автордың кітабын онлайн тегін оқу Iztirob
Рашод Нури Гунтекин
ИЗТИРОБ
ИЗТИРОБ
– Марказда Заҳро исмли бош муаллима бор экан. Қайси мактабда эканлигини қаергадир ёзиб қўйгандим, аммо ҳозир тополмаяпман.
Депутат Шариф Халилбей ҳамёнини, чўнтакларини ахтарарди. Маориф мудири кулиб:
– Овора бўлманг, биламиз, – деди. – Заҳро вилоятнинг энг машҳур сиймоларидан бири.
– Дўстларимдан бири ана шу хоним учун бир неча кунга рухсат олишимни илтимос қилди. Истанбулда қари ва хаста отаси бўлиб, сўнгги кунларда жуда оғир аҳволга тушиб қолибди. Ҳаёти хавф остида экан. Балки рухсат сўраш учун истиҳола қилишаётгандир, бироқ мумкин бўлса, нимадир қилиш керак...
– Албатта, мумкин. Лекин менинг билишимча, Заҳронинг ҳеч кими йўқ, кимсасиз қиз. Беш йилдан бери танийман. Менга отаси борлиги ҳақида сира гапирмаганди. Шундай бўлса ҳам ўзидан бир сўраб кўрамиз. Бироздан кейин уни кўрасиз.
– Менми, нима учун?
– Ахир мактабларни кўрсатмайманми? Аввало, Заҳронинг мактабига борамиз. Бу мактаб энг яхши ўқув муассасаларидан бири. Халқ мактабнинг ҳақиқий номини унутиб қўйган. У ерни «Заҳро опа мактаби» деб билишади. Ҳатто, котибларимиз ҳам расмий ҳужжатларда баъзан «Заҳро опа мактаби» деб ёзиб қўйишади. Бир куни беихтиёр икки аёлнинг суҳбатига қулоқ тутдим. Бири: «Мен боламни маориф мактабларига бермайман. Заҳро опанинг мактабида ўқитаман», дерди.
Депутат кула бошлади:
– Жуда ғалати. Бу Заҳро опа сизга қаршилик кўрсатаётган бир пайтда...
– Сўзни жуда ўрнида қўлладингиз. Заҳро иш фаолиятида мустақилдир. Бизнинг буйруқ ва таъқиқларимизга қулоқ солмайди.
– Бу маориф мудири сифатида сизнинг кўнглингизни оғритмайдими?
Маориф мудири деразадан узоқ-узоқларга тикилиб, жилмайди:
– Кошки ҳамма мактабларимизни Заҳро каби муаллимларга топширсак, бизга умуман иш қолмасди. Мустақиллик белгиси сифатида уларга биттадан довул ва байроқ юборардик ҳамда маориф идораларини ёптириб ташлардик.
Депутат Шариф Халил ва маориф мудири Тавфиқ Хайри болаликдан дўст эдилар. Мулкия – сиёсий фанлар факультетини тамомлагач, ўқитувчиликни бир пайтда бошлашди. Шариф кейинчалик касбини ўзгартирган, Тавфиқ эса маорифчи бўлиб қолганди. Тўрт ярим йилдан бери (...)да маориф мудири эди. Бироз хотиржам ва хаёлпарастлигидан хаёлидаги фикрларни ҳақиқатга айлантириш учун ўйлаш, ўқиш ва айтишнинг ўзи етарли эканлигига ишонарди. Фаол ва ҳаракатчан эмасди. Зотан, бу ерни доим тинчлиги учун ҳам яхши кўрарди. Бўш вақтини асосан туман яқинидан ўтган сой бўйидаги мажнунтоллар остида китоб ўқиш билан ўтказарди. Унинг ишхонасини кўргани келган Шариф Халил икки кундан бери уникида меҳмон. Соя ва гуллар билан тўла боғдан ўтиладиган кичкина хонада тушлик қилишаётганда Заҳро ҳақида гап очилганди.
Тавфиқ давом этди:
– Бундан тўрт йил аввал кичкинагина бир қиз оддийгина ўқитувчи сифатида бу ерга келганди. Бошида жуда қийналди, аммо у ўзини қўлга олди, тушкунликка тушмади. Шаҳарни ўзига ватан, мактабни эса оила ўчоғи деб билди. Шунчалик ғайрат билан ишладики, тараққиётига моне бўла олишмади. Ҳали йигирма беш ёшга тўлмасдан мактабга бош муаллим этиб тайинланди, қўл остига бир қизлар мактабини топширишди. Ҳозир йигирма тўққиз ёшларда бўлса керак. Туманнинг энг ҳурматли инсонларидан бири. Бугун аксарияти уй бекаси ҳисобланган собиқ талабалари олдида ҳали ҳам эъзозда. Унга худди опа ёки она сифатида қулоқ тутишади. Барча мушкул ишларини у билан маслаҳатлашишади. Мактабга келсак... Бироздан кейин кўрасиз. У ер бу шаҳарда бўлиши кутилмаган даражада ажойиб. Пулсиз ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деймиз. Бу гап, умуман олганда, тўғри. Аммо ишлаган ва ирода соҳиби бўлган инсоннинг пулсиз ҳам нималар қила олишига мана шу мактабдан яхшироқ намуна кўрсатиб бўлмайди. Масалан, унга томни ёки деразаларни таъмирлаш учун пул берамиз. У бўлса, енгини шимариб, бу ишларни ўзи бажаради. Унинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Орттирган маблағи ҳисобидан ошхона учун дастурхон ёки синфлар учун турли керакли анжомларни сотиб олади. Маҳаллий бойларнинг ёрдами билан бинони янада катталаштирди, таъмирлатди, боғини кенгайтирди. Оқсоқоллардан бири вафот этган онаси учун зиёратгоҳ кўринишида мақбара қурдирмоқчи эди. Заҳро ўша оқсоқол уйига бир неча кун бориб келди. Натижада шу зиёратгоҳ лойиҳасини мактаб боғидаги бир лойиҳага алмаштириб келди. Нима қилди, нима деди билмайман, бир куни бу инсон идорамга келиб, шундай деди: «Кўп ўйладим. Марҳума волидамиз мозорига сарф қилинадиган маблағга мактабда қизлар дам оладиган жой қурдираман. Зиёратгоҳга баъзи-баъзида одамлар келмаса, бошқа пайтлар қушлар сув ичадиган жой бўлади, холос. Лекин мактабдаги бу жойдан юзлаб болалар фойдаланади. Болаларнинг мана шу ерда – иссиқ жойда бемалол дам олишлари марҳума волидамизни янада мамнун қилиши турган гап. Дам олиш жойи учун алоҳида рухсатнома бериладиган бўлса, нур устига аъло нур бўларди». Албатта, бу сўзлар Заҳроники. Заҳро мақсадини бу бу содда одамнинг миясига михдек қоқиб қўйганди. Мана энди тушундингизми... Кошки, мана шундай муаллималаримиз кўп бўлса, бизни менсишмаса ҳам рози бўлардим.
Овқатланиб бўлишди. Депутат тиззаларига осилаётган мушукни силар, уни дастурхондаги нон ушоқлари билан меҳмон қиларди:
– Булар мактабнинг кўзга кўринадиган томонлари, – деди. – Маънавий томонлари қандай экан? Ҳайъат мени бироз шубҳага қўйди. Жуда фаол ва ишчан кўринган инсонлардан доим шубҳаланаман. Мана шунга ўхшаш кўринишидан мукаммал муассасаларга унчалик ҳам ишончим йўқ.
– Заҳро борасида сизни ишонтиришим мумкин. Болаларимизга берган тарбияси ҳам худди шундай тоза ва мукаммалдир. Жуда ҳам ижобий фикрлайдиган аёл. Хурофот ва хаёл билан доимий равишда курашади. Талабасига илмнинг энг ижобий томонларини ўргатади. Яна бир гап. Бу ҳам касалликдек нарса. У сира ҳам тиним билмайди. Тўғрилик, фидокорлик ва маънавий тозалик унинг касаллиги. Адолатсизлик ва ёлғон натижасида юзага келадиган барча ахлоқсизликлар ҳамда ожизликларнинг душманидир.
– Демак, туманда бу қизнинг душманлари ҳам кўп.
Маориф мудири кулиб жавоб қайтарди:
– Сиз ўйлагандек эмас. Энг ёмон одамларнинг ҳам кам бўлса-да, адолат ҳақида тушунчаси бор. Уларни айблаётган одам айнан шу айбни қилган бўлса, жаҳли чиқади. Лекин улар бир одамнинг соддалигини кўра-била туриб, унга нисбатан ғазаб ва нафрат билан инсофсизлик қила олишмайди. Заҳронинг шахсий ҳаётида кичкинагина доғ, ахлоқида эса кўзга ташланмас бузуқлик каби ҳолат кўзга ташланмайди.
– Муболаға қиляпсиз.
– Ҳақиқатни айтяпман.
– Китоблардагина дуч келишимиз мумкин бўлган идеал қаҳрамонлар ҳақида гапираётгандексиз. Инсон бўла туриб, бирор ожиз томони йўқми?
Маориф мудири дўстининг юзига қараб кулди:
– Мен бундай демадим.
– Ахир кўзга ташланмас камчилиги йўқ, дедингиз-ку.
– Ҳа, дедим.
– Ҳа, унда...
Тавфиқ Хайри яна жилмайди:
– Бир инсон учун камчиликдан холи бўлиш ҳам ожизлик эмасми? – деди.
– Менимча, парадокс қиляпсан, Тавфиқ...
– Билакс, Оллоҳнинг энг содда ҳақиқатини айтганимга ишончим комил. Заҳрони сизга комиллик ҳайкали, бир роман қаҳрамони сифатида тасвирлаб бердим, лекин эътибор беринг «ҳақиқий инсон» деган сўзни айтмадим. Энди эса бу танганинг бошқа томонини ўз қараш ва фикрларимга кўра тасвирлаб бераман. Тўғрилик, соддалик, фидокорлик касалликлари унда инсонийликнинг бошқа бир жиҳатини ўлдирган: унда ачиниш деган нарса йўқ. Заҳрони ҳис-туйғусиз аёл деб бўлмайди. Аксинча, унинг кенг руҳи бор. Тўғри, тоза ишларни жуда яхши кўриши мумкин, улар учун ҳар қандай фидокорликни қилади. Аммо ожизлик, тушкунлик ва ифлосликка ачинмайди. Фақатгина жаҳли чиқади, асабийлашади. Айбдор, тушкун инсон унинг наздида экин экиладиган далалардаги қуриб қолган ўтдек. Уни раҳм қилмасдан юлиб ташлайди. Қилинган ёмонликни кечиришни билмайди: ҳақ номини, ҳақиқат номини инсофсизларча қоралаш нималигини судья сифатида тушунаман. Ҳатто улар учун баъзи қайдлар билан... Ахир жиноятларнинг асли биз биладиган, биз англагандекмикан? Ҳа, бу қатъият, бу қўполлик судьяларда бўлса, тушунаман, аммо мактаб муаллими учун...
Тавфиқ Хайрининг ҳар доим кулиб турадиган сокин чеҳрасига ғариб бир ҳаяжон соя солганди:
– Ачиниш... Мен инсон руҳиятини фақатгина у билан ўлчаш мумкинлигига ишонаман. Ҳа, туби кўринмайдиган қудуқларга отилган тошнинг овози қудуқнинг қанчалик чуқурлигини кўрсатса, бошқаларнинг алами ҳам бизнинг юракларимизга тушганда чиқарган овози бизнинг инсонлигимиз даражасини кўрсатади. Фикримча, биргина тўғрилик касаллиги, ҳақ ва ҳақиқат масаласи атрофида ўралашиб қолиш қобилияти жамиятни бахтли қилишга кафолат бўлолмайди. Бунинг учун раҳм қилиш, бир-биримизнинг фарёд ва инграшларимизни тинглай олиш ҳам лозим. Яна Заҳрога қайтаман. У шубҳасиз жуда яхши аёл, жуда яхши муаллим... Лекин мен айтган камчиликни бартараф этмас экан, у ҳеч қачон биз истаган муаллим бўлолмайди. Сиз билмайсиз, бу гапларимни унинг ўзига ҳам айтганман. Узоқ-узоқ мунозаралар қилганмиз. Ҳатто шу сабабли баъзи тортишувларимиз ҳам бўлган. Бир куни идорага келдим. Боғнинг бурчагида турган уч қизга кўзим тушди. Сумкаларини катта тош устига қўйиб, дардлашишяпти. Бу пайтда уларнинг кўчада юриши эътиборимни тортди. Аввалига уларни мактабдан қочган деб ўйладим... Лекин шундай бўлганида улар мени кўришлари билан кўзимдан нари бўлишга уринишлари лозим эди... Ҳолбуки улар узоқдан менга қараб туришар, айтиш мумкинки, ниманидир сўрашимни кутишарди. Чақирдим, нега мактабга боришмаганлигини сўрадим... Бири: «Бордим, аммо муаллиф хоним бизни мактабга киритмади... уйимизга жўнатиб юборди», деди. Сабабини сўрадим. Иккиси ҳам доим мактабга кеч қолишар экан. Заҳро қизларга эртароқ келишларини, дарс бошлангандан кейин келишса, мактабга киритмаслигини айтибди. Улар яна кеч қолишда давом этишибди. Заҳро таҳдидларини амалда қўллабди... Болалардан нима учун муаллим хонимнинг гапига кирмаганлигини сўрадим. Бири: «Ойим касал... Мен уй ишларини бажараман. Укамни овқатлантираман... Бу ишлар тугагунча вақт ўтади», деди. Иккинчиси анча ўзини тутиб олган қиз эди. Ўзини ҳимоя қилишни бошлади: «Нима қилай афандим.... Ҳар куни эмас-ку... Баъзида эрта келаман... Баъзи кунларда эса ҳаво булутли бўлади... Тушунолмаяпман». Бу мантиқ менга ғалати туйилди. «Ҳаво булутли бўлса, кеч қолиш керакми, қизим!» дедим. Қиз хаёлимга ҳам келмаган бир жавобни келтирди: «Ҳаво булутли бўлгач, соатни қаердан биламан?» Демак, унинг уйида соати йўқ. Учинчиси анча фақир кийинган, лекин анча ўзига хос қиз экан. Саволимга бироз тараддудланиб, кейин жавоб берди: «Афандим, муаллим хоним бу кийимда мактабга келма, дейди. Менинг янги оёқ кийимим бор, аммо оёғимни сиқади». Унинг ҳам дардини тушундим. Бечоранинг оёқ кийими йўқ. Ёхуд онаси минг заҳмат билан олиб берган оёқ кийимини мактабга кийиб, эскиртишни истамасди. Мана шу масала юзасидан Заҳро билан узоқ суҳбатлашдик, бироқ келишолмадик. Яна бир воқеани айтиб берай. Бир куни бош муаллим Ферҳунда исмли қизни талабалар сафидан чиқармоқчи эканлигини маълум қилди. Кечириб бўлмас айби бор экан. Бир неча дугоналарининг уй вазифасини пулга бажариб берар экан. Баъзилар Ферҳундага «Маориф мудирига бор... Илтимос қил», дейишибди. Қиз бечора йиғлай-йиғлай келди. Айбини тан олди. Оиласи жуда фақир экан. Мактаб китобларини ва дафтарларини сотиб олиш учун мана шу ишни қилибди. Боланинг аҳволидан таъсирландим. Заҳрога илтимос қилдим, қулоқ солмади: «Болаларимизни алдовга ўргатган бир талабанинг мактабда қолишини илтимос қилаётганингиздан ҳайронман», деди. Сабабини тушунтирдим, қайсарлик қилдим. «Майли, лекин мен менга топширилган уч юз ўқувчининг ахлоқи учун масъулман... Рухсат берсангиз, оддий муаллим сифатида ишласам... Бошқа ўқитувчини бош муаллим қилиб тайинларсиз. Қиз ҳам мактабга қайта қабул қилинади», деди. Хулоса шуки, Заҳрони фикридан қайтариш учун қилган шунча ҳаракатларим зое кетди. Қизларнинг баъзилари ё оила тарбиясининг таъсири ёки ташқи муҳит сабаб енгилтаклик қилишади. Заҳро уларни юқумли касалликка чалинган бемор каби бошқа ўқувчилардан айиради ва жуда қўпол муомала қилади. «Қизамиққа чалинганларни бошқаларнинг соғлиғини сақлаш учун қандай қилиб болалардан ажратсак, буларни ҳам маънавий зарар етказмасликлари учун шундай ажратиб қўйишга мажбурмиз», дейди.
Туманни айланиш вақти келганди. Маориф мудири соябонини ва депутатнинг ҳассасини олиб, кўчага чиқишди. Йўлда бироз кеч қолишганди. Мактабга боришганида дарслар тугаб, талабалар уйларига тарқалишарди. Заҳрони боғ эшиги ёнидан топишди. Тонгда бўлгани каби, дарсдан кейин ҳам у эшик олдида турар ва ўқувчиларнинг кийимларини текширарди. Кимнингдир сочини тузатар, кимнингдир камарини боғлар, кирланган юзи ва кир тўлган бармоқларини ювишга юборарди. Ҳатто тик турган ҳолда сўкилган кўйлакларни, тугмаларни тиккан пайти ҳам бўлган. Маориф мудири билан депутат эшикдан кирган пайтда у энага каби ерга ўтириб олган, бошланғич синф ўқувчисининг оёқ кийими ипларини боғлаётган ҳолда кўришди. Маориф мудири ва меҳмонга паст овозда салом берди.
– Ичкарига киринглар... Ишларимни тугатай, дарҳол етиб бораман, – деди.
Оёқ кийимининг ипини боғлаётган қиз билан дугонаси каби гаплашарди. Депутат секин кулиб:
– Заҳро деганлари мана шу кичкина, қора қизми? Сиз уни ҳайкаллардек баҳайбат, қўрқинчли инсон сифатида тасвирлагандингиз.
– Судья жаноблари, бир инсон бўлиш учун йирик бўлиш шартми?
– Ахир бу қаҳқаҳа, мана бу жарангдор кулги... Агар уни кўрмаса, ўн тўрт, ўн беш ёшли қиз деб ўйлашади. Биллурдек тоза овоз.
– Шу овозни жиддий нарса ҳақида гапираётганда ёки буйруқ бераётганда эшитишингизни истардим. Кўряпсиз, қанчалик эътибор билан болаларни текширяпти. Тонгда ёмон кийимда мактабга келган қизларнинг оналарига жанжал қилади, ҳатто уларни ичкарига таклиф қилиб, уришган пайти ҳам бўлган. Шунга мос равишда кечқурун болалар мактабдан қайтаётганда ҳам уларнинг кийимини текширишни ўзининг вазифаси деб билади. Кечга яқин кўчада кир ва тартибсиз кийинган талабани кўрса, роса хафа бўлади: «Вазифамни бажаролмадим, шарманда бўлдим», дея асабийлашади.
Икки томонига бир текис қилиб экилган дарахтлар бўйлаб боришарди. Маориф мудири дўстига уларни кўрсатди. Яширин истеҳзо билан:
– Мана бу дарахтга қаранг, – деди. – Заҳронинг руҳи ва унинг болаларга бераётган тарбияси қандайлигини кўрсатиш учун бундан яхшироқ тариф йўқ. Боғдаги қуриган, чириган дарахтларнинг ҳаммасини олдириб ташлади ва бор куч-қувватини, меҳрини бақувват ва чиройлиларига берди. Уларни аскарларга ўхшаб бир қаторда тизишга уринар, тарвақайлаган шохларини кестирар, ҳаммасини бир-бирига ўхшатишга ҳаракат қиларди. Бирининг бошқасидан катта ва бошқача бўлишига қараб туролмасди. Одам бу боғни худди фабрикадан чиққан деб ўйлайди.
Депутат:
– Сиз жуда золим инсон бўлибсиз, – деб куларди.
Тавфиқ бўлса:
– Мен муаллимлик ва тарбияни бошқача тушунаман, – деди ва мавзуни ўзгартирди. Бироздан кейин Заҳро мактаб эшикларини ёпди, меҳмонлар ёнига келди. Бинонинг ўнг томонидаги катта каштан дарахти остига нок кўринишида бир ҳовуз қурилган бўлиб, унинг четига гуллар экиб қўйилганди. Маориф мудири ва унинг дўстига биттадан қаҳва буюртирди.
Заҳро ўттиз ёшларда эди. Кўриниши кичкинагина бўлса-да, аммо кучли ирода соҳибаси эканлиги ва атрофдагиларга ширин муомала қилиш билан бирга буйруқ беришни ҳам билиши кўриниб турарди. Чиройли эмасди. Қорачадан келган юзи, йирикроқ бурни, бўртиб чиққан ёноқлари бор эди. Тишлари оппоқ ва соғлом. Лекин иккитаси оғзини юмганида усти лаб
