Factfulness
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Factfulness

Ҳанс Рослинг шифокор, халқаро соғлиқни сақлаш бўйича профессор ва таниқли маърузачи бўлган. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида ва ЮНИСЕФда маслаҳатчи, “Gapminder” жамғармаси ва “Médecins Sans Frontières” ташкилотининг Швециядаги ҳаммуассиси эди. Унинг “TED talks”даги нутқлари 35 миллион мартадан ортиқ кўрилган. “Time” журнали уни дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига киритган. Ҳанс 2017 йил вафот этди. У умрининг сўнгги йилларини қўлингиздаги китобни ёзишга бағишлаган эди.

Ола Рослинг ва Анна Рослинг Рённлунд Ҳанснинг ўғли ва келини бўлиб, “Gapminder” жамғармасига Ҳанс билан бирга асос солган. Ола 2005–2007 йиллар ва 2010 йилдан ҳозиргача жамғарма раҳбаридир. “Google” Анна ва Ола ихтиро қилган пуфакчали диаграмма ускунаси – “Trendalyzer”ни сотиб олгандан кейин Ола “Google”нинг очиқ маълумотлар жамоаси раҳбари, Анна эса жамоада фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш бўйича (UX) катта дизайнерга айланди. Иккови ҳам меҳнатлари учун халқаро мукофотлар билан тақдирланган.

FACTFULNESS

TEN REASONS WE'RE WRONG ABOUT THE WORLD – AND WHY THINGS ARE BETTER THAN YOU THINK

 

Hans Rosling

 

with Ola Rosling and Anna Rosling Rönnlund

 

FACTFULNESS

Дунё ҳақида янглиш фикрлашимизнинг ўн сабаби – нега У биз ўйлагандан яхшироқ?!

 

Ҳанс Рослинг

 

Ола Рослинг ва Анна Рослинг Рённлунд билан биргаликда

Инглиз тилидан

Зиёдахон Ғайратова

таржимаси

 

Муҳаррир

Хуршид Йўлдошев

 

Мусаҳҳиҳлар

Йигитали Маҳмудов,
Муҳаббат Шарифова,
Дилбар Ҳайдарова

 

Муқова дизайни ва китобда фойдаланилган барча чизмалар инглизча нашрдан олинди.

 

“Asaxiy Books” лойиҳаси доирасида таржима ва чоп қилинди.

 

Ушбу китобнинг ўзбек тилига таржимаси учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy books” лойиҳасига тегишли бўлиб, “Asaxiy books” рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.

 

 


 

 

Дунёда қанча камбағал бор экани, аҳоли сони нега ўсиб бораётгани, қизларнинг қанчаси мактабни тамомлаётгани сингари муҳим глобал ўзгаришлар ҳақида берилган оддий саволларга одатда хато жавоблар эшитамиз. Шу қадарки, жавобларни шунчаки ихтиёрий танлайдиган шимпанзе ҳам ўқитувчилар, журналистлар, Нобель мукофоти лауреатлари ва банкирлардан кўпроқ тўғри жавоб бера олади. “Factfulness”да халқаро соғлиқни сақлаш бўйича профессор ва глобал “TED” маърузачиси ҳисобланмиш Ҳанс Рослинг узоқ йиллик икки ҳамкори Анна ва Ола билан биргаликда бунинг сабабини буткул янгича йўсинда изоҳлайди.

© “Asaxiy Books” МЧЖ, 2023

Исми менга номаълум, аммо соғлом фикри билан мени дарғазаб одамлар ханжари остида бурдаланишдан асраб қолган оёқяланг жасур аёлга бағишланади

МУАЛЛИФ ҚАЙДЛАРИ

 

“Фактдорлик” (“Factfulness”) менинг овозимда, гўё ёлғиз ўзим ёзгандек туюлади ва унда ҳаётимда бошимдан ўтган кўплаб воқеалар ҳикоя қилинади. Аммо бу сизни янглиштирмасин. Худди “TED talks”даги нутқларим ва сўнгги ўн йилда дунёнинг турли бурчакларида ўқиган маърузаларим каби бу китоб ҳам бир эмас, уч кишининг меҳнати самарасидир.

Одатда одамларнинг кўзига мен кўринаман. Саҳнага чиқаман ва маъруза ўқийман. Одамлар мени олқишлайди. Аммо маърузаларимда эшитганларингиз ва бу китобда ўқиганларингиз мен, ўғлим Ола Рослинг ва келиним Анна Рослинг Рённлунднинг биргаликдаги 18 йиллик меҳнатимиздир.

Ҳалокатли жаҳолатга қарши фактларга асосланган дунёқараш билан курашиш мақсадида 2005 йил “Gapminder” жамғармасига асос солдик. Мен лойиҳага шифокор, тадқиқотчи, жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасида узоқ йиллар маъруза ўқиган инсон сифатида бир умрлик тажрибамни, ғайрат ва қизиқувчанликни бердим. Ола ва Анна маълумотлар таҳлили, уларни ижодий кўргазмали материалга айлантириш, маълумотлар тарихи ва тақдимот дизайни тушунарли бўлишига масъул эди. Билимсизлик даражасини мунтазам ўлчаб бориш уларнинг ғояси эди. Чиройли анимацион пуфакчали диаграммаларни ҳам улар дизайнлаб, дастурлади. Дунёни изоҳлашда фотосуратлардан маълумот сифатида фойдаланиш усули – “Доллар кўчаси”ни Анна ишлаб чиққан. Одамларнинг дунё ҳақидаги билимсизлигидан диққатланганимда Ола ва Анна таҳлилни ғазабдан устун қўйди, шу билан “Фактдорлик”ни ёзишдек камтарона ва таскин берувчи ғоя пайдо бўлди. Биз ушбу китобда тақдим этилажак амалий оқиллик қуролларини биргаликда аниқладик.

Китобда ўқийдиганларингиз “ёлғиз даҳо” стереотипига мос тушадиган ихтиро эмас. Қўлингиздаги китоб қобилияти, билими ва нуқтаи назари турфа хил бўлган уч кишининг доимий муҳокамалари, тортишув ва ҳамкорлиги мевасидир. Ушбу ноанъанавий, кўпинча жаҳлни чиқарадиган, аммо ниҳоятда самарали иш услуби дунёни тўғри кўрсатиш, у ҳақда тўғри ўйлаш йўлига олиб чиқдики, буни бир ўзим уддалай олмасдим.

КИРИШ

 

Нега циркни ёқтираман?

Мен циркни севаман. Жонглёрлар дириллаётган занжирли аррани ҳавода ўйнатишини, дорбозлар бирваракайига ўн марталаб ўмбалоқ ошишини мириқиб томоша қиламан. Мен томошани ва иложи йўқдек туюлган нарсалар кўз ўнгимда содир бўлаётганда ҳайрат ва завқ ҳиссини туйишни яхши кўраман.

Болалигимда цирк устаси бўлишни орзу қилардим. Аммо ота-онам ўзлари ўқий олмагани сабабли менинг яхши таълим олишимни истади. Шунинг учун тиббиёт мактабига ўқишга кирдим.

Кунлардан бир кун мактабда томоқнинг тузилиши ҳақида қуруққина сўзланган маърузаларнинг бирида профессор шундай деди: “Агар томоққа бирор нарса тиқилиб қолса, ияк суягини олдинга итариш орқали нафас йўлини очиш мумкин”. Буни яхшироқ тасаввур қилишимиз учун у қилич ютаётган одамнинг рентгенини кўрсатди.

Шу ондаёқ руҳланиб кетдим. Орзуларимга ҳали ниҳоя ясалмаган экан! Бундан бир неча ҳафта аввал рефлексларни ўрганаётганимизда курсдошларим ичида биргина мен кўнглим беҳузур бўлмаган ҳолда бармоғимни томоғимга ҳаммадан чуқурроқ тиқа олишимни билгандим. Ўша пайтда бундан жуда ҳам мағрурланмаган эдим: чунки бунга муҳим қобилият деб қарамасдим. Аммо энди бунинг қадрини тушуниб қолдим ва болалик орзум яна жонланди. Хуллас, мен қилич ютувчи бўлишга аҳд қилдим.

Дастлабки уринишларим қувонарли эмасди. Қиличим бўлмагани учун қармоқдан фойдаландим, аммо неча бор ҳаммомнинг кўзгуси қаршисига туриб, ҳаракат қилмайин, икки ярим сантиметр ичкари кириши билан тиқилиб қолардим. Охир-оқибат, ҳаётимда иккинчи бора орзуларимга қўл силтадим.

Орадан уч йил ўтиб, касалхонанинг даволаш бўлимида амалиёт ўтай бошладим. Дастлабки беморларимдан бири қаттиқ йўталдан азият чекаётган қария бўлди. Эҳтимол касаллик сабабини аниқлашда ёрдам берар деб, беморларимдан нима иш билан шуғулланишини сўрардим. Маълум бўлишича, қария қилич ютиш билан шуғулланаркан. Бу бемор бизга рентгени кўрсатилган ўша қилич ютувчи бўлиб чиққанини билганимда эса қанчалар ҳайратланганимни тасаввур қилаверинг энди! Мен унга қармоқни неча марта ютишга уринганимни айтиб берганимни ҳам тасаввур қилгандирсиз. “Доктор болам, – деди у, – наҳотки томоқ тешиги текис бўлишини билмасангиз? Ундан фақат япалоқ текис нарсаларни ўтказишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам биз қиличдан фойдаланамиз”.

Ўша кун ишдан қайтгач, банди япалоқ чўмич топдим ва бир пайтлар тўхтаб қолган машқларимни яна қайта бошладим. Кўп вақт ўтмай чўмич бандини томоғимдан ўтказиб, ичимга кирита олдим. Суюниб кетдим, аммо менинг орзум чўмич ютадиган одам бўлиш эмасди. Эртаси куни маҳаллий газетага эълон бердим ва тез орада ўзимга керак нарсани қўлга киритдим: 1809 йилда ишланган швед армия найзаси! Уни ҳам томоғимдан ўтказгач, муваффақиятимдан жуда фахрланиб кетдим. Боз устига, қуроллардан фойдаланишнинг бошқа йўлини топганимда ҳам жуда шод бўлдим.

Қилич ютиш имконсиздек кўринган нарсаларнинг имкони борлигини кўрсатиб келган ва инсонларни шундоқ кўриниб турган нарса билан чекланмай, кенгроқ фикрлашига ундади. Баъзи-баъзида глобал тараққиёт бўйича маърузаларим якунида ушбу қадимий ҳинд санъатини намойиш қилиб тураман. Стол устига чиқаман-да, тилла рангли чақмоқ тасвири туширилган қора майкамни кўрсатиш учун эгнимдаги катак профессорлик кўйлагимни шарт ечаман. Талабалардан тинчланиб олишини сўрайман ва ўсиб борувчи дўмбира садолари остида армия найзасини секин ютаман. Қўлларимни икки томон ёзаман. Бутун аудитория қичқириб, қарсак чалиб юборади.

 

Ўзингизни синаб кўринг

Бу китоб дунё ва уни англаш ҳақида. Шундай экан, уни нега циркдан бошладим? Ва нега маърузамни юлдузга айланган ҳолда тугатдим? Буни тез орада тушунтириб бераман. Лекин ундан аввал сиз дунё ҳақидаги билимларингизни синовдан ўтказишингизни истардим. Илтимос, бир парча қоғоз ва қалам олиб, фактларга асосланган қуйидаги 13 та саволга жавоб беринг.

1. Бугунги кунда дунёнинг даромади паст давлатларида қизларнинг қанчаси бошланғич мактабни тугатади?

□ А. 20 фоиз

□ Б. 40 фоиз

□ В. 60 фоиз

2. Дунё аҳолисининг аксар қисми қаерда яшайди?

□ А. Даромади паст бўлган давлатларда

□ Б. Даромади ўртача бўлган давлатларда

□ В. Даромади юқори бўлган давлатларда

3. Охирги 20 йилда дунёнинг ўта қашшоқ ҳаёт кечирувчи аҳолиси...

□ А. Деярли икки баробарга ошди.

□ Б. Ўша-ўша қолди.

□ В. Деярли икки баробарга камайди.

4. Бугунги кунда дунёда ўртача умр кўриш давомийлиги неча йилни ташкил қилади?

□ А. 50 йил

□ Б. 60 йил

□ В. 70 йил

5. Ер юзида 15 ёшгача бўлган болалар 2 миллиард нафарни ташкил қилади. БМТ ҳисобига кўра, 2100 йилга бориб, улар қанчага етади?

□ А. 4 миллиард

□ Б. 3 миллиард

□ В. 2 миллиард

6. БМТ 2100 йилгача дунё аҳолиси яна 4 миллиардга кўпайишини башорат қилмоқда. Бунга асосий сабаб нима?

□ А. Болалар сони кўпаяди (15 ёшгача бўлган).

□ Б. Катталар кўпаяди (15 ёшдан 74 ёшгача бўлган).

□ В. Кексалар кўпаяди (75 ёшдан юқори).

7. Охирги юз йилда табиий офатлар сабабли йиллик ўлимлар сони қанчалик ўзгарди?

□ А. Икки баробардан кўпроқ ошди.

□ Б. Ўзгариш бўлмади.

□ В. Қарийб икки баробарга камайди.

8. Дунёда тахминан 7 миллиард инсон бор. Қайси харита уларнинг яшаш жойини энг аниқ кўрсатган? (Ҳар бир фигура 1 миллиард аҳолига тенг.)

9. Бугунги кунда Ер юзидаги 1 ёшли болаларнинг қанчаси муайян касалликка қарши эмланган?

□ А. 20 фоизи

□ Б. 50 фоизи

□ В. 80 фоизи

10. Дунё бўйича 30 ёшли эркаклар ўртача 10 йил умрини ўқишга сарфлаган бўлади. Худди шу ёшдаги аёллар неча йилни ўқишга сарфлаган бўлади?

□ А. 9 йил

□ Б. 6 йил

□ В. 3 йил

11. 1996 йилда йўлбарслар, катта панда ва қора каркидон йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар рўйхатига киритилган. Ушбу учта турдан нечтаси бугунги кунда кўпроқ хавф остида?

□ А. Иккитаси

□ Б. Биттаси

□ В. Ҳеч бири

12. Дунё аҳолисининг қанча қисмига электр энергияси етиб борган?

□ А. 20 фоизига

□ Б. 50 фоизига

□ В. 80 фоизига

13. Глобал иқлим экспертларининг ишонишича, 100 йилдан кейин ўртача ҳарорат...

□ А. Янада илиқлашади.

□ Б. Ўзгаришсиз қолади.

□ В. Совуқлашади.

Тўғри жавоблар:

1. В; 2. Б; 3. В; 4. В; 5. В; 6. Б; 7. В; 8. А; 9. В; 10. А; 11. В; 12. В; 13. А

Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 баллдан ҳисобланг ва умумий баллингизни қоғозга ёзинг.

Олимлар, шимпанзелар ва сиз

Хўш, синовдан қандай ўтдингиз? Нотўғри жавобларингиз кўпми? Саволларнинг кўпига чамалаб жавоб бердингизми? Агар шундай бўлса, кўнглингизни кўтариш учун икки нарсани айтай.

Биринчидан, бу китобни ўқиб тугатгач, тестларга ҳозиргидан яхшироқ жавоб берасиз. Йўқ, йўқ, бу гапим билан сизни ўтқизиб олиб, дунё статистикасини ёдлатаман, демоқчимасман (мен глобал тиббиёт профессориман, телба эмас). Сиз билан оддий фикрлаш усуллари тўпламини бўлишмоқчиман. Мана шунинг учун сиз тестлардан осон ўтасиз. Бу тўплам сизга батафсил маълумотларни ёдламай туриб ҳам катта рақамлар ҳақида тўғри жавоб беришга ҳамда дунё ҳақида билимларингизни ривожлантиришга ёрдам беради.

Иккинчидан, агар тест натижаларингиз ёмон чиққан бўлса, бу борада сизга жуда яхши ҳамроҳлар бор.

Охирги бир неча ўн йиллардирки худди шунга ўхшаш – камбағаллик ва бойлик, аҳоли ўсиши, туғилиш, ўлим, таълим, саломатлик, гендер, зўравонлик, энергия ва атроф-муҳит, умуман, элементар глобал кўрсаткичлар ҳақида фактларга асосланган юзлаб саволларни дунё бўйлаб мингдан ортиқ одамга берганман. Тестлар мураккаб эмас, атай чалғитувчи саволлар йўқ. Мен баҳсли эмас, балки ҳужжатлаштирилиб тасдиқланган фактларнигина танлашга алоҳида эътибор бераман. Аммо шунда ҳам ниҳоятда кўп одам саволларга буткул хато жавоб беради.

Масалан, учинчи савол қашшоқликнинг ўсиши ва камайиши ҳақида. Охирги 20 йилда дунёнинг ўта қашшоқ ҳаёт кечирувчи аҳолиси 2 баробарга камайган. Бу катта инқилоб дегани. Мен буни тириклик чоғимда дунёда содир бўлган энг муҳим ўзгариш деб ҳисоблайман. Шунингдек, у Ердаги ҳаёт ҳақида билиш мумкин бўлган энг оддий факт. Лекин одамлар буни билмайди. Ўртача ҳисоблаганда фақат 7 фоиз одам – ҳар 10 кишидан бири ҳам эмас – тўғри жавоб беради.

АҚШда республикачи ва демократлар кўпинча мухолифлари фактларни билмаслигини иддао қилади. Агар бир-бирига қўлини бигиз қилиш ўрнига ўз билимларини ўлчаганларида эди, эҳтимол, ҳаммалари камтарроқ инсонга айланган бўлардилар. Тестни АҚШда ўтказганимизда қатнашганларнинг атиги 5 фоизи тўғри жавобни танлади. Қолган 95% респондент эса, партиясидан қатъи назар, охирги 20 йилда ўта қашшоқ ҳаёт кечирувчи аҳоли сони ўзгармаган ёки ёмонлашиб, икки баробарга кўпайган, деб ишонади. Аслида, бунинг мутлақо акси содир бўлган.

Энди бошқа мисолни кўрайлик: 9-савол, эмлаш ҳақида. Бугунги кунда дунёдаги деярли барча болалар эмланган. Бу қувонарли ҳолат. Бу бирламчи замонавий тиббиёт барча инсонлар ҳаётига етиб борган деганидир. Лекин буни ҳам кўп одам билмайди. Ўртача 13% респондент ушбу саволга тўғри жавоб берган.

86% одам иқлим ўзгариши ҳақидаги охирги саволга тўғри жавоб берган. Аҳоли билимини текшириш учун биз онлайн синов ўтказган барча бой мамлакатларда кўпчилик одамлар иқлим бўйича мутахассислар об-ҳаво исишини башорат қилганидан хабардор экан. Бир неча ўн йил ичида илмий хулосалар лабораториялардан чиқиб, одамлар қулоғига етиб борган. Буни хабардорлик бўйича катта муваффақият деб эътироф этса арзийди.

Иқлим ўзгаришидан ташқари қолган 12 та саволда эса “оммавий билимсизлик” кузатилган (бу билан аҳмоқлик ёки қасддан қилинган бирор нарсани назарда тутмаяпман, шунчаки тўғри жавобни билмасликни айтяпман). 2017 йил 14 та мамлакатда қарийб 12 минг кишидан синовларимизда қатнашишини сўрадик. Тестдаги дастлабки 12 та саволдан улар ўртача икки балл олди. Бирорта ҳам одам барча саволга тўғри жавоб бермади, фақат бир киши (Швецияда) 12 та саволнинг 11 тасига тўғри жавоб берди. Ажабланарлиси, 15% респондент 0 балл билан тестни якунлади.

Балки, сиз яхшироқ таълим олганлар тузукроқ натижа кўрсатган, деб ўйларсиз? Ёки шу соҳага кўпроқ қизиқадиган кишилар? Бир пайтлар мен ҳам айнан шундай ўйлаганман, аммо бу янглиш фикр экан. Бутун дунё бўйича соҳаси фарқли одамларни шу тестдан ўтказдим. Уларнинг орасида тиббиёт талабалари, ўқитувчилар, университет маърузачилари, таниқли олимлар, инвестиция банклари вакиллари, трансмиллий корпорация ижрочи раҳбарлари, журналистлар, фаоллар ва ҳатто сиёсий арбоблар ҳам бўлди. Уларнинг бари олий маълумотли ва дунёга қизиққан инсонлар. Аммо кўпчилиги – ҳа, жуда катта қисми – кўп саволларга нотўғри жавоб берди. Баъзилари ҳатто оддий аҳолидан ҳам ёмонроқ натижа кўрсатди. Энг даҳшатли натижаларнинг айримларини Нобель лауреатлари ва тиббиёт тадқиқотчилари қайд этди. Бу интеллект масаласи эмас. Барча одамлар дунёни хавотирланарли даражада нотўғри идрок қилаётгандек туюляпти.

Нафақат хавотирланарли даражадаги хато, балки мунтазам такрорланувчи хатолик. Айтмоқчиманки, тест натижалари шунчаки тасодифан йўл қўйилган хатолик эмас. Улар тасодифий хатоликдан ҳам ёмонроқ: умуман ҳеч нарса билмайдиган одам ҳам бундан тузукроқ жавоб берарди.

Тасаввур қилинг, мен шу тестни шимпанзелар билан ўтказиш учун ҳайвонот боғига бораман. Яна тасаввур қилингки, ўзим билан бир қучоқ банан олиб, ҳар бирига А, Б, В деб ёзаман ва уларни шимпанзе олдига отаман. Кейин ўзим тўсиқдан бери турганча саволларни баланд овозда, дона-дона қилиб ўқийман ҳамда шимпанзенинг “жавоби” – у ейишга танлаган банандаги ҳарфни қайд этиб бораман.

Агар шундай қилганимда эди (албатта бундай қилмайман, лекин тасаввур қилинг), шимпанзелар ўйламай танлаган жавоблари билан тестимда қатнашган ўқимишли, аммо янглишган одамлардан яхшироқ натижа кўрсатган бўларди. Қуруқ омаднинг кучи билан шимпанзелар гуруҳи ҳар бир 3 та вариантли саволнинг 33 фоизига ёхуд бутун тестдаги дастлабки 12 та саволнинг тўрттасига тўғри жавоб берган бўларди. Одамлар эса худди шу тестдан ўртача 2 тасига тўғри жавоб берганини эсланг.

Боз устига, шимпанзеларнинг хатолари иккита нотўғри жавоб орасида тақсимланарди, одамларнинг хатолари эса битта йўналишда бўлиб чиқади. Мен савол билан юзланган одамларнинг бари дунёни аслидагидан ҳам кўра даҳшатлироқ, шафқатсизроқ, умидсизроқ, қисқа қилиб айтганда, драматикроқ деб ҳисоблайди.

 

Нега шимпанзеларни енга олмаймиз?

Қандай қилиб шунчалик кўп одам бунчалар кўп масалада хато фикрлаши мумкин? Қандай қилиб кўпчилик одамлар шимпанзелардан ҳам ёмонроқ натижа кўрсатиши мумкин? Ўйламай бериладиган жавоблардан ҳам ёмонроқ!

Бундай оммавий нодонликка илк бор гувоҳ бўлганимда, 1990-йилларнинг ўрталарида, қувонган эдим. Швециядаги Каролинска институтида глобал саломатлик бўйича дарс беришни бошлаган, бироз ҳаяжонланаётган эдим. Талабалар ўта ақлли эди. Мен уларга ўргатмоқчи бўлганларимни эҳтимол аллақачон билишса-чи, деб ўйладим. Талабаларим дунё ҳақида шимпанзелардан ҳам камроқ нарсани билиши маълум бўлганида эса елкамдан тоғ ағдарилди.

Аммо қанча кўп одам билан тест ўтказсам, шунча кўп нодонлик билан тўқнашавердим. Фақат талабаларим орасида эмас, ҳар ерда. Одамлар дунё ҳақида бунчалар янглиш фикрлаши мен учун қўрқинчли ва хавотирланарли ҳолатга айланди. Машинангизда GPS ишлатсангиз, у тўғри кўрсатиши муҳим ҳисобланади. Агар у сиз турган эмас, балки бошқа шаҳарни кўрсатаётган бўлса, табиийки унга ишониб ҳаракат қилмайсиз. Чунки бу билан нотўғри манзилга бориб қолишингизни биласиз. Шундай экан, нотўғри фактларга суяниб иш кўрадиган қонун чиқарувчилар ва сиёсатчилар қандай қилиб глобал муаммоларни ҳал этсин? Дунёқарашлари остин-устун бўлиб ётган бизнесменлар қандай қилиб ташкилотлари учун оқилона қарор чиқарсин? Ҳаёт йўлида кетаётган ҳар бир инсон нимадан ташвишга тушиб, нимадан хавотирланиши кераклигини қандай билсин?

Мен шунчаки одамларнинг билимини синаш ва уларнинг нодонлигини фош қилишдан ҳам кўра муҳимроқ ишга унашга аҳд қилдим. Барининг ортида турган сабабни ўрганишга қарор қилдим. Нега дунё борасидаги бу нодонлик жуда кенг тарқалган ва нега бу қадар мустаҳкам? Биз ҳаммамиз вақти-вақти билан адашамиз – ҳатто мен ҳам, буни бажонидил тан оламан – лекин қандай қилиб бунчалик кўп одам жуда кўп нарсада адашиши мумкин? Нега кўпчилик одамлар шимпанзелардан ҳам ёмонроқ натижа кўрсатяпти?

Бир куни университетда ишим кўпайиб, кечгача қолиб кетганимда миямга ярқ этиб бир фикр келди. Муаммо фақат билимнинг йўқлигида эмаслигини англадим, чунки агар шундай бўлса, уларнинг жавоблари тасодифий берилган жавобдан ҳам ёмонроқ бўлмаслиги, ҳеч қурса тасодифий хато жавоблардек – шимпанзе “жавоб”ларидек бўлиши керак эди. Фақат фаол хато “билим” бизнинг бу қадар ёмон натижа кўрсатишимизга сабаб бўлиши мумкин.

Аҳа! Мана энди билдим! Ҳамма муаммо – ҳар ҳолда мен узоқ йиллар шундай ўйлаганман – янгиланмаган билимларда эди: глобал соғлиқ талабаларимнинг ва мен йиллар давомида тест ўтказган барча одамларнинг билими бор эди, лекин у эскирган, ҳатто бир неча ўн йиллар илгариги ҳолатга тегишли бўлган. Одамлар мактабда шаклланган эски дунёқараш билан яшарди.

Шундай экан, нодонликка барҳам бериш учун одамларнинг билимини янгилашим лозим эди. Буни амалга ошириш учун эса маълумотларни тушунарлироқ кўрсатадиган яхшироқ ўқув материаллари ишлаб чиқишим керак эди. Оилам билан кечки овқат тановул қилаётган пайтда Анна ва Олага мақсадимни айтдим. Иккови ҳам ёнимга кирди ва анимацияли чизмалар ясашни бошлади. Мана шу ажойиб ўқув қуроллари билан дунё кезишга тушдим. Монтерей, Берлин ва Канндаги “TED” маърузаларида, “Coca-Cola” ва “IKEA” каби трансмиллий корпорацияларнинг директорлар кенгашида, глобал банкларда, хеж-фондларда ва ҳатто АҚШ давлат департаментида ҳам шу чизмалар билан тақдимот ўтказдим. Анимацияли схемалар ёрдамида одамларга бутун дунё нақадар ўзгарганини кўрсатишдан хурсанд эдим. Уларнинг ҳар бирига шу пайтгача чўпчакка ишониб келганини, дунё ҳақидаги тасаввурлари буткул янглиш эканини айтишдан чарчамасдим. Биз барча одамлар дунёқарашини янгилашни хоҳлагандик.

Аммо вақт ўтиши билан яна бошқа муаммо ҳам борлигини пайқадик. Биз қайта-қайта тўқнашадиган нодонлик аслида янгиланмаган билимларнинг ўзидан иборат эмас эди. Аниқ маълумотлар келтирилган чизмаларни кўрсатиш ёки яхшироқ ўқув қуролларидан фойдаланишнинг ўзи билан иш битмас эди. Чунки ҳатто маърузаларимни яхши кўрадиган одамлар ҳам, минг афсуски, менга чиндан қулоқ солмасди. Ўша он улар руҳланиши, илҳомланиши мумкин-у, аммо маъруза тугагач, яна ўзларининг эски, бадбин дунёларига қамалиб олардилар. Уларнинг миясига янги ғоялар ўрнашмасди. Ҳатто тақдимотим тугаши биланоқ камбағаллик ва аҳоли ўсиши ҳақидаги ишончлари хато эканини ҳозиргина фактлар билан асослаб берган бўлсам ҳам, одамлар барибир ўша ишончда қолаётганини эшитардим. Мен ортиқ ҳаракат қилгим келмай қолди.

Нега дунё ҳақидаги салбий тасаввурларни йўқотиш бу қадар қийин бўлди? Бунда ОАВ айбдормиди? Албатта, хаёлимга шундай фикрлар келди. Лекин бу жавоб эмасди. Тўғри, ОАВларнинг ҳам роли бор ва буни кейинроқ муҳокама қиламиз, лекин уларни ёвуз махлуққа чиқариб қўёлмаймиз. Уларга қараб, “Ҳой, юм оғзингни!” ҳам деёлмаймиз.

2015 йил январида Швейцариянинг мўъжазгина шаҳарчаси бўлмиш Давосда ўтган Жаҳон иқтисодий форумида қатнашган пайтим ҳаётимда ҳал қилувчи лаҳза бўлди. Дунёнинг минг нафар энг қудратли сиёсий етакчилари, нуфузли бизнесменлар, тадбиркорлар, тадқиқотчилар, фаоллар, журналистлар ва ҳатто юқори мартабали БМТ вакиллари ижтимоий-иқтисодий ва барқарор тараққиёт мавзусидаги ялпи мажлисда ўз ўринларини эгаллаш учун навбатда турган эди. Пленарийда мен, Билл ва Мелинда Гейтс сўзга чиқиши керак эди. Саҳнага қадам босар эканман, залга кўз югуртирдим ва ўтирганлар орасида бир нечта давлат раҳбарлари ҳамда БМТнинг собиқ бош котиби ҳам борлигини кўрдим. БМТга қарашли ташкилотлар раҳбарлари, йирик халқаро компаниялар бошлиқлари ва телевизор орқали таниганим журналистлар ҳам йиғилган экан.

Мен аудиторияга учта: камбағаллик, аҳоли ўсиши ва эмлаш даражасига дахлдор савол беришим керак эди ва бундан бироз ҳаяжонланаётган эдим. Агар йиғилганлар саволларим жавобини билса, у ҳолда уларга дунё ҳақида янглиш фикрда эканини исботловчи ва тўғри жавоб қандай бўлишини кўрсатувчи слайдларимнинг кераги бўлмай қоларди.

Лекин хавотирим ўринсиз эди. Форумнинг кейинги кунларини бир-бирига дунё ҳақидаги билимларини тушунтиришга сарфлаган бу етакчилар камбағаллик ҳақида оддий аҳолидан бироз кўпроқ маълумотга эга экан холос. Уларнинг 61 фоизи биринчи саволга тўғри жавоб берди. Аммо улар қолган икки саволга ўтганда – келажакда аҳоли сони қанчага етиши ва бирламчи тиббий хизматдан одамлар фойдалана олиши ҳақида – шимпанзелардан ҳам расво натижани кўрсатди. У ерда ўтирганлар учун энг сўнгги маълумотларни олиш ва уларни доимий равишда янгилаб турадиган маслаҳатчилар билан мулоқот қилиш сира муаммо эмасди-ку. Уларнинг нодонлигини эскирган дунёқараш натижаси деб бўлмасди. Лекин дунё ҳақидаги элементар фактларга ҳам нотўғри жавоб беришди.

Давос сафаридан кейин менга ҳаммаси кундек равшан бўлди.

 

Драматик инстинктларимиз ва ўта драматик дунёқарашимиз

Шундай қилиб, қўлингиздаги китоб дунёга келди. Унда мен йиллар давомида одамларга фактларга асосланган дунёқарашни шакллантириш ва факт қаршисида ҳам уни қандай нотўғри талқин қилаётганликларини эшитиш орқали келган хулосаларимни бўлишаман. Оддий аҳолидан тортиб ақлли, яхши таълим кўрган экспертларгача – одамлар дунё ҳақидаги фактларга асосланган саволларга нега шимпанзелардан ҳам ёмон жавоб беришини тушунтираман (бу борада нима қилишингиз мумкинлигини ҳам айтаман). Хуллас:

Дунё ҳақида ўйланг. Уруш, зўравонлик, табиий ва техноген офатлар, коррупция. Вазият ёмон ва вақт ўтган сари яна ҳам ёмонлашиб бораётгандек туюлади, тўғрими? Бойлар янада бойиб, камбағаллар тобора камбағаллашиб кетяпти. Камбағаллар сони ортмоқда. Агар фавқулодда чора кўрмасак, тез орада табиий ресурсларимиз ҳам тугаб битади. Умуман олганда ғарбликларнинг аксарияти ОАВларда шундай манзарани кўради ва миясида ҳам шу фикрлар айланади. Мен буни ўта драматик дунёқараш деб атайман. Бу одамни стрессга солади ва адаштиради.

Аслини олганда, дунё аҳолисининг катта қисми даромад шкаласининг ўрталарида яшайди. Балки, улар биз ўрта синф вакиллари деб тушунадиган одамлар эмасдир, аммо ўта қашшоқ ҳаёт ҳам кечирмайди. Уларнинг қизлари мактабга боради, фарзандлари эмланади, икки фарзандли оилада яшайди ва таътилда чет элга боришни истайди, албатта қочоқ сифатида эмас. Аста-секин, йилдан йилга дунё ривожланиб боряпти. Ҳар бир кўрсаткич бўйича ҳар йили бўлмаса ҳам, умуман олганда вазият яхшиланиб боряпти. Дунё улкан муаммоларга дуч келишига қарамай, яхши натижаларни ҳам қайд этиб бормоқда. Ана шу фактларга асосланган дунёқараш ҳисобланади.

Менинг фактларга асосланган тестларимни ечаётганда ана шу ўта драматик дунёқараш одамларни энг салбий жавобларни танлашга ундайди. Одамлар ўйлаётганда, тахмин қилаётганда ёки дунёдаги ҳодисаларни ўрганаётганда доим интуитив равишда ўз дунёқарашига суянади. Демак, агар дунё ҳақидаги тасаввурингиз нотўғри бўлса, ўз-ўзидан нотўғри тахмин қиласиз. Лекин ўта драматик дунёқараш шаклланишига мен бир пайтлар ўйлаганимдек эскирган билим сабаб бўлмайди. Ҳатто энг сўнгги маълумотлар билан таниш одамлар ҳам дунё ҳақида нотўғри тасаввурга эга. Ва ишончим комилки, бунга на бадбин фикрли ОАВ, на ташвиқотлар, на фейк хабарлар ёки нотўғри фактлар айбдор.

Узоқ йиллар дарс бериб, тест ўтказиб, одамлар ўз қаршисидаги фактни нотўғри талқин қилишини эшитиб, охири ўта драматик дунёқарашни ўзгартириш жуда мушкуллигини, чунки у миямизнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини англадим.

Оптик иллюзия ва глобал иллюзия
Қуйидаги икки горизонтал чизиққа қаранг. Қай бири узунроқ?

Буни аввал ҳам кўрган бўлишингиз мумкин. Пастдаги чизиқ тепадагисидан узунроқ кўринади. Ундай эмаслигини биласиз, лекин билсангиз ҳам, ҳатто чизиқларни ўзингиз ўлчаб кўриб, бир хил эканига амин бўлсангиз ҳам, барибир уларнинг бири узунроқ кўринаверади. Кўзойнагимнинг линзалари кўзимдаги нуқсонни тўғрилаш учун буюртма асосида тайёрланган. Лекин мана шу оптик иллюзияга қараганимда худди бошқалар каби мен ҳам кўрган нарсамни аслидагидек талқин қилмайман. Чунки иллюзия кўзларимизда эмас, миямизда содир бўлади. Булар кўздаги нуқсонларга боғлиқ бўлмаган ва доимий содир бўладиган нотўғри талқинлардир. Кўпчилик одамлар иллюзияга алданишини билгач, уялишингизга ҳожат қолмайди. Унинг ўрнига қизиқиб кўрмайсизми, бу иллюзия қандай вужудга келади?

Худди шунга ўхшаб, оммавий тестларнинг натижасини билгач, хато жавобларингиздан уялманг. Яхшиси, савол беринг: Бу “глобал иллюзия” қандай вужудга келган? Нега шунча одамнинг мияси дунёнинг ҳолатини доимий нотўғри талқин қилади?

Инсон мияси миллион йиллик эволюция маҳсулоти. Бизда ҳалигача аждодларимизга овчилар ёки термачиларнинг кичик гуруҳида омон қолишига ёрдам берган инстинктлар яшайди. Миямиз кўпинча узоқ ўйламай шошиб қарор чиқаради, бу хусусият инсонларга қаршисидан чиққан хавфдан тезроқ қочишга ёрдам берган. Биз ғийбат ва драматик хабарларга ўчмиз, чунки улар янгилик ва фойдали маълумотларнинг ягона манбаи бўлган. Шакар ва ёғни егимиз келаверади, чунки овқат танқис бўлган даврларда одамлар шуларни еб кун кўрган. Бизда минглаб йиллар аввал асқатган кўплаб инстинктларимиз ҳалигача бор, аммо ҳозир бутунлай бошқа дунёда яшаймиз.

Шакар ва ёғга бўлган ташналигимиз семизликни бугунги кунда саломатлик бўйича дунёдаги энг катта муаммолардан бирига айлантирди. Шунинг учун фарзандларимизга ва ўзимизга ширинлик ва чипслардан тийилишни ўргатишимиз керак. Худди шу каби тез фикрловчи миямиз ва драматик ҳолатларга ўчлигимиз – драматик инстинктларимиз – нотўғри тушунчалар ва ўта драматик дунёқараш шаклланишига сабаб бўляпти.

Мени нотўғри тушунманг. Ҳаётимизга мазмун бериши учун бизга драматик инстинктлар керак. Агар ҳар бир маълумотни элакдан ўтказсак ва ҳар бир қарорни рационал таҳлил қилсак, нормал ҳаётга эриша олмаймиз. Рационимиздан шакар ва ёғни олиб ташламаслигимиз керак. Жарроҳнинг олдига бориб, миямиздаги ҳиссиётларга жавоб берадиган қисмларни олиб ташлашини сўраш ярамайди. Аммо ўша драматик оқимни назорат қилишни ўрганишимиз керак. Агар назорат қилинмаса, драматикликка бўлган иштаҳамиз анча очилиб, дунёни ўз ҳолича кўришимизга халақит қилади ва нотўғри йўлга бошлайди.

 

Фактдорлик ва фактларга асосланган дунёқараш

Бу китоб бир умрлик мақсадим – глобал нодонликка қарши курашдаги сўнгги жангим. Бу – одамларнинг фикрлаш тарзини ўзгартириш, иррационал қўрқувларини босиш ва қувватларини бунёдкор фаолиятга йўналтириш орқали дунёга таъсир кўрсатишга сўнгги бор уринишим. Аввалги жангларимда катта маълумотлар базаси, одамларнинг кўзини очадиган компьютер иловаси, жўшқин маърузалар ва швед қиличи билан қуролланган эдим. Булар етарли бўлмади. Аммо қўлингиздаги китоб етарли бўлишига умид қиламан.

Бу китобда сиз аввал билмаган маълумотлар жамланган: бу маълумот билан даволаш. Бу китоб тушуниш – қалб хотиржамлигининг манбаи эканини ўргатади. Чунки дунё туюлгани каби драматик эмас.

Фактларга асосланиш соғлом овқатланиш ва кундалик бадантарбия каби ҳар кунги ҳаётингизнинг бир қисмига айланиши мумкин ва шундай бўлиши ҳам керак. Ҳаракатни ҳозирдан бошланг, шунда ўта драматик дунёқарашингизни фактларга асосланган дунёқараш билан алмаштира оласиз. Дунёда бўлаётган ҳодисаларни ёд олмай туриб ҳам тўғри тушуна бошлайсиз. Оқилона қарорлар чиқарасиз, ҳақиқий хавф ва имкониятлардан огоҳ бўласиз, муҳими хато фикрлар оқибатидаги доимий стресслардан қутуласиз.

Сизга ўта драматик ҳикояларни илғаб олишни ўргатаман ва драматик инстинктингизни назорат қилишга ёрдам берадиган фикрлаш қуроллари билан таъминлайман. Ўшанда сиз нотўғри тушунчаларингизни ислоҳ қиласиз, фактларга асосланган дунёқарашни ривожлантиришга ва ҳар сафар шимпанзелардан яхшироқ натижа кўрсатишга эришасиз.

 

Циркка қайтамиз

Баъзан иложсиздек кўринган нарсанинг иложи борлигини амалиётда кўрсатиш учун маърузаларим сўнгида қилич ютаман. Бундай цирк томошасини уюштиришдан аввал, албатта, уларнинг дунё ҳақида фактларга асосланган билимини синаб кўраман. Дунё улар ўйлаганидан буткул фарқ қилишини кўрсатаман. Улар ҳеч қачон содир бўлмайди, деб ишонган кўпгина ўзгаришлар аллақачон содир бўлганини исботлайман. Улар иложсиз деб ишонган ва кундалик янгиликларда кузатадиганларидан тамомила фарқли имкониятларга қизиқиш уйғотиш учун анча тер тўкаман.

Қилич ютишимдан кўзланган мақсадим эса аудиториям ўз интуициялари қанчалар янглиш бўлиши мумкинлигини англашларини хоҳлайман. Мен кўрсатган нарсалар – қилич ютиш ва унгача дунё ҳақида берган фактларим – уларнинг миясига ўрнашган фикрларни ҳар қанча инкор қилмасин, қанчалик иложсиз туюлмасин, барибир ҳақиқат эканини англашларини истайман.

Яна мен одамлар дунё ҳақидаги тасаввурлари хато эканини англаганларида уялишларини эмас, балки ёш боладек ҳайрат, илҳомланиш ва мен циркни эслаганимда пайдо бўладиган, ҳозир ҳам ҳар сафар адашганимни билиб қолганимда “қойил, шундай ҳам бўлиши мумкинми?” деган ҳолатимдаги каби қизиқиш ҳисларини туйишларини хоҳлайман.

Бу китоб дунё ва у аслида қандай экани ҳақидадир. Бу китоб, шунингдек, сиз ҳақингизда. Нега сиз (ва мен таниган барча одамлар) дунёни аслича кўрмаслигингиз ҳақида. Унинг саҳифаларида бу борада энди нима қила олишингиз ҳамда цирк чодиридан ҳақиқий ҳаётга қайтиб чиқар экансиз, бу сизга ўзингизни хотиржамроқ ва некбинроқ ҳис қилишингизда ёрдам бериши ҳақида сўз боради.

Шунинг учун агар қобиғингиз ичида яшашдан кўра ҳақиқатни билишга қизиқсангиз, дунёқарашингизни ўзгартиришга тайёр бўлсангиз, инстинктив реакция ўз ўрнини танқидий фикрлашга бўшатиб беришини хоҳласангиз, камтар ва қизиқувчан бўлсангиз ҳамда ажойиб фактларни ўрганишга тайёр бўлсангиз, у ҳолда китобни ўқишда давом этинг.

БИРИНЧИ БОБ

БЎШЛИҚ ИНСТИНКТИ

 

Биргина қоғоз парчаси ёрдамида синфхонадаги махлуқни тутиш

 

Мана, ҳаммаси қаердан бошланган

1995 йил. Октябрь. Ўша оқшом дарсларим тугагач глобал нотўғри тушунчаларга қарши бир умрлик курашга кираётганим хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган эди.

– Саудия Арабистонида болалар ўлими даражаси қандай? Қўл кўтармасдан жавоб бераверинглар.

Уларга ЮНИСЕФнинг йиллик ҳисоботидан 1- ва 5-жадвалларнинг нусхасини тарқатган эдим. Бу жадваллар қуруққина эди-ю, мен ҳаяжонда эдим.

Талабалар жўровоз бўлиб, “ЎТТИЗ БЕШ!” деб бақирди.

– Ҳа, тўғри. Ўттиз беш. Бу дегани ҳар мингта тирик туғилган боладан 35 таси беш ёшга тўлмай ўлади. Энди Малайзияда бу кўрсаткич қандай?

– ЎН ТЎРТ, – яна жўр бўлиб жавоб беришди.

Улар рақамларни айтаркан, мен уларни проекторда кўрсатиш учун мўлжалланган елим плёнкага яшил ручка билан қайд қилиб бордим.

– Ўн тўрт, – такрорладим мен. – Саудия Арабистонидан камроқ!

Дислексия менга панд бериб, “Малайизя” деб ёзиб қўйгандим, талабалар кулиб юборди.

– Бразилияда-чи?

– ЭЛЛИК БЕШ.

– Танзанияда?

– БИР ЮЗ ЕТМИШ БИР.

Ручкани қўлимдан қўйиб, дедим:

– Нима деб ўйлайсиз, нега мен болалар ўлими даражасига қизиқиб қолдим? Фақат болалар ҳақида қайғурганим учун эмас. Бу кўрсаткич бутун жамият ҳароратини ўлчайди. Улкан термометр каби. Болалар жуда заиф бўлгани туфайли уларнинг ўлимига сабаб бўладиган омиллар жуда кўп. Малайзияда 1000 та боладан 14 нафари ўлиши қолган 986 нафарининг тирик қолишини билдиради. Ота-оналар ва жамият уларни ўлимга олиб келувчи барча хавфдан – микроблар, очлик, зўравонлик ва бошқа иллатлардан ҳимоя қила олади. Шунинг учун 14 рақами бизга Малайзияда кўп оилаларда етарлича озиқ-овқат борлигини, канализация қувуридаги сув ичимлик сувга аралашмаслигини, бирламчи тиббий хизматлардан фойдаланиш яхши йўлга қўйилганини ҳамда оналар ўқий ва ёза олишини билдиради. Бу рақам фақат болалар соғлиғи ҳақида маълумот бермайди, балки бутун жамият саломатлиги ўлчовидир.

– Рақамларнинг ўзи қизиқ эмас. Улар ортида нима тургани қизиқ, – давом этдим мен. – Бу рақамлар бир-биридан қанчалик фарқ қилишини қаранг: 14, 35, 55, 171. Демак, бу мамлакатлардаги ҳаёт ҳам ер билан осмонча фарқ қилади.

Ручкамни яна қўлимга олдим.

– Энди менга Саудия Арабистонида 35 йил аввал ҳаёт қандай бўлганини айтинг-чи. 1960 йилда қанча бола ўлган? Иккинчи устунга қаранг.

– ИККИ ЮЗ... қирқ икки.

Катта рақамни талаффуз қилаётган талабаларнинг овози бирдан пасайиб кетди. 242!

– Тўғри. Саудия жамияти катта силжиш қилибди, шундайми? Ҳар мингтадан ўладиган болалар сони 33 йилда 242 тадан 35 тага тушган. Бу Швециядаги ўзгаришдан анча тез. Биз худди шундай ютуққа эришишимиз учун 77 йил керак бўлган. Малайзия-чи? Бугунги кунда ўн тўрт экан. 1960 йил қандай бўлган экан?

– Тўқсон уч, – ғулдураган жавоб келди.

Талабаларнинг бари ҳайрон бўлганча жадвалдаги маълумотларни ўрганишга шўнғиб кетган эди. Бу воқеадан бир йил илгари талабаларимга худди шу маълумотларни берган эдим, аммо ҳеч қандай жадвалсиз. Улар дунё ривожланаётгани ҳақида айтган гапларимга мутлақо ишонмаган эди. Бу йилги талабаларим эса қўлига тутқазган далилларимга кўз югуртириб, атайин истисноли давлатларни танлаб, ҳийла қилмаяпманми-йўқми, текшираётган эди. Жадвалларда кўраётган маълумотларига ишонгиси келмасди уларнинг. Чунки бу рақамлар улар англаган дунёнинг манзарасига сира ҳам мос тушмас эди.

– Кўриб турганингиздек, – дедим мен, – бирорта мамлакатда болалар ўлими кўпаймаган. Чунки дунё яхшиланиб бормоқда. Ия, кофе-брейк вақти бўлибди.

 

“Дунё иккига бўлинган”и ҳақидаги мега нотўғри тасаввур

Бу бобда ўнта драматик инстинктларимиздан биринчиси бўлмиш бўшлиқ инстинкти ҳақида сўз боради. Унда бизни хаёлий бўшлиқ – адолатсиз улкан жарлик – билан барча нарсани кўпинча бир-бирига зид бўлган икки алоҳида гуруҳга ажратишга ундайдиган кучли майлимиз ҳақида гапириб бераман. Бу бобда бўшлиқ инстинкти одамлар миясида дунёнинг икки хил мамлакатларга ёки икки хил одамларга – бой ва камбағалга – бўлингани манзарасини қандай яратиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Нотўғри тасаввурни аниқлаш осон иш эмас. Ўша 1995 йилнинг октябрь оқшомида биринчи марта бу махлуққа тузукроқ назар солдим. Бу шундоққина кофе-брейкдан кейин содир бўлди ва тажриба шу қадар ҳаяжонли ўтганидан ҳалигача мега нотўғри тасаввурларни овлашдан ўзимни тия олмайман.

Мен уларни мега нотўғри тасаввур деб атайман, сабаби улар одамлар дунёни нотўғри идрок қилишига катта таъсир кўрсатади. Айнан шу биринчиси қолган инстинктлар орасида энг ёмони. У дунёни иккита чалғитувчи қисмга – бойлар ва камбағалларга – бўлиш орқали инсонлар онгидаги барча глобал пропорцияларни тамомила бузиб юборади.

 

Илк мега нотўғри тасаввурни овлаш

Маърузани яна бошлаганимда болалар ўлими даражаси тропик ўрмонларидаги қабилавий жамиятларда ва дунёнинг чекка қишлоқларидаги анъанавий деҳқон оилаларида юқорироқ бўлишини тушунтирдим.

– Ундай одамларни телевизор орқали ҳужжатли фильмларда кўргансиз. Ўша ота-оналар оиласини тирик сақлаб қолиш учун ҳаммадан ҳам кўпроқ заҳмат чекади, лекин шунда ҳам фарзандларининг деярли ярмидан айрилади. Хайрият, бундай аянчли шароитда яшашга мажбур бўлган одамлар сони камаймоқда.

Биринчи қаторда ўтирган талаба қўлини кўтарди. У бошини ён томонга бироз эгди-да, деди:

– Улар ҳеч қачон биздек яшолмайди.

Хонадаги қолган барча талабалар унинг фикрини маъқуллаб бош ирғади. Эҳтимол, у мени ажабланади, деб ўйлагандир. Аммо ундай эмасди. Бу аввал ҳам кўп марта қулоғимга чалинган сийқаси чиққан “бўшлиқ” гаплардан бири эди. Ажабланмадим, балки сесканиб кетдим. Мен айнан шу гапни эшитишни кутгандим. Мулоқотимиз эса шундай давом этди:

Мен: Узр, “улар” деганда кимни назарда тутяпсиз?

У: Бошқа мамлакатдаги одамларни.

Мен: Швециядан бошқа барча мамлакатларними?

У: Йўқ. Ҳалиги... Ғарбга кирмайдиган мамлакатларни. Улар биздек яшолмайди. Бунинг иложи йўқ.

Мен: (Гўё ана энди тушунгандек) Аҳа! Япония, шундайми?

У: Йўқ, Япония эмас. Уларнинг яшаш тарзи ғарбча.

Мен: Малайзия-чи? Уларнинг яшаш тарзи ғарбча эмас, тўғрими?

У: Йўқ. Малайзия ғарбий эмас. Мен ҳали ғарбча яшаш тарзига ўтмаган барча мамлакатларни назарда тутяпман. Улар бу турмуш тарзига ўтмаслиги керак. Нима демоқчилигимни тушуняпсиз-ку!

Мен: Йўқ, нима демоқчилигингизни тушунмаяпман. Илтимос, тушунтириб беринг. Сиз “Ғарб” ва “қолган мамлакатлар” ҳақида гапиряпсиз, тўғрими?

У: Ҳа, худди шундай.

Мен: Мексика... “Ғарб” ҳисобланадими?

У жавоб беролмай менга қараб қолди.

Мен уни айбситмоқчи эмасдим, лекин бу баҳс қаергача боришига қизиқиб, давом эттиравердим. Мексика “Ғарб”га кирадими ва мексикаликлар бизга ўхшаб яшай оладими? Ёки “қолганлар”га киради-ю, биздек яшолмайдими?

– Чалкашиб кетдим, – дедим мен. – Аввалига “улар ва биз” деб бошладингиз, кейин “Ғарб ва қолган мамлакатлар”га ўзгартирдингиз. Нимани назарда тутаётганингизга қизиқяпман. Бундай “тамға”ларни аввал ҳам эшитганман, лекин тўғрисини айтсам, ҳеч қачон тушунмаганман.

Шу пайт учинчи қаторда ўтирган қиз унга ёрдамга келди. У мен бошлаб қўйган ўйинга қўшилди, аммо мени тамомила ажаблантирадиган йўсинда. У олдидаги катта қоғозни кўрсатди-да, деди:

– Балки, буни мана бундай изоҳлармиз: “Биз ғарбликлар”нинг болаларимиз кам бўлади, шунинг учун кам бола ўлади. “Қолган мамлакатларда улар” кўп фарзанд кўради ва шунинг учун кўп бола ўлади.

У дунёни қандай қилиб иккига бўлишни изоҳлаш орқали йигитнинг тасаввури ва менинг маълумотларим ўртасидаги зиддиятни ижодий йўл билан ҳал қилишга уринаётган эди. Бундан севиниб кетдим. Чунки у мутлақо нотўғри жавоб берган эди – буни кўп ўтмай англади – ва асосийси, у мен текшириб кўришим мумкин бўлган аниқ усулда нотўғри жавоб берганди.

– Зўр! Ажойиб! Ааажоойиб, – ручкамни қўлимга олиб, ишга киришдим. – Қани, давлатларни қанча бола борлиги ва қанчаси ўлишига қараб, икки гуруҳга ажрата оламизми-йўқми, кўрайлик-чи.

Талабаларнинг юзидаги шубҳа ўрнини қизиқиш эгаллади ва улар мен нега бу қадар қувониб кетганим сабабини билишга уриндилар.

Унинг изоҳи менга ёққанди, чунки жуда аниқ эди. Биз уни расмий маълумотларга қанчалик мос тушишини текшириб кўришимиз мумкин эди. Агар кимнингдир тасаввурлари нотўғри эканига ишонтирмоқчи бўлсангиз, унинг фикрини маълумотлар билан солиштириб кўриш жуда қўл келади. Мен ҳам шундай қилдим.

Ва буни бутун касбий фаолиятим давомида амалга ошириб келяпман. Оригинал маълумотлар жадвалидан нусха олишда фойдаланган катта кулранг нусха кўчириш машинам нотўғри тасаввурларга қарши курашишимда илк ёрдамчим бўлган. 1998 йилгача янги шеригим – рангли принтер пайдо бўлди. У менга мамлакатлар статистикасини рангли пуфак шаклларга жойлаб, талабаларга тарқатишимга ёрдам берган. Кейин эса биринчи одам-ёрдамчилар пайдо бўлди ва ишларим юришиб кетди. Менинг схемаларим ва нотўғри тасаввурларни овлаш ғоям Анна ва Олага ёқиб қолди ҳамда улар ўзлари кутмаган шаклда юзлаб маълумотлар жамланган диаграммаларни анимацияли пуфак шакллар ёрдамида кўрсатишнинг инқилобий йўлини ўйлаб топдилар. Кейин бу пуфакли шакл “дунё иккига бўлинган” деган нотўғри тасаввурга қарши курашда севимли қуролимизга айланди.

...