автордың кітабын онлайн тегін оқу Mavlono
Окай Тирякиўғли
Мавлоно
I БОБ
ҲАР АЙРИЛИҚ – БИР МУЖДА
I
Яхши ёмон неки келса, рози бўл,
Қазога бўйнинг эг, эътироз этма...Юсуф Хос Ҳожиб («Қутадғу билиг»)
Қаҳратон қўйнида яланғоч қолдим,
Вужудимни ювди кўзим ёшлари.
Аламдан умидга томон йўл олдим,
Бир зирҳга ўраниб, шу замон сари.Акиф Инон («Умид ғазали»)
Балх – Хуросон – 30 муҳаррам 609 – 2 июль, 1212
Қуёш титроқ нурлари билан ғарб томон силжишда давом этаркан, андуҳга йўғрилган бир умид туғилишидан мужда берарди, одатда. Энг камида ўзи сингари бир ёғдунинг, Шарқдан Ғарбга томон борлиқни ёритажак бир хуршиднинг келишидан дарак
берарди.
– Кетамизми, хожам? Ростдан ҳам кетамизми?
– Ҳа, бу сафар чиндан ҳам кетамиз, Шарафиддин Лоло [1].
Теран чизгилар ила бўлинган танасида ҳаракатланаётган оқшом қуёшининг қизил доғлари инсонга қандайдир маҳзунлик берарди. Вақтидан аввал оқ туша бошлаган соқоллари давомий титраб, бошини хам қилди. Қайта сўроғида овози бўғилди:
– Қолганлар-чи, хожам?
Мовийкўз, кулча юзли, рангпар мударрис, Султонул уламо қумрол, қисқа соқолини тутамлаб:
– Қолганларга дуодан бўлак ёрдам беролмаймиз, азизим, – деди. Эгилган бўйнини, доим мажруҳ қалблар томон эгишга одатланган Хуросон эранларига хос бир шафқат бор эди унинг титроқ овозида.
Жимжитлик...
Бир кунлик масофадаги Амударё тарафдан келаётган қуруқ ва иссиқ ҳаво ҳамроҳлик қиларди бу сукунатга. Ёқутранг оқшом осмонни сарғиш тусда иҳоталашга уринаётган, ёз бўйи шаҳарни тарк этмай келаётган чанг булути қайта кўтарилган эди.
– Кайфиятингиз йўқ, хожам, – пичирлади Шарафиддин кўп ўтмай. – Қарашларида ҳаддимдан ошмадиммикин, деган андиша сезиларди. Кейин жим қолди. Бир қўли билан жағидаги оқарган соқолини сийпалади.
– Дўстим Шарафиддин, сен бизни биласан, дунё ишлари учун ғам чекканимни кўрдингми? Ҳаммаси Ўзига аёндир. Бу муътазилийлар тўфонининг ўртасида давлат кучи билан фикрларимиздан чалғитмоқчи бўлиб туришганда, бу тупроқларда ортиқ қололмаймиз.
Шарафиддин Балхнинг қирмизи ғуруби сингари ҳассос безовталик ҳис этди ҳожасининг овозида. У хиёл мастона, дарё тошларидек сўлғин кўзларини олиб қочаркан:
– Маъзур тутинг, хожам, сизни ранжитмоқчи эмасдим, – деб минғирлади.
Мударрис кулумсираб, шогирдининг елкасини қоқиб қўйди:
– Ғам ема, Ҳофиз Лоло, табдили маконда фароғат бордир. Биз бу ердаги ишимизни битирдик. Насиб этса, ҳаж қилиш, кейин Диёри Рум тарафларга кўчиб, устозларимиздан олган илмимизни толибларга етказиш истагидамиз. Аммо бир омонатимиз борки, унинг юки елкаларимизни яхшигина эзиб келади. Шу сабабли кўчишимиз вожибдир.
Шарафиддин бироз ўнғайсизланди, аммо устозининг хайрихоҳлигидан журъатланди.
– Хожам, сизким, Балхнинг буюк уламоларидан бўлган Баҳоуддин Валад ҳазратларисиз. Нажмиддин Кубронинг халифаси, бобонгиз Аҳмад Хотибий сингари донғи дунёга кетган бир олимнинг номдор талабасисиз, аммо сизнинг қадрингизни...
– Етар, – дея қошларини чимирди Хожа Баҳоуддин. Ҳали ёш бўлса-да, умри турли қийинчиликлар билан курашиб ўтгани унинг нурли ажинлар босган юзида яққол акс этарди. – Инсон аждоди билан эмас, тақвоси билан қадрлидир. Шарафиддин, унутмаки, биз ишорат олмасдан ўзимизча бир иш қилмаймиз. Роббимизга инсонларни ортиқча безовта қилганимиз учун бу диёрдаги ризқимиз кесилишини сўраб дуо қилгандик. Шукурки, дуомиз Пайғамбар (с.а.в.) ва пирларимиз ҳурматидан қабул бўлди.
– Хожам, афу этинг, аммо Султон Муҳаммад Текеш Хоразмшоҳга биз ҳақимизда бу бўҳтонларни етказганлар ким экани маълум. Айнан шунинг учун ҳам Султон Балх шаҳрининг калитини сизга инониб топширган эди. Бу орқали сизга нисбатан буюк ҳурматини кўрсатган эди.
«Баҳоуддин Валад бир неча номдор уламонинг рақиби, талабаларини ҳам уларга қарши қайрайди, устига-устак Балх халқини ўз томонига оғдириб, салтанатга эга чиқмоқчи», – дейишади. Шу сабабли Султон Хоразмшоҳ бизга нисбатан эътимодини йўқотган, шаҳарнинг олтин калитини юбориб: «Шайхимиз агар қабул қилсалар, мана Балхнинг калити, подшоҳлик ҳам, ўлкалар ҳам, аскарлар ҳам уники бўлсин, фақат бизга ҳам изн берсин, кетайлик, зотан, бир ўлкада икки султон бўлиши имконсиздир», – дебди. Бунинг маъноси «Ё сен, ё мен» дегани, Шарафиддин. Иш сен ўйлаганчалик оддий эмас. Султон ниятимизга шубҳа билан қарамоқда. «Муътазилийлар тоифаси қўлида ўйинчоққа айланган Юнон фалсафаси, ҳою ҳавас маҳсулидир. Ҳолбуки, мўминлар ишонган ҳикмат, қабул қилган фикрлар муътазила фирқаси талқинида султонимизга ҳам таъсир қилган кўринади. Демакки, ўз мамлакатимизда қолишимиз уларга малол келаётир. Мадрасаларимизга давлатдан оладиганимиз арзимас чақалар тўхтатилгани етмагандек, қора қозонимизни қайнатиб турган аҳли сунна саховатпешаларига ҳам монелик қилинмоқда. Биз бу ҳақда султонга арз қилганимиз билан нима ўзгарарди? Фақат адоват ортади, биз қадам қўйган ботқоқлик бизни янада чуқурроқ комига тортади. Хожаларимиз берган тарбияга кўра, бизга шикоят эмас, ирода ярашади. Кўнгиллар соҳиби Унинг ўзидир. У нени истаса, биз шуни қабул қиламиз. Шу боис ўша тарзда жавоб беришни маъқул топдик».
Мактубни шахсан оққа кўчирган Шарафиддин хотирасида беихтиёр ўша жумлалар қайта жаранг сочди: «Балх султонига саломлар бўлсин! Бу дунёнинг фоний ўлкалари, тахтлари, хазиналари подшоҳларга ярашади, биз сингари дарвишларга эмас... Бундан сўнг Хуросон элларида қолмоғимиз дуруст эмас. Биз бошимиз оққан томонга кетайлик, султон ҳам файласуф дўстлари ва муътазилий уламолари билан қолсинлар...»
Шарафиддин мажҳул қиёфада бошини икки томонга қаратди:
– Ҳали бу ишларидан пушаймон бўладилар, хожам!
– Азизим, буниси бизнинг ишимиз эмас. Тақдирда борини кўраверамиз. Жигарбандларим Алоуддин Муҳаммад ва Муҳаммад Жалолиддин Худовандигорнинг бу садоқатли шариат ва бузуқ фикрлар орасида униб ўсишларин истамайман. Етти пушт боболари сингари улар ҳам шу ерда туғилдилар. Аммо бу шароитлар учун биз айбдор эмасмиз. Алоуддин ўн ёшда. Жалолиддин Худовандигор эса еттига кирди. Аллоҳ таоло ўзи ёмон кўзлардан асрасин. Иккови ҳам фавқулодда заковати ва фаросатлари ила кўп нарсаларни тушуниб қолишган.
Уфқнинг қора пардаси кўтарилиб, шарқ томон ёришиб келарди. Қаршиларидаги улкан мадрасанинг нақши нигорлари ҳам кўзга ташлана бошлади. Тошдан тикланган деворларига урилиб, увуллаётган шошқин шамол кенг ҳовлини сарсари кезиб, бўш ҳужраларни оралади. Баҳоуддин Валад ва таласи юзларидаги саросимали ифодалар билан саҳрони кузатишда давом этишарди.
II
Балх саройи. Ўша кун.
– Энг ёмони нима, биласанми, Осим? – сўради султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ишонган вазирларидан бири Осим ал-Куфийга қараб.
– Недур, султоним? – намли кўзларини қисиб, бош эгди вазир.
– Баҳоуддин Валаднинг кетишини мендан кўришади.
Султон Боботоғнинг ям-яшил этакларига орқа ўгирган юксак саройнинг ғарбий бурчагида ботаётган қуёшга қараб қолганди. Шаҳарнинг қизғиш туман ичида сузаётган ноксимон қуббалари ва минораларига бир қур кўз ташлаб олган султон олмос қадалган қалин салласини орқароққа суриб, бошини қаширкан, пушаймонлик тўла қонталаб кўзларини яна вазирига қаратди:
– Менга қара, Осим, – деди тобора қуюқлаша бошлаган сокинликни бузиб. – Нима қилсанг қил, мударрисни қароридан қайтар. Агар қоладиган бўлса, унга янги мадраса қуриб берамиз, истаганича олтин-кумуш берамиз, нима истаса, ўшани қилади. Уни ранжитганимиз, нотўғри хаёлларга борганимиз учун менинг номимдан бориб, узр сўра.
Вазир нохуш оҳангда сўз олди:
– Султоним, улар кўнгил одамидир, дунё моли билан уларни оғдириб бўлмас, деб қўрқаман. У қаттиқ ранжиган кўринади, бундай ваъдалар билан аҳдидан қайтариш осон бўлмас. Шаҳар калитларини юбормаганингизда яхши бўларди, аълоҳазрат. Бундан у қаттиқ ранжиган кўринади.
Ёноқларини сийпаларкан, ўттиз аршинга етадиган миноралар оша узоқларга тикилди султон. Беихтиёр олисларда кўзга ташланаётган, ёзнинг жазирамасидан омон қолган яшил ўтлоқларга тикилди.
Бу шаҳарни қадимдан «шаҳарлар онаси» деб эъзозлашар, у кўҳна тарих давомида мозийнинг энг шонли дамларига шоҳид бўлганди. Бир пайтлар бу заминда зардуштийлик оташгоҳлари яшнаб турган, кейин Ислом ила шарафланган, аммо унинг энг гуллаб яшнаган даври буюк Салжуқийлар даврига тўғри келарди.
Алп Арслон билан Маликшоҳ замонларининг қудратли бош вазири, хусусан, давлатнинг асосчиларидан бўлган Низомулмулк бу тараққиётнинг асосий меъмори сифатида қабул қилинган эди. Унинг ташаббуси билан Дамованд чўққисининг тошлари билан зийнатланган обидаларнинг жаҳонда тенги йўқ эди. Қуёш нурлари остида кун бўйи жилоланадиган бу сирли тошлар сиртида кечалари юлдузлар акс этарди. Хонақоҳлар, карвонсаройлар, меҳмонхоналарнинг пўлат қопламали ёнғоқ ёғочидан ишланган эшиклари кечаю кундуз меҳмонларга очиқ эди. Оқ мармар тўшамали топ-тоза кўчаларнинг икки тарафида тизилган савдо расталари довруғи Ҳинддан Чингача, Ямандан Румгача ёйилганди.
Етти иқлимга машҳур бозорлари, сон-саноқсиз ранг-баранг мева-сабзавотлар, мушки анбарлар ҳиди анқиб турган матоларнинг, қарияларни ҳам ёш йигитга айлантира оладиган турли малҳаму иксирларнинг, душманнинг қиличини синдирадиган даражадаги қудратли зирҳ ва қалқонларнинг, совуқ Сибирнинг қорли соҳилларидан тутилиб, муз ичида олиб келинган балиқларнинг, турли туман асбоб-ускуналарнинг барини шу ердан топиш мумкин эди.
Машҳур Қушчилар бозоридаги қушларнинг бир қисм ранглари шу қадар ёрқин ва ранг-баранг эдики, қараган одамнинг ҳуши бошдан учарди. Ҳатто бу диёрнинг тўтиқушларини кўрганлар ҳайратдан оғизлари очилар, чунки бу антиқа жониворлар инсон каломига тақлид қилиш баробарида турли ҳикматлар ва байтларни ҳам ёддан ўқиб беришарди. Албатта, бу ўлкаларга келган сайёҳлар кўрган кечирганларини ўз юртларига бориб, ошириб-тошириб сўзлаб беришар, шу тариқа шаҳарнинг таърифи тилдан тилга ёйиларди.
Балх буюк Салжуқлардан кейин тикланган Хоразмшоҳлар даврида ўзининг буюклиги ва салобатини йўқотмаган, бу даврда етишиб чиққан буюк олиму уламолар билан дунёни забт этмоқда эди. Аммо сўнгги йилларда Чингизхон бошчилигидаги мўғулларнинг чегаралардаги тажовузкор ҳаракатлари халқнинг тинчини ўғирлаганди.
«Дунёда жангнинг буюк завқи недир, биласанми? Душманни эзиш, олдингизга солиб қувиш, уларнинг мол-мулкини талаб, яқинларининг оҳу нолаларини эшитишдир», – дея иниси Жамукани тинчитиб, ўзига «дунёнинг ҳоқони» деган дабдабали унвонни қўйиб олган Чингизхон, бир пайтлар уч тўнғиз баҳосига қул қилиб сотилган Темучин ва унинг қўшинлари амалга ошираётган ваҳшатлар тилдан тилга ўтиб, Хоразмшоҳлар давлатига ҳам етиб келганди. Устига устак, Баҳоуддин Валад ҳазратларининг шаҳардан чиқиб кетиши халқни янада саросимага солганди.
Кейин-чи?
Кейин нима бўлиши ҳозирча маълум эмасди.
Чўкаётган ёз кечасининг латиф, лаззатбахш, хушбўй, маст қилувчи ҳавосидан симираркан, Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ кўзларини ҳорғин юмди. Ҳудудсиз осмоннинг ва муайян қонунлар асосида сузиб юрган сайёраларнинг яширин сасини эшитгандек бўлди. Шамол ва ҳарорат ер курраси ўзидан ғалати бир шовқин чиқарарди гўё. Ҳукмдор оғир хўрсинди. Боши айланаётганини ҳис этди.
Кўп ўтмай, қисилган кўзларини таҳлика билан буриб, ҳайқирди:
– Бордию, унинг кетишига монелик қилолмас эканмиз, Баҳоуддин Валад ёпирилиб келаётган мўғуллардан жонини қутқазиш учун яқинлари, қавми, халқини ташлаб, қочиб кетди, деган гапларни тарқатамиз.
Вазир Осим ал-Куфий норозилик билан бош чайқади:
– Султоним, Аллоҳнинг содиқ қуллари ҳақида бундай ғийбатларни тарқатиш сизнинг шаънингизга ярашмайди. Бу иш Аллоҳнинг ҳам ғазабини келтиради, шаҳаншоҳ!
Султон вазирининг гапларини эшитмасди гўё. У ўзига ўзи гапираётгандек давом этди:
– Албатта, жон ширин ҳаммага! Шундай қилсак, ҳазрат ё истар-истамас қолишга мажбур бўлади, ё...
– Султоним, агар мендан сўрасангиз, бундай қилмаганимиз маъқул. Баҳоуддин Валад ҳазратларини шахсан зиёрат қилиб, одамларнинг гап-сўзларига ишонганимиз учун узр сўрамоғимиз афзалдир. «Аввалгидек ота-бола бўлиб қолайлик», дегандек яхши гаплар билан унинг фикрини ўзгартириш мумкиндир. Муборак зотнинг кўнглини олиш даркор.
Осимнинг сўлғин юзига, мутелик ва илтижо чақнаб турган кўзларига боқаркан, султон ҳам сўзида давом этди:
– Биз энди ортга қайтсак, ўз эътиборимизни оёқости қилган бўламиз. Аксинча, файласуфлар тоифасини «олди-орқаси ўша ишлар билан шуғулланадиган васвослар» деган гапи учун тавба қилдириш керак. Шунда орадаги тушунмовчилик, саросима йўқолади. Албатта, бу гапларим сенга ёқмайди, Осим. Тўғри, ҳазратнинг кетиши кундан-кун кескинлашаётган вазиятда Балх ўзининг маънавий раҳбаридан жудо бўлишини англатади. Бунинг олдини олиш учун қўлимиздан келганини қиламиз...
10 сафар, 609 – 25 июль, 1212
– Кетмоқда, султоним, кетмоқда! – дея тахт хонасининг нариги бурчагида дам олаётган султоннинг қаршисида одоб билан бўйин эгди Осим ал-Куфий. У худди бўшлиққа тикилгандек, маъносиз такрорлади. – Кетмоқда...
Хушбўй қандилларнинг каҳрабо ёлқинлари титраб кетгандек бўлди унинг овозидан. У айни онда болалигидан бери юкуниб келган пири муршиди Баҳоуддин Валаднинг кетишида султонни айблаётгани вазирнинг овозида ҳам намоён эди.
Атлас ва ипакларга бурканган тик қоматини ростларкан, султон Муҳаммад Хоразмшоҳ қўлидаги чилимнинг чубуғини ўйчан тишлади. Шундай бўлишини билганди. Кейинги пайтларда шаҳарнинг таниқли олимлари, фақиҳ ва мутасаввифлари имкон қадар Ҳазратнинг кетишига монелик қилишни ундан такрор-такрор сўрашарди. Айни онда султон юрагининг бир четини чорасизлик ва изтироб кемираётганини пайқади. Кимсан Алоуддин Текешнинг ўғли, Ҳирот ва Балх фотиҳи, Тохаристон, Сеистон ва шаҳарлар султони Самарқанднинг танҳо ҳокими, Тошкент, Фарғона, Марв ва Балужистонни қайта тиклаган Муҳаммад Текеш эди. Ўнлаб музаффар қалъаларни тиз чўктира олган саркарда биргина кўнгиллар султонининг қалбини фатҳ эта олмади.
Сиртини парқу ёстиқлаб тиркалган ипак гиламларга суяб, чубуқ тортаркан, «нималар деяпсан?» дея таҳдидли ўшқирди.
Осимнинг бир кўзи Султон ўтирган бахмал қопламали, садаф қадамали курсига қадалганди. Курсининг суянчиғида жавоҳирлар билан зийнатланган қилич осиғлиқ турарди. Султон бир ҳамлада унинг ишини битириши мумкин.
Аммо шу билан муаммо ҳал бўладими? Ҳазратни ушлаб қолиш мумкинми?
Султон қўлларини қовуштириб, бош ирғади:
– Биз ҳақимиздаги турли миш-мишлар ўзимизни ҳам ташвишга солмоқда, – деди ўйчан оҳангда. – Мен ҳам бир ўлканинг раҳбариман. Уч кунлик дунё учун бир кимсани бекорга ранжитишни истамаймиз. Биз ҳам устозлардан тавозени, марҳаматни, ёмонликка ҳам яхшилик билан жавоб қайтаришни ўргандик. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Охирида турли баҳсларга сабаб бўладиган гап-сўзларга жиддий қарашимиз керак, вазир жаноблари. Қолгани бир пул.
Лоҳурий салласининг четларидан оқиб чиққан тер томчиларини тирсаги билан артаркан, Осим: «Нимани амр қиладилар?» – деб сўради.
«Тушунганга ўхшайди, демак, ҳамма нарсани билади», ўйлади султон. Юрагининг туб-тубида қандайдир санчиқ уйғонганини сезди.
Осим эшитилар-эшитилмас пичирлади:
– Инкор қилмоқчи эдим. Бутун кучим билан бу йўлдан қайтармоқчи бўлдим, аммо «Султонимиз биздан рози бўлсинлар, биз розимиз, бу қарорни ўзимиз чиқармадик», – дея жавоб берди.
Султон бир зум хомуш қолди. Кейин нигоҳларини шифтдаги мармар тўсинга осиғлиқ, юзлаб шокилалари орасидан нур таратиб турган қандилга боқди. Бироз аввал ичини ҳузур ила тўлдирган майин нур энди уни бўға бошлаганди. Кейин саломхона бўйлаб бир қур сер солиб чиқди.
«Ҳаммаси тушунарли», ўйлади султон кифтидан сирғала бошлаган шоҳона чакмонини тўғриларкан, – «Ўзим гаплашаман, мавлоно билан!».
III
Эртаси куни оқшом қуёш ботганидан сўнг Балхнинг қоронғи ва чанг-тўзонли орқа кўчаларида икки кўланка олдинма-кейин одимлаб, Баҳоуддин Валад мадрасасининг нақшинкор ёғоч эшигидан ичкарилади. Эшик олдида уларни қизил фонус тутган шогирдлар кутиб олишди. Улар муҳтарам меҳмонларни сўзсиз қаршилаб, эҳтиром ила ичкари бошладилар.
Султонни ўз ҳужраси остонасида Баҳоуддин Валаднинг ўзи тавозе билан қарши олди. Ташқарида ёзнинг дим ҳавоси ҳукмрон бўлса-да, биргина шам ёритиб турган, ортиқча ҳашамдан холи ҳужрада аллақандай саринликни ҳис қилиш мумкин эди. Димоққа сандал, мушк ва заъфарон ҳиди уриларди. Ҳужранинг бир четида бир кишилик кўрпа-тўшак солинган, унинг қаршисида эски гилос ёғочидан ясалган уч оёқли миз турарди. Нариги бурчакда қорайган кичик сандиқ, остона ёнида сопол обдаста ва мис лаган қўйилган, девордаги рафларга китоблар дид билан жойланганди. Баҳоуддин ҳазратлари бир неча соатлик уйқудан сўнг бу ҳужрада вақтини одатда фақат ибодат ва мутолаа билан кечирарди. Унинг оила аъзолари мана шу ҳужранинг орқа эшиги орқали кириладиган ичкари ҳовлида умргузаронлик қиларди.
Ҳужрадаги бу соддалик ва хокисорликни кўрган султон «Бу одам қанақасига салтанатга даъво қилиши мумкин?» дея пушаймонлик ҳиссини туйди. Ўз мулки ҳудудидаги бу файзли ҳужрани нега аввалроқ зиёрат қилмаганидан ҳам хийла ўксинди. Бу қария эришган юксак даража олдида унинг салтанати нима бўпти?
Баҳоуддин Валаднинг муридлари сони кун сайин ошиб, манаман деган ҳукмдорлар ҳам унинг ҳузурига бош уриб келиши султонни чиндан ҳам анча қўрқитиб қўйганди. Нега турфа миш-мишларга лаққа тушди? Нега дунё ва унинг ҳою ҳавасидан қўл силтаган бу мўътабар зот ҳеч қачон унинг тожу тахтига кўз тика олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмади?
Султон Баҳоуддин Валаднинг табассум жилваланган юзига боқаркан, хийла журъатланиб, сўз бошлади. Қандай бўлмасин, ундан Балхда қолишни, шу кунларда фақат шогирдлари эмас, шаҳарнинг барча аҳолиси унга муҳтож эканини айтиб ўтинди.
– Оёғингизга бош уриб келдик, мавлоно, – деди султон. – Сиздан минг бор узр сўраймиз. Сиз... сиз олимларнинг султонисиз. Биз жоҳилларнинг сўзига инондик. Айбдормиз. Гиналарни унутинг, аввалгидек дўст ва аҳил бўлайлик. Халқни насиҳат билан овутинг. Бу фитнани агар сиз тўхтатмасангиз, қилган ишимизнинг касофати бизни қиёматга қадар тинч қўймас. Шундай қийин дамларда бизни ташлаб кетманг, мавлоно!
Ҳожа Баҳоуддин юзидаги табассумни йўқотмай, сўз қотди:
– Олло таоло ажалдан омон берса, тез фурсатда кетишни кўзлаяпмиз, султон! Бу ердаги ризқу насибамиз узилди. Мен вазирингизга ҳам айтдим, бу қарорга бир ўзим келганим йўқ!
Султон кўп ўтмай, афтодаҳол шайхнинг оёқларига тиз чўкиб, унинг қўлларини кўзига сурди. Аммо бу ҳам қарияга кор қилмади. У беозорлик билан қўлини султоннинг қўлларидан суғуриб оларкан, узрли овозда, қарори қатъий эканини такрорлади.
– Модомики, фикрингиздан қайтмас экансиз, – деди султон мағлуб қиёфада. – Сизга сўнгги ўтинчим бор!
– Буюрсинлар!
– Сиздан илтимос, кетишингиз шаҳарда овоза бўлмасин, имкон қадар ҳамма уйқуда бўлган пайти шаҳарни тарк этсангиз. Акс ҳолда, яна турли ғала-ғовур чиқиб, элнинг осойиши бузилмасин.
Баҳоуддин Валад тавозе билан «маъқул», деди, кейин бир муддат жимликдан сўнг илова қилди:
– Елкамиздаги омонат юки белимизни букмоқдадир, султон. Бу иш сизга ҳам, менга ҳам оғирлик қилади.
– Нимани маслаҳат берасиз?
– Сизга сўнгги тавсиямиз шуки, истилочи мўғуллар билан имкон қадар келишишга ҳаракат қилинг. Улар дунёдаги ҳеч бир қавм, ҳеч бир қабилага ўхшамайди. Улар музлаган ерда тўшаксиз ухлай оладиган, оч қолса, отининг баданини тилиб, бир қултум қони билан қувват оладиган ғаройиб яратиқдирлар. Саҳродан топилган жасадларни сиртлондек парчалаб, суякларини талқон қилиб чайнашади, умр бўйи бадан роҳатини истамаганлари учун уларга табиат ҳам зарар етказа олмайди. Турклар ғарбга кўчганлари учун майдон буларга қолди ва худди қафасдан чиққан бўридек ўзларини ҳар томон ташлаб, дуч келган жонзотни ғажимоқдалар. Бу кимсалар таслим бўлмоқдан ўлимни юз карра афзал биладилар. Ўзлари ишғол этган ерларда мислсиз ваҳшийликлар қиладилар. Бундай қудратли қўшин билан курашиш бениҳоят имконсиздир.
– Аввало, Аллоҳ, аммо бизнинг ҳам кучимиз етарли.
– Қудрат Жаноби Ҳаққа тегишлидир, азизим, уни Ўзи истаган кимсадан олиб, истаганига берар. Ҳар камолнинг бир заволи бор. Қодир Эгам, ўзидан бошқа бир кимсанинг камолини заволсиз қўймас. Зеро, қулнинг иши қуллуқдир. Бизнинг ишимиз балосига сабр, неъматига шукр қилиб, қазосига розилик беришдир. Вақти келиб, сирлар ошкор бўлади!
[1] Лоло (турк) – мураббий, устоз, оталиқ маъносида.
II БОБ
КЎЧИШ
I
Севгилим гуллар-ла безанмиш,
Чин севгининг кўзёшлари
Ерга бир томчи ҳам томмабди...Уильям Шекспир («Ҳамлет»)
Сафар ойининг 25-куни, 1212 йил, 25 август
Шарафиддин Лоло болаликдаги дўсти, сирдоши Ҳамза Котибийнинг чироқ мойи ва дорилар ҳиди анқиб турган тор ҳужрасига кирган чоғида, ҳар доимгидек дўстининг дилини хуфтон қилди.
– Ҳамза, тузукмисан? Мен видолашмоқ учун келдим.
Ҳамза тўшагидан оҳиста қўзғаларкан, бош ирғади:
– Биламан, дўстим, хуш келибсан!
Шарафиддин кулумсинди. У оғайнисининг эшиги остонасида қотиб тураркан, бир зум жим қолди.
– Мадрасанинг ва ортда қолган талабаларнинг сардори сенсан, ўзинг биласан. Умрбек дўстимиз ҳам сенга ёрдамчи бўлади. Хожамиз бу ишни сенга бежиз ишониб топширмаган. Биз ҳам бунга аминмиз.
– Шарафиддин, қадрдон дўстим, қара! Аҳволимга бир боқ! – Ҳамза қонсиз қўллари билан ҳолсиз баданига ишора қилди. – Мен ўляпман!
– Бас! – бақирди Шарафиддин титроқ лабларини тишлаб. Унинг нигоҳларида парчаланган чексиз бир ғам, чуқур қайғу, сўнгсиз безовталик бор эди. – Ҳамзажон, бунақа гапларнинг фурсати эмас ҳозир!
– Хафа бўлма, Шарафиддин! Мени тўғри тушун! Ҳа, сизлар билан кетишни жуда-жуда истардим. Аммо қара, кундан кунга ўпкам қуриб боряпти. Дард бу сўлғин танамни кундан кун маҳв этмоқда. Аммо қўрқаётганим йўқ. Пайғамбаримиз «ўлимни тез-тез ёдга олинг», демаганмилар? Қабр уни тез-тез ёдга олган инсон учун жаннат боғларидан бир боғдир ва у ўз дўстини бағрига олмоқ учун фурсат кутмоқда. Хожамиз ҳам ўз ҳимматини дариғ тутмас, деган умиддаман!
– Албатта... – каловланди Шарафиддин.
– Бу сўнгги учрашувимиз, биродарим, – деди Ҳамза маҳзун бир табассум билан. – Ана шу оний кетишингиз эрта келган баҳор сингари мени саросимага солиб қўйди. Начора, мард эранлар дуосининг қиймати йўқ, дерлар!
Шарафиддин ётоқнинг бир четидан жой олди. Дўстининг елкаларини уқалади:
– Сен ҳали бу мадрасага узоқ йиллар бош бўласан! Муътазилий гумроҳлар билан ҳали узоқ курашасан. Хожамиз сенга топширган аҳли сунна байроғининг соясидасан, демак, икки дунёда ҳам сенга завол йўқ. Сенга ҳар доим хат жўнатиб тураман. Ҳар доим уларни Балхга келадиган карвон орқали юбораман. Биздан хабарсиз қолмассан, иншооллоҳ!
– Албатта, ёз. Биродарим, мени айрилиқ комига ташлаб кетма. Кўзларим ҳамиша деразага муштоқ бўлади. Мени бу ёлғизлик чоҳида қолдириб кетма. Сен ёзсанг ҳам ўзим, ҳам душманларим билан курашмоқ учун куч топаман. Кўрасан, мўғулларга қарши қилич ҳам чопаман!
Икки дўст кулишди. Узоқ қучоқлашиб, хайрлашдилар. Кўнгилларга ранго-ранг сизган ўтмишнинг тотли шуълалари ёруғида вақт уларнинг орасидан ортга чекинди.
* * *
«Жануби ғарбга» деди Хожа Баҳоуддин юлдузлар остида узанган, чанг ва қақраган тупроқ ҳиди анқиган йўлга ишора қиларкан. Карвонбоши ва амири ўлароқ хожанинг туяси устида кенг бир маҳофа ўрнатилган, маҳофанинг бир бурчагида кичик фонус милтираб турарди.
«Бу кеча юлдузлар ҳам биз учун порлаяжак!»
Юк ортилган туялар қатори еттилик гуруҳларга бўлинганди. Туяларнинг ҳар бири бошқасига кичик бир чироқ осилган ингичка занжирлар билан боғланганди. Энг олдинда сарбон минган туя лўкиллаб борарди. Туякашлар ҳар замонда бўйинларига осилган ҳуштакларини бир чалиб, тезлик ва оралиқ масофанинг бузилмаслигини назорат қилиб боришарди. Ҳожа Баҳоуддин талабалар орасидан саралаб олинган энг кучли йигитлар отлар билан карвоннинг икки томонидан уни қўриқлаб кетишарди. Зотан, Хожа Баҳоуддин султон бермоқчи бўлган муҳофизлар дастасини рад этганди.
Хожа Баҳоуддин ёши сабаб узоқ сафарни кўтаролмас даражадаги энагаси Насиба Хотуннинг қўлларини ўпиб, аёли Мўъмина Хотун, ўғиллари Алоуддин ва ўзи Худовандигор деб эркалайдиган Жалолиддин, севимли муридлари, муҳиблари, ҳеч қачон ёнидан қўймайдиган китобларидан иборат кичик карвон билан йўлга тушганди.
Бир тарафдан она диёрини тарк этаётгани боис, ич-ичидан айрилиқ аламида қовурилса, зоҳиран ўз ҳамроҳларига сабрли ва иродали бўлишни уқтириб борарди.
Султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг илтимосларига қарамай, ундан на оқча, на соқчи, ҳатто оддий дастёр ҳам олмади. «Бу карвоннинг ҳимоячиси ва мададкори, аввало, Яратган Эгам, қолаверса, ўзимнинг талабаларимдир», – деганди Баҳоуддин Валад. «Бизнинг елкамизда бир омонат бор, азизлар, бу сафар азиятларига сабр қилиш Жаноби Ҳақнинг ризосига васила бўлғусидур. Зотан, биз Аллоҳга яқинлик учун васила излаганлардан биримиз».
Самарқандлик Шарафиддин Лоло ва термизлик Саййид Бурҳониддин сингари энг яқин талабалари ҳам бу омонатни топшириш хусусида катта бир ҳаяжонни ҳис этар, аммо унинг нима экани ҳақида сўрашга журъат этишолмасди.
Шамолли кеча қоқ ярмидан ўтганига қарамай, Балх аҳлининг катта қисми бу айрилиқдан хабар топганди. Султон Муҳаммад Текеш Хоразмшоҳ юксак саройи панжараларидан даҳшат ичида кузатаётган бу манзара ҳали кўп бор тушларига кириб чиқишидан бехабар эди. Худди Сомон йўли ер юзига ингандек, уларнинг йўлларига ажиб бир нур пойандози тўшалганди. Аҳоли кўчаларга томон оқар, маҳзун оломон сафи тобора қалинлашарди.
Айни ўша онларда унинг ёнида Осим пайдо бўлди. Саройнинг қадимий соялари оралаб сирғаларкан, султоннинг қаршисида гурсиллаб, чўккалади:
– Карвон йўлга тушди, султоним, – дея ҳансиради. – Қўлимиздан ҳеч нарса келмади. На уларни қайтара олдик, на халқдан сир тута олдик. Мўғулларга қарши маънавий зирҳимизни йўқотдикми, деб қўрқаман!
Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳеч нарса демади. Мажоли ҳам етмади. Фақат елкаси оша вазирига норози ифода билан тикилди. Вазир рўмолчаси билан намланган кўзларини артмоқда эди.
– Ҳамма нарса Аллоҳнинг изни билан бўлади, Осим. Йўлга тушишдан олдин бирор гап айтдими?
– Айтди, султоним!
– Нима деди?
– «Эй фоний диёрларнинг ва мулкларнинг султони! Мана, мен кетяпман. Аммо мўғуллар юртингга бостириб келади. Хуросон диёрини забт этади. Балх халқи ўлимнинг аччиқ шарбатидан тотадилар», – деди.
* * *
Улар билан бирга кетиш учун уринаётган одамлар карвонга эргашардилар. Кимдир отга миниб, қуролланган, яна кимдир пою пиёда йўлга тушганди.
Хожа Баҳоуддин Валад уч манзилга қадар кузатиб борувчиларга изн берди. Ҳар бирининг кўнглини олишга уринди, уларга панд-насиҳат қилди, фақат ўн саккиз фарсаҳ йўл юриб, Шибирғон музофотига етганда, зуҳду тақвоси билан шуҳрат топган Султонул-уламонинг Балхни тарк этиши ҳақидаги хабарни эшитиб, унинг ортидан эргашган халқни ортга қайтаришга мажбур бўлди. Уларнинг қаршисида ястаниб ётган Қорақум саҳросининг энг даҳшатли қисми – Лайло ноҳияси билан ҳазиллашиб бўлмасди.
Саҳрони қисқа фурсатда Зумрад, Чўккан ва Туркманқую музофотларини эски, харобага айланган карвонсаройларда, чанг босган супалар ва фақирона дастурхонлар бошида мудраб босиб ўтишди. Навбатдаги энг йирик манзил – Маймана шаҳрига пахта далаларини ёқалаб, лаълу жавоҳирларни ўз бағрига яширган Ҳиндикуш тоғидан эсаётган саррин саболар оғушида кириб бордилар. Бу ерда ҳам уларни кўнгил шайдолари катта эҳтиром ила қаршиладилар. Аммо Баҳоуддин Валад уларнинг чуқур эҳтиромга йўғрилган таклифларини мулойимлик ила рад этаркан, тўппа-тўғри ғиштин томларини ўт-ўлан босган мадраса томон йўл олди.
Мўғуллар таҳликаси сингиб қолган бу диёрларда алланечук умидсизлик ва тушкунлик ҳукмрон эди. Бу вазият ҳатто ўз соясидан ҳам хавфсираб қолган бу инсонларнинг фидокорона, бироқ ҳуркак хатти-ҳаракатларидан, елкалари оша мудом ортга, чангли йўлларга қарашларидан яққол сезиларди.
Икки кундан сўнг яна йўлга тушишди. Мовий Мурғоб дарёсининг салқин ва сердарахт соҳилларида уларни ерли бир гуруҳ қаршилади. Бу йўқсил, аммо қувноқ ва жасур кўчманчилар карвонда ким келаётганидан аллақачон хабар топишганди. Улар азиз меҳмонга бир қанча декчаларда баҳор чечакларининг ҳиди уфуриб турган мусаффо тоғ асали, узунлиги бир қулоч келадиган, қўрда пиширилган балиқлар билан пешвоз чиқдилар. Аммо Хожа Баҳоуддин бу ҳадяларни қабул қилмади, олганларининг ҳам пулини тўлади. Бир манзилда уч кун қолиб, халққа ваъз-насиҳат қилди.
Марв вилоятига етиб келишганда, шамолсиз ҳавода ёмғир томчилар, енгил бир туман шаҳарни ўз пардасига ўр
