсизми, ҳаммаёқ саранжом-саришта, эр-хотиннинг муомаласини айтмайсизми, қуданг бўлса, шулардай бўлса! – кичик амма «ошириб юбормадимми?» дегандай янгасига қараб қўйди.
– Бўлди, бўлди, худди мен билмайдигандай гапирасизлар-а! Нима дейишди? – Сафар ака аёлларнинг гапини бўлди.
– Менимча ўзлариям рози. Фақат қизимиз билан бир гаплашиб кўрайлик, бир-икки кунда хабар оласизлар дейишди, – Ҳалима опа дастурхон учини ўйнаб, чурқ этмай ўтирган ўғлига яширинча назар ташлаб қўйди. – Баҳромжоннинг ўқишлари бошлангунча фотиҳа тўйини ўтказиб олсак, тўйи тирамада бўларди.
– Намунча шошилмаса бу аёллар-а. Ўзларича тўйнинг ҳам маслаҳатини битириб қўйишади-я. Ҳали қизимдан сўраб кўрай депти-ку! – деди Сафар ака қўлидаги пиёлани дастурхонга қўяр экан.
– Ҳа энди ака, қизи борнинг – нози бор дейишади-ку. Бирдан розимиз деб ким ҳам айтарди. Ўзи таомили шунақа! «Бир-икки кунда келасизлар, маслаҳатлашиб кўрамиз», дейилади. Бу рози бўлгани. Акс ҳолда турли баҳоналар билан узр сўраган бўларди, – катта сингил ўз хулосасини ўртага ташлади.
– Демак, ҳамма рози. Ўғлим, сиз нима дейсиз? – Сафар ака атайлаб гап қотди.
Баҳром индамади.
Ҳалима опа ўғлининг жим турганини – уялаётганга йўйди ва орзуси амалга ошаётганидан ич-ичидан суюнди…
Бир оз ғала-ғовурдан сўнг меҳмонлар тарқалди. Баҳром калласида пишириб улгурган фикрларини қоғозга тушириш учун ичкарига шошилди. Қўлига қоғоз ва қалам олиб, ёзишга тушди:
«Муҳаббатхон, синглим!
Ўйлай-ўйлай минг бир хижолатда сизга ушбу мактубни ёзишга жазм қилдим. Бу одобсизлигим учун сиздан олдиндан узр сўрайман.
Сизни тенгсиз гўзал, хушбичим ва дилбар қиз деб эшитдим. Камол топган оила муҳитингиздан келиб чиқиб, сизнинг эсли-ҳушли, оқила қиз эканлигингизга ҳам шубҳам йўқ. Мени тўғри тушуниб, адолатли қарорга келарсиз, деган умиддаман.
Муҳаббатхон! Менинг севган қизим бор. Исми – Вазира. Биз уч йилдан буён учрашиб, бир-биримизга аҳду паймон қилганмиз. Аммо онам бунга қарши. Мен онамни розилигини олиш учун кўп уриндим. Фойдаси бўлмади. У киши сизни келин қилиш орзусида. Мен эса онамга қарши боролмаяпман. Не-не умидлар билан мени оқ ювиб, оқ тараган онамнинг дуосини олмасдан уйланиш ниятим ҳам йўқ. Бунинг учун бизга фурсат керак. Вақт ўтиб, онам мени тушуниб етишига аминман.
Сиздан ягона илтимосим, онам юборган совчиларга рад жавобини беринг. «Шу йигитга кўнглим йўқ» дея қолинг.
Ота-оналаримиз раъйи деб бахтимизни, тақдиримизни увол қилмайлик.
Сизга яхши жойлардан ато этишини, толеингиз баланд, иқболингиз тўкис бўлишини Оллоҳдан сўраб қоламан.
Камоли эҳтиром ила Баҳром».
Баҳром хатни такрор-такрор ўқигач, ёзганларидан кўнгли тўлди, шекилли, икки буклаб, конвертга жойлади. Мактубни эгасига етказиш режасини туза бошлади. Ўйлаб-ўйлаб охири синфдоши Бувражабга тўхтади. У – ҳамшира, ҳар бир хонадонга киришга ҳаққи бор. Ҳеч кимда шубҳа-гумон уйғотмайди. У билан мактаб пайтидан сирдош. Оғзи маҳкам қиз.
Кейинги куни Баҳром касалхонадан синфдошини излаб топди. Мактубни Қўзивой аканинг қизи Муҳаббатга етказишни илтимос қилди. Бувражаб дўстини бошқача тушуниб, гапни ҳазилга бурди:
– Чиройли ва ақлли қиз, адашмабсиз, қушингиз муборак бўлсин!
– Раҳмат, лекин бу сиз ўйлаган нарса эмас. Фақат бир илтимос, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмайсиз, кейин ўзим сизга ҳаммасини айтиб бераман.
– Тушунарли, мен индинга онасини кўриб қўйиш баҳонасида уйларига кириб, бериб чиқаман. Ишқилиб, тўйингизга айтиш ёдингиздан чиқмаса бўлди, «прокурор бобо»!
– Фақат индиндан кечикмасин, илтимос!
– Хавотирга ўрин йўқ!
Баҳром синфдоши билан хайрлашиб уйига қайтар экан, иши осонликча битганидан хурсанд эди...
Бу томонда мактуб Муҳаббатнинг қўлига теккан пайтда, у тарафда Ҳалима опа ўзининг «шериклари» билан совчиликка жўнашга тайёргарлик кўришаётганди. Опанинг кайфияти баланд эди. Бунинг сабаби шу давргача Вазирадан умид узолмаётган ўғлининг бирдан «жимиб» қолгани, яъни қаршиликлар бефойда эканлигини сезиб, тақдирга тан берганлиги бўлса, иккинчидан таниш «айғоқчилар»нинг «Қўзивой раиснинг қизи тўйга розилигини берганлиги» ҳақидаги хабарни олиб келганлигида эди.
Совчилар тугунларини машинага жойлаб, раиснинг уйи томонга йўл олганларида Муҳаббат Баҳромнинг хатини қайта-қайта ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлаб ўтирарди: «Бу қандай савдо бўлди? Унда совчиларни юбориб нима қиларди? Наҳотки йигит ҳам шунақа латта бўлса! Онасига бор гапни шартта-шартта айтиб, қарори қатъийлигини тушунтирса бўлмасмиди?! Нима қиларди у воқеаларга мени ҳам, ота-онамни ҳам аралаштириб! Кеча онамга «Сизлар нима десангизлар шу» дея тўйга розилигимни билдириб қўйгандим. Энди нима қилдим? «Ўйлаб кўрдим, у йигит менга тўғри келмас экан» дейманми? Бугун совчилар келаяпти. Ҳойнаҳой онам менинг розилигим ҳақидаги хабарни уларга ҳам олдиндан етказгандир! Энди онам уларнинг олдида ҳам айтиб, ҳам қайтадиган бебурд кишига айланиб қолмайдими? Мен-чи! Онамга нима деб айтаман? Ё тўғрисини айтсаммикин? Йўқ, йўқ, унда гап чиқиб кетиши мумкин? Нимага сиқилаяпман? У йигит менга ваъда бермаган бўлса! У киши мени танимаса ҳам керак. Улар мактабни битирганда биз ёш эдик. Ҳуқуқшуносликка кирганда қишлоқда роса гап бўлганди. Каникулга келган пайтларида кўпчилик унга ҳавас билан қарарди. Айниқса, қизларнинг унга ихлоси баланд эди. Кўпгина дугоналарим шу йигитнинг назарига тушишни орзу қилишарди. Шундай пайтларда негадир менинг қалбимда ҳам қандайдир бир безовталик пайдо бўларди. Бу нима эди? Рашкми? Йўқ, йўқ. Лекин нима бўлганда ҳам юрагимда унга нисбатан қандайдир илиқлик бор эди. Шу сабабданми совчиларга «йўқ» деб айтолмадим. Ўзини унчалик яхши билмасамда, у ҳақда тарқалган илиқ гап-сўзлардан қалбимда унга нисбатан мойиллик пайдо бўлгандай эди. Кўпчилик қизлар орзусида бўлган инсонга осонгина эришадигандай эдим. Энди нима бўлади?! Бир ҳисобда йигитга ҳам қойил қолиш керак. Онаизорини ранжитмаслик, унинг дуосини олишга эришиш учун шу кўйга тушиб ўтирибди. Бошқа одам бўлганида балки севгисига етишиш учун ота-онасига қарши борган, уларни зор йиғлатиб, суйган қизига уйланиб олармиди! Бунақалар ҳаётда камми? Бошқа томондан ота-она ризолиги деб севмаган кишинг билан турмуш қуриш бахтсизлик эмасми? Мен рад жавобини берсам, албатта онаси бир оз бўлса-да шаштидан тушади. Ё ўғлининг танлаганига кўнади ё келинликка бошқа номзод ахтаришга тушади. Нима бўлганда ҳам бу Баҳром акага муайян фурсат беради. Қойил! Ёридан воз кечолмаган, онасини ҳам норизо қилишни хоҳламаган бу инсонга қойил қолмасдан бўлмайди. Қани энди ҳамма йигитлар ҳам шунақа донолик билан иш тутсалар!..»
Муҳаббат жавонда турган китоблардан бирини олиб, хатни яширди. Сўнг совчилар келиб қолмасидан онасини огоҳлантириш ниятида унинг ҳузурига шошилди…
Совчиларнинг тушкун кайфиятда тезда қайтишидан Баҳромнинг дили ёришди. Лекин хурсандчилигини ҳеч кимга сездирмаслик учун ўзини бепарводек тутди. «Демак, қиз рози бўлмаган. Мактуб ўз ишини кўрсатди!»
Сафар ака тутақиб келаётган аёлларнинг истиқболига чиқиб, баланд овозда атайлаб сўради:
– Онаси, яхши бориб келдиларингми? Бўрими, тулкими?
– Э, бу ўртоғингизнинг хотини ғирт аҳмоқ хотин экан-ку! Шунча йилдан бери дугона бўлиб билмаган эканман. Кечаги гапи бугунги гапига тўғри келмайди-я! – Ҳалима опа дийдиёсини бошлади.
– Нима бўлди ўзи, йўқ дейишдими?
– Ҳозирги замоннинг қизларига ҳам ҳайронман. Тап тортмасдан ота-онасининг юзларига оёқ босишдан ҳам тойишмайди. Биз отамиз кимга деса шунга эрга тегиб кетаверган эканмиз-да!
– Ҳа энди биздай йигитга «йўқ» дейишингиз ҳам мумкин эмасди-да! – Сафар ака гапни ҳазилга бурди.
– Сиз ҳам бир отадай болангизнинг тақдири билан қизиқиб шу дўстингизга олдиндан айтиб, гапни пиширганингизда қизи рад жавобини бермаган, бизни бунчалик сарсон қилмаган бўларди, – аламини кимдан олишни билмай келаётган Ҳалима опа эрига ёпиша кетди.
– Отаси қизини мажбурлаб куёвга берармиди? Қўзивой унақа одам эмас. У маданиятли, тушунган одам. Қизининг раъйига қарши иш тутмайди.
– Бу билан сен маданиятсиз одамсан демоқчимисиз? – онанинг баттар хуноби чиқди.
– Йўқ, лекин ёшларнинг қалбига ҳам қулоқ солиш керакда, хотин. Уларнинг орзу, истакларини ҳам ҳурмат қилишимиз керак, – Сафар ака бир оз пастга тушди.
– Мен фарзандимиз бахтли, тахтли бўлсин дейман.
– Ҳаммамизнинг ҳам ниятимиз шу.
– У қиз «йўқ» деган бўлса, бошқа қиз қуриб кетибдими? Ёки анави ўзининг яхши кўргани бор-ку, Вазирамиди, ўшани олиб бера қолайлик – Сафар ака бир четда тинглаб турган Баҳромга қараб қўйди.
– Гапирманг менга ўша қизни! Мен нима хаёлда-ю, сиз нима ўйдасиз!
– Янга, акам тўғри гапираяптилар. Қиз зотининг уруғи қурибдими? Баҳромжонга онаси ўпмаган қизлардан олиб берамиз, – катта амма гапга қўшилди.
– Шуни айтмайсизми, опа! Шу раиснинг қизи менга ёқмай турганди. Бир ҳисобда яхши бўлди. Ҳали шундай ҳурилиқо қизлар бизни кутиб турибди, – кичик амма Баҳромнинг елкасига қоқиб қўйди. – Сенга воҳамизнинг энг сара қизини топиб бермасам, отимни бошқа қўяман!
– Раҳмат, аммажон!
Баҳром аёлларнинг ғала-ғовуридан боши оғриб, боғ томонга чиқди. Елкасидан оғир юк тушгандай ўзини енгил ҳис қилди. Қалин сояли ёнғоқ дарахтининг тагида ўтириб, бўлиб ўтган воқеаларни таҳлил қила бошлади: «Муҳаббат яхши, мард қиз экан. Ишни айтганидан ҳам зиёда қилиб уддалади. Ҳеч қандай шубҳа, гумонларга ўрин қолдирмади. Тўғри келганда унга раҳмат айтиб қўйишим керак. Энди бу ёғи нима бўлади? Ҳар ҳолда отам билан бамаслаҳат иш тутганим яхши бўлди. Машойихлар бекорга «қари билганини пари билмайди» дейишмайди-да! Энди онам, аммаларим келинликка янги номзод топгунга қадар бир оз вақт керак бўлади. Ана шу мухлат бизга асқотиши даркор. Бу имкониятдан унумли фойдаланишимиз лозим. Лекин қандай қилиб? Балки отам бир амаллаб онамни йўлга солар. Балки…»
Баҳром сокин боғни айланар экан Вазирани жуда-жуда соғинганлигини ҳис қилди. Шу тобда уни кўргиси, бағрига босиб, сунбул сочларини силаб эркалагиси келди: «Бечора Вазира! Нима қилаётган экан? Кейинги кунларда ҳар кун тушимга кирмоқда. Бир томондан менинг журъатсизлигим, иккинчи томондан совчилардан кўз очолмаётган ота-онасининг қистовлари-ю, маҳалла-кўйнинг гап-сўзлари гирдобида қолган қизга ич-ичидан ачинди. Қани энди ёнига учиб бориб, дардига малҳам бўлсам! Бир оғиз ширин сўз айтиб, вайрона дилини обод қилсам! Эҳ, кунлар тезроқ ўта қолса эди. Ўқишлар бошланса, бу машмашалар ҳам тугармиди?»
Шу тобда Баҳром Вазира билан ўзгаларнинг қўлига тушиб қолишидан чўчиб, хат ёзмасликка келишиб олганлигидан афсусланди. Ҳеч бўлмаса, ўз қўллари билан ёзган дил номаларини ўқиб, куйган юраги таскин топармиди? Ўзи ҳам қалбининг тўрида қалашиб ётган дил изҳорларини хатга битиб, оз бўлсада хуморидан чиқармиди?
Ҳалима опа ҳам ўғли ўқишга кетгунга қадар фотиҳа тўйини қилишга улгуриш ниятида кечани кеча, кундузни кундуз демасдан изланишда бўлди. Турмушга чиқмаган қизлар кўп-у, аммо улар орасидан яхши келинни ахтариб топиш анчагина мушкул иш экан. Аёллар бир ҳафта чопа-чоп қилишиб, яна бир «номзод»ни топиб келишди.
Баҳром отаси билан келишиб, «мен қизни кўришим керак» деб туриб олди. Қизнинг ҳусни-латофатини кўрган Ҳалима опа «ўғлим уни бир кўришдаёқ ошиқ бўлиб қолади» деган умидда ўғлининг шартига дарров рози бўла қолди. Қизни янгаси туман марказидаги хиёбонга олиб чиқадиган бўлди. Бу томондан Баҳромга кичик амма ҳамроҳлик қилди. Келишилган пайтда тарафлар хиёбоннинг овлоқроқ гўшасида ҳозир бўлдилар. Салом-аликдан сўнг аёллар ёшларни ҳоли қолдиришиб, ўзлари сал нари кетдилар.
Йигит қизни йўлак четидаги ўриндиққа таклиф қилди, қиз ийманибгина унга эргашди. Баҳром ҳарчанд ўзини тетик тутишга уринмасин, негадир оёқлари қалтираб кетди, вужудини совуқ тер босди: «Аммамнинг айтганича бор экан! Жуда чиройли ва хушрўй қиз экан! Ўзини тутишидан ақлу ҳуши ҳам жойидага ўхшайди». Шундай дилбар, мафтункор қизнинг олдида ўзини гуноҳкор ҳис қилаётган йигитнинг хаёллари чуваланиб, гапни нимадан бошлашни билмай, ўнғайсизланди:
– Хуршидахон яхшимисиз, соғлиқларингиз яхшими? – йигит муваққатгина ўтирган қизга юзланди.
– Шукр! Ўзингиз яхшимисиз? – қиз хиёл бошини кўтариб, ўзгача бир назокат билан жилмайиб йигитга нигоҳ ташлади.
«Жилмайганда янада чиройлироқ бўлиб кетаркан» хаёлидан ўтказди йигит. Сўнг бир оз тин олиб, ҳаяжонини бостирди, зўр бериб фикрларини жамлашга ҳаракат қилди.
– Хуршидахон, сизни менга таърифлаганларидан ҳам ортиқ гўзал ва лобар қиз экансиз! Сизга ҳар қандай йигит бир кўришдаёқ ошиқ бўлиб қолиши табиий.
Хуршида ўзини ноқулай сезиб, бошини ердан кўтармасдан эшитилар-эшитилмас «раҳмат» деб қўя қолди.
– Фақат менинг бир узрим бор, – мақсадга кўчди Баҳром.
Хуршида ялт этиб Баҳромга қаради.
Баҳром шошмасдан бор гапни ипидан игнасигача гапириб берди. Хуршида унинг узундан узоқ ҳикоясини жуда катта ҳаяжон билан тинглади. Йигитга ҳам ачиниш, ҳам ҳавас кўзи билан қаради. Шундай кучли муҳаббат соҳибига юрагида чексиз ҳурмат ва эҳтиром ҳиссини туйди. Иккинчи томондан онасининг розилигини олиш ниятида шундай томошаларни ўйлаб топгани учун унга қойил қолди.
– Хуршидахон, сиздан яна бир бор узр сўрайман. Уйдагиларингизга «йигит менга маъқул бўлмади» деб қўйсангиз бас. Сабабига нима десангиз ихтиёрингиз. «Қўпол экан» дейсизми, «кўп гапирадиган, маданиятсиз экан» дейсизми менга барибир. Фақат бизникилар шубҳаланмаса бўлгани. Мен эса онамга сиз ёққанлигингизни, сизга жон-жон деб уйланишга тайёр эканлигимни маълум қиламан.
– Баҳром ака, хавотирга тушманг, ҳаммаси сиз айтгандай бўлади. Сизнинг севган қизингизга муҳаббатингиз, ота-онангизга меҳрингиз менинг ҳурматимни оширди. Сизга бахту саодат тилайман. Вазирахонга албатта етишишингизга умид қиламан, – Хуршида ўрнидан қўзғалди.
– Сизга ҳам омад ёр бўлсин, сиз бир олижаноб йигитнинг суйган ёри, обрўли хонадоннинг эрка келини бўлишингизга ишонаман. Минг бора узр, – Баҳром қўлини кўксига қўйиб, тавозе билан қизни кузатди.
Ўғлига қизнинг ёққанлигини эшитиб, боши осмонга етган Ҳалима опанинг кечга бориб яна таъби тирриқ бўлди. Аёллар йигит Хуршидага тўғри келмаслиги ҳақидаги шум хабарни унга оқизмай-томизмай етказишган эди.
– Э, бу қизларга бир бало бўлганми? Шундай йигит тўғри келмаса, ким ёқади у таннозларга ўзи! Кўрамиз ҳали бир кун келиб, ҳамманг афсус чекасан. Лекин унда кеч бўлади. Ўғлимга сенлардан минг чандон ортиқ қизни олиб бераман! Шунда кўрасизлар! Ҳе шундай йигит ҳайф сенларга! – Ҳалима опанинг алламаҳалгача жағи ўчмади.
Сафар аканинг хотинини тинчлантиришга қарата қилган хатти-ҳаракатлари наф бермади. Баҳром онасига ачиниб, кўнглини кўтаришга уринди. Лекин шу маҳалда онаизорнинг қалбига чироқ ёқса, ёришмасди…
Шу орада ёзги каникул кунлари ҳам тугаб, Баҳром орзиқиб кутган онлар етиб келди. Шаҳарга қайтиши билан Вазира билан учрашиб, бирга тушлик қилишди, шаҳар айланишди. Янги ўқув йили бошланишидан олдин ҳар йилги анъаналарига кўра Гўри Амир мақбарасини, Бибихоним масжидини, Шоҳи Зинда мажмуасини зиёрат қилишди. Регистон майдонини томоша қилишди. Вазира ўзини ҳар қанча бепарводек тутишга ҳаракат қилмасин, ич-ичидан эзилаётгани, қалбида битмас жароҳат борлигини англаш қийин эмасди. Баҳром ҳам гарчанд ўзини шод ва хуррам кўрсатишга уринаётган бўлсада, юз-кўзидан юрагида чексиз дард борлиги шундоққина кўриниб турарди. Ҳар иккаласи хаёлида ҳозир бошланадиган савол-жавоблардан қандай чиқиб кетишни, бир-бирининг дилига озор бермасликнинг йўлини ахтариш билан овора эди.
Қуёш уфққа бош қўйган маҳалда кун бўйи пиёда юриб толиққан ёшлар шоирлар боғи чеккасидаги ўриндиққа келиб ўтиришди. Ҳар иккаласи бир муддат жим қолишди. Орадаги сукунатни Баҳром бузди:
– Вазира, ота-онангиз, амакингиз роса безовта бўлишаётгандир! Сизни ҳам, уларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйдим!
Вазира индамади. У гўё суҳбатдошининг гапларини эшитмаётгандай эди. Баҳром унинг қалбидан нималар ўтаётганини англаб турарди:
– Вазира, жоним! Оз қолди, яна бир оз чидайлик, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, – йигит қизнинг қўлларидан тутиб, ўзига тортди. Қиз беихтиёр бошини йигитнинг кўксига қўйди:
– Баҳром ака, сизни соғиниб кетдим… – Вазиранинг ўпкаси тўлиб, кўзлари ёшга тўлди.
– Жоним, мен ҳам сени жуда соғиндим. Ҳар кун тушларимга кирдинг. Сени эсламаган, номингни тилга олмаган оним бўлмади! – Баҳром қизни маҳкам қучиб, юз-кўзларидан, дудоқларидан бўса ола бошлади…
Вазира йигитга ортиқча эрк бериб қўйганлигини фаҳмлаб, ўзини тортди:
– Уятсиз бўлиб кетибсиз!
– Ҳижрон мени шу кўйларга солди. Гўзалим, чиндан сени соғиндим!
– Ишонмайман!
– Нима учун?
– Соғинганингизда бир бор ортимдан сўроқлаб келардингиз-да. Мен сизни аллақачон онангизга маъқул бўлган ўша қизга уйланиб олгансиз деб ўйлагандим, – қиз тим қора қошларини чимириб, йигитнинг кўзларига тик боқди.
– Ҳа, дарвоқе ўша қизга уйланишимга сал қолди.
– Ажаб қилибсиз!
– Қизиқ ҳангомалар бўлди. Ўтган бир ойлик дам олиш менинг учун ҳақиқий уқубат даври бўлди. Эшитган киши ҳайратидан ёқа ушлайди.
– Ростданми?
Баҳром шошилмасдан бошидан кечирган савдоларни ҳикоя қилди. Вазира йигитнинг гапларини диққат билан тинглар экан, ичида бўлажак қайнотасининг меҳрибон ва донолигига, суйган инсонининг бунчалар заҳматкаш ва топқирлигига тасаннолар ўқиди: «Бечора Баҳром акам! Мен ундан хафа бўлиб юрибман. У эса онаизорини норизо қилмаслик, унинг раъйини қайтармаслик ниятида не азобларни, не савдоларни кўрмапти. Қани энди ҳар бир инсон онасига шу кишидек меҳрибон бўлса! Лекин Ҳалима опа шунча гап-сўзлардан сўнг шаштидан тушармикин? Ўғлига оқ фотиҳа берармикан? Мени негадир ёқтирмайди. Бўлиб ўтган воқеалар унинг дилини юмшатармикан? Нима бўлганда ҳам Баҳром акам тўғри айтдилар, бу ҳодисотлар бизга фурсат бермоқда. Вақт эса олий ҳакам!»
– Мана шунақа гаплар! Бир ой қанақа ўтганини билмайман. Кунлар тезроқ ўтишини, ўқишлар бошланишини, сизни кўришни истадим. Тўғри, онамни лақиллатдим. Лекин бошқа иложим ҳам йўқ эди. Буларнинг барчаси учун бир кун онамдан узр сўрайман. Эзгулик йўлида ишлатилган ёлғон учун бизни Яратганнинг ўзи авф этишига умидворман! – Баҳром ҳикоясини негадир шундай китобий сўзлар билан якунлади.
– Иншооллоҳ!..
Орадан олти ой ўтди. Баҳромнинг охирги курсда ўқишлари бир оз енгиллашиб, амалиёт ўташга аввал суд, сўнг прокуратура идораларига қатнай бошлади. Вазира ўқишини давом эттирди. Совчилар машмашасидан унинг қулоғи анча тинчиб қолди. Негаки, у онасига Баҳромдан эшитганларини бирма-бир айтиб берган эди. Нигора опа ва Баҳодир акаларда бўлажак куёвларининг қатъиятли ва мардлигига шубҳа қолмади. Баҳромнинг бир кун келиб онасини ишончини қозонишларига умид билан қарай бошлашди. Келадиган совчиларни эса ҳар хил баҳоналар билан қайтариб юборавердилар.
Баҳром Вазира билан деярли ҳар куни учрашиб турар, ўқишдан бўш вақтларини бирга ўтказишарди. Улар бир-бирларига шунчалик ўрганиб қолишгандики, бир кун кўришмасалар олам кўзларига тордек кўриниб кетарди. Талабаликнинг олтин даврлари шоду хуррамлик билан ўтиб борарди…
Фақат Баҳром уйига бориб келгандан кейин бир-икки кун хомуш бўлиб юрар, гарчанд буни яширишга ҳаракат қилса-да, Вазира дарров сабабини фаҳмлар, аммо бу ҳақда сўрашга ботина олмас эди. Аксинча, шундай кезларда у Баҳромни қандай бўлмасин, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилар, уни тушкун кайфиятдан олиб чиқиш учун бор ҳунарини ишга соларди.
Баҳром янги йил олдидан қишлоққа борганда Ҳалима опа негадир совчилар ҳақида оғиз очмади. Қулай фурсат топиб, отасидан бунинг сабабини сўради:
– Отажон, негадир онам бу сафар хотиржамроқ.
– Қўявер ўғлим, бунинг сабаби бор. Шу ойда онанг икки қизга совчиликка борди. Бир амаллаб иккисини ҳам йўққа чиқардим. «Негадир ўғлимнинг олди очилмаяпти» дея ўзи ҳам ҳайрон. Қизлардан роса кўнгли қолган. Ишқилиб Худонинг ўзи билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечирсин-да!
– Ота, онамга ҳам юрагим ачишади. Фарзанд катта қилиб, унинг орзу-ҳавасини кўриш истаги билан яшаётган, менга жонини ҳам беришга тайёр турган онамга сот-қинлик қилаётгандайман, уни алдаб, гуноҳга ботаётгандайман!
– Ундай хаёлга борма. Биз онангни алдаётганимиз йўқ, балки тўғри йўлга солишга ҳаракат қилаяпмиз. Онанг сенинг бахтингни кўрмоқчи, шундайми?
– Шундай.
– Сен Вазирани яхши кўрасан. Инсон севмаган кишиси билан бахтли турмуш қуролмайди. Демак, сен фақат унга уйланиб, бахтиёр бўлишинг мумкин. Онанг эса шу ҳақиқатни тушунгиси келмаяпти!
– Тўғрику-я… аммо барибир онамнинг дилига озор етказаётгандайман! Билмадим, кейинчалик ҳақиқат юзага чиққанда у мени кечирармикин?
– Кечиради! Эзгулик йўлида қилинган ёлғон ҳам савобга ўхшаб кетади. Ҳа дарвоқе, ўшандан буён мен «ўғлингнинг кўнгли Вазирада, унинг кўнглига қараб иш тутишимиз керак, мана бошқа қизларга уйланишига Худонинг ўзи ҳам йўл бермай турибди!» дея онангнинг қулоғига қуйиб бораяпман. Бошида эшитгиси ҳам келмаётган эди. Кейинги пайтларда бошқа қизлардан кўнгли қолди шекилли, гапирсам индамаяпти. Ҳар қалай бу бизнинг дастлабки ютуғимиз, – Сафар ака «тўғрими?» дегандай ўғлига юзланди.
– Отажон, раҳмат! Сиз қўллаб-қувватламаганингизда менинг қўлимдан ҳеч нарса келмасди.
Шу воқеадан сўнг Баҳромнинг кўнглида умид учқунлари пайдо бўлди. Бу ҳақда Вазирага айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо ҳозирча шошмасликка, онасининг тўла розилигига эришгач, севгилисини бир йўла суюнтиришга аҳд қилди…
Наврўз кунлари арафасида Баҳром ўқишга шошиб кета туриб, эшик олдида ногаҳон икки қўлида оғир сумкаларни кўтариб келаётган онасига дуч келди. Ҳалима опанинг одати шунақа. Ҳар доим ўғлини ўқишга чиқиб кетишидан олдин тутиб олиш учун барвақт уйидан чиқиб, етиб келарди.
Баҳром ҳар галгидек онасининг қўлидан сумкаларини олиб, эҳтиром ила кутиб олди:
– Онажон, ўзингизни қийнаб шунча нарсани олиб келиб нима қилардингиз, оғирлигини қаранг, қишлоқда бирор нарса қолмабди-ку!
– Кеча патир ёпган эдим, сариёғ, гўшт дегандай, қишлоқникини мазаси бошқача бўлади-да болам!
– Қишлоқ ноз-неъматларининг мазаси чиндан ҳам бош-қача бўлади. Лекин бир ўзингиз шунча нарсани кўтариб…
– Ҳечқиси йўқ, автобусга ўтирдим, ғир этиб келдим-қўйдим.
– Отам яхшимилар, қариндошлар соғ-саломатми?
– Ҳаммалари яхши, кўпдан-кўп салом айтишди. Отанг келмоқчи эди. Мактабида Наврўз байрамига бағишланган тадбир бор экан. Шунга «ўзинг бориб кела қол» дедилар. Ўқишингга кечикмаяпсанми болам? – деди Ҳалима опа сумкадан патирларни чиқариб, дастурхонга қўяр экан.
– Ҳозир прокуратурада амалиёт ўтаяпмиз, сал кейинроқ борсам ҳам бўлади.
Баҳром чой қўйди. Она-бола бирга нонушта қилдилар.
– Онажон, сиз дамингизни олиб, бемалол ўтира туринг, мен ғир этиб прокуратурага бориб, терговчидан жавоб олиб келаман. Кейин сиз билан шаҳар айланамиз. Янги ҳинд киноси келибди, бирга тушамиз, – Баҳром онасининг бехосдан ташрифи сабабини тушуна олмай, уни кўнглини олишга ҳаракат қиларди.
– Йўқ, йўқ Баҳромжон, сен ишингдан, ўқишингдан қолма. Мен қайтаман!
– Онажон, шунча йўлдан келиб, дарров қайтиб кетасизми? Мен бораман-у қайтаман. Ёки зериксангиз мен билан юринг, ташқарида бир оз кутиб турсангиз, мен тезда чиқаман.
– Майли, бирга чиқамиз, мени бекатгача кузатиб қўйсанг бўлди. Сен кейин ишингга кетаверасан. Қани, дастурхонга фотиҳа қилайлик, – Ҳалима опа дуога қўл кўтарди.
Баҳром онасининг бир сўзли хотин эканлигини билганлиги боис, уни қолишга ундаш бефойда эканлигини ҳис қилиб, таклифига рози бўлишга мажбур бўлди. Кўчага чиқиб, такси тутдилар. Йўл бўйи у ёқ-бу ёқдан гаплашиб бордилар. Лекин Баҳромнинг хаёлидан «онам нима мақсадда келган экан?» деган ўй кетмасди: «Ўзи шундоқ соғиниб, келган бўлса, нега унда дарров «кетаман»га тушиб қолди? Ёки совчилик борасидаги муваффақиятсизликлар сабаб, зерикиб, қисиниб менинг олдимга йўл олдимикин онам бечора! Аммо нега унда бу ҳақда сўз очмади? Олдинлари у киши билан ёлғиз қолган пайтларимда нуқул менинг тўйим хусусида гапиришни хуш кўрардилар. Бу сафар бу мавзуга тил ҳам теккизмадилар. Нима сабабдан? Ёхуд менинг бошқа қизга уйланишимга кўзи етмай қолдилармикин? Ундай бўлса, Вазирани сўрамади ҳам-ку!»
Такси бир пастда автобус бекатига етиб келди. Баҳром онасини бир четга ўтқазиб, ичкаридан чипта олиб чиқди. Автобус жўнашига ярим соатча вақт бор эди.
– Мана бу пулни отанг бериб юборганди. Ол, чўнтагингга солиб қўй,– Ҳалима опа сумкасидан бир ўрам пул олиб, ўғлига узатди.
– Пулим бор эди-ку! Отам бекорга овора бўлиб… яқинда Наврўз, уйга борардим-ку! – Баҳром бир оз хижолат тортиб, пулни олди.
– Йигит кишининг чўнтагида ҳар доим пул бўлиши керак! Бели бақувват, сўзи ўткир бўлади, болам! – ўғлининг хижолат бўлганини сезган она унга далда бўлди.
– Раҳмат, онажон! Сизлар отам билан мени ҳеч кимдан кам қилмасдан катта қилдингизлар, ўқитаяпсизлар…
– Бу ота-онанинг бурчи, болам. Нимаики қилаётган бўлсак сенинг бахтинг, келажагинг учун! Бизларнинг бор орзу-ҳавасимиз сендан, сизлардан жоним болам! Мен тошбағир она, сизларни шунча азобладим. Баҳромжон, болам мен рози…
– Онажон! Сиз…– Баҳром донг қотиб қолди.
– Ўғлим, мен сенга ҳам, Вазирага ҳам жабр қилдим. Муҳаббатларингизни тушунмадим. Онаизорнинг кўнгли қуриб кетсин! Бўлар-бўлмас хаёлларни деб, сизларни бахт-сиз қилиб қўйишимга сал қолди. Аслида Вазирадек қизни келин қилишни орзу қилгандим. Лекин уни қутқариш учун сенинг жонинг азобланганини кўриб, унга нисбатан дилимда қандайдир адоват пайдо бўлди. Ўйлаб кўрсам, Яратганнинг ўзи сизларни учраштириш учун шундай синовларни бошларингизга солган экан. Оллоҳ ўзининг суйган бандаларига дард бериб, синаб кўраркан. Балки менинг инжиқликларим ҳам муҳаббатларингиз учун синов бўлгандир. Мени кечиринглар! – Ҳалима опанинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
– Онажон, ўзингизни айбламанг, онасининг гапини икки қилган мендай нобакор ўғлингизни кечиринг! – деди Баҳром ўпкаси тўлиб.
Автобус жўнайдиган вақт бўлганлиги боис, она-бола бекат томонга юрди. Ҳалима опа ўғли билан илиқ хайрлашиб, автобусга кириб борар экан, ортига қайрилиб, қувончдан кўзлари чақнаб турган Баҳромга:
– Қизимга – Вазиражонимга ҳам мендан салом айтиб қўй, – деди.
Баҳром «хўп» дегандай бош чайқади…
Автобус жойидан қўзғалгач, Баҳром оғзи қулоғида тўғри Вазиранинг олдига йўл олди…
Ёзнинг ўрталарида Баҳром билан Вазиранинг тўйлари бўлиб ўтди. Сафар ака тўй қилиб, элу юртга ош берди. Узукка кўз қўйгандай бир-бирларига ярашиб турган келин-куёвларга ҳамма ҳавас қилди. Келин келиб, Сафар ака ва Ҳалима опаларнинг хонадони нурга тўлди. Баҳодир ака, Нигора опа Вазиранинг бахтини кўриб бошлари осмонга етди.
Шу орада Баҳром ҳам ўқишини тамомлади. Университет йўлланмаси билан туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш бошлади…
* * *
Янги йил арафасида Зангиота қамоқхонасидан «2245» – рақамли агент томонидан юборилган хабарнома тергов гуруҳи аъзолари қалбида умид уйғотгандай бўлди. Хабарномада мазкур жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаган Аҳад Ботиров деган махбус бундан уч йил муқаддам «агар қамоқдан эсон-омон чиқсам, мени ноҳақ жавобгар қилиб, ҳаётимни дўзахга айлантирган терговчидан ҳам, прокурордан ҳам, судьядан ҳам қандай бўлмасин қасос оламан!» деб айтганлиги қайд этилган эди.
Фахриддин Каримович зудлик билан тергов гуруҳи аъзоларига Аҳад Ботиров ҳақида барча маълумотларни тўплаш ҳақида кўрсатмалар берди, унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини суддан сўраб олишни топширди. Санжарбекка уч-тўрт тезкор ходимлар билан бирга Ботировнинг кейинги яшаш жойини аниқлаш ва уни прокуратурага олиб келиш вазифаси юклатилди.
Кечга яқин Тоҳир Ғофурович шу масала бўйича гуруҳ аъзоларини йиғди. У гуруҳ раҳбари томонидан тақдим этилган маълумотномага кўз югуртирар экан, йиғилганларга бир қараб қўйди:
– Ҳамма шу ердами?
– Санжар Раҳмоновдан бошқа ҳамма шу ерда. Уни Ботировни яшаш жойини аниқлаб, ўзини олиб келиш учун юборгандим, – Фахриддин Каримович ўрнидан туриб жавоб берди.
– Ўтиринг, ўтиринг! Марҳамат, Ботиров хусусида ҳозирча бизга нималар маълум!
– Тоҳир Ғофурович, Аҳад Ботиров 1955 йилда туғилган. 1977 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тугатган. Ўқишни тугатиб, Бекобод шаҳар марказий касалхонасида жарроҳ бўлиб ишлаб келган. 1983 йилда фуқаро Озода Қобуловани айбни оғирлаштирадиган ҳолатда қасддан ўлдирганлиги учун ўн тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Жазони Зангиотадаги қамоқхонада ўтаган. Шу йил май ойида жазони муддатидан олдин ўтаб чиққан. Ҳозирча бизда унинг кейинги яшаш, иш жойи ҳақида маълумот йўқ.
– Яхши, Ботировнинг Баҳром Сафаровичга нима алоқадорлиги бор экан? – Тоҳир Ғофурович кўзойнагини ечиб, стол устига қўяр экан, Фахриддин Каримовичга юзланди.
– Ботировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини шаҳар прокуратураси терговчиси Икром Бозоров тергов қилган, айблов хулосаси ҳақиқатда ўша пайтда шаҳар прокурори бўлиб ишлаган Баҳром Сафаров томонидан тасдиқланган экан, – деди Фаҳриддин Каримович стол устидаги икки жилдлик жиноят ишини варақлай туриб.
– Демак, масала ростдан ҳам жиддийга ўхшайди, – Тоҳир Ғофурович қўлидаги ручкани столга уриб, бир оз ўйга толди, сўнг хаёлига келган фикрдан ўзи чўчиб кетди. – Фахриддин Каримович, агарда бу тахмин ўзини оқлайдиган бўлса, у ҳолда терговчининг ҳам, судьянинг ҳам ҳаёти хавф остида қолган бўлади. Зудлик билан чора кўрмасак бўлмайди. Терговчи билан судьянинг иш жойи, уйини қўриқлашни ташкил этиш лозим.
– Тушунарли, ҳозироқ ҳар иккаласининг яшаш ва иш жойларини назоратга олиш учун тезкор ходимларни йўллайман.
– Ҳа дарвоқе, ходимларингизга яхшилаб тайинланг, эҳтиёт бўлишсин! Ботиров энди шу манзилларда пайдо бўлиши мумкин. Терговчини ҳам, судьяни ҳам бу ерга чақириш керак эмас. Агарда Ботиров уларни кузатиб юрган бўлса, ортига тушганимизни сезиб қолиши мумкин. Бундан ташқари ҳар иккаласининг хизмат, уй телефонлари сўзлашувларини эшитишни ташкил этинг. Ҳеч бир қўнғироқ эътибордан четда қолмасин. Ботиров пихини ёрганлардан кўринади, бошқа бировлар орқали, жумладан аёллар орқали ҳам телефон қилдириб, учрашувга чақириши мумкин. Тушунарлими?
Фахриддин Каримович прокурор ўринбосарининг кўрсатмаларини қўлидаги дафтарга ёзиб олар экан, «тушунарли» дегандай бош ирғади.
– Кимда қандай савол бор? – прокурор ўринбосари гуруҳ аъзоларига мурожаат қилди, ҳеч кимдан садо чиқмаганлигини кўриб, «ҳамма ишга!» деб қўшиб қўйди. Сўнг ёнида турган қатор телефонлардан бирини кўтариб, Тошкент вилоят прокурорини телефонга улаб беришларини сўради.
– Фахриддин Каримович, нима деб ўйлайсиз, шу дўхтирнинг қўлидан шунча иш келармикин? Ёки биз яна нотўғри йўлга тушиб қолдикмикин? – прокурор ўринбосари суҳбатдошига савол назари билан қаради.
– Қайдам. Лекин қасос ёмон нарса. Инсонни ҳар кўйга солиши мумкин.
Телефон жиринглади. Тоҳир Ғофурович энгашиб, оҳиста гўшакни кўтарди:
– Абдурашид Маҳмудович, яхшимисиз? Бекобод шаҳар прокуратурасида Икром Бозоров деган терговчингиз бор эди. У йигит ҳозир қаерда ишлаяпти, хабарингиз борми?
– Бозоров, Бозоров! Ҳа, ҳа эсладим. Бир неча йиллар олдин ишдан бўшаб кетганди. Тоҳир Ғофурович, тинчликми?
– Тинчлик, тинчлик. Нима сабабдан ишдан кетганди?
– Ўз аризасига кўра. Лекин у йигитнинг ишга муносабати яхши эмас эди. Бир неча марта устидан хизмат текшируви ўтказилди. Кўп бор огоҳлантирдик, жазоладик! Фойдаси бўлмади. Охири аризасини олишга мажбур бўлдик. Тоҳир Ғофурович, нима ариза ёзибдими?
– Йўқ, йўқ! Ҳозир қаерда ишлайди, билмайсизми?
– Йўқ, билмас эканман. Биздан бўшаб кетгандан буён… қизиқмабман. Аниқлаб берайми? – деди вилоят прокурори хижолатомуз.
– Шарт эмас. Майли, ишингизга омад! – Тоҳир Ғофурович гапни қисқа қилиб, гўшакни қўйди.
Шу пайт котиба терговчи Санжарбек Раҳмонов қабулхонада кутиб турганлигини маълум қилди. Бошлиқ терговчига ичкарига киришга изн берди.
– Ассалому алайкум, – Санжарбек қўли кўксида одоб билан хонага кириб келди.
– Кел, болам. Қани гапир, нималарни аниқладинг? – деди Тоҳир Ғофурович сабри чидамай.
– Аҳад Ботиров жазони ўтаб чиққач, Дўмбиробод даҳасидаги ҳовлисини сотиб, Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўчиб, номаълум томонга кўчиб кетган. Қўни-қўшнилар ҳам унинг қаерга кетганлигини билмайди.
– Бола-чақаси қаерда экан? Ахир уларни ташлаб кетмас... – Фахриддин Каримович гапга қўшилди.
– Ачинарлиси шундаки, Ботиров қамоқда жазони ўтаётган пайтда бошига оғир кулфат тушган…
– Қанақа кулфат? Тезроқ гапирсанг-чи! – терговчининг расмий ахборотга бадиий бўёқ бериши Тоҳир Ғофуровичга ёқмади.
– Ботировнинг хотини икки ўғли билан эрини кўриш учун қамоқхонага кетаётганда йўлда автоҳалокатга учраган экан. Хотини ўша заҳоти, икки фарзанди эса шифохонада… ҳаётдан кўз юмишган, – Санжарнинг нафаси бўғзига тиқилиб, бир оз жимиб қолди.
Тоҳир Ғофурович гарчанд ўша инсонларни танимаса-да, юрагининг тўрида уларга нисбатан ачиниш пайдо бўлганлигини сезди. Икки-уч бор «хунук иш бўлган экан-да!» дея такрорлади. Сўнг Санжарбекка юзланди:
– Ботиров ўзи ҳозир қаерда экан?
– Буни ҳозирча аниқлай олмадик. Бекободда ҳам оиласи билан хизмат уйида туришган. Қамалгандан сўнг оиласи уйни топшириб, Тошкентга кўчиб келишган.
– Балки қариндошлариникига кўчиб ўтгандир? – Фахриддин Каримович ўрнидан туриб кетди.
– Ботировнинг ота-онаси у талабалик пайтида дунёдан ўтиб кетишган. Битта яқин қариндоши – амакиси билан гаплашдим. Ҳамма гапни ундан эшитдим. Аммо у ҳам Ботировнинг ҳозир қаерда эканлигини, нима иш билан шуғулланишини билмас экан. Унинг айтишича, хотини, болаларидан жудо бўлгандан сўнг, йигит шўрлик эс-ҳушини йўқотаёзган. Амакиси қамоқхонага орқасидан бир неча марта борган. Аммо у ҳеч ким билан кўришишни ҳам, гаплашишни ҳам хоҳламаган. Қамоқдан чиққач, уларникига бир марта келган экан. Аммо ўзининг кейинги режалари, эртанги ҳаёти ҳақида амакисига лом-мим демаган. Қисқа муддат ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзи яшаб юрган. Ёлғизликдан уйига сиғмаган шекилли, ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан ота ҳовлисини сотиб, чопонини елкасига ташлаб, уйидан чиқиб кетган экан. Ўшандан буён уни ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган.
– Ботировни қандай бўлмасин топиш керак! У – яраланган шер! Бундай пайтда шернинг нималарга қодирлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. Фахриддин Каримович, зудлик билан Бекободга тезкор ходимларни юборинг. Ботиров ўқишни битириб, ўша ёқда ишлаган. Таниш-билишлари ҳам ўша ёқда кўпроқ бўлиши табиий. Ҳар эҳтимолга қарши Тошкент шаҳрида яна қандай қариндошлари, дўсту биродарлари борлигини ҳам аниқлаш, бу манзилларга ҳам ходимларни юбориш зарур.
– Тушунарли! – деди Фахриддин Каримович ва Санжарбек бир овоздан.
– Ҳа дарвоқе, Фахриддин Каримович, Ботировнинг жиноят ишини шахсан ўзингиз терговчи кўзи билан диққат билан ўрганиб чиқинг. Кейин менга фикрингизни айтасиз. Ботиров ўзини ноҳақ айбланган деб ҳисоблайди. Шундай аянчли жиноятга қўл уриш учун инсон юрагида қанчалик нафрат бўлишини тасаввур қилаяпсизми? Бундай нафратни фақат адолатсизлик келтириб чиқариши мумкин! Жиноят иши билан яхшилаб танишиб чиққанингиздан сўнг уни расмий хулоса олиш учун «УСО [1]» га ўтказинг!
– Хўп бўлади!
Терговчилар олдинма-кетин хонадан чиқишди. Фахриддин йўл-йўлакай Санжарбекка тегишли топшириқларни бериб, ўзи хонасига шошилди. Котибага олдига ҳеч кимни қўймасликни тайинлаб, Ботировнинг жиноят ишини қунт билан ўқишга тушди. Унинг хаёлида энг катта сир, калаванинг учи шу жиноят иши ичига яширингандай эди. Шу сабаб ишдаги ҳар бир ҳужжатни диққат билан кўздан кечириб, ҳар бир кўрсатмани синчковлик билан ўқишга киришди. Керакли жойларини алоҳида қоғозга қайд этиб борди, воқеалар, шахслар, уларнинг алоқаларини акс эттирувчи схемаларни чизди.
Жиноят иши ҳужжатларидан кўринишича, бу қотиллик жиноятининг тафсилоти оддийгина эди: Аҳад Ботиров ўзи билан бирга ҳамшира бўлиб ишлайдиган Озода Қобулова деган қиз билан яқин муносабатда бўлган. Натижада, Озода ундан ҳомиладор бўлиб қолган. Қиз эл-юрт, ота-онаси олдида шарманда бўлишини ўйлаб, Аҳаддан унга уйланишини талаб қила бошлаган. Акс ҳолда уни ишхонасига, уйига бориб шармандасини чиқаришини айтган. Ботировнинг гулдай хотини, икки нафар шириндан-шакар ўғли бўлган. Ишхонасида ҳам обрў-эътибори ҳавас қилса арзигудек эди. Озода унинг оиласини барбод қилиши, келажагини, орзу-умидларини йўққа чиқариши мумкин эди. Шу сабабдан у бу балолардан қутилишнинг ягона йўли Озодани йўқ қилиш, деб ўйлаган.
Жиноятнинг мотиви аниқ. Ботировда қизни ўлдиришга етарли асос бўлган. Лекин қандай қилиб олий маълумотли шифокор олдиндан жиноят содир этишга тайёргарлик кўриб, ўзидан шунчалик из қолдириши мумкин? Нима сабабдан жиноятни Озоданинг уйида содир этган? Унинг уйга кириб-чиқишини қўшнилар кўриши мумкин эди-ку! Агар шундай қабиҳ нияти бор экан, бирор овлоқроқ жойга чиқиб, ўша ерда ниятини амалга оширса, шу йўл билан ўзига қарши далиллардан қутилса бўларди-ку!.. Балки Ботиров ўша куни Озодани яна бир бор ўз айтганларига кўндириш учун боргандир. Уни ўлдириш нияти бўлмагандир. Аммо Озода ўз айтганидан қайтмаган, хотинидан ажралиб, унга уйланишни талаб қилиб тураверган. Шунда Аҳаднинг жаҳли чиқиб, қўлини қонга булғаган. Жиноят изларини яширишга улгурмаган. Чунки шу пайтда Озоданинг дугонаси Лайло Шодиева келиб қолган. Ботиров жиноят устида қўлга тушганлигини фаҳмлаб, жазодан қочиш мақсадида Лайлога зудлик билан «тез ёрдам» чақиришни буюрган. Лайло телефон излаб, қўшниларникига югурган. Телефон қилиб, қайтиб келганда Аҳад Озоданинг вафот этганлигини айтган. Бир оз ўтиб «тез ёрдам» ва милиция ходимлари етиб келишган…
Ботиров бошдан-оёқ жиноятни у содир этмаганлигини таъкидлаб келган. Ўзига қўйилган айбларни тан олмаган. Унинг кўрсатмасига кўра, ҳақиқатда Озода билан муносабатлари яхши бўлган. Бир-икки марта учрашиб юришган. Ўша куни Озода эрталаб унга телефон қилиб, муҳим иши борлигини айтиб, кечқурун ишдан қайтишда уникига кириб ўтишни илтимос қилган. У келиб Озоданинг эшигини роса тақиллатган. Аммо ҳеч ким эшикни очмаган. Эшикни қўл билан итарса, қулфланмаган экан. Аҳад ичкарига кирганда Озода ерда қорнига пичоқ санчилган ҳолда ўлим талвасасида ётган, у шифокор бўлганлиги боис қизга санчилган пичоқни авайлаб олиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Шу пайтда Лайло келиб қолган…
Фахриддиннинг боши қотди. Озоданинг ўлими кимга керак бўлган? Наҳотки, олий маълумотли инсон шу бир арзимас баҳона сабаб ҳомиладор аёлни ўлдирса? Ахир масалани ҳал этишнинг бошқа йўллари ҳам бор эди-ку! Наҳот икки инсонни ҳаётдан жудо қилиш шунчалик осон бўлса! Ботиров шундай шафқатсизликка қодирмиди? Ота-онасидан эрта жудо бўлиб, азоб-уқубат нималигини кўрган, мактабни, олий ўқув юртини аъло баҳолар билан битирган, иш жойида нисбатан қисқа муддатда обрў-эътибор қозонган, яхшигина оила соҳиби бўлган инсон шундай жиноятга қўл уриши мумкинми? Ёки шунча пайтдан бери ҳаётда қўлга киритганлари бир сўз билан барбод бўлишидан, умидлари пучга чиқишидан шунчалик қўрқиб кетиб, ақлдан адашиб, шу кўйга тушиб қолдимикин, тажрибасизлик қилдимикин? Қилаётган хатти-ҳаракатининг орқа-олдини ўйламадимикин? Ахир унинг Озода билан муносабатларини кўпчилик билган, ораларида вужудга келган келишмовчиликлар ҳақида гап тарқаган. Бундай ҳолатда қизнинг ўлимида биринчилар қаторида Ботиров гумон қилиниши табиий эди-ку! Наҳот шундай фаросатли йигит ўзини кўра-била туриб оловга урган! Ёки хом сут эмган банда жазодан қутулиб қолишга умидвор бўлганми?..
Терговчи хонада у ёқдан бу ёққа юриб, қисқа муддатда тўрт-беш сигаретни чекиб томомлади. Яна жойига ўтириб, ишни варақлашга тушди. У жиноят ишининг «ичи»га қанчалик кўпроқ «шўнғиб» борар экан, хаёлини шунчалик ечимсиз савол ва муаммолар қамраб ола бошлади: Ботиров жиноят устида қўлга тушган, лекин тергов ва суд жараёнида бошдан-оёқ айбига иқрор бўлмаган! Бу нима? Ўтакетган нодонликми ёки ўта ақллиликми? Балки ростдан ҳам унинг жиноятга алоқаси йўқдир! Лекин далиллар… Воқеа жойидан топилган пичоқда унинг бармоқ излари топилган, асосий гувоҳ Лайло Шодиеванинг кўрсатмалари-чи? У тергов давомида берган кўрсатмасида «Озода билан қалин дугона бўлганлигини, сирларини бир-биридан яширмасликларини, бир куни у хафа бўлиб, «Аҳад акам болани аборт қилдиришга мажбурлаётганлигини, у эса бунга рози бўлмаганлигини, шунда у қизишиб кетиб, «мени оилам ва жамоам олдида шарманда қилмоқчимисан, бола туғилмайди, агар жонимга тегсанг қорнингга пичоқ санчаман!» деб айтганлигини, шунда у сиқилиб, йиғлаб турганининг устига бош врач Тошмурод Собиров келиб қолганлигини, у «қизим, нима бўлди?» деб сўраганда, унга индамай қўя қолганлигини» таъкидлаган. Шу гапни у Ботиров билан юзлаштириш жараёнида ҳам бот-бот такрорлаган. Бош врач ҳам Лайлонинг гапларини тасдиқлаган.
Гувоҳ Шодиеванинг шу гапи Ботировни қотиллик жиноятини содир этганликда айблаш учун асосий далил бўлиб хизмат қилган. Аммо Ботиров тергов ва суд жараёнида Шодиеванинг кўрсатмалари ғирт бўҳтон эканлигини, «Озода ҳомиладор бўлмаганлигини, шу сабабдан аборт тўғрисида у билан ҳеч қачон гаплашмаганлигини, муносабатлари ҳар доим яхши бўлганлигини, лекин Озода кейинги пайтларда нимадандир сиқилиб, негадир ҳаётда ўзини ёлғиз, бахтсиз ҳисоблаб юрганлигини, аммо сабабини унга айтмаганлигини, у яхши гаплар билан қизнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилганлигини, уни ҳаётга қайтаришга уринганлигини, бир куни у Озоданинг хонасига кирганда қиз бечорани кўзлари йиғидан шишиб кетган ҳолда учратганини, уни овутиш учун пиёлада сув қуйиб берганлигини, «нима бўлди, ким сизни хафа қилди?» деб сўраганда «қўяверинг, ҳаммаси ўтиб кетади» деб жавоб берганлигини, шу пайт хонага бош врач кириб келиб, уларга «тинчликми?» дея сўраганлигини ва жавобини ҳам кутмай хонадан чиқиб кетганлигини айтган.
Суд тиббий экспертизаси марҳума Озода Қобулованинг уч ойлик ҳомиласи бўлганлигини тасдиқлаган…
Фахриддиннинг хаёллари чувалашиб кетди. Ҳамма фактлар Ботировга қарши. Улар бирга ишлашган. Муносабатлари яхши бўлган. Ишдан ташқари шароитда ҳам учрашишган. Оқибатда, Озода ҳомиладор бўлиб қолган. Ҳар ҳолда қиз бола нарса, эртага гап-сўз кўпайиши мумкин эди. Шу сабабли Аҳад болани олдиришни талаб қилган. Озода ҳамшира эмасми, биринчи ҳомилани аборт қилдириш келажакда уни оналик бахтидан маҳрум қилиши мумкинлигини яхши тушунган. Шу сабабдан аборт қилдиришга унамаган. Ботиров зўр бериб қизни кўндирмоқчи бўлган. Аммо қайсар қиз ўз айтганидан қолмаган. Шунда Аҳаднинг бошқа чораси қолмаган. Балки ўша куни унинг Озодани ўлдириш нияти бўлмаган. Лекин қиз уни чақириб, ўзининг қарори қатъий эканлигини айтиб, тезроқ тўй қилишни талаб қилган. Акс ҳолда у ҳам қараб ўтирмаслигини, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашишга мажбур бўлишини билдирган. Ўртада қаттиқ жанжал чиққан, йигитнинг жаҳли чиқиб, ўзини бошқара олмай қолган, шунда қўлига пичоқ илинган… Қилиб қўйган ишидан қўрқиб кетиб, воқеа жойидан қочмоқчи бўлган. Аммо шу пайтда Лайлонинг келиб қолиши уни бошқача йўл тутишга мажбур қилган. Энди у ўзини гўёки жароҳатланган Озодага ёрдам бераётгандай тутган. Ўша пайтда ҳали қизнинг жони узилмаган эди. Аҳад ўлим билан олишаётган қизнинг дугонасига бирор гап айтиб қўйишидан хавотир қилиб, Лайлони атайлаб «тез ёрдам»га қўнғироқ қилишга юборган. Лайло қайтиб келганда Озода бу фоний дунё билан абадий хайрлашган эди…
Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек. Ботировнинг айби иш юзасидан тўпланган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари билан тўлиқ тасдиқлангандай. Тўғри жиноят ишида айрим ноаниқликлар, қарама-қаршиликлар, ечимини топмаган саволлар ҳам учрайди. Айрим ҳолларда тергов бир томонлама – айблов йўналишида олиб борилганга ўхшайди. Тергов жараёнида Ботировнинг важлари деярли текширилмаган. Хусусан, унинг Озода кейинги пайтларда нимадандир сиқилиб, йиғи-сиғи қилиб, безовта бўлиб юрганлиги ҳақидаги кўрсатмалари терговчининг эътиборидан четда қолган. Озоданинг ҳамкасблари, Лайлодан бошқа дугоналари, яқинлари сўроқ қилинмаган, унинг ҳомиласи кимдан эканлиги аниқланмаган, қизни тушкун кайфиятига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ўрганилмаган. Қизнинг ўлимидан манфаатдор шахсларнинг доираси ойдинлаштирилмаган.
Бундан ташқари, Ботировнинг шахсига эътибор қаратилмаган. Тўғри агарда Ботиров муқаддам судланган ёки ҳеч қаерда ишламайдиган, спиртли ичимликларга муккасидан кетган шахс бўлганида унга қўйилган айбловларга заррача шубҳа қилмаса ҳам бўларди. Лекин истеъдодли жарроҳ, келажаги порлоқ раҳбар, намунали оила бошлиғининг шундай разил ва қабиҳ жиноятга қўл урганлигига ишонгинг келмайди. Негадир Ботиров бундай жиноятни содир этиши мумкин эмасдек?!
Фахриддин қайдларини қоғозга тушириб бўлгач, ҳужжатларни олиб, прокурор ўринбосари ҳузурига шошилди. Қабулхонада уни Санжарбек кутиб турарди:
– Фахриддин Каримович, Бекободдан иккита янгилик олинди, қай биридан бошлай?
– Бириси яхши, бириси ёмонми?
– Ҳар иккаласини ҳам яхши ё ёмон деб бўлмайди…
– Унда хоҳлаганингдан бошла, – Фахриддин Каримович ортига қайтди. – Юр, ичкарида гаплашамиз.
– Ботировнинг жиноят ишини тергов қилган Икром Бозоров бир неча йиллар олдин автоҳалокат оқибатида ҳаётдан кўз юмган экан.
– Автоҳалокат денг… хайрият, Ботировнинг бунга алоқаси йўқ экан.
– Алоқаси йўқлиги аниқ, чунки у ўша пайтда қамоқда бўлган.
– Иккинчи янгилигинг нимайди, тезроқ гапирсанг-чи! – Фахриддин Каримович Санжарбекнинг оғзига тикилди.
– Ботиров ҳам ўтган йили сентябр ойларида қазо қилган экан.
– Нима… қандай қилиб?
– Тошкентдан тўғри Бекободга борган экан. Ишга жойлашмоқчи бўлган. Анча пайтгача ишга жойлаша олмаган. Кейин амаллаб «Тез ёрдам»га ишга кирган. Бир муддат муқаддам бирга ишлаган ўртоғи – Зафар деган врачнинг уйида турган. Сўнгра ижарага олган уйда ёлғиз яшаб юрган. Юрак ҳуружи билан бир неча марта шифохонада даволанган. Касаллик охир-оқибатда ўлимга сабаб бўлган. Мурда тўрт-беш кун қаровсиз қолиб кетган. Қўни-қўшнилар ёқимсиз ҳиддан ташвишланиб, милицияга хабар қилишган. Шифокорлар ўлим юрак хуружи оқибатида келиб чиққанлигини, қотиллик аломатлари йўқлигини тасдиқлаган. Зафар доктор майитни уйига олиб кетиб, жанозасини ўтказган. Айтишларича, Ботировнинг шахсий буюмлари, ҳужжатлари унинг уйида сақаланаётган экан, – Санжарбек қўлидаги маълумотномани бошлиғига узатди.
– Ана холос! Бу ёғи қандай бўлди. Биз Ботировни жиноят содир этганликда айблаб юрсак, у бечора аллақачон бу фоний дунёни тарк этган, олам ташвишларидан аллақачон қутилган экан-ку! Шўрликнинг жойи жаннатда бўлсин, илойим! Майли нима ҳам қилардик…
– Пешонасига ёзилгани шу экан-да!
– Энди кетдик, сиз билан биргаликда Тоҳир Ғофуровичга ахборот бериб чиқишимиз керак, – гуруҳ раҳбари қўлидаги қоғозларни тартибга солиб, шошилганча хонадан чиқди.
Тоҳир Ғофурович терговчиларнинг ахборотини диққат билан тинглаб, бир оз ўйланиб қолди:
– Демак, марҳум Ботировнинг на Икром Бозоровнинг ўлимига, на Баҳром Сафаровичнинг йўқолишига алоқаси бўлмаган. Бу бир тарафдан яхши! Негаки ҳали Баҳромнинг ҳаётлигига умид уйғотади. Иккинчи тарафдан, тергов нотўғри йўлга кириб қолганлигини англатади. Энди яна ҳаммасини бошқатдан бошлашга тўғри келади. Фахриддин Каримович Сиз гуруҳ раҳбари, терговчи сифатида энди қандай йўл тутмоқчисиз?
– Тоҳир Ғофурович, ҳозирча барча илгари сурилган тахминлар ўзини оқламади. Деярли барча эҳтимоли бўлган ҳолатлар текширувдан ўтказилди. Ростини айтсам, айни пайтда қўлимизда бирор арзугулик тахмин ҳам йўқ.
– Энди раҳбариятга, Москвага нима деб айтамиз? «Кечирасизлар қўлимиздан бу жиноятни очиш келмади, тажриба ва билимимиз етишмади» деймизми? Мен сизларга ишонган эдим… Афсус. Бўпти, сизларга жавоб. Мен Республика прокурорига ахборот бераман, Москва билан гаплашаман. Қандай топшириқ бўлар экан.
– Тоҳир Ғофурович, эътирозингиз ўринли. Балки тажрибасизлик қилаётгандирмиз. Москвадан бир-икки терговчи сўрасак қандоқ бўларкан?
– Нима қиларди уларинг? Сендан ақллимиди? Ёки маҳаллий шароитни сизлардан кўра яхшироқ биладими? – прокурор ўринбосарининг жаҳли чиқди.
– Гапингиз тўғрику-я, лекин бир калладан икки калла яхши деганларидек. Тоҳир Ғофурович, мен Ботировнинг жиноят ишини ўрганиб чиққан эдим… Иш бўйича айрим мулоҳазаларим бор эди…
– Ботировни тинч қўйинг! Вафот этган одамнинг руҳини безовта қилиш кимга керак! Яхшиси жиноят ишини тегишли бўлимга ўтказиб юборинг. Уларнинг боши қотсин! – Тоҳир Ғофурович «тушунарлими?» дегандай ҳамсуҳбатига тикилди.
Фахриддин ҳужжатларни тезда йиғиштириб, жимгина чиқиб кетишдан бошқа иложи қолмади. Санжарбек ҳам беихтиёр бошлиғига эргашди.
– Фахриддин ака, энди нима қиламиз? Сизда ишланмаган бирорта тахмин қолдими? – Санжарбек йўл-йўлакай бошлиққа гап қотди.
– Билмадим, ҳеч нарсага ақлим етмай қолди. Ишни энди нимадан бошлашга ҳам ҳайронман, – Фахриддин истар-истамас жавоб қайтарди.
Шогирдига у-бу кўрсатмалар бериб, котибага олдига ҳеч кимни қўймасликни тайинлаб хонасига кириб кетди. Дераза ёнига ўтиб, тик турган ҳолда икки-уч сигаретни олдинма-кетин тутатди: «Наҳотки шунча ҳаракат зое кетса! Наҳотки қўлимиздан ҳеч нарса келмаса! Ёки Тоҳир ака айтгандай жиноятни фош қилишга менда тажриба ва билим етишмаяптими? Бу қандай сирли жиноятчи бўлдики, ўзидан ҳеч бир из қолдирмаган бўлса. Наҳотки ҳаммасини шунчалик пухта режалаштирган ва амалга оширишга эришган. Ахир бир инсонни, яна ҳуқуқ-тартибот идорасининг масъул мансабдор шахсини куппа-кундузи одамларнинг кўз ўнгида хизмат жойидан чиқариб, олиб кетишса-ю, ҳеч қандай из қолмаса, ҳеч ким, ҳеч нарсани кўрмаса! Баҳром Сафаровичнинг ўрнида унинг ўзи ёки бошқа ҳамкасблари ҳам бўлиши мумкин эди-ку!..
Кечга яқин Тоҳир Ғофурович яна уни ҳузурига чақирди.
– Фахриддин Каримович, келинг ўтиринг, – прокурор ўринбосари терговчини қарама-қарши столга таклиф қилди. Бир пиёла чой узатиб, гапида давом этди. – Жиноятдан ҳеч қандай из қолмаган денг. Унда «жиноят изсиз бўлмайди» деган шоҳ қоидамиз қаерда қолди?
– Тўғри, ҳар бир жиноятчи ўзидан из қолдириши табиий. Лекин мен шунча ишлаб, бундай жумбоқни кўрмаган эдим. Жиноятчи ўзидан заррача из қолдирмаган.
– Жиноятчи ўзидан из қолдирмаган… Балки жиноятнинг ўзи содир бўлмагандир? – деди Тоҳир Ғофурович ўрнидан қўзғалиб.
– Тушунмадим?
– Мен Москва билан гаплашдим, – Тоҳир Ғофурович тушунтиришга ўтди. – Бош прокурор ўринбосари Александр Петрович қизиқ гапни айтиб қолди. Унинг фикрича, Баҳром Сафаровичнинг йўқолиб қолишида жиноят аломатлари мавжуд эмас эмиш.
– Қ-а-н-д-а-й қ-и-л-и-б… Ахир бир инсон йўқ бўлиб кетади-ю, жиноят бўлмаса, – деди терговчи таажжубини босолмай.
– Мен ўйлаб кўрдим, Александр Петровичнинг гапида жон борга ўхшайди. Баҳром Сафаровични бедарак йўқолган, деб эълон қилиш тўғрироқ бўларкан. У кишининг бехосдан йўқолиб қолишида жиноят аломатлари аниқланмади. Ҳамма тахминлар чуқур ўрганиб чиқилди. Шу сабабли жиноят ишини жиноят воқеаси йўқлиги муносабати билан тугатсак бўлади…
– Тоҳир Ғофурович, лекин… ахир Баҳром Сафарович… қандай қилиб кўра-била туриб, жиноят воқеаси йўқ деймиз? – Фахриддин Каримович бошлиғига эътироз билдирди.
– Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ. Москва шуни талаб қилаяпти. Мен прокурор билан келишиб чиқдим. Ишни ҳаракатдан тугатинг.
– Тоҳир ака, бир-икки кун вақт беринг, мен жиноятни очаман, мана кўрасиз!
– Фахриддин Каримович, қўйинг унақа гапларни. Сизнинг ихтиёрингизда икки ойдан кўпроқ вақт бор эди. Энди кеч. Жиноят очилмай ётганидан фойда йўқ. Тугатсак, тинчроқ бўлади. Бедарак йўқолганлиги факти бўйича Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув ишларини давом эттираверади. Тушунарлими?
– Тоҳир ака, сизни тушуниб турибман, аммо Баҳром Сафаровичнинг жиноят қурбони бўлгани аниқ-ку! Бундан қандай кўз юмамиз?
– Қаердан олдингиз бу гапни? Баҳром жиноят қурбони бўлмаган ҳам бўлиши мумкин. Ахир бизда бу ҳолатни тасдиқлайдиган бирорта ҳам далил йўқ. Балки у бирортаси билан чет элга ўтиб кетгандир. Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин.
– Баҳром Сафаровичнинг уйидагиларига, хотинига, отасига нима деймиз? Ахир улар биздан умид қилиб ўтиришибди. Ҳар ҳолда Баҳром ака сафдошимиз эди.
– Уларга мен ўзим тушунтираман. Нима ҳам қилардик, икки ой тинимсиз ишладик, қўлимиздан келган барча ишни қилдик, натижа бўлмади. Менинг ҳам, сизнинг ҳам Баҳром олдида виждонимиз тоза.
– Тўғрику-я… – деди Фахриддин Каримович сал ҳовуридан тушиб.
– Бугуноқ иш юритишни тугатиш ҳақидаги қарорни менга олиб киринг. Ички ишлар вазирлигига тегишли кўрсатма тайёрлаб, материалларни юборишга тахланг! – Тоҳир Ғофурович ўрнидан қўзғалди.
– Тоҳир Ғофурович, Ботировнинг жиноят иши хусусида…
Прокурор ўринбосари «яна нимайди» дегандай Фахриддин Каримовичга юзланди.
– Менимча, Ботировнинг айби етарлича исботланмаган. Тергов бир томонлама олиб борилганга ўхшайди…
– Фахриддин Каримович ўзгалар учун жон куйдиришингизга тушунаман. Лекин Ботиров жазони ўтаб чиққан бўлса, бундан ташқари вафот этган бўлса, уни ишини қайта титкилашдан маъни борми? Қичимаган жойни қичиш керакми? Жиноят ишини «УСО»га ўтказинг, ўрганиб кўришсин.
– Менинг фикримча, Ботировни кимдир яхшилаб туширган. Унинг қамалиши кимгадир керак бўлган кўринади…
– Майли, майли, шундай бўлди ҳам дейлик. Лекин бу сиз ва менинг масалам эмас! Тегишли бўлимга ўтказинг, лозим топишса Раёсатга протест киритиб, ишни янгидан кўришга юборишар. Сиз ўз ишингизни қилинг!
Тоҳир Ғофуровичнинг охирги сўзлари зардали чиққани учун Фахриддин Каримович ортиқча сўз айтишга ботина олмай, хонадан чиқди…
* * *
Санжарбекнинг бехосдан қўнғироқ қилиб, Сафар ака билан бирга прокуратурага етиб келишларини сўраши Вазирани ваҳимага солди. Бирор янгилик бўлганга ўхшайди. Баҳром акамнинг хабари чиқдимикин? Ёки уни ўғрилаган жиноятчилар қўлга олинганмикин? Шу Санжарбек ҳам ичимдагини ўзинг топ деган йигит эканда! Сал учини чиқарса нима бўларди. Қисқагина қилиб, «Сизларни раҳбарият сўраяпти» деб қўя қолди. Нима учун деб сўрашга ҳам имкон бермади. Нима бўлганда ҳам хушхабар бўлсин-да! Баҳром акамнинг ҳеч бўлмаса омон-эсонлигини аниқлашган бўлса ҳам рози эдим! Майли, узоқларда бўлса ҳам… майли, жиноятчилар қўлида асир бўлса ҳам, гаровда турган бўлса ҳам майли эди».
Вазира шу хаёлларда қандай қилиб прокуратурага етиб борганларини ҳам сезмай қолди. Кейинги икки-уч ой ичида ғамдан анча чўкиб қолган Сафар ака ҳам келинига ортиқча саволлар бермасдан жимгина келарди.
Пастда ҳар доимгидек Санжарбек уларни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Вазира унга тикилиб разм солиб, юз-кўзларидан нима гаплигини билишга уриниб кўрди. Лекин ҳеч нарсани англай олмай хуноби чиқди. «Бу терговчи халқи шунақа, ичидагини юзига чиқармайди!»
Санжарбек меҳмонларни тўғри Фахриддин Каримовичнинг хонасига бошлаб борди. Бошлиқ уларни ўрнидан туриб, алоҳида тавозе билан кутиб олди.
Салом-аликдан сўнг Вазиранинг сабри чидамади:
– Фахриддинжон, тинчликми? Баҳром акамдан бирор хабар борми?
– Опа, афсус, сизларни суюнтирадиган ҳеч нарса йўқ…
– Н-и-м-а Баҳром акам… – Вазира сапчиб ўрнидан туриб кетди.
– Йўқ, йўқ! Гапимни нотўғри тушунманг. Хушхабар йўқлиги шумхабар дегани эмас. Биз кейинги кунларда ҳам кўплаб тахминларни текшириб кўрдик. Лекин уларнинг ҳеч бири натижа бермади. Эҳтимоли бўлган барча ҳолатларни таҳлилдан ўтказдик. Ишимиз самарасиз бўлди…
– Наҳотки Баҳром акам изсиз йўқолган бўлса, наҳотки энди топилмасалар… – Вазира кўзларига ёш олди.
– Ўғлим… энди нима қилмоқчисизлар? Бирор режаларингиз, тахминларингиз борми? – Сафар ака ўта босиқлик билан гапга аралашди.
– Сафар ака, биз ҳам айнан шу хусусда сизларни чақиртирган эдик, – Фахриддин Каримович ёнида турган телефонлардан бирини кўтарди. – Хўжайин ўзларидами? Яхши, биз ҳозир чиқамиз.
– Сафар ака, кетдик, Тоҳир Ғофуровичнинг олдига чиқайлик, ўша ерда бемалол гаплашамиз, – Фахриддин Каримович меҳмонларни юқори қаватга бошлади.
Тоҳир Ғофурович уларни қабулхонада кутиб олиб, ичкарига таклиф этди. Вазирадан бирма-бир ўзининг, ота-онасининг, болаларининг ҳол-аҳволини сўради. Сафар акага ҳам алоҳида эътибор қилиб, кўнглини кўтарди. Котибага қаҳва олиб киришни тайинлади.
Прокурор ўринбосарининг уларга бунчалик меҳрибончилик билан муносабатда бўлаётганлиги Вазиранинг кўнглидаги шубҳани янада оширди. Фахриддин Каримовичнинг гапларини эслаб, яна ўзига таскин берди.
Тоҳир Ғофурович меҳмонларнинг безовта бўлаётганлигини сезиб, мақсадга кўча қолди:
– Сафар ака, Вазирахон! Ҳаммамиз Баҳромжонни ҳурмат қилардик. У энг яхши ходимларимиздан, иқтидорли ва малакали терговчиларимиздан эди. Унинг йўқолиб қолиши бизни ҳам ниҳоятда ташвишга солмоқда…
Прокурор ўринбосарининг ўтган замонда гапираётганлиги Вазиранинг кўнглидаги ҳадикни янада оширди: «Бунча мижғовланмаса, нима демоқчи ўзи… ёки бирор ёмон хабар бормикин? Шуни айтолмай қийналиб турибдимикин? Тезроқ мақсадга кўча қолсайди!.. йўқса юрагим ҳозир ёрилиб кетади».
– Биз қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Ҳатто бир фоиз эҳтимоллиги бўлган тахминларни ҳам чиғириқдан ўтказдик. Лекин қилган ишларимиз фойда бермади. Баҳромжонни қандай йўқолиб қолганлиги, қаерга кетганлиги, ҳозир қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмади. Ўша машъум кунда чиқиб кетгандан сўнг уни кўрдим, у ҳақида эшитдим деган одам топилмади. Шу сабабли Москва ишни ҳаракатдан тугатишни, Баҳром Сафаровични бедарак йўқолган деб топишни талаб қилмоқда. Шу сабабли биз, тергов гуруҳи Республика прокурори билан келишган ҳолда жиноят ишини тўхтатишга қарор қилдик…
– Бу нима дегани, энди сизлар Баҳром акамни қидирмайсизларми? – деди Вазира жавдираб.
– Нега энди, қидирув давом этаверади. Биз жиноят ишини тугатамиз холос. Негаки бу воқеада жиноят бўлганлигини тасдиқловчи бирорта далил топилмади. Бу эса Баҳром Сафаровични бедарак йўқолган, деб тан олишимизга асос бўлади. Қидирув ишлари эса айтганимдек, бир дам ҳам тўхтамайди. Сизларга шуни хабар қилгани чақиртирган эдик. Энди ҳаммамиз сабр қилишимиз керак. Бир кун дараги чиқиб қолар. Балки вақти келиб ўз оёғи билан кириб келар. Ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин, – деди Тоҳир Ғофурович босиқлик билан.
– Тоҳиржон, сизларга минг раҳмат! Бизларни деб анча ташвишга тушдингизлар, – аламини ичига ютиб ўтирган Сафар ака чидаб туролмади. – Сизлар ҳам қўлингиздан келган барча чораларни кўрганлигингизга шубҳамиз йўқ. Ҳар бир ҳодисот Оллоҳнинг иродаси билан рўй беради. Бандасининг қўлидан нима ҳам келарди. Лекин мен бир нарсани тушунолмай турибман. Баҳромжонни бедарак йўқолган деяпсиз… ахир, ахир у кимсасиз чўлда, поёнсиз саҳрода, тоғу тошлар орасида ёки чексиз уммон ё жангу жадал майдонида йўқолибдими, бедарак кетди десангиз! Ахир болам бечорани куппа-кундузда ишхонасидан олиб кетишган-ку! Уни сизларнинг орангиздан суғуриб олишаяпти-ку! Кап-катта одам, шундай саловатли идоранинг масъул ходимини қандайдир номаълум шахслар ўғирлаб кетишса-ю, минг хил азобларга солиб ўлдириб, ўлигини кўмиб ташласа-ю, сизлар жиноят излари топилмади, жиноятчи ушланмади, энди уни бедарак йўқолган, деб эълон қиламиз деб ўтирсангизлар!..
– Сафар ака, илтимос умидсизликка тушманг. Уни қурбон бўлган дейишга асосимиз йўқ. Балки тирикдир, – Тоҳир Ғофурович отахонни тинчлантиришга уринди.
– Тирик бўлса қани? Уч ойдан буён қаерларда юрибди!? Гулдай хотинини, мунчоқдай болаларини, мендай нотавон отасини, жонажон ишини, сизлардек дўстларини ташлаб қаерларда юрган бўлиши мумкин? Агар ўз эрки ўзида бўлса, ўғлим шундай йўл тутармиди? Тўғри, ҳаётда ҳар қандай вазият бўлиши мумкин. Лекин Баҳромжон тирик бўлганида, зарра имкони бўлганда эди, ҳеч бўлмаганда бизларни огоҳлантирармиди?– Сафар аканинг кўзларидан ёш қуйиларди.
– Отахон, ноумид бўлманг. Ўғлингиз топилади! Уни… топамиз, албатта топамиз, – Тоҳир Ғофурович чолни овутишга бисотидан сўз тополмасди.
Қайнотасининг кўзларида илк бор ёшни кўрган Вазира ҳам ўзини тутиб туролмади, атрофдагиларга сездирмаслик учун кўзларини олиб қочганча ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди.
Бундай аянчли ҳолдан кўнгли алланечук бўлиб турган Фахриддин Каримович пиёлага сув қуйиб, Сафар акага, сўнг Вазирага узатди.
Сафар ака қўллари қалтираб, пиёладаги сувдан бир хўплаб, сўзида давом этди:
– Шу ойлар ичида бизнинг кўрган кунимизни Худо ҳеч бир кишига раво билмасин! Кеча-кундуз эшик қарашлар, тиқ этган товушдан чўчиб, юрак ютиб ўтиришлар, ўзимиз ҳам ишонмайдиган ёлғонларга бир-биримизни ишонтиришлар… Тўғри, ота-она учун фарзанд доғидан оғир дард йўқ. Боланг вафот этса, тепасида йиғлаб, тобутини бошингда кўтариб, гўрига қўйишинг, қабри тепасида Қуръон тиловат қилиб, йиғлаб юрагингни бўшатишинг мумкин. Тоҳир ўғлим, айтинг мен нима қилай? Ойдек болам шунча вақтдан буён дом-дараксиз йўқ бўлса-ю, унга одамлардек аза очолмасам! Тобутини қучоқлаб йиғлай олмасам! Ўғлим тирик бўлса, сизлардан илтимос уни топиб беринглар! Ўғлим вафот этган бўлса… ақалли ў-л-и-г-и-н-и топиб бер-инг-лар! Лоақал жасадини бағримга босай! Ахир у сизларга ҳам бегона эмас эди-ку!..
Сафар ака овози бўғзига тиқилиб, тўхтаб қолди. Гапини давом эттиришга ҳарчанд уринмасин, тили қовушмади. Ҳўл бўлиб кетган рўмолчасини кўзларига босганча, товуш чиқармасдан пиқ-пиқ йиғлай бошлади.
Йиғламоқдан нари-бери бўлиб, ўпкаси тўлиб турган Тоҳир Ғофурович ҳам, Фахриддин Каримович ҳам юрак-бағри куйиб кетган бу чолга тасалли бўладиган бирор сўз айтишга ожиз эдилар…
* * *
Вақт олий ҳакам дейишади. Аммо шундай нарсалар борки, вақтнинг уларга таъсири йўқдай. Шулардан бири муҳаббат туйғусидир. Фурсат ўтган сайин чин муҳаббат оловланиб, тобланиб боради. Уни на йилларнинг тўфони, на ҳижроннинг азоблари сўндира олади. Вазиранинг Баҳромга бўлган муҳаббати ҳам қайноқ ва самимий эди. Эрининг бедарак йўқолганига уч йилдан ошган бўлсада, Вазиранинг уни ўйламаган, изламаган, кутмаган куни бўлмади. Гарчанд, маҳалла-кўй, қариндошларининг маслаҳати билан Сафар ака ўтган йили Баҳромнинг жанозаси ва бошқа маъракаларини ўтказиб, қайсидир маънода ўғлининг ўлганлигини «тан» олган бўлсада, Вазиранинг хаёлида эри тирикдай, тутқунликда унинг ёрдамига муҳтож бўлиб кутиб ётгандай, бир кун уни излаб топадигандай эди. Шу умид уни ғам, алам ботқоғига ботиб кетмасдан, бу ҳаётда яшаб юрганлигига сабабчидек эди гўё. Кўча-кўйга юмуш билан чиққанда ҳам, ишга бориб келишда ҳам, болаларининг ортидан мактабга чиққанда ҳам одамлар орасидан эрини қидиради. Бўй-басти эриникига ўхшаган кишига узоқдан кўзи тушиб қолган чоғларда унинг ортидан тушиб, ёнига бориб, сездирмай қараб, бошқа эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ўз йўлида давом этарди. Эшик тақилласа эри келгандек, ногоҳ телефон жиринглаб қолса, эри қўнғироқ қилаётгандек юраги ҳапқириб кетарди.
Вазира охирги уч йил ичида тўй-ҳашамлару бошқа кўнгилочар тадбирларга бормай қўйди. Ҳеч кимнинг панд- насиҳатлари унга кор қилмасди. Кейинги йилларда уларнинг хонадонида кулги овози эшитилмай қолган эди. Болалар ҳам шунга ўрганиб қолишган, оналари уйда бўлган пайтларда деярли шивирлаб гаплашишар, унга озор етказишдан ўзларини тиярдилар. Энди улар анча улғайишиб, кўп нарсаларга ақли етиб қолишган, энди аввалгига ўхшаб «дадам қачон келади» дея хархаша қилишмас, имкони борича ўзларини катталардек тутиб, оналарининг раъйига қараб иш тутишга ўрганишган эди. Гўёки бошларига тушган кулфат уларни анча улғайтирган эди.
Вазира эса қалбини чулғаб олган ғам-аламларни юзига чиқармасликка, болаларига билдирмасликка, ширин сўзлар билан уларнинг кўнглини кўтаришга, ўзи ишонган нарсаларга уларни ҳам ишонтиришга, уларнинг мурғак юрагидаги умид учқунларини ўчирмасликка, ўкситмасдан, бекаму кўст вояга етказишга ҳаракат қиларди. Болаларининг таълим-тарбиясига катта масъулият билан қарарди. Уларнинг оталаридек билимли, зукко, одобли ва ҳалол инсон, комил шахс бўлиб етишишини хоҳларди. Шу сабабли ўзининг кўп вақтини уйда болалари даврасида ўтказар, улардан бор меҳрини, муҳаббатини аямасди.
Тунлари болалари ухлаб қолгандан сўнг ётоқхонасида Баҳром акасининг расмига термилиб, у билан хаёлан гаплашишни, ўз дарду аламлари билан сирлашишни хуш кўрарди. Бир пайтлар Баҳром акаси унга ёзган хатларни, шеърларни такрор-такрор ўқишдан чарчамасди. Бу ҳолат аллақачон одат тусига кириб қолган бўлсада, баъзи пайтларда ўзининг хатти-ҳаракатларидан хўрлиги келиб кетар, талабалик онларида ўзига атаб ёзилган «жонсиз суратингга боқдим-у лекин, ҳеч бири бермади менга қаноат» мисраларини энди ўзи шеър муаллифига нисбатан гўёки бир умр айтиб ўтадигандай юраги увишиб, болишини нам қиларди. Сокин тун қучоғида кўзи илиниб кетган чоғларда эса эрини тушида кўрарди. Ҳар сафар негадир Баҳром унинг кўзига ташвишли, мунгли ва ночор аҳволда кўринарди. Лекин ҳолидан нолимас, гўёки шу тахлитда юришга кўникиб қолгандай эди. Бир сафар Вазира унга яқинроқ борди. Эри эса ҳар галгидек унга бепарво, қўлидаги чархда ип йигириб ўтирарди. Хотини ўлиб-тирилиб не аҳволда унинг шундоққина ёнгинасига борса ҳам ишида давом этарди. Вазира бор кучини йиғиб бақирди:
– Баҳром ака, бу ерларда нима қилиб ўтирибсиз?! Сизни қанча пайтдан бери кутамиз, болаларингизнинг кўзлари тўрт бўлиб кетди-ку! Қари отангизни ўйламайсизми?
Баҳром бир сесканиб тушди. Нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин яна ерга қараб, ип йигиришда давом этди. Гўёки ўзини Вазирани танимаётгандай тутди. Вазиранинг баттар хуноби чиқди:
– Баҳром ака, биз сизни бир дам ҳам ёдимиздан чиқарганимиз йўқ. Ҳар куни сизни кутамиз. Сизнинг ҳаёт эканлигингизга ишонардик… Нега жим турибсиз? Бирор нарса денг! Наҳотки шунчалик…
– Кетинг, мен сизни танимайман! – Баҳром ўз ишида давом этаверди.
– Ахир болаларингиз – Жаҳонгир ва Жавоҳирлар катта йигит бўлиб қолишди, улар сизни жуда-жуда соғинишган! Уларга сизни олиб боришга ваъда берганман!..
Болаларининг отини эшитиб, Баҳромнинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди, бир зум ишдан тўхтаб, Вазирага бақрайиб қаради. Сўнг яна унсиз ишида давом этди.
Вазира тушундики, эрининг эрки қўлида эмас. Шу сабабдан ўзини танимаганга олиб, уни унутишларини хоҳлаяпти. Шундай йўл тутса, Вазира уни тезроқ хаёлидан чиқариб, алам ва изтироблардан эртароқ қутилишига умид қилмоқда. Яна уни ҳаёт қучоғига қайтармоқчи. Шу сабабли Вазира бошқачароқ йўл тутиб, эрига таъсир қилишга ҳаракат қилди:
– Баҳром ака! Сиз шу ерларда бир умр қолсангиз ҳам мен барибир сизни кутавераман. Умримнинг охирги дақиқасига қадар фақат сизнинг ёдингиз билан яшайвераман. Турмуш қураётганимиздаги онтимиз ёдингиздами? Ҳар қандай шароитда – соғ-саломатлигу касалликда, қувончу ғамда, бойлигу қашшоқликда бирга бўлишга қасам ичганмиз-ку! Сизни қаро ерга қўймасдан, аза очганим одамларнинг кўзи учун! Аслида мен учун сиз ҳар доим тириксиз!..
Баҳром чидаб туролмади. Қўлидаги ишини ташлаб, бир силкиниб ўрнидан турди. Шунда унинг оёқлари йўғон занжир билан боғланганлигини кўрди. У Вазира томонга қадам ташлаган эди, занжир уни қимирлашга қўймади:
– Вазира, мени кечир! Устингдаги либосингдан менга аза очиб, аллақачон унутгансан, деган хаёлга борган эдим. Яна мени деб азобланишингни, дардинг янгиланишини истамаган эдим! Мен адашдим! Сизларнинг олдингизда гуноҳкорман. Айбимга яраша жазоимни олдим. Энди қолган умрим мана шундай асирликда ўтади. Сизлар мени унутишларинг, янги ҳаёт бошлашларинг даркор. Мени яхши кўрсангиз, шундай йўл тутинг!..
– Йўқ, йўқ! Унақа деманг! Қайси гуноҳлари учун инсонни бир умр банди этиш мумкин? Яна беш йилми, ўн йилми мен сизни кутаман. Болаларингиз, отангиз сизни кутади. Сизни бу тутқунликдан қутқариш учун мен ҳамма нарсага тайёрман. Фақат сиз умидсизликка тушмасангиз бўлгани. Менга ишонсангиз бас, – Вазира эри томонга юрмоқчи бўлди, лекин жойидан қимирлай олмади.
– Жоним Вазира! Болаларимиз ҳали ёш. Ота-онамиз қартайиб қолишган. Ҳа, фақат сенгина мени бу ердан олиб чиқишинг мумкин. Лекин бу осон иш эмас! Ақл бовар қилмас машаққатли йўлни босиб ўтишингга тўғри келади. Сендаги ишонч, умид, ақл-заковатгина бизни яна омонликда учраштириши мумкин. Мен сенга и-ш-о-н-а-м-а-н, и-шо-на-ман! – Баҳром қўлларини чўзганча сайин узоқлаша-узоқлаша кўздан ғойиб бўлди.
– Баҳром ака, шош-манг, ш-о-ш-м-а-н-г!… – Вазира ўз овозидан ўзи чўчиб уйғониб кетди. Атрофга олазарак қараб олди. Хаёлидан «тушимми ё ўнгимми» деган фикр ўтди.
– Ойижон! Чой тайёр, чиқа қолинг, – эшикдан Жаҳонгирнинг овози эшитилди.
Оила жам бўлиб нонушта қилишди. Вазира тезда болаларни мактабга кузатиб, кўрган тушини таҳлил қилишга ошиқди: «Демак, Баҳром акам ҳаёт! Тутқунликнинг таъбири нима бўлиши мумкин? Занжир нимани англатади? Майли асирда, майли эрксизликда азоб тортаётган бўлсин, барибир тириклигининг ўзи катта хушхабар. «Фақат сен мени бу ерлардан олиб кетишинг, ёлғиз сен мени қутқаришинг мумкин» дедими? Мен аёл бошим билан нима ҳам қилишим мумкин! Шунча катта ваколатларга эга бўлган ички ишлар, прокуратура ходимлари ҳеч бир чора кўролмаган бир пайтда мен қандай қилиб бу жумбоқни ечишим, уч йилдан бери дом-дараксиз кетган инсонни ахтариб топишим мумкин? Бу ишнинг осон эмаслигини ўзи ҳам тан олди, «ақл бовар қилмас машаққат йўлини босиб ўтасан» дедими? «Сендаги ишонч, умид, ақл-заковатгина бизни омонликда учраштириши мумкин!» Бу сўзларни қандай тушунса бўлади? Бечора Баҳром акам қандай одам эдилар-а! Энди эса мендай ожизага умид кўзи билан қараб ўтирибдилар-а. Эй Худо, ўзинг менга йўл кўрсат!»
Кўрган туши сабаб энди Вазира эрини ўзи қидириб топишга бел боғлади. Ҳар ҳолда журналист эмасми, касби бунда асқотиши мумкин. Ўз фаолияти давомида кўплаб «журналист суриштируви»ни ўтказганлиги ҳам бунда қўл келиши табиий. Лекин ишни нимадан бошлаш керак?
Вазира ўйлай-ўйлай ишни Санжарбек ва Фахриддин Каримовичлар билан учрашишдан бошлашга аҳд қилди. Негаки, улар бу иш билан анча вақт шуғулланишган, уларда унча-бунча маълумотлар сақланиб қолган бўлиши мумкин. Энг аввало, шу маълумотларни қўлга киритиш даркор.
Эртаси куни Вазира ишдан чиқиб, тўғри прокуратурага йўл олди. Аввал Санжарбекни учратди. Ҳол-аҳвол сўрашишгач, Вазира мақсадга кўчди:
– Санжарбек, сиз Баҳром акамнинг иши билан бевосита шуғулланган терговчи, қолаверса, дўст сифатида айтинг-чи, эримнинг топилишига оз бўлсада умид қилса бўладими?
– Опа, умид энг охири ўлади, деган гап бор. Умид қилса бўлади. Негаки, терговда у кишининг вафот этганлигини тасдиқловчи далиллар топилмаган. Бу Баҳром аканинг тириклигини англатади. Ҳамма нарса учун вақт керак!
– Мен ҳам шундай ўйлайман. Шу боис бу ишга ўзим киришмоқчиман. Сизлар ҳам албатта қўлларингдан келган ишни қилдингизлар. Энди менинг галим. Ахир орадан уч йил вақт ўтиб кетди. Мен қўл қовуштириб ўтира олмайман-ку!
– Вазира опа, биз шунча армия билан қилолмаган ишни бир ўзингиз эплашингиз қийин бўлади. Бундан ташқари, қўлингизда ҳеч қандай материал йўқ бўлса!
– Ана шу хусусида сиз билан маслаҳатлашмоқчи эдим-да! Мен бир журналист сифатида, қолаверса Баҳром Сафаровичнинг турмуш ўртоғи сифатида тергов материаллари билан танишишим, улардан нусха олишим мумкинми?
– Мумкинликка мумкинку-я, аммо…
– Шу ишда менга ёрдам бера оласизми? – Вазира суҳбатдошига тикилди.
– Агар сизнинг қарорингиз қатъий бўлса, нима ҳам қилардик. Фақат бизга ариза билан мурожаат этишингиз лозим, – деди Санжарбек.
– Раҳмат, укажон! Аризамни эртагаёқ топшираман.
Вазира Санжарбек билан хайрлашиб, иши силлиқ битганидан кўнгли тўлиб уйига қайтди.
Эртаси куни Вазира кун бўйи прокуратурада ўтириб, жиноят иши материаллари билан танишиб чиқди. Керакли ҳужжатлардан нусха кўчириб олди. Фахриддин Каримович билан гаплашиб, унинг маслаҳатини олди:
– Опа, мен сизни яхши тушуниб турибман. Қарорингизни ҳам қўллаб-қувватлайман. Лекин бу иш сиз ўйлаганчалик осон эмаслигини эслатмоқчиман холос!
– Фахриддинжон, нима қилай, қанчалик оғир бўлмасин чидайман-да энди! Уч йил кутиб, умид билан яшадим. Кутишдан роса чарчадим. Тоқатим тоқ бўлди. Лекин қалбимнинг таг-тагида «Баҳром акам тирик» деган хитоб ётибди. Шу нарса менга далда бўлмоқда. Шу умид мени қатъият билан ҳаракат қилишга чорламоқда! Ахир у киши мендан нажот кутиб турган бир пайтда мен қандай қилиб, уйда тинч ўтиришим мумкин? Биласизми… – Вазира кўрган тушини гапириб бермоқчи бўлди-ю, терговчи уни «ирим-сиримларга ишонадиган хотин экан» деб ўйламасин деб фикридан қайтди.
– Вазира опа! Сизнинг ўрнингизда бўлганда мен ҳам шундай йўл тутган бўлар эдим. Негаки, менинг хаёлимда ҳам Баҳром ака ўлмагандай…
– Шунчалик ишончингиз бор экан, нега унда ишни тугатиб қўйдинглар?
– Э опа! Қани эди ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ бўлганида! Мен ўшанда ҳам қарши эдим. Лекин раҳбарият, Москванинг фикри бошқача эди, – деди Фахриддин Каримович эшитилар-эшитилмас.
– Ҳозир Москва йўқ. Сизларга ким халақит беради? – Вазира ичидаги аламини сиртига чиқарди.
– Ҳозир мен «пахта иши» бўйича ноқонуний жавобгарликка тортилган шахсларнинг ишларини қайта кўриш бўйича гуруҳдаман. Юзлаб кишилар оқланмоқда. Мустақиллик шарофати билан қанча-қанча бегуноҳ юртдошларимизни қамоқдан озод қилдик.
– Раҳмат, сизларга. Қилаётган савобли ишларингизни биз ҳам матбуот орқали кузатиб турибмиз. Лекин мени ҳам тўғри тушунинг.
– Йўқ, йўқ. Мен бу гапларни шунчаки, маълумот учун айтдим. Сизнинг масалангизга уларнинг дахли йўқ.
– Фахриддин Каримович, сиз терговчи сифатида ишни қаердан бошлашимни маслаҳат берардингиз? – Вазира бирдан жиддий тусга кирди.
– Ростини айтсам, нима дейишга ҳам ҳайронман. Биз эҳтимоллиги бўлган барча тахминларни текширганмиз. Менинг хаёлимда деярли бирорта тахмин қолмаган.
– Уйдан, Баҳром акамнинг иш столидан топилган анави хат ҳам «сир»лигича қолди-а?
– Ҳа, у мактубнинг муаллифи ҳам топилмади. Ўшанда қанча-қанча шахсларнинг ҳуснихатлари экспертизадан ўтказилди. Фойдаси бўлмади. Кейин биз бу мактубнинг Баҳром аканинг йўқолишига алоқаси йўқ, деган фикрга келдик. Сабаби қайси жиноятчи ўз қурбонига кўра-била олдиндан хат ёзади!
– Бу сизларни чалғитиш учун атайлаб қилинган усул бўлса-чи?
– Балки! Негадир бу фикр менинг хаёлимга келмапти.
– Вақтингизни олганим учун, узр. Фахриддинжон, агар бирор муаммо чиқса, сиздан ёрдам сўрасам бўладими? – Вазира ўрнидан туриб, кетишга чоғланди.
– Вазира опа, бажонидил. Хоҳлаган пайтингизда мурожаат этишингиз мумкин. Телефонимни биласиз, – Фахриддин Каримович меҳмонни кузатиш учун унга эргашди.
– Катта раҳмат. Унда ҳозирча хайр.
– Соғ бўлинг, опа.
Вазира эшикни очиб, ташқарига қадам ташлаган эдиямки, Фахриддин Каримовичнинг хаёлига бир нарса келди шекилли, меҳмонни имлаб ортига қайтарди:
– Вазира опа, сизга бир нарсани айтиш ёдимдан чиқибди. Биласизми, мен Аҳад Ботиров деган шахсдан гумон қилган эдим. Унда Баҳром акадан қасос олишга етарлича асос бўлган. Фақат кейинчалик маълум бўлишича, у Баҳром ака йўқолишидан сал олдинроқ вафот этган экан. Агар у тирик бўлганда, мен уни биринчи гумондор сифатида қамоққа олган бўлардим…
– Ботиров бу воқеалардан олдин вафот этган. Демак, у гумондор бўлолмайди, – Вазира мантиқий хулоса чиқарди.
– Шундайликка шундайку-я… Балки бирортаси орқали…
– Шундай бўлиши мумкинми?
– Ҳар нарса бўлиши мумкин. Бу фикр негадир ҳозир миямга келиб қолди. Олдин – тергов пайтида негадир бу ҳақда ўйламаган эканмиз.
– Ўлаётган инсоннинг бировга ўлим соғиниши… ақл бовар қилмайди.
– Гапингиз тўғри. Лекин у инсоннинг… Мен унинг ҳолатини сизга тушунтириб беришим қийин. Вазира опа, яхшиси ўзингиз материаллар билан бир танишиб чиқинг. Кейин ўзингиз бир хулосага келарсиз. Ҳа дарвоқе, Ботиров қамоқдан чиққач, Тошкент шаҳридаги ҳовли-жойини сотиб, Бекободда ижарада яшаган. Уйнинг пулини нимага ишлатган бўлиши мумкин?
– Ботиров деганлари қотиллик жинояти учун қамалганмиди? Ўшанда айтгандингиз, сал ёдимдан кўтарилибди.
– Қотилликда айбланган. Лекин мен ўша пайтда унинг жиноят ишини ўрганиб, Ботировнинг айби етарлича исботланмаган деган шахсий фикрга келган эдим. Буни раҳбариятга ҳам айтгандим. Лекин бошлиқларимиз бунга аҳамият бермаганди. Негаки, бу пайтда Ботиров вафот этган эди. Шу ишни ҳам ўрганиб чиқсангиз, ёмон бўлмасди, – деди Фахриддин шивирлабгина.
– Албатта ўрганиб чиқаман! Ҳаммаси учун сизга раҳмат, – Вазира суҳбатдоши билан яна бир марта хайрлашиб, хонадан чиқди.
* * *
Кейинги уч йил ичида Вазиранинг илк бор ўтган кунидан кўнгли тўлди. Нима бўлгандаям, шунча пайтдан бери дилига тугиб юрган, лекин бошлашга ўзида журъат топа олмай юрган ишини бугун бошлашга муваффақ бўлди. Яхши инсонлар ундан маслаҳатини дариғ тутмадилар. Лозим бўлганда, бажонидил ёрдамларини аямасликка ҳам сўз бердилар. Демак, иш ўрнидан силжиди. Қолгани унга боғлиқ. Қанча вақти, қанча умри, қанча маблағи кетса ҳам бу ишни охирига етказмай қўймайди. Тўғри, прокуратуранинг ҳам, милициянинг ҳам ишлари бошларидан ортиб ётибди. Бу иш билан доимий шуғулланишга уларнинг имконияти йўқ. Унинг эса шундан бошқа нима иши бор. Болалари катта бўлиб қолишган бўлса. Ўзларини ўзлари бемалол эплашади. Иши ҳам унча тиғиз эмас. Мақоласи тайёр бўлса, муҳарририятга топширади. Бошқа пайти эрки ўзида. Ҳар замонда бўлсада ёзган мақолалари кўпчиликка манзур бўлганлиги боис, бош муҳаррир унга ҳурмат билан муносабатда бўларди. Демак, «қидирув»ни бошлашнинг мавриди келди. Бундай шарт-шароит ва имконият бошқа бўлмаслиги мумкин. Хуллас тарихда энг катта, энг мураккаб «журналист суриштируви» бошланди…
Вазирахон марҳума қайнонасидан бир ҳикоя эшитганди: Бир йигит ва қиз севишиб турмуш қуришибди. Анча йиллар иноқ ва аҳил ҳаёт кечиришибди. Орада бир-биридан ширин фарзандлар туғилибди. Эр институтда, хотин эса мактабда ёшларга таълим-тарбия бериш билан машғул экан. Ўз касбларига меҳр қўйганликлари, эзгу ишларга бош-қош бўлганликлари боис ҳар иккаласи ҳам жамоаси, маҳалла-кўй олдида ҳурмат ва эътибор қозонишибди. Хуллас эру хотин ҳаётларидан мамнун, бахтидан масрур, иқболидан кўнгиллари тўқ, ҳузур-ҳаловатда яшар эканлар. Кунларнинг бирида оила бошлиғи касал бўлиб қолибди. Врачлар ҳар қанча уринмасин, аниқ ташхис қўя олишмабди. Натижада, қилинган муолажалар ҳеч қандай наф бермабди. Кундан-кунга йигитнинг аҳволи оғирлашиб, хасталик уни ҳолдан тойдирибди. Хотин елиб-югуриб, эрини шифохонама-шифохона, докторма-доктор олиб юрибди. Республиканинг кўзга кўринган врачлари ҳам йигитнинг дардига малҳам топа олмабди. Охири шифокорлар хотинга тақдирга тан беришни, эрини уйига олиб кетишни, қолган қисқагина умрини болалари олдида ўтказишни маслаҳат беришибди.
Хотин ноилож эрини шифохонадан уйига олиб келибди. Дўхтирлар беморнинг ўн-ўн беш кунлик умри қолганлигини башорат қилганликлари боис, бутунлай ҳолдан тойган, қуруқ гавдага айланиб қолган эрининг сўнгги кунларини оиласи даврасида ўтказишини маъқул кўрибди. Ҳар куни турли-туман мазали таомлар, қўлидан келганича иштаҳа очар дармондорилардан тайёрлаб, эрини парваришлай бошлабди. Тунларни бедор унинг ёнида ўтказибди. Яхши гаплар билан унинг кўнглини кўтаришга, қалбида яшашга умид уйғотишга ҳаракат қилибди. Дўхтирларнинг башоратига қанчалик ишонмасин, бошига тушган кўргуликнинг ҳақиқат эканлигини қанчалик англамасин, аёлнинг қалбида эрининг соғайиб кетишига умид учқуни сўнмаганди. Қандайдир ғайритабиий мўъжиза рўй беришини, эри хасталикдан фориғ бўлиб, оиласи бағрига, қадрдон ишига қайтишини чин дилдан истарди. Лекин ҳаётда ҳамиша ҳам мўъжизалар содир бўлавермайди…
Шифокорлар айтган ўн кунлик мухлат ўтгач, тўсатдан эрининг аҳволи оғирлашибди. Эртаси куни йигит ейиш-ичишдан қолибди. Аёл эрининг вақти-соати етганлигини англабди… Қўлидан нима ҳам келарди. Арслондай эрини ажалнинг қўлига топширишдан ўзга иложи йўқ. Кўзларига ўзгача бир илинж билан боқиб, мўлтираб турган эрига ҳеч қандай ёрдам бера олмасдан, қуруқ томошабин бўлиб, кутиб ўтирганидан дили тилка-пора бўлибди. Нима қилишини, кимдан ёрдам сўрашни, қайси нажот эшигини қоқишни билмабди. Ноиложликдан шахсий кутубхонасида мавжуд тиббиётга оид китобларни, қўлланмаларни титкилашга тушибди. Кейинги куни шаҳарнинг энг катта кутубхонасига тушиб, жигар хасталикларини даволаш бўйича рус, ўзбек тилида эълон қилинган барча материалларни тўплай бошлабди. Диққатга сазовор мақолалардан нусхалар кўчириб, кечалари уларни таҳлил қилибди. Уч-тўрт кун ўтиб, табобатдан деярли бехабар бўлган аёл эри чалинган хасталик ҳақида унча-бунча тасаввурга эга бўлибди. Олган билимлари ёрдамида ўлим тўшагида ётган эрини ўзича даволашга киришибди. Бир оз фурсат ўтиб, йигитнинг аҳволи сал яхшилангандай бўлибди. У кам-камдан таом истеъмол қила бошлабди. Муолажалар самара бера бошлаганидан руҳланган аёл энди Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»ни мутолаа қилишга киришибди. Халқ табоботига оид рисолаларни сабот ила ўргана бошлабди. Инсоннинг жигарига даво бўладиган доривор ўсимликларни қидириб, бозорма-бозор, табибма-табиб, тоғма-тоғ юрибди…
Мўъжиза рўй берибди. Оллоҳнинг каромати, аёлнинг қилган тоат-ибодатлари туфайли йигит уч ой ўтиб, оёққа турибди, олти ой ўтгач, ҳеч нарса кўрмагандай ишга чиқиб кетибди…
Ана муҳаббатнинг кучи, ана садоқатнинг қудрати!
Вазира бу ҳикояни эслар экан, ўшанда бунга унчалик эътибор қилмаганлигини тан олди. Қайнонаси унга буни нима мақсадда айтган экан-а. Наҳотки раҳматли бирор нарсани сезган бўлса. Ёки шунчаки бировлардан эшитганини айтиб берганмикин? Бўлган воқеамикин ёки кимлардир ичидан тўқиб чиқарган ривоятмикин? Қайнонаси нима учун айнан унга буни ҳикоя қилиб берди? Ёки у ҳам бир кун ўша аёлнинг ҳолига тушишини башорат қилдимикин? Йўғ-э! Қайси она ўз фарзандига шунақа кўргуликни раво билади? Дарвоқе, қайнонаси уларнинг турмуш қуришига жон-жаҳди билан қарши бўлганди. Наҳотки унда олдиндан кўра билиш қобилияти бўлган бўлса. Шу бўлаётган кўнгилсиз воқеаларни олдиндан ҳис этган бўлса. Нималар хаёлига келаяпти ўзи. Баҳром акасини қутқариш йўлларини қидириш ўрнига, нималарни ўйлаб ўтирибди ўзи! Нима бўлганда ҳам ҳикоядаги аёлнинг иродасига, матонатига қойил қолмай иложинг йўқ. Не-не тажрибали дўхтирлар даво тополмаган эрини ҳеч қандай тиббий маълумотга эга бўлмасада, ўзи даволашга киришди. «Ўлим ҳақ, Оллоҳнинг иши-да» дея қўл қовуштириб ўтирмади. Умид учқунлари юрагини тарк этмади. Сўниб бораётган учқунни оловлатишга ўзида жасорат топа билди. Шу ожиза аёлнинг матонати унга намуна бўлмайдими? Ахир унинг ўша аёлдан нима кам жойи бор?
Шуларни ўйлар экан, Вазира узоққа учишга шайланган лочиндай олдинга тик боқди, муштини тугди, лаблари беихтиёр пичирлади: «Баҳром акажоним! Мен сизни барибир излаб топаман…»
Марҳума қайнонасининг ҳикояси туртки бўлиб, Вазира туни билан эрининг кутубхонасидаги ҳуқуқшуносликка оид китобларни, детектив жанрда ёзилган бадиий асарларни ўқишга тушди. Ахир изқуварлик ҳам кишидан энг аввало касбий маҳоратни талаб этади-ку! Ҳуқуқшуносликнинг асосларини билмай туриб, қўл ураётган ишини охирига етказа оладими?
Эртаси куни шанба бўлишига қарамай, Вазира кутубхонага боришга отланиб турганда, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Ҳаммадан олдин эшикни очишга шошилган Жаҳонгир, бир оз ўтиб Сафар акани бошлаб кирди. Кейинги пайтларда камнамо бўлиб бораётган боболарини кўриб, болаларнинг қувончдан кўзлари чақнаб кетди. Ичидаги дардларини кимга айтишни билмай юрган Вазира ҳам бошлаган ишлари юзасидан маслаҳатлашиши мумкин бўлган инсон ўз оёғи билан кириб келганидан кўнгли кўтарилди. Барчалари чолни ҳурмат-эҳтиром ила қарши олишди. Кўзлари жавдираб турган невараларини, ситамлардан адои тамом бўлган, лекин доимо ўзини бардам ва тетик тутиб юрадиган келинини кўриб, Сафар аканинг кўнгли бўшашиб кетди. Аммо ўзининг бу ҳолатини уларга сездирмаслик учун қўл ювиш баҳонасида ювиниш хонасига ўтиб, ўпкасини бир оз босиб олди.
«Бечора отам, – хаёлидан ўтказди Вазира, – хасдай тўзиб қолибди-я. Қандай одам эдилар-а! Ота-она учун фарзанд доғини кўришдан оғир кулфат йўқ экан. Шердай ўғлидан айрилиб, ҳатто унинг қабрига ҳам эга бўлолмаган отанинг аҳволи қандай бўлиши мумкин?! Унинг қалбидаги умид чўғи батамом ўчиб бўлгандир. Тезроқ бошлаган ишимни унга айтиб, уни бир оз бўлсада суюнтиришим, кўнглига таскин бўлишим, юрагида сўлиб бўлган умид шамини қайта ёқишим керак. Дарвоқе, у бу ишларга қандай қарар экан? Албатта, мени қўллаб-қувватлайди. Қўлламаса-чи? Мени тинчимни, болаларимнинг хотиржамлигини ўйлаб, «бу йўлингдан қайт» деса-чи! Унда унинг раъйига қарши бораманми? Ёки ҳозирча унга бу ҳақда айтмай турганим маъқулмикин?
Сафар ака болаларга қишлоқдан олиб келган ноз-неъматлардан улашди. Вазира нонушта тайёрлади. Бир пиёла чой устида қайнота-келин суҳбатлашиб ўтиришди:
– Қизим, нима гаплар, бирор янгилик борми? – ниҳоят ота юрак ютиб, асосий мақсадга кўчди.
Вазира индамай ерга қаради. Бошлаган иши тўғрисида айтишнинг мавриди келганини сезиб, шошмасдан гап бошлади:
– Отажон! Баҳром акамдан ҳеч қандай дарак йўқ. Мен прокуратурага бориб, Фахриддин Каримович, Санжарбеклар билан ҳам гаплашдим. Улар ҳам қўлларидан келган ишни қилишди. Натижа бўлмади. Терговчиларнинг гапига қараганда энди Баҳром акамнинг топилишига умид қилиб бўлмайди. Лекин…
Келинининг гапларини ерга қараганча жимгина тинглаб ўтирган ота «лекин» сўзини эшитиб, бирдан сергакланди ва нажот кўзи билан суҳбатдошига термилди:
– Хўш-хўш!
– Отажон, менинг хаёлимда Баҳром акам тирикдек! Вазият тақозоси билан қаердадир бизнинг ёрдамга муҳтож бўлиб ётгандек.
– Қанийди шундай бўлса, болам! – Сафар ака чуқур хўрсинди.
– Шу сабабдан уни қидиришга ўзим киришмоқчиман.
– Тушунмадим… ўзингиз… қандай қилиб…
– Ахир отажон, шуни ҳис қилган ҳолда қўл қовуштириб, жимгина ўтиролмайман-ку! Уч йил кутдим. Энди ўзим киришмасам бўлмайди. Менга сизнинг оқ фотиҳангиз керак, – Вазира илк бор қайнотасининг кўзларига тик боқди.
– Қизим, сизни ҳам тўғри тушунаман, Лекин давлатнинг шунча ваколатли идоралари қилолмаган ишни бир ўзингиз қандай қилиб уддалашингиз мумкин? Нимага қўл ураётганлигингизни биласизми? Болаларнинг аҳволи нима бўлади? Ҳамма нарса Оллоҳнинг иродаси билан содир бўлади. Баҳромжон тирик бўлса, бир кун ўз оёғи билан кириб келар. Агар бу дунёдан ўтган бўлса, қўлимиздан нима ҳам келарди…
– Отажон! Менинг қарорим қатъий. Сиз менга ишонишингизни истайман. Мен кейинги бир ҳафта ичида унча-бунча иш бошлаб қўйдим. Шу масалага дахлдор анчагина ҳужжатларни ҳам қўлга киритдим. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, – деди Вазира ишонч билан.
– Майли, мен нима ҳам дердим. Бу ишни бошлабсанки, демак шунга яраша қўлингда асосинг, дилингда режанг бордир. Фақат, болам «фалончи эрини излаб, кўчама-кўча девонасифат бўлиб юрганмиш» деган гапга қолмасак бас! Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасдан, ишингни билиб-билиб қилавер.
– Раҳмат, отажон! Айтганингиздек бўлади.
Вазира қайнотасини болаларга топшириб, ўзи кутубхонага шошилди.
Кутубхона тубсиз уммонга ўхшайди. Унга бир шўнғиган киши қизиқиб, ичига кириб бораверади. Қанчалик чуқур кириб борсанг, мўъжизалар сирларини очаверади. Оламнинг сенга нотаниш синоатлари бўй-бастини кўрсатаверади. Вазира китоб мутолаа қилиб, кеч бўлганлигини ҳам сезмай қолди…
Шу тахлит ўн беш кунча вақт ўтди. Вазира бутунлай «жиноят олами»га тушиб қолди. Хаёлидан содир этилган даҳшатли жиноятлар-у, қилмиши фош бўлишидан чўчиб, ўзини «шохдан-шохга» ураётган жиноятчилар, уларни тутиш илинжида кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан «баргида юрган» терговчилар, «қора»ни «оқ» дейишдан толмайдиган «оқловчи»лар-у, «оқ»ни «қора» қилишдан чўчимайдиган «қораловчи»лар, виждонидан кечган гувоҳлар-у, қилни қирқ ёрувчи экспертлар кетмай қолди. Шу даврда юздан ортиқ жиноят тафсилотлари баён этилган ўндан ортиқ китобларни ўқиб тугатди. Воқеалар турли-туман, сира бир-бирига ўхшамайди…
Вазира сонсиз воқеалар орасидан ўзиникига ўхшаш қилмишни қидиради. Қайда дейсиз! Жиноятнинг тури ҳам, усули ҳам кўп экан! Бир-бирига ўхшамайди…
Кунларнинг бирида чет эл ёзувчиларидан бирининг детектив романини ўқиётган Вазиранинг диққатини бир воқеа ўзига тортди:
Аёл кишини ўз уйида ўлдириб кетишади. Изқуварлар унинг таниш-билишларини, қўни-қўшниларини сўраб, суриштиришади. Лекин аёлни ким, нима сабабдан ўлдирганлигини топиш имкони бўлмайди. Воқеа жойидан ҳам диққатга сазовор бирон-бир далилий ашё ёки из топилмайди. Ёш терговчининг қилган ҳаракатлари зое кетади. Жиноят анча пайтгача очилмай қолади. Шунда терговчи воқеа жойини яна бир марта кўздан кечиришга қарор қилади. Марҳуманинг уйини такроран кўздан кечирган терговчи китоблар орасидан бир энлик хат топади. Мактубда «Аёлнинг кўрган нарсаларини ҳеч кимга, ҳеч қачон айтмаслиги, яхшиси тезда бошқа шаҳарга кўчиб кетиши лозимлиги, акс ҳолда унга ёмон бўлиши» таъкидланган эди. Демак, аёл қайсидир жиноятга тасодифан гувоҳ бўлиб қолган. Жиноятчилар қилмиши фош бўлишидан чўчиб, аёлдан «чурқ» этмасликни, тезда бошқа шаҳарга кўчиб кетишни талаб қилишган. Аёл жиноятчилардан қўрқиб, кўрганлари ҳақида ҳеч кимга гапирмаган. Аммо бошқа шаҳарга кўчиб кетишни хоҳламаган. Бу жиноятчиларга ёқмаган. У барибир бирор кун оғзидан «гуллаб» қўйиши мумкин, деган хаёлда уни йўқ қилишга қарор қилишган.
Терговчи мактубни, унинг устидаги конвертни экспертлар ихтиёрига топширган. Лекин мутахассислар унинг муаллифини аниқлашга муяссар бўлолмаган. Терговчи шу маркадаги конвертлар қайси жойга, қанчадан тарқатилганлигини аниқлаш учун алоқа бўлинмаларига бориб, шу маркадаги конвертлар вилоятнинг тўртта ҳудудига тарқатилганлигини аниқлайди. Ўша ҳудудлардан бирида мар-ҳуманинг холаси яшаши, у холасини кўришга тез-тез бориб туриши аниқланади. Терговчи шу жойда кейинги даврда содир этилган жиноятларни ўрганиб чиқиб, битта автоҳалокат жиноятига диққатини қаратади. Иш бўйича автомашина ҳайдовчиси йўловчи қўққисдан унинг йўлига чопиб чиққанлигини, у қанча ҳаракат қилмасин, машинани тўхтата олмай қолганлигини, натижада пиёдани уриб юборганлигини, жабрланувчи воқеа жойида вафот этганлигини кўрсатган. Жиноят иши бўйича ҳайдовчининг айби исботланмаганлиги сабабли жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган.
Терговчи ҳайдовчи, унинг оила аъзоларининг ҳуснихатларини олиб, хатшунослик экспертизаси тайинлайди. Шунда марҳума аёлнинг уйидан топилган хатни ҳайдовчининг ўн тўрт яшар синглиси ёзганлиги аниқланади. Натижада, ҳар икки жиноят фош этилади. Ҳайдовчи қўшниси билан қасдлашиб қолганлигини, шу сабабдан уни машинада босиб, ўлдирмоқчи бўлганлигини, лекин шу пайтда бекатда турган аёлни сезмай қолганлигини, у ҳаммасини кўрганлиги учун унинг орқасидан уйигача пойлаб борганлигини, кейин синглисига хат ёздириб, уни аёлнинг почта қутисига ташлаб келганлигини, лекин аёл унинг талабини бажармаганлигини, шунда у жинояти фош бўлишидан қўрқиб, уни ҳам ўлдирганлигини тан олган.
Битта конверт жиноятни фош этилишига сабаб бўлган…
Вазира асарни ўқиб тугатар-тугатмас хаёлига келган фикрдан мамнун ҳолда уйига қайтди. Хонасига отилиб кириб, стол тортмасидаги қоғозлар ичидан конвертнинг нусхасини қидира бошлади. Мана ўша Баҳром акасининг китоблари орасидан топилган хатнинг нусхаси. Конвертнинг нусхаси қаерда бўлса… мана у. Юзига ҳеч нарса ёзилмаган. Чап томон юқори қисмига Соҳибқирон Амир Темурнинг салобатли расми туширилган марка босилган. Конвертнинг орқа томонида унинг «Ўзбекистон» нашриётида тайёрланганлиги қайд этилган.
Вазира апил-тапил кийиниб, хат ва конвертнинг нусхаларини сумкасига солиб, нашриёт томонга йўл олди. Автобусда кетар экан, турфа хаёллар қуршовида қолди. «Балки у ердагилар бирор нарса билар. Ўша даврда ишлаганлар бордир. Лекин бир йилда қанчадан-қанча конверт ишлаб чиқарилади ва тарқатилади. Шунча йил ўтиб, ким ҳам бу ҳақда бирор нарса эслаб қолиши мумкин. Балки алоқа вазирлигига мурожаат қилгани маъқулмиди? Ҳар ҳолда конвертлар улар орқали тарқатилади-ку! Майли, чиқмаган жондан умид! Шундоғам шу конвертдан бошқа қўлида арзигулик ашё ёки тахмин ҳам йўқ».
Вазира тўғри нашриёт директорининг олдига кирди. Ёши тахминан ўттиз беш-қирқ ёшлардаги раҳбар уни илиқ қарши олди. Гап орасида уларнинг газетасини жуда қизиқиш билан ўқишини ҳам қистириб ўтди.
– Мана бу конверт сизларда ишлаб чиқарилган экан! – Вазира қўлидаги конвертни бошлиққа узатди.
Директор конвертни обдон кўздан кечириб:
– Тўғри бизнинг маҳсулотимиз… лекин нима қилиш лозим? – деб ҳайрон бўлди.
– Шу конверт хусусида сизда бирор маълумот борми? Қанча ишлаб чиқарилган, қаерларга тарқатилган ва ҳ.к.
– Конверт мустақилликдан олдин ишлаб чиқарилган экан. Мен у пайтларда ишламаганман. Шу сабабли бу ҳақда ҳеч қандай маълумотим йўқ. Қанча ишлаб чиқарилганлигини архивдан билсак бўлади. Лекин қаерларга тарқатилганлигини билиш қийин. Бизлар фақат ишлаб чиқарамиз. Тарқатиш алоқа вазарлиги тизимлари орқали амалга оширилади. Бундай маълумотларни улардан олиш мумкин, – раҳбар «ўзи нима гап?» дегандай Вазирага тикилди.
– Ўша даврларда ишлаган ходимларингиздан борми?
– Ҳозир сўраб кўрамиз, – бошлиқ котибага телефон қилиб, Фая опани чақиришни тайинлади.
Бир оз ўтиб, хонага чамаси 55–60 ёшлардаги кўзойнак тақиб олган басавлат опа ҳансираб кириб келди.
– Фая опа, бу киши газетадан. Сизга бир-иккита саволлари бор экан, – деди директор Вазирага ишора қилиб.
– Марҳамат, сўронғиз, – деди Фая Вазирага зимдан назар солиб.
– Фая опа, эшитишимча, сиз нашриётда анча пайтдан бери ишлар экансиз. Мана бу конверт хусусида бирор нарсани биласизми? – Вазира қўлидаги конвертни опага узатди.
Опа конвертнинг орқа-олдини бир кўздан кечириб, Вазирага юзланди:
– Ўзи санға не керак?
– Шу конверт ҳақиқатда сизларнинг нашриётда ишлаб чиқарилганми? Қанча миқдорда чиқарилган, қаерларга тарқатилган? – Вазира саволини яна такрорлади.
– Бизда чиғорилғони аниқ, ана орқасига ёзиб қўйибди. Қонча чиғорилган, қоерга торқотилғонини билмайман. Буноқа конвертлардан бир йилда нечтасини чиғорғонмиз, қайси бири ёдингда туради! – деди Фая опа қўлидаги конвертни Вазира томонга итара туриб.
Сўнг бир нарса ёдига тушди шекилли, конвертни тағин қўлига олди ва ундаги суратга диққат билан разм солди:
– Ия, бу Амир Темурнинг туғилган кунига бағишлаб чиғорилган конверт-ку! Роса скандал бўлганди ўшанда.
– Қанақа скандал? – Вазира опага ҳайрон тикилди.
– Мустақилликдан олдин Амир Темурнинг расмини чоп этишга рухсат йўқ эди. Раҳматли директоримиз Азиз Расулович жуда яхши раҳбар эди. Ҳеч нарсадан қўрқмасди. Айрим раҳбарларнинг қаршилигига қарамасдан, Амир Темур миллатимиз фахри деб расмини конвертга бостириб юборди. Конверт тарқатилгандан сўнг, бўлди скандал, бўлди разбор! Конвертларни қайтадан йиғиб олишиб, йўқ қилишди. Азиз Расуловични ишдан бўшатишди. Бу конвертни сиз қаердан олдиғиз?
Вазира нима деб жавоб қилишни билмай, директорга қаради.
– Фая опа, сизга раҳмат. Катта ёрдам қилдингиз. Сиз ишингизга бораверинг, – директор ўрнидан турди ва Вазиранинг қаршисига келиб ўтирди:
– Вазирахон, бу ҳақда мен ҳам эшитган эдим. Энди ишга келган пайтларимда менга бу «тарихий» конверт тўғрисида айтишган эди. Лекин ўзим уни кўрмаган эдим, – директор конвертни қўлига олиб, соҳибқироннинг суратига диққат билан тикилди. – Қизиқ замонлар бўлган эканда! Азиз Расулович ҳақиқий ватанпарвар инсон бўлган дейишади. Ҳали шўролар тузуми тиш қайраб турган пайтларда Амир Темур ҳақида бир оғиз илиқ сўз айтиш осон бўлмаган. Мен у кишини танимасам ҳам шу воқеани эшитиб, унга ҳурматим беҳад ошди.
– Конвертларнинг қайтадан йиғиб олиниб, йўқ қилинганлиги ростмикан-а? – ўз хаёллари билан банд бўлган Вазира директорнинг гапини бўлди.
– Мен ҳам шундай эшитган эдим. Аммо бир қисм конвертлар йиғиб олинмасдан қаерлардадир қолиб кетган экан чамамда.
– Ўша конвертларнинг қаерларда қолиб кетганлигини қандай билса бўлади?
– Бундай маълумотлар фақат алоқа бўлимларида бўлиши мумкин. Лекин менимча, буни аниқлаш жуда ҳам қийин бўлса керак. Вазирахон, узрку-я, шу конверт сизга нимага керак бўлиб қолди ўзи?
– Бир масалада журналист текширувини ўтказаётган эдим, – Вазира ўрнидан туриб, кетишга ҳозирланди. – Сизга катта раҳмат. Вақтингизни олганим учун узр.
– Шундай нуфузли газетанинг дилбар ходимига нафим текканидан хурсандман, – директор мамнун жилмайди.
Вазира йигитнинг илтифотига парво ҳам қилмай, тез-тез қадам ташлаб, хонадан чиқди…
Кейинги икки кунни алоқа вазирлиги бўлимларида ўтказган Вазира конвертларнинг тарқатилиш тизимини чуқур ўрганиб олишга эришди. Ўша даврларда почта бўлимларида ишлаган ходимларни топиб, улар билан суҳбатлашди. Кўпчилик Амир Темур расми туширилган конвертлар тўғрисида эшитган бўлсада, уларнинг тарқатилиши, қайта йиғиб олиниши хусусида бирор арзигулик маълумот бера олмади.
Кейинги куни бу ишдан бирор натижа чиқишидан умид узаёзган Вазира марҳум Азиз Расуловичнинг уйига боришга қарор қилди.
Кекса ноширнинг беваси уни илиқ қарши олди, дастурхонга таклиф этди. Вазиранинг мақсадини эшитиб, «эрим тўғрисида бирор нарса ёзса керак», деган ўйда ичидагини тўкиб ташлади:
– Айланай, ўша конверт баҳона эримни ишдан олишгани етмагандай, бошқа жойда ишлашига ҳам рухсат беришмади. Пешонасига миллатчи деган тамғани босишди. Бир умр давлат ишида ишлаб юрган инсон эмасми уйда сиқилиб ўтиравериб, хасталикка чалинди бояқиш… Яхшиям мустақилликни кўрди, Амир Темур ҳазратларининг пок номлари оқланганлигининг шоҳиди бўлди.
– Ҳадича ая, ярангизга туз сепганим учун узр. Ўша мудҳиш воқеага доир бирорта ҳужжат ёки ашё сизда сақланиб қолганми?
– Эримнинг шахсий ҳужжатларини кўзимга суртиб сақлаб юраман. Лекин айнан ўша масалада бирор ҳужжат сақланиб қолганлигини эслай олмайман. Негаки, текшириш ишлари ҳеч кимга овоза қилинмасдан, пинҳона олиб борилган эди. Хизмат текшируви якунлари муҳокамаси ҳам ўта махфий тарзда ўтган эди.
– Ўша хизмат текширувини ким ўтказганлиги ёдингиздами?
– Текширувни Москвадан бир рус киши, исм-шарифи ҳозир эсимда йўқ, вазирликдан кадрлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Николай Қосимовлар ўтказган эди. Дарвоқе, Қосимов ҳали ҳаёт. У кишининг шахсий архивида айрим ҳужжатлар сақланиб қолган бўлиши ҳам мумкин.
– Аяжон, сиз у кишининг яшаш манзилини биласизми?
– Албатта биламан. Қосимов раҳматли хўжайиним билан яхши муносабатда эди. Нафақага чиққандан сўнг ҳам борди-келдилари узилмади. Ҳар йил туғилган кунларида уйига борардик. «Қозоғистон» кинотеатрининг ёнгинасидаги 9 қаватли уйнинг биринчи қаватида туришарди. Шу маҳалладагилар ҳаммаси у кишини танишади, – деди Ҳадича ая пиёладаги иссиқ чойдан хўплай туриб.
– Сизга раҳмат, аяжон! Энди мен борай. Безовта қилганим учун сиздан яна бир бор узр сўрайман, – Вазира қўлини дуога очди.
– Омин, илоё ўтганларнинг охирати обод, қолганларнинг умрлари зиёда бўлсин.
Ҳадича ая меҳмонни кузатар экан, мақола босилса уни ҳам бохабар қилишни бот-бот тайинлади…
Қосимовнинг уйини топиш Вазирага унча қийин кечмади. Хайрият, Коля амаки уйида экан. Одатда, нафақага чиққан ходимлар суҳбатдошга ташна бўлишади. Зерикканиданми бундай имконият пайдо бўлса, ўзининг бор «тарихи»ни очиб ташлаб, мақтангиси келади. Аммо Коля амаки бунақа қариялардан эмас экан. Унинг анчайин камгап, босиқ ва жиддий инсон эканлигини Вазира дарров пайқади. Шу сабабли чолни ўта эҳтиёткорлик билан гапга солди. Меҳмоннинг ташрифи мақсадини эшитиб, «бу сенга нимага керак» дея очиғини айтишни талаб қилди. Олдинига Вазира «мақола ёзмоқчи эдим» деб қарияни чалғитмоқчи бўлди. Йўқ, бўлмади. Чол ҳам анойи эмас экан. «Бу ерда бошқа гап борга ўхшайди», деб оёқ тираб туриб олди.
Вазира ноилож бор гапни айтиб беришга мажбур бўлди. Коля амаки аёлни диққат билан эшитиб, сал юмшади. Амир Темур сиймоси туширилган конверт машмашаси ҳақида билганларини гапириб берди. Сўнг «ҳозир» дея ичкари хонага кириб кетиб, бир даста ҳужжатларни кўтариб чиқди:
– Мана булар ўша хизмат текшируви материаллари. Ишлаган давримда мен ҳамиша шунга ўхшаш ҳужжатларни йиғиб юрганман. Бир кун керак бўлиб қолар, деган хаёлда. Шахсий архивимда қанча-қанча ҳужжатлар бор.
Коля амаки ҳужжатларни бир-бир кўздан кечириб, керакли маълумотномани топди шекилли, диққат билан ўқишга тушди:
– Хўш, ўша конвертдан 20 минг дона чоп этилган экан. Шундан 19 минг 200 донаси алоқа бўлимларидан қайтариб олинган ва йўқ қилинган. Қолган 800 донаси… қайтмаган. Ҳм-ҳм, демак фақат Бекобод шаҳар алоқа бўлимидан конвертлар қайтариб олинмаган. Чунки улар аллақачон аҳолига тарқатиб юборилган бўлган. Кимлардир жазога тортилган… ишдан бўшатилган…
– Конвертлар фақат Бекобод шаҳрига тарқатилган денг.. – Вазира ўзича пичирлади. – Коля ака айтинг-чи, ўша конвертлар Бекобод шаҳридан бошқа жойларга ҳам тарқатилган бўлиши мумкинми?
– Йўқ, асло мумкин эмас! Конвертларнинг ҳар бири назоратда бўлган. Фақат 800 донагина конверт қайтмаган. Қолганларини йўқ қилганмиз. Бу аниқ.
– Ўша 800 та конвертдан бошқа туманлардаги аҳоли ҳам фойдаланган бўлиши мумкин-ку!
– Тўғри, мумкин. Лекин эҳтимоли кам. Ким ҳам конверт олиш учун бошқа туманга борарди.
– Тўғри айтасиз. Коля амаки шу маълумотномадан нусха бера оласизми? – деди Вазира хижолат оҳангида.
– Марҳамат. Булар шўро даврида бўлган ишлар. Энди уларнинг ҳеч кимга кераги йўқ.
– Раҳмат отахон. Мен ҳозир чиқиб, кўчадан нусха кўпайтириб қайтаман, – Вазира ўрнидан сапчиб турди.
– Қанақа нусха? Ўзини олавер қизим. Сенга фойдам тегса, уларни шунча йил бекорга сақламаган бўламан, – чол мамнун жилмайди.
– Агар Баҳром акамни топа олсам, ўзим сизга бош-оёқ сарпо кийдираман.
– Илоё Яратганнинг ўзи сенинг мушкулингни осон қилсин, – қария тик турган ҳолда дуога қўл очди…
Вазира хаёллар оғушида уйига қандай етиб келганини сезмай қолди. Бир томондан иш жойидан силжиб, калаванинг учи топилганидан хурсанд бўлса, бошқа томондан энди ишни нимадан бошлашни билмай боши гаранг эди. Ҳар ҳолда шунча кунлик уринишлари бекорга кетмади. Нима бўлганда ҳам шунча пайтдан буён оқсаб ётган иш ўрнидан силжиди. Энди Бекободга бориш керакми? У ерда нимани аниқлаши мумкин? Шаҳар катта бўлса. Орадан шунча вақт ўтган. Балки конверт муайян бир ҳудудга тарқатилгандир. Унда иш бир оз бўлсада осонлашган бўларди. Балки Коля амакига ўхшаган кишиларга дуч келар. Бориш керак. Ҳа, ҳа, бу ишни ортга сурмасдан эртагаёқ Бекободга бориш лозим.
Кейинги кун Вазира болаларини мактабга кузатиб, Бекободга йўл олди. Эри ишлаганлиги ва бир муддат яшаганликлари боис, бу шаҳар унга бегона эмас эди. Бундан ташқари, унча-бунча таниш-билишлари ҳам бор. Олдин улардан бирини топиш лозим. Шу тобда хаёлига қўшниси Замирахон келди. Гарчи кейинги йилларда алоқалари узилган бўлса-да, бу аёл билан уч йил ён қўшни сифатида яшаб, муносабатлари самимий бўлган. Оилавий борди-келди қилишган. Тошкентга кўчиб келганларидан кейин ҳам икки-уч йил кўришиб туришган. Лекин охирги йилларда негадир алоқалари узилиб қолган эди. Эри Фаррухжон ҳам одамохун, дилкаш йигит. Уларникига боргани маъқул. Қизиқ улар Баҳром аканинг йўқолиб қолганлигидан хабарлари бормикин? Совуқ хабар тез тарқалади, дейишади. Аллақачон эшитишгандир.
Вазира автобусда кетар экан, хаёллари тутқич бермасди: Нима учун яна Бекобод? Баҳром ака бу ерда ишлаган. Табиийки, душманлари ҳам бўлган. Наҳот калаванинг учи шу шаҳарга бориб тақалса… Дарвоқе, Фахриддин Каримович ҳам бекободлик бир шахснинг ноқонуний жазога тортилгани ҳақида гапирмаганмиди? Лекин ўша шахс… исми ким эди-я? Аҳад Ботиров деганмиди? Ҳа, ҳа, Аҳад Ботиров. Лекин уни ўша мудҳиш воқеаларга қадар вафот этган деганди-ку! Унда бу шахснинг Баҳром акага алоқаси бўлмайди-ку! Терговчи нега менга бу гапларни айтди? У нима демоқчи бўлган? Охирги учрашганларида у яна нимадир айтмоқчи бўлганди-ю, аммо… Нимани мендан сир тутган бўлиши мумкин? Яна нималар деганди-я? Ҳа, ҳа. ўша одам Тошкентдаги ҳовлисини сотиб, Бекободда ижарада яшаган деганмиди? Ҳеч кими бўлмаса, пулларни нимага сарфлаган бўлиши мумкин?.. Наҳотки, қотил ёллашга ишлатган бўлса! Балки Фахриддин Каримович унга шуни айтмоқчи бўлгандир. Лекин уни ранжитишдан чўчиб, бу гапни айтмай қўя қолган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам ҳозирча битта нарса аниқ, яъни ҳар икки ҳолатда ҳам калаванинг учи Бекободга келиб тақалаётгани. Бу ҳодисалар ўртасида бирор боғлиқлик борми ёки шунчаки тасодифми?..
Вазира дугонасини уйидан топа олмагач, тўғри ишхонасига борди. Эски қадрдонлар қуюқ саломлашишди. Замира хижолат бўлиб, гап орасида Баҳром ака тўғрисидаги гапларни эшитганлигини, аммо Тошкентга бориб, улардан хабар ололмаганлиги учун узр сўради. Вазира йиғлай-йиғлай бошидан кечирган кўргиликларни сўзлаб берди. Ташрифи сабабини билдириб, дугонасидан ёрдам сўради. Шундай бахтиёр оиланинг бошига тушган кулфатларни эшитиб, Замиранинг ҳам юрак-бағри қон бўлиб кетди. Бир пайтлар ҳамма ҳавас қиладиган оиланинг қандай қилиб шундай ҳолга тушиб қолганлигини ақлига сиғдиролмасди. У Вазирага зимдан назар ташлар экан, ич-ичидан дугонасига ачинаётган бўлсада, унга тасалли бўладиган сўз топишга ожиз эди. Унга бир оз бўлсада нафи тегишини хоҳларди. Шу боис, ишидан жавоб олиб, Вазиранинг олдига тушди.
– Ишни алоқа бўлимидан бошлаганимиз маъқул. Балки у ерда конверт воқеаси билан боғлиқ бирор маълумот топармиз, – ташаббусни қўлга олди Замира.
Вазира индамасдан дугонасига эргашди.
Дастлаб алоқа бўлимининг бошлиғига учрашдилар. Ўттиз беш ёшлардаги бошлиқ – Абдураҳмон аканинг «конверт» воқеасидан хабари йўқ экан. У икки йилдан буён бу лавозимда ишлаётганлигини, муқаддам бошқа соҳада фаолият юритганлигини айтиб, унинг ўрнида узоқ йиллар ишлаган Эргашали акага учрашишни маслаҳат берди. Сўнг Тошкентдан келган журналист опага ўзини кўрсатгиси келдими ё ҳақиқатдан уларга ёрдам бермоқчи бўлдими, ишқилиб, «Жигули»сида меҳмонларни Эргашали аканикига олиб боришга рози бўлди. Машина 15–20 дақиқа йўл юриб, яшил дарвоза олдида тўхтади. Бошлиқ аёлларни тушириб, кутиб туролмаётгани учун қайта-қайта узр сўраб, ишига қайтиб кетди.
Абдураҳмон ака ҳақ бўлиб чиқди. Эргашали ака шу тизимда узоқ йиллар ишлаганидан кўп нарсадан хабардор экан. Мухбир опаларнинг (Замирани ҳам журналист хаёл қилиб) айнан Амир Темур расми туширилган конверт масаласида келганлигини эшитиб, отахон тўлқинланиб гапира кетди:
– Ғаройиб замонлар экан-да! Амир Темурдай буюк зотнинг суратини чоп этиш тақиқланган. Ўшанда мен бошлиқ эдим. Беш юзми-олти юзта шундай конверт бизнинг бўлимга ҳам келган эди. Ҳали тарқатиб улгурмасимиздан, эртаси куни «тревога» бошланиб кетса денг. Тезда конвертларни ортга қайтаришимизни сўрашди. Сабабини аниқ айтишмади. Мен эса гап нимадалигини дарров фаҳм-ладим. Бунга соҳибқироннинг расми сабаб бўлса керак деган ўйга бордим. Ғашим келиб, конвертларни Тошкентга қайтармасдан алоқа бўлинмаларига тарқатиб юбордим. Амир Темур бобомизни гарчи бизга қонхўр, босмачи деб ўргатишган бўлсалар-да, мен унинг миллатимиз фахри, адолатли подшо, жасур саркарда эканлигини билар эдим. Ўшанда раҳбарлар роса «пўстагимни қоққан» бўлсаларда, қилган ишимдан пушаймон эмасман. Мана шунча йиллар ўтиб, бу масалани ёдга оладиган мардлар топилибди-ку!
– Эргаш ота, ўша хатарли замонларда шундай мардликка қўл урганлигингизнинг ўзи қаҳрамонликдан бошқа нарса эмас, – Замира чолнинг кўнглини кўтарган бўлди.
– Ўша конвертлар қайси бўлинмаларга тарқатилганлиги ёдингиздами? – Вазиранинг сабри чидамади.
– Қаҳрамонликми, йўқми мен шундай йўл тутдим. Буни бировга мақтаниш ёки ўзимни кўрсатиш учун қилганим йўқ. Соҳибқирон ҳазратларининг миллатимиз учун қилган хизматлари эвазига шундай қилганман, – деди қария Замиранинг мақтовидан руҳланиб.
– Отахон, конверт масаласида яна нималарни эслайсиз? – деди Вазира ўзини қўярга жой тополмай.
– Мени жазолашди, ишдан олмоқчи бўлишди…
– Йўқ, йўқ, мен бу ҳақида эмас, конвертларнинг қаерларга тарқатилганлигини билмоқчи эдим.
– Бунинг нима аҳамияти бор, асосийси улар халқ ичига тарқалиб кетди. Одамларнинг қўлига бориб етди.
– Тўғрику-я, л-е-к-и-н… – Вазира нима деб жавоб қайтаришини билмай дудуқланди. – Ўша конвертлардан бирини топсак яхши бўларди. Я-я-я-ъни ма… ма-қо-ла учун демоқчиман.
– Ҳа, кечагидек ёдимда, уларни 245, 246-сонли алоқа бўлинмаларига тарқатганман. Сабаби шу бўлинмаларнинг бошлиқларига мен кўпроқ ишонардим.
– Шу бўлинмалар шаҳарнинг қайси ҳудудларига хизмат кўрсатиши хотирангизда борми?
– Албатта, улар ҳозирги Олмазор ва Темирчи маҳаллаларига хизмат кўрсатишарди, – Эргашали ота «ҳозир» деб ичкарига кириб кетди ва бир оздан сўнг қўлида харита билан кириб келди:
– Мана ўша маҳаллалар, шаҳарнинг жанубий-шарқ томонида ёнма-ён жойлашган.
– Мен у маҳаллаларни биламан. У ерда қариндошимиз туради, – Замира гапга аралашди.
– Бўлинмаларнинг бошлиқлари нафақага чиқиб кетишган, хоҳласангиз уларнинг уй манзилларини беришим мумкин, – деди отахон соддалик билан.
– Яхши бўларди, – Вазира отахон айтган манзилларни ёзиб олди.
– Сиз билан танишганимиз ва ҳамсуҳбат бўлганимиздан хурсандмиз. Мушкулимизни анча осон қилдингиз, сизга катта раҳмат, – деди Замира тавозе билан.
– Вақтингизни олганимиз учун узр. Энди отахон бизлар борайлик, битта дуо қилсангиз, – Вазира қўлини дуога очди.
Эргашали ота узундан-узоқ дуо ўқиди ва қизларни эшиккача кузатиб қўйди.
– Мақола босилса, менга ҳам бир нусха юбориш ёдингиздан чиқмасин, – деди отахон хайрлашиш олдидан.
Замира дугонасини қўярда-қўймай уйига бошлаб борди. Бир пиёла чой устида бир муддат суҳбатлашиб ўтирдилар. Вазира уйида болалари ёлғиз қолганидан хавотир олиб, эрта-индин яна келишини айтиб, изига қайтди…
Кейинги кун шанба бўлганлиги сабабли Вазира болаларини укаси Анварникида қолдириб, яна Бекобод томон отланди. Замира дугонасини илиқ кутиб олиб, олдиндан келишувларига мувофиқ тўғри Олмазор маҳалласига йўл олдилар. 245-сонли алоқа бўлинмасининг собиқ раҳбарини уйидан топа олмагач, Темирчи маҳалласига ўтдилар. 246-сонли алоқа бўлинмаси раҳбари бўлиб ишлаган Тоштемир акани топиш унчалик қийин кечмади. Собиқ раҳбар журналист «опалар»нинг мақсадини эшитиб, ўша воқеаларни дарров эслади:
– Тушуниб бўлмас замонлар экан-да! Амир Темур расми босилган конвертлар учун бечора Эргашали дўстимиз сал қолди ишдан кетишига. Бугунги кундагидек ёдимда соҳибқироннинг сиймоси. Ахир у миллатимиз фаҳри-ку!
– Тоштемир ота, ўша конвертлардан сизда сақланиб қолганми? – деди Вазира мақсадга кўчиб.
– Йўқ, ўшанда Эргашали бизга «конвертларни тезда тарқатиб юборинглар» дегани учун уларни киоскаларга, дўконларга бериб юборганмиз. Адашмасам 400 дона эди чамамда. Конвертлар бир-икки кун ичида сотилиб кетган. Чунки текширувчилар уларни қайтариб олиш учун киоскаларга, дўконларгача боришди. Қўшни 245-сонли бўлинмада ҳам шунақа бўлган. Конвертларнинг бир донасини ҳам қайтариб олиш имкони бўлмаган.
– Ўша конвертлардан қайси нуқталарга қанчадан тар-қатилганлиги эсингизда борми?
– У пайтларда нуқталар кўп бўларди. Ҳар қайсисига 15-20 тадан берганмизда ҳар қалай!
– Яна шу конвертлар масаласида нималар ёдингизда сақланиб қолган? – Замира дугонасига ёрдамга келди.
– Бошқа, н-и-м-а бўл…бўл-и-ши мумкин. Кейин текшир-текшир бошланди. Бизларни ҳам бир-икки марта чақиришди. Мажлисда муҳокама қилишди…
– Отахон, сизга катта раҳмат. Бизга энди рухсат берсангиз, – Вазира вақтни йўқотмаслик учун гапни калта қилди.
– Ахир бир пиёла чой…
– Раҳмат, отахон. Биз шошиб тургандик.
Қизлар Тоштемир ота билан хайрлашиб, Замираларникига йўл олишди.
– Вазира, энди нима қиламиз? – Замира анча пайтдан бери «чурқ» этмай кетаётган дугонасига юзланди.
– Мен ҳам шуни ўйлаб тургандим… Ёдингиздами, мен сизга Аҳад Ботиров деган шахс тўғрисида гапириб бергандим. У Тошкентда яшаган. Институт йўлланмаси билан Бекободга келган. Шаҳар марказий шифохоналаридан бирида жарроҳ бўлиб ишлаган. Кейинчалик бирга ишлайдиган бир ҳамширани ўлдиришда гумон қилиниб, қамалган. Ўша пайтда Баҳром акам Бекободда прокурор бўлган. Бахтга қарши Ботиров жазосини ўтаб юрган пайтларда хотини икки фарзанди билан уни кўришга кетаётган пайтда автоҳалокатга учраганлар. Даҳшатли фожиа юз берган. Ботиров бир кунда хотини, икки фарзандидан жудо бўлган. Шунда у қамоқхонада туриб, «мени ноҳақ қамоққа тиқиб, ҳаётимни жаҳаннамга айлантирган кимсаларнинг барини ўлдираман», деб онт ичган. Ботиров буни аламидан аччиқ устида айтганми ёки ҳақиқатда шундай қилиш нияти бўлганми, буни ҳеч ким билмайди. У ростдан ҳам ноҳақ қамалган бўлса-чи! Унинг ўрнида ҳар қандай йигит ҳам шундай йўл тутиши мумкин эди, деб ўйлайман.
– Бундан чиқди, Баҳром аканинг йўқолишида Ботировнинг қўли бор демоқчимисиз?
– Қайдам. Лекин у Баҳром акам йўқолган пайтда бу дунёда бўлмаган. Ўша воқеалардан олдинроқ вафот этган.
– Демак, унинг Баҳром аканинг йўқолиб қолишига алоқаси йўқ, шундайми?
– Шундайликка, шундайку-я… аммо шу инсоннинг аччиқ тақдири негадир хаёлимдан кетмай қолди… Ботиров қамоқдан чиққач, Тошкентдаги уй-жойини сотиб, Бекободга қайтиб келган. Ижарада яшаб юрган. Уйини нима учун сотганлигини тушунса бўлади. Ҳар нафасда хотини, фарзандларини эслатиб турувчи деворлар орасида яшаш азоби уни тинч қўймаган. Лекин бошқа жойдан уй-жой олиши мумкин эди-ку! Нима учун ижарада яшашга мажбур бўлган. Ёки бошқа нияти бўлганми? Ёхуд ўлимини олдиндан билганми? Уйнинг пулини нимага сарфлаган бўлиши мумкин? Фахриддин Каримович – Баҳром акамнинг ишини олиб борган терговчи Ботировнинг яқин дўсти бўлганлигини айтгандай бўлганди. Ўшанда бунга эътибор бермаган эдим…
– Манзили борми ўша дўстининг? – Замира жойида тўхтаб дугонасига юзланди.
– Терговчига телефон қилишим керак. Уни албатта топишимиз керак.
– У бизга бирор маълумот бериши мумкинми?
– Билмадим, дугонажон, билмадим. Ҳар ҳолда ундан Ботиров ҳақида унча-мунча маълумот олишимиз мумкин-ку. Масалан, Ботиров уйнинг пулини нимага сарфлаганлигини.
– Бундан чиқди, сизда Ботиров бу ишга кимнидир ёллаган бўлиши мумкин деган тахмин бор экан-да! – Замира ўзича хулоса чиқарди.
– Борликка борку-я, бироқ ўзи ўлим тўшагида ётган киши бировни йўқ қилишга одам ёллай олармикин?
– Қасос ўти ёмон нарса! Қасос олишга шайланган инсоннинг ягона мақсади бўлади. Уни бу йўлдан ҳеч нарса қайтара олмайди. Ўлим ҳам кўзига кўринмайди…
– Гапингизда жон бор! Ботиров ўзининг ўлимини сезиб, катта пул эвазига кимнидир бу ишга ёллаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас…
Гап билан бўлиб, дугоналар қандай Замираникига етиб келишганини ҳам сезмай қолишди. Вазира Тошкентга телефон қилиш учун дугонасидан изн сўради. Хайрият Фахриддин Каримович кабинетда экан. У Вазирани дарров овозидан таниди. Ҳол-аҳвол сўради. Илтимосини эшитиб, ҳайрон бўлмади. Бир оздан сўнг ўзи алоқага чиқишини айтиб, телефон рақамини ёзиб олди. «Бу тинчимас аёл Бекободда юрганига қараганда ишни бошлаб юборибди-да! Наҳот улар қилолмаган ишни бир ўзи уддаласа!» хаёлидан ўтказди терговчи. Сейфдан бир тўда ҳужжатларни олиб, титкилай бошлади. Ниҳоят, керакли ҳужжатни топди шекилли, уни бер чеккага қўйиб, қолганларини тахлаб жойига солди. Сўнг Вазира берган рақамга телефон қилди:
– Опа, Зафар докторнинг манзилини аниқлаган эдим, ёзиб оласизми?
Вазира рақамни ёзиб олиб, терговчига миннатдорчилик билдирди.
– Вазира опа, бирор нарсани аниқлай олдингизми? Келишганимиздек мен ҳамиша ёрдамга тайёрман. Хоҳлаган пайтда телефон қилаверинг, – деди Фахриддин Каримович гап сўнгида.
– Раҳмат, Фахриддинжон. Ҳозирча янгилик йўқ. Айрим нарсаларни сўраб-суриштириб юрибман.
– Сизга омад тилайман, телефонлашамиз.
– Раҳмат, сиз ҳам омон бўлинг!
Замира дугонаси қўлидаги ёзувга кўз югуртириб:
– Ия, бу боя борган жойимиздаги кўча-ку! Ўша Олмазор маҳалласида, – деди.
– Ростданми?
– Албатта.
– Унда кетдик.
– Вазира, шошманг! Бир оз дам олиб, тушлик қилиб олайлик. Сал кечроқ борганимиз маъқул. Зафар доктор ишдан қайтишига.
– Бу томонини ўйламапман. Майли, кечроқ борамиз.
Замира тушликка уннаб кетди. Дугонаси унга ёрдам бермоқчи бўлганди, мезбон унамади. «Сиз меҳмонсиз, бемалол телевизор кўриб, дам олиб ўтира туринг! Мен ўзим ҳаммасини бир зумда уддалайман», дея туриб олди.
Вазиранинг кўзи телевизорда бўлаётган фильмда бўлсада, хаёли бошқа ерда эди: «Зафар докторнинг хонадони Олмазор маҳалласида бўлиб чиқиши нимани англатади, бу тасодифми ёки қандайдир қонуният борми бунда? Нима бўлганда ҳам бу ерда бир гап борга ўхшайди… Зафар деганлари қанақа одам экан? Ундан бирор нарсани билса бўлармикин? Наҳотки уринишлари зое кетса. Ўзи тўғри йўлда кетаяптими? Ёки нотўғри йўлга тушиб қолдими, чалғиб кетдими? Бўлаётган воқеалар киноларга ўхшайди-я!..
Замира дастурхон тузаб, меҳмонни тушликка таклиф этди. Биргаликда тамадди қилишди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдилар. Замира қизиқ гаплар билан дугонасининг кўнглини овлашга ҳаракат қилар, Вазиранинг гарчанд юз-кўзи кулиб турган бўлсада, хаёли бошқа ёқда эди…
Кечга яқин дугоналар Олмазор маҳалласига йўл олдилар. Зафар доктор уйида экан. Меҳмонларни кўриб, мижозми деб ўйлаб, ичкарига иш хонасига таклиф этди. Замира ўзини, дугонасини таништирди. Вазиранинг Тошкентдан, нуфузли газетадан эканлигини эшитиб, «мен ҳақимда бирор мақола ёзмоқчи бўлса керак» деган ўйга борди шекилли дарров чеҳраси очилиб, «опалар»ни меҳмонхонага бошлади. Хотини дамлаб келган чойдан қуйиб узатди.
– Зафар ака! Бизни маъзур тутгайсиз. Уйингизга бостириб келиб, тинчингизни буздик, – Вазира гап бошлади.
– Ҳечқиси йўқ. Меҳмон атои Худо, бош устига. Хижолат бўлишга ҳожат йўқ.
– Мен дўстингиз Аҳад Ботиров тўғрисида мақола ёзаётган эдим. У кишининг аламли тақдири ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмаслигини биласиз, – Вазира ёлғон гапираётганидан қулоғигача қизариб кетди.
– Сиз Аҳадни танирмидингиз?
– У кишини талабалик пайтларидан яхши билардим.
– Раҳматли жуда ҳам ажойиб, самимий ва меҳрибон инсон эди. Бетакрор жарроҳ, қўли енгил шифокор эди. Унинг бошига тушган кулфатни душманимга ҳам раво кўрмас эдим…
Зафар доктор қаттиқ «уф» тортиб, бир оз жимиб қолди.
– Зафар ака, сиздан илтимос, у киши ҳақида билганларингизни бизга гапириб берсангиз. Мен… мен… у кишининг Бекободда кечган ҳаётидан бехабарман…
– Аҳад институт йўлланмаси билан бизнинг шифохонага келган эди. Тез орада ўзининг билими, интилувчанлиги ва самимийлиги билан жамоа ўртасида ҳурмат-эътибор қозонди. Истеъдодли жарроҳ сифатида танилди. Икки йилда бўлим бошлиғи даражасига кўтарилди. Кўпчилик унга ҳавас қиларди. Ҳасад қиладиганлар ҳам йўқ эмасди. Кейинги йилларда унинг бош шифокор бўлиши ҳақида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Лекин Аҳад мансабга қизиқмасди. У туғма жарроҳ, Худо берган шифокор эди.
Доктор қўлидаги пиёладан ҳўплаб, гапида давом этди:
– Биз Аҳад билан жуда яқин дўст бўлиб қолдик. Оилавий борди-келди қилардик. Раҳматли хотини Нурхон гўзал, ориятли, ширинсухан жувон эди. Аҳаднинг турмуш ўртоғи билан муносабати ҳам ҳавас қилгудек эди. Узоқ йиллар фарзанд кўрмаганликлари сабабли улар болаларига нисбатан ўта меҳрибон ва айни пайтда қаттиққўл эдилар. Айниқса, Нурхон уларнинг тарбиясига катта аҳамият берарди.
Шундай оилага кўз тегди, чамамда. Аҳад кутилмаганда қамоққа олинди. Уни шифохонамизда ишлайдиган Озода исмли ҳамширани қасддан ўлдирганликда гумон қилишди. Тергов ва суд жараёнида мен бир неча марта Аҳад билан учрашдим. У ҳар гал бу жиноятни содир этмаганлигини, унга кимдир туҳмат уюштираётганлигини, Озодани ўлдиришда заррача айби йўқлигини, аксинча унга ёрдам бермоқчи бўлганлигини, гувоҳлар сотилганлигини такрорларди. Аммо тергов ҳам, суд ҳам Аҳадни шу мудҳиш жиноятни қилганликда айбли деб топди ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Кўпчилик ҳозиргача Аҳаднинг шу жиноятни содир этганлигига ишонишмайди. Мен ҳам шахсан бунга ишонмаган бўлардим. Лекин … нима дейсиз… бизнинг фикримиз кимга ҳам керак эди…
– Одамлар Ботировнинг бу жиноятни содир этганлигига ишонишмас экан, унда Озодани ким ўлдирган деб ҳисоблайдилар? – деди Вазира савол беришда давом этиб.
– Одамлар нима демайди! Бировни асоссиз айблаш гуноҳ бўлади… Энди бу гаплардан нима фойда? Аҳад жазосини ўтаб чиқди. Вафот этиб кетди. Хотини, бола-чақасидан, оиласи, жамоаси, ҳамма-ҳаммасидан – бору йўғидан жудо бўлди. Энди бу гапларни қўзғашдан нима наф?..
– Ўлимидан кейин бўлсада, дўстингизнинг муборак номи оқланса, руҳи шод бўлмайдими? – анчадан буён жим ўтирган Замира «тилга кирди».
– Оқланса қанийди… л-е-к-и-н… Орадан шунча вақт ўтган бўлса… кўп излар босилиб кетган бўлса… сизларнинг буни уддалашларингизга…
– Илтимос, бизга ишонинг! Сиз билганларингизни айтиб берсангиз бас. Сиздан бошқа ҳеч нарса талаб қилаётганимиз йўқ. Биз ҳаракат қиламиз. Уддаласак, нур устига – нур. Уддалай олмасак, сизнинг ҳам, бизнинг ҳам раҳматлининг олдида виждонимиз пок бўлади, – Вазира шундай таъсирчан гапирдики, доктор айтган гапларидан уялиб, ўзини ноқулай сезди:
– Узр синглим! Сиз шунчаки таниши бўла туриб, шунчалик жон куйдириб юрибсиз, мен яқин дўсти бўлиб…
– Зафар ака, менинг касбим журналист. Сўраб-суриштиришга, ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳаққим бор. Касбим мени шундай йўл тутишга мажбур қилади.
– Биласизми, ўшанда бу ишларнинг бошида бош шифокор Тошмурод Собировнинг қўли бор, деган узунқулоқ гаплар тарқаган эди. Аммо бу гапларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ҳеч ким билмайди. Эмишки, у ўрнини Ботиров эгаллаб олишидан чўчиб, шу ишларни уюштирган. Бошқа бировлар эса Тошмурод Озоданинг номусига текканлигини, қиз ҳомиладор бўлиб қолгач, ундан қутилиш учун қўлини қонга булғаганини, Ботировнинг кўнгилчан ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, ҳамма айбни унга тўнкаб, қаматиб юборганлигини, бир ўқ билан икки қуённи урганлигини, яъни бир йўла ўрнига кўз олайтираётган Ботировдан ҳам, бошига ғалва орттираётган Озодадан ҳам қутилиб қолганлигини гапиришади. Тўғри, булар кўчанинг миш-миш гаплари. Уларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлиги тўғрисида мен бирор фикр билдиришга ожизман. Бир томондан, аниқ далилларсиз бировни айблаш инсофдан эмас. Бошқа томондан, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, деган гаплар ҳам бор…
– Сиз бу гапларни кимлардан эшитгансиз?
– Элчилик экан. «Эл оғзига элак тутиб бўлмайди» дейдилар. Кимдан эшитганимни нима аҳамияти бор?
– Зафар ака, дўстингизнинг кейинги тақдири ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз, – Вазира мухбирларга хос савол ташлади.
– Суд Аҳадни ўн тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди. Орқасидан қамоқхонага уч-тўрт марта излаб бордим. Ҳар гал «емаган сомсамга ҳақ тўлаб ўтирибман» дея ҳазиллашарди. Юқори инстанцияларга шикоят берганлигини айтарди. Тез кунларда ҳақиқат қарор топиб, уни оқлашларига умиди катта эди. Дастлабки кунлардаги тушкунликдан асар ҳам қолмаган эди. Аммо қўққисдан берилган иккинчи зарба уни тамоман йиқитди, ақлу ҳушидан айирди… Ўша куни Нурхон икки ўғли билан Аҳадни кўриш учун қамоқхонага кетаётган бўлган. Кўргиликни қаранг! Улар ўтирган автомашина ҳалокатга учраб, дўстим бир кунда ҳам гулдай хотинидан, ҳам шириндан-шакар икки фарзандидан а-ж-р-а-л-и-б қолди…
Зафар ўпкаси тўлганидан бир оз жимиб қолди. Сўнг пиёладаги чойдан ҳўплаб, давом этди:
– Инсонни гулдан нозик, тошдан қаттиқ дейдилар. Ҳақиқатда тўғри экан. Аҳаднинг бошига тушган бу жудолик, бу кулфат аввалгисидан юз марта оғир эди. Инсон зоти бундай айрилиққа чидай олмаса керак, деб ўйлагандим. Аҳад чидади, ўлмади. Аммо у тирик мурдага айланган экан. Охирги умиди, сўнгги илинжидан айрилган инсон шу кўйга тушиб қолар экан. Мен кейин ҳам уни кўришга бордим. У девонасифат бўлиб қолган эди. Ҳеч ким билан кўришиш, гаплашиш истаги йўқ… Савол берсанг «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб берарди. Мен қўлимдан келганича дўстимнинг кўнглини кўтаришга, унинг куйиб кул бўлган юрагида яна умид учқунини пайдо қилишга ҳаракат қилдим. Қайда дейсиз! Бефойда. Мени эшитмади шекилли… Шундан сўнг мен ҳам ўз ташвишларим билан бўлиб унинг ортидан бора олмадим…
Орадан йиллар ўтди. Бир куни у уйга келиб қолди. Олдинги Аҳаддан асар ҳам қолмаганди. Сочлари оқарган, юзларини ажин босган. Қўллари қалтирайдиган бўлиб қолган. Мен дўстимни кўрганимдан хурсанд бўлдим. Уйга таклиф қилдим. Суҳбатлашиб ўтирдик. У Тошкентда ҳеч кими қолмаганлигини, шунинг учун Бекободда яшашга қарор қилганлигини айтди. Бир-икки кун бизникида яшаб турди. Кейин шу атрофдан ижарага уй топиб бердим. Ишга киришга ҳаракат қилди. Лекин қамалиб чиққан одамни ким ҳам ишга оларди. Мен таниш-билишларимни ишга солиб, «тез ёрдам»га навбатчи врач қилиб ишга жойлаштирдим. Бир сутка ишлаб, икки сутка дам оларди. Биз ҳар замонда бир учрашардик. У негадир мендан ҳам, бошқа танишлардан ҳам ўзини олиб қочиб юрарди. Ўзи ҳам кам кўринарди. Бир-икки марта турган уйига излаб бордим. Топа олмадим. Уйга чақирсам, ҳар нарсани баҳона қилиб, қутиларди. Соғлигидан шикоят қилмаса-да, лекин хасталиги кўриниб турарди. Мен даволанишни маслаҳат берсам, қулоқ солмасди. Шифохонада ётишни хуш кўрмасди. Бир марта мажбурлаб шифохонага олиб бордим. Тўлиқ текширувдан ўтказдим. Юраги заифлашиб қолган экан. Бундай шароитда фақат дори-дармон ва парҳез билан яшаб юрса бўлади. Бир талай дорилар харид қилдик. Менимча, Аҳад уларни ҳам ичмади. Унинг ҳаётга, яшашга иштиёқи сўнгандек эди…
Шўрлик адолатсизлик қурбони бўлди. Юраги азобу ситамларга дош бера олмади. Кечаси уйқуга ётиб, эрталаб уйғонмади. Бахтга қарши мурдаси ҳам ижарага олган уйида бир ҳафтача қолиб кетган. Кейин қўни-қўшнилар уйдан ёқимсиз ҳид чиқаётганлигини сезиб, милицияга хабар қилган…
Майитни бизникидан чиқардик. Қўлимдан келганча жанозасини ва бошқа маросимларини ўтказдим. Унинг шахсий ҳужжатлари ва айрим буюмларини милиция ходимлари сақлаш учун менга берди…
– Уларни бизга кўрсата оласизми? – деди Вазира қўлидаги қаламни стол устига қўя туриб.
– Юринглар, – Зафар меҳмонларни ичкари хонага бошлади.
– Мана ўша ҳужжатлар, – мезбон уй тўридаги шкафнинг юқори тортмасидан олган тугунчани узата туриб. – Мана бу ерда уйидан топилган буюмлар – иккита гиламча, ўнтача китоб, қўл соати, радио, соқол олиш машинкаси, иккита фотоальбом ва ҳ.к.
Вазира тугунчани очиб, Ботировнинг паспорти, дипломини кўздан кечирди. Ҳужжатлар орасидан бир дона сурат чиқди.
– Бу унинг ўғлими? – Вазира Зафарга юзланди.
– Ҳа, катта ўғли Жасурбек. Шу расм чўнтагидаги ҳужжатлари орасида экан. Менимча, раҳматли шу суратни қамоқхонада ҳам ўзи билан олиб юрган шекилли.
Вазира расмни ўгириб, орқа томонидаги ёзувга кўзи тушди: «1978 йил 8 март».
– Жасурбек 8 март куни туғилганми?
– Йўғ-э, у 1981 йил 1 январда туғилган, – Зафар «қани» деб Вазиранинг қўлидаги суратни олди. Ёзувга тикилиб, бир оз хаёлга толди, сўнг «у пайтда Жасурбек туғилмаган эди-ку! Балки буни кимдир адашиб ёки шунчаки ўйнаб ёзгандир-да!» деб қўя қолди.
Вазира бир чеккада тахлаб қўйилган китобларни қўлига олиб, варақлай бошлади. Беш-олтита детектив жанрдаги асарлар, Алишер Навоий, Бобир, Машраб ғазаллари, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи… Чоп этилган йиллари нисбатан янги, қамоқдан чиққандан кейин харид қилинган. Девонасифат бўлиб қолган инсон бундай асарларни мутолаа қилиши мумкинми? Нима учун детектив асарлар ўқиган? Ёки ўзи каби у ҳам бирор режани амалга ошириш учун бу китобларга мурожаат этдимикин?
Замира китоблар орасидан иккита альбомни суғириб олиб, улардан қалинроғини варақлай бошлади. Вазира ҳам унга қўшилди. Иккинчи бетда Ботировнинг хотини ва икки жажжи ўғиллари билан тушган расми ёпиштирилган эди.
– Қанақа бахтиёр оила бўлишган экан-а! Эсиз шундай оила-я! Кўз теккан эканда, – деди Замира расмдан нигоҳини узолмай.
– Одамнинг ҳеч ишонгиси келмайди. Шундай оила йўқ бўлиб кетганига. Қаранг, эру хотин узукка кўз қўйгандек экан-а, – деди Вазира ҳаяжонини босолмай.
– Болаларини айтмайсизми! Бунчалар ширин бўлмаса.
Қизлар шошилмасдан диққат билан ҳар иккала альбомдаги суратларни кўздан кечиришди. Расмларда бу оила аъзоларининг ёшлик йиллари, бахтиёр кечган дамлари акс эттирилган эди.
Вазира Ботировнинг ёлғиз тушган суратига разм солар экан:
– Кўринишидан меҳрибон, очиқкўнгил, хушчақчақ ва ҳалол одамга ўхшайди. Шу инсоннинг қўлидан шунақа ишлар келишига ишонгинг келмайди-я, – деди.
– Мен ҳам шуни айтаманда! Аҳаднинг қўлидан бундай разил ишлар келишига мен ҳам ишонмайман. Лекин тергов, суд дегандай… уларнинг фикрлари бошқача, далиллар ўжар бўлар эмиш, – Зафар қайсидир терговчидан эшитган иборани ёдга олди.
– Майли, Зафар ака! Энди бизга рухсат. Сиздан Ботиров ҳақида кўп маълумотларни олдик. Улар бизга мақолани тўлақонли ёритишимизда асқотади. Сизга яна бир марта раҳмат, – Вазира қўлидаги альбомни жойига қўйиб, аллақачон кетишга шайланиб турган дугонасининг орқасидан эргашди.
Зафар меҳмонларни дарвозагача кузатиб қўйди. Кетиш олдидан Вазира ҳар эҳтимолга қарши Ботиров ижарада яшаган уйнинг манзили ва уй эгасининг яшаш жо-йини ёзиб олди.
* * *
Меҳмонларни кузатиб, Зафар тўғри Ботировнинг анжомлари сақланаётган хонага йўл олди. Ҳужжатлар солинган тугунни очиб, ичидан Жасурбекнинг расмини топди. Расмнинг орқа томонини ўгириб, бояги ёзувга яна кўз югуртирди: Бу Аҳаднинг ёзуви. Нима сабабдан 1978 йил 8 март санаси қўйилган. Бу сананинг Жасурбекка нима алоқаси бор. Ёки Аҳад адашиб ёздимикин? Одатда, суратларнинг орқа томонига расмга тушган сана ёзиб қўйилади. Жасур 1981 йил 1 январда туғилгани аниқ. Суратга тушган пайтда Жасур тахминан уч ёшларда бўлса, демак, расм 1984 йил ишланган бўлади. Унда бу сана нимани англатади? Аҳад ўғлининг расми орқасига бўлар-бўлмас нарсани ёзиб ташлайдиган одам эмас эди. Буни нимадир мақсадда ёзган бўлса ажаб эмас. Нима бўлиши мумкин? Шунча кўриб, расмдаги бу санага аҳамият бермаган экан. Анави журналист қиз эътибор қаратмаганда, бунга сира ҳам аҳамият бермаган бўларди. Зийрак қизлар экан. Лекин бу сана, бу ёзувнинг орқасида бирор сир яширинганми? Ёхуд Аҳад бу билан бирор нарса демоқчими? 1978 йил 8 март, Халқаро хотин-қизлар куни. Тўхта, тўхта! Бу сана қандай қилиб ёдидан чиқиши мумкин! Ахир ўша куни улар онадан қайта туғилган эдилар-ку!..
Ўша куни байрам бўлганлигига қарамасдан, докторлар касалларидан хабар олиш учун ишга чиқишганди. Бош врач Аҳад билан уни чақириб, туманнинг чекка қишлоқларидан бирида оғир касални кўриб келишни топширган. Бир-икки соатда қайтиб келсак керак, деган хаёлда йигитлар беморнинг қариндоши бошқараётган машинада йўлга тушишади. Машина тоғ йўли бўйлаб узоқ юрди. Ниҳоят тушга яқин шифохонада ётиб даволанишни хоҳламаётган чолнинг уйига кириб боришди. Отахонга тегишли муолажалар қилиб, аҳволи яхшилангач, врачлар яна ўша машинада ортга қайтишди. Тор ва ўнқир-чўнқир йўлдан кетаётган «Жигули» тўсатдан бошқарувни йўқотиб, жарликка қулаб тушди. Барчалари бир муддат ҳушсиз ётишади. Ҳушларига келганда ҳар учаласи ҳам оғир тан жароҳати олганликлари боис юриш у ёқда турсин, машинадан чиқишга мажоллари етмайди. Машина жарликнинг тубига қулаганлиги сабабли онда-сонда ўтиб турган автоуловлардагилар ҳам дақиқа сайин ҳолсизланиб бораётган бу бечораларнинг овозини эшитмасди. Кеч тушиб борарди. Оқшом тушиши ҳар учала инсон учун ўлим билан баробар эди…
Кутилмаганда отараванинг ғижирлаган товуши эшитилади. Аравакаш пастдан, жарлик томондан келаётган одам овозини эшитиб, улар томонга юради. Шўрлик бир ўзи ҳар учала беморни елкасида кўтариб, тепаликка олиб чиқади ва уйига олиб боради. Учта инсоннинг ҳаётини сақлаб қолган бу инсоннинг ёши олтмишларда бўлсада, ёшига нисбатан анча бақувват ва дадил эди. Аҳад шу кунни ўзининг иккинчи туғилган куни деб биларди. Кейин ҳам то қамалиб кетгунига қадар Нурали бобо билан бориш-келиш қилиб турарди. У кишини ўз отасидай ҳурмат қиларди. Таътилга чиққан пайтларда хотини, болаларини олиб, уларникида уч-тўрт кун туриб келарди. Нурали бобо бефарзанд бўлганлиги боис, болаларни жуда яхши кўрарди. Бир йил муқаддам кампири ҳам бу ёруғ оламни тарк этгач, ёлғизликдан ўзини қўярга жой тополмай, сиқилиб юрарди. Шу боис, Аҳаднинг болаларини олиб, меҳмонга келиши ҳақиқий байрамга айланиб кетарди. Аҳаднинг қаршилигига қарамасдан, чол ҳар сафар меҳмонларнинг оёғи остига қўй сўйиб, зиёфат қилишни канда қилмасди. Бир-икки марта Зафарнинг ўзи ҳам шундай зиёфатларга шерик бўлганди.
Наҳот Аҳад шу воқеани назарда тутган бўлса?! Бу билан нима демоқчи? Умрининг охирги кунлари у билан учраша олмади. Балки бирор гапи, васияти бордир. Балки Нурали бобоникида ўзи ҳақида бирор маълумот қолдиргандир. Нима бўлганда ҳам ўша санани бекорга эсга олмаган бўлиши керак. Балки шунчаки… Нима сабабдан ўша «сир»ни шартта ўзига айтиб қўя қолмаган. Балки ўлимини билмагандир. Ҳар эҳтимолга қарши шу йўлни тутган бўлса керак. Ҳа, Аҳад жуда содда ва айни пайтда ақлли ва зукко инсон эди. Дарвоқе, жанозага Нурали бобо келганмиди? Келмаганди шекилли. Келса, албатта унинг ёдида қолган бўларди. Балки эшитмагандир. Эшитганда ҳеч бўлмаганда кейинроқ бўлсада келиб, таъзия изҳор этиб кетган бўлмасмиди? Балки эшитган бўлса ҳам қаерга боришни билмагандир. Балки бобо касалманд бўлиб, у ёқ- бу ёққа чиқишга ярамай қолгандир. Эҳтимол аллақачон бандаликни бажо келтиргандир. Ахир уни кўрмаганига ҳам анча йиллар бўлди-ку! Ҳе ўзида ҳам одамгарчилик камайиб кетаяпти-да! Қарияни бир йўқлаб қўйса бўларди. Аҳад унинг ўрнида бошқача йўл тутган бўларди…
Зафар шуларни ўйлаб, вақти бўлганда Нурали бободан бир хабар олиб келишга аҳд қилди. Бир йўла дўсти қолдирган «жумбоқ»қа ҳам жавоб топган бўларди…
Якшанба куни Зафар Нурали бобонинг қишлоғига йўл олди. Машина бир пайтлар уни ўлим чангалига ташлаган тоғ йўлларидан ўтиб, пешинга яқин қишлоққа кириб борди. Машинани таниш дарча олдида тўхтатиб, эшик қоқди. Ичкаридан садо чиқмагач, ёғоч эрганакни қия очиб, «Нурали бобо… Нурали бобо!» деб бақирди.
– Келинг, меҳмон! – орқа томондан овоз эшитилди.
– А-сс-алому алайкум! Мен Нурали бобони йўқлаб…
– Эй, хабарлари йўқмиди? Нурали бобони Оллоҳ раҳматларига олганига анча бўлиб қолганди-я!
– Қ-а-ч-о-н? – Зафарнинг овози бўғзига тиқилди.
– Бир йилча бўлиб қолди. Қани меҳмон, ичкарига марҳамат. Мен у кишининг қўшниси бўламан. Раҳматли тилло инсон эдилар-да! Кампиридан кейин дардманд бўлиб қолди, шўрлик бобой. Худо уларни фарзанддан қисган экан. Орқасида ҳеч кими қолмади. Ўзларини танимай турибман.
– Мен у кишининг танишлариман. Бир пайтлар бизга ҳам бобонинг мурувватлари теккан эди. Анча пайтдан буён шаҳарга тушмай қўйганларидан хавотирланиб, кўриб ўтмоқчи эдим. Буни қаранг, насиб этмаган экан.
Қўшни айвондаги омонатгина столга меҳмонни жойлаштириб, ўзи зинага ўтирди. Билганича Қуръон тиловат қилди.
– Меҳмон, шунча йўлдан келибсиз, юринг бизникига кирайлик, бир пиёла чой ичиб кетинг, – деди қўшни қишлоқ одамларига хос самимийлик билан. – Бахтга қарши Салай табиб ҳам бир юмуш билан чиққан экан.
– Салай табиб деганингиз Нурали бобонинг бирон-бир қариндошими?
– Йўқ, уйнинг ҳозирги соҳибини айтаяпман. Раҳматли Нурали бобонинг яқинроқ қариндоши йўқ эди. Шунинг учун…
– Ака, сизга катта раҳмат! Энди мен борай, – деди Зафар ҳамсуҳбатининг гапини бўлиб.
– Майли, майли. Бир пиёла чой-а…
– Узр, бошқа сафар, – Зафар шаҳарликларга хос қўрслик билан машинаси томон шошди.
– Йўлингиз бехатар бўлсин, яхши етиб боринг, – қўшни дуога қўл очди.
Зафар ортга қайтар экан, бир томондан Нурали бобонинг вафот этиб кетганидан афсусланса, бошқа томондан ўша Салай табиб деганлари билан учраша олмаганидан кўнгли хижил бўлди. Бир оз кутса бўлармиди? Балки Нурали бобо ўша «сирли нарса»ни уйда қолдиргандир. Балки бобо ўлимидан олдин табибга тайинлаб кетгандир. Қаерга кетганлигини ҳам суриштирмапти-я! «Уйнинг янги соҳиби» деди-ку! Балки Табиб уйни бобо дунёдан ўтгандан сўнг сотиб олгандир…
* * *
Ботиров бир пайтлар ижарада турган уйнинг соҳибини қизлар қийналмасдан топишди. Етмишларни қоралаб қолган Саша амаки меҳмонларнинг газетадан келганлигини эшитиб, суюниб кетди:
– Вой айланайлар, мен ҳақимда мақола ёзмоқчимисизлар-а?
– Сиз ҳақингизда ҳам насиб қилса ёзамиз. Ҳозир бизни сизникида ижарада турган Аҳад Ботиров қизиқтирмоқда. У ҳақида билганларингизни гапириб берсангиз, – Вазира гапни калтароқ қилиш учун муддаога ўта қолди.
– Эҳ, бечора бола-я! Яхши йигит эди. Ижара ҳақини олдиндан бериб қўярди. Қанча турган бўлса, бирор ёмонлигини сезмадим. Ҳамма билан яхши эди. Лекин ичида дарди бор эди бояқишнинг!
– Сизга ҳаёти, ўтмиши ёки режалари тўғрисида гапирганмиди? – деди Замира.
– Ҳаёти тўғрисида ҳеч нарса демаган. Ҳаммасини ичига ютарди. Бир-икки марта тўғри келганда, «нега доимо бунақа хомуш, ҳаётдан хафа бўлиб юрасиз, нима дардингиз бор, айтинг, одам тафтини одам кўтаради» десам, «агар дардимни тошга айтсам, тошлар ёрилиб кетса керак! Қўйинг, отахон мен гапирмай, сиз эшитманг» деганди. Ҳа, яна «бу дунёда ягона илинжим қолган» дегани ёдимда. Бечоранинг ҳеч кими йўқ эди. Анча пайт иш излаб сарсон бўлди. Кейин Зафар дўхтирнинг кўмаги билан ишга жойлашди. Айни саратон кунлари эди чамамда. Кечаси юраги тўхтаб қолган шекилли. Уч-тўрт кун шу тахлит қолиб кетган. Ҳар доим бориб юрадиган менгина қурғур ҳам бу сафар ўз ташвишларим билан бўлиб қолибман. Яхшиямки, қўни-қўшнилар қўланса ҳидни сезишиб, милицияга хабар қилишибди…
– Отахон, Аҳад ака кимлар билан борди-келди қиларди? – Вазира гапни бошқа томонга бурди.
– Деярли ҳеч ким билан унақа яқин бўлганлигини билмайман. Зафар дўхтир билан учрашиб турганидан хабардорман. Бошқа… бирорта инсон билан ош-қатиқ бўлганини эшитмаганман. Қўшнилар билан ҳам салом-аликдан нарига ўтмаган.
– Аёллар билан муносабати қанақа эди? Бирортаси билан учрашиб…
– Қайда дейсиз. Дардманд одамнинг кўзига аёл кўринармиди? Фақат маҳалламиздаги поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайдиган Гулмирахон билан бир-икки гаплашиб туришганини кўрганман. Балки дори-дармон олиб келгандир…
– Гулмирахоннинг уйини бизга кўрсата оласизми?
– Шу кўчанинг охиридаги чапдан иккинчи уй. Бечора икки боласи билан бева қолган эди. Бир амаллаб етимларини катта қилмоқда.
– Сизга раҳмат! Саломат бўлинг! – Вазира отахон кўрсатган томонга юра бошлади. Замира ҳам чол билан хайрлашиб, беихтиёр дугонасига эргашди.
Гулмирахон нотаниш меҳмонларни совуққина қарши олди. Уларнинг газетадан эканлигини эшитиб, «адашишган» деган хаёлга борди. Шундай бўлсада, меҳмонларни ичкарига таклиф қилди. Вазира шошаётганлиги боис мезбонни сўроққа тута кетди:
– Гулмирахон, Аҳад Ботировни танирмидингиз?
– Қайси А-а-ҳад Б-о-о-о-тиров? – Гулмира негадир дудуқланиб, шошиб қолди.
– Саша отаникида ижарада турган киши-да!
– Ҳа, ҳа танийман. Раҳматлини илтимосига кўра бир-икки марта укол қилишга чиққан эдим. Анча касалманд эди. Нимайди, тинчликми?
– Тинчлик, тинчлик. Биз у киши ҳақида мақола ёзаётган эдик, – Вазира мезбонни хотиржам қилди.
– Шунақа денг! – Гулмира ҳаяжонини сездирмаслик учун қўшиб қўйди. – Мен бирор кор-ҳол бўлдимикин деб қўрқиб кетибман.
– У киши туғрисида билганларингизни гапириб берсангиз, – Вазира сумкасидан қоғоз-қалам чиқариб, мезбонга тикилди.
– Айтишига қараганда у киши ноҳақ қамалган. Қамоқда жазони ўтаб юрган кезларида хотини ва икки фарзанди автоҳалокат натижасида оламдан ўтган. Шундай ширин оила бир ноҳақлик қурбонига айланган экан. У гапириб берганда йиғлаб-йиғлаб эшитган эдим. Бечорага роса раҳмим келганди…
– У сизга ўзининг кейинги режалари ҳақида гапирганмиди?
– Қанақа режа? У ҳаётдан батамом умид узганди. Яна билмадим… Ҳар ҳолда менга бу ҳақда гапирмаганди, – Гулмира Вазиранинг нигоҳига дош беролмай, кўзини олиб қочди.
– Гулмирахон, яхшилаб эслаб кўринг, бу жуда муҳим. Сизга яна бирор нима деганмиди? – деди Замира мезбоннинг нимадандир безовталигини фаҳмлаб.
– Бошқа ҳеч нарса демаган, – деди Гулмира кўзини ердан узмай.
– Яхши, агарда бирор нарса ёдингизга тушса, мана бу телефон рақамим. Қўнғироқ қиларсиз, – Вазира бу аёлдан бошқа бирор маълумот олишига кўзи етмай кетишга тараддудланди.
Гулмира истар-истамас Вазира узатган бир парча қоғозни чўнтагига солди ва меҳмонларни эшиккача кузатиб қўйди.
Вазира ҳам, Замира ҳам ўз хаёллари билан бўлиб, анча йўлгача жим кетишди.
– Шу аёлнинг ўзини тутиши менга ёқмади. Биздан ниманидир яширди-ёв, – Замира ичидагини сиртига чиқарди.
– Ҳа, у ўзини ғалати тутди. Ботиров номини эшитиши билан негадир сесканиб кетди.
– Кейин мақола ёзишимизни эшитиб, ўзини сал босиб олди. Унинг ниманидир биздан яшираётгани аниқ.
– Нимани биздан сир тутаётган бўлиши мумкин? Мабодо Ботиров Баҳром акани ўғрилаш учун одам ёллашда ундан фойдаланганмикин? – Замира чиқарган хулосасидан кўнгли тўлиб, дугонасига қаради. – Эрингга юборилган анави хат билан Гулмиранинг ёзувини бир солиштириб кўриш керак. Чиқмаган жондан умид. Балки бирор натижа чиқиб қолар.
– Гапингизда жон бор, ўртоқ, жон бор! Шерлок Холмс бўлиб кетинг-э! – Вазира мамнун жилмайди.
– Эртага унинг ишхонасига бориб, ишга кириш тўғрисида ёзган аризасидан олиб, бояги хат билан солиштирсак бўлади, – Замира дугонасига фойдаси тегаётганидан хурсанд эди.
– Тўғри, лекин буни хатшунослик экспертизасисиз аниқлаб бўлмайди.
– Жуда яхши. Менинг шаҳар ички ишлар бўлимида эксперт бўлиб ишлайдиган бир танишим бор. Ундан илтимос қиламиз, яхши йигит, мен айтсам йўқ демайди, – Замира «бу ёғини менга қўйиб беравер» дегандай дугонасига кўз қисиб қўйди…
Эртаси куни қизлар Гулмира ишлайдиган поликлиникани топиб, ходимлар бўлимидан унинг қўлда ёзилган аризасини олишга муваффақ бўлдилар.
– Ия, дугонажон қаранг, ҳар иккала ёзув бир-бирига ўхшаб кетаяпти-ку, – Замира кўчага чиқар-чиқмас икки парча қоғоздаги ёзувларни солиштира кетди.
– Чиндан ҳам ўхшаб кетар экан. Лекин аёл кишиларнинг ёзувлари ўхшаш бўлади. Экспертизасиз аниқ фикрга келиб бўлмайди.
– Экспертизасиз ҳам ҳамма нарса ойдин-ку. Бу иккала хатни бир киши ёзгани кундай равшан-ку! – Замира дугонасига эътироз билдирди.
– Барибир аниқ хулосага келишимиз учун экспертиза керак.
– Кетдик, экспертиза бўлса, экспертиза-да!
Шаҳар ички ишлар бўлимига етганда Замира дугонасига «Сиз шу ерда кутиб туринг, мен ҳозир» дея ҳар иккала хатни сумкасига солиб, ичкарига кириб кетди. Ярим соат ўтар-ўтмас мамнун ҳолда чиқиб келди:
– Ҳаммаси яхши, дугона. Бир амаллаб кўндирдим. Эртага қилиб беришадиган бўлишди, кетдик.
– Раҳмат, ўртоқжон. Сизсиз бегона шаҳарда нима қилган бўлардим, – Вазира дугонасининг билагидан тутди.
То уйга боргунча Замира нималарнидир гапириб кетди. Аммо Вазира унинг гапларини эшитмас, гарчанд дугонасининг сўзларини «ҳа» ёки «йўқ» деб маъқуллаб келаётган бўлсада, ўз хаёллари билан банд эди: «Наҳотки шу хатни Гулмирахон ёзган бўлса! Мабодо экспертиза эртага бу ҳолатни тасдиқласа, бу нимани англатади? Ботировнинг Баҳром акамни ўғирланишига дахлдорлигини, Гулмиранинг эса Ботировга кўмакчи бўлганлигини англатмайдими? Наҳотки икки боланинг онаси шундай разилликка қўл урган бўлса! Ҳаммасига шу пул қурғур сабабчи. Ночорлик инсонни ҳар кўйга солади, иймондан айиради. Уч-тўрт сўм пул топиб олиш илинжида шу йўлга кирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо Ботиров бу ишни кимга топширган бўлиши мумкин? Баҳром акам йўқолган пайтда у бу ёруғ оламда бўлмаган. Унда бундай оғир ишни кимга топширган? Кимни бундай оғир жиноятни амалга оширишга ёллаган бўлиши мумкин? Шу Гулмира кўп гапни билади. Саша амакининг гапига қараганда Ботировнинг бошқа яқин одами бўлмаган. Унинг Гулмирахон билан муносабатини одамлар сезибдики, демак, ораларида қандайдир ришта бўлган. Шу аёл «тилга кирсайди». Кўп нарсани ойдинлаштирса бўларди… Нима бўлганда ҳам уринишлари бекорга кетмаяпти-ку!..»
Эртаси куни келишилган пайтда яна ички ишлар бўлимига боришди. Замира ўтган галгидек дугонасини ёлғиз қолдириб, ўзи чопқиллаб ичкарига кириб кетди. Орадан бир соатдан ортиқроқ вақт ўтган бўлсада, дугонасидан дарак бўлмагач, Вазиранинг диққати орта бошлади: «Иши битмади, шекилли. Ёки ҳали хулоса тайёр эмасмикин? Бир-икки сўм «қистириш» керакмиди! Йўғ-э, Замира яхши танишим, раъйимни қайтармайди деганди-ку. Қилиб берар. Экспертиза ўтказишни ҳам ўзи бўлмайди-ку!..
Шу пайт ичкаридан кулимсираб Замирахон чиқиб келди:
– Кетдик, дугонажон.
– Бўрими, тулкими?
– Бўри, бўри! Кетдик нарироқ борайлик.
Вазира жимгина дугонасига эргашди. Кўчанинг нарига томонига ўтгач, Замира сумкасидан икки варақ қоғоз чиқарди. Тўхтаб, қоғознинг охиридаги жумлаларни ўқий бошлади:
– «Эспертизага тақдим этилган ҳар икки ҳужжатдаги ёзув битта шахс томонидан бажарилган». Кўрдингизми, хатни Гулмира ёзган экан…
– Демак, у Баҳром акам билан учрашган. Унинг қаердалигини ҳам билади. Уникига боришимиз керак, – Вазира беихтиёр жойидан қўзғалди.
– Дугонажон, шошмайлик. Энди қандай йўл тутишимизни ўйлаб олайлик. Ақл билан иш тутмасак, бу ишга дахлдор кишиларни чўчитиб қўямиз. Уйга борайлик, ўтириб маслаҳатлашайлик. Кенгашли тўй тарқамас.
– Раҳмат, дугонажон. Сиз мен билган аёллар ичида энг доносисиз, – Вазира дугонасини рағбатлантирган бўлди.
– Қўйсангиз-чи. Мен ўзим бу ишга қандайдир қизиқиб кетдим. Ёшлигимда детектив асарларни кўп ўқиганлигим боис, ҳуқуқшуносликка ўқишга кирмоқчи бўлдим. Ота-онам «бу қиз боланинг иши эмас» деб унашмади, – деди Замира дугонасининг мақтовидан ғурурланиб.
– Қўйинг, шу ҳуқуқшуносликни, ўзингизнинг касбингиз яхши. Одамларни даволайсиз, раҳмат оласиз. Ҳеч кимни қамамайсиз. Қарғишга қолмайсиз.
– Бу бир ёшликнинг орзуси бўлганда. Ота-онам ўшанда тўғри йўл кўрсатишган экан. Ҳозир ўз касбимни севаман. Ишим билан фахрланаман.
– Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин. Касби-корингизга кўз тегмасин, – Вазира дугонасига қандай миннатдорчилик билдиришни билмай, ундан илиқ сўзларини аямасди.
– Раҳмат, дугонажон. Сизнинг ҳам мушкулларингиз кушод бўлсин. Баҳром ака эсон-омон бағрингизга қайтсин.
Дугонасининг билагидан тутиб кетаётган Вазиранинг кўзларида ёш милтиради…
Уйига келгач, Замира чаққанлик билан егулик тайёрлашга киришиб кетди.
Вазира диванга ёнбошлаб, телевизор кўриб ўтираркан, хаёли яна Гулмирага кетди: «Ўша куни бекорга сесканиб кетмаган экан-да! Ўзини ҳар қанча сипо тутмасин, кўзларида қандайдир қўрқув, ваҳима борлигини сезиш қийин эмасди. Қандай қилиб у Баҳром акамга хат ёзиши мумкин. Бекободлик оддий бир ҳамшира аёлнинг Тошкентда прокуратурада масъул лавозимда ишлайдиган кишига қандай юмуши бўлиши мумкин. Ёки бу хат шунчаки терговни чалғитиш учун ташкиллаштирилганмикин? Унда Гулмира нега талвасага тушиб қолди? У нимадан бунчалик чўчиб кетди? Унинг ҳаммасидан хабари бўлиши керак! Йўқса, бунчалик ҳаяжонга тушмаган бўларди? Энди нима қилиш лозим? Ишни нимадан бошлаш даркор?»
Замира бир зумда дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлади. Биргаликда тушлик қилишди. Таомдан сўнг Замира аччиқ кўк чой дамлаб келди. Гарчи ҳар иккала дугонанинг миясида «Энди нима қилиш керак?» деган савол айланаётган бўлсада, ҳеч бири гапни биринчи бошлашга журъат қилолмай турарди.
– Хўш, дугонажон! Энди нима қиламиз? Қўлимизда яхшигина, юристлар тили билан айтганда «далил» ҳам пайдо бўлди. У бизга нима беради? Ундан ўринли фойдалана оламизми? – Ниҳоят Замира гап бошлашга ўзида куч топди.
– Мен ҳам шуни ўйлаб турибман. Келинг, бир бошидан таҳлил қилайлик. Экспертиза хулосаси бизга нима беради? Биринчидан, у Баҳром акамга ёзилган мактубни айнан Гулмира ёзганлигини тасдиқлайди. Иккинчидан, Гулмира Аҳад Ботиров билан яқин муносабатда бўлган ва унинг режаларини амалга оширишда кўмаклашганлигини кўрсатади. Учинчидан, Гулмира Баҳром акамни ҳам таниганлигини англатади.
– Демак, Гулмирани яхшилаб сиқувга олишимиз керак.
– У ҳозир ҳеч нарсани тан олмаслиги мумкин.
– Хатни кўрсатсак, экспертиза хулосасини олдига ташласак, тан олмай қаерга боради?
– Агар у ҳақиқатдан Баҳром акамнинг йўқолишига сабабчилардан бири бўлса, тан олмайди. Бу ишга алоқаси бўлмаса, тан олиб, хатни қайси мақсадда ёзганини бизга айтиши мумкин. Нима бўлганда ҳам уни чўчитиб юбормаслигимиз лозим. Акс ҳолда у қочиб қолиши мумкин.
– Икки боласи билан қаёққа ҳам қочарди. Уй-жойини ташлаб, кета олармиди?
– Ҳар нарса бўлиши мумкин. Агар у чиндан ҳам шу жиноятга дахлдор бўлса, қочиб қолиши турган гап. Шериклари уни қочиришга ёки йўқ қилишга ҳаракат қилиши эҳтимолдан холи эмас. Унинг сири ошкор бўладиган бўлса, шериклари тинч турмаслиги аниқ. Тўғри, Гулмира болаларини ташлаб, қочишга унамаслиги мумкин. Бундай ҳолатда уларнинг аёлни баҳридан ўтишдан бошқа чоралари қолмайди. Хайрият, биз ўзимизни газетадан деб таништирдик. Агарда Гулмира бизнинг борганимизни, Ботиров билан қизиққанимизни шерикларига айтган бўлса, улар бизни ҳам кузатишлари мумкин. Эҳтиёт бўлишимиз лозим.
– Масаланинг бу томонларига эътибор қилмаган эканман. Барибир прокурорнинг хотинисизда, прокурорларча мушоҳада юритасиз-а!
– Ҳаёт инсонни чуқурроқ фикр юритишга, етти ўлчаб, бир кесишга, қатиқни ҳам «ҳўп»лаб ичишга мажбур қилар экан.
– Унда энди қандай йўл тутамиз?
– Фахриддин Каримович билан маслаҳатлашишимиз зарур. Менимча, шундай қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна қош қўяман деб, кўз чиқариб ўтирмайлик. Дугонажон, мен Тошкентга боришим шарт. Сиз ўз ишингизни қила туринг. Мен Фахриддин билан учрашиб, тезда қайтаман, – Вазира ўрнидан сапчиб туриб, кетишга тайёрланди.
– Мен сизни бекатгача кузатиб қўяман, – Замира дугонасига эргашди.
– Қилган ишларимиз, қўлга киритган далилларимиз ҳақида ҳозирча ҳеч кимга айтманг, – тайинлади Вазира автобусга чиқиш олдидан.
– Кўнглингиз хотиржам бўлсин. Яхши бориб келинг, болаларга кўпдан-кўп салом айтинг, – деди Замира автобусга чиқиб кетаётган дугонасига.
* * *
Вазиранинг қўнғироғидан сўнг Фахриддин ўйланиб қолди: Бу тинчимас опа, яна нималарни бошлади экан? Бирор нарса топа олдимикин? Гапиришидан қандайдир муҳим хабари борга ўхшайди. Бирорта далилга эга бўлдимикин? Наҳотки уддалаган! Бечора шунча йил ўтган бўлсада, эрининг тириклигига ишонади. Балки шу умид унга куч бераётгандир. Балки шу ишонч унга қаноат бахш этаётгандир. «Мана-ман» деган идоралар уддалай олмаган ишни аёл бошим билан мен қандай эплай олишим мумкин», деб бошқалар қатори хотиржам ўтириши мумкин эди. Муҳаббатнинг қудратини қаранг! Одамни ўтга ҳам, сувга ҳам уришга мажбур этаркан…
Шу пайт эшик тақиллаб, котиба Вазирани бошлаб кирди:
– Ассалому алайкум. Фахриддинжон яхшимисиз, келиним, жиянларим омонмилар?
– Раҳмат, опа! Худога шукр. Ўзларингиз яхшими? Укаларим катта бўлишаяптими?
– Ҳаммалари яхши, укажон. Мен айрим масалалар хусусида сизнинг маслаҳатингизни олмоқчи эдим, – деди Вазира стулга ўтираркан.
– Марҳамат опа. Сизга ёрдамим тегса хурсанд бўлардим, – Фахриддин чой қуйиб узатди.
Вазира шошмасдан кейинги бир ой давомида қилишга улгурган ишлари ҳақида гапира кетди.
– Саша аканинг гапларига қараганда Ботиров умрининг сўнгги дамларида Гулмира деган ҳамшира аёл билан тез-тез учрашиб турган экан. Шунга асосан биз, дугонам Замира билан Гулмираникига ҳам бордик. Биринчи кўришдаёқ мен ҳам, дугонам ҳам бу аёлнинг ўзини бошқача тутаётганини сездик. «Унда бир гап бор!» деган хаёлга бордик.
Вазира сумкасидан бир тўда ҳужжатларни чиқариб, терговчига узатди.
– Қойил, изқувар бўлиб кетинг-э! – Фахриддин шоша-пиша ҳужжатларга кўз югуртирди. Қоғозларни охиригача ўқиб чиқиб:
– Бу сенсация-ку! Ахир жиноятни деярли очиб қўйибсиз-ку, – деб юборганини сезмай қолди.
– Аммо бу ёғига нима қилишни билмай, бошим қотиб қолди. Шунга сиз билан маслаҳатлашиш ниятида…
– Бу ёғи осон кетади. Энди бизга қўйиб беринг, сиз ўз ишингизни бажардингиз. Ўша пайтда Москва бу ишга аралашиб, тўхтатиб қўймаганда, биз тўғри йўлдан кетаётган эдик. Энди Москва йўқ. Оллоҳга шукр, мустақилликка эришдик, – Фахриддин ҳужжатларни бир жилдга солиб, ўрнидан қўзғалди. – Юринг, бирга Тоҳир Ғофуровичнинг олдига кириб чиқайлик.
– Мен ҳамми? – Вазира ўнғайсизланди.
– Кетдик, тортинманг. У кишига ҳаммасини ўзингиз тушунтириб берасиз.
Вазира беихтиёр терговчига эргашди.
Тоҳир Ғофурович Вазирани диққат билан эшитди. Ҳужжатларни қайта-қайта ўқиб чиқди. Сўнг қоғоздан бошини кўтариб, Вазирага деди:
– Бир ўзингиз ҳамма ишни бажариб қўйибсиз-ку! Офарин! Аммо Вазирахон ҳаётингизни, фарзандларингизни хавф-хатарга қўйишга ҳаққингиз йўқ эди. Ахир сизнинг бу суриштирувларингиздан жиноятчиларнинг хабари йўқ деб ўйлайсизми? Улар учун бир-икки инсонни йўқ қилиш ҳеч гап эмас. Улар аллақачон сизнинг изингизга тушган бўлиши мумкин. Хайрият, вақтида бизга келибсиз.
– Мен мақола ёзиш баҳонасида маълумотларни тўпладим, – Вазира ўзини оқлашга тушди.
– Тушунаман, Лекин улар бу масала билан ким қизиқса, йўқ қилишга ҳаракат қилишади. Аммо қилган ишларингизга тан бермасдан иложим йўқ. Офарин! Аёл бошингиз билан ҳаётингизни хатарга қўйиб бўлса-да, шунча нарсани аниқлабсиз, қойил қолиш керак. Муҳими калаванинг учини топган кўринасиз. Энди қолганини бизнинг йигитларга қўйиб берасиз, – Тоҳир Ғофурович Фахриддинга ишора қилиб. – Фахриддинжон, гарчи қўлингизда иш кўп бўлсада, гуруҳга яна ўзингиз раҳбарлик қиласиз. Энг яхши тергов-тезкор ходимларни ихтиёрингизга берамиз. Зудлик билан жиноят ишини топиб, ишни ҳаракатдан тугатиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва иш юритувингизга олиш тўғрисида қарор тайёрланг. Бугуноқ беш-олтита ходимларни олиб, Бекободга жўнашингиз лозим. Биринчи навбатда Замирахон ва унинг оиласи хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўринг. Бир пайтда Гулмира билан батафсил ишлаш керак. У Ботиров бу жиноятни қилишга кимни ёллаганини билиши табиий.
– Тоҳир ака, рухсат этсангиз мен ҳам улар билан бирга Бекободга борсам. Нафим тегармиди? – деди Вазира илтижоли оҳангда.
– Яхши, Фахриддин Каримович Вазирахонни ҳам бирга олиб кетинглар. Фойдаси тегиши мумкин.
– Тушунарли.
– Фақат Вазирахон, энди ҳеч қандай ўзбошимчалик қилмасликка ваъда берасиз, – деди Тоҳир Ғофурович кулимсираб.
Вазира «хўп» дегандай бош чайқади.
– Вазирахон, сиз қабулхонада бир оз кутиб туринг, Фахриддин Каримович ҳозир чиқади, – прокурор ўринбосари жойидан қўзғалди.
Вазира хайрлашиб, хонадан чиқди.
Тоҳир Ғофурович телефонда Бош прокурор қабулхонаси билан гаплашиб, Фахриддинга юзланди:
– Мен ҳозир бу ҳақда прокурорга ахборот бераман. Сиз биринчи галда Вазирахон ва унинг болалари хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўринг. Эҳтиёт бўлиш лозим. Ботиров оламдан ўтган бўлсада, унинг ёлланма қотиллари Вазиранинг ортидан тушган бўлиши мумкин. Ўзларига сездирмасдан Гулмиранинг уйи атрофини қўриқлашни ташкил этиш зарур. Чунки жиноятчилар ё уни қочириб юбориши ёки ортиқча гувоҳ сифатида йўқ қилишлари мумкин. Ёдингиздан чиқмасин, Гулмира бизни жиноятчиларга олиб чиқиши мумкин бўлган ягона гувоҳ. Уни йўқотиб қўймаслигимиз даркор. Сизда ишни ташкиллаштириш учун икки соат мухлат бор. Сўнг кунни кеч қилмасдан Бекободга чиқиб кетишларингиз лозим. Ҳа дарвоқе, Гулмиранинг ёзуви бўйича зудлик билан қайтадан хатшунослик экспертизаси ўтказиш ёдингиздан чиқмасин.
– Тушунарли, – Фахриддин кетишга изн сўраб, хонасига шошилди…
* * *
Фахриддин бир неча терговчилари билан Бекободга етиб келганда улардан чамаси бир соат олдин чиқиб кетган тезкор ходимлар Гулмира Бобоевани аллақачон шаҳар прокуратурасига олиб келишган эди. Гуруҳ раҳбари терговчилардан бирининг хонасига жойлашиб, гувоҳни олиб келишга буйруқ берди. Зум ўтмай хонага ўттиз беш ёшлардаги бинойидек кийинган, бўйи-басти келишган, қоп-қора сочлари товонига тушган, юзлари тиниқ дилбаргина аёлни бошлаб киришди.
Фахриддин ўрнидан туриб, аёлга жой кўрсатди. Унга бошдан-оёқ разм солар экан, хаёлидан «Наҳотки шундай лобар аёлнинг қўлидан шунақа қабиҳлик келган бўлса!» деган фикр ўтди. Ўзини тутишидан аёлнинг қўрқиб кетганлигини англаш қийин эмасди. Терговчи унинг ҳаяжонини босиш учун бир пиёла чой узатиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Ишлари, турмуши, ота-онаси, болалари ҳақида суриштирди. Сўнг мақсадга кўчди:
– Гулмирахон, сиз Баҳром Сафаровни танирмидингиз?
– Й-ў-қ! Ким эди у?
– Муқаддам Бекободда прокуратурада ишлаган Баҳром Сафарович!
– Йўқ, эслай олмадим.
– Гулмирахон, мен сизга ёрдам қилмоқчиман. Фақат сиз тўғрисини гапиришингиз лозим. Агарда ёлғон сўзлаб, бизни чалғитишга ҳаракат қилсангиз, унда менинг ҳам қўлимдан ҳеч нарса келмай қолади. Сиз оғир жиноятни содир этишда айбланишингиз мумкин. Сизнинг Баҳром Сафаровични танишингиз бизга аён. Илтимос, тўғрисини гапиринг.
Гулмира бошини ерга эгганча бир фурсат жим қолди.
Терговчи аёлнинг ўйланиб қолганлигини кўриб, ҳужумни давом эттирди:
– Ёдингизда бўлсин, фақат рост гапгина сизни қутқариб қолиши мумкин. У билан қачон, қаерда танишгансиз?
– Йўқ, мен унақа одамни танимайман! – деди Гулмира ниҳоят бошини ердан кўтариб.
Фахриддин ёнидаги жиноят ишини очиб, Гулмиранинг ёнига сурди:
– Унда бу мактубни унга ким ёзган?
Гулмира бўй чўзиб қоғозга қаради. Хатни ичида ўқиб, ёнида «хўш» деб турган терговчига эшитилар-эшитилмас «билмадим» деб қўя қолди.
– Демак, бу хатни сиз ёзмагансиз-а! Шундайми?
– М-е-е-н ё-ё-змаганман!
Фахриддин бошқа папкадан яна бир қоғоз чиқариб, Гулмиранинг олдига ташлади:
– Мана бу ҳужжат хатшунослик экспертизаси хулосаси. Унда бу ёзув сизга, ҳа-ҳа шахсан сизга тегишли эканлиги қайд этилган! Бунга нима дейсиз!
Гулмира қоғозга бир кўз югуртириб, нигоҳини яна ерга қадади. Бир оз ўйланиб туриб оҳиста гап бошлади:
– Мен тиббиёт билим юртида ўқиб юрган пайтимда ички ишлар бўлимида ишлайдиган бир йигит билан танишиб қолдим…
– Хўш?
– Бир-икки марта учрашдик. Йигит «сенга уйланаман» деб мени ишонтирди. Мен соддалик қилиб, унга… Аммо у номард чиқди. Ҳомиладор бўлганлигимни эшитиб, мендан қоча бошлади. Кейин билсам, унинг қишлоғида унаштирилган «қизи» бор экан. Мен аросатда қолдим. Ўйлай-ўйлай болани олдиришга қарор қилдим. Шифохонага бордик. Докторлар биринчи болани аборт қилдириш хавфли эканлигини, бошқа фарзандли бўлолмай қолишим мумкинлигини тушунтиришди. Мен оналик бахтидан маҳрум бўлиб қолишни ўйлаб, болани олдиришга рози бўлмадим. Бахтиёр эса мени ташлаб кетди. Вақт ўтган сайин вужудимдаги бола ўзини борлигини кўрсата бошлади. Эрга чиқмасдан бола туғиш ўлимдан оғир эди. Айниқса, қишлоқ шароитида ота-она учун, яқинларинг учун бундан ортиқ иснод бўлмаса керак. Бахтиёрнинг ортидан кўп бор излаб бордим. Унга боласидан, мендан воз кечмаслигини, иккинчи хотин қилиб бўлсада уйланишини илтимос қилдим, ялиниб, ёлвордим. У ҳар хил баҳоналарни пеш қилиб, мени қувиб, ҳайдади. Менинг олдимда ягона йўл – ўзимни ўлдириш қолган эди. Бир куни ётоқхонада қизлар ўқишга кетгач, олдиндан тайёрлаб қўйган уйқу доридан бир йўла икки ўрамини ичдим… Аммо ажалим етмаган экан. Дўхтирлар амаллаб асраб қолишди. Сўнг прокуратурадан терговчи келиб, мени ўз жонимга қасд қилишим сабабларини суриштира бошлади. Мен терговчига ёлғон гапирдим. Ҳомиладорлигим, Бахтиёр ака ҳақида оғиз очмадим. Шифохонадан чиққач, мени яна прокуратурага чақиришди. Ўшанда биринчи марта Баҳром акани кўрган эдим…
Гулмира бир оз жимиб қолди. Пиёладаги совиб қолган чойдан ҳўплаб, гапида давом этди:
– Баҳром ака мен билан узоқ суҳбатлашиб, кўнглимга йўл топди ва ростини айтишимга кўндирди. Шундан сўнг Бахтиёр акамни чақиртиришди. Мен у шўрликни қаматиб юборса керак, деб қўрққан эдим. Йўқ, адашган эканман. У киши яхши прокурор экан. Ҳомиладорлигимни инобатга олиб, Бахтиёр акамни менга уйланишга, тўй қилишга рози қилдилар. Бу билан ўзимнинг, қолаверса ҳали дунё юзини кўрмаган боламнинг ҳаётини сақлаб қолдилар. Мен бу инсоннинг олдида бир умр қарздорман… Олдинига Бахтиёр акам билан ҳаётимиз яхши кечди. Ўғлимиз туғилди. Бир йил ўтиб, яна битта фарзанд кўрдим. Ҳамма қийинчилик ва ғамлар ортда қолгандай эди. Лекин қувончимиз узоққа чўзилмади. Бахтиёр акам наркотик моддаларни ўтказишда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Тергов ва суд жараёнида маслаҳат сўраб, Баҳром аканинг олдига бир неча марта боришга мажбур бўлдим.
– Баҳром Сафарович билан кейин ҳам учрашиб турганмисиз?
– Ҳа, у-бу масалада қийинчиликка дуч келган чоғларимда маслаҳат сўраб, у кишининг ёнига бориб турганман.
– Мана бу хатни қачон, нима мақсадда ёзгансиз?
– Баҳром акани Республика прокуратурасида ишлаётганини эшитган эдим. Йўлим тушиб Тошкентга борган кезларда у кишининг қабулхонасининг телефон рақамини олган эдим. Бир-икки марта телефон орқали гаплашдим. Уч йилми, тўрт йилми олдин август ойининг охирларида Тошкентга боришимга тўғри келди. Баҳром акани телефонда топа олмадим. Кейин уйга келиб, унга шу хатни юборган эдим.
– Баҳром ака билан учраша олдингизми?
– Й-й-ў-қ! Учраша олмадик. Тошкентга борганимда бир-икки телефон қилдим. Лекин котиб ҳар сафар уни «ишда йўқ» деб жавоб берди. Мен Баҳром ака балки мен билан телефонда гаплашишни хоҳламаётган бўлса керак, деган ўйда бошқа қўнғироқ қилмадим.
– Қачон телефон қилганлигингизни эслай оласизми?
– Куз пайти эди. Аниқ куни ёдимда йўқ.
– Қаердан, қайси телефондан унга қўнғироқ қилган эдингиз? – терговчи савол беришда давом этди.
– Автомат телефондан, Олой бозори ёнидаги буткалардан.
– Телефонда ким билан гаплашдингиз?
– Йигит киши билан, Баҳром аканинг котибими ёки ёрдамчисими? Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.
– Кейин у киши билан телефонда гаплашдингизми ёки ўзини учратдингизми?
– Йўқ, шундан сўнг Баҳром ака билан гаплашиш ёки учрашиш насиб этмади.
– Баҳром Сафаровичнинг йўқолиб қолганлигини қачон, кимдан эшитган эдингиз?
– Ўша пайтда ҳамма ерда бу ҳақда шов-шув тарқаб кетди. Баҳром ака Бекободда ишлагани, яшагани учун бу гап-сўзлар кўпчиликни таажжубга солган эди. Мен ҳам ишхонамиздагилардан буни эшитиб, роса афсусландим, – Гулмира чуқур «уф» тортди.
– Сизнинг Аҳад Ботиров билан муносабатларингиз қандай бўлган? – Терговчи аёлдаги ўзгаришни кузатиш учун унинг кўзларига тикилди.
Гулмира бир оз талмовсираб қолди. Кўзларини терговчининг ўтли нигоҳидан олиб қочишга уринди:
– А-а-а-ҳ-а-д а-кани танирдим, бир-икки марта илтимосларига кўра дори-дармон келтириб берган эдим. Тумов бўлиб қолган чоғларида укол қилишга борганман. Ўзи маҳалламиздаги Саша амакиникида ижарада яшарди.
– У сизнинг Баҳром Сафаровични танишингиздан бохабармиди? – терговчи аста-секинлик билан мақсадга яқинлаша бошлади.
– Йўқ, билмасди шекилли.
– Аниқроқ жавоб беринг! Билармиди, билмасмиди?
– Балки гап орасида айтган ҳам бўлишим мумкин, – деди Гулмира терговчининг босимига дош бера олмай.
– Ботиров билан нима ҳақида гаплашгансизлар?
– Шунчаки, у киши анча камгап одам эди.
– У сизга ўзининг ноҳақ қамалиб кетганлигини гапирганмиди?
– Гапирганди. Терговчи, прокурор, судьяларнинг унга қилган адолатсизликлари ҳақида куйиб-пишиб гапирганди. Мен ўшанда Баҳром ака яхши прокурор деб унинг ёнини олган эдим. У киши «Оқ ит, қора ит – барибир ит! Уларнинг бари бир гўр!» дея менга эътироз билдирганди. Шунда мен унга бошимдан ўтганларни, хусусан, Баҳром аканинг менга қилган яхшиликлари ҳақида гапириб берган эдим. У киши эса «балки сизга яхшилик қилса қилгандир, аммо унинг менга, оиламга қилган хунрезлигини ҳеч қачон унута олмайман!» деганди.
– Сиздан Баҳром Сафаровичнинг телефон рақами ёки бошқа маълумотларини сўраб олганмиди?
– Йўқ!
– Балки ён дафтарчангиздан ўзи қараб олгандир.
– Билмадим! Лекин бир сафар уникига укол қилишга борганимда сумкамдаги ён дафтарчам уникида тушиб қолган экан. Эртаси куни дафтарчамни олиб келиб берган эди.
– Ўша ён дафтарчангизда Баҳром Сафаровичнинг телефон рақами ҳам бормиди?
– Ҳа. Мен ўша пайтда бунга эътибор бермаган эканман.
– Гулмирахон! Сиз Баҳром Сафаровични йўқлаб, август ойи охирларида Тошкентга борганлигингизни гапирдингиз. Шундан сўнг уйга келиб, унга мактуб юборгансиз. Тўғрими?
– Тўғри.
– Демак, хатни тахминан августнинг охири, сентябрнинг бошларида юборгансиз, шундайми?
– Хатни Тошкентдан қайтиб келган куним, 24 ёки 25 июл куни кечқурун ёзган эдим. Бу аниқ ёдимда, чунки 26 июл катта ўғлимнинг туғилган куни.
– Хатни қандай юборган эдингиз? – деди терговчи мактубнинг орқа томонидаги конвертга тикилган ҳолда.
– Хатни почта қутисига ташлаган эдим, шекилли.
– Қаердаги?
– Шу ўзимизнинг Бекободдаги.
– Йўқ, Гулмира. Яхшилаб эслаб кўринг. Хат Тошкентдан почта қутисига ташланган. Демак, хатни почта қутисига ташлашни кимдандир илтимос қилгансиз?
– Ҳм-ҳм…тўғри, тўғри, – бўлиб ўтган воқеалар Гулмиранинг ёдига келди шекилли ҳикоясини давом эттирди. – Ўша куни маҳалламиздаги киоскадан конверт олиб, хатни унга жойлаштираётган пайтимда Аҳад акани кўриб қолдим. У киши киоскадан янги газета, журналларни олиб туришни канда қилмасди. Хатни ташлаш учун почта қутиси анчагина олисда эди. У хатни кўриб, «Ия Тошкентга экан-ку! Мен бугун пойтахтга тушаётган эдим, ўша ёқда почта қутисига ташлайман, манзилга эртароқ боради», дея хатни қўлимдан олди. Менга мактубнинг бир кун бўлса-да эртароқ манзилига етиб боргани маъқулроқ эди, рози бўлдим.
– Гулмирахон, сиз мактубни июл ойи охирларида ёзганман деяпсиз. Аммо конвертдаги почта бўлими штампига қараганда у 15 октябр куни почта қутичасига ташланган ва 16 октябр куни манзилига етиб борган.
– Йўқ, йўқ! Мен хатни июл ойи охирларида юборганим аниқ. Август ойи бошларида Тошкентга бормоқчи эдим. Чунки ўғлим ўша йили биринчи синфга чиқиши лозим эди. Унга кийим-бош, ўқув қуроллари харид қилмоқчи эдим.
– Аммо хат орадан икки ярим ой ўтиб, октябр ойи ўрталарида Баҳром аканинг қўлига теккан.
– Балки Аҳад ака ёдидан кўтарилиб, хатни кечроқ қутига ташладимикин?
– Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки Аҳад Ботиров сентябр ойида вафот этган.
Гулмира ўйланиб қолди. Сўнг терговчининг гапини маъқуллади:
– Тўғри, ўша воқеадан сал ўтиб, у кишининг оламдан ўтганини эшитган эдим.
– Сиз мактубни юборгач, Баҳром Сафаровичга телефон қилганмидингиз?
– Ҳа, мен август ойи бошларида Тошкентга бордим. Боришдан олдин Баҳром акани боришим ҳақида огоҳлантириш мақсадида бир марта телефон қилдим. Лекин у киши иш жойида йўқ экан. Тошкентга боргач, яна бир-икки марта телефон қилдим. Аммо телефонни ҳеч ким кўтармади.
– Шундан сўнг Аҳад Ботировни кўрдингизми? Хатни почта қутисига ташлаган, ташламаганлигини суриштирдингизми?
– Йўқ, шу воқеадан сўнг Аҳад акани кўрмадим. У кишининг вафот этганлигини эшитиб, роса ачиндим. Чиндан ҳам яхши инсон эди. Мусичадай беозор, қўй оғзидан чўп олмаган камсуқум одам эди у.
– Сиз хатни июл ойида унга топширган бўлсангиз, аммо хат почта қутисига 15 октябр куни ташланганлигини, боз устига, сиз хатни ташлаб қўйишни илтимос қилган инсон август ойида дунёдан ўтиб кетганлигини қандай изоҳлайсиз?
– Мен ҳам ҳайронман. Лекин ўша куни Аҳад ака Тошкентга кетмоқчи эди. Балки борган жойида хатни унутиб қолдирган бўлса, топиб олган шахс уни кейинроқ почта қутисига ташлагандир. Яна билмадим…
– Менимча, энди тўғрисини айтдингиз. Марҳамат қилиб айтинг-чи, нима сабабдан мактубни ёзганлигингизни биздан яширмоқчи бўлдингиз?
Гулмира ер чизганча индамай қолди. Терговчи яна саволини такрорлади.
– Бегона эркак кишига хат ёзиш... Эшитган одам нима деб ўйлаши мумкин. Ахир менинг бошимда эрим бўлмаса… Бундан ташқари, Баҳром аканинг бедарак йўқолганлигини эшитгач… қўрқдим…
– Майли, ҳозирча сизга жавоб. Зарурият бўлса, чақиртирамиз. Мана бу менинг телефон рақамим, бирор нарсани эсласангиз, қўнғироқ қиларсиз, – Фахриддин Каримович бир парча қоғозни Гулмирага узатди.
– Раҳмат! Бирор нарса ёдимга тушса, албатта қўнғироқ қиламан, хўп хайр, – Гулмира ўрнидан туриб, эшик томонга юрди.
Фахриддин ўрнига қайтиб ўтирар экан, хаёлга чўмди: «Қизиқ, бу ёғи қандай бўлди. Аҳад Ботиров сентябр ойида вафот этган бўлса, унга топширилган конверт қандай қилиб, октябр ойида почта қутисига ташланиши мумкин. Ёки чиндан ҳам у конвертни бирор жойда унутиб қолдирдимикин? Конверт Бекободда қолдирилганда уни топиб олган одам нари борса шу ердан почтага топширган бўларди. Демак, хат Тошкентга етиб келган. Лекин почта қутисига ташланмасдан қолиб кетган. Кейинчалик уни топиб олган шахс томонидан ўз манзилига юборилган. Аҳад кимникига борган бўлиши мумкин? Амакисиникига бормаган. Кимникига борган экан?»
Шу пайт эшик тақиллаб, навбатчи милиционер Гулмирани бошлаб кирди:
– Ўртоқ бошлиқ! Бу аёл бир гап ёдимдан чиқибди деяпти, рухсат берсангиз…
– Рухсат, рухсат! Бўпти, сиз ишингизни қилаверинг, – Фахриддин милиционернинг кетишига изн берди. Сўнг аёлга қараб:
– Хўш, Гулмирахон, қулоғим сизда! Нима ёдингиздан кўтарилган экан? – деди.
– Биласизми, мен Аҳад акани охирги марта кўрганимда у ёлғиз эмасди чамамда.
– Ким билан эди?
– Уни киоскадан сал нарироқда бир чиройли қиз кутиб турарди. Гарчанд у ўзини шериксиздай тутган бўлса-да, ўша қиз уни кутиб турганига шубҳам йўқ.
– Сиз ўша қизни танийсизми?
– Йўқ, олдин кўрмаганман.
– Балки у бошқа одамни кутиб тургандир.
– Йўқ, йўқ. Олдинига мен ҳам шундай хаёлга бордим. Лекин мен уларнинг бирга эканлигини сезиб қолдим. Аҳад ака сал олдинда юрарди, қиз эса сал орқароқда кетарди. Кейин етишиб олди шекилли.
– Майли, шунисига ҳам раҳмат! Биз текшириб кўрамиз. Мабодо ўша қизни топсак, сиз уни таний олармидингиз?
– Албатта танирдим. Чунки Бекободда унақа кетворган қизлар битта-иккита бўлиши мумкин.
– Нима деб ўйлайсиз, Аҳаднинг шундай чиройли қизда нима иши бўлиши мумкин?
– Мен ҳам шунга ҳайронман-да! Аҳад аканинг ўз ташвиши ўзига етарли эди. Уни аёл киши фақат иш нуқтаи назаридан қизиқтириши мумкин эди, менимча. Яна билмадим…
– Сизга яна бир марта раҳмат. Бизга катта ёрдам қилдингиз.
– Арзимайди. Хўп хайр, – Гулмира изига қайтди.
Фахриддинни яна хаёллар ўз оғушига олди: «Бу қиз ким бўлдийкин? Бошдан оёқ ғам-андуҳларга кўмилиб кетган Аҳадга бу сулув қизнинг нима кераги бўлган экан. Ёки Аҳад ундан ўзининг мақсади йўлида фойдаландимикин? Одатда, гўзал қизлар ҳар қандай ғанимни ортидан эргаштириб, жар ёқасига олиб боришга қодир бўлишади. Уларни кўргач, ҳар қандай ёвнинг кўзлари қамашади, ақлу ҳушидан ажралади. Бу анча синалган услуб. Наҳотки Аҳад интиқом учун шу йўлни танлаган бўлса! Унинг Баҳром Сафаровични ўғирланишида иштироки борлиги равшан. Лекин у бу ишга кимни ёллаган бўлиши мумкин. Наҳотки шу қизни бу ишга жалб этган бўлса! Катта-катта қўшинлар бас келолмаган ёвни аёл киши ўз макри билан тор-мор этганлигини китобларда кўп ўқиган. Аёл киши, одатда, зарга ўч бўлади. Қизга Аҳаднинг пуллари керак бўлган. Гулмира қизни бекорга чиройли эканлигини таъкидламади. Аҳадга эса қизнинг айнан шу чиройи керак бўлган. Зудлик билан шу қизнинг кимлигини аниқлаш лозим!»
Фахриддин ходимларидан уч-тўрттасини чақириб, Бекобод-Тошкент йўналишида қатновчи автобуслар саройига боришни, ўша даврларда шу йўналишда қатнаган автобус ҳайдовчилари ҳақида маълумот тўплашни ва уларни топиб, олиб келишни буюрди. Ўзи эса Санжарбек билан Ботировдан қолган буюмларни кўздан кечириш ва зарурат туғилганда уларни далилий ашё сифатида олиш учун Зафар докторникига йўл олди.
Зафар доктор уйида йўқ экан. Хотини қўнғироқ қилиб, уни чақиртирди. Доктор Аҳад ҳақида билганларини оқизмай-томизмай терговчига гапириб берди. Санжарбек расмиятчилик юзасидан унинг кўрсатмаларини баённомага туширди. Терговчилар Ботировнинг шахсий буюмларини ҳам синчковлик билан кўздан кечиришди. Диққатга молик бирон-бир нарса топиша олмади шекилли, буюмларни жой-жойига қўйишди. Зафар доктор Жасурнинг расмини алоҳида олиб қўйган эди. Доктор бир хаёл расмни терговчиларга кўрсатмоқчи бўлди. Лекин негадир юраги чопмади. «Нега тегдинг, нега яшириб ўтирибсан», деб бошини қотиришларидан ҳайиқди.
– Ботировдан қолган нарсаларнинг ҳаммаси шуми? Ҳеч нарса ёдингиздан чиқмадими? – Фахриддин уйдан чиқа туриб, мезбонга юзланди.
– Й-ў-қ. Ҳаммаси ш-у-улар… Ука ўзи нима гап? Тинчликми? Раҳматли бирор жиноят…
– Тинчлик, тинчлик. Хўп хайр, соғ бўлинг.
– Хайр.
Терговчилар чиқиб кетишгач, Зафар доктор расмни уларга кўрсатмаганидан афсусланди. Ўзига ўзи пичирлади: «Ўзи буларга нима керак экан! Нега улар ўлган одам билан бунчалик қизиқиб қолдилар. Бундан олдин журналистлар уни суриштиришганди. Ёки Аҳад ўлмасдан туриб, бирор жиноятга қўл урдимикин? Ёки унда бошқа бир жиноят юзасидан далиллар бўлганми? Йўғ-э, у бечора қамоқдан чиқиб, кун кўрмай ўлиб кетди. Бу орган ходимлари бекорга бунчалик куйиб-пишишмайди. Бу ерда бир гап борга ўхшайди».
Фахриддин шаҳар прокуратураси биносига етиб келганда, эшик олдида уни гуруҳ аъзолари ва уч-тўрт киши кутиб турарди. Тезкор ходимлар олиб келган гувоҳлар асосан автобус ҳайдовчилари бўлиб, улар қачонлардир Тошкент – Бекобод йўналиши бўйича қатнаган.
Гуруҳ раҳбари ҳар бир гувоҳни шахсан ўзи сўроқ қилди. Автобус ҳайдовчиларига Аҳад Ботировнинг расми кўрсатилиб, уларнинг бу шахсни таниш-танимасликлари суриштирилди. Икки шофёр расмдаги кишини танимасликларини, ҳеч қачон кўрмаганликларини таъкидлашди. Бозорбой деган серсавлат, мўйловли киши Ботировнинг расмини кўриб, дарров таниди:
– Ия, бу раҳматли Аҳад доктор-ку! Албатта танийман. Ахир биз у билан қамалмасидан олдин қўшни турганмиз. Ажойиб инсон эди-да! Оллоҳ жойини жаннатда қилсин, омин.
– Қўшни турган экансизлар-да. Жуда яхши. – Фахриддин ёнида ўтирган Санжарбекка қараб қўйди.
– Ҳа-да, ён қўшни-жон қўшни бўлганмиз. Шўрлик ноҳақ қамалиб кетди. Ўрта йўлда гулдай хотини, икки боласи ҳам жувонмарг бўлди. Эй, ҳеч кимнинг бошига бунақа савдо тушмасин, илоё!
– Нега у кишини ноҳақ қамалган деяпсиз. Ахир айбсиз кишини ким ҳам қамарди. Тергов, суд бор-ку!
– У ёғини билмадим. Лекин ўша пайтда шунга ўхшаш гаплар тарқаб кетганди. Мен ҳам сизга эшитганимни айтаяпман. Яна ким билади…
– Майли, ҳозирча бу гапларни қўя турайлик. Айтинг-чи, сиз Ботировни қамоқдан чиққандан сўнг ҳам кўрганмисиз?
– Бир-икки марта автобусимга чиққан эди. Тошкентга бирга кетганмиз. «Йўл ҳақини олмайман» десам ҳам тўлаб кетганди ўшанда. Лекин бечорани дарду ғам адо қилганга ўхшарди. Эти суягига ёпишган, ранги-рўйи сўлғин бир аҳволда эди. Шундай инсоннинг шунақа аянчли ҳолга тушиб қолганидан роса афсусланган эдим. Кейин эшитсам ўзи ҳам бандаликни бажо келтирибди.
– Ўлим ҳақ дейдилар, Бозорбой ака. Бир кунмас бир кун ҳаммамизнинг борар йўлимиз шу бўлади, – терговчи ҳамсуҳбатидан гап олиш мақсадида атайлаб мунозарага чорлади.
– Тўғри айтасиз иним, бу дунёда фақат яхшилик, қилган савоб ишларинг қолар экан.
– Бозорбой ака, Аҳад Ботиров нима юмуш билан Тошкентга бораётганлигини сизга айтганмиди?
– Қаерда дейсиз. Аҳад кам гап одам эди. Бўлар-бўлмас нарсани гапиравермасди. Бирор нарса сўрасанг жавоб берарди холос. Ҳа, энди Тошкентга шунчаки ўйнаб келиш учун бормагандир. Бирор юмуши бўлгандир-да! Лекин менга айтмаганди.
– Охирги марта қачон сизнинг автобусингизга чиққанлигини эслай оласизми?
– Бунга анча бўлиб кетди. Куз ойлари эди, чамамда. Чунки ёнидаги шериги қора чарм куртка кийиб олгани эсимда.
– Ботировнинг шериги ҳам бормиди? – Фахриддин жойидан туриб кетди.
– Ҳа анави тасқара билан бирга эди, шекилли. Яна билмадим. Менга шундай туйилдими? Ҳар ҳолда ўша аёл билан ёнма-ён ўриндиқда ўтириб, гаплашиб кетишганди. Балки шунчаки автобусда бир ўриндиқда ўтиришиб, танишиб қолишгандир.
– Ўша аёл ким эди? Сиз уни танийсизми?
– У аёлни ким ҳам танимайди. «Ўйинчи» қиз, у аёлни кўп тўйларда кўрганман. Исми нима эди-я? Мадинами, Мафтунами, Манзурами, ишқилиб исми «м»дан бошланарди-да!
– Ўша қизни ҳозир кўрсангиз танийсизми?
– Танийман, танийман. Лекин у қиз кейинги пайтларда тўй-ҳашамларда кўринмай кетди.
– Санжарбек, сиз зудлик билан шаҳардаги санъаткорларни, «отарчи»ларни топиб, ўйинчи қизнинг шахсини аниқланг, – Фахриддин Каримович ёрдамчисига юзланди.
Санжарбек шошилинч чиқиб кетди.
– Бозорбой ака, сизга раҳмат. Ташқарида бир оз кутиб турасиз. Раққоса қизни олиб келишса, сизнинг ёрдамингиз зарур бўлади, – терговчи ўрнидан туриб, хонадан чиқди. – Мана бу ерда ўтира туринг.
– Бўпти, бўпти. Сиз бемалол ишингизни қилаверинг, иним! Мен шу атрофда бўлиб тураман. Ишқилиб кўп қолиб кетмайманми? Кампиримни бешик тўйга олиб боришим керак эди-да.
– Улгурасиз отам, улгурасиз.
Фахриддин Каримович телефон орқали Тоҳир Ғофурович билан боғланиб, ахборот бериб қўйди. Пиёладаги совиб қолган чойдан ҳўплар экан, илк бор ўзини енгил ҳис этди: «Бу «ўйинчи» қиз кўп нарсани билса керак. Аҳад уни бекорга олиб юрмаган. Ишқий саргузаштлар унинг кўнглига сиғмагани аниқ. Демак, Ботиров қиздан ўзининг разил режаларини амалга ошириш йўлида фойдаланган. Бу қиз жиноятнинг бевосита ижрочиси бўлмасада, ҳар ҳолда уни содир этишда иштирок этган бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда у Аҳадга ёлланма қотилни топиб беришда ёрдамлашган. Гулмира юборган хат ҳам шу «ўйинчи»нинг қўлида қолиб кетганмикин? Нима бўлганда ҳам калаванинг учи топилганга ўхшаяпти. Ишқилиб бу сафар адашмаган бўлайлик-да!»
Эшик тақиллаб, Санжарбек кириб келди.
– Фахриддин ака, шаҳардаги ҳофизлардан уч-тўрттаси билан гаплашиб, «ўйинчи»нинг белгиларини айтгандим, улар бир овоздан бу «Марзия» деган фикрни айтдилар. Унинг манзилини ҳам аниқладик. Тезкор ходимлар ҳозир ўша ёққа кетди, уйида бўлса бир пастда олиб келишади.
– Яхши, демак «Марзия» денг. Бозорбой шофёр таниса бўлгани. Бу ёғига ишимиз енгил кетарди.
– Бор умидимиз шу қиздан. Агар у ҳам бизни жиноятчиларга олиб чиқмаса, яна боши берк кўчага кириб қоламиз.
– Йўқ, бу сафар ундай бўлмайди. Тўғри йўлдан кетаётганимизга имоним комил, – Фахриддин Каримович шогирдининг елкасига уриб қўйди.
Аллақачон тушлик вақти бўлганлигига қарамасдан, терговчилар овқатланишга боришни хаёлига ҳам келтирмасди. Вақт жуда секин ўтарди. Одатда, кутганда шунақа бўлади. Соат миллари гўёки бир ерда депсиниб тургандай. Фахриддин тоқати тоқ бўлди шекилли, сигарет чекиш баҳонасида ташқарига – ҳовлига чиқди. Санжарбек беихтиёр унга эргашди. Прокуратура ҳовлисидаги чинор тагида бир муддат суҳбатлашиб туришди. Шу пайт икки-уч тезкор ходим бўй-басти келишган жувонни бошлаб келиб қолишди.
– Марзия деганлари шу экан-да! Бозорбой шофёрнинг оғзидан суви қочганича бор экан, – хаёлидан ўтказди Фахриддин.
Санжарбек аёлни ичкарига бошлар экан, орқадан келаётган Фахриддин йўлакдаги ўриндиқда ўтирган Бозорбой шофёрнинг қулоғига шивирлади:
– Шуми?
– Худди ўзи-да, – Бозорбой ҳозиргина ёнидан ёқимли ифор таратиб ўтиб кетган аёлга ишора қилиб.
– Шу ерда бўлиб туринг. Керак бўлсангиз ўзим чақиртираман.
Гувоҳни хонага олиб киришди. Санжарбек унга жой кўрсатиб, ўтиришга таклиф этди. Фахриддин чой қуйиб, узатди:
– Марҳамат чойдан олинг, Марзияхон.
Аёл ялт этиб, терговчига қаради:
– Сиз билан танишмизми?
– Таниш бўлмасак, мана энди танишамиз. Менинг исмим Фахриддин Каримович, тергов гуруҳи раҳбариман, бу йигит терговчи Санжарбек. Марзияхон сизга хизмат юзасидан бир-икки саволимиз бор. Олдиндан айтиб қўяй, сиздан фақат рост гапириш талаб этилади. Тушунарлими?
– Тушундим,– аёл оҳиста бош ирғади. – Ўзи нима гап, тинчликми?
– Сиз Аҳад Ботировни танирмидингиз?
Терговчининг қўққисдан берган саволи аёлни гангитиб қўйди шекилли, нима дейишини билмай бир лаҳза жимиб қолди:
– Қ-а-а-й-с-и А-а-ҳ-а-д?
– Бобомуродова, ўзингизни гўлликка солманг! Бизга ҳаммаси маълум!
– У киши о-о-ламдан ў-ў-тиб кетган шекилли, – негадир Марзиянинг овози қалтираб чиқди.
– Ҳа, у киши раҳматли бўлган. У билан қаерда, қачон танишган эдингиз?
Марзия ўйланиб қолди. Шу тобда терговчининг кейинги саволларига қандай жавоб беришни ўйлаяптими ёки ҳақиқатда Аҳад билан қачон танишганларини эсга олаяптими билиш қийин эди.
Терговчи саволни яна такрорлади.
– Унга анча бўлди. Ҳозир ёдимда йўқ, қачон танишганимиз.
– Ҳар ҳолда йили ёдингизда бордир. Қандай сабаб билан танишгансизлар, балки буни эсларсиз?
– Мен мактабни битириб, тиббиёт билим юртида ўқиб юрган пайтларим эди, – бир оз жимликдан сўнг ниҳоят Марзия «тил»га кирди. – Курс раҳбаримиз яқинда институтни битириб, билим юртига ишга келган экан. У биринчи кундан бошлаб, менга ўзининг бефарқ эмаслигини сездирди. Анча пайт ортимдан юрди. Менга уйланишга ваъда берди. Мен унга ишондим. Пахта теримига чиққанимизда… хуллас менинг қизлик иффатимни... Шундан сўнг у мендан аста-секин қоча бошлади. Мен ундан тезроқ тўй қилиб, ваъдасининг устидан чиқишини талаб қилсам, у турли хил баҳоналар билан мени алдаб келди. Кейинчалик бутунлай мендан юз ўгириб, бошқа қиз билан юра бошлади. Мен аламдан дарсларга ҳам бормай қўйдим. Яшашдан умидим қолмаганди… Шундай кунларнинг бирида қизлар дарсга кетгач, томиримни кесиб, бу дунёни бутунлай тарк этишга аҳд қилдим… Лекин у дунёда ҳам мени қабул қилишмади. Одамнинг ажали етмаса, ўлмас экан. Анча пайт ҳушсиз ётган, кўп қон йўқотган бўлишимга қарамай, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан мен тирик қолдим. Мени шу Аҳад ака қутқариб қолди. Кейинчалик ҳам ўзининг ширин гаплари, пурмаъно насиҳатлари билан мени ҳаётга қайтарган ҳам шу одам бўлди. Мен раҳматли Аҳад аканинг олдида қарздорман. У кишини ўз туғишган акамдай яхши кўрардим…
Марзия кўзидан оқаётган ёшни рўмолчаси билан артар экан, чуқур хўрсиниб қўйди. Сўнг яна маъюс оҳангда давом этди:
– Номинг бир бор ёмонотлиқ бўлса, уни яхшига чиқариш қийин бўлар экан. Одамлар орасида менинг билим юртидаги саргузаштларим ҳақида миш-мишлар тарқаб кетди. Уйимиздан совчиларнинг оёғи узилди. Ҳаётим издан чиқиб кетди. Ёшлигимда санъаткор бўлишни орзу қилардим. Яхшигина рақсга ҳам тушардим. Шахсий ҳаётдаги муваффақиятсизлигимни санъат йўлидаги ютуқлар билан қопламоқчи бўлиб, қўшиқчилар билан тўйларга, йиғинларга чиқа бошладим. Тез орада шаҳардаги энг таниқли ўйинчи сифатида танилдим. Ҳаётим изга тушиб кетди. Кейинроқ Аҳад аканинг қамалиб қолганлигини эшитдим. Роса ачиндим. Орқасидан излаб бормоқчи ҳам бўлдим. Лекин имконини топа олмадим. Сўнг у кишининг хотини, фарзандлари автоҳалокатга учраб, вафот этганлигини эшитдим. Шундай ажойиб оила ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетганлиги мени ларзага солди…
– Ботировнинг бошига тушган кулфатлардан бизнинг хабаримиз бор. Ҳеч кимнинг бошига бундай кўргулик тушмасин, илоё. Қамоқдан чиққандан сўнг Аҳад Ботировни илк бор қаерда учратдингиз? – деди терговчи гувоҳни гапидан чалғитиш мақсадида.
– Бир кун кўчада учрашиб қолдик. Мен у кишини мутлақо танимабман. Бечора озиб-тўзиб кетган, ғариб аҳволда эди. Аввалги Аҳад доктордан асар ҳам қолмаган эди. У мени таниди. Бир жойга кириб, тушлик қилдик. У киши бошидан ўтган савдоларни, ноҳақ қамалиб кетганини, хотини, болаларидан ажралиб қолганини йиғлай-йиғлай гапириб берди. Мен унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим, ҳаёт давом этаётганлигини, яшаш учун курашиш кераклигини, хуллас бир пайтлар менга берган маслаҳатларини ўзига бердим. Лекин менинг назаримда, унинг иродаси аллақачон синган, умид учқунлари сўниб қолгандек эди.
– Кейин қачон учрашдингизлар? У сизга бирор масалада кўмаклашишни илтимос қилдими? – терговчи ниҳоят ўзини қизиқтираётган саволни ўртага ташлади.
– Кейин ҳам бир-икки марта учрашдик. Мен унга ҳаётга қайтишида ёрдам бермоқчи эдим. Агар қўлимни сўраса, унга хотин бўлишга ҳам рози эдим. Аммо у … менинг ёрдамимга муҳтож эмас эди. У бутунлай бошқача одам бўлиб қолганди, ҳиссиз, умидсиз…
– У сизга ўзининг режалари ҳақида гапирганмиди?
– Менимча, унинг хаёлида ҳеч қандай режа йўқдек эди.
– Ботиров билан Тошкентга нима мақсадда борган эдингиз?
– Тош-тош-кент-га.
– Ҳа, Тошкент шаҳрига.
– Й-й-ў-қ! У билан Тошкентга бормаганман, – Марзия терговчидан кўзларини олиб қочди.
– Марзияхон, бизни чалғитишга уринманг. Бизга кўп нарса маълум. Тўғрисини гапирсангиз, ўзингизга осон бўлади.
Марзия бошини эгганча, индамай тураверди. Фахриддин вақтни бефойда ўтказмаслик мақсадида Санжарбекка:
– Бозорбой шофёрни олиб киринг, – деди.
Санжарбек хонадан чиқиб, бир зумда гавдали бир кишини бошлаб келди.
– Бозорбой ака, сиз мана бу аёлни танийсизми? – деди терговчи эшикдан кириб келган кишига.
– Отини билмайман-у аммо ўйинчи … йўғ-э, раққоса эканлигини биламан.
– Сиз уни охирги марта қачон, қаерда кўргансиз?
– Мен бу аёлни қўшним Аҳад Ботиров билан бирга автобусимда Тошкентга олиб бориб қўйганман.
Фахриддин Каримович «хўш, бунга нима дейсиз» дегандай Марзияга юзланди.
Марзия сочини учини ўйнаб, ерга тикилганча жим ўтираверди.
– Демак, боргансиз! Нима мақсадда?
– Мен Тошкентга кетаётган эдим. Аҳад акани бекатда учратиб қолдим. У киши ҳам пойтахтга кетаётган экан. Автобусда суҳбатлашиб кетдик.
– У нима мақсадда Тошкентга бораётганлигини айтдими?
– Йўқ, ишим бор деганди, шекилли. Мен майдалаб сўраб ўтирмадим.
– Ўзингиз нима мақсадда пойтахтга бораётган эдингиз?
– Ҳозир ёдимда йўқ. Балки ўғлимга кийим-кечак сотиб олиш учун боргандирман. Анча вақт ўтиб кетди. Эсимда йўқ, тўғриси.
– Вақти ёдингизда борми?
– Менимча, август ойи охирлари эди.
– Ўртоқ терговчи, бунинг аниғини билса бўлади, – кутилмаганда гапга Бозорбой шофёр аралашди. – Ўшанда менга янги «Мерс» автобуси беришганди ва мен илк бор Тошкент маршрути бўйича қатнай бошлагандим. Бизда автобуслар буйруқ билан топширилади.
– Яшанг, Бозорбой ака, яшанг! Каллангизга қойилман, – Фахриддин Каримович шофёрни елкасига қоқиб қўйди. Сўнг Санжарбекка юзланди:
– Зудлик билан автосаройга бориб, ўша буйруқни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келинг!
– Фахриддин Каримович, бу буйруқ бизга нима бериши мумкин? – деди Санжарбек иккиланиб.
– Бир оёғингиз бориб, иккинчиси қайтсин! – деди гуруҳ раҳбари саволга жавоб бериш ўрнига.
– Тушунарли, – Санжарбек апил-тапил қоғозларини йиғиштириб, чиқиб кетди…
Бир соат ўтар-ўтмай Санжарбек қўлида бир варақ қоғоз билан кириб келди:
– Мана ўша буйруқ.
Фахриддин Каримович буйруққа кўз югуртириб чиқиб, ўзича ғудурлади:
– Демак, буйруқ 17 сентябр куни чиққан. 18 сентябрдан автобус Бекобод-Тошкент йўналиши бўйича қатнай бошлаган.
– Тўппа-тўғри, 18 сентябр куни эди. Энди ёдимга тушди. Чунки 19 сентябр куни кичик ўғлимнинг туғилган куни эди. Унга Тошкентдан велик олиб келиб бергандим, – деди Бозорбой шофёр жонланиб.
– Бозорбой ака, Марзияхон, сизлар коридорда кутиб туринглар, бир оздан сўнг суҳбатимизни давом эттирамиз, – деди Фахриддин қўққисдан бир нарса ёдига тушгандай.
Гувоҳлар чиқиб кетгач, гуруҳ раҳбари стол устидаги жиноят ишини Санжарбекка узатиб:
– Аҳад Ботиров ўлими ҳақидаги маълумотномани топинг, – деди.
Санжарбек ишни варақлаб, айтилган ҳужжатни топиб, бошлиққа узатди.
Фахриддин қоғозга кўз югуртириб, қичқириб юборди:
– Санжарбек, мана бунга қаранг! Ана холос – пишди гилос! Буёғи қандоқ бўлди?
– Нима гап, Фахриддин ака, тушунмадим? – деди Санжарбек анқайиб.
– Мана бу маълумотномада Аҳад Ботировнинг 15 сентябр куни вафот этганлиги қайд этилган. Бозорбой шофёр эса шу йили 18 сентябрдан Тошкентга қатнай бошлаган ва у Ботировни пойтахтга олиб кетган.
– Йўғ-э, бу бир англашилмовчиликдир. Балки Бозорбой адашаётгандир. Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди Санжарбек таажжубини яширолмай.
– Бўлса бордир! Аммо буни текшириб кўришимизга тўғри келади. Сиз ҳозир автокорхонага қайтиб бориб, архивдан Бозорбой шофёрнинг йўл варақасини топиб келинг. Унинг ўзини ҳам бирга олиб боринг. Ёрдами тегиши мумкин.
Санжарбек чиқиб кетгач, Фахриддин хонада у ёқдан- бу ёққа юриб, фикрларини жамлашга ҳаракат қилди: «Бу яна қандай сир-синоат бўлди. Ботиров ўзига «алиби» ҳосил қилиш учун шундай йўл тутдимикин? Демак, у тирик. Унда ўлган, дафн этилган ким? Наҳот у ўзини гумондан холис қилиш мақсадида кимнидир ўлдирган бўлса! Ёки бу ерда қандайдир англашилмовчилик борми? Энди ишни нимадан бошлаш керак? Қандай йўл тутса, тўғри бўлади? Қабрни очиб, эксгумация қилиш керакми? Йўқ, йўқ, бунга ҳали эрта. Қабрни ковлаб, ўликни таҳқирлаш осон иш эмас. Шошмаслик керак! Аввало бу ҳолатни яхшилиб текшириб, ойдинлаштириб олиши лозим. Эксгумация қилиш қочмас! Агарда Ботиров ўлмаган бўлса, Баҳром Сафаровичнинг йўқолишида унинг қўли борлиги аниқ. Агарда у тирик бўлса, қаерга яширинган бўлиши мумкин? Унда Баҳром аканинг тириклигига ҳам умид қилса бўлар эканда. Орадан шунча вақт ўтиб кетди. Балки…»
Шу пайт эшик тақиллаб, хонага «Мумкинми, ўртоқ терговчи» деб Марзия кириб келди.
– Фахриддин ака, менга рухсатми?
– Келинг, ўтиринг, афсус, сизга ҳали жавоб бера олмайман. Айрим масалаларга аниқлик киритиб олайлик, ке-йин кўрамиз! Марзияхон, автокорхонадан олинган маълумотларга қараганда Бозорбой шофёр сиз ва Ботировни 18 сентябр куни Тошкентга олиб кетганлиги маълум бўлди. Аммо бошқа бир ҳужжатда Ботировнинг ўша йили 15 сентябр куни вафот этганлиги қайд этилган. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?
Марзия бу сирдан воқиф шекилли, таажжубга тушмади. Индамай, ер чизиб тураверди.
– Марзияхон, бу жуда муҳим факт. Агарда сиз чиндан ҳам 18 сентябр куни Тошкентга Ботиров билан бир автобусда кетганлигингизни тан олсангиз, бу унинг тириклигини, ўлган одам бошқа шахс эканлигини англатади. Шунинг учун ўйлаб жавоб беришингиз лозим!
– Мен Аҳад ака билан Тошкентга борганлигим аниқ. Лекин ҳозир мен бу воқеа айнан қайси санада рўй берганлигини эслай олмайман. Ахир орадан шунча вақт ўтиб кетган бўлса. Балки ўша куни 13 ёки 14 сентябр бўлгандир.
– Бўлиши мумкин! Аммо ҳозир бунга юз фоиз аниқлик киритадиган ҳужжатни олиб келишади. Лекин чамамда сиз бу сирдан олдин хабардор бўлганга ўхшайсиз! Сиздан илтимос, бизга тўғрисини айтинг! Акс ҳолда ўзингиз сезмаган ҳолда нохуш воқеаларга аралашиб қолишингиз, жиноятчиларга шерик бўлиб қолишингиз мумкин. Биз билан ҳамкорлик қилиб, терговга ёрдам қилсангиз, сизга қонунда кўзда тутилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятингизни кафолатлаймиз.
– Мен билганларимни айтдим. Сизлардан ҳеч нарсани яшираётганим йўқ.
– Сиз Ботировнинг тириклигини олдиндан билармидингиз?
– Йўқ! – Марзия қисқагина қилиб, ишонарсиз жавоб қилди.
– Унинг ўлганлиги ҳақидаги хабарни қачон, кимдан эшитган эдингиз? Шундан сўнг уни кўрдингизми? Ёки тириклиги ҳақида бирор хабар эшитганмисиз?
– Кўп қатори мен ҳам бу ҳақда эшитганман. Лекин кимдан эшитганимни эслай олмайман. Шаҳарда шунақа гап-сўз тарқаганди ўшанда. Аҳад аканинг тириклиги ҳақида ҳеч кимдан эшитмаганман. Ҳамма уни ўлган деб билади.
– Сентябр ойи ўрталарида Тошкентга у билан бирга кетганларингиздан кейин бирор жойда уни учратдингизми?
– Йўқ, охирги марта ўшанда кўргандим.
– Бўпти, ҳозирча ташқарида кутиб турасиз.
Фахриддин жойига ўтириб, стол устида турган кўп жилд-лик ишни варақлашга тушди. Бир қанча гувоҳларнинг кўрсатмаларини диққат билан ўқиб чиқди. Сўнг Санжарбекнинг ҳаяллаётганидан диққати ошиб, сигарет тутатди.
Орадан икки соатдан зиёд вақт ўтиб, Санжарбек бир кишини бошлаб келди.
– Фахриддин ака, мана бу йўл варақалари, архивдан топиш бир оз қийинроқ бўлди. Бозорбой ака ҳақиқатда 18 сентябр кунидан Тошкентга қатнашни бошлаган экан. Бу факт, – Санжарбек қўлидаги бир парча ҳужжатларни гуруҳ раҳбарига узатди.
– Жуда яхши… яхши…
– Мен ҳужжатлар топилгунча бўш турмасдан Тошкент-Бекобод йўналишида қатнаган бир неча шофёрлар билан гаплашдим. Абдурайим ака бир қизиқ гапни айтиб қолди, – деди Санжарбек эшик ёнида турган қотмадан келган чамаси 45-50 ёшлардаги кишига ишора қилиб. – Абдурайим ака, бу киши бизнинг гуруҳ раҳбаримиз – Фахриддин Каримович. Боя менга айтганларингизни яна бир такрорлаб юборинг.
– Ўшанда мен «Икарус» ҳайдардим. Куз пайтлари эди, чамамда кечки пайт Тошкентдан қайтаётиб, автобусим светофорда тўхтади. Ёнимдаги қаторга бир «Жигули» келиб тўхтади. Шофёрнинг ёнида ўтирган йигит танишдек туюлди. Эътибор бериб қарасам, Аҳад докторнинг худди ўзи. Қўрқиб кетдим. Негаки, мен Аҳад докторнинг қўлида даволанган эдим. У вафот этганига ўшанда бир-бир ярим ой бўлганди. Жанозасида ўзим қатнашгандим-а! Ойнани тушириб, унга гапирмоқчи бўлдим. Унинг ҳам кўзи менга тушди. Лекин ўзини танимаганга олиб, менга орқасини ўгириб олди. Кейин одам-одамга ўхшар экан-да, деган хаёлга бордим. Агар унинг дафн маросимида иштирок этмаганимда, у одамнинг Аҳад доктор эканлигига юз фоиз инонган бўлардим.
– Ўша воқеа қачон бўлганлигини эслай оласизми?
– Куз пайти эди-ёв! Мен унда Бекобод – Гулистон йўналишида ишлардим. Тошкент йўналишида юрадиган Рўзибой исмли шофёр касал бўлиб қолгани учун мени бошлиқлар вақтинча унинг ўрнига ўтказишган эди.
– Фахриддин ака, мен Абдурайим аканинг гапи бўйича йўл варақаларини, буйруқларни кўтардим, – Санжарбек сумкасидан бир уюм ҳужжатларни чиқариб, бошлиққа узатди. – Бу киши ҳақиқатда 16-20 октябр кунлари Тошкентга қатнаган. Бу ҳақда буйруқ ҳам бўлган экан.
– Тўғри, тўғри, айтдим-ку куз эди деб, – деди Абдурайим шофёр гапи тасдиғини топганидан суюниб.
– Ўша кўрган одамингиз Аҳад доктор эканлигига ишончингиз комилми? – деди гуруҳ раҳбари Абдурайим шофёрга яқинроқ келиб.
– Эҳ, агар Аҳад доктор раҳматли бўлмаганда, тушиб кўришган бўлардим. Лекин шундоқ ёнидан кўрдим, худди ўзгинаси эди-да!
– Ҳа, сиз ҳаққа ўхшайсиз. Аҳад доктор ўлмаганга ўхшайди, – Фахриддин Каримович жойига ўтирди.
– Ё Обло, наҳотки?! Унда ўлган ким бўлди? Мен ахир жанозасида иштирок этган эдим-а, – Абдурайим шофёр ёқасини ушлаб қолди.
– Абдураим ака, яхшилаб эсланг, ўша «Жигули»нинг ранги қанақа эди?
– Оқ эди, сут рангми дейман.
– Аҳад доктор машинанинг олди ўриндиғида шофёрнинг ёнида ўтириб кетаётган эди, дедингиз. Шофёрга кўзингиз тушдими? Унинг бирон-бир белгиси ёдингизда қолдими? – терговчи майдалаб сўрашда давом этди.
– Шофёрга эътибор қилганим йўқ. Лекин орқа ўриндиқда яна икки киши бордай туюлди.
– Адашмаяпсизми?
– Рост гапираяпман.
– Уларнинг бирорта ўзига хос белгилари ёдингизда қолмадими?
– Йўқ. Тикилиб қараганим йўқ-да ахир.
– Айтайлик соқоли, мўйлови дегандай…
– Йўқ. Эътибор қилмапман.
– Машинада аёл киши бормиди?
– Бир нима дейиш қийин. Балки бордир…
– Уларнинг ёши тахминан нечаларда эди?
– Ие, қанақа ёш, қизиқмисиз! Мен Аҳад докторга қараб, анқайиб қолибман. Бошқаларга умуман эътибор қилганим йўқ.
– «Жигули» қайси томонга кетаётган эди, – терговчи сўрашда давом этди.
– Тошкент шаҳридан Бекободга чиқишдаги светофорда уни учратдим. У ҳам шу йўналиш бўйлаб кетаётган эди.
– Машинанинг давлат рақами ёки бирор хос белгиси ёдингизда қолганми?
– Давлат рақамига эътибор қилмабман. Лекин «Жигули» биздан бир оз олдинга ўтганда унинг орқа ойнаси пастига калласи қимирлаб турадиган кучукча ўрнатилганлигини кўрдим. Машина юрганда кучукчанинг боши қимирлаб, тирикдай кўринади. Сиз ҳам кузатган бўлсангиз керак, кўп шофёрлар шу ўйинчоқни машинасининг олд ёки орқа томонига ўрнатиб олишади.
– «Кучукча»нинг ранги қанақа эди?
– Кулранг эди, чамамда.
– Яна машинанинг қандай ўзига хос жиҳатларини кузатдингиз? Айтайлик урилган, бўялган, синган жойлари бормиди?
– Менимча, унақа кўзга ташланадиган жойи йўқ эди-ёв! Бирпасда ҳамма нарсани эсда сақлаб қололмайсан киши.
– Абдурайим ака, сизга раҳмат. Бизга катта ёрдамингиз тегди. Сиз ташқарида кутиб турасиз. Яна керак бўлиб қолишингиз мумкин.
– Майли, иним, кут десангиз кутамизда. Ишқилиб кам бўлса-да нафимиз тегса бўлгани, – Абдурайим шофёр ўрнидан туриб, эшик томонга юрди.
– Фахриддин ака, нималар бўлаяпти ўзи? Наҳотки Ботиров тирик бўлса! Ишонгим келмайди. Наҳотки бир оддий врач шунақа ишларга қодир бўлса?! Наҳот Баҳром акани… ўғирлаш ҳам унинг «иши» бўлиб чиқса? – Санжарбек хулосаларини айтишга шошилди.
– Ҳа, интиқом ўти ёмон бўлади. Қалбида қасос олови ёнаётган инсон мисоли кўзи қонга тўлган шерга ўхшайди. Ҳеч нарсадан тап тортмайди. Менимча, Ботиров ҳам шу кўйга тушган. Қаранг-а, тўрт йил олдин Ботировнинг изига тўғри тушган эканмиз-а! Фақат унинг вафот этганлиги факти бизни тўғри йўлдан чалғитган экан.
– Ҳа, Ботиров бизни роса лаққиллатган экан-да! Биз шохида юрсак, у баргида юрганлигини қайдан билибмиз! – Санжарбек оғир хўрсинди.
– Майли, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамизда. Энди бу ёғига ҳушёрликни қўлдан чиқармаслигимиз лозим. Ботиров тирик. Бу дегани тезда уни қўлга олмасак, у бошқа жиноятларга қўл уриши мумкин дегани. Иккинчи томондан, Баҳром Сафарович унинг қўлида бўлиши мумкин. Одатда, қасоскор ўч олаётган кишисини бирдан йўқ қилишга ошиқмайди, ўлжасининг қийналишини, азобланишини хоҳлайди, уни маънан ўлдиришга ҳаракат қилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Баҳром Сафарович тириклиги эҳтимолдан холи эмас. Бу эса зудлик билан уни қутқариш чорасини кўришни тақозо этади…
Фахриддин бир оз ўйланиб қолди. Сўнг қўлига қоғоз, қалам олиб, нималарнидир ёзишга тушди:
– Биринчи вазифа – Аҳад Ботировнинг ўлмаганлиги фактини аниқлаш. Тезда мурдани эксгумация қилиш тўғрисида қарор тайёрланг. Тошкентда унинг амакиси яшайди, эскгумацияда қатнашиш учун чақиртириш лозим. Агар қабрга дафн этилган шахс Ботиров бўлмаса, унда мурданинг шахсини аниқлашимиз лозим. Марзияни қайтадан батафсил сўроқ қилишимиз керак. У кўп нарсадан хабардорга ўхшайди. Уни қандай бўлмасин, гапиртиришимиз зарур.
Иккинчи вазифа – Аҳад Ботировнинг яшаш манзилини аниқлаш. Табиийки, Ботиров ҳозирда ўз исми, фамилияси билан эмас, бошқа ном билан яшаб юрибди. Менимча, қабрга унинг ўрнига тушган шахснинг паспорти қўлида бўлса керак. Мурданинг шахсини аниқлаш, Ботировнинг янги исм-шарифини аниқлаш имконини берган бўларди.
Учинчи вазифа – зудлик билан Ботировнинг Тошкент ва Бекободдан ташқари шаҳар ва қишлоқлардаги алоқалари доирасини аниқлашимиз лозим.
Тўртинчи вазифа – Ботировнинг қотиллик жинояти бўйича қўзғатилган ишни яна суддан олиш ва у бўйича ишлаш. Жиноят ишини тергов қилган терговчи менимча автоҳалокатда вафот этганлиги қайд этилган эди. Ўша автоҳалокат тафсилотлари ҳам пухта ўрганиб чиқилиши лозим. Бу ерда ҳам Ботировнинг қўли бўлиши мумкин. Жиноят ишини судда кўрган судьянинг ҳам, агарда ҳозирда тирик бўлса, ҳаёти хавф остида. Ботиров унга ҳам етиб бориши табиий. Бахтимизга уни йўқ қилишга улгурмаган бўлсин. Судьяни ҳимоя қилиш чорасини кўришга мажбурмиз! Кеч соат тўққизга барча гуруҳ аъзоларини йиғинг. Вазифаларни бўлишиб олишимиз зарур. Мен раҳбариятга ахборот бераман. Лозим бўлса, Тошкент-дан қўшимча куч сўраймиз. Асосийси, кечикмаслигимиз керак. Ҳар дақиқа ғанимат. Энди ҳаммасига чек қўйиш вақти етди.
– Фахриддин ака, нима дейсиз, Баҳром ака тирикмикин-а? – Санжарбек бошлиқ айтган топшириқларни ёзиб олар экан, қоғоздан бошини кўтариб, бошлиғига тикилди.
– Менимча, тирик. Ботиров уни қаергадир яширган бўлиши мумкин! Ҳар ҳолда шунга умид қилсак бўлади. Лекин воқеалар биз ўйлагандан бошқачароқ ҳам бўлиши мумкин. Буни вақт кўрсатади. Ҳозирча умидсизликка тушмайлик.
– Илоё тирик бўлсинда! Вазира опага ачинаман. Бечора аёл боши билан не-не қийинчиликларга дуч келмади. Не-не азобларни бошидан кечирмади. Лекин бир он ҳам умидсизликка тушмади-я! Ҳамма Баҳром акани ўлдига чиқарганда ҳам у эрининг тириклигига ўзини ишонтира билди. Ўзи уни қидиришга тушди. Аммо қойил қолиш керак, бизга калаванинг учини у топиб берди.
– Тўғри айтасиз. Бу аёлнинг матонати ҳаммамизга ўрнак бўлмоғи лозим. Яхши, қолган гапларни кейин гаплашамиз, тезроқ ишга киришинг! – Фахриддин Каримович шахт билан ўрнидан қўзғалди. – Мен Марзияни батафсил сўроқ қилишим лозим. Сиз топшириқларни бажаришга киришинг!
– Тушунарли!
Фахриддин Марзияни сўроқ қилишга тайёрланар экан, унга берадиган айрим саволларни қоғозга туширди, сўнг телефонда гувоҳни олиб киришни тайинлади.
Ташқарида кутавериб толиққаниданми ёки ҳаяжонланганиданми шашти анча тушиб қолган Марзияни қўшимча сўроқ қилиш ҳам кутилган натижани бермади. У терговчининг саволларига қисқагина қилиб, «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб беришдан нарига ўтмади. У Абдурайим шофёр айтган «Жигули»да бўлмаганлигини, Аҳад докторни охирги марта ўша автобусда Тошкентга бирга кетган пайтда кўрганлигини, шундан сўнг уни бошқа учратмаганлигини такрорлаб тураверди. Терговчининг ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни айтиш лозимлиги ҳақидаги панду насиҳатлари, тушунтиришлари, огоҳлантиришлари зое кетди.
Фахриддин раҳбарият билан келишиб, Марзияни қўйиб юборишга қарор қилди. Лекин унинг ортидан доимий кузатув ўрнатилди. Терговчилар унга Ботировга олиб чиқувчи ягона манба сифатида қарашарди.
Кечга яқин Санжарбек Аҳад Ботировнинг қотиллик жинояти бўйича ишни кўрган судья Зокир Шокировнинг бир неча йиллар олдин оғир касалликдан сўнг вафот этганлигини аниқлади ва касаллик тарихини олиб келиш учун тезкор ходимларни шифохонага йўллади.
Фахриддин Каримович судьянинг ўлими сабаби аниқ бўлса-да, негадир хаёлидан «бу ҳам Ботировнинг иши эмасмикин?» деган фикр ўтди. Тўғри, судья 58 ёшда экан. Касаллик оқибатида дунёдан кўз юмиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин бир жиноят ишини ҳал этган ҳар учала мансабдор шахснинг бошига шундай кўргуликнинг тушиши бу ерда қандайдир бир сир, ички боғлиқлик борлигини англатмайдими? Ботиров деганлари анойи эмас, устаси фаранглардан чиқиб қолди. У ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиганга ўхшайди. Ҳар ҳолда терговчининг ҳам, судьянинг ҳам ўлими тафсилотларини чуқур ўрганиб чиқмаса бўлмайди…
Келгуси кун мурдани эксгумация қилишдан бошланди. Тошкентдан ташриф буюрган тиббиёт ходимлари, малакали мутахассислар, экспертлар узоқ давом этган текшириш ва таҳиллардан сўнг тадқиқ этилган мурда фуқаро Аҳад Ботировга тегишли эмас, деган якуний хулосага келишди. Бундан ташқари, экспертлар қабрга кўмилган шахснинг ёши тахминан қирқларда эканлиги, у юрак хуружи оқибатида дунёдан ўтганлигини аниқлашди. Ҳамма ёқасини ушлаб қолди. Энди Баҳром Сафаровичнинг йўқолиб қолиши Ботировнинг иши эканлигига ҳеч кимда шубҳа қолмади. Негадир Фахриддин Каримовичнинг хаёлида терговчи Икром Бозоровнинг автоҳалокатга учраши, судья Зокир Шокировнинг касаллик оқибатида вафот этишида ҳам Аҳад Ботировнинг қўли бордек туюлди. Айрим ходимлар эса буни шунчаки тасодиф сифатида қабул қилишди.
Икром Бозоровнинг автоҳалокати тафсилотларини чуқур ўрганиб чиқишган мутахассислар автоҳалокат автомашина олд ғилдиракларини ушлаб турувчи больтлар қотирилмай қолиши оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкин, деган фикрга келишди.
Фахриддин Каримовичнинг боши қотди: мутахассислар автомашина техник соз ҳолатда эканлигини таъкидлашган. Ҳайдовчи ҳам кўп йиллик тажрибали шофёр бўлган, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаган. Машина тезлиги ҳам юқори бўлмаган. Текис йўлда кета туриб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасига бориб урилган. Гувоҳларнинг кўрсатишича, унга бошқа транспорт воситалари халақит бермаган. Ҳаракатланиб кета туриб, бирдан йўналишни ўзгартирган ва ҳалокатга учраган. Машинанинг ўнг томон олд ғилдираги юз метрлар чамаси наридан топилган. Балки ҳайдовчи шиналарни алмаштирганда уларни охиригача қотириш ёдидан чиққандир. Балки «вулканизация»да усталар ғилдиракларни қотиришда эҳтиёткорсизликка йўл қўйгандир. Кимдир атайлаб, ҳеч ким йўқлигида ғилдиракларни ушлаб турувчи больтларни бўшатиб қўйган бўлса-чи? Бундан биринчи навбатда ким манфаатдор? Ботировми? Тўғри, унда бундай қилиши учун асос бор. Лекин унинг бу жиноятга дахлдорлигини қандай исботлаш мумкин? Ахир автоҳалокат содир бўлган пайтда у жазони ўтаётган бўлган-ку! Ёки бирортасига пул бериб, буюртма қилдимикин? Йўғ-э, қамоқда ўтирган одам ким билан мулоқот қилиши мумкин? Маҳкумнинг гапига ким ҳам ишонарди. Балки Ботировнинг бу ҳодисага умуман дахли йўқдир.
Шу орада судья Зокир Шокировнинг касаллик тарихини обдон ўрганиб чиққан мутахассислар унинг мурдасини эксгумация қилиш лозим, деган хулосага келишди.
Кейинги кун ўтказилган эксгумация натижалари терговчиларни янада ўйлантириб қўйди. Экспертлар марҳумнинг танасида қандайдир заҳарли модда борлиги ва у аста-секинлик билан ўлимни келтириб чиқарган бўлиши мумкин, деган хулосага келишди.
Фахриддин Каримович хулоса билан танишиб чиқар экан, ёнида ўтирган экспертни сўроққа тутди:
– Доктор, сиз бу билан Шокировни кимдир заҳарлаган демоқчимисиз?
– Йўқ, асло! Биз марҳумнинг танасида заҳарли модда топилганлигини ва у ўлимни келтириб чиқарган бўлиши мумкин, деган хулосани бераяпмиз. Заҳар марҳумга қандай йўл билан ўтганлигини аниқлаш эса сизларнинг вазифангиз!
– Ўша модданинг номи ва кимёвий таркибини аниқлаш мумкинми?
– Мумкин. Бунинг учун қўшимча равишда кимёвий экспертиза ўтказиш талаб этилади. Ҳозирча биз у қанақа модда эканлигини билмаймиз.
– Яхши! Заҳар марҳумнинг танасига қайси йўл билан ўтганлигини айта оласизми?
– Турли йўллар билан ўтган бўлиши мумкин. Биринчи навбатда, заҳар истеъмол қилган озиқ-овқатлар, дори-дармонлар орқали ўтади. Лекин бошқа йўллар – ҳаво орқали, қон билан ўтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
– Бу модда табиий озуқа маҳсулотларида ҳам бўлиши мумкинми? Айтайлик қўзиқоринда, мева-чевада…
– Ҳозирча биз унинг кимёвий таркибини билмаймиз. Шунинг учун олдиндан бир нарса дейиш қийин. Лекин оғу табиий озиқ-овқат маҳсулотларидан ўтганда заҳарланиш аста-секинлик билан эмас, бир пасда рўй берган бўларди. Кейин буни дўхтирлар ҳам сезмаслиги мумкин эмасди.
– Дарвоқе, дўхтирлар хусусида! Нима сабабдан улар марҳумнинг заҳарланганлигини сезишмаган?
– Бу ерда ишлатилган модда одам танасига аста-секинлик билан таъсир қилади ва организмнинг маълум қисмини ишдан чиқаради, охир-оқибатда ўлимни келтириб чиқаради. Шу сабабдан дўхтирлар буни сезмаслиги мумкин. Фақат махсус текширишлар натижасидагина бу модданинг танага таъсири аниқланиши мумкин, – эксперт «бўлдими?» дегандай терговчига тикилди.
– Майли, сизга раҳмат. Қолган гапларни қўшимча экспертиза хулосасини олгандан сўнг гаплашамиз. Сиз бораверишингиз мумкин, – Фахриддин ўрнидан қўзғалди.
Шу пайт эшик тақиллаб, хонага мамнун қиёфадаги Санжарбек кириб келди:
– Ахборот беришга рухсат этинг, ўртоқ гуруҳ раҳбари!
– Рухсат, рухсат.
– Ботировнинг ўрнига қабрга дафн этилган одамнинг шахсини аниқладик.
– Хўш, хўш? – деди Фахриддин Каримович вужуди қулоққа айланиб.
– Ботиров «тез ёрдам»да навбатчи врач бўлиб ишлаш билан бирга, ярим штат шаҳар ўликхонасида ҳам фаолият юритган экан. Менимча, ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш мақсадида атайлаб бу ерга ишга кирган. Биз у ишлаган даврдаги барча ҳужжатларни диққат билан кўздан кечирдик. Битта ҳужжатдаги имзоларнинг ҳаққонийлиги бизда шубҳа уйғотди. Қўл қўйган шахсларни чақириб сўрасак, уларнинг барчаси имзолар уларга тегишли эмаслигини, ҳужжат сохта эканлигини тан олишди. Бу ҳужжат фуқаро Асқар Нургалиев мурдасининг дафн этилиши ҳақидаги ҳужжат эди. Шундан сўнг Нургалиевнинг шахси, касаллик тарихи ўрганиб чиқилди.
– Ким бўлган экан ўша Нургалиев, ўз ажали билан ўлганмикин ёки…
Санжарбек қўлидаги қоғозга қараб ўқий бошлади?
– Асқар Нургалиев, 50 ёшда, миллати татар, ҳеч кими бўлмаган, бомж, юрак хуружи натижасида вафот этган.
– Бу жиҳатлари Ботиров дафн этилган қабрдан олинган мурданинг белгиларига мос келаяпти.
– Мос келганда қандоқ! Худди ўзи!
– Қизиқ, Ботиров қандай қилиб мурдани ўғирлашнинг уддасидан чиқди экан.
– Менимча, унинг «тез ёрдам»да ишлаганлиги қўл келган. «Тез ёрдам» автомашинаси ихтиёрида бўлган. Ўзи навбатчилик қилган пайтда олдиндан тайёрлаб қўйилган сохта ҳужжатга асосан мурдани ўғирлашга муяссар бўлган ва уйига яшириб қўйган. Қулай фурсат топиб, ўзининг кийим бошларини унга кийинтириб, ҳужжатларини чўнтагига солиб қўйган. Ўзи эса уйни ичидан қулфлаб, одамларнинг кўзидан ғойиб бўлган.
– Кимдир мурдани икки-уч кун ичида топиб олиши мумкин эди-ку! Бунда унинг режалари чиппакка чиқмасмиди?
– Ахир у врач бўлган-ку! Мурда тўрт-беш кун ичида таниб бўлмас даражага бориб қолишини яхши тушунган.
– Барибир унга чеккадан кимдир ёрдам берган кўринади. Бир ўзи шунча ишни хамирдан қил суғургандай эплаши амри маҳол эди.
– Бўлса бордир.
– Демак, ҳозир Ботиров Асқар Нургалиевнинг паспорти билан юрган экан-да! – Фахриддин Каримович Санжарбек унинг олдига қўйган қоғозга разм солар экан.
– Ҳа, энди у Ботиров эмас, Нургалиев сифатида озодликда юрибди. Балки аллақачон чет давлатга ўтиб кетгандир.
– Менимча, ундай эмас! Уни қасос ўти ўртамоқда. Ўзининг қамалиши, хотини ва болаларининг ўлимида айбдор бўлган шахслардан ўчини олмагунча ҳеч ёққа кета олмайди. Ҳали кўрасиз терговчининг ҳам, судьянинг ҳам ўлими Ботировга бориб тақалади.
– Фахриддин ака, автоҳалокат рўй берган пайтда Ботиров қамоқда бўлганлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.
– Тўғри! Лекин Ботиров биз ўйлагандан ҳам пихини ёрганлардан кўринади. У ўша ёқда туриб, бу автоҳалокатни ташкил этган бўлиши мумкин. Ҳа, дарвоқе унинг хотини ва икки фарзандини ўлимига сабабчи бўлган автоҳалокат тафсилотлари тўғрисида бизга нима маълум!
– Биз бу масала билан шуғулланмаганмиз-ку! Менда ҳеч қандай маълумот йўқ! Фақат ўша пайтда шундай бўлган экан деб эшитгандик.
– Санжарбек бу бизнинг хатомиз. Ҳозир зудлик билан сўровнома тайёрланг, автоҳалокат факти юзасидан жиноят ишими ёки материалми, нима бўлса чақиртириб олишимиз керак! Тажрибали тезкор ходимлардан бирини шу масалага жалб қилинг. Ҳозироқ масалани жойига чиқиб, ўрганиб келсин.
– Хўп бўлади.
– Ҳа, дарвоқе Ботировни қидириш ишлари қандай боряпти?
– Айни пайтда Ботировнинг барча таниш-билишлари, касбдошлари, қариндош-уруғлари билан гаплашилди. Уни кўпчилик қазо қилган деб билади. Ҳеч ким ўша воқеадан сўнг уни кўрмаган, эшитмаган.
– Қидирув ишларини жонлантириш керак. Ҳар бир сония ғанимат. Ботиров хавфли жиноятчига айланиб бўлди. У ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Уни тўхтатишимиз лозим. Акс ҳолда оқибати ёмон бўлади.
– Тушунарли. Биз қўлимиздан келган барча чорани кўраяпмиз! Бирор янгилик бўлса, Сизга тезда хабар қиламиз, – Санжарбек шахдам қадамлар ташлаб, хонадан чиқди…
* * *
Вазира ҳар куни прокуратурага қатнаб турган бўлсада, терговнинг бориши тўғрисида ҳеч кимдан бирор жўяли гап эшита олмай хуноби чиқарди. Бахтига дугонаси Замира бор экан. Ўзини якка қолдирмади. Тушкунликка тушган дамларда кўнглини кўтариб, қўллаб турди.
Бошига тушган кўргуликларда Ботировнинг қўли борлиги ишончли далиллар асосида исботланганлиги унинг кўнглида қандайдир умид уйғотган бўлсада, аммо ҳамон жиноятчининг қўлга олинмаётганлиги, эрининг хабари чиқмаётганлиги Вазиранинг қалбидаги ғашликни кучайтирарди. Бир хушхабар эшитиш илинжида ҳар куни эрталаб прокуратурага келар, оқшом тушгунча терговчиларнинг оғзига термулиб, кечда дугонасиникига қайтиб келарди. Куннинг ботиши, тонгнинг отишини кузатиб, Яратгандан эрини соғ-омон болалари бағрига қайтаришни сўрарди. Хаёлида шу кунларда бир янгилик бўлиб қоладигандай, Баҳром акаси ўз оёғи билан кириб келадигандай эди…
Бугун ҳам Вазиранинг куни кутиш билан ўтди. Терговчилар унинг саволларига «ахтараяпмиз», «қидирув ишлари кетаяпти», «топилиб қолар» деган жавобдан нарига ўтиша олмади. Кеч тушганда ҳориб, чарчаб дугонасиникига қайтди. Замира аллақачон ишдан келиб, кечки ов-қатга уннаётган экан. Вазирани кўриб, суюниб кетди:
– Дугонажон, яхши келдингизми, бирор янгилик борми?
– Ботировни топиша олмаяпти!
– Асосийси жиноятчи маълум! Энди уни топиш унчалик қийин иш эмас. Мана кўрасиз, бир-икки кунда ўша Ботиров деганларини топиб келишади. Ишқилиб, Баҳром ака омон бўлсинларда!
– Айтганингиз келсин, дугонажон!
– Келинг, уст-бошингизни алмаштириб чиқинг, Фаррух акамлар ҳам телефон қилдилар, ҳозир келиб қолади. Ов-қатим ҳам тайёр бўлиб қолди.
Вазира ичкари хонага кириб ечинар экан, кўзи стол устидаги расмга тушди. Расмни қўлига олиб, диққат билан тикилди: «Нақадар бахтли оила. Эр-хотин аҳил, иноқ, бир-бирини ҳурмат қилишади, болалари ёнида. Ҳеч нарсадан ками йўқ. Фаррух ака оддий ишчи бўлиб ишласаларда, хотинига меҳрибон, болаларини бошига кўтаради. Замира ҳам фариштали аёл, ажойиб уй бекаси. Етар-етмас кун кечирсалар-да, ҳаётларидан мамнун, турмушларидан кўнгли тўқ».
Шу тобда Вазиранинг дугонасига ҳаваси келиб кетди. Қанийди унинг ҳам суйган кишиси ёнида бўлса! Ўзи фаррош бўлсада, эри оддийгина қоровул бўлсада, бирга бўлишса!
Замира дугонасининг ҳаяллаганидан хавотир олиб, яна бир бора дастурхонга таклиф қилди. Вазира гарчанд иштаҳаси йўқ бўлса-да, одоб юзасидан ошхонага чиқди. Биргаликда тамадди қилишди. Фаррух қўлидан келганича ширин гаплар айтиб, қизларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди. Аммо Вазиранинг дилидаги туман тарқамади. У ҳориганлигини баҳона қилиб, эр-хотиндан изн сўради-ю хонага кириб кетди.
Тошойна ёнига ўтириб, ўз аксига разм солди. Сочига тушган икки-уч оқ доналарни кўриб, таажжуби ошди: Ё тавба! Яқиндагина сочлари қоп-қора эди-ку! Бир-икки кун ичида шунчалик қариб қолдими? Дард одамни қаритади деганлари рост экан. Қирққа чиқмай сочларига оқ оралабди-я!
Вазира сумкасидан бир неча расмларни олиб, худди уларни биринчи бор кўраётган одамдай маҳлиё бўлиб тикилиб қолди. Эрининг прокурор формасида тушган суратига боқаркан, беихтиёр яна кўзларида ёш қалқиди. Бармоқлари билан эрининг юзларини, сочларини силади. Расмни кўзига суртди. Сўнг оилавий тушган расмни қўлига олди: Нақадар гўзал дамлар эди-я. Қани эди ўша кунлар қайтиб келса. Қанийди бу кунлар туш бўлса! Қизиқ инсон бахтли кунларда шу онларнинг ғанимат эканлигини ҳис қилмас экан. Гўё инсон бир умр шундай бахтиёр ҳаёт кечирадигандай. У дамларнинг қадри кейин бошига кулфат тушганда, бахтсизликка дуч келганда билинар экан.
Вазира болаларининг қувноқ чеҳрасига тикилар экан, шу тобда уларни нақадар соғинганлигини англади. Агар улар ёлғиз жигари – Анваржоннинг қаровида бўлмаганда ҳеч кимга ишонмаган бўларди. Келини ҳам барака топкур, болаларга меҳрибон, ширинсухан аёл. Унинг йўқлигини билдиришмайди. Ўғилларини худди ўз фарзандларидай ювиб-тараб қараб ўтиришибди. Шуларнинг борига шукр!
Вазира расмни қўлидан қўймай, оҳиста жойига чўзилди. Ўзича расмдаги чеҳраларга «хайрли тун» тилаб, суратни авайлаб ёстиғи тагига жойлаб, чироқни ўчирди. Ухлашга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, кўзига уйқу келмади. Алламаҳалгача хаёлот кўчаларини кезиб юрди:
«Наҳот Ботиров шу ишларни қасос олиш мақсадида қилган бўлса! Ўч олиш учун жиноятга қўл уриш, ўз ҳаётидан воз кечиш шартмикин? Ҳар нарса Оллоҳнинг амри билан бўлади-ку. Бандаси бир сабабчи холос. Ботиров ноҳақ қамалган ҳам дейлик. Уни ҳеч ким атайлаб қамамагандир. Ҳар кимнинг айбига яраша жазосини Яратганнинг ўзи бермайдими? Ўч, қасос, интиқом дегани нима ўзи? Ўлдирганни ўлдир, қонга қон, жонга жон деганими? Бир пайтлар бу миллат шаъни, ор-номуси билан боғлиқ бўлган. Ҳозир бундай йўл тутишга на ҳожат! Ахир бизда айбдорларни жазоловчи махсус идоралар бор-ку! Тўғри, Ботировнинг хотини, болаларига ачинмай бўлмайди. Уларнинг заррача гуноҳлари йўқ. Лекин умрлари қисқа экан. Худо уларнинг тақдирини шундай яратган экан, бандасининг қўлидан нима келсин! Бунда кимнидир айблаш тўғрими? Кимнидир ҳаётдан жудо қилиш шартми? Ахир одамзодга ҳаёт бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Оллоҳнинг ўзи-ку! Ҳа, суюкли хотинидан, ширин-шакар фарзандидан, оиласидан, ишидан, эркинлигидан жудо бўлиш ҳар қандай инсоннинг дилини тош, кўзини кўр, инсоний ҳис-туйғулардан жудо қилиб қўйиши табиий. Ботиров ҳам шу кўйга тушган бўлса керак. Лекин шунча ишни унинг бир ўзи эплай олиши мумкинмикин? Унга кимдир ёрдам берганга ўхшайди. У ким бўлиши мумкин? Марзиями? Ботиров шундай вазифани уддалашни аёл кишига топшириши мумкинми? Аёл киши бу ишни эплай оладими? Бир аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади дейдилар. Балки Ботировга аёл кишининг ана шу макри керак бўлгандир? Ботиров ўзига ёрдамчи қилиб бекорга Марзияни танламаган. У ёш, чиройли, келишган ва дилбар жувон. Ҳар қандай йигит унинг гўзаллиги қошида тиз тушиши мумкин. Шу мегажин Баҳром акамни ҳам Ботировнинг тузоғига тушишига кўмаклашган бўлса ажаб эмас. Эримнинг ягона айби – бу қизларга кўнгли бўшлиги эди. Бўлмаса куппа-кундуз ишхонасидан биров «юр» деса қўшилиб кетаверармиди! Шу Марзия ўлгур унинг ақлини олган. Тавба, тавба. Ҳа Вазира, шу ҳолда ҳам эрингни рашк қилаяпсанми? Ҳали воқеалар қандай юз берганлигини билмайсан-ку! Эрингнинг қай аҳволда эканлиги, ҳатто ўлик ёки тириклиги номаълум бўлиб турган бир вақтда рашк қилишга бало борми? Аммо кўнглим сезиб турибди, шу Марзияда бир гап бор. У билан илк бора учрашган пайтидаёқ унинг ниманидир яшираётганлиги, ёлғон гапириб турганлиги аён эди. Терговчиларнинг топган гапи «далил етишмайди!», «исбот йўқ!». Қанақадир «айбсизлик презумпцияси»ни пеш қилишади. Нима, жиноятчи сенга «ҳаммасини мен қилганман» деб тан олиб турсинми? Ҳамма ҳам ўзини оқлашга, беайб кўрсатишга ҳаракат қилади-да. Бир-икки кун қамоқда ётса, дарров тилга киради қўяди! Бу Фахриддин Каримович ҳам қизиқ терговчи экан-да! Марзиянинг ёлғон сўзлаб турганлигини кўра-била туриб, қўйиб юборди-я. Энди қочиб кетса нима бўлади. Ботировга олиб чиқиши мумкин бўлган ягона ҳалқа ҳам йўқ бўлади. Унинг орқасидан пойласаммикин? Сезиб қолса нима бўлади? Балки терговчилар уни кузатишаётгандир. Балки Фахриддин Каримович уни атайлаб қўйиб юбориб, орқасидан одам қўйгандир…»
Вазира ўрнидан туриб чироқни ёқди. Соат энди иккидан ўтибди. Тун бунча ҳам узоқ бўлмаса. Ёстиқ тагидан расм олиб, болаларига тикилди. Овозини чиқариб, «кўзларингдан айланай, полвонларим» деб эркалатган бўлди. Эри ҳам уларни жонидан яхши кўрарди. Икки-уч кун кўрмаса, ўзини қўярга жой топа олмай қоларди. Хизмат сафарига кетган пайтлари ҳам деярли ҳар куни ўғиллари билан гаплашиб турарди. Қайтишда уларга совға-салом олиб келишни канда қилмасди. Доимо икки ўғлининг суратини ёнига солиб юрарди. Ҳамма оталар ҳам шунақа қилавермайди. Дарвоқе, Ботировнинг ҳам шунақа одати бор экан. Ўша куни Зафар докторникида унинг паспорти орасидан ўғлининг расми чиққанди. Ўшанда Ботировни ўлган деб билардик. У ўлмаган экан. Қизиқ, унда нега ўғлининг расмини қолдириб кетган. Ўзи билан олиб кетса бўларди-ку! Ёки бунда бирор сир бормикин? Нима бўлиши мумкин? Расмнинг орқа томонида қандайдир ёзув ҳам бор эди. Лекин қандай қилиб, Ботиров ўғлидан қолган ягона эсдаликни қолдириб кетиши мумкин? Ёки ўзининг ўлганлигига ҳаммани ишонтириш учунми? Йўқ, йўқ! Паспортини қолдирган, шу етарли эди. Расмни атайлаб, кимгадир, ниманидир эслатиш ниятида қолдирган бўлса-чи! Нима бало, ҳар нарсага шубҳа билан қарайдиган ваҳимачи бўлиб қолдимми? Битта расмни деб шунча шубҳа-гумонларга боряпман. Балки ёдидан чиққандир. Балки унда бу суратдан иккита бўлгандир. Ҳар нарса бўлиши мумкин…
Вазира кейинги суратни қўлига олди. Эри, ўзи, марҳума қайнонасининг тасвири тушган расм. Ўшанда Ҳалима опа яқинда прокуратурага ишга кирган ўғлини табриклашга келганди. Боласининг дастлабки муваффақияти уни нақадар суюнтирганди. Дилидаги қувончи ҳамон юз-кўзларидан балқиб турибди. Бечора Ҳалима опа, умри қисқа экан. Ўғлининг кейинги бахтли онларини кўрмай кетди. Балки Оллоҳ уни шу кунларни кўрмаслиги учун ўз ҳузурига эртароқ чақириб олдимикин? Бу кўргиликларни кўрмасдан кетгани балки яхши бўлгандир…
Вазира қайнонасининг расмига тикилар экан, хаёлида ўтмиш хотиралари гавдаланди: Нега ўшанда бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши турди экан-а! Она қалби сезувчан бўлар экан-да! Наҳот у бизнинг келажагимизни олдиндан кўра билган! Мени «шум қадам» деб ҳисоблаганди. Ҳақиқатдан ҳам шундаймикин-а? Баҳром акам билан танишишимиз ҳам бахтсизлик билан бошланганди. Мана охири ҳам яхшилик билан якун топмади. Баҳром акамнинг бошига тушган бахтсизликлар наҳот мен туфайли бўлса! Мен ҳақиқатдан ҳам шумқадамманми? Қайнонам нимага асосланиб мени шундай атаган экан-а! Балки Баҳром акамнинг мени қутқараман деб, жароҳат олиб, ўлим тўшагига тушиб қолганлиги унга оғир ботгандир. Бундай пайтда ҳар қандай онанинг ғазаби қўзиши табиий эмасми? Ҳа, ўша воқеа сабаб мени бошида қабул қила олмадилар. Кейинчалик тўйимизга ўзлари розилик бердилар-ку. Менга ҳам муносабати ўзгарди. Бир-икки йил ўтиб, қайнона-келин роса чиқишиб кетдик. Мен у кишини ўз онамдай, улар эса мени ўз қизидай яхши кўриб қолдилар. Тилло аёл эди раҳматли. Шу кунларда ҳаёт бўлганларида иккимиз бир-биримизга тиргак бўлармидик...
Туни билан у ёнидан бу ёнига ағдарилиб, яхши ухлай олмаганлигига қарамасдан, тонг отмасдан уйғониб олган Вазиранинг хаёлидан негадир ўша сурат чиқмай қолди. Расмнинг орқа томонига қанақа сана ёзилганди-я? Қайсидир байраммиди? Ҳа, ҳа, адашмасам «1978 йил 8 март» деган ёзув бор эди. Зафар ака «Жасурбек 1981 йил 1 январда туғилган» деганди. Ёки у адашганмикин? Ўшанда Зафар докторнинг ўзи ҳам бу ёзувга таажжуб билан қараганди. Балки у кейинчалик бу сирнинг тагига етгандир. Нима бўлганда ҳам у билан учрашиб, бу ҳақда гаплашиб олишим керак…
Вазира дугонасининг «нонушта қилиб олинг» дейишига қарамай, тамадди ҳам қилмасдан Зафар докторникига йўл олди. Бахтига доктор энди ишга отланиб турган экан. Мухбир опанинг каллаи саҳарлаб қилган ташрифи уни ғашига теккан бўлсада, буни сездирмасликка ҳаракат қилди:
– Келинг, келинг меҳмон!
– Ассалому алайкум, Зафар ака. Эрталабдан сизларни безовта қилганим учун минг бора узр.
– Йўқ, йўқ, келинг марҳамат.
Вазира ҳовли ўртасидаги чорпояга омонат ўтирди. Дуога юз силашдилар. Зафар доктор эшикдан кўринган хотинига чой дамлашни буюриб, «хўш хизмат» дегандай Вазирага қаради.
– Зафар ака, эшитган бўлсангиз керак, мен ўша прокурор Баҳром Сафаровичнинг турмуш ўртоғи бўламан.
– Ҳа, ҳа прокуратурага борганда эшитгандай бўлувдим.
– Ўтган сафар сизга ёлғон гапирмаганман. Ўзим газетада мухбир бўлиб ишлайман. Нима қилай, томошабин бўлиб қараб туролмаяпман. Журналистлигимдан фойдаланиб қўлимдан келганича терговчиларга ёрдам бермоқчи эдим холос. Сизни ортиқча безовта қилганим учун яна бир бора узр сўрайман.
– Ҳечқиси йўқ. Сиз тўғри йўл тутганингизга аминман. Аҳволингизни тушунаман. Қўлимдан келганича сизга ёрдам беришга тайёрман.
– Раҳмат, Зафар ака! Ёдингизда бўлса, ўша куни Ботировнинг ҳужжатлари орасида бир расмга кўзим тушганди. Ўша расмни менга кўрсата оласизми?
– Албатта, мен уни дўстимдан ёдгорлик сифатида сақлаб қўйганман. Прокуратура терговчилари Ботировга тегишли ҳужжатларни, буюмларни олиб кетишди, – Зафар доктор ўрнидан туриб, ичкари хона томонга юрди. – Мен ҳозир олиб чиқаман.
Кўп ўтмай доктор расмни олиб чиқиб, Вазирага узатди.
– Боланинг исмини Жасур дегандингиз-а? – деди Вазира расмга диққат билан тикилар экан.
– Ҳа, Жасурбек.
Вазира суратнинг орқа томонини ўгириб, «1978 йил 8 март» деган ёзувни овоз чиқариб ўқиди.
– Зафар ака, бу ёзув сизнингча нимани англатади. Боланинг туғилган куниними?
– Йўқ, мен аниқ биламан, Жасурбек 1981 йил 1 январ куни туғилган. Биз ҳар йили янги йил кечаси унинг туғилган кунини ҳам нишонлардик.
– Сурат олинган кун десак, унда Жасурбекнинг ўзи бўлмаган. Қизиқ, бу сана нимани англатиши мумкин? – сўради Вазира бир суратга, бир дўхтирга қараб.
– Мен ҳам шунга ҳайронман.
– Нима деб ўйлайсиз, Ботировни шу сана билан, яъни 1978 йил 8 март билан боғловчи бирор воқеа, ҳодиса ёки бирор кимса борми?
– Қайдам. Балки… – Зафар доктор Нурали бобо билан боғлиқ тахминини айтмоқчи бўлдию, яна бўлмаган нарсани гапириб, қиз бечорани бекорга сарсон қилмай, деган хаёлда фикридан қайтди.
– Хўш, хўш, нимайди?
– Бирор нарса дейиш қийин. Менимча, суратга кимдир билмасдан ёзиб қўйган бўлса керак.
– Одатда, суратнинг орқа томонига сурат туширилган сана ёки тасвирдаги кишининг туғилган куни қайд этилади. Ботиров суратни ҳамиша ёнида олиб юрган кўринади. У менимча, яхши кўрган суратнинг ортига бўлар-бўлмас сўзни ёзиб қўядиган одам эмас, – деди Вазира мантиқий хулоса чиқаришда давом этиб.
– Мен ҳам ўша пайтда худди сиздек мушоҳада қилган эдим. Лекин ўйлаган тахминларим тўғри чиқмади-да, – доктор тилини тийиб туролмади.
– Демак, сизда тахмин бўлган, шундайми? – Вазиранинг терговчиларга хос сўроқ қилиши йигитни шошириб қўйди.
– Бор эди. Аммо бу тахминим тўғри чиқмади.
– Зафар ака, майли тўғри чиқмаган бўлса-да, айтиб беринг, илтимос сиздан!
Доктор соатига бир қараб, Ботиров билан 1978 йил 8 март куни содир бўлган автоҳалокат, Нурали бобонинг уларни топиб олиб, ўлимдан сақлаб қолганлиги, Ботировнинг бобо билан кейин ҳам борди-келди қилиб юрганлигини, у расмдаги ёзувни кўргач, Аҳад доктор унга бирор хат-пат қолдирдимикин деган хаёлда, Нурали бобони излаб борганлигини, аммо бобо бир қанча муддат олдин бандаликни бажо келтирганлигини, уйидан ҳеч кимни тополмай сарсон бўлиб қайтганлигини ипидан игнасигача батафсил сўзлаб берди.
– Нурали бобонинг ҳеч кими йўқмиди?
– Раҳматлининг ҳеч кими йўқ эди. Уйида ҳозир кимдир турган экан. Бахтга қарши у ҳам қаёққадир кетган экан.
– Бирор узоқроқ қариндоши бўлса керак-да!
– Билмадим, уйни сотиб олган шекилли.
– Балки уй соҳиби билан учрашганингизда бирор нарса айтармиди?
– Қайдам. Ботиров Нурали бобога бирор нарса қолдирган бўлганида бобо бу ҳақда менга айтган бўларди. У менга ҳам бегона эмас эди. Менимча, бу шунчаки тасодиф.
– Шундай деб ўйлайсизми?
– Шундайга ўхшайди.
– Ўша сана яна бирор нарсани англатиши хусусида ўйлаб кўрдингизми?
– Ўйладим, лекин бу сана билан боғлиқ бошқа бирор ҳодиса ёки воқеа бўлганлигини эслай олмадим.
– Балки ўша сана Ботировнинг ўзига тегишли ҳолатни назарда тутгандир, – Вазира савол беришда давом этди.
– Мен Ботировни, оиласини яхши билардим. Уларнинг ҳаётида ҳам бу санага боғлиқ воқеа бўлганлигини хотирлай олмайман. Яна билмадим… мен билмаган нарсалар ҳам бўлиши мумкин-ку!
– Тўғри айтасиз. Баъзан ҳаётда биз унчалик аҳамият бермаган нарсалар кимлар учун муҳим нарса бўлиши мумкин. Сизга раҳмат, агарда бирор масала ёдингизга тушиб қолса, мен ҳали шу ерда бўламан, айтарсиз, – Вазира дастурхонга дуо қилиб, ўрнидан турди.
– Хўп бўлади, ўтирсангиз бўларди, келинингиз уйда. Мен ишга боришим керак, – Зафар доктор меҳмонни эшиккача кузатиб қўйди…
* * *
Фахриддин Каримович гуруҳ аъзолари билан навбатдаги тезкор йиғилишни ўтказиб, олинган маълумотларни таҳлил қилиб ўтирар экан, оддийгина дўхтирнинг ашаддий жиноятчига айланиб қолганлигига ажабланди. Одатда, бундай жиноятларга жиноят содир қилавериб, дийдаси қотган, одамийликдан асар ҳам қолмаган, эркинликдан кўра қамоқхонани афзал кўрадиган, маънан бузуқ шахслар қўл уришарди. Лекин Ботиров унақа одамлар тоифасига кирмайди. Қандай қилиб у қисқа муддатда ашаддий жиноятчи, пихини ёрган қонунбузарга айланиб қолди? Уни бундай оғир жиноятларга ундаётган ягона куч – қасос, интиқом ўти эмасмикин?..
Эшик тақиллаб, Санжарбек кириб келди:
– Фахриддин ака, Тошкентдан иккита янгилик олинди…
– Бири яхши, бири ёмонми?
– Йўқ, бу сафар ҳар иккаласи ҳам хайрли! Қай биридан бошлай?
– Бошла, бошла, хайрлироғидан бошлайвер, одамни интиқ қилмасдан.
– Сизнинг тахминингиз тўғри чиқди. Ботировнинг қотиллик жинояти бўйича Бош прокуратура томонидан назорат тартибида протест келтирилибди.
– Бу яхши, иккинчиси-чи?
– Ботиров… тўғрироғи Нургалиев 15–16 октябр кунлари Тошкентдаги «Россия» меҳмонхонасида тунаганлиги, шу кунлари, худди шу меҳмонхонада Марзия ҳам бўлганлиги аниқланди.
– Шунақа денг! Марзиянинг Ботиров билан тили бир эканлигига энди шубҳа йўқ. Ўзи бевосита жиноят содир этмаган бўлса-да Ботировга ёрдам берганлиги аниқ. Уни қамоққа олишга тўғри келади, – деди Фахриддин жиддий тусга кириб.
– Бу аёл ўзининг ёлғонлари билан бизни роса лақиллатиб келди. Қани энди нима дер экан!
– Ҳа дарвоқе, уни кузатиш ишлари қандай бормоқда?
– Кузатаяпмиз, уйига кўмилиб ўтириб олган. Кўчага ҳам деярли чиқмаяпти. Хатти-ҳаракатида бирор бир шубҳали жиҳат сезилмади.
– Яхши, тезкор ходимларни йўлланг, уни олиб келишсин. Яна бир бора гаплашиб кўрай. Зора, айбини бўйнига олиб, билганларини айтиб берса!
– Тушунарли! – Санжарбек шахдам қадамлар билан хонадан чиқди.
Фахриддин сигаретини тутатиб, дераза ёнига келди. Прокуратура ҳовлисига экилган турфа хил гуллар, райҳон ҳиди димоғига урилди. Ташқарида эсаётган майин шабада вужудига ором бахш этиб, туйғуларини қитиқлагандай бўлди. Узоқдан мактабдан қайтаётган бир гала болаларнинг шодон қийқириқлари қулоғига чалиниб, беихтиёр болалари ёдига тушди. Мана Бекободга келганларига ҳам бир ҳафта бўлди. Гарчанд ўзи ҳам, хотини, болалари ҳам шунақа хизмат сафарларига ўрганиб қолган бўлса-да, бу сафаргиси негадир чўзилиб кетгандай эди. Шу қисқа муддатда уйдагиларни нақадар соғинганини ҳис қилди. «Вақт топиб, уйга бориб келсаммикин» деган фикр хаёлидан ўтди. Йўқ, бунинг асло иложи йўқ! Иш қизиб турган ҳозирги пайтда бир соат тугул, бир сония ҳам бу ердан кетиб бўлмайди. Ишлар сал силжиса, болаларини, албатта уларнинг аяжонисини кўриб келиш учун қанот боғлаган бўларди…
Фахриддин жойига ўтириб, аввал қилинган ишлар ҳақида раҳбариятга ахборот берди. Ботировнинг қотиллик жинояти бўйича протест қачон кўрилишини суриштирди. Марзия айбини бўйнига олиб, тергов билан ҳамкорлик қилишдан бўйин товласа, уни қамоққа олишга мажбур эканлигини билдирди. Сўнг рафиқасига қўнғироқ қилиб, болаларнинг ҳол-аҳволини сўраган бўлди. Ҳозирча юмушлари кўплигини, лекин имкон топди дегунча уларни кўриб келишга боришини айтиб, хотинини хотиржам қилди, болаларга эътиборлироқ бўлишни тайинлади.
Ташқарида Санжарнинг дўриллаган овози эшитилди. Бир оз ўтиб у хонага Марзияни бошлаб кирди. Фахриддин Каримович қизга жой кўрсатиб, ўтиришга таклиф этар экан, уч-тўрт кунда инсоннинг шунчалик озиб-тўзиб, сўлиб қолганлигига ишонгиси келмади. Гулдай қизни қисқа муддат шу кўйга солган нарса нима экан? Ўй-хаёлларми, виждон азобими?
– Марзияхон, сиз билиб-билмай оғир жиноятга аралашиб қолгансиз. Балки сизнинг унчалик айбингиз ҳам йўқдир. Мен сизни ҳозир гувоҳ сифатида сўроқ қиляпман. Ёлғон гувоҳлик берсангиз ёки гувоҳлик беришдан бош торт-сангиз жиноий жавобгарликка тортилишингиз мумкинлиги ҳақида огоҳлантираман. Мана бу ерга имзо чекинг, – Фахриддин ёнидаги қоғоз ва ручкани Марзияга узатди.
Марзия эътироз билдирмасдан баённоманинг юқори қисмига имзо қўйди.
Фахриддин Каримович овозига расмий тус берди:
– Сиз ўзингизнинг муқаддам берган кўрсатмаларингизда Аҳад Ботиров билан сентябр ойида тасодифан учрашиб, Тошкентга бирга кетганда кўрганлигингизни, бошқа уни учратмаганлигингизни баён этгансиз. Шунга қўшимчаларингиз борми?
Марзия бир оз ўйланиб туриб, сўнг эшитилар-эшитилмас «йўқ» деди.
– Ўшандан кейин бир-икки ой ичида Тошкентга борганмисиз, борган бўлсангиз қаерга жойлашгансиз?
– Бормаганман.
– Яхшилаб эслаб кўринг, октябр-ноябр ойларида.
– Тошкентда ҳеч кимим йўқ бўлса, итим адашибдими?
– Унда марҳамат қилиб менга айтинг-чи, мана бу қоғозларда сизнинг ўша йили 15–16 октябр кунлари Тошкентдаги «Россия» меҳмонхонасида тунаганлигингиз қайд этилганлигини қандай тушуниш мумкин? Бундан ташқари, худди шу кунлари сиз билан ёнма-ён хонада Аҳад Ботиров ҳам яшаганлигини қандай изоҳлайсиз?
Марзиянинг дами ичига тушиб, ранги бўзарди.
– Биламан, Ботиров сиздан ўз мақсади йўлида фойдаланган. Агар сиз қилмишингизга пушаймон бўлиб, бор ҳақиқатни айтиб берсангиз, ўзингизга анча енгил бўлади. Акс ҳолда сиз жуда оғир жиноятни содир этишда фаол иштирокчи бўлиб қолишингиз мумкин.
Марзия пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Санжарбек стол устида турган графиндан сув қуйиб унга узатди. Жувон сувдан бир-икки ҳўплаб, ўзини босиб олди. Сўнг пиёлани стол устига қўйиб, ҳорғин овозда гап бошлади:
– Аҳад ака мени алдади. У киши мени бир бор ўлимдан сақлаб қолганди. Шу сабабдан унга ҳурматим баланд эди. Унинг илтимосини рад этишим мумкин эмасди. Қамоқдан қайтгач, кўчада учрашиб қолдик. Бир оз суҳбатлашдик. У киши ўзининг бошидан ўтганларини менга гапириб берди. Ҳозирда ишини қайта кўриб чиқишни сўраб, Республика прокуратурасига шикоят ёзганлигини, Худо хоҳласа бутунлай оқланиб чиқишини айтди. Телефон рақамларимиз, уй манзилларимизни алмашдик. Кейинчалик мени бир икки марта уйига чақирди. Қўлимга пул бериб, болаларимга совға олиб беришимни тайинлади. Бир гал учрашганимизда у Тошкентга бирга бориб келайлик, деб илтимос қилди. Мен ҳам у-бу харид қилиш учун Отчопар бозорига бормоқчи бўлиб юргандим. Рози бўлдим. Йўлда у менга унинг шикоятини ўрганаётган прокурорга ҳеч йўл топа олмаётганини, ўша прокурор муқаддам Бекободда ишлаб кетганлигини, уни бир пиёла чойга таклиф қилиб, юрагидаги дардларни тушунтириб беришда менинг ёрдамим кераклигини айтди. Тошкентга икки марта бордик. Биринчи марта сентябр ойида борганимизда прокурор хизмат сафарига кетган экан деб, менинг ишларимни битириб, совға-саломлар билан қайтарди. Кейин «прокурор келгач, ўзим сени телефонда чақиртираман», деди. Мен Бекободга қайтиб келдим. Орадан тахминан бир ойлар ўтгач, Аҳад ака қўнғироқ қилиб, мени Тошкентга чақиртирди. Биз «Россия» меҳмонхонасига жойлашдик…
Марзия бир оз тўхтаб қолди. Санжарбек унинг толиққанини кўриб, пиёлага сув қуйиб узатди. Қиз сувдан ичиб, ҳикоясини давом эттирди:
– Эртаси куни Аҳад ака менга бекободлик Гулмира деган аёл номидан Баҳром ака деган прокурорга телефон қилиб, гаплашишимни айтди. Мен сабабини сўрадим. У киши Бекободлик Гулмира деган аёл Баҳром ака билан яхши муносабатда эканлигини, у прокурорга «мен яқинда Тошкентга бориб, сизга телефон қиламан», деган мазмунда хат ёзганлигини, прокурор Гулмиранинг қўнғироғини кутиб ўтирганлигини билдирди. Мен «ахир таниши бўлса, овозимдан таниб қолади-ку» деб, аввал рози бўлмадим. У эса нима деб гапиришингни ўзим ўргатаман, чиройли қизларнинг овози ўхшаш бўлади, сен қўрқма, дея мени тинчлантирди. Мен унга раҳмим келиб, ноилож рози бўлдим. Кўчадаги телефондан у менга рақамни териб, ким биландир гаплашиб, Баҳром акани улаб беришни сўради. Кейин гўшакни менга узатди. Мен овозимни сал ўзгартириб, Гулмира эканлигимни, Бекободдан бир дугонам билан таксида бугун келганимни, унда муҳим ишим борлигини айтиб, ишхонаси ёнидаги муюлишга бир дақиқага чиқишини илтимос қилдим. У мендан «овозингизга нима қилди?» деб сўради. Мен томоғим шамоллаганлигини баҳона қилдим…
Марзия бир оз тин олиб, сўзини давом эттирди. Терговчилар аёлни чалғитиб юбормаслик мақсадида сўз қотмай қотиб туришарди.
– Аҳад аканинг топшириғи бўйича мен айтилган жойда таксининг олд ўриндиғида ўтирган ҳолда прокурорнинг чиқишини кутиб турдим. Сал ўтмай, бир йигит бизнинг машина томонга кела бошлади. Мен уни дарров танидим. Чунки Аҳад ака унинг расмини менга кўрсатган эди. Машинадан тушиб, у кишига пешвоз чиқдим. У ҳайрон бўлиб, Гулмирани сўради. Мен олдиндан келишувимизга кўра, Гулмиранинг дугонаси эканлигимни, у ҳозир дўконга кирганини, икки дақиқада келишини айтиб, унга машинада ўтириб туришни таклиф этдим. У истар-истамас машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди. Биз танишиб олдик. Кейин мен Аҳад аканинг тайинлаши бўйича йўлнинг қарама-қарши томонидаги дўкондан Гулмирани чақириб келиш баҳонасида машинадан тушиб, дўкон томонга юришим лозим эди. Мен Аҳад ака айтгандай машинадан тушиб, йўлнинг нариги томонига чопқиллаб кетдим. Ортимга бурилиб қарасам, бояги машина жойидан зарб билан қўзғалганини кўрдим. Олд ўриндиқда шофёрнинг ёнида бир киши, орқа ўриндиқда икки киши бор эди чамамда. Йўлнинг нариги томонига ўтиб, прокурор Баҳром ака тушиб қолдимикин, деган хаёлда у ёққа тикилдим. Лекин ҳеч ким кўринмади… Қўрқиб кетдим. Нима ҳодиса юз берганлигини англай олмай қолдим. Югуриб меҳмонхонага қайтиб келдим. Аҳад акани кутдим. Икки-уч соатлардан сўнг у қайтиб келди. Мен ундан нега бундай қилганликларини, мени алдаб, жиноятларига шерик қилганлигини айтиб, ёпишиб кетдим. У эса мени юпатиб, «у ишимни қайта кўриб чиқилиши учун пул талаб қилганлигини, бўладиган ишни бўлдирмай тамагирлик қилиб тургани учун йигитлар у билан баъзи «тарбиявий ишлар»ни олиб бориб, сўнг қўйиб юборишади» деди. Мен ундан «ишқилиб, уни ўлдиришмайдими?» деб сўрадим. Аҳад ака эса «бундан менга нима ҳожат, у ўлиб кетса, ишимни ким битказади» деб тинчлантирди. Шундан сўнг мен бир оз ҳаяжонимни босиб олдим. Кейин Аҳад ака менинг қўлимга каттагина пул бериб, таксида Бекободга кузатиб қўйди. Шундан сўнг уни қайта кўрмадим…
– Машинани ким бошқараётган эди? – Фахриддин Каримович ўрнидан туриб, Марзияга яқин келди.
– Чамаси 35-40 ёшлардаги эркак киши эди.
– «Жигули»нинг давлат рақами, бирор хос белгиси ёдингизда қолганми?
– Рақамига қарамаган эдим. Анча вақт ўтди, бирор нарсасини эслай олмайман. Фақат…
– Хўш, хўш?
– Орқа томонида боши қимирлаб турадиган ўйинчоқ кучукча бор эди. Машина юрганда худди тирикдек бошини сарак-сарак қилиб турарди.
– Ботиров сизга Гулмирани чақириш баҳонасида машинадан тушиб кетишни буюрганмиди ёки сиз ўзингиз машинадан тушиб кетдингизми?
– Ботировнинг кўрсатмаси бўйича мен прокурор машинага ўтиргандан сўнг, бир оз гапга солиб, сўнг Гулмирани чақириш учун машинадан тушиб, йўлнинг нариги томонига ўтиб кетишим, бошқа ҳеч нарса билан ишим бўлмасдан, меҳмонхонага қайтиб келишим зарур эди. Мен ҳаммасини у айтгандай қилдим.
– Йўлнинг нариги томонига ўта туриб, орқага қараб қўйишни ҳам Ботиров тайинлаган эдими? – Санжарбек гапга қўшилди.
– Йўқ, мен шунчаки бехосдан ортимга қараган эдим.
– Машинага келиб ўтирган йигитлар неча киши эди, уларнинг бирортасини эслаб қолдингизми?
– Менимча, икки киши эди. Иккаласи ҳам спортчилардек бақувват йигитлар эди. Лекин уларни эслаб қолишга имкон бўлмади. Биринчидан, мен йўлнинг нарига бетига ўтиб, улардан анча узоқлашиб кетгандим. Иккинчидан, воқеалар шунчалик тез рўй бердики, тузукроқ кўришга ҳам улгура олмай қолдим.
– Ботиров сизни алдаганини билгач, нима сабабдан бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этмадингиз? – деди Фахриддин қўлида тугаб бораётган сигаретасини кулдонга ташлай туриб.
– У менга «прокурорга ҳеч нарса бўлмайди, фақат у тихирлик қилиб, менга ёрдам беришдан бош тортиб турибди, йигитлар у билан тарбиявий ишлар олиб боришади, йигитчасига гаплашиб, сўнг қўйиб юборишади», деди. Мен унинг гапига ишониб, сал хотиржам тортдим.
– Сиз Баҳром Сафаровичнинг йўқолиб қолганлиги ҳақидаги хабарни қачон, кимдан эшитган эдингиз? – ниҳоят терговчи Марзия кутган саволни берди.
– Янги йил арафасида Бекободда бу ҳақда шов-шув тарқади. Ҳозир мен айнан кимдан эшитганимни эслай олмайман. Аммо ҳамма шу ҳақда гапирарди. Мен қўрқиб кетдим. Ўзимни бу ишларда гуноҳкордай сеза бошладим. Нима бўлганлигини билиш мақсадида Аҳад акани излай бошладим. Аммо уни топиш имкони бўлмади. Таниш-билишларидан суриштирсам, ҳамма унинг вафот этганлигини айтишарди. Аммо мен унинг тирик эканлигини, ўзини ўлдига чиқариб юрганлигини билардим…
– Ботировнинг қилган оғир жинояти тўғрисида била туриб, нима сабабдан бу ҳақда тегишли идораларга хабар қилмадингиз? Жиноятни яшириш ҳам жиноят эканлигини билармидингиз?
– М-е-е-е-н… қ-ў-ў ў-р-р-қ-о-қлик қил-дим! Ме-ни к-е-ч-и-р-и-н-г-л-а-р! – деди Марзия кўз ёшларини рўмолчаси билан арта туриб.
Терговчилар то кечгача Марзияни ҳар хил саволларга тутиб, «қийнашди». Айрим саволларни такрор-такрор беришиб, Марзиянинг билганларини ипидан игнасигача «суғириб» олишди. Кечга яқин мутахассислар унинг ёрдамида Баҳром Сафаровични олиб кетган автомашина ҳайдовчиси ва икки номаълум шахснинг фотороботини чизишди.
Фахриддин Каримович Марзиянинг қилмишига пушаймон бўлиб, айбини бўйнига олганлиги, тергов билан ҳамкорлик олиб борганлиги, қарамоғида ёш боласи борлигини инобатга олиб, ҳеч қаёққа кетиб қолмаслик ҳақида тилхат орқали очиқда қолдиришга қарор қилди.
Эрталабдан буён «мени олиб қолишса, боламнинг ҳоли нима кечади, уни кимга қолдираман», деб хаёл қилиб ўтирган Марзия терговчининг қароридан ўзида йўқ суюниб кетди. Фахриддин Каримовичга минг-минг раҳматлар айтиб, уйига қайтди.
– Фахриддин ака, тўғри қарорга келдик, деб ўйлайсизми? Эртага боласини олиб қочиб қолса, нима бўлади? – деди Марзия чиқиб кетгач, Санжарбек хавотирини яширолмай.
– Боласи бор, уй-жойи бор, қаёққа ҳам борарди, – хотиржам жавоб берди гуруҳ раҳбари. – Марзияни қамоққа олиш қочмайди. Биз олдин Ботировни қўлга олишимиз лозим. Унинг очиқда юрганлиги мени кўпроқ ташвишга солмоқда. У бизга яна қандай «сюрпризлар» тайёрлаб қўйган, буни билмаймиз! Ҳар сония ғанимат! Кеч соат тўққизга гуруҳ аъзоларини тезкор мажлисга йиғинг, келишиб олишимиз даркор. Барча ходимлар амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумотнома билан келсин.
– Фахриддин ака, тезкор йиғилиш ўтгандан сўнг Тошкентга бориб келишимга рухсат берсангиз.
– Санжарбек, биламан, бир ҳафтадан бери хотин, бола-чақани унутиб шу ерда ўтирибмиз. Аммо касбимиз шуни тақозо этади. Агар сир бўлмаса, ўзи Тошкентда нима юмушингиз бор эди? – гуруҳ раҳбари маъноли қараш қилди.
– Қизчамнинг туғилган куни эди. Ҳар сафар унинг туғилган кунида сафарда бўляпман. Ҳеч тўғри келмаяпти. У эса мени ухламасдан кутади. Бошим қотиб қолди. Бу томонда ишлар шунақа кўпайган пайтда жавоб сўрашга ўзимнинг ҳам юзим чидамай турибди.
– Санжарбек, ҳозир бир сония ҳам ғанимат. Ҳали Тошкентга боргач, биргалашиб, келин боланинг ҳам, қизингизнинг ҳам кўнглини оламиз. Қўнғироқ қилиб, менинг номимдан ҳам уларни табриклаб қўйинг, – Фахриддин Каримович қўлига қоғоз олиб, нималарнидир ёзишга тушди.
Санжарбек бошлиққа эътироз билдириш бефойда эканлигини сезиб, хонадан чиқди. Қабулхона томонга ўтиб, Тошкентга қўнғироқ қилди. Хотинидан бу гал ҳам узр сўради. Қизини табриклади, ширин сўзлар билан эркалади, унга каттакон қўғирчоқ олиб қўйганини, бир-икки кунда бориб қолишини айтиб, хайрлашди. Сўнг елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортиб, яна ишга шўнғиб кетди…
* * *
Сафар ака гарчанд ўғлига аза очиб, рамзий қабр ўрнатган бўлсада, унинг тириклигига ишончини йўқотмаган эди. Хаёлида бир кун тонг пайтида ўз оёғи билан кириб келадигандай эди. Орадан тўрт йилга яқин вақт ўтаётган бўлсада, қалбидаги ишонч сўнмаганди.
Бир томондан қирқ йил бирга умр гузаронлик қилган сирдоши, сафдоши, ёстиқдошидан жудо бўлиш, иккинчи томондан суянган тоғи, кўзининг нури, азиз фарзандидан ажралиш Сафар акани довдиратиб қўйди. Унга яшашнинг қизиғи йўқдай, ҳаётнинг маъноси қолмагандай эди. Уйи ҳувиллаб, юраги бўм-бўш бўлиб қолгандай эди. Кечалар тонг отишини, кундузи кеч тушишини пойлаб вақт ўтказарди. Улфатлари билан ҳам борди-келди қилмас, улардан ўзини олиб қочиб юрарди. Ҳафта, ўн кунда Тошкентга ўғлиникига йўл олар, келинини, невараларини кўриб бир оз бўлсада, чеҳраси очиларди. Ҳар гал Тошкент-га боргудек бўлса, бирор янгилик эшитиш илинжида келинининг оғзини пойларди. Эшик қўнғироғи, телефон жиринглаган пайтларда ҳаяжонга тушиб, ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Гўёки ўғлидан хабар келадигандай интиқ яшарди. Бир-икки кун шаҳарда тургач, ҳассасини йўқотган сўқирдай яна қишлоққа отланарди. Келини, набираларининг «яна бир-икки кун қолинг» деб ёлворишларига қарамасдан, муҳим юмушлари борлигини баҳона қилиб, йўлга тушарди.
Дўстлари, қишлоқ оқсоқолларининг «бирор бева жувон топиб, уйлантириб қўяйлик, қариганда бунақа юриш ярамайди», деганларига қарамасдан Сафар ака уйланишни хаёлига ҳам келтирмасди. Кейинги пайтда қариндош-уруғлар орасида ҳам «у жувонни кўрдик, сизга мос экан», «бу аёл бизга маъқул бўлди» дегувчилари кўпайиб қолди. Ҳатто қизлари ҳам қариндошларнинг қистови билан «Ота, сизга қариганда суянч бўладиган, иссиқ-совуғингиздан хабардор бўлиб турадиган аёл керак, биз уйланишингизга қарши эмасмиз», деган гапни айтишди. Сафар ака эса қизларига «Раҳмат, сизлар ўз фарзандлик бурчингизни бажардингиз, бу ёғини энди ўзимга қўйиб беринглар», деб туриб олди. Шу-шу бўлдию, бу масалага бошқа қайтилмади.
Ҳар пайшанба куни тонг пайти Сафар ака қабристонга келишни одат қилганди. Бугун ҳам у каллаи саҳарлаб қабристон томонга йўл олди. Кўча сокин, қўзи-қўйларини яйловга ҳайдашга шошилаётган чўпон йигитлардан бошқа ҳеч ким кўринмайди. Сафар ака ярим чақиримча йўл юриб, қабристонга кириб борди. Ўртадаги йўлак бўйлаб юриб, таниш қабрлар тепасида тўхтади. Чўккалаб Қуръон тиловат қилди. Кампирининг қабридаги оқ мармарни қўлидаги белбоғи билан артиб чиқди. Ёдгорликни Баҳромжон шаҳарда ясатиб келиб, онасининг йили бўлиб ўтган кун ўрнатишган эди. Ўғли ўшанда каттароқ ёдгорлик ўрнатиш баҳонасида қишлоқ оқсоқоли билан гаплашиб, онасининг ёнидан яна битта жой қолдириб кетишга эришган эди. «Ўша жой ўзига қабр бўлишини билмаган болам бечора ўшанда!» хаёлидан ўтказди Сафар ака. Сўнг ўғлининг қабрига қараб юрак-бағри эзилиб, йиғлай бошлади: «Отанг тушиши лозим бўлган қабр сенга насиб этди, болам-а! Бу менинг қабрим эди-ку! Сен онанг иккимизни зиёрат қилиб, руҳимизни шод қилиб юрмасмидинг. Эй Худо, сени шу аҳволда кўрган кўзларим кўр бўлиб қолмасмиди. Ҳатто одамлардай қабринг ҳам йўқ, болам-а... Балки тирикдирсан… Қанийди… Эй Парвардигор, Яратган Эгам сенга умр бўйи сиғиндим, қолган умримни ўзингга бахшида айлай, бир ўтинчим бор, менга боламни қайтариб бер...»
Бир оз ўзига келгач Сафар ака «Оллоҳга шак келтирмадимми?» деган хаёлда аччиқ устида айтган гаплари учун Яратгандан авф этишини сўради, кўрсатган куни учун унга ҳамду санолар айтди.
Сўнг одати бўйича кампирининг қабри тепасига келиб, ўйга толди: «Эҳ, Ҳалима, Ҳалима! Нечун мени эрта ташлаб кетдинг-а! Ахир мен ҳар доим дуода «хотиним ортимда қолсин» дер эдим-ку! Шундай оғир дамларда мени ёлғиз ташлаб кетдинг! Балки шу кунларни кўрмаслигинг учун Оллоҳ сени эртароқ ҳузурига чақирдимикин-а. Мен бир ўзим нима қилишни билмаяпман. Одамларнинг маслаҳати билан ўғлимизга аза очдим. Қабр ўрнатдим. Аммо унинг ичи бўм-бўш. Менинг эса Баҳромжоннинг вафот этганига ҳали ҳам ишонгим келмайди. У ўлмаган! У тирик! Бир кун эсон-омон уйига, болалари бағрига қайтиб келади. Келининг ҳам шу фикрда. Бечора эрини қидиришдан толмаяпти. Бир кун ҳам тинч ўтирган куни йўқ. Демак, ишонади, демак, қўлида қандайдир асоси бор! Балки қалби ниманидир сезаётгандир. Мен эса… қари ҳолим билан нима қилай, бошимни қайси тошларга урай, дардимни кимга айтай! Афсуски олдинги ҳолим йўқ. Қўлимдан иш келмаяпти. Сен ҳам тирик бўлганингда, албатта, ўғлингнинг тириклигига ишонган бўлардинг-а, онаси!»
Оёғи толди шекилли, чол орқа томондаги уватга мардош қуриб ўтириб олди. Офтобнинг илк заррин нурлари туша бошлаганлиги сабаб ёзувлар ҳам тиниқроқ кўзга ташланди:
«Сиз доимо тирикдирсиз, тирикдирсиз Онажон,
Бизнинг ғаму қувончларга шерикдирсиз Онажон».
Бу сатрлар қайси шоирга тегишли эди? Ёки ўғли буни атайлаб онасига бағишлаб ўзи ёзганмикин? Ўзи ёзган. Ахир у унча-бунча шеърлар машқ қилиб юрарди-ку. Чиройли сатрлар. Ҳа, оналар фарзандлар қалбида ҳамиша тирик бўлиб қолаверади. Оналар тирик экан, ғамимизга ҳам, қувончимизга ҳам бирдай шерик бўлиши табиий ҳол. Пурмаъно сўзлар!
Сафар ака қабрга тикилганча капирининг сўнгги кунларини ёдга олди…
Ўша куни кимнидир тўйига кетган Ҳалима опа кечда қайтиб келиб, эридан суюнчи олди:
– Қўшни туманда бир табиб пайдо бўлибди. Туғма кўрларни ҳам кўзини очиб юбораётган эмиш. Мени ўша табибга олиб бормасангиз бўлмайди.
– Эй онаси-я! Ҳар нарсага ишонаверар экансан-да. Табиб қандай қилиб кўзни очсин. Иккинчидан, сенинг кўзинг соппа-соғ, фақат кўзни қон билан таъминловчи миядаги томирлар қисқариб, кўзингда қон айланиши яхши эмас. Шунинг ҳисобига кўзинг яхши кўрмаяпти. Тошкентда, Самарқандда қанча-қанча тажрибали шифокорларга кўрсатдик. Ҳаммасининг гапи бир хил. Ҳозирча бунга тиббиёт фани ожиз дейишган. Балки яқин келажакда бир йўли топилиб қолар. Ҳозирча Оллоҳдан бошқа ҳеч ким бизга ёрдам беролмайди. Сен эса қандайдир табибларга ишониб юрибсан.
– Ҳа, сиз менинг кўзим очилишини хоҳламайсиз! Мен ҳеч кимга керак эмасман. Ўғлингиз ҳам ўзи билан ўзи овора. Мен ўзим топган табибга ҳам сизлар олиб боришни хоҳламайсизлар, – дийдиёсини бошлади Ҳалима опа.
Сафар ака хотинига тушунтиришга қанчалик ҳаракат қилмасин, фойдаси бўлмади. Ниҳоят у «ихлос қилсанг, чўпдан даво» деган нақлни эслаб, балки бир оз фойдаси бўлар, деган ўйда эрталаб йўлга тушишга розилик берди. Баҳорнинг илк кунлари эди. Сафар ака эрта тонгда Ҳалима опани машинага ўтқазиб, қўшни туманга йўл олишди. Суриштира-суриштира табибнинг уйини топиб боришди.
Чамаси қирқ ёшлардаги узун бўйли, қорачадан келган, соқол-мўйлови ўзига ярашиб турган табиб Ҳалима опани ўзича текшириб, бир неча ўрам гиёҳ берди ва уларни чойга қўшиб ёки дамлама ҳолида ичиб туриш лозимлигини тайинлади.
– Укажон, шуларни ичсам, кўзим очилиб кетадими? – такрор сўради Ҳалима опа табибнинг ёнидан чиқа туриб.
– Опажон, мен сизга берган гиёҳлар миядаги қон айланиш жараёнини яхшилайди. Уларни узлуксиз ичиб турсангиз, иншооллоҳ шифо топурсиз!
– Раҳмат, укажон. Мен гиёҳларингизни канда қилмай ичиб бораман.
Хотинининг хурсанд ҳолда чиққанини кўрган Сафар аканинг ҳам кўнгли кўтарилди.
– Нима бўлди, онаси, кайфиятлари жуда аълога ўхшайди.
– Ажойиб табиб экан. Қаранг, қанча гиёҳ берди. «Доимий ичиб турсангиз, кўзингиз ярақлаб кетади», деди барака топгур! Сизга айтгандим-ку, «катта табиб» деб. Одамлар бекорга мақташмайди.
– Ишқилиб фойдаси тегса бўлгани. Баъзан шифокорлар қилолмаган ишни шунга ўхшаган табиблар уддасидан чиқишади. Бу фанга ҳам маълум. Лекин ҳеч ким тушунтириб бера олмайди. Машойихлар тўғри айтишар экан, «ҳали биз билмаган нарсалар билганларимиздан анча кўп» деб. Дардини берган Оллоҳ, шифосини ҳам берсин, илоё!
Эр-хотин машинага ўтиришиб йўлга тушишди. Тушлик маҳал бўлиб қолганди. Уйга боргунча анчагина йўл босиш керак. Сафар ака тушлик қилиб олиш учун қулайроқ жой ахтара бошлади.
– Адаси, ошхона ахтариб қийналиб юрамизми? Ошхона топилган тақдирда ҳам унда қанақа овқатлари бор, билмаймиз. Сизга маъқул келадими, йўқми? Ундан кўра ана – шундоқ йўлимизнинг устида тоғамларнинг уйи. Баҳонада ҳол-аҳволидан хабардор бўлардик. Йўқлаб келмаганимизга ҳам анча бўлди. Тоғам бечора хурсанд бўлиб қоларди.
– Тоғанг уйдами, йўқми? Бошқа сафар келармиз. Шу маҳаллада бир чойхона бўларди бурунда, – Сафар ака машинани ўзига таниш кўчага бурди.
Бахтга қарши чойхона берк экан. Сафар ака азбаройи қорни очиб кетганидан хотинининг гапига киришга мажбур бўлди.
Шариф тоға меҳмонларни илиқ қарши олди. Бор топган-тутганини дастурхонга қўйиб, уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилди. Меҳмон келганини эшитиб, атрофдаги қариндошлар ҳам йиғилиб келишди. Ҳангома қизигандан қизиди. Ҳалима опанинг табибга кўриниш учун келганини эшитиб, гап мавзуси фолбинлар, табиблар, муллоларга бурилди. Кимлар кимдан шифо топгани-ю, кимлар наф кўрмаганлиги ҳақида ҳар ким ўз билганини айтиб берарди. Кимдир қўшни қишлоқдаги қиз боланинг жигари «церроз» бўлганини, дўхтирлар «энди кеч, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди!» дейишиб уйига жавоб берганлигини, лекин фалончи табиб гиёҳлар ёрдамида уни тузатиб юборганлигини, ҳозирда қиз бола отдай соғлом юрганлигини гапиришди. Биров бошқа бир мулло рак касалига чалинган йигитнинг бошидаги безни ўқиб йўқ қилиб юборганлигини ҳикоя қилди. Яна кимдир қайсидир қишлоқдаги фолбин доирага қараб, ичингдаги бор дардни адашмасдан айтиб бера олишини тўлқинланиб сўзлади.
Сафар ака гарчанд бунақа гапларга ишонмасада, тишини тишига қўйиб эшитиб ўтирди. Аммо бу гаплар Ҳалима опага роса маъқул тушди. У ким сўйласа, шунинг оғзига қараб, анча-бунча кўзга кўринган табиб, фолбин, муллоларнинг исмларини, манзилларини ёзиб олди.
Шу орада ёши етмишларни қоралаб қолган Турсунтош янга қизиқ маълумотни айтиб қолди:
– Ҳей, буларнинг бари ҳалво! Карманада бир табиб чиқибди, ўргилайлар. Уқалаш йўли билан ҳар қандай касални соппа-соғ қилиб юбораётган эмиш. Қўли теккан жой дарддан фориғ бўларкан. Ўзи кўп йиллар дўхтир бўлиб ишлаган экан. Ҳозирда нафақага чиқиб, табиблик қилаётган эмиш. Хитойчами, япончами усулда даволармиш.
– Янга, ўша табибингиз кўзи яхши кўрмайдиганларни ҳам даволар эканми? – қизиқиш билан сўради Ҳалима опа.
– Вой айланай, унга дарднинг фарқи йўқ экан. Бир қараб ўзи касалингни айтавераркан. Қўлидан келмаса, бошида бунга тишим ўтмайди деб айтаркан. Ҳатто туғма кўрларни ҳам кўзини очиб юборибди. Ўтган куни Навоийга тўйга борган эдим. Ўша кўзи очилиб кетган хотин билан ёнма-ён ўтирдим…
– Ўша хотин билан ростдан ҳам гаплашдингизми? – Ҳалима опанинг қизиқиши тобора ортарди.
– Гаплашдим, ўргилай, гаплашдим! Шунча йил қийналиб юрган экан бояқиш! Энди кўзи балодек кўриб қолибди.
– Табиб қаерда турар экан, буни сўрамадингизми?
– Карманадан ярим соатлик йўл дейишди. Навоий томонларда уни ҳамма танир экан. Сўрасанг ҳамма уйини кўрсатиб бераркан.
Сафар ака хотинининг ўйланиб қолганидан хавотир олиб, «энди ўша табибга кетдик», деб қолмасайди деб турганди, Ҳалима опа кутилмаганда ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди. Бир оз ўтиб, кимдир «почча Ҳалима опам сизни бир қарасин деяпти» деди. Сафар ака хоҳлар-хоҳламас ташқарига чиқди. Ҳалима опа ҳовлининг бир четидаги сўрига ўтирганча эрини кутиб турарди.
– Ҳа онаси, тинчликми? Кетамизми?
– Қаёққа кетамиз? Уйингизни биров кўчириб кетармиди? Намунча шошмасангиз! Янгамнинг гапини эшитдингизми?
– Эшитишга эшитдим, лекин ким нима деса, шунга эргашиб кетаверамизми? Олдин сўраб, суриштирайлик. Қанақа табиб, нималар қўлидан келади. Сўнг маслаҳатлашиб, бирор қарорга келармиз.
– Сиз менинг кўр бўлиб қолишимни хоҳлайсиз. Ҳамиша шундай қиласиз. Сизнинг ҳам, шаҳардаги ўғлингизнинг ҳам мен билан сариқ чақалик ишингиз йўқ. Менинг кўзим кундан-кунга хира тортиб бораяпти. Эрта индин кўр бўлиб қолсам, яшашнинг менга нима кераги бор. Зимистонда яшагандан кўра ўлганим афзалроқ, – Ҳалима опа йиғлай бошлади.
– Қўй хотин, табиб бўлса бир гап бўлар. Шунга ҳам кўз ёшими? «Олиб бор!» десанг бугуноқ олиб борганим бўлсин! Ҳали Кармана экан, ундан нарисига ҳам олиб боришга ҳам тайёрман, – кулимсиради Сафар ака.
– Отаси, кўнглим сезиб турибди, шу табиб кўзимни очиб юборади. Уйга борганда ҳам нима қилардик. Болаларга телефон қилиб қўярмиз. Шу бугуноқ йўлга чиқайлик. Навоийда бўлаларингиз бор-ку! Уларникида тунармиз.
– Бугун уйга бориб дам олиб, эртага азонда чиқсак яхши бўларди, – деди Сафар ака мулойим оҳангда.
– Негадир орқага оёғим тортмай турибди. Бугун бора қолайлик, жон отаси, – деди Ҳалима опа эрига сузилиб.
– Бўпти, йиғиштир тугунингни. Кеч бўлмасдан йўлга тушайлик, – деди Сафар ака ўжар хотинини кўндира олмаслигига кўзи етиб.
Эр-хотин қариндошлар билан ими-жимида хайрлашиб, «Кармана қайдасан!» дея йўлга тушишди.
Холаваччаларнинг бехосдан ташрифи Карманалик қариндошларни шошириб қўйди. Кеч тушиб қолган бўлишига қарамасдан, меҳмонларнинг оёғи тагига қўй сўйилди. Турли-туман таомлар тайёрланиб, зиёфат уюштирилди. Холаваччалар (опа-сингилларнинг болалари) алламаҳалгача чақчақлашиб ўтиришди. Турсунтош янга ҳақ бўлиб чиқди. Навоийда Қодир табибни танимаган одам йўқ экан. Сафар ака ташрифи сабабини айтгач, Саҳоб бўла Қодир табибни яхши танишини айтиб, лозим бўлса, эрталаб уни ўзи бориб шу ерга олиб келишга ваъда берди…
Кун бўйи анча толиқиб қолган меҳмонлар ўринларидан тургунича, Соҳиб бўла Карманага бориб, Қодир табибни бошлаб келиб қолди.
Табиб кутиб ўтирмасдан, Ҳалима опа билан муолажани бошлаб юборди. Аввал беморнинг қон босимини ўлчади, томир уришини текширди, юрагини эшитди. Турли-туман саволлар бериб, касаллик тарихига ойдинлик киритган бўлди. Сўнг бемордан бошқа ҳамманинг хонадан чиқиб туришини илтимос қилди.
Сафар ака бошқалар қатори ҳовлига чиқиб, дарахт тагидаги курсига ўтирди. Қодир табиб муолажаларни бошлаб юборди шекилли, ичкаридан Ҳалима опанинг инграган товуши эшитила бошлади. Табиб «мануал терапия» усулида даволашини билгани учун ҳеч ким бунга аҳамият бермади. Аста-аста беморнинг «дод-войи» кучая борди. Сафар ака хотинига раҳми келганидан ўзини қўярга жой тополмай, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Бир маҳал Ҳалима опанинг жон ҳолатда бақирган овози эшитилди. Ҳамма югуриб ичкарига кирди. Бемор ерда жон аччиғида «вой жоним»лаб ётарди.
– Вой нима бўлди, онаси? Бирор жойинг чиқиб-пиқиб кетмадими? – деди Сафар ака хотинининг қўлларидан тутиб. Сўнг қўлини сочиқ билан артиб турган табибга бақирди:
– Ия, бу қанақа муолажа, одамни ўлдириб қўйишингизга сал қолди-ку! Табиб ҳам шунақа шафқатсиз бўладими?
Табиб индамади. Ҳалима опа оғриқ азобидан анча пайтгача ўзини ололмай ётди. Шу жойларга келганига, ўзини шу табибга қаратганига пушаймон бўлди.
– Табиб, табиб дейсан, ана уларнинг аҳволи! Ҳаммаси ғирт фирибгар. Одамларни алдаб, пулини олса бас! Бошқаси билан иши йўқ. Ўзларича даволаш усулларини кашф этганига ўлайми? – Сафар ака анчагача тўнғиллаб ўтирди. Уй эгалари ҳам шу табибни топиб келганларидан роса хижолат бўлишди.
Кечга бориб Ҳалима опанинг аҳволи ўнгланди. Иштиёқ билан овқат еди. Ўзини бир оз енгиллашгандай сезди. Хаёлида кўзи ҳам равшанроқ кўра бошлагандай эди. Деворга осиғлиқ соатга диққат билан қаради: «Ана соат милларининг энг кичигини ҳам қийналмай кўраяпман. Ё, тавба! Наҳот фойдаси бўлди? Эй Қодир Эгам, наҳот илтижоларим сенга етиб борди. Наҳот яна кўзларимни қайтиб бердинг! Давосини берганинг рост бўлсин! Наҳотки энди бошқалардек дунё гўзаллигини, олам чиройини кўра оламан. Бундан ортиқ бахт борми?» Ҳалима опа деразадан ташқарига қараб янада суюниб кетди. Олам гўёки рангдор тус олган эди. Дарахтлар, ўт-ўланлар, уйлар, ҳатто узоқда ястаниб ётган далалар ёрқинроқ кўриниб турарди.
Ҳалима опа шошилиб ташқарига чиқди. Қариндошлар билан ҳовлидаги сўрида чақчақлашиб ўтирган Сафар ака хотинини хуш кайфиятда кўриб, ёнига келди:
– Ҳа онаси, чарчоқлар чиқиб кетдими? Оғриқлар бутунлай қолдими? Бизни қўрқитиб юбордилар-ку! Ҳе табиби ҳам бор бўлсин. Сал бўлмаса, бизни кампирсиз қолдирай деди-я... Энди, онаси, йўлга чиқсак ҳам бўлар.
– Отаси, намунча шошасиз. Борармиз ўша уйингизга ҳам. Сиз кўзларимга қаранг, бинойидек кўраяпман. Мана аввал сизнинг юзингизни тиниқ кўра олмас эдим. Ҳозир майда холларингизгача тип-тиниқ кўриб турибман. Табибнинг фойдаси бўлди отаси, фойдаси бўлди! Бўлага илтимос қилинг, эртага уни яна бир марта олиб келсин, шояд кўзим бурунгидай бўлиб кетса!
Сафар ака ўйланиб қолди: «Одамларнинг айтганича борга ўхшайди. Мана жонли гувоҳ. Кўзи дабдурустдан равшанроқ кўриб қолса! Ё кампирим тушкурга шундай туйилаяптимикин? Ўзи шунақа ҳиссиётга берилувчан аёл. Кайфияти бўлганда кўзи ҳам очилиб кетади. Жаҳли чиққанда кўз олди қоронғилашиб кетади. Ҳозир ҳам шундай ҳолат юз бераётган бўлса ажаб эмас. Балки чиндан ҳам табибнинг ўзгача сеҳри бордир…
– Ҳа, намунча ўйга толдингиз? Нима менинг кўзим очилгани сизга ёқмай турибдими? Сиз шунақасиз! Доимо ўзингизни ўйлайсиз. Мен ҳақимда заррача қайғурмайсиз…– Ҳалима опа жаврай кетди.
– Бўпти онаси, қолсак қолибмизда. Фойдаси теккан бўлса, табибни ҳам олиб келтирганим бўлсин. Фақат кейин афсус чекмасалар бўлгани, – Сафар ака шаҳд билан сўри томонга юрди.
Саҳоб бўла меҳмонларнинг ҳурматини қилиб, эрта тонгдан табибни сўроқлаб кетди. Кеча кўпчиликдан дакки егани учун у «ҳеч қаерга бормайман», дея туриб олди. Бўла ҳам теккан жойини кесадиганлардан эди. Ялина-ялина табибни кўндирди. Машинасига ўтқазиб, уйига олиб келди.
Ҳалима опа тоқати тоқ бўлиб, ҳовлига чиқиб, табибни кутиб турарди. Машина овозини эшитиб, беихтиёр ўша томонга юра бошлади.
– Онахон, қалайсиз энди? Муолажаларнинг таъсири билиндими? – Қодир табиб мамнун жилмайди.
– Келдингизми, ўргилай. Умрингиздан барака топинг. Кўзларим анча яхши кўра бошлади. Гўё онадан қайта туғилгандай ҳис қилаяпман ўзимни. Олдинлари ҳам бир хил пайтларда кўзим бирмунча дуруст кўриб қолар эди. Лекин бунақа тиниқ кўролмас эдим-да! Ҳамма умидим сиздан, ўргилай. Болаларингизнинг бахтига омон бўлинг, кўп яшанг.
– Яна бир-ккки марта сеанс олсангиз, кўзингиз тўлиқ очилиб кетади, иншооллоҳ. Асосийси муолажа пайтидаги қийноқларга чидашингизда. Бу ёғини бизга қўйиб бераверасиз.
– Айтганингиз келсин, илоё. Фақат табибжон, сал суяштиринг! Ўзи дардга бир оз юқароқман. Ҳали ҳам елкамни ололмай юрибман. Бирор жойим синиб-нетиб кетмасин дейман-да, – Ҳалима опа «табибни хафа қилиб қўймадимми» деган хаёлда унга тикилди.
– Муолажаларимизнинг сири ҳам шунда-да, опажон. Майли бу сафар сизни сал аяймиз.
Қодир табиб бошқаларни хонадан чиқариб, муолажаларини бошлаб юборди. Сафар ака бошқалар қаторида ҳовлидаги сўрида ўтириб, кута бошлади. Негадир бу гал Ҳалима опанинг бақириқлари эшитилмасди. Сафар ака «табибга инсоф бериб, кампиримни аяяпти шекилли», деган хаёлга бориб, юраги бир оз таскин топди. Аммо кўп ўтмай, ичкаридан инграш товушлари эшитила бошлади. Бора-бора овоз кучайиб борарди. Сафар ака у ёқдан бу ёққа юриб, бетоқат бўла бошлади. Бир хаёл ичкарига кириб, кампирини бу «фашист»нинг чангалидан қутқариб олмоқчи ҳам бўлди. Бироқ хотинининг гапларини эслаб, фикридан қайтди. «Табиб «муолажалармизнинг сири ҳам шунда» деди-ку! Азобланса ҳам кўзи очилиб кетса бўлгани-да» деган ўйда ўзини тинчлантирди. Бир маҳал ичкаридан Ҳалима опанинг жон ҳолатда бақирган овози эшитилди. Ҳамма овоз чиққан томонга югурди…
Ҳалима опани туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб келганларида у деярли нафас олмаётган эди. Шифокорларнинг елиб-югуришлари оқибатида кейинги кун кечга бориб кампир ўзига келди. Дўхтирлар унинг «общирный инфаркт» бўлганлигини маълум қилишди. Туман шифохонасида бу тоифа беморларни даволаш учун малакали мутахассис ҳам, тиббиёт жиҳозлари ҳам йўқ эди. Аммо бу хасталикка чалинган беморларни жойидан қўзғатиб бўлмас экан. Сафар аканинг ҳам, Тошкентдан етиб келган ўғли Баҳромжоннинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмади. Марказдан таклиф қилинган малакали врачлар ҳам тегишли асбоб-анжомларсиз касаллик олдида ожизлик қилишди.
Гоҳ ўзига келиб, гоҳ ҳушини йўқотиб ётган Ҳалима опа бир ҳафтадан сўнг яқинлари қўлида жон таслим қилди. У олтмиш беш ёшида айни қарилик гаштини сурадиган, фарзандларининг роҳатини кўрадиган маҳалда бу ёруғ оламни тарк этди…
Сафар ака яна бир бор Қуръон тиловат қилди. Сўнг ўрнидан туриб, уст-бошларининг чангини қоқди. Қабристон оралаб юриб, дарвоза томонга яқинлашди. Эшик олдида қоровул чолни учратди. У билан бир оз суҳбатлашиб, қайтар чоғида унга «бизникилардан хабар олиб туринг, гулларга аҳён-аҳён сув қуйиб туринг, иним», деб тайинлади.
– Сиз хавотир олманг, мен ўзим қараб тураман. Гулларга ҳам деярли кунора сув қуйиб турибман, – деди қоровул чол дўриллаган овозда.
Сафар ака бир нарса ёдига тушган одамдай катта-катта қадам ташлаб уйига йўл олди: «Невараларимдан бир хабар олиб келмасам бўлмайди. Келиним бечора нима қилиб ўтирган экан. У шўрлик кейинги пайтда фақат битта ўй билан яшаяпти. Аёл бошига шунча идоралар қилолмаган ишни ўзи уддаламоқчи. Шунча айтсам ҳам кор қилмаяпти. Эрини бир умр йўқотганига ишонгиси келмаяпти. Бу туришда ўзини бир бало қилиб қўймаса бўлгани. Бу йўлдан уни қайтариш керак. Икки боланинг тарбияси билан жиддийроқ шуғулланиб, уларни дадасига муносиб йигитлар этиб, оёққа қўйса, шунинг ўзи катта гап. Баҳромжоннинг туз-насибаси кўчмаган бўлса, бир кун оиласи бағрига қайтиб келар!»
Сафар ака шу хаёллар билан уйига келиб, апил-тапил кийиниб, Тошкентга йўл олди…
Келинини ҳам, невараларини ҳам уйдан топа олмади. Қўшнилар улар Анваржонникига кетганлигини айтишди. Дунёда яхши одамлар ҳам кўп экан-да! Қўшни йигит иккита каттакон сумка кўтариб олган чолга раҳми келиб, машинасида Анваржонларникига ташлаб қўйди.
Бахтига Анваржон уйда экан. Меҳмонни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Сафар ака истиқболига отилиб чиққан невараларини бағрига босиб, эркалатди. Уларга қишлоқдан олиб келган ноз-неъматлардан улашди. Ширин сўзлар айтиб, болаларнинг ўксик дилларини кўтаришга ҳаракат қилди. Оталари тез кунларда келиб қолишини, унгача аяларининг, тоғаларининг сўзларидан чиқмасликларини тайинлади. Дадалари келган пайтда хурсанд қилиш учун аъло баҳоларга ўқишлари лозимлигини уқтирди.
Болалар дарс қилишга кириб кетгач, Сафар ака ийманибгина Анвардан сўради:
– Опангиз кўринмайди, ҳали ишдан қайтмадими?
– Опам ҳали ҳам Бекободда. Бир-икки кун олдин келиб кетган эдилар.
– Эҳ, бечора келиним-а. Ҳаммадан ҳам унга қийин бўлди-да. Биз-ку дардимизни ичимизга ютиб, дуомизни қилиб, гўрдан ташқарида амаллаб юрибмиз! У бу айрилиққа кўника олмаяпти. Томошабин бўлиб ўтиргиси келмаяпти. Балки кўнгли бирор нарсани сезаётгандир.
– Ҳа, энди нимасини айтасиз, қуда бобо! Опам кўнгли бир нарсани сезмаса, бу ишга қўл урмаган бўларди.
– Ўзи бирор нарса топишибдими? Бирор янгилик борми, Анваржон?
Анвар яқинда опаси келиб, айтган гапларни оқизмай-томизмай Сафар акага ҳикоя қилиб берди. Ҳамсуҳбатининг сўзларини қулоқ қоқмай эшитган чолнинг кўзлари қувончдан чақнаб кетди:
– Ё, тавба! Ё, алҳазар! Суюнтирганинг рост бўлсин. Демак, ўша Ботиров деганлари қўлга олинса, Баҳромжон топиларканда-а. Эй, Яратган Эгам, шу гўдаклар хурмати ўғлимни ўз паноҳингда сақла! – Сафар ака кўзига ёш олди.
– Сафар ака, кўпи кетиб, ози қолди. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Тўрт-беш кунда бир янгилик эшитиб қолармиз, деган умидда ўтирибмиз. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилинг. Сабрли бўлинг, – Анваржон меҳмонга чой узатди.
– Илоҳим, айтганингиз келсин болам, – чол қўлларини дуога очди…
* * *
Бу сафарги тезкор йиғилиш одатдагидан анча чўзилиб кетди. Фахриддин Каримович гуруҳ аъзоларининг ҳисоботини диққат билан тинглаб, тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди. Йиғилиш поёнида Санжарбек Ботировнинг қотиллик жинояти бўйича прокурорнинг назорат тартибида киритган протести суд томонидан кўриб чиқилиб, қанотлантирилганлигини, муқаддам қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниб, жиноят иши қайта терговга юборилганлигини маълум қилди.
– Жиноят ишини чақиртирдингизми? – гуруҳ раҳбари Санжарбекка савол назари билан қаради.
– Албатта! Эрталаб иш столингиз устида бўлади.
– Жиноят ишларини битта иш юритувга бирлаштириб, Ботировнинг қотиллик иши билан шахсан шуғулланасиз. Бу иш бўйича терговнинг тўлақонли олиб борилмаганлиги, камчиликлари ҳақида сизга гапириб берган эдим. Аввал иш билан яхшилаб танишиб чиқинг, сўнг пухта режа тузиб, тергов ҳаракатларини олиб боринг! Ботировнинг қидирув ишлари билан мен ўзим шуғулланаман.
– Тушунарли! – Санжарбек бошлиқ айтган гапларни ён дафтарчасига қайд қилиб, ўрнидан турди. – Кетишга рухсат этинг!
– Рухсат, рухсат. Яхши дам олинг.
– Фахриддин Каримович, соат миллари адашмасам 12 га яқинлашмоқда, сиз меҳмонхонага кетмайсизми?
– Сизлар бораверинглар, мен озроқ ишлайман. Қиладиган ишим кўп.
– Майли, сиз раҳбарлар ишлангиз, биз фақирлар дам оламиз, – Санжарбек ҳар доимгидек ҳазиллашмоқчи бўлди.
Бошлиқ мийиғида кулиб қўйиб, ишида давом этди. Санжарбек ҳозир ҳазилнинг мавриди эмаслигини сезиб, секин ортига бурилди.
Фахриддин кун бўйи келди-кетди кўп бўлганлиги учун бажаролмай қолган ишларини кечаси ҳамма кетгач, қилишга ўрганган эди. Бугун ҳам шундай бўлди. У аввал шошилмасдан гуруҳ аъзоларининг ҳисоботини кўздан кечирди. Керакли жойларга фақат ўзигагина таниш белгиларни қўйиб, қайд этиб борди. Сўнг фикрини бир жойга жамлаб, эртанги кун қилинадиган ишларнинг режасини тузди. Унга биринчи масала қилиб, «Ботировни қидирув ишларини жонлантириш мақсадида тергов-тезкор тадбирларининг самарадорлигини ошириш» вазифаси киритилди. «Ижро учун масъул» деган жойга ўзининг фамилиясини ёзиб қўяр экан, Фахриддин «эртага ишни нимадан бошласам экан?» деган хаёлга чўмди. «Ботиров қаерга яширинган бўлиши мумкин? Бирорта тоққа чиқиб олиб, ғор-порда яшаб юрганмикин? Ёки бирорта жойдан ертўла қазиб олиб, ўша ерда жон сақлаётганмикин? Баҳром Сафаровични ўзи билан тутқунликда асраш учун ҳам шундай йўл тутган бўлиши мумкин. Бошқача шароитда бир кишини шунча вақт ҳеч кимга сездирмасдан асирликда яширинча сақлаб туриш қийин масала. Айниқса, шаҳар шароитида бундай ишни уддалаш осон кечмайди. Одам кўп. Кимдир сезиб қолиши табиий. Демак, Ботировнинг таниш-билишлари орасидан шунақа шароитга эга бўлган жойда яшовчиларни аниқлаш керак. Одам бир жойга борар бўлса, кимнидир қора қилиб боради. Бутунлай нотаниш жойга нажот истаб бориш ақлли кишининг иши эмас! Дарвоқе, Баҳром акани тутқунликда асраш унга нимага керак бўлиши мумкин? Унинг азобини кўриб роҳатланиш учунми? Ёки ундан бирор нарсада фойдаланиш нияти бормикин? Балки бошқалар қатори аллақачон Баҳром Сафаровичнинг ҳам жонига зомин бўлгандир. Йўқ, йўқ, унда шунча пайтдан бери мурда топилган бўларди. Баҳром акани ўлдириш нияти бўлганда бошқалар қатори усталик билан бу ишни уддалаган бўларди, уни ўлдиришдан нима наф топарди! Ҳа, Ботиров Баҳром Сафаровични тутқунликда сақлаётганлиги аниқ. Уни тезроқ топиш керак. Акс ҳолда унинг ортидан тушганимизни сезиб қолса, тирик гувоҳдан қутулиш пайига тушиши мумкин. Эрталаб ҳаммани оёққа қўйишга тўғри келади…
Фахриддин барвақт ишга келди. Уни эшик олдида Вазира кутиб турарди.
– Ассалому алайкум, Фахриддинжон, яхшимисиз!
– Раҳмат, опа. Жиянларим яхшими? Келинг, опа.
– Укажон, бизга бирор янгилик борми?
– Худо хоҳласа, шу кунларда бирор янгилик бўлиб қолар. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаяпмиз. Сиз бемалол уйга бораверинг. Укаларимнинг олдида бўлинг. Бирор янгилик бўлса, биринчи бўлиб ўзим сиздан суюнчи оламан!
– Суюнчининг каттаси сиздан айлансин! Худодан ўша кунларга тезроқ етказишни сўрайман!
– Раҳмат! Бизнинг ҳам ниятимиз шу. Майли опа, қўнғироқлашамиз.
– Фахриддинжон… м-е-н… мен…
– Вазира опа, бирор нарса демоқчимисиз?
– Ботиров ҳали топилмадими?
– Ҳозирча йўқ. Аммо сиз ташвишланманг, тез кунларда уни қўлга оламиз, – Фахриддин Каримович эшик томонга юра бошлади.
– Билмадим, тўғрими, йўқми менда бир тахмин бор эди.
– Хўш, хўш, хўш қани, қани… – терговчи тилло топгандай ортга бурилди. – Юринг ичкарига кирайлик, бафуржа гаплашамиз.
Вазира терговчига эргашди. Олдинма-кетин хонага киришди. Ичкаридан тамакининг аччиқ ҳиди димоққа урилди. Фахриддин хижолат бўлиб, деразаларни очди.
– Вазира опа марҳамат, нима демоқчи эдингиз? – терговчи фурсатни бой бермай гап бошлади.
– Мен илк бор журналист сифатида Зафар докторнинг уйига бориб, Ботировга тегишли ашёларни кўздан кечирганимда бир суратга кўзим тушган эди. Бу сурат Ботировнинг паспорти орасидан чиққанди.
– У қанақа сурат экан? – Фахриддин Каримович Вазирага яқинроқ келди.
– Оддий бир сурат. Ботировнинг ўғлининг сурати. Лекин гап унда эмас. Расмнинг орқа томонида «1978 йил 8 март» деган ёзув бор экан. Зафар докторнинг гапига қараганда, бу сана расмдаги боланинг туғилган кунига алоқаси йўқ. Мен буни билгач, Ботиров бу билан нимадир демоқчимикин, деган хаёлда Зафар ака билан гаплашдим…
– Хўш, хўш, кейин-чи, – терговчи бувисидан матал эшитаётган боладай қулоқларини «динг» қилиб, тингларди.
– Дўхтирнинг айтишича, 1978 йил 8 март куни Аҳад Ботиров билан туманнинг чекка бир қишлоғига бемор кўришга боришган экан. Қайтишда улар тушган машина тоғ йўлида автоҳалокатга учраб, жарликка қулаб тушишган. Оғир жароҳат олганликлари сабаб, анча пайт овлоқда қолиб кетишган. Онда-сонда ўтиб турган машиналар ҳам уларни сезишмаган, ҳеч ким овозларини эшитмаган. Қоронғи тушса, совуқ ҳавода уларнинг омон қолиши даргумон эди. Бахтига кечга яқин от аравада Нурали бобо шу ердан ўтиб қолган ва ҳалокатга учраганларни аравада қишлоққа олиб борган. Шу чол туфайли ҳайдовчи ҳам, дўхтирлар ҳам омон қолишган. Шу сабабли Аҳад Ботиров Нурали бобо билан ота-бола тутинган. Оилавий бориш-келиш қилиб юришган…
Вазира бир оз жимиб қолди.
– Кейин-чи, кейин нима бўлган? – деди Фахриддин Каримович чойнакдаги совуқ чойдан ҳамсуҳбатига узата туриб.
– Биз Зафар дўхтирникида илк бор расмни кўрганимизда дўхтир нимагадир ўйланиб қолганди. Лекин менга ҳеч нима демаганди. Кейин у Аҳад ака Нурали бобоникида бирор хат, хабар қолдирдимикин ёки у орқали бирор нарса тайинламоқчи бўлдимикин, деган хаёлда Нурали бобоникига бориб келибди. Афсуски, бобо сал олдин бандаликни бажо келтирган экан. Шу сабабли Зафар дўхтир ҳеч нарсани аниқлай олмай қайтиб келган экан. Шундан кейин мен ҳам бу воқеага унчалик аҳамият бермай қўйдим. Аммо барибир калламдан «ўша сурат ортидаги ёзувда бир сир яширин эмасмикин» деган ўй кетмай қолди. Ботиров аҳмоқ одам эмас! У азиз фарзандининг доимо чўнтакда сақлаб юрадиган расмига бемаъни сўзларни ёзиб қўйиши мумкин эмас. Иккинчидан, у бекорга бу суратни чўнтагида қолдирмаган. Уни кимдир топиб олиб, қандайдир хулоса чиқаришини истаган. Уни билмаган одам эса расм ортидаги санани боланинг туғилган куни деб хаёл қилиб, аҳамият бермаслигини сезган… Балки мен адашаётгандирман. Одамнинг хаёлига нималар келмайди.
– Ўша расм ҳозир кимда?
– Зафар дўхтирда, дўстимдан ёдгорлик деб сақлаб қўйган.
– Вазира опа, сизга раҳмат! Ҳатто биз терговчиларнинг кўзи илғамайдиган нарсалар сизнинг эътиборингиздан четда қолмаяпти. Аслида терговчи бўлсангиз бўларкан. Сиздан ҳеч бир жиноятчи қочиб қутила олмас эди, – Фахриддин ҳамсуҳбати унинг беғараз мақтовини пичинг қилаяпти деган ўйга бормасин деб жилмайиб қўйди.
– Нима қилай, укажон, қўл қовуштириб ўтиролмаяпман-да! – Вазира бу гапи терговчига «сизлар қўл қовуштириб ўтирсаларинг мен нима қилай!» деган маънода оғир ботмаслиги учун қўшиб қўйди. – Сизларга ёрдам бергим келаяпти-да! Ҳаммани ташвишга қўйдик. Тезроқ тугасайди бу маш-машалар. Баҳром акам топила қолса эди…
– Ҳаммаси яхши бўлади, сабрли бўлинг, опа. Сурат масаласи билан мен бугуноқ шуғулланиб кўраман. Балки сиз ўйлагандек, унинг ортида бирор сир яширинган бўлса ажабмас. Зийраклигингиз учун яна бир бора сизга раҳмат, опажон!
– Ишдан қолдирган бўлсам, узр. Майли, ишингизга омад тилайман, хайр, – Вазира эшик томонга юрди.
Фахриддин Каримович уни прокуратура дарвозасигача кузатиб қўйди. Сўнг шаҳд билан ортига қайтиб, котибага гуруҳ аъзоларини тўплашни буюрди. Жойига ўтириб, ходимларнинг тўпланишини кута бошлади. Ростдан ҳам бу расмда бир сир борга ўхшайди. Ахир Ботиров суюкли ўғлининг расми орқасига кераксиз сўз ёзмаган бўларди-ку. Иккинчидан, у расмни бекорга чўнтагида қолдирмаган. Расмни кимдир кўриб, ундаги сирли ёзувга тушуниб етишини сезган. Ҳа, ҳа, бу сурат мактуб вазифасини бажараётган бўлса ажаб эмас. Аммо мактуб кимга ёзилган? Зафар дўхтиргами? Ёки «1978 йил 8 март» воқеасидан хабардор бўлган яна бошқа шахс ҳам бормикин? Нима бўлганда ҳам Зафарни топиш керак! Бу саволларга ундан жавоб олиш мумкин…
Шу пайт тергов-тезкор гуруҳ аъзоларидан икки киши «мумкинми?» дея кириб келишди. Фахриддин Каримович ўрнидан сапчиб туриб:
– Кетдик, йўлда гаплашамиз! – деди.
Машинага ўтиргач, гуруҳ раҳбари ҳайдовчига «Юқумли касалликлар шифохонасига!» деб қўйди. Йўлда гуруҳ раҳбари ходимларини масаланинг моҳияти билан қисқача таништирган бўлди.
Зафар дўхтир ишда экан. Уни бош врач хонасига таклиф қилишди. Фахриддин Каримович доктордан ҳол-аҳвол сўраб, сўнг Ботировнинг чўнтагидан топилган суратнинг қаердалиги билан қизиқди.
– Дўстимнинг ўғлидан қолган эсдалик уйда, яшириб қўйганман, – деди доктор хижолат бўлган оҳангда.
– Далилий ашёни нима учун терговга топширмай, сақлаб юрибсиз? – терговчилардан бири гапга қўшилди.
– Қанақа далилий ашё, менда фақат расм бор холос. Бошқа ҳамма нарсаларни топширганман. Менда Ботировга тегишли ҳеч нарса қолмаган.
– Яхши, яхши, Зафар ака, ҳозир уйингизга телефон қилиб қўйинг, бизнинг ходимимиз машинада бориб, расм-ни олиб келади, – Фахриддин телефон гўшагини докторга узатди.
Зафар доктор хотини билан гаплашиб, ҳозир борадиган йигитлардан расмни бериб юборишни тайинлади.
Кўп ўтмай расмни олиб келишди. Фахриддин суратга тикилиб турар экан, хаёлидан «Ширингина экан, эсиз бола-я!» деган фикр ўтди. Сўнг суратнинг орқа томонига разм солди: «1978 йил 8 март».
Терговчилар докторни обдон сўроқ қилишди. Айниқса, 1978 йил 8 март воқеаси юзасидан терговчиларнинг саволлари кўп бўлди. Доктор босиқлик билан билганларини гапириб берди.
– Сиз қишлоққа бориб, Нурали бобонинг вафот этганлигини кимдан эшитдингиз?
– Қўшни чолдан.
– Уйида ҳеч ким йўқ эканми?
– Нурали бобонинг кампири анча олдин қазо қилган, фарзандлари йўқ эди.
– Бобонинг уй-жойи кимга қолган экан?
– Кимдир турган экан. Лекин уни ҳам уйдан топа олмадик, қаергадир кетган дейишди.
– Ким экан у? Қариндошларданми?
– Нурали бобонинг яқин қариндоши ҳам йўқ эди. Кимдир сотиб олган бўлса керак-да, бегона одам дейишди.
– Тоғли қишлоқдан бегона киши уй сотиб оладими? Ким бўлиши мумкин?– Фахриддин ўрнидан туриб, докторга яқин келди. – Ёшини сўрадингизми?
– Сўрамабман. Нурали бобонинг қазо қилганлигини эшитиб, довдираб қолдим.
– Зафар ака, бу воқеани сиздан бўлак яна кимлар биларди? Мен демоқчиманки, Ботировнинг ўша воқеага дахлдор сиздан бошқа ҳам ўртоғи бормиди?
– Мендан яқинроғи йўқ эди шекилли. Бошқалар ҳам кейинчалик бу ҳақда эшитишган. Лекин биз ўша автоҳалокатда бирга бўлганлигимиз, шунингдек воқеа айнан 8 март куни содир бўлганлиги учун ёдимда қолган.
– Яхши, бизга ўша қишлоқни кўрсатасиз, – Фахриддин Каримович ўрнидан қўзғалди.
– Раҳбарлар рухсат бер-а-р-м-и-к-и-н?
– Раҳбарларингизга айтиб қўямиз!
– Мен ҳозир кийимларимни алмаштириб чиқай, – деди Зафар дўхтир устидаги оқ халатга ишора қилиб.
Зум ўтмай тергов гуруҳи аъзолари Зафар дўхтир йўлбошчилигида Нурали бобонинг қишлоғи томон йўлга тушдилар…
* * *
Санжарбек икки жилдлик жиноят ишини қўлга олиб, диққат билан танишиб чиқди. Айрим варақларни такрор-такрор ўқиди. Тегишли жойларини белгилаб чиқди. Мулоҳазаларини алоҳида қоғозга қайд қилиб борди. Сўнг ўтириб тергов режасини тузди. Қилинадиган тадбирлар ва уларнинг ижрочиларини белгилаб олди.
Воқеалар занжири туман Марказий шифохонасига бориб тақалаётганлиги сабабли қисқагина тушлик қилиб, ўша ерда бир-икки кун ишлашга қарор қилди.
Бахтга қарши орадан анчагина вақт ўтиб кетганлиги сабабли ўша мудҳиш воқеалар содир бўлган даврда меҳнат қилган ходимларнинг кўпчилиги ишдан кетган, уларнинг ўрнини янги ходимлар эгаллаган эди. Санжарбек Озоданинг дугонаси Лайло Шодиевани суриштирди. Аммо унинг ўша фожиадан сал ўтиб, ишдан бўшаб кетганлиги, боз устига бир йил ўтмай, рак касаллигига чалиниб, вафот этганлиги маълум бўлди.
Санжарбек терговчиларга зарур топшириқлар бериб, ўзи вақтни бой бермай, Шодиеванинг ота-онаси олдига жўнади. Жаннат хола терговчининг қўлидаги сумкани кўриб, «газ ёки электр энергияси идораларидан келган бўлса керак» деган ўйда:
– Болам, бир-икки кунда пенсия қўлга тегади, тўлаймиз-да! Ҳар ой бир оз кечикиб бўлсада тўлаб турибмиз-ку! – деди.
– Хола, сиз мени бировга ўхшатдингиз шекилли, мен прокуратура терговчисиман, – Санжарбек ён чўнтагидан хизмат гувоҳномасини олиб, очиқ ҳолда кампирга узатди. – Қизингиз Лайло Шодиева хусусида келган эдим.
Кампир гувоҳномага эътибор қилмасдан:
– Шунақами, келинг болам, ичкарига киринг, –деди. – Танимасни сийламас дейдилар, сизни газданми деб ўйлабман, кечирасиз, иним.
– Ҳечқиси йўқ! Биз ўрганиб қолганмиз, холажон, – терговчи кампирни гапга солиш учун атайлаб «жон» қўшимчасини қўшиб гапирди.
Кампир қўймасдан Санжарбекни ичкаридаги шинамгина хонага бошлаб кирди.
– Бу Лайломнинг хонаси эди. Болам бечоранинг куни калта экан, турмуш ҳам қуришга улгурмасдан бу дунёдан ўтди-кетди, – Жаннат хола рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди.
– Холажон, дардингизга шерикман, кеч бўлсада таъзиямизни қабул қилинг. Охирати обод бўлсин!
Санжарбек кампирни овутиш учун у ёқ, бу ёқдан сўраган киши бўлди. Мақсадига бир оз бўлса-да эришганлигини фаҳмлаб, асосий масалага кўчди.
– Жаннат хола, сиз қизингизнинг дугонаси Озода Қобуловани яхши билармидингиз?
– У раҳматли қизимнинг яқин дугонаси эди. Бирга ишлашарди. Аҳён-аҳён Лайло билан уйга ҳам келиб-кетиб турарди. У шўрликнинг ҳам бахти қаро экан. Кун кўрмай ўтиб кетди.
– Холажон, Лайло Озоданинг қандай қилиб вафот этганлиги тўғрисида сизга гапирганмиди?
– Қизим негадир бу мавзуда гапиришни хоҳламасди. Мен узунқулоқ гаплардан Озодани бирга ишлайдиган дўхтир ўлдирганлигини эшитган эдим. Лайлодан бу ҳақда сўрасам, у нуқул йиғлаб берарди… Ўғлим, ўзи тинчликми нега буларни мендан сўраяпсиз?
– Тинчлик, тинчлик холажон. Озоданинг ўлими билан боғлиқ айрим нарсаларга аниқлик киритмоқчи эдик. Қизингизнинг жавони шумиди? – Санжарбек хонанинг тўридаги стол-стул ва кичикроқ китоб жавонини кўрсатиб.
– Ҳа, қизим бечора кўп вақтини шу ерда ўтказарди, дарс қиларди, китоб ўқирди… – кампирнинг яна юраги тўлиб кела бошлади.
– Китобларини кўрсам майлими? – терговчи иш столига яқин келди.
– Майли болам, бемалол!
Стол устида беш-олтита бадиий ҳамда тиббиётга оид китоблар тахланиб турарди. Китоб жавони эса русча, ўзбекча турли-туман асарлар, дарсликлар билан тўла эди. Стол ва китоблар устидаги чангдан бу ерга анча пайтдан буён одам кирмаганлигини англаш қийин эмасди. Санжарбек стол устидаги китоблардан бирини қўлга олди. Шу пайт китоб ичидан бир конверт ерга тушиб кетди. Терговчи конвертни қўлига олди. Ундаги «қаерга» деган ёзув тўғрисига «Бекобод шаҳар прокурорига» деб ёзилганди. Санжарбек кампирга юзланди:
– Холажон, мана бу мактубдан хабарингиз борми?
– Қанақа мактуб экан, хабарим йўқ! Қизимнинг вафотидан сўнг бу ерга деярли ҳеч ким кирмаган.
– Мана бу мактуб, туман прокурори номига ёзилган экан, – терговчи конвертни кампирга кўрсатди. – Очсам майлими?
– Майли, майли болам! Прокурор номига ёзилган экан деяпсиз-ку!
Санжарбек авайлаб конвертни очди. Тўртга букланган қоғозни ёйиб, қўлда чиройли ҳуснихат билан ёзилган мактубни ўқий бошлади:
«Муҳтарам прокурор!
Мен Шодиева Лайло бу фоний дунёдан кетар эканман, бир ҳақиқатни сизларга етказишга жазм қилдим. Мен оғир жиноятга қўл урдим. Оллоҳ айбимга яраша жазо берди – тузалмас дардга мубтало қилди! Ўлим тўшагида ётар эканман, ўзимдан ўзим нафратланиб кетяпман. Қандай қилиб шундай жирканч ишга қўл урдим, сира ақлим етмайди!!!
Вужудимни кундан кунга кемириб бораётган дардга чидаяпман, аммо виждон азобига бардошим етмаяпти. Дўзах азобига тушгандайман!
Шу сабабли ичимдаги дардларимни қоғозга тушириб, кеч бўлсада, ҳақиқатни айтиб, виждоним олдида жиндеккина бўлсада айбимни ювишга аҳд қилдим.
Биз Озода билан яқин дугона эдик. У ҳаммадан ҳам кўра менга ишонарди. Бош врачимиз Тошмурод аввал уни йўлдан урди. Агар у билан «юрса» бош ҳамширалик даражасига кўтаришга ваъда берди. Акс ҳолда ишдан бўшатиб юбориш билан қўрқитиб, қиз бечорани ўз йўлига солиб олди. Уларнинг шаҳар чеккасидаги бир уйда учрашиб туришини мендан бошқа ҳеч ким билмас эди.
Бир йил ўтиб, Озода ҳомиладор бўлиб қолди. Буни эшитган бош врач ундан ўзини олиб қоча бошлади. Қизни болани олдириб ташлашга кўндирмоқчи бўлди. Озода эса ўлса ўлишини, аммо боладан воз кечмаслигини айтиб, сўзида қатъий туриб олди.
Тошмурод мансабпараст, зиқна ва қўрқоқ, шу билан бирга пихини ёрган айёр ва тилёғламачи одам эди. У Озодани йўлга солишни менга юклади. Эвазига турли-туман мукофотлар ваъда қилди. Мен дугонамга таъсир ўтказишга, болани олдириб ташлашга кўндиришга ҳаракат қилдим. Аммо дугонам келажакда оналик бахтидан бутунлай жудо бўлишдан қўрқди, гапимга унамади.
Бош врач бола туғилса, гуноҳлари фош бўлишини, мансабидан айрилиб қолишини, эл-юрт олдида шарманда бўлишини яхши тушунарди. Шу сабабли у қандай бўлмасин, Озодадан қутулиш йўлларини қидира бошлади. Унга бу йўлда ишончли шерик, ҳамкор керак эди. У мени танлади. Чунки мен Озоданинг яқин дугонаси сифатида энг тўғри келадиган номзод эдим…
Озода эса менинг душманга сотилганимдан хабари йўқ, бор сирини менга ошкор қиларди. Маслаҳат сўрарди. Қорнидаги боланинг каттариб кетаётганидан хавотирга тушиб, Тошмуродни тезроқ совчи юбориб, тўй қилишини талаб қиларди. Отаси, акаси сезиб қолса, ҳар иккисига ҳам ёмон бўлишини уқтирарди.
Айёр Тошмурод қизни алдаб вақтдан ютишга ҳаракат қиларди. Ўзи эса уни йўқотиш режасини тузарди. Бу ишга энг тажрибали жарроҳимиз, мусичадай беозор инсон – Аҳад акани аралаштирмоқчи бўлганда мен жон-жаҳдим билан қаршилик қилдим. Аммо у айтганидан қайтмади. У бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи эди. Биринчи қуён Озода бўлса, иккинчиси туманда, жамоада тобора кўпроқ обрўга эга бўлиб бораётган, «унинг мансабига кўз олайтираётган» Аҳад Ботиров эди.
Шу сабабли Тошмурод ўзининг қилмишларини Ботировга тўнкамоқчи бўлди. Мен виждонсиз, сотқин ва жирканч қиз, арзимас пул эвазига билиб-билмай унга ёрдам қилибман. Олдинига Озода билан Ботиров «дон олишиб» юрганлиги ҳақида миш-миш тарқатдим. Кейин эса Ботировга қарши ёлғон гувоҳлик бердим. Аммо Озоданинг ўлдиришларидан бехабар эдим. Тошмурод Собировичнинг топшириғига кўра ўша куни телефонда овозимни сал ўхшатиб, Озодани номидан Ботировни мен чақиртирган эдим. Орқасидан мен ҳеч нарса кўрмагандай келишим ва уларни бирга кўриб қолишим керак эди. Аммо мен ўша куни даҳшатнинг устидан чиқдим. Ботиров қонга беланган Озоданинг тепасида пичоқ билан турарди. Мен Ботировнинг қўлидан бундай иш келишига ишонмайман. Бу ишни ўша Тошмурод қилганлигига аминман. Мен унга Озодани ўлдириш керак эмасди, дея ёпишдим. У эса фарзандларини ўртага қўйиб, менга қасам ичди. Менинг бунга дахлим йўқ, дея туриб олди. Мен бу сафар фақат кўрганларимни терговчиларга айтдим. Минг афсуски, менинг шу кўрсатмаларим Ботировни қотилликда айблашга асос бўлди. Унинг айби йўқлигини Тошмурод ва мендан бошқа ҳеч ким билмайди.
Оғир гуноҳ қилдим. Айбимга яраша Яратганнинг ўзи мени жазолади. Бир бегуноҳ инсоннинг узоқ муддатга қамалиб кетишига, оиласи пароканда бўлишига, орзу-умидлари ер билан яксон бўлишига сабабчи бўлдим!
Қонун олдида жавоб бера олмасам керак. Негаки, сизлар бу мактубни ўқиётган пайтда мен бу ёруғ дунё билан абадий хайрлашган бўламан!
Мен гуноҳкор бандани кечиришларингизни сўрайман! Гарчанд бунинг имкони бўлмаса-да…
Лайло Шодиева»
Санжарбек мактубни ўқир экан, бир тарафдан шундай сотқинлик, разолатнинг жирканч ботқоғига ботган қиздан нафратланса, иккинчи томондан йўқ жойдан айбдор бўлиб, шунча кўргиликларга дучор бўлган Ботировнинг тақдирига ачинди. «Шўрлик, ноҳақ айблангани рост экан-да! Биргина туҳмат унинг бошига шунча бахтсизликни ёғдирди-я! Суюкли ёридан, азиз фарзандларидан, муқаддас оиласидан, яхши кўрган ишидан, ҳамма-ҳаммасидан бир йўла жудо бўлди. Ўзи эса интиқом ўтида ёниб, кул бўлди, қўлини қонга белади, ҳаёти зардобга айланди. Яшашдан умиди қолмади. Тирик мурдага айланиб қолди. Халқимиз бекорга ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан ўзинг асра» деган нақлни кўп такрорламас экан-да...»
– Нима деб ёзилган экан, болам? – деди Жаннат хола терговчининг хатга тикилиб қолганидан ташвишга тушиб.
– Мактубда қизингиз дугонасининг ўлими хусусида ўз фикрларини ёзибди. Холажон, шу сабабли уни текшириш учун олишимизга тўғри келади.
– Майли, болам, ўзларингга қаранглар, керак бўлса ола қолинглар.
Ўша ердан гуруҳ раҳбарига телефон қилди. Котиба унинг юқумли касалликлар шифохонасига кетганлигини айтиб, телефон рақамини берди. Санжарбек тегишли рақамни териб, бошлиқни топди:
– Фахриддин Каримович, менда иккита хабар бор…
– Бири яхши, бири ёмон бўлса керак.
– Топдингиз, қай биридан бошлай?
– Яхшисидан!
– Озода Қобулованинг ўлимида Ботировнинг айбсизлигини ва аксинча бош врач Тошмурод Собировнинг айбдорлигини исботловчи муҳим далилий ашё топилди…
– Табриклайман! Ёмон хабарингиз нима экан?
– Шу далилий ашё, яъни хатни қолдирган шахс Озоданинг дугонаси Лайло Шодиева вафот этиб кетган экан. Асосий гувоҳдан ажралиб қолибмиз, бу ёмон.
– Энди нима қилмоқчисизлар?
– Тошмурод Собиров вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётган экан. Уни ушлаш…
– Тўғри, тезда тезкор ходимларни юборинг. Қолган гапларни борганда гаплашамиз. Мен ҳозир йигитлар билан қишлоққа чиқиб кетаяпмиз. У ерда телефон йўқ бўлса керак. Кечга томон келамиз. Барча ишларни ўзингиз ташкиллаштириб туринг!
– Тушунарли!
Санжарбек марказий шифохонага қайтиб келиб, тезкор ходимлардан иккитасини Тошмурод Собировни олиб келишга юборди. Ўзи эса бирин-кетин ўша даврларда ишлаган ходимларни сўроқ қилишга киришди. Кўпчилик ходимлар Ботировни оддий, самимий инсон, малакали жарроҳ сифатида билишини айтишди. Собировни эса аксинча такаббур, хотинбоз, мансабпараст ва иккиюзламачи киши эканлиги ҳақида гапиришди. Гувоҳлар ўша даврларда одамлар орасида «Ботиров бу жиноятни қилмаган, кимдир атайлаб унинг пешонасига қотиллик тамғасини иляпти», деган миш-мишлар тарқаб кетганлигини, аммо бу гапларнинг қанчалик рост ёки ёлғонлиги уларга қоронғу эканлигини, айримлар бу ишларнинг тепасида Тошмурод турганлиги ҳақида гаплар тарқатганлигини, Ботиров узоқ муддатга қамалиб кетгач, миш-мишлар аста-секин йўқолиб кетганлигини таъкидлашди.
Қош қорайганда терговчилар прокуратурага қайтишди…
* * *
Нурали бобонинг қишлоғи томон машина ўнқир-чўнқир тоғ йўлларини оралаб, узоқ юрди. Йўл эса борган сари торайиб борарди. Ҳамма ҳайдовчига қўшилиб, йўлга диққат билан тикилиб кетарди. Машина даранинг баландроқ жойига чиқиб, пастга тушаётганда Зафар доктор жарлик томонга ишора қилиб:
– Бизлар мана шу жойда ҳалокатга учраган эдик, – деди. – Оллоҳ бир сақлаган экан-да! Инсоннинг тирик қолишига ишонгинг келмайди-я.
– Ростдан ҳам омадларингиз бор экан. Пастга қараб, одамнинг юраги увишади, – терговчилардан бири гапга қўшилди.
– Ҳа, қирқ йил қирғин бўлганда ҳам ажали етган ўларкан, – деди иккинчи терговчи ойнадан пастликка тикилиб.
Фахриддин олд ўриндиқда атрофни кузатиб, жимгина кетарди. У ҳамроҳларининг гапларини эшитиб кетаётган бўлсада, хаёли бошқа ёқда эди: «Нурали бобоникида турган киши ким бўлди экан? Наҳотки у Ботиров бўлса! Йўғ-э, у шунча ишни қилиб, бемалол юриши мумкинми? Қишлоқнинг ҳам оқсоқоли, участка инспектори бўлади-ку! Кимсан, қаердан келдинг деб сўрамайдими? Ҳа, дарвоқе унинг қўлида сохта ҳужжатлари бор-ку! Ўша ҳужжатлар билан жон сақлаб юргандир-да! Тартиб-интизомни бузмаса, жиноят қилмаса, унда кимнинг иши бор. У ҳолда Баҳром акани қаерда сақлаётган бўлиши мумкин? Ёки аллақачон ундан қутилиб қўя қолдимикин? Уни тирик гувоҳ қилиб шу пайтгача сақлашдан унга нима маъни? Ёки уни тутқунликда сақлашдан ўзига қандайдир бир таскин олармикин? Уни азоблаш учун тузган қасос режасининг бир бўлагимикин? У ўзини ноҳақ қамалишида айбдор деб билган барча кишидан ўч олишга улгурди. Ҳеч кимга сездирмасдан усталик билан иш юритганини айтмайсизми? Нега Тошмурод Собировга тегмади экан-а! Ахир бундай олганда ҳаммаси шу одамнинг разиллиги сабаб бошланган-ку! Ёки бу ишларда унинг қўли борлигини билмасмикин? Нега билмас экан! Ўшанда ҳамма Собировдан гумон қилган-ку! Балки ундан қасос олишга улгурмагандир. Балки пайт пойлаб юргандир? Бу ерда бир гап бор. Майли, кўрамиз охири нима билан тугар экан.
– Шу ерда тўхтатинг. Етиб келдик. Мана шу уй, – деди Зафар доктор қишлоқнинг анчагина ичкарисидаги бир уй ёнига келганда.
Фахриддин ҳаммадан олдин дўхтир ишора қилган кўримсизгина дарча томонга юрди. Тезкор ходимлардан бири уйнинг ўнг тарафидан, иккинчиси чап тарафидан айланиб, пахса девордан мўралаб, ҳовлини кузата бошлади. Зафар дўхтир нима қиларини билмай, беихтиёр терговчига эргашди.
Гуруҳ раҳбари қия очиқ дарчадан ичкарига мўралади. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Эшикни қўли билан уриб, икки-уч марта тақиллатди. Ичкаридан садо чиқмагач, ҳаммалари ҳовлига киришди. Ҳовлини кўздан кечиришиб, уйда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, Фахриддин Каримович тезкор ходимлардан бирига қўшниларни таклиф этишни тайинлади. Ўзи ҳовлининг ўртасидаги ўрик дарахти тагидаги курсига ўтириб, сигаретини тутатди: «Ҳаммаёқ очиқ-сочиқ. Демак, у шу атрофда, кўп узоқ кетмаган. Дарвоқе, қишлоқ уйларида қулф-калит ишлатилмайди-ку! Балки бирор жойга чиққандир. Қишлоқда гап тез тарқайди. Бизнинг келганлигимизни эшитиб, жуфтакни ростлаб қолмаса бўлгани! Ҳа, Ботиров деганлари жуда муғомбир одам! У осонликча таслим бўладиганлардан эмас. Унинг бу ердаги отини Зафар дўхтир «Салай табиб» деганмиди? Ҳа, ҳа, Салай табиб. Унда қўшниларга ўзимизни туман марказидан даволанишга келган одамлар сифатида таништирганимиз маъқул. Нима бўлганда ҳам уни чўчитиб юбориш керак эмас…»
Зум ўтмай йигитлардан бири оппоқ соқолли қўшни чолни ҳовлига бошлаб кирди.
Фахриддин чол билан эски танишлардай илиқ кўришди.
Оқсоқол ҳамма билан қўл бериб кўришиб чиқди.
– Бизлар туман марказидан Салай табибни ахтариб келгандик. У кишини тополмай…
– Салай табиб шу ерда, кечроқ келиб қолади. Кун бўйи тоғма-тоғ кезиб, гиёҳ йиғиш билан овора у шўрлик. Тиним нималигини билмайди. Лекин кўпчиликнинг дардига малҳам бўлмоқда, барака топгур. Одамлар дўхтирлардан кўра унга кўпроқ ишонишади. Бироқ… сизларга йўл бўлсин? – деди чол ҳаммага бир-бир разм солиб.
– Бизлар Бекободдан… Салай табиб… – Фахриддин Каримовичнинг гапи оғзида қолди.
– Силар бу журтнинг одамларига ўхшамайсиз. Салай табиб бошқа жердан келганларди қарамайди-да! Бекорга овора бўлипсизлар, эҳ аттанг-а!
– Биз пойтахтдан келган меҳмонлармиз. Мана бу киши бекободлик, – Фахриддин Каримович чин сўзлашга мажбур бўлди.
– Бекободлик ҳам бўлмайди-да! Салай табиб фақат шу қишлоқнинг, ошиб борса қўшни овулларнинг одамларини қабул қилади. Сизларди қарамаса керак.
– Бир илтимос қилиб кўрайлик, балки қабул қилар. Ахир у кишининг таърифини эшитиб, шунча йўлдан келдик.
– Табибга ихлос қилиб келдик, отахон, – Зафар дўхтир гапга аралашди.
– Ихлос қилсанг, чўпдан даво, болам! Табиб ҳали замон келиб қолади, унгача журинглар бизникида ўтириб турасизлар, миймонжонлар! Қани кетдик, – чол лўкиллаб олдинга тушди. Фахриддин Каримович Зафар дўхтир билан унинг ортидан юрди. Тезкор ходимлар гуруҳ раҳбарининг имоси билан машинага ўтириб, уни қўшни чолнинг дарвозасига қадашди ва ўша ердан атрофни кузатишга киришди.
Меҳмонлардан бир қисми машинадан тушмаётганлигидан кўнгли хижил бўлган чол бир неча марта келиб, уларни уйга киришга ундади. Аммо кўзлари олазарак бу йигитларга гапи ўтмагач, «бу жигитлар тек жигитга ўхшамайди», деган хаёлда ортига қайтди.
Фахриддин Каримович гарчанд ичкарида бир пиёла чой устида қўшни чол билан «чақчақлашиб» ўтирган бўлсада, хаёли ташқарида эди. Салай табибнинг бунчалик ҳаяллаб қолгани уни ташвишга солаётган эди: «Наҳотки у яна бир ҳунар кўрсатса-я! Бегона кишилар келганлигини эшитиб, аллақачон қочиб қолган бўлмаса яхши эди. Балки ортидан йигитларни тоққа юборгани яхшимиди. Йўқ, йўқ, тоғнинг нимаси кўп, дараси кўп, қаеридан уни ахтаради? Яхшиси, кутиб тургани маъқул. Шу атрофда бўлса, қоронғи тушмасдан келиб қолади».
Гуруҳ раҳбари тоқати тоқ бўлиб, ора-чорада ташқарига чиқиб, машинада ўтирган йигитлардан хабар олиб кетди. Уларнинг ўз «пости»да сергак ўтирганини кўриб, кўнгли тинчиди. Офтоб уфққа бош қўйгач, «тоза ҳаво» баҳонасида ўзи ҳам ташқарига чиқиб олди. Ҳовли сал баландроқда жойлашганлиги учун пастроқда Салай табибнинг уйи яққол кўриниб турарди. Сал ўтмай кеч туша бошлади. Бутун борлиқни зулмат қоплаб кела бошлади. Бир маҳал тоғ томондан бир шарпа кўринди. Изқуварлар сергакланди. Елкасига тўрвасини осиб олган одам тез-тез қадам ташлаб, табибнинг уйи томонга бурилди. Фахриддин Каримович машинада ўтирган йигитларга кўрсаткич бармоғини оғзига олиб бориб «жим» ишорасини қилди. «Шарпа» дарчадан ичкарига киргач, гуруҳ аъзолари югурганларича унинг ортидан кириб боришди.
Уй эгаси унинг рухсатисиз ичкарига ёпирилиб кирган «меҳмон»ларни кўриб, бепарволик билан ишида давом этди. Қўлидаги халтадан қандайдир ўтларни чиқариб ажрата бошлади.
– Салай табиб сиз бўласизми? – деди Фахриддин Каримович уй эгасига яқинлашиб.
– Мен кечки пайт ҳеч кимни қабул қилмайман, – деди хонадон соҳиби ишдан бошини кўтармай.
– Бизни қабул қилишингизга тўғри келади, – Фахриддин Каримович чўндагидан қалин муқовали қизил рангли хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ўзини таништирди.
Салай табиб қилаётган ишидан тўхтаб, терговчига бақрайиб қаради, бирпасда ранги докадай оқариб, жойига ўтириб олди. Шунда синчков терговчи соч-соқоли ўсган, ранг-рўйи бир аҳволга келиб қолган бу инсоннинг кўзларидан унинг шак-шубҳасиз Аҳад Ботиров эканлигига амин бўлди.
– Аҳад Ботиров, ҳаммаси тугади. Сиз қамоққа олиндингиз, – деди Фахриддин Каримович жиддий оҳангда. – Сизга битта саволим бор: шунча пайтдан буён Баҳром Сафаровични қаерда сақлаб келдингиз?
Салай табиб ўтирган жойида тошдай қотиб қолган эди. У гўё ҳеч нарса эшитмаётгандай кўзини лўқ қилиб, терговчига тикилиб турарди.
– Сизга айтаяпман, Ботиров, биз ҳаммасидан хабардормиз, ростини гапиринг, ўзингизга осон бўлади! Баҳром Сафарович қаерда, уни қаерга яширгансиз?!
Табиб нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, аммо овози чиқмади. Тезкор ходимлардан бири сўри устидаги чойнакдаги совуқ чойдан пиёлага қуйиб, унга узатди. Табиб чойдан ҳўплаб, бир оз ўзига келди шекилли, тилга кирди:
– Ҳа, мен ўша бахтиқаро, бу дунёдан умидини узган, аллақачон ўлиб бўлган Аҳад Ботировман. Қамайсизларми, отасизларми менга барибир! Менга бу дунёда яшашнинг заррача қизиғи қолмаган. Мен умримнинг катта қисмини қамоқда ўтказдим. Қолган умрим ҳам қамоқда ўтмоқда. Шу уй ҳам, фоний дунёнинг ўзи ҳам менга қамоқдай гап…
– Ботиров! Сизни қамаш, қамамасликни тергов, суд ҳал қилади. Ҳозир сиз менинг саволимга жавоб беринг: Баҳром Сафарович қаерда?
– Қанақа Баҳром? Мен ҳеч қандай Баҳром-пахромни билмайман.
– Бизга ҳаммаси маълум. Чалғитаман деб ўйламанг! Жиноий шерикларингиз қўлга олинган. Ўжарлик қилишдан фойда йўқ. Айбингизни бўйнингизга олиб, қилмишингизга чин кўнгилдан пушаймон бўлсангиз, суд жазо тайинлашда буни инобатга олади.
– Сизларга ҳаммаси маълум бўлса, мендан сўраб нима қиласизлар?
– Сиздан фақат бир нарсани, Баҳром Сафаровични қаерга яширганлигингизни сўраяпмиз, холос.
– Мен ундай одамни танимайман!
– Ахир сиз ўзингизнинг шерикларингиз билан уни ўғирлаганлигингиз рост-ку! Бундан тўрт йил муқаддам, уни Марзия ишхонасидан – прокуратурадан чақиртириб берган. Марзия ҳаммасини тан олган. Бекорга вақтимизни олаяпсиз, Баҳром Сафаровични қаерга яширгансиз, айтинг? – деди Фахриддин Каримович хуноби чиқиб.
– Ҳа. ўша прокурор болами? Тўғри, Марзия уни менга чақиртириб берганди. Биз у билан йигитчасига гаплашиб олдик. Мен ундан нима сабабдан мени ноҳақ қамаганлигини сўрадим. У менинг қамалишимда ўзининг айби йўқлигини айтди. Кейин биз дўстона хайрлашдик. Бошқа уни кўрганим йўқ! Нима у йўқолибдими?
Фахриддин Каримович бу инсондан осонликча гап ололмаслигини сезиб, бошқа томондан ҳужумга ўтди:
– Унда сизнинг қотиллик жиноятингизни олиб борган терговчи Икром Бозоровни, судья Зокир Шокировни нима сабабдан ўлдирдингиз? Улар билан ҳам «йигитчасига» гаплашиб олдингизми? – деди Фахриддин Каримович ғазабини яширолмай.
– Менми? Қачон ўлдирибман?
– Ёдингизда йўқми? Бундан 5-6 йил олдин!
– Кечирасиз, у вақтда мен қамоқда бўлганман, ўша чаласавод терговчингиз, Худо бехабар судьянгиз тайинлаган жазони ўтаб ўтирганман! Демак, мен уларни ўлдириш имконига эга бўлмаганман! Агар улар ростдан ҳам бу дунёдан кетган бўлсалар, Оллоҳнинг одиллигига яна бир марта қойил қоламан!
– Ботиров, сафсатани бас қилинг! Ўзингиз қамоқда бўлсангиз, бу ишларга «киллер» ёллагансиз! Бизни чалғитаман деб овора бўлманг!
– Ўртоқ бошлиқ! Мен бир бор ноҳақ қамалганман! Ўшанда ўзимни оқлаш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим. Ялиндим, ёлвордим, дод солдим! Бироқ ҳеч ким менинг арзимни эшитмади. Қилмаган ишим учун жуда оғир товон тўлашга мажбур бўлдим. Ишимдан, уйимдан, бола -чақамдан, орзу-умидларимдан, ҳаммасидан бир йўла жудо бўлдим. Энди жудо бўлгулик ҳеч нарсам қолмади. Мен ўлган одамман. Хотиним, икки ўғлим бу дунёдан кўз юмганда мен ҳам улар билан бу ёруғ оламни абадий тарк этганман. Менинг қуруқ гавдам қолган холос. Энди ўзимни оқлаш учун чиранмайман, дод-вой солмайман. Қамасангиз жонсиз танамни қамайсиз-да!
– Бўпти, қолган гапларни у ёқда гаплашамиз. Биз билан бирга кетасиз, – терговчи шу тобда бу инсон билан ади-бади айтишиб ўтириш бефойдалигини ҳис этиб, гапни қисқа қилиб қўя қолди.
Ботиров оҳиста ўрнидан туриб, деворга осиғлиқ чопонини қўлига олиб, терговчининг ортидан эшикка чиқди. Ташқарида ғира-ширада Зафар дўхтирга кўзи тушиб, бир муддат жойида қотиб қолди, нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади-ю, лекин фикридан қайтди, шекилли, индамай машина томонга юрди.
Бўлаётган ишлардан ҳангу манг бўлиб қолган Зафар ёнидан ўтиб бораётган дўстига «Аҳад, яхшимисан, ўртоқ! Хайрият тирик экансан», дейишга улгурди. Ботиров чурқ этмади.
Тезкор ходимлар Ботиров Баҳром Сафаровични яшириши мумкин бўлган жойларни – омборхонани, молхонани, ўтинхонани, том устини обдон чиғириқдан ўтказишди. Аммо у ерларда инсон зоти сақланганлигини тасдиқловчи бирор из топилмади…
* * *
Кеч соат саккизлардан ошганда тезкор ходимлар юзлари қўрқув ва ҳаяжондан оқариб кетган Тошмурод Собировни олиб келишди. Санжарбек уни сал бўлса-да ўзига келтириб олиш учун иссиқ чойдан қуйиб узатди. Гапни узоқдан бошлаб, ишларини, оиласини сўраган киши бўлди. Ҳозирги замон тиббиётининг ютуқларидан сўз очди. Сал ўтиб, суҳбатдошининг юзидаги ташвиш чекингандай, юзи ёришгандай туюлди. Терговчи пайтдан фойдаланиб, мақсадга кўчди.
– Тошмурод Собирович, шунча йиллар сизни виждон азоби қийнамадими?
– Туш-туш-у-н-м-а-д-и-м! М-е-н… ни-ма… маъ-но-да..
– Марҳамат, мана бу мактубни ўқиб чиқинг, шояд айрим нарсалар ёдингизга тушса! – терговчи стол тортмасидан бир варақ қоғоз олиб, ҳамсуҳбатига узатди.
Собиров қизариб-бўзариб хатни охиригача ўқиб чиқди. Нафаси бўғзига тиқилиб, бўйинбоғини бўшатди, кўйлагининг тепа тугмаларини ечди. Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, пешонасидан қуйилиб келаётган терни артди. Бир мактубга, бир «хўш бунга нима дейсиз» дегандай нигоҳини қадаб турган турган терговчига назар солди. Бир нарсалар демоқчи бўлди-ю, тили калимага келмади.
Терговчи ҳам атайлаб, бу адашган банданинг фикрларини бир жойга жамлаб, ниҳоят ҳақиқатни тан олишини кутиб, жим тураверди. Бундай даҳшатли далилни инкор қилиш, унга қарши бирор-бир важ топиш осон иш эмас эди. Шу сабабли Санжарбек «ҳозир бу одам бор билганларини тўкиб солса керак» деган ўйда уни шошилтирмади. Аксинча, ҳозиргина котиба олиб кирган иссиқ кўк чойдан қуйиб бериб, унинг нафас ростлаб олишига имкон берди.
– Ўртоқ прокурор! Тўғри… мен айбимни бўйнимга оламан. Мен мансаб деб, амал деб қабиҳлик йўлини танладим. Озода мендан ҳомиладор бўлиб қолган эди. Уни болани олдириб ташлашга кўндиришга кўп ҳаракат қилдим. Аммо у унамади. Бола туғилса менинг оилам, жамоа, элу юрт олдидаги обрў-эътиборим бир пул бўларди. Озодага ҳам қийин эди. Турмушга чиқмай, бола туғиш қишлоқ қизи учун ўлим билан баробар эди. Шу сабабли у мендан кичикроқ тўй қилиб, ота-онаси, қариндошлари орасида юзини ёруғ қилишимни талаб қиларди. Мен эса ундай қилолмасдим. Ўша даврларда партия аъзосининг бундай ножўя иш қилиши, партия сафидан ўчирилишига, ишдан кетишига, келажаги барбод бўлишига сабаб бўларди. Мен эса ишимни, мансабимни йўқотгим йўқ эди. Шунинг учун Лайло билан тил бириктириб, Озоданинг ҳомиласини Аҳад Ботировдан эканлиги ҳақида гап тарқатмоқчи бўлдик. Лайло Ботировни Озоданинг номидан уйига чақириб, уларни бирга кўриб қолиши керак эди. Бу эса менга Озодани Ботиров билан «юрганлик»да айблаб, ундан қутилишим учун зарур эди. Шундай ҳам қилдик. Лекин… минг афсуски, ўша куни Лайло Озоданикига борганда, ҳалиги воқеанинг устидан чиқиб қолди. Тўғри, бу ерда Ботировнинг заррача айби йўқ. Уни биз атайлаб Озоданикига юборган эдик. Аммо унинг қотиллик жинояти устидан чиққанлиги ўзига қимматга тушди. Шўрлик узоқ муддатга қамалиб кетди…
– У ҳолда Озодани нима сабабдан ўлдирдингиз?
– Э, укажон! Унақа деманг, мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ. Ўша куни Лайло шу воқеанинг устидан чиқиб қолган. Мен бу фожиани эшитиб, ёқамни ушлаб қолдим. Аммо уни ким ўлдирганидан ўлай агар хабарим йўқ!
– Озоданинг ўлими сиздан бошқа ҳеч кимга керак бўлмаган. Мана кўриб турибсиз, Лайло ҳам бунда фақат сиздан гумон қилган. Қилғиликни қилиб қўйиб, тағин айбингизни бошқа бировга тўнкашга ҳаракат қилаяпсизми? Сизда виждон деган нарса борми? – терговчининг афти тундлашди.
– Тўғри, мен ёмон ишга қўл урдим! Бир кишининг ноҳақ қамалиб кетишига сабабчи бўлдим. Аммо…
– Қанақа бир киши! Сизнинг ўша биргина ёлғонингиз қанча одамнинг ҳаётига зомин бўлганлигини биласизми? Неча оиланинг бошига кулфат келтирганлигини фаҳмлайсизми? Бир киши дейди-я!
– Укажон, тўғри менинг айбим бор. Мен қўрқоқлик қилдим. Ўша пайтда Ботировнинг айби йўқлигини айтишим керак эди. Лайлони қабиҳ йўлга бошлаган ҳам мен. Аммо Озодани мен ўлдирган эмасман. Мен уни с-е-в… ях-ши кўрардим! – Собиров ёлғондакам кўзига ёш олди.
– Майли, айбингизни бўйнингизга олсангиз, ўзингизга яхши бўларди. Бугун сизни гумонланувчи сифатида ушлашга мажбурман. Ҳақиқатни тан олиш учун ихтиёрингизда уч кун вақт бор, – терговчи ўрнидан туриб, Собировга яқинлашди. – Сиз шохида юрсангиз, биз баргида!
– Ўртоқ прокурор, мен рост айтаяпман. Худо ҳаққи, мен Озодани ким ўлдирганини билмайман!
– Худони тинч қўйинг! Виждонсиз, иймонсиз одамлар Оллоҳни тилга олмасалар-да!
– Болаларимни ўртага қўйиб қасам ичаман, Озодани мен ўлдирганим йўқ! Агарда уни мен ўлдирганимда, Ботиров мени ҳам тинч қўймаган бўларди ўшанда!
– Нима? Бу нима деганингиз, тушунтириброқ гапиринг!
– Ботиров қамоқдан чиққач, мени ёнимга келди. У ҳам сизга ўхшаб, Озодани ўлимида мени айблаб юрган экан. Мен бор воқеани унга айтиб бердим. Болаларимни ўртага қўйиб қасам ичдим. У эса менга ишонмади. Лайло ўшанда вафот этганди. Бошқа гувоҳ эса йўқ. Унинг важоҳати ёмон эди. Мендан албатта қасд оларди. Бахтимга мен Озода ўлдирилган кунлари Қирғизистонда, аниқроғи, Иссиқкўлда дам олишда бўлган эканман. Мен Ботировга самолёт чиптасини кўрсатдим. У «майли текшириб кўраман, ёлғон гапирган бўлсанг, ўзингдан кўр» дея пўписа қилди. Лекин шундан кейин қайта мени безовта қилмади.
– Нима сабабдан бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмадингиз?
– Ботиров менга «учрашувимиз ҳақида бировга оғиз оча кўрма, болаларингни ўйла», дея қўрқитди. У аламзада эди…
– Сиз Иссиқкўлга қачон, нима мақсадда борган эдингиз?
– Мен ҳар йили ўша ерда дам олардим. Ҳозир санаси эсимда йўқ. Лекин аниқ ёдимда дам олишнинг учинчи ёки тўртинчи куни ишхонага телефон қилсам, Озоданинг ваҳшийларча ўлтирилганлигини маълум қилишди. Келгуси куни ортга қайтишга мажбур бўлдим.
– Ўша самолёт чипталари ҳозир қаерда?
– Ўшанда Ботировга кўрсатиш учун уйдан излаб топган эдим. Китобларим орасида турган бўлиши керак.
– Тошмурод ака, мана телефон, уйингизга қўнғироқ қилиб тайинлаб қўйинг, ходимларимиз ҳозироқ бориб ўша чипталарни олиб келишади, – деди Санжарбек стол устидаги телефонга ишора қилиб.
– Ўзим бориб олиб келсам майлими?
– Йўқ, сиз бу ерда бизга керак бўласиз! Йигитлар ғир этиб, ўтиб келишади.
Собиров хотини билан гаплашиб, иш столи устидаги китоблар орасида турган иккита самолёт чиптасини бериб юборишни тайинлади.
Санжарбек икки нафар тезкор ходимни Собировнинг уйига юбориб, ўзи уни сўроқ қилишда давом этди:
– Биз «алиби»нгизни текшириб кўрамиз. Сиз Озода билан яқин бўлгансиз, унинг барча сир-асрори сизга таниш бўлиши лозим. Агар унинг ўлимида Ботировнинг ҳам, сизнинг ҳам қўлингиз бўлмаса, унда ким ўлдирган? Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизнинг ўлими кимга керак бўлиши мумкин?
– Мен ҳам шунга ҳайронман. Мен уни яхши билардим. Ҳамма билан муносабати яхши эди. Оқкўнгил, содда дил, меҳрибон қиз эди. Ягона камчилиги ишонувчан эди. Душманлари борлигини эшитмаганман.
– У билан охирги марта қачон кўришган эдингиз?
– Дам олишга кетишимдан бир кун олдин. У мендан яна уйига совчилар юборишимни, кичикроқ бўлсада, тўй қилиб, уни бу оғир вазиятдан қутқариб олишимни илтимос қилди. Мен эса уни тағин болани олдириб ташлашга кўндирмоқчи бўлдим. У эса «ҳеч қачон бундай иш қилмайман» дея туриб олди. Жанжаллашиб қолдик. Шундан кейин мен Лайлони олдимга чақириб, Ботиров хусусидаги режамизни тезлаштириш лозимлигини уқтирдим. Мен унга уч-тўрт кун ишда бўлмаслигимни, шу пайтда қандай бўлмасин Озоданинг Ботиров билан «дон олишиб» юргани, яъни менга «хиёнат» қилганлиги «исботланиши» лозимлигини тайинладим.
– Бу билан нимага эришмоқчи эдингиз?
– Мен аҳмоқ Озодани хиёнатда айблаб, ўзимдан узоқлаштирмоқчи эдим.
– Озоданинг ўлими ҳақида қачон, кимдан эшитдингиз?
– Мен деярли ҳар куни уйга, ишхонага телефон қилиб турардим. Ўша куни ҳам ишхонадагилар билан гаплашиб, шу мудҳиш воқеа ҳақида эшитдим. Ўша куни уйга қайтмоқчи эдим. Аммо самолётга чипта олишнинг имкони бўлмади. Шу сабабли кейинги кун Тошкентга учиб келдим.
– Ўша пайтларда одамлар орасида бу ишда сизнинг қўлингиз борлиги ҳақида гаплар тарқаб кетган экан. Бу гапларни ким тарқатган деб ўйлайсиз?
– Менинг Озода билан яқинлигимни кўпчилик биларди. Бундай пайтда одамлар энг аввало яқин кишилардан гумонсирашади.
– Сиз бола-чақали одам бўла туриб, нима сабабдан турмушга чиқмаган бокира қизнинг бошини айлантирдингиз?
– Мен Озодани жуда яхши кўрардим. Анча пайт унинг ортидан юрдим. Уни кўндириш осон бўлмади. Совға-саломлар бердим, яхши мансаб ваъда қилдим. Аста-секин у ҳам менга меҳр қўя бошлади. Азбаройи уни яхши кўрганимдан охирини ҳам ўйлаб ўтирмабман. Унинг туғилган куни эди, тилло занжир совға қилдим. Қиз бечоранинг қувонганини кўрсангиз. Иккаламиз озроқ вино ичдик… Орадан икки ой ўтиб, унинг ҳомиладор эканлиги маълум бўлди. Ҳаммаси ўшандан бошланди.
Шу орада тезкор ходимлар иккита самолёт чиптасини олиб келишди. Санжарбек уларни диққат билан кўздан кечириб, рўпарасида ўтирган шахснинг ёлғон сўзламаганлигига амин бўлди. Шундай бўлсада, ходимлардан бирини Тошкент аэропортига ушбу масалага ойдинлик киритиш учун юборди. Ўзи эса Собировни аввал гувоҳ, сўнгра гумонланувчи тариқасида сўроқ қилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди. Гумондорни ҳибсхонага жойлаштириб, гуруҳ раҳбарининг келишини кута бошлади.
Алламаҳалда Фахриддин Каримович соч-соқоли ўсган, телбаларча кийиниб олган бир кишини бошлаб келиб қолди:
– Хўш, Санжарбек, зерикиб қолмадингизми?
– Й-ў-қ! Аммо… – деди Санжарбек «меҳмон»га бошдан-оёқ разм солиб.
– Бу жанобни танидингизми?
– Таниёлмай турибман-да! – деди терговчи анграйганча. Шу тобда унинг хаёлидан «Наҳотки шу ўша Ботиров» бўлса деган фикр ўтди.
– Бу киши ҳам Салай табиб, ҳам Асқар Нургалиев, ҳам ўша «машҳур» Аҳад Ботиров бўладилар!
– Ия, Аҳад ака, яхшимисиз, буни қаранг-а, биз сизни қабристондан излаб юрсак… тирик экансиз-да! Сизга қойилман! Чалғитишда устаси фаранг экансиз, – деди Санжарбек ҳайратини яширолмай.
Ботиров «бу яна ким бўлди» дегандай Санжарбекка ёвқараш қилди, аммо индамади. Бир чеккада турган стулга омонатгина ўтирди.
– Бугун кеч бўлди, эртага давом эттирамиз. Ҳозир эса гумондорни ушлаш тўғрисида қарор тайёрланг, – деди гуруҳ раҳбари соатига бир қараб.
Санжарбек ҳужжатларни расмийлаштириб, Ботировни ҳибсхонага жойлаштириш учун ички ишлар бўлими ходимларига топширди.
Меҳмонхонага пиёда қайтар экан, Фахриддин Каримович шогирдидан сўради:
– Дарвоқе, Собировни нима қилдингиз?
– Сўроқ қилдим, Ботиров билан Озодани хиёнатда айблаб, ўз айбини унга ағдармоқчи бўлганлигини тан олди, аммо «қизни мен ўлдирмаганман» деяпти. «Алиби»си бор экан. Қотиллик содир қилинган вақтда Иссиқкўлда дам олишда бўлган экан, самолёт чипталарини тақдим этди. Лекин негадир ўзини бошқача тутмоқда. Хумпар анча шайтон кўринади. Бошим қотиб қолди.
– Қўйиб юбордингизми?
– Йўғ-э, ҳибсга олдим. Ҳар на бўлганда ҳам у барча кўнгилсизликларнинг асосий сабабчиси. Бироқ унинг айбини исботлаш осон кечмайдиган кўринади.
– Тўғри қилибсиз. Иссиқкўлдаги дам олиш маскани маъмурияти билан гаплашиб, Собировнинг «алиби»сини текшириб кўриш керак. Озоданинг ўлими ундан бошқа кимга керак эди. Балки ўзи дам олишга кетиб, бирортасига уни ўлдиришга «буюртма» бергандир.
– Бўлиши мумкин. Собиров биз ўйлагандан кўра ҳам айёрга ўхшайди. Ундан ҳар нарсани кутса бўлади. Ботиров-чи? Қилмишларини бўйнига олдими?
– Ҳозирча у ҳам ўзини қўй оғзидан чўп олмагандай қилиб кўрсатмоқда. Эртага инкор қилиб бўлмас далилларни олдига ташласак, айбини бўйнига олишга мажбур бўлади.
– Ҳар икки ҳолатда ҳам энди далилларга зўр беришимиз қолди. Далиллар ўжар бўлади, дейишади.
– Бўпти бугунга етар. Яхши дам олинг. Эртага бизни машаққатли кун кутмоқда, – деди гуруҳ раҳбари ўз хонаси томонга бурила туриб. – Эртага Вазира опангизни ҳам чақиртиринг, бизга ас қотиши мумкин.
– Хўп бўлади. Хайрли тун!
Фахриддин Каримович хонасига кирганда стол устидаги соат миллари 01.30 ни кўрсатиб турарди…
* * *
Терговчининг эрталабдан қўнғироқ қилиб чақириши Вазирани ҳаяжонга солди: «Наҳот Баҳром акамдан бирор хабар бўлса! Ботиров қўлга олиндимикин? Эй Худо, ўзинг менга сабру бардош бер. Мен нотавон бандангни ноумид қилма! Адолатинг рост бўлса, болаларимнинг отасини бағримизга қайтар! Ишқилиб, яхшиликка бўлсин-да. Юрагим хонасидан чиқиб кетадигандай».
Вазира апил-тапил кийиниб, йўлга тушди. Прокуратура биноси ёнида одам гавжум эди. Ҳозиргина келиб тўхтаган усти ёпиқ юк машинасидан аввал башанг кийинган бир киши тушди. Икки милиционер уни ичкарига олиб кириб кетишди. Сўнг машинадан қўлларига кишан солинган девона башара бир киши тушди. Милиция ходимлари учовлашиб, уни ҳам прокуратурага олиб киришди. «Булар яна ким бўлди экан! Ҳар ҳолда Ботировга ўхшамади. Балки бошқа иш бўйича келтиришгандир. Ким бўлса ҳам биринчи одам каттагина амалдорга ўхшади. Бечора нима айб қилиб қўйган экан-а! Иккинчиси «бомж» бўлса керак» хаёлидан ўтказди Вазира.
Олдиндан тайинлаб қўйишган экан шекилли, киришда турган милиция ходими Вазирани ичкарига – Санжарбекнинг хонасига бошлаб борди.
– Опажон, яхши келдингизми? Укамлар яхшими? Чарчамасдан…
– Раҳмат, укажон. Тинчликми, нима гап? Бирор янгилик борми?
– Бўлганда қандай, опажон. Ботировни қўлга олдик.
– Р-о-о-с-т-ми? Ростданми? Баҳром акам…н-и-н-и-м-а д-е-е-япти? – Вазиранинг кўзларида ёш қалқиди.
– Опажон, келинг мана бу ерга ўтиринг. Ҳаммаси яхши бўлади. Ботиров топилдими, энди бу ёғи осон кечади. Ҳозирча у ҳеч нарсани бўйнига олмай турибди. Аммо тез орада ҳаммаси аён бўлади. Сиз шу ерда ўтира турсангиз, ёрдамингиз керак бўлиб қолиши мумкин.
– Бажонидил, укажон. Қанча кут десангиз, кутаман. Баҳром акам топилса бўлгани, – деди Вазира рўмолчаси билан кўз ёшларини арта туриб.
– Вазира опа, ўзингизни қўлга олинг. Сабрли бўлинг, сабр таги – сариқ олтин дейдилар.
– Бўлди укажон, мен яхшиман. Сиз бемалол ишингизни қилаверинг. Сизларга халақит бермайман.
– Бу бошқа гап. Мен Фахриддин Каримовичнинг ёнида бўламан. Мана буларни ўқиб ўтиришингиз мумкин, – Санжарбек стол устидаги янги газеталарни аёлнинг олдига ташлади ва ўзи хонадан чиқиб кетди.
Вазира вақт ўтказиш мақсадида газеталарни варақлай бошлади. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг ички саҳифаларидан бирида шоир Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърига кўзи тушди:
Гулим, сени гулдай асрай олмадим,
Суйиб, сийлолмаган султонинг бўлдим.
Меҳрингни меҳримда оқлай олмадим,
Нетай сен яхши, мен ёмонинг бўлдим…
Дорга осгил мени, дорингга шукур,
Борингга шукурлар, борингга шукур.
«Нақадар пурмаъно сўзлар! – ўйга толди Вазира. – Мен ҳам сизни асрай олмадим, Баҳром ака! Меҳрингизни оқлай олмадим. Ёзган шеърларингизга ўшанда унчалик эътибор бермаган эканман. Энди уларни ўқиб, ич-ичимдан эзилиб кетаяпман. Охирги марта туғилган кунимда ўқиган шеърингизни ўқий-ўқий ёд олдим. Ҳар гал уни ўқиганимда меҳрингизни қайтадан туйгандай бўламан, сизни ёнимда, сочларимни силаб тургандай ҳис этаман:
Жамолингдек жамол йўқдир, гўзал йўқдир жаҳон ичра,
Агар ҳуснинг ғазал этсам, ғазал йўқдир девон ичра.
Муҳаббат боғида ҳаргиз очилгувчи раъно гулсан,
Иболи, хушбичим, хушрўй, атиргулсан чаман ичра.
Лаби шаккар, юзи қирмиз, қоши камон, сочи бир ён,
Ақлу хуш ҳам шунга монанд ягонасан замон ичра.
Гуллар сенга ҳавас этгай, боқсанг қуёш ёниб кетгай,
Агар ойга кулиб қўйсанг, қолурман мен гумон ичра.
Аҳдим сенга, тахтим сенга, тўлиқ эрур бахтим сен-ла,
Туташтирмиш толе бизни бу олам, бу макон ичра.
Агар Баҳром муҳаббатда баланд чўққи излар бўлса,
Баландликда сенинг каби давон йўқдир давон ичра.
Эҳ, қандай гўзал, беғубор дамлар эди-я. Ўшанда уй тўла меҳмонлар орасида шу ғазални ўқиб, ҳаммани қойил қилган эдингиз. Дугоналаримнинг менга ҳавас қилганини айтмайсизми. Қани энди ўша пайтлар яна бир бор қайтиб келсайди...» Қани эди ёнимда бўлсангиз! Сизни асло ранжитмаган, дилингизни ҳеч қачон оғритмаган бўлардим…»
– Опажон, зерикмасдан ўтирибсизми? – хона эшигини оҳиста тақиллатиб Санжарбек кириб келди.
– Йўқ, раҳмат. Газеталарни қараб ўтирибман…
– Жуда яхши, – терговчи стол тортмасидан қандайдир қоғозларни олиб, яна хонадан чиқиб кетди.
Вазира қўшни хонада қандай гаплар бўлаётганлигини билолмай диққати ошарди: «Ботиров бўйнига олдимикин? Ёки ҳамон терговчиларни чалғитиш билан оворамикин? Ахир Баҳром акамни ўғирлашда унинг қўли борлиги аниқ-ку! Терговчиларга яна қанақа исбот, далил керак! Бир ҳисобдан ишни пухта қилганлари ҳам маъқул. Уларнинг ишида умуман янглишиш мумкин эмас. Мана Ботиров иши бўйича йўл қўйилган биттагина хато, бир янглишиш қандай оқибатларга олиб келди. Қанча инсонларнинг умрига зомин бўлди. Бегуноҳ кишини айблаш дунёдаги энг катта хато бўлса керак. Қайнонам раҳматлининг бир ҳикояси бор эди. Бир тотув оилага маърифатли, маданиятли оиланинг қизи келин бўлиб тушибди. Қайнонанинг бир ўғил, бир қизи бўлиб, келинни ҳам ўз фарзанди каби қабул қилибди. Кунларнинг бирида она қизи, келини билан ҳовлида овқат пиширишга уннаб туриб, қўлидаги онасидан мерос қолган ёқут кўзли узукни ечиб, ўчоқ бошига қўйибди. Овқат тайёр бўлгач, учаласи ўтириб тамадди қилишибди. Бир маҳал узуги ёдига тушган она уни қўйган жойидан олмоқчи бўлса, узук йўқ. Аввал қизидан, сўнг келинидан «узугимга кўзингиз тушмадими?» деб сўрабди. Ҳар иккаласи «йўқ» дея жавоб беришибди. Она ҳайрон қолибди. Ҳовлига улардан бошқа жон кирмаган бўлса, узукни жин тортиб кетадими? Она кимдан гумонсирашни билмай, боши қотиб қолибди. Қизидан кўрай деса, у ҳеч қачон сўроқсиз бировнинг нарсасига тегмаган. Келинидан гумон қилай деса, у ҳам азиз инсонларини ўртага қўйиб, «мен олганим йўқ» дея қасам ичиб турибди. Қайнона учун онасидан ёдгорлик қолган шу узук ниҳоятда қадрли эди. Аммо шундай бўлса-да, у узукка эмас, балки фарзандларининг ёлғон гапириб, виждонсизлик қилаётганига, шу арзимас нарса учун иймонини сотаётганига куйинибди. Шу-шу бўлибди-ю орага совуқчилик тушибди. Келин барибир келин экан. Қайнона келинидан кўпроқ гумонсираб, унга узукни қайтармаса ҳам, айбини бўйнига олиб, кечирим сўрашни талаб қилибди. Аммо келин «ўлимдан хабарим бор, лекин узукдан хабарим йўқ» дея тураверибди. Қайнонанинг «виждонсиз» келинини кўргани кўзи, отгани ўқи қолмабди. Уни ўғлига ёмонлай, ёмонлай, уйидан кетишга мажбур қилибди. Қобил ўғил онасининг измидан чиқолмай, хотини билан ажралишибди.
Орадан йиллар ўтиб, йўқолган узук ҳовли томига қўйилган мусичанинг инидан чиқибди. Қушлар ҳам олтинга ўч бўлишаркан. Ўчоқ бошидан узукни мусича «ўғирлаган» экан. Она иболи, хаёли ва дилбар келинини ноҳақ айблаб, оиласини бузгани учун бир умр виждон азобида ўтган экан. Алқисса, бировнинг айбдор эканлигига амин бўлмасдан туриб, унга ноҳақ айб қўйиш – туҳмат қилиш билан баробар экан.
Ҳар бир ҳодиса рўй бериши учун минглаб сабаблар бўлиши мумкин. Уларнинг айримлари эса бизнинг тасаввуримизга ҳам сиғмаслиги турган гап. Биргина кичик хато каттагина кўнгилсизликларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас… »
– Вазира опа, узр. Сизни анча куттириб қўйдик. Юринг, нариги хонага ўтамиз. Фахриддин Каримович сўраяптилар, – Санжарбек шошиб кириб келди.
– Укажон бирор янгилик борми?
– Ҳеч нарсани бўйнига олмаяпти. Жуда қайсар одамга ўхшайди. Ҳозир ўзингиз кўрасиз, – терговчи аёлни қўшни хонага бошлаб борди.
– Ассалому алайкум! Фахриддин Каримович, яхшимисиз?
– Келинг, келинг, опажон. Ўзингиз яхшимисиз? – гуруҳ раҳбари ўрнидан туриб меҳмонни кутиб олди. – Танишинг, бу киши Аҳад Ботиров бўладилар.
Вазира ҳаяжондан оёқлари қалтираб, столнинг нариги бурчагида ўтирган соч-соқоли ўсиб, патак бўлиб кетган, уст-боши бир аҳволга келиб қолган кишига кўз ташлади. Ботиров ҳам истар-истамас аёлга бир қараб, сўнг бошини ерга қадаб тураверди.
– Ботиров, бу киши сиз ўғирлаган Баҳром Сафаровичнинг турмуш ўртоқлари бўлади, – деди Фахриддин Каримович баланд овозда ҳалиги кишига яқинроқ келиб. – Уйида икки нафар ёш боласи ҳам бор. Ҳеч бўлмаса шу гўдаклар ҳаққи Баҳром акани қаерга яширганингизни айтинг!
Ботиров эса ҳеч нарса эшитмагандай кўзини бир нуқтадан олмасдан жим ўтираверди.
Вазира бир муддат қотиб қолди. Сўнг Ботировга яқин келиб, унинг оёқларига ўзини ташлади:
– Аҳад ака, ўтинаман, эримни топиб беринг! Қулингиз бўлай, бир умр сизни дуо қиламан, Баҳром акамни топиб беринг! Ёш болаларим ҳаққи ёлвораман! Йўқ деманг…
Санжарбек Ботировнинг оёқларига ёпишиб олган аёлни бир амаллаб, қўлтиғидан кўтариб, турғизиб олди.
– Б-и-л-аман с-и-и-з-нинг ҳам дардингиз ме-ни-ки-дан кам эмас. Лекин болаларимда нима гуноҳ? Уларни ўзим каби болаликдан етим қолдирманг, сиздан ўтиниб с-ў-ў-р-а-й-ман!...Д-а-д-а-мизни топиб беринг, и-л-т-и-м-о-с…илтимос. Худо хайрингизни берсин, ил-ти-мос!!! – Вазира фарёд чекиб, Ботировга ташланарди. Санжарбек аёлнинг қўлидан маҳкам тутиб, ушлаб турарди.
Ботиров бошини кўтариб, оёғи остига ташланиб турган аёлга тикилиб қаради, бир нима демоқчи бўлди-ю, яна фикридан қайтди, шекилли, бошини хам қилиб олди.
Фахриддин Каримович бўлаётган воқеаларни зимдан кузатиб ўтирар экан, Ботировнинг руҳиятидаги ўзгаришларга аҳамият берарди. «Наҳотки онаизорнинг нолалари унинг юрагидаги шафқат учқунини алангалата олди. У бир сўз демоқчи бўлди. Лекин ғурурими, қайсарлигими бунга йўл бермади, чамамда. Яна озгина ҳаракат қилинса, менимча, кўнгил қулфи очилса керак. Ёки бу усулимиз ҳам унга салбий таъсир кўрсатдимикин? Вазиранинг «болаларимда нима айб» деганида, балки ўзининг фарзандлари ёдига тушиб кетиб, Баҳром ака ва унинг оиласига баттар нафрати қўзғадимикан? Йўқ, йўқ, ундайга ўхшамайди. Сал бўлса-да юмшагандай туюлди. Балки Вазиранинг «ўзим каби болаларимни ҳам болаликдан етим қолдирманг» деган гаплари унга ўз таъсирини ўтказгандир. Ахир у ҳам бир пайтлар меҳрибон ота, суюкли ёр, инсонларнинг дардига малҳам бўлувчи моҳир шифокор бўлган-ку! Наҳотки бошига тушган кулфатлар, дарду аламлар уни меҳр-шафқат туйғусидан бутунлай маҳрум қилган бўлса! Ўзини тутишидан Баҳром акани қаердадир сақлаётган кўринади. Қаерда бўлиши мумкин? Уйида асраш имкони йўқ. Одамлар сезиб қолади. Тоғдами, ғордами? Бунга имкони бўлган. Гиёҳ йиғиш баҳонасида ҳар кун тоққа чиқиб кетган. Ундан ҳеч ким, ҳеч нарсани гумон қилмаган. Ҳар замонда бориб, овқатидан хабар олиб турган. Агар у яширган жойини кўрсатмаса, Баҳром ака қаровсиз қолади-ку! Одам очликка, сувсизликка қанча муддат чидаши мумкин? Агар тирик бўлса, Баҳром аканинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Уч-тўрт кунда очарчиликдан ўлиб қолиши мумкин. Балки уни изидан одам ёллаб, қўйиб юбориш керакдир. Қочиб қолса нима бўлади? Агарда Ботиров бугун ҳам «чурқ» этмаса, тоққа катта гуруҳ ташлаб, қидирув ишларини бошлаб юбориш лозим. Кутиб ўтирсак вақтдан ютқазиб қўйишимиз тайин…»
Кўзлари йиғидан шишиб кетган Вазира ҳамон бисотидаги барча илтижоли сўзлар билан Ботировдан эрини топиб беришни илтимос қилишда давом этарди. Барча авлиёю амбиёлар, ўзига қадрли бўлган инсонлар ҳаққи уларни авф этишни, бегуноҳ болаларига раҳм қилишни, уларни етимлик азобига ташламасликни сўрарди.
Ботиров эса аҳён-аҳён аёлга ўғринча қараб қўйганича «миқ» этмай ўтирарди. Шу тобда унинг хаёлидан нималар ўтаётганлигини англаш мушкул эди. Унинг ачинаётганлигини ҳам, нафратланаётганлигини ҳам билиб бўлмасди.
– Вазира опа, сиздан илтимос, ёлворишни бас қилинг! Бу кимса одамийлик ҳиссидан бутунлай маҳрум бўлган. Фойдаси йўқ. Вақтни бекорга ўтказмайлик, – Фахриддин Каримович шахт билан жойидан қўзғалди. – Яна врач эмиш, ҳе садқаи шундай улуғ касб кетсин.
Ботиров бир сесканиб тушди. Унинг бу ҳолати зийрак терговчиларнинг эътиборидан четда қолмади. «Виждони қийналаяпти, демак, Баҳром акани яширгани аниққа ўхшайди» хаёлидан ўтказди Санжарбек. Гуруҳ раҳбари ҳам ўзининг тўғри йўлдан бораётганига яна бир карра амин бўлди.
Вазира эса Аҳаднинг оёқларига ёпишганча ҳамон йиғлаб, ёлворишда давом этарди. Санжарбек аёлни қўлидан тортиб, турғизишга ҳаракат қиларди. Ниҳоят опани куч билан судраб, қарама-қарши томонда турган стулга ўтқазди ва пиёлага сув қуйиб узатди.
Оёқларини аёлнинг чангалидан «қутқариб» олган Аҳад пешонасида турган Фахриддин Каримовичга бир нима дейишга оғиз жуфтлади-ю, лекин гапи бўғзида қолди. Оғзини катта очиб, қаттиқ акса урди. Сўнг ранги бирдан докадек оқариб, бехосдан ўтирган жойидан қалқиб кетди ва юзтубан ерга йиқилди. Санжарбек абжирлик билан уни ердан кўтарди. Фахриддин Каримович хонадан отилиб чиқиб, йўлакда гаплашиб турган йигитларни ёрдамга чақирди. Кўпчилик бўлиб ҳушидан кетган беморни машинасига ётқизиб, шифохонага йўл олишди. Ҳар эҳтимолга қарши Санжарбек тезкор ходимлардан бири билан беморнинг ёнида кетди. Шифохонага етай деганларида бемор сал ҳушига келгандай бўлди. Оҳиста қимирлаб, кўзини катта-катта қилиб очди. Атрофга олазарак қараб, ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо мажоли етмади. Сўнг бир нарса демоқчи бўлгандай Санжарбекка термилди.
– Аҳад ака, тузукмисиз? Бир оз сабр қилинг, ҳозир шифохонага етамиз. Ҳаммаси яхши бўлади, – деди терговчи бемор томонга энгашиб.
– Санжар ака, сизга бирон нарса демоқчи шекилли, – деди машинанинг олд ўриндиғида кетаётган тезкор ходим терговчига ўгирилиб.
– Аҳад ака, бирор гапингиз борми? Гапиринг, гапира қолинг, – Санжарбек беморнинг бошини қўли билан кўтарди.
– У т-и-р-и-к! У-ни, у-ни… ўша... – беморнинг гапи чала қолди. Кўзларини бир нуқтага қадаганча қотиб қолди.
– Аҳад ака! Гапиринг, Баҳром ака тирикми? Уни қаерга яширгансиз! – терговчининг такрор-такрор саволлари жавобсиз қолди.
Ботировни зудлик билан «жонлантириш бўлими»га олиб кириб кетган шифокорлар анча пайтдан сўнг қайтиб чиқиб, беморнинг миясига қон қуйилиши оқибатида комага тушиб қолганлигини, қачон ҳушига келиши номаълум эканлигини айтишди.
Санжарбек тезкор ходимни шифохонада қолдириб, ўзи прокуратурага шошилди. Тоқати-тоқ бўлиб кутиб ўтирган Фахриддин Каримович уни кўриб, сапчиб ўрнидан турди:
– Хўш нима бўлди, ишқилиб тирикми?
– Тирикликка тирикку-я, аммо…
– Нима аммо, чўзмасдан гапрсангизчи!
– У комага тушиб қолди, шифокорларнинг гапига қараганда қачон ўзига келиши ҳам номаълум.
– Комага денг, бу ёғи чакки бўлибди-ку. Эҳ афсус, ишимиз янада чигаллашадиган бўлди-да.
– Фахриддин ака, йўлда шифохонага етмай у бир ўзига келди, нимадир демоқчи бўлиб, роса чиранди. Аммо мажоли етмади. Фақат «у тирик» деган гапни айтишга улгурди.
– Нима, шунақа дедими? «У тирик» дедими? Аниқ эшитдингизми?
– Албатта! Ўз қулоқларим билан эшитдим. Кейин «уни қаерга яширгансиз» дея роса сўрадим. Аммо бефойда! У комага тушиб бўлган экан. Саволларимни эшитмади ҳам.
– Демак, Баҳром Сафарович тирик эканда!
– Шундайга ўхшайди, лекин бу ёқда унинг қаердалигини биладиган ягона одам – Ботиров комада ётган бўлса, уни қандай топамиз, шунга ақлим етмай турибди.
– Асосийси, Баҳром ака тирик. Унга ёрдамга шошилишимиз лозим. Уни Ботиров неча кунлик озиқа, сув билан таъминлаган билмаймиз! Агарда унга ёрдам ўз вақтида бормаса, сувсизлик ва очликдан ўлиши мумкин. Ҳар дақиқа ғанимат. Мен раҳбариятга ахборот бераман. Сиз зудлик билан йигитларни тўпланг.
– Хўп бўлади, – Санжарбек тез-тез юриб, хонадан чиқди.
Ташқарида бўлаётган ҳодисалардан ҳангу манг бўлиб қолган Вазира бетоқат кутиб турарди:
– Санжарбек, укажон нима бўлди, Ботиров тирикми?
– Тирик, тирик опажон, Фақат комага тушиб қолди. Ҳушига келишини кутишимизга тўғри келади. Лекин у йўлда Баҳром аканинг ҳаётлигини тан олди. Афсуски, бош-қа гапларни айтишга улгурмади, комага тушиб қолди.
– Баҳром акам… т-и-р-и-к э-кан-лар-да! Эй Қодир Эгам, охирида қувонтирганинг рост бўлсин! – Вазира кўзидан тирқираб оқаётган ёш томчиларини дағ-дағ титраётган қўллари билан артар экан, бутун вужуди олов бўлиб ёнаётганлигини ҳис қилди.
– Опажон, ҳаммаси яхши-ку, энди нега йиғлаяпсиз! Суюнмайсизми? Асосийси ҳаммамиз қўрққан нарса бўлмаган экан. Энди акамни излаб топиш қолди. Санжарбек опани қўлтиғидан суяб, йўлакда турган ўриндиққа ўтқазди.
– Санжарбек, Ботиров комага тушиб қолган бўлса, Баҳром акамни топа олармиканмиз-а? – Вазира жавдирабгина терговчига термилди.
– Буёғини бизга қўйиб беринг. Ботиров албатта уни ўзи яшаган жойда сақлаган. Шу сабабли тоққа, қишлоққа катта гуруҳ ташлаймиз. Ҳар бир кулба, ҳар бир дара, керак бўлса ҳар бир тошни элакдан ўтказамиз. Бу ишга изқуварлардан ташқари, қишлоқ аҳлини ҳам жалб қиламиз.
Терговчиларнинг шаҳдини кўриб, сал-пал ўзини босиб олган аёлнинг қалбида умид учқунлари пайдо бўлди.
– Санжарбек, тоққа, қидирув ишларига мен ҳам борсам майлими?
– Йўқ, биринчидан қишлоқ узоқда жойлашган, сиз қийналиб қолишингиз мумкин. Иккинчидан, қидирув ишлари чўзилиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сиз шу ерда кутиб турганингиз маъқул. Хабарлашиб турамиз, – Санжарбек тоғда опанинг аҳволи ёмонлашиб қолиши мумкинлиги учун атайлаб унга рад жавобини берди.
– Илтимос, Санжарбек, мени ҳам олиб кетинглар, зиёним тегмайди, – Вазира энди ялинишга ўтди.
– Опа, мен сизни ўйлаб шундай деяпман. У ерда ётиб-туришга ҳам шароит йўқ. Кейин ҳар нарса бўлиши мумкин… Келинг, яхшиси сиз шу ерда кута қолинг.
– Лекин… майли сиз нима десангиз шу, – Вазира шу тобда терговчиларга эътироз билдиришга жазм қила олмади.
– Мен бир нарсадан хавотирдаман. Қидирув ишлари чўзилиб кетса… Баҳром аканинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ботиров ҳушига келганда соз бўларди-да!
– Қанийди шундай бўла қолса! Лекин уни тузалишини кутиб ўтириб бўлмайди-да! Илтимос, укажон, тезроқ қидирувни бошлангизлар. Ҳар бир дақиқа ғанимат. Энди топдим деганда Баҳром акамга… бирон кор-ҳол бўлса, м-е-н ўз-им-ни ке-чи-ра о-о-л-м-а-й-м-а-н! – деди Вазира базўр ўзини йиғидан тийиб.
– Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Сиздай ёрдамчимиз бор экан, биз Баҳром акани албатта топамиз. Топганда ҳам соғ-омон топамиз, – деди Санжарбек мийиғида кулимсираб.
– Илоё айтганингиз келсин, – терговчининг ёқимли сўзларидан кўнгли оз бўлса-да таскин топган аёл қўлини дуога очди…
* * *
Нурали бобонинг ғарибгина кулбасига жойлашган «штаб» одам билан гавжум. Ҳозиргина тоғдан қайтган Фахриддин Каримович икки кундан буён давом этаётган қидирув ишлари натижа бермаётганидан хавотирланиб, бош қашиб ўтирарди: «Тавба, бу ёғи қандоқ бўлди! Наҳот нотўғри йўлга кириб қолдик. Қуриб кетгур, қаерга яширган экан. Қишлоқ аҳлининг айтишича, кўп вақтини тоғда ўтказган. Ҳамма уни «гиёҳ йиғиб юрибди-да» деб ўйлаган. Ҳеч ким шубҳаланмаган. Бошқа қишлоқларга, шаҳарга борганлигини ҳеч ким кўрмаган. Мижозларини уйда қабул қилган. Улар берган чойчақага кун кўрган. Бирор киши билан яқин бўлмаган. Ўзи, ўтмиши тўғрисида ҳеч кимга гапирмаган… Бировни, тирик одамни тутқунликда сақлашнинг ўзи бўлмайди. Уни едириб-ичириш, иссиқ-совуғидан хабар олиб туриш керак! Аҳад доимо шу атрофда юрган. Узоққа кетмаган. Демак, асирини ҳам шу яқин атрофда сақлаган. Балки уйи остидаги ертўладан яширинча туйнук орқали бирорта ғор ясадимикин? Лекин йигитлар ертўланинг ҳар бир қаричини текшириб чиқишди-ку! Ҳеч қанақа шубҳали из топилмади. Унда қаерга яширган бўлиши мумкин? Тоғларда табиий ғорлар ҳам кўп бўлади деб эшитганди. Шунақа ғорлардан бирини топиб олган бўлса-чи! Йўқ, йўқ, табиий ғорларга бошқалар ҳам бориши, сезиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Ёки бирорта адирда, тоғ ён бағрида ертўла қазиган ва оғзини сездирмасдан ёпиб қўйган бўлса-чи! Бундай маконни топиб олиш осон кечмайди. Металл изловчиларни, кончиларни ёрдамга чақириш керакмикин? Ҳар ҳолда уларда ер остидаги предметларни излашга мўлжалланган техникалар кўп бўлади. Нима бўлганда ҳам шошиш лозим. Ботировни қўлга олганимизга бугун уч кун бўлди… Вақт намунча тез ўтмаса-я. Ҳеч нарсага улгуриб бўлмаяпти. Ботиров ўзига кела қолса эди. Балки ҳозир ҳушига келгандир. Унинг ёнида одамларимиз кечаю кундуз навбатчилик қилишмоқда. Ўзига келса дарҳол бизга хабар қилган бўларди. Ҳушига келмай, ўлиб қолмаса бўлгани! Унда яна боши берк кўчага кириб қоламиз-ку! Эй Худо, қачон шу ишлар охирига етар экан. Уйга бормаганимга, болаларни кўрмаганимга ҳам бугун бир ойдан ошди-я! Ҳар ҳолда телефоннинг борлигига ҳам шукур. Кунда-кунора гаплашиб турибман-ку! Ҳеч қачон бунчалик узоқ муддат хизмат сафарига кетмаган эдим…»
– Фахриддин Каримович, ҳамма гуруҳлар қайтиб келишди. Лекин… деярли янгилик йўқ, – Санжарбек минг бир хижолатда бошлиғининг хаёлини бузишга жазм этди.
– Ҳа, узр! Ҳамма қайтдими?
– Ҳамма қайтиб келди.
– «Деярли» сўзини ишлатаяпсиз, бу нимадир бор деганими?
– Шунақароқ деса ҳам бўлади. Тўртинчи гуруҳ тоғда бир ғорга дуч келишибди. Йигитлар бир оз ичкарига киришибди. Аммо кеч тушиб қолганлиги сабабли, охиригача боришга журъат қила олишмапти. Балки ўша ғорнинг тўрида бошқа ёққа олиб борувчи туйнук ҳам бўлиши мумкин. Ўша ердаги чўпонлар Салай табибни ўша ғор атрофида бир-икки кўрганлигини айтишибди.
– Бу диққатга сазовор маълумот-ку! Ҳозироқ ўша ғорга жўнашимиз зарур.
– Фахриддин ака, балки эрталаб… қоронғида ғорга кириш…
– Эртага кеч бўлиши мумкин. Ҳар дақиқа ғанимат. Қишлоқ йигитларидан беш-олтитасини олинг. Ғорни ёритиш учун лозим бўладиган ашёлардан кўпроқ олишга тўғри келади.
– Салай табиб асирини шу ғорга яширган, деб ўйлайсизми? Лекин анчагина узоқ дейишаяпти…
– Чўпон халқи синчков бўлади. Табибни ўша ерда ўралашиб юрганига бекорга аҳамият беришмаган. Улар бежизга бу гапни айтишмаган. Сизга ярим соат мухлат. Керакли тайёргарлик ишларини кўринг, йўлга тушамиз.
– Тушунарли, – шу тобда бошлиқни фикридан қайтариб бўлмаслигини англаган Санжарбек унинг топшириғини бажаришга киришди…
* * *
Анча давом этган зулматдан сўнг кўз ўнгида чиройли бўстон пайдо бўлди. Атрофда турфа хил гуллар, меваси кўплигидан шохлари ерга тегиб турган турли-туман дарахтлар, ариқлар тўла оқаётган зилол сувлар одамнинг кўзини яшнатади. «Нима бало, жаннатга тушиб қолдимми, равзаи-ризвон боғлари шумикин?» хаёлидан ўтказди у. Узоқдан ҳаммаси бир хил оппоқ кийиниб олган одамлар кўринди. «Булар фаришталар бўлса керак».
– Аҳад ака, Аҳад ака, биз бу ёқдамиз! – одамлар орасидан хотини Нурхоннинг овозини аниқ эшитди.
Овоз чиққан тарафга қараб югурди. Ана адашмабди. Нурхон ўғиллари Жасурбек ва Ўлмасжонларни қўлидан етаклаб, гуллар оралаб қадам ташламоқда.
– Дадажон, дадажон! Биз сизни соғиниб кетдик! Қаерларда қолиб кетдингиз, кела қолинг, – бирваракайига қичқиришди ўғиллари.
– Болажонларим, ширинтойларим, меҳрибонларим, мен ҳам сизларни жуда-жуда соғиндим. Кап-катта бўлиб қолибсизлар-а, – Аҳад болалари томонга югурди.
– Аҳад ака, тўхтанг. Сиз ҳали яшашингиз керак, – жон ҳолатда бақирди Нурхон.
Аҳад бир муддат тўхтаб қолди. Сўнг яна олға қадам ташлади.
– Аҳад ака, болаларимиз ҳаққи, сиз яшашингиз лозим. Илтимос, орқага қайтинг, – хотин ялинишга тушди.
– Сизларсиз менга яшашнинг нима қизиғи бор! Мен сизлар қаерда бўлсангиз ўша ерда бўлишни хоҳлайман! Мен сизларнинг олдингизга олдинроқ келган бўлардим. Аммо бу ёқда арзимас ишларим бор эди. Бир-иккитаси билан ҳисоб-китоб қилишим лозим эди. Ишларим битди. Энди олдингизга қайтдим. Жасурбек, болагинам! Ўлмасжон, эркатойим, мана мен келдим, – Аҳад шиддат билан жигаргўшалари томонга юра бошлади.
– Аҳад ака, орқангизга қайтинг. Фоний дунёда сиз кун кўрмадингиз.! Умрингиз азобда ўтди. Ҳаётингизни бошқатдан бошланг, – Нурхон ёлворишда давом этди.
– Нима бало, хотин, бу ердан бирортасини топиб олдингизми, мени келишимни хоҳламаяпсиз?
– Шу ерда ҳам мени рашк қилиб турибсизми?
– Ахир сендай чиройли жувонни ёлғиз қолдириб бўладими?
– Ҳазилингиз бор бўлсин!
Ораларидаги масофа тўрт-беш қадам қолганда орқа томондан кимнингдир «Аҳаджон, тўхта!» деган товуши эшитилди.
– Онажон, дадажон, сизлар ҳам шу ердамисизлар?
– Ҳа болам, биз ҳаммамиз биргамиз. Лекин сен ортингга қайтмоғинг шарт, – Ботир бобо гапга қўшилди.
– Дадажон, нималар деяпсиз, мен сизларни, болаларимни соғиниб кетганман. Сизларни кўришга келаяпман. У ёқда менинг кимим бор?
– Йўқ, болам, сен орқага қайтишинг лозим. Бир одамни аросатга ташлаб келдинг! Унга сенинг ёрдаминг керак.
– Онажон, у одам қилган гуноҳи учун жазосини олмоқда. Менинг у билан ишим йўқ. Мен ўз ишимни қилдим.
– Ундай дема, болам! Тўғри, у инсоннинг хатоси бор, лекин у қилган хатосига яраша жазосини олди. Энди бу ёғи ортиқча!
– Нега ортиқча бўлар экан! Унинг ўша хатоси туфайли мен қамалдим, хотиним, болаларимдан, касбимдан, бору йўғимдан – ҳаммасидан жудо бўлдим. Нега унинг ёнини олаяпсиз, онажон? – Аҳаднинг аъзои бадани титраб кетди.
– Йўқ болам, унақа дема! Ҳамма нарса Оллоҳнинг иродаси билан бўлади. У йигитнинг биргина хатоси прокурор бўла туриб, ўз ишига беэътибор қараганида! Лекин бу ишни атайлаб қилмагани аниқ, – она ўғлига яқинроқ келди.
– Тўғри атайлаб қилмаган. Аммо ёнидаги гумроҳлар – терговчи, судья менинг айбсизлигимни биларди-ку! Била туриб, мени қамоққа тиқдилар-ку!
– Улар қилган жиноятларига яраша жазосини олишди. Бироқ сен тутқунликда асраб ўтирган одам бундай жазога лойиқ эмас. Ахир уни ўзинг ҳам ўлдиришга кўнглинг бўлмади-ку, – она ўғлининг юзидаги ўзгаришни кўриб, давом этди. – Унинг ҳам сеникидек фарзандлари, ажойиб умр йўлдоши бор экан. Ҳеч бўлмаса уларни ўйла. Шуларнинг уволига қолма дейман-да!
– Нима қилай, онажон, ўзимнинг ҳам бошим қотиб қолди?
– Орқангга қайт, болам, орқангга қайт! Яна бир оиланинг тақдири қил устида турибди. Сенсиз уларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Изингга қайт болам, изингга…
Осма укол қиладиган мосламани йиғиштиришга кирган ҳамшира беморнинг «жонланиб» қолганини кўриб, унга тикилди. Бемор у ёқ-бу ёққа олазарак боқиб, ҳамширадан сўради:
– М-е-н… мен.. қаердаман?
– Шифохонадасиз. Тинчланинг. Сизга ҳаяжонланиш мумкин эмас!
– Менга… ни-ма бўлди? Улар қани… болаларим… – Аҳад чираниб ўрнидан туришга ҳаракат қилиб, бошини кўтарди.
– Ётинг, ётинг! Ҳозир врачни чақираман! – ҳамшира беморни елкасидан ушлаб, жойига ётқизди ва чопқиллаб навбатчи шифокорни чақиришга кетди.
Аҳад шипга қараб ётар экан, аста-секинлик билан хотираси жойига қайтаётганини англади. Чап қўлини кўтариб, юзидан қуйилиб келаётган терни артмоқчи бўлди. Аммо қўли қимирламади.
– Ҳушингизга келдингизми, хайрият! – хонага югуриб кирган врач беморнинг ёнидаги стулга ўтириб, унинг қон босимини ўлчашга тушди.
– Чап томоним ишламаяпти, – ингранди бемор.
– Ҳаммаси яхши. Асосий хавф ортда қолди. Қолганини аста-секин даволаймиз. Сиз ўзингиз врачсиз-ку. Комадан чиқдингиз. Айрим асоратлари бўлиши мумкин!
– Неча кун комада бўлдим? – бемор кўзларини катта-катта очиб, навбатчига тикилди.
– Икки кун. Яхшиямки тез ҳушингизга келдингиз! Биласиз-ку айрим одамлар йиллаб комадан чиқолмай қолишади.
– Менга терговчи керак эди. Фахриддин Каримовичми ёки Санжарми…
– Улар келишади. Ҳозирча олдингизга ҳеч кимни қўя олмайман. Сизга ҳаяжонланиш умуман бўлмайди.
– Майли, аммо бир одамнинг ҳаёти хавф остида қолаяпти. Бугун тўртинчи кун. Сувсизликка чидай олмаслиги мумкин.
– Нималар деяпсиз? Ким тўғрисида гапираяпсиз? Ўзингизни ўйласангиз-чи! Бугун кеч бўлди. Эрталабдан уларни чақиртирамиз. Ана эшик орқасида иккита милиционер ўтирибди.
– Шуларга айтинг, терговчини чақирсин. Унда гапим бор, – деди Ботиров врачга ёлвориб.
– Аҳад ака, биз шифокорлар сизни жуда ҳурмат қиламиз. Таърифингизни эшитиб, матонатингизга қойил қолганмиз. Сиздан илтимос, тинчланинг. Мен уларга айтаман. Сиз унгача сал ўзингизга келиб олинг.
Бемор «хўп» дегандай бош чайқади.
Навбатчи врач, ҳамшира ва уларнинг ортидан хонага кириб келган шифокорлар беморни кўздан кечириб, айрим муолажаларни бажаришди ва унинг тинчланганлигини сезиб, бирин-кетин чиқиб кетишди. Хонада фақат ҳамшира қолди.
– Қизим, милиционерлар жойида ўтиришибдими?
– Ҳа, эшик ортида ўтиришибди.
– Қизим, шулардан бирини чақириб беринг, бир оғиз гапим бор эди.
– Йўқ, кўрдингиз-ку, врачлар сизнинг бошқалар билан мулоқот қилишингизни тақиқлашди, – деди ҳамшира асбобларини йиғиштира туриб.
– Жон қизим, бу жуда муҳим. Гап одам ҳаёти ҳақида кетаяпти. Бир оғиз гапираман, бўлди, – бемор энди ёлворишга ўтди.
– Майли, фақат бир дақиқага рухсат бераман. Врачлар сезиб қолишса, менга гап тегади.
– Яхши! Менга анави қоғоз, қаламни узатиб юборинг.
Ҳамшира тумба устидаги ручка билан дафтарни беморга узатди ва хонадан чиқиб, милиционерлардан бирини бошлаб кирди.
Аҳад ётган жойида сал энгашиб, қоғозга нималарнидир ёзиб, буклади ва милиционерга узатди:
– Ўғлим, сиздан илтимос, мана шу хатни прокуратурадаги Фахриддин Каримовичга ёки унинг ёрдамчисига етказсангиз! Бу уларга керак. Гап прокуратура ходимининг ҳаёти ҳақида кетаяпти. Хатни уларга қанча тез етказсангиз, шунча яхши бўлади. Ҳар дақиқа ғанимат.
– Майли, лекин ярим соатдан сўнг бизга смена келади. Улар постни қабул қилгач, мен прокуратурага бораман, – деди милиционер қоидани бузаётганидан хавотирга тушиб.
– Раҳмат. Хат эгасига шу бугун эрталабгача етиб борса бас.
Милиционер хатни олиб, индамасдан чиқиб кетди.
Аҳад хонага кириб келган ҳамширага:
– Раҳмат қизим, умрингиздан барака топинг, – деди.
– Арзимайди, амаки. Ҳамма сиз ҳақингизда гапиряпти. Жуда кучли жарроҳ бўлган экансиз. Қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолдингиз? – ҳамшира беморга қандайдир ачиниш кўзи билан қаради.
– Эй қизим, нимасини айтасан. Бунинг тарихи жуда ҳам узун, – Аҳад чуқур «уф» тортди.
– Майли, ҳозир дам олинг. Бир оз соғайинг, кейин хоҳласангиз айтиб берарсиз. Мана бу дорини ичиб олинг, – ҳамшира пиёлада сув узатди.
– Келишдик, – Аҳад дорини ичиб, кўзини юмиб олди.
«Кўрганларим тушми ёки… алаҳсирадимми? – хаёлларини йиғиб олишга ҳаракат қилди Аҳад. – Ҳамшира комага тушиб қолдингиз дегандай бўлди. Наҳот икки кун шунчалик тез ўтиб кетди. Нариги дунёга бориб, қайтиб келдим шекилли. Болаларимни, хотинимни, ота-онамни яққол кўрдим, гаплашдим. Фақат олдига боролмадим. Онам мени ортга қайтарди-я! Эҳ онаизор, шундай пайтда ҳам боласини ўйлар экан-да! Менинг яшашимни хоҳлади. «Прокурорнинг ҳаётини асраб қол, у қилган айбига яраша жазосини олди, болалари ҳаққи уни озодликка чиқар!» дедими? Ҳаммасини билар экан-да! Эҳ онагинам, онажоним-а».
Уйқуси қочиб кетган Аҳадни хаёллар ўтган кунларга етаклади…
* * *
Ботир ака билан Муборак опа кўзларининг оқу қораси – яккаю ёлғиз фарзандлари Аҳаджонни бекаму кўст вояга етказдилар. Ҳар иккаласи ҳам ўқитувчи бўлганлиги боис, айниқса, боласининг таълим-тарбиясига катта аҳамият қаратдилар. Энг яхши мактабларга бериб, билим олишига шароит яратиб бердилар. Аҳил-иноқ бу оилага ҳамма ҳавас билан қарарди. Аҳад мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, шу йили тиббиёт институтига ўқишга кирганда ота-онанинг севинчи ичига сиғмай кетди. Фарзандининг дастлабки муваффақияти уларнинг бошини кўкка етказди.
Қувончу алам эгизак экан. Аҳад биринчи курсни битирадиган йили Ботир ака ҳаётдан кўз юмди. Дўхтирларнинг оддийгина «кўричак»ни олиб ташлашда йўл қўйган бепарволиги уни қирқ беш ёшида бу оламдан олиб кетди. Муборак опа ўзини ишга урди. Студент ўғлини ҳеч нарсадан зориқтирмаслик учун эртадан кечгача ишлади. Аҳад эса «чаласавод докторлар»га қасдма-қасд институтдан, кутубхонадан нари кетмай қолди. Машҳур жарроҳ бўлиш ниятини кўнглига тугди.
Орадан бир-бирини қувиб йиллар ўтди. Аҳад бешинчи курсда ўқиб юрган кезларда оила бошига яна оғир кулфат тушди. Муборак опа рак касалига чалинди. Дўхтирлар ошиб борса, унинг бир йиллик умри қолганлигини айтишди. Она тақдирга тан бериб, кўзим ёруғида боламнинг тўйини кўриб қолай деган умидда Аҳадни уйлантириш тараддудига тушиб қолди. Кундан-кунга чўкиб бораётган онанинг раъйини қайтариш кимнинг қўлидан келарди. Аҳад рози бўлди. Ўзи билан бирга ўқийдиган Нурхон исм-ли қизнинг кўлини сўради. Болалар уйида тарбияланиб вояга етган кўҳликкина бу қизни у анчадан бери кўз остига олиб юрарди. Қиз ҳам унга бефарқ эмаслигини ҳис қиларди.
Мўъжазгина тўй қилдилар. Муборак опа умрининг сўнгги дамларида келин кўриб, унинг қўлидан чой ичганидан, фарзандларининг бахтли ҳаёт кечираётганидан қувончи ичига сиғмасди. «Энди бу оламдан ўтсам ҳам армоним йўқ», дея такрорларди. Аммо бу қувончли кунлар узоққа чўзилмади. Қурбон ҳайитининг биринчи куни Муборак опа бандаликни бажо келтирди.
Инсоннинг бардоши тошдан ҳам қаттиқ бўлар экан. Қисқа муддат ичида ҳам отасини, ҳам онасини ерга қўйган Аҳад дардини ичига ютди. Ғам-андуҳдан кўкси букилмади. Аксинча, шитоб билан олға босди. Марҳум ота-онасининг руҳларини шод этмоқ учун ҳам ўқишга зўр берди. Элнинг корига ярайдиган етук шифокор бўлиш орзусидан чекинмади.
Тез орада ўқишлар тугаб, эр-хотин Бекобод туманига ишга йўлланма олишди. Аҳад қишлоқ жойларда одамларга кўпроқ фойдаси тегишини ўйлаб, Нурхоннинг шаҳарда қолишга ундашларига ҳам қарамай, ҳовли-жойини қолдириб, қишлоққа бориб ишлашга аҳд қилди.
Эр-хотин керакли анжомларини бир жомадонга жойлаб, Бекобод қайдасан дея йўлга тушишди. Вилоятларда малакали врачларга талаб ҳар доим ҳам катта бўлган. Шу сабабдан Бекободда уларни илиқ кутиб олишди. Вақтинча яшашлари учун хизмат хонаси беришди. Аҳад туман Марказий шифохонасида, Нурхон уйига яқин жойдаги поликлиникада ишлай бошлади. Тез орада ҳар иккаласи ўз жамоасида билимли, камтарин ва ширинсухан мутахассислар сифатида ҳурмат-эътибор қозонишди. Эр-хотин қилаётган ишидан, одамларга фойдаси тегаётганидан хурсанд эди. Вақт ўтган сари уларни бир нарса қийнай бошлади. Айниқса, Нурхон ўзининг ҳомиладор бўлмаётганидан ташвишга туша бошлади. Кейинги пайтларда эри уни овутишга, тинчлантиришга, умид бахш этишга қанчалик ҳаракат қилмасин, қалбидаги хижиллик тарқамай қолди. Уйда ҳам, ишда ҳам фақат шуни ўйлайдиган бўлиб қолди. Кечалари уйқуси қочиб кетадиган бўлди. Аҳад эса иш билан банд эди. Кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолаётгани, дардмандларга дармон бўлаётгани, халққа нафи тегаётганидан, оддийгина хасталик олиб кетган отасининг, бедаво дардга чалиниб, ёлғиз ўғлининг камолини кўролмай кетган онасининг руҳларини шод қилаётганидан хуррам эди. Хотини боладан гап бошлаган чоғларда «ҳали ёшмиз, Худо хоҳласа менга қўчқордай ўғиллар туғиб берасан», дея уни тинчлантирар, бу ҳақда бошқа гап очмасликка ундарди. Шундай пайтларда Нурхоннинг кўнгли бир оз таскин топсада, яна бир муддат ўтиб, юрагидаги ғашлик кучайгандай бўларди. Бора-бора эрининг овутишлари ҳам унга малол келгандай туюла бошлади. Ўтаётган ҳар бир кун уларни боғлаб турган ришталарни узаётгандай, икки қалбни бир-биридан узоқлаштираётгандай бўларди. Эртами-кечми бир кун келиб, фарзандсизлик тўфони уларнинг муҳаббат қасрини чилпарчин қилишини сезиб турарди.
Нурхон ўзини, эрини даволатиш учун кўрмаган чораси қолмади. Дугоналарининг гапига кириб, бормаган табиби, мулласи, фолбини қолмади. Ўзи ишонмасада турли ирим-сиримларни ҳам қилиб кўрди. Аммо уларнинг ҳеч бири фойда бермади. Бошида уни овутадиган, кўнглини кўтариб, умид бахш этиб юрган эри ҳам кейинги пайтларда кўп асабийлашадиган, бу ҳақда гап очилса, уни жеркиб ташлайдиган одат чиқарди.
Турмуш қурганларига олти йилдан ошганда Нурхон ўзининг умидлари пучга чиқаётганини ҳис қила бошлади. Эр-хотин нимадандир тортишиб қолганларида Аҳад илк бор уни «бола туғмасликда» айблади. Шусиз ҳам ўз-ўзидан сиқилиб юрган аёлга бу гап жуда қаттиқ ботди. Кўз ўнги қоронғилашиб, ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Анча пайт аразлашиб юрдилар. Кейинчалик Аҳад шундоқ ҳам кундан-кунга алам ботқоғига чўкиб бораётган хотинига раҳми келиб, уни илиқ сўзлар билан «эритиб» олди. Аммо вақт ўтган сайин икки севишган қалб ўртасидаги жарлик кенгайиб бораётгандай эди.
Бир куни Аҳад ишдан қайтса, хотини чиройли дастурхон безаб қўйибди.
– Тинчликми Бону (у кўпинча хотинини эркалаб шундай чақирарди)? Бирор меҳмон келадими?
– Йўқ, энг катта меҳмон ўзингиз-ку. Ҳар бир хотин эрини ишдан келишини байрамона кутиб олиши шарт.
– Шунақами? Қани бўлмаса дастурхонга марҳамат.
Эр-хотин дастурхонга қўйилган ноз-неъматлардан тановул қилиб, чақчақлашиб ўтиришди. Кам-камдан ичилган бўлсада, арман коньяги уларнинг суҳбатига ўзгача илиқлик, самимийлик ва очиқлик ато этди. Дастурхон атрофида бошланган ширин кайфият уларни тонгга қадар тарк этмади…
Эрталаб кўзини очган Аҳад тугунча тугиб олган хотинини кўриб, ажабланди:
– Нима гап, Бону! Бирор жойга бормоқчимисиз?
– Аҳад ака, мен сиздан мингдан-минг розиман. Мана етти йилга яқин турмуш қурдик. Надоматлар бўлсинки, Оллоҳ бизни тирноққа зор қилди. Мен… уйдан кетаяпман. Сиз… уйланинг. Фарзандлар… кўринг.
– Нурхон, эсингни йиғ, нималар деяпсан! Ахир…
– Илтимос, гапимни бўлманг. Сиз шунча йиллар тоқат қилиб яшадингиз. Бепуштлигимни юзимга солмадингиз. Аксинча, кўнглимни кўтариб, менга умид бахш этдингиз. Энди кеч бўлди. Сизни дунёдан бефарзанд ўтиб кетишингизни хоҳламайман. Сизнинг бахтингизга ғов бўлмоқчи эмасман. Мен тақдиримдан кўраман. Жон Аҳад ака, келинг, маданиятли одамлардай ҳис-ҳаяжонга берилмай, тинчгина ажрашайлик. Мен…мен… – Нурхон кўзидан оқаётган ёшни сездирмаслик учун орқаси билан ўгирилиб олди.
– Нурхон, бас қил. Бу гапларни қаердан олдинг? Ким сенга ажраламан деяпти? Бир ўзинг хулоса чиқаришга нима ҳаққинг бор! Мени ўйладингми, менинг ҳис-туйғуларим билан ҳисоблашмайсанми? Мен сенга керак эмасманми? Менинг бола суйгим келганда, сенинг… бола суйгинг к-е-л-м-а-й-д-и-м-и? – Аҳад ўзини тутиб тура олмади. Ўрнидан сакраб туриб, хотинини бағрига босди, унинг юз-кўзларидан ўпа бошлади. – Нурхон илтимос, мени ташлаб кетма. Менга сендан бошқа ҳеч ким керак эмас. Майли, хоҳласанг бола асраб олайлик. Хоҳламасанг, даволанамиз! Ҳали турмуш қурганимизга етти йил бўлибди. Ўн йил, ўн беш йил яшагандан сўнг болали бўлган оилалар қанча.
Нурхон жимгина эрининг пинжига суқилди. Шу тобда эрига қарши бир сўз айтишга, унинг кўнглини яралашга ҳадди сиғмади. Фурсат топиб эрига ётиғи билан тушунтиришни кўнглига тугди.
Орадан уч ҳафта ўтди. Нурхоннинг эрини ажралишга кўндиришга қаратилган ҳаракатлари зое кетди. Аҳад қанчалик фарзанд кўргиси келмасин, хотинидан воз кечишга розилик бермади. Не-не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфти-ҳалолини оғир кунда ташлаб кетишни ўзига ор билди. Гарчанд унинг ҳам Нурхондан фарзанд кўриш умиди сўниб бўлган бўлса-да, шу тахлитда ажралиб кетишни ёрига нисбатан хиёнат деб ҳисоблади.
Ноилож қолган Нурхон эри ишга кетганда ҳеч кимга сездирмасдан уйидан бош олиб кетиш режасини тузди. Шунда ҳар иккисига ҳам яхши бўлишига, эрининг бошқа аёлга уйланиб, бахтли бўлиб кетишига умид боғлади.
Ўша куни эрталаб эрини ширин сўзлар билан ишга кузатган Нурхон пайтдан фойдаланиб, керакли буюмларини жомадонга жойлади, уйни қулфлаб, калитини қўшни аёлга қолдирди. Тез-тез юриб, катта кўча томонга бурилди. Бахтга қарши ишхонасининг калитини унутиб қолдирган Аҳад ҳамкасбининг машинасида унинг олдидан чиқиб қолди. Нурхон жиноят устида қўлга тушган ўғридай қотиб қолди. Нима гаплигига тушуниб етган Аҳад машинадан тушиб, хотинининг қўлидаги жомадонни олмоқчи бўлди.
– Аҳад ака, сиздан илтимос, жавобимни беринг. Сизни… бир умр бахтсиз кўришни х-о-ҳ-л-а-м-а-й-м-а-н! – Нурхон орқага тисарилди.
– Нурхон, яна шу гапми? Яна бир-икки йил кутайлик, балки Худо бизни ҳам бебаҳра қолдирмас. Оллоҳнинг карами кенг. Юр, уйга кетайлик!
– Аҳад ака, наҳотки сизга шунақа ҳаёт маъқул бўлса! Мен сизга лойиқ эмасман. Туғмайдиган хотиннинг сизга нима кераги бор! Нега мени бунча а-з-о-б-л-а-й-с-и-з! Жавобимни беринг, илтимос! Сиз бахтли бўлиб кетасиз! Мен ҳам ўлмасам бир кунимни кўрарман!… – Нурхон пиқиллаб йиғлай бошлади.
– Бўпти Нурхон, кетаман десанг мен сени ушлаб қололмайман! Мен оиламизни сақлаб қолиш учун қўлимдан келганини қилдим. Зоримиз бор, зўримиз йўқ! Сенга омад тилашдан ўзга иложим қолмади, – кўзидан қуйилиб келаётган ёшни сездирмаслик учун Аҳад юзини бурди
Нурхон бир-икки қадам ташлаган эди ҳамки, бирдан қўлидаги жомадонни ерга ташлаб, қаттиқ ўқчиб, ўтириб қолди. Қўлини оғзига босганича, кўнгли айниб, қайд қилишга тушди. Аҳад югуриб келиб уни қўлтиғидан кўтариб турғизди. Имлаб сал нарида турган машинани чақирди ва хотинини белидан суяб, машинага ўтқазди…
Орадан саккиз ой ўтиб, икки севишган қалб ўртасидаги муҳаббат ришталарини тиклаган чақалоқ дунёга келди. Яратганнинг карамидан суюнган ота-она фарзандларига – Жасурбек деб ном қўйишди. Бир йил ўтиб, Ўлмасжон туғилди. Ўша кезларда Аҳад билан Нурхондан бахтли инсон йўқдай эди…
Оиладаги хотиржамлик, тотувлик, аҳиллик ва бахт Аҳадни ишда ўзини кўрсатишига, энг тажрибали жарроҳ сифатида танилишига замин яратди. Нафақат туман, балки вилоят миқёсидаги ўта мураккаб жарроҳлик ишлари унга ишониб топшириларди. Ҳатто пойтахтдаги шифохоналарда ўтказилаётган айрим жарроҳлик амалларига уни маслаҳатчи сифатида таклиф этишарди.
Кўп ўтмай у жарроҳлик бўлими мудири этиб тайинланди. Ёш ва иқтидорли шифокорнинг қўлга киритаётган ютуқлари одамлар орасида «Ботиров бош врач бўлармиш» деган гаплар тарқаб кетишига сабаб бўлди. Бу гап-сўзлар узоқ йиллардан бери «бош врачлик» курсисини ҳеч кимга бермай келаётган Тошмурод Собировичнинг пайтавасига қурт туширди. У қандай бўлмасин, кундан кунга шон-шуҳрати ошиб бораётган бу «маҳмадона»ни йўлини қирқишга, «попугини пасайтириб» қўйишга ҳаракат қила бошлади. Аҳаднинг бошлиқ билан «тил топиш»га уринишлари эса зое кетарди.
Бахтиёр оилага яна кўз тегди. Икки-уч йиллик қувонч онлари ўрнини яна туманли кунлар эгаллай бошлади. Оллоҳнинг ўзи уларни бадбахт яратганми ёки Собировнинг ҳийлалари иш бердими, Аҳад оғир жиноят – қасддан одам ўлдиришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Эндигина бошига офтоб тушиб, саодатли дамлар нашидасини суриб юрган Нурхон икки норасида фарзанди билан чирқиллаб қолди. Унинг дод-фарёд ила қилган арзини эшитадиган кимса топилмади. Ноилож болаларини олиб, Тошкентга қайтишга мажбур бўлди.
Адолат сўраб, юқори ташкилотларга шикоят ёзди. Аммо ҳамма жойдан бир хил «эрингизнинг айби жиноят ишлари материаллари билан ўз тасдиғини топган» деган мазмунда жавоб олди. Болаларини қўни-қўшниларга топшириб, қамоқхонага эрини кўришга қатнади.
Бу томонда Аҳад ўзининг ноҳақ қамалганига куйиниб, азоблангани етмагандай, гулдай хотини, Оллоҳдан сўраб олган фарзандларининг қийналаётганини ҳис қилиб, ич-ичидан эзиларди. Тинимсиз юқори суд, прокуратура ва бошқа идораларга ўзининг ноҳақ қамалганини таъкидлаб, шикоят йўллар, кимдир унинг арз-додига эътибор қилишига умид қилиб, кунларни бедор, минг бир азобда ўтказарди.
Шу тахлидда орадан йиллар ўтди. Нурхон болалари билан кўраётган азобларини сездирмаслик учун эри билан учрашувларда ўзини дадил тутишга ҳаракат қилар, «бизларни ўйламанг, биз яхшимиз, ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ, Худо хоҳласа яқинда оқланасиз!» дея унинг кўнглини кўтаришга, юрагига оз бўлса-да умид бахш этишга уринарди.
Тўрт девор орасида кундан-кун ранг-рўйи сарғайиб, озиб-тўзиб бораётган Аҳад ҳам хотини билан қисқа муддатли учрашувларда ўзини тетик ва шодон тутиб, уни бардам бўлишга, болаларига яхшироқ қарашга, лозим бўлса ҳовлини кичикроқ турар жойга алмаштириб, қолган пулни болаларнинг ҳеч нарсага зориқмасдан ўсишига сарфлашни тайинларди. Тез орада бу қийинчиликлар, азоблар ўтиб кетишига ишонтиришга ҳаракат қиларди.
Бу кунлар ҳам ҳолва экан. Бу оиланинг бошига кейинроқ тушган ғам-алам юки тоғлар тошига тушса, харсангларни эритиб юборган бўларди…
Нурхон эрининг илтимосига кўра навбатдаги суткалик учрашувга икки боласини олиб боришга қарор қилди. Болаларини кўриб, эрининг сал бўлса-да ҳовуридан тушишини, юраги бир оз бўлса-да таскин топишини хоҳларди. Бошқа томондан эндигина кундан-кунга тиллари бийронлашиб бораётган болаларига адасини кўрсатиб, меҳрга ташна қалбларини нурга тўлдирмоқчи эди. Аммо…
Улар тушган машина йўлда автоҳалокатга учраб, аввал Нурхон, сўнг бирин-кетин Жасурбек ва Ўлмасжонлар бу оламни умрбод тарк этдилар. Қамоқхона бошлиғи кўп йиллар шу даргоҳда ишлаб, дийдаси қотиб кетган бўлса-да, бу нохуш хабарни маҳбус Ботировга қандай қилиб айтишни йўлини тополмай қийналди. Уч кеча ўйланиб, ҳақиқатни борлигича айтишга жазм қилди.
Ўзи ноҳақ қамалиб, алам гирдобида эзилиб юрган одамнинг суюкли хотинидан, сўраб-сўраб олган икки жажжи ўғлидан ажралиб қолганлиги ҳақидаги шум хабарни қандай қабул қилишини кўриб турган одамнинг юраги пўлатдан бўлса-да, тарс ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас экан. Қамоқхона раҳбари одоб-ахлоқи билан бошқалардан ажралиб турувчи ва ўзига анчагина яқин бўлиб қолган маҳбус уввос солиб йиғлаганда ўзини тутиб туролмади, қўшилиб йиғлади. Тиббиёт ходимларини оёққа турғизиб, маҳбусга тинчлантирувчи дори-дармонлар бердирди, турли хил муолажалар қилдирди.
Бу фожиа Аҳадни бутунлай эс-ҳушидан айирди. Бир нуқтага тикилиб, анча пайт камерадан чиқмай ётди. Шундай ажойиб инсон, иқтидорли шифокорни айрилиқ девонага айлантирди-қўйди. Қамоқхонада унга ачинмаган, унга ҳамдард бўлмаган кимса қолмади…
* * *
Фахриддин Каримович ўнтача киши билан тоғдаги ғор ёнига етиб келганларида кеч соат ўн иккига яқинлашиб қолганди. Пастда кун иссиқ бўлишига қарамай, тепаликда ҳаво анчагина салқин экан. Беш дақиқалик дам олишдан сўнг машъалалар ёқилди. Ғорга қараб йўлни чўпонлар бошлади. Уларнинг ортидан гуруҳ раҳбари одимлади. Ичкарига қараб 20-25 қадам ташлангандан сўнг нам ва совуқ ҳаво баданни жунжиктира бошлади. Чўпонларнинг маслаҳати билан қалин кийиниб олишгани барчага қўл келди.
Ичкарига қараб борган сайин нафас олиш қийинлашиб борарди. Машъалаларнинг шуъласи ҳам хиралашиб, олдинга қараб жадал юришга имкон бермасди. Фахриддин Каримович аҳён-аҳён тўхтаб, ён атрофга диққат билан назар ташлар, девор зиҳларини қўли билан ушлаб кўриб, бирор туйнук ёки ёриқ бор-йўқлигини текшириб кўрарди. Аммо ғорнинг тўрига яқинлашиб қолишган бўлса-да, шубҳали ҳеч нарса кўзга ташланмади. Кислород етишмовчилиги, ҳавонинг намлиги гуруҳ аъзоларининг айримларини ортига қайтишга мажбур қилди. Ниҳоят беш-олти чоғли киши ғор охирига етиб бордилар. Чўпонлар синчковлик билан «яширин туйнук»ни қидиришга тушдилар. Фахриддин Каримович ҳолдан тойган бўлишига қарамай, харсанг тошларни, ғорнинг сув томчилаб турган деворларини синчковлик билан кўздан кечирди. Аммо бирорта йўлак, туйнук изи топилмади.
– Орқага қайтамиз. Менимча, бу ерга анчадан буён одам зотининг оёғи тегмаган, – ниҳоят гуруҳ раҳбари чекинишга рухсат берди.
– Тўғри айтасиз. Бу йўлдан бир марта ўтган одам, бошқа ўтмаса керак, – деди тезкор ходимлардан бири қалтираб.
– Ҳеч қанақа туйнук йўққа ўхшайди. Қайтганимиз маъқул, – деди чўпонлардан бири қўлидаги машъалани баландроқ кўтариб.
Гуруҳ изига қайтди. Ғорнинг оғзига яқинлашганда ташқаридан келаётган тоза ҳаво танларга ҳузур бахш этди. Ҳамма ўзини ташқарига урди. Фақат Фахриддин Каримович қўлидаги машъалани кўтариб, аввал ўнг, сўнгра сўл деворга яқинлашиб, зихларига диққат билан тикилди. Уни кўриб, чўпонлардан бири ортига қайтди. Икковлашиб «яширин йўлакча»ни қидира бошлашди. «Ғорнинг ичкарисига кириб-чиқиш азоб экан, балки Ботиров ғор оғзига яқин жойдан туйнук топгандир. Унинг оғзини тошлар билан ёпиб қўйса, топиш қийин бўлади» хаёлидан ўтказди терговчи. Аммо бетартиб қалашиб ётган тошлар юзасида бирон-бир тирқиш ёки ёриқ изи кўзга ташланмади. Ташқарига чиқишди. Майсалар устида ўтириб, бир оз ҳордиқ чиқардилар. Кимдир ўтирган жойида пинакка кетиб олишга улгурди. Сўнг ой шуъласида туртиниб-туртиниб йўлга тушдилар ва тонгга яқин қишлоққа кириб келдилар.
«Штаб»да терговчиларни бир милиционер кутиб турарди. Фахриддин Каримович дарров уни ҳузурига чақиртирди.
– Ассалому алайкум, ўртоқ бошлиқ! Ахборот беришга рухсат этинг! – милиционер қоида бўйича мурожаат қилди.
– Рухсат, гапиринг, нима гап?
– Мени прокуратурадан юборишган эди. Телефон алоқаси йўқлиги учун сизга Ботиров ҳушига келганини маълум қилмоқчи эдим.
– Ростданми, ана буни янгилик деса бўлади! Қачон ҳушига келган эди?
– Бугун кечаси! У сизга мана бу қоғозни ҳам беришимни илтимос қилганди, – милиционер чўнтагидан бир энлик қоғоз чиқариб, терговчига узатди.
Терговчи шоша-пиша қатлам-қатлам букланган қоғозни ёйиб, ундаги ёзувга кўз югуртирди: «Йўл тандир ичида. Калит қалдирғоч инида. Унинг ҳаёти хавф остида, шошилинг!»
Хатни ўқиб, ранги докадай оқариб кетган Фахриддин Каримович тилла топган одамдай у ёқ-бу ёққа аланглаб, ҳовлининг чап биқинидаги айвон томонга чопиб кетди. Бошқалар ҳам беихтиёр унинг ортидан юришди.
Олд томони очиқ, деворлари қурум босиб кетган пастқамгина айвоннинг бир чеккасида катта-кичик ўчоқлар, ўртасида тандир жойлашганди. Гуруҳ раҳбари тандир олдига келиб, энгашиб унинг ичига бошини тиқди.
– Санжарбек, чаққонроқ йигитлардан бирини чақиринг, тандирга тушиб, ичидаги шох-шаббаларни олиб ташласин! – Фахриддин Каримович бошқалар қатори нима бўлаётганини тушунолмай, ҳангу манг бўлиб, қотиб турган шогирдига бақирди.
Санжарбек «тандир ичига бирор нарса яширилган бўлса керак-да» деган хаёлда бошлиққа ортиқча савол бермасдан ташқарида турган қишлоқ йигитларидан бирини тандир олдига бошлаб келди.
– Исмингиз нима? – гуруҳ раҳбари йигитдан сўради.
– Нарзилла…
– Тандирга тушганмисиз?
– Ҳа, лекин…
– Нарзиллажон, бўлинг, тез тандир ичига тушиб, мана бу ўтин-пўтинларни чиқариб ташланг-чи!
Йигит бир сакраб тандирга тушди ва энгашиб, ичидаги чиқиндиларни ташқарига ота бошлади. Тандирнинг оғзига зўрға одам сиғса-да, паст қисми анчагина кенг экан. Тандир таги яхшилаб тозалангач, унинг ўрасидаги айлана темир қопқоқ яққол кўриниб қолди.
– Нарзиллажон, бўлди, раҳмат сизга, энди ташқарига чиқинг, – деди Фахриддин Каримович тандир тагига диққат билан қараб олгач. Сўнг Санжарбекка буюрди:
– Тандирни бузиш керак!
Санжарбекнинг ишораси билан уч-тўрт йигит тандирни бузишга тушди. Зум ўтмай хилвираб турган эски тандир қўпориб ташланди.
Гуруҳ раҳбари чаққонлик билан тандир тагидаги темир қопқоқни қўлидаги кетмон билан олиб ташлади. Қудуққа ўхшаш ўра кўринди. Атрофдагилар «гап бу ёқда эканда!» дегандай ёпирилиб, ўрага тикилишди. Ичкари қоп-қоронғи. Ҳеч нарса кўринмасди. Кимдир қўлидаги фонарни ёқиб, қудуқ ичига қаратди. Пастроқда ёғоч нарвон кўринди.
Фахриддин Каримович фонар ёруғида пайпаслаб, қудуққа туша бошлади. Нарвонга оёғини қўйиб, пастга одимлади. Ерга тушгач, фонарни ён-атрофга қаратди. Ўнг томонда одам бўйи ғорга ўхшаш узун йўлак кўринди. Санжарбек ва яна икки тезкор ходим пастга тушишди.
Фахриддин Каримович йўлак бўйлаб юрар экан, қўлидаги фонарни баландроқ кўтарди. Шунда йўлак ўртасидаги деворда осилган лампочка ялтираб кўзга ташланди.
– Ия, бу ерда ток бор экан-да! – деди кимдир таажжубга тушиб.
– «Включатель» қаерда экан?
– Мана бу ерда экан, – деди қудуқнинг оғзига яқин турганлардан бири ва нарвонга оёқ қўйиб, чўзилиб, чироқни ёқди. Ертўла ёришиб, унинг тўрида ёғочдан қўлда ясалган шкаф кўринди. Пастки полкалари ёпиқ, юқори полкаларига ҳар хил майда-чуйда асбоб-анжомлар териб қўйилган. Икки ён деворларга эски-туски кийим-кечаклар илинган. Оёқ остида ҳам турли рўзғор буюмлари бетартиб сочилиб ётибди.
Фахриддин Каримович у ёқ-бу ёққа аланглаб, ёруғда чор томонга зимдан разм солди. Бирор нарса хаёлига келди, шекилли, шкаф турган томонга юра бошлади. Тўғри бориб шкафнинг пастки чап эшигини очди.
– Мана бу нарсаларни олинглар-чи! Яширин туйнук шу ерда бўлиши керак, – деди у ёнидагиларга шкаф ичини кўрсатиб. Ходимлардан бири энгашиб, бир зумда шкаф ичини бўшатди. Санжарбек қўлидаги фонарни шкаф ичига қаратди, ҳеч қандай шубҳали нарса кўринмади.
Гуруҳ раҳбари ўнг томондаги шкафни очди.
– Қани бу нарсаларни ҳам олинглар-чи!
Йигитлар тезда шкаф ичида қалашиб ётган нарсаларни олиб ташлашди. Шкафнинг орқа тахтаси ўрнидан темирдан ясалган қалин эшик кўринди.
– Ана холос! Ҳамма гап бу ёқда экан-ку! – Санжарбек таажжубини яширолмади.
Фахриддин Каримович энгашиб, бор кучи билан темир эшикни итариб кўрди. Эшик қулф эди.
– Санжарбек, зудлик билан тепага чиқинг, айвонда қалдирғоч уяси бўлиши керак. Калит ўша ерга яширилган. Тез бўлинг! – дея буйруқ берди гуруҳ раҳбари хатдаги жумлаларни эслаб.
Санжарбек отилиб ташқарига чиқди. Айвон тепасида кўринишидан анча йиллик қалдирғоч инига кўзи тушди. Ҳовлида турган нарвонни олиб келтириб, деворга турғизди ва юқорига қараб тирмашди. Тепага чиққач, қўлини чўзиб, иннинг ичини бармоқлари билан пайпаслади ва ғадир-будур тишли қалин калитни топди.
Санжарбек қудуқча атрофида тўпланиб турган ҳамкасбларининг «нима гап, тинчликми?», «бирор янгилик борми?», «шу ерга яширганмикин?», «топилдими?», «тирикмикин?», «нима гап ўзи?» деган саволларига парво ҳам қилмай, қандай тез чиққан бўлса, шундай тез шошилиб, қудуқ ичига тушиб кетди.
Фахриддин Каримович Санжарбекдан калитни олиб, шкаф ичига бошини тиқиб, қўлидаги фонар ёруғида пайпаслаб, қулфни очди ва эшикни орқага итарди. Темир эшик ғирчиллаб ланг очилди. Ғор қоп-қоронғи эди. Терговчи фонарини ичкарига қаратди, девордан бошқа ҳеч нарса кўринмади. Букланиб ичкарига кирди. Икки одам зўрға сиғадиган ғор пастқамгина эди. Шу сабабли у бошини энгаштириб, йўлак бўйлаб юра бошлади. Санжарбек ҳам унинг изидан ичкарига кирди. Беш-олти қадам юришгач, ёғоч эшикка дуч келишди. Эшик тирқишидан ғира-шира шуъла тушиб турарди. Фахриддин Каримович эҳтиёткорлик билан эшикни очди ва ичкаридаги манзарани кўриб, тахтадай қотиб қолди. Орқадан етиб келган Санжарбек ҳам ҳайратдан ўзини йўқотаёзди.
Иккаласи отилиб ичкарига кирди
– Ана Баҳром Сафарович, йигитларни ёрдамга чақиринг! Афтидан беҳуш кўринади, – деди ичкарига биринчи кирган гуруҳ раҳбари хона тўрида ётган одамга ишора қилиб. – Йигитларни чақиринг!
Фахриддин Каримович одам ётган томонга юрмоқчи бўлганди, қалин панжарага дуч келди. Панжарани пайпаслаб кириш жойини ахтара бошлади. Аммо ҳеч қаердан эшик изи кўринмади.
– Нима бўлсаям тирик бўлсин-да! – Санжарбекнинг ҳаяжондан овози титраб кетди ва орқага бир оз тисарилиб, ташқарида нима гаплигини билмай интизор турган йигитларни чақирди. Хонага бирин-кетин кириб келган йигитлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди.
Фахриддин Каримович панжарага ёпишиб, одам ётган томонга қараб, «Баҳром ака, Баҳром ака, мени эшитаяпсизми? Баҳром Сафарович, Баҳром Сафарович!» дея қичқирди.
Ҳалиги ётган кимса одам товушини эшитиб, бир қимирлаб қўйгандай бўлди. Фахриддин Каримович ёнида турган Санжарбекка қараб:
– Хайрият, тирикка ўхшайди, – деди.
– Менимча, сал қимирлагандай бўлди, – деди Санжарбек одам ётган томондан кўзини узмай.
– Санжарбек, панжаранинг эшиги йўққа ўхшайди. Қаранг, хонанинг тўрт томон девори, ост-усти қисми темир панжара билан ўралган, ҳақиқий «бункер» экан. Тезда тепага чиқиб, темир қирқадиган ускуна топиб келиш лозим. Югуринг!
– Хўп бўлади, – Санжарбек энгашиб ташқарига чиқиб кетди.
Фахриддин Каримович бир неча бор уй тўрида ётган одам билан гаплашишга уриниб кўрди. Аммо ундан садо чиқмади. «Ботиров ушланганига бир ҳафтача бўлди. Бечоранинг сувсизлик, очликдан тинка-мадори қуриб кетган бўлса керак. Нима бўлганда ҳам шошилиш керак. Ҳар дақиқа ғанимат!» хаёлдан ўтказди у.
Қолганлар панжара ортидан «бункерни» кузатиш билан банд эди. Хонада яшаш учун деярли ҳамма шароит мавжуд эди. Ерга қалин кигиз тўшалиб, устидан бир нечта пўстак ташланган. Бир чеккада кичкинагина эски телевизор, «Маяк» русумли радио, тўрда бир кишига етадиган кўрпа-тўшак, ҳар хил кийим-кечаклар тахлаб қўйилган. Ўртада рангсизгина дастурхон, чойнак-пиёла, коса-товоқ ва бошқа рўзғор буюмлари қўйилган. Тўрдаги ёғоч қути устида анчагина китоб, газета-журналлар қалашиб ётибди. Хонанинг бир чеккаси девор томондан ўйилиб, эшик қўйилган. Кўпчилик бу эшик ҳожатхонага олиб чиқса керак, деган хаёлга борди.
Кўп ўтмай Санжарбек икки йигитни бошлаб келди. Улар қўлидаги асбоб билан терговчилар кўрсатган жойдан панжарани қирқишга киришдилар. Бирпасда одам ўтадиган туйнук очилди. Биринчи бўлиб туйнукдан Санжарбек ичкарига кирди ва югуриб бориб ҳалиги одамнинг бўйин қисмига қўлини қўйди:
– Фахриддин Каримович, хайрият тирик экан! – деди. Сўнг авайлаб унинг бошини тепага қаратди. Шунда панжарадан қараб турган кўпчилик ходимлар бу одам ҳақиқатда Баҳром Сафарович эканига амин бўлишди. Гуруҳ раҳбарининг имоси билан яна икки тезкор ходим панжара тирқишидан ошиб ўтишди. Кўпчилик бир амаллаб, қўлма-қўл қилишиб, беморни ташқарига олиб чиқишди. Кимдир унинг оғзига сув томизди. Аммо бемор ҳамон беҳуш – ҳеч нарсани сезмасдан ётарди. Шу пайт етиб келган «тез ёрдам» беморга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатди ва икки тезкор ходим кузатувида шифохонага олиб кетишди.
– Фахриддин Каримович, келинг, бирор нарса еб олинг, кечадан буён туз тотмадингиз, – деди Санжарбек қўшнилар чиқарган иссиққина тандир нонидан бир бўлагини узата туриб.
– Майли, буни қаранг, қорним очганини энди ҳис қилаяпман, – гуруҳ раҳбари нонни қўлига олиб, енгил тин олди.
– Шўрлик Баҳром Сафарович нақадар қийналган экан-а! Шунча йил шундай шароитда яшаганига ишонгинг келмайди, – деди Санжарбек қўлидаги пиёлани бошлиққа узата туриб. – Ишқилиб болаларининг бахтига тузалиб кетсин-да!
– Т-у-у-залиб кетади! Ботиров уни вақти-вақти билан керакли озиқ-овқат, сув билан таъминлаб турган. У қўлга тушгандан сўнг, орадан ўтган етти кун уни шу аҳволга келтирган бўлса керак. Асосийси, ҳамма хатар энди ортда қолди.
– Ҳа дарвоқе, тиқилинчда сўрашга ҳам улгурмапман, эрталаб келган милиционер кимдан хат олиб келган экан. Бирор киши бу сирдан воқифмикин?
– Ҳа, сизга айтмабман-а, Ботиров ҳушига келибди ва Баҳром Сафаровични яширган жойини кўрсатиб менга хат юборган экан. Мана ўша мактуб, – бошлиқ чўнтагидан хатни чиқариб Санжарбекка узатди.
– Ҳар ҳолда виждони қийналган бўлса керак-да! Агар у ўзи бу жойни кўрсатмаганида, топиб олишимиз қийин кечарди.
– Ҳа, бахтимизга Ботировнинг ўзига келиб қолгани айни муддао бўлди. Акс ҳолда Баҳром Сафаровични қутқаришга кечиккан бўлардик, – Фахриддин Каримович қўлидаги пиёлани девор устига қўйиб, айвон томонга юрди. Санжарбекка воқеа жойини кўздан кечириш ва бошқа процессуал хатти-ҳаракатларни қонун талаби асосида тўғри расмийлаштиришни тайинлаб, машинага ўтириб, шаҳар томонга шошди…
* * *
«Хат терговчига етиб бордимикин? Ишқилиб Баҳром ўлиб қолмаган бўлсин-да! Шунча йиллик азобларга чидади, бошқа одам аллақачон жинни бўлиб қолган бўларди. Иродаси мустаҳкам экан. Қилган хатоси унга қимматга тушди. Йўқ, йўқ, у йўл қўйган совуққонликни хато деб бўладими? Асло! Бу жиноят эди. Бир айбсиз кишини узоқ муддат қамоққа тиқиш жиноят ҳисобланмайдими? Жиноят кодексида ҳам ўз мансабига совуққонлик билан қараганлик учун жазо белгиланган эмасми? Мен Баҳромни қилган жиноятига мос жазога тортдим. Унинг жинояти менинг ширин ҳаётимни издан чиқариб, уни жаҳаннамга айлантирган бўлсада, мен адолат билан иш тутдим, унинг ҳаётини сақлаб қолдим. Ҳамма нарсамдан – оиламдан, икки нафар гулдай фарзандларимдан, суюкли рафиқамдан, ишимдан айрилиб, аламзада бўлсам-да, адл тарозисини тўғри тутдим, виждонимга қарши боролмадим…»
Аҳад шипга термилиб ётар экан, хаёлотнинг сонсиз кўчаларига кириб чиқарди. Ҳаётининг сўнгги дамларида қилган ишларига баҳо бериб, умрини сарҳисоб этишга, ўтган кунларини тафтиш қилишга уринарди: «Қилган ишларимдан афсусланмайман! Нима қилган бўлсам, виждон амри билан қилдим. Бошқача йўл тутишим ҳам мумкин эмасди. Ҳа, мени ноҳақ қамашди. Емаган сомсам учун пул тўлашга мажбур қилишди. Кўндим. Дод-фарёд қилмадим. Чидадим. Бир кун келиб, ҳақиқат қарор топишига умид қилдим. Масаланинг қонуний ечимини топишга уриндим. Ҳеч кимни ўлдиришга, ўзимча жазолашга қасд қилмадим. Аммо кейинги воқеалар… Бу дунёдаги бор-йўғим, орзу-умидим, бутун бошли оиламдан ажралиб қолдим. Улар мени кўришга кела туриб, йўлда шу балога гирифтор бўлишди. Мен қамалмаганимда улар тирик қолган бўлишарди… Ҳаммасига мени ноҳақ қамоққа тиққанлар сабабчи эмасми? Ахир уларнинг бир менга қилган туҳматлари оқибатида менинг ширингина оилам йўқ бўлиб кетмадими? Мен уларни айбламай, яна кимни айблашим мумкин! Терговчи Икром Бозоров менинг Озодани ўлдирмаганимни билармиди? Билиши шарт эди. Буни англагиси, менинг гапларимни тинглагиси келмади. Бир кишининг кўрсатмасини асос қилиб, мени гуноҳкор қилди қўйди! Одам ҳам шунақа беэътибор бўладими? Инсон тақдирига шунақа бепарволик билан қараш мумкинми? Судья Зокир Шокиров-чи! У қонуннинг энг мартабали кишиси, адолат пешвоси сифатида ишни шунақа юзаки кўриши инсофданмиди? Ахир судья «адолат йўлидан ҳеч қачон тоймайман» дея қасам ичган давлатнинг ишонган одами эмасми? Унинг одамлар тақдирига бунчалик панжа орасидан қарашга ҳаққи бормиди? Қандай қилиб етарли асосга эга бўлмай туриб, бир беайб инсонни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш мумкин!..»
Аҳад бир томонга қараб ётавериб, толиқди, шекилли, иккинчи томонига ўгирилишга ҳаракат қилди. Аммо чап тана қисми ишламаётганлиги сабабли қимирлай олмади. Ҳамширани ёрдамга чақирмоқ учун у ўтирган тарафга қаради. Аммо ҳамшира ҳам шу пайтда жойида йўқлигини кўриб, бир қўли билан деворга суяниб, бурилишга ҳаракат қилди. Бундай ночор аҳволга тушиб қолганлигидан ич-ичидан эзилди: «Эй Худо, мени бунча қийнамай, тезроқ омонатингни олсанг бўлмайдими? Ахир мен аллақачонлар – оилам ҳалокатга учраган куни ўлиб бўлганман-ку! Менга ҳаётнинг нима кераги бор?!»
Чираниб-чираниб ҳолдан тойди чамаси, кўзини бир нуқтага қадаганча жимиб қолган Аҳадни яна хаёллар ўз оғушига олди. У ўзини қамоқхонанинг тор ва зах хонасида ётгандай ҳис қилди. Боши қаттиқ оғриб, кўзи тинди…
Ўн беш кунча бир хонадан чиқмай, гўр азобида ётган Аҳад сал ўзига келгач, ўзини ўлдиришга қарор қилди. Энди унга яшашнинг нима кераги бор. Ким учун яшайди? Уни ташқарида кутаётган фарзанди, хотини йўқ бўлса, яшашидан нима маъни? Ўн йилдан ортиқ қамоқхонада азоб чекиб, ундан чиққанда нима қилади? Бу ёруғ оламда ҳеч кими бўлмаса! Бу дунёни тарк этиб, тезроқ ота-онаси, фарзандлари, хотини ёнига боргани яхши эмасми? Ахир туғишганлар жаннатда юз кўришар эмиш-ку!
Кишининг ажали етмаса, ўлмас экан. Аҳаднинг бир ой ичида ўзини ўлдиришга қилган саъй-ҳаракатлари зое кетди. Бир сафар ип узилиб кетиб, ўзини осиб ўлдириш ниятига етолмай қолди. Иккинчи марта хонадошлари унинг ҳаётини сақлаб қолишди. Учинчи марта… хуллас унинг бу нияти ҳам амалга ошмай қолди.
Вақт ҳар дардга даво деб бежиз айтишмаган экан. Кунлар ўтган сайин Аҳаднинг қалбидаги яралар бита борди. Энди ундаги тушкунлик, ожизлик ва беқарорлик ўрнини нафрат ва ғазаб эгаллай бошлади. Юрагининг бир четида яшашга ишонч ва умид учқуни кўрингандай бўлди. Бу учқун кунлар ўтган сайин оловланиб, қасос ўтига айланиб бораётганини Аҳаднинг ўзи ҳам англади. Қонли интиқом, оловли қасос уни яшашга бўлган ишончини оширди. Ягона шу умид билан яшай бошлади. Кўзи қонга тўлиб, тезроқ қамоқдан чиқишни, уни ноҳақ айблаб, бошига шу савдоларни солганлардан ўч олишни ўйлаб қолди. Хаёлида қасос режаларини тузиб, уни амалга ошириш йўлларини ахтара бошлади. Ўз режасини ҳаммадан сир тутсада, баъзан сиқилган пайтларида хонадошларига қасос олиш ниятини ошкор қилиб, бир оз ҳовуридан тушгандай бўларди. Аммо уларнинг орасида ҳам сотқинлар борлигидан бехабар эди. Бундан ташқари кўпчилик, ҳатто қамоқхона маъмурияти ҳам бу гап-сўзлардан хабардор бўлса-да, уларни шунчаки алам устида айтилган гап сифатида баҳо беришарди. Қамоқхонадан эсон-омон чиқиши даргумон бу «қасоскор»нинг қарори жиддийлигига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди.
Аммо… Аҳад кечаю кундуз қамоқдан чиқиб олиш режаси устида ишларди. Бунинг учун биринчи навбатда интизомли маҳбусга айланиши, атрофидагиларнинг, қамоқхона маъмуриятининг ишончига кириши лозим эди. Бунга унинг касби – врачлиги қўл келиши мумкин. У ўзининг сеҳрли бармоқларини ишга солиб, олдин маҳбусларни, сўнгра назоратчиларни даволашга, уларга тиббий ёрдам кўрсатишга ўтди. Қамоқхонада Ботировнинг иқтидорли дўхтир эканлиги ҳақида гаплар тарқай бошлади. У берган маслаҳатлар, тавсия этган дори-дармонлар одамларни тезда тузалиб кетишига, дарддан фориғ бўлишига сабаб бўлаётганлиги унинг моҳир врач сифатида танилишига, кўпчилик орасида иззат-эътибор топишига сабаб бўлди. Аста-секин қамоқхона раҳбарлари ҳам бемор бўлиб қолган кезларда «санчасть»даги врачлардан кўра кўпроқ Ботировга ишонадиган, унинг маслаҳати билан даволанадиган бўлиб қолишди. Унинг ташхислари кўп ҳолларда тўғри чиқар, бу эса унга ёрдам сўраб, мурожаат қилувчиларнинг кўпайишига олиб келарди.
Малакали врач сифатида обрў-эътибори ошиб бораётганига қарамай, Аҳад ўзини камтарин ва хокисор тутар, ҳамма билан самимий муносабатда бўлар, қамоқхонада ўрнатилган тартиб-қоидаларга сўзсиз итоат этар, маҳбусларнинг ҳам, назоратчиларнинг ҳам ишончига киришга ҳаракат қиларди. У ўзини ўтмиши, кўрган азоб-уқубатларини унутгандай тутарди. Кечалари ҳеч кимга сездирмасдан фарзандлари, хотинининг расмига соатлаб тикилиб, юм-юм йиғлаб, кўнглини бўшатиб оларди.
Иш шу даражага бориб етдики, қамоқхона раҳбари Салим Сатторович Аҳадга катта ишонч билдириб, болалигида автоҳалокатга учраб, тўшакка михланиб қолган қизи Заринани даволашда ёрдам беришни илтимос қилди. Дадаси Заринани узоқ муддат шифокорларга қаратган бўлсада, уларнинг муолажалари заррача наф бермаган эди. Ёлғиз қизининг бахтидан хавотирда юрган ота уни оёққа турғазиш фақат Ботировнинг қўлидан келиши мумкин, деган хулосага келди. Шу сабабли гарчи қамоқхона қонунларига зид бўлсада, бир-икки марта қизини ишхонасига олиб келиб, Ботировга қаратишга мажбур бўлди. Маҳбус-врач қилган амаллар ижобий натижа бера бошлади. Аммо қизнинг бутунлай оёққа туриб кетиши учун узоқ муддатли муолажаларни амалга ошириш талаб қилинарди.
Қизининг соғайиб кетишига қалбида умид уйғонган ота ўзининг хизмат мавқеини хавфга қўйиб бўлсада, вақти-вақти билан Аҳадни қамоқхонадан яширинча олиб чиқиб, муолажаларни уйида давом эттиришга қарор қилди. Анча пайтдан буён умидсизлик тўшагида ётган Заринанинг ҳам мурғак қалбида соғайиб кетишга умид уйғониб, яшашга иштиёқи оша бошлади. Қизидаги ўзгаришларни кўриб, отанинг дили ёришди, қилаётган иши гарчанд қонунга хилоф бўлсада, бу қилмиши ошкор бўлса, нафақат мансабидан ажралиб қолиши, балки жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкинлигини англаса-да, жондан азиз фарзанди соғлиғи учун бундан ўзга йўл йўқлигига ўзини ишонтира олди.
Дастлаб қамоқхона ходимларидан бирининг кузатуви билан бошлиқнинг уйига қатнаб юрган Ботировга кейинчалик ортиқча одамнинг ҳам кераги бўлмай қолди. Негаки, у ҳамманинг ишончига киришга улгурган эди. Унинг ҳар бир ишга сидқидилдан киришиши, ўз сўзида собит туриши, қамоқхона тартиб-қоидаларини оғишмай бажариши, қамоқхонадан белгиланган пайтда чиқиб, белгиланган пайтдан кечикмай жойига қайтиб келиши, жазони муддатидан олдин ўтаб чиқишга умид билан юриши бошлиқнинг ортиқча хавотирларига чек қўйган эди.
Баҳор кунларининг бирида Аҳад бошлиққа илтимос қилди:
– Салим Сатторович, агар бирорта машина тўғрилаб берсангиз, тоққа – гиёҳ териб келишга бориб келардим. Заринадаги ўзгаришларни ўзингиз кўриб турибсиз. Аммо унинг бутунлай соғайиб кетиши учун одатдаги дорилардан, машқлардан ташқари, айрим гиёҳлар ҳам зарур бўлади.
– Гиёҳларнинг номини ёзиб берсангиз, олиб келтирсак бўлмайдими? – бошлиқ эҳтиёткорлик билан эътироз билдирди.
– Йўқ, номидан уларни ажратиб олиш мушкул. Билмаган, кўрмаган одам бу ишни уддалай олмаслиги мумкин. Йўқ, десангиз шарт эмас, муолажа чўзилиши мумкин-да.
– Бўпти, бўпти, эртага тонгда ўзимнинг машинамни бераман, бехавотирроқ. Қайси тоққа бормоқчисиз?
– Бекобод томонга. Мен у ерлардан илгари ҳам гиёҳ йиққанман. Таниш жойлар.
– Келишдик, эрталабга ҳозирлигингизни кўринг. Ёрдамга бирорта одам қўшиб берайми?
– Шофёрингиз бор-ку. Ортиқча «кўзнинг» нима кераги бор?
– Бу гапингиз ҳам тўғри, – бошлиқ мамнун жилмайиб қўйди. – Менга қизимни оёққа қўйиб берсангиз бас.
Эрта тонгда Аҳад бошлиқнинг хизмат машинасида Бекобод томонга йўл олди. Машинанинг орқа ўриндиғида кўзларини юмганча ўзини ухлаганга солиб кетаётган Аҳаднинг юрагида қасос ўти тобора кучайиб борарди. У ниҳоят аввалдан тузиб қўйган режалари аста-секинлик билан амалга оша бошлаганидан ўзида йўқ хурсанд эди. У қамоқхонада ўтириб, терговчи Икром Бозоров ҳақида тўплаган маълумотларни бирма-бир хаёлидан ўтказа бошлади. «Йўл қўйган камчиликлари учун ишдан кетган экан. Демак, уйида бўлади. Кўчаси, яшаш манзили аниқ. Янги «Жигули» машинаси бор экан. Автоҳалокатга учраса, ҳеч ким гумон қилмайди. Бахтсиз ҳодиса-да! Ўлади кетади! Мен бошқалардан ҳам қасос олишим учун ўзимни ҳар қандай гумонлардан халос қилишим лозим. Ҳозир мен қамоқдаман. Бозоровнинг автоҳалокатида ҳеч ким мени гумон қила олмайди! У аблаҳ кўра-била айбсиз одамни қамоққа тиқди. Менинг гапларимни эшитишни ҳам хоҳламади, жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсларни аниқлашга уринмади. Инсон тақдирига, оила тақдирига бефарқ муносабатда бўлди. Терговчи деган, қонун кишиси деган улуғ номга доғ туширди. Бошимга тушган жамики кулфатлар учун ундан ўч оламан. Очилмай эрта хазон бўлган болаларим учун, ҳаётга тўймай кетган аёлим учун ундан қасос олишга ҳақлиман. Ал қасоси минал ҳақ дейишади…»
Аҳад «жойида турибдимикин» деган хаёлда ички чўнтагига қўл тиқиб, машина ғилдирагини бўшатадиган калитни ушлаб кўрди. «Ҳозирча ҳаммаси ўйлаганидан силлиқ кетаяпти. Ахир қамоқдаги одамнинг бошқа шаҳарга бошлиқнинг хизмат машинасида боришига эришиш осон ишми? Бунга эришиш учун қанчалар ҳаракат қилди. Мана ниҳоят «қасос операцияси» бошланди. Бу ёғи энди ўзининг маҳоратига боғлиқ. Ҳаммасини силлиқ бажарса, ишлар беш бўлиши тайин. Ишқилиб, Бозоров уйида бўлсин-да! Машинасини бир дақиқа холи қолдирса бўлгани».
Машина Бекобод шаҳрига яқинлашганда Ботиров сергак тортди. Шофёрга қайси томонга юришни кўрсатиб, ўзи кийим-бошларини тўғрилади. Таниш-билишлар кўриб қолмаслиги учун бошига шапкасини кийиб, кўзойнагини тақиб олди. Машина керакли манзилга етиб борганда Аҳад машинани чеккароқдаги дарахт тагига тўхтатишни буюрди. «Уй олдида машинаси кўринмайди, демак уйда йўқ. Келиб қолар, кутиб туриш керак!» хаёлдан ўтказди у.
Шофёрга бир табиб дўсти шу ерда туришини, ҳозир уйида йўқлиги учун бир оз кутиб туришга тўғри келишини, шу сабабли машинада бир оз мизғиб олиши мумкинлигини тавсия қилиб, ўзи машинанинг орқа ўриндиғида ўтирганча, собиқ терговчининг келишини кута бошлади.
Ярим соат ўтиб, узоқдан оқ рангли «Жигули» кўринди. Ботировга машинанинг давлат рақами аввалдан маълум эди. Машина сал яқинлашганда унинг давлат рақамига қараб, «худди ўзи экан» деган фикрни хаёлидан ўтказди ва ўзини сездирмаслик учун сал энгашиброқ ўтириб олди. «Жигули» шаҳд билан ўтиб, таниш дарвоза томонга бурилиб, тўхтади. Ичидан чамаси 50-55 ёшлардаги бақалоқ одам тушди ва лўкиллаб ичкарига кириб кетди. Аҳад уни дарров таниди. Бу ўша Икром Бозоров эди.
Тонгда тургани боис, хуррак тортиб пинакка кетган шофёрни уйғотиб юбормаслик учун Аҳад оҳиста машинадан тушди. Кўчада одам кўринмайди. Онда-сонда кўчани чангитиб ўтиб бораётган машиналарда шубҳа уйғотмаслик учун Аҳад дарахт панасида кутиб турди. Сўнг кўча жимиб қолган пайтни пойлаб, «Жигули» турган томонга юрди. Қиё очиқ қолган дарвозадан ҳовлини кузатди. Ҳеч ким кўринмайди. Ичкаридан эркак кишининг «Ҳали ҳам тайёр эмасмисан? Тошкентга боргунимизча кеч тушади-ку! Тез бўл!» деган овози қулоққа чалинди. Сўнг ўша одамнинг «менга телефонни узатиб юбор, қудаларга кечикаётганимизни айтиб қўяй», дея бақиргани эшитилди. «Демак, Тошкентга кетмоқчи! Айни муддао! Телефонда гаплашгунча уддалашим керак!» хаёлдан ўтказди Аҳад. Атрофга аланглади. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, чўнтагидан калитни олиб, «Жигули»нинг олд ғилдиракларини ушлаб турган больтларни бир оз бўшатди ва шошилинч орқага қайтди. Шофёрга иши битганини, ўртоғи билан гаплашиб олганини айтиб, машинани тоғ томонга ҳайдашни илтимос қилди.
Тоғ этагига етганда Аҳад машинадан тушиб, гиёҳ теришга тепаликка чиқиб кетди ва бир соат ичида бир сумка ўт-ўланлар билан қайтиб келди. Изига қайтдилар. Машина Бекободдан ўтиб, Тошкент томонга одимлар экан, Аҳад ойнадан ташқарига термилганча аланглаб кетарди. У ҳамон ўзининг ҳаяжонини босиб ололмаганди. Ўйлаган режаси амалга ошмай қолишидан хавотирда эди: «Наҳот сезиб қолса! Йўқ, сезмаса керак! Шошаётган эди. Тезроқ етиб олиш учун тезликни оширса, тамом. Унинг режаси иш берган бўлади. Хотини билан Тошкентга кетмоқчи эди-я. Нима бўлса, ўзи бўлсинда. Хотини бегуноҳ, ишқилиб унинг уволига қолмасам бўлгани. Агар ҳалокатга учраган бўлсалар, устидан чиқишимиз мумкин…»
Шу пайт шофёр бирдан тезликни туширди ва машинани йўл четига ола бошлади:
– Йўлда авария борга ўхшайди.
– Қанақа авария экан? – деди Аҳад ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай тутиб.
– Машиналар тўпланиб қолибди, каттароқ автоҳалокат бўлган шекилли, – деди ҳайдовчи паст тезликда кетаётган машина ойнасидан атрофга аланглаб. – Ў-ҳў, «Жигули» билан трактор тўқнашибди. Ҳеч ким тирик қолмаган бўлса керак! Ёмон урилибди-да! Менимча, бу ерда «Жигули» айбдор. Шофёр ухлаб қолган шекилли, бир чеккада келаётган тракторга бориб урилибди.
Аҳад ҳайдовчи кўрсатган томонга қараб, йўл чеккасида турган оқ «Жигули»ни дарров таниди. Гарчанд машинанинг давлат рақами ўқиб бўлмас даражада пачоқланиб кетган бўлсада, орқа ойнасига ўрнатилган пардадаги «Не уверен, не обганяй» деган ёзувдан машинанинг Икром Бозоровга тегишли эканлиги Аҳадда шубҳа қолдирмади.
– Аҳад ака, тўхтайми? – деди ҳайдовчи касбига хос қизиққонлик билан.
– Майли қаранг-чи, балки бирор кишига ёрдам керакдир, – Аҳад ўзига керакли маълумот олиш учун атайлаб, унга қаршилик билдирмади.
Ҳайдовчи машинани йўл четида тўхтатиб, одамлар гавжум томонга қараб юрди. Аҳад машинада ўтирганча атрофни кузатар экан, хаёлидан ўтказди: «милиция ходимлари ҳам ҳозиргина етиб келган кўринади, «тез ёрдам» ҳалокатга учраганларни олиб кетишга улгурибди. Енгил машина шофёр томондан тракторга урилибди. Ишқилиб, тракторчига шикаст етмаган бўлсинда! Хотини орқа ўриндиқда ўтирган бўлса, унча шикаст кўрмаган бўлиши мумкин. Майли у ҳам бегуноҳ, уни ҳам омон қолишига қаршилигим йўқ. Аммо терговчи жазосини олиши шарт!»
Шу пайт ҳайдовчи қайтиб келиб, машинани ўт олдирди.
– «Жигули» нинг шофёри ўша заҳотиёқ ўлибди.
– Бошқа ҳеч кимга зиён етмаптими? – Аҳаднинг сабри чидамади.
– Тракторчининг бахти бор экан, зарба зўридан кабинадан отилиб кетибди. Унга ҳеч нарса қилмабди. «Жигули»да яна бир йўловчи аёл бор экан, уни касалхонага олиб кетишибди.
Аҳаднинг кўнгли бир оз таскин топди. Унинг юрагида қасос олиш дастурининг бир банди бажарилганидан, ноинсоф терговчининг жазосини олганидан, фарзандлари, хотинининг руҳлари шод бўлганидан, шунингдек бу ишни ўзгаларга унчалик зиён-заҳмат етказмасдан уддалаганидан мамнунлик ҳисси пайдо бўлди. Машина ойнасидан атрофни кузатиб келар экан, хаёлан «қонли қасос»нинг қолган қисмини амалга ошириш режаларини туза бошлади…
Орадан бир йил ўтар-ўтмай, Салим Сатторович нафақага чиқиб кетди. Бир оддий маҳбус туфайли қизи оёққа туриб, соғайиб кетганидан миннатдор бўлган бу инсон ишдан бўшаб кетгандан кейин ҳам Аҳаддан хабар олиб турди. Аммо унинг ҳам умри қисқа экан. Нафақа гаштини икки йил ҳам сурмасдан вафот этди. Шундай ажойиб инсоннинг ўлими Аҳаднинг қалбини ларзага келтирди, юрагини қонга тўлдирди.
Салим Сатторовичнинг ишдан кетиши Аҳадни қамоқхона ҳудудидан ташқарига чиқиш имконидан маҳрум қилди. Бу эса ундан қасос олиш йўлида тузган режаларини вақтинча, то қамоқдан чиққунга қадар ортга ташлаб туришни талаб этарди.
«Аммо жазони ўтаб чиққач, бу режаларнинг барчасини амалга оширишга вақти, қудрати етадими? Сезиб қолишмайдими? Унга бўлган шубҳа, гумон ошмайдими? Тезда қўлга тушиб, режасининг қолган қисми барбод бўлмайдими? Унда болалари, хотинининг руҳлари олдида юзи шувут бўлмайдими? Шуларни ўйлаб Аҳаднинг кечалари уйқуси қочиб кетар, қандай бўлмасин, қамоқдан ташқарига чиқиш йўлларини изларди. Аммо бу осон иш эмасди…
Излаган одам имкон топар экан. Аҳад ўзининг билими, одамийлиги, интизоми билан маъмурият ўртасида анчагина баланд мавқега эгалигидан фойдаланиб, янги бошлиқ олдига қамоқхона ҳовлисининг бир чеккасидан ҳашар йўли билан кетмон, белкурак ва бошқа буюмларни сақлайдиган кичкинагина хона қуриш таклифи билан кирди. Табиийки, ҳеч қандай маблағ талаб этмайдиган бу таклифни бошлиқ қўллаб-қувватлади.
Тез орада Аҳад бошчилигидаги ҳашарчилар қурилиш ишларини бошлаб юбордилар. Кўп ўтмай омборхона тайёр бўлди. Унинг атрофида ёғочдан махсус қум, шағал, тупроқ сақлайдиган жой қилинди.
Аҳад маҳбусларни, муассаса ходимларини даволаш билан бирга, энди кундуз кунлари кўнгиллилардан тузилган бригадаси билан қамоқхона бино ва иншоотларининг қўпорилган, лат еган, дарз кетган жойларини таъмирлаш ишларини бошлаб юборди. Маъмурият таъмирлаш ишларини маҳбусларнинг ўзлари бажараётганидан, асосийси бунга четдан иш кучи ва маблағ сарф этилмаётганидан мамнун эди. Беш-олти кишилик бригада куни билан ишлар, кечки пайт асбоб-анжомларини омборхонага жойлаб қўйишарди, калитни ўзлари билан олиб юришарди. Бригаданинг ташаббускорлик руҳида, беғараз қилаётган савоб ишлари раҳбариятни мамнун этарди. Шу сабабли маъмурият ҳам уларга ишонч билдириб, уларнинг эркин юришларига имкон берар, ишларига аралашмасликка ҳаракат қиларди. Аҳадга эса айнан шу нарса керак эди.
Бригада қўлга киритган эркинликдан фойдаланиб, энди у содиқ маҳбус дўсти – Тошпўлат билан омборхона тўрини ковлашга тушдилар. Қазиб олинган тупроқ таъмирлаш ишларига ишлатилаётганлиги боис, ҳеч ким буни сезмасди. Иш игна билан қудуқ қазигандай секинлик билан бўлсада, юришиб кетди. Омборхона билан қамоқхона девори ўртасида ўн беш қадамча масофа бор эди. Уч ой деганларида ғор қазиб бўлинди. Аҳад олдиндан тузиб қўйган режасига мувофиқ эрталаб ғор орқали қамоқхонадан чиқиб, кечга қадар ишларини битириб, қайтиб келиши, қолган икки дўсти эса унинг йўқлигини билдирмай чалғитиб туриши лозим эди. Режаси амалга ошмай қолса, ўзи-ку майли, дўсти Тошпўлат ҳам қочмоқчи бўлгани учун жазога тортилиб, муддатига муддат қўшилишидан қўрқарди.
Шу сабабли «операция»га пухта тайёргарлик кўрилди. Агарда Аҳадни у йўқ пайтида раҳбарият излаб қоладиган бўлса, қандай қилиб вазиятдан чиқиш йўллари ҳам ўйлаб қўйилди. Қасос режасидан «қонундаги ўғри» Қора Намознинг хабари бўлиб, у қамоқхонадан ташқаридаги айрим ишларни бажаришда Аҳадга ёрдам бериши лозим эди. Умрининг йигирма йилини қамоқда ўтказган бу инсон бетоб бўлган кезларда кўп ёрдами теккан Аҳадни жуда ҳурмат қилар, унинг ноҳақ қамалганини билар, шу сабабли унга беғараз ёрдам беришни ўзининг бурчи деб ҳисобларди. Ичкаридаги ҳамда ташқаридаги тайёргарлик ишлари ниҳоясига етгач, белгиланган кун саҳар пайти Аҳад ғор орқали қамоқхонадан чиқди. Туйнук оғзини олдиндан тайёрлаб қўйилган қопқоқ билан ёпиб, унинг устидан тупроқ тортди. Ғира-шира ёруғда қамоқхона деворидан узоқлашди. Сал нари юриб, катта йўлда машина тўхтатди ва Тошкентга етиб келди. Тезда таксида Бекобод томонга йўл олди. Олдиндан тузилган режага кўра Бўка шаҳридаги озиқ-овқат дўконларидан бирига кириб, Қора Намоз тайинлаб қўйган бир яшик «Самарқанд» коньягидан олди. Ўша кезларда бу коньяк жуда камёб бўлиб, дўконларда очиқча сотилмасди. Хоҳловчилар уни қўлдан анчагина қиммат нархда олишлари мумкин эди.
Бекобод шаҳрида уни Қора Намознинг «Қассоб» лақабли шотири кутиб олди. Бир хонадонга олиб бориб, қорнини тўйғазди, дам олишига шароит яратиб берди. Аҳад вақтни бекорга ўтказмай, ҳар бир шишадаги коньякка шприц орқали ўзи билан олиб келган заҳарли моддани қўшди. Бу модданинг афзаллиги шунда эдики, у инсонга аста-секинлик билан таъсир қилиб, муқаррар ўлимга олиб борар эди. Бундан ташқари, узоқ вақт ичилганлиги боис махсус текшириш ёрдамида аниқланмаса, марҳумда заҳарланиш аломатларини аниқлаш мушкул кечарди. Бу борада Аҳаднинг врачлиги қўл келди.
«Самарқанд» коньяги «ниқоби»даги заҳри қотил тайёр бўлди. Фақат уни ўлимга маҳкум қилинган шахсга бериш қолганди. Аҳадда кейинги қасос субъекти – виждонсиз судья Зокир Шокировга тааллуқли деярли ҳамма маълумотлар мавжуд эди. Унинг яшаш манзили, оилавий шароити, қизиқишлари Аҳадга беш қўлдай маълум эди. Судьянинг фақат «Самарқанд» коньяги ичиш одати «қасос режаси»ни ишлаб чиқишда асосий омил сифатида қаралган эди. Фақат уни судьяга етказиш қолганди.
Аҳад ўйлай-ўйлай «Қассоб» орқали қоньякларни Шокировнинг уйига бериб юбориш лозим деган фикрга келди. Судья кундуз ишда бўлади. Хотини эрининг суюкли ичимлигини қайтариб юборишга ҳадди сиғмаса керак.
Аҳаднинг топшириғига кўра «Қассоб» машинасининг давлат рақамини олиб қўйиб, бир яшик коньякни олиб, тўғри Шокировнинг уйига борди. Икки қаватли, ҳашаматли уйнинг дарвозасини тақиллатди. Ичкаридан аёл кишининг «ким у, кираверинг эшик очиқ» деган овози эшитилди.
«Қассоб» эшикни очиб аста ичкарига кирди:
– Ассалому алайкум янгажон, яхшимисиз? Акамлар, жиянларим яхшими?
– Келинг ука, нима хизмат? – семизликдан гавдасини зўрға тутиб турган аёл унга пешвоз чиқди.
– Акалар Зокир Шокировичга бир нарса бериб юборишганди, ўшани…
– Нима экан? – бепарволик билан сўради аёл.
– «Коньяк, «Самарқанд» коньяги!
– Бу ёғи тамом бўлмасдан бу ёғдан топиб келишади шу заҳар ўлгурни! Бўпти, айвонга киритиб қўя қолинг. Болалар келса ўзлари ичкарига киритишади.
«Қассоб» чаққонлик билан машинадан яшикни олиб, аёл кўрсатган жойга қўйди ва совуққина хайрлашиб, изига бурилди.
Сал нарида кўчада пойлаб турган Аҳад «қассоб»нинг тезда қайтганидан ҳамма ишлар жойида эканлигини англади.
– Бердингизми?
– Ҳа, хотини олиб қолди.
– «Ким бериб юборди» деб сўрамадими?
– У сўраб-нетиб ўтирмади. Мен «акалар бериб юборганди» деб қўя қолдим. Бунақанги «совға»лар уйига кўп келса керак, парво ҳам қилмади, суриштириб ҳам ўтирмади. Фақат «бу ёғи тугамасдан, бу ёғдан топиб келишади шу заҳар ўлгурни!» деди.
– Шунақа дедими?
– Ҳа, эрининг кўп ичишидан безор шекилли.
– Майли ука, ҳаммаси учун сизга улкан раҳмат! Намоз акага сизнинг катта ёрдамингиз теккани ҳақида айтиб қўяман.
– «Босс»га биздан салом айтинг. У инсоннинг менга ҳам кўп ёрдамлари теккан. Умрлари зиёда бўлсин, – деди «Қассоб» хайрлаша туриб.
Иши осон битганидан суюнган Аҳад бегона машинада Тошкентга қайтди. Машинада кўзини юмиб олиб, жимгина келар экан, чуқур ўйга толди: «Бу томонда ишлар силлиқ кўчди, у томонда ҳаммаси жойида бўлса бўлгани. Нима бўлганда ҳам унинг йўқлигини сезиб қолишмаган бўлсин-да! Сезиб қолишса нақ балога қолади. Унга беғараз ёрдам қилган инсонларга заҳмат етиши тайин. Эй Худо, бу ёғига ҳам ўзинг қўллагин!.. Шокировнинг хотини «совға»ни индамасдан олиб қолипти-я! Ўрганиб қолганда! Ҳатто кимданлигини ҳам суриштириб ўтирмасдан олиб қолаверар экан! Эри келиб нега нотаниш одамдан олиб қолдинг деб жанжал қилмасмикан? «Кимдан олган бўлсанг, ўшанга олиб бор», дея отиб солмасайди. Йўғ-э, унақа қилолмайди. Суюкли ичимлигини қайтариб юборишга кўзи қиймас! Ўзи «Самарқанд» коньяги отлиққа йўқ. Ким ҳам шундай камёб нарсадан воз кечарди!»
Қош қорайган маҳалда Аҳад қамоқхона деворига яқин келди. Атроф жимжит, ҳеч ким кўринмайди. Туйнукка яқинлашиб, унга ҳеч ким тегмаганини кўриб, «хайрият ҳаммаси жойидага ўхшайди!» деган хулосага келди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, секин туйнук оғзини очди ва эгилиб, ғорга кирди. Ичкаридан туриб, туйнук оғзини бекитди. Режага кўра, Қора Намознинг одамлари тунда келиб, туйнукнинг оғзини билинмас даражада текислаб кетишлари лозим эди. Шу сабабли Аҳад қопқоқни жойига илдириб, ичкарига шошилди. Эмаклаб, омборхонага ўтди. Ғорнинг оғзини бекитиб, устига оғир ускуналарни амаллаб сурди. Уст-бошини қоқиб, ташқарига чиқмоқчи бўлганда, ташқаридан кимларнингдир овози эшитилди. Сергак тортиб, эшик тирқишидан ташқарига мўралади. Уч-тўрт чоғли киши омборхона томонга яқинлашиб келаётганлигини кўрди. Улар орасида икки назоратчи ҳам бор эди. «Демак, улар мени излашга тушишган, вақтида келибман. Сал кечиксам ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетарди» хаёлидан ўтказди Аҳад ва кўп ўйлаб ўтирмай, бир чеккада тахланиб турган кетмонларни стол устига қўйиб, қўлда чархлашга тушди.
Шу пайт эшик очилиб, ҳалиги назоратчилар бирин-кетин ичкарига кириб келишди.
– Ия, бу ерда эканлар-ку, – деди улардан бири.
– Ана холос, изламаган жойимиз қолмади, сал бўлмаса «тревога» эълон қилиб юборардик-а! – деди иккинчиси кўзларини катта-катта қилиб. – Ботиров, бир оғиз шу ердаман деб айтиб қўймайсизми?
– Эртага ошхонанинг ремонтини бошламоқчи эдик. Шунга асбобларни тозалаб, чархлаб қўяй дегандим-да! – деди Аҳад ишини тўхтатмай.
– Бўпти, сизни бошлиқ сўраганди, ишингизни тугатиб, кирарсиз.
Назоратчилар ортига бурилди. Орқада турган Тошпўлат «хайрият, етиб келибсан!» демоқчи бўлгандай дўстига маъноли қараш қилди. Аҳад «ҳаммаси жойида» дегандай бошини ирғаб, кулиб қўйди.
Кейинги икки ойда Аҳад дўсти билан ғорни қандай қийинчилик билан ковлашган бўлса, худди шундай азобда кўмиш билан овора бўлдилар. Ғор тупроқ, қум билан тўлдирилгач, оғзи цементлаб ташланди.
Орадан чамаси олти ой ўтиб, Аҳад судья Зокир Шокировнинг вафот этганлигини эшитди. Бир оз бўлса-да енгил тортгандай бўлди. Бу режаси ҳам хамир ичидан қил суғургандай осонгина амалга ошганидан суюнди…
Орадан ойлар, йиллар ўтди. Роппа-роса олти йилда Аҳад суд томонидан белгиланган жазони муддатидан олдин ўтаб, озодликка чиқди…
* * *
Бир суткадан буён ухламаган Фахриддин Каримович машинага ўтиргач, беихтиёр кўзи илиниб, бир муддат мизғиб олди. Ғадир-будур йўлдан қалқиб-қалқиб кетаётган машинанинг силкинишидан чўчиб уйғониб кетди. Бугунги қиладиган ишларини хаёлан режалаштиришга тушди: «Биринчи галда прокуратурага кириб, Баҳром Сафарович топилганлиги ҳақидаги хабарни телефонда раҳбариятга етказиш лозим. Сўнг шифохонага бориб, аввал Баҳром Сафаровичнинг, сўнг Аҳад Ботировнинг ҳолидан хабардор бўлишим зарур. Агар дўхтирлар рухсат берса, уларни шахсан сўроқ қилишимга тўғри келади. Тошмурод Собиров масаласи билан шуғулланишни Санжарбекка топширса ҳам бўлади. Озодани ўлдирган қотилни топмаса, шунча қилган саъй-ҳаракатларимиз бекор кетиши мумкин. Ахир бу катта жиноятнинг бошланиши шунга бориб тақалади-ку! Шунча йил терговчи бўлиб ишлаб, бунақа оғир ишни тергов қилган эмасман. Киноларга ўхшаб кетади-я! Ботиров деганлари бало экан! Қасос олиш учун шунчаликка борибди-я! Тўғри, уни ҳам тушунса бўлади. Унинг бошига тушган кулфатларни душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим. Аслида бу ишларнинг ҳаммаси биргина адолатсизлик натижаси эмасми? Соҳибқирон Амир Темур бобомиз бекорга «Куч – адолатдадир. Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзал» демаган эканлар-да! Ўшанда Ботиров ноҳақ жазога тортилиб, кечириб бўлмас адолатсизликка йўл қўйилган. Оқибати нима бўлди? Қанча оила парокандаликка учради, қанча одамнинг умри завол кетди. Баҳром Сафарович, Икром Бозоров, Зокир Шокировлар прокурор, терговчи, судья сифатида кечириб бўлмас хатога йўл қўйдилар. Ўша машъум хато уларнинг ўзларига, оилаларига жуда-жуда қимматга тушди. Улар ўз хатоларини жонлари, қонлари билан ювишларига тўғри келди. Шу хатонинг олдини олиш мумкин эдими? Албатта. Тўғри, ўша шўролар даврида мен ҳам ишлаганман. У пайтларда асосий эътибор жиноятни тезроқ очишга қаратилар эди. Қандай йўл, қандай усул билан очасан, бу иккинчи даражали масала эди. Аммо терговчи, прокурор, судья ҳамма замонларда ҳам адолатни юзага чиқариш имкониятидан маҳрум қилинмаган. Бир шахсни жиноят содир этганликда айблаш учун далиллар етарли бўлиши лозим. Далилий ашёларсиз тахмин ва фаразларга таянган ҳолда бировни айбдор қилиш мана қандай хунук оқибатларга олиб келади. Озоданинг ўлими билан боғлиқ жиноятни олиб борган терговчи ҳам далилларни менсимаган, фақат бир кишининг гувоҳлиги, яъни ягона далил билан айбсиз кишини қамоққа тиққан. Иш учун аҳамиятли бошқа ҳолатлар терговчининг эътиборидан четда қолган. Муттаҳам, ғаламис ва сотқин бир аёлнинг биргина ёлғон кўрсатмаси бир ажойиб инсон, меҳрибон оила бошлиғи, малакали ва обрўли врачни жиноятчига чиқаришга асос бўлган. Ахир у бошдан-оёқ «мен бу жиноятни содир қилмаганман» дея кўрсатма берган-ку! Нега терговчи, судья бир инсофли инсоннинг эмас, балки юриш-туриши бетайин аёлнинг гапига қулоқ тутди? Мен уларнинг ўрнида бўлганимда нима қилардим? Ҳеч қачон Ботировни қамоққа тиқмаган бўлардим! Аввал унинг айбини далиллар билан исботлаш керак эди. Далиллар етарли эмасми, уни қўйиб юбориш лозим эди. Яна озроқ тер тўкилса, жиноят очилган, ҳақиқий жиноятчи қонун олдида жавоб берган бўлар эди. Жиноят ҳуқуқида айбсизлик презумпцияси деган шоҳ қоида бор. Унга риоя қилиш ҳар бир терговчи, прокурор, судьянинг бурчи эмасми? Ана шу қоида, яъни ҳеч бир шахс жиноят содир этганлиги далиллар билан исботланмагунча, айбсиз саналиши ҳақидаги қоида бизнинг ҳамкасбларимиз томонидан қўпол бузилган…»
– Фахриддин Каримович, етиб келдик, – шофёрнинг овози терговчининг хаёлини бузди.
У атрофга бир қараб, секин машинадан тушди ва прокуратурага кириб кетди. Тошкентга қўнғироқ қилиб, тезда қайтиб чиқди. Машинага ўтириб,
– Марказий шифохонага, – деди.
Шофёр индамай газни босди.
Шифохонага кириб борар экан, Фахриддин Каримовичнинг хаёлидан «олдин қай бирини кўришга кирсам экан» деган фикр ўтди. Эшик олдида бош шифокорни учратиб, унинг хонасига киришди.
– Дўхтир, Баҳром Сафарович қалай, ўзига келдими? Нима қилган экан? – терговчи саволларни қаторлаштириб ташлади.
– Ҳозирча ўзига келганича йўқ. Очлик, сувсизликдан мажоли қуриган, қон босими тушиб кетиши оқибатида ҳушини йўқотган. Биз қўлимиздан келган ҳамма чораларни кўраяпмиз!
– Тахминан қачон ўзига келиши мумкин? Яъни бугун, эрта…
– Аниқ бир нарса дейишим қийин! Ҳозиргина унинг хотини, қариндошлари ҳам шу саволни менга бериб, роса бошимни қотиришди. «Кома» дегани шунақа бўлар экан, баъзан бир соатда, баъзан ойлаб…
– Ойлаб ҳушига келмаслиги ҳам мумкинми?
– Назарий жиҳатдан шунақа. Аммо сизнинг терговчингиз ойлаб куттирмайди, деган умиддаман. Ҳа, дарвоқе, хотини уни Тошкентга олиб кетишга изн сўради. Мен сизларнинг рухсатларингсиз жавоб беролмаслигимни айтдим, – бош врач «тўғри қилибманми?» дегандай терговчига тикилди.
– Тўғри қилибсиз! Бир-икки кун ўтсин. Дастлабки муолажаларни олсин. Сал ўзига келса, марказга олиб бориш ҳам қочмас. Ботировнинг аҳволи қандай?
– Ботиров ўзига келди. Ҳозирча аҳволи ёмон эмас. Кучли инсультни бошдан кечирди. Тузалиб кетишига умид қилаяпмиз, аммо асорати қолиши мумкин.
– Қанақа асорат?
– Бир томони ишламай қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
– Тушунарли. Уни қачон сўроқ қилишимиз мумкин?
– Бунга ҳали эрта. Сал ўзига келсин, кейин бемалол.
– Яхши, Баҳром Сафаровичнинг олдига кирсам бўладими?
– Марҳамат. Ҳозир хотини ёнида ўтирибди. Юринг, мана буни устингизга ташлаб олинг! – бош врач илгичдан оқ халат олиб, терговчининг елкасига ташлади.
Олдинма-кетин пештоғига «реанимация» деган ёзув илинган хонага кириб бордилар. Хонанинг ўртасига ўрнатилган кароват ёнида Вазира эрининг юзига тикилиб хомуш ўтирарди.
– Ассалому алайкум, Вазира опа, табриклайман.
Вазира сапчиб ўрнидан турди.
– Раҳмат, Фахриддинжон! Сизларга ҳам ғалаба муборак! – аёлнинг кўзлари ёшга тўлди.
– Бу ғалабаларда сизнинг ҳиссангиз катта бўлди, опажон! Ҳали ўзига келмадиларми?
– Бир маромда нафас олиб турибди. Лекин кўзини очмаяпти…
– Ҳаммаси яхши бўлади. Ҳозир қон босими бир оз кўтарилди. Худо хоҳласа, ҳушига келиб қолар, – бош врач беморга яқинлашиб, қўлидан ушлаб, томир уришини текшира бошлади. – Юрак уриши ёмон эмас. Яхши томонга ўзгариш бор. Демак, хавотирга ўрин йўқ.
– Ана, эшитдингизми? Энди кўз ёшини йиғиштиринг. Янги меҳмонни кутиб олишга тайёргарлигингизни кўрмайсизми? Қўчқор-пўчқор дегандай… – деди терговчи аёлнинг кўнглини кўтариш учун.
– Қўчқор сиздан айлансин, укажон! Қайнотам ташқарида ўнта қўчқор сўйишга ҳам тайёр турибдилар. Баҳром акам ҳушига келса бўлгани, – деди Вазира соддалик билан.
– Опажон, ҳазиллашаяпман. Баҳром акам тузалсинлар, мен ўзим сизларга қўчқорнинг каттасини сўяман, – деди Фахриддин Каримович хонадан чиқа туриб. – Майли, опажон, сизларга сабру бардош тилайман. Асосийси, сиқилманг, ўзингизни асранг! Мен шу атрофда бўламан.
Сўнг терговчи бош врач ҳамроҳлигида Ботиров ётган хонага қараб юрдилар. Эшик ёнида турган милиция ходими терговчини танигани учун монеликсиз ичкарига қўйди. Хонада икки ҳамшира Ботировга осма укол қилиш билан банд эди. Улар бош врачни кўриб шошиб қолишди.
– Давом этинг, давом этинг, – деди бошлиқ қизларга қараб.
– Салом, салом, – Фахриддин Каримович бош ирғаб бирваракайига ҳамма билан саломлашган бўлди.
Ботиров шипга тикилганича жимгина ётар экан, эшикдан кириб келган меҳмонларга кўз қирини ташлаб, саломлашмоқчи бўлди, лекин оғзи қуриб қолганиданми овози чиқмади.
Терговчи ишга халақит бермаслик мақсадида қизлар осма уколни беморнинг томирига улагунга қадар бир чеккада кутиб турди. Ҳамширалар ишини битириб, бош врачнинг ишораси билан бирин-кетин хонадан чиқиб кетгач, терговчи оҳиста Ботировнинг ёнига келди:
– Тузукмисиз?
– Худога шукр. Ўзимга келиб қолдим, – деди бемор шивирлаб. – Илтимос, пиёладаги сувдан бир қултум…
Бош врач чаққонлик билан пиёлага сув қуйиб, беморга узатди. Ботиров қалтироқ қўллари билан пиёлани тутиб, сувни симирди.
– Ана энди яхшироқ, негадир оғзим қуриб, овозим чиқмай қолаяпти, – бемор сал дадилланди.
– Дўхтир, – деди терговчи бош врачга қараб, – биз Ботиров билан бир оз гаплашиб олсак бўладими?
– Менга барибирку-я, аммо ҳозир даволовчи врачни чақирайлик, у нима дер экан, – бош врач эшикдан бошини чиқариб, ташқарида турган ҳамширалардан бирини Шодмон дўхтирни чақириб келишга йўллади.
Сал ўтмай хонага узун бўйли, устидаги оқ либоси ўзига ярашиб турган, чамаси 35-40 ёшлардаги даволовчи врач кириб келиб, саломлашди.
– Шодмон Омонович, сизга Фахриддин Каримовични таништиришга ҳожат бўлмаса керак. У киши беморингиз билан бир фурсат гаплашиб олишга рухсат сўраяпти, сиз даволовчи шифокор сифатида нима дейсиз?
– Бемор энди ўзига келди, ҳозирча бе-зов-та қ-қи-л-м-а-г-а-н-и-миз маъқулмикин? – Шодмон дўхтир бир бошлиғига, бир терговчига қараб дудуқланди.
– Дўхтир, илтимос рухсат беринг! Мен анча яхши бўлиб қолдим. Каминанинг ҳам терговчида бир-икки оғиз гапи бор, – бехосдан Аҳад гапга аралашди.
– Унда сизларга ўн беш дақиқа вақт бераман, – Шодмон дўхтир ўрнидан қўзғалди.
– Фахриддин Каримович, бизга биринчи навбатда беморнинг соғлиги муҳим. Сизни ҳам тушуниб турибман. Шундай бўлса-да, сиздан илтимос, бу кишини кўпам толиқтириб қўйманг, эртага ҳам гап қолсин. Сизларни ҳоли қолдирамиз, фақат ўн беш дақиқа, – деди бош врач қўлидаги соатни кўрсатиб.
Шу орада шишадан томиб турган суюқлик тугаб бораётганлиги боис, ҳамширалар чопқиллаб кириб, осма уколни олиб ташлашди.
Ҳамма чиқиб кетгач, Ботиров қўлини чўзиб, ёнидаги тумбочкадан икки варақ қоғоз олиб, терговчига узатди:
– Мана буларни ёзиб қўйгандим. Лекин ҳаммасини ёзишга улгурмадим. Иссиқ жон, қўрқдим!
– Ўлимданми?
– Йўғ-э, мен аллақачон, болаларим билан хотиним ўлган куни уларга қўшилиб бу дунёни тарк этганман. Кўриб турганингиз қуруқ танадан бошқа нарса эмас, – Аҳад чуқур «уф» тортди.
– Узр, ярангизни янгилаган бўлсам кечиринг, – деди терговчи хижолат бўлиб.
– Узр сўрашга ҳожат йўқ, сиз ўз ишингизни қилаяпсиз. Гаплашишга имкон топганингиз учун сиздан мамнунман. Ўзим ҳам тарс ёрилгудай, зерикиб тургандим. Ичингни кемираётган дардларни кимгадир айтсанг, сал енгил тортасан киши. Сизлар ҳамма гапни билишларингиз шарт. Ҳақиқатни айтолмай ўлиб кетишдан қўрққандим. Хайрият, вақтида ҳушимга келибман. Эшитдим, Баҳромни қутқариб олибсизлар! Шунга ҳам хурсанд бўлдим! Мен қилган жиноятларимни тўла бўйнимга оламан. Аммо пушаймон эмасман. Нимаики қилган бўлсам, болаларим, хотинимнинг руҳини шод этиш учун қилдим, – Ботиров қўлидаги қоғозларни терговчига узатди.
Терговчи қоғозга кўз югуртирар экан, бир-икки марта «қойил-э» дегандай бош ирғиб қўйди, юзида гоҳ таажжуб, гоҳ ачиниш, гоҳо нафрат ҳислари пайдо бўлаётгандай эди.
– Сизга тан бермасдан иложим йўқ. Бир оддий шифокорнинг қамоқда туриб шунча ишни уддалашига ақл бовар қилмайди! – деди Фахриддин Каримович.
– Бу оддий врачнинг иши эмас, балки адолатсизлик қурбони бўлган, бору йўғидан айрилиб, хонавайрон бўлган, икки кўзи қонга тўлиб, юрагида қасос ўти ёнаётган ғариб, нотавон инсоннинг иши!
– Аҳад ака, – терговчи суҳбатдошининг кўнглига йўл топиш учун атайлаб «ака» деб мурожаат этди, – ҳаммасига тушунаман. Қайғуингизга шерикман. Фақат вақтимиз чегараланган. Хатда қамоқдан чиққан пайтингизгача ёзилган экан. Кейин нима…
– Ҳа, ҳа ўша ердан давом этамиз, – Аҳад бир хўрсиниб, ҳикоясини бошлади. – Қамоқдан чиқиб, Дўмбирободдаги ота ҳовлимизга бордим. Аммо уйга бошим сиғмади. Болаларимнинг кийим бошларини, ўйинчоқларини кўриб, ярам янгиланди. Ҳар қадамдан ўғилларимнинг овози келаётгандай, хотинимнинг шарпасини кўраётгандай эдим. Қайтадан жинни бўлиб қолишимга оз қолди. Яна икки кишидан қасос олишим шарт эди. Бири мени жарга итарган малъун Тошмурод Собирович бўлса, иккинчиси мени қамоққа олишга санкция берган прокурор Баҳром Сафаров эди. Улардан қасос олмасдан жинни бўлишга ҳам, ўлишга ҳам ҳаққим йўқ эди.
Уйимда бир кун ҳам туролмаслигимга кўзим етгач, амакимникига бордим. Уникида бир кун тунаб, уйни қўшнилардан бирига ярим баҳога сотдим. Каттагина пулга эга бўлдим. Пул менга кейинги режаларимни амалга оширишим учун зарур эди. Уйдан фақат альбомларни, ҳужжатларни олиб, пулни белимга тугиб, Бекободга жўнаб кетдим. Бу ердан туриб, режаларимни амалга ошириш менга қулай эди.
Дўхтир дўстим Зафарникида бир муддат яшадим. Кейин ижарага уй гаплашиб, ўша ерда турдим. «Тез ёрдам»га ишга кирдим. Бир сутка ишлаб, икки кун дам олардим. Бундан ташқари, ярим ставка ўликхонадан иш олдим. Бу ҳам ўз режамни амалга ошириш учун керак эди.
Дастлаб мен ишлаган шифохонанинг бош врачи Тошмурод Собиров билан ҳисоб-китоб қилмоқчи эдим. Аммо унинг қанчалик айбдор эканлиги менга қоронғи эди. Ўзим адолатсизлик қурбони бўла туриб, яна адолатсиз қарор қилиб қўйишдан, адашишдан қўрқдим. Озодани мен ўлдирмаганим аниқ эди. Лекин уни айнан ким ўлдиргани ҳам менга маълум эмас эди. Шу пайтда одамлар орасида бу ишларда бош врачнинг қўли бор, деган миш-мишлар тарқаб кетганди. «Фақат шу олди-қочди гапларга асосланиб ҳукм чиқарсам, менинг ўша ўзим жазосини берган терговчи, судьядан қандай фарқим қолади» деган хаёлга бордим. Текшириб кўришга аҳд қилдим. Аммо бунинг иложи бўлмади. Негаки мени бу иш билан қизиқиб юрганимни сезиб қолишса, сирим ошкор бўлишидан, режам амалга ошмай, ярим йўлда қолиб кетишидан чўчидим. Шу сабабли Тошмурод Собирович билан йигитчасига гаплашиб олишга тўғри келди. Уни қасам ичишга мажбур этдим. У Қуръонни қўлига олиб, менга нисбатан адовати бўлганини, Озодани ҳомиладорлигини менга тўнкамоқчи бўлганини, шу йўл билан ҳам Озодадан, ҳам мендан қутулмоқчи бўлганини, аммо Озоданинг ўлдирилишига асло дахли йўқлигини айтди. Мен унинг гапларига ишонмас эдим. У менга Озода ўлдирилган ўша кунларда Иссиқкўлда дам олишда бўлганлигини тасдиқловчи самолёт чиптаси ва санатория картасини кўрсатди. Мен унга ишонишга мажбур бўлдим.
– Ўша ҳужжатларни ўз кўзингиз билан кўрдингизми ёки унинг гапига шунчаки ишондингизми? – терговчи гапга аниқлик киритмоқчи бўлди.
– Нафақат кўрдим, балки Тошкент аэропорти орқали чипталарнинг ҳақиқийлигини ҳам текширдим. Тўғри чиқди. Шундан сўнг уни тинч қўйдим. Озодани ким ўлдирганини аниқлай олмадим. Лекин барибир ўша шахсни аниқлаб, ундан барчаси учун қасос олиш ниятидан чекинмадим. Фақат бу ишни сал кейинроққа қолдиришга тўғри келди. Шундан сўнг бор диққат-эътиборимни Тошкентда каттагина мансабни эгаллаб турган Баҳром Сафаровга қаратишга қарор қилдим. У ўшанда прокурор эди. Унга кўп нарса боғлиқ эди. Аммо у менинг ишимга бепарволик билан, юзаки қаради. Терговни бир томонлама, фақат айблов йўналишида олиб бораётган терговчининг хатти-ҳаракатларига баҳо бермади. Мени қамоққа олиш учун санкцияга олиб борганларида мен унга Озодани мен ўлдирмаганимни айтиб, бола-чақамни ўртага қўйиб роса ёлвордим, адолат билан иш тутишини сўраб, илтимос қилдим. У ҳамма гапларимни эшитди. Бир оз ўйланиб ҳам қолди. Иккиланаётгани шундоқ юз-кўзидан сезилиб турарди. Шу дамда менинг қалбимда унга нисбатан қандайдир ишонч пайдо бўлганди. У бу соҳа одамларидан бошқача эди. Кўзимга у кўнгилчан ва самимий инсондек кўринди. Бироқ у санкция берди. Энди бор умидим терговдан эди. Ҳақиқий қотилнинг қўлга тушишига, менинг айбсиз эканлигим исботланишига ишончим комил эди…
Ботиров бир оз жимиб қолди. Фахриддин Каримович пиёлага сув қуйиб унга узатди. Чанқоғини босиб, яна ҳикоясини давом эттирди:
– Терговчи Икром Бозоров билимсиз, лақма ва жоҳил одам экан. У менинг гапларимни эшитишни ҳам истамади. Бир неча марта прокурор билан гаплашишга рухсат сўрадим, ялиниб, ёлвордим. У турли баҳоналар билан мени прокурорнинг олдига қўймади. Энди менинг ягона умидим, айблов хулосасини тасдиқлашда прокурорнинг адолатли иш тутишига, менинг гапларим ёдига тушиб, мени ҳузурига чақиришида қолган эди. Афсуски, мен ўйлагандай бўлиб чиқмади. Баҳром Сафаров ўша кезларда юқорига ишга ўтаётган экан. Айблов хулосасини ўқимасдан қўл қўйиб юборибди. Буни менга терговчи устимдан кулгандай, мазах қилгандай айтиб берди. Мен тақдирга тан бериб қамалиб кетдим. Аммо юрагимда адолатнинг тантанасига ишонч бир дақиқа ҳам сўнмади. Тинмасдан барча инстанцияларга шикоят ёзардим. Бир кун кимдир менинг дарду ҳасратларимни эшитиб қолишига умид қилардим. Чучварани хом санаган эканман… Ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Ҳаётим остин-устун бўлиб кетди…
Ботиров кўзидан оқаётган томчиларни сочиқ билан артаркан, гапидан тўхтаб қолди. Терговчи «майли, фикрларини жамлаб олсин» деган хаёлда атайлаб ташқарига чиқиб, сигарет тутатди. Сўнг жойига қайтиб келиб, анча ҳовуридан тушган Аҳаднинг рўпарасига ўтирди:
– Чарчатиб қўймадимми? Суҳбатимизни давом эттира оламизми?
– Ҳаммаси жойида. Сиз эшитиб толиқмасангиз, мен юрагимни тўлдириб турган дардларни бўшатиб чарчамайман, балки бир оз енгил тортгандай бўламан. Одам тафтини одам олар экан-да!
– Унда марҳамат! Давом этинг.
– Баҳром Сафаровдан қасос олиш осон кечмаслигини билардим. Бундан ташқари у ўлдирилса, мен гумондорлар рўйхатининг бошида туришим аниқ эди. Менинг яна қамалиб қолишга ҳаққим йўқ эди. Чунки ҳали охирига етказмаган ишларим бор эди. Мени бахти қаро қилганларнинг охиргисидан ўч олмагунимча ўлишга ҳам, қамалишга ҳам ҳаққим йўқ эди. Шу сабабли шубҳадан холи бўлиш йўлларини ўйлай бошладим. Энг яхши йўл «ўлиш» эди. Менинг «тез ёрдам»да ҳамда ўликхонада ишлашим бу масалада қўл келди. Менга ҳеч кимга керак бўлмаган «мурда» лозим эди. Асқар Нургалиев деган татарнинг ҳеч кими йўқлигини, дайдилик билан ҳаёт кечиришини, ўзи икки марта «инфаркт»ни бошидан кечирган бўлса-да, доимо спиртли ичимликлар ичиб юришини, бу кетишда узоққа бормаслигини билар эдим. Унга бир неча марта «визов»га чиққандим… Хуллас у вафот этгач, унинг мурдасини кўмиш баҳонасида олишга эришдим. Мурдани уйга олиб келиб, ҳужжатларимни унинг чўнтагига солиб, ўзим уйдан ғойиб бўлдим. Кун иссиқ эди. Бундай пайтда тўрт-беш кунда мурда таниб бўлмас даражага келиб қолишини яхши билардим. Шундай қилиб, Аҳад Ботиров «оламдан ўтди». Энди уни ҳеч ким, ҳеч нарсада гумон остига олиши мумкин эмасди…
– Айтинг-чи, нима сабабдан паспортингиз ичида ўғлингизнинг расмини қолдириб кетдингиз? Унинг орқа томонидаги ёзув нимани англатади?
– Ҳа, ҳақиқатда мен атайлаб ўғлимнинг расмини паспортим ичида қолдирган эдим. Бунинг сабаби кетишим олдидан мен энг яқин дўстим Зафар билан хайрлаша олмай қолдим. Унга ўз режаларимни айтмаган эдим. Хат қолдирсам, бировларнинг қўлига тушиб қолишидан чўчидим. Шу сабабли суратнинг орқасига фақат иккимиз тушунадиган бир санани – «1979 йил 8 март» санасини ёзиб қўйдим. Шу куни Зафар иккимиз автоҳалокатга учраб, Нурали отанинг ёрдамида бир ўлимдан қолган эдик. Хуллас, мен Зафарга ўзимнинг Нурали отаникида бўлишимга ишора қилган эдим. Агар у менинг ишорамга тушунса, излаб борар деб ўйладим. Агар тушунмаса, ўғлимнинг расми унга эсдалик бўлиб қоларди холос.
– Биз ҳам шундай тушундик. Ҳар ҳолда ўша расмни қолдирганингиз яхши бўлган экан. Сизни топишда у бизга қўл келди. Давом этинг.
– Шундай қилиб, ўзимни ҳар қандай шубҳа-гумонлардан фориғ қилиб, Баҳром Сафаровдан ўч олишга киришдим. Ўша кезларда энди у каттагина идоранинг масъул лавозимини эгаллаб турарди. Бу ишни бир ўзим эплашим қийин эди. Баҳромни аёл кишининг ёрдамисиз катта идорадан чақириб ололмасдим. Аммо мен бу ишга жалб қилган Марзиянинг ҳам, бошқаларнинг ҳам заррача айблари йўқ. Мен уларга ўзимнинг мақсадимни айтмаганман. Уларга «шикоятим прокурорга тушган, олдига киришнинг имкони бўлмаяпти, йигитчасига бир гаплашиб оламан, эшитса, дардларимни айтаман» деганман. Улар шу сабабли, шунингдек бир пайтлар уларни даволаганим учун менга ҳурматлари баланд бўлганидан рози бўлишган. Сиз уларни сўроқ қилгансиз, ҳаммасидан хабарингиз бор. Шунинг учун Марзия билан боғлиқ воқеаларнинг тафсилотига тўхталиб ўтирмайман…
Ботиров пиёладаги сув билан оғзини ҳўллаган бўлди.
– Гулмирани бу ишга нима мақсадда ёллаган эдингиз? – Фахриддин Каримович пайтдан фойдаланиб сўради.
– Гулмира менга укол қилиб юрарди. Яхши аёл. Бир куни суҳбат чоғида унинг Баҳром Сафаровни танишини, баъзида учрашиб туришини билиб қолдим. Унга кўп нафи теккан экан. Баҳромни жуда ҳурмат қиларди бояқиш. Аёлнинг соддалигидан фойдаланиб, ён дафтаридан Баҳромнинг телефон рақамини олишга эришдим. Бир куни Марзия билан Тошкентга кетмоқчи бўлиб турганимизда йўлда Гулмирани учратиб қолдик. У Тошкентга бориб, Баҳром акасини тополмай келганини, шу сабабли унга хат ёзганини айтиб қолди. Тошкентга кетаётганим сабабли конвертга солинган хатни ўша ердан почта қутисига ташлаш учун менга бериши мумкинлигини айтдим. У рози бўлди. Йўлда конвертни секин очиб ўқиб кўрсам, Гулмира яқинда Тошкентга боришини, боргач, телефон қилишини ёзган экан. Хаёлимга шу хатдан ўз мақсадим йўлида фойдаланиш фикри келди. Хуллас, хатни ўзимда ушлаб туриб, Баҳромни ўғирлашдан бир неча кун олдин манзилига йўлладим. Хатни олгач, Баҳром Гулмиранинг қўнғироғини кутиши табиий эди. Марзия Гулмиранинг номидан Баҳромга қўнғироқ қилиб, учрашувга чақирганда, у ҳеч иккиланмасдан эски танишини кўриш учун чиққанининг сабаби ҳам шунда.
Шундай қилиб, Марзия Баҳромни биз кўрсатган жойга чақириб берди. Мен марҳум Қора Намоз топиб берган икки йигит билан уни беҳуш ҳолга келтириб, олдиндан тайёрлаб қўйган ҳовлига олиб келдик. Уни ўлдириб, танасини кўмиб ташламоқчи эдик…
– Ўша йигитлар кимлигини айта оласизми? – терговчи чўнтагидан ён дафтарини олиб, ёзмоқчи бўлди.
– Бу сир! Улар менинг топшириғимни бажаришди. Мен уларни ёллаган эдим. Уларни сотади дея хомтама бўлманг! – Ботировнинг қошлари чимирилиб, харсиллаб нафас ола бошлади.
– Бўпти, бўпти, буни кейинроқ гаплашамиз. Давом этинг, – терговчи ён беришига тўғри келди.
– Йигитлар Баҳромни ўлдирмоқчи бўлиб турган пайтда ҳушига келиб қолди. Мен ҳам ҳушсиз инсонни ўлдиртиришга қўлим бормай турганди. Бундан ташқари у билан бир гаплашиб, аламимни олмоқчи эдим. Унинг кўзларига тикилиб, жазолаш қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчи эдим…
Шу пайт хонага даволовчи врач кириб келди:
– Фахриддин Каримович, бугунча етар! Вақтингиз тугади. Эртага давом эттирасизлар. Илтимос, хонадан чиқамиз.
Терговчи соатига қараб, врачнинг талабига бўйсунишга мажбур бўлди. Ботиров билан хайрлашиб хонадан чиқди.
Машинага ўтириб прокуратурага қайтар экан, доимо «миқ» этмай юрадиган шофёр гап бошлаб қолди:
– Фахриддин ака, Собировни қўйиб юбордингизларми?
– Қайси Собиров? – деди терговчи ҳайрон бўлиб.
– Бош врач Тошмурод Собировни айтаяпман!
– Нима қипти унга?
– Боя машинада ўтирсам, оқ халатда ёнимдан ўтиб кетди. Қўйиб юборган экансизлар-да.
– Нималар деяпсан, Собиров қамоқда-ку!
– Йўғ-э, мен уни аниқ кўрдим. Бошқа пайти бўлса, эътибор бермаган бўлардим. Уни яқинда қамаганларингизни билардим, бугун эрталаб прокуратурага олиб келишганди, чиқиб кетганини эшитмаган эканман.
– Қанақа қилиб чиқади, у қамоқда-ку! Муртоз, хаёлинг жойидами сенинг! – терговчининг аччиғи чиқди.
– Мен кўрганимни айтаяпман!
– Янглишгандирсан, ўзи уни танийсанми?
– Бизда бош врач бўлиб ишлаган, танишга танийман, – шофёр хомуш тортди.
– Сенга ҳам дам бермасам бўлмайдиганга ўхшайди. Кўзингга ҳар хил нарсалар кўринадиган бўлиб қолибди.
Шофёр индамади…
* * *
Санжарбекнинг боши қотиб қолди. Озоданинг ўлими кимга керак бўлган экан? Тошмурод Собировичнинг «алиби»си тасдиқланди. Самолёт чипталари ҳам текшириб кўрилди. Ҳаммаси жойида эди. Вақт эса ўтиб борарди. Агар айби исботланмаса, уни қўйиб юборишга тўғри келарди.
Санжарбек бор билими ва тажрибасини ишга солиб, ҳамма тахминларни яна бир бора таҳлил қилиб чиқди. Лекин ҳеч бири кутилган натижани бермади. Тергов боши берк кўчага кириб қолгандай эди. У хонада у ёқдан бу ёққа юриб, қандай йўл тутишни билмай қийналарди: «Шунча жиноятни очдик, Баҳром Сафаровични топишга эришдик. Шу оддийгина жиноятни очолмасак, қилган барча саъй-ҳаракатларимиз зое кетмайдими? Ҳамма нохушликларнинг боши шу жиноят билан боғлиқ. Агар уни очмасак, мақсадга эришмаган бўламиз. Марҳум терговчи, судья қилган хатони тўғриламасак, маҳорат бобида бизнинг ҳам улардан фарқимиз қолмайди. Тўғри, биз улардан фарқли ўлароқ, улар ноҳақ айблаган одамни айбсизлигини исботлаб, оқлашга эришдик. Аммо ҳақиқий жиноятчини топмасак, юзимиз ёруғ бўлмайди…»
Шу пайт эшик очилиб, хонага Фахриддин Каримович кириб келди. Кўринишидан кайфияти яхши эди. Бундай пайтларда у ҳазиллашишни ёқтирарди:
– Хўш Санжарбек, сиз томонларда нима янгилик? Озоданинг қотилини топдингизми? Ёки ҳали ҳам тошингизни териб, бир жойдан қимирламасдан ўтирибсизми?
Санжарбек «бўлмаяпти-да» дегандай елкасини қисди.
– Энди нима қилмоқчисиз? Бугун учинчи кун, Собировни қўйиб юборишга тўғри келади, – гуруҳ раҳбари жиддийлашди.
– Бошқа иложимиз йўқ. Унинг айбини тасдиқловчи ҳеч бир далил топилмади. «Алиби»си тўғри чиқди. Агарда қотилликка кимнидир ёлламаган бўлса, ўзи жиноят содир бўлган пайтда Қирғизистонда бўлгани аниқ, – деди Санжарбек куйиниб.
– Демак, уни қўйиб юборишдан бошқа иложимиз йўқ экан-да!
– Шундайга ўхшайди.
– Бўпти, қарор тайёрланг, уни қўйиб юборамиз. Изидан одам қўйсак, балки ўзи бизни жиноятчиларга олиб чиқар.
– Хўп бўлади, – Санжарбек машинка ёнига ўтириб, ёзишга тушди.
Фахриддин Каримович хонасига ўтиб, сигарета тутатди. Ботировдан олган хатни очиб, яна бир бор ўқиб чиқди.
Шу пайт эшик тақиллаб, хонага қўлида бир талай қоғозлар билан Санжарбек кириб келди:
– Фахриддин Каримович, мана қарор, қўл қўйиб берсангиз!
Гуруҳ раҳбари қарор билан танишиб чиқиб, савол берди:
– Қочиб кетса нима қиламиз?
– Бу ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Унда нима қил дейсиз?
– Келинг, ўйлаб кўрайлик! Жиноятни Ботиров содир этмаган – бу аниқ. Жиноятни Собиров ҳам содир этмаган, чунки ўша пайтда у бошқа Республикада бўлган – бу ҳам факт. Унда Озодани ким ўлдирган? Ёш қизчани ўлдириш кимга керак? Талончилик, босқинчилик, ўғирлик аломатлари аниқланмаган. Демак, Озоданинг бошқа жиноят қурбони бўлгани ҳам эҳтимолдан ҳоли. Фақат биргина Собировда Озодани ўлдириш учун асос бўлган. Хулоса қиладиган бўлсак, Собиров бевосита бўлмаса-да, билвосита жиноятга дахлдор! У кимнидир ёллаган бўлиши мумкин. Ёки… Тўхтанг, тўхтанг, боя шофёр нима деганди?! Собировни кўрдим деганмиди? Демак… акаси ёки укаси бўлиши мумкин…
– Фахриддин ака, ўлай агар бир нарса тушунган бўлсам, нималар деяпсиз? – деди Санжарбек оғзи очилиб.
– Собировнинг ака ёки укаси борми? – деди ниҳоят гуруҳ раҳбари суҳбатдошига юзланиб.
– Бўлса бордир? Бунинг ишга нима алоқаси бор?
– Алоқаси бўлганда қандоқ! Тезда буни аниқланг! Агар бор бўлса, олиб келтириш лозим! Қолганини кейин тушунтираман. Бўлинг! – Фахриддин Каримовичнинг юзида ишонч аломатлари зоҳир бўлди.
Санжарбек ортиқча савол бериб, ўзига гап орттириб олмаслик учун индамай топшириқни бажаришга киришди.
Орадан ярим соат ўтар-ўтмас Санжарбек бир қарашда Тошмурод Собировга жуда-жуда ўхшаш бир кишини бошлаб келди:
– Марҳамат танишинг, бу киши Тошмурод Собировнинг акаси Тошпўлат Собиров бўладилар, тоже врач!
Фахриддин Каримович меҳмонни ўтиришга таклиф қилар экан, унга бошдан-оёқ разм солди. «Ё тавба, ака-укаларнинг бунчалик ўхшаш бўлишини биринчи кўришим. Худди Ҳасан-Ҳусанларга ўхшайди-я! Юз тузилиши, бўй-бастидан тортиб, хатти-ҳаракатлари ҳам ўхшаб кетаркан-а! Кўчада кўриб қолсам мен ҳам бу одамни Тошмурод Собиров деб ўйлаган бўлардим. Шофёр шу одамни кўриб қолиб, ҳайрон бўлган экан-да! Уни бекорга хафа қилибман» хаёлидан ўтказди у.
– Тошпўлат ака, сизни укангиз Тошмурод Собиров масаласи бўйича чақиртирган эдик. Маълумки, у Озода деган қизни қасддан ўлдиришда гумон қилинмоқда. Бу масалада сиз нима дейсиз, фикрингизни билмоқчи эдик, – гуруҳ раҳбари эҳтиёткорлик билан гап очди.
– Мен нима ҳам дердим. Укам бундай жиноятни қилиши мумкин эмас. Чунки у ўша кезларда дам олишда эди. Бир неча кундан сўнг етиб келганди. Мен ўшанда болалар поликлиникасида ишлар эдим. Бу нохуш хабарни эшитиб, қизга роса ачингандим. Лекин сизлар адашаяпсизлар! Укамнинг айби йўқ! Ўша даврларда қайсидир дўхтир шу жиноятни қилганлиги учун қамалганди шекилли, – деди Тошпўлат хотиржамлик билан.
– Ўша докторнинг айби йўқ бўлиб чиқди. Ҳозир ҳамма далиллар укангизга қарши, – Фахриддин Каримович суҳбатдошини синаш учун атайлаб ёлғон гапирди.
– Қанақа далил, ахир у Қирғизистонда бўлган-ку! Беайб одамни ҳам қамайсизларми? – Тошпўлат асабийлашди.
Уни кузатиб турган гуруҳ раҳбари кўнглидан ўтказди: «Демак, у ҳам билади! Ўзини билмасликка олишга ҳаракат қилса-да, ёлғон сўзлаб тургани кўзидан аён!»
– Яхши, ҳозир терговчимиз сизни батафсил сўроқ қилади. Билганларингизни ёзиб беринг. Ҳозирча хайр, – Фахриддин Каримович ўрнидан туриб, меҳмонни қўшни хонада ўтирган терговчининг ёнига кузатиб қўйиб, ортига қайтди.
Боядан бери бир чеккада томошабиндай ўтирган Санжарбек ҳайрон бўлиб бошлиққа тикилди:
– Энди нима қилдик?
– Энди, ўртоқ терговчи, тезда бориб, Тошпўлат ишлаган поликлиникадан Озода ўлдирилган кунларда у ишда бўлганми ёки таътилда бўлганми, аниқлаб келинг! Мен бир нарсани тушунгандай бўлаяпман.
– Акажон, сал тушунтириброқ гапиринг, ўзи нима бўлаяпти, Тошпўлат бизга нимага керак? Ёки ундан гумонсираяпсизми?
– Эҳ Санжарбек, Санжарбек! Ҳали ҳам етиб бормадими? Тошмурод Собиров дам олишга ўз паспорти билан акасини юборган бўлиши мумкин. Бир-бирига ўхшашлигини қаранг!
– Ия, гап бу ёқда демайсизми? Калламга бу фикр келмабди! Қойил! Устоз сизга қойил қолмай иложим йўқ. Мен кетдим, – Санжарбек шитоб билан хонадан чиқиб кетди.
Фахриддин Каримович фурсатни қўлдан бой бермай, қўлига қоғоз-қалам олиб, эртанги кун режасини тузишга киришди. Ёзди, чизди, ўчирди. Устма-уст бостириб сигарета чекди. Тошкент билан гаплашиб, раҳбариятни Ботировдан олинган маълумотлардан хабардор қилди.
Орадан икки соат ўтиб, Санжарбек қўлида бир парча қоғоз билан оғзи қулоғида кириб келди:
– Фахриддин Каримович, ҳар галгидай бу гал ҳам сиз ҳақ бўлиб чиқдингиз! Ҳақиқатда бизни қизиқтираётган даврда Тошпўлат ҳам ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиққан экан. Мана маълумотнома, буйруқ нусхаси.
– Энди зудлик билан Иссиқкўлдаги санатория раҳбарияти билан гаплашиб, Собировнинг ҳужжатларга қўйган имзосидан факс орқали нусха юборишларини илтимос қилинг! Биламан, бу осон иш эмас! Чет давлатдан бирор маълумот сўраб олишнинг ўзи бўлмайди. Аммо бизнинг бошқа иложимиз йўқ. Таниш-билишларни, шахсий алоқаларни ишга солинг! Қирғизистон, Ўш прокуратурасидаги йигитлардан ёрдам сўранг. Фақат бугун Собировни қамоқда ушлаб туриш муддатининг охирги куни эканини унутманг! Факсни қандай бўлмасин, бугун олиш керак! Агар тахминимиз тасдиқланса, тезкор ходимлардан бирини Иссиқкўлга юборамиз.
– Хўп бўлади! – Санжарбек анчадан буён юришмаётган ишининг бирданига жойидан силжиганидан суюниб, топшириқни бажаришга киришди.
Санжарбек ишни шаҳар телеграфидан бошлашни маъқул билди. Дастлаб Иссиқкўлдаги санатория маъмурлари билан гаплашиб, у ерда Ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бор-йўқлигини суриштирди. Тезда санаторияда Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси терговчиси Маҳмуд Носиров дам олаётганлиги маълум бўлди. Санжарбек уни телефонга таклиф этиб, бир масалага ойдинлик киритишни илтимос қилди.
Орадан икки соатча вақт ўтиб, Маҳмуд Носиров Собировнинг санаторияда дам олиши билан боғлиқ айрим ҳужжатлардан факс орқали нусха юборди. Санжарбек ҳужжатларни олиб, Фахриддин Каримовичнинг ёнига шошилди. Уни кўриб, гуруҳ раҳбари ўрнидан сакраб турди:
– Бўрими, тулкими?
– Бўри, бўри! – Санжарбек қўлидаги қоғозларни бошлиққа узатди.
Фахриддин Каримович олдиндан тайёрлаб турган, шекилли, факс орқали олинган ҳужжатлардаги «Т.Собиров» деган жойга қўйилган имзоларни олдин Тошмурод Собировнинг имзоси билан солиштирди ва «ўхшамайди-ку!» деб қўйди. Сўнг ўша имзоларни Тошпўлат Собировнинг имзоси билан солиштирди ва тилло топган одамдай суюниб кетди:
– Санжарбек, айнан ўзи-ку!
– Демак, дам олишга Тошмурод эмас, Тошпўлат Собиров борган экан-да! – Санжарбекнинг юзида ҳам қувонч аломати зоҳир бўлди.
– Гап шунда-да! Тошмурод ўзига «алиби» пайдо қилиш учун ўз паспорти билан акасини дам олишга юборган. Ака-уканинг бир-бирига ўхшашлиги уларга қўл келган. Айнан шу нарса Тошмуроднинг самолётга акасининг паспорти билан чиқишига, санаторияда бемалол дам олишига имкон берган. Фақат ҳужжатларга акасининг имзосини қўйиш Тошпўлатнинг хаёлига келмаган, ўз имзосини қўйиб, хатога йўл қўйган. Ана энди қўлимизда инкор этиб бўлмайдиган далил бор. Тошмурод Собировни бемалол қамоққа олсак бўлади. Эртага тезкор ходимлардан бирини Иссиқкўлга юбориб, ҳужжатларнинг аслини олдиришимиз керак! Ҳозир эса сиз Тошмурод Собировни «санкция»га тайёрланг!
– Тушунарли! – Санжарбек қилаётган ишидан мамнун ҳолда хонадан чиқди.
Терговчилар қўлга киритган далиллар Тошмурод Собировни эсанкиратиб қўйди ва у айбини бўйнига олишга мажбур бўлди:
– Озодани ўлдирмоқчи эмас эдим. Аммо у ҳомиласини олдириб ташлашга рози бўлмади. Бола туғилса, менга муаммо бўлиши турган гап эди. Озода кичикроқ тўй қилиб бўлсада, менга уйланасиз, ота-онамнинг олдида юзимни ёруғ қиласиз дея туриб олди. Мен ундай қилолмас эдим. Мен ҳам раҳбар, ҳам партия аъзоси эдим. Мени партиядан ўчириб, ишдан олишлари аниқ эди. Келажагим барбод бўларди. Охирги дамгача Озодани кўндиришга ҳаракат қилдим. Аммо у қайсарлик қилиб, бир гапда туриб олди. Бундан ташқари, у менинг айрим «сир»ларимни ҳам биларди. Агарда уни ташлаб кетсам, «кирдикорларингни очиб ташлайман, прокуратурага бораман!» дея тазйиқ қила бошлади. Уни ўлдиришга мажбур бўлдим. Лекин жазодан қўрқдим. Қўрқоқлик қилдим. Айбни Ботировга тўнкаб, ўзим сувдан қуруқ чиқиш йўлини изладим… Бу ёғи сизларга маълум…
– Ўзингиз жазодан қочиб, жонингизни қутқаришга ҳаракат қилганлигингизни тушунса бўлади. Лекин бир бегуноҳ одамни, малакали шифокорни қамоққа тиқиб нима қилардингиз? Шу биргина қабиҳ ишингиз билан қанча одамнинг ёстиғини қуритганингизни, қанча оиланинг бошига кулфат солганингизни биласизми? – деди Санжарбекнинг ғазаби қўзиб.
Собиров бошини хам қилиб ўтираверди. Шу тобда унинг кўнглидан нима ўтаётганини билиш қийин эди…
* * *
Кечга бориб Ботировнинг аҳволи яна оғирлашди. Қонидаги қанд миқдори гоҳ ошиб, гоҳ тушиб турди. Дўхтирлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилишарди. Тошкентдан малакали врачлар чақиртирилди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли эрталабга яқин унинг аҳволи бир оз яхшиланди. Пайтдан фойдаланиб, дўхтирдан терговчида муҳим гапи борлигини айтиб, уни чақириб беришни илтимос қилди. Дўхтирлар унинг талабини бажаришга мажбур бўлдилар. Бош врач бу гал бор масъулиятни ўзига олиб, Фахриддин Каримовичга ўн дақиқага рухсат берди.
Терговчи Ботировнинг хонасига кирганда унинг аҳволи кечагидан яхши эмаслигини англади. Шундай бўлса-да унинг кўнглини кўтарган бўлди:
– Аҳад ака, тузукмисиз? Кўринишингиз ёмон эмас. Мана топшириғингизга мувофиқ етиб келдим.
– Аҳволим яхши эмас, укажон! Куним битган кўринади. Кеча гапимиз чала қолганди. Дардим ичимда қолиб кетмасин, деб дўхтирлардан сизни чақиришни илтимос қилдим. Безовта қилганим учун узр. Менсиз ҳам ишларингиз бошингиздан ошиб ётибди, – Аҳад бир қўли билан каравотдан ушлаб, терговчи ўтирган томонга қараб қулайроқ ўгирилиб олди.
– Ҳа, сизга бир янгилик бор: кеча Тошмурод Собиров Озодани ўлдирганини бўйнига олди! Сиз бу иш бўйича тўла оқландингиз!
– Яна адашмаяпсизларми? Ахир у ўша даврда Қирғизистонда дам олишда бўлган-ку! Ёки қотил ёллаган эканми?
– Йўқ, ҳамма ишни ўзи бажарган экан. Укаси Тошпўлатни Иссиқкўлга ўзининг паспорти билан дам олишга юбориб, қотилликни амалга оширган. Укасининг унга жуда-жуда ўхшашлиги қўл келган. Хуллас, уни қамадик!
– Вой маккор-эй! Вой шайтон-эй! Шу аблаҳни деб мен ҳамма нарсамдан айрилдим. Ўзим ўлим тўшагида кун санаб ётибман. Уни ўлдиролмай қолганимдан афсусдаман! Ўшанда мен унинг гапларига, кўрсатган далилларига ишониб, хатога йўл қўйдим. Биргина армоним ундан қасос ололмаганим бўлди, – Аҳаднинг кўзларида ёш қалқиди.
– У қонун олдида ўз жазосини олади! Қани энди ҳикоянгизни давом эттирасизми?
– Яхши, – Ботиров сочиқ билан юз-кўзини артиб, ҳикоясини қолган жойидан давом эттирди. – Баҳром ҳушига келгач, мен унинг ёқасидан бўғиб, нима учун кўра-била туриб, мени ноҳақ қамоққа тиққани сабабини тушунтириб беришни талаб қилдим. Ўлими олдидан охирги сўзини айтиб қолишига имкон бердим. У ўзини оқлайдиган сўзлар гапириб ўтирмади. Ялинмади, ўлимга тик қараб, мардларча «ўша пайтда биргина мен сизни қамоққа олишга қарши бўлганман, терговчи ҳам, вилоят прокуратураси ва ундан ҳам юқори идораларда бу масалани муҳокамага олиб чиққанман, аммо ҳамма инстанцияларда сизни қамоққа олишга далиллар етарли деб ҳисоблашди. Иттифоқ даври эди. Менинг фикримни ҳеч ким эшитишни хоҳламади. Тўғри, мен ўшанда прокурор эдим. Аслида шўролар ҳукуматининг аскари эдим. Нимани буюрсалар, бажаришга мажбур эдим. Агар бажармасам, буни бошқалар ижро қиларди, мен эса ўрнимни бўшатишга мажбур эдим. Ўшанда ўзимнинг ҳам виждоним қийналган. Бироқ шўролар даври «ҳуқуқ машинаси»га қарши боролмаганман. Менинг айбим мана шунда. Ана энди ҳақиқатни билдингиз, қўлингиздан келса ўлдиринг! Мен шу касбни танлаганман. Демакки, ўлимни ҳам бўйнимга олганман», – деди.
Мен негадир унинг гапларига ишонгим келди. Уни қанчалик ёмон кўрмайин, сўзларининг самимийлигига шубҳа қила олмадим. Иккинчи томондан ўлдирсам, ўларди кетарди. Ҳамма азоблардан бир йўла қутуларди қўярди. Шу сабабли уни ҳаётини сақлашга, лекин тутқунликда ушлашга қарор қилдим. Рақибимнинг мен каби азобланишини, оиласининг парокандаликка юз тутишини хоҳлардим.
Шу сабабли мен уни яна ҳушидан кетказиб, дўстларимнинг ёрдамида кечаси Бекободга, сиз биладиган Нурали отаникига олиб бордим. Сиз кўрган ўша тандир орқали кетган ертўлани олдинроқ шаҳардан икки мардикорни олиб бориб, тайёрлаб қўйгандим. Аслида у ерда Тошмурод Собировни умрбод сақламоқчи эдим. Лекин у мени алдади… Шу тариқа ертўла прокурорга насиб этди…
Мен ертўлага ҳар уч кунда кириб, маҳкумимни керакли озиқ-овқат, ичимлик билан таъминлаб турардим. Хонасига телевизор, радио қўйиб бердим. Газета, журналлар, китоблар ўқиши учун шароит яратдим. Хуллас, яшаши учун ҳамма шароитни муҳайё этдим. Фақат унга озодлик етишмасди…
– Уни сақлаб туришдан мақсадингиз нима эди? – Фахриддин Каримович ҳамсуҳбатининг гапини бўлди.
– Мақсад дейсизми? Менда ҳеч қанақа мақсад йўқ эди. Мен уни ўша куниёқ ўлдириб юборсам бўларди. Аммо у билан гаплашгач, унинг унчалик ҳам ёмон одам эмаслигини, самимий ва мардлигини, оддий оиладан чиқиб, ўз кучи билан шунақа даражага эришганини англаб, ўлдириб юборишга кўзим қиймади. Ҳар гал олдига кирганимда соатлаб гаплашиб ўтирардик. Кўп нарсада фикримиз бир жойдан чиқарди. Бошқа шароитда танишганимизда балки бизлардан ажойиб дўстлар чиқиши мумкин эди. Афсуски, биз ҳаёт дарёсининг бошқа-бошқа соҳилларида эдик. Мен уни қилган хатосига яраша жазоладим. Токи буни эшитганлар, айниқса, адолат посбонлари бундай жиддий хатога йўл қўймасинлар, айбсиз, виждонли ва ҳалол инсонларни жиноятчига чиқариб, ҳаётларини жаҳаннамга айлантирмасин, болаларининг уволига қолмасин. Бу воқеани эшитганлар инсон тақдирига беписанд қарамасинлар…
Аҳад бир оз жимиб қолди. Шу пайт хонага бош врач кириб келди.
– Фахриддин Каримович, бугунга етади! Эртага ҳам қолсин. Беморга тинчлик керак! Қани кетдик, кетдик, – деди у норози оҳангда.
– Охирги савол,– деди терговчи бош врачга «узр» дегандай бир қараб. – Сиз яна кимлардан қасос олмоқчи эдингиз?
– Озодани ўлдирган кимсани топиб жазолаш менинг охирги мақсадим эди. Афсуски, бу режамни амалга ошира олмадим. Майли, энди қонун олдида жазосини олсин, шу ёғига ҳам шукр. Агар шу туришда ўлиб кетсам, битта армоним қолади.
– Тағин қанақа армон? – таажжубланди терговчи.
– Хотиним ва болаларимнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи Сергей Морозовдан қасос ололмай қолдим. У аблаҳ машинасини ғирт маст ҳолда бошқарган экан. Суд уни етти йилга озодликдан маҳрум этган. Уч йилда қамоқдан чиқиб, Россияга кўчиб кетиб қолган экан. Тополмадим. Уни ўлдиришим керак эди!
– Ахир қонуний жазосини олибди-ку!
– Учта инсоннинг ўлими учун – уч йил қамоқ, шуям жазо бўптими?!
– Автоҳалокат эҳтиёткорсизлик орқали содир этилади-да! Ҳеч бир ҳайдовчи атайлаб ҳалокат содир этмайди-ку! Биз ҳам ўша Морозовнинг ҳаётидан хавфсираб, сиз унга ҳам бирор зиён-заҳмат етказмадингизмикин деган мақсадда текшириб кўрган эдик. Хайрият, у кўчиб кетган экан.
– Кўчиб кетмаганда ўзим билардим!
– Аҳад ака, бўлди! Суҳбатимизни кейин давом эттирармиз. Майли, яхши дам олинг, – терговчи ўрнидан турди.
– Раҳмат сизга, хайр! – Аҳад қўли билан юзини тўсиб, кўзларини юмиб олди…
* * *
Икки кундан буён эрининг ёнидан бир қадам ҳам жилмаган Вазира унинг кўзини очишини, исмини айтиб, бағрига босишини интизорлик билан кутарди. Сафар ака билан Анвар ҳам шифохона атрофидан нари кетолмай, ичкаридан хушхабар келишига муштоқ эдилар.
Гарчанд шифокорлар беморнинг аҳволи яхши томонга ўзгараётганлигини таъкидлашса-да, Вазиранинг юрагидаги ҳадик ҳали тарқамаган эди. У кун бўйи калимасини қайтариб, Худодан эрини қайтариб беришни илтижо қиларди. Унинг нурсизликдан пахтадай оппоқ бўлиб кетган сўлғин юзига қараб, тутқунликда ўтказган дамларини эслаб, юраги эзиларди. Ҳамширалар чиқиб кетиб, хонада ёлғиз қолган кезларда эри билан хаёлан суҳбатлашарди, унга қалбини очарди.
Кечки пайт эрининг юзига термилиб ўтирган Вазиранинг хаёлида беморнинг бармоқлари қимирлагандай бўлди. Аёл «кўзимга кўринаяпти шекилли» деб ўйлади. Бир оздан сўнг бармоқлар яна ҳаракатга келди. Вазира севинчидан қичқириб юборди. Нима қилишини билмай, дўхтирларни чақиришга югурди. Бир зумда врачлар тўпланишди. Улардан бири Вазирани ташқарига олиб чиқиб, эри ҳушига кела бошлаганини, у врачларга халақит бермай, шу ерда пойлаб туришини таъкидлади.
Вазира шунча йиллар давомида қилган тоат-ибодатлари, Оллоҳга қилган илтижолари бекорга кетмаганидан, эри оиласига, болалари ёнига эсон-омон қайтаётганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Кимдандир эшитган шекилли, бирпасда шифохона ҳовлисидан Сафар ака билан Анвар ҳам ичкарига ҳаллослаб кириб келишди.
– Қизим… ў-ў-ў-з-и-га келдими? – деди Сафар ака ҳаяжонини босолмай.
– Худо хоҳласа, келди отажон, келди! Қўлларини қимирлата бошлади, дўхтирлар ҳаммаси яхши дейишаяпти. Оллоҳ зоримизни эшитди. Баҳром акамни қайтаргани чин бўлсин! – Вазира дам қайнотасини, дам укасини қучоқлаб, тўлиб турган юрагини бўшатгандай бўлди.
– Худога шукр! Юзимиз ёруғ бўлди! Боламнинг насибаси қирқилмаган экан. Мен бўлсам унга элдан олдин аза очиб ўтирибман-а! – зорланди Сафар ака қалтироқ қўллари билан кўз ёшларини артиб.
– Опа, қуда бобо, нега кўз ёш қилаяпсизлар? Поччамни Яратганнинг ўзи қайтариб берди. Суюнмайсизларми? – деди Анвар атайлаб ўртадаги танглик ҳолатни бартараф этиш учун.
– Э, Анваржон болам, бу қувонч кўз ёшлари! Хурсандчиликка нима етсин, болам! Худойимнинг қувонтиргани рост бўлсин-да, – деди Сафар ака кулимсираб.
Орадан бир соатча вақт ўтиб, Баҳром ака ётган хона атрофида шифокорларнинг «югур-югури» камайгандай бўлди. Вазиранинг сабри чидамай, хонадан чиқиб келаётган ҳар бир «оқ халатли»нинг юзига диққат билан тикилар, уларнинг кайфиятини уқишга ҳаракат қиларди. Таниш врачларни кўрганда уларнинг олдига чиқиб, эрининг аҳволини суриштирарди. Шифокорларнинг «ҳаммаси яхши, хавотир олманг» деган сўзларидан кўнгли бир оз таскин топса-да, вақт ўтган сари юрагидаги хавотир кучайиб борарди. Ичида мустажоб дуоларни бот-бот такрорларди.
Шу пайт хонадан чиқиб келган ҳамшира:
– Вазира опа, сизни чақиришаяпти, ичкарига кирар экансиз, – деди.
Вазира тез-тез қадам ташлаб ҳамширанинг ортидан кетар экан, хаёлидан «ишқилиб тинчлик бўлсин-да» деган фикр ўтди. Хонага кириб борганида уч-тўрт чоғли врач Баҳром аканинг тепасида нималарнидир муҳокама қилиб туришарди.
– Марҳамат, сизларга учрашув учун беш дақиқа муҳлат бераман. Эрингизнинг илтимосига йўқ деёлмадик, – узун бўйли кўзойнак таққан врач Вазирага юзланди. Сўнг касбдошларига қарата «кетдик!» деди. Шифокорлар бирин-кетин хонадан чиқиб кетдилар. Вазира хона ўртасидаги каравотда кўзлари милтираб ётган эрига кўзи тушиб, оёқлари қалтираб, бутун вужуди титраб кетди. Бир амаллаб каравотга яқинлашди ва ўзини Баҳромнинг қучоғига отди.
– Б-а-ҳ-р-о-м а-к-а! Баҳром акажоним!
– В-а-з-и-р-а-м! Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин!
– Баҳром акам, дадажониси! Сизни соғиниб кетдик! – Вазиранинг кўзларидан ёш қуйиларди.
– Жоним… Бўлди, бўлди! Ҳаммаси ортда қолди! Мени кечир! Ҳаммаларингни ташвишга қўйдим! – Баҳром хотинини бағрига босганича, юз-кўзларидан ўпар, сочларини силаб, эркаларди. – Жаҳонгирим, Жавоҳирим яхшими? Уларни қанчалик соғинганимни билсанг эди…
– Болаларингиз катта йигит бўлиб қолишди, кўрсангиз танимай қоласиз! Улар ҳам сизни роса соғинишган!..
– Отам қалай? Яхшимилар?
– Яхши, ташқарида кутиб турибдилар! Ҳушингизга келганингизни эшитиб, Анваржон иккаласи ўзларини қўярга жой тополмай туришибди…
– Мени деб қанчалар изтироб чеккансизлара?!
– Унақа деманг! Биз умид билан яшадик, – Вазира эрининг қучоғидан чиқиб, унинг кўзларига тикилди, юзларини, сочларини силади. – Энди бизни ташлаб кетмайсиз-а?
– Йўқ, жоним! Энди сизларни ҳеч қачон ташлаб кетмайман! Сизлар менинг борлиғим, жону жаҳонимсизлар!
Орадан ўн беш кун ўтиб, Баҳром Сафарович соғайиб, оёққа туриб кетди. Сафар ака катта қўчқор сўйиб, элу халққа ош берадиган бўлди. Ваъдасига вафо қилиб, у Фахриддин Каримович ва Санжарбекларни ошга айтишга ишхоналарига борди. Аммо уларнинг қайсидир вилоятга бир қотиллик жиноятини тергов қилиш учун хизмат сафарига кетганликларини айтишди…
Вазира эрига, болаларига қараб кўзи тўймасди. Бахтиёр дамлари яна қайтганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганлари шу бўлса керак-да! Баҳром қайта ишига тикланди. Лекин бир ой ишлаб, сўнг ўз аризаси билан ишдан бўшади. Энди у кўпроқ вақтини жонажон оиласи, болалари бағрида ўтказишга қарор қилди. Балки бир пайтлар йўл қўйган ва кўпчилик учун қимматга тушган хатосини ўйлаб, ўзини ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга лойиқ эмас, деб ҳисоблагандир…
Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам эгизак деганларидек, орадан бир йил ўтиб, бу бахтиёр хонадонга янги меҳмон ташриф буюрди. Қизалоқнинг бахт олиб келгани рост бўлсин, дея Сафар ака неварасига Бахтигул деб исм қўйди…
2011–2012 йиллар
[1] Судларда жиноят устидан назорат қилиш бўлими
[1] Судларда жиноят устидан назорат қилиш бўлими
