Qalbga malham hikmatlar
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Qalbga malham hikmatlar

СЎЗБОШИ

Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирраҳу ўзининг фалсафий қарашлари билан бутун дунёга танил­ган файласуфдир. Нафақат файласуф, балки диний қарашлари ва Аллоҳга нисбатан ишқи борасида ҳам барчага ўрнак. У ҳар бир инсоннинг чиройли ва гўзал ахлоққа эга бўла олиши мумкинлигини таъкидлайди.

Жумладан, бир ривоятда келтирилишича, бир неча киши Румийнинг ҳузурига келиб шундай савол беради:

– Нима сабабдан муридларингизнинг барчаси гу­ноҳкор ва ёмон одамлар?

Мавлоно саволга савол билан жавоб қайтаради:

– Орангизда бирор гуноҳи бўлмаган киши борми?

Савол берганлар бошларини эгганча жим қоладилар ва Мавлоно сўзларида шундай давом этади:

– Агар муридларим яхши инсон бўлишганида эди, мен уларга устоз-муршид эмас, балки муридлик қилган бўлардим. Ҳамма яхшилар билан дўст бўлишни истайди. Бироқ сиз ёмонларга қучоқ очингки, улар ёмон феълларидан воз кечиб, яхши бўлсинлар. Бизнинг асл мақсадимиз ёмонларни тарбиялаб, яхшилик йўлига буришдир. Муридларимдан айб излагунча, аввал, ўзингизга кўзгу тутинг.

Мавлононинг руҳий олами ва кўнгил мулкининг жавоҳирларини кашф қилишимизда ёрдам берадиган ҳикматли сўзларини ҳукмингизга ҳавола қилишни ният қилдик. Иншааллоҳ, бу ҳикматлар орқали ўз-ўзимизга кўзгу тутамиз ва нуқсонларимизни имкон қадар бартараф этамиз.

Гўзал МИРЗАЕВА,
тўплаб нашрга тайёрловчи

ДАРД-АЛАМЛАР ОРТИДА

Кунларнинг бирида уйига кириб келган Мавлоно ўғлининг бир бурчакда маҳзун ва қайғуга ботган ҳолда ўтирганини кўрди. Ёнига келиб ундан бу ҳолининг сабабини сўради. Ўғли бир он бошини кўтариб, чуқур оҳ тортди ва:

– Ҳеч нима! – деб жавоб берди.

Мавлоно бирор нима демай аста ўғлининг ёнидан узоқлашди ва ташқарига чиқди. Эшик ёнида бўрининг терисидан қилинган пўстин осилиб турарди. Уни устига ёпиниб олган Мавлоно баланд овозда увлай бошлади.

Ўғил ташқаридан келаётган овоздан ҳайратланди. Ташқарига чиқиб, отасини бундай ҳолатда кўргач, беихтиёр кула бошлади. Мавлоно кулгидан тўхтамаган ўғлига шундай деди:

– Қара, болажоним! Дунё дардлари ҳам худди шундайдир. Аслида бўри қалбларга ваҳшат солувчи ҳайвон. Аммо сен бу тери ортида отанг борлигини билганинг учун қўрқмадинг ва кулдинг. Худди шу каби бутун дард-аламлар ортида Роббинг борлигини англа ва Унга ишон!

Дард – Аллоҳнинг бандасига парда ортидан «Менга яқинлаш!» – дейишидир. Дард – Аллоҳнинг бандаси қалбида бўлишига сабабдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Мен синиқ қалблардаман!» – дея марҳамат қилади. Дард берган Аллоҳнинг шу дард ила сенга яқинлашганини кўрмадингми? Биргина дард ила сенга яқинлашган Аллоҳни билмадингми? У бандасини севдими – дард беради, алам беради токи, «Банда давони ёлғиз Ундан топсин!»

Сени шу қадар севгувчи Роббингнинг берган дарди оғирлик қилдими?!

КЎК ГУМБАЗИ

Мавлононинг дўстларидан бўлган Муиниддин Парвона бир куни у зотнинг ҳузурига келиб «Олимлар султони» деб ном қозонган отаси Султон Валаднинг мозори устига катта мақбара қуриш ниятида эканини айтиб, бунинг учун изн сўради. Ҳазрат Румий эса унга шундай жавоб берди:

– Ҳақиқатан жуда улуғвор, дунёнинг ҳеч бир еридан топиб бўлмайдиган тенгсиз бир гумбаз қура олишинг мумкин. Аммо ҳеч бир гумбаз илоҳий шоҳ асар бўлган кўк гумбазидан гўзал ва устун бўла олмайди. Шундай экан, мозор Аллоҳнинг асари бўлмиш гумбаз остида қолсин.

МАВЛОНО ҲИКМАТЛАРИ

Ёлвориш ва фақирликда ўзингни ўликдек тут (ило­ҳий ишқ йўлида ўзингни маънан ўлдир)ки, сени Исо нафаси тирилтирсин, ўзидек гўзал ва муборак ҳолга келтирсин! Баҳорнинг майин шаббодаси тошга таъсир қилиб уни яшната оладими? Шунинг учун тупроқ бўл, токи сендан гуллар унсин. Йиллар бўйи кўнгилларни жароҳатлаб, қалбларни тирновчи тош бўлдинг; қани энди ўзингни синаб кўриш учун ҳам бир муддат тупроқ бўлиб кўр!

* * *

Ҳар кимнинг фикри, ҳаракати турган мақомига кўра бўлади. Ҳар ким оламни ўз нигоҳи ила кўра олади. Мовий кўзгу қуёшни мовий кўрсатади, қизил кўзгу эса қизил!

* * *

Мулойим бўлгинки, қалбларнинг қулфи очилсин!

* * *

Дийдор кўрмай ғам чекишинг не, ахир биз Аллоҳни кўриб севмадикку?

* * *

Уста қандай ҳунар билан донг таратган, қандай ҳунар билан шуҳрат қозонган бўлса, шогирд ҳам ўша ҳунар билан илгарилайди ва танилади. Усул илмини билган устоднинг ёнида юрган зукко ва қобилиятли талаба фақатгина усул илмини ўргана олади, фиқҳ илмини эмас. Ҳақиқат йўлида маҳв бўлган устоднинг шогирди эса устодининг соясида подшоҳдан маҳв бўлади, йўқликка етишади. Ўлим куни бутун илмлар фойда берадиган ва йўл озиғи бўлган илм ҳам аслида мана шу – йўқлик илмидир!

МАВЛОНОНИНГ ДЎСТЛИК ҲАҚИДАГИ
СЎЗЛАРИ

* * *

Денгиз чуқур туриб бўлмайди, дўстлик абадий унутиб бўлмайди.

* * *

Дўстларинг билан шундай муносабатда бўлгинки, душман бўлганларида сен ҳақингда айтадиган бирор сўзлари бўлмасин. Душманларинг билан шундай муомала қилки, бир кун дўстлашиб қолсанг, юзинг қизармасин.

* * *

Дўст – ачитиб сўзлаган эмас, аччиқни ширин қилиб сўзлай олгандир!

* * *

Илон чақса оғриғи жонни олар, аммо ёмон дўст ҳам жонни, ҳам имонни олар!

* * *

Чин дўст бўлса ўйламай умрингни бер, кетсин, дўст бўлмаса куттирмай йўлини кўрсат, кетсин.

* * *

Комил инсон билан дўстлашмоқчи бўлсангиз, уни танқид қилинг, оддий одам билан дўстлашмоқчи бўлсангиз, уни мақтанг!

* * *

Дўст ёнига ҳадясиз бориш, тегирмонга буғдойсиз бориш демакдир.

* * *

Инсонлар билан дўстлаш, чунки карвон қанчалик катта ва одами кўп бўлса, йўлтўсарларнинг беллари шу қадар букилади.

* * *

Нуқсонсиз дўст излаган дўстсиз қолар!

* * *

Мен Мажнун эмасман, эй дўст! Аммо чорласанг чўлларга ҳам борурман.

* * *

Чин дўсти бор инсоннинг ойнага эҳтиёжи бўлмайди.

* * *

Ўзингдаги энг яхши нарсаларни дўстингга ҳам бер!

* * *

Эй кўнгил! Бир қанча дўстларинг ёнида албат душманларинг ҳам бўлар.

Лекин имтиҳон шуки, шунча душманинг қолиб сени дўстинг қулатар.

* * *

Ҳаммага дўст бўлган ҳеч кимнинг дўсти эмас!

БУ АЙРИЛИҚ

Айбга буюрманг дўстлар, афв этинг мени.

Мен бўрон ва довулларга парво қилмайдиган бир

подшоҳнинг йўлидаман, далли девона бўлганман.

Жуда узоқ масофаларни босиб келаётган одамга ўхшайман, олислардан ўтаётган хаёл каби.

Бироқ йўқ ҳам эмасман, мавжуд ҳам...

Қани, мен менсиз келай, сен сенсиз кел.

Не бўлса ҳам шу ирмоқнинг ичида бор ҳар нарсани қолдириб, икки жон шу ирмоққа толиб кетайлик.

Бу қуруқ ерда шикоят қилишдан бошқа нени кўрдик, бу шудгорда нени кўрдик зулмдан бошқа.

Бу ирмоқда на ўлим бор бизга, на ғам бор, на қайғу ва на дард...

Бу ирмоқ қўлдан келганча яшашдан, яхшилик қилишдан ва саховатдан иборат...

Кутма, тезроқ кел, келмам дема...

На ҳа дейиш ярашади сенга, на йўқ дейиш дўстим, сенинг шаънингга фақат келиш ярашар...

МАВЛОНОДАН САБР СЎЗЛАРИ

Сабр оғриқларни даволовчи аччиқ малҳамга ўхшайди. Жонни оғритади, бироқ ярани даволайди.

* * *

Бир кун келиб «Очилмайди» деган гулларинг очилади. «Кетмайди» деган дардларинг арийди. Туганмас деб ҳисоблаган вақтларинг тугайди. Ҳаёт шундай бир сирки, аввал шукр, кейин сабр, сўнгра ишончдир.

* * *

Тақиллатган ҳар бир эшигинг очилаверганда умид, сабр ва орзу каби тушунчаларнинг даражаси буюк бўлмай қоларди.

* * *

Чиқадиган нарвонимга сабрни зина қилдим.

* * *

Қайғу чекма, эй жон! Кўра олганинг, юра олганинг, ушлай олганинг, нафас ололганинг нақадар бахт! Қўлингда бўлмаганларни сўзлама менга, қўлингда борларидан сўзла.

* * *

Маҳзунлик комилликка етказса, йўқотиш сабрни ўргатади.

* * *

Мўминнинг ҳар ҳолати ажойиб! Зеро, ҳар иш унинг учун хайрдир. Бу ҳолат фақатгина мўминга хос бошқаларга эмас: уни мамнун қиладиган бирор нарса келса шукр қилади, бу хайрдир, зарар берадиган бирор нарса келса сабр қилади, бу ҳам хайрдир.

МАВЛОНОДАН
ҲАЁТНИНГ
ЎН БЕШ ДАРСИНИ
ЎРГАНАМИЗ