Ishqning 41 qoidasi
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Ishqning 41 qoidasi

Шамс Табризий

ИШҚНИНГ 41 ҚОИДАСИ

ТАҚДИМ

Ҳазрат Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ёзади: «Ишқ – порлоқ юлдуз, башарият кўзининг нури зиёси шундан. Ишқ – товланиб турувчи гавҳар, инсоният тожининг зийнати ва баҳоси шундан. Ишқ – толеъ қуёши, қайғули диллар тиканзори ундан гулшан. Ишқ – балқиб турган тўлин ой, қоронғи кўнгиллар кечаси ундан равшан. Ишқ – денгиз, ҳар тўлқини юз ақлу ҳуш кемасини ғарқ қилади. У баланд тоғдир, ҳар чўққисининг ўткир қирраси минг зуҳд-тақво эгасининг бошини учиради. Ишқ – куйдирувчи шуъла, кўпгина жон ва кўнгилларни хашакдек ёқади...»

Қўлингиздаги китобда ориф ва ошиқ зот – Шамс Табризийнинг «Мақолот» асарини кичик тафсилотларигача тадқиқ этиш натижасида юзага келган қирқ бир қоидани батафсил ёритишга ҳаракат қилдик. Мазкур қоидаларни «Мақолот»дан парчалар билан бирга Мавлоно ва Ҳақнинг бошқа ошиқлари, Алишер Навоийнинг назм ва наср жавоҳирларидан, халқ мақолларидан, кейинги давр ижодкорлари асарларидан фойдаланиб тушунтирдик.

Севгини фақат ҳис қилиш мумкин, сўз билан ифодалашга уринишлар эса денгиздан томчи холос. Бинобарин, «Ишқнинг 41 қоидаси» инсонларни мазкур томчиларни англашга, ҳис қилишга йўналтиради.

«Муҳаббатли инсонлар борлиқни яхши англайдиган, яратиқларни Яратган учун севадиган, ички дунёсини илм ва ҳикмат билан бойитиб, атрофга файзу фазилат тарқатадиган, шу тариқа икки дунё саодатига эришадиган кишилардир.

Қалб нима билан тўлдирилса, ташқарига ўша сизиб чиқади. Қалбини муҳаббат билан тўлдирганлар фоний ва боқий дунёда саодатга етишгайлар...

Туркиялик тадқиқотчи Салжуқ Алканнинг Шамс Табризий асари асосида нашрга тайёрланган «Ишқнинг 40 қоидаси» асосий манба бўлган ушбу асарни суюкли адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг (Аллоҳ раҳмат айласин) «Одамийлик мулки» китобидаги ушбу тилаклари билан бошлашни маъқул топдик:

«Аллоҳ барчамизнинг қалбларимизни нурлантирсин! Зангларини аритсин, пардаларини олиб ташласин, ориф қул бўлмоқлик бахтини берсин. Маърифатуллоҳга, ишқуллоҳга, муҳаббатуллоҳга эриштирсин, Аллоҳ ошиқларидан бўлмоқлик бахтини берсин. Аллоҳга, динига, ошиқларга хизмат қилишни ўзимизга, то қиёматгача туғилажак зурриётларимизга насиб этсин. Аллоҳнинг ҳузурига Ўзи севган ва рози бўлган бандаси бўлиб бормоқликни насиб этсин. Роббимиз бизни жаннати ва жамоли билан сийласин. Ризвони акбарига восил қилсин. Омин!»

КИРИШ

Муҳаббат – насиба масаласи, бизнинг хоҳишимизга боғлиқ иш эмас. Шу билан бирга, ҳар бир инсон ҳаёти давомида севги билан юзма-юз келади. Кимдир ишқ соҳилларидан нари ўтолмаса, яна кимдир тубсиз севги уммонларида сузади. Дарҳақиқат, борлиқ ва инсоният муҳаббат асосида яралган. Ошиқлар бир-бирларини «жон, руҳ» деб билишади. Сизнингча, улар қаердан илҳомланади?

Севги бўлмаганида куртаклар гул очармиди? Ғунчалар атрофга бутун гўзаллигини намойиш қилармиди? Денгизлар тўлқинланиб тошармиди? Тупроқ булутни соғиниб, ёмғирни кутармиди? Мажнун Лайло учун саҳроларни кезармиди? Шунча кўп китоб, асар, шеърлар битилармиди?

Ҳаёт оддий ҳодиса эмас; қуёш шунчаки чиқиб-ботмайди. Лов-лов ёниши ишқдан; уни бор қилган ҳам ишқ оловидир.

Шамсни ҳам муҳаббат оташи йўлга бошлади ва Илоҳий ишқ нурида Мавлоно билан ҳақиқатга етишди. Шамс уйини, юртини тарк этди. Мавлоно ҳам жамики ўрганганлари, мавқе-мақомини бир четга ташлади. Севги оловида ёнишларини сўз билан ифодалашга ҳаракат қилди. Минглаб саҳифалар ёзди, бироқ ичидаги ўтни ўчиролмади. Ахир сўз севгини тўлиқ таърифлаши мумкинми? Асло. Аммо айни пайтда у ишқни калималарга кўчирган нодир алплардан эди.

Ақл, мантиқ ва математик ҳисоб-китоблар билан муҳаббат сафарига отланиш алданишдир. Чунки севги ақлнинг эмас, қалбнинг иши. Кўнглингиздаги аланга етарлича кучайди ва энди сиз олов томон учаётган парвонасиз. Висолга етганингизда қанотингиз, ҳатто бутун жисмингиз ёнади. Лекин бунда маъшуқ билан бир тану бир жон бўласиз, икки вужуд БИТТАга айланади.

Қозонда бори чўмичга чиқади. Борлиқдан бизга нимаики қайтса, ўзимиздан борлиққа узатганларимиздир. Ичда нима бўлса, ташқарига ўша сизади. Бу, айни шаклда, тилимизда, ҳолатимизда, юриш-туришимизда, кайфиятда, нигоҳимизда, ташқи кўринишимизда, ҳаракатимизда ва фикрлашимизда ҳам акс этади. Ичимиздаги жавҳар нима бўлса, нимадан озиқланса, ўша орқали атрофга қараймиз ва рўпарамизда ҳам худди шу нарсани кўрамиз.

Ичингизни ишқ билан тўлдиринг, токи Илоҳий ишқдан қалбингизга қатралар томсин!

Тилларда достон бўлган ишқ

Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари ёзади: «Севги инсон табиатини завқлантирувчи ҳузурбахш лаззатга майл этишдир. Севгининг олий даражаси ИШҚ дейилади. Ошиқлар маъшуқ висолига етишмоқ учун ҳеч нимани, ҳатто жонини ҳам аямайди. Ҳазрат Юсуфни севиб тилларда достон бўлган Зулайҳо бунинг ёрқин мисолидир. У ишқ йўлида мол-мулкини, ҳатто гўзаллигини ҳам йўқотди. Етмиш туяга юк бўладиган инжу жавоҳир соҳибаси бўлмиш бу аёл қимматбаҳо зебигардонларини ҳазрат Юсуфга бўлган муҳаббати йўлида сарфлади. «Мен бугун Юсуфни кўрдим», деган одамга маржонларидан бирини берарди. Шу тариқа совға қила-қила ҳеч нарсаси қолмади. Ҳар нарсани «Юсуф!» деб чақирар, чексиз ишқи туфайли бу исмдан бошқа ҳамма сўзни унутганди. Бош кўтариб кўкка қараса, юлдузлар марвариддай тизилиб «Юсуф» исмини ёзгандай бўлиб кўринарди.

Яна ривоят қилинадики, Зулайҳо иймонга келиб, ҳазрат Юсуф билан турмуш қургач, ул зотдан четлашишга уринади ва тоат-ибодатга берилиб, узлатга чекина бошлайди. Энди унинг севгиси Ишқнинг ҳақиқий соҳиби – Аллоҳга қаратилган эди... ва шундай дерди:

– Эй Юсуф, мен сизни Аллоҳни танимасдан олдин севгандим. Лекин Уни танигандан кейин аслида Унга оид бўлган муҳаббатдан бошқасига ўрин қолмади. Аллоҳдан бўлган бу севгимга бошқани шерик қилмайман...

Ушбу қисса асосида суратга олинган фильмда ислом ва ишқ йўлида кўзлари очилган Зулайҳо ҳазрат Юсуфнинг «Бу сенмисан, Зулайҳо?» деган саволига «Бир пайтлар мен мен эдим, аммо ҳозир бутун борлиғим билан сенман, эй Юсуф!» – дея жавоб берадики, бу ҳам ҳақиқий ишқнинг кучи ва таъсирини кўрсатади.

Муҳаббат ҳақида

Бир киши Бағдодда яшайдиган ориф, оқил кишининг таърифини эшитди ва ўғлини унинг тарбиясига бермоқчи бўлди. Онадўлидан чиқиб, олимнинг ҳузурига боришди. Уларни жуда яхши кутиб олишди, ширинликлар ейилди, қаҳвалар ичилди. Отанинг мақсадини эшитгач, ориф киши ўғилга савол берди:

̶ Болам, кутаётган одаминг борми?

̶ Ҳа, қишлоқда йўлимга интизор маъшуқам бор.

Ориф зот йигитнинг отасига қаради:

̶ Кўнглида бошқаси борларга орамизда ўрин йўқ. Ўғлингни олиб кет ва севганига уйлантир.

Бу сафар ота кенжа ўғли билан йўлга тушди. Уларни яна худди олдингидек меҳмон қилишди. Қаҳвадан сўнг ориф зот ўғилдан сўради:

̶ Болам, кутаётган инсонинг борми?

«Йўқ», деган жавобдан кейин бундай савол берди:

̶ Ҳеч бировга кўнгил қўйганмисан?

̶ Йўқ, тақсир! – деди бола.

Ориф меҳмонига табассум билан боқди:

̶ Аввал бориб ошиқ бўл, сўнгра олдимга кел!

Биз доимо ишққа, гўзал туйғуларга ҳурмат назари билан қараган, асрлар давомида Юнус Эмро, Мавлоно каби ошиқларни етиштирган жамиятмиз.
Шоир-бахшиларимиз ҳам ошиқлардир. Муҳаббат учун ўлимни ҳам бўйнига оладиган нодир жамоалардан саналамиз. Ҳатто Ширин учун тоғларни тешган афсонавий Фарҳоднинг зуваласи ҳам биздан олинган.

Севги фақат қарши жинсга нисбатан ҳис қилинган туйғу эмас. Аллоҳга, табиатга, маъшуққа, маслакка, китобга, ёзишга, ватанга, миллатга муҳаббат каби кўплаб турлари мавжуд. Қизиқ, севгини ҳақиқатан ҳам турларга бўлиш мумкинми? Бу мавзуни бир назардан ўтказиш керак.

Тиббий тадқиқот марказлари самодан ерга ёғаётган ёмғирни текшириб кўриб, бунга таъсир кўрсатган омил меҳр-муҳаббат эканлигини аниқлашди. Руҳият тўлқинлари, агар ер юзида давомли равишда ноҳақлик, адолатсизликка гувоҳ бўлса, севги, муҳаббат, бағрикенглик, очиқюзлилик, оқибат бўлмаган бундай ҳудудларда аста-секин салбий ҳаво зичлиги майдонга келади. Бунинг ортидан олам фалокатга юз тутади.

Инсонлар мангуликка интиладиган қилиб яратилган. Бу, албатта, меъёрий ҳолат, чунки Яратган Зот бизга «ўз руҳидан» пуфлаб, жон ато этганини билдиради. Ўша чексиз буюк руҳнинг бир бўлаги эканимиз сабабли абадиятни қўмсашимиз ашёнинг табиатига жуда мос келадиган ҳолат, албатта.

Абадиятни орзу қилиш хусусияти биз, инсонларнинг истар-истамас турли маънодаги рамзларга мойиллигимизни оширади. Бу рамз эса умумий олганда «ишқ»дир. Ишқ мангуликка интилишнинг ҳиссий тимсоли. Бинобарин, қарши жинсга бўлган муҳаббат каби ватанга, пайғамбарга, Аллоҳга, маслакка бўлган муҳаббатнинг бошқа турлари ҳам бизни яратган Аллоҳга бўлган соғинчдан озиқланади. Зотан, Ҳақ таолонинг ўзи: «Охир-оқибат, ҳаммангиз Менинг ҳузуримга қайтариласиз», – дейди. Ана шу «қайтиш»нинг соғинчи бу, истасак ҳам, истамасак ҳам, қўрқсак ҳам, қўрқмасак ҳам... Мавлоно бу «қайтиш»дан чўчимасди. Аксинча, ул учрашув онини «Шабъи Арус» деб атарди, яъни висол кечаси, севгилисига етишиш они...

Одамзод, онгли ёки онгсиз равишда, Чексиз Қудратга бўлган соғинчи соясида севгисини кучайтириб, бир маънога, бир рамзга диққат қаратиш тарзида «севги» деб атайдиган тушунчалар мажмуасига ўзини бағишлайди. Узоқ йиллардан сўнг Лайлосини топган Мажнун шунча пайт излагани аслида у эмас, бошқа нарса эканлигини тан олган эмасмиди?

Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»да ибратли ҳикоятни келтиради: «Нақл қилишларича, ҳажр ўти Мажнун жонига улашди, заиф баданига ҳароратли у ўтнинг алангаси туташди. Ҳар қанча муолажа қилсалар ҳам, фойда бермади – касали ортди, иситма тушмади. Бемор оғирлашиб, жон талвасасига тушганида кимдир бу аҳволдан Лайлини хабардор қилди. Паривашни бу хабар ношод этиб, девонасининг ҳолини сўраш учун нома ёзди. Мактуб Мажнунга етказилганида, унинг танида жон асари қолмаган эди. Лайли номаси ўқилганида меҳрибонлари беморнинг эшитаётгани ва таъсирланганини сездилар. Ҳар гал хат ўқилар экан, хаста танига жон қайта киргандек бўлар эди. Бемор касалдан тузалиб, сиҳат-саломат бошини кўтаргунича хатни қайта-қайта ўқидилар. Мажнун соғайгач, хатни бўйнига тумор қилиб тақиб олди. Ишқ алангасидан Мажнуннинг касали тузалди ва сўз такроридан бадани қувватга кирди.

Байт:


Ошиққа гарчи заъфу маразликдурур мижоз,
Маъшуқ зикри ул маразиға эрур илож.


Яъни мижози заиф ва касал ошиққа ягона даво маъшуқни зикр қилишдир».

Ҳақ ошиғи Мавлононинг ишқий закомиздан ҳаётимизни гўзаллаштириш йўлида фойдаланишимиз учун берган хабари қуйидаги мисраларда нақадар гўзал ифодаланган:



Тупроқдан бўлган вужуд ишқ ила кўкка юксалди; тоғ ўрнидан қимирлаб, ғайрат камарин боғлади,
Эй ошиқ! Ишқ Турга жон бўлди, Тур сармаст, Мусо ҳушин йўқотди...
Ҳамма нарса маъшуқ, ошиқ эса бир парда. Маъшуқ тирикдир, ошиқ эса ўлик,
Кимнингки майли бўлмаса ишққа, ўхшар қанотсиз қушга, вой унинг ҳолига!

Шамс Табризий ва унинг
«Мақолот»и ҳақида

Шамс Табризий – кўнгил кишиси. У ичидаги ишқ ўти ила йўлга отланди, қалбини сўзларга тўкди. Шу сабабли ҳам ўтириб, бирор китоб ёзмади. Илоҳий ишқнинг мавжлари уни бир жойда ўтиришига йўл қўймади, севгидан гапиришга, муҳаббат билан яшашга ундади. «Мақолот» Шамснинг асари; айни пайтда китобни у ёзмаган, асарда унинг айтганлари келтирилган. Мавлоно суҳбатлари билан бир қаторда, турли сўз ва илм мажлисларида қатнашган, саволларга жавоб берган, танқидларга муносабат билдирган. «Мақолот» ана шу суҳбатларнинг тингловчилар томонидан ёзиб олинган ва тўпланган кўринишидир.

«Мақолот» яширин мавзулардаги мавҳумликларни ойдинлаштирганидек, Мавлононинг Шамсга қандай тобе бўлганлигини маълум даражада ёритиб беради. Шамс Табризий ўткир олим, ҳақиқат ошиғи, муршидлик мартабасига эришган ориф йўлбошчидир.

Шамснинг илоҳий жазба билан айтган шундай сўзлари борки, кўпчилик дастлаб буни тушунмай, айрим фикрларига эътироз билдириши, ҳатто иймонга зид деб ўйлаши мумкин. Бироқ қайта-қайта ўқиб, ўйлаб кўрилса, замиридаги теран маънолар очилади, сир пардаси кўтарила бошлайди.

Шамснинг асл исми Мавлоно Муҳаммад ибн Али бўлиб, Табризда туғилган. «Дин қуёши» маъносини англатувчи «Шамсиддин» лақаби билан танилган. 1247 (ҳижрий 645) йили Кўняда шаҳид бўлгани айтилади. Ҳали мактабга илк борган чоғларидаёқ Аллоҳ ва Пайғамбарга муҳаббати сабабли емай-ичмай қўйди. Абу Бакр Кирмоний ва Бобо Камоли Жундийдан таълим олди. Қисқа вақтда ботиний ва зоҳирий билимларни юқори даражада эгаллади.

Шамс Табризий саёҳат қилган ерларида ва борган мамлакатларида яхши дўст топиш учун доимий дуо қиларди. Қатъият билан қилган дуолари натижаси ўлароқ, тушида Мавлононинг олдига бориб, унинг камолга эришувида ёрдам бериши билдирилди. Шундай қилиб 1224 йилда «Дўст учун жоним фидо бўлсин», дея Шомдан Кўняга келди. Қандолатчилар қўноғига жойлашди. Эшик олдида ўтириб, Аллоҳнинг яратиқлари ҳақида тафаккур қиларкан, Мавлоно шогирдлари билан бирга кўчадан ўтиб қолди. Остонада тафаккур ҳолида ўтирган, кийимидан мусофир экани кўриниб турган Шамс ҳазратларига қаради, салом бериб, йўлида давом этди. «Биз тарафларга бегонага ўхшайди, бу ерда ҳеч бунақа одамни кўрмаганман. Юзи жуда нурли экан», деб ўйлаб бораркан, тўсатдан отининг жиловини бир қўл тутди. Мавлоно отини тўхтатган қўл эгаси ўша мусофир эканлигини кўриб: «Буюринг, бирор хизмат борми?» деди. Мусофир: «Исмингизни билмоқчиман», – деб айтди. «Жалолиддин Муҳаммад!» деган жавобдан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом ва Боязид Бистомийнинг даражалари ҳақида сўради. Жалолиддиннинг айтганлари қошида ўзидан кечди. Улар шу тарзда танишдилар. Ораларида ажиб муҳаббат пайдо бўлди. Мавлоно Жалолиддин Румий Шамс Табризийни уйига олиб кетди.

Бу инсон келишини биринчи устози Саййид Бурҳониддин ҳазратлари башорат қилган Шамс Табризий эканлигини билгач, хизматга бел бойлади ва бундай деди: «Эй муҳтарам жаноб! Гарчи уйимиз сизга муносиб бўлмаса-да, жаноби олийларига содиқ қул бўлишга ҳаракат қиламан. Қулнинг нимаси бўлса, хожасига оид. Бундан буён уйим сизники, болаларим сизнинг ҳам фарзандларингиздир». Кеча-ю кундуз ёнидан жилмай, гапларини завқ билан тинглай бошлади. Ёнидан ҳеч айрилмас, шогирдларига дарс, масжиддагиларга насиҳат беришни ҳам тўхтатиб қўйди. Ҳузурларига фақат катта ўғли Султон Валад хизматларини қилиш учун кирарди. Ҳар куни Шамс Табризий билан суҳбатлашишар, Аллоҳ таолонинг яратиқлари ҳақида тафаккур юритишар, намоз ўқишар ва Аллоҳ таолонинг зикри билан муҳаббатларини янгилашарди.

Мавлоно Жалолиддин ва Шамс Табризий ботиний ва зоҳирий фаолиятда экан, суҳбатларини сингдира олмаган ва Мавлононинг ораларига қўшилмаганидан хафа бўлган айрим кимсалар Шамс Табризий ҳақида ноўрин гаплар айтишга тушди. Мишмишлар Мавлононинг қулоғига етиб борди: «Бу одам Кўняга келди-ю Мавлоно бизни тарк этди. Кеча-кундуз ўзаро суҳбатлар қуришади, биз билан ишлари ҳам йўқ. Ёнларига ҳеч кимни киритишмайди. Мавлоно султонул уламонинг ўғли бўлатуриб, Табриздан келган, кимлиги номаълум кимсага кўнгил қўйиши, уни деб биздан юз ўгириши равоми? Хуросон (Мавлононинг она шаҳри) билан Табриз тупроғи тенг бўлурми? Хуросон тупроғининг қиймати баланд, албатта».

Мавлоно эшитганларига бундай жавоб берди: «Ҳеч замонда тупроққа эътибор берилганини кўрганмисиз? Истанбуллик киши маккалик одамдан устун келса, маккаликнинг истанбулликка бўйсуниши айб саналадими?»

Гап-сўзлар барибир тўхтамади. Шамс Табризий ҳазратлари энди Кўняда қололмаслигини англагач, қийматли ва муборак аҳбобини ташлаб, Шомга йўл олди. Дўстининг кетиши Мавлонони қаттиқ хафа қилди. Орадан ойлар ўтди. Айрилиққа ортиқ бардош беролмаслигини билиб, ўғли Султон Валадни Шомга жўнатди. Султон Валад отаси таърифлаган қўноққа келиб, Табризийнинг ёш йигит билан суҳбатлашиб ўтирганини кўрди. Вазият ҳақида оғзи қуриб қолгунича гапирди. Кўнядаги ҳодисага сабабчи бўлганлар тавба қилиб, Мавлонодан кечирим сўрашганини айтди. Шамс Табризий даъватни қабул қилиб, Кўняга такрор келди, Мавлоно билан учрашди.

Мавлоно Жалолиддин ва Шамс Табризий яна аввалгидек бир хонада суҳбатга киришди. Ташқарига асло чиқмас, ёнларига ўғлидан бошқаси киролмасди. Икки дўст маънавий оламда илгарилашарди. Одамлар Шамс қайтгач, Мавлононинг тинчланиб, ораларига қўшилишидан, насиҳатлари ва суҳбатларидан баҳра олишдан умидвор бўлишганди. Лекин акси юз берди; у Шамсга аввалгидан ҳам кўпроқ боғланганини, муҳаббати яна ҳам ортганлигини кўришди.

Шамс Табризий Мавлонони авлиёлик мақомининг энг юксак даражаларига кўтариш учун қўлидан келган барча тадбирларни кўрар, ҳар турли риёзат ва мужоҳадага ундарди. Кунлар шу тарзда ўтиб борар экан, Мавлонони кўра олмаган бир гуруҳ оломон Шамсдан ғазаблана бошлади. Бундан хабар топган Шамс Султон Валадга шундай деди: «Улар яна мен ҳақимда ёмон ўйлашяпти. Бизни ажратишмоқчи. Лекин бу сафарги айрилишимнинг дарди жуда чуқур бўлади!»

1247 (ҳижрий 645) йилнинг бешинчи декабри, пайшанба кечаси эди. Мавлоно ва Шамс ҳазратлари яна ўз хоналарида суҳбатлашар, Ҳақ севгиси ва авлиёлик мақомлари ҳақида сўзлашарди. Бир пайт эшик тақиллади ва Шамс ҳазратларини чақиришди. Табризий Мавлонога: «Мени қатл қилиш учун чақиришяпти», – деди ва ташқарига чиқди. Тўпланиб турган бир гуруҳ киши бирданига устига ёпирилишди. Шамс Табризий ҳазратларининг «Аллоҳ!» деган овози эшитилди. Мавлоно дарҳол кўчага отилди, лекин у ерда ҳеч кимни тополмади, оёқ остида эса қон доғларини кўрди. Дарҳол ўғли Султон Валадни уйғотиб, вазиятни ўрганишни буюрди. Қанча уринишмасин, Шамс Табризий ҳазратларининг муборак жасади топилмади. Қотилликни содир этганлар етти киши эди. Улар орасида Мавлононинг ўғли Алоуддин ҳам борлиги ҳақида мишмишлар юради. Тез орада уларнинг ҳаммаси турли балоларга дучор бўлиб, ўлди. Бир кеча Султон Валад тушида Шамс Табризийнинг жасади қудуққа ташланганини кўрди. Уйғониб, энг яқин дўстларини ёнига олди ва таниш қудуқ томон кетди. Жасадни асло бузилмаган ҳолатда топишди. Мавлононинг мадрасасига дафн қилишди.

Шамс Табризий ҳикматлари

* * *

Cевиш... бир шамга олов бўлмоқми ёки ёниб турган ўтга тегинмоқми?

* * *

Ҳатто Парвардигоримиз ҳам инсонлар ҳақидаги ҳукмни умри поёнига етгандагина чиқаришига ишонамиз. Шундай экан, биз ким бўлибмизки, бир неча марта кўриб, икки-уч ёзувни ўқиб, бир неча ғийбатни эшитиш билан одамлар устидан ҳукм чиқаришга ўзимизни ҳақли билсак?

* * *

Эшигимизни эмас, қалбимизни тақиллатган марҳамат қилсин!

* * *

Ҳаётга тепадан қарасанг, одамларнинг фақат тепасини кўрасан. Ҳар доим ҳаётга инсонлар билан бир хил масофадан боқ. Шунда уларнинг ҳам юзларини, ҳам қалбларини кўра оласан.

* * *

Гўзал гулни, осуда кечани, дуруст дўстни ҳамма хоҳлайди. Муҳими, гулни тикани билан, кечани асрори билан, дўстни дарди билан қабул қила олмоқликдир.

* * *

Асосий кирлик ташқарида эмас, ичкарида, либосда эмас, қалбда. Ювиш билан тоза бўлмайдиган ягона ифлослик қалбга чирк бўлиб ўрнашган кин ва ҳасаддир.

* * *

Нега мақтаниб, манманлик қиласан, туғилишинг бир томчи сув, ўлиминг бир ҳовуч тупроқ эмасми?

* * *

Гул каби гўзал бўл, аммо унинг тикони каби золим бўлма. Инсонларга шундай сўз айтки, ё яшат ёки ўлдир, аммо асло ярадор ҳолда қолдирма.

* * *

Эй Инсон! Гарчи Кўҳи Қоф тоғи қадар юксак бўлсанг-да, кафанга сиғадиган даражада кичиксан. Унутма, ҳамма нарсанинг ҳисоби бор. Бировни ранжитганинг қадар ўзинг ҳам ранжийсан.

* * *

Ҳузун ишқ ярасини янгилигича асрайди.

* * *

Ярамдан ҳам мамнунман, ёримдан ҳам.

* * *

Кўлмакни шабода ҳам жўштираверади, чуқур уммонлар эса теран туйғулардан тўлқинланади.

* * *

«Дўст ачитиб гапиради», дейишади. Аччиқ гапирган кишини дўст деб бўлмайди-ку! Сени севмаган аччиқ гапиради, дўст эса аччиқ сўзларни ҳам дилингга ботмайдиган тарзда, ширин тил билан айтади.

* * *

Илм уч нарсадан иборат: зокир тил, шокир қалб ва собир бадан.

* * *

Инсоннинг одобдан насибаси бўлмаса, у инсон эмас. Одам ва ҳайвонни бир-биридан ажратиб турувчи одобдир.

* * *

Етарки, сен бўл! Хоҳ ёр бўл, хоҳ яра. Лутфинг ҳам бошим устига, қаҳринг ҳам…

* * *

Гул ҳар кўнгилга муршиддир; кимнидир ҳиди билан иршод қилади, бошқасини тикани ила.

* * *

Йўлнинг охири қаерга олиб бориши ҳақида ўйлаш беҳуда ҳаракат. Сен фақатгина қўядиган илк қадаминг ҳақида ўйлаш учун жавобгарсан. Қолгани ўз-ўзидан келаверади.

* * *

Сабр нима? Тиконга қараб гулни, тунга қараб кундузни хаёл қила олишдир. Аллоҳ ошиқлари сабрни гулбашакар [1] дек мамнунлик билан, ҳалимлик билан сингдира оладилар. Улар кўкдаги ойнинг ҳилолликдан тўлиной бўлгунча вақтга тобе эканлигини яхши биладилар.

* * *

Тўрт нарса банданинг Аллоҳга етишига тўсқинлик қилади: шаҳват, кўп ейиш, бойлик ва мансаб, ужб ва ғурур.

* * *

Илмсиз бадан сувсиз шаҳарга ўхшайди.

* * *

«Аллоҳ таоло наздида тўрт кишининг қадри баланддир: шукр қилувчи бой; қаноатли ва сабрли фақир; қилган гуноҳидан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрққан киши; тақводор, зоҳид, яъни ҳаромдан тийилиб, шубҳали деган қўрқув билан мубоҳдан ҳам қайтган, дунёга заррача майли бўлмаган олим». «Бу қийматли инсонлардан қайси бири энг устун?» – деб сўрашди. «Илм ва билим эгаси», – деган жавоб бўлди.

* * *

Саховат тўрт хилдир: молиявий сахийлик; зоҳидларга хос, улар мол бериб, маърифат, яъни Аллоҳнинг розилигини оладилар; жисмоний сахийлик; мужтаҳид уламоларга хос, улар Аллоҳ йўлида вужудларини сарфлайдилар ва ҳидоят оладилар; жондаги сахийлик; шаҳидларга хос, улар жонларини қурбон қилиб, жаннатга эришадилар; қалб сахийлиги; орифларга хос бўлиб, улар кўнгил бериб, муҳаббатга эришадилар.

* * *

Дунё инсонни ҳою ҳавасига қул қилиб, нафсининг истакларига бўйсундиради. Охир-оқибат, уни дўзахга олиб боради.

* * *

Охиратни қозониш учун жидду жаҳд лозимки, бу инсонни жаннатга етаклаб, Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдек шарафга ноил бўлиш сабабидир.

[1] Усмонлилар даврида қизил гулнинг гулбаргларига асал ва лимон қўшиб тайёрланган ширинлик тури, мураббо.

Олтинга тенг насиҳатлар

Олдингга ташвишли одам келса, унга қулоқ тут, тингла, биров узр сўраб келса, кечир.

* * *

Бирор муҳтожни қасд этсанг, унга инфоқ қил.

* * *

Чўнтагингда Мусҳаф бўлиши матлуб эмас, балки ахлоқингда оятга амал бўлиши матлубдир.

* * *

Атрофимиздаги барча нарсалар кетади ва ғойиб бўлади, фақат (инсонларга кўрсатилган) яхшиликкина қалбларга экилган ҳолда сақланиб қолажак.

* * *

Инсонлар қалбига хайр ва поклик (уруғларини) экадиган одамга саломлар бўлсин.

* * *

Сени кўрганлар тарбия қилган ота-онангни дуо қилсин.

* * *

Қалб поклиги, софдиллик аҳмоқлик эмас, балки Аллоҳ таоло одамлардан ажратиб оладиган фитратдир.

Анвар АҲМАД

Мавлоно ва «Маснавий» ҳақида

Дунё яралганидан бери одамлар вақти-вақти билан мусибатга учраб, тушкунликка тушишган ва шундай оғир вазиятларда уларга тасалли берувчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи кўнгил аҳллари юзага чиққан. Ана шундай етук шахслардан бири Мавлоно Жалолиддин Румийдир. У ҳамма нарсадан олдин ошиқдир, Аллоҳнинг ошиғи... Шамс билан учрашгандан сўнг бир-бирларини Ҳақ йўлига иршод қила бошладилар. Бу иршоддан етилган илм меваларини халқ ила баҳам кўрган Мавлоно ўзининг улкан асари «Маснавий» орқали юрагидаги алангани бироз бўлса-да одамлар билан бўлиша олди. «Маснавий» ҳар жиҳатдан улуғ асар. Шахс сифатида камол топишни хоҳлаган ҳар бир киши бу китобни ўқиши керак.

1207 йил, сентябрнинг охирги кунлари. Хуросон ўлкасининг Балх шаҳрида бир қуёш туғилди. Олимлар султони Баҳоуддин Валаднинг хонадонида юзи нурли ўғил дунёга келди. Кўзларини илк очишиданоқ коинотга ва ундаги тартиботга бошқача назар билан қаради. Балки, бу нигоҳлар йиллар ўтиб қалбидан тошган сатрларни тўкажаги «Маснавий»сининг аксидир... Аммо буни ўша онда ҳеч ким билмасди.

Онадўли – ҳазоралар диёри. Шу билан бирга, машаққат ва изтироблар ҳукм сурган тупроқ. Талончилик, ваҳшат ва сургунли дамларни ўз ичига олган XIII асрда Онадўли салжуқийларининг бўйни эгик эди. Ҳар тарафни мўғул истилоси ва қўрқув эгаллаганди. Ана шундай умидсизлик ва даҳшат даврида Онадўлига қадам қўйган улуғ зот инсонларда умид уйғотди, меҳр-муҳаббатдан сўз очди. Дунёни кўриб турган кўзимиздан анча юқорида бўлган қалб кўзи ҳақида гапирди, одамларни борича қабул қилиб, нима бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг йўлига чақирди. У илоҳий режа асосида Онадўли ерларига муршид сифатида юборилди. Одамлар камолотга эришсин дея зулмат қоплаган йўлларга машъала тутди.

Эгнидаги ҳикмат чопонидан модда ва маъно дунёсидаги саодатнинг сирларини беради бизга Мавлоно. Унинг илмини, айтганларини қоғозга, китоб ёки қомусларга сиғдира олмасак-да, донишмандлигининг бир неча сирларини уммондан бир томчидек баҳам кўрмоқчимиз:

«Сен қийматинг ва дунёқарашинг ила икки оламга арзийсан. Лекин, не қилайки, қадрингни билмайсан. Ўзингни арзонга сотма, чунки қийматинг баланддир»;

«Оёқ излари денгиз соҳилигача давом этади. Лекин денгизга тушгандан кейин на из қолади, на бирор аломат...»

«Инсон улуғ мавжудот, ҳамма нарса унинг ичида ёзилган. Лекин қоронғилик ва пардалар ўз ичидаги илмни ўқий олишига йўл қўймайди. Бу пардалар турли-туман дунёвий машғулотлар, битмас эҳтиёжлар ва кўнгилнинг чексиз истакларидир»;

«Бизнинг Пайғамбаримизнинг йўли ишқ йўлидир. Биз муҳаббатдан туғилганмиз, онамиз севгидир»;

«Умид – ишонч йўлининг бошланиши. Йўлга оёқ босмасанг ҳам, йўлнинг бошини муҳофаза қил. «Мен нотўғри иш қилдим», дема, тўғриликни маҳкам тут. Aна шунда ҳеч қандай эгриликка қолмайди. Тўғрилик Мусо алайҳиссаломнинг ҳассасига, эгрилик эса сеҳргарнинг сеҳрига ўхшайди. Тўғрилик майдонга чиққанида ҳаммасини ютиб юборади»;

«Кўнгли ила ёруғлик таратишни ўрганган кишини ҳатто қуёш ҳам куйдира олмайди. Aгар кундуз каби ёруғ бўлишни истасанг, тундек қора менлигингни ёқиб юбор»;

«Бир-бирига ўхшаган юз минглаб нарсаларни кузат ва ораларидаги осмон билан ерча фарқ борлигига диққат қил. Икки нарса ўзаро ўхшаш бўлиши мумкин: шўр сув ҳам, чучук сув ҳам тиниқдир»;

«Ҳаётингдаги насибанг маъшуқдан бахт топган ондан иборат»;

«Шуни яхши билки, сафларни ёриб, ҳаммани мағлуб қилган арслон билан жанг қилиш осон. Ҳақиқий қаҳрамон энг олдин ўз нафсини енгади»;

«Яхшилик ва эҳсонни охирига етказиш бошлашдан кўра яхшироқдир»;

«Бу дунё – тузоқ, ундаги дон эса орзулар...»

«Балиққа денгиздан бошқаси азобдир»;

«Савол билимдан туғилади, жавоб ҳам...»

«Қаноатдан ҳеч ким ўлмади, ҳирс туфайли ҳам ҳеч ким султон бўлмади»;

«Aллоҳ билан бирга бўлгандан кейин ўлим ҳам, ҳаёт ҳам ёқимлидир»;

«Aсал еган асаларидан ранжимасин»;

«Бир шам иккинчисини ёқиш учун ёруғлигидан ҳеч нарса йўқотмайди»;

«Ўз айбини кўра олган киши бахтлидир»;

«Инсоф билан тан ол, севги жуда гўзал. Унинг бузилиб, чиройини йўқотишига инсон табиатидаги ёмон ният сабабдир. Сен ўз шаҳватинг ва истакларингни муҳаббат деб номлагансан. Ҳолбуки, шаҳватдан қутулиб ишққа етишнинг йўли жуда узун»;

«Хароб бўлишдан нега ғам чекайки, харобанинг остида подшоҳ хазинаси бор».

Мавлоно, қалбидаги Aллоҳ ва Пайғамбар севгисидан тошган қувват ила, замонамиз гуманистларини чангида қолдириб кетадиган даражада инсонларга муҳаббат билан тўладир. Айнан шу хусусияти туфайли бутун дунё у зотни севиб, ўзиникидек қабул қилган бўлса, не ажаб! Кўнядаги «Мавлоно музейи»га борсангиз, дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳларнинг «Румий, Румий» деган ҳайқириқларига гувоҳ бўласиз. У зот ҳар нарсадан олдин кўнгил инсонидир. Буни қуйидаги сўзларидан яна ҳам яхши тушуниш мумкин:


«Aқлинг бўлмаса, хароб бўласан. Юрак бўлмаса-чи?! Унда сен ўзинг йўқсан, демак».

Мавлонинг Шамсга яқинлиги ва муҳаббатининг сабаби унда мутлақ борлиқ камолотини, жамолида Aллоҳнинг нурини кўрганидир. У зот Шамс тимсолида илоҳий ишқни тараннум этган. «Маснавий»да дейдики: «Ҳақиқий маъшуқ бўлмиш Aллоҳдан ўзга савдоси бўлган ишқ ҳақиқий эмас, маънисиз савдодир».

Мавлоно ўзининг жўшқин севгисини Шамс номи билан рамзийлаштирган. Шамс Табризий Мавлонода ўз жавҳарини топган илоҳий ишқни камолотга етказди, йўқлигида ҳам уни Мавлоно ишқ тимсолига айлантирди. Бу тимсол Aллоҳнинг жамоли ва улуғворлигига ишора қилади. Мавлоно азалий маъшуқ юзининг аксини ва ёрқин нурларини ҳар ерда кўради. Бу нурларни Шамсда кўрган Мавлоно уни мақтайди. Илоҳий важд берган мастликни шароб берган мастликка қиёслайди, шаробни ҳам ишқ шароби сифатида рамзийлаштиради. Унинг шеърларидаги боғ, гул, булбул – ҳаммаси тимсол. Асл мақсад Aллоҳдир.

«Маснавий»га келсак, форс тилида ёзилган олти жилдлик бу асар «Девони Кабир» билан биргаликда Мавлоно куллиётининг катта қисмини ташкил қилади. Муаллиф «Бирлик дўкони» деб номлаган «Маснавий» ҳинд, форс, юнон, рим мифологияси, яратилиш достони, авлиёлар қиссаси, ошиқ масаллари, халқ эртакларини ўз ичига олган; «дунё жаннати»да инсон ҳурриятнинг калитларини пайдарпай қиссалар ичида беришни мақсад қилган асардир. «Маснавий» 25 632 байтдан иборат бўлиб, «Мағзи Қуръон» яъни Қуъони каримнинг моҳияти деб аталади. Чунки Мавлоно Қуръони карим бизга етказмоқчи бўлган нарсани ҳикоялар, масаллар ва иборалар орқали айтди. Маснавийдаги қиссаларнинг ҳеч бири бошқасини тўлдирмайди; ҳикоя ортидан ҳикоя бошланади ва шу тарзда давом этади. Ичида ибратли қиссалар ҳам бор.

«Маснавий» назмий асар бўлиб, ҳар байт бир-бирига қофияланади. Мавлоно олти жилдлик мазкур асарида тасаввуфий фикр ва ғояларини жамланган ҳикоялар кўринишида тақдим этади.


«Ҳаётимнинг қисқача мазмуни шу уч сўздан иборат: хом эдим, пишдим, куйдим».

Мавлоно асарини «Маснавий» деб шахсан ўзи номлаган. Aслида, маснавий Шарқ адабиётида ҳар бир байти ўзаро қофиядош, бир хил вазнда ёзилган манзумаларга берилган умумий ном. Бироқ Мавлонинг ўлмас асари ёзилгандан кейин, маснавий дейилганда, унинг олти жилдлик хазинаси – «Маснавийи шариф» ёки «Маснавийи маънавий» деб ном олган асари эсга олинади.

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳақида сўз кетаркан, Абдураҳмон Жомийнинг таърифи эсга тушади:


Ман чи гўям васфи он олижаноб,
Нест пайғамбар, вале дорад китоб.


Таржимаси:


Мен улуғ жаноб васфига нима дей,
Пайғамбар эмас, лекин китоби бор.


Олимлар ўртасида «Маснавий» – Қуръони каримнинг ўзига хос тафсири, шарҳи, деган таъриф-тавсифлар ҳам бор.

Алишер Навоий Жомийнинг далолатига таяниб «Насойимул муҳаббат» асарида Мавлонода жуда эрта валийлик пайдо бўлганини қуйидагича тасвирлайди: «Бузургвор оталари ёзиб қолдиришича, Жалолиддин Муҳаммад олти ёшида жума куни кечқурун ўртоқлари билан уйларнинг томида сайр қилиб юрганди. Бир бола деди:

– Келинглар, бу томдан наригисига сакраймиз.

Жалолиддин Муҳаммад айтдики:

– Томдан томга сакраш ит ва мушукларнинг иши. Одам боласи бундай ишга берилиши уят. Агар сизнинг жонингизда қувват бўлса, осмон томига сакрайлик.

Шундай дея осмонга қараб учди. Ўртоқлари кўздан ғойиб бўлганидан қўрқиб, болалар йиғлаб юборишди. Бир лаҳзадан сўнг кўзлари чақнаган ва ранги ўзгарган ҳолда жойига қайтиб тушди ва бундай деди:

– Сизларга бояги сўзларни айтаётганимда яшил тўнли бир гуруҳ орангиздан олиб, осмонга элтди ва фаришталар оламининг ажойиботини кўрсатди. Фиғон ва фарёдларингиз чиққач, яна бу ерга туширди» (Олимжон Давлатов табдили).

Мавлоно Жалолиддин Румий марқабларига киришингиз билан қуйидаги ҳикматларига кўзингиз тушади:



Кел, яна кел,
Ким бўлсанг, ўша бўл…
Хоҳ кофир, хоҳ мажусий, хоҳи бутпараст.
Майли юз карра тавба қилган бўл,
Майли юз карра бузган бўл тавбани…
Умидсизлик даргоҳи эмас бу даргоҳ,
Қандай бўлсанг,
Келавер…


Ҳа, Румий ижоди – УМИДВОРЛИК манбаи. Ундан баҳраманд бўлган саодатманддир.