Кумуш ўз хатида ёзғанидек, дарҳақиқат, Зайнаб шу кейинги кунларда ёвошка тортқан, ўн оғизға бир оғиз сўз қайтармас, тинчкина, мулойимгина, яъни мундан бир йил бурунғича эди. Қайин она тарафидан «Опангнинг кўзи ёрир вақти етди, ўчоқбоши ишла-рингни энди ўз қўлингға ол!» деб қилинған таклифни мамнуният билан қабул этиб, ҳатто Ойбодоқ онани ҳам ўчоқбоши юмишидан халос эта ёзған, унга фақат ҳавли супуриш, уй йиғиш ва шунга ўхшаш майда ишларнигина қолдирған эди. Зайнабдаги бу ўзгариш фақат ҳалиги тараф билангина қолмай, эри тўғрисида ҳам шундоғ эди. Отабек ўз ёниға кирса — кирдингми демас ва кирмаса — кирмадинг демас эди. Эрининг баъзи бир самимияти қоронғуроқ муомалаларига қарши Зайнаб ҳам муҳмалрак қилиб кулиб қўяр эди.
O'tkan kunlar (cyr)
·
Abdulla Qodiriy