автордың кітабын онлайн тегін оқу Hikoyalar (cyr)
УЛОҚДА*
Кеча дадамдан сўраб қўйганим учун бугун акам ҳам «керак эмас, борма» деган жекиришини қилмади. Чойни наридан-бери ичиб, отхонага югурдим.
Дадам билан ойим:
— Оёғинг олти, қўлинг етти бўлиб қолдиёв! — деб кулишиб қолдилар.
Қашлоғични олдим-да, қора қашққамни яланғочлаб уёқ-буёғини қашлаб чиқдим. Жонивор типир-типир қилади, бош чайқайди, ер тепинади, дум силкитади... Шунинг билан менинг кўнглимга: «Худо хоҳласа келаси йилга бир улоқлар чопайки, ҳамма мени: «Турғун чавандоз», деб атасин деган орзулар тушади.
Улуғ ҳайитдаги ҳайитликка олдирган мўғул эгарча билан ғалатича қилиб тойчамни эгарладим. Тоғамга ялиниб-ялпоғланиб олдирган ўрус юганни артиб-суртиб солдим-да, ўзим четроқдан туриб кам-кўстини кузатдим:
— Қуюшқони ҳам ўрнида, эгар ҳам яхши қўнган, қоринбоғи ҳам жипс, юган ҳам тўраларникидек! Лекин умулдириғининг йўқлиги бироз кўнглимни ғаш қилди. Анчагина ўйлаб турганимдан кейин, акамнинг юган учун асраб қўйган қайиши эсимга тушиб, секингина ертўладан ҳалиги қайишни олиб чиқиб, умулдириқ ясадим.
Энди тойчам жуда ҳам гижинглаб, худди тўраларникидек бўлиб кетди. Уёқ-буёғини супургандан кейин устунга қантариб қўйдим. Энди қолди: оқ жужунча камзулимни, ўрисча шимни, амиркон этикни, бахмал тўппини кийиш... Ана шундан кейин отга минсак чин тўрача бўламиз-да!
Ойимнинг бир қизиқ одати бор: ҳар қачон янгироқ кийим киймоқчи бўлсам, кўзини ола-кула қилиб: «Қақшағир, кир қиласан, тўй-пўйга борганда киярсан!» — деб қарғай бошлайди. Озгина «шайтон йиғиси» қилмагунингча иш ўнгланмайди. Бу гал ҳам ўшандоғ йиғидан қилиб олганимдан кейин, кийимларимни кийиб, шоҳи қийиқчамни белимга боғлаб олдим. Ойимга билдирмасдан секингина уйга кириб, дадамнинг кумуш чопқон қамчисини ичимга тиқиб, ташқарига чиқдим.
Хизматчи гўшт келтириб турган экан. Отхонадаги қора қашқани кўчага чиқариб туришга буюриб, гўштни ойимга киргизиб бердим-да, ташқарига қараб чопдим.
Ойим орқамдан:
— Кийимларингни кир қилма, тойингни қаттиқ чоптирма, улоқчилар орасига кириб, бирор ҳодисага йўлиқма, ўртоқларинг билан бир четда туриб томоша қил! — деб жавраб қолди.
Хизматчидан отни олиб миндим. Тўнимнинг этакларини йиғиштириб, қашқачамнинг човига бир-икки қамчи берган эдим, жонивор шаталоқ отиб кетди. Хизматчининг: «Ҳа, баракалла! Чавандоз!» деган товушини эшитиб, қаттиқроқ қамчилаб эдим, жонивор қашқачам кўтариб кетаёзди.
II
Чуқур ариқдан тойимни суғориб чиқаётганимда бир иўда улоқчи-чавандозлар учраб қолдилар. Уларнинг баъзилари акамнинг ўртоқлари эдилар, мен билан сўрашдилар. Улардан бири акамнинг қаердалигини сўраган эди, мен эрталаб улоққа кетганлигини айтдим.
— Бизнинг Маҳкамбой улоққа жуда ҳам ишқибоз-да! — деди ҳалиги йигит.
— Йўл бўлсин, бойвачча? — деб сўради мендан яна бери. Мен уялинқирадим:
— Улоққа! — дедим.
— Баракалла, чавандоз! Баракалла, Турғун чавандоз! — дейишди улар. Айниқса мени «чавандоз» деб аташлари жуда ҳам кайфимни келтириб, ичимдан: «Отангга раҳмат», — деб қўйдим.
Биз бир дуркум отлиқ борамиз. Жонивор тойчам бошқа отлардан қолишмайди ва гоҳо уларнинг отларидан ўтиб ҳам кетади. Тойчам ўта қолса: Отингиз жуда ҳам йўрға экан-да, бойвачча», — деб менга пичинг отишадилар.
Ҳа ким ҳар нарсадан баҳс қилади, орада менга ҳам сўз қотиб қўядилар. Мен уяламан. Сўз уриниб яна Маҳкам акам устида тўхталди:
Шу чоққача кўп улоқчи кўрдим, лекин Маҳкамдек улоққа серзавқини кўрмадим! — деди биттаси.
— Маҳкам бойваччанинг ота-бобоси улоқчи бўииб келган-да! — деди Собир тегирмончининг ўғли.
— Ахир, ўн икки яшар укасини кўрмайсизми, шу ёшидан улоқ чопмоқчи!
Бу сўздан менинг аъзойи баданим жимирлашиб кетди ва оз қолдики кулиб юборсам.
— Дадам Маҳкамнинг бобосининг улоқ чопшини гапираверса киши ҳайрон қолади, — деди яна бир мўйлови шопдек йигит, — юз, икки юз чавандоз ичидан ёппа-ёлғиз улоқни ажратиб чиқар экан-да!
— У вақтнинг одамини улоқнинг пири десанг-чи! — деди Собир тегирмончининг ўғли.
— Отинг яхши ва билагингда куч сероб бўлса, сен ҳам улоқнинг пири бўласан! — деди яна бири.
Мен бобомнинг мақтовини эшитиб, кеккайиб бормоқдаман... Шу пайтда орқамиздан от шаталоғи эшитилиб, қайрилиб қараган эдик, олдига бир ола эчкини ўнгарган, кўкраги очиқ, яктакчан, саман отлиқ бир йигитни кўрдик. У бизга етиб тўхтади ва ҳамма билан от устида туриб сўрашди.
— Бу ҳафта ёрдамлашасиз-да, карвон! — деди кулимсираб Тўғон ака.
— Ҳа, бўлмасам-чи, сиздек оғайниларга кўмаклашмасам бўладими! — деди ҳалиги йигит ва тўзумсизланди: — Қани, илдамроқ юринглар!
Йигит билан биргалашиб кетдик. Бироз боргач, бизнинг отимизнинг оёғи билан чавандоз йигитнинг сабри тугади шекилли, отига бирдан шартиллатиб қамчи берди ва қушдек учиб кетди. Биз, фақат унинг: «Мен тезроқ борай», — деган сўзини эшитиб қолдик.
Энди сўз ҳалиги чавандознинг оти тўғрисида бошланди.
— Валаднинг оти жуда ҳам чопқир-да, — деди Тўғон ака, — улоқчи бўлганингга яраша шундақанги отинг бўлса!
— Худди бодирафрафдек учади! — деди мўйлови шопдек йигит.
Шу вақт нима учундир ҳамма бирдан шарақлаб кулиб юборди. Кулги сабабига тушунмасам-да, мен ҳам уларга қўшилиб кулишдим.
— Бодирафрафми, бодисарсар? — деб сўради ундан аллаким.
III
Биз, акамга «Дўмбуровот» гузарида учрадик. Акамлар самоварчига палов дамлаб қўйиш учун ўзаро пул йиғиб беришгандан кейин, биз яна йўлга тушдик.
Даланинг кўчаси қишдан бошқа вақтда сув кўрмагани учун икки газ келадиган билқ-билқ гуппон тупроқ, йигирма-ўттиз улоқчи бирданига йўл босиб, қайси отини чоптириб, қайси лўкиллатиб боради.
Кўчани тўзон қоплаган, киши кишини танимаслик ҳолга келган. Мен бўлсам уйга қайтиб борганимда: «Кийимларингни пес қилибсан!» — деб ойимнинг қарғишидан қўрқиб бораман.
Талайгина йўл босгандан кейин улоқ чопиладиган жойга етдик. Ўзи, тўрт тарафи кўз илғамайтирғон даражада катта ва сайҳон бир ер экан. Бу жойга жуда кўп халқ йиғилган, бундаги улоқчи отлиқлар билан томошачи яёвларнинг ҳад-ҳисоби йўқ.
Катта садақайрағочнинг тагида иккита бордондек самоварга ўтин қалаб қайнатадилар. Ундан нарироқда бир-икки киши уч-тўрт қоп бодрингни бир-бирисига тираб қўйиб: «Мирза қирон бодиринг! Касир-кусир бодиринг!» деб мақташадилар.
Акамлар саданинг остига — самоварчининг палосига отдан қўндилар. Кун қизиғида туриш қийин бўлгани учун, мен ҳам тойчам билан садақайрағочнинг бир бағрига бориб турдим. Теваракдаги кишилар бир менга ва бир тойчамга қарайдилар. Мен уялиб тойчамнинг ёлини тарайман. Теварагимдаги кишилар орасида вағир-вуғур гап, тўзумсизланиб улоқнинг бошланишини кутадилар. Бириси: «Бугун улоқ қизимайди», — деса, иккинчиси: «Бекор айтибсан, бугун улоқ жуда ҳам қизийди, чунки Салим билан Мурод чавандозлар келар эмиш», — дейди. Яна бири: «Ҳа, ҳа! Агар Салим келса, улоқ жуда ҳам қизир экан!» — деса, аллаким: «Салимнинг оти қозоқи от, қамчи кўтармайди, ҳайт деса бас!» — дейди. Тағин биров: «Улар уч киши эди, икки йилдан бери бири кўринмай қолди, ана ўшанисига чавандоз боласи бас келолмас эди!» — деса, яна аллаким: «ўлма, ўлма! Мен ҳам шуни кўпдан бери кўрмайман, гирдиғумдан келган, ердан бичиб олгандек йигит-а?» «Балли, балли! Отангга раҳмат, худди ўша йигит, қанча сўроғласам ҳеч кимдан дарагини билолмадим!»
Шу йигитнинг устида анчагина жанжал бўлиб олди, бири: «ўлиб кетган», — деса, иккинчиси: «Тирик!» — деб қичқиради. Уларга яна бириси қарши туриб: «От босган, докторхонада ўлган!» — дейди, сўфироқ бир одам: «Бировга ёмон нафас қилманглар!» — деган эди, аллақайси киши: «ўлса ўлгандир, бунга нима жанжал!» — деб қўйди, тағин биров: «Бекор ҳам ўлтирибмиз-да!» — деб кулди. Яна: «Сираси-сираси!» Тағин шовқин-сурон, яна: «Ҳа, ҳа!» Тағин: «Йўқ, йўқ»...
Бир кишининг: «Ана улоқ келди!» деб юбориши билан ҳамма тип-тинч бўлиб, улоққа қараб қолди. Яна бир оздан кейин: «Улоғи ёш экан! Яхши чавандозга учурвоқ ҳам бўлмайди!» «Шуниси тузук, шуниси!» — деганжанжал бошлаган ҳам эди, майдонга икки чавандознинг от ўйнатиб кириши ҳамманинг товушини ўчириб қўйди ва секин-секин: «Салим чавандоз!» «Мурод чавандоз!» деган шивирлашишлар эшитилиб қолди.
— Қораси Салимми, чўтири?
— Салимнинг билаги кучликка ўхшайди! Чавандозламинг бириси кўк човкар ва иккинчиси ола отга минган баҳайбат чапани йигитлар эдилар. Булар келгандан кейин халқ чидамсизланиб қолди:
— Ана энди чин улоқ кўрасан! — дейишадилар.
— Букун қиёмат улоғи бўлар экан! — деб бошларини чайқатиб қўядилар.
— Муроднинг отини кўр, худди қаноти борга ўхшайди.
— Кўк човкарни айтасанми, тўруқними?
— Ҳар иккаласига от етмайди, иккови ҳам яхши зот!
— Қулоғи чимирилган от чопқир бўлади!
— Қулоқда гап йўқ, гап зотда!
— Йўқ, йўқ! Серкишновда, ўзим синаб кўрдим!
— Қора от чопқир бўлади, деганлар, қораси яхши, қораси!
— Дадам раҳматлик от олганда туёғига диққат қилар эди, гап туёқда.
Баҳслашадилар, ҳар ким ўз ёнидаги билан талашади. Мен ҳам шу тўғрида ўйлаб, уларнинг айтган нишонларини қора қашқамдан қидириб топсам суюниб, топмасам куюниб тураман.
Маҳалламиздаги ўртоқларимдан Нурхон, Ҳайдар соқов, Шокир мишиқилар ҳам отларини лўкиллатиб келиб қолдилар. Биз тўртовимиз отларимизни қатор қўйиб, уёқ-буёқдан гаплашиб турдик. Нурхон дадасидан ола йўрғани сўраганда қилган баҳонасини айтиб кулади. Ҳайдар соқов саман отининг йўлда Шокир мишиқининг байталига қараб кишнаганини айтиб, Шокирни масхара қилади. Кулишамиз. Шокир бўлса бурнини торта-торта: «Уялиб кетдим, бундан сўғун бия минмайман», — деб қизариб-бўзарди. Отимнинг умулдириғига уларнинг ҳаваслари келиб, баҳосини сўрашдилар, мен: «ўн беш танга», — деб, кумуш қамчини ҳам кўрсинлар учун ўйнагансимон эгарнинг қошига «тақ-тақ» уриб қўяман. Улар: «Қани, қани, кумушми?» — деб қамчинни қўлимдан олиб кўрадилар. Мен секингина бошимни қимирлатиб, ўзимда алланима сезинаман. Уларнинг отларига, ўзимникига, кийимларига, кийимимга қараб, ўзимни улардан аллақанча юқорида кўраман. Ҳайдар соқов тутила-тутила... «Келинглар, бир чоптирайлик», — деди. Нурхон кўнмаса ҳам тортиб олиб кетишди. Уламинг орқасидан Шокир ҳам байталини югуртирди. Чидаб туриб бўлмас экан, улар орқасидан тойчамга бир қамчи бериб юборган эдим, жонивор икки ямлаб бир ютуб, ўн одимда уларни йўлда қолдириб кетди. Анчагина узоқлашганимдан сўнг орқамдагиларга қараган эдим, ҳамманинг кўзида мен эканман. Яна қаттиқроқ ҳайдадим. Қирнинг бир чеккасига бориб отимни тўхтатдим, талай вақтдан кейин улар отларини лўкиллатишиб ёнимга етдилар. Бу ерда отларимизнинг чопқирлиги тўғрисида сўзлашдик. Нурхон, отининг чопмаслигига акасининг иссиқ ҳолда сув берганини сабаб қилиб кўрсатди. Ҳайдар соқов бўлса Эсон кўкнорининг ўғлини сўка-сўка:
— Бозорга ун учун бораётганимда бехос том бошидан гувала ташлаб юборди. Шундан бери қамчи билан юз минг урсанг ҳам жонивор қулоғини чимириб, ҳуркиб тура беради! — деди.
Менинг қашқачам тўғрисида, Ҳайдар айтади: «Сенинг, — дейди, — отингга ҳеч от боласи етмайди!» — дейди. Нурхон айтади: «Отдан сенинг бахтинг бор экан, лекин, — дейди, — ем-ҳашакни ўзинг бер, хизматкорга ишонсанг отингни бузиб қўяди, ўртоқ, мен сенга бир айтиб қўйдим», — дейди.
Шу ерда узоққина сўзлашиб тургандан кейин яна отни кейинга қараб қўйдик. Тағин улардан ўзиб кетдим. Халққа яқинлашгандан кейин «мени ҳам таниб қўйсинлар» деб қашқачамни уст-устига қамчилашим борми, шамол-да, шамол... энди халқ бир ўзимга ва бир қора қашқамга тикила бошлади. Мен бўлсам, «мени энди танийсизлар!» деб тойимнинг ёлини қамчи сопи билан тараб тура бердим.
IV
Томошачилар орасида яна ола-ғовур қўпти: «Ана, улоқнинг солиғини йиғаётибдилар!», «Улоқ ҳозир бошланади!», «Мурод чавандоз ҳам турди!», «Салим қалпоғини кийди!», «Рўзи қассоб» улоқни бўғизламоқчи, пичоғини қайраяпти!», «Бойваччалар ҳам қўзғалишдилар!», «Салим чопонини ечмоқчига ўхшайди!», «Ҳай баркалла, шоввозлар!»
Ўртоқларим билан мен ҳам улоқнинг тезроқ бошланишини кутмоқдамиз. Чавандозларнинг қайсиси тўнини ечмоқда, баъзиси отининг айилини тортмоқда ва қайси бировлар улоқнинг солиғини бермоқда эдилар. Акам ҳам шоҳи салласи билан беқасам тўнини менга бериб, ўзи ўртага от ўйнатиб кетди.
Улоқчилар бирин-сирин ўртага ғуж бўла бошлаган бўлсалар ҳам, ҳануз улоқ ўртага кирмаган эди. Ҳамма томошачилар сабрсизланиб: «Шу тобгача туя бўғизласа ҳам бўлар эди, улоғи яхлаб қолдими?» — дейишадилар.
Орадан талай вақт ўтгандан кейин, бўғизланган улоғини олдига ўнгариб Ориф саркор ва унинг орқасидан бояги машҳур чавандозлар қалпоқни чаккага қия қўйиб, эгарга қийшиқ ўлтириб ўртага кирдилар. Томошачилар улоқни кўрганлари он: «Хоҳ, жонивор, бормисан!» дейишдилар.
Орадан аллаким: «Улоқнинг қони яхши ювилдими?» — деб сўраган эди, Ориф саркор:
— Хотиржам! — деди ва улоқни шалқ этиб ерга ташлади, сўнгра халққа яқинроқ келиб: «0ғайнилар! Бола-чақаларни четга чиқаринглар, от оёғида қолгудек бўлмасин, ўзларинг ҳам эҳтиётроқ жойда туринглар, ҳайвон билан бўлган иш қийин!» — деб айтди.
Ориф саркор халқдан фотиҳа олиб, отини югуртириб тўдага кетди. Томошачилар тўдадаги ўз яқинларига: «Букун ғайратларингни кўрамиз-да!» — деб бақиришдилар.
Улоқ бошланди...
Бириси олади, иккинчиси тортади. Иккинчисининг ёнига учинчиси ва тўртинчиси қўшилиб, бирдан саккиз томонга тортқилашадилар, орага четдаги улоқчилар ҳам сиқилишиб кириб, яна улоқни буйдалашадилар. Жуда қизиқ... ҳар ким улоқни ўз тақимига босиш ҳаракатида, лекин улоқнинг думидан, оёғидан, ёлидан тортувчилар жуда ҳам кўп. Тўдадан олиб чиқиш жуда қийин. Баъзан улоқни тўдадан олиб чиқувчи ҳам кўриниб қолади, бироқ унинг кетидан улоқчилар чуғурчуқдек ёпирилишиб ўн-ўн беш қадамда тутиб оладилар. Яна тортиш бошланади.
Бу ёқдаги томошачилар: «Тақимга бос, тақимга!», «Отнинг бошини қўй, човига қамчини шиғаб бер!», «Бўш келма, маҳкам тут!», «Юганини бўшат, қамчингни тишлаб ол, ёнингга алаҳсима!», «Олдинг, олдинг!», «Берма, чапга бурул, чапга!», «Тут, қўйма!», «Вой тўймагур, бериб юбординг-а, ўз кўнглингда сен ҳам улоқчисан-да!», «Отинг ҳаром қотсин, отми, эшакми — бу ҳаром ўлгуринг?»... деб ҳар хил товушда бақиришадилар. Улоқ ерга тушиб кетиб қолса, томошабинлардан баъзиси югуриб бориб ердан улоқни азод кўтариб олади, укасими, ошнасими — ишқилиб бирорта яқин кишисига тутқизмоқчи бўлади. Лекин бошқа чавандозлар улоқни ундан олмоқчи бўлиб устига дув йиғиладилар, у бермасликка тиришади, бошқалар ўртага санжоб қилиб сиқадилар. Бечора анчадан кейин оқсоқланиб ёки қўлини силаб ўртадан аранг чиқиб кетади.
Отаси боласини, акаси укасини танимайди, чанг-тўзон, терланган, пишилган, ҳар ким улоқни тақимига босиш қайғусида. Бош ёрилиб, кўз чиққан билан, отдан йиқилиб қўли синган билан парвойи-фалак... Ишқилиб, улоқни тақимга босилса бўлди... Тақимга босиш ўзи жуда ҳам нашъалик-да!
Лекин тақимга босиш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди, тақимга кўпроқ босувчилар бояги чавандозлар; азобланиб, ўлаёзиб бўлса ҳам улоқни тақимга босгач, отга қамчи бериб эллик-олтмиш одим нарига қочиб борадилар-да, яна орқадагилар тарафидан ўралиб олинадилар. Яна тортиш.
Улоқ бошланганидан бирор соат вақт ўтган эди. Бирдан улоқчилар сув қуйгандек тинчиб, тортиш ўрнида тўпланишиб қолдилар. Биз, отлиқ-яёв томошабинлар ҳам ҳаммамиз ўртага югуришдик. Мен кейинроқ борганим учун отлиқ-яёв халқ ўртани сириб олган эди. Мен чеккада қолдим. Ҳар қанча уринсам ҳам ўртага киришнинг эпи бўлмаганидан кейин одамларнинг оғзига қараб турдим. Лекин улоқчилар орасидаги ҳодиса ҳаммага ҳам номаълум эди. Ҳар кимнинг юзида таажжуб ва бир-бирисидан: «Нима гап?» — деб сўрашар эди.
Бир неча дақиқадан кейин: «Қимирлатманг, қимирлатманг!» — деган товуш эшитилиб, халқ яна таажжубга тушди.
— Нари бўлинглар, ҳовв! — деб ўртадан биров бақирди. Халқ бир четлик бўлиб, йўл очди.
— Нима гап, нима гап?
— Ҳеч нарса эмас... Эсонбойни от босипти!
— Қўрқинчли эмасми?
— Йўқ, сағал.
Кишилар бир-бирига қараб: «Фалокат-фалокат», — дейишдилар. Нари тур-бери тур қилиб, беш-олти киши отга босириқ бўлганни ўртадан олиб чиқдилар. Кишиларнинг кўмаги остида келтириб, саданинг остига ётқиздилар.
Дарров бир киши аравага юборилди, биттаси ўзига келармикан, деб ўлгудек бўлиб ётган Эсонбойнинг юзига сув сепиб кўрган эди, қимир этмади.
— Беш-олти отнинг тагида қолди-да, бечора!
— Ўнта отнинг тагида қолса ҳам ҳеч гап эмас-ку, бироқ қалтисроқ жойидан босганга ўхшайди...
— Умри боқи бўлса ҳеч гап эмас.
«Бечора бултурги ҳайитда менга ярим сўм ҳайитлик берган эди. Илоҳи яхши бўлсин», деб кўнглимдан ўтказдим.
Арава келди. Эсонбой акани аравага ётқиздилар. Акам уч-тўртта ўртоқлари билан арава ёнида Эсонбойни кузатиб шаҳарга жўнаб кетди.
— Шўр пахта қилсин, кепак қиздириб боссин, — деб халқ чувурлашиб қолди.
Улар жўнагандан кейин улоқ яна бошланиб кетди. Мен улоқ тугагунча томоша қилиб турдим. Лекин яхшики энди ҳеч кимни от босмади.
* * *
Кеча мени от қоққан экан, ўрнимга киришим билан тирракдек қотиб ухлабман. Эрталаб ойим: «Тур, тур тезроқ, даданг келса наҳ ўлдиради!» — деб устимдан кўрпамни тортиб тишлади. Мен уйқули кўзим билан: «Дадам бозор кетмадими?» — деб сўраган эдим, ойим:
— Эсонбойнинг жанозасида! — деб жавоб берди.
Менинг уйқум ўчди.
________________
* Бу ҳикоя 1915- йилда ёзилган эди. Болалик дайримнинг ёдгори бўлгани учун ортиқча ўзгартиришлар киритмадим (А. Қ.).
ЖИНЛАР БАЗМИ
Кеча холам бизнинг уйга меҳмон бўлиб келган эди. Кечаси ошдан кейин отам, ойим, холам учовлари чой ичишиб ўлтирар ва ўтган-кетгандан сўзлашар эдилар. Сўз айланиб келиб яна ўша жинлар, парилар, девлар тўғрисида тўхтади. Отам бўлса ўзи кўрган «жинлар базими»ни сўзлашдан яна тийилолмади. Отамнинг бу ҳикояси, юқорида сўзлаганимча, менинг учун ортиқча ваҳимали бўлганидан дарров ўрнимга кириб, кўрпамга бурканиб ётиб олдим. Отам менга бир кулиб қаради-да, «жинлар базими»дан сўз очди:
— «Янги уйланган вақтларим эди. Тириклик билан овора бўлиб, боғнинг поясига ўз вақтида қаролмадим. Бир ким пайт топиб боққа бордим, ток жуда ҳам ўсиб кетган, бардидан ҳатто икки қаричгача ўсиб чиққан эди. Шунинг учун ишкомларни шитоброқ тиккайтиришга тўғри келар эди. Боққа бора бошлаганимнинг тўртинчи куни кечаси бир оз ёмғир ёғиб чиқди. Гўё ёмғирни кутиб турган токлар яна ҳам ўсиб кетдилар, шўралар барди устига энгашиб, ишком устига олмаганим учун гўё мендан аразлагандек кўринар эдилар. Мен нима бўлса ҳам поя ишини бугун битирмоқчи бўлдим. Эртага токни очмасам, ҳам ўзим учун, ҳам ток учун жабр қилған бўларман, деб ўйладим.
Истакни озроқ олган эканман. Охирпешин вақтига истак тамом бўлиб қолди. Истак учун бозорга борай десам бир ишкомгина ямоқ қолди, ундан кейин бозордан қайтиб чиққунча кеч ҳам бўлади. Нима қилиш керак? Узоқ ўйлаб турмай, тут, қайрағоч ва тол каби дарахтлардан истак чилпидим. Чилпиган истакларни йиғиштиргунча ҳам бир чой қайнар вақт ўтди. Истакларни белбоғимга қистириб ишкомга кирдим.
Қош қорайиб, қоронғи тушган пайтда аранг поя ишидан қутулдим. Юз-қўлларимни ювиб, салла-чопонимни кийганимда обдон қоронғи босган эди. Боғ ишлагани келган қўшнилардан ҳеч бириси қолмаган, ҳамма шаҳарга жўнаб кетган, кўчада чигирткаларнинг чириллаши, қурбақаларнинг қуруллашидан бошқа товуш йўқ эди.
Мен боғдан чиққанда хуфтон бўлмаса ҳам шунга яқинлашиб қолган эди. Қоронғида туртиниб-суртиниб йўлга тушдим».
Отам холамга хитобан деди:
— «Сиз биласиз, бизнинг боғнинг тевараги қуюқ дарахтлик майдонлар билан ўралган. Катта кўчага тезроқ чиқиб олиш учун мен шу майдонлардан юрдим. Майдон ниҳоятда қоронғи ва ваҳимали эди. Лекин мен қоронғида бепарво борар эдим, ёлғиз қоронғида туртиниб қийналар эдим. Катта кўчага чиқиб олмоғим учун орада биттагина Ҳамдам хумдончининг чакалаги қолди».
Отам ҳикоясини шу ерга келтириб тақагач, мен кўрпамга яхшироқ бурканиб олдим. Отам сўзида давом этди:
— «Бир-икки қадам Ҳамдам хумдончининг майдонига томон юрдим... Йироқдан келган ёруғликни сезиб, теварагимга қарадим-да, ҳайрон бўлиб қолдим... Қаршимдаги майдондан ўткир нур шарпаси тушар эди. Бугина эмас, кишиларнинг чағир-чуғур сўзлашиб кулушлари, гижданг-гижданг билан чилдирма, ора-чора дутор, танбур, ғижжак каби созларнинг заиф, аммо юракни қитиқлайтурган товушлари эшитилар эди.
Мен тонг қотиб бир неча вақт туриб қолдим. Дарҳақиқат, бойқушлар уяси бўлган бир вайронада бундай воқеанинг юз бериши кишини албатта ҳайрон қилар эди. Ҳолбуки, мен шу кун эрталаб ҳам бу майдондан ўтган эдим. Бу ерда бирор зиёфат бўлатурган бўлса, эрта билан унинг бир асари кўринар эди. Ёш-яланглар кундуз куни ҳаракат қилганлар-да, хара-кўчалар , деб фикримдан ўтказдим.
Мен базм бўлаётган майдон орқали ўтмоқчи бўлиб, девор наҳрасидан ошиб тушдим... Ўҳ-ҳў-ў-ў, майдон ичи кундузгидек ёруғ, дарахт шохларига чироқлар осилган, ерларга ипак гиламлар ёзилган. Бир чеккага катта оқ самоворлар қўйилган, бир тарафда катта қозонлар қурилган, жаз-биз давом этар эди. Майдоннинг ўрта ерида юз чоғлиқ ёш-қари кишилар қуршалиб ўлтириб, дутор, танбур, чилдирма, ноғоралар чалиб базим қилар эдилар.
Шу чоқда бир киши олдимга югурди ва базмдагиларга қичқириб:
— Мана, Ўсар ака ҳам келди! — деди.
Базмдагиларнинг ҳаммалари ҳам менга қарадилар.
— Келинг, келинг Ўсар ака, поядан қутулдингизми? — дейишдилар.
Ўша онда уларга нима деб жавоб берганимни ҳозир эслаёлмайман, чунки жуда ҳам гарангсиган эдим.
Улар мени ўз ихтиёримга қўймай, судраб, тортиб тўрга чиқардилар. Одатда мажлисга кириб ўлтиргандан кейин фотиҳа ўқилар эди. Бироқ уларнинг ҳар турли савол ва муомалалари билан овора боииб, фотиҳа ўқиш ҳам ёдимдан чиққан. Бир оз эсимни йиғиб олгандан кейин мажлисдагиларни кўздан кечириб чиқдим. Кўпларини қайси жойдадир кўргандек бўламан... Аниқлаб қарасам умримда кўрмаган-танишмаган ёт кишиларга ўхшайдилар. Фақат уларнинг мен билан худди танишларча муомала қилишлари, отимни атаб чақиришлари, қилган ишларимни сўраб, ҳатто бояги истак чалпиб юрганимни билишлари — мени жуда ҳам ажабга қолдирган эди.
Орадан кимдир, билмадим, ғолибо мажлиснинг бошлиғи бўлса керак:
— Ўсар акамга дастурхон ёзилсин! — деди. Тўрда ўтирганлардан яна бириси унга қарши чиқди:
— Илгари бир базм қилиб олайлик, сўнгра дастурхонга ҳаммамиз баравар қараймиз! — деди ва менга юзини ўгириб:
— Сиз ҳам базмни соғиниб қолгандирсиз. Илгари базм қилайлик-а? — деб сўради.
Менинг қорним оч бўлса ҳам, меҳмонлигим важҳидан унинг фикрига қўшилишдан бошқа чорам йўқ эди.
Созандалар созларини тўғрилай бошладилар. Созлардан танбур, дутор, ғижжак, рубоб, чанг, най ва даф кабилар менга таниш бўлсалар ҳам, яна мен кўрмаган ва билмаган бир қанча созлар ҳам бор эди. Созлар созландилар, бир хил босиқ оғир машқ чалина бошлади.
Машқ сиҳрлик эди... Мен ерга сингиб кетарлик даражада эзилмоқда, асирланмоқда, ичимдан бир тўлқин келиб ўзимни қаерга ураримни билмай энтикмакка бошладим. Созандалар ҳамон ҳалиги босиқ машқни секин-секин авжга чиқариб бордилар... Ахир чидаб туролмадим, пиқ-пиқ йиғлай бошладим. Нега ва нима учун йиғлар эдим, буни ўзим ҳам билмайман. Узоқ йиғладим. Ниҳоят машқ битди. Битди, лекин мени ҳам ўзи билан бирга битирди. Икки тегирмон тоши орасида янчилган кишидек мажруҳ эдим. Қимир этгали мажолим йўқ эди. Кўзимни очдим. Мажлисдагиларнинг барчаси ҳам гўё бир кўздан менинг ҳолимга кулиб қараб турар эдилар. Мен ўз ҳолимдан уялиб ерга боқдим.
Созлар яна иккинчи машқни чалиш учун тайёрланар эдилар. Лекин мен ҳалигидек машқни эшитишдан безор бўлган эдим. Юрагим гуп-гуп уриб қолди. Боягидек машқдан яна бирини тингласам эҳтимол ажалимдан бурун ўлар, ер билан яксон бўлар эдим.
Иккинчи машқ бошланди. Машқ бошланиши билан бутун вужудимга ҳаёт суви югурди. Ўзимда аллақандай бир лаззат ҳис қилдим. Машқ ғоятда шодликли эди. Бу ниашққа не деб исм беришни билмайман.
Шу вақт ўртага ўн беш-ўн олти ёшлик бир қиз келиб кирди. Унинг сочлари жингила-жингила, юз ва кўзлари дўндуқ, устида яшил бахмалдан бурма қилиб тикилган чиройли делвагай кийими бор эди. Бир неча қадам чалишиб ўртада юрган эди, оёғидағи қўнғироқлари жинғираб кетди. Қиз машқ билан баравар ўйнай бошлади.
Машқ давом этар, гўё нафис соз товушининг ели ўйинчи қизни ғайри ихтиёрий бир ҳаракатга келтирарди. Дунёга бир шодлик, бир руҳ ёғади, гўёки ўликлар тириларлар, ерлар силкинарлар, тоғ-тошлар куларлар, юлдузлар учарлар, дарахт шохлари титрагандек бўларлар.
Ахир шодликларим юрагимга сиғмади. Ўз эрким билан эмас, аллақандай бир куч ўтирган жойимдан турғузиб юборди. Қизнинг ёнига кириб мен ҳам ўйнаб кетдим».
Ойим билан холам ўзларини тутолмай кулиб юбордилар. Менинг бўлса кўз ўнгимга дадамнинг ўйнагандаги аҳволи келиб тўхтагандек бўлди.
Дадам давом этди:
— «Шундай, мен ўйнай бошладим. Нима бўлса ҳам қиз билан бирдек ўйнамоққа тиришаман. Қиз мен билан бир оз ўйнаб тургандан кейин ўртадан чиқиб бир четга кетди. Лекин мен ўйинни тўхтатмадим, тўхтатиш хотиримга ҳам келмаган эди. Кишилар қарс уриб турадилар ва мени масхаралагандек қийқириб, оғиз-бурунларини қийшайтирадилар, лекин мен уларга парво қилмай, ўйинни давом эттираман...
Бир вақт алланарсага туртиниб ерга йиқилдим. Ўзимни ўнглаб олиб яна ўйинга ҳаракат қилған эдим, тағин муккамча йиқилдим.
Бир қанча вақтдан сўнг ўнгланиб ўрнимдан турдим ва кўзимни очиб теварагимга қарадим...
Орада на кишилар, на созлар ва на бошқалар — ҳеч ким, ҳеч гап йўқ!.. Қоп-қоронғи майдон, бир ариқ ичида турибман...
* * *
Мен дадамнинг бу кўрган ҳодисасини муаллим афандига сўзлаган эдим, кулди:
— Ваҳима, хаёлат! — деди.
— Чиндан ҳам ваҳимми, ваҳим бўлса кишида қандай воқиъ бўлади? — деб сўраган эдим, афандим:
— Келаси жума болалар ўртасида бу тўғрида маълумот бераман, сен ҳам шу мажлисда ҳозир бўлсанг ваҳимнинг қандай воқиъ бўлишини билиб оласан! — деди.
Мен албатта жума куни мактабга бориб афандимиздан ваҳимнинг кишида пайдо бўлишини эшитаман. Вақтингиз бўлса жума куни сиз ҳам борингиз.
ТИНЧ ИШ
...Энди бу зот ҳам уламодан бири эди. Ўз аҳли тарафидан варасатул-анбиё қаториға киритилган учун мертуқ-сертуқларнинг фалон-туганига қулоқ солувнинг ҳам лузуми йўқ эди. Йигирма беш-ўттуз йилни мадраса тупроғи ялаб ўткарган бир кишини, табиий, бизда уламо қаториға киргузмай ҳол йўқ. Ҳам ана шу мадраса тупроғини ўттуз йил ялаб, шул тупроқ ялов ажрини ҳам олған эди. Авом ўртасинда бўлсун, уламо орасинда бўлсун ул «Домла Шариф Охунд» бўлуб танилған ва бу исмни эшиткан, етти яшардан етмиш яшарнинг кўз олдиға катта салла, узун чопон, семизтан, ўнг қўлининг енгидан тўрт эллик тасбиҳ учи кўрунуб турған, қиб-қизил баркаш юз, мошкичири соқол бир зот келиб босар эди.
Бу зот диний бир олим бўлув устиға сиёсатдан ҳам хабарсиз эмас эди. Амрика, Гирмония, Онглия, Япўния, Фарансия, Белгия, шунинг каби ҳар давлатларни ёдлаб билар эди. Бунларнинг ҳунарларигача айрим-айрим ажратар эди. Масалан, Амрика, ўзи фарангларнинг бир табақаси, яъни қабиласи. Ҳунари: амиркон тери ишлайдир. Амиркон пахтани ҳам шу чиқарған. Гирмония тўб тўпхона, уруш аслаҳаларини ишлайдир. Осмон попурини ҳам шу кофир чиқарған. Онглия — бу жуда ҳунарманд, локин ўзининг ер юзинда жойи йўқ. Аммо денгизга шаҳарлар бино қилған. Шунинг учун денгизлар подшоси деб айтадирлар. Фарансия ёки Фаранг — бу ўзи майда-чуйда ишларга жуда ҳам уста бир кофир; фаранги игна, мошина, фаранги иб, грамафон, нағма ва шунга ўхшаш аллақанча ажойиб, ғаройиб нарсаларни чиқарған. Япўния — ўрусдан Пўрт-ортирни олған...
Ана бунлар энди чет қиронлар тўғрисида билган сиёсати. Ўзимизнинг яқин қиронлардан, масалан, Хитой, Туркия, Бухоролар ҳаққинда етти ёшлиқ вақтиндан бери маълумоти бор. Хитой — ҳунари хитой қоғоз, ипак жужум, жонон пиёла... нуфуси жуда ҳам кўб, на ҳисобда, на китобда бор.
Самаркентни олмоқға қўшун тортғанда йўл устида дарёйи Нилми, Жайҳунми деган бир дарёға тўғри келар экан. Дарёни кўпруксиз кўрганда ижрғамиға келтурмай черигини сувға босиб, одамдан кўпрук қилиб, ўтуб кетар экан. Мана, кўблиги шунча экан!
Туркия — ер юзининг султони, аҳли куффордан бож хирож оладир. Қаҳру-ғазабидан замину замон, макину макон титрайдир. Одамларини уч юз отмиш кун рўза, йигирма тўрт соат намоз ўқувчи «авлиё» деб биладир. (Бу ерда муаллимчилик қилиб юрған асир туркларни ул турк деб билмайдир. Балким ёлғондаки турк оти остиға яширинган куффор, дин бузувчи, армани деб билганидан ушбу малъунларга эргашиб юрған мусулмон болалариға чин кўнгилдан ачинадир...) .
Бухоро тўғрисинда сўйлав керак эмас, ҳаммамизга белгили: бошқа ислом шаҳарларига кўкдан нур ёғилған ҳолда, шу шаҳарларга ёғдирмоқ учун Бухорои шарифдан фаришталар орқали кўкга нур чиқарилур экан!..
Мана, анинг сиёсатдан, инглизнинг бир юз сиёсиюнидан ортиқ маълумоти.
Ўзи мударрисликка сайланмасдан илгари оқ подшоҳға нима учундир мастравойлар каби душманлиқ сақлаб юрар эди. Алланарсамоф деган тўра ёғиндан мударрисликка «указ» берилгач, оқ подшоҳнинг хақиға қўл кўтариб, дуо қилған кундан бошлаб ўзидан Некалайга бир хайрихоҳлиқ сеза бошлайдир. Тўғри келган йиғинларда подшоҳлиқнинг нисфи нубувват деганлар, кофир бўлса ҳам «нубувват», яъни пайғамбарликнинг нисф қуввати бор, деб оқ подшоҳни юқори кўтариб қўядир.
Орада уруш бошланиб, Туркистонда «рабочий» масаласи қўзғалганда ғалаёнға келган халқға: «Подшоҳнинг амри вожиб, маънои вожиб фарзлиғинда озғина шубҳа бор, маънои фарз амри илоҳий», деб ҳаяжондан тўхтатурға тиришадир. Гирмон ундай ҳунар кўрсатибдир, оқ подшоҳнинг бунча шаҳрини олибдир, деган хабарларға сира ишонғуси келмай: «Яхши, Гирмоннинг юз ўн беш газ тўпи бор, мен буни Гирмоннинг ўзидан-да яхшироқ биламен, аммо у ғарқи оҳан бўлса ҳам Русиянинг бир тола мўйини кам қила олмайдир. Русия бунга ўхшаш Гирмоннинг бир юзи билан урушиб кўрган, оқ подшоҳ эмди эр назар қилған деб юрадир.
II
1917 йил феврал сўнгинда инқилоб бошланиб, оқ подшоҳимиз тахтдан тобутға олинур. Биринчи мартдан бошлаб халқ оғзинда «Некалай тахтдан тушурулиб, янги ҳукумат тузулубдир», деган хабарлар юрии бошлар. Локин бу хабарларға бизим «Охунд домла» сира ишонмайдир. Шу хабарларни сўйлавчига қизиқ туриш билан: «Эй, сен аҳмоқ бўлиб қолдингми? Оқ подшоҳни ўрнидан тушуруб бўлар эмиш? Яхшиким бу сўзни манга айтдинг, ёмонроқ кишига айтсанг бошинг кетадир — бошинг! Дамингни чиқарма! Бу хабар мастравойларнинг хабари!
— Мастравой деган ким тақсир?
— Ҳа, кўчаларга тош терадирганлар-чи, ана шунларни мастравой дерлар, шунларнинг хабарига ишониб бўладирми?
Орадан ўн беш кун ўтуб кетадир...
Некалайнинг политса — миршаблари, қозилари, мингбошилари ўрундан чиқарилиб, бошқалар сайлана бошлар. Юртнинг туруши ўзгарар. Сайлов — йиғинларнинг бир нечасинда Охунд домламизнинг ҳам қатнашишлари бўладир. Охунд домламизға эмди оқ подшоҳнинг ҳақиқатдан тахтдан тобутға олинғани сезилур. Локин бу ишга нима учундирким, анинг ичи бир турли ғаш бўлиб: «Эй худоё тўба, бу нима деган гап эмди!..» — деб қўядир.
— Оқ подшоҳ ўрнидан тушурулибдир, «Янги ҳукумат» деган ҳукумат бўлубдир. Аммо мана бу «сайлов» деган нима деган номаъқулчилиқ? Худоётўба! Худоётўба!.. Одамларнинг оғзиндағи «Ҳуррият» дегани нима деган сўз, ердан «Ҳуррият», кўкдан «Ҳуррият», бугун сайлов, эрта сайлов! Худоё тўба! Худоё тўба!.. Халқ оғзиндағи «Ҳуррият, ҳуррият» деган сўзга биринчи эшитувда тушунилмаса ҳам луғат кўрилгандан кейин бир оз тушунилди.
Охунд домламиз оқ подшоҳни ўрундан тушурулиб, Керенскийнинг подшоҳ кўтарилганини «Бўлибдир, бўлибдир эмди» билан зиҳнига сиғдирса-да, ҳалиги «Янгидан сайловни» сира миясига сиғднра олмади. «Халқ истагича янгидан сайлаб қўйиш» деган гап анинг ичини ари каби талий бошлади. Нечун ари бўлиб таламасин. ...Мадрасасининг биринчи мударриси этиб Алланарсамоф ёғиндан берилган указни бекорга чиқариб, Охунд домламиз ўрниға бошқани сайлаймиз, десалар!.. Ўҳҳҳ!..
III
Отун ойимға указни олиб чиқувни буюриб, ўзи айвонга ўлтурди. Шул вақтда даруни дилдан оҳ тортиб юборған ҳам эди. Указ қоғози бундан бир йил илгари сандуқға тушувда Охунд домлаға қандай умидлар берган бўлса, бу кун сандуқдан чиқувда шу даража умидсизлик туғдирди.
Отун ойимдан указни олиб оча бошлади. Бу қоғоз яхши сақланғани учун ҳар қабатини очилған сари шалдирар ва бу шалдиров Охунд домлани алланечук маъюс этар эди.
Указ очилиб бўлди. Домламизнинг русчадан хабари бўлмаса ҳам, ҳоким маҳкамасининг мирзаси ёғиндан указни беришда: «...Мадрасинкий первой мударрису господину Муллашариф Охуну Мулла Зариф Охунову» деб ўқуб бериши эсига тушуб, ўшал вақт бутун аъзоси тил билан онглатиб бўлмаслиқ бир лаззат билан жимирлашиб кеткани эсига келиб кетди. «Господин первой мударрис»ни таъйин этиб чиройлиқ қилиб қўйилған бурмача имзолар билан семуруғ қушли тамғаларға кўзи тушуб ўтди. Аммо шул вақт «Ҳуррият, сайлов» шарт этиб эсига тушуб кетди. Указ қўлидан ерга тушуб кетаёзди... Эмди бир неча вақт ҳушдан ҳам кетган эди.
Эси ўзига келгач, указни буклий бошлади. Указ: «Мени кўрма, ҳам куйма!» деган каби бўлуб, ўз-ўзиндан шалдировсиз буклана бошлади. Отун ойим указни сандуқға олиб кетмакда бўлғанида ортидан алвидо қилған каби маъюсона қараб турар эди. Яна бир гулдурос билан оҳ тортғандан сўнг оқ подшоҳни ўриндан тушурғанлари учун мастравойларга лаънат ўқуди. Шундай лаънат ўқудиким: «Шул соат мастравойларни ер ютса оқ подшоҳ ўз ўрниға ўлтуруб, «Ҳуррият, сайлов»ни йўқ қилса, указ указликда қолса!..»
Аммо Охунд домланинг дуоси ижобат ҳадафига тегудан вақт ўткан эди. Локин домланинг бу «сайлов» ташвиши ва мастравойларга дуойи бади ўринсиз бўлиб чиқған эди. Негаким, иш домланиш фойдасиға қуморила бошлаған, янги оқ подшоҳ (Керенский) вақтида домлаларимизға ўхшаған «сайлов» сичқонлари учун ҳар қанча иш қилинса, майдон очиқ эди. Ёлғуз... ёлғуз «ёш» деган бир фирқани иш бошидан ҳайдалса...
IV
Эмди халқ орасиға дин отидан ёшларға қарши ташвиқот юргузила бошламиш эди.
Ҳозир бизнинг Охунд домламиз нима қилур эди?
Домламизнинг ўзи политикан эмасми? Ишнинг тубига аллақачон тушуниб, ёшларға қарши ташвиқот денгизинда юзар эди.
Иш Охунд домламиз кабиларнинг фойдаси билан натижаланди. Эмди Охунд домламизнинг оғзи қулоғида, «Дин бузувчи даҳрий ёшлар!» деган жаҳр оғзидан фаввора уруб чиқадир. Домламиз масти лояъқил, ҳозир домлаға Некалай золим, Керенский одили аъдал указнинг ҳам бир тийинлик қиймати йўқ, тиласа мударрис, тиласа қози, тиласа дўма! Вассалом...
V
1917 йилнинг сентабрлари эди, шекилли... Янги ҳукумат қаршисиға болшевиклар қўзғалмоқда... деган хабарлар юрий бошлади. Илгарирак домламиз бу хабарларға кўбда ишонмаса ҳам кейинрак ўйлий бошлади. Болшевиклар ҳақинда маълумот эгаси бўлмағани учун ундан, бундан суриштурмоқға турди.
Ўҳўўў... болшевик! Ер ютсун, ер ютсун! Динни билмаса, бой ва уламо (хоин уламо)ни ер билан яксон қилмоқ тиласа. Мол-мулкни муштарак деб билса!..
Бу маълумотни олғач кеча-кундуз: «Эй бор худоё, Керенский ҳукуматини қиёматғача оёғдан йиқитма!» деб дуо қилмоқға киришди. Воқиъан ҳазрат Охунд домламизнинг бусотдағи бор дастмоялари шулгина эди.
VI
Йигирма нечанчи... ой эди, оламни тўп гум-гуми, пулемит тартараги босған эди. Икки фирқа, яъни бой уламо билан камбағал бенаво жон бериб жон олмоқда эди. Охунд домламизда бошқа камолот кутгандан ортиқ бир равишда бўлса ҳам юрак деган неъматдан маҳрум бўлғанлари учун биринчи милтиқ товши билан узлатни ихтиёр қилмишлар эди. Ҳар бир тўп товши Охунд ҳазратимизга эшитилган сари узлатхонада ичлари шувиллашмакда эди.
Натижада камбағал бенаво бой ва уламони етти қат ернинг остиға киргузуб юборадирған даражада енгди,.. Бу хабар Охунд домламизнинг узлатхоналариға ирсол этилмиш. Домламиз жондан умид узуб, ҳар минут «Калимаи таййиба» ва «Калимаи шаҳодат»ни вирди забон этмишлар эди.
VII
Орадан ўн кун ўтди. Охунд домламиз йўқ, йигирма кун ўтди, дараксиз, ўтгуз кун деганда аёвли ясонни бир ҳович қилиб, узлатхонанинг эшикидан мўраладилар. Ўттуз биринчи кунда атак-чечак қилиб узлатхона атрофинда синов учун юриб кўрдилар.
Тадриж ба тадриж аҳли аёл ёниға борувни жаноб ҳақ тинчлик ва осойишталиқ билан Охунд домламизға муяссар қилди. Тўп билан пулемит, болшевикларнинг астаҳидил тутған сиёсати ва алалхусус сиёсиюнлиқ Охунд домламизнинг юрагини олиб қўйғанлиқдан бундан сўнг сиёсатға оралашмаслиқ аҳли аёл ўртасинда аҳд этилди.
Тинчгина имомгарчиликда давом этила бошланди. Илгари болшевик оғаларнинг, кимнинг отини, кимнинг молини, кимнинг ерини тортиб олувлариға қандай маъни беришга ожиз бўлған Охунд домламиз «Мифтоҳул-жинон» ва амсоли китоблардан истихрож этиб: «Замона охир бўлиб, қиёмат яқинлашған экан, бу кунги болшевик деганимиз яъжуж-маъжуж ва ё доббатул-арз бўлур» деб ўйлар эди. Ўшал вақтда бундай демакга балким аниш ҳақи ҳам бўлғандир, локин бу кунда анинг яъжуж-маъжуж, доббатул-арз ҳақиндағи фикрлари ўзгариб, болшевикларнинг ҳам инсон эканлигига имон келтурди.
Яқинда халқ... мадрасасига Охунд домламиз ўрниға бошқа бир мударрис таъйин этилди. Аммо бунга домламизнинг сира илтифоти бўлмади. Шунинг билан баробар указ ҳам сандукда унутилиб ётадир, балким эсига келганда йиртиб ҳам ташлар. Шундай қилиб тинчгина имомгарчилигида давом этадир.
Сиёсиюнлиқ вақти эсига тушғанда сесканиб кетиб: «Йўқ, шайтон оздирған экан ва ё эс кеткан экан!» деб қўядир. Бугунги имомгарчилигига келганда: «Бунинг ўзи хўб тинч ишде!» дейдир. Воқиъан Охунд домламизнинг ўзига лойиқ иш шуниси эди.
Жулқунбой
«Тонг» журнали — 1920 йил, 2-сон, 125-сон, 56-64-бетлар
ОТАМ ВА БОЛШЕВИК
Отам 1242 ҳижрий — 1823 мелодий йиллари Тошкандда туғулуб, алҳол, 99-100 ёшларидадир. Руслар истилоси вақтида 42 ёшида бўлуб Тошкандни руслардан мудофаа қилған қаҳрамонларнинг биридир.
Туркистон хонларидан Шералихонни, ундан сўнг Худоёрхон, Маллахон ҳам бу орада йиллаб ва ойлаб хонлиқ қилуб ўткан Муродхон, Саид Султон ва бошқа хонларни, Тошканд бекларидан (ҳокимларидан) Муҳаммад Шариф оталиқ, Салимсоқбек (бу зот Бухоро амири томонидан Тошканд беклигига қўйилған эди. Мусулмонқул томонидан ўлдирилди), Азизбек, Нормуҳаммад қутабеги, Шодмон ўроқ, Қаноат шоҳ, Мирза Аҳмад қушбеги, Маллахон (Маллахон оғаси Худоёрхоннинг хонлиғи вақтида Тошкандда уч йиллаб бек бўлуб турғандир). Энг охирдан Қўшдодҳоларнинг беклигини кўруб, ўткузган. Хонлиқнинг бош нозири ва қўмондони ўрнида бўлғанлардан Мусулмонқул ва мулла Алимқулларни кўрган ва урушларида бўлған. Пискатлик Қашғар амири машҳур Ёқуббекни Қашғарға кузаткан.
Шундоқ қилуб, қирқ йиллаб мусулмон хонлари замонини, элли йиллаб Русия чор истибдодини ва энди беш йиллабдирки меҳнаткашлар ҳокимиятини кўрадир.
Табиий, отам, Русия чор ҳукуматини сира ҳам тиламайдир. Чунки унинг элли йиллик истибдодини ўзи истиқбол эткан, Чорнинг аччиғ-чучугини кўб татиған. Бу кунги меҳнаткашлар ҳокимиятига ҳам унча дўст эмас. Бунинг ҳам сабаби маълум. Аммо хон замонларини ўйлаган чоқларда: «Эй, хўб замонлар бор эди, тилла жобдуқлиқ отлару ва басавлат беклару ўрдаларда ҳар кун қарса базиму... Ўтуб кетди энди бир замонлар», деб афсус еб қўядир.
Чорлар замони тўғрисиға келганда: — Хоҳ, хоҳ, хоҳ, хоҳ! Хўб оқ подшоҳ экан-ку... Оқ подшоҳни ҳеч ким енголмас эмиш. Оқ подшоҳга ҳеч бир қирон бас келмас эмиш!.. Кушандаси дуч келганда шундай ҳам думини хода қилар эканки... Хоҳ, хоҳ, хоҳ, хоҳ, хо..! Ҳой Абди... ҳали оқ подшоҳни болшевой отуб юборди дедингми?.. Баракалла болшевойингга, балли болшевойингта, хўб қилубти-да! Оқ подшоҳлигини бурнидан чиқарипти... Хоҳ, хоҳ, хоҳ, хо-о-о...
Шўролар ҳукумати тўғрисида ул ҳеч бир тушуна олмайдир. Шўролар ҳукумати ҳақида юз қат истифсор қилуб унутади. Унингча, оқ подшоҳни енгиб ўрнига ўлтургучи — болшевик отлиқ бир қаҳрамон йигитдир:
— Болшевойинг неча ёшда борикин?
— Болшевик бир киши эмас, дада... болшевикнинг маъноси кўбчилик, камбағал деган сўздир. Мисол сиз камбағалсиз, сиз ҳам болшевикдан саналасиз, ҳозирги болшевик ҳукуматидан мурод — камбағаллар ҳукумати дейишдир... Илгариги оқ подшоҳ ҳукумати бойлардан иборат эди. Аммо бу ҳукуматнинг оқ подшоси ҳам йўқ ва бунда бойларға ҳам ўрун берилмайди. Ёлғуз сиз ва бизга ўхшаған камбағаллар ҳукумати...
— Ҳа, ҳа, шундоқ дегин-чи...
Орадан ё уч кун ўтади ва ё ўтмайдир. Эски турмуш билан заҳарланиб қолған чолингиз бояғи бир мириликдак қилуб рўмолға тугуб берилган тушундиришни унутадир-да, болшевикни бир шахс, камбағалдан чиқған улуғ бир оқ подшоҳ деб била бошлайдир:
— Болшевойинг жуда ҳам ботурбой йигит экан-да, аскари ҳам бир-икки лак бордир?
— Ҳа,беш-олти лакбор!..
— Ўбба баччаталоқ... ўзи ҳам ҳирс қўпған экан. Ўзимнинг бир оз дармоним йўқроқ-да, ўғлим. Бўлмаса, болшевойингга йигит бўлуб кирар эдим. Агар болшевойинг олдиға чиқсанг мендан салом дегин. Сани дегин, бобой дуо қилди дегин... Баччаталоғингни бечорапарвар деб эшитаман: кўйнак-иштонга беш-ўн олчин мата сўрасанг берармикин?.. Хайр, бермаса ҳам гўрга. Ишқилуб солиқлардан дарҳон қилса бўлди. Ҳаммадан ҳам боққа кўз олайтира кўрмасун.
Баъзан чолингиз истиқбол қўмсай бошлайдир:
— Худонинг хоҳлагани-да, кофирнинг қўлида қолуб кетдик... Ўзимизда ғайрат йўқ. Агар юрт бир оғизға тупуруб, яроғ тополмағанда ҳам қора калтак бўлуб чиқса, исни-биска қўймас эди. Қадимги замоннинг йигитларидан шу кунда ҳам бўлғанда-чи, эй-ҳа, ўрусингга йўл бўлсун.
— Қора калтак бўлишнинг нима кераги бор, дада? Болшевойнинг каттаси ўзимизнинг мусулмондан. Қушбегилар, оталиқлари ўзимиздан, ўртада улардан битта-яримта додхоҳлар бўлса бор!..
Бу сўзни эшитиш билан чол таажжуб ва таҳайюрда қоладир:
— Нима дединг?..
— Болшевойнинг улуғи ўзимизнинг йигитлардан.
Чол ҳозир боши берк кўча ичида... шу ҳолда бир-икки тамшаниб олғач, яна узундан-узоқ болшевикнинг асли-насли ҳақида истифсор талаб қилади...
— Тузук, тузук, кўб яхши. Болшевойинг одамохун экан, сарбоздан кел, сарбоздан. Ўзимиздан сарбозлар борми?
— Бор, лекин бўлса ҳам йўқ ҳисобида.
— Аттанг, шуниси чакки экан.
— Нима зарари бор, дада.
— Эй, ўғлим, одам бўлгандан кейин ҳар нарсанинг ҳам бошида бўлиш керак, «Нон қўйнимда, ит кейинимда!..»
Шундоқ қилуб, отам болшевойга йигит бўлмоқчи-я. Бироқ бир оз дармони йўқроқ-да... Эқтимолки, баҳорға чиқуб дармони яхшиланур, сочлари қораюб, бошқа ўғлон тишлари чиқуб бўлса ҳам, лекин ҳозирга эндигина милк ёруб келмакда бўлған иккита жағ тишлари ҳам чиқуб бўлур-да, чолни болшевой ҳам йигигликка қабул қилур ва ул болшевойга чин «сарбоз» бўлур.
Ўғли Жулқунбой
«Инқилоб» - 1922 йил, 7-8-сон
