Marhumlar oroli 2
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Marhumlar oroli 2

Даврон Султонов

МАРҲУМЛАР
ОРОЛИ

Иккинчи китоб

Еттинчи қисм

СУЛОЛА ДАХМАСИ ИЗИДАН

XX боб
Суиқасд

Кема Натуага келиши асносида Ҳаркер кўпам палубага чиққани йўқ. Дарға лорд Седрикнинг одамлари томонидан олдиндан огоҳлантириб қў­йилгани сабаб, хизмат кўрсатувчилар овқатни ҳам кўпинча каютасига олиб кириб беришарди. Ҳаркер кўрилаётган чора ўзи кузатиши лозим бўлган одамларда шубҳа уйғотмаслиги кераклигини яхши биларди. Шу боис кеманинг мўъжаз ресторанига ҳам кам кирар, доимо четдаги столлардан бирини танлашга ва ўзини содда йўловчи қилиб кўрсатишга уринарди. Тўрт кишилик юмалоқ столлар жами йигирмата бўлиб, табиийки, икки юздан ошиқ мижоз учун камлик қилганидан бир киши битта столни банд қилиб ўтира олмасди. Ўзини кимдир таниб қолмаслиги учун Ҳаркер атайин кечки ўн бирларни, одам камайган пайтни танларди. Морис Глостер ҳам уч ҳамроҳи билан имкон қадар кечроқ келарди ва ҳар доим четдаги столлардан жой олишарди, шу туфайли Ҳаркер узоқ ўтириб қололмасди. Аммо диққинафас ўтиришлар меъдасига текканида тун ярмидан ўтиб палубада кезар, кеманинг уммон бағрини ўйганча жадал илгарилашини соатлаб кузатар, Натуадаги вазиятни фикр тарозисидан қайта-қайта ўтказиб, тезроқ рафиқасининг ёнига қайтишни ўйларди.

Шундай оқшомларнинг бирида тўсатдан ортидан яқинлашаётган қадам товушлари хаёлини тумандек тарқатиб юборди. Ўгирилиши билан Морис Глостернинг шериги археолог Соммерсни кўриб, бир дам эсанкираб қолди.

– Кечирасиз, сизни чўчитиб юбордим, шекилли? – жилмайди қария кўзойнагини тўғрилаб қўяркан, сўнг қўлини чўзди. – Доктор Соммерс.

Ҳаркер ҳушини йиғиб қариянинг қўлини сиқаркан, олдиндан ўйлаб қўйган сохта исмини айт­ди:

– Эдвард Томсон.

– Қизиқ, – деди Соммерс оқ соқол қоплаган иягини хаёлчан қашларкан, – мен сизни машҳур изқувар Жеймс Ҳаркер, деб ўйлабман. Биринчи бор кўрганимда кўзимга иссиқ кўриндингиз, аммо ҳеч эслай олмаётгандим. Кейин тўсатдан ўша оқшом ётиш олдидан ёдимга тушдингиз. Кўп овқат еб­ман, шекилли, уйқум қочди. Сизни кўриб ёлғиз гурунглашмоқчи бўлдим, тўғриси, қандайдир жиноят изига тушганмисиз, деб ўйлабман. Ҳатто мат­рослардан бу кемада аввалги қатнов вақти қотиллик ёки ўғрилик бўлмаганмиди, деб сўрайвериб бечораларни қон қилиб юбордим.

Ҳаркер исмини эшитиб, сал қолса, юз ифодаси билан ёлғонини сездириб қўяёзди. У доимо ўзини суратга олишга уринган мухбирларга орқа ўгириб кетар, изқувар бўлганидан одамлар қиёфасидан қанча кам таниса, ўзи учун шунча яхши, деб ўйлар, рўзномаларда юз кўрсатиш қачондир мана бундай ёмон оқибатга олиб келишидан чўчирди. Бироқ бефаросат журналистлар икки-уч бор суратини газетага чиқаришга уринишган. Энди эса шунча кўрилган эҳтиёт чораси бир пул бўлди. Морис Глостер ва унинг дўстлари ундан шубҳаланиб бўлишибди. Шуниси аниқки, қаршисида жилма­йиб турган одам унинг кўнглига қўл солиб кўрмоқчи.

Ҳаркер буларнинг барчасини бир сонияда хаё­лидан ўтказиб, археолог сингари самимий жилмайди.

– Одамлар бир-бирига ўхшашади. Марҳамат, ҳужжатимни кўришингиз мумкин.

Соммерс тўлин Ой нурида «Эдвард Томсон» жумласини ўқиди.

– Мени маъзур тутинг! – дея қария эгнини хиёл ортга тортди. – Демак, жаноб Томсон мустамлакаларни назорат қилиш бўлимида ишлар экансиз-да?

– Худди шундай. Аммо бу ҳақда бировга оғиз очмаслигингизни илтимос қилардим, – яна нимадир демоқчи бўлган Ҳаркер шу ерда тилини тишлади. Нималар қиляпти ўзи? Охирги гапи билан докторнинг шубҳасини алангалатди.

– Сизни тушунаман, – бу гал мамнун қиёфада жилмайди қария. – Ҳукумат ишларидан мени огоҳ эта олмайсиз.

Ҳаркер индамади, ўйин тугаганди. Буни тасдиқлаб Соммерс хайрли тун тилаб, кема қуйруғи томон йўл олди. Агар ростдан зерикишни ўлдириш учун гурунглашмоқчи бўлганида, узоқ суҳбатлашган бўларди. Ҳаркер хонасига қамалиб ўтиришга дош беролмай ўзини танитиб қўйгани учун ўзини койиганча каютасига кириб кетди. Энди иш мураккаблашиши тайин.

* * *

Кичик Глостер тўрт ўринли каютани банд этганди. Икки қаватли икки каравот, катта шкаф ва икки кичик жавон хонага тиқилиб қолганди. Соммерс каютага кирганида дўстлар ўзаро гаплашиб ўтиришганди. Уни кўриб жим қотишди. Археолог ҳамроҳлари ўзидан ниманидир яширишаётганини сезганига кўп бўлган. Мазкур ҳолат ёқмаса-да, шу дамгача индамай келмоқда. Аммо мамлакатнинг машҳур изқувари ўзларини кузатаётгани борасидаги тахмин энди сабр косасини тўлдирмоқда. Негаки, Ҳаркернинг ишлари шундоғам кўп. Ҳукуматнинг махфий топшириғи ўзи ва уни ёллаган мана бу уч йигит эканлиги, аралашаётган иши ҳақида, гарчи жамоа сафида бўлса-да, ҳукуматдан ҳам камроқ нарсани билишидан далолат беради. У олдин ҳам икки бор Натуада изланиш олиб борган, лекин бирон аскар ҳам ортидан махфий кузатмаган. Капитан Ҳенри Глостер билан ўша пайтлари танишганди. Кўнгли очиқ зобит кўп жабҳаларда ёрдам қўлини чўзганди. Майор истеъфога чиқиб, Натландияга қайтгач, Соммерсга баъзи ёзувларни ўқиттирди. Сўнггиси «Шаҳзодалар водийси» деган жумла эди. Қария Глостер ҳар гал қоғозда ёзилган иероглифларни кўрсатарди. Барини бир кунда кўрсатмаганига сабаб, Натуадан келтирган буюмларини навбати билан секин-аста юзага чиқариб борганида бўлса керак. Глостер Африкадан қуруқ қўл билан қайт­маганига археолог ишонади, бироқ ўзига бирон маротаба ёзувлар туширилган буюмларнинг асл нусхаси кўрсатилмагани жуда алам қилганди. «Шаҳзодалар водийси» жумласи Глостерни жуда хурсанд қилиб юборганди. Ке­йин тўсатдан катта пул бериб, ўғли билан Натуага текширув учун боришини илтимос қилди. Хизматига яраша мўмайгина ҳақ ҳамда ўзи кўпдан қизиқадиган дахмаларни яна кўриш уни орзиқтириб юборганди. Ҳатто янги дахмалар топилиши мумкинлиги борасидаги Глостернинг тахмини ўша шодликни юқори нуқтага олиб чиқди. Аммо кичик Глостер сирлиликда отасидан ҳам ўтиб тушадиган қайсар экани олимнинг тобора таъбини тирриқ қилиб бормоқда.

– Бунча тез? – таажжубланди Реймонд.

Соммерс атайин жавобга ошиқмай, Глостернинг ёнига ўтирди. Уларнинг қизиқишидан ичида кулиб қўйди. Тўғри-да, улар ҳам ҳар-ҳар замон ич қизитиш «лаззати» қурбони бўлиб туришсин.

– Ўйин узоққа чўзилмади, – бир стакан сувни ниҳоятда секин сипқаргач, тилга кирди археолог. – Энг олди изқуварни бир юришда мот қилиб қўяман, деб сира ўйламагандим, – Соммерс тансиқ таомдан роҳатланаётгандек ичи ёнаётган сабрсиз қиё­фаларга бирма-бир қараб чиқди. – Унинг Жеймс Ҳаркер эканига зиғирча шубҳа йўқ. Дастлаб, мени кўрибоқ эсанкираб қолди. Бунақаси унинг режасида бўлмагани аниқ. Бечора ёлғиз ўтираверишдан зерикиб, тунлари очиқ ҳавога чиқаётган бўлса керак. Афтидан, таниб қолишимизни кутмаган, натижада хато қилиб қўйди. Эдвард Томсон исмли ҳукумат агенти эканлигини айтиб, гувоҳномасини кўрсатди. Кейин ўша заҳотиёқ пушаймон бўлди. Агар ростдан ҳам ҳукумат хуфия­си бўлганида, гувоҳномасини кўрсатиб, махфий топшириғи борлигига шама қилмасди. Унинг ростдан ҳам махфий топшириғи бор ва уни ҳукуматнинг юқори лавозимли вакиллари (фавқулодда маҳкамадаги ишидан вақтинча четга чиқариб) ёллашган. Ҳатто мустамлакаларни назорат қилиш бўлими гувоҳномасини сохта номга расмийлаштириб беришган. Билганим: уни мустамлака аҳоли қизиқтирмайди. Билмаганим: у нима учун бизнинг пайимизга тушган, деб ўйлашларингизнинг сабаби, – қария ёш дўстларига саволчан боқди. – Эҳтимол, менга ҳам ишонч билдириш вақти етгандир? Мен керагича чуқур кириб бордим, режаларингизга, шундай эмасми?

– Сиздан ниманиям яширишимиз мумкин? – деди ўзини гўлликка солган Крейг.

– Нима, шунчалар содда лақмага ўхшайманми? – қошини чимирди Соммерс.

– Ранжиманг, доктор, – деди Морис зўраки илжайиб. – Биз келишув тузганмиз. Унга кўра, сиз хизмат ҳаққингизни олиб бўлгансиз ва сафар давомида ҳам барча харажатларингизни биз кўтарамиз. Эвазига биз билан бирга бир неча ерларга боришингиз ва севимли ишингиз – қадимий иерог­лифларни ўқишингиз лозим.

– Буни эслатишга ҳожат йўқ, – овозини пастлатди олим. – Бироқ ўша куни отанг иккалангиз ҳукумат «назари»га тушадиган иш қилишимизни олдиндан айтишни унутиб қўйган кўринасиз.

– Майли, нима учун «исковуч» биз билан бир кемада кетаётганини тушунтириб бераман, фақатгина, сизга бўлган ҳурматим юзасидан.

Отам Натуадан қайтиши олдидан бир археолог билан янги дахма топишган. У ерда оз-моз қимматбаҳо буюмлар бўлган. Қонунга кўра, олтин буюмлар ҳукуматга топширилиб, отам ва ўша архео­логга хазина қийматининг йигирма беш фоизи берилиши лозим эди. Натуада эса ҳамма нарсага хўжайин генерал Пикфорд саналади. Олтин буюмлар барибир қиролича ғазнасига етиб бормасди. Отам шеригига бойликнинг асосий қисмини бўлишиб олишни таклиф қилган. Археолог рози бўлган, бироқ у изланишда давом этиб, отам билан бирга Натландияга қайтмаган. Генерал эса қолган бойликларни жиғилдонига уриб ҳам шубҳаларидан халос бўла олмади. У отамни Натландияда ҳам кузатиб юриш учун одам ёллаган бўлса керак. Эҳтимол, археологни сайратиб, ҳақиқатдан воқиф бўлгандир. Табиийки, генерал Пикфорднинг Иксбургда ҳам яхшигина дўстлари топилади. Мана энди бир неча тилла буюм оёғимизга кишан бўлмоқда.

– Хазина айтганингиздек кичик бўлмаган, шекилли? Отангиз қисқа муддатда кенг тармоқли ширкат тузди. «Юқоридагилар» ҳам бизни кузатиш учун кучли мутахассисни ёллашибди.

– Эҳ, билсангиз эди, доктор, ўша бойлик отамга қанчалар бош оғриқ бўлганини. Менинг Натуага йўл олишим ўша юқоридагиларда биз ҳам нималарнидир қўлга киритишимиз борасидаги тахминларни уйғотмоқда. Омадимиз келса, ростдан ҳам янги хазинани топишимиз мумкин.

– «Шаҳзодалар водийси»да, шундайми? – шивирлагудек сўради Соммерс, гўё эшик ортида кимдир қулоқ тутиб тургандек. – Сиз, афтидан, Аънос сулоласи дахмасини топамиз, деб ўйлаяпсиз.

– Мана, хирмонга ҳам етиб келдик, – тиржайди Морис. – Нишонни чап кўз билан ҳам бу қадар аниқ уриш салоҳиятини қандай шакллантиргансиз-а, доктор? Тан олинг, йўлга чиқиш олдиданоқ, ўзингиз ҳам бир нималарни тахмин қилиб, орзуларга берилгансиз, ахир отам бирдан катта ишбилармонга айланганини сиз ҳам Натуага боғлаб келаётгандингиз.

– Очиғини айтсам, тахмин қилаётгандим. Аммо ҳозир, – докторнинг ҳаяжонланиб, кайфияти кўтарилаётгани яққол сезилди, – ўша тахмин ишончга айланди. Балки нимадир ичармиз?

– Фақат кўп эмас. Ҳозир ҳушёр бўлишимиз лозим, ҳеч бўлмаганда ана у «исковуч»дан қутулгунча. Қолаверса, бизни оғир сафар кутиб турибди. Иссиқда, цвилизация етиб бормаган кимсасиз ерларда яширин дахмаларни қидириб топишнинг ўзи бўлмаса керак.

Реймонд рюмкаларни чиқарди. Крейг шампан виноси тиқинини очди. Идишлар кўтарилганда ҳамма Морисга тикилди.

– Мана энди чиндан ҳам жамоамизга хуш келибсиз, доктор!

* * *

Ҳали «нишон»ларимга ҳеч нарса аён эмасдир, деган бемаъни ёлғон билан ўзини овутишни истамаса-да, Ҳаркер «Кўриб қўй!» дегандек кундузлари каютасидан бемалол чиқиб юришни истамади. Кема соҳилга лангар ташлаб, йўловчилар тезроқ соҳилга тушишга шошилганида у ярим кун кутиб турди. Капитанга қилган илтимосига биноан мат­рослардан бири Глостер шериклари билан қайси меҳмонхонага жойлашганини аниқлаб келди. Мазкур шаҳар Натуанинг бошқа мамлакатлардан келган кемаларни қабул қилувчи асосий шаҳри бўлгани учун бу ерда ўндан ортиқ кичик меҳмонхоналар фаолият юритарди. Ҳаркер ўзига қулай бошпана топиб жойлашди. Хонасининг деразаси орқали кичик Глостер ўрнашган меҳмонхонанинг кириш эшигини кузатиш мумкин эди. Тўртовлон шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, айниқса, бозорини берилиб айланишаётганида Ҳаркер лорд Седрик рўйхатидаги ишончли одамлардан бири билан учрашди. Ишни бузиб қўйгани учун эндиликда ёрдамчилар зарур бўлишини тушунтирди. Кичик Глостер исталган йўналишда жўнаб қолиши мумкин, бироқ яёв юра олмайди. Бошқа оролларга элтувчилар, қўшни шаҳарларга ёки оролдаги исталган манзилга етказиб борувчилар турадиган жойларга кузатувчилар қўйиладиган бўлди.

Табиийки, биринчи кун тинч ўтди. Кейинги кун ҳам тўртовлон ҳеч қаерга шошилишмади. Афтидан, улар Ҳаркердан қутулиш йўлини излашмоқда. Улар ўрнашган меҳмонхонага юборилган хуфия кичик Глостер иккала номерни аниқ белгиланган муддатга банд қилмаганини билиб қайтди. Уларнинг қандай йўл тутиши борасидаги тахминлар қалашаркан, учинчи кун қарши томон кескин ташаббус кўрсатди. Ҳаркер тановулларни меҳмонхонадаги номерида кузатув постини тарк этмай ўтказаётганди. Морис Глостер унинг мана шу томонидан ўзига қарши фойдаланди.

Туш вақти тақиллаётган эшикни очган Ҳаркернинг қаршисида ўн икки ёшлар атрофидаги қора танли бола пайдо бўлди. Бу ерда хизматчилар, асосан, натулардан иборат эди, бироқ ёш бола ишлаётганини кўрмаганди. Ҳаркер бунга ортиқча қизиқмаслиги мумкин эди, агар бола кўзини олиб қочиб, бесаранжомланмаганида. Кўринишидан, у ички ҳаяжонини яширишга уринар, аммо уддалай олмасди. Ҳаркер раҳмат айтиб патнисни олганида бола дарҳол кетишга чоғланди.

– Шошма! – деди Ҳаркер унинг ортидан. Боланинг бир сесканиб кетгани эса шубҳасини баттар оширди. Уни тутиб олиб гапиртирмоқчи бўлди-ю, хато қилиб қўйишдан чўчиб, фикридан қайтди ва чўнтагини секин кавлаб, қўрқуви тобора ошаётгани қора кўзларидан билиниб турган болага танга чиқарди. Бола енгил тортди. Қўшимчасига Ҳаркер жилмайиб қўйди. – Мен Натуага биринчи бор келишим, лекин, билишимча, архипелагда маҳаллий болалар учун мактаблар бор, ҳар ҳолда мана бундай шаҳарларда.

– Отам вафот этган. Ойимнинг ўзига рўзғор теб­ратиш осон эмас.

Ажал келтирганига ишончи комил бўлса-да, Ҳаркернинг болага меҳри ортди. Яна ўн натал чиқарди.

– У ҳолда мана буни ҳам ол-да, онангни бир хурсанд қил!

– Худо сиздан рози бўлсин, сэр! – бола йўлида давом этмоқчи бўлди-ю, яна Ҳаркерга юзланди, бироқ бу гал қўрқув ила эмас, балки хижолат билан боқарди. – Жуда яхши одам экансиз. Илтимос, овқатингизни тўкиб ташланг! Аслида, мен бу ерда ишламайман. Икки оқ танли жаноб овқатингизга бир кукунни қўшиб беришим учун менга пул беришди. Илтимос, мени кечиринг!

Ҳаркернинг табассумдан юзи ёришиб кетди.

– Ҳечқиси йўқ. Овқат заҳарланганини биламан.

– Заҳар!... – ранги оқарди боланинг. – Мен билмагандим.

– Биламан. Ёмон нимадир қўшганингни сезгансан, бироқ аниқ заҳар қўшганингни билганингда, ҳозир ҳушингдан кетиб қолган бўлардинг. Улар сенга қанча беришди?

– Ўн натал.

– Роса қурумсоқлик қилишибди-ку. Уларнинг ай­бини ювиш керак, – Ҳаркер чўнтагидаги бор пулини чиқарди. Ҳаммаси йигирма уч натал ва бир неча майда чақа бўлди. – Буларни олгин-да, уларга овқатни менга етказиб берганингни айт! Аммо айбингга иқрор бўлганингни зинҳор ошкор қилма!

– Хўп бўлади, сэр!

– Ҳа-я, – югургидек кетаётган болани яна тўхтатиб, кўрсаткич бармоғини пўписа қилгандек ўқтади, – бошқа ҳеч кимга заҳарли овқат олиб бора кўрма!

Бола жилмайиб бош силкиганча зинадан пастга тушиб кетди. Ҳаркер патнисни столга қўйди-да, дераза ёнига бориб, тўғридаги бино айвонида ўтирган одамга ишора қилиб қўйди. Бу одам вақтинча ёлланган ёрдамчи бўлиб, Морис Глостер ёки дўстлари ташқарига чиқса, ортидан пойлоқчилик қилиш вазифасини олганди. Кузатувчи ўрнидан туриб, бинонинг орт томонига ўтиб кетди. Бирон кимда шубҳа уйғонмаслиги учун у доимо орқа томондаги эшикдан кириб-чиқаётганди. Тез орада эшик очилиб, ичкарига офтобда қорайган одам кириб келди.

– «Дўстларимиз» ҳиммат кўрсатиб, қилган хатойимни тўғрилаш имконини беришди, – деди Ҳаркер. – Кичик саҳна уюштиришга тўғри келади.

* * *

Яқинда Натландиядан келган сайёҳ ўлгани ҳа­қидаги хабар кўпчиликни қизиқтирмади, албатта. Бироқ марҳум овқатдан заҳарлангани ва меҳмонхона ходимлари, айниқса, ошпазлар навбати билан маҳкамага бориб, кўрсатма бериб келаётгани борасидаги миш-мишлар етарлича тарқалди. Эртасига маҳкамага шахсан Морис Глостер келиб, стол устида қимир этмай ётган марҳумни таниди.

– У билан бир кемада келгандик. Йўлда танишиб, анча иноқлашиб қолгандик, – деди Глостер ёнидаги полисмен ва шифокорга. – Ишониш қи­йин. Ростдан ҳам, заҳардан ўлганми?

– Охирги еган овқатида бўлган, – жавоб қилди шифокор.

– Унинг ўлими кимга керак бўлиши мумкин?

Бу гал полисмен жавоб берди:

– Биз ҳам шунга жавоб топмоқчимиз.

XXI боб
Бурилиш

– Жуда узоқ ухладингиз, – деди иссиқ бўлишига қарамай оқ кўйлак устидан кулранг нимча кийиб олган семиз одам кўзини ишқаётган Ҳаркерга. – «Мижозларингиз» аллақачон «С» оролига йўл олишди.

– Нима!? – шошганча ўрнидан тура кетди Ҳаркер, аммо ҳамсуҳбати уни жойига ўтиришга мажбур қилди.

– Шошишга ҳожат йўқ. Ўрнингизга бир одамимиз уларни кузатяпти, аниқроғи, уларга йўлбошчилик қиляпти. Ўша Глостер деганингиз архипелагга биринчи бор келаётган экан, тахмин қилганимиздек, оролларни яхши биладиган, имкон қадар оқ танли бўлмаган, озгина пул эвазига оғзига маҳкам бўлиб, садоқат кўрсатадиган маҳаллий одамни танлаши турган гап эди. Бахтимизга у танлаган йўлбошчи бизга кўпдан хизмат қилади. Ҳақиқатан ҳам, муносиб одам. Табобатдан хабардор, ҳамма ерни билади, қаерда қандай йиртқич ҳайвонлар бор, қайси илон заҳрига нима даво бўла олади, хуллас, «мижозларингиз» ишларига пухта одамлар экан, бундан ортиқ номзод топилиши ҳам қийин эди.

Қисқаси, энди уларнинг ҳар бир қадамидан воқиф бўла оласиз. Вақтингизни олиб, ушлаб ўтирганимга қизиқаётган бўлсангиз, шуни айтишим мумкинки, сиз роса йигирма олти соат ухладингиз ва бу орада ҳар доим ҳам бўлмайдиган муҳим воқеалар содир бўлди.

– Қай даражада муҳим? – кўзини ярим қисиб, синчковлик билан тикилди Ҳаркер.

– Бутун бошли Натуа осмонини тескари қилиб юборадиган даражада. Генерал Пикфорд вафот этибди. Албатта, бунинг замирида нималар келиб чиқишини тўлиқ тасаввур қила олмайсиз. Бундай тасаввурларсиз эса етарлича эҳтиёткор бўла олмайсиз, эҳтиёткор бўлмасангиз, узоққа бормай ўлигингиз кўчада қолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Суҳбатдош нимчасини ечиб, бурчакдаги илгакка илди ва кичик стол устида турган патнисни олиб, тинглаган хабари нақадар кутилмаганини ҳамон англай олмаётган Ҳаркерга узатди.

– Қорнингиз очиққандир? Тортинмай еяверинг, мен эса мавзуга қайтаман. Лорд Седрик сохта гувоҳнома билан сизни бизнинг бўлимга аъзо қилган бўлса-да, айнан нима билан шуғулланишимизни айтмаган. Кўпчилик бизни Натуадаги ижтимоий муҳитни барқарор ушлаб туришга масъул, деб ўйлайди. Тўғри айтишади. Яна аскарлар эрмакка маҳаллий аҳолини ўлдириб, етишмаётган ишчи кучини янада камайтирмаслигига қарши курашишимиз ҳам рост, бироқ буларнинг бари бизнинг иккинчи даражали вазифамиз саналади. Профессионал ёндашувимиз эса буткул бошқа жараённи ўз ичига олади.

Натуанинг табиий қазилма бойликларига бой эканини эшитгансиз, албатта, буни Иксбургдаги ҳар қандай тирранча ҳам айтиб бериши мумкин. Аммо ҳеч ким архипелагда юқори лавозимли ҳарбий зобит бўлмагунча ўша бойликлар, аслида, қанчалар улкан эканини тасаввур ҳам қилолмайди. Агар билсангиз, қироличанинг кечалари ухлай олмаслигига сабаб, бу ердан Европага қимматбаҳо маъданларнинг бешикаст етиб бориши борасидаги ўйлардан халос бўла олмаслигидир.

– Демак, йирик мансабдорлар олтинларнинг бурни остидан ўтиб кетишини жим кузатишга тоқат қила олишмайди, сизлар эса уларнинг қўли ҳар ерга кириб кетмаслигини назорат қиласизлар.

– Нишонни очко тахтаси марказидаги ўн рақамининг қоқ юрагига урдингиз. Зобитлар бизни жинларидан баттар ёмон кўришади. Фақат ҳукумат томонидан юборилганимиз туфайли тишларини тиш­ларига босиб, жим туришади. Йиллар давомида маданий қатламдан узилиб, чанг ва қон ютавериб, одам ўлдиришдан дийдаси қотиб кетган аскарлар эса чиройли нату аёлларини кўнгилларига сиққанча зўрлашни исташади. Табиийки, бундай ҳаракатлар ўртада кераксиз жанжалларни чиқариб, кон ишлари тўхтаб қолишига олиб келади. Натулар номусига тажовуз этилишига қаршилигимизни эса аскарлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини беорларча поймол қилишимиз сифатида қабул этишади.

– Генералнинг ўлими бошбошдоқликларни юзага келтириши мумкинлигидан чўчияпсизми? – деди ликобини тезда бўшатиб, шарбатни ҳам сўнг­ги томчисига қадар сипқарган Ҳаркер. – Ёки бош­ланиб бўлдими?

Агент жилмайди.

– Бу гал аввалги нишоннинг дастасини мўлжалладингиз. Лорд Седрик нимани мақсад қилганини билмадим-у, иш учун муносиб одамни танлабди.Генерал суиқасд қурбони бўлган, деган миш-миш­лар юрибди, ҳақиқатга яқин, деб ўйлайман, негаки, кексайиб қолган бўлса-да, ҳали ҳўкиздай бақувват эди. Ўлими расман тасдиқланишига улгурмай «С» ороли қўмондони майор Брест бош қароргоҳни эгаллашга уринган. Бироқ истеҳком коменданти майор Жобс уни соҳилга ҳам туширмаган. Афтидан, қаршиликни Пикфорднинг ишонган одами Эрни Робертс кўрсатган, чунки майор Жобс мушкул вазиятда қатъият кўрсатадиган одам эмас. Бугун эса ўша Робертснинг чопари бу ерга келиб, қўмондон Жексонни генерал ўрнини эгаллашга ундади. Қонун бўйича ҳам Жексон ҳукумат янги бош қўмондонни тайинлагунча вақтинча раҳбар бўлиши лозим, аммо бу ерда қонун ҳеч қачон тўғри ишламаган. Майор Брест «Д» оролининг шарқий қисмига ўрнашиб олибди. Уни натулар «Иблис», деб аташади. Рости, Пикфорд кўпроқ қонхўрмиди ёки Брест – ҳеч ким билмайди. Ҳар ҳолда Брест бош қўмондон бўлмас экан, унинг ҳақиқий жоҳиллигини кўра олмаймиз. У Пикфорднинг ўрнини эгаллашга ишонмоқда. Қўл остидаги аскарлар ҳам унга ишонишлари тайин. Яна унинг аскарларга истаганларича имтиёзлар бериши мумкинлиги тарафдорлари сонини ошириб юборади. Қисқаси, энди ит эгасини танимайдиган муҳит вужудга келди. Раҳбарларнинг ўзи ҳокимият талашаётган дамда қолганлардан нимани ҳам кутиш мумкин? Ҳали Пикфорднинг жияни капитан Торанс «ўз мероси»ни талаб қилиб қолса, кўрасиз томошани. Бўлинмамиз вакиллари вазият изга тушгунча бир ерга йиғилишни кўзлаяпмиз, негаки, қачондир «Ҳой, ундай қилма!» деб кўнглини оғритиб қўйган аламзадаларимиз қулай шароитда юракларига малҳам босиб қолишлари мумкин. Сизнинг шўрпешона «мижозларингиз» эса нақ майор Брестнинг одамлари тараллабедод қилаётган маконга кетишди. Талотўп сония сайин авжига чиқаётган бўлса-да, сиз учун бир катерни тайёрлаб қўйдим. У ерда нималарга гувоҳ бўлишингизни етти ухлаб ҳам тушингизда кўрмагансиз. Ёдингиздан чиқмасин, нима бўлишидан қатъи назар аскарларнинг жиғига тега кўрманг! Башарангиз ёқмагани учун ҳам сизни иккиланмай отиб ташлашлари мумкин. Назаримда, фикримни тўлиқ тушунтира олдим?

– Бундан аниқроғини кутмагандим.

Агент ўрнидан туриб, бурчакдаги саквояжни олиб, остонага етиб қолган Ҳаркерга узатди.

– Нарсаларингизни йиғиштириб қўйдим. Ҳаммаси шу ерда, деб ўйлайман.

Ҳаркер саквояжни очиб, бир қур назар солди ва маъқуллаб бош силкиди-да, чўнтак соатини чиқариб, кундузги учдан ўтганлигини кўрди.

– Улар қачон кетишди?

– Соат ўн бирда. Кетишларидан ярим соат олдин Морис Глостер келиб сизни кўриб кетди.

– Туғишган укасиман, демадими, ишқилиб?

– Йўқ, туғишганидан ҳам яқинман, деди.

– Ҳаммаси тушунарли-куя, – деди Ҳаркер ташқарига чиқишгач Қуёшдан қамашаётган кўзларини ишқаркан, – нега мени вақтлироқ уйғотмадингиз?

– О, бунга шифокор билан роса тўрт соат уриндик.

Катерга яқин қолганида матрослар ўтхонага кўмир ташлаб, босимни кўтара бошлашди. Палубага чиқиш олдидан Ҳаркер агентнинг қўлини сиқди.

– Ёрдамингиз учун раҳмат!

– Ўзингизни эҳтиёт қилинг, жаноб Томсон.

* * *

Катер кичик бўлиб, уни ҳарбий бўлмаган икки натланд бошқарарди. Маълум бўлишича, икковлон дўст ва анча олдин янги ҳаёт бошлаш мақсадида Натуага келишган. Аввал, аскарлар сафида бўлишган, кейинчалик майхона очишган. Бироқ аскарларнинг ичволиб, ҳадеб тўполон кўтариш­лари, қарздорларнинг сурбетларча тўловдан бош тортишлари туфайли, бир маромда даромад олишнинг имкони бўлмаган. Ахийри, асосий портнинг бир четида одамларни оролларга ташиш тадбирини йўлга қўйишган. Кўпроқ ўзлари сингари янги ҳаёт қидириб келганлар ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш маъқул бўлса-да, асосан, яна ҳарбийлар мижоз бўлишига кўникиб қолишган.

Навбати билан ўтхонани назорат қилиб туришаркан, бири доимо штурвал ёнида Ҳаркерга архипелаг ҳақида билганларини айтиб борди. Ишлари юзасидан ҳеч ороллар ичкарисига киришмагани учун маълумотлар, асосан, қулай соҳиллар борасида кечди. Катер ҳаракатини бошлаганидан ярим соат ҳам ўтмай нариги соҳил кичрайиб кўриниш берди. Ҳаркер баланд текис қояли, дов-дарахт босган, майса қоплаган ва оддий қумлоқ соҳил бўйларини кузатиб борди. Кўп ерлар кимсасиз бўлса, айрим жойларда манзилгоҳларни кўриш мумкин эди. Катер соат тунги ўндан ўтиб «С» оролининг шарқий соҳилидаги энг ичкари бандаргоҳига лангар ташлади. Одатдагидек, порт истеҳком ҳудудида бўлиб, қалъа орқали шаҳарчага ўтиларди.

Ҳаркер тахта кўприкка ўтиши билан икки аскар унга яқинлашди. Шароб таъсирида кўзлари сузилиб қолган аскарлардан бири саркашлик билан Ҳаркернинг гувоҳномаси ва саквояжини назардан ўтказди.

– Демак, бизни назорат қилиш учун келибсиз-да? – дея гувоҳномасини унга узатаркан, истеҳзоли жилмайди. Ҳаркер ҳужжатни олмоқчи бўлганида қўлини тортиб, бунга йўл қўймади. – Қораялоқлар билан офтобда қатиқ ялашгани келдим, денг?

Ҳаркер унинг жанжал чиқаришга мойиллиги ортганини сезди. Битта пиёнистанинг ўзини эрмак қилаётгани ёқмаса-да, босиқлик қилишга уринди.

– Менинг вазифам бошқа.

– Нима экан?

– Бир дақиқа, – деган овоз эшитилди аскарлар ортидан ва мундир киймаган бир одам ёғоч кўтармадан шошганча юриб келди-да, сўзида давом этди. – Бу жаноб сизларга муаммо туғдирмайди, ўзим кафилман.

Аскар унга озроқ тикилиб турди-да, яна Ҳаркерга юзланди.

– Муаммо туғдириб ҳам кўрсин-чи, – дея гувоҳномага тупуриб, Ҳаркерга узатди. Ҳаркер ўзини зўрға тутиб қолди. Ғазаби қўзиб, қаршисидаги бетайинни яхшилаб дўппослагиси келди. Аскар эса унга таҳқирловчи тиржайиши билан тикилиб тургач, ахийри, ҳужжатни оёғи остига ташлади. – Натуага «хуш келибсиз!»

Аскарлар кетишди, агент бўлса эгилиб ҳужжатни олди-да, дастрўмоли билан тозалаб, Ҳаркернинг қўлига тутқазди.

– Тушунаман, чидаш мумкин эмас, бироқ назорат агенти гувоҳномаси билан бемаврид келибсиз. Иложи бўлса, буни ташлаб юбориш керак. Ҳозир у сизга фалокат олиб келади, холос. Оддий сайёҳ сифатида вақтинчалик гувоҳнома тайёрлатиб беришга ҳаракат қиламан. Кимдир сўраса, ўшани кўрсатиб қўясиз. Энди эса ортимдан юринг!

Истеҳком майдонини кесиб ўтишаркан, аскарлар агентга ёвқараш қилиб қўйишарди. Ёнида юргани учун, албатта, Ҳаркерга ҳам ўша адоватдан озгина ўтказиб юборишарди.

– Мени, шунчаки, Чарльз деб атайверинг. Қачон келишингизни билмаганим учун бандаргоҳда ўралашиб юришимга тўғри келди. Билсангиз эди, бу соатлар қанчалар оғир кечганини: имкон қадар ҳар бир аскар камида бир бор турткилаб турди. Мени бу ерда отнинг қашқасидек танишади. Ёнимда икки маротаба кўришса, сизни ҳам таниб қолишади.

«Мижозларингиз» бир аскарга яхшигина ҳақ беришди, энди ўша аскар уларнинг истакларини бажариш учун итдек ҳар томонга елмоқда. Меҳмонхонага жойлашиб, аллақачон ўнта от харид қилишди. Узоқ йўл учун керакли нарсаларни ҳам йиғиб бўлишди. Назаримда, эртагаёқ йўлга чиқишади. Бу томонга юрамиз, – дея Чарльз истеҳкомдан чиқишгач, чап томондаги кўчага бошлади. – Бу ерга бегоналар ҳадеб келавермайди. Шу сабабли шаҳарчада атиги битта меҳмонхона мавжуд. Сизни марказий майдондаги бир дўкондорнинг уйига жойлаштирсам, қарши бўлмасангиз керак. Яна от ва сафар хуржуни, меш, узоқ турувчи егуликлар ғамлаб қўйдим. Улар танлаган йўлбошчи бизнинг одам эканлиги бахтингиз бўлибди. Икки соат муқаддам ёнимга келиб, йўналишни айтиб кетди. Улар орол марказидаги тоғ тизмасига кетишаётган экан. Шуни айтишим мумкинки, у ерлар чангалзорлар билан гавжум ва кўплаб конлар очилган бўлса-да, ҳали тўлиқ текширилмаган, бир сўз билан айтганда: ҳақиқий ёввойи табиат. Йиртқич ҳайвонлар ва турли заҳарли мавжудотлар ҳақида эслатишимга ҳожат бўлмаса керак. Иксбург ҳайвонот боғидаги айрим гўштхўрлар бу ерда эркин юришади ва одамни тўсиб қоладиган панжаранинг йўқлиги уларни руҳлантириб юборади.

Кўчага анча ичкарилашгач, агент туйқус бинолар орасидаги ташландиқ жинкўчага бурилди. Кейин ёғочдан қурилган бир уйнинг орт эшигига яқинлашиб, уни тақиллатди.

– Бозор ёпилган бўлса-да, «мижозларингиз» марказий майдонда юрган бўлишлари мумкин, – дея нега майдондан бошлаб келмаганига изоҳ берди. Ҳаркер тушундим, дегандек бош ирғаб қўйди.

Эшикни малласоч, хипчабел аёл очиб, меҳмонларга йўл берди. Чарльз биринчи бўлиб кираркан, шляпасини бироз кўтарганча, хиёл эгилиб ҳурмат юзасидан «Хоним!» деб қўйди. Ҳаркер ҳам унга енгил таъзим қилди. Аёл кўрсатган хонада битта каравот, икки курсиси билан стол ва шкаф бор эди. Ҳаркер саквояжини каравотнинг оёқ томонига қўйди. Сўнг Чарльзнинг ёнига ўтириб, у узатган қадаҳни олиб, шаробдан ҳўплади.

– Кун роса қизиди-да, – дея агент шляпаси билан ўзини елпиркан, пешонасидаги терларни ҳам артиб қўйишни унутмади. – Тўғриси, жаноб Томсон...

– Шунчаки, Эдвард деяверинг.

– Биласизми, Эдвард, бизнинг ишимиз асаб­бузарликлардангина иборат. Баъзан барчасидан тўйиб Натландияга кетгим келиб қолади, аммо катта маош ҳозирча бундай ҳовурларни сўндириб келмоқда. Сиз эса хуфия изқуварлардек бу ерларни айланиб чиқасиз. Келганимга қарийб тўрт йил бўлди-ю, «С» оролидан бошқасини кўрмадим ва кошкийди, уни ҳам яхшилаб айланиб чиқа олганимда. Фақат кон бор ерларни кўрдим. Йил давомида кимдир ҳукумат мулкини ўмармаяптимикан, деган ташвиш билан зир югурамиз. Сизга жуда ҳавасим келяпти, аммо топшириғингиз борасида ҳеч нарса айта олмасангиз керак? Ҳеч бўлмаганда асл исмингизни айтарсиз? Аминманки, сиз ҳеч қандай Эдвард Томсон эмассиз. Яна кўринишингиздан идорада қоғоз титиб ўтирадиган одамга ўхшамаяпсиз, акс ҳолда, бундай ишга жалб қилишмасди.

Мийиғида кулганча озгина жим турган Ҳаркер ҳақиқатни айтишга қарор қилди.

– Исмим Жеймс Ҳаркер. Маҳкама инспекториман.

– Полиция инспектори? – ажабланганча такрорлади Чарльз. – Ҳукумат хуфияси бўлсангиз керак, деб ўйлагандим.

– Топшириқни муваффақиятли уддалай олсам, эҳтимол, кўтариларман. Илтимос, асл мақсадим ҳақида бошқа сўраманг!

– Ҳа, албатта. Қизиқувчанлигим учун узр, аммо ёмон ниятим йўқ.

Ҳаркер Чарльзни ранжитиб қўймаслик учун унинг қўлига дўстона уриб қўйди.

– Буни биламан.

Йўлакдан оғир қадам товушлари эшитилиб, хонага бўйи олти футу беш дюймдан паст бўлмаган кенг елкали киши кириб келди. Калта сочи икки четидан тўкилган бўлиб, шопмўйлови бор эди. Соқолини ҳам тез-тез олмаса керак, ёноқларининг четию қулоқлари остидан ияги ва кекирдагига қадар қорайиб қолганди. Ортида юпқа, пушти ранг кўйлак кийган икки жажжи қизча оталари панасида меҳмонларга ўғринча қизиқиш билан боқиб туришарди. Эркак қўлидаги ўроғлиқ сарғиш қо­ғозни Чарльзга узатди.

– Сўраган харитангиз.

– Бу одам бугун меҳмонингиз бўлади, – дея Чарльз Ҳаркерни Томсон номи билан таништирди. Ҳаркер мезбоннинг йирик кафтини сиқиб қўйди.

– Қани, қизлар, Чарльз амакингизнинг муҳим ишлари бор. Уларни холи қолдирамиз, – деганча мезбон фарзандларини олиб чиқиб кетди.

Агент харитани столга ёйиб, четига сиёҳдон ва чўнтак соатини қўйди-да, орол марказидаги тоғ тизмасини кўрсатди.

– Мана, ўша тоғлар. Айтганимдек, у ерлар яхши текширилмаган. Хаританинг бу қисми, шунинг­дек, кўплаб ерларга чўзилган чангалзорлар муфассал туширилган эмас. «Мижозларингиз» эса тоғлар орасида қандайдир водий бор-йўқлиги билан қизиқишмоқда. Аллақандай «Шаҳзодалар водийси». Қандайдир ишончли маълумотга таянаётган бўлишса керакки, шундай оғир йўлга шайланишибди. Ҳали бир кеча чивинларга таланиб, безгак юқтириб олишса, туғилганларига пушаймон бўлишади. Кўринишларидан, ҳаммаси оқбилак йигитлар. Қария эса бир оёғи гўрга етган бўлса-да, уларга нисбатан дадилроқ кўринада.

Ҳаркер харитани озгина кузатгач, икковлон ташқарига чиқишди. Бозор майдонини жуда катта деб бўлмасди. Тун бўлишига қарамай, ўткинчиларни кузатиш мумкин. Чарльзнинг айтишича, ҳар тонг бу ерга ёймачи натулар келиб, ўз қўллари билан тайёрлаган маҳсулотларини сотишади. Икки-уч идорадан бўлак бир меҳмонхона бор эди ва унинг биринчи қавати бар вазифасини ўтарди. Майдон четида жойлашган деярли барча уйларнинг олд томони кичик дўкон кўринишида. Ҳаркер қора танлилар ва оқ танлилар аралашиб, сотувчилар, харидорлар, аскарлар ва бошқа касб эгалари юрган, болалар чанг кўтариб ўйнаётган майдонни тасаввурида жонлантириб кўрди. Ватанига қайтиш олдидан, албатта, рафиқаси ва дўстларига маҳаллий буюмлардан совғалар олишни дилига тугиб қўйди. Вазифасининг асосий босқичи самара бераётгани инобатга олинса, Натуада узоқ қолиб кетмаса керак. Эҳтимол, бир неча йилдан кейин унинг ҳам ширин қизчаси бўлиб, уйига келган меҳмонларнинг ортидан мўралаб қарайдиган бўлар.

Уй соҳиби меҳмонларни ичкарига таклиф этди. Бека аллақачон дастурхонга енгил таом тортганди. Мазали таомдан сўнг уч эркак бир соатча тамаки тутатиб, вино ичганча суҳбатлашиб ўтиришди. Сўнг Чарльз кетди ва Ҳаркер хонасига секин кириб, рафиқасини эсга олганча уйқуга кетди.

Мезбон уйғотганида тонгги олти бўлганди. Қовурилган тухум ва натуларнинг оддий, лекин оммалашган ширин кулчалари билан нонушта қилишди. Ҳаркер кичик Глостернинг йўлга чиқишини хонасида кутиб ўтира олмасди. Майдонни кузатиш учун дўконга чиққанида кутилмаган ҳолга кўзи тушди.

Майдон деярли бўш, ўртада ўнтача аскар ва қўллари билан боши беш футлик кундага банди этилган қора танли бўлиб, натулар четда жим туришарди. Уларнинг айримлари маҳсулотини олиб келган ёймачилар бўлса, айримлари, афтидан, атайин мазкур томошани кўриш учун мажбуран олиб келинганди. Бир аскар ўртага чиқиб, асирнинг натланд аскарига қарши чиққанини ва энди уни қандай жазо кутишини сўзлаб берди. Унга кўра, шундоғам ҳолдан тойган асир уч кун мана шу ҳолатда оч қолади. Кимки унга овқат ёки сув тутишга уринса, у ҳам қора танлининг ёнидан жой олади.

Бир аскар узун хивчинни ўйнатиб, бир уришдаёқ асирни сўллайтириб қўйди. Ҳаркер бунга узоқ қараб тура олмаслигини, акс ҳолда хато қилиб қў­йиши мумкинлигини, ҳозир ичкарига кириб кетиши лозимлигини тушунса-да, кўзларини майдондан узолмади. Иккинчи зарбдан сўнг яшил гулли оқ кўйлак кийиб олган чиройли нату аёли – афтидан, асирнинг рафиқаси – қавмдошлари орасидан югуриб чиқди. Асирнинг натучалаб бир нималар деб ўкиришига қулоқ осмай, хивчин тутган аскарнинг оёғига тиз чўкиб, шафқат кўрсатиши учун ялина бошлади. Аскар уни тепиб итқитди ва бу билан асирга кучлироқ озор берди. Банди жон ҳолатда қичқириб, хотинига кетишни буюрарди. Аёл яна ялиниш учун эмаклаганча олдинга интилаётганда бошқа бир аскар келиб, унинг ортидан энгашди-да, аёлнинг белидан ушлаб турғазди ва унга тегажоғлик қила бошлади. Аёл ҳар қанча уринмасин, қутула олмади. Эри эса бўкириб, аскарларни лаънатлай бошлади. Ҳаркер энди вазиятга аралашмоқчи бўлганида дўкондор уни ушлаб қолиб, тинчланишга чақирди. Ахийри, аёл бошини ортга қаттиқ силтаб, аскарга қаршилик кўрсатди. Аскар уни ўзига қаратиб, юзига шапалоқ туширди. Аёл ерга йиқилди ва кўйлагининг этаги юқорига кўтарилиб, силлиқ қора сонлари кўриниб қолди. Аскар бурнини ишқаганча, шимининг тугмасини еча бошлади.

Ҳаркер ўзи билмаган ҳолда мезбоннинг қўлини силтаб, югуриб дўкондан чиқиб кетди. Ҳамма унга тикилиб қолди. Фақат тажовузкор ниятини амалга ошириш пайида бўлганидан уни пайқамасди. Ҳаркер у энди эгилаётганда етиб келиб, ўзини бор кучи билан аскарга урди. Тажовузкор тўрт ярд нарига думалаб кетди. Ранги униққан мундири ва юз-қўли чанг бўлди. Аскарлар бундай ҳолатни, ўз сафдошларига кимдир нату аёлининг ёнини олиб ҳамла қилишини кутишмаганидан лол қолишди. Ҳаркер эса аёлнинг қўлидан тутиб, ўрнидан турғазди-да, тезроқ кетишига даъват этди. Аммо аёл унга миннатдорлик билдиришни ҳам, жонини қутқаришни ҳам ўйламасди. Эри томон жавдирарди. Шунда икки ёш нату йигит югуриб келиб, аёлни судрагудек бўлиб тортиб кетишди. Йиқилган аскар ўрнидан турасола тўппончасига ёпишди, аммо ғилофидан чиқаришга улгурмай, Ҳаркер чаққонлик билан тўппончасини чиқариб, унга ўқтади.

– Тек тур!

Аскар ҳаракатдан тўхтаб, атрофдаги шерик­ларига нажот истаб қаради. Энг яқинда турган хивчинли аскар бир қадам босиши билан Ҳаркер унга қурол ўқтади. Ҳаркер бирма-бир кўз югуртириб чиққач, у ҳам, бошқалар ҳам қурол олишга ошиқишмади. Аламзада аскар эса бундан фойдаланиб, тўппончасини чиқаришга уринди. Ҳаркер дарҳол унинг оёғи остига ўқ узди. Натижада узоқроқдаги бир аскар Ҳаркернинг ўнг елкасига ўқ узди. Ўқ зарбидан ортга сал силтанганида иккинчи ўқ чап оёғида кучли ачишиш пайдо қилди. Ҳаркер буткул мувозанатни йўқотганида қўлига хивчин урилиб, тўппончаси учиб кетди. Аламзада ҳам отмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтиб олдинга югурганча энгашиб, Ҳаркернинг қорин соҳасига урилганча уни ортга қулатди ва юзига мушт тушира бошлади. Ҳаркер чап қўли билан ёрилган қошию тирқираб қон оқаётган бурнини тўсишга уринаркан, қанчалар оғримасин ўнг қўли билан қум олиб рақибининг юзига сепишга ўзида куч топа олди. Рақиби ҳеч нарсани кўрмай қолганида чап қўли билан уни ағдариб, оёққа турди. Шу заҳоти қивчин юзига урилиб, карахт ҳолга келди ва чаккасига қаттиқ нимадир урилиб, ерга йиқилганча ҳушидан кетди.

* * *

Чарльз кеч ётганига қарамай, эрта уйғониб, истеҳком раҳбари қошига йўл олди. Сир сақлашни илтимос қилган ҳолда янги бир ҳамкасбига муҳим иш юзасидан вақтинчалик кафиллик ҳужжатини муҳрлаб беришини сўради. Айни дамда ижтимоий ҳолатни назорат қилиш агенти сифатида оролда юриш оқилона иш эмаслигини тушунган комендант ортиқча суриштирмай, Эдвард Томсон номига «С» оролида эркин юриш учун бир ойлик ҳужжатни тайёрлаб берди. Агент унга миннатдорлик билдириб, дўкондорнинг уйига шошаркан, майдонда Ҳаркер нату аёлига қандай ёрдам берганини узоқдан кўрибоқ юраги увишиб кетди. Югураркан, Ҳаркерга икки бор ўқ узилганида беихтиёр қотиб қолди. Камига бир аскар уни йиқитиб, ура бошлади. Чарльз ҳукумат хуфиясига кўрсатилган муносабатдан, айниқса, икки бор ўқ узишганидан карахт ҳолда секин юра бошлади. Ҳаркер рақиби остидан чиқиб олганида юрагида умид учқуни чақнади. Афтидан, ўйлаганидек хуфия ўлим ёқасида эмас. Юзига тушган хивчин юрагини ачиштирган бўлса, бошқа бир аскар бошига милтиқ қўндоғи билан урганида «оҳ» тортиб юборди. Ниҳоят, уч киши тепалашни бошлаганида етиб бориб, бир уринишда учала аскарни суриб юборди. Ҳатто бири йиқилиб тушди. Аскарлар уни ҳам урмоқчи бўлишди-ю, яхши танишганидан бироз жимиб қолишди. То ғазаблари қайнаб, баҳонада Чарльзни ҳам ўлдиришга чоғлангунларича агент ҳозиргина олган ҳужжатни очиб кўрсатди.

– Бу одам комендант ҳимоясида. Агар ўлиб қолса, ҳамманг осиласан!

– Нима?! – ўшқирди аскарлардан бири. – У ма­йор Брестнинг аскарига қўл кўтарди. Унинг жазоси ўлим.

– Менга ишонавер, унга келганда, ҳатто майор Брест ҳам истисно қилади.

Майор Брест ўзига ёқмайдиган иш қилган одамни кечириб, одатига хилоф иш тутиши ҳар доим ҳам бўладиган ҳол эмас. Шу сабаб аскарлар нима қиларларини билмай қолишди, қолаверса, комендант муҳри ҳам яққол кўриниб турарди. Аммо Ҳаркердан калтак еган аскар бўкирганча шериклари эътиборини тортди:

– Унга ишонманглар! Бу, – дея аввал Ҳаркерга, сўнг Чарльзга ишора қилди, – унинг шериги. Кечагина келди.

Юзи чанг бўлишига қарамай, Чарльз уни таниди. У кеча ширакайф ҳолда Ҳаркерни биринчи бўлиб қарши олган, имкон қадар жиғига тегишга уринганди. Аскарларнинг кайфияти ўзгарди. Чарльзнинг ёлғон билан ўзларини ёш боладек алдаётгани нафратларини қўзғатиб юборди. Аммо Чарльз ўзини йўқотиб қўймади.

– Хоҳласанглар, комендант ҳузурига боринглар! Унинг ўзи тушунтириб беради.

– Яхши, – деди хивчинли аскар, – сен айтгандек, комендант ҳузурига борамиз. Агар алдаган бўлсанг, ўзинг ҳам ўлимдан қочиб қутула олмайсан.

Чарльзнинг ишораси билан яқин ерда воқеалар ривожини жим кузатиб турган дўкондор етиб келди. Ҳаркер индамай ётар, юзини чанг аралаш қора қон қоплаган, ёрилган ерларидан, ўқ теккан жароҳатларидан, ҳатто хивчин теккан кафти ҳам чуқур кесилиб, бир парча гўшти суягидан ажраб қолганди. Биринчи навбатда, ўқ теккан ерларни тоза мато билан танғиб боғлашди. Тезда замбилғалтак олиб келишди. Чарльз ва дўкондорга икки ҳарбий бўлмаган оқ танли кўнгилли беморни кўтаришга ёрдамлашишди. Аскарларга қанчалар ёқмасин, Чарльз қайсарлик билан дастлаб истеҳком шифохонасига боришини айтиб туриб олди. Комендантга одам юбориладиган бўлди. Жарроҳлик хонасига киришгач, шифокор одам кўплигидан норози бўлди. Фақат Чарльз ва бир аскар қолди. Шифокор ассистенти билан ишни дастлаб энг оғир жароҳат олган елкадан бошлади. Ўқни топиб, жароҳатни микроб тушмаслиги учун яхшилаб тозалаб, тикишни бошлаганида хонага комендант кириб келди. Қовоғи уюлиб турганидан ҳеч ким оғиз очолмади. Столга яқин келиб, шифокорнинг ишини озроқ кузатди-да, Чарльзга юзланди.

– Бу ўша Эдвард Томсонми?

Жавобга ҳожат йўқ эди. Чарльзнинг норози қиё­фаси етарли бўлди. Аскар вазият қўлдан чиқаётганидан шошилганча изоҳ берди:

– У аскарга қўл кўтарди, жаноб комендант.

– Эшитдим, – ўшқирганча аскарга яқинлашди раҳбар. – Шунча одам қаршисида қора танли аёлни зўрлашга нима ҳаққинг бор? Умуман олганда, томошани кимдан сўраб уюштирдинглар?

– Ўринбосарингиз рухсат берганди, – шашти пасайиб жавоб берди аскар.

– Буни ҳали текшираман. Ҳозир нотинч вазият. Кечагина барчангизга ортиқча ҳаракат қилмасликни тушунтиргандим. Бу нимаси, ичкиликвозлик, ўз жойини ташлаб кетиш. Натуада генерал Пикфорд ўлди, барча истеҳком раҳбарлари эмас. Вазифага мана шундай парда ортидан қараган ҳолда натуларни таҳқирлаш қайси аҳмоқдан чиқди? Агар бозорда қора танлилар ғалаён кўтаришганда, ўнта одам бўлиб уни бостира олармидинг­лар? Одамларимизнинг учдан бирини «Д» оролига юборган пайтимизда-я? Бу қандай масъулиятсизлик, аскар? Ҳозир бизга ҳеч қандай ортиқча муаммо керак эмас.

– Мен ҳам масаланинг шу томонини сизга эслатмоқчиман, комендант, – деди аскар. – У бизга қарши чиқиб, сал қолса, қораялоқлар ғалаёнини бош­лаб юбора ёзди.

– Бу ерда қарорни мен қабул қиламан, – яна ўшқирди комендант.

– Худди шундей, сэр. Мен фақатгина йигитларимиз номидан адолатни қарор топтиришингизни истайман, холос.

Уч кун олдин, албатта, бирор аскар комендантга бундай сурбетлик қила олмасди. Афсуски, Пикфорднинг ўлими қора танлилардан кўра оқ танли аскарларнинг итаот этмай қўйишини кучайтириб юборди.

– Аҳволи қалай? – оёқдаги жароҳатни тикишни бошлаган шифокордан сўради раҳбар.

– Ўқ оёқ этини тешиб ўтибди. Қолган кичик жароҳатларини тозалаб, тикиб қўйсам бўлгани. Энг муҳими, яшайди.

Комендант Чарльзга юзланди.

– У барибир жазоланади. Бу ерда майор Брестнинг қонунлари усутунлигини яхши биласиз. Майор эса натланд аскарига, айниқса, ўз аскарига – ким бўлишидан қатъи назар – шикаст етказса, асло кечира олмайди.

Аскарнинг кўзлари порлаб, руҳи кўтарилиб кетди. Аммо Чарльзнинг жавоби ўша шодликни тезда сўндирди.

– Агар майор Брест бу одам ҳақида мен билганларнинг ақалли ярмисини билса борми, уни шу кўйга солган шоввозларингизни, шахсан ўзи, товуқ отгандек отиб ташлайди.

– Демак, менга тўлиқ маълумотларсиз гапиргансиз, – кўзини ярим қисиб, синчков тикилди комендант. – Доктор, илтимос, ёрдамчингиз билан чиқиб туринг! – кейин аскарга қаради. – Сен ҳам, – учовлон қизиқиш устун келиб чиқишни пайсалга солишаркан, ўшқириб берди. – Кимга айтяпман? Тез бўлинглар!

Аввал, аскар, кейин Ҳаркернинг оёғини тоза дока билан боғлаб қўйган шифкор ассистентини эргаштириб, чиқиб кетишди.

– Аскарлар сизни танишади, – деди истеҳком раҳбари. – Кафиллик ҳужжати янги ҳамкасбингизга ўз ўрнини топгунича бирор аскар отиб қўймаслиги учун керак, деб ўйлагандим. Хўш, бу одам кимлигини айтарсиз, энди?

– Ҳақиқий исмини билмайман, аммо Эдвард Томсон эмаслиги аниқ. Уни ҳукуматнинг юқори лавозим эгалари бир нозик масала юзасидан юборишган.

– Демак, сизларнинг гувоҳномангиз унга ёрдам беради, деб ўйлашган.

– Ҳа. У йўлга чиққанида генерал ҳали тирик бўлганини фаҳмлагандирсиз?

Комендант тасдиқлаб бош ирғади.

– Топшириғи нимадан иборат?

– Ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман. Бундай ишларни ўзингиз тушунасиз. Дуч келган одамга айтилса, вазифанинг махфийлик мақоми қолмайди. Мен фақат зурурий буюмларни тайёрлаб бериш кўрсатмасини олганман, холос.

– У ҳолда биргина йўли қолмоқда: мавжуд вазиятда бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас, уни ма­йор Брестнинг ҳузурига йўллаймиз. Майор бундай одамларни ўзи сўроқ қилишни хоҳлайди, айниқса, мана бундай талатўп вақтда.

– Бу нима деганингиз? Унинг кечиктириб бўлмайдиган ишлари бисёр. Ҳали уйғонгач, бу ҳолида қандай қилиб ишида давом этади, ҳайронман.

– Модомики ҳукумат айғоқчиси «С» оролида махфий топшириқни ўтаётган экан, бу тўғридан-тўғри майор Брестга тааллуқли иш бўлиб чиқади. Албатта, уни шу ерда қолдириб, чопар орқали майорга хабар юборишимиз мумкин, бироқ аминманки, майор у ҳақда тинглаши билан ўзини ҳам кўргиси келиб қолади. Эътирозга ўрин йўқ! Барибир шаҳарчадан чиқиши билан аскарлар отиб ташлаши мумкин ёки шу туннинг ўзидаёқ хонасига кириб, бўғзига пичоқ тортиб юборишади. Майорга аталган одам эканлиги аскарларнинг ҳам ҳовурини босади, акс ҳолда, жазога тортмаганим учун менга нисбатан норозиликлари кучайиб кетиши мумкин. Ахир кечадан буён ҳеч ким уларнинг мушугини пишт, дея олмаяпти.

Комендант хонадан чиқиб, йўлакдаги шифокорга ишида давом этиши мумкинлигини айтди. Ташқарида уни аскарлар кутиб туришарди. Ёнларидан ўтаркан, қовоғини уйганча шундай деди:

– Ўзинг асра, деб Тангрига илтижо қилларинг! Ишқилиб, майор Брест қилмишларингдан хабар топмасин.

Вазият қандай якун топиши ҳали номаълум бўлса-да, комендант шу тариқа итоатсизлик билан раҳбарини беҳурмат қилаётган аскарларни ёмон аҳволга солиб қўйди: муштумзўрларнинг ранги қув оқариб, бирор нарса деёлмай қолишди. Комендант эса мийиғида кулганича ўтиб кетди. Ана энди ҳеч бўлмаганда бир ҳафта жим юриб, бошоғриқ келтириб чиқаришмайди.

Доктор ёрдамчиси билан хонага қайтиб киргач, Ҳаркернинг юзини иссиқ сув билан тозалашди. Қамчининг асосий зарби пешонага теккани боис, юзнинг чуқур кесилган ери йўқ эди, бироқ юзнинг ўзига жами ўн икки дона чок туширишга тўғри келди. Охирида ўнг қўли кафтидаги ажраб қолаёзган гўшт парчасини жойига тикиб, у ерни ҳам дока билан ўраб қўйишди. Чаккасидаги шишга муздек нарса босишди.

Бир соат ҳам ўтмай беҳуш Ҳаркерни тўрт киши замбилғалтакда кўтариб, соҳилдаги катерлардан бирига кўчиришди. Икки аскар уни майор ёнига олиб бориш учун масъул этиб белгиланди. Катер йўлга чиқиб, «Д» ороли Шимолидаги бир истеҳком портида тўхтади. Ўша ерда беморни ўйдим-чуқур нотекис йўлларда юришга мўлжалланган тўрт отли аравага жойлашди. Ҳаркернинг ҳарорати баланд бўлганидан истеҳкомни тарк этмасларидан шу ерлик шифокор кўрикдан ўтказиб, дори беришига тўғри келди. Ҳатто озгина товуқ шўрва ҳам топилди. Йўлга тушганларида шом бўлганди. Тунда бир қишлоқда атиги қирқ дақиқага тўхташди. Ҳаркер бир бор кўзини очди, аммо қаерда эканлигию атрофида нималар бўлаётганини сезмасди. Кимдир саволлар берди, Ҳаркер уларни англамади ва ўзи ҳам алланималарни гапирди. Агар ҳуши ўзида бўлганида соат тунги учда, ёнидаги қора танли табибга нату аёлига ёрдам бериш учун иккита ўқ еганини сўзлаб бергани, табибнинг унга дамлама ичирганини билган бўларди. Бу алаҳлаш узоқ давом этмай, Ҳаркер узоқ уйқуга кетди. Тушида ота-онаси, рафиқаси ҳамда дўстларини кўрди.

XXII боб
Танланган

Майор Брест бош қароргоҳни ололмагач, режани ўзгартириб, «Д» оролини шарқий томонидан босиб ола бошлади. У тезроқ ҳокимиятни қўлга киритиб, Пикфорднинг хазина излаш ишларини ниҳоялаб қўйишни истарди. Бироқ ўз вақтида етиб келган подполковник Жексон Эрни Робертс­нинг ёрдамида оролнинг бешдан икки қисмини, асосан, ғарбий томонини сақлаб қололди. Ўртада ўзига хос назорат чизиқли чегара ўрнатилди. Аскарлар ўша чизиқ бўйлаб кенг майдонга тарқатилди. Соқчилик постидагил

...