O'n sakkiz ming olam va Islom
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  O'n sakkiz ming olam va Islom

МЎМИН ҲОТАМЗОДА

ЎН САККИЗ МИНГ
ОЛАМ ВА ИСЛОМ

МЎМИНҲОЖИ ҲОТАМЗОДА ҚАЛАМИГА МАНСУБ
«ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМ ВА ИСЛОМ» КИТОБИГА

Мазкур китобни тайёрлаш асносида муаллиф жуда кўп тарихий манбаларга, нашр этилган Ислом тарихига оид адабиётларга мурожаат қилганлиги кўриниб турибди. Масалан, Қуръони Каримда зикри келган пайғамбарлар, ўтган азиз-авлиёлар машҳур подшоҳлар ва уларнинг ҳаётида юз берган муҳим воқеа ва ҳодисалар ҳақида келтирилган қимматли фикрларни мутолаа қилган ҳар қандай китобхон ўзи учун жуда кўп қизиқарли маълумотлардан хабардор бўлиши муқаррар. Булардан ташқари Исломдаги тўрт мазҳабнинг муассислари тўғрисида қизиқарли ҳикоятлар ҳамда Қуръони Карим, ҳадис, Ислом дини ахлоқ ва усуллари тўғрисида ҳам керакли маълумотлар баён қилинган. Шунингдек, ўн саккиз минг оламни яратилиш тарихи ҳақида аниқ ривоятлар келтирилган.

Мазкур китобни мутолаа қилишда мухлис-китобхонлар кўп воқеалар баёни жараёнида кўз ёш тўкмасликларининг иложи йўқ. Бири Қобил Ҳобилни (ўз инисини) шафқатсизларча ўлдириши бўлса яна бири Иброҳим (а.с.) ўз ўғли Исмоилни қурбонлик қилиши, Яҳё ва Илёс (а.с.)ларнинг кофирлар томонидан бешафқат қатл этилиши, Икки Олам сарвари ҳазрати Расулуллолоҳнинг вафотлари ўқувчини ҳаяжонсиз қолдирмайди.

Ҳурматли муштарийлар, ушбу рисола ўзбек тилида илк маротаба чоп этилаётганлиги боис хато ва камчиликлари, ғализлик­лардан холи эмаслигини қайд этмоқчимиз. Муаллиф ва нашрга тайёрловчилар номидан ўз узримизни билдирамиз.

Бинобарин, мазкур китобни нашр этилиши халқимизнинг диний-маърифий савиясини ошишига баҳоли қудрат ёрдам беради, деган умиддаман.


Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг 1-ўринбосари


СЎЗБОШИ ЎРНИДА

Ғазалнавис шоир Мўминжон Ҳотамзода (Чақирий)нинг
«Ўн саккиз минг олам ва ислом тушунчалари» номли
китоби ҳақида хулосалар

«2007 йил Тошкент – Ислом маданиятининг пойтахти» деб эълон қилиниши мамлакатимизда Ислом аҳкомларининг юксак даражада қадрланиши ва қайта тикланиши баробарида унинг ҳақида аллома мутафаккирларимиз ва замонавий исломшуносларнинг яратган илмий битиклари бош омил ва боис бўлгани, шубҳасиз.

Мустақиллик даврига келиб, исломшунослик янгидан оёққа тура бошлагани ҳеч кимга сир эмас. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида динга нисбатан «виждон эркинлиги» ва «диний бағрикенглик» тушунчасининг ифодаланиши бунинг яққол далилидир. Ана шу боис ҳам исломшунослик ва унинг тарихига жиддий эътибор берилмоқда, чунки миллий ғоя ва миллий мафкурамизнинг илдизлари қадимий илмий-­илоҳий қадриятларимизга бориб тақалиши исботсиз ҳақиқатдир.

Шу маънода тадқиқотчи Мўминжон Ҳотамзоданинг «Ўн саккиз минг олам ва Ислом» номли катта ҳажмдаги китоби қўлёзмаси ҳам ўзига хос маъно ва моҳият касб этади.

Китобда оламнинг яратилиши, Пайғамбару саҳобалар, маш­ҳур подшоҳлар, Исломнинг буюк аллома мутафаккирлари, тариқат ва ҳақиқат аҳиллари, Ислом тарихи, унинг асосий тушунчалари тадқиқ қилинган. Шунингдек, Исломнинг, айниқса, одамзод ҳаёти билан боғлиқ мавжудот: ҳайвонот ва наботот оламининг яратилиши кўп сонли мисоллар асосида ўрганилган.

Таҳлилнинг ўзига хос хусусияти шундаки, тадқиқга жалб қилинган мавзу ва фактлар энг қадимий ҳамда ишончли манбаларга таянган ҳолда тадқиқ қилинган. Бу жиҳатдан китобнинг академик тадқиқот характери китобхонни қизиқтиради. Шу билан бирга баъзи ўринларда қадимий осори-атиқалари берилганки, китобнинг бадиий-эстетик жиҳати ва ўқимишлигини таъминлаган.

Китобнинг «Муножот ба даргоҳи қозил-ҳожот ва наъти Расулуллоҳ» қисми фактларга бойлиги, исломий аҳкомларни оддий, содда тилда изоҳланиши жиҳатидан характерлидир. Шу жумладан, 28 мурсал Пайғамбар, тариқат йўлини кўрсатиб берган саҳобалар авлиёлар ҳаёти ва фаолияти Қуръони Карим ва бош­қа муқаддас манбаларга суянган ҳолда ёритиб берилган. Бундан ташқари буюк ва машҳур тарихий воқеалар, унинг баҳодир қаҳрамонлари, урушу жангу жадаллар, муқаддас обида ҳамда шаҳарларнинг қурилиш жараёни, чунончи: Бобил, Шом, Байтулмуқаддас, Миср, Макка, Мадина ва бошқа шаҳарларнинг бунёд бўлиш тарихи аниқ исботу далиллар билан изоҳланган. Шунинг баробарида китобда одоб-ахлоқ инсоний юксак фазилатлар нималардан иборат бўлиши ҳам ўрин олганини, бугунги кунимиз талабига узукка кўз бўлиб тушган.

Қисқаси мазкур китоб қўлёзмаси тарихий осори атиқа, илоҳий мафкура ва тушунчалар бўйича жўяли маълумот беради, бу борада билимимизни бойитишга кўмаклашади. Хусусан, мумтоз адабиётимиздаги талмиҳ, иқтибос каби шеърий санъатларнинг ишоравий маъноларини чақишда яхшигина дастуруламал бўлиши турган гап. Шунингдек, Ислом дорилфунини ва бошқа махсус исломий даргоҳларда таълим олаётган талабаларга етук дарслик сифатида ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Китобда айтилган ва билдирилган ютуқлардан ташқари тузатилиши, таҳрир қилиниши, айрим фактларни тўлдириш ёки баъзиларга аниқлик киритиб ёзиш талаб даражасига келтирилган.

Китобнинг номини ўзи мухтасар, кишининг диққатини жалб қиладигандир.

Айрим Пайғамбару анбиёлар, тарихий шахслар ва воқеалар тарихини ёритишда манбаларнинг аниқ саҳифаси кўрсатилиши шарт.

Матндаги фикрий, фактий қайтариғлар китобхонга ош ичидаги тошдай ботади, ислоҳ қилиш керак.

Умуман олганда, миллий мафкурага ташна китобхон ёшлар учун зарур қўлланма бўлиши шубҳасиз.


Анқабой ҚУЛЖОНОВ,
Ҳайитбой Мирҳайдаров,
фан докторлари, профессорлар


БИРИНЧИ КИТОБ

УЛ ҚУДРАТЛИ ЗОТ

ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМНИНГ ЯРАТИЛИШ
ТАРИХИГА БИР НАЗАР

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси қудисийда ривоят қиладиларки, бу оламда Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло улуғ бир махфий ганж, қудратли бир зот эрди. Яккаю ягона, мисл ўхшаши йўқ, тождору беназир, бесипоҳу бевазир подшоҳ эрди. Ўзининг якка-ягоналигию қудратини ҳеч ким билмас эрди. Шул сабаб Аллоҳ таоло ўзи ва қудратини билдириб қўйиш учун бу оламни яратди. Мавжудот­ларни офарида қилди.

Яна ривоят қилибдурларки, Худои таоло ҳамма махлуқотлардин илгари бир гавҳар яратди ва унга бир тажаллий назар солди. Ул гавҳар кўпикланиб, ундан тутун пайдо бўлди. Айтибдурларки, ушбу тутундин кўкни – коинот (мовий осмон)ни пайдо қилди. Кўкка – коинотга фармон берди, ундан сув пайдо бўлди. Ул сув Худои таолодин қўрқиб, ўз бағридин ерни пайдо қилди. Ерни(нг) аввали – Каъбани(нг) ери очилиб, сўнгра у Шарқ-Fарб томонга кенгайди. Бунинг исботига Қуръони Каримда қуйидаги оят мавжуддир: «الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقًا» «(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир» («Мулк» сураси, 3-оят). Она заминимиз, аввало, сув юзасидан яратилди, сўнгра ер титраб турди. Тўхтамади... Тоғлар яратилиб, анга бостириқ қилиб қўйилди. Қуйидаги ояти карималар бунинг исботидир: «أَلَمْ نَجْعَلِ الْأَرْضَ مِهَادًا وَالْجِبَالَ أَوْتَادًا» («Биз ерни тўшак қилиб қўймадикми?! Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!» («Набаъ» сураси, 5–6-оятлар).

Айтибдурларки, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло жами оламни олти кун ичида яратди. Бунга қуйидаги ояти карима исботдир: «وَلَقَدْ خَلَقْنَا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ » «Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг Ўртасидаги (бор) нарсани олти кунда яратдик...» («Қоф» сураси, 38-оят).

Яъни Оламни(нг) яратилиши қуйидагича мазкурдир:

якшанба куни – кўк(коинот)ни;

душанба куни – қуёш, ойу юлдузларни;

сешанба куни – олам халқини ва барча мавжудотларни;

чоршанба куни – дарё ва чашмаларни ҳамда жами дарахт ва гиёҳларни;

панжшанба куни – беҳишт ва дўзахни, ҳуру ғилмонларни;

жума (одина) куни Одам (а.с.) руҳи ва куллу мавжудотларни Аллоҳ таоло ўз қудрати бирла офарида қилди.

Аллоҳ таоло бутун оламни олти кун ичида сабр-тоқат билан изтироб чекмай яратди ва шундай марҳамат қилди: «Шундай иш қилдимки, бандаларимга ҳам ушбу иш таълим бўлсин, улар ҳеч бир ишни пала-партиш, бесабрлик ва изтироб билан қилмасинлар». Бу ҳақда шундай ҳадис бор: «Эҳтиёткорлик бирлан иш қилмоқлик Раҳмоний, изтироб ва шошқалоқлик бирлан иш қилмоқлик шайтоний ишдир». Ёшлигимизда чолу кампирлардан «Ўн саккиз минг оламни яратган Парвардигор», – деган иборани дуоларда ва бошқа мавъизаларда жуда кўп эшитар эдик. Мен кўплаб астроном, физик ва файласуфлар билан мулоқотда бўлиб, уларга шу ҳақда саволлар бердим. Олимлар ҳам ўн саккиз минг олам деганда, қадимдан бу оламни ташкил қилган ўн саккиз минг галактика кўзда тутиб айтилган дейишади. Бу Қуръони Каримда аниқ баён этилган: «الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقًا» «(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир» («Мулк» сураси, 3-оят).

Осмонга шунчаки бир назар ташлаганимизда, кўзимизга яхлит тарзда намоён бўладиган бутун олам, еру кўкдаги мавжудот­лар бу борлиқ коинот галактикасидир.

Қадимда материалистик ёхуд идеалистик олимлар ҳам осмоннинг етти қаватдан иборат эканлигини тан олганлар, яъни ҳозирги фан ҳам осмоннинг атмосфера, литосфера, стратосфера ва ҳоказо қатламлардан иборат дейди. Бу ҳақда Қуръони Каримда «الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقًا مَّا تَرَى فِي خَلْقِ الرَّحْمَنِ مِن تَفَاوُتٍ فَارْجِعِ الْبَصَرَ هَلْ تَرَى مِن فُطُورٍ» – «(У) Етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдир. (Эй, инсон!) Раҳмоннинг яратишида бирор тафовут (нуқсон)ни кўрмайсан. Бас, кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирор ёриқни (дарзни) кўрармикансан?» – дейилган («Мулк» сураси, 3-оят).

Бас, шундай экан, бу оламни(нг) яратувчиси ҳам осмонни етти қават этиб яратди ва унинг сифатларини ҳам алоҳида-­алоҳида шаклда бино қилди.

Яъни: биринчи қават осмонни яшил рангда – зумраддан яратди, шу боис, унинг номи – «зангор осмон»дур. Унинг фаришталари одам суратида бўлади.

Иккинчи қават осмонни инжудан яратди. «Инжу осмони»нинг фаришталари от суратлик бўлади.

Учинчи қават осмонни қизил ёқутдан яратди, уни «ёқут осмон» дерлар. Фаришталари қўй суратлик бўлади.

Тўртинчи қават осмонни кумушдин яратди, уни «кумуш осмон» дерлар. Фаришталари бургут суратлик бўлади.

Бешинчи қават осмонни қизил олтиндин яратди, уни «олтин осмон» дерлар. Фаришталари ҳур ва ғилмонлардир.

Олтинчи қават осмонни сариғ ёқутдин яратди. Уни «вилдон осмон», яна «сариғ олтин осмон» ҳам дерлар. Унинг фаришталари вилдон суратлик бўлур.

Еттинчи қават осмонни нурдин яратди, уни «нурли осмон» дерлар. Унинг фаришталари ҳам одам суратлик бўлади.

Хабарда келтириладики, Аллоҳ таоло аввал кўк ва сувни, сўнгра ер қобиғини яратди. Ерни сув билан сероб қилди. Биз ер куррасини яхлит бир сув пуфаги десак, ер унинг турли жойи­дан ёриб чиққан қуруқликдир. Хулоса қилиб айтсак, яшаш мас­кани курраи заминимизнинг тўртдан бир қисмидир. Шу боис, уни рубъи маскун дерлар. Қолган қисми сувлардан иборат. Аллоҳ таоло Одам (а.с.) тупроқ лойидан ва фаришталарни нурдан, деву жинларни эса оловдан яратди.

Мазкур тарихни ўқиган ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг барча оламни, арш, курс ва лавҳ-қаламни яратгани, бу оламнинг яратилиш сабаблари, қайси воситалар орқали мавжудот ва борлиқ яратилгани ҳақида муайян тушунчага эга бўлади.

Бир донишманддан сўрадилар: Худои таоло ўзидан қудратлироқ нарсани яратдими? Донишманд айтди: «Икки жаҳонда ҳар нарса мавжуддир, ул нарсалар жами қудрат билан яратилгандир, Қудратидин пайдо бўлган ҳеч нарса Ундан қудратли бўлмас». Яна сўрадилар: «Ул нимадирки, Худовандо билмайдур?» Донишманд айтди: «Аллоҳ ўзига ўхшаган қудратли зотни билмаган». Яна сўрадилар: «Ул нима, Худои таолода йўқ?» Донишманд айтди: «Аллоҳда уйқу йўқ». Ва яна сўрадиларким, «Аллоҳнинг юзи, кўзи, сийрати қаёнга қараган?» Айтдики, «Нурнинг ҳеч қачон кўзи, юзи ва сийрати бўлмаган. Ҳар ёндан боқсанг ҳам шам бир хил кўринур». Сўрадики, «Аллоҳнинг мисли, манзили, хотин ва фарзанди борму?» Дедики, «Ул Аллоҳ маъбуддир, унда ҳусн монандлик, манзил ва макон бўлмағай».

Бас, шундай экан, биз ҳам Аллоҳнинг осий ва ожиз бандаларидандурмиз. Ул зоти шарифнинг қудратли эканига, яккаю ягона, бечун ва бечугуна эканлигига ҳеч шак-шубҳа келтирмай, унинг маъбудлигига ибодат қилиб, ўз бандачилик амалларимизни бажо келтирамиз, холос, бошқа ўй-баҳс ақлга сиғмас.

Ўн саккиз минг оламнинг яратиб қўйилганлиги, ой-қуёш, юлдузлар, ер ва фалакнинг доимий ҳаракатга солиб қўйилганлиги, кечаси осмоннинг безатиб қўйилганлиги, йўқ ердан ёмғир-қорларнинг ёғдирилиши, гиёҳларнинг ердан турли алвонда ўсиб чиқиб, гуллаши ва пировард-натижада қуруқ ёғочлардан ширин-шарбат меваларнинг пайдо бўлиши, буларнинг барчаси – Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг карами-қудратидир. Бир аснода бор қилиш ва лаҳзада йўқ қилиб юбориш ҳам Унинг ҳукмидадир. Ҳозирги вақтда ривожланган техника воситалари, қудратли атом, ер йўлдошлари, оғир индустрия машиналари ва механизмлари оддий бир тугмачани босиш ила ҳаракатдан тўхтатилади. Аммо Аллоҳ таоло қудрати ила яратилган барча мавжудот, ер-осмону фалак Аллоҳ иродаси ила бир лаҳзада тўхтатилиб, йўқ қилиниши мумкин («كُن فَيَكُونُ », яъни «Бўл!» деса, бас, у бўлади»).

«بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَإِذَا قَضَى أَمْراً فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُن فَيَكُونُ», яъни «(У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) «Бўл!» деса, бас, у бўлади» («Бақара» сураси, 117-оят). Демак, Аллоҳ «кун», яъни «бўлғил» деб амр этди, барча мавжудот пайдо бўлди. Аллоҳ яратган етти қат ер ва ундаги мўъжизотлар озми-кўпми барчаси ўзида ҳуши бор инсонларга маълум ва мазкурдир. Ер ва унинг бағрида яшириниб ётган маъданлар, олтину кумушлар, тоғ-тошу ўрмонлар, айниқса, сувлардаги ажойиб ва ғаройиб жонзотлар, баҳайбат балиқлар етти қат ердаги Аллоҳнинг қудратидир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло саккиз беҳиштни осмон устида халқ қилди. Ҳар бир беҳиштнинг муборак номи бор.

Чунончи: аввалги беҳиштнинг номи – «Дору-л-қарор», иккинчи беҳиштнинг номи – «Дору-с-салом», учинчи беҳиштнинг номи – «Дору-л-хула», тўртинчи беҳиштнинг номи – «Жаннату-л-маъво», бешинчи беҳиштнинг номи – «Жаннату-адн», олтинчи беҳиштнинг номи – «Жаннату-н-наъим», еттинчи беҳиштнинг номи – «Фирдавс», (саккизинчи беҳиштнинг номи – «Боғи Эрам»).

Шунингдек, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло етти дўзах (етти тамуғни) ҳам ўз қудрати бирла яратди. Дўзахни ул ер ва осмон орасинда барпо этди. Унинг ҳам етти эшиги бордур. Ҳар дўзахнинг махсус номи бордур.

Етти дўзахнинг ҳам ҳар бирининг ўзига яраша номи бордур. Биринчи дўзах – «Жаҳаннам», иккинчиси – «Лазо», учинчиси – «Хутама», тўртинчиси – «Сақар», бешинчиси – «Саъир», олтинчиси – «Ҳовия», еттинчиси – «Жаҳим»дур. Шулардан бирига ҳукм қилинган халқ бошқасига тушмас.

Ҳар бир гуноҳ (жиноят) Аллоҳ наздида жазосиз қолмайди. Мукофот ва жазо – мезондир. Шу сабабдан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло беҳишт ва дўзахни яратди. Аллоҳ оламнинг яратилиш қонуниятида тарозу, яъни мувозанат мезонига риоя қилди. Яхшилик ва ёмонлик, жазо ва мукофот, жаннат ва дўзах, кеча ва кундуз, зулм ва шафқат, очкўзлик ва сахийлик, ёвузлик ва меҳрибонлик, дўстлик ва душманлик, ғазаб ва карам, озодлик ва асорат, меҳр ва муҳаббат, тадбир ва ҳийлакорлик ва ҳоказо. Аллоҳ бу дунёни имтиҳон учун яратди. Рўзи жазо бор, яъни бу дунёга келган барча инсонлар, ҳатто пайғамбарлар ҳам рўзи жазо Кунининг ҳисоботидан қўрқиб, титрарлар. – ­«Адамдин ҳар киши дунёга келдики, унинг оҳ-воҳи бор». – Маҳшар кунининг даҳшатидин қўрқиб яшамоқ лозим.

Ривоят қилибдурларки, бир куни ҳазрати Жаброил (а.с.) бир оятни Расулуллоҳга келтирдилар. Яъни охиратда жаҳаннам номли дўзах азоби борлиги ҳақида! Шул замон ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) бу оятни кўриб, кўп паришонҳол бўлдилар ва фарёд кўтариб, биби Оиша ҳужраларига кирдилар. Шул замон Оиша онамиз биби Фотима, Имом Ҳасан, Имом Ҳусайнларни чорлаб келдилар. Яна чорёрлар ҳам, саҳобаи киромлар ҳам тўпланишди. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ушбу паришонлик сабабини сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу оятнинг нозил бўлғони боисдан йиғларман дедилар. Шунда саҳобалар ҳазрат Абу Бакр Сиддиққа айтдиларки, «Эй, чаҳорёри босафолар, сизлар шунчалик йиғлаб паришонҳол бўлурсизлар, биз шўринг қурғур осий бандалар нима қилурмиз». Яъни барча саҳобаи киромлар айтдиларки, бола-чақаларимизни етаклаб, чўлларга чиқиб кетиб, гиёҳлар, илдизлар териб еб, қолғон умримизни ибодат бирла ўтказсак, зора бу ғам-ғуссалардан халос бўлиб, охират азобларидин қутулсак деб йиғлар эдилар.

Бас, пайғамбарлар, чаҳорёрлар, имомзодалар, саҳобаи киромларки, бундай дўзах азобидин – қиёмат куни бериладиган жазодан шунчалик қўрқиб, изтироб чексалар, биз каби бечора осий бандаларнинг, журми исёнчиларнинг ҳолимиз на кечар? Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз лутфу карами ва меҳрибонлиги бирла, бизни ушбу азоблардин халос айласун. Науъзу биллоҳи минзолик...

БИРИНЧИ ФАСЛ

АЛАСТУ БИРАББИКУМ. МИЙСОҚ ҚИССАСИ.
ОДАМ АТОНИНГ ЯРАТИЛИШИ

Ҳақ субҳонаҳу ва таоло кунлардан бир кун буюк бир ўт (оташ)ни яратди. Бу оташ неча йиллар алангаланиб тураверди. Яъни Унинг хотириға келдики, ушбу ўтдин мавжудотларни халқ қилурмен.

Мазкур ўтнинг нури ҳам бор эрди. Унинг нуридин тамоми фаришталарни (шу жумладан, иблис алайҳиллаънани ҳам) яратди. Ушбу нурнинг бир қисмидан парилар – ҳурларни, бир қисм оташ тутунидан эса – девларни, шунингдек, мазкур оташдан яна жин (кейинчалик жинлар ҳам учга бўлинади) аталмиш махлуқларни яратди. Бу янада тушунарли бўлиши учун аввало, жинлар ҳақидаги шарҳларни баён этсак.

Аллоҳ таоло Одам (а.с.) авлодидан илгари жуда кўп онгли мавжудотларни яратди ва уларни ер юзига ҳукмрон қилди. Олимлар бундан неча миллион йил илгари ер юзида мавжудот, яъни онгли махлуқларнинг бўлганини исботлаганлар, муқаддас динимиз ҳам ушбу ҳақиқатни инкор этмайди. Чунки Аллоҳ томонидан ер юзига Одам (а.с.)гача юборилган, тахту бахт ато этилган турли номдаги мавжудотларни санаб, ҳисобига етиб бўлмайди.

Бизга маълум бўлган дасталбки онгли мавжудотдан бири – бу «Банилжон»дир, унинг авлодлари «банилжин» ҳам дейилади. Уни «Абу-л-жин» ҳам дейдилар. Аллоҳ таоло мазкур қавмни ер юзига юборди. Улар тез фурсатда ер юзини тўлдирдилар. Ўзларининг ҳукуматлари, лашкарлари ва қавмлари беҳад эрди. Улар ҳам ерда юрар, ҳам кўкда парвоз этар эрдилар.

Дастлабки тоифалари ва бошлиқлари исломий шариатни қабул қилган эрдилар. Улар айш ва фароғатда яшар, кўп тоат-­ибодат қилар эрдилар. Кейинчалик кўпчилиги ҳақ йўлдин тониб, куфр йўлини ихтиёр қилди. Аллоҳ томонидан уларга элчилар юборилди. Лекин улар тўғри йўлни қабул қилмадилар. Сўнг­ра фаришталар келиб, уларнинг аксариятини нобуд қилди. Қолганлари чўлу даштларга, жазирамаларга қочиб кетдилар. Ёшларини асрга олиб, Ҳақ доргоҳида жазолаб, тўғри йўлга ундадилар. Яна кўп йиллар таъқибда бўлганларини ҳам Ҳақ йўлга даъват этдилар. Яна кўпчилиги Исломни қабул қилиб, тўғри йўл тутди. Улар қисқа фурсатда яна кўпайиб кетишди. Кўпчилиги қочиб кетиб, ярим орол (жазира)ларга яширинди.

Ривоят қиладиларки, Аллоҳ таоло ер юзига яна бир хил тоифадаги мавжудотларни юборди. Дунёни уларнинг ихтиёрига топширди. Яна неча минг йилдан сўнг ерни Банилжонга қайтарди. Улар ҳам гуноҳни кўп қилдилар, ноҳақ қон тўкдилар. Аллоҳ таоло дунёни уларнинг қўлидин яна олиб, фаришталарнинг ихтиёрига берди. Бул навбатда ҳам фаришталар ер юзини етмиш минг йил ўз қўлларида тутдилар. Бу фаришталарнинг раҳнамоси Азозил эди.

Азозилнинг отаси Холис исмли, шер суратли эди. Онаси эса Баттис деган бўри суратида эрди. Уни иблис ҳам дерлар. Жами бадкирдорликларнинг сардори эрди. Азозил ҳам Банилжон тоифасиндан эрди, гарчи фартишталар яратилган жинсдан бўлса ҳам... муртад эрди.

Дерларки, асли ўзи ҳаромзода мункир эрди. Аммо жуда кўп тоат-ибодат қилур эрди. Шу боис кунлардин бир кун фаришталар ичра обрў-эътибори орта борди. Уларга таълим ва тарбия­дан дарс берар ҳамда маърузалар қилар эрди. Фаришталар ичида энг катта мартабага эришди. Бир куни ул макр ва ҳийла билан ўз кўринишини ўзгартириб, бошига катта дастор боғлаб, фаришталарнинг кўз ўнгида жуда берилиб, тоат қилар эрди. Фаришталар эса ундан дарс олиш учун кутиб турар эдилар. Ул ўзини бир ҳолатга солиб, ибодатни ўзгача қилар эди. Шунда жами фаришталар Азозилни фаришталарнинг «сардори» деб билдилар. Ҳақдан: «Эй, Худоё! Бир буюк фаришта бордур, ани бизга раҳнамо қилгин», – деб сўрадилар, Аллоҳ фаришталарнинг бу тилагини бажо келтирди. Алқисса, шайтониллаъинни осмонга олиб чиқдилар. Иблис биринчи осмоннинг эшигида минг йил, иккинчи осмоннинг эшигида минг йил ва етти қат осмонда етти минг йил ибодат қилди. Сўнг саккиз беҳиштда саккиз минг йил, етти дўзах эшигида етти минг йил ибодат қилди.

Алалхусус Аршу-л-мажидгача бориб, анда ҳам минг йил ибодат қилди. Ёқутдин бир минбар ясади. Бу минбардан фаришталарга ваъз, амру маъруф қилар эди. Аммо ичи макр, ҳийла ва ҳаромзодалик бирла тўлиқ эрди. Маддоҳлик қилар эрди. Фаришталар ани(нг) маддоҳлиғига учиб, йиғлар эрдилар. Шул зайл йиллар ўтди. Унинг ичида ҳийла ва ғаразлик, кибр ва ҳаво, маддоҳлик ва мунофиқлик авж олаверди. Аршу курс, беҳишту ризвон атрофида ўз айш-ишратини қилиб юрди. Аллоҳ таоло ернинг ҳам амрини унга инъом этди. Фаришталардин ернинг ҳукми олиниб, яна оз миқдор қолганда, Банилжонга топширилган эрди. Азозил ҳам осмонда айш ила машғул эрди. Банилжон яна ер юзида кўпайиб кетди. Яна исёнкор ва бадбахт бўлдилар. Бу аснода Азозил Ҳақ субҳонаҳу ва таолодин: «Бир жамоа фаришталар билан ерга келиб, Банилжонни тўғри йўлга даъват қилай», – деб сўради. Уларга юборилган элчиларни тутиб ўлдирдилар. Шу тариқа етти маротаба элчи юборилди. Барчаси ўлдирилди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло яна бир Жуф бин Осиф деган фариштани юборди. Анга ҳам бўйсунмадилар. Шунда, Азозил Аллоҳ изни бирлан лашкар тортиб келиб, Банилжонни нес-нобуд қилди. Бир қисми яна жазираларга қочди. Унинг хизматлари эвазига Ҳақ субҳонаҳу ва таоло осмон ва ернинг измини ва жаннат хазинабонлигини ҳам анга берди. Гоҳ ер юзида, гоҳ осмон ва беҳишт бўстонларида сайр этиб, ибодат қилар эрди. У улуғ фаришталару ўзгалар ёнида камоли ораста ва илм-маърифат бобида барваста ва хоҳлаган ерини эгаллаб, бевосита бўлди. Кибр-ҳавога берилди. Ман-мансираб, босар-тусарини билмай қолди. Шу даражага бориб етдики, ўз кўнглида «Энди, ўзим Аллоҳ – холиқлик мартабасини ҳам эгалласам бўлўр экан», деган фосиқ хаёлга борди. Лекин «махлуқларга холиқлик берилмайди-да, йўқса менга холиқлиқ даражасини ҳам берса бўлар эрди», деган хаёл ҳам бошидан кечди.

Унинг бу ғарази Аллоҳга маълум эди. Аллоҳ таоло сабр қилди. Унинг қилмишларини охиригача кузатди. Аста-секин ибодатни камайтирди. Бир куни жаннатнинг эшигига Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг қудрати бирла шундай бир битик битилибдур: «Биз бир бандани ғоят лутфу карам бирла ердин осмонга олиб чиқурмиз, бир хизмат буюрурмиз, гарданкашлик қилур, аъни лаънат балчиғига гирифтор қилурмиз». Азозил бу битикни ақл-закавот ила идрок қилишга ҳам тоқат қилолмай, ундоғбанда шаънига лаънат ўқиди. Бу лаънатнинг ўзига тегишли бўлишини ўшанда унинг ўзи сезмади (ҳозирги вақтда ҳам бир киши лаънатланса, бу ўзига юқтирмас, ўзи сезмас, бунга мисоллар жуда кўп). Кўпчиликнинг лаънатига йўлиқиш, аввал ўз ишини тўғри йўлга солмасдан, ўзини айбдор билмай, бошқалар қатори кузатувчи бўлиб туради. Яқин ўтмишда (Буюк Иттифоқ давлати тепасига раҳнамолик қилган Никита Хрушчёвнинг (10 йил) тақдири ҳам худди шундоқ бўлган эди). Сўнг Азозил ҳар ерда сажда этса ҳам, бошини кўтарса ҳам, ушбу сўз битиклик турур. Бу битикдин барча фаришталар ҳам таҳликага тушдилар ва Азозилдан сўрдилар: «Бу кимдурким, Ҳақ наздида лаънатланур». Азозил айтди: «Бу ишнинг сизу бизга алоқаси йўқдур. Бунга бизнинг муносабатимиз йўқдур», – дея ёлғон дуо қилиб, фано тиларди. Fоят кибр ва такаббурлиги ортиб кетганини ўзи сезмади. Алқисса, ер юзида неча юз минг йиллар Ҳақ субҳонаҳу ва таоло турли мавжудотларни яратиб, ер юзининг ҳукмини берган фаришталар, Азозил, Банилжон ва бошқа-бошқа мавжудотларнинг аксарияти ҳазрат Раббу-л-оламин йўлидан юрмай, исёнкорлик ва турли фасод ишларни кўп қилдилар. Шул сабабли, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло: «إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً» – деди, яъни фаришталарга хитоб қилдиким, «Мен ер юзига бир азиз халифни яратгумки, ани ҳаммадин азизроқ қилурмен» («Бақара» сураси, 30-оят), – деди. Бу сўзнинг овозаси барчага, шунингдек, ўшал пайт осмон, ер ва жаннат ҳокими бўлиб турган Азозилга ҳам етди. Ул барча фаришталарга айтди: «Сизлар Аллоҳ таолодин сўранглар, У яратмоқчи бўлган махлуқи кимдур. Агар ани халқ қилса, ер юзида яна турли фасодлар пайдо бўлур. Улар ҳеч ким қилмаган гуноҳларни қилурлар, ҳаттоки, сизларни ҳам хизматкор қилиб, турли йўлларга бошқарадур. Бунга йўл қўйманглар. Худои таолодин сўраб айтингларки, бу яратган нарсанг айтиши лозим бўлган тасбеҳ ва таълилни биз кўпроқ қиламиз. Агар тоат қилмоғимизда бирон-бир қуср юз берган бўлса, ани тузатайлик ва бундин зиёда этмайлик», – денглар.

Шундан кейин малоикалар Аллоҳга ёлвориб: «Илоҳи, поки Парвардигоро, Сен яратмоқчи бўлган махлуқот, яъни Одамни яратишингнинг боиси недур?» – деб юқорида шайтон ўргатган зикрларни арз қилдилар. «Агар Сенга гуноҳ ва маъсият лозим бўлса, Банилжон ҳам, бизлар ҳам қилурмиз, агар тоат-ибодат лозим бўлса, биз ани янада зиёда қиламиз, аммо Одамни яратмагил», – дедилар. Аллоҳ айтди: «Агар ани яратсам нима бўлғай?» Фаришталар айтдики, «ер юзи гуноҳ ва фасодга тўлғай, улар бир-бирларини ғийбат қилурлар, ўлдирурлар, қон тўкурлар, шароб ичиб, зино қилурлар, падарбезорлик, модарозорликлар қилурлар. Етимнинг ҳақини ерлар, хиёнаткор бўлурлар, ўғирлик қилурлар, айш ва порахўрлик қилурлар». Ҳақ субҳонаҳу ва таоло фаришталарга айтди: «Эй, фаришталар, уларни менчалик билмайсизлар, улар Мендан қўрқиб, кечалари изтироб ва фиғон билан тоат этурлар. Гуноҳларини эслаб, афвини сўрарлар. Фиғон ва нола чекиб, гуноҳ ва маъсиятларини Мендан сўрарлар. Ўртамизда меҳр-муҳаббат пайдо қилурлар. Менинг иродамга розилик билдирурлар. Айниқса, дўстим Муҳаммаднинг «Нури-нубуввати» шул Одамнинг ҳумоюнида сақланур ва сизларга маълумким, бутун ўн саккиз минг олам, беҳишту дўзах анинг шарофати ила яратилмишдир.

Бу ваҳийларни мендан ўзга ҳеч махлуқот билмайдур», – деди («Бақара» сураси, 30-31-оятлар). Ҳақ субҳонаҳу ва таоло: «Сизларни тоатларингиз фосадлироқдур, Одам аҳлининг тоати ижобатлироқдур, аларга беодоблик қилдингиз», – деб аларга ғазабнок қаради.

Барчаси қора дев суратига кириб қолди ва гуноҳкор бўлди. Қилмишларига пушаймон ва надоматлар чекдилар. Юзлари қора, шармисор бўлдилар. Фаришталар қилган гуноҳлари учун етмиш минг йил йиғлаб, курс ва арш поясига келиб тавоф қилиб, Аллоҳ таолодан кўп афв сўраб, зор-зор йиғлар эдилар. Охири Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг аларга раҳми келиб, буюрди: «Эй, фаришталар Аршнинг орқасида бир дарё бор, унинг сувида таҳорат қилинглар». Фаришталар Шундоқ қилдилар, барчасининг юзи оқ бўлди. Шукронасига икки ракаат намоз ўқидилар ва тамомила ўз ҳолларига қайтдилар. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло буюрдиким, Менинг даргоҳимда кибрдин ёмон гуноҳ бўлмас, сизлар кибру-ҳаво қилиб, осий бўлдинглар, Одам фарзандлари ҳар бир гуноҳни қилса, фақирлиғ бирла савоб иш қилур ва гуноҳларининг мағфиратин сўраб, тавба қилурлар. Мен аларнинг гуноҳларин афв этурман. Уларда мол-мулк, фарзанд, хеш-ақрабо, ёр-биродарлар бўлур ва яна Мендан қўрққан ҳолда ҳаммасидин кечиб, менга итоат ва тавба қилурлар. Алар қанча азоб-уқубатда қолсалар ҳам барибир мендан кечирим сўраб, тавба-тазарру қилурлар. Одам авлоди ибодатининг маъниси бордур. Сизларнинг ибодатингизнинг маъниси йўқдур. Чунки Одам авлоди қилган гуноҳларининг афви учун тавба тоатини адо этадилар. Сизлар фахр ва ғурур бирла тоат этадурсизлар. Одам фарзанди эса азоб ва изтироб бирлан тоат этадур. Аларнинг савоби – юксак. Сизлар аларнинг айбларини, хатоларини, нафс ва шаҳватларини айтиб, писанда қилурсизлар. Аммо нега уларнинг меҳр-муҳаббатини билмайсизлар? Одамга ер юзининг султонлигини берурман. Алар илм-фанга, намоз ва ниёзга машғул бўлурлар. Шул боис, мен Одамни яратгум». Фаришталар саждага бош қўйиб, узр сўрадилар. Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг айтишича, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло: «Ўзимнинг пинҳонлигимни ошкор этиш учун ҳазрат Сафиюллоҳни яратдим», – дебдур.

Алқисса, кунлардан бир кун Ҳақ субҳонаҳу ва таоло фаришталарга айтдиким, «Эй, фаришталар, сиз кўп тоат-ибодат қилурсиз, аммо маъниси йўқдур. Мен бир мавжудот яратурмен, уларнинг авлоди чандон маъни ва мазмунлар бирла, изтироб ва илтижо бирла ибодат қилғусидур. Уларда фарзанд, нафс, мол-дунё, шаҳват, ҳаво, мансаб бўлур. Аммо бу тирикчилик ташвишларини тўхтатиб, Мендан қўрқиб, изтироб бирлан, баъзида йиғлаб, тазарру бирлан ибодат қилурлар. Тоат-ибодатингизнинг ҳамма савоби улар ибодат олдидан айтадиган биргина азоннинг савобича эрмас». «Сиз фахр ва ғурур бирлан ибодат қилурсиз, улар эрса азоб ва изтироб бирла ибодат қилурлар», – деди. Яна Аллоҳ таоло айтдики, «Эй, фаришталар, сизлар Одамни яратма, улар айб ишларни қилурлар, шак ва гуноҳ қилурлар, дейсиз. Нимага уларнинг ишқини, меҳр-муҳаббатларини билмайсизлар. Уларнинг Менга қиладиган дўстликлари ва Менинг уларга қиладиган дўстлик ва меҳрибонлигимни билмайсизлар. Улар фоний – ўткинчи дунёда ҳам намозу рўзага машғул бўладурлар». Шундан сўнг фаришталар тавба қилиб, саждага бош қўйдилар.

Аллоҳ таоло Одамни туфроқдан яратиб, унга Учмоҳ ичра манзил бермоқчи бўлганини эшитиб, шайтоннинг янада васвасаси ортди, ташвишга тушди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Одамни яратишга жазм қилиб, ўз иродаи азали бирлан жумбиш этди. Оддий замин тупроғига учмоқ ичра манзил берди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло туфроқни мўътабар этди ва унга: «Эй, туфроқ! Ғамнок бўлмағил, сендин бир халқ мавжуд қилурмен, баъзиси итоаткор ва фармонбардор бўлур, баъзилари гуноҳ ва исён қилурлар. Менга бўйсунгаларини, Менинг ягона Аллоҳлигимга барҳақ бўлганларини жаннатга юборурмен. Исёнкор ва саркашларини дўзахга юборурмен», – деди. Туфроқ эса унга мурожаат этиб: «Бор Худоё, ўзинг айтурсанки, баъзи гуноҳкорларини ўтда куйдурурмен, баъзисин беҳиштга юборурмен деб, мен ундин беҳад қўрқадурмен», – деб зор-зор йиғлади. Яна баъзиларини неъматлар ва жаннату-л-маъво бирлан сарафроз этурмен дединг, ундан беҳад хушвақт бўлурман», – деди. Аллоҳу аълам биссавоб.

Бас, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳазрат Жаброил (а.с.)га: «Эй, Жаброил, ерга тушиб, ер юзидин бир чангал (чимдим) туфроқ келтирғил», – деб фармон берди. Ҳазрат Жаброил (а.с.) ерга тушиб, туфроқ олишга жазм қилди. Шунда ер ларзага келиб, изтироб чекиб, зор йиғлаб айтди: «Эй, Руҳи-л-амин! Раббу-л-оламин, Аллоҳ таоло сизни биздин бир нарса олиш учун юборубдур. Бизга раҳм қилинг, токи, Аллоҳим яратадиган мавжудотнинг танаси ўтда куяр, биз Худо жалла жалолаҳудин қўрқурмиз». Шунда ҳазрат Жаброил (а.с.) ерга раҳм қилиб, туфроқ олмай қайтдилар, Аллоҳ хитоб қилдиким, «Эй, Жаброил! Не сабабдин туфроқ олиб келмадинг». Шунда ҳазрат Жаброил (а.с) Аллоҳ таолога: «Эй, Бор Худоё! Сен барча оламнинг бечуну бечугунаси, доноларнинг доноси, бизга туфроқ (ер) кўп зорланиб, тавалло билан йиғлади, Сенинг меҳрибонлигинг, раҳмонлигинг ва карамлилиғингга инониб, туфроқ олмай келдим», – деди.

Сўнгра Аллоҳ таоло Микоил (а.с.)ни юборди. Ҳазрат Микоил ерга келиб, ундан: «Эй, ер, ҳеч орзуинг борму?» – деб сўради. Ер: «Менинг тупроғимдан кўза тайёрлаб, сув ичсалар, мен бағоят хурсанд бўлур эрдим. Агар кўза ясаб, унга шароб, хамр солиб ҳаром қилсалар, ноиложман, яхшиси менга азоб берманг», – деб ёлворди.

Ҳазрат Микоил ҳам шафқат аҳдини қилиб, туфроқ олмай Ҳақ сари равона бўлди. Хитоб бўлдики, «Эй, Микоил! Нима учун туфроқ келтирмадинг». Шунда Микоил (а.с.): «Эй, Бор Худоё! Сен мени бир ғариб, озору бечорадан бир нарса олиб келишга юбординг. Ўзи ғариб-бечора бўлса, ундан бир нарса олишга орланиб, раҳм қилдим», – деди. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло яна Исрофил (а.с.)ни юборди.

Исрофил (а.с.)га ер айтди: «Эй, соҳиби сур, мендан одам пайдо бўлса, бир куни келиб, сиз, сур тортсангиз бутун олам даҳшат ва ларзага келиб, мен ҳам ўз вужудимда ҳар нарсаки бор, қурқувдин ташқари чиқариб юборурман. Менинг аҳволим анда оғир бўлур. Аввало, бу омонатларни қандай сақлармен», – деб зору тавалло қилди. Ҳазрат Исрофил ҳам унга раҳм-шафқат қилиб, туфроқ олмай қайтди. Аллоҳдин хитоб бўлди: «Эй, Исрофил! Нечук туфроқ олиб келмадинг». Шунда, Исрофил (а.с.) айт­ди: «Эй, Худованди карим, бечора ер чунонам зору тавалло қилиб, Сенинг азиз ва мукаррам номинг ила онт ичди. Раҳмим келиб, олмай келдим», – деди. Яна айтди: «Эй, Бор Худоё, бутун оламни кезиб, сарҳисоб қилиб, ер (туфроқ)дин ожиз ва хор нарсани кўрмабман, анинг оҳ-ноласига раҳмим келиб, олмай қайтдим». Шундан сўнг, Аллоҳи бобаракот ҳазрат Азроил (а.с.)га «ердан туфроқни сен келтирасан», деб фармон берди. Алалхусус, ҳазрат Азроил (а.с.) ерга тушиб, неча сиёсат ва даҳшат бирла унга чангал солдилар. Ер бечора чандон йиғлади. Шунда ер ҳазрат малаку-л-мавтга мурожаат қилиб: «Мен жамики мавжудот ва махлуқотлар ичра бир хору зордурман, менга шафқат қилинг», – деди. Лекин ҳазрати Азроил қулоқ солмади ва «Сен жуда осий ва бефаҳмдурсан. Сен уч йўла Аллоҳга беформонлиғ қилдинг, энди сендин бўлган мавжудотлар ҳам осий бўлғусидур» деб, Мағриб ва Машриққа айландилар. Равзаи мунаввара заминидин бир чангал туфроқ олдилар. Ул туфроқда ҳар хил хусусиятлар бор эрди. Чунончи, юмшоқ, қаттиқ, шўр, ширин ва ҳоказо. Шул сабабдин одам фарзандлари ҳар хил мижоз (характер) ва рангда бўладур. Баъзиси юмшоқ сўзли, баъзиси жоҳил ва ҳоказо.

Алқисса, Азроил (а.с.) мазкур туфроқни Ҳақ таоло даргоҳига келтирди. Ҳазрат Азроилдин: «Эй, Азроил, ер сендан нажот ва шафқат сўрамадиму?» – деб сўради. Ҳазрат Азроил Унга: «Сўради, сўраб, чунон нолишу фиғонлар қилди, аммо мен Сенинг фармонингни тутиб, унга қулоқ солмадим», – деди. Аллоҳ унга: «Энди, сен ундан пайдо бўлган махлуқотнинг жонини қабз қилувчи бўлурсан», – деди.

Шунда, ҳазрат Азроил йиғлаб айтди: «Эй, Худоё буларнинг орасида анбиёлар, авлиёлар, олиму уламолар пайдо бўлғусидур. Алар мени душман тутурлар», – деб зор-зор йиғлади. Шунда ҳазрати раббу-л-оламиндин бир хитоб бўлди: «Эй, Азроил, сен куюнмагин, мен Одам фарзандига ҳар хил дарду офатларни берурмен. Алар бу дарду офатларни сен ва Мендин эмас, балки ўтдан, сувдан, дарддан кўриб, ўз тақдирларига тан бериб кетаверарлар».

Шундай қилиб, олиб келинган туфроқни Аллоҳнинг амри бирлан Макка ва Тоиф деган жойдаги баҳри «Аллоҳ рон», яъни «дарёйи ғам» деган ёмғирда ўттиз тўққиз йил сақлади. Сўнгра бир йил устига шодлиғ булутидан ёмғир ёғдирди. Шу сабабдан одамлар умрининг кўп қисми ғам бирлан ўтади. Қирқ йилдан сўнг мазкур туфроқ Ҳақ амри бирлан балчиққа айланди. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўз қудрати бирлан Одам (а.с.) суратини пайдо қилди. Ҳазрат Жаброилга: «Эй, Жаброил, мени лутф ва қудратим шалоласидин ва муҳаббатим ҳавзасидан сув келтиргин», – деб фармон берди.

Андоқ қилдилар. Бир неча хил сув ва туфроқни бир-бирига қўшиб, ранго-ранг туфроқлардин хамир қилиб қўйдилар. Буларни меҳр гулистони, жалолу-жамол, гулу-гулистон навниҳоли бирлан безатдилар. Сўнгра бу жисмга яна тўрт нарса қўшди, яъни бу бўлғуси Одам вужудида мавжуд бўлди. Булар ақл, руҳ, нафс ва кўнгил. Уларнинг ҳар қайсисидин бир унсурдан олинди. Масалан, кўнгилни сувдан олди. Чунки кўнгил равшан, соф, тиниқ, мусаффо бўлмоғи лозим, ҳамда жаҳоннамо бўлиши керакки, унинг орасида бутун жаҳонга арзирли кўнгиллар бор. Улар ғайб ва шаҳодат, илм маскани бўлур. Бутун олам ташвиши сиғадиган кўнгил (юрак) ҳам яралур. Масалан, Расулуллоҳ, Зулқарнайн ва ҳазрат Сўлаймоннинг юракларига бутун олам сиққандир.

Иккинчи унсур руҳни шамолдин олди. Ани ғайб илми бирла ўзига бандачилик қилиш мақомига ибодат этгали майл этиб қўйди. Учинчиси ақлни туфроқнинг ўзидан олди, чунки уни турли ранг ва шаклга солса бўлади. Ақлга ҳам нимани ўргатса, қандай шакл берилса, қандай тарбияланса, ўшандай бўлур. Тўртинчиси – нафсдур. Уни ўтдин олди. Чунки нафс – ўтдур. Унинг йўлига юрилса, бутун олам куйиб, кул бўлади. Бунга тарихий мисоллар кўпдур. Қирғинбарот урушлару босқинчилик­ларнинг барчаси нафс туфайли пайдо бўлгандир. Дарҳақиқат, кўп урушлар, босқинчиликлар ёки ер-тахт талашишлар нафс ғолиблик қилганлиги боис содир бўлган.

Нафс йўлига кирган одамни куйдирса бўлур. Жамики меҳнат ва машаққатлар ҳам нафс туфайлидир. Нафсга эрк берган кишининг ҳоли вой бўлғусидур. У охир-оқибатда азоб-уқубатга йўлиқади. Балога гирифтор бўлади, Аллоҳ таоло Одам (а.с.)нинг ҳар бир қисмини бир тарҳ этиб, ҳар қисмни бир хизматга мутасадди қилди. Чунончи, кўзни ёруғ дунё ва барча санъатларни кўришга, қулоқни ўзга сўзлар, калималар ва овозларни эшитишга, бурунни нафас олиш ва ҳидларни ҳис этишга, тилни сўзлаш, иймон келтириш ва Исломни зикр қилишга, пешонани ўзига сажда қилишга, оёқни холис хизматлар, рукуъ ва сужудга восита учун қўлни хайр-саховат бериш, ёзиш, меҳнат қилиш ва ўзини ҳимоя қилишга, хуллас, барча аъзоларни муайян бир масъул хизматга ярайдиган қилди. Аммо бир аъзонинг ишини бошқа бирови бажара олмас.

Алалхусус бу жисмлар ва суратлар бирлан ҳазрат Одам (а.с.) бино бўлдилар.

Унинг муборак боши Машриқ тарафда эрди. Чунки қайси куники, унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жон ато этса, у ўрнидан турса, юзи қибла тарафга қараган бўлиши шарт эди.

ОДАМ (А.С.) ЖИСМЛАРИНИНГ ЯРАТИЛИШИ.

АЗОЗИЛНИНГ ШАЙТОНИ ЛАЪИНГА АЙЛАНИШИ.

Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни туфроқдан яратишининг сабаби нима? Сабаби шулким – қайси куни ким Худои таоло одамни яратмоққа жустужу қилди, барча мавжудот ва унсурлар «Одамни мендан яратадур», – деб фахрланди. Чунончи, баланд тоғлар айтдилар: «Мендан яратадур. Чунки мен ҳаммадан баланддурман». Дарёлар айтди: «Мендан яратадур, чунки мен ҳаммадан покроғдурман». Олтин, кумуш ва барча жавоҳирлар: «Биздан яратадур, чунки биз соф ва вазминдурмиз ва қимматбаҳодурмиз»,– деди. Осмон айтди: «Менинг қадрим баланд, мендан яратадур». Хуллас, ҳаммалари бир фахр ва ғурур бирлан юрдилар. Ул маҳалда туфроқ бечора кўнглида айтдики: «Мендан хор ва нотавон хоксор йўқдир, асло Одамни мендан яратмас», дер эди. Худои таолодан лутф ва хитоб бўлдиким, «Эй, туфроқ, сен ўзингни ҳаммадан паст ва хор кўрдинг, энди ул азиз ва шарофатли Одамни сендан яратурман», – деди. Шу сабабдан бизни туфроқдан яратди. Аммо Одам (а.с.)нинг суратларини қирқ йил тутди. Уни барча фаришталар ва малоикалар ичра тараннум этди. Уларнинг орасида бундай ажойиб ва хушсурат йўқ эрди. Бир кун Азозил ҳам ўзига беркитилган малоикалари билан келиб томоша қилди ва турли дашномлар айтди. Чунки мазкур суратда у осмон ва ер, арш ва курсда кўрганларининг барчаси бу суратда намоён эрди. Шайтон алайҳиллаъна ушбу суратларнинг ичига кириб, ҳайратда қолди. Аммо кўнгил иморатига кирмади. Худои таоло унга йўл бермади. Қайтиб чиқиб: «Эй, фаришталар айтинг, агар Худо буни мендан азизроқ ва эътиборли қилса, сизлар нима қиласизлар», – деди. Фаришталар: «Аллоҳ таоло агар амр этса, биз бажонидил унга хизмат қилишга камарбаста бўлурмиз. Ани мутеълигини қилурмиз», – дедилар. Иблис айтди: «Мен зинҳор базинҳор унга тобе бўлмасман». Шул сабаб, ул тоабад лаънатланди. Ҳар кишики, Ҳақ субҳонаҳу ва таолони азиз яратган бандасини эътироф этмаса, Аллоҳнинг ердаги ўринбосарларини менсимай, ўзини такаббурликка олса, охирида лаънатли бўлур. Наъузу биллоҳи мин залика.

Андин неча йил ўтгач, бир куни Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Жаб­роил (а.с.)га фармон бериб айтди: «Эй, Жаброил, нури Муҳаммадни келтиргин, ани ушбу туфроққа қориштириб, омухта этиб, омонат қилурмиз. Жаброил (а.с.) ул нурни келтириб, Одам (а.с.)нинг манглайи ҳумоюнларига жойлаштирди. Ушбу нур туфайли барча мавжудотлар Одам (а.с.)га сажда қилди.

Шундай қилиб, Одам (а.с.)нинг жасадлари тайёр бўлди. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўз қудрати билан сийналарига иймон ва Исломни дохил қилди ва хитоб қилиб айтдики, «Эй, руҳ киргил бу жасадгаким ва бу андоғ нимарсаким, мен уни ўз қудратим билан яратганман ва маъмур этганман» («Қисасу-л-анбиё» 38-бет). Шунда руҳ ушбу тананинг ичига қараб, «бу қоронғулик зулмат эрурки», деб қўрқди ва «Эй, поки Парвардигоро! Бунинг ичида юз минг ҳашаротлар ва мавжудотлар бордур. Менга ҳамла қилса нима қилурман, мен ожиз ва танҳолик қилурмен. Сира киргали тоғатим йўқдур, кирай десам қўрқадурмен, алар кўпдур, мен ёлғизмен», – деб муножот қилди. Сўнгра у Аллоҳга: «Мен бу ерда танҳо ва ғариб бўлиб қолурмен», – деб муножот қилди. Аммо Ҳақ субҳонаҳу ва таоло унга уч маротаба: «Киргин», деб фармон берди. Руҳ қўрқиб, муножот қилиб турди. Охируламр «Эй, руҳ киргин, яъни бод вақтда саломат чиқарсан»? деган хитоб келди. Шундан сўнг, нури муборак, Муҳаммад (с.а.в.)нинг нури нубувватлари аларнинг бошларига қўнди ва ҳазрат Одам (а.с.)нинг муборак қалблари равшан ва мунаввар бўлди. Руҳ эрса завқ ва шавқ бирлан беихтиёр қалбга кириб кетди. Аммо ўзини бир қафас ичида ҳис қилди. Лекин туфроқдин яратилган сурат (жасад)нинг қадр-қимматини андоғ билдиким, ҳамма олам ва коинотнинг латофат ва назокати, айш-ишратлари, ноз-неъматлари, беҳишту ризвонлари, ҳуру ғилмонлари анинг учун экан. Аршу курс, лавҳ қаламни анинг учун ораста эканин намоён этди. Ҳамма олам, мавжудот ва сир-асрорларнинг бунда мужассамлигини билди. Барча камоли қудрат мунда намоён эканини англади. Шунда руҳнинг назари аршга тушди, анда калимаи таййиба битиклик экан. «Ла иллоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» ва яна анинг ёнида «набий ва раббу-л-ғафур» каби икки калимани кўриб, ҳайрон бўлиб айтдилар: «Ла илоҳа иллаллоҳ» Аллоҳнинг отидур, «Муҳаммаду-р-расулуллоҳ» нечук нимарсадур», – дедилар. «Ё, Илоҳо, отинг бирлан ёнма-ён бир битиклик номни кўрдим, ул нимадур», – дедилар. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таолодин нидо келдиким, «Эй, Одам ул Муҳаммад деган фарзандингдур ва менинг бандамдур. Пайғамбари охири замон бўлур, ул шундай зоти бобаракаатдур, ҳам раҳматан лил-о-ламиндур, чиройи олам ва хотами-н-набийдур. Агар сенинг авлодларингдин ҳар кимса осий бўлса, ани шафиъ келтурса, ул мағфират қилур», деди. Шунда Одам (а.с.): «Мен оми бўлсам, ул менга фарзанд бўлса, мен гуноҳкор бўлғонда нечун ул шафоат қилур эрмиш. Бундин яхши иш кўринмас», – деб кўнгилларида кудурат пайдо бўлди ва хафа бўлдилар. Шул замон хотифдин ҳазрат Жаброилга хитоб бўлдиким, «Эй, Жаброил! Одам (а.с.)нинг дилидан бу ғашлик ва кудратни қириб ташлагин». Шунда ҳазрат Жаброил одамнинг дилидан бу ғашлик ва кудратни қириб ташлади. Аммо бир қисми баданларига сингиб қолди. Олинган қисмини беҳиштга кўмдилар. Ундан бир дарахт ўсиб чиқди. Вақти келиб ул мева берди. Унинг отини «Шажару-л-мамнуъа» дерлар. Ҳазрат Одамнинг хатога йўл қўймоқликларига ул мева сабаб бўлди дерлар. Аллоҳу аълам биссавоб.

Алқисса, Одам (а.с.)нинг баданларида қолган кудуратдин нафс, куфр, туғён, исён, ғам-алам, залолат, меҳнат-машаққат, кулфат, нафсоният, шаҳват каби ғайриинсоний ва исломий ишлар то вақти қиёматгача инсонлар йўлдоши бўлиб боришига сабаб бўлди.

Имом Абу Аббос Самарқандий раҳматуллоҳи ривоят қиладиларким, вақтики, Одам (а.с.) таналарига руҳ кирди, ул руҳ Одам (а.с.)нинг кўзларига борди, ўзларининг қора туфроқдин пайдо бўлғонларини кўрдилар ва яна димоғларига борди, акса урдилар. Андин тилларига борди, «Алҳамдулиллоҳи куллиҳол», – дедилар. Шунда Худовандо: «Ярҳамука раббука», – ­деди. Яъни Аллоҳ хушвақт бўлиб, унга: «Эй, Одам ҳали Менинг неъматларимни истеъмол этмай шукрини бажо келтирдинг, Мен ҳам сени қиладурғон гуноҳларингни афв этурман», – деди. Шунда, Одам (а.с.) «Ярҳамука раббука» нидосини эшитиб, зор ва фиғон билан йиғладилар. Хитоб келдики, «Эй, Одам не учун йиғларсан?» Айтдиларки, «Ё Парвардигоро кўзимни очиб, ўзимни ва арш курсини кўрдим. Қулоғим очилиб, «Ярҳамука раббука» садосини эшитдим. Бу икки нидодин азоб-уқубат бўлғусидир». Хитоби илоҳий бўлдики: «Эй, Одам! Гуноҳ қилишингни билдинг ва Менинг мағфират этишимни ҳам билдинг. Мен доимо сенга раҳм қилурмен». Шунда руҳ яна сийналарига кирди ва ўринларидин тургали ҳамла қилдилар, лекин туролмадилар. Нафслари жунбишга келиб, таом тилади. Дарҳол беҳиштдан уч луқма таом юборилди. Ани едилар. Руҳ (жон) тамом баданларига ёйил­ди. Таом гўшт ва териларни ҳаракатга келтирди. Таналарига бир илоҳий мадад кирди. Тебрандилар. Таналарига тўла жон кирди. Азиз китобхонга маълум бўлғайки, на учун жон танга осон кирибдур, чиқарда неча азоб-уқубат ва талхлик бирлан чиқар? Жавоб улким, ҳаммадин ҳам жон чиқарда, қийноқ бирлан чиқмагай. Ҳақнинг раҳматига сазовор бўлган яхши инсонлар, албатта, жуда осонлик бирла жон бергай.

Буни кузатувларда жуда кўп шоҳиди бўлганмиз. Ривоят: Бобом 91 ёшда эдилар. Ҳеч касал бўлмас эдилар. Бир куни бироз бетоб бўлдилар. Кечки пайт туман раҳбари келган эди. Уйда овқатланиб, у билан кечки топшириқни адо этишга кетаётган эдик. Бобом мени ёнларига чорлаб, болам бўрдоқиларнинг емиши тугабди. Сен ҳар ҳолда раиссан. Тезда ем келтириш чорасини қилгин», – дедилар. Мен, хўп отажон, деб ҳалиги меҳмон билан шошилиб чиқиб кетдим. Ярим соатлар ўтар-ўтмас орқамдан мажлис ўтиб турган жойга хабарчи бориб, бобомнинг вафот этганликларини маълум қилди. Биз шошилиб уйга йўл олдик. Мана, кўрингки, бир умр намоз ва рўзасини, хайр-саховатини тарк этмаган бобом осонгина жон таслим этдилар. Бу мазкур фикрнинг тўғрилигига далолат берувчи кичик бир мисол, холос. Яратган Эгам ҳаммамизни ҳам талхаи жонимизни охирида осон айласин!

Аллоҳ таоло барча ишни оҳиста-оҳиста, ўта сабр бирла, изтиробсиз, ўзгаларга билдирмай ўз қудрати бирлан қилади. Туфроқдин жасадни ясаган ва унга жонни киргизган чоғда ҳам буни ҳеч бир махлуқоту мавжудотга ошкор этмади. Одам (а.с.)нинг баданларига жонни киргизган кун жума куни эрди. Аср вақтидин кейин жон танга дохил бўлди.

Инсон танасидаги барча аъзолар яратилган куни фахрланиб ҳар қайсиси ўзининг бажарадиган хизмати ҳақида ғурур ва ифтихор ила сўзлади. Аммо руҳсиз барча аъзолар мажруҳ эканлигини, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло маълум қилди. Руҳнинг ҳам омонат эканлигини, унинг ҳам эгаси борлигини билдирди. Бу қасри вужудни, яъни одам танасини руҳ билан зийнатлади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўзининг сирларини барчага билдириш учун «إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ», – деди, яъни «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман» («Бақара» сураси, 117-оят).

Кунларнинг бирида Ҳақ субҳонаҳу Одам (а.с.)га нурдан бир тахт ясаттирди ва унга ўлтирғизди. Барча малоикаларни тўплаб, айтдики: Жамики оламда яратилажак мавжудотларни маълум қилиб, улардан қай бирининг умри узун ва қайсисининг умри қисқа ва қайсисининг ризқи қанча эканлигини сўради. Фаришталар ожиз бўлиб, жавоб беролмадилар. Шунда, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло барча фаришталарни муайян бир ишга мутасадди қилиб қўйди. Бирини саждага, бирини намозга, рўзага, хайр­га ва ҳоказо. То қиёматгача алар ўз вазифаларини адо этиб турадилар. Фаришталар ҳамма иззатни Одам (а.с.)дин топди. Аллоҳ таоло фаришталарга буюрди: «Эй, фаришталар! Одамга сажда қилинглар». Шунда барча фаришталар Одам (а.с.)га сажда қилдилар. Бошларини кўтариб кўрдиларки, Азозил бир дев суратлиғ, қора юзли, кўзи чоғир, бўйнига «тавқи лаънат» ва занжир осиғлиғ «шайтони лаъинга» айланибдур. Азалдан унинг тақдири шул эди, оқибатда шунга гирифтор бўлди. Азозилни бундай ҳолатда кўриб, фаришталар хурсандчиликдан яна бир бор саждага бош қўйдиларки, бу саждаи «шукр» эди. Намозда икки сажда шундандир. Бирини саждаи эътиқод, иккинчисини саждаи «шукр» дерлар.

Ҳақ субҳонаҳу ва таолодин фармон келдики, «Эй, малъун, энди айтғил нима учун Одамға сажда қилмадинг?» Ул Ҳақ субҳонаҳу ва таолога: «Эй, бор Худоё! Мен беҳроқдурмен, мени сен ўтдин яратдинг, уни эса балчиқдан яратдинг, ҳеч маҳал ўт балчиққа сажда қилурми?» – деди. Ўт равшанлиғ, туфроқ зулматдир. Нури сафои ўтдадур, туфроқдан бўлмас. Ўт куйдирар, хомни пиширар, иситар, эритар, туфроқда бу каби хислатлар йўқдур», – деди. Ҳақдин яна хитоб бўлдики, «Эй, малъун! Сени ҳамма сўзларинг Иблис сўзи, муртади абадий ва мутакаббири азалий сен. Менинг даргоҳимда мундоқ худбини лаъин нописанддур. Сени ер бирлан яксон қилурмен. Хўшхўй, ширинсухан одамнинг эса мушкулини осон қилурмен, чунки туфроқ сабрлидир, мулойимдир. Беҳиштни ҳам мен туфроқ бирла оройиш этганман. Беҳиштда олов йўқдур. Шул сабабдин беҳиштни яхши, дўзахни ёмон дерлар. Туфроқнинг ўтга ҳожати йўқдур».

ШАЙТОН АЛАЙҲИЛАЪНАНИНГ АЛЛОҲГА ДАЪВОСИ ВА РОНДАИ ДАРГОҲ БЎЛГАНИ

Алқисса, Азозил Одам (а.с.)га сажда қилишдин бош тортди, ибо қилди, ор этди. Ўшал замон фаришталик мартабасидин четлаштирилди. Бўйниға «тавқи лаънат» осилди. Дев суратга айлантирилиб, беҳишти амбарсариштдин рўйи заминга улоқтирилди. Барча кароматлари ва яхши либослари олинди. Тож давлати олиниб, оғир кулфат ва меҳнатга дучор қилинди. Либослари тўкилиб, фалокат либосига бурканди. Пешволиғ олиниб, равсолиғ балосига мубтало этилди. Раҳматдин машаққатга солинди. Барча фаришталар унинг бошига тош билан урдилар. Фаришталар билан сўзлашишдан маҳрум бўлди. У барча фаришталардин хушсуратроқ, латофатли эди. Қанотлари зумрад ва ёқутдин эрди. Ер ва кўкда хоҳлаганича сайру томоша қилар эрди. Осмон қатларига, арш, лавҳу-л-маҳфузга, беҳиштдин-беҳиштга бемалол юрар эрди. Барча фаришта ва ҳур-ғилмонлар уни ҳурмат-эҳтиром қилар, хизматида камарбаста эдилар. Аллоҳ таолога нофармонлиғ ва ношукрлиғ қилғони сабабли барчасидин маҳрум бўлди. Дерларки, Аллоҳ таоло шайтонни ўз даргоҳидан ронда қилди, уни ер юзига ташладилар.

Келиб бир дарёга тушгач, чунон ҳам қийналиб, меҳнат ва машаққатлар тортдиким, чеки йўқ эрди. Дарёда аввало, ҳеч бир нафас ололмади. Не машаққатлар ичида ўз шумлиғи бирла жон сақлаб, ўзини ўнглаб олди ва азоблар ила дарёдан чиқди. Ҳоло бу дарёни «Дарё-йи шўр» дерлар. Шайтон ўзини бу ҳолатда кўриб, йиғлаб Аллоҳга: «Ё Худоё, даргоҳингда неча минг йиллар тоат-ибодат қилдим, охируламр, ҳолим шул бўлдиму? Хайр! Ҳар нима бўлсам бўлдим», – деб илтижо қилди. Сўнгра куфр ва бедиёнат сўзлар бирлан дарёдан чиқиб, дашту биёбонларга, залолат бирлан қадам қўйди.

Бир куни ул Аллоҳга мурожаат қилиб, «Эй, бор Худоё, мен даргоҳингда бениҳоят тоат-ибодат қилдим, анинг музди (ҳақи)ни бергил», – деди...

Шунда Аллоҳдин: «Сабр қилғил, хизмат ҳақингни қиёмат куни берурмен», – деган хитоб келди. Шайтони лаъин Унга: «қиёмат куни мени ҳарна қилсанг қилғил, ҳозир менга нақдини бергил», – деди. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло унга: «Нима истарсен, тилагил», – деди. Шайтон: «Ё Парвардигоро, менга умри дароз бергилки, мен то даври қиёматгача тирик бўлайин. Иккинчи тилагим одамзодни пўсти бирла гўшти орасида юришга йўл бергил, мен хоҳлаган пайтимда анда юрайин, ўзи буни билмасин», – деди. Худои таоло шайтонга: «Ҳарна тилагингни бердим», – деди. Шунда, шайтон хурсанд бўлиб айтдики, «Энди муродимга етдим. Одам боласининг барчасини йўлдан уриб, ўзим янғлиқ қилурмен». Шунда Аллоҳдан «Эй, малъун, сен фақат осий бандаларни йўлдан ура олурсан, мўминларга, Менинг номимни шафиъ келтириб турганларга асло қўл узата олмассан ва уларни восвос қила олмассан», – деган хитоб келди. Яна Аллоҳ таоло бир фариштага «Ҳар куни унинг гарданига бир сўйл бирла уриб турғил», – деб буюрди. Шул боис, уни ҳар куни урарлар. Ул юзтубан бўлиб, қора туфроққа йиқилар. Валлоҳу аълам!

ОДАМ (А.С.) НИГИНЛАРИ

Фаришталар Одам (а.с.)га барча сажда қилган вақтда, Азозил сажда қилмай «шайтон» бўлди. Одам (а.с.)ни беҳиштга олиб кирдилар. Унга турли алвон беҳишт ҳулларидин кийгиздилар ва махсус тахт ҳозирлаб, анга ўтирғиздилар, қўлларига «ангушти хилофат»–қора шир тақиб, бошларига тожу ҳумоюн ва кароматни қўйдилар. Нигинларига «Ла илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-расулуллоҳ» нақш этилган эди.

Тахт узра ўлтирур эрдилар. Етмиш минг фаришта теграларида хизмат ва салавотда эди. Шунда Аллоҳдан: «Эй, осмон аҳли! Тамоми ризвони беҳиштларнинг эшиклари очиқ турсин, асал ва шарбат дарёлари мавжланиб турсин, тамоми мева дарахтларининг меваси пишиб турсин, тамоми беҳиштларга янгидан оройиш беринглар. Фазл ва иноят шамоли эсиб турсин. Ҳуру ғилмонлар ўзларини ораста қилсинлар. Жами хушовоз ва нағма садолари янграб турсин. Булбуллар хушнавода бўлсинлар. Сиз фаришталар, тахт атрофида хўб одоб билан юринглар!» – деган нидо келди.

Алқисса, фаришталар, ҳурлар ва барча мулозимлар одоб ва икром бирла йиғилиб, Одам (а.с.) тахтларини кўтариб, уни беҳишт эшигига олиб келдилар.

Аллоҳ таоло: «Эй, Одам! Сени ўз қудратим бирла яратдим. Осмон сирларини билдирдим. Фаришталарни сенга сажда қилдирдим. Сенинг учун Азозилни «шайтон» қилиб, бошидан тожи афлокини олиб, тавқи лаънатни осиб, даргоҳимдан ихрож қилдим. Ул сенга душманлик қилиб эрди, душман бўлди. Энди, зинҳор анинг сўзига кирмағил ва анинг бирла ҳамсуҳбат бўлмағил», – деб фармон берди.

Шунда, Одам (а.с.) ҳам бу фармонни бажонидил қабул қилдилар, салавот айтдилар. Шунда жами фаришталар ҳузурида «аҳднома» битилди. Андин сўнг Одам (а.с.)ни жаннатнинг энг яхши жойига олиб кирдилар. Одам (а.с.) ва жами фаришталар салавот ва таййибот айтдилар. Муҳаммад (с.а.в.)нинг руҳи пок­лари ўнг бармоқларида нурафшон бўлди. Уни Одам (а.с.) муборак қилиб кўзларига суртдилар.

Ҳоло бизлар ҳам истиғфор айтиб, бармоғимизни кўзга суртурмиз, бизга ўшал суннат бўлди.