Михаил Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» қиссаси ўқувчини ҳақиқатда ўйлатади. Асар инсоний муносабатлар — дўстлик, муҳаббат, садоқат ва хиёнат, ахлоқ қоидалари устига қурилган. Бош қаҳрамон — Замонамиз қаҳрамони, яъни Печорин ижобий образ эмас, аммо унинг аниқ бир хислатини одамийликдан мутлақо йироқ, деб баҳолашимиз ҳам ўринли эмас. Замонамиз қаҳрамони — ёзувчининг ўзи эътироф этганидек, одамларни қусурдан даволаш учун зарур бўладиган «аччиқ дори, ўткир ҳақиқат». Печорин бизнинг орамизда, бир ҳаводан нафас олаётган танишимиз ёки қўшнимиз. Унинг иллатини ошириб, муқаррар жазога рўпара қилиш инсонийликка қанчалик хос? «Дарднинг қандай дард эканлигини кўрсатиб беришнинг ўзи кифоя, уни қандай даволашни Худо билади».