автордың кітабын онлайн тегін оқу O'g'irlangan bolalik
КОМИЛ СИНДАРОВ
ТЕРГОВЧИ
ЎҒИРЛАНГАН
БОЛАЛИК
ДЕТЕКТИВ ҚИССА
СЎЗБОШИ ЎРНИДА
Муҳтарам ўқувчи!
Сизлар билан яна ғойибона учрашиб турганимдан мамнунман. Навбатдаги – олтинчи детектив асаримни ҳукмингизга ҳавола этмоқдаман.
Асар бутун дунё, хусусан, мамлакатимиз учун оғир синовли дамда – коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин кунларида ёзилди. Бу билан мамлакатимизда кўринмас балога қарши курашда муҳим ўрин тутаётган «Уйда қолинг!» «Китоб мутолаа қилинг!» каби ташаббусларга ўз ҳиссамизни қўшишни истадик.
Мазкур асар ҳам муқаддам чоп этилган «Қимматга тушган хато ёки қасоскор қалб исёни» (2013), «Темурийлар кутубхонасининг сири» (2015), «Кечиккан қасос» (2017), «Амирликнинг олтин тахти изидан» (2018), «Тунги қотиллик» (2019) детектив асарларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бош қаҳрамонлар – прокуратура терговчилари Санжарбек ва Фахриддин. Бу гал Санжарбек ҳамкасблари билан бир қишлоқда содир этилган серияли қотилликни тергов қилишга қўл уради. Асарда Фахриддин Каримовичнинг бошига оғир кулфат тушганлиги боис устозининг маслаҳатидан ҳам бебаҳра қолган терговчининг машаққатли меҳнати, қатъияти, топқир ва ўз касбига фидойилиги, адолат йўлида толмаслиги тараннум этилади.
Шуни эътироф этиш керакки, китоб реал воқеликка асосланган. Фақат биз ўша воқеаларга бадиий бўёқ ва бадиий-эстетик руҳ бериб, сайқаллашга ҳаракат қилдик. Прокуратура терговчилари, ички ишлар ходимларининг заҳматли меҳнатларидан аҳолини хабардор қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бирга, мамлакатимизда 2010 йилларда вужудга келган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий вазиятни ҳам борича кўрсатишга, жамиятда тўпланиб қолган муаммоларни қандай бўлса, шундайлигича очиқлашга ҳаракат қилдик. Зеро, халқимизда ёмонни кўрмай, яхшининг қадрига етиб бўлмайди, деган нақл бор. Ўзининг юксак салоҳияти билан дунё аҳлини лол қолдиришда давом этаётган, фидойи, халқпарвар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни энг ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшиш сари илдам одимлаб борар эканмиз, юртимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, айниқса, ёшлар, бугунги омон-омон замонлар қадрига кўпроқ етиши учун ўша машъум кунлар ҳақида тўлароқ маълумотга эга бўлишлари лозим, деб ҳисобладик. Зеро, Абдулла Қодирий айтганидек, «Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир». Яқин ўтмишни ўрганишни ҳам хосиятли деб билдик.
Асарни ёзиш ва нашрга тайёрлашда ўзларининг беминнат маслаҳатлари, фикр-мулоҳазаларини аямаган прокуратура фахрийси, криминалистика ва жиноятларни тергов қилиш услуби фани бўйича кўплаб қўлланма ва рисолалар муаллифи Мамасали Исомиддиновга, узоқ йиллар Ички ишлар органларида терговчи сифатида фаолият юритган, юридик фанлари номзоди Беҳзод Мўминовга, мухлисларимиз – Божхона институти талабаси Гулида Олимжоновага, ЎзННТМА кенгаши бош мутахассиси Зуҳра Абдуллаевага, журналистлар Ҳусан Нишонов ва Арслон Эшмуродовларга чексиз миннатдорлик билдиришни жоиз топдик.
Асар юзасидан қимматли таклиф ва мушоҳадаларингизни электрон манзилим (sindarov60@gmail.com) ҳамда фейсбукдаги саҳифамга (komilsindarov) йўллашингизни сўрайман.
Комил СИНДАРОВ,
Юридик фанлари доктори,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Санжарбек яшин ургандай сесканиб, уйғониб кетди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, ўз уйида эканлигига амин бўлгач, «Хайрият-э, туш экан!» деди пичирлаб. Ёнида беозоргина маст уйқуда ётган ёстиқдошини уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида юриб, нариги хонага ўтди. Пайпасланиб чироқни ёқди. Соатга қаради: тўртдан беш дақиқа ўтибди. Креслога ўтириб, кўрган тушини хаёлида жонлантиришга уринди: тавба, шунақаям бемаъни туш бўладими? Фахриддин Каримович билан қандайдир баланд қояда турганмиш. Бу қанақа чўққи, у ерда нима қилиб юрибди, номаълум. Худди алпинистларга ўхшаб бир-бирига арқон билан уланганмиш. Бир пайт устозининг оёғи тойиб, пастликка қулабди... Яхшиямки, арқонга осилиб қолибди. Санжарбек жонҳолатда икки-уч қулоч пастликда осилиб турган устозини тортиб олишга ҳаракат қилаётганмиш. «Устоз, маҳкамроқ ушланг, сизни тортиб чиқараман», деб бақирибди у. Фахриддин амаллаб ўзини ўнглаб олиб, арқонга ёпишибди. У нуқул «Санжарбек, илтимос қўйиб юборма, илтимос, мени чиқариб ол!!! Я-ш-а-ш-н-и х-о-ҳ-л-а-й-м-а-н!» дермиш. Санжарбек оёғини харсангга тираб, кучи борича тиришиб, устозини қутқаришга ҳаракат қилаётганмиш... Аммо қанча чиранмасин, устозини тепага тортиб олишнинг уддасидан чиқолмаётганмиш... Ҳар иккаласининг қўллари толиб, бармоқлари тилиниб кетган бўлса-да, арқонни қўйиб юбормаётганмиш... Юкнинг оғирлигидан бели узилиб кетаёзган, устозига қўшилиб, ўзи ҳам жарликка қулаб тушишига бир бахя қолаётган бўлса-да, Санжарбек жон-жаҳди билан чиранишда давом этаётганмиш... Фахриддин қутулиб қолишдан умидини узиб, «Арқонни қўйиб юбор, бўлмаса сениям тортиб кетаман! Арқонни ечиб ташла!» деб бақирибди. Санжарбек кўзларидан ёш отилиб, «Йўқ, йўқ! Қўйиб юбормайман, сизни чиқариб оламан!» дея чиранишда давом этаётганмиш. «Илтимос, арқонни қўйиб юбор, барибир тортиб ололмайсан!» қичқирибди устоз. Санжар унинг гапига парво қилмай терлаб-пишиб, жон талвасасида арқонни белига ўраганча маҳкам тортиб турганмиш... Шу пайт Фахриддин қўнжидан пичоқ чиқариб, арқонни кесиб юборибди ва тубсиз жарликка қулабди. «Фахриддин ака! Нима қилиб қўйдингиз! Ф-а-х-р-и-д-д-и-н а-к-а!»
Бу қандоқ туш бўлди? Устоз жар ёқасида турибдимикан? Шу топда Санжарбекнинг хаёлига Баҳром Садировичнинг «Сенга бетгачопарликни ўргатган Фахриддин Каримович жанобларига ишоняпсанми?... Ишонганинг ким бўлсаям, яқинда думи тугилади!» деган гаплари келди.
Устоз тинчмикан? Омонмикан? Қўнғироқлашганларига ҳам уч-тўрт кун бўлди. Ўшанда сўраганда «Ҳаммаси яхши», дегандилар. Устоз, асосан, унинг ишлари билан қизиққанди, такрор-такрор эҳтиёт бўлишни тайинлаганди. Аммо ўзида бирор муаммо борлигини билдирмаганди-ку. Овози оҳангидан кайфияти олдингидай эмаслигини дарров пайқаганди. Ҳар доимги ҳазиломуз гап-сўзлар бўлмаганди. Ўшанда бунга унчалик аҳамият бермаганди...
Йўқ, йўқ! Хаёл – душман, дейдилар. Фахриддин Каримович ҳалол, тўғрисўз, ишдан бошқа нарсани билмайдиган, одамларга эзгулик улашишдан чарчамайдиган, фидойи инсон бўлса, ким уни ёмонотлиқ қилиши, пешонасига тамға ёпиштириши мумкин... Бошқа томондан бу «қутурган итлар», «заҳарли илонлар»нинг қўлидан ҳар бало, ҳар қандай қабиҳлик, разиллик келишини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бу замонда яхшини ёмонга, оқни қорага, покни нопокка чиқаришдан осони бормикан?!
Санжарнинг уйқуси қочиб, китоб жавонидан «Туш таъбирлари»ни топиб, варақлашга тушди. «Жаннат»... «жаноза»... «жарлик» – тушда жарлик кўриш яхшиликка таъбир қилинмайди, хавф-хатардан огоҳлантириш, севишганлар айрилиши, ёмон дўст, қўрқув, туҳмат, афсусланиш, ўлим билан тугайдиган жанжал, мол-давлатини йўқотиш, хавфли ёнғинга ишора...
Ҳафсаласи пир бўлди. Китобни ёпиб, ўзича пичирлади: «Тушим тескари келган бўлсин-да!» У оёқ учида юриб, жойига чўзилар экан, уйғониши билан устозига қўнғироқ қилишни кўнглига тугди...
Санжарбек барвақт туриб, одатига кўра, ярим соат жисмоний тарбия билан машғул бўлди. Сўнг қўл телефонини олиб, Фахриддин Каримовичнинг рақамини терди. Гўшакни ҳеч ким кўтармади. Яна икки марта рақамни қайтадан терди. Жавоб бўлмади. «Балки ювинаётгандир, балки телефонини овозсиз режимдан чиқариш ёдидан чиққандир», деган хаёлга борди ва кейинроқ – ишга боргач, қўнғироқ қилишни ўйлаб қўйди.
Шу вақт ичида фарзандларини мактабга, боғчага кузатган Мафтуна дастурхонни ўзига хос нозик дид билан безатиб, тўрасини кутиб турарди:
– Ассалому алайкум, адаси, хайрли тонг, яхши дам олдингизми?
– Раҳмат, болалар кетишдими?
– Кетишди, – деди Мафтуна косадаги қайноқ сутни эрининг олдига қўяр экан, – кеча айтиш ёдимдан чиққан экан, Муслимангизнинг бўйи чўзилиб, кийимлари торлик қилиб қолган. Туфлиси ҳам сиғмай қолибди. Шунга бугун вақтингиз бўлса...
– Бугун ойлик беришади, тушликда ёнимиздаги дўконга кириб чиқаман.
Мафтуна «Тўнғичингизга ҳам бирор нарса қўшиб оларсиз, тағин ўксиниб ўтирмасин», демоқчи бўлди-ю турмуш ўртоғининг кайфияти унчалик яхши эмаслигини фаҳмлаб, сукут сақлашни маъқул билди. «Ўзидан билиб бирор нарса олар-да», деб ўйлаб қўйди.
Нохуш туш таъсиридан қутулолмаган Санжарбек наридан-бери иштаҳасиз тамадди қилиб, туришга шайланди. Бир хаёл тушини хотинига айтиб, кўнглини бўшатиб ҳам олмоқчи бўлди. Аммо онасининг «Ёмон тушни бировга гапириш бехосият бўлади, яхшиси, тушни сувга айтган маъқул», деган ўгити ёдига тушиб, фикридан қайтди.
Санжарбек хонасига кириши билан бир неча бор устозининг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Натижа бўлмагач, хизмат телефонидан устозининг ишхонаси рақамини терди. Гўшакни котиб йигит кўтарди:
– Ассалому алайкум, эшитаман.
– Жасуржон, яхшимисиз? Мен Бош прокуратурадан терговчи Санжар Раҳмоновман. Негадир Фахриддин Каримовичнинг телефонига тушолмай турибман, ишдамилар?
– У киши... й-ў-қ э-д-и-л-а-р...
– Қаердалар, қачон қўнғироқ қилсам бўлади?
– Б-и-л-м-а-д-и-м... Ҳеч нарса деёлмайман. Кечирасиз, олдимда одамлар бор эди, – дея котиб гапни мухтасар қилиб, гўшакни жойига қўйди.
Йигитнинг тутуруқсиз, ноаниқ жавоби, талмовсираши Санжарбекка ёқмади. Ичига ғулғула тушди, ҳаловати йўқолди. Оёқ-қўлини титроқ босиб, жойидан туролмай қолди. Нима қилиш керак? Бу ерда бир гап борга ўхшайди! Наҳот кўрган туши рост бўлса! Йўқ, йўқ, ваҳима кўтаришга асос йўқ! Балки мажлисдадир. Балки бетоб бўлиб, ишга чиқолмай қолгандир. Унда анави котиб нега телба-тескари гапирди? Ёки танимадимикан? Йўқ, ўзини таништирди-ку! Ҳар сафар «Санжар ака» дея тавозе билан гаплашарди-ку! Балки шунчаки ишдан кетгандир. Шунга бу боланинг гап-сўзи ўзгариб қолгандир...
Бир зумда Санжарбек хаёлотнинг минг бир кўчасига кириб чиқди. Унинг миясида «ваҳималар қўшини» бир тараф, уларни инкор этувчи «тасаввурлар қўшини» иккинчи тараф, аёвсиз «жангу жадал»га киришганди. Соҳиб қанчалик адолатли бўлишга, инкор этувчи ҳисларга ён босишга ҳаракат қилмасин, «жанг»да ваҳималар «қўшини» устун келаётгандай эди...
Терговчи соатига бир қараб, қоғоз-қаламини олиб, Бош прокурор ўринбосари ҳузурига шошилди. Тик турганча телефон мурватини бураб турган йигит Санжарбекни кўриб, гўшакни жойига қўйди:
– Санжар ака, ассалому алайкум, сизга қўнғироқ қилиб тургандим, шеф сўрагандилар, кираверинг.
Терговчи котибга миннатдорлик билдириб, ичкарига кирди.
– Ассалому алайкум, Тоҳир ака, – Санжарбек подадан олдин чанг чиқармаслик мақсадида босиқроқ бўлишга ҳаракат қилди, – сўраган экансиз?
– Ваалайкум ассалом, келинг, ўтиринг, – жой кўрсатди раҳбар ўрнидан қўзғалмасдан.
Санжар терговчи эмасми, раҳбарнинг юз қиёфасидан қандайдир нохушлик рўй берганини пайқади.
– Балки ўзингиз ҳам эшитгандирсиз... – Тоҳир Ғофурович мунгли, аламли овозда гап бошлади, – кеча тунда Фахриддин Каримовични... қамоққа олишди...
– Қа-моқ-қа... Ким қамоққа олади? Қ-а-н-д-а-й қилиб? Нега? Нимага? Ахир... – Санжарнинг тили калимага келмай қолди, устидан совуқ сув қуйилгандай аъзойи бадани қалтираб кетди.
– Ким бўларди, анави муттаҳамлар-да! – деб елкасига ишора қилди Тоҳир Ғофурович. – Вилоят хавфсизлик хизмати коррупция бошқармасида Қодир Тўраев деган бемазаси бор. Ёдингизда бўлса, унинг хурмача қилиқлари ҳақида олдин ҳам сизга айтгандим. Нақ Худодан қайтган, безори! Анча пайтдан бери таъқиб қилиб юришган экан... Нима, Фахриддин сизга айтмаганмиди?
– Фахриддин ака билан гаплашганимга 3-4 кун бўлди. Ҳеч нарса демаганди-ку!
– Сизни ташвишга солишни истамаган. Мен билан маслаҳатлашиб турганди. Неча марта айтдим-а, – прокурор ўринбосари паст овозда, деярли пичирлаб гапида давом этди, – шу итлар билан тенг бўлма, деб. Ўжарлик қилди. Айтганидан қайтмади. Оқимга қарши сузишдан чўчимади. Мана оқибати!!!
– Н-и-м-а айб қ-ў-й-и-ш-я-п-т-и? – сўради Санжарбек титраб-қалтираб.
– 210 ни қўйиб ўтиришибди [1]. МХХ қайсидир туман прокуратураси терговчисини қамаган ва ундан гўёки Фахриддинга пора берганлиги ҳақида кўрсатма олишган.
– Тоҳир ака, сиз шу гапларга ишонасизми? Ахир Фахриддин Каримович... кристалдай тоза... Пок...
– Биламан, биламан! Фахриддинни ҳаммадан кўра мен яхши биламан, тоза, ҳалол бола, – раҳбар яна овозини пасайтирди. – Аммо анави очофатлар учун бунақа прокурорнинг кераги йўқ. Уларга кўзи кўр, қулоғи кар, гаранг, қаёққа етакласа кетаверадиган қўйлар, манқуртлар керак...
– «Терпела»... кечирасиз, пора берувчи ким экан?
– Ким бўларди, ўзларининг қасамхўр шотирларидан бири-да! Бировга туҳмат қилишдан чўчимай қўйди бу аблаҳлар!
– Наҳотки, кимсан вилоят прокурорининг ўринбосари туҳмат қурбони бўлиб ўтирса!!! Унда оддий одамлар, тадбиркорлар нима қилсин, тушини кимга айтсин?!!!
– Бу аблаҳлар учун на ҳоким, на прокурор, на суд, на милициянинг бир чақалик қадри йўқ. Ёқмай қолса, хоҳлаган одамини қамоққа тиқади!!! Аммо Фахриддинни қамай олмаса керак, деб ўйлагандим. Нари борса, ишдан бўшатар, деб орқайин бўлиб қолдим-да!
– Тушунмай қолдим, Фахриддин акам кимнинг арпасини хом ўрган экан? Иши бошидан қолсин, қамаб нима қиларди?!!! – Санжар ҳамон ғазаб отидан тушолмаётганди.
– Арпасини қандай ўрганини билмадим-у, лекин уларнинг кирдикорларига кўз юммаганлиги, қинғир ишларига халақит қилгани аниқ. Улар бир неча марта бу ишларга бурнингни тиқма, деб огоҳлантиришган.
– Қ-а-н-а-қ-а иш экан, шунчаликка борадиган? – Санжарбек ҳамон ўзига келолмай титрарди.
– Ҳаммаси Афғонистондан наркотик моддалар олиб ўтувчи жиноий гуруҳни қўлга олишдан бошланган. Бу Қодирга ёқмаган. Ишни ёпди-ёпди қилишни талаб қилган. Фахриддин унинг бу талабини рад этган ва жиноятчиларни қамашга эришган. Шу-шу, Қодир тўнини тескари кийиб олган. Тап тортмасдан вилоят прокурори ўринбосарига «Сени қаматмасам отимни бошқа қўяман!» деб ўшқирган. Фахриддин ҳам бўш келмасдан «Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбор!» деган. Мен Фахриддинга «Ҳой бола, кўзингга қара, бу ярамаснинг қўлидан ҳар бало келади, эҳтиёт бўл, муросаю мадора йўлини танла», деб кўп айтдим. «Қинғир ишга қўл урмасам, қонунни бузмасам, қўлидан нима келарди», деб орқайин бўлди бу боласи тушмагур...
– Тоҳир Ғофурович, энди нима қиламиз? – болалардай жавдиради Санжарбек.
– Қўлимиздан нимаям келарди! – раҳбар чуқур «уфф» тортди.
– Қўлимизни қовуштириб, қараб ўтираверамизми? – Санжар номаъқул сўзлаб қўйганини англаб, гапини тўғрилашга ҳаракат қилди. – Бош прокурор аралашса... балки...
– Хабари бор, эрталаб яна кирдим, – ўринбосар овозини пасайтирди, – «Қўлимиздан нима келарди», деб елкасини қисади. Биласиз, у киши жуда эҳтиёткор, қатиқниям пуфлаб ичади, ўзига гард юқтиргиси келмайди.
– Фахриддин Каримовичнинг тоза, ҳалол одам эканлигини билади-ку, наҳот Бош прокурор ўз ходимини бир муттаҳамнинг туҳматидан асраб қололмаса! – тутақиб кетди Санжар. – Прокуратуранинг ўрни қаерда қолди?
– Эйй, болам-а, худди осмондан тушгандай гапирасиз-а! – деди Тоҳир Ғофурович ўрнидан туриб. – Прокуратурада позиция қолибдими! «Қўшни»ларнинг «куратор» деган мишиқиси кеп қолса, худди Афлотун келгандай Бош прокурорнинг ўзи то мошинасигача кузатиб тушса... Пойига патак бўлиб турса... Бошқалар нима қилсин! Ҳамманинг жонини опқўйган. Прокурор ҳам, суд ҳам, милиция ҳам шу бемазаларнинг малайига айланиб бўлди! Чизган чизиғидан чиқолмай қолди! Дардимизни кимга айтамиз! Сиз ёрдам дейсиз... Бировга ёрдам қиладиган ҳолимиз қолдими? Ишонсангиз, мен, Бош прокурор ўринбосари мана шу лаънати креслода игнанинг устида ўтиргандай муваққат ўтираман. Қаердан, қачон, қанақа фалокат келишини билмайсан! Кун санаб вақт ўтказасан! Шунча йил ишлаб, қариган чоғимда шарманда бўлиб қолишдан қўрқаман... Эйй, падарига минг лаънат шу ишиниям! Ўз ихтиёринг билан ташлаб ҳам кетолмайсан!...
– Унда нима қилсак бўлади, Тоҳир ака? Фахриддин аканинг биз билан сиздан бошқа кими бор?
– «Қўшни»ларнинг орасида ҳам иймон-эътиқодли, ҳалол инсонлар кўп, – босиқлик билан деди раҳбар, – мен биттаси билан гаплашиб кўрай, ҳеч бўлмаганда вазиятни енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Қодир ўлгур «ШР»нинг одами эмиш. Иккаласини бир тешикка... ҳалигидай қиладиганлардан дейишади. Ҳеч кимни мирламай, кариллаши шундан...
– Мен нима қилай, Тоҳир ака? – раҳбарнинг «Енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз», деган гапи Санжарнинг кўнглида салгина умид уйғотгандай бўлди.
– Сиз биринчи навбатда, Фахриддиннинг аёлидан хабар олинг. Эшитган бўлса, келин бечоранинг аҳволи нима кечди экан? Барибир чидаб туролмаса керак. «Термизга бораман», дейиши табиий. Керак бўлса, қўшилиб Термизга олиб боринг. Ўзингиз кўриниб юрманг. Келинни эрининг олдига киритишга ҳаракат қилинг. Мен вилоят прокурорига тайинлаб қўяман, ҳеч бўлмаганда терговчининг кабинетида учрашув ташкил қилишга ёрдам беради. Вазиятни билинглар. Балки сизга, менга бирор гапи бордир... Келинга тайинланг, Фахриддин унчалик тушкунликка тушмасин, ўзини эҳтиёт қилсин, соғлиғини асрасин! Сабр қилсин! Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Умидини узмасин! Бедаво дард, бевақт ўлимдан Роббимнинг Ўзи сақласин. Бошқасига бир илож топилар... Бу ҳам Худонинг бир имтиҳонидир. Аллоҳ суйган бандаларига синов беради, дейдилар-ку!
– Тушунарли, – Санжарбек ўрнидан қўзғалди. Раҳбарнинг насиҳатлари уни ҳам бироз тинчлантиргандай, дардига малҳам бўлгандай бўлди...
– Аммо, Санжаржон болам, жуда эҳтиёт бўлинг, – деди раҳбар ўзгача бир меҳрибонлик билан. – Анави исковучлар ҳид олмасин! Айни пайтда сизгаям ортиқча машмашанинг кераги йўқ. Иложи бўлса, таксида кетинглар. Йўқлигингизни билдирмай тураман.
Санжарбек раҳбар билан унсизгина хайрлашиб, қабулхонадан чиқди. Оёқ остидан Баҳром Садирович чиқиб қолмаслиги учун тез-тез одимлаб, ташқарига шошилди. Ён чўнтагидан қўл телефонини олиб, қаради. «Фахриддин Каримович уй» деб ёзилган рақамдан 5 марта қўнғироқ бўлганлигини кўриб, юраги «шиғ» этиб кетди, хаёлидан «эшитибди-да» деган ўй ўтди. Мошинасига ўтириб, бояги рақамни терди:
– Ассалому алайкум янга, яхшимисиз?
– С-а-н-ж-а-р-ж-о-н, а-с-с-а-л-о-м-у алайкум... А-к-а-н-г-и-з-н-и... А-к-а-н-г-и-з-н-и… қ-а-м-а-б... – Назиранинг пиқиллаб йиғлаётгани эшитилди.
– Хабарим бор... Хабарим бор, янга... Ҳозир сизларникига кетяпман... Ўн дақиқада етиб бораман!
Санжарбек йўлда кетаркан, ўзи шундай тушкун ҳолатда ўзганинг кўнглини қандай кўтариш, мусибат домига чўккан муштипар аёлга қандай таскин беришни ўйларди: Нима дейди? Бу шунчаки англашмовчилик, тезда ҳаммаси жойига тушади, устоз оиласи бағрига қайтади, десинми? Ё чорасини кўряпмиз, Тоҳир Ғофуровичнинг шахсан ўзи шуғулланяпти, тезда англашилмовчилик барҳам топади, десинми? Алдасинми? Аёл бечорани ёлғондакам умидвор қилсинми? Аслида, на у, на прокуратура раҳбарияти ҳақиқатни қарор топтириш, айбсиз инсонни қамоқдан чиқариш, адолатни тиклаш учун ҳеч нарса қилолмаяпти-ку! Прокуратура тизимида шунча йил ҳалол меҳнат қилган, жонкуяр, фидойи ходимнинг ҳақсизлик, туҳмат ботқоғига ботиб бораётганини томошабин бўлиб кузатиб ўтиришдан бошқа ҳеч иш қўлимиздан келмайди, нотавонмиз, прокурор эмас қўғирчоқмиз, ҳамма ҳақ-ҳуқуқ, инон-ихтиёр анави касофатларда, деб қандай айтсин!!! Шундай ҳалол, покиза, иймонли инсонни нимага қамашди, айби нима деса, нима деб жавоб қайтаради?
Шу ўй-хаёллар оғушида манзилга етиб келган Санжарбек мошинасини беш қаватли уйнинг олдида қолдириб, иккинчи қаватга кўтарилди. Остонада уни Назира кутиб олди:
– С-а-н-ж-а-р-б-е-к... К-е-л-д-и-н-г-и-з-ми? – Аёлнинг кўзлари жиққа ёш эди. – Бу қандай кўргилик, ука? Фахриддин акамни... Нега қамашади? Тавба қилдим! Прокурорниям қамайдими? Сиз бирор нарсани биласизми?
– Янга, кўп ваҳима қилмай турайлик, балки бу бир англашилмовчиликдир, – Санжарбек ўзи ишониб-ишонмай олдиндан ўйлаб қўйган юпанч сўзларини ишга солди. – Биласиз, устоз ҳеч қачон қонунни бузмайди, қинғир ишга қўл урмайди!
– Унда нега қамашади? Шунчаликка боришадими?
– Балки бирортаси туҳмат қилгандир? Бирортаси кўролмасликдан уюштиргандир?
– Илоҳим уюштирмай уйига ўт тушсин! Бўҳтон қилганларнинг юзини тескари қилсин! – деди Назира йиғидан қизариб кетган кўзини рўмолининг учи билан арта туриб.
– Янга, сизга бу хабарни ким етказди? Устоз қўнғироқ қилдиларми? – қизиқди терговчи.
– Йўқ, акангиз билан кеча кечқурун гаплашгандим. Ҳеч нарса демаганди. Эрталаб, болаларни мактабга кузатиб, ўзим ишга кетмоқчи бўлиб турганимда қўнғироқ бўлиб қолди. Кўтарсам, бир йигит «Опа, мен Термизданман, Фахриддин акани кеча қамаб қўйишди», деди. Бошимдан муздай сув қуйилгандай, ўзимни йўқотиб қўйдим. «Кимсан, нимага қамайди?» дейиш ҳам эсимга келмабди...
– Рақами телефонингиз хотирасида сақланиб қолгандир? – сўради Санжарбек терговчилигига бориб.
– Йўқ, рақами «засекреченный» чиқди... Энди нима қиламиз, укажон? – Назира нажот кўзи билан ҳамсуҳбатига қаради.
– Янгажон, бир иложи топилар. Тоҳир Ғофурович, қолаверса, Бош прокурорнинг шахсан ўзи шуғулланяпти, Худо хоҳласа устоз чиқиб кетади,– деди Санжарбек ёлғон гапираётганидан ҳижолат чекиб.
– Ишқилиб чиқиб кетармикан, ука? – аёлнинг кўзларида умид учқунлади. – Дардини берган Аллоҳ шифосини ҳам ўзи берсин-да! Борларингизга шукур, укажон, борларингизга шукур! Яхшиям, бахтимизга сизлар бор экансизлар...
Ноўрин ҳамда асоссиз мақтовдан Санжарбекнинг юраги сиқилди, жавобига сўз тополмай, кўзини олиб қочди. Аммо шу топда бир хокисор инсонни тинчлантириш, эри учун жонини ҳам беришга тайёр турган аёлни юпатиш учун шундан бошқа чораси йўқлигини ўйлаб, ўзини «оқлаш»га ҳаракат қилди.
– Санжаржон, мен болаларни тоғамникида қолдириб, Термизга кетмоқчийдим...
– Мен ҳам сиз билан бораман.
– Ишингиз-чи?
– Эйй, иш бир гап бўлар, қочиб кетмас! Тоҳир Ғофуровичдан жавоб сўрадим. Бирга кетамиз, илоҳи омин, йўлимиз оқ, сафаримиз бехатар бўлсин!
– Илоҳи омин, Фахриддин акамнинг мушкуллари осон бўлиб, болалари бағрига қайтиб келсин! Кўрмагандай бўлиб кетсин!
Дуога қўл очиб, юз силашди. Санжарбек «Сизни кўчада кутиб тураман», деб пастга тушиб кетди. Назира тоғасининг хотинига қўнғироқ қилиб, эри Термизга чақириб қолганини айтиб, болалар мактабдан қайтгач, кўз-қулоқ бўлиб туришини тайинлади. Апил-тапил кийиниб, ташқарига отилди...
Қуёш уфққа бош қўйганда улар тушган такси Термиз шаҳрига кириб келди. Манзилга яқинлашар экан Санжарбек ишни нимадан бошлашни, кимга учрашишни, қандай йўл тутишни тафаккур чиғириғидан ўтказиб келарди: ҳали эрта, прокуратурада иш қайнаб ётибди. Кеч тушишини кутиш керак. Бирор ҳолироқ жойда тўхтаб, чой-пой ичиб олиш мумкин. Терговчи Рамазон Ҳусановни ўша ерга чақириб, вазиятга ойдинлик киритиб олса ёмон бўлмасди...
– Ака, қаёққа қараб ҳайдай? – сўради ҳайдовчи.
– Бизни бирор ҳолироқ жойдаги ошхонага ташлаб қўйсангиз, тамади қилиб олардик, ошқозонам пиёзнинг пўстлоғи бўлиб кетди-ку! – деди терговчи қорнини сийпалаб.
– Укажон, акангизнинг ёнига бораверсак бўлмайдими? Чой ичиш бўлса, қочмас, – деди Назира соддалик билан.
– Янга, гап чойда эмас, прокуратурадаги дўстларни чақириб, олдин вазиятни билсак, дегандим. Кейин вилоят прокурорига кирамиз.
Назира «хўп» дегандай бош ирғаб қўйди. Аммо Бош прокуратура терговчисининг вазиятни билиш учун бунақа паналаб туриши юрагидаги ҳадикни оширгандай, аҳвол у ўйлагандан кўра мураккаброқ эканлигини англатгандай бўлди. Санжарбек сал четроққа ўтиб, телефонда ким биландир анча гаплашди. Сўнг қайтиб келиб, таомга буюртма берди. Ёшгина официант йигит бирпасда дастурхонни тўлдириб ташлади...
Ярим соат ўтар-ўтмас Санжарбек айтган одам етиб келди. Ҳамкасблар эски қадрдонлардай қучоқлашиб кўришди.
– Бу киши Рамазонжон, муқаддам бир жиноят ишини биргаликда тергов қилганмиз, – меҳмонни таништирди Санжарбек. Сўнг дўстига қараб деди: Назира опа – Фахриддин Каримовичнинг турмуш ўртоғи.
– Ассалому алайкум янга, яхши етиб келдингизларми? – Рамазон қўлини кўксига қўйиб, илиқ сўрашди.
– Раҳмат, ўзларингиз омонмисизлар? Укажон, нима бўлди ўзи, ҳеч нарсани тушунмай қолдик? – аёл чидаб туролмади.
– Бизам ҳайронмиз, етти ухлаб тушингга кирмайдиган ишлар бўляпти. Одамнинг ишонгиси келмайди...
– Фахриддин акамга нима айб қўйишяпти?
– Бундан бир ойча олдин, – Рамазон атрофга олазарак аланглаб олгач, деярли шивирлаб гапида давом этди, – вилоят хавфсизлик хизмати Қумқўрғон туман прокуратураси терговчисини қамаганди. Айтишларича, ўша йигит «Фахриддин акага ўтган йили 1000 доллар пора берганман», деб кўрсатма берганмиш. Ҳозир анави терговчини қўйиб юборишган. Кеча уни прокуратурада кўриб қолдим. «Нега унақа қилдинг, туҳматдан қўрқмайсанми?» десам, безрайиб, «Нима қилай, бор гапни айтдим-да» дейди. Лекин кўзимга тик қарай олмай қочиб қолди. Уни Фахриддин акага қарши кўрсатма беришга мажбурлашгани аниқ, «Кўрсатма берсанг, сени чиқариб юборамиз», деб шарт қўйишган...
– Ҳозир Фахриддин акам қаерда, – сўради Назира, – кўрсам бўладими?
– Янга, бу кишини мен аҳволни билиш учун чақиргандим, – ҳамкасбининг ўрнига жавоб қилди Санжарбек, – учрашиш масаласини вилоят прокуроридан илтимос қиламиз.
– Унда тезроқ вилоят прокуратурасига борайлик, укажон!
– Борамиз, янгажон, борамиз! Ҳозир сиз ўтира туринг, биз Рамазон билан айрим нарсаларни келишиб олайлик, – деди Санжарбек касбдошини четга тортиб.
Терговчилар кўчага чиқиб, бироз гаплашиб турдилар. Сўнг Рамазон мошинасига ўтириб кетди. Санжарбек аёлнинг ёнига келиб, тинчлантиришга уринди:
– Ҳозир ишхонасига бориб, қўнғироқ қилади. Худо хоҳласа, бугун устозни кўрасиз...
– Айтганингиз келсин, укажон. Аллоҳ ишимизни ўнг, зўровонларнинг юзини тескари қилсин, илоё!
– Айтганингиз келсин! Янга, қани кабобдан олинг, ҳеч нарса емабсиз-ку, – деди Санжарбек дастурхонга ишора қилиб.
Чамаси бирор соатлардан сўнг Рамазон қўнғироқ қилиб, вилоят прокурори уни хонасида кутаётганини, уларни олиб келиш учун мошина юборганини хабар қилди...
Прокуратура биноси кириш жойида меҳмонларни чамаси 20-22 ёшлардаги ориққина, узун бўйли йигит қарши олди ва тўғри прокурорнинг қабулхонасига бошлаб борди. Бир муддат кутиб туришга тўғри келди. Ичкарида прокурорнинг ким биландир баланд овозда гаплашиб тургани узуқ-юлуқ эшитилиб турарди. Овоз тингач, қўнғироқ чалинди ва ёрдамчи меҳмонларни прокурор ҳузурига бошлади.
– Ассалому алайкум, Санжарбек, яхшимисиз? – оққувадан келган, ўрта бўйли, сочларига бирда-ярим оқ оралаган, кийган кийими ярашиб турган прокурор ўрнидан туриб, меҳмонларни илиқ қаршилади. – Яхши етиб келдингизларми? Марҳамат ўтиринглар.
– Дилшод Омонович, ўзингиз омонмисиз? Янги жойларга кўникиб қолдингизми? Уйдагилар...
– Аллоҳга шукур...
– Бу киши Фахриддин Каримовичнинг аёллари – Назира опа, – таништирди Санжарбек.
– Келин, сиз яхшимисиз? Болалар қалай?
– Алҳамдилиллаҳ, ўзларингиз яхшимисизлар?
– Ҳаммаси яхши дейишгаям тил бормайди, келинжон. Ҳар куни бир ғалва. Ҳозир Тоҳир Ғофуровичга ахборот бериб тургандим. Бу ёғи етмай тургандай бугун яна битта ходимимизни қўлга олишибди. Нимаймиш, туғилган кунида бир дўкондор синфдоши қўй олиб бориб берганмиш. На далилий ашё бор, на гувоҳ! Олдин тадбиркорни текширишган. Унча-мунча хатосини топиб, «Агар кимга нима берганингни тан олсанг, ишингни ёпти-ёпти қиламиз, акс ҳолда, қамаласан», деганмиш. Эййй, падарига минг ланъат! Ҳаммаси жонга тегиб кетди! Ишлашга қўйишмайди-я!
Нажот истаб келган меҳмонлар прокурорнинг дарди-ҳасратини эшитиб, ўнғайсизланди. Санжарбек бу муаммоларнинг ичида юргани учун прокурорнинг гапларидан ажабланмаётган бўлса, Назиранинг ёдига қайси бир алломанинг «Мен ундан ўзимга нажот истасам, нетай, табибимнинг ўзи ҳам бемор», деган гаплари тушиб, тоқатсизланди.
– Майли, бир гап бўлар, – Дилшод Омонович аёлдаги безовталикни фаҳмлаб, муддаога кўчди. – Бу тарафда ҳеч кутилмаганда Фахриддин Каримовичнинг муаммоси... Ҳаммамизни довдиратиб қўйди... Терговни бизнинг йигитлар қилаётган бўлса-да, анави «қўшни»лар ишнинг устига ўтириб олишган. Кимни сўроқ қилиш керак, қанақа далилни ишга қўшиш керак, нима қилиш керак, ҳаммасини ўзлари ҳал қилишяпти...
– Дилшод ака, нима қилса бўлади?
– Санжарбек, ўзингиз биласиз-ку, айни пайтда бу иш олов бўлиб турибди. Яқин борган одамниям куйдириб юбориши мумкин. Иш судга ошгандан сўнг...
– Ҳали иш судгаям ошадими-и? – Назиранинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
– Келинжон, сизни тушуниб турибман, – прокурор босиқлик билан гапирарди, – Фахриддин Каримович мен учун ҳам қадрли. Биз гарчанд унчалик узоқ муддат бирга ишламаган бўлсак-да, анча қадрдон бўлиб қолгандик. Шу қисқа даврда у ўзининг қатъиятли ва ҳалоллиги, тўғрисўз ва жасурлиги билан, ишга муносабати билан менинг, қолаверса, бутун жамоанинг ҳурматини қозонишга эришганди. Жамоада ҳамманинг ичи куйиб ётибди... Лекин нима қиламиз? Қўлимиздан ҳеч иш келмаяпти!!! Мен ўз фикримни раҳбариятга айтдим. Хавфсизлик хизматининг каттасига бориб, тушунтиришга ҳаракат қилдим... Масала жуда катта доираларда ҳал бўлганмиш... Мабодо унга ён босиб, ҳаракат қиладиган бўлсак биз ҳам ўша порага шерик бўлиб қолишимиз эҳтимолдан холи эмасмиш... Буни қаранг, вилоят прокурорига шунақа пўписа қилсалар-а!!!
– Дилшод Омонович, аввало, устознинг айбсизлигига ишонганингиз, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётганингиз учун катта раҳмат, – деди Санжар қўлини кўксига қўйиб, – тушунаман, ҳозирча бу ишга ҳеч ким аралашолмаслиги аниқ. Шундай бўлса-да, сиз вилоят прокурори, қолаверса, Фахриддин акамнинг яқин ҳамкасби сифатида ишни назоратингизда ушлаб турсангиз, шундай ажойиб инсоннинг тақдирини эътибордан четда қолдирмасангиз. Ҳақиқат эгилар, лекин синмайди-ку!
– Санжарбек, келинжон, бундан кўнглингиз тўқ бўлсин, – прокурор сал дадилланди, – мен Фахриддин учун қўлимдан келган ишни қиламан... Бундан хавотир олманглар...
– Дилшод Омонович, раҳмат сизга. Яна бир илтимос, агар имкони бўлса, – деди Санжарбек бўлиб ўтган гаплардан ҳафсаласи пир бўлиб, қайғу домига чўкиб ўтирган Назирага кўзи билан ишора қилиб, – янгам Фахриддин Каримович билан кўришса дегандим.
– Албатта, албатта, имкон топамиз, – прокурор ички телефонни кўтариб, «Раҳматилла Шавкатович, бир дақиқага ёнимга кирасизми?» деди мулойимлик билан.
Назира эри билан учрашиш имконияти пайдо бўлганидан кўнгли таскин топиб, кўришганларида унга айтажак гапларни, далда бўлажак сўзларни бисотидан ахтаришга тушди. Нима бўлгандаям ўзини руҳан дадил тутишга, бошига тушган бу кўргиликлар олдида нотавон ва ожизлигини сездирмасликка ҳаракат қилишини кўнглига тугди.
Сал ўтиб, хонага баланд бўйли, қорачадан келган йигит кириб келди.
– Раҳматиллажон, танишинг, бу киши Республика прокуратурасидан терговчи Санжар Раҳмонов, Назирахон – Фахриддин Каримовичнинг аёллари.
Раҳматулла Санжарбек билан қўл бериб кўришди, Назирага «Яхшимисиз, янга, хуш келибсизлар», деди одоб билан.
– Раҳматжон, анави «ўртоқларингиз» ҳалиям ўтиришибдими? – сўради прокурор овозини пастлатиб.
– Ҳозирча шу ерда, лекин қандайдир тадбири бор экан, шекилли, бугун эртароқ чиқиб кетмоқчи эди.
– Яхши, унда амаллаб келинни Фахриддин Каримовичнинг олдига олиб кирасиз, гаплашиб олишсин... Бунинг ҳеч қандай қонунсиз жойи йўғ-у, аммо анавилар сезиб қолиб, сасиб юришмасин тағин. Шунинг учун эҳтиёт бўлганингиз маъқул...
– Тушунарли, Дилшод Омонович, меҳмонлар қабулхонада кутиб туришса, бироздан сўнг уларни ўзим чақираман, – деди тергов бўлими бошлиғи хонадан чиқар экан.
– Санжарбек, унда сизлар кутиб турасизлар, бирор муаммо бўлса, бемалол айтаверасиз, ҳозирча хайрлашмаймиз, – прокурор ўрнидан туриб, меҳмонга қўл чўзди. Кейин тортинибгина турган Назирага юзланди: – Келин, сиз бардам бўлинг, Фахриддинжон ҳалол, тоза йигит. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади!
– Раҳмат, айтганингиз келсин, илоё! – миннатдорлик билдирди аёл.
Бирор соат ўтиб, тергов бўлими бошлиғи меҳмонларни бинонинг нариги қанотидаги хоналардан бирига таклиф қилди. Иш вақти аллақачон тугаганлиги учун йўлакда ходимлар кўринмасди. Раҳматилла Санжарбекни қабулхонада қолдириб, аёлни йўлакнинг охиридаги пештоқига «Тергов бўлими бошлиғи Р.Ш.Панжиев» деган ёзув илинган хонага бошлаб борди. Эшик ёнида қаққайиб турган икки милиция ходимини кўриб, Назиранинг кўнгли бузилди. Юраги қинидан чиққудай тез ура бошлади, оёқ-қўли қалтираб кетди. Остона ҳатлаб, хонага қадам қўяр экан, бурчакдаги стулда мунғайибгина ўтирган афтодаҳол эрига кўзи тушди:
– Ф-а-х-р-и-д-д-и-н ака... хўжайин... с-и-з-г-а н-и-м-а б-ў-л-д-и – аёл кўз ёшини тийиб туролмади ва югуриб бориб, ўзини хўжасининг бағрига отди.
– Вой, вой... ана холос, кўз ёши нечук? – Фахриддин одатича ҳазил қилди. – Мени Сибирга сургун қилишмаяпти-ку! Отадиган, осадиган замонлар ўтиб кетган-ку!
– Хў-ж-а-й-и-н, бу қандай кўргилик, пе-ш-о-н-а-м-и-з-да шунақа кунлар ҳам бормиди? – аёл эрининг гапларига парво ҳам қилмай уни маҳкам қучоқлаб турарди. – Энди нима қиламиз? Бу шармандаликка қандай чидаймиз?...
– Назира, бўлди жоним, бўлди. Ҳаммаси жойида! Ваҳима қилишингизга арзимайди..., – аёлининг сунбул сочларидан таралаётган муаттар бўй йигитнинг димоғига урилди. – Оҳ менинг гўзалим, Назирам... Худо хоҳласа ҳақиқат қарор топади, мана кўрасиз! Ҳозирча мени армияга кетган деб ҳисоблаб турасизлар!
– Вой манави одамни қаранглар-а, шу пайтдаям кўнглига ҳазил сиққанини... Мен тамом бўлдим-ку... Сизни шу алпозда кўриш... – Назира кўз ёшларини тиёлмасди. Устига-устак ёстиқдошининг уни «сиз»лаётгани ғашини қўзғарди. Тўғри, баъзида – ҳазиллашган кезлари эри унга «сиз»лаб қоларди. Бироқ шунақа кўнгилхираликда ҳазилга бало борми?
– Бўлди, бўлди, – Фахриддин аёлини маҳкамроқ қучоқлади, – кўз ёшингизга арзимайди! Мана мен, тўрт мучам соғ, бошим омон, ёнингизда турибман. Кимдир мени жиноятчига айлантиришга ҳаракат қиляпти. Лекин сиз мени биласиз, ҳаромдан ҳазар қиламан, жиноятнинг кўчасига йўламайман. Айбим йўқ. Шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқмайман, ўша муттаҳамларга бош эгмайман. Майли, ҳозирча уларнинг замони туққан, кўнглига келган ишни қилишяпти. На Худодан, на бандасидан қўрқади. Аммо, билиб қўйинг, бу вақтинча. Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлар!
Фахриддин хотинининг қўлидан ушлаб, ёнидаги стулга ўтқазди.
– Майли, бу кунлар ҳам ўтиб кетар! Ўзинг яхшимисан, Нази! – Фахриддин бирдан жиддийлашди. – Менинг полвонларим қалай, уларни роса соғиниб кетдим...
– Болалар яхши, уларга билдириб ўтирмадим. Тоғамникида қолишди.
– Тўғри қилибсан, ҳозирча билмай қўяқолсин. Кейин мавриди келганда ётиғи билан тушунтирарсан.
– Фахриддин ака, тўғрисини айтинг, сизни қамаб қўйишадими ёки... суд айбсиз одамни кўра, билатуриб қамаб юборолмаса керак! Суддан чиқиб кетасиз-а? – сўради аёл рўмолчаси билан кўз ёшини арта туриб.
– Билмадим Нази, билмай қолдим, – чуқур хўрсинди эр, – судлар ҳам биз каби ўша ярамасларнинг қўлида қўғирчоқ. Чизиғидан чиқолмайди... Устимга дунёнинг мағзавасини ағдариб ётишибди. Ясама далиллар, сохта гувоҳлар, уйдирма айбловлар... Мени қамашлари аниқ. Замона алмашмаса, очиққа чиқолмасам керак...
Назира бу гапларни эшитиб, қалбидаги милтираб турган умид чўғи ўчиб, нурсизланиб бораётганини ҳис қилди. Тўрасининг қўлидан маҳкам қисганча унсиз йиғлай бошлади.
– Н-а-з-и-р-а, энди сен... ундай қилма-да! – ўзини тутишга ҳарчанд ҳаракат қилмасин Фахриддиннинг ҳам кўнгли бузилди. – Энди сен бардам, кучли бўлишинг лозим. Бундай шалвираб турсанг, болаларнинг ҳоли не кечади? Майли бир йил, майли икки йил... сен оиланинг бошлиғи бўлиб, болаларнинг ҳам отаси, ҳам онаси бўлиб туришингга тўғри келади. Нима қиламиз, бошга тушганини кўз кўради.
– Фахриддин ака, наҳот бирор йўли бўлмаса! Санжарбек Тоҳир Ғофуровичнинг ўзи шахсан шуғулланяпти, деди-ку! Катта одам... бир чора топар... Умидсизликка тушмайлик...
– Эҳ Нази, Нази! Сен бу маразларни билмайсан-да! – Фахриддин яна нимадир демоқчи бўлди-ю, шусиз ҳам қайғу домига ботиб бораётган аёлини баттар тушкунликка туширмаслик учун қўшиб қўйди. – Тўғри, умид энг сўнгида ўлади, ноумид шайтон дейдилар. Балки устоз бир чорасини топар...
– Иншааллоҳ! Сизнинг айбингиз йўқ. Аллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб турибди. Раббим одил, раҳмдил, карами кенг. Яхши одамларни ҳамиша Ўз паноҳида асрайди. Қасд қилганлар паст бўлади!
– Айтганинг келсин, илоё, – йигитнинг қалби аёлининг гапларига ишонгиси келиб турган бўлса-да, ақли бу ишларнинг имконсиз эканлигида қатъий турарди.
– Хўжайин, сиз уларга нима қилгансизки, шунчаликка боришяпти? – аёл ҳамон аламини босолмаётганди. – Ишдан бўшатиб юборишса бўлмасмиди!? Ҳеч қаерда ишламасангиз ҳам, ҳайдовчилик қилсангиз ҳам, кўчада писта сотсангиз ҳам майли эди...
– Йўқ, йўқ, мендан пистачи чиқмайди, бор пистани чақиб ташлашим ёки ўтган-кетганга улашиб юборишим мумкин. Таксичи бўлсам ҳаммани текинга ташисам керак, айниқса, аёлларни...
– Ҳазилингиз бор бўлсин, – эркаланди аёл, – майли-да, шунгаям кўнардим, ёнимда бўлсангиз бас.
– Рашк-чи? Бу туйғу ҳеч қачон йўқолмаса кераг-ов!
– Бу аниқ! Биласиз-ку! – нозланди хотин эрининг пинжига тиқилиб.
– Менинг рашкчигинам-эй! Энди бир муддат бунга ҳожат бўлмайди. Аёллар қамоқхонаси алоҳида бўларкан...
Кулишди. Фахриддин суқланиб завжасининг кўзларига тикилар экан, дард чўккан бу қароғларда қайноқ меҳрдан бошқа нарсани кўрмади. Беихтиёр аёлининг белидан қучиб, енгилгина бўса билан сийлади. Сўнг учрашув онлари тугаб қолишидан хавотирланиб, кўнглига тугиб қўйган гапларини айтишга чоғланди:
– Назира, бир муддат оиланинг юкини ўз зиммангга олишингга тўғри келади. Сизларга пул-мул ҳам қолдиролмадим...
– Ўзингизни ўйласангиз-чи!!! Биз бир амаллармиз...
– Уйдагилар, қолаверса, Санжарбек қўлидан келганича ёрдам қилиб турар... Кеча қўлимга бир китоб тушганди. Камерада уйқум қочиб, туни билан ўқиб чиқдим. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳикматларини ёд олдим: «Беш нарсанинг қандайлиги беш нарса билан билинади: дарахтнинг қандайлиги – меваси билан, аёлнинг қандайлиги эри фақир бўлиб қолиши билан, дўстнинг қандайлиги қийинчилик, бошга мусибат тушиши билан, мўминнинг қандайлиги имтиҳон қилиниши билан, ҳақиқий сахийнинг қандайлиги муҳтож бўлиб қолиши билан билинади».
– Ҳақ гап! Биласиз, мен на пули, на мансаби бўлган талаба йигитга кўнгил қўйганман. У прокурор бўладими, вазир бўладими ёки оддий ишчи бўладими, мен учун ўшандай қадрли бўлиб қолаверади. Хавотирингиз ўринсиз...
– Ишонаман, жоним, ишонаман, – Фахриддин ноўрин гап қилганлигини англаб, ўзини оқлашга тушди. – Мен ўқиган нарсамни айтмоқчи эдим. Бу гап сенга тааллуқли эмас. Сенинг ҳаммасини уддалашингга ишонаман...
Шу пайт эшик тақиллаб, терговчи кириб келди:
– Фахриддин Каримович, узр сўрайман... Вақт масаласи... Конвой тўполон қиляпти... Келинойим чиқиши керак... Санжар ака ҳам икки дақиқага кириб чиқмоқчи эди, кираверсинми?
– Майли, кирсин, кирсин, – деди Фахриддин ўрнидан қўзғалиб. Сўнг хотинига қандайдир бошқача тикилиб, «Бўпти онаси, ўзингни, болаларни эҳтиёт қил, мендан хавотир олманглар», дейишга ўзида куч топди. Назира «хўп» дегандай бош ирғаб қўйишга мажоли етди. Эшик томон юрар экан, у бир сўз айтишга шайланиб, ортига ўгирилди ва эрига зимдан тикилди. Аммо нафаси бўғзига тиқилиб, гапи оғзида қолди ва оҳиста одимлаб, хонадан чиқди. Анча пайтгача кўз ёшлари тийилмади...
Терговчи хонага Санжарбекни бошлаб кирди ва «Фахриддин ака, илтимос, беш дақиқа», деб чиқиб кетди. Устоз-шогирд худди бир қориндан талашиб тушган оға-инидай қучоқлашиб кўришдилар. Улар ҳар қанча ўзларини босишга ҳаракат қилишмасин ўпкалари тўлиб, кўзларида билинар-билинмас ёш қалқиди. Бир муддат унсиз туриб қолдилар.
– Мавлоно, яхшимисиз, келин, болажонлар қалай? – сўради Фахриддин кўзини олиб қочганча.
– Устоз, сизни шу аҳволда кўраман деб сира ҳам ўйламагандим...
– Нима қиламиз энди, пешонамизда шу ёзиғлар ҳам бор экан-да! Тақдирдан қочиб қутулиб бўлармиди...
– Пешона, тақдир деймиз... Бу аблаҳлар пешонамизга шум тақдирни ўйиб битиб қўйишяпти... Устоз, ўзи нима бўлди?
– Ҳаммаси анави Қодирнинг иши! – чуқур хўрсинди Фахриддин. – Вилоятда ҳеч ким унинг пишагини «пишт» деёлмас экан. Битта жиноий гуруҳни қўлга олгандик, югуриб келди. Илтимос қилиш у ёқда турсин, буйруқ беришга ўтди. Шунчалик қутуриб кетган эканки, вилоят прокурори ўринбосарини оёғининг учи билан кўрсатаяпти-я! Мен қатъий туриб, жиноий гуруҳни қонун олдида жавоб беришга мажбур қилдим. Ҳаммаси шундан бошланди. Қодир ҳеч нарсадан тап тортмай «Сен менинг совунимга кир ювмабсан, қара, ўжарлигинг бошингга бало бўлади», деганди. Ўшандан буён тирноқ орасидан кир ахтариб, пайт пойлаб юрган экан. Мен хом сут эмган банда ўзим тўғри, ҳалол бўлсам, қонунни бузмасам қўлидан нима келарди, деб ҳисоблагандим. Хом ўйлаган эканман. Бу малъуннинг ҳар қандай қабиҳликдан қайтмаслигини, туҳмат қилишдан ҳам тоймаслигини эътиборга олмаган эканман. Ғафлатда қолдим. Лазиз деган терговчимиздан кўрсатма олди. У бечорада ҳам айб йўқ. Нима қилсин, ҳаёт ширин. Уриб-сўкиб, мажбурлашган кўринади. Ўтган куни терговчи чиқиб кетганда хонада ёлғиз қолганимизда мендан кечирим сўради, шундай қилишга мажбурлашганини, бундан бошқа иложи йўқлигини айтиб, роса сиқилди... Иродаси кучсиз, бўшанггина йигит-да...
– Далил йўқ, исбот йўқ, бир бетамизнинг гапи билан кимсан вилоят прокурорининг ўринбосари, неча йиллик прокуратура ходимини айблаш мумкинми? – деди Санжарбек фиғони чиқиб.
– Эй Санжарбек, Санжарбек! Ҳаммани ўзингиздай тасаввур қиласиз-да! – Фахриддин шогирдининг елкасига қоқиб қўйди. – Қўйинг шу гапларни, бир бошга бир ўлим! Пешонамизда бўлса, ўша «Жаслиқ» деган журтларниям кўриб келамиз-да!
– Эйй ҳазилингиз ҳам бор бўлсин, нафасингизни шамол учирсин! Сизга «Жаслиқ»да нима бор? Нима, сиз давлат хоинимисиз?
– Хоин бўлиш шарт эмас, улар ўзларининг «яхши кўрган» одамларига ўша «санатория»га «путёвка» беришаркан.
– Устоз, қўйинг, унақа деманг! Фаришталар яхши гапгаям, ёмон гапгаям омин қиларкан. Худо хоҳласа адолат қарор топади! Тоҳир Ғофурович, қолаверса, Бош прокурор бир чорасини кўрар...
– Дарвоқе, Санжарбек, сиздан бир илтимос бўлади, – устоз бирдан жиддийлашди, – раҳбарият нотўғри фикрга бориб юрмасин. Уларга бор ҳақиқатни гапириб беринг.
– Айтмасангиз ҳам улар ҳаммасини билиб ўтиришибди. Менимча, вилоят прокурори ҳақиқий ҳолатни етказиб турибди. Мен бу ерга келишдан олдин Тоҳир аканинг олдида бўлдим. Айтгандай, у киши сизга салом айтганди, «Бардам бўлсин, ҳаммаси яхши бўлади!» деб тайинлаганди... Бу масалада хавотирга ўрин йўқ.
– Унда яхши, шундан хавотирда эдим, – Фахриддин ўрнидан турди.
– Устоз, биламан, сиз иродали инсонсиз. Бу синовдан ҳам эсон-омон ўтиб олишингизга ишонаман. Фақат ўзингизни эҳтиёт қилинг, соғлигингизни асранг!
– Раҳмат Санжарбек. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг. Бу шайтонлар билан нифоқлашиб юрманг. Ҳозир уларнинг дасти баланд, ҳар ерга етади... Муроса қилиб туришга тўғри келади...
– Мен... Мен... ариза ёзиб, ишдан бўшаб кетсамми, деб турибман, устоз... Бу аҳволда ишлаб бўладими?
– Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқмайдилар! Сиз ундай қилманг. Сиздай адолатли, ҳалол терговчи ишдан кетса, кимга яхши бўлади? Ўрнингизни бир бемаъни эгалласа, кимга қийин – халққа, одамларга қийин бўлади! Фақат сергак бўлинг!
Санжарбек «хўп» дегандай бош ирғади.
– Имконингиз бўлганда бизникилардан ҳам хабар олиб турарсиз...
– Албатта, устоз, сиз хавотир олманг! Иншааллоҳ юзингиз ёруғ бўлсин!
– Иншааллоҳ!
Эшикда терговчининг оёқ товушини эшитиб, устоз-шогирд бир-бирини бағрига босиб, кўнгиллари вайрона, кўзлари жиққа ёш тўлган ҳолда хайр-хушлашдилар...
Шу кеч меҳмонлар Рамазонникида тунаб қолдилар. Келин Сурхондарёча ош дамлади. Анчагача суҳбатлашиб ўтирдилар. Аёллар дам олишга кириб кетишгач, ҳамкасбларнинг гап мавзуси яна Фахриддин Каримовичга тақалди:
– Рамазон, бир нарсага ҳеч ақлим етмай турибди: қандай қилиб «қўшни»ларнинг оддий бир бўлинма бошлиғи вилоят прокуратураси раҳбариятини ўтириб-турғизса-я! Наҳотки, вилоятда бир олифтанинг танобини тортиб қўядиган кимса топилмаса!
– Эй ака, нима деяпсиз! – мезбоннинг дарди қўзиб кетди. – Бу иймонсиз одам кўринишидаги шайтон. Вилоят ҳокимининг ҳам кўзини очирмай қўйган, бошқаларга йўл бўлсин! Айтсам ишонмайсиз, яқинда бир қўшнимиз ўша «ажал»дан кўрқиб, Тожикистонга қочиб кетди. У шўрликнинг айби – мошинасида чорраҳада билмасдан Қодирнинг мошинасини сал сиқиб ўтиб кетибди. Дарров давлат рақамини ГАИга бериб, «айбдор»ни топиб келтирибди ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жазо тайинлабди. «Ҳукм»га кўра «маҳкум» уч кунда Термиз шаҳридаги барча дарахтларни бирма-бир санаб чиқиши шарт бўлган. Акс ҳолда, «айбдор» ваҳобий сифатида «Жаслиқ»қа равона бўлиши уқтирилган. Қўшним бечоранинг боши қотиб қолган. Уч кунда шаҳар ҳудудидаги барча дарахтларни санаб чиқиш, осмондаги юлдузларни санашдай бир мавҳум ва уддалаш имконсиз иш эканлигини англаб, Тожикистонга қочиб кетишдан бошқа иложи қолмаган. Мана, бечора бир йилдан буён ватангадо бўлиб юрибди...
– Тавба, аҳмоқчиликнинг ҳам чек-чегараси йўқ экан-да! – таажжубланди Санжарбек. – Бу баччағарнинг ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб қолган экан-да!
– Эййй буниси ҳали ҳолва! – Рамазоннинг чакаги очилиб кетди. – Бирга ишлайдиган терговчимизнинг ҳофиз жияни тўйда Қодир талаб қилган қўшиқни бир навбат кеч айтган экан, шўрликни хонасига чақиртириб, кечгача рақсга тушишга мажбур қилибди. Бу аҳмоқчиликка нима дейсиз? Феодал замонларда хонлар ҳам бунақа қилмаган! Бу халқнинг устидан кулишдан бошқа нарса эмас!
– Менимча, бу касофат касал бўлса керак. Қип-қизил жинни бўлса ажабмас!
– Яқинда бир саксондан нари-бери чолни бир иш бўйича сўроқ қилишга тўғри келди. Айтишича, Қодир ўлгур бечора қариянинг уйини буздириб, ўрнига газ қуйиш шохобчаси қуриб олибди. Ғинг десанг, қаматиб юбораман, дебди. Чол ҳозир оиласи билан қариндошлариникида яшаб юрган экан. Бобой шўрлик шунчалик жонини олдириб қўйибдики, ҳозирам «Қодир ака» деб гапиради, унинг номини тилга олганда азроилдан қўрққандай пешонасидан тер чиқиб, қизариб-бўзариб кетади-я!
– «Азроил»нинг ватанини билмаймиз деб юрардик, Термизда экан-да! – ҳазил қилди Санжарбек ҳамон таажжубини босолмай.
– Бу бола вилоятимиз бошига битган бало бўлди! На ҳокимга, на прокурорга, на тадбиркорга, на оддий аҳолига кун бор! Билган б...ни еяпти. Қулоқ қоққанлар, Фахриддин Каримовичнинг ҳолига тушиб қоляпти. Додингни кимга айтишни билмайсан?
– У муттаҳам нимасига ишонади? Кимнинг эркатойи? – атайлаб сўради Санжарбек эшитганларини тасдиқлатиб олиш учун.
– «ШР»нинг арзандаси – «чўнтаги» дейишади, яна билмадим... – уй эгаси биров эшитиб қўядигандай пичирлаб гапирди. – Санжар ака, Фахриддин Каримовичнинг иши нима бўлади? Бирор иложи бўлармикан?
– Билмадим, дўстим! Ҳайронман. Бу «Азроил» Тошкентдагиларнинг ҳам жонини олган кўринади. Ҳеч ким тайинли гап айтолмаяпти. Ҳамма устознинг мутлақо айбсизлигини билгани ҳолда қўлидан ҳеч вақо келмаётгани ачинарли... Шунақа ноҳақликни, шунақа адолатсизликни кўриб-билиб туриб, томошабин бўлиб ўтирганинг одамга алам қилар экан...
– Шундай ажойиб инсон, моҳир терговчи-я, эсиз... Ўйлаганинг сайин одамнинг ичи идраб кетади... Энди раҳбарга ёлчигандик-а!
– Нима қиламиз, ер қаттиқ, осмон узоқ. Тушкунликка тушмайлик, балки ҳаммаси яхши бўлар, Иншааллоҳ!
– Айтганингиз келсин, илоё!
Йигитлар алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирдилар. Саҳарда Рамазон меҳмонларни такси бекатигача кузатиб қўйди.
[1] Жиноят кодексининг «Пора олиш» деб номланган 210-моддаси назарда тутилмоқда.
