Умидлар интиҳода ўлади
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Умидлар интиҳода ўлади

Ворис

Умидлар интиҳода ўлади

БИРИНЧИ ФАСЛ.


АЙРИЛИҚДАН АВВАЛ



Бир жиноят тарихи


Одамзод нима учун дунёга
оч ва яланғоч ҳолда келаркин?
Бутун умрини қорин ва
уст-бош ғамида ўтказиш учунми?

«Умидлар интиҳода ўлади!» Ҳм... ғалати сарлавҳа...

Сўнгги йилларнинг энг таъсирли ва қайғули муҳаббат қиссасини эшитадиган фурсат яқинлигини ҳис этган ҳолда газетамиз таҳририяти жойлашган олтинчи қаватга кўтарилдим. Ходимларимиздан Шуъла хоним келган-келмаганини сўрадим. Келмабди. Ваъдалашилган вақтга етти дақиқа қолганди. Деразадан «Матбуотчилар» кўчасининг рангсиз манзараларини кузатарканман, ўйга толдим: «Шуъла хоним келармикин ўзи?»

Гап шундаки, ўтган сонимизда «Бир жиноят тарихи» рукнида ўн йил аввал юз берган қотиллик ҳақида мақола чиқаргандик. Шу куни бир аёл таҳририятга қўнғироқ қилди:

– Сиз ўша қотиллик нима сабабдан юз берганини биласизми? «А. исмли қиз «АзЛТД» компанияси президенти И.Н.ни номусига теккани учун ўлдирган» жумласи ортидаги воқеалардан хабардор бўлганингизда эди, албатта, мен билан учрашган бўлардингиз...

– Сиз кимсиз? – сўрадим сабрим чидамай.

– Мен ўша сиз ёзган А.нинг энг яқин дугонасиман. Унинг ҳаётини ёзиб чиқишингизни жуда-жуда истардим. Агар бу воқеани 16-саҳифангизда кетадиган «Менинг қисматим» рукни остида берсангиз, ишонаверинг, ададингиз камида ўн мингтага ошади.

– Сиз шунақа деб ўйлайсизми? – дедим унинг гап­ларига ишонмаётганимни ошкор этиб.

– Ўйламайман, ишонаман, – деди аёл. – Истасангиз эртага соат 11да ёнингизга бораман ва сизга дунёнинг энг таъсирли ва гўзал севги қиссасини гапириб бераман.

Кечаси билан ўша аёл ваъда қилган «қисса» ҳақида ўйлаб чиқдим. Ҳатто унга сарлавҳа ҳам топиб қўйдим: «Умидлар интиҳода ўлади!»

...Соат 11 бўлди. 12га қараб кетяпти. Юрагим ҳаприққанча эшикка боқдим. Аксига олиб, телефон рақамини ҳам сўрамабман. Шу пайт хатлар бўлими бошлиғи Нилуфар (бекорга ишдан бўшатдик-да шу қизни!) хонамга кирди.

– Ўқувчиларимиз, «Менинг қисматим» рукнида ҳеч нарса бермаяпсизлар, деб эътироз билдиришяпти.

– Биламан, – дедим хаёлчанлик билан.

Нилуфар хаёлларимни бузишни истамади, индамай чиқиб кетди. Беихтиёр компьютеримдаги соатга қарадим: 12.00. Мени алдабди, шекилли, бу аёл. Стол устида турган охирги сонни қўлга олдим. Мана ўша мақола: «Аёвсиз қасос».

Аниқ эсимда, 1995 йилнинг октябрида юз берганди бу фожиа. Бокудаги энг катта хусусий компанияларидан бирининг раҳбари Н.И.нинг жасади Сувлитепа даҳасида, ГАЗ-31 русумли хизмат машинаси салонида топилганди. Унинг баданида 17та пичоқ изи аниқланган. Бутун мамлакатни ларзага солган бу қотиллик 20 ёшли қиз томонидан амалга оширилгани эса хабарнинг энг даҳшатли жиҳати эди... Маълум бўлишича, Н.И. котибаси бўлган А.ни номусига теккан экан... Суд ҳукми билан котиба қиз 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган...

Анча йиллар илгари содир этилган жиноятлар ҳақида мақола ёзиш газетамизнинг анъанаси бўлса-да, айрим рақобатчи нашрлар томонидан билдириладиган «саҳифа тўлдириш учун эски нарсаларни титкилашдан ҳам қайтмайди булар», деган иддаодан қочиб, бу рукнни тўхтатгандик. Аммо ўқувчилар талаби билан шу мақола чоп этилганди...

Соат бирга қараб кетяпти. Тушликка ҳам чиқмадим. Доно опанинг ошхонасида тайинли овқат тугаб қолиши ҳам мумкин. Балки бу аёл шунчаки мени эрмак қилмоқчидир? Яна кимсан, энг катта тиражли газетанинг бош муҳаррир ўринбосарини-я?

Компьютерда янги файл очиб, бўлажак мақоланинг сарлавҳасини ёзиб қўйганман: «Умидлар интиҳода ўлади...» Балки умидлар умуман ўлмас? Одам ўлганидан кейин унинг руҳи билан қоришиб кетар, балки? Руҳ ҳам қачондир яна жисмга қайтиш умиди билангина барҳаётдир?

– Ассалому алайкум, узр, кечикканим учун!

Илкис бошимни кўтардим. Ўша бўлиши керак. Ҳа, бу Шуъла хонимнинг ўзгинаси. Хурсандлигимдан ўйнагим келиб кетди.

– Бир соат вақтим бор, – деди меҳмоним. – Диктофонингиз борми? Ёқинг. Фақат бир шарт билан. Асарингиздаги ҳамма исмларни ўзгартирасиз.

Аёл тахминан ўттиз ёшларда эди. Қорамағиз юзларига унча ярашмай турган сариқ сочлари бўялганини англаш қийин эмасди.

– Чой ичасизми ёки қаҳва? – дедим, диктофонни ёқиб унинг қаршисидан жой оларканман.

– Мумкин бўлса, чой, – деди бироз тин олиб. – Бу материал чоп этилса, эҳтимол дугонам олдидаги қарзимни сал бўлса-да узарман... Унга ўз вақтида ёрдам беролмаганим учун виждоним қийналади. Қамоқхонага ҳам кўргани боролмадим. Ўзингиз тушунасиз, оилали аёлман. Эрим қамоқхонада ётган маҳбусанинг ёнига борганимни эшитса, ўлдириб қўяди.

Шуъла хоним Шаҳноз олиб келган финжондан чой ҳўпларкан, кўзлари хаёлчан бир нуқтага тикилиб қолди.

– У ҳозир қаерда? – сўрадим унинг хаёлини бўлиб.

– Ҳали чиқмади, шекилли, – деди кўзларини номаълум нуқтадан узмай, кейин финжонни стол устига қўйиб, гапида давом этди: – У менсиз бир қадам ҳам босмасди. Унинг наинки қилган, балки қиладиган ишларини ҳам олдиндан билардим. Иккимиз бир одам эдик, гўё. Унинг гўзаллигини кўрган йигит борки, ҳушидан айриларди. «Модалар уйи» очиш орзуси эди, атрофида модел қизларни тўплашни истарди. Аммо, етимлик қурсин, шўрлик қизнинг орзулари хазон бўлди. – У сумкасидан рўмолча чиқариб, кўз ёшларини артди. – Келинг, асарингизда уни Ноила деб атаймиз. Қиз фарзанд кўрса, исмини Ноила, ўғил бўлса Илғор қўймоқчи эди. Демак, Р.ни Илғор деб атаймиз унда.

– Р. ким бўлди яна?

– Ким бўларди? Дугонам ёқтирган йигит. Севги қиссасининг иккинчи қаҳрамони.

– Шунақами? Мен асосий қаҳрамонлар А. билан Н. бўлса керак, деб ўйлардим.

– У қари тулкининг исмини Аббос деб атай қолинг. Гўрингда тўнғиз қўпгур, икки ёшнинг орасига чақиртикандек кириб, бахтига зомин бўлди. Ҳаммасининг исмини ўзгартиринг... фақат меники қолаверсин...

Шуъла хоним соатига қараб сапчиб турди:

– Вой ўлай... иккидан ошдими? Диктофонни ёқдингизми? Учгача вақтим бор. Эрим уйда йўқлигимни билса, мени нақ сўяди.

Ҳавонинг авзойи бузуқ эди


Дафтар варағидек очилди саҳар,
Унга кўз ёшим-ла исмингни ёздим.
Муҳаббатга сўзим ўтсайди агар,
Мен сени бунчалар севиб қолмасдим.

Майнинг бошлари, совуқ шамол эсар, ёмғир шивалаб турарди. «Халқлар дўстлиги» метро бекатининг ойнаванд деворига суяниб туришарди. Илғор қора, узун плашини Ноиланинг елкасига ташлади. Ўтиб-қайтаётганлар плаш ичида мунға­йибгина турган Ноилага қизиқиш билан қараб ўтишарди. Илғор атрофдагиларнинг Ноилага ўткир нигоҳлар билан қарашига кўникиб ҳам қолганди. Баъзан қизнинг ҳаддан ортиқ гўзаллиги унинг ғашини келтирарди. Илғорнинг назарида, бир пайт­лар, бенуқсон қизнинг ўзи йўқ эди. Юзи чиройли қизнинг қомати кўримсиз, сарвқомат қизларнинг тили заҳар, юмшоқ феълли қизларнинг ақли қисқароқ бўлишини қатъий қонун сифатида қабул қилганди. Аммо Ноила бу қизларнинг ҳеч бирига ўхшамасди.

– Юзингни ўгириб ўтир, – деди у ғижиниб. Ке­йин сабри чидамай қизнинг юзини ўзи тарафга буриб қўйди.

– Оббо, яна рашк қиляпсанми? Энди учрашувга чиқсам балки юзимга қора суркаб қўярсан?

– Керак бўлса суртаман. Сен фақат меникисан. Ўтган-кетганлар сенга қарамасин. Бирор кун битта-яримтасини уриб, майиб қилсам керак. Тавба, одамларга ҳайронсан, ёнида йигити турган қизга ҳам қарашадими ҳеч замонда?

Ноила бир амаллаб, иягини йигитнинг бақувват чангалидан қутқарди.

– Бўпти, кўп ҳаддингдан ошаверма.

Ёмғир анча кучайганди. Унинг тинишини панада кутиб турган одамлар кўп эди.

Уйдан эрталаб чиқишганди. Шу пайтгача Бокунинг қарийб ярмини айланишди. Яна пиёда. Илғор «06» машинасини таъмирлашга берганди.

Аввал «Озарбайжон» кинотеатрига киришди. Қанақадир ҳиндча кино берилаётган экан. Қўлларидаги музқаймоқни ёнларидаги бўш ўриндиққа қў­йишганди. Кинони ҳам, атрофдагиларни ҳам унутиб, бир-бирининг пинжига сингиб кетишганди. Бир вақт Ноила йигитнинг пинжидан ситилиб чиқди.

– Кимдир келяпти...

Қоронғида ҳавони пайпаслаб келаётган одам, Илғорнинг ёнидаги ўриндиққа жойлашди. Иккови ҳам кулгидан ўзларини аранг тутиб қолишди.

– Узр, сиз музқаймоқнинг устига ўтириб олдингиз, – деди Илғор ёнидаги кишига юзланаркан.

– Ўзимам айтдим-а, нега тагим бунча музлаб кет­япти деб, – ҳалиги одам ўриндиқдан туриб чиқиб кетаркан, йигит ва қизнинг қаҳқаҳаси бутун зални тутиб кетди.

Ниҳоят, экранга қарашди. Ҳиндлар ҳам жуда оширворишади. Бу Митхун Чакраборти деганларининг бир ўзи ўн киши билан уришиб, пешонаси холли қизни уларнинг қўлидан озод қиларкан-у, аммо битта итдан қўрқиб, дарахтнинг устига чиқиб оларкан, яна қўшиқ айтишига ўласанми?

– Сен ҳам мен учун ўнтаси билан уришармидинг? – сўради қиз унинг елкасига бош қўйиб.

– Ўн бештасини тинчитиб ташлайман, самбочиман-ку!

– Дарахтнинг устига чиқиб, итга қараб қўшиқ айтишни ҳам эплайсанми?

Илғор нима дейишни билмасдан, қизнинг нозик бурнини чимчилаб қўя қолди.

...Кўчага чиқишди. «Қиз қалъаси»нинг ёнига етишганда катта тўй карвонига дуч келишди. Келин-куёв қизил кабриолетда кетиб боришарди.

– Сен ҳам мени мана шунақа усти очиқ машинада обкетасанми? – сўради Ноила, бироқ жавобни кутмай фикрини ўзгартирди. – Йўқ, мени иккита оқ от қўшилган файтонда опкетасан. Худди «Аршин-Мололон»даги каби. Отларнинг бири оқ, бири қора бўлсин. Оқ от бахтли, қора от эса қора кунларимизнинг белгиси... Ҳа, нега қовоғингни осиб олдинг? Мен ёмон ният қилмаяпман. Ҳаётда инсон ҳамма нарсага тайёр туриши керак.

Илғор индамади. Хиёбонда кетишаётганда ҳам ўтган-қайтган йигитлар қизга суқланиб қарашарди. Жаҳли чиққан Илғор атайин ўзини оқсоқликка солди. Олти-етти қадам юргач, яна ўткинчилар эътиборига тушишди. Улар энди аввал Илғорга, ке­йин қизга қарашар ва унга ачингандек бош чайқаб ўтишарди.

– Бўлди, жинниликни бас қил, – деди қиз ёлғондакам қовоғини уюб.

– Шарманда бўлмасликни истасанг, ерга қараб юр, йигитларнинг кўзи тушмасин.

«Ёшлик» метросидан ўтиб олишгач, қизнинг ҳам шўхлиги тутди.

– Оёғим оғрияпти, – деди жойидан қимирламай. – Мени кўтариб оласан.

Илғор ноилож қолди. Қизни кўтариб, йигирма қадамча юрганида, икки милиционер чиқиб чест берди.

– Жамоат жойида бунақа алпозда юриш тўғри келмайди.

– Унаштирилганмиз, – деди Илғор шоша-пиша. – Унинг оёғи оғрияпти. Юролмай қолди.

Энг қизиғи «Ҳазар» ресторанида бўлди. Кабобни еб, бир шиша шампан виносини бўшатишгач, майин мусиқа янгради. Илғор қизни рақсга таклиф этди. Ҳамоғуш бўлиб, рақсга тушишди. Уларнинг ҳар иккиси баайни еттинчи осмонда учиб юрарди. Шу пайт давомли қарсаклар янгради. Сергак тортишди, мусиқа аллақачон тинган, улар эса бир-бирининг пинжига кирганча оҳиста тебранишда давом этишаётган экан....

...Энди эса ёмғир тинишини кутиб, метро станцияси деразасига суяниб туришарди. Ноила бармоқлари билан нималарнидир ҳисоблади.

– Ўн бир соатдан бери сен билан биргамиз, – деди қоп-қора кўзларини Илғорга тикиб. – Энди қачон кўришамиз, Илғор?

Илғор елка қисди.

– Менга фарқи йўқ, ғирт бекорчиман. Сен эса ишли одамсан. Кимсан «АзЛТД» компанияси раҳбарининг котибаси...

– Бу нима деганинг? Нега киноя билан гапир­япсан?

– Рост-да! Уйда отам ҳар гал ўша компаниянинг раҳбари ҳақида оғиз очса, тепа сочим тикка бўлади. Ўша «АзЛТД»ниям, сенинг Аббос муаллиминг­ниям кўрарга кўзим йўқ.

– Илғор, йигирмага кирдим. Оиланинг каттасиман. Мен ишламасам, оилани ким тебратади?

– Отангга айт, мажбур қил, пул берсин!

– Йўқ, Илғор, мени яхши билмас экансан. Мен у одамнинг олдига ўлсам ҳам бошимни эгиб бормайман. Бошқасига илакишиб, онамни, учта боласини ташлаб кетди. Онам бировнинг уйида хизматкорлик қилиб, болаларини катта қилди. Энди ишламасам бўлмайди. Яхшиям шу Аббос муаллим бор эканлар, қўлидан келганча ёрдам қиляптилар.

– Ўша Аббос муаллимингни гапираверма ҳадеб. Ёш бола эмассан-ку? Ҳамма раҳбарлар ўз котибаларидан маъшуқа сифатида фойдаланишади.

– Уялсанг-чи? Аббос муаллимни отамдек кўраман. Бу дунёда бошимни силайдиган биргина одам бўлса, у ҳам шу. Қизи Саида билан ўн бир йил бирга ўқиганмиз.

– Ўргилдим ўша дугонангдан, худди пиво бочкасига ўхшайди.

– Нима, ҳамма қизлар сенинг севгилингдек чиройли бўлаверадими? – гапни ҳазилга бурди Ноила.

Бу ҳазил Илғорнинг ғазабини боса олмади. У сигарет чиқариб, чуқур-чуқур тортди. Ёмғир тинганди. Икковлашиб, йўлга тушишди. Яна йигитларнинг олазарак нигоҳлари Илғорни асабийлаштирди.

– Ерга қараб юр демадимми?!

– Уф, нега бунақасан-а, Илғор! Кўзи бўлгандан кейин қарайди-да! Бирор ерим камайиб қолармиди? Яқинда ўқиб қолдим. Аслида гўзалларни ҳам қадимий обидалар сингари қадрлаш, асраб-авайлаш керак экан. Ахир гўзаллар ҳар бир халқнинг ифтихори-ку?

– Бўпти, унда сени ҳам ноёб экспонат сингари тарих музейига қўйиб қўяман.

– Мен жиддий гапиряпман. Худди олимлар, спортчилар, санъаткорлар сингари гўзал қизларимизга ҳам алоҳида эътибор берилиши керак. Мана, мени олайлик, рўзғор ташвиши деб, бировларга чой ташиб юрибман. Қачондир, албатта, «Модалар уйи» очиш ниятидаман. Энг чиройли қизларни атрофимда йиғаман. Улар халқаро мусобақаларда қатнашиб, мамлакатимиз шонини юксалтирадилар.

Илғорнинг қовоғи очилай демасди. Қизнинг гап­лари унинг қулоғига кирмасди.

– Комил ким эди?

– Ким? Қайси Комил?

– Комил-да? Етмиш биринчи йилнинг боласи. Тўққизинчи микрорайонда туради.

– Ҳа, яна бошладингми? Ўтмишингни кавламайман, демаганмидинг? Ҳа, Комил мени ёқтирарди, вассалом. Бир-икки марта айлангани чиққанмиз. Орамизда ҳеч нарса бўлмаган. Ҳеч қовоғинг очилмади-да!

Қарама-қарши тарафдан келаётган милиционерларни кўриб, иккови ҳам сергакланди.

– Ҳа, йигит, қаллиғингизнинг оёғи дарров тузалиб қоптими?

Илғор боя метро яқинида кўрган милиция ходимини таниб, кулимсиради.

– Озарбайжон милициясини алдаш яхшимас, йигитча, – деди унинг шериги. – Ёнингда шу қиз бўлмаганида, бир суткага қамаб қўярдим.

...Кечқурун тўққизда метрога тушишди. Аввал Ноиланинг поезди келди. Илғор Ноилани бағридан юлиб кетган поезднинг ортидан маҳзун тикилиб қолди.

Оилавий ётоқхонада


Сендан айро тушмоқ оғир кўргилик,
Айрилиқ кўнгилдан ўчмас доғ экан.
Севги бу – умрни елга бергулик,
Юрак – телбаларча қичқирмоқ экан...

Ҳар гал заводлар ҳудудидаги оилавий ётоқхонага яқинлашаркан, Ноиланинг кўнгли хира тортарди.

Димоғини ёриб юборгудек нохуш ҳиддан кўнгли озмаслиги учун бурнини беркитганча, иккинчи қаватга отилиб, эшигини чертди. Онаси эшикни очгач, ўзини ичкари олиб, бурнини бўшатди.

Хоналаридан ҳар доим лимон ҳиди анқиб турарди, бутун ётоқхонага ёйилган уфунат фақат уларнинг лимон дезодоранти уфуриб турадиган хонасига киролмасди. Онасининг кайфияти тушкун, синглиси китоб ўқир, укаси кўксини ерга бериб ётиб олганди.

– Буни яна нима жин урди? – сўради онасидан.

– Гўштли овқат егилари кепти. Қовурилган картошка емай, аччиқлаб ётибди.

– Сенинг арпангни ким хом ўрди? – синглисига юзланди Ноила.

– Битирув кечасида янги кўйлак киймоқчи экан... билмасам... бошим қотди, – яна онаси жавоб берди.

Ноила ўз хонасига кирди. Аслида битта каравот, стол ва стул жойлашган бу каталакни хона деб ҳам бўлмасди. Деворда Илғорнинг каттакон сурати осиғлиқ турар, стол устига эса телефон аппарати қўйилганди.

Комендант йигит Ноилани кўрса нақ шайтонлаб қоларди. Шу боис, кўчиб келганларига бир ой бўлмай, хонасига телефон ўрнаттириб берганди. Ноила оғзи тўла тилла тиш бўлган бу йигитни орқаваротдан «Металлом» деб чақирар, унинг «шайдо»лигидан усталик билан фойдалана олганди. Даставвал умумий ҳожатхона ва ювиниш хонасидан фойдаланишга мажбур бўлишди. Айниқса, бадрапхонанинг ҳидига чидаб бўлмас, унинг уфунати кирган одамнинг уст-бошига ҳам сингиб қоларди. «Металлом»нинг ёнига тушиб, маҳзун жилмайганча, вазиятни тушунтирганди, икки кун деганда усталар келиб, хоналарининг бир четини ғишт билан тиклаб, ҳожатхона ва ювиниш хонаси қуриб беришди.

...Отаси уларни ташлаб кетганда Ноила 12 ёшда эди. Ҳар йили Россияга ишлашга кетадиган Ифтихор муаллим Томскда Света деган аёл билан танишиб, унга уйланиб ҳам олган экан. Саккиз йил дом-дараксиз йўқолиб кетди. Уч йил аввал Ифтихор муаллим Света ва битта қизи билан Бокуга кўчиб келишди.

Ўша вақтлар Ноилалар Аҳмадли даҳасида, тўрт хонали уйда яшашарди. Айвондан денгиз кўриниб турарди. Оталари Россияга кетгач, болалар деразадан денгизга қараб, негадир оталари қайтадиган оқ елканли кемани кутиб ўтиришарди. Собиқ Иттифоқнинг сўнгги йиллари. Қимматчилик, уруш таҳликаси, йўқчилик кўп оилалар қатори уларни ҳам анча қийнаб қўйди. Бунинг устига болалар ёш, онаси ҳеч қаерда ишламайди. Аввал уйдаги буюмларни чиқариб сотишди. Қийин аҳволда қолишгач, уйларини ҳам пуллаб, оилавий ётоқхонадан паноҳ топишди. Бу ерга кўчиб келишгач, оталарининг қайтишидан умид қилмай қўйишди. Чунки бу бадбўй бошпананинг деразасидан денгиз ҳам, кемалар ҳам кўринмасди.

– Овқатланасанми? – сўради онаси.

Ноила ҳали қирққа бормай сочларига оқ, юзларига ажин оралаган онасига қараб раҳми келди. Индамай бош чайқади.

– Шуъла телефон қилмадими?

Онаси бош чайқади. Ноила уф тортганча хонасига кирди.

Бу ерда гуллар тез сўлади


Сен гул мисол покизасан,
Асло ўчмас хотирасан.
Сен қошимга кеч кирасан,
Унда тупроқ ютар мени....

Бир ҳафтача илгари Ноила масалани кўндаланг қўйганди:

– Қачонгача юрамиз, дўст-душман ичида гап-сўз кўпаймасин, онам сен билан учрашгани қўймаяпти. Ҳеч бўлмаса уйдагилари келсин, узук тақиб кетсин, деяпти...

Ўша куниёқ Илғор онасини қисти-бастига олди:

– Ойи, йигирма тўртга кирдим, қачон уйлантирасиз?

Томдан тараша тушгандек айтилган бу гап онасининг ҳушини бошидан учирди:

– Болам, мунча шошилмасанг, аввал синглинг­ни узатиб олайлик, бир гап бўлар?

– Бўлмаса ёқтирган қизимни олиб қочиб кетаман, – деди Илғор қайсарлик билан. Шунда онаси ўғлини ақлу ҳушидан айирган қизнинг кимлиги билан қизиқди. У ҳақида етарли маълумотларни тўплаб бўлгач, худди порохдек портлади:

– Тенгимиз ўша ялангоёқлар бўлдими? Ота-онаси ажрашган, уй-жойининг тайини бўлмаган, очлигидан кўпик қусиб юрган қаланғи-қасанғилар билан қуда бўламанми?

Ўшанда онасининг тутақиб кетганини кўриб, индамай қолганди. Бугун – ўн бир соатлик учрашув сўнгида у қатъий қарорга келди. Онасига ҳаммасини тушунтиради.

Бироқ, онасининг гапи ҳафсаласини пир қилди.

– Отанг жуда баобрў одам, – деди ўғлининг ҳамма гапларини сабр билан эшитган онаси. – Катта бир университетнинг домласи. Қудаси ҳам ўзига муносиб бўлиши керак. Ўзинг ўйла, ўғлим, қаёқдаги тайини йўқлар бизнинг тенгимиз бўптими? Бизни бадном қилмоқчимисан? Аббос амакини танийсан-ку? Компания президенти, отангнинг яқин дўсти. Унинг қизи Саидани ҳам биласан. Ойдеккина қиз.

Илғорнинг устидан бир челак совуқ сув қуйилгандек бўлди.

– Аббос! Саида! Бу исмларни эшитсам аллергиям қўзийди. Ойдеккинамиш! Пиво бочкаси десангиз, тўғрироқ бўларди.

Онасининг чапараста жаҳли чиқди:

– Ўйламай-нетмай гапираверасанми? Отанг эшитса хафа бўлади, ўша мегажин миянгни айнитиб қўйган, шекилли.

– Ойижон, – деди Илғор чуқур нафас оларкан онасининг елкасига қўлини қўйиб. – Мен Ноилани севаман. У дунёдаги энг чиройли, ақлли, одобли қиз. Камбағаллик айб эмас-ку, ойи!

Онаси Илғорнинг қўлларини четга сурди.

– Отанг келсин-чи? Йигирма бешга кирдинг, ҳали бир ишнинг бошини тутганинг йўқ. Тагингдаги машина ҳам отангнинг номида. Чўнтагингни ҳам отанг тўлдириб қўйган бўлса... Энди унинг гапини елга совирасанми?

Илғор йиғламоқдан бери бўлиб турарди. Онасининг гапидан шуни англадики, отасининг аҳди қатъий. Бу гапдан Аббос Шайхзоданинг ҳам хабари борга ўхшайди. Демак, ош пишган, сузиш қолган, холос.

Онаси эса ҳали ҳам гапида давом этарди:

– Одам у ёқ-бу ёғини ўйлаб иш тутади, болам. Бизниям боғлаб бермаган. Биздан кейин муҳтожлик кўрма, деймиз. Аббос амакинг ҳар доим сени қўллаб-қувватлайди.

Беҳол хонасига кириб, каравотга ястанди. Телефонни қўлига олиб, Ноиланинг рақамини терди. Танишганларига бир ярим йилдан ошди. Кўпинча ўзлари ёқтирган қўшиқни телефон орқали бир-бирига эшиттиришарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Телефонни магнитофон қаршисига қўйди. Карнайдан Сезен Аксунинг маҳзун қўшиғи янгради:


Dogru deyil, ayriliga
Daha hec hazir deyilim[1]

Нариги тарафдан Ноиланинг хўрсингани эшитилди. Илғор қўшиқ тугаши билан гўшакни илди.

Ноиланинг юраги алдамасди. Нимадир бўлганга ўхшайди. Акс ҳолда Илғор унга айрилиқ ҳақидаги бу қўшиқни эшиттирмаган бўларди. Қолаверса, кўришган кунлари телефон қилмас, эртаси куни таассуротларини бир-бирларига айтиб беришарди. Ҳали ҳеч бир-бирлари билан ўн бир соат бирга бўлишмаганди. Демак, нимадир бўлган...

Кечаси соат иккигача Илғорнинг қўнғироғини кутди. Ниҳоят, телефон жиринглади. Ноила телефонга ёпишди:

– Илғор, нима бўлди? Мендан нимани яшир­япсан?

Гўшакдан кекса одамнинг овози эшитилди:

– Бу... менман Ноила!

– Аббос муаллим?

Ноила турган ерида қотиб қолди. Анчагача гапиришга сўз тополмади.

– Ярим тунда... тинчликми, Аббос муаллим?

– Ноила, шу пайт негадир овозингни эшитгим келди, нима, телефон қилишга ҳаққим йўқмиди?

– Ҳаққингиз бор... фақат...

– Биласанми... сен менинг орзуйимдаги қизсан!

Ноила қотиб қолди. Ҳатто тушида ҳам кўриши мумкин бўлмаган ҳолатга рўбарў бўлиб турарди.

[1] Таржимаси: «Тўғри эмас, айрилиққа,

Ҳали мен тайёр эмасман...»

Уларнинг суврати

Иккимиз ҳам жим қолдик. Кассета тўлиб, диктофон тўхтаб қолганди. Фақат кўчадаги машиналар шовқинию девордаги соат чиқиллаши орадаги сукунатни бузиб турарди. Соатга қарадим. Ўнта кам тўрт. Вақтнинг қандай ўтганини ҳам сезмабмиз. Ҳатто қорним очгани ҳам эсимдан чиқиб кетибди. Одатда тушликка беш дақиқа ҳам кечикмасдим.

Шуъла хоним ҳам соатига қаради.

– Вой, шўрим, роса кечикибман-ку, – дея сумкасини йиғиштиришга тушди.

Суҳбат асносида у менга суратларни ҳам кўрсатди. Уларнинг суратлари... А. (Ноила) ростдан ҳам жуда чиройли қиз эди. Буни иккиланмасдан, илоҳий гўзаллик, дейиш мумкин эди. Ҳамма расмларида кулимсираб тушган. Унинг кўзларида табассум билан бирга қайғу, ҳаяжон, қўрқув ҳам акс этарди.

Шуъла хонимни кузатиш учун ўрнимдан турдим.

– Сизнингча, бу воқеадан бестселлер чиқармикин?

Иккиланиб елка қисдим:

– Оддийгина севги қиссасига ўхшаяпти. Қиз билан йигит севишади. Қизнинг камбағаллиги сабаб йигит томон уни келин қилгиси йўқ. Кейин қизни раҳбари йўлдан уради. Қиз эса уни ўлдиради, тўғрими?

Шуъла бош чайқади.

– Дарров хулоса чиқарманг, балки сиз ўйлагандан мутлақо бошқача бўлгандир?

Мен эса барибир ўжарлик қилиб туриб олдим:

– Барибир ҳаётда учраб турадиган гаплар-да!

Шуъланинг қошлари чимирилди.

– Унда мен бекорга келибман-да! Шунча пайт сизниям, ўзимниям вақтимни олиб лақиллаб ўтирибман-да? Жуда сабрсиз одамга ўхшаяпсиз.

У шахт билан хонамдан чиқиб кетмоқчи бўлганида, дарров йўлини тўсдим.

– Хафа бўлманг, балки сиз ҳақдирсиз, ҳали охиригача эшитмадим-ку, эртага соат неччида келасиз?

Аёл бироз тараддудланиб тургач, эртага ўн бирларда келишга сўз берди. У йўлакдан кетиб бораркан, ҳамкасбларимиз унинг ортидан қизиқиш билан тикилиб қолишди.

Уни лифтгача кузатиб бордим.

– Хўш, Аббос муаллим Ноилани зўрламаган, дейлик, унда уни ким, нима учун ўлдирган?

Шуъла хоним лифтга чиқаркан, сирли кулимсиради:

– Шошилманг, ҳали ҳаммасини билиб оласиз.

«Минг бир кеча»даги Шаҳризода!» деб ўйладим ичимда лифт ёпилиши билан

Туғилган кун


Тушингга кирганимда, сочимни бир силаб қўй,
Ҳижронингга чидайин, менга сабр тилаб қўй.
Севаман, де, шивирлаб, қучиб овутгин мени,
Севаман, дегин, кейин... майли унутгин мени...

«АзЛТД» компанияси шаҳар марказидаги муҳташам бинолардан бирида жойлашганди. Ноила раҳбарнинг кенг ва ёруғ қабулхонасида ўтирарди. Бугун 12 май, у йигирма ёшга тўлади.

Роппа-роса ўн бир кун илгари Аббос Шайхзоданинг тунги қўнғироғидан сўнг анча тараддудланиб қолганди. Ҳатто эртаси куни ишга бормасликни ҳам ўйлади. Лекин... қаёққа боради? Ҳамма нарсани бошидан бошлайдими? Бошқа жойга борса, янги раҳбари унга ёмон кўз билан боқмаслигига ким кафолат беради?

Аббос муаллим шу пайтгача Ноилаларнинг оиласига ҳам қўлидан келганча ёрдам кўрсатиб келди. Энг қийин вазиятларда уларни ҳимоя қилди.

У жуда бой одам эди. Бир пайтлар Илғорнинг отаси билан бир университетда дарс берган. Мамлакатда хусусийлаштириш жараёни бошлангач, энг биринчи хусусий ширкатни ҳам у очганди. Кейинчалик ширкат фаолиятини кенгайтириб, йирик компанияга айлантирди. Бу компания асосан хорижий шериклар билан экспорт-импорт операцияларини амалга оширарди. Чет элларга нефть-кимё маҳсулотлари жўнатиб, озиқ-овқат ва қурилиш молларини четдан харид қиларди.

Ноила ўқувчилик йилларидан бери ўзини Саида билан таққослаб келарди. Олтин тақинчоқларга беланиб, энг сўнгги урфдаги кийимларда юрадиган қорамағиз, калтабақай қиз ювилавериб, нимдош бўлиб қолган кийимлар эгнидан тушмайдиган Ноиланинг орзусига айланганди.

Иш қидириб юрган кезларида уни кўчада учратиб қолган Саида дугонасининг аҳволига ачиндими, шартта қўл телефонини чиқариб (у пайтларда мингтадан битта одамда бўларди бу матоҳ) отасига телефон қилди ва Ноилани унинг ёнига жўнатди.

Аббос муаллим «қизимнинг дугонаси менинг ҳам қизим-да», дея уни ишга қабул қилди. Ана ўша одам энди бунақа гапларни айтиб турса...

Ноилага ўтган йиллар ичида кимлар севги изҳор қилмади. Тиш дўхтири ҳам қолмади, бозордаги қассоб ҳам, такси ҳайдовчиси ҳам... Ноила ўз «ошиқи зор»ларидан усталик билан фойдаланар, тишини сифатли даволатар, гўштни суяксиз жо­йидан олар, манзилга арзон нархда етиб оларди.

Бироқ, у ўзига гард юқтирмас, йўл-йўлакай ортидан эргашганларни яхши гап билан ортига қайтарди. Фақат ётоқхона комендантига ўхшаган доимий «мухлислар» ҳам бор эдики, уларни йўқотишнинг иложи йўқ.

«Металлом» ҳар кўрганда Ноилага бир илмоқли гап ташлаб ўтар, қиз эса ҳар доим кулимсираб, унинг гапларини эшитмасликка оларди.

Бироқ, Аббос Шайхзода ётоқхона коменданти эмас, у жуда жиддий одам, демак, эҳтиёт бўлиб муомала қилиш керак. Бу вазиятдан қандай чиқа олади? Яна ўртада ўн йиллик дугонаси – Саида бор. Ҳар қалай, бошлиғи, ўз қизи, оиласи шаънига доғ туширишни истамас?

Шу пайтгача ишхонада иш юзасидангина гап­лашиб келишди. Фақат бугун эрталаб уни табриклади:

– Саидадан эшитдим, туғилган кунинг экан, таб­риклайман.

Вассалом...

Илғор эса эрталабдан бери тўрт марта телефон қилди. Ишдан тезроқ чиқишни, туғилган кунни бирга нишонлашни таклиф қилди.

...