Temuriylar kutubxonasining siri
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Temuriylar kutubxonasining siri

КОМИЛ СИНДАРОВ

ТЕРГОВЧИ

ТЕМУРИЙЛАР
КУТУБХОНАСИНИНГ СИРИ


Сўз боши ўрнида

Қўлингиздаги детектив қисса 2013 йилда чоп этилган «Қимматга тушган хато» (Ёки қасоскор қалб исёни) номли китобимизнинг мантиқий давомидир. Гарчанд асарлардаги воқеалар бир-биридан тубдан фарқланса-да, асосий қаҳрамонлар яна ўша прокуратура терговчилари Фахриддин ва Санжарбеклардир.

«Қимматга тушган хато»да прокуратура ходимининг тўсатдан йўқолиб қолиши билан боғлиқ мураккаб ва ўта оғир жиноятни ўзларининг профессионал маҳорати, билими, тиришқоқлиги ҳамда зукколиги билан фош этган терговчилар «Темурийлар кутубхонасининг сири»да энди Ҳазрати Башир қишлоғига яқин тоғ этагидаги қўтонда содир бўлган чўпоннинг ўлими билан боғлиқ антиқа жиноят ишини тергов қилишга киришадилар.

Бир қарашда оддийгина туюлган қотиллик жинояти бора-бора чигаллашиб, бошқа бир тарихий воқеага – ХV асрларда йўқолиб кетганлиги гумон қилинаётган Темурийлар ёки Мирзо Улуғбек кутубхонаси билан боғлиқ ажойиб ва ғаройиб ҳодисаларга уланиб, аср жинояти даражасига кўтарилади.

Сир эмаски, бугунги ўзбек адабиётида детектив асарлар салмоғи жуда кам. Китобхон эса бундай асарларга муҳтож. Айниқса, прокуратура терговчиларнинг сермашаққат ва шарафли меҳнатларини акс эттирувчи, ўқувчини жиддий мулоҳаза қилишга ундовчи, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилувчи бадиий асарлар бармоқ билан санарли.

«Темурийлар кутубхонасининг сири»ни ёзар эканмиз биз ўз олдимга уч муштарак мақсадни қўйган эдик:

Одамлар онгида узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган «прокуратура қораловчи, жазоловчи орган, унда ишловчи ходимлар эса қаҳри қаттиқ, қўпол ва бемеҳр инсонлар» деган нотўғри тушунчаларга барҳам бериб, Фахриддин ва Санжарбеклар мисолида прокуратура терговчиларининг ғоят машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларини ҳаққоний ёритиш, уларнинг «қилни қирқ ёриб» адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги серқирра ва ўта нозик фаолиятларини ҳаётий мисоллар ва бадиий бўёқларда акс эттириш ва шу билан китобхон қалбида бундай шарафли юксак касб эгаларига нисбатан муҳаббат ҳисларини уйғотиш – бош мақсадимиз эди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятини оширишда детектив асарларнинг ўрни муҳимдир. Шу нақтаи назардан оддий китобхоннинг онгига жиноят учун жазонинг муқаррарлиги, айбсиз шахсни жазога тортиш мумкин эмаслиги, суднинг ҳукмисиз ҳеч кимни айбдор деб ҳисоблаб бўлмаслиги, жиноятчи шохида юрса, баргида юрадиган терговчилар фаолиятининг асосий мезони адолат ва қонун устуворлиги тамойили эканлиги каби тушунчаларни сингдириш мақсадини кўзладик.

Бундан ташқари мазкур асар баҳонасида узоқ йиллар оғриқ нуқтамиз бўлиб ётган бир тарихий воқеликни қаламга олишга журъат этдик.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг илм­га, китобга меҳри бошқача бўлган. Қайга бормасин, қай юртни забт этмасин, зебу зардан кўра китоб­ларга кўпроқ аҳамият берган, нодир қўлёзмаларни сақлаб қолиш, илмий меросни янада бойитиш, илм аҳлини ардоқлаб, улар учун зарур шарт-шароитларни яратишни ўйлаган. Фирдавсмонанд Самарқандда замонасининг энг катта кутубхонасини ташкил этган. Бу даргоҳда Турон заминда асрлар давомида улуғ аждодларимиз томонидан яратилган илмий меросдан ташқари, Ҳиндистону Хуросон, Озору Арман, Боғдоду Дамашқ, Қоҳираю Анқара, Ироқу Румдан келтирилган нодир қўлёзмалар тўпланган. Темурийлар кутубхонаси ёки Улуғбек кутубхонаси номи билан машҳур бу илм даргоҳи Мирзо Улуғбек вафотидан кейин тахт тепасига келган хурофот ва жаҳолат кучлари таъсирида сирли равишда йўқ қилинган. Тарихий манбалар мазкур кутубхонанинг мавжуд бўлганлигини тасдиқлайди. Унинг ёндириб, куйдириб юборилганлиги, четга олиб кетилганлиги ёки бошқа табиий офатлар таъсирида йўқ қилинганлиги ҳақида манбаларда бир оғиз ҳам гап йўқ. Агарда шундай бўлганда, тарихчилар бу ҳақда албатта ёзиб қолдирган бўларди. Демак, бу улкан кутубхона юртимизда! Қайсидир ғорда, қайсидир тоғда ёки Самарқанднинг қайсидир замини қаърида бизни кутиб ётибди. Бу ҳақда бир қанча илмий фаразлар ҳам мавжуд. Бундан қарийб икки аср муқаддам амалга оширилган Европа ва рус олимларининг Темурийлар кутубхонасини топиш борасидаги изланишларидан сўнг ҳозирга қадар бу масала билан ҳеч ким жиддий шуғулланган эмас...

Шуларни ўйлаб, анча йиллардан буён бу ҳақда бирор нарса ёзиш ва шу орқали масалага жамоатчилик эътиборини қаратишни ўйлаб юрардим. Самарқандлик тарихчи олим Камолхон Каттаев, академик Бакир Зарипов, математик олим Абдусамат Мамаюсупов, тадбиркор Ҳолиқул Зайдуллаевлар билан бамаслаҳат сирли кутубхонани топиш мақсадида илмий экспедиция уюштиришни ҳам ўйлаб қўйгандик.

Детектив жанрдаги асар мазмунига тарихий воқеликни сингдиришдан кўзланган мақсад шу эди.

Ўта нозик жанрдаги иккинчи китобимизни Сиз азиз ўқувчига тақдим этар эканман, сизлардан асар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдиришингизни кутиб қоламан. Зеро, Фахриддин ва Санжарбекларнинг янада мураккаб, янада қизиқарли жиноятларни фош этиш борасидаги кейинги фаолиятларини реал воқеликлар, бадиий безакларда акс эттирувчи бўлажак асарларимиз тақдири Сиз муҳтарам китобхонларнинг холисона баҳоси, мухлисларимиз қўллаб-қувватлашидан оладиган илҳомга боғлиқдир.

Эҳтиром ила,

Комил СИНДАРОВ

Фахриддин хизмат хонасига кириб келиши билан ички телефон жиринглаб қолди. У «эрталабдан ким бўлдийкин?» деган ўйда гўшакни кўтарди:

– Лаббай, эшитаман.

– Фахриддин Каримович, салом! Яхши дам олдингизми? Тезда хонамга чиқинг! – Тоҳир Ғофурович гапни қисқа қилди.

Терговчи қоғоз, қалам олиб, прокурор ўринбосарининг хонасига шошилди.

– Фахриддинжон, чарчоқлар ёзилдими? Уйдагилар қалай? Келин, болалар… яхшими? – прокурор ўринбосари тавозе билан гап бошлади.

– Раҳмат, Тоҳир ака. Ўзингиз яхшимисиз? – Фахриддин гап оҳангидан муҳим топшириқ борлигини англади. Одатда, бошлиқ бирор жиддий иш топширмоқчи бўлганда унга «жон» деб мурожаат этарди.

– Мен ҳозиргина Қашқадарё вилоят прокурори билан гаплашдим. Китоб туманида рўй берган бир қотиллик жинояти бўйича хизмат сафарига боришингизга тўғри келмоқда.

– Қанақа қотиллик экан?

– Ҳазрати Башир қишлоғи атрофидан бир чўпоннинг жасади топилган. Қизиғи шундаки, унинг чўнтагидан ўн тўртинчи асрга мансуб тилла танга чиққан. Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас… – Тоҳир Ғофурович пахта гулли пиёладаги чойдан ҳўплаб, гапида давом этди. – Чўпоннинг қўтонидан бир талай қадимий китоб ҳам топилган…

– Яна қанақа китоб? – Фахриддиннинг таажжуби ошди.

– Самарқандлик олим Камолхон Каттаевнинг хулосасига кўра бу китоб Х–ХI асрларда яшаб ўтган аллома… – прокурор ўринбосари олдида турган қоғозга қараб дудуқланиб ўқишга тушди. – А-б-у За-йд Да-бу-сийнинг «Ал-Ан-вор фи у-су-ли-л-фиқҳ» номли асари экан. Гап шундаки, мазкур асар шу пайтга қадар бизгача етиб келмаган деб ҳисобланар экан.

– Ўзи асар нима ҳақда экан? Шунчалик кўҳна китобмикан?

– Ахир ўн аср олдин ёзилган… Таржимасини ҳам ёзиб олган эдим мана… – Тоҳир Ғофурович кўзойнагини қўндириб, яна қоғозга тикилди. – Ўзбекчада китобнинг номи «Фиқҳ асосларини очувчи нурлар» бўларкан. Дабусий замонасининг машҳур ҳуқуқшунос олимларидан бўлган экан.

– Буни қаранг-а, эшитмаган эканман!

– Сиз билан биз мактабда, институтда ўқиган кезлар «шўролар» даврига тўғри келган. Шу боис улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини ўрганиш у ёқда турсин, номини ҳам тилга олиш мумкин эмасди! Аксинча, ўша давр мафкураси Соҳибқирон Амур Темурни қонхўр, Бобурни босқинчи де­йишдан тап тортмаган… Майли гапираман десанг гап кўп. Вилоят прокурори қотилликнинг мотиви шу тилла танга ва китоб билан боғлиқ бўлиши мумкин деган фикрни билдирмоқда. Хуллас, жо­йига чиқиб, масалага ойдинлик киритишга тўғри келади. Агар прокурорнинг хулосаси тўғри чиқса, ишни ўз иш юритувингизга оласиз. Вазиятга қараб иш тутинг. Терговчилардан бирини, яхшиси Санжар Раҳмоновни ўзингиз билан олишингиз мумкин.

– Қачон йўлга чиқсак бўлади?

– Кечки рейсга чиптага буюртма берилган. Ҳужжатларни расмийлаштириш, сафар тайёргарлигини кўриш учун сизларда вақт етарли бўлади, – Тоҳир Ғофурович ўрнидан қўзғалди. – Бизга савол бўлмаса, ишингизга омад.

– Раҳмат, ҳаммаси тушунарли! Жойига етиб боргач, Сизга ахборот бераман. – Фахриддин шаҳд билан ортига бурилди…

* * *

Самолёт белгиланган вақтда ҳавога кўтарилди. Фахриддин ўриндиғини сал ётқизиб, кўзини юмиб олди. Санжарбек ўриндиқ ортидаги газета, журналларни олиб, варақлашга тушди. Сўнг сумкасидан ручкасини чиқариб, кроосворд ечишга тушиб кетди:

– Беш ҳарф «қовун нави», «а» билан бошланади.

– «Амири», – деди ўзини ухлаганга солиб кетаётган Фахриддин ҳозиржавоблик билан.

– Тўғри… кейингиси – Саид Аҳмад асари, уч ҳарф.

– Уфқ.

– Буниси ҳам тўғри. Америкадаги штат, «а» дан бошланади.

– «Аризона».

– А-р-и-з-о-н-а, тўппа-тўғри. Энг оғир жиноят.

– Қотиллик.

– Есть… Дарвоқе «қотиллик» дегандай, Фахриддин ака боя гапингизга унчалик тушунмаган эдим. Кейин гаплашамиз дегандингиз. Ўзи Қашқадарёга нима мақсадда кетаяпмиз? – деди Санжарбек қўлидаги журнални ўриндиқ ортига жойлай туриб.

– Бир чўпонни ўлдириб кетишибди, – бамайлихотир жавоб берди Фахриддин.

– Вилоятда шу оддийгина қотилликни тергов қиладиган терговчи қуриб кетибдими? Шунча йўлдан бизни овора қилиб…

Фахриддин кўзини очиб, шеригига кулимсираб қаради:

– Лекин бу сиз ўйлаганчалик оддий қотилликка ўхшамаяпти. Марҳумнинг чўнтагидан қадимий тилла танга топилган, қўтондан қанақадир антиқа китоблар чиққан.

– Ростданми? Нима бало чўпон бирор хазина топиб олганмикин? – Санжарбек хулоса қилишга ошиқди.

– Бўлса бордир. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Олдиндан бирор нарса деб бўлмайди. Борсак кўрамиз! Абу Зайд Дабусий ҳақида эшитганмисиз?

– Қанақа Дабусий?

– Эшитганмисиз ё йўқми? – Фахриддин саволни қайтарди.

– Менимча арабларнинг «Ал-иттифоқ»дами ёки Эроннинг қайсидир футбол жамоасида ўйнаса керак, – Санжар таваккал қилди.

Фахриддин хандон отиб кулди. Сўнг базўр ўзини тўхтатиб, «футболчи денг!» деди.

– Ёки бирор давлатнинг раҳбарими? – Санжарбек устозининг «шуни ҳам билмайсанми?» деб таъна қилишидан чўчиб, таваккал қилишда давом этди.

– Нуфузли идоранинг маъсул ходими, малакали ҳуқуқшунос бўла туриб, наҳотки шундай улуғ зотни танимасангиз! – ҳамон кулгидан ўзини боса олмаётган Фахриддин атайлаб шогирдининг жиғига тегди. – Ҳа қишлоқи-я!

– Устоз кўп қийнаманг, айта қолинг, ким у? – деди Санжарбек хуноби чиқиб.

– Ахир у ўнинчи асрларда яшаб, Турон заминда фиқҳ илмини ривожлантирган буюк аждодимиз-ку! Наҳотки унинг машҳур «Ал-Анвор фи усули-л-фиқҳ» асарини ўқимаган бўлсангиз? – деди устоз билағонлик қилиб.

– Йўқ, ўқимаган эканман! Талабалик йиллари ўқиган бўлсам, балки ёдимдан чиққандир… – жовдиради шогирд.

– «Балки ўқиганман» денг! – деди устоз жилма­йиб. Сўнг бир оз жиддийлашиб, гап бошлади:

– Рости мен ҳам у ҳақда эрталаб Тоҳир акадан эшитдим.

– Ана холос! Бизни «қишлоқи» дейдилар, ўзлари ҳам…

Устоз босиқлик билан Дабусий ва Китобдаги қотиллик ҳақида билганларини гапириб берди. Шу пайтгача «оддийгина қотилликни ўзлари тергов қилса бўлмасмиди, бизни безовта қилишнинг нима кераги бор эди!» деган хаёлда кетаётган Санжарбек сафар мақсадини тушунгандай, бу галги хизмат сафари ҳам икки-уч кунлик эмаслигини фаҳмлагандай бўлди…

Фахриддин Каримович ўриндиққа бошини қў­йиб, яна кўзларини юмиб олди. Шу тобда унинг нималарнидир ўйлаб, эртанги кун режаларини бошида «пишириб» кетаётгани аниқ эди. Санжарбек шуни ўйлаб, ортиқча саволлар бериб, уни чалғитишдан ўзини тийди. Ойнадан ташқарига қараб, борлиқни кузата бошлади. Тепадан қараганда ҳамма нарса худди кафтдагидек аниқ кўринади. Ястаниб ётган Қарши чўллари… илон изли йўллар… тўда-тўда сурувлар… гугурт қутисидак уйлар… машиналар… қанақа ажойиб манзара…

– Ҳурматли йўловчилар! Камарларингизни тақиб олинг! Бир оздан сўнг сомалётимиз Қарши шаҳрига қўнади. Ҳавонинг илиқлиги 24 градус… – стюардессанинг ёқимли овози эшитилди.

Ҳамма камарларини тақишга шошилди.

– Бирпасда етиб келдик-а! Техниканинг қудратини қаранг! Ота-боболаримиз бу масофани отда бир ҳафта-ўн кунда босишган бўлса ажабмас, – деди Санжарбек ойнадан кўзини узмай.

– Ҳа, бизга шунақа ажиб замонда яшаш насиб этди Санжарбек! Техниканинг шарофати туфайли икки дунё бир қадам бўлиб қолди. Аждодларимиз учун афсонадек туюладиган воқеалар биз учун жўнгина ҳодисага айланди. Телевизор, интернет, уяли телефон, самолёт… ҳақиқий мўъжиза… Ота-боболаримиз умрининг асосий қисмини жангу жадалларда, отнинг устида ўтказганлар. Шундай дориломон замонда яшашнинг ўзи бир бахт эмасми?

– Нимасини айтасиз! Тушунган одам учун бу дунё­да яшашнинг ўзи бир бахт. Лекин одамзот шунга ҳам шукр қилмас экан. Шундай тинч, тўкин ва осуда дамларда ҳам қотилликлар, хунрезликлар учраб турганлиги кишини ўйлантиради. Нима сабабдан темирга жон ато этган одамзот жиноятчиликни таг-томири билан қирқиб ташлашга қодир бўла олмаяпти? – Санжарбек суҳбатдоши уни диққат билан эшитиб турганидан тўлқинланиб кетди. – Шунча нарсага қодир одамзот жиноятчиликни тўла бартараф этишга ожиз бўлса! Ахир…

– Файласуф бўлиб кетинг-э! Шу мавзуда диссертация ёзсангиз бўлармиди! – Фахриддин пичинг қилди.

– Шу жиноятчилар бўлмаса, сиз билан биз шунақа доимий мусофирчиликда юрмасмидик дейман-да! – Санжарбек гапни ҳазилга бурди.

– Шу касбни ўзимиз танлаганмиз. Чидаймиз. Ҳар қандай жамиятда жиноятчилар бўлади. Фақат жамиятнинг турига қараб жиноятчилик ортиши, камайиши мумкин.

– Бир пайтлар очарчилик замонларда одамлар қорнини тўйдириш, ўзи ёки оиласини очарчиликдан сақлаб қолиш мақсадида ўғирлик, талончилик, босқинчилик қилган. Буни тушунса бўлади. Лекин ҳозирги тинчлик, тўкин-сочинлик замонда бундай жиноят қилишга нима ҳожат! Жонини хатарга қўйиб, қонунни бузиш нимага керак?! Ахтарган имкон, ишлаган давлат топаётган бўлса! – Санжарбек «чакки эмасми?» дегандай устозига ўгирилди.

– Тўғри, ҳар қандай жиноятнинг туб сабаби мол-дунёга бориб тақалади. Лекин одам очарчиликдан, йўқчиликдан, камбағалликдан, имконсизликдан жиноят содир этмайди, – Фахриддин тобора ерга яқинлашиб келаётган самолётнинг ойнасидан пастга қараб, гапида давом этди. – Ёки сиз ўз тажрибангизда қорнини тўйдириш учун жиноят содир этган шахсни учратганмисиз? Жиноятчилик асосан тўқликка-шўхликдан келиб чиқади. Бой одам янада бойигиси келади. Агар у ўз бойлигини ҳаромдан топган бўлса, яна ҳаром луқма егиси келаверади. Бу йўлда ҳеч нарсадан тоймайди. Улар содда, оми ва айни пайтда пулга муҳтож одамларни топиб, уларни ўз жиноятларига шерик қиладилар. Баъзан жиноятни шундай инсонларнинг қўли билан содир этадилар.

– Тўғри айтасиз, менинг амалиётимда ҳам ночорликдан жиноят содир этган шахслар бармоқ билан санарли. Туман прокуратурасида ишлаб юрган кезларимда ички ишлар ходимлари бир йигитни тутиб келишди. Маълум бўлишича, ҳунар-техника билим юртида ўқийдиган у йигитнинг онаси ва синглисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Она шўрлик фаррошлик қилиб, икки фарзандини боқар экан. Қиш кунларидан бирида бечора она бетоб бўлиб қолибди. «Тез ёрдам» чақиришибди. Дўхтир анча-мунча дори ёзиб берибди. Ўғил уйдаги бор пулни олиб дорихонага йўл олибди. Аммо дори олишга пули етмапти. Анча пайт кўчада нима қилишини билмай тентираб юрибди. Йигит киши эмасми, уйга – онасининг олдига қуруқ қўл билан қайтишга юзи чидамапти. Кеч тушганда бадавлат қўшнисининг омборхонасига кириб, велосепидини ўғирлаб чиқибди. Ўғирланган молни бошқа маҳалладаги танишига пуллаб, онасига керакли дориларни харид қилибди…

Самолёт тўхтаганлиги сабабли йўловчилар қимирлаб қолишди.

– Хўш кейин-чи, ўша йигит нима бўлди? – Фахриддин атрофдагиларга парво қилмай шогирдига юзланди.

– Ўзингиз биласиз, уй-жой, омборхона ва бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб ўғирлик қилиш анчагина оғир жиноят ҳисобланади. Қонун талаби бўйича йигитни қамаш лозим эди. Аммо прокуроримиз ҳамма масъулиятни ўзига олиб, уни қўйиб юборди. Бошида анча тўполон бўлди. Кейинчалик ишни шахсан ўрганиб чиққан вилоят прокурори туман прокурорининг қарорини асосли деб топгандан сўнггина ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетди. Раҳматли Маъруф Восиқович шунақа диёнатли, инсофли ва одил прокурор эди-да!

– Ҳа, у кишининг ўрнида бўлганда ҳамма ҳам шунақа масъулиятни ўз бўйнига олавермас эди. Аммо, нима бўлганда ҳам адолат йўлини тутган экан, – Фахриддин ўриндиқ камарини бўшатиб, жойидан қўзғалди…

* * *

Аэропортда меҳмонларни вилоят прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Неъмат Ҳамидов кутиб олди. Йўлда кетар экан, мезбон Қарши шаҳрида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Санжарбек шаҳарга илк бор ташриф буюрганлиги боис мезбонни гапга солиб кетди. «Нексия»нинг орқа ўриндиғига ўтирган Фахриддин Каримович эса бу ерларда кўп бор бўлганлиги сабабли ўз хаёллари билан банд эди: бу қадимий тилла қандай қилиб чўпоннинг қўлига тушиб қолган бўлса. Ота-боболаридан мерос қолдимикин? Ё хазина топганмикин? Унда нима сабабдан бир дона! Қолганлари қаерда бўлиши мумкин? Жиноятчилар олдин тунаб, кейин ўлдириб кетдимикин? Унда нега бир дона тангани қолдириб кетишган? Ёки кўрмай қолишганми? Балки қотиллар унда тилла борлигини билишмагандир. Жиноятнинг мотиви умуман бошқа нарса ҳам бўлиши мумкин-ку! Чўпон тиллаларни фақат керак бўлганда доналаб пуллаб юрган бўлса-чи? Чўпоннинг ота-онаси, авлод-аждоди ким бўлган экан? Дабусийнинг китоби-чи? Шу пайтга қадар фанга маълум бўлмаган китоб қандай қилиб оддий бир чўпоннинг қўлига тушиб қолган бўлса? Қўл­ёзма ўн асрдан ортиқ вақт давомида қаерда, қандай қилиб сақланган бўлса? Уни тўла тадқиқ этиш бўйича керакли мутахассисларни жалб этишга тўғри келади…

Терговчи меҳмонларни тўғри вилоят прокурори ўринбосари Фарҳод Шириновичнинг ҳузурига бошлаб борди. Одатдаги салом-аликдан сўнг Фахриддин Каримович муддаога кўчди:

– Фарҳод Ширинович, ижозатингиз билан биз терговчининг хонасида жиноят иши билан танишиб чиқсак. Кейин маслаҳатлашамиз!

– Албатта, албатта! – Фарҳод Ширинович ички телефонни кўтарди. – Маҳкамжон, жиноят ишини олиб киринг!

Зум ўтмай хонага чамаси ўттиз ёшлардаги узун бўйли, қорачадан келган басавлат йигит қалин жилдли папкани кўтариб кириб келди.

– Бу киши алоҳида ишлар бўйича терговчимиз Маҳкам Ҳакимович бўладилар, – Фарҳод Ширинович навбатма-навбат меҳмонларни ҳам таништирди. Сўнг Фахриддин Каримовичга юзланиб:

– Марҳамат, сизлар Маҳкамжоннинг хонасида жиноят иши материаллари билан танишиб чиқинг­лар. Кейин фикрлашамиз.

Меҳмонлар терговчининг хонасига ўтиб, жиноят иши билан батафсил танишиб чиқдилар, керакли жойларини алоҳида қоғозда қайд этиб, қандайдир чизмаларни, схемаларни чиздилар. Маҳкам Ҳакимовичга турли-туман саволлар бериб, иш тафсилотларига ойдинлик киритдилар.

Сўнг Фарҳод Шириновичнинг кабинетида тўп­ланишиб, мунозарани давом эттиришди:

– Иш биз ўйлагандан кўра мураккаброқ кўринади, – Фахриддин Каримович гап бошлади. – Норбўта чўпон қандайдир жиноий гуруҳнинг ишига аралашиб қолган кўринади. Жиноятнинг боши Самарқанд ёки Тошкент шаҳрига бориб тақалиши эҳтимолдан холи эмас. Негаки, бу қадимий тилла тангалар, ноёб, кўҳна китоблар ерлик аҳолини унчалик қизиқтирмаган бўларди. Фақат тушунган, мутахассис кишигина бу қадимий ашёларнинг қадр-қийматини билиши мумкин…

– Гапингизга қўшиламан, – Маҳкам Ҳакимович гапга қўшилди. – Чўпоннинг аёли сўзларига қараганда, эри кейинги пайтларда ўн-ўн беш кунлаб уйига келмайдиган одат чиқарган. Лекин қаерга боришини, нима билан шуғулланишини хотинидан сир тутган. Бундан ташқари Шаҳрисабз, Китоб туманларида қадимий тангалар ёки эски китобларни коллекция қиладиган, уларнинг олди-бердиси билан шуғулланадиган шахс борлиги аниқланмади.

– Балки чўпоннинг ўлими бу қадимий ашёларга боғлиқ эмасдир, – прокурор ўринбосари ҳамкасбларини мунозарага чорлади. – Қотиллик унинг шахсий ҳаёти билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин-ку!

– Биз бу тахминни ҳам ишлаб кўрдик, – Маҳкам Ҳакимович ўрнидан туриб гап бошлади. – Чўпоннинг оилавий муносабатлари, яқинлари, дўстлари, таниш-билишлари билан алоқалари имкон қадар ўрганилди. Бирор бир ихтилоф ва келишмовчилик­лар бўлганлиги аниқланмади. Шунга қарамасдан бу борада ҳам ишни тўхтатганимиз йўқ…

– Гувоҳларнинг кўрсатувлари, иш материаллари билан танишиб, мен ҳам қотиллик чўпоннинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ эмас, деган хулосага келдим, – жиноят ишини варақлаб ўтирган Санжарбек гапга қўшилди.

– Ажабланарлиси шундаки, қотиллар жуда пухта ишлашган, ўзларидан бирон бир из, далил қолдиришмаган, гувоҳлар ҳам йўқ! – деди ҳамон тик турган Маҳкам Ҳакимович надомат билан.

– Мен бир нарсага ҳайронман! Қишлоқ жойда бегона одам, бегона машина тез кўзга ташланади. Наҳотки қотилларни ҳеч ким кўрмаган бўлса! – деди Санжарбек таажжуб билан.

– Гап шундаки, бу қишлоқда Ҳазрати Башир зиё­ратгоҳи жойлашган бўлиб, унга ҳар куни кўп­лаб зиёратчилар ташриф буюришади. Шу сабабли ерлик аҳоли бегона кишиларга, транспорт воситаларига аҳамият бермайди. Гувоҳлар йўқлиги шундан… – изоҳ берган бўлди Маҳкам.

– Ҳа, ҳозирча жиноятнинг мотиви ҳам, чўпоннинг ўлдирилиши тафсилотлари ҳам маълум эмас. Қотиллик рўй берган кун туни билан ёмғир ёққанлиги ҳам жиноятчиларга қўл келган. Кўп излар ювилиб кетган. Хуллас, айни пайтда қўлимизда бирорта далил ҳам, жўялироқ тахмин ҳам йўқ. Жиноятни фош этиш осон кечмайдиган кўринади… Мен жиноят иши терговини Республика прокуратураси иш юритувига олиш лозим деган фикрдаман, – деди Фахриддин Каримович мунозарага якун ясаб. – Санжарбек, сиз тегишли ҳужжатларни расмийлаштиринг. Мен раҳбариятга ахборот бераман.

– Раҳмат, Фахриддин ака! Сизларнинг ёрдамларингизсиз бу жиноятни фош қилиш қийин бўлади, – Фарҳод Ширинович елкасидан тоғ тушгандай енгил нафас олди. – Биз ҳам қараб турмаймиз, гуруҳга энг тажрибалари тезкор-тергов ходимларимиздан берамиз. Маҳкам Ҳакимович сизларнинг ихтиёрингизда бўлади.

– Раҳмат Фарҳод Ширинович! Сиз ўз ишингизни қилаверинг. Бизлар йигитлар билан бирор соат ишлаймиз. Тонгда воқеа жойига чиқиб кетамиз. Ҳозирча хайр! – Фахриддин ҳужжатларни қўлига олиб, эшик томонга юрди.

Терговчилар унинг ортидан эргашди.

– Қоринлар ҳам ўзи пиёзнинг пўстлоғи бўлиб кетди-ёв! Соат ҳам ўндан ошиб кетибдими?... – раҳбарнинг «яна бир соат ишлаймиз» дегани ёқмаган Санжарбек ғудранди.

– Эртанги кун учун пухта режа тузиб олмасак бўлмайди. Овқат қочмас! – деди Фахриддин совуққонлик билан.

Устозининг феълини яхши биладиган Санжарбек унга эргашди…

* * *

Ҳазрати Башир қишлоғи туман марказидан анчагина олисда жойлашган экан. Гуруҳ тушган машина қирлар, адирлар оша тоғ томонга шитоб билан кетар экан, йўл тобора торайиб, ўнг томонда шовуллаб оқаётган дарёнинг ҳусни-таровати, тафти, яққолроқ намоён бўла бошлади.

– Бу қанақа дарё? – ташқаридаги ажиб манзарага маҳлиё бўлиб кетаётган Санжарбек меҳмонга юзланди.

– Қашқадарё ирмоқлари шу ерлардан бошланади, – деди Маҳкам йўлдан кўз узмай.

– Суви негадир кўм-кўк экан-а! Рости бунақа гўзал гўшани умримда кўрмаганман!

– Ҳа, чиндан ҳам гўзал! Айниқса, баҳор чоғлари бу жойлар жуда фусункор бўлиб кетади. Бир пайт­лар Соҳибқирон Амир Темур ҳам, Мирзо Улуғбек ва бош­қа Темурийзодалар ҳам Самарқанддан ота юртларига шу йўл орқали ўтишган, табиатнинг мана шундай тенгсиз чиройидан баҳраманд бўлишган.

– Самарқанд билан Кешни боғловчи карвон йўли шу ердан ўтганми? – атрофни жимгина кузатиб кетаётган Фахриддин Маҳкамга юзланди.

– Шунақа. Қаранг, ахир карвон йўли учун бундан аъло шарт-шароит бўлиши мумкинми? Бир томонда дарё шовуллаб оқиб турса, бир томон тоғ, бир томон боғ...

Фахриддин ҳамсуҳбатининг гапларига бош чайқаб кетаётган бўлса-да, хаёли бошқа жойда эди: «Қадимий қўлёзмалар, тилла тангалар... балки улар шу қадим йўллардан ўтган Темурийлар сулоласининг мулкидир. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Шароит тақозоси билан бир пайтлар яширилган хазина чўпоннинг ота-боболари томонидан топиб олинган бўлиши мумкин. Балки чўпоннинг бобокалонлари Соҳибқироннинг қўлида хизмат қилгандир...

– Манзилга яқинлашиб қолдик! – Маҳкамнинг гапи терговчининг хаёлини бузди.

Қоялар орасидан мўралаб чиққан баҳор қуёши борлиққа ўзгача жило бахш этарди. Яшил либосга бурканган далалар, қирлар келинчакдай ястаниб, жамолини кўз-кўз қилаётгандай эди.

Қишлоққа кириб келганларида баҳор офтоби аллақачон борлиқни қиздириб, жамики жонзотни уйғотиб юборганди. Тоғ томондан эсаётган майин шабада ёқимли ифор таратиб, юракларга ўзгача бир илиқлик бағишлади.

– Чўпоннинг уйи шу қишлоқда. Қўраси эса сал тепароқда. Қаёққа ҳайдай? – Маҳкам Ҳакимович ўртадаги жимликни бузиб, гуруҳ раҳбарига юзланди.

– Олдин воқеа жойига борайлик, – табиатнинг сеҳридан, қишлоқнинг жамолидан кўз ололмай келаётган Фахриддин қисқагина жавоб қилди.

Машина ўнқир-чўнқир йўл бўйлаб шитоб билан тепаликка қараб кўтарила бошлади.

Қўтон деярли тоғ этагида жойлашган экан. Пастқамгина уйнинг мўрисидан буруқсиб тутун чиқиб турганидан бу ер қишлоққа қараганда анча салқин эканлигини англаш қийин эмасди.

Терговчилар машинани бир чеккада қолдириб, уй томонга юришди. Қўра ичида тимискиланиб юрган чўлиқлардан бири меҳмонларни кўриб, уларга пешвоз чиқди.

– Бу киши ёрдамчи чўпон – Яхшилик ака, – деди Маҳкам Ҳакимович у билан кўриша туриб.

Чўпон ҳамма билан қўл бериб кўришиб, меҳмонларни ичкарига таклиф қилди. Кулба икки хонадан иборат бўлиб, каттароқ ивирсиб ётган хона чўлиқлар учун мўлжалланган шекилли – тўртта темир каравот қўйилган, ўртада алимисоқдан қолган ёғоч стол, тўрда «уч оёқ» шкаф. Кираверишдаги чўян печнинг оғзидан чиқаётган аччиқ тутун димоғни ачиштирди.

Чўпон пайпаслаб деразани очди. Бирпасда тутун тарқаб, хона ичи ёришди. Терговчилар мезбоннинг ўтиришга қилган таклифига ҳам парво қилмай тик турган ҳолда хонани кўздан кечиришга киришди.

– Қотиллик шу ерда содир этилган. Мурда мана бу ердан топилган, – деди Маҳкам Ҳакимович қўли билан шкаф турган жойдан сал нарироқни кўрсатиб. – Бу хона умумий фойдаланишда бўлган. Кундуз ошхона вазифасини ўтаган, кечки пайт ёрдамчи чўпонлар дам олишган. Биз бу ерни обдан ахтариб кўрдик, аммо терговга нафи тегадиган бирор нарса топилмади…

– Демак, яхши қидирмабсизлар! – шкафни титкилаётган Санжарбек ғудурланди.

Маҳкам нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади-ю, меҳмонни хафа қилиб қўйишни ўйлаб, тилини тийди.

Фахриддин хонанинг у ёғидан бу ёғига ўтиб, «далил» қидириш билан овора эди.

– Бош чўпон кейинги хонада турган, – Маҳкам Ҳакимович «вақтни бекорга ўтказаяпсизлар» дегандай гуруҳ раҳбарига юзланди.

Фахриддин «хабарим бор» деган маънода бош чайқаб, ишида давом этди: «Иш материалларига қараганда қотиллар чўпонга таниш бўлган. Шунинг учун уларни уйга таклиф қилган бўлиши табиий. Қотиллик шу хонада юз берган. Бармоқ изи қолдирмаганига қараганда жиноятчилар анчагина тажрибали кўринади. Жуда эҳтиёткорлик билан, пухта ишлашган… Лекин ҳар қандай пихини ёрган жиноятчи ҳам ўзидан из қолдиради. Гап уни топа билишда…»

Фахриддин энгашиб, стол тагига қарар экан, столнинг деворга яқин турган оёғи панасида тангачага ўхшаш нарсага кўзи тушди. Қўли билан пайпаслаб, ҳалиги нарсани жойидан олди. Тугма экан. Аёл кишиникига ўхшайди.

– Мана бунга қаранг, – гуруҳ раҳбари тугмачани Маҳкам Ҳакимовичга кўрсатди. – Столнинг остидан чиқди. Бу ерда аёл киши ҳам турадими?

Маҳкам тугмачани эҳтиёткорлик билан қўлига олиб, диққат билан назар солди:

– Ростдан ҳам «женский», – дея ғудурланди. – Аммо бу ерда хотин киши яшамайди-ку! Бизнинг йигитлар ҳамма ёқни қараб чиқишганди-ку! Бу нимаси бўлди, қаердан чиқди ўзи?

– Мана бу ерда ётган экан, – деди Фахриддин қўли билан тугмани олган жойни кўрсата туриб. – Йигитлар эътибор қилмаган бўлиши мумкин.

Санжарбек тугмачани қўлига олиб, эшик олдида ўралашиб юрган чўпонни чақирди:

– Яхшилик ака, мана бу тугмача кимга тегишли?

Чўпон тугмачага разм солиб, совуққонлик билан «билмадим» деди.

– Тугма аёл кишидан тушган. Бу ерда аёллар ҳам турадими? – деди Фахриддин чўпонга яқинлашиб.

– Жўқ, аяллар бунда не қилади? – елкасини қисди Яхшилик ака.

– Эслаб кўринг балки бирортангизнинг аёлингиз ёки қизингиз келгандир, – Санжарбек гапга қўшилди.

– Жўғ-э! Жоқин ўртада бу жерга аёл зотининг о-ё-ғи тек-кан э-э-м-а-с!… – чўпон дудуқланди.

– Унда манов тугма энангнинг… гўридан чиқдими?! – тутақиб кетди Маҳкам.

Фахриддин терговчига ёвқараш қилди. Сўнг чўпонга юзланиб, ҳамкасбининг қўполлиги учун узр сўрагандай оҳиста сўз қотди:

– Яхшилик ака, яхшилаб ўйлаб кўринг, балки сиз йўқлигингизда бирорта аёл келгандир?

– Шу мудҳиш воқиядан экки кун олдин улим касал бўлганлиги учун менгина жавоб сўраб кетгандим. Шунда бирда-ярим келган бўлмаса! Тағинам билмадим! – деди чўлиқ соддалик билан.

– Шундай бўлган экан, мен сўроқ баённомалари билан танишдим, бахтга қарши бошқа чўпонлар ҳам ўша куни қишлоққа тушиб кетишган экан-а! – Фахриддин чўпоннинг гапини тасдиқлади.

– Ҳа, майрам олди бўғони учун бошқа чўлиқлар шу куни ҳам эртачироқ уйларига кетишган экан. Кўргиликни айтмайсизми?

– Акажон, яхшилаб эслаб кўринг, ўша кунларда қўтонга кимдир келган. Бўлмаса аёл кишининг тугмаси қандай тушиб қолиши мумкин? Эркак киши аёл кишининг тугмасини қадамайди-ку! – деди Фахриддин чўпонни гапга солиш учун мулойимлик билан.

– Жоқин ўртада ҳеч ким кеганини кўрмадим. Лекин…

– Хўш, хўш! – терговчи сергакланди.

– Бу жил билмадим-куя, аммо вўтган жили анву Садақат деган аял бир-экки марта келувди. Яна билмадим… бошқа хотин зоти ёқин ўртада бу жерга қадам босганини эслолмайман.

– Садақат деганингиз ким бўлди?

– Хўжайиннинг… ҳалиги… та-ни-ши-да!

– Қанақа таниш, қаерда туради? Очиқроқ гапиринг!

– Ҳей сен… калла… нималар деб валдираяпсан, нега олдин сўроқ қилганимда бу ҳақда «миқ» этмагансан! – бир чеккада ўтирган Маҳкам тутақиб кетди.

– Маҳкам Ҳакимович… илтимос! Бир муддат … – Фахриддин ҳамкасбига эътироз билдирди. Сўнг яна чўпонга юзланди:

– Садоқат Норбўтага ким бўлади?

– У аял Китобда яшайди. Хўжайин уникига бориб турарди-да! Ҳалиги нима дейди… екинчи дегандай…

– Иккинчи хотини демоқчимисиз? – Санжарбекнинг сабри чидамади.

– Шундай деса ҳам… бўлади. Аммо буни чечам билмас эди. Яна менгина балога қоп ўтирмай…

Терговчилар кўпайлашиб бирпасда чўпондан «Садоқат» ҳақидаги маълумотларни «суғуриб» олишди.

Сўнг бош чўпоннинг хонасини, воқеа жойини яна бир бор кўздан кечиришди. Аммо диққатга молик бирорта «далил» топилмади. Қолган чўлиқларни ҳам обдан сўроқ қилган терговчилар Яхшилик чўпонни олиб, ортга қайтишди. Йўл-йўлакай қиш­лоққа кириб, бош чўпоннинг уйини «зиёрат қилишди», Норбўта чўпоннинг хонасини, шахсий буюмларини, кийим-кечакларини синчковлик билан кўздан кечиришди. Хотини Мастура, бўй қизлари – Нигора, Нодиралар билан яна бир бора «гаплашишди». Аммо бу «тадбирлар» терговга асқатадиган бирон бир маълумот бермади…

* * *

Терговчилар Китоб шаҳрига кириб келганда борлиқ зулмат қўйнига чўмган, осмонда кимгадир бир тилик қовунни, кимгадир ёрнинг камон қош­ларини эслатувчи янги ой хирагина шуъла таратиб турарди.

Яхшилик чўпон қоронғида бир неча бор адашган бўлса-да, Садоқатнинг уйини топишни уддалади. Машина замонавий типда қурилган, кўркам ва шинам уйнинг ёнига борганда, у:

– Тўхтатинг, шу уй, – деди. – Фахриддин ака, илтимос, менга жа ноқулай-да! Кирмай қўяқолай… ўзингиз биласиз аял киши… мендан кўриб-нетиб вўтирмасин…

– Бўпти, унда сиз машинада ўтира туринг, – деди гуруҳ раҳбари машинадан туша туриб.

Эшикни азадорларга хос кўк либос кийиб олган йигирма беш-йигирма саккиз ёшлардаги дилбаргина аёл очди. Терговчилар хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини таништирди. Аёл ҳужжатларга парво ҳам қилмасдан меҳмонларни ичкарига бошлади.

Санжарбек ҳовлига, уйга диққат билан разм солар экан, хаёлидан «Ўҳў, иккинчи… хотин ёмон яшамас экан-ку!» деган фикр кечди. Ҳовлидаги озодалик, бир текис қирқилган «газонлар», чиройли қилиб шакл берилган арча кўчатлари, йўлаклар атрофини безаб турган чироқлар, ҳовли ўртасидаги мўъжазгина фаввора унинг диққатини ўзига тортди.

Уй ичидаги саранжом-саришталик хонадон соҳибасининг анчайин нозик дидли эканлигидан далолат берарди. Хоналар посанг безатилган. Қимматбаҳо хориж мебеллари, чўғдай товланиб турган эрон гиламлари, тувакларга экилган турфа хил гуллар, катта-кичик биллур қандиллар, ранг-баранг картиналар, замонавий теле, видеоаппаратуралар уйнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.

Фахриддин бошқалар қатори музейга тушиб қолгандай атрофга аланглар экан, калласига «бир чўпоннинг яшаши шу бўлса… тўрт-бешта қўйнинг орқасидан шунча бойликка эга бўлиш мумкинми? Чўпоннинг хазина топгани ростга ўхшайди!» деган фикр келди.

Уй бекаси чой дамлаб келиб, терговчининг таклифи билан стулга омонатгина ўтирди.

– Синглим, биз Норбўта чўпоннинг ўлими масаласида келган эдик. Сизга бир-икки саволимиз бор эди, – гуруҳ раҳбари босиқлик билан гап бошлади. – Айтинг-чи, у киши билан муносабатларингиз қандай эди?

Аёл бир оз ўйланиб туриб, бошини ердан кўтармасдан мулойимлик билан жавоб берди:

– Норбўта ака билан танишиб… никоҳ ўқитиб, турмуш қургандик... Мен у кишининг иккинчи... аёли эдим.

– Норбўтани охирги марта қачон кўрган эдингиз?

– Ўлимидан икки кун олдин уйга келган эди. Кечаси бизникида қолди. Эрталаб кетди. «Индинга келаман» деганди. Лекин…

– Эрингизнинг вафот этганлигини қачон, кимдан эшитдингиз?

– Ўша куни тушга яқин Яхшилик ака деган чўпони телефон қилди. Нима қилишимни билмай қолдим. Югуриб бориб ўғлимни… Улуғбекни мактабдан олиб келдим. Жанозага бормоқчи бўлдим… Укамни чақирдим. У бизга рухсат бермади… «Сенларнинг ўринларингга мен ўзим фотиҳага бориб келаман, сизлар уйда аза очиб ўтира қолинглар!» деди… – Аёл чуқур «уф» тортди.

– Эрингизни ким ўлдирган бўлиши мумкин? Сизнинг бирортадан гумонингиз борми? – терговчи аста-секинлик билан чуқурлаша борди.

– Қайдам… Менга кўп нарсани айтмас эди. Лекин хаёлимда кейинги пайтларда нимадандир безовтадек эди…

– Сиз буни қандай сездингиз? Ёки ўзи бирор нарса деганмиди?

– Йўқ! Менга ҳеч нарса демаган. Аммо ўзини тутиши… сал бошқачароқ бўлиб қолганди… Балки менга шундай туюлгандир…

– Айтинг-чи, марҳумнинг чўнтагидан топилган қадимий тилла тангадан, қўрасидан олинган кўҳна китобдан сизнинг хабарингиз бормиди? Чўпон уларни қаердан олган?

Садоқат яна жимиб қолди. Унинг ўзини тутишидан бу ашёлардан хабари бўлганлигини англаш қийин эмасди. Фахриддин аёл фикрини жамлаб олиши учун атайлаб уни шоширмади.

– Билганларингни чайналмасдан гапирсанг-чи! Намунча имиллайсан! – Маҳкам Ҳакимовичнинг «жини қўзиди». – Бунақалар билан ўзи идорада гап­лашиш керак!

Фахриддин кўрсаткич бармоғини оғзига теккизиб, «т-и-ш-ш!» дея ҳамкасбига танбеҳ берди.

– Билмайман… менга айтмасди… – деди аёл ҳамон ердан кўзини олмай.

Фахриддин босиқлик билан яна бир марта саволни такрорлаб, аёлга гувоҳ сифатида фақат ҳақиқатни сўзлаши лозимлигини уқтирган бўлса-да, у «билмайман»дан нарига ўтмай тураверди.

– Қанақасига билмайсан, шунча дов-доскани тўртта қўйнинг орқасидан топибдими? Кимни алдамоқчисан? Шу чўпчакка бизни ишонади деб ўйлайсанми? – Маҳкам яна қизишиб кетди. – Унда мана шу данғиллама ҳовлини, манов бир-биридан қимматбаҳо буюмларни қаердан олгансанлар, а… айт! Уялмай-нетмай билмайман дейишига ўлайми бунинг!?

Аёл ҳамон «мум тишлаб» ўтирарди. Шу тобда унинг хаёлидан нималар кечаётганини англаш қийин эди.

– Кундошингиз билан муносабатларингиз қандай эди. У сизларнинг... «саргузаштлар»ингиздан бохабармиди? – Санжарбек атайлаб «ишқий» иборасини қўлламади.

– Билмасди шекилли! Биз учрашмаганмиз... – Садоқат жавобни қисқа қилди.

– Сиз эрингизнинг тоғдаги қўтонига бориб турармидингиз? – гуруҳ раҳбари бошқа томондан «ҳужум»га ўтди.

Садоқат бир қалқиб тушгандай бўлди. Аммо буни сездирмаслик учун ҳаяжонини ичга ютиб, бепарволик билан жавоб берди:

– Ўтган йили баҳор ойларида бир-икки марта борган эдим…

– Бу йил-чи, яқин кунларда борганмидингиз?

– Йўқ!

– Яхшилаб эслаб кўринг, бу биз учун ҳам, сиз учун ҳам жуда муҳим, – анчадан буён жимгина ўтирган Санжарбек гапга қўшилди.

Аёл бошини кўтариб, Санжарбекка қаради ва «йўқ дедим-ку!» дегандай нигоҳини ерга қ

...