Ўзбек ойим тўйга борадирған хотинлардек ясанган, эгнида одими хон атлас кўйнак, бошида оқ шоҳи дакана, кўзида сурма эди. Ўзбек ойимнинг: «Келинни хор тутар экан демасинлар, сен ҳам ўзингни тузат», деб айткани учун Зайнаб ҳам тамом ипакларга кўмилиб ясанған, кеча эрга теккан янги келинлар суратига кирган эди.