автордың кітабын онлайн тегін оқу Amirlikning oltin taxti izidan
КОМИЛ СИНДАРОВ
ТЕРГОВЧИ
АМИРЛИКНИНГ ОЛТИН
ТАХТИ ИЗИДАН
ДЕТЕКТИВ ҚИССА
СЎЗБОШИ ЎРНИДА
Муҳтарам ўқувчи!
Сиз билан яна ғойибона учрашиб турганимдан хурсандман. Мана, детектив жанрдаги тўртинчи китобимни катта ҳаяжон билан ҳукмингизга ҳавола қилмоқдаман.
«Амирликнинг олтин тахти изидан» деб номланган ушбу китобимиз ҳам муқаддам чоп этилган «Қимматга тушган хато» (2013), «Темурийлар кутубхонаси сири» (2015), «Кечиккан қасос» (2017) номли асарларимизнинг мантиқий давомидир. Асар қаҳрамонлари прокуратура терговчилари – Фахриддин ва Санжарбек бу сафар жуда антиқа жиноятни тергов қилишга киришадилар. Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхоннинг йўқолган хазинаси билан боғлиқ тарихий воқеалар ва хазина атрофида айни замонда содир бўлаётган даҳшатли жиноятлар терговчиларнинг маҳорати, қатъияти, шижоати туфайли фош этилади ва айбдорлар тегишли жазога тортилади. Асарни ўқир экансиз, ўзингизни тергов гуруҳи билан гоҳ Тошкенту Термиз кўчаларида жиноятчилар изига тушгандай, гоҳ Дарбанду Бойсун тоғларида амирликнинг хазинасини қидириб юргандай ҳис этасиз.
Бу асаримиз ҳам сизга манзур бўлади деган умиддаман. Зеро, олдинги учала китобимизга сиз азиз китобхонлар – мутахассис ва ҳаваскорлардан анчагина илиқ фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Биз мухлисларимизга чуқур миннатдорчилик билдирган ҳолда улардан айрим диққатга сазоворларини китобимиз аввалида келтириб ўтмоқни жоиз топдик. Негаки, бир пайтлар ёшлик чоғларимизда кимдандир эшитган яхши адабиётларни излаб топиб, ўқиб чиқардик. Ўзимиз ўқиган қизиқарли китобларни дўстларимизга илинардик... Ана шундай китобхонлик анъаналари тикланса ва бардавом бўлса, деган умидимиз бор.
Янги асаримиз ҳақидаги мулоҳазаларингиз, таклифларингизни кутиб қоламиз.
Комил СИНДАРОВ
КАЛАВАНИНГ ЧУВАЛГАН УЧИ
«Детектив» инглизча «очиш» маъносини англатиб, луғатларда оғир жиноятларни тергов қилувчи мутахассисга айтилади. Адабиётда насрий жанрнинг бир тури детектив деб аталиб, унда ҳам мураккаб жиноий ишни очиш тафсилотлари баён этилади. Асл касби ҳуқуқшунос, юридик фанлар доктори Комил Синдаров бадиий ижод оламига кириб келганига ўн йилдан сал ошган бўлса-да, навбатдаги асари – «Кечиккан қасос» детектив романини китобхонлар зўр иштиёқ билан қарши олишди.
Детектив асарнинг бошқа жанрлардаги битикдан фарқи шуки, у ёзувчининг маҳорати ҳисобига китобхоннинг узлуксиз диққатини жалб этиб, воқеалар бошидаги тугуннинг ечилишигача қизиқтириб туради. Нафақат муаллиф ёки қаҳрамонлар, ҳатто муаммоларнинг ижобий ечим топишидан умидвор китобхон ҳам ўзини изқувар ўрнида тасаввур қилади.
«Кечиккан қасос» романининг илк саҳифаларида банк бошқарувчиси Зуҳриддин Тоғаевни ваҳшийларча ўлдириб, жасадини ёқиб, суякларини қабристонга кўмиб кетишади. Четдан қараганда тинч-осойишта яшаётган оила бирин-кетин емирилиб бораётгани ҳаммани ажаблантиради. Аввал хонадон бекаси «касалликдан» вафот этади. Сўнг ўғли автоҳалокатга йўлиқади. Банкирнинг фожеасидан кейин бошқа жойда яшаётган қизи норасида гўдаклар билан дунёдан кўз юмади. Нега бу оила тутдай тўкилди? Тасодифми ёки аллакимнинг феъли-аъмоли оқибатими?
Пойтахтдан келган терговчилар маҳаллий ҳамкасблари билан бу чигал ишнинг асл сабабларини топишлари, ҳақиқий айбдорларни қонун олдида жавобгарликларини таъминлашлари талаб этиларди. Агар масалага кенг ва чуқур ёндашилмаса, айрим ҳолатларга бахтсиз ҳодиса сифатида нуқта қўйиш ҳеч гап эмас.
Ёзувчи ушбу асарда терговчиларнинг машаққатли меҳнатини, ҳар қандай шароитда ҳам билим ва тажриба ҳисобига сарфлаган маҳоратини жонли лавҳаларда кўрсатиб берган. Гумондорлар ва гувоҳлар билан мулоқот қилганда ҳар кимнинг феъли ҳамда дунёқарашига қараб суҳбат қуришади. Кимлар билан мулойим, яна кимлардир билан қатъий ва жиддий оҳангда гаплашишга тўғри келади. Жиноят ишини фош этишда ўнлаб тахминлар ишлаб чиқилади. Ўрганиш асносида бу рўйхатга янги йўналишлар қўшилиши ёки қисқариши мумкин.
Китобхон асарни ўқиш мобайнида ечимнинг тезроқ якунланишини истайди, лекин бир йўналиш тугай деганда бошқа муаммо пайдо бўлиб, калаванинг учи чуваланиб кетади. Тергов дегани қизиқ бўларкан, воқеалар ривожида қилни қирқ ёрувчи юристлар бир нечта ҳолатларда асосий қотил билан суҳбатлашади, лекин бу ҳақда хаёлларига ҳам келтиришмайди. Жиноятчи эса турли бичиб-тўқилган кўрсатмалар орқали терговчиларни чалғитади.
Битта жиноий ишни фош этиш йўлида неча-неча тақдирлар ҳаётига дуч келинади. Баъзан оддий саволга жавоб топиш учун йигирма йил олдин рўй берган «дело» ўрганилади ва ўшанда йўл қўйилган хатолар аниқланади. Кейин маълум бўлишича, ўша чалкашлик неча-неча инсонларнинг ҳаётини ўзгартириб юборади.
Терговнинг «олтин қоидаси» шундан иборат эканки, асл айбдорни топиш, уни муносиб жазога тортиш шунинг учун ҳам муҳимки, токи бегуноҳ одам адолатсизлик қурбони бўлмасин, шу зайлда ҳақиқий айбдор озодликда юрмасин. Шунга йўл қўйилса, яна янги жиноятлар урчиши, энг муҳими, қонунларга нисбатан ишончсизлик одамлар қалбини заҳарлаши мумкин.
Ҳаётимизда турли касб-корлар бор. Завод ишчиси ҳар куни дастгоҳи ёнида фаолият кўрсатиши, деҳқон даласида тер тўкиши оддий воқеадек. Терговчи эса зиммасига юклатилган вазифани адо этиши учун тунни тонгга, кунни оқшомга улайди. Баъзан ойлаб меҳнат қилиб ҳам тайинли натижага эришолмайди.
Асардаги воқеалар шу қадар шиддат билан кечадики, кўз ўнгимизда ҳаётнинг қувончу ташвишлари рўйи-рост намоён бўлади. Китобхон эзгу ғояларнинг яхши самара беришини, ёвуз ниятлар ушалмаслигини ич-ичидан истайди. Лекин ҳаётнинг шафқатсиз машинаси ҳар қандай тўкисликни ҳам мажақлаб ташлайди. Ёзувчи ана шу ҳаёт манзараларини реал картиналар орқали акс эттириш йўлидан боради. Зуҳриддинни бу қадар шафқатсиз ўлдириш фақат унинг ашаддий душмани томонидан амалга оширилиши юрист бўлмаган одамга ҳам аён. Лекин ким ўша душман? Бу саволларга жавоб излаш учун банкир фаолияти давомида рўй берган ихтилофлар, келишмовчиликлар таҳлил қилинади. Аниқланишича, Холматбой деган шахс Зуҳриддин билан жанжаллашган, натижада, бир-бирларига терс бўлиб қолган.
Шуни ҳисобга олган қотил терговни чалғитиш учун қабристон тупроғи ёпишган калишни Холматбойнинг ҳовлисига билдирмай ташлаб кетади. Устига-устак, савдойи бўлиб қолган Холматбой қотилликни бўйнига олади. Тергов гуруҳи Фахриддин Каримович шунчалик яққол далиллар бўлса-да, Холматбойни шундай ишни қилганига ички сезгиси билан ишонмайди ва терговни давом эттиради.
Зуҳриддин йигирма йиллар илгари Зоминда совхоз директори бўлиб ишлаган эди. Терговчилар ўша йилларда рўй берган жиноий ишлар билан танишиб чиқади. Мактаб директорини кимлардир туҳмат билан қаматиб юборади. Маҳбус қамоқда вафот этади. Кўп ўтмай директорнинг аёли ўзини осади. Ўғлини машина уриб кетади. Ёлғиз қизини болалар уйига топширишади. Норасида қиз 13 ёшида болалар уйидан қочади. Шу билан из йўқолади. Терговчилар шундан кейинги занжирнинг изидан бориб, ўша қизгина айнан Зуҳриддиннинг уйидаги ўзини кар ва соқовликка солган Зубайда эканлигини аниқлашади. Ҳолбуки, улар қотилни аниқлаш мақсадида Зубайда билан бир неча бор гаплашишган. Ўша заҳоти Зубайда (унинг асл исми Майрам)ни қидириб, уйга боришса, кеч қолишибди. Бу орада Майрам Зуҳриддиннинг ҳаром йўллар билан топган пулларининг катта қисмини болалар уйларига ҳадя қилиб улгурибди.
Тегишли нуқталардан маълум бўлишича, гумондор Шаржага учиш учун чипта олибди. Тергов гуруҳи объектни самолёт салонига жойлашгандан кейин «Сиз қотилликда айбланасиз», деб қўлига кишан солибди.
20 йилга яқин кар-соқов бўлиб юрган Майрам тилга кириб гувоҳлик беради. Китобхон ҳақ жойидан қарор топганлигидан кўнгли жойига тушади.
Романни ўқиш асносида ҳалол, камтар, эзгу ниятли одамлар яхши самаралардан баҳраманд бўлишига, ғирром, ҳаромхўр, ёлғончи одамлар охир-оқибатда ўз жазосини олишига ҳаётий лавҳаларда ишонч ҳосил қилади. Романнинг тарбиявий аҳамиятини шунда десак, ўринли бўлур эди. Ҳаётда ҳар ким экканини ўради, деган доно ҳақиқат асар қахрамонлари тақдирида намоён бўлган.
Комил Синдаров шеърият оламида бир-биридан ўқишли, жозибадор шеърлари билан мухлислар кўнглини хушнуд қилиб келарди. Муаллифнинг детектив жанрдаги ижоди ҳам муваффақиятли чиқаётганлигини ҳам таъкидлагим келди.
Шуҳрат Жабборов,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист
( «Шарқ зиёси», 2017 йил, 15 июл, №24)
ҲАЁТИЙ ҚИССА
Ҳар гал бирор янги насрий китобни қўлимга олганимда, хаёлимдан шундай савол ўтади: ёзувчи асарини хаётдан олиб ёздимикан ёки «ижод» қилиб қўя қолдимикан? Бундай савол Комил Синдаровнинг 2017 йилда «Янги аср авлоди» нашриёти томонидан «XXI аср ўзбек детективи» сериясида чоп этилган «Кечиккан қасос» номли китоби билан танишганимда ҳам ўтди. Аввалига шунчаки варақладим, воқеалар табиий, жумлалар тиниқ, назаримда, у тўқиб-бичилган нарсалардан иборат эмасдек эди. Чинакамига ўқишга тутинганимда, бунга ишонч ҳосил қилдим.
Ўқувчининг турли характерлари тасвири, ҳаётий воқеаларнинг ривожи бефарқ қолдирмайди. Асар бош қаҳрамонлари прокуратура терговчилари – Фахриддин ва Санжарбеклардир. Улар очган жиноятлардан кўз юмиб кетолмайсиз. Чунки тоғаевлар хонадонининг барча аъзолари мудҳиш қотиллик қурбонига айланишган. Уларнинг бундай аянчли тақдирига бойлик сабабми ёки... Кетма-кет содир этилган жиноятлар иштирокчилари кимлар ёки бу битта одамнинг ишими?
Майрам нима учун ўзини қарийб йигирма йил карликка, гунгликка солиб юрди? Неъматилланинг бахтли оиласига кўз тегдими ёки улар ҳам бахтсизлик қурбонларими?
Терговчилар нима учун йигирма йил аввалги жиноят сабабини ўрганишга бел боғлади? Муаллиф ижод жараёнида жиноят оламининг ана шундай ниҳоятда чигал ва мураккаб муаммолари, сирларига ечим излайди. Шунингдек, терговчилар ёрдамида Жиззах шаҳрида банк бошқарувчиси ва унинг оила аъзолари билан боғлиқ антиқа ва сирли қотилликни очишга киришади.
Асар тили содда, муаллиф халқчил иборалардан ўрнида фойдаланган, воқеалар ҳаётий ва ҳаққоний тасвирлашга ҳаракат қилинган. Фактлар бир-биридан жонли ва қизиқарли. Масалан, отаси туҳмат билан қамалган қизга қисса қаҳрамонларидан бирининг тилидан шундай дейилади: «Болажоним!... Отангнинг соддалигини айтмайсанми? Ҳар гал ортидан борганимда, «Зуҳриддин дўстимга учраш, у албатта ёрдам беради, мени бу туҳматдан чиқариб олади», дерди. Кейинги борганимда, учрашмаганим учун койирди. Бечора бошига тушган кулфатларнинг тепасида айнан, ўша ишонган дўсти турганини тасаввур ҳам этолмасди...» Бундай жумлалардан ишонч ва хиёнат, ҳаёт ва ўлим ораси бир қадамлигини фаҳмлайсиз. Ҳушёр тортасиз.
Эътибор берсак, кейинги пайтларда детектив асарларнинг бозори чаққон эканини кўрамиз. Бу эса атрофда содир бўладиган воқеаларга одамларнинг лоқайд эмаслиги, жиноят ботқоғига ботиб бораётганлар қалбига эзгу туйғуларни уйғотишга интилиш кучайиб бораётганидан далолат беради. Буни Комил Синдаров зийрак нигоҳ билан англаб, ҳаётнинг зиддиятли томонларини қаламга олади. «Кечиккан қасос» қиссаси ҳуқуқий саводхонлигимиз юксалишига хизмат қилишига умид қиламиз.
Шолазиз Шоҳидоев
(«Ҳуррият» газетаси, 2017 йил, 17 май, №22)
«Кечиккан қасос»ни ўқиб...
Асарни ўқир экансиз, ёзувчи уни жамиятимизда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни чуқур кузатиши, мушоҳада қилиши ва таҳлил қилиши натижасида юзага келтирганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Муаллиф жиноят оламининг энг мураккаб ва чигал муаммоларини моҳирона ёритиб беришга эришиш билан бир қаторда уларни ечимини ҳам берганлиги қисса қимматини юқори даражада оширган. Асарда ёзувчи тоғаевлар оила аъзоларининг қотиллик қурбонига айланиши теграсида шундай ҳаётий ҳақиқатларни ёритганки, ўқувчи улар билан «рози» бўлмасликка иложи йўқ. Жиззах шаҳридаги банк бошқарувчиси ва унинг оила аъзоларининг шафқатсиз ўлдирилиши билан боғлиқ сирли қотилликни тергов қилиш жараёнида инсон тақдири, унинг нималарга боғлиқ эканлиги, мансаб ва бойликка ружу қўйиш оқибати, яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни моҳирона тасвирлайди.
Шахсан мен асарни бир кунда ўқиб чиқдим. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, ёзувчи ўз олдига қўйган мақсадга эришиш учун бир тарафдан фалсафий, бадиий мушоҳада қилган ҳолда тергов жараёнида инсон ва унинг тақдири азали нималарга боғлиқ эканлигини ёритишга эришса, иккинчи томондан тергов ва суд соҳасидаги камчиликларни тизимли таҳлил қилади. Асарда ёзувчи дастлабки терговдан то суд ҳукмини эълон қилгунга қадар бўлган босқичда мавжуд муаммоларни имкони борича қамраб олишга ҳаракат қилган.
Асарнинг яна бир қимматли жиҳати шундаки, асарда юздан ортиқ халқ мақолларидан ва халқимизда азалдан ишлатилиб келинган иборалардан унумли фойдаланилган. «Ит ётиш, мирза туриш», «Тарки одат – амри маҳал», «Туянинг юки қанча енгил бўлса, шунча ётағон келади», «Одам тафтини одам олади», «Боғнинг қарови бўлмаса, энг уруғи сара олмага ҳам қурт тушади», «Букрини гўр тузатади», «Эр бермоқ – жон бермоқ» кабилар ўз ўрнида ишлатилган.
Асарнинг яна бир жиҳати шундаки, муаллиф қанчалик ҳаёт сўқмоқларини босиб ўтганлигига, ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларни синчковлик билан кузатганлигига амин бўласиз. Муаллифнинг узоқ вақт мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатганлиги асардаги воқеаларни «жонли» тасвирлашга ёрдам берган. Қолаверса, ёзувчи ўзининг ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, айрим ҳолларда ўз нуқтаи назарини ҳам баён қилиб кетган. Масалан, бир жойда, муаллиф қасддан айбни оғирлаштирувчи ҳолларда одам ўлдириш жиноятлари содир этган шахсларни руҳий жиҳатдан соғлом одам деб бўлмайди, деган фикрини асосласа, иккинчи бир жойда «вальютани давлат курси ва бозор курси ўртасидаги каттагина фарқи жиноий даромадлар олишга» йўл очиб беришини таъкидлайди. Қаранг, мамлакатимизда бугунги кунда бундай фарқ бартараф этилди, аммо ўша даврда мамлакат ҳаёти учун муҳим масалани ҳал этиш зарурлигини бадиий асарда тасвирлаш учун ёзувчидан жуда катта маҳорат ва ботирлик талаб қилинган.
Асарда тасвирланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тавсия ва фикрлар, ўйлаймизки, мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг ижобий самарасини беради. Фикримизча, жиноят қидирув, тергов ва суд соҳасида фаолият юритувчи ходимлар ушбу китобни ўқисалар, нафақат ўзларининг профессионал кўникмаларини мустаҳкамлайдилар, балки ижтимоий ҳаёт учун муҳим бўлган обрў-эътибор, рашк, ўч, қасд, оқибат каби тушунчаларнинг моҳиятини янада теранроқ ҳис этган бўлур эди.
Бир сўз билан айтганда, Комил Синдаров томонидан яратилган мазкур асар мамлакатимиз маънавий дунёсини бойитишга хизмат қиладиган детектив асар бўлиб, уни мамнуният билан қаршилаймиз ва муаллифдан янги-янги асарлар кутиб қоламиз.
Илҳом Насриев,
юридик фанлари доктори,
«Турон» академияси академиги
«Темурийлар кутубхонасининг сири» асари ҳақида
Муаллифнинг изоҳ беришича, бу қисса илгари чоп этилган «Қимматга тушган хато» номли китобининг мантиқий давомидир. Ҳазрати Башир қишлоғи яқинидаги тоғ этагида содир этилган жиноятни терговчилар ўзларининг профессионал маҳорати ва тиришқоқлиги билан очишга муваффақ бўладилар. Бу қотиллик жинояти бошқа бир тарихий воқеага – XV асрларда йўқолиб кетган, деб гумон қилинаётган темурийлар кутубхонаси билан боғлиқ ғаройиб ҳодисаларга уланиб кетади.
Асарда муаллиф ўз олдига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий маданиятини оширишда детектив жанрдан ўринли фойдаланишдек маърифий мақсадни ҳам қўйган. Бундан ташқари, мазкур асарда қадимдан жумбоқ бўлиб келаётган тарихий воқеалар, вақт ва замон орасидаги мувофиқ жиҳатлар ҳам қаламга олинган.
Темурийлар кутубхонаси билан оддий чўпонга қилинган суиқасд ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?.. Бу сингари саволлар асар мутолааси давомида ойдинлашади.
Севинч Қурбонова, ўқитувчи
(«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»,
2016 йил 8 январ, №2)
Миннатдорчилик
Ассалому алайкум, ҳурматли Комил Ойдинович!
Авваламбор ижодингиз маҳсули бўлган «Кечиккан қасос» номли детектив романни менга шахсан тақдим этганингиз учун Сизга ўзимнинг бениҳоя миннатдорчилигимни билдираман.
Гапнинг тўғрисини айтганда давлат ишларидан бўш пайтларингизда шеърлар битиб туришингиз билар эдиму, лекин насрда ҳам қалам тебратишга ўтганингиздан бехабар эканман. Асар муқаддимасида бу йўналишга киришишингизга атоқли адиб Худойберди Тўхтабоев сабабчи бўлганликларини таъкидлабсиз. «Буюкларнинг буюклигининг белгиси ҳам бошқалар илғамаган нарсани илғаб олишида», деган нақлнинг ҳақиқат эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим ва «Кечиккан қасос»ни ўқиб чиққанимдан кейин ёшликдан севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевга яна бир бор ихлосим ортди.
Роман жудаям содда ва ўқимишли тилда, юксак бадиий савияда битилган. Асарнинг кириш қисмидан воқеалар баёнига ўтиб кетилиши ва воқеалар кетма-кетлиги ҳамда уларни қизиқарли тасвирланиши ўқувчини тезда ўз оғушига олади.
Агата Кристининг детектив романларининг айримларини ўқиганман. Унда содир бўлаётган жумбоқли воқеаларни тубига етмоқчи бўлаётганлар ўқувчини ақли етиб турган, эътибор берилиши лозим бўлган жойига гўёки сезмагандек ўтиб кетади ва чигаллик ошиб кетаверади.
«Кечиккан қасос»да эса, аксинча, тергов гуруҳи еча олмаётган жумбоқни ўқувчи ҳам тагига ета олмайди. Ўз навбатида, ўқувчи ҳам турли-туман тахминларга бораверади.
Романда воқеалар юксак профессионал даражада ёритилган. Тергов гуруҳининг барча аъзолари жиноят-процессуал қонунлар талабларига бенуқсон амал қилиб ҳаракат қилган. Албатта, бу – катта ютуқ. Бу ютуққа эришишингизда билимдон ҳуқуқшунос амалиётчи ва етук олим эканлигингиз қўл келган.
«Ҳар тўкисда бир айб», деганларидек, мукаммал инсонни, мукаммал касб эгасини топиш қийин. Шу сабабли бадиий адабиётнинг асосий вазифаси барчага ибрат бўладиган мукаммал инсон, мукаммал касб эгаси, қолаверса, давр қаҳрамони образини яратишдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, тергов гуруҳи раҳбари Фахриддин Каримович образи яратилиб, бу вазифа аъло даражада бажарилган.
Ҳазрат Алишер Навоий томонидан «Фарҳод ва Ширин» асарида меҳр-оқибат, мурувват, саховат, инсоф, диёнат, виждон, адолат, ростгўйлик, ҳалоллик, камтарлик, ваъдага вафо, софлик, поклик, ҳаё, ор-номус, ишчанлик, мардлик, ватанпарварлик каби хислатларга эга комил инсон кўринишидаги Фарҳод образи барчага бирдек ибрат намунаси сифатида яратилган.
Менинг назаримда, Фахриддин Каримович образи ҳам барча тергов идоралари, айниқса, прокуратура органлари тергов ходимлари учун ибрат бўладиган образдир. Албатта, булар мен романни ўқиганимдан кейин пайдо бўлган фикрлардир.
Энди рухсат берсангиз роман юзасидан ўзимнинг айрим шахсий мулоҳазаларимни ҳам билдирсам.
Асардаги Зубайда (Майрам Неъматуллаева) – жуда мураккаб образ. Ундаги адолатсизликка, манфур ва пасткаш ҳамда бошқа шунга ўхшаш сўзлар билан таърифланадиган кимсаларга нисбатан нафрат, қасос олиш ҳисси шубҳасиз ҳар бир ор-номусли ва ғурурли инсон қалбида мавжуд. Бир томондан, Зуҳриддин Тоғаевдек тубан инсон ва унинг авлодидан Зубайда томонидан шафқатсизларча қасос олиниши ўқувчи қалбига тасалли беради. Иккинчи томондан, бир ўзбек аёлининг қасос туфайли айбсиз беш кишини совуққонлик билан ўлдириб юбориши одамни ўйлантиради. Менимча, бадиий асар қаҳрамонлари образи ўқувчи руҳига ва тарбиясига таъсир қилиши ҳар бир ёзувчининг диққат марказида туриши керак.
Аллоҳнинг барча муқаддас китобларида келган илоҳий ҳукмлар ҳаёти дунёда қандай масалада бўлмасин шу пайтгача ҳеч қачон хато бўлмаган. Шу жумладан, қасос масаласида ҳам. Яъни, бир кишига ғараз ниятлар билан қасддан талафот етказган инсонга ўз ёмонлигининг қайтиши 99 фоиз ҳолатда кўпга чўзилмаган. Энг асосийси, ёмонликнинг жазоси у кутмаган томондан келади. Бунга ҳаётда битмас-туганмас мисоллар кўп.
Жаҳон адабиёти хазинасига ҳисса қўшган барча буюк шоир ва адибларнинг асарларига эътибор берилса, асарнинг мағзини ташкил этувчи хулосалар илоҳий ҳукмларнинг инъикосини ташкил этади.
Муҳтарам Комил Ойдинович!
Буларни бари романингизни ўқиганимдан кейин туғилган фикрлардир. Мен Сизда шундай ноёб қобилият борлигини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Барча китобхонлар қатори мен ҳам Сиздан янада зўр бадиий асарларни кутиб қоламан. Доимо соғ-саломат бўлинг, ижодингизга Аллоҳ ривож берсин!
Ҳа, дарвоқе, «Кечиккан қасос» романидан 20 донасини Тошкентдаги китоб дўконидан олиб келиниб, Жиззах вилоятидаги барча прокуратура ходимлари ўқиб чиқишлари ва асар қаҳрамонларидан ибрат олишлари учун жойларга расман юборилди.
Сизга самимий ҳурмат билан,
А.У. Эргашев,
Жиззах вилояти прокурори
24.06.2017.
Ассалому алайкум, ҳурматли Комил ака!
Сизнинг газеталарда чоп этилган асарларингизни кўп ўқиганман. Бугун эрталаб ишхонамиз кутубхонасидан «Кечиккан қасос» романини қўлимга олиб соат 16:45 да ўқиб бўлдим. Ҳатто тушликка ҳам чиқмадим. Жуда қизиқарли асар экан, мазза қилиб ўқидим.
Фақат китоб аннотациясида «Майрам нима учун ўзини қарийб 20 йил давомида гунгликка солиб юрди?» деб бекор ёзилибди-да, романни ўқишни бошлашим билан Зуҳриддиннинг ўлимига ким айбдорлигини билиб қолдим.
Лекин барибир жуда қизиқиб ўқидим. Сиздан ундан ҳам қизиқарли асарлар кутиб қоламан.
Азиза Бадалова,
Тошкент шаҳри
Ассалом алайкум, Комил ака!
Сизнинг «Кечиккан қасос» китобингизни ўқиб анча таъсирландим. Жаноб Артур Конан Дойл, Агата Кристи анъаналаридек детектив асарлар ўзбек адабиётига қўшилишига ўз ҳиссангизни қўшганингиздан бир китобсевар мухлис сифатида жуда мамнунман. Муҳаммад Юсуф, Саид Аҳмад ва Ўткир Ҳошимовлардан кейин ҳувиллаб қолган адабиётимизга муносиб ҳисса бўлиб қўшиладиган асарлардан бири бўлибди. Сизга ўз ижодингизни яққол кўрсатишингизда омадлар тилаб қоламан! Агар, лозим топиб, ўқисангиз, мушоҳадаларим бор эди:
1. Зубайданинг қотил эканлиги асар бошида ишора қилинган, яъни гунг персонаж чет эл детективлари билан таниш китобхонда шубҳа уйғотади. Яна, қабр тошидаги сўзлар. Агарки, Фахриддин Каримович қабр тошларига эътибор берар даражада зийрак экан, оддийгина, очиқ қилиб ёзилган тўрт қатор шеърдан қотилни билса бўларди, қайси эр хотинини сизлаб, қасос ҳақида қабр тошига ёзаркин. Ўғил бола бундай қилмайди, қизлар кўнгилчан, ўз режаларини айтадиган бўлишади.
2. Асарда табиат тасвири, шу тасвир орқали воқеалар сюжетини ривожлантириш ёки кўрсатиб берилган ўринлар сийрак. Кейин асар сал чўзилиб кетгандек, тўғри, прокуратура ҳаётидан бўлган лавҳалар ва қизиқ фактлар, ўйловлар ва ҳикоялар келтирилган, аммо янада бойитилса яхши бўларди.
3. Образларнинг руҳий қийналганликлари яхши ёритилмагандек, Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» асари, совет ҳукумати ҳақида, мақоллар, иборалар ва юмор ҳиссига йўғрилган бўлса-да, Кариманинг Али бобо отасини узоқ юртларда топиши саҳнаси одамни йиғлатадиган даражада кўрсатиб берилган («Синчалак» 11-бет). Сизнинг асарингизда ҳам, Зуҳриддинга боғлиқ вазиятлар шундай ёритилса, ҳар қалай китобхон банкир образини қўллаб-қувватлаб, жабрдийдадек кўриб, детективлар билан бирга, шу қотиллик очилишини хоҳлаб ўқирди.
4. Мен Фахриддин ва Санжар билан боғлиқ аввалги китобларингизни ўқимаганман, агар детектив асарларингиздагидек шу образлар ҳам бўлса, демак уларда қандайдир «изюминка», ғайриоддий одатлар, гаплар ва характер бўлиши керак. Эсда қоладиган, китобхон севадиган, қадрлайдиган. Масалан, Крис Картернинг Роберт Ҳантер билан боғлиқ детектив асарлардек. Ажойиб сюжет ва китобхонни жалб этиш санъати бу. Роберт – жисмонан бақувват, қизларнинг эътиборини тортадиган, ёшлигидаги азоблари, хотиралари тинч қўймаслигидан кам ухлайдиган, кўп китоб ўқийдиган (асар ривожи давомида бирон қизиқарли факт бўлса, қаердан биласан, дейишганида, мен кўп китоб ўқиганман, шундан биламан, дейди) бу образ қатнашган асарни китобхон берилиб ўқийди, ўртоқларига ўртоқлашади ва кейинги саргузаштларини (китобларни) кутади.
4. Асар сўнгидаги, Фахриддин прокуратура биносидан чиқаётгандаги капалакқор, янги йил шукуҳи ноўриндай менимча. Ахир шунча одам ўлди, бу байрам кайфияти китобхонга қасос олишни маъқуллагандек, қасос олишга ундайди. Ундан кўра, кузнинг хазонрез саҳнаси маъқул эди. Персонажлардан бирининг умри хазон бўлганидан дарак.
5. Зубайда образи, Майрам образи очиб берилса, яхши бўларди. Унинг фарзандсиз бўлиши, воқеалар ривожи давомида унинг қасоскор бўлишига заминдир. Худди тақдир унга қасос олишга имкон бергандек. Ҳаётда бошқаларнинг эмас, унинг ошиғи олчи бўлиши керакдек. Баъзи-баъзида ўқиб турган хатини эри кўриши, ёки хатдан кайфияти ўзгаришини сезиши ва шу билан қасосга барҳам берилиши керак эди. Менимча, Майрам оилали бўлмаслиги керак эди, бўлганда ҳам фожиа – эрининг ўлиши ва натижада қасос олиши Зуҳриддинсифат аблаҳ инсонлардан азоб тортганлиги ёки камбағаллик, порахўрлардан тортган ситамлари қасосга ундаши керак эди.
6. Санжарбек ҳаётидан лавҳа ҳам шундай. Уйланганми, севган қизи борми, у тушиб келган вазиятлар, ўқишидаги қийинчиликлар ҳақидами.
7. Фахриддин Каримович образи маъқул. Кўпни кўрган, оиласиз, ишга берилган.
Булар ҳаммаси менинг фикрларим ва кузатувларим.
Шундай асар билан Сизни қутлайман! Ижодингизга омад, Комил ака!
Ҳурмат билан,
Шоҳрух Зокиров
АМИРЛИКНИНГ ОЛТИН ТАХТИ ИЗИДАН
Фахриддин Каримович айни қиш чилласи тоғда бунчалик одам бўлишини хаёлигаям келтирмаганди. Гўё ҳамма Тошкентдан Чорвоққа кўчиб келгандай. Ҳа, одамлар жонининг қадрига етишади, қандай дам олишни билишади. Тўғри-да, иш-иш дея елиб-югурган билан иш қурмағур адо бўлармиди? Қайтанга кўпаяди! Қайнарбулоқдай қайнаб чиқаверади. Бирини уддаласанг – иккинчиси, иккинчисини бажарсанг – учинчиси... Манов юрган одамларнинг ҳам иши шунақа кўпмикан-а! Йўқ, улар ишлаганда ишлаб, шанба-якшанба, байрам кунлари одамдай дам олади, тоққа чиқади, меҳмондорчиликка боради. Таътил текканда саёҳатга отланишади... Улар-чи? Санжарбек билан аёлларга оилавий тоққа чиқишга ваъда берганларигаям бир йил бўлди-ёв! Ҳар сафар бир иш чиқиб, режа барбод бўлади. Ҳарқалай, кўз тегмасин, бу якшанба ниҳоят орзулари амалга ошадиган бўлди. Мана устоз-шогирд севинчи ичига сиғмай қиқирлашиб бораётган болажонлару эрларининг лутфидан оғзи қулоғида уларнинг аяжонлари билан тоғ сайрига кетишмоқда...
– Устоз, агар қаршиликлар бўлмаса, – «қўллари рўлда, кўзлари йўлда» кетаётган Санжарбек гап бошлади, – шу телефон ўлгурларни ҳалигидай... ўчириб қўйсак. Дунё ташвишларидан бир кун бўлсаям холи бўлармидик.
– Яшанг, ука! – орқа ўриндиқда болаларнинг чуғур-чуғуридан боши айланиб, жимгина ўтирган Назирахондан садо чиқди. – Ойда-йилда бир бозор, уни ҳам ёмғир бузар бўлиб ўтирмасин тағин.
– Бўлмайди, раҳбарлар излаб қолиши мумкин! – эътироз билдирди Фахриддин.
– Устоз, бугун якшанба бўлса, изласа-излар! Бир кун минг кун бўлмас! – деди Санжарбек таклифи маъқулланмаётганидан ранжиб.
– Адаси, келинг, шу бугун ишни ўйламай қўяқолинг! – зорланди Назирахон, – ўша зормандангизни ярим кун ўчириб қўйсангиз осмон узилиб, ерга тушмас! Камбағалнинг тўйини бузманг!
– Яхши! Фақат бир шартим бор! – Фахриддин отдан тушсаям, эгардан тушгиси келмасди. – Фақат... фақат ошни ўзим дамлайман.
Кулги кўтарилди. Бир-бирини туртишиб келаётган болалар ҳам тушунса-тушунмаса катталарга қўшилиб хандон отишди.
– Унда «кочегар»лик бизга! – деди Санжарбек худди ўчоққа ўт қалайдигандай бир қўли билан энг шимариб.
– Бизлар мириқиб дам оларканмиз-да! – деди Мафтуна ойнадан кузатиб келаётган эрига қошини қоқиб.
– Ҳа, энди Мафтунахон, эркаклар бир кун хизматимизда бўлишса, мартабалари пасайиб қолмас, – деди Назирахон оғзини тўлдириб. – Ахир уч юзу олтмиш тўрт кун уларнинг хизматида... қўлимиз косов, сочимиз супурги бўлса!
– Ҳа аяси-я! Ҳамма нарсага мақолингиз тайёр-да! Фақат умримизнинг учдан икки қисми хизмат сафарида ўтиши ёдларидан фаромуш бўлган кўринади. У даврда биз ўз-ўзимизга хизмат кўрсатамиз!
– Сиз сафарда бўлганда, қўлини совуқ сувга ҳам урмайдиган манови бир-биридан инжиқ «фахриддин»чаларнинг хизматида бўламиз, адажониси!
– А-ха-а-а! Биз ҳали инжиқ бўлиб қолдикми? – Фахриддин ортига ўгирилди. – Ана, Мафтунахон, кўрдингизми? Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога, деб шуни айтсалар керак-да!
– Адажониси, хафа бўлманг! Ҳамма эрлар хотинининг олдида инжиқ бўлишади. Чунки уларнинг хархашасини аёлидан бошқа ҳеч ким кўтармайди. Болаларга келсак, олманинг тагига олма тушади-да!
Яна кулги кўтарилди... «Нексия» йўл чеккасидаги «Билдирсой» деган ёзувдан ўтганда Санжарбек «экипаж»ни огоҳлантирди:
– Камарлар тақилсин! «Кема»миз «Билдирсой» «аэропорт»ига қўнишга тайёр!
Болалар чуғурлашиб, орқа-олдиндаги камарларга ёпишиб кетишди. Катталар ён-атрофдаги табиат гўзаллигига – узоқларда ястаниб ётган қорли чўққиларга, қуёш нурида кумушдай товланиб турган адирларга, сал пастроқда қиш ҳавосида жунжикиб, бош эгиб турган баҳайбат чинорларга, сой бўйида тизилишиб, бир-бирига «шивирлашиб» турган теракларга маҳлиё бўлиб қолишди.
– Манзилга яқинлашяпмиз, телефонлар ўчирилсин! – буйруқ қилди «командир» ва ўзи чўнтагидан телефонини чиқариб, ўчирди.
Аёллар ҳам унинг ҳаракатини такрорлади. Фахриддин олдин ишхонасидаги навбатчига оиласи билан Билдирсойга дам олишга кетаётганлигини айтиб, кейин телефонининг мурватни босди.
– Аммо устоз, шу ишни чакки қилдингиз-да! – деди Санжарбек қувлик билан. – Ҳали битта-яримтаси шу ергаям излаб келиб қолмаса гўргайди!
– Ҳеч ким излаб келмайди! Навбатчини шунчаки огоҳлантириб қўйдим холос... Ҳар эҳтимолга қарши, дегандай. Биласиз, Тоҳир Ғофурович излаб, тополмай қолса... ҳамма ерни ағдар-тўнтар қилиб юборади!
Бир ҳовли ёнига келганда машина тўхтади. Сиқилиб келаётган болалар ўзларини ташқарига отишди. У ёқдан-бу ёққа чопишиб, қорбўронни бошлаб юборишди. Офтоб йилтираб тургани билан ташқари хийлагина совуқ эди. Аёллар бир уюм иссиқ кийимни сумкадан олиб, болаларнинг ортидан қувиб кетишди.
– Оҳ! Ҳавонинг тозалигини қаранг! – Санжарбек қучоғини очиб, тўйиб-тўйиб нафас олди. – Жаннатда ҳам топилмайди бу жойлар!
– Адашмасам, қўшиқда баҳор тараннум этилганди-ёв! – деди устоз жилмайиб.
– Тўғри! Аммо қишнинг ҳам ўз зийнати бор, деб бекорга айтишмаган...
Шинамгина далаҳовлига жойлашишди. Уй эгаси меҳмонларни жойлаштириб, чиқиб кетди. Келишганларидек жонона ошни Фахриддин дамлади. Санжарбек ўт қалашни ўринлатди. Болаларга қўшилишиб аёллар ҳам мириқиб қор бўрон ўйнашди, чанғида тепадан пастга сирпаниб, ҳузурланишди. Қўллари бўшаганда оила бошлиқлари ҳам болажонларга қўшилиб «тойғанчоқ» учишди.
– Устоз, жамоадан ҳеч бўлмаганда икки ойда бир марта шунақа дам олиб турсак деган таклиф тушяпти, нима дейсиз? – деди Санжарбек қор устида ўзала тушганча.
– Гап йўқ! Кўпчиликка қўшиламиз! – Фахриддин шогирдига қўл бериб, туришга кўмаклашди. – Ишнинг кетидан қувиб юраверар эканмиз-да! Қаранг, болаларнинг яйрашини! Ростини айтсам, менинг хаёлимда ҳам шу фикр айланаётувди. Ишлаган одам дам олишниям билиши керак-да!
– Шуни айтаман-да! Биров бизга ҳайкал қўярмиди! Умр эса ғир этиб ўтиб кетади. Бир кун келиб, болаларга эътибор қилолмаганимиздан афсусланиб ўтирамиз... Эртага катта бўлишса, чор томонга учиб кетишади. Оила даврасида ўтказилган бундай хуррам кунлар эса уларнинг ёдида бир умрга қолиб кетади.
– Сизникилар-ку ҳали ёш, уларнинг кўнглига йўл топишга вақтингиз етарли. Аммо бизнинг шоввозларга қаранг, эр етиб қолишди. Тузукроқ ўйлаб қарасам, улар билан мана шундай хотирада қоладиган дамларимиз саноқли экан... Нима қиламиз, шу касбни ўзимиз танлаганмиз!
– Устоз, мени кечирасиз-у, гап касбда эмас! Хоҳиш бўлса, имкон топса бўлади. Прокуратурада ишлайдиганлар камми? Айримлар ишни қойиллатмасаям, дам олишни жойига қўйишади. Баъзилар эса ишниям, дам олишниям билишади. Улардан ўрнак олса арзийди!
– Бу гапингизга тўлиқ қўшиламан! Кетдик, ошни сузамиз! Жужуқларни, хонимларни дастурхонга чорланг!
Палов кутилганиданам мазали чиққанди. Тамадди пайти ошпаз шаънига айтилган мақтовлардан руҳланиб кетган Фахриддин пешиндан кейин «меҳмон»ларни кабоб билан сийлашга ваъда берди. Болалар бироз исиниб олгач, яна ташқарига чопишди. Аёллар идишларни йиғиштириб, дастурхонни қайтадан безашга киришдилар.
– Муҳтарама хонимлар, муҳтарам Санжарбек! – «бош ошпаз» ўткир пичоқда гўштни қиймалар экан тўсатдан хаёлига келган фикрни баён қилди. – Бугун шу ерда тунаб, эрталаб йўлга чиқсак!
– Э-ҳа-а... устоз, бормисиз! Сиздан ишдан бошқа мавзуларда ҳам... таклиф чиқаркан-ку!
– Ақлли таклиф ҳам чиқаркан, демоқчисиз-да!
– Йўғ-е, бунақа таклифни ҳеч кутмагандим...
– Ҳа, нима! Яхши жой. Ҳаммага маъқул. Болалар яйрашмоқда. Аёлларнинг кетгиси йўқ!
– Яшанг, адажониси! – маъқуллади Назирахон. – Ичимдагини топдингиз-да! Сизга айтишга истиҳола қилиб тургандим. Болалар ҳам тоза ҳавода бир мириқсин!
Шу пайт эшик тақиллаб, ичкарига милиция кийимидаги «лейтенант» йигит кириб келди.
– Ассалому алейкум! Кечирасизлар, халақит қилдим. Ахтара-ахтара зўрға топиб келдим. Менга Фахриддин Каримович керак эдилар.
– Ваалейкум ассалом! Келинг! – Фахриддин қўлини сочиққа артиб, ўрнидан турди. – Излаган одамингиз мен бўламан! Бирор хизмат бормиди?
– Ўртоқ бошлиқ! Сизга телефон қилиб тушолмаётган экан. Туман прокурори манави хатни бериб юборганди.
Фахриддин хатни ўқиб, Санжарбекка узатди:
– Озиб-ёзиб битта ақлли таклиф киритгандик, у ҳам амалга ошмайдиган бўлди чамамда.
«Лейтенант» чиқиб кетгач, Фахриддин чўнтагидан телефонини олиб, гаплашиш учун ташқарига чиқиб кетди ва сал ўтмай шошилинч қайтиб кирди:
– Афсуски кабоб ҳам кейинги сафарга қолди. Қайтамиз! Кечда «бош ошпаз» ва унинг «ўтинчи»сини Тоҳир Ғофурович «тўй»га таклиф қилибди...
* * *
Қош қорайганда Бош прокуратура биносига етиб келган терговчилар тўғри Тоҳир Ғофуровичнинг қабулхонасига кўтарилишди. Котиб кутиб ўтирган экан шекилли чаққонлик билан ўрнидан туриб, йигитларни ичкарига чорлади. Ким биландир телефонда сўзлашиб турган прокурор ўринбосари терговчиларни кўриб, «келинглар, ўтиринглар» ишорасини қилиб, гапини мухтасар қилди. Сўнг ўрнидан туриб, ходимлари билан бир-бир қўл бериб сўрашди:
– Фахриддин Каримович, якшанба куни бўлса-да, сизларни чақиртиришга тўғри келди. Тушунаман, дам олиш кунларини оила даврасида, табиат қўйнида ўтказиш – савобли иш. Аммо, биз прокуратура ходимларимиз. Жиноятчи ҳеч қачон милиция ёки прокурор бугун дамини олсин, жиноятни эртага – иш куни қиларман, деб ўтирмайди. Кечаю кундуз шай туришимиз лозим. Қўл телефонларимиз... ишлаб туриши керак!
– Тоҳир Ғофурович, узр! Тепада... тўлқин... бошқа қайтарилмайди!
– Бир антиқа иш чиқиб қолди, – деди бошлиқ столи утида турган жиноят ишига ишора қилиб. – Бошида унчалик аҳамият бермагандим. Бугун мутахассислар хулосасини олиб, ҳангу манг бўлиб қолдим... Қисқаси ўтган ҳафтада Тошкент аэропорти божхона постида Германияга даволанишга кетаётган бир ногирон йигит ва унинг аёли қўлга олинган. Йигит семириб кетган – нақд 150 кило келади, инсульт олиб, чап томони ишламай қолган. Қандайдир бир ногиронларни қўллаб-қувватлаш жамияти беморга ҳомийлик қилиб, хорижда даволанишга маблағ ажратган, бемор семизлигидан оддий ногиронлар аравачасига сиғмаганлиги сабабли махсус аравача ясатиб беришган. Божхона назоратидан ўтишда ўша қўлбола аравача божхона ходимларида шубҳа уйғотган. Устидаги резина ва пласстмасса ғилофларни олиб ташлаб, қарашса араванинг асоси – креслоси соф тилладан ясалган экан. Тасаввур қилинг, қарийб 25 килограмм соф тиллони олиб чиқиб кетишмоқчи бўлган экан. Терговни транспорт прокуратураси олиб бораётганди. Бугун мутахассисларнинг хулосасини олгач... иш биз ўйлагандан кўра анчагина мураккаб эканлигига амин бўлдик. Буни қарангки, ўша тилло тахт Бухоро амири Сайид Олимхонга тегишли тахти бўлиб чиқди...
– Бухоро амирининг... Сайид Олимхоннинг тахти! – Фахриддин қулоқларига ишонгиси келмасди.
– Ҳа-ҳа! Бухоронинг сўнгги амирига тегишли тахт.
– Ногирон амирнинг авлодларидан эканми? – деди Санжарбек таажжубини яширолмай.
– Йўқ-да! У шўрликнинг тахтга ҳеч қандай алоқаси йўққа ўхшайди. Кимдир ундан тахтни хорижга олиб чиқиб кетишда фойдаланмоқчи бўлган. Ҳозирча ўша кимсанинг кимлиги ҳам аниқланмаган. Улар ҳам шу рейсда учмоқчи бўлганми ёки Германияда кутиб олиши лозим бўлганми ёхуд ортидан бормоқчи бўлишганми, номаълум. Энг ёмони, ногирон йигит ҳам, унинг аёли ҳам ҳомийларининг кимлигини суриштириб ўтиришмаган. Фақат исми «Қодир»лигини билишади. «Беғараз ёрдам бераман, даволатаман» деса юраги ёрилиб, сўраб-суриштириб ўтирмасдан иштонини йўл-йўлакай кийиб, сафарга ошиқишган.
– Балки ҳеч қанақанги «ҳомий» йўқдир! – Фахриддин миясига келган фикрни яшириб ўтирмади. – Тахт ўзига тегишлидир. Ота-боболаридан мерос ўтган бўлса...
– Бўлиши мумкин! Аммо терговчининг фикрича, йигит отамерос бойлик олган бойга ўхшамасмиш...
– Талабалик пайтимизда тарих устозимиз Бухоро амирининг олтинлари хусусида гапириб берганди. Айтишларича, Фрунзе бошчилигидаги большевиклар қўшинлари бостириб киришидан олдинроқ Саид Олимхон хазинасининг бир қисмини туяларга юклаб, Афғонистон томонга қочган. Қашқадарё, Сурхондарё воҳасида хазинанинг катта қисмини ғорга яшириб, ўзи Кобул томонга ўтиб кетган. Кейинчалик хазина кўмилган жойлар совет иттифоқи тасарруфига ўтиб, амир олтинларини олиб кетишнинг уддасидан чиқолмаган. Балки ўша ғорни кимдир топганмикан?
– Балким! Хуллас, кўп нарсага аниқлик киритишга тўғри келади, – бошлиқ стол устидаги папкани терговчига узатар экан мусоҳабага якун ясади. – Жиноят ишини ўзингиз қабул қилиб, жиддийроқ шуғулланишингизга тўғри келади. Гап фақат олтин хусусида эмас, балки жуда ноёб миллий бойлигимизнинг Республикадан четга олиб чиқиб кетилиши, миллий меросимизни сақлаб қолиш масаласида кетаётганини унутманг! Боягина бош прокурорга ахборот бериб чиқдим. Иш шахсан у кишининг назоратида! Фурсат ғанимат! Тинимсиз ишлаш талаб этилади. Ҳар доимгидек Санжарбек сизга кўмаклашади...
– Тушунарли! – терговчилар шахдам одимлаб, хонадан чиқишди.
Икки-уч соат мобайнида бош кўтармасдан иш билан танишиб чиққан терговчилар учта тахминни илгари суришди: биринчи тахмин – «тилло тахт»ни хорижга олиб чиқиш Шомақсуд ва унинг хотини Амина томонидан бойлик орттириш мақсадида содир қилинган. Уларга бу бойлик ота-боболаридан мерос бўлиб ўтган. Бундай катта бойликни Ўзбекистонда сотиш имконини қилолмагач, хорижга чиқариб пуллашга ҳаракат қилишган. Иккинчи тахмин – Бухоро амирининг йўқолган хазинасини бирор киши топиб олган ва ногирон шахсдан фойдаланиб, уни четга чиқариб кетмоқчи бўлган. Ёки бойликни узоқ вақт давомида ўзида сақлаб келган, сотишга мижоз тополмаган. Айни пайтда пулга муҳтожлик сабабли тиллони сотиш учун йўл ахтарган. Учинчи тахмин – Амир Олимхоннинг авлодларидан бирида бобосининг хазинаси жойлашган манзилнинг харитаси сақланиб қолган ва у Ўзбекистонга келиб, хазинани топишга эришган. Хазинани чет элга олиб чиқишда оми одамлардан фойдаланмоқчи бўлган. Балки бу биринчи уриниш эмасдир. Муқаддам шунақа йўллар билан хазинанинг катта қисми хорижга чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин.
Кеч бўлиб қолганлигига қарамасдан гуруҳ раҳбари Санжарбекка Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхоннинг хазинаси ҳақида маълумот тўплашни топшириб, ўзи аэропортга йўл олди. У ишни хизмат вазифасини адо этишда сергаклик кўрсатган божхона ходимларидан бошламоқчи бўлди. Ўзини Равшан Нишонов деб таништирган ходим ўша куни бўлиб ўтган воқеани яна бир бор гапириб берди. Фахриддин уни қунт билан эшитиб, сўради:
– Ногирон киши ўтирган аравачани текшириб кўриш қандай каллангизга келди ёки шубҳага боришингизга бирор сабаб бўлдими?
– Шунақа баҳайбат, тағин шол одамни аравачадан тушириб, текшириш жуда қийин масала. Бундан ташқари, унинг хатти-ҳаракатларида бирон нотабиийлик сезилгани йўқ. Текширишга астойдил киришганим ўша воқеадан бир кун олдин бир синфдошимнинг божхоначилар ҳақида айтган латифаси сабаб бўлди.
– Қанақа латифа?
– Собиқ шўролар даврида бир яҳудий Исроилга кўчиб кетмоқчи бўлибди. Божхонада унинг юкларини текшираётган божхона ходими юклар орасидан Лениннинг ҳайкалини топиб олибди. «Бу нима?» сўрабди у. Яҳудий: «Бу нима?» деманг, «Бу ким?» денг. Ул мўътабар зот – доҳийимиз Ленин. Хотирасини абадийлаштириш учун Исроилга олиб кетяпман» депти. Божхона ходими хурсанд бўлиб «ўтаверинг!», депти. Исроилга киришда божхона ходими юклар орасида ҳайкални кўриб қолиб, «бу нима?» деган саволни берибди. Яҳудий «Бу нима?» деманг, «Бу ким?» денг. Ахир, бу – ифлос Ленин-ку! Жаллод ва қонхўр ҳукмдор. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлган. Унинг жирканч башарасига ҳар куни туфлаб туриш учун Исроилга олиб келдим» деб жавоб қайтарибди. Божхона ходими хурсанд бўлиб, «олиб ўтинг» депти. Уйига келгач, яҳудий қариндошларини чақириб, зиёфат уюштирибди. Шунда бир жияни хайкални кўрсатиб, «Бу ким?» деб сўрабди. Яҳудий «Эй нодон! «Бу ким?» эмас, «Бу нима?» дейиш керак! Бу – ўн килограмм тоза олтин! Уни қанча қийналиб, нечта аҳмоқни чув тушириб бу ерга олиб келганимни билсанг эди!» депти.
– Ажойиб латифа экан! – деди Фахриддин кулгидан ўзини аранг тўхтатиб.
– Бу кунисига ёнимга ўша ногирон кеп турибди-да! Дабдурустдан хаёлимга ўтирган аравачаси тилло эмасмикан, деган фикр келса бўладими! Латифадаги ҳамкасбларимга ўхшаб, «аҳмоқ» бўлиб ўтирмай, деган ўйда...
– Нима деб ўйлайсиз, ўша ногирон Шомақсуд ва хотини Аминанинг қўлидан шунақа иш келадими?
– Ростини айтсам, бунга унчалик ишонгим келмайди. Менимча, улар ҳақиқатни айтишяпти. Кўп йиллик тажрибамдан шуни биламанки, ҳар қандай пухта, ичидан пишган жиноятчи ҳам божхона назоратидан ўтишда ҳаяжонланади. Ўша куни мен уларни кузатдим. Эр-хотин ўзларини мутлақо эркин тутишди. Ҳатто аравачани кесишни бошлаганимизда ҳам уларда асабийлашиш аломатлари сезилмади... Ҳар ҳолда менга шундай туюлди...
Ўша куни навбатчиликда бўлган бошқа ходимлар ҳам Равшаннинг кўрсатмаларини тасдиқлашди ва ногирон ҳамда унинг хотинининг тиллога алоқаси бўлмаса керак, деган фикрни билдиришди...
* * *
Туни билан хаёлотнинг минг бир кўчасига кириб чиқиб, тиниқиб ухлай олмаса-да, ишга барвақт келган Фахриддин Санжарбекнинг компьютерга ёпишиб ишлаб ўтирганини кўриб ажабланди:
– Санжарбек, нима бало кечаси билан ишлаб чиқдингизми?
