Marhumlar oroli 1
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Marhumlar oroli 1

Даврон Султонов

МАРҲУМЛАР
ОРОЛИ

Биринчи китоб

НАТУА АРХИПЕЛАГИ. АФРИКА.
1869 ЙИЛ

Уилям Ҳоксмитнинг бир мачтали анча­йин уриниб қолган кичикроқ кемаси марказида баланд қоя қад кўтарган кимсасиз оролга яқинлашганида соат кундузги ўн атрофида бўлиб, Қуёш қиздиришни тобора авжига чиқараётган эди. Дарға эндигина қирқдан ошган бўлишига қарамай, ичкилик туфайли териси тиришиб, қаримсиқ қиёфа касб этган. Унинг жамоаси ожизларга бешафқат, ҳарбийлар ва пулдор кимсаларга ялтоқланувчи муттаҳам, юраксиз тўрт денгизчидан иборат бўлиб, одатда, маҳаллий қора танлиларни арзимаган ҳақ эвазига ёллаб, сув остидан маржон йиғишади. Бироқ бугун денгизчилар яқинда Европадан келган Морис исмли эркатой бойвачча йигит ва унинг яширишга қанчалар уринишмасин, ёнларида тўппонча борлигини сездириб қўйган камгап, совуқ нигоҳли икки ҳамроҳига хизмат қилишмоқда эди.

– Бу ўша оролми? – кўзлари порлаб сўради Морис Глостер кема навбатдаги кичик оролни айланиб ўтганидан сўнг кутилган соҳил бўй кўрсатгач.

– Ҳа, – жавоб қилди кема хўжайини.

Мижоз чангалзор ортидаги қояга гўё сеҳрлангандек жилмайганича тикилиб қолди. Ҳадемай дунёдаги энг бадавлат одам бўлишини ўйларкан, юраги қулоғи остида гуппиллай бошлади. Унинг қиёфаси дарғанинг шубҳаларини янада оширди. Асосий юклари белкурак, чўкич ҳамда кичик бочкаларга солинган порох эканлиги ҳисобга олинса, Морис бекорга кичик жамоани ёлламаган. Афтидан, оролдан пичоққа илинарли нимадир топишгач, йўқ қилинувчи гувоҳлар оз бўлишини истаган. Ҳоксмит тахминини ўз одамларига шипшишга улгурган. Ҳозирча кутишдан ўзга чора йўқ. Нима бўлишини вақт кўрсатади.

* * *

Орол Жанубдан Шимолга етти мил, Шарқдан Ғарбга беш мил масофага ёйилган. Шимолий соҳил денгиздан юз-бир юз эллик ярд баландликдаги бир-бирига туташ тик ясси қоялардан, ғарбий соҳил эса ўттиз ярдгача чўзилган сертош қумлик ва ўтиб бўлмас чакалакдан бошланади. Шимоли-ғарб томонда мўъжаз қўлтиқ бўлиб, у ерда остки бўлмасини сув босиб, саёзликка ўтириб қолган кичик кема ғариб одамдек мунғайиб туради. Ифлос палуба ҳамда чириб ҳилвираб қолган елканлар унда кўпдан тирик жон бўлмаганидан нишона беради. Орол марказида баланд қоя мужассам, атрофини асрлар таъсирида қотиб кетган тупроқли адирлар қуршаб олган. Қоянинг жанубий томонига туташ ерда тўрт одам сиғадиган кичик ўра бор. Аллақандай иероглифлар равоқ шаклида атрофига ўйиб ёзилган остона кичик қоя тошлар билан суваб қў­йилган; чуқурдан ўн ярд жануброқда ер остига қия­лаб кетган, бир одам базўр сиғадиган учта унгур кўзга ташланади. Тупроқ қатлам ўша ердан Ғарб томон икки юз-икки юз йигирма ярдгача қия­лаб пастлаган, сўнг майса қоплаган текис майдон бошланади. Етмиш ярдча узоқликда қалинлиги ўн одам қулочига сиғадиган, соясида юзлаб одам жойлашса бўладиган баҳайбат дарахт бўлиб, остида уч-тўрт кун илгари пайдо бўлган олти қабр бор. Қабрлар бошидаги арқон ва йўғон шохлар билан одмигина ясалган хочларга заррабин билан Қуёш нурини жамлаш орқали куйдириб, турли исмлар ёзилган: Морис Глостер, Реймонд Кларк, Крейг Стенфорд, Ҳемиш Роуд, Жерри ҳамда Роман Ҳоуплар. Уилям Ҳоксмит номи туширилган еттинчи хоч остида эса жасадсиз бўш лаҳад бор.

Кундузги соат иккиларда Қуёш тиғи беа­ёв қиздираётган маҳал бир одам белкурак билан ўрага яқинлашиб, уни кўма бошлади. Кишининг аҳволи ғоят ачинарли: кийимлари офтобда униқиб, аввалги тусини йўқотган, йиртилиб илма-тешик бўлиб кетган пойабзали ҳам омонат турган, патак сочи, тарвақайлаган соқол-мўйлови, жазирамада қорайган юз-қўллари ҳам кир-чир, эти ориқлаб, қовурғалари саналиб қолган, киртайган кўзлари эса тез-тез атрофга жавдираб боқади. Эътибор билан қаралса, томоғида арқон қисишидан қолган қизғиш из кўзга ташланади. Билагида узун чизиқли яра, биқинига боғланган докада қотган қон бор. Кимсасиз оролда ёлғиз қолганидан ҳамда кучли ҳая­жон таъсиридан фикрлаши ҳам, ҳаракатланиши ҳам телбанамо ҳолга келган, баъзан алмойи­-алжойи сўзлари билан ўзига ўзи гапириб қолади. Бироқ буткул эсини йўқотган эмас, ҳар ҳолда нима қилаётганини билади ва энг муҳими, Уилям Ҳоксмит номини, яъни ўз исмини унутгани йўқ.

* * *

Қуёш ботмасидан Ҳоксмит қоя томон йўл олди. У чангалзор оралаб борар, аҳволи янада ёмонлашганди. Тез юрса-да, юзи аллақандай қотиб қолганди. Бирдан кишини чўчитадиган айёр аралаш телбанамо жилмаяркан, ўзига ўзи хирқироқ товуш билан шивирлади:

– Аҳмоқ қуш. Уилям уни огоҳлантирди... У қулоқ солмади. Энди соҳиблар уни ўлдиришади.

Денгизчи қояга етиб борганида Қуёш дарахтлар ортига оғиб бормоқда эди. У тепаликка секин чиқаркан, асабийлашиб тит­рай бошлади. Ҳафта бурун ўзи кўмган ўрага яқин ерда, унгурлар қаршисида тўхтаб, тиз чўкди. Қанчалар уринмасин, ўзини қўлга ололмас, баттар қалтирар, қўрқувдан юзи буришиб кетганди. Шу алфозда ўн беш дақиқача ўтди. Қуёшнинг сўнгги нури қоядан узилгач, Ҳоксмит бурни ерга теккудек таъзим қилиб олди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай, унинг боши эгилган томонда, икки ярдча узоқликда унгур ичидан икки қўл чиқди. Сўнг қўллар ўз танаси чиқишига ёрдамлашди. Ҳеч қанча ўтмай ер остидан қора кийимли, белларида қилич осилган беш жангчи чиқди. Улар овоз чиқаришмаса-да, шарпаларини сезиб турган Ҳоксмит янада даҳшатга тушди. Жангчилардан бири яқинлашиб, чўккалаганча денгизчининг елкасига секин қўл қўйганида Ҳоксмит одатдагидек шимини булғаб қўйди ва соҳибининг оёқларидан бир неча бор ўпди. Унга яна бир тун яшашга марҳамат кўрсатилган эди. Бунинг учун, албатта, миннатдорлик билдириш лозим. Ҳоксмитга қолса, ўлимига жон деб рози бўларди-ю, нима ҳам қилсин, тақдирига шу соҳиблари ҳукм чиқаришади. Ҳоксмит юзини кўтармай, бошини чангалзор томон бурди. Жангчи ўрнидан туриб, шерикларини олиб кетди. Улар ўтлоққа тушишганида Ҳоксмит ўзини тутиб тура олмай, ортларидан боқди ва ҳар доим даҳшат ичра кўрганига шоҳид бўлиб, яна пастга қараб олди...

Ҳоксмит ўлгудек қўрқадиган соҳиблари гўё тирик одамдек одимлаб боришар, уларни тирик, дейиш ҳам мумкин эди-ю, бир нарса бунга монелик қиларди: уларнинг боши йўқ эди. Бошсиз таналарни эса тирик одамлар, деб бўлмасди.

Бошсиз соҳиблари чангалзорга кириб кетгач, Ҳоксмит мадори қуригандек ўз лаҳадига эмаклагудек бўлиб борди. Чуқурга тушиб, Морис Глостерни лаънатлаб бу ерга келганини ёд этаркан, ногоҳ кучли овоз янгради. Бу инсон овози эмас, балки ҳавода уриб туширилган қушнинг сўнгги нидоси эди. Денгизчи юзини ёнга буриб, айёрона жилмайди.

– Уилям огоҳлантирганди. У қушга ёрдам бермоқчи эди. Аммо у Глостерга ўхшаб аҳмоқлик қилди...

Муқаддима

Натуа архипелаги. III аср

Қотиллик. Кўпдан нату халқи заминида бундай жиноят содир этилмаганди. Мамлакат бир неча аср давомида тараққий этди, жамиятда қонун чинакам олий мезонга айланди, фуқаролар ҳаёти ҳам яхшиланиб борди, улар орасида бирон қашшоқ топилмайди. Аҳоли оғир меҳнат нима эканлигини унутиб юборган. Барча юмушни нату жангчилари бошқа ўлкалардан олиб келган қуллар бажаришади. Қулларнинг аксари беш-олти авлоддан буён оролларда деҳқончилик қилади, чорва сонини оширади, балиқ тутади, зарур буюмларни ясайди, бир сўз билан айтганда, ўз хўжаларига сидқидилдан хизмат қилишади. Улар орасида озодликка интилган, ўз она тупроғига қайтишга уринадиганлар ҳозирда топилмайди. Қуллар ўзларининг олий ирққа хизмат қилиш учун яралганликларини онгларига чуқур сингдириб бўлишган. Беш кун бурун содир этилган қотилликдан, нафақат нату аҳли, балки қуллар ҳам чуқур ҳайрат исканжасида. Қотил ўз қишлоқларидаги ёш йигит эканлигини билишади. Нату аскарлари ҳам жиноятчи айнан шу қишлоқдан эканлигини тахмин қилишмоқда. Бироқ ҳеч бир қул уларнинг саволига рост жавоб бермаяпти, қалбларидаги қандайдир қўрқувга йўғрилган, лекин айни дамда ўзгача лаззат бағишлаётган бир ширин туйғу қотил исмини айтишга бўй бермаяпти.

Қурбон оддий одам эмас, балки яқин ерларнинг соҳиби бўлмиш мамлакатнинг йирик зодагонларидан бири эди. У бир вақтлар саройда, ҳукмдор қошида хизмат қилган. Шу боис жиноятни тафтиш этиш учун уч кун олдин бош вазир Мхака ташриф буюрган. Одамлар уни зукко, оқил одам сифатида мадҳ этишмоқда. У атрофдаги ўнлаб қуллар яшаётган қишлоқларда бўлган сўнгги кунларида қулоққа чалинган энг кўп гаплардан бири бўлди. Кеча у терговни тўхтатган эмиш. Бугун эса шахсан ҳукмдорнинг ўзи келади, деган хабар ҳамма ёқда дув-дув гап бўлиб кетди. Унинг келишини барчанинг юраги қафасга сиғмаётган қуш мисол кутмоқда, айниқса, қотилнинг ҳамқишлоқлари. Ҳеч бир шубҳа йўқки, у ҳар қандай қора ниятли одамни бир кўришда пайқаб олади. Ахир мамлакат ривож топишида ҳам, қулларнинг ўз тақдирларини Яратган хоҳиши, дея тан олишларига ҳам ўша зот сабабчи.

Нату ҳукмдорини ҳеч ким оддий одам, деб айта олмайди. Мазкур сулола асосчисини жуда қадимда, оламда тартиб йўқолиб, бошбошдоқликлар авжига чиққан вақтда Тангри ўз маконидан юборгани ҳақидаги афсонани оролларда туғилган болалар ҳаёт нима эканлигини англаб улгурмаслариданоқ тинглашади. Ҳар бир ҳукмдор вафот этганида унинг илоҳий қобилияти тахт ворисига ўтади. Ҳатто эркин фуқароларга ҳам унинг муборак танасига қараш маън этилган. Аъёнлар ҳам унинг ёнида бош эгиб туришармиш. Бироқ оз бўлса-да, ҳукмдорни кўрган одамлар ҳам бор. Айтишларича, унинг бўйи жуда баланд эмиш. Пешонасида учинчи кўзи бўлиб, ундан таралган нур кимга қаратилса, ҳукмдор ўша одамнинг ўтмиши, келажак борасидаги ўйларидан воқиф бўлар эмиш, жанг­ларда уни енгиб бўлмайди, кўзига тик қараган одам тил тортмай ўлади. Қўшини ҳам енгилмас, сеҳр ёрдамида ўликларни тирилтира олади, бошқа қавмлар билан бўлган жангларда бу хусусиятлар муҳим ўрин тутган.

Қуёш ботишидан анча олдин қуллар қишлоғини аскарлар босди. Барча кўчага чиқарилди. Бугун уларга қишлоқни тарк этиш таъқиқланганди. Аскарларнинг кўрсатмаси билан болалари кулбаларга қамаб қўйилган қуллар асосий кўчанинг икки четига тўрт қатордан бўлиб узун саф тортиб, бир-биридан қўл чўзгулик масофада жойлашишди. Қуёш ботиб, атроф ғира-шира тортгунича ҳеч ким жойидан жилмади. Ҳар йилги ёмғирлар мавсуми ойлаб давом этгани туфайли, мамлакатдаги деярли барча манзиллар тепаликларда пайдо бўлганди. Пастга қиялаб кетган йўлда дастлаб ҳукмдорнинг шахсий тансоқчилари, сўнг уларнинг ортидан тахтиравонда ўтирган ҳукмдор кўринди. Қуллар унинг эгнидаги оқ либос ва бошидаги тожни кўришга муваффақ бўлишди, холос. Аскарлар бошлиғининг буйруғи билан барча тиз чўкиб, ерга қараб олди. Бироқ кўпчилик хиёл бош кўтариб, яқинлашаётган тахтиравонни ҳеч ким кўтармаётганини кўрди. У худди булут мисол ҳавода муаллақ сузиб келарди. Қуллар сафининг бошидан охиригача ёйилган аскарлар бақирганча ердан кўз узмасликни қайта-қайта таъкидлашди. Ҳукмдор саф бошига етиши билан аллақандай шуъла тарала бошлади. Қўрқувдан дағ-дағ титраётган қуллар қўлларига тушаётган нурдан даҳшатга тушиб, бир зум нафас олишни ҳам унутиб қўйишарди. Шуъла ҳукмдорнинг пешонасидан тараларди ва у гоҳ ўнг, гоҳ чап томонига боқиб, ҳаммани кўздан кечириб борарди. Устидан нур ўтиб кетган бир қул кучли қизиқишга дош бера олмай, бошини кўтариб юборди. Шу заҳоти ҳукмдор унга қаради ва қулнинг кўзи нурдан қамашиб кетиб, бошини эгиб олди. Ҳукмдор кафти очиқ чап қўлини у томон йўналтирди. Бир неча сония ўтиб ўша қул нафас ололмай, бўғилганича томоғига ёпишди. Жон ҳолатда кўринмас сиртмоқдан қутулишга уринаркан, олти-етти қадам нарида тахтиравонда ўтирган ҳукмдор қўлини худди бировни бўғаётгандек бўшлиқни тутиб олганини кўрди ва секин-­аста жон берди. Унинг ўлимидан даҳшатга тушган атрофидаги қуллар қўрқиб, узоқлаша бошлашди. Саркарда уларга яқинлашиб, ўшқирди:

– Сафни сақланг! Кимки бош кўтарса, мана бу малъун сингари ҳалок бўлади.

Тахтиравон олға давом этарди. Унинг ортида ҳам ҳукмдорнинг шахсий соқчилари бор эди. Нур қотил йигитга келганида тўхтаб қолди. Шундоқ ҳам йигитнинг елкалари кучли силкинаётганди. Унинг атрофидагилар ҳам бироз узоқлашишди. Ҳукмдор қўлини у томон чўзиб, шивирлаб нимадир деди. Бирдан қотилнинг боши узра ҳеч бир қўл тутмаган аллақандай қилич пайдо бўлдию шахт билан пастга йўналиб, жиноятчини қатл этди. Сўнг қандай пайдо бўлган бўлса, шундай изсиз ғойиб бўлди.

Биринчи қисм

МОЗИЙГА НАЗАР

I боб
Ҳукмдорнинг сўнгги фармони

Одатда бу ерларда иссиқ кучли бўлади. Айниқса, соат кундузги ўндан то тушдан кейинги тўртгача Қуёш тошни эритиб юборадигандек таассурот уйғотади. Ёмғирлар мавсуми йилда бир бор бўлиб ўтади. Уч ой ичида тез-тез осмонни бугунгидек қора булут қоплаб, соатлаб жала қуяди. Бундай вақтда кичик ороллар оралаб, фақат жонидан тўйган одамлар кемада ўтишади. Негаки, шамол шу қадар куча­йиб, сув қутуриб жиловини узган отдек пишқириб, йирик тўлқинлар қиёфасига кирадики, кема ўйин­чоқдек исталган вақт бирон қояга ногоҳ урилиб, парча-парча бўлиб кетади. Ёмғир тўхтагач, ҳаво очилиб, денгиз тинчланади. Бироқ кўпга бормай яна аввалгидек ҳол такрорланади.

Қизиғи, ҳозир ёмғирлар мавсуми эмас. Шунга қарамай, булутлар кўкда қилча очиқ жой қолдирмаган. Тез-тез чақмоқ чақиб турибди. Аммо денгиз тинч ва ёмғир ҳам юз кўрсатмаяпти.

Уч кема кичик ороллар орасидан бир қатор бўлиб сузиб борар, уларнинг бари деярли бир хил, жуда узун ва энсиз кўринишда эди. Кеманинг олд томонида махсус кузатувчилар бўлиб, улар олдинда ногоҳ чиқиб қолувчи сув ости қоя тошлар хавфидан барчани огоҳ этишлари лозим эди. Ўртадан тор йўлак ўтган. У ердаги нозирлар хивчин тутганича у ёқдан-бу ёққа бориб келишади ва шу аснода ҳар икки томонга йигирматадан тизилиб ўтирганича тинмай эшкак эшаётган қулларни кузатишади ва кимдир дангасалик қилгудек бўлса, дарҳол жазолаб, тезроқ ишлашга мажбур этишади. Кеманинг қуйи қисмидаги баландроқ саҳн атрофига ўрнатилган бамбуклар устига мато тортилиб, ажиб айвон қад кўтарган. Олдиндаги кема айвонига оқ мато, ортдаги икки кема айвонларига кўк мато тортилган. Ҳар бир айвон ортида эса икки денгизчи узун дастакни ушлаганча кемани бошқариб боришади.

Йўлбошчи кеманинг айвонига оқ мато тортилиб, қолганларидан фарқ этиб турганига сабаб, унинг остида нату қабиласининг ҳукмдори, шунингдек, улуғ шомони борлигидир. Кекса шомон ўз ўрнида ором олиб ётар, мулозимлари ва саройнинг энг юқори лавозимдаги бир неча аъён, хусусан, вазирлари атрофида унинг буйруғига илҳақ бўлган ҳолда таъзим бажо келтириб туришарди. Қуллар нигоҳи тасодифан ҳукмдорнинг муборак танасига тушиб қолмаслиги учун, айвон атрофига парда тортилган. Энг ишончли тўрт тансоқчи ҳукмдор қошида, қолган йигирма нафари парда ортида саф тортишган. Кейинги кемалар айвонидан кичик мансабли аъёнлар, ҳарбий саркардалар ўрин олган. Айвонлар ёнида қурол тутган йигирма нафардан аскар кўзга ташланади.

Дим ҳаво туфайли ҳамманинг танасидан тер сувдек оқади. Айниқса, тиним билмаётган қуллар қора терга ботган. Мансабдорлар ва аскарлар тез-тез сув ичишади. Лоҳаслик уларни қийнайди. Қулларга улардан ҳам қийин. Уларга ҳар-ҳар замонда томоқ ҳўллашлари учун бир қултумдангина сув беришади. Барчанинг авзойи ҳавоникидек бузуқ. Натулар бир неча аср давом этган буюк давр якунига етаётганидан ўкинмоқда. Одамлар бугунги булутли ҳаво орқали Худо ҳам илоҳий жараён поён топаётганини шу йўсинда кўрсатиб қўяётганига ишонишади. Ахир ҳеч ким буюк сулола ҳукмронлиги шундай якун топади, деб ўйламаганди. Тўғри, сўнгги улуғ шомон фарзанд кўра олмагач, ҳамма интиҳони қайғу билан кутаётганди, бироқ бундай қиёфада бўлишини биров туш кўрганмиди?

Қарор қабул этиш ҳукмдорнинг ўзига ҳам осон кечмади. Аммо умри ўтгани сайин кўпроқ ўйларкан, шу йўл кўзига тўғри бўлиб кўринаверди. Агар қатъий қарорга келмаса, сулола қудрати кимларнингдир жоҳиллиги кенг илдиз отишига қўл келиши мумкин. Афсуски, бебаҳо меросни ишониб топширадиган сулоланинг бирон вориси қолмади. Шундай экан у ажалини ўз саройида кута олмайди. Тўқсондан ошиб, мункиллаб қолганида, тепа сочи тўкилиб, қулоқлари устида ва боши ортида бир тутамдан қолган сочлари оппоқ тус олиб, юзини саноқсиз ажин босиб, тишлари уч дона қолганида, сония сайин ўлим хавфи яқинлашаётган бир дамда у жони узилмай туриб, аждодлари дафн этилган сулола даҳмасига тирик кириб, сўнгги ўринни эгаллашга мажбур.

Ҳукмдор бошлиқ йирик жамоа юзлаб кичик оролларни оралаб, марказида баланд қоя қад кўтарган бир орол сари сузиб келишарди. Кўзланган оролга кундузги соат тўртларда етиб келишди. Дастлаб, соҳилга бир қанча мулозимлар, аскарлар ва аъёнлар тушишди. Шундан сўнг ҳукмдор ҳам тупроққа қадам босди. У тахтравонига ўтиргунича йигирматача аскар чакалаклар орасидан йўл оча бошлади. Орол кимсасиз бўлганидан турфа дарахт ва ўсимликлар эркин ҳолда бўй чўзиб, юриб бўлмас чакалак ҳосил бўлганди. Аскарларнинг зўр бериб очаётган йўлига тез орада ҳукмдор тахтиравонини кўтарган бақувват тўрт мулозим кириб келди. Улардан олдин бир неча ҳарбий юриб борар, аъёнлар улуғ шомон атрофида, қолганлар унинг ортидан секин келишарди. Бир неча аъён ва саркарда бошлиқ аскарларнинг бир қисми ва қулларнинг ярми соҳилда қолишди.

Чангалзор ниҳоясига етгач, қояга қадар чўзилган сайҳонлик пайдо бўлди. Шу ерда мулозимлар тахтиравонни ерга қўйишди ва барча ортга чекинди. Ҳамма нафасини ютиб, бўлғуси мўъжизани кутиб, киприк қоқмай турарди. Кўп ўтмай ҳукмдор қўли билан енгил ишора қилди ва ўша мўъжиза бошланди. Тахтиравон яна одам бўйи баробарида кўтарилди, бироқ энди уни биров кўтариб турмасди. Ҳукмдор ўз тахтиравони билан ҳавода муаллақ турарди. Одамлар ҳайратланганича ҳар бири ўзича шивирлаб, улуғ шомонни қутлаб, дуо ўқий бошлади. Ҳеч қанча ўтмай тахтиравон йўлда давом этди ва ҳамон уни кўтараётган бирон одам кўринмасди.

Сулола даҳмаси анча олдин улкан қоя бағрини меҳнаткаш қуллар ўйиши орқали бино бўлганди. Даҳма остонасига яқин ерда катта ўра бўлиб, ҳар гал бирон улуғ шомон вафот этса, майити ичкари қўйилишидан олдин ўнлаб содиқ мулозимлари қатл эттирилиб, жасадлари ўша ўра тубидаги тўрт қаватдан иборат одам сиғар ўнлаб токчаларга жойлаштириларди. Улар марҳумлар дунёсида ҳам ҳукмдорига сидқидилдан хизмат кўрсатишлари кўзда тутилган эди. Мамлакат тақдирини ҳукмдор белгилаганидек, мулозимлар нима қилишини ҳам у буюради. Шу боис марҳумлар салтанатида уларга бош зарур бўлмайди, деган ақида билан қурбонлар бошлари танидан жудо этилиши орқали қатл эттириларди. Бу гал ҳам тахтиравон даҳма ёнида тўхтагач, қирқта қул, йигирмата аскар ва улуғ шомоннинг барча тансоқчилари, шунингдек, баъзи аъёнлар бошларидан жудо этилиб, таналари токчаларга қўйилди. Токчаларнинг ҳар бирида Қуёш нуридан сарғайиб кетган эски устуҳонларни кўриш мумкин. Бугун ўрага охирги бор мулозимлар ташлангани учун, ҳукмдор уни кўмиб ташлашга буйруқ берди. Бир неча одам даҳма остонасига терилган кичик тошларни кўчира бошлади. Йўл очилгач, ҳукмдор ўз оёқлари билан ичкари кирди ва махсус маросимлар бошлаб юборилди.

Икки соат ўтиб даҳма остонасини қайтадан мус­таҳкам қилиб суваб қўйишди. Бу даҳманинг сўнгги бор ёпилиши эди. Кимдир қачондир ичкаридаги ҳукмдорлар тинчини бузмаслиги учун эшик атрофига ҳар хил қарғишлар ўйиб ёзилган бўлиб, улар марҳумлар осойишталигини таъминлаши кўзда тутилган эди. Одамлар ортга қайтишни бошлаганида ичкарида маросимнинг сўнгги қисми адо этилмоқда эди. Ўнлаб шамлар даҳманинг сўнгги, асосий хонасини ёритиб турар, бир қанча оппоқ тусдаги тоштобутлар бўлиб, уларнинг ичида марҳум ҳукмдорлар бор эди. Сўнгги ҳукмдор одам белидек келадиган тошкурсига ўтирди. Унинг пойи­да энг ишонч­ли беш одами тиз чўкканди. Ҳукмдор уларни асло даҳма ташқарисида қолдира олмасди. Улар асрлар мобайнида сулоланинг аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган қудрати сиридан воқиф эдилар. Сарой хонадони вакиллари бўлмагани сабаб, улар ердан қўним топишган эди. Ҳукмдор қўл силтаб, уларга сўнгги бор буйруқ берди. Бешала одам ёнидан тиғи узун ханжарини олиб, ўз кўксиларига шахт билан уришди. Барчалари ўлганига ишонч ҳосил қилгач, улуғ шомон ҳам кичик идишдаги сўнг­ги «насибаси»ни ютиб, тошкурсига ётди. Тез орада заҳар таъсир этиб, унинг ҳам жони узилди.

Кечга яқин одамлар кемага чиқишди. Энди бу ерда бирон тирик одам қолмайди. Орол буюк сулола вакилларининг марҳумлар оламига ўтувчи кўп­риги сингари муқаддас ҳолича кимсасиз қолмоғи лозим. Бундан буён ҳеч ким бу ерда эмин-эркин юра олмайди. Негаки, оролда фақатгина марҳумлар қолди ва орол энди ёлғиз уларга тегиш­ли.

Иккинчи қисм

БЕҲАЛОВАТ ОНЛАР

II боб
Роберт Олдрой

Натландия. 1876 йил

Роберт Олдрой қирқ уч ёшли озғин, новча одам. Соқол-мўйловини доимо қиртишлаб, дид билан кийинади. Ички ишлар вазири этиб тайинланганига бир йил тўлгани йўқ. Одатда хотиржам ҳаракатланади, аммо ҳозир, ёзнинг дим оқшомида чироқлар яхши ёрита олмаётган шифохонанинг кенг ҳовлисида бир полисмен кетидан шошиб бормоқда. Баланд зинадан кўтарилишгач, икки тавақали эшик ёнида икки полисменга дуч келишди. Улар енгил таъзим қилганча жаноб вазирга паст шашт билан хайрли оқшом тилашаркан, бири эшикни очди.

– Аҳволлари қалай? – деди жаноб вазир бир дам тўхтаб. Ҳамроҳи ҳам жавобни эшитиш учун ортга қайрилди.

– Жаноб Ҳаркер ҳамон беҳуш, аҳволи оғир, – деди улардан бири, сўнг истамайгина қўшиб қўйди. – Рафиқаси ҳалок бўлди. Жуда кўп қон йўқотган экан.

Вазир «оҳ» тортиб юборди, ҳамроҳи «Афсус!» деб қўйди. Йўлак ярмига етишгач, ўнгга бурилишди. Эшиклардан бири очиқ бўлиб, у ерда ҳам икки полисмен турарди. Ҳамроҳи уларнинг ёнида қолиб, вазир ичкарига кирди. Каравотда ҳамма ёғи бинт билан ўралган одам кўзларини юмиб ётар, хириллаганча қийналиб нафас оларди. Юзининг ярми кўкариб ишиб кетган, қоши ва ёноғига чок тушган беморни Олдрой ҳеч ҳам мамлакатнинг машҳур изқувари Жеймс Ҳаркерга ўхшатмади. Бир четда ўтирган пойтахт бош маҳкамасининг жиноий қидирув бўлими раҳбари Эдвард Робсон секин ўрнидан турди. Саломлашишни хаёлига ҳам келтирмай, очиқ нафрат билан гапирди:

– Ўз кўзингиз билан кўришингизни истадим.

– Одам юбориб тўғри қилибсиз, – деди вазир унинг салбий қарашига эътибор қилмагандек. – Кимнинг иши?

– Сиздаги тахмин менда ҳам ягона. Воқеа икки соатча олдин қоронғи тор кўчада рўй берган. Икки одам уйига кетаётиб аёл кишининг ёрдамга чақираётганини эшитган. Ўша томон чопиб, бир тўда одам шарпасини илғашган. Етиб бормасларидан аёл бир чинқириб, ерга қулаган. Унинг ёнидаги одам қотиб қолган. Ой ёруғида қўлидаги пичоқ яққол кўринибди. Ёнидаги одам «Жин урсин, Жо! Уни ўлдириб қўйдинг!» дейиши ҳамоно бир одамни тепалаётган уч шериги уларни тортқилаб, воқеа жойидан қочиб кетишибди. Гувоҳлар ерда ётганларнинг ёнига бориб, эркак ҳам, аёл ҳам беҳушлигини кўришган. Аёлнинг биқинидаги жароҳатдан қон оқаётган экан. Эркакнинг эса калтакдан юзи қора қонга бўялибди, оғир жароҳатини топишмапти, фақат шароб иси анқиб турган экан. Зудлик билан полиция чақиришибди. Эшитганим ҳамоно етиб келдим. Ҳаркер хоним келганимда сўнгги нафасларини олаётган эди, – Робсоннинг ғазабдан тишлари ғижирлаб кетди. – Кўп ўтмай ўлди. Ҳаркернинг аҳволини кўриб турибсиз. Бир қўли ва беш қовурғаси синибди. Қачон ҳушига келиши номаълум.

Икки ой ҳам бўлгани йўқ. Такасалтанг амакиваччангиз тўрт шериги билан сизга она томондан қариндош бўлган Ҳаролд Дауглишнинг болаларини ўғирлаганди. Ҳаркер уларни қўлга олиб, болаларни ўз ота-онасига топширди. Амакингиз лорд Седрик аралашиб, ўғли ва унинг гумашталарини қамоқдан асраб қолди. Ҳатто Дауглишлар унинг илтимоси билан даъво қўзғатишмади. Судя бу ишда англашилмовчилик бўлган, болаларни узоқ қариндоши, шунчаки, меҳмон қилиб шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлисига олиб кетган-у, буни болаларнинг ота-онасига айтишни унутган, деган кулгили қарор билан ишни ёпиб юборди. Ҳатто жиноятчилар болалар учун товон пули сўраб юборишган хат ҳам унутилди. Шунда Ҳаркер судяга беш жиноятчини қўйиб юбориб, ўзи ҳам жиноят қилаётганини айтди. Судя эса унинг ўзини туҳмат қилганликда айблаб, бир ойга қамоққа олишлари учун ҳукм чиқарди. Сиз ўша куниёқ Ҳаркерни қамоқдан чиқардингиз ва ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирдингиз. Марҳамат қилиб айтинг-чи, жаноб вазир, иш шу йўсинда ривож топиб, кимга яхши бўлиши керак эди, режангизга биноан?

– Мендан шубҳангиз борми, Робс?

– Кичкинтой Дауглишларни беш киши ўғирлаган эди. Бугун Ҳаркер ва хотинига ҳужум қилганлар ҳам беш киши бўлган. Улардан бири шеригини Жо, деб атаган. Унинг матбуот агентлиги раҳбари Поул Абернотнинг ўғли Жо Абернот эканига шубҳам йўқ, яъни амакиваччангизнинг жиноятчи ҳамтовоғи.

Ўтган гал амакингиз ва бошқа жиноятчиларнинг нуфузли оталари судга таъсирини ўтказишганди. Бироқ бу гал ундай бўлмайди. Уларни шахсан ўзим ҳибсга оламан.

– Эсингизни йиғинг, Робс! Амаким қандай қуд­ратли одам эканлигини биласиз. У сизни бир уринишда янчиб ташлайди.

– Менга барибир, – ўшқирди Робсон қўлини силтаб. – Ўлсам ҳам, ўша ҳаромхўрларни панжара ортига тиқаман.

– Сиз ҳаяжондасиз ва мутлақо охирини ўйламаяпсиз. Бу ишга аралашишингиз оила аъзоларингизни ҳам хавф остида қолдиради.

Робсон кўзларини олайтириб, вазир томон бир қадам қўйди.

– Бу билан нима демоқчисиз?

Олдрой унинг елкасига қўл қўйди.

– Ўзингизни босинг, Робс. Мен сизнинг дўстингизман. Ҳаркер ва сизга фақатгина яхшилик тилайман. Мен бу ёғи авж олиб кетишидан чўчимоқдаман.

Робсон бироз ўйлаб туриб, бошини хам қилганча стулга ўтирди. У қўл-оёғи боғлиқлигини тушуниб, тушкунликка чўмганди. Вазир эса сўзида давом этди:

– Икки ой олдин амаким менга ўғли бошқа ишкал чиқармаслигига ваъда берганди. Афсуски, у сўзида тура олмади.

– У сизни алдаган. Сал вақт ўтиши билан аламини олмоқчи бўлган.

– Асло! Амакимни бу қадар нодон, деб ўйламайман. Тўғри, шаънига Ҳаркер туфайли доғ тушди, бироқ интиқом олмоқчи бўлганида, ўғли ва унинг дўстларини юбормасди. У бир хато ортидан иккинчисини қиладиган одам эмаслигини ўзингиз ҳам биласиз ва у бир нарсани ўйлаб, Ҳаркерга қарши иш кўролмасди: Ҳаркер Африкада нималарга дуч келганини ҳеч ким аниқ билмайди, бироқ миш-миш­лар керагидан кўп бўлганди. Нима бўлганда ҳам, манаман деган пихини ёрган одамлар ўлиб кетган ўша жаҳаннамдан Ҳаркергина омон қайтган ва ўшанда, олти йил олдин амаким ҳукуматнинг бошқа вакиллари сингари уни айбдорлардан санаган эди. Ишга шахсан қирол зоти олийлари аралашиб, Ҳаркер терговдан қутулиб қолганди. Амаким ўша даҳшатлар ўз оиласи билан содир бўлишини истамайди. Аммо ўғли ўртадаги тинчликни бузди. Эндиликда Ҳаркер рақиблари учун уйқудаги шер. Унинг уйғонишини исташмайди. Мен ўртада тинчлик қарор топишига ҳаракат қиламан, бироқ уларга ишонч йўқ. Ҳозир ҳеч кимга, ҳатто ўз полициячиларимизга ҳам ишона олмаймиз. Исталган одам мўмай пул учун бизга хиёнат қилиши мумкин. Биз Ҳаркерни нима қилиб бўлса-да, омон сақлашимиз лозим. Асосий бурчимиз шундан иборат.

Уни ҳеч ким билмайдиган хавфсиз ерга олиб борсак бўлармикан?

– Шифокорлар ҳеч бўлмаганда бир ҳафта шу ерда қолиши лозимлигини таъкидлашяпти.

– Аммо бир ҳафта ичида, албатта, унинг жонига суиқасд уюштириб кўришади.

– Ҳаркерни ўзим қўриқлайман. Оёққа тургунича эртаю кеч ёнидан жилмайман.

– Сиз уни ҳимоя қила олмайсиз. Йўлларига ғов бўлсангиз, бирон яқинингиз азият чекади. Бизга ҳукумат одамларига ҳам, ҳар қандай жиноий тўдаларга ҳам қарши тура оладиган, Ҳаркерни тирик сақлай оладиган одам керак. Оёққа туриб олгач, рафиқаси учун ўч оладими, қизи учун тинч юрадими – унинг ўзи ҳал этади. Мен ундан бошқа ҳеч нарсани илтимос қила олмайман.

Вазир тўғри фикр юритаётган эди. Робсон беморга қараб, дўстини асраб қолишга ожизлик қилаётгани учун ўзидан нафратланиб кетди. Кимдан мадад олса бўлади? Эҳтимол, ота-онаси ва оиласини мамлакатдан чиқариб юбориб, Ҳаркер билан бирга рақибларига қарши курашгани маъқулдир? Бироқ унинг қариндошлари сероб. Қанчасини Натландиядан чиқариб юборарди? Улар бегона жойда қийналмасликларига ким кафил? Робсон тузукроқ чора топа олмай диққат бўларкан, вазирнинг саволи кўнглига чироқ ёққандек бўлди.

– Робс, Стефан Томсонни қандай топса бўлади?

Томсон энг яхши номзод. Нега Робсон уни ёдига олмади экан-а? Ҳақиқатан ҳам, ҳиссиёт ақлига парда тортиб қўйдими? Гўё юрагида олов ёнгандек кўзлари чақнаб, ўрнидан туриб кетди.

– Ўзи истамаса, Томсонни топиб бўлмайди. Поул Абернот рўзномалар қотиллик ҳақида ҳеч нарса ёзмаслигига ҳаракат қилади, бир томондан бу биз учун ҳам яхши: Ҳаркер мусибати овоза бўлишини истамайди. Томсоннинг ўзи қачондир эшитиб қолар, десак вақт йўқотамиз. Назаримда, икки ярим йил олдин шахсан ўзингиз тергов қилган ҳисобчини унутмагансиз?

– Йирик жиноий тўданинг пулларини бир неча идорада айлантирган ҳисобчи Питерсни айт­яп­сизми?

– Ҳа. Томсон ўша жиноий ташкилот аъзоси. Рухсат берсангиз, маҳбусдан хабарчи сифатида фойдаланамиз.

Вазир бироз ўйланиб қолди.

– Айни дамда бундан яхшироқ чора топа олмасак керак. Қамоқхонага ўзим бораман. Томсон ва одамлари учун полиция кийимини тайёрлаб қў­йинг! Маҳбусни ишонтириш қийин бўлиши мумкин. Уни шу ерга олиб келаман. Сиз эса Ҳаркернинг уйига одам юбориб, рафиқаси суратини топтириб келинг!

Робсон энди оғиз жуфтлаган эдики, бир полисмен шошилганича хонага кириб келди.

– Нима гап, Уотфорд? – сўради Робсон.

Полисмен вазирга хиёл бош эгиб, дарҳол жавоб берди:

– Жаноб Ҳаркернинг қизини топдик. Ўйлаганимиздек, у холасиникида экан. Ҳар эҳтимолга қарши Перкинслар уйида икки йигитни қолдирдим.

– Яна икки одам юборинг! – деди вазир. – Шунингдек, Робснинг ҳамда унинг ота-онаси уйига тўрттадан одам юборинг. Полисменларга ўзлари ҳимоясидаги одамлар бошидан бир тола соч ҳам тушишига йўл қўйишмаса, бу ишлар тугагач, шахсан ўзим мукофотлашимни етказинг!

– Хўп бўлади, жаноб вазир, – дея Уотфорд хонани тарк этди.

– Балки ошириб юбораётгандирман, – деди Робсон, – лекин Поул Абернотнинг жиловини тортиб қўйсангиз ёмон бўлмасди. Рўзномаларда қотиллик ҳақида ёритилмаса-да, Абернот эртами кеч гап-сўз кўпайишидан чўчиб, Ҳаркернинг обрўсини тўкадиган мақолалар чоп этиб, аввалроқ отни қамчилаб қолиши мумкин.

– Унга одам юбораман, мўмин-қобил бўлиб юради.

Робсон билан яна баъзи масалаларни ҳал этгач, вазир ташқарига чиқди. Унинг фойтуни дарвоза ёнида турарди.

* * *

Темир эшикнинг ғийқиллаб очилиши маҳбусни уйғотиб юборди. Икки кундан буён қоронғи камерада ёлғиз ўтиргани учун чироқни кўриб кўзлари қамашиб кетди.

– Тур ўрнингдан, Питерс! – бақирди соқчи.

Маҳбус ҳали уч кун ётиши кераклигини ўйлаб, таажжубланди. Аммо ҳаётида кўрган энг расво хонадан тезроқ чиқиш учун ўзини йўлакка урди. Бошқа бир соқчи эшикни қулфлади. Питерс ҳамон бемалол кўришга қийналиб, оғир нафас олганича деворга суяниб қолди.

– Тезроқ ортимдан юр! – деди чироқ тутган соқчи.

Маҳбус унга эргашди. Асосий бинодан ҳовлига чиқишганида янада таажжубланди. У бир вақтлар яхши ҳисобчи бўлиб, давлат идорасида, хусусий ширкатларда ишлаган эди. Кейинчалик жиноятчилар ташкилотининг пулларини айланма йўллар билан муомалага кирита бошлади. Албатта, ташкилотнинг бутун ғазнасини назорат қилмасди. У сингари ўндан ортиқ ҳисобчи бор эди ва ҳар бири муайян пулни керакли томонга йўналтирарди. Икки ярим йил бурун ташкилотнинг бир хуфияси ярадор ҳолда инспектор Ҳаркер томонидан қўлга олинди. Хуфия ёнидаги ҳужжатлар ортидан эса кейинчалик Питерсни ҳибсга олишди. Ташкилот аъзолари билганларини сир сақлаши эвазига оиласига ғамхўрлик қилишларини етказишди. Унинг ўзга чораси ҳам йўқ эди. Хоинлик қилса, хотини ва болалари ўлиб кетишарди. У тергов жараёнида оғзига маҳкам бўлди. Шахсан ички ишлар вазири ўринбосарининг сўроққа тутиши ҳам, ертўлада қийноққа солишлари ҳам наф бермади. Ке­йин уни тинч қўйишди, бироқ ташкилот қанчалар енгиллик­лар яратиб бермасин, қамоқхонада ҳар бир кун улкан азоб демакдир. Соқчи қамоқхона раҳбарининг икки қаватли кичик биноси томон бошлаётганини кўриб, ичида нимадир чирт этиб узилгандек бўлди. Қамоққа келган илк кунлари уни ўша ерда сўроқ қилишарди. Ичкари киришгач, зинадан юқорига кўтарилишди. Раҳбар хонасининг эшиги очилиб, соқчи тўхтади.

– Ичкарига кир!

Маҳбус хонага кириши билан эшик ёпилди. Стол ортида деворга орқа ўгириб бир одам ўтирарди. Маҳбус яқинлашиб чироқнинг хира нурида Роберт Олдройни таниди. Гарчи кўнгли баттар ғашланса-да, ички кечинмаларини сездирмади. Қамоқдаги ҳаёти дийдасини қотириб қўйганди.

– Жаноб вазир, – деди маҳбус ҳурмат билан, бироқ унинг талаффузида кинояга ўхшаш нарса бор эди. - Йўқлаб келганингиз – мен учун шараф. Ажаб­ланманг. Қамоқхонага ҳам икки-уч ойлик бўлса-да, газеталар келиб туради.

– Озод бўлишни истайсизми?

Паст овозда, бироқ қатъият билан берилган савол ҳисобчини гангитиб қўйди.

– Нима... Нима дедингиз? – дудуқланиб қолди қулоқларига ишонмай.

– Сизни ҳозироқ озод этишим мумкин, агар бир кичик илтимосимни бажарсангиз.

Питерс қаршисидаги одам у билан ҳазиллашяптими, чин гапиряптими, билолмай қолди. Тунда уйқусидан уйғотиб, кутилмаганда шундай савол беришларини тасаввурига сиғдириб бўлмасди. Балки ҳали ҳам туш кўраётгандир? Ўзини чимчилаб кўрди. Йўқ. Тушга ўхшамаяпти. Бу орада вазир шахт билан ўрнидан турди.

– Жин урсин! Нималарни ўйлаяпсиз? Нима, эркинликка чиқишни, оилангиз бағрига қайтишни хоҳламайсизми?

– Истайман, албатта, – деди маҳбус диққатини жамлаб. Сўнг яшин тезлигида хаёлига бир фикр келди. Эҳтимол, яна «эски қўшиқ» бошланар? Нимадир юз бериб, яна у хизмат қилган ташкилот пайига тушишдимикан? Шуниси ҳақиқатга яқин. Сергакликни ошириб, дадил сўради. – Нима қилишим керак?

– Стефан Томсонни имкон қадар тезроқ топиб, унга дўсти Жеймс Ҳаркер шифохонада оғир аҳволда ётганини, ҳаёти хавф остидалигини айтасиз. Шу арзимаган ишни уддалай оласизми?

– Инспектор Ҳаркер оғир аҳволда? – маҳбус қувончдан яшнаб кетди. Кейин жиддийлашди. – Балки бу тузоқдир? Нега ноғорангизга ўйнашим керак?

– Мен билан юринг!

Маҳбус энди вазир ортидан эргашди. Ҳовлида унга оддий фуқаро кийими берилди. Сўнг фойтунга чиқишди ва қамоқхонани тарк этишди. Отларнинг тез чопишидан ярим соат ўтиб шифохонага келишди. Ҳамма ерда полисменлар турарди. Палатада эса инспектор Робсон бор эди. Бироқ шунда ҳам ҳисобчи ўзи билан жиддий ўйин ўйнашаётганига бўлган ишончини йўқотмади. Ахир бир гапни етказиш учун ҳам маҳбусни озод этишадими? Бундай ишлар урфга кирса, қамоқхона бўшаб қолади-ку.

– Хўш, энди ишондингизми? – деди вазир каравотга ишора қилиб.

Ҳисобчи беморга бир неча сония тикилиб турди.

– Ҳеч ҳам Жеймс Ҳаркерга ўхшамаяпти.

Столда тўртбурчак рамкага солинган эр-хотин сурати бор эди. Вазир рамкани синдириб, суратни чиқарди-да, ҳисобчининг кўзига яқинлаштирди.

– Буниси ўхшаяптими, Ҳаркерга?

Ҳисобчи истамайгина маъқуллаб, бош ирғади.

– Ёнидаги аёл рафиқаси. Яхшилаб кўриб олдингми? Энди бу ёққа юр! – дея вазир унинг ёқасидан ушлади-да, йўлакка судраб чиқди.

Робсон ҳали Роберт Олдрой кимгадир бундай ёмон муомала қилганини кўрмаганди. Моргга киришгач, ҳамшира керакли жасад устидаги оқ матони бироз қайириб қўйди. Чиройли аёлнинг юзи кўринди. У худди ухлаётганга ўхшарди.

– Яхшилаб қара! – деди вазир ҳисобчининг бошини хиёл эгиб. – Бу Патрися Ҳаркер. Томсонга шу суратни етказ-да, аёлнинг жасадини кўрдим, деб айт! Ҳозирдан бошлаб озодсан.

– Агар мени лақиллатган бўлсангизлар, қамоқдами, бошқа жойдами, фарқи йўқ, мени топиб ўлдиришади.

– Аҳмоқ, кечаси уйқудан қолиб, сенга шунақа ёлғон тўқишдан бошқа ишим йўқми?

– Барибир уларни топа олмайман. Мен билган жойлардан изларини йўқотишган.

– Лекин ўзингга ўхшаган, ташкилотга жиддий зарар етказа олмайдиган биронтасини билишинг­га шубҳа йўқ. Шу йўсинда Томсонга етасан.

Ҳисобчи хонадан иккиланганча чиқаётиб, остонада тўхтаб ўгирилди.

– Яна нима? – ўшқирди вазир.

– Нега мени хабар етказади, деб ўйлаяпсиз? Бирон ерга қочиб кетсам-чи?

– Оиланг шу ерда, мамлакатдан четга чиқиб кета олмайсан. Эртами кеч Томсон барибир дўс­ти ҳақида эшитади ва бизга учрайди. Ўшанда хабарни сендан жўнатганимизни айтамиз. Унгача Ҳаркер ўлиб қолса, Томсон сени нима қилишини ўйлашга ҳам қўрқаман. Энди кўзимдан йўқол!

Ҳисобчи секин-аста ҳар ердаги полисменларга хавфсираб қараб, кўчага чиқиб олди. Кейин гўё кимдир ортидан келиб, қайтадан қамоққа олиб бориб ташлайдигандек қадамини тезлатди.

* * *

Роберт Олдрой амакисининг дид билан безатилган меҳмонхонасида асабийлашганча у ёқдан-бу ёққа бориб келар, тез-тез девордаги олтин суви юргизилган соатга қараб қўярди. Тунги тўртга уч дақиқа етмаётганида эшик очилиб, хонага лорд Седрик кириб келди.

– Роналд қани? – қичқирди вазир.

Ёлғиз ўғли ҳақида бундай дағаллик билан гапирилиши мезбоннинг ғашини келтирди, бироқ мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, хотиржамлик билан жиянига яқинлашди-да, меҳмонга ҳам ўтиришга ишора этиб, юмшоқ ўриндиқдан жой олди.

– Қани, ана у аҳмоқ!? – тутақди вазир.

– Жўнатиб юбордим, – деди лорд Седрик мулойим­лик билан. – Ҳозир узоқроқда бўлгани маъқул. Қанчалар аччиқланаётганингни кўриб турибман. Бироқ бўлар иш ўтиб бўлди. Энди соғлом фикр юритиб, келажак ҳақида бош қотиришимиз керак. Илтимос, бироз тинчланиб, ўтириб ол!

Вазир курсига омонат ўтирди, бироқ ғазаби тўлиқ тарқамаганди.

– Хотини ўлди. Буни шундайлигича қолдирмайди.

– Ҳа, болалар катта хато қилишди. Айниқса, Абернотнинг ўғли вазиятни буткул ўнглаб бўлмайдиган ҳолга келтирди ва амалда биз учун ягона чорани қолдирди. Энди Ҳаркерни омон қолдириб бўлмайди, акс ҳолда, бу лаънати ким билади, бошимизга нималарни солади. Ҳатто ўйлашни ҳам истамайман. Агар... – лорд Седрик гапини якунлашга қийналиб қолди. – Агар у қизи учун тинч юришга рози бўлмаса, албатта.

– Қизчани аралаштирманг!

– Унга тирноғимни ҳам теккизмайман. Кел, яхшиси, менга ёрдам бер ва муаммога шу ернинг ўзида нуқта қўяйлик.

– Сизга ёрдам бермайман.

– У ҳолда ўртадан чиқ.

– Ҳаркерни ўлдиришингизга йўл қўймайман, – вазир қаддини олдинга ташлаб, қўлларини таъкидлаш маъносида силкитди. – У Жеймс Ҳаркер. Жаҳаннамдан омон қайтган одам.

– Наҳотки? – кесатди мезбон. – Агар билсанг, Исо пайғамбарни ҳам хочга тортиб юборишган. Сен мақтаётган «авлиё»ни эса бешта она сути оғзидан кетмаган гўдак сал қолса, ўлдириб қўя ёзишди. Ана у овсар пичоқни хотинига эмас, Ҳаркернинг ўзига урганида-ку, ҳозир ёнимда шартакилик қилиб ўтирмаган бўлардинг. Қарорим қатъий: Ҳаркер ўлади! Гап тамом, – лорд Седрик ўрнидан турди. – Менга қайси томонда туришингнинг қизиғи йўқ. Модомики, ўз жиянингга ачинмас, сенга кетган меҳнатимни қадрламас экансан, яхшиси, бошимни қотирмай, кета қол. Ноз-фироғларингни эшитишдан бўлак ишларим ҳам кўп.

Вазир ҳам ўрнидан турди.

– Сиз масаланинг туб моҳиятини кўрмаяпсиз. Ҳаркер ўлди ҳам дейлик, шу билан иш тугайдими? Йўқ. Унинг танишлари генерал Пикфорддек одамни осонгина тинчитишган. Ҳаркер учун ўч олишса, сизни ҳам шу кўйга солишади. Менга барини тўғрилаш учун имкон беринг! Ёнингизга келишимдан мақсад – икки томонга ҳам зарар етмайдиган ечим топиш. Илтимос, яна бирон чора кўраман, деб хатоликка йўл қўйманг!

Лорд Седрикнинг иккиланиб тургани юзидан яққол сезилиб турарди. Албатта, жияни, шунчаки, оғиз кўпиртирмаётганини яхши билади. Бироқ унинг ўз ражаси бор.

– Яхши, сенга бир ҳафта муҳлат. Аммо билиб қўй: сен туфайли оиламга зарар етса, мен учун Ҳаркернинг ҳамтовоғига айланасан.

Роберт Олдрой ўз фойтунига ўтириб, пойтахтдан саксон олти мил олисдаги ўрмонда қад кўтарган қиролнинг кўнгилочар маскани томон кетаркан, кўзини юмганича ортга суяниб олиб, тинчлик йўлини ахтарарди. Амакиси қанчалар айёр бўлмасин, у ҳам анойилардан эмас. Бир ҳафта муҳлат бердими, демак, кейинги тундаёқ ёлланма қотилларни жўнатади. Вазир нима қилиб бўлса-да, тўсқинлик қилиши лозим. Шубҳасиз, бу тун ҳаётидаги энг оғир дамлардан бири бўлмоқда. Ким билади, мақсадга етиш учун яна қанча вақтни бедор ўтказади.

* * *

Қирол икки кундирки, ов билан машғул эди. Бугун ҳам тонг отмай қимматбаҳо қизил матодан тикилган чиройли ов либоси, учи қайрилма бежирим этиги, четига пат қадалган мўъжаз қалпоғини кийиб, камон, арбалет ҳамда садоқ тўла ёй олганича зотдор отига миниб, йигирма нафар мулозими билан кошонасини тарк этганди. Бир соатлар ўтиб, икки қушдан бўлак ҳеч вақо ота олмаганидан бироз ранжий бошлаган пайтда унга шошилинч хабар келтиришди. Ички ишлар вазири уни кутмоқда эди. Ҳаркерга уюштирилган ҳужумни қисқагина тинглаб, қошини чимирдию одамларига ортга қайтишни буюриб, отига қамчи босди. Вазир уни кошона олд томонида барпо этилган шинам чорбоғда таъзим бажо айлаганича кутиб олди. Қирол унинг ёнига етганида отдан сакраб тушди. Шу заҳоти бир мулозим от жиловини тутганича жониворни олиб кетди.

– Наҳотки, эшитганларим чин бўлса, лорд Олдрой? – деди қирол унга янада яқинлашиб.

– Зоти мунавварлари, илтимос, Ҳаркерни асраб қолинг! Мурувватингизни ундан дариғ тутманг!

– Илтимосингизсиз ҳам уни омон сақлаб қолиш менинг бурчим. Унинг хизматларини ҳали ёдимдан чиқарганимча йўқ.

Олдройнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Улар бинога киришди. Кўп ўтмай мулозимлар пойтахтга қайтишга тараддуд кўришлари ҳақида кўрсатма олишди.

* * *

Патрися Ҳаркер. Уни сўнгги бор кўриб қолиш учун соат ўн саккизга тайинланган дафн маросимига опаси, олти яшар қизчаси, кам сонли қариндошлари ва дўсту танишлари ташриф буюришди. Фақат биргина одам – Стефан Томсоннинг келишига рухсат берилмади. Тобут устига тупроқ тортилаётганини кузатиб турган бир тўда одамдан ўн ярдча нарида ички ишлар вазири қора шойидан тикилган ридонинг қайтарма қалпоғи билан юзини яшириб олган одам ёнида турарди. Атрофда оддий фуқародек кийинган бақувват, пиджаклари остига қурол яширган, қўл жанги ҳадисини олган ўндан ошиқ одам секинлик билан айланиб юришарди. Бироқ уларга марҳуманинг яқинларидан ҳеч ким эътибор қаратмасди. Уларнинг кўпчилиги ҳозиргина ер остидан жой олган аёлни қайта кўра олмасликлари ҳақиқат эканлигини тасаввурларига сиғдира олишмаётганди.

III боб
Лорд Седрик Олдрой

Лорд Седрик баланд бўйли, суяги йўғон, сочи ва калталанган соқоли оқарган, қорин солган олтмиш уч ёшли бақувват одам. Таг-тугли оиладан бўлгани боис ёшлиги яхши ўтди. Бирон нарсага муҳтожлик сезмай, энг яхши жойларда таҳсил олди. Кескин вазиятларда ўзини йўқотмай совуққон ҳаракат қилиши, оғир шароитларда ҳам шошилмай соғлом фикр юритишдек туғма қобилияти ёш йигитлик даврлариданоқ қўл келиб, жамиятда секин-аста ўз ўрнини топиб борди. Урушда кўрсатган қаҳрамонликлари, кейинчалик мамлакат олдидаги бир қатор хизматлари эвазига марҳума қиролича томонидан рицарлик унвони билан тақдирланди. Турли соҳаларда бир қанча ишларни йўлга қўйиб, жуда бойиб кетди. Теран сиёсий фикрлари билан кучли иттифоқчиларга эга бўлиб, мамлакат ҳаётида кенг илдиз отди. Ҳар нарсанинг мусбат ва манфий томони бўлганидек, унинг шуҳрат пиллапояларидан дадил кўтарилишини ёқтирмайдиган душманлари ҳам кўпайиб қолди. Эллик бир ёшида ўзи кўпдан орзу қилган лордлар палатасига аъзо бўлди. Бироқ у лорд Седрикка айланмади, палата аъзолари учун у сэр Седрик бўлиб қолаверди. Ҳатто тарафдорлари орасида ҳам унинг буткул кучайиб кетишини истамайдиган, ўзларидан бироз пастроқ туришини хоҳловчилар топиларди. Лорд Седрик бундай ҳақоратларга дош бера оладиган даражада иродали эди. Кимдир уни оёқ учида кўрсатса ҳам, у орзу қилганидан ортиқ қудратга эга бўлиб бўлганди, ҳатто пойтахтда махфий фаолият юритувчи улкан куч-қувватга эга жиноятчилар тўдаси билан ҳам баъзи жабҳаларда ҳамкорлик қиларди. Давлат деб аталмиш ташкилот механизмидаги муҳим бўғинлардан бирига айланганди ва у билан керак бўлса, ўзини ундан юқорироқ тутувчилар ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлишарди.

Роналд унинг олти қиздан сўнг Худодан тилаб олган ягона ўғли. Қизлари эсли-ҳушли, манаман деган кибор хонадонларга келин бўлишган. Бироқ ўғли тарбиясига жуда бўш қараганди. Болалигиданоқ Роналдга хатолари учун жазо бермай, уни ўзи хулқи бузуқ қилиб қўйди. Афсуски, энди уни тўғри йўлга солиш қийин кечяпти. Дўстлари билан Ҳаролд Дауглишнинг болаларини ўғирлаб, оиласини элга шарманда қилдирди. Гарчи ишлар бости-бос­ти қилиниб, авом хабарсиз қолган бўлса-да, ўзи яшайдиган даврада юзи шувут бўлганди. Шундан сўнг киборлар даврасида кўринмай қўйди. Қизлари ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолганди. Лорд Седрик мавжуд вазият вақт ўтиши билан яхшиланишини билиб, оила аъзоларига, шунчаки, кутиш кераклигини айтди. Бироқ у ширин уйқуда ётганида ўғли бошқа ташвишни келтириб чиқарганди.

Иш бошқарувчиси Брант уйғотганида соат тунги уч бўлганди. Полициядаги ҳамкорлари етказган хабарни хизматчиси сўзлаб берганида лорд Сед­рикнинг бўйин томирлари бўртиб кетди. Қандай ақлсизлик! Ахир ўғлига хатосидан сўнг қанча гап уқтирганди. Йўқ, бу бола ақлини ишлатиб ҳаракат қилишни ҳеч қачон ўрганмаса керак. Хўжа­йин беш дақиқача ўйга толиб, сўнг қатъий оҳангда кўрсатмалар берди:

– Пул учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одамлардан топ! Ўзимизнинг йигитлар аралашса, бўлмайди. Буйруқ келгуси тунга бўлиши мумкин, уларни тайёрла! Шифохонага ҳам кузатувчи қўй! Бирор нарса бўлса, дарҳол хабар бер! Роналд ҳозир қаерда?

– Жаноб Абернотнинг уйида.

– Бирор одамингни юбор, ҳаммасини Шимолий вилоятдаги маконимизга элтиб қўйишсин! Ўзим хабар бермагунимча ҳеч қаерга қўйиб юборишмасин!

– Хўп бўлади, – дея иш бошқарувчи хонани тарк этди.

Лорд Седрик уйқуси қочиб, хаёлот уммонига ғарқ бўлди. Нима қилса, оиласига зарар етмаслиги борасида узоқ ўйлади. Диққати ошганидан ўткир ичимликни майдалаб ича бошлади. Бироқ ҳушидан айрилиб қоладиган даражада кўп ичмади. Ҳозир бунинг мавриди эмасди. Соат тўртга яқин уйнинг бош хизматчиси эшикни тақиллатиб, ўзи ва ўғлини кўриш учун жияни Роберт Олдрой келганини айтди. Қария шошилмай кийимини алмаштираркан, жияни билан бўладиган суҳбатни тахминан чамалаб кўрди. Афтидан, ўша пиёниста инспектор учун ранжиб келган.

Тахмини тўғри бўлиб чиқди. Вазир жияни унга аччиқ қилгани етмагандек, Ҳаркерни йўқ қилиш ҳақидаги илтимосини рад этди. Бунинг ўрнига озроқ жим туришини, ўртадаги низони тинчлик билан бартараф этишига имкон беришини сўради. Лорд Седрик жиянидан ранжиди. Агар ҳозир Ҳаркерни гумдон қилмаса, оёққа тургач, қасос олиши тайин. Жияни ўзига эмас, етти ёт бегонага оғишаётгани, албатта, ёқмади. Бироқ ичидагини сиртига чиқармади. Жияни ўзидан шубҳаланмай, йўлига тўсиқ бўлмаслиги учун розилик билдирди. Аслида эса Ҳаркерни имкон қадар тезроқ ўлдириш мақсадга мувофиқ эканини англаб етганди.

Туннинг қолган оз қисмини ҳам бедор ўтказган лорд Седрикнинг бошида оғриқ турди. Соат олтидан ўтиб бир одами шифохонада тинчлик эканини, полисменлар Ҳаркер ва унинг қизини қўриқлашаётганини, ўғли Роналд дўстлари билан Шимолга жўнатиб юборилганини, қотиллик учун керакли одамлар топилганини етказди. Ҳозирча ҳаммаси кўнгилдагидек эди. Полициядан кимнидир сотиб олиш мумкин. Ярим тунда ёлланма қотиллар Ҳаркерни саранжомлашади. Қария бироз енгил тортди. Аммо иштаҳаси бўлмаганидан нонушта қилмади. Соат саккизга бориб кўзларини уйқу босди ва секин ётоғига кўтарилди.

Уйғонганида пешин бўлганди. Бош оғриғи бир­оз босилибди, аммо уйқуга тўймаганди. Шундай бўлса-да, аллақандай лоҳаслик танасини қамраб олганидан ухлай олмади. Пастга тушганида хизматкорлар дастурхон тузашди. Рафиқаси уйда бўлмагани учун стол қаршисига ёлғиз ўтирди.

Лорд Седрик шундай юқори мансаб эгаси бўла туриб, бир изқувар билан қасдлашаётганидан бир кулса, бир бундан аччиқланарди. Қарорни чиқариб бўлган бўлса-да, миясини бир фикр пармалаб турарди. Ишқилиб, Ҳаркер ҳақидаги миш-миш­лар, шунчаки, пуч гап бўлиб чиқсин-да, бордию қудратли дўстлари бўлса, ўртадаги кураш кўплаб талафотларни келтириб чиқаради. Қария турли ноз-неъматлар қўйилган столга қараб шуларни ўйларкан, иштаҳаси бўғилди. Осон чора топишнинг имкони бўлмасди. Рақибининг ёнидагиларни ва уларнинг куч-қудратини билганида-ку ортиқча куйиниб ўтирмасди, бироқ номаълум душманга олдиндан баҳо бериб бўлмайди. Боши шишиб кетган қария бир уриб столдаги нарсаларни улоқтириб юборди.

– Аҳмоқ бола!.. – деди шивирлаб. Шовқинни эшитиб, хонага хизматкор шошилганича кириб келди.

– Бирон хоҳиш билдирасизми? – деди ёш қиз идишларнинг сочилиб кетганини кўриб, қўрқувдан овози титраркан. Айнан, шу титроқ хўжайиннинг ҳовуридан тушишга сабаб бўлди.

– Мана буларни йиғиштириб ол! – деганича наридаги юмшоқ курсига бориб ўтирди.

Қиз тезлик билан гиламни тозалаб чиқиб кетди. Кўп ўтмай иш бошқарувчиси Брант кириб келиб, қаршисида бироз эгилиб тўхтади.

– Нега келдинг? Бирор нарса бўлса, одамларингдан хабар юбор дегандим-ку.

– Мени кечиринг! Кутилмаган ҳол юз бериб, ахборотни ўзим етказганим маъқул, деган қарорга келдим.

– Хўш!? – ўшқирганча қўл силтади хўжайин. – Чайналмай тез гапир!

– Соат саккиздан кейин шифохонага одам келиши бошланди. Аммо соат ўнга яқин келган еттита барзанги эътиборимни тортди. Улар ҳар ўн-ўн беш дақиқада биттадан бўлиб ичкарига кириб кетишди. Кўринишларидан яхши муштлашишади ва менимча, қўйинларида тўппончалари ҳам бор. Бир соат олдин эса инспектор Робсон одамлари билан шифохонани тарк этди. Ичкарида, фақат тўрт полисмен қолди. Перкинслар уйидаги тўрт полисмен ҳам алмаштирилди. Назаримда, улар оддий полисменлар эмас, катта эҳтимол билан айта оламанки, улар ҳатто полициячи ҳам эмас.

– Айтм

...