автордың кітабын онлайн тегін оқу Qizlar tarbiyasi (cyr)
“ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИ” АСАРИ ВА УНИНГ МУАЛЛИФИ ҲАҚИДА
Таниқли турк олими ва машҳур маърифатпарвари Алий Назимо ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида яшаб ижод этган бўлиб, бошланғич ва ўрта мактаблар учун олтмишдан зиёд дарсликлар, қироат китоблари ёзган. Унинг алифбога доир уч жуз ва қироатга доир уч жуздан иборат «Идмон» (машқ) номидаги асарлари; имло ва аҳлоққа доир «Ўқув», «Иловали рисолайи аҳлоқ»; турк тилига доир «Мухтасари сарфи усмоний», «Мухтасар-и қавоид-и усмонийя», «Лисони усмоний»; араб тилига доир «Мифтоҳ асмо-йи арабийя қавоиди» (биринчи дафтар), «Мифтоҳ афол-и арабийя қавоиди» (иккинчи дафтар), «Навобиғу-л-калим» (Замахшарийнинг «Жумал-и балиға» асарининг таржимаси); форс тили ва форсча қироатга доир «Тартиб-и жадид-и таълим-и форсий», «Сунбулистон», «Иловали насиқат-и ҳукамо»; франтсуз тилига доир «Янги алифбойи франсавий», « Қавоид-и лисон-и фран-савий», «Сарф-и франсавий», «Франтсузча-туркча луғат китоби» шулар жумласидандир.
Алий Назимонинг кўпгина асарлари ўрта Осиёда ҳам жуда катта шухрат қозонган, мактаб-мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Айрим асарлари Тошкентда ҳам нашр қилинган.
Унинг илми аҳлоқ ва тарбиявий хикоялардан иборат «Таълим-и банот» асари беш китобга мўлжалланган бўлиб, фақат унинг уч китоби босилиб чиққан. Тўртинчи, бешинчи китоблари битмай қолган бўлса керак.
«Таълим-и банот»нинг биринчи ва иккинчи китоблари бошланғич мактаб қизлари учун ўқув китоби бўлиб, улар ибратли ҳикоялар, енгил фанний маълумотлардан иборат.
Учинчи китоби эса, юрт (уй) ичида хотин-қизларнинг вазифалари, яъни, одобу аҳлоқ, муошарат усуллари, поклик, бичиш-тикиш, овқат тайёрлаш, табобатдан хабардор бўлиш, беморларга қараш, меҳмон кутиш каби бир қанча зарурий касбларни ўргатишга бағишланган.
Албатта, бу касбларни ёшликдан бошлаб ўрганиш ҳар бир қизнинг бурчи, уларни пухта ўзлаштириб олиш энг катта бойлик, юрт саломатлигидир. Қизлар бу улуғ бурчларини ўқиб-ўрганиб, қанчалик бахтли, саодатли бўлсалар, уларни ўқитиб-ўргатган она ҳам, ҳар бир мураббий-устод ҳам шунчалик олқишга сазовордир.
Алий Назимонинг «Таълими банот» асаридан учинчи китобини муаллиф билан бир даврда яшаб ижод қилган таниқли татар олимаси, машҳур муаллима Фахру-л-Банот Сиғбатуллоҳ қизи эски татар тилига таржима қилган. У таржимада урф-одат, иқлимга қараб баъзи ўринларни қисқартириб, баъзи ўринларга қўшимчалар киритиб, номини «Қизлар тарбияси» деб атаган. Фахру-л-Банот катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган «Оила сабоқлари», «Иршод ёки кўзгу» асарларининг ҳам муаллифидир.
Фахру-л-Банотнинг бу таржима асари 1907 йил Оренбургда Муҳаммад Фотиҳ Каримий томонидан чоп этилган. Кўп ўтмай, иккинчи бор қайта нашр этилган.
Аждодларимиз маънавий маданияти, урф-одатлари тарихи бўлган ва ўша давр нуқтаи назаридан ёзилган бу асарнинг баъзи ўринлари бугунги кунимизга мос келмаса-да, лекин кўп жиҳатлари билан ҳам оналар учун, ҳам қизлар учун катта тарбиявий аҳамиятга молик.
ЮРТ ТУТА БИЛМАК
Қилич тутган саркардадан игна ушлаган аёл афзалдир.
(Шарқ ҳикматларидан)
Уй ишлари, уйдаги жамоаларга қараш бир ҳунар бўлиб, бу хотунларнинг вазифаси бўлгани учун ёш қизларнинг биринчи галда уни ўрганишга киришувлари жуда лозимдир. Шул ҳунарни «идорайи байтийя» дейдилар.
Бу ҳунарни ўрганувдан мақсад, мумкин қадар оз харажат ила кўп бойлигу мол топмак бўлгани каби, бу ҳунарни ўрганган хотун ўзига лозим бўлган режа ила иш қилмак, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, ишчанлик, юрт фойдасига тиришмак каби бир неча хосиятларни-да билур.
Биз бу ўринда юқорида ёзилган хосиятларнинг биринчиси бўлган режа билан иш тутмак ва бўлган кириму чиқимлар тўғрисида сўзлаяжакмиз. Юртингизда бир комил тузуклик бўлишини истайсизми? Ундай бўлса, тубандаги насиҳатларни тинглангиз. Ўзингизга бир ҳисоб дафтари тутингиз. Агар аниқ бўлса, даромад-киримингизнинг борини шул дафтарга ёзингиз. Сўнгра бир йилда қанча харажат қилиш керак бўладир, шуни ёзингиз, лекин кела турган киримингизни ёзганда, бой бўлмасангиз, келгуси кунда жуда бой бўлиш умиди ила янглишмасликка ҳаракат қилингиз.
Ҳаражатингизни умид қилганингиз қадар эмас, қўлингиздаги бойлигингизга қараб тутингиз. Бир йил ичида қанча тутажагингизни билсангиз, фақирларга беражак садақаларингизни-да унутмай, борини тамом бўлингизки, ойда ёки кунда қанча ақча сарфлашингизни кўрурсиз, кела турган даромадингизни ҳисоблагандан сўнг (агар бўлса) фотир (фитр бўлса керак) ҳақи, емак-ичмак, уст-бош харид қилув учун ишлатувчи ҳаражатингизни тайин қилингиз, ҳам уни ҳеч кечиктирмасликка тиришингиз. Агар кела турган киримингиз керак яроқларингизга етмайдиган бўлса, ишлангиз, ақча топингиз, бир киши ҳеч нарсаси бўлмаганлиги ила фақир бўлмас, бори ишламаганлиги ила фақир бўлур. Иш тиришган кишини ҳар вақт тарбия қилур, сақлар. Агар ортиқ чиқимларингиз ила киссангиздан чиқа турган беҳуда ақчалардан кўз юмсангиз, бунинг табиий натижаси бўлган қарз олишга мажбур бўлурсиз ҳамда эрксиз қарздор бўлиб қолурсиз, бу вақтда сизга кўп зиён бўлур. Юрт тутувда бир кичкинагина қарз кийимдаги йиртиқ кабидир. Ҳозир кўринар-кўринмас бўлса-да, ямалмаса, бора-бора зўраяр. Ал-ҳосил, кучингиз етган қадар қарзни тўлаб олингиз, яхши қилган бўлурсиз.
Eнди тутилган ҳаражат дафтаридан баҳс қилайлик. Бир уйда юрт боши бўлган хотун тутилган ҳаражатларни кунникини кунига ёзиб қўядир, минг турли меҳнату машаққатлар ичида бўлса-да, бир кун ичида тутилган ақчани бир кичкина дафтарга ёзиб қўймай, уйқуга ётмасликка одатланиши лозим бўлур. Юрт боши бўлган хотун ғафлатда қолиб, тутган ҳаражатини ёзиб қўйишни унутмаслиги учун мазкур дафтарни бўлмасида, кўз олдида, яхшиси киссасида олиб юриши керак бўлур. Қайси вақтда юрт тутишга, ишни режалаб ишлашга тиришмаган хотунларнинг: «Киши қилган ҳаражатини кунникини кунда дафтарга ёзиб қўюви нега керак, қанча тутилганини кўриб қўрқиш учунми, тутилгани учун битган нарса ҳеч қайта ўрнига келмайдир», деган сўзлари эшитилса-да, бу фикр тўғри фикр эмасдир, янглиш ва хатарли экани кўриниб турадир. Киши тутган чиқимларини ёзиб қўйса, киссасидан чиққан ақчасининг сонини билиб турур, бир ҳафта орасида тутилган ақчанинг сони ул ҳафтада тутишга тегишли миқдордан ортса, ақчани режа билан тутув йўли ўйланур. Сўнгра эри киссасида ҳеч ақча қолмаганини кўриб ажабланса, юрт тутувчи хотун унга сотиб олинган нарсаларни ва буларга кетган ақча ила емак-ичмакка тутилган ақчаларнинг сонини ёзган дафтарини кўрсатур. Қайси бир хотунлар тутган ҳаражатлари учун дафтарларида хилларига қараб фасллар очадилар. Масалан: кийимлар, нон, гўшт, ун, гуруч, ёғ ва бошқалар учун махсус варақлар ажратадилар. Йил тўлгандан сўнг барини жамлаб ҳисоблаб чиқадилар, бир ёқда даромад, иккинчи ёқда харажат ёзилган бўлур. Мана шу вақтда аёл (оила, оила аъзолари) онаси учун бахтли ёки бўлмаса бир қайғу вақти бўладир. Агар ҳаражати даромадидан ортиқ бўлса, унинг ҳолига вой! Юрти жуда тез ҳаробликка учрайдир. Агар бунинг аксича чиқса, даромаднинг ҳаражатдан ортгани қўлида қолган бўлса, эри ёки болалари учун бир керак нарса сотиб олиш лозим бўлган тақдирда режалаб тутиб йиғган ақчасини тутса, қандай яхшидир. «Киримидан ортиқ тутмак бир ақлсизнинг иши, бутун киримини тутиб битирмак ҳам бир ақлсизнинг иши, келаридан оз тутув бир ақллининг ишидир», деган одамлар жуда тўғри айтганлар. Даромад ила ҳаражатни ҳисоблаб кўргандан кейин эр ила хотун бир қарорга келиб олурлар. Агар даромаду ҳаражатда камомад бўлса, уйда тутилажак ҳаражат учун ундан-бундан чиқара олувларини текшириб кўрадилар. Ҳар иккиси керакмас нарсалар сотиб олмасликка, жуда керак бўлмаганда ҳеч ақча тутмасликка аҳд қилурлар. Мазкур камомадни келгуси йил даромадининг ҳаражатдан ортгани билан қоплашни умид этадилар.
Хоним қизлар, сизларда нақ шундай усулда ишлангиз, сизларда қайсидир ҳаражатларингизни ёки бўлмаса кийинурга, зийнатга, керакли майда нарсаларни сотиб олишга берилган ақчани, кундаги ҳаражатларни бир кичкина дафтарга ёзиб қўйиб, ёш вақтингиздаёқ ҳисобни ўрганингиз.
ХОТУНЛАРГА ИЛМУ ТАРБИЯ ЎРГАТИШ
Хотунларнинг илм ўрганишлари, билимли бўлишлари яхшими ёки бўлмаса юрт тутиш тўғрисида лозим бўлган, уни қилмай қолиш ҳеч мумкин бўлмаган бир неча хизматларни ўрганишдан бошқа маълумотлари бўлмаганими? Қандай ажиб савол? Бу савол хотунларни хўрлаш учун берилганини сўзлаб, унга қарши ушбу равишда жавоб берурмиз. Ёш бир қиз тўғри, мустаҳкам, кенг, ҳатто ёши мусоид (қулай) бўлса, тўлиқ бир равишда таълиму тарбия кўрсин, ақлнинг қувватинию зеҳники кенгайтириш тўғрисида ундан ҳеч бир нарса қизғанилмасин. Одамлар ер каби ўз ҳолига ташланса, ўт-ўландан бошқа ҳеч бир нарса бўлдира олмаслар. Эрлар каби хотунлар ҳам англамак, билмак учун ақл, тузук қилмак учун бир фикру ният, қарши турмак ёки бардош бермак учун ирода ва эзгулик эгаларидирлар.
Шундай бўлгач, ҳеч нарса ўрганмай ишларнинг ҳаммасини қилмаклари ўзлари учун осон бўлурми? Хотунлар қила турган ишларнинг ҳар бири бутун одамлар умрининг негизидир. Ҳақиқатда ҳам юртларни хароб этган ёки яхши тутган, юрт нарсаларининг ҳар бирини ўрнига қўйган, уй ичида бўлган жамоаларга алоқадор ишларнинг ҳар бирини ўрнида юритган хотунлар эмасми? Шундай экан, илм ўрганган, тарбия кўрган бир қизнинг ўз ишларини яхши ва ўрнида бажара олувига ишониш керакдир. Юрт жамоаларининг яхши тарбия қилинуви, саломатлиги ва оналикнинг, завжаликнинг адо қилинуви, юрт ишларининг кўркам сувратда юритилуви учун қизларга мустаҳкам ва тўғри бир равишда илму тарбия ўрганув лозимдир. Энди хоним қизларга айтамиз: тиришингиз, вақтни ўтказмай, ақлу зеҳнингизни ўткир қилингиз, қайсиниси икки шарт бирладир. Биринчиси: ўқув ва билимингиз бутун устингизда бўлган ишларнинг биринчи даражалиси қизлик, хотунлик, ёш оналик каби ишларингизга ҳеч бир камчилик келтирмасин. Иккинчиси шулдирки, билган нарсаларингиз учун ҳеч бир вақт мағрур бўлмангиз ва уни ҳамон ўрганишга тиришингиз. Бу икки шартни ўрнига қўя олсангиз, илму камол эгалари бўлурсиз ва бунинг учун ҳеч ким сизни айб этмас.
КИТОБ ЎҚИШ
Китоб ўқиш энг ҳузурли, энг гўзал юпанчлардан бўлгани каби зеҳн орттирмак, илму маърифат ҳосил қилмак, хуллас, илму тарбия ўрганмак учун жуда керакли бўлган ишлардан биридир. Бир яхши китоб ўқиш ила қайғулар тарқаладир, лекин аввало шуни айтаманки, бизнинг учун тўғри-ю, дуруст китоблар кўришдан фойдалироқ ҳеч нарса йўқ. Агар яхши китоб қандай танланади деб сўрасангиз, сизга шундай жавоб берамиз: «Зеҳнларимизни тузатган, керакли ишларимизни бизларга билдирган ва сездирган, бизни кўркам хулқ эгаси бўлишга ундайдиган китоб яхши китобдир. Бунинг акси бўлиб, бизда бузуқ фикрларни уйғотадиган, ёвузу ёмон ҳулқларни кўркам ҳулқлар каби кўрсатадиган, бизни ёлғон ўйларга бошлаб, тўғри ўйлардан чалғитадиган китоб эса, ёмон китобдир. Уни тезда қўлдан туширмак керак. Бироқ ёш қизлар оналаридан яширин ўқиш ниятида бўлган асарларни-да ўқиши керак эмасдир. Кичкина хоним қизлар, агар мендан қандай китоб ўқиш керак, деб сўрасангиз, сизга шу сувратда жавоб бераман: «Муаллифнинг илми адаб ва аҳлоқда ўрнак олишга ярарлик бўлган асарларини ўқингиз. Уни санаб тугатиб бўлмас кўп фойдалари бордир».
ЮРТ ТУТА БИЛМАК ФАНИ
Уйнинг ичи хотунларга топширилгандир. Унда ижро қилиш лозим бўлган нарсаларни ўрганмасалар, керакли бўлган ишларнинг бошидаёқ адашиб қолурлар. Бу ишлар хотун учун фойдали ва қадрини орттирадиган бир фан бўлиб, у бир қанча вазифаларни ўз ичига олади.
Илми сарф, тарих, жуғрофия фанларигина сизнинг ёлғиз машғулотингиз бўлмас. Сизни келгуси кунда ўйлаб, билиб ишлашга ўргата турган фан юрт тута билмак фанидир. Юрт тузуклиги учун бўлган ҳар бир нарса хотун учун таълиму тарбия устига бино қилинмоғи лозимдир.
Хотун ош қандай равишда ҳозирланишини, дастурхон қандай тузалишини, бир уйнинг керак нарсаларини ҳозирлаш учун қандай тадбирлар лозим бўлишини, ея турган нарсаларнинг қандай ҳақ ила олинажагини, юрти жамоасига қанча ош етажагини ва бунинг каби бошқа бир қанча нарсаларни билуви лозим бўладир. Четдан сотиб олинганда қиммат бўла турган нарсаларни озгина ақча ила одам ўзи қила оладиган бўлса, уни ўрганиш ҳам фойдадан холи эмасдир. Хотун ҳеч бир кунда ош пиширувдан, кийим тикувдан, кир ювувдан, уйнинг ичини супуриб, чангларни артувдан бўшай олмаслиги маълум. Вазият уни қўл остида бўлган уйнинг ризқларини, керакли асбобларини ҳозирлашни ўз устига олувчи, бутун юрт жамоасига муаллим, касал қаровчи ёки бошқача ном ила айтганда бемор хизматчиси қилгандир. Олимлардан бири ёзган китобида шундай деган: «Ёш қизларнинг зеҳнини ўзларига тегишли бўлган нарсалар ила ўстирингиз, уларга юрт ишларини ўргатингиз. Уларни кичкина вақтларидаёқ юрт тутишга, ҳисоб-китобга, майда-чуйда нарсалар сотиб олишга, ҳар бир нарсанинг кўпроқ фойдали бўлиши учун нима қилиш кераклигини билдирувга тиришингиз». Иккинчи бир олим ҳам булар ҳақида жуда кўп нарсалар ёзган. Айтганки: «Ёш қизларга жуда кичкина вақтларида уйга тааллуқли бўлган ҳар бир ишни кўрсатиш лозимдир, иш кўра-кўра ўрганиладир». Кирларни қандай сувратда ювишни, йиғиб-тахлашни ўргатиш учун қизларни вақти-вақти ила кир юва турган уйга, дазмол қилинадиган жойга олиб бориб туриш керак. У ерда кирга совун суртмак, кирни ювмак, яхши чаймак, дазмолламак йўлини ўрганур. Ошпаз хотун ёки юрт эгаси бўлган хотун ош пишириб турган уйда хоним қизни ҳозир қилиб, ош қандай пиширилишини кўрсатиш керак. Уларга бир уй учун ҳар вақт керак бўла турган нарсаларни, уларни қандай сақлаш қоидаларини, уларнинг қандай ишланувларини, тутила турган идиш-оёқ, қопчиқларни ва уларнинг қандай сақланувларини билдириш керак. Қизларнинг қазноқ ишларига қўлларини ўргатувлари ўзлари учун жуда фойдали бўлгани каби уларнинг боғча меваларининг ҳар турлисини: карамни шолғомдан, хрен оғочини идрис оғочидан ажрата олмаганларида кўринмакдадир. Ҳар бир нарсанинг вақтини, қиш куни мева сақловни, ризқларнинг, керак яроқларнинг ҳозирлана турган вақтини ўргатиш керак. Хоним қизлар бир юрт жамоаси ичида ишларни билиб, керагича юритиш, ҳар кимни бир ақлли тадбир ила идора қилиш ва ҳар нарсани ўрнида тутишни билсалар, улардан қимматли, қадрли, севимли ҳеч ким бўлмас. Ана шу равишда бир қиз бола ота-онасини шод этиб, уларнинг хайру дуосини топар, бундай хонимнинг эри ҳам ҳар вақт унга муҳаббатли бўлур. Бундай она болаларининг чексиз ҳурмату улуғлашларига сазовор бўлур. Бундай юрт боши хотун хизмат эгалари қошида мақбулу эътиборли бўлур.
ЗИЙНАТ, КИЙИНУВ, ЯСАН-ТУСАН
Бизларни ҳайрон қолдира турган бир нарса бордирки, у ҳам бўлса хотунларнинг ясан-тусанга чексиз майл қилувлари, кийинувга керагидан ортиқ тиришувларидир. Бу айб эгаси бўлган хотун охири хатарли натижа келтирур. Оқибатда ақлга мувофиқ бўлмаган ҳаражатлар қилувига, юртнинг хароб бўлувига сабаб бўлур. Дўстлар ҳайронликда, ота-она умидсизликда қолур. Ишлар яхши бўла туриб, эр ила хотун ақлли ва тадбирли бўла туриб, ҳеч бир кишининг кўнглига келмаган бу харобликнинг сабаблари хотирга келур... Юртнинг хароб бўлуви сабабини оила онасидан сўрангиз. Бу тўғрида сизга жавоб бера олгувчи ёлгиз угинадир. Юртнинг хароб бўлувига унинг башанг кийинувга одатдан ташқари мубтало бўлувидан бошқа ҳеч бир сабаб йўқдир. Бировнинг устида янги услубда бир кийим кўрдими, ундан ўзига тиктирмай ҳеч тура олмас. Дўконда бир яхши мато борлигини эшитдими, қандай қилиб бўлса ҳам, бориб ундан ўзига бир кийимлик олмасдан кўнгли роҳат топмас. Шунинг учун эрининг топган ақчаси хотуннинг бузуқ орзуларига хизмат этмакдан бошқа бир нарсага фойдаси тегмас. Қайси хотунлар учун лентадан қандай сувратда бант ясалиши, куйлакнинг қандай тусда бўлажаги ёки бошу соч зийнатларининг қандай равишда қўйилажаги энг керакли бир иш ҳукмида тутилмакда бўлиб, турмушларининг кўпроқ қисми бир неча фойдасиз ва керакмас нарсалар ила йўқолмакда бўлганини кўриб ўйланса, одам бир қаттиқ қайғуришдан ўзини тута олмас. Агар хотунлар устларида қимматли бир неча зийнатлар билан ҳар кимни ўзларига ҳайрон қилишга тиришиш фикрига тушсалар, эс оғарлик бир сувратда алданган бўлурлар. Агар бошларига таққан патлари чиройли бўлса, агар кийимларининг бичими келишган бўлса, ҳайрон бўлув тўппа-тўғри ул патни ўстирган қушча, ул кийимларни тиккан тикувчи хотунга қаратиладир. Четдагиларга кўркам кўриниш учун мода ва кийинув балосига гирифтор бўлишни ўзларига лозим деб ўйлаган хотунлар фикрлари йўқлиги учун ғоят бир ёмон далил кўрсатган бўлурлар. Сизга зарар келтиришдан ва сизни халқ-нинг ёмон хаёлларига туширувдан бошқа ҳеч бир фойдаси кўринмаган, ҳолингиз, ўзингиз ва кучингиз етганидан ортиқ такаллуфли кийинишга ҳеч қизиқмасангиз, ҳар кимнинг яхши фикрини қозониб, ўзингизнинг қадрингизни сақлаган бўлурсиз. Кийим тўғрисида шу йўлдан йироқлашмаслик керак. Ёшига, ўрнига ва ҳолига келишарлик бир сувратда кийинмак, бир зийрак хотун бутун халққа кулгу бўлмай, чегарадан ташқари, хусусан, ҳамма жинсдошларидан юқори туришга ҳаракат қилмай, имкон етарлик кийимга каноатланур, онгли ва биликли хотуннинг онглилигининг аломати, кийимларнинг келишимлик ва такаллуфсизини сайлай билувидан иборатдирки, бу ҳеч бир вақт гўзаллик ва ясан-тусанувни четга ташламас. Хотирга келганда шуни ҳам сўзлай, оқшом вақтида расм бўлган кийимлар кийишни ва кундузлари сочлари ёйилган, кўйлаклари йиртиқ, сўкилган бўлиб, кўпинча тунги кийимлар ила юрувни одат қилган хотунларнинг ҳам оз бўлмагани эшитилмакдадир. Бу ҳам жуда зўр бир айбдир. (Оқшомлари театр каби ўринларга бориш учун расм бўлган кийимлар кийиш турк хонимларига хос бўлиб, бизда бунинг ўрнига мажлисларга борганда ташландиқ кийимларимизни кийиб, фозил муҳтарам муҳаррир Ризоуддин жаноблари айтганича, эрларимиз ёнида мўри тозаловчилар каби юриш одатдир). Ёш қизларнинг эрталаб каравотларидан турар-турмас сочларини тараб тузатуига ва кундуз учун устларида бежирим, йиртиғу сўкиксиз, фақат сўнгги даражада пок, уйда кия турган кийимларини кийишга одатланувлари лозим бўладур.
ТАРТИБ ИЛА ИШЛАШ ҲАМ ТАРТИБСИЗ ИШЛАШ
Ҳар нарсани ўрнига қўйиб, тартиб ила ишлашнинг уч фойдаси бордир: зеҳнни очар, вақтни бўш ўтказмас, нарсаларни яхши сақлар. Тартибсиз ишлашнинг уч зарари бордир: ишдан безмак, сабрсизлик, вақтнинг беҳуда ўтуви. Ўрни ила ишлаш учун уч ёрдамчи керакдир: ҳавас ила ишламак, яхши қилиб ишлашга тиришмак, моҳирлик. Тартибсиз, ўринсиз ишлашга ҳам уч қизиқтирувчи бордир: шошқалоқлик, ялқовлик, ғофиллик. Кўпроқ бир онадан туғилган икки қиз орасида ҳам бир неча ажаб айирмалар бўлуви эшитилмакдадир. Булардан бири тонгдан аввал юз-қўлини ювиб, таҳоратни олгандан ва намозни ўқигандан сўнг кийиниб-безанган, бўлмасини супуриб, чангларини артган, ҳар нарсани ўз ўрнига қўйган. Ал-ҳосил, бир ёш қизнинг кўзи тушиб, ўрнак оларлик бўлгани, кичик-кичик турли ишларни қилиб бўлмасида ўтиргани, яна таралган ва чиройли турмакланган сочларида, ҳар вақт тоза тутилган қўлларининг қизил тусли тирноқларида, янги дазмолланган, қор сингари оқ кундузги куйлакларида, кийган пайпоқлари ила тозалигидан ялтиллаб турган оёқ кийимларида доим хуш ислар таратиб турган чечак каби, ҳар турли ранглари ила кўрган кўзларни ҳайрон қила турган капалакдек чексиз ёқимлидир.
Иккинчи қиз эса ҳамон каравотидан туришга эриниб, бир тартибсиз холда ётадир. Бошни оғир, кўзларини шиш қилиб, ялқовлик туғдирувчи узоқ бир уйқусидан сўнг, у ботил (беҳуда, асоссиз) фикрлар, фойдасиз ҳаёлларга толур. Туриш учун қимирлаб, эснар, керишар, сузилар.
Ал-ҳосил, бир зўр роҳатсизлик сезар, туришга эриниб, бир қанча вақт чўзилиб ётар. Юз-қўлини ювиш оғирлик қилар. Таҳорат олишни бошқа вақтга қўядир. Эриниб, нозланиб пайпоқларини кияр, яхшилаб киймаганидан қўнжлари тўпиқларига тушадир. Ярми сўкилган ботинкаларини киядир, боғлашга эринганидан боғичлари ерга судраладир. Охири устига бир кийим киядир, унинг ҳам енглари гавдасидан айрилиб тушишга етган бўладир. Уй халқи нонуштага йиғилган вақтда сочлари таралмаган, кундузги кийими кийилмаган кўйида, паришон қиёфада дастурхон ёнига келиб ўтирадир. Ота-онасига ва дастурхон атрофида ҳозир бўлган қариндошларига сочларининг чувалганини кўрсатмаслик учун тезда у ер-бу ерда ётганидан ғижимланиб, кирдан сарғайиб кетган бир рўмол боғлаб, куйлагининг йиртиғини беркитиш учун ҳам елкасига бирор нарса ташлаб оладир. Мана шундай кулгили ва одатга хилоф бир кийинув ила стол атрофидагиларга ўз гавдасини кўрсатадир.
Бу икки ёш қиз орасидаги фарқ ёлғиз кийиниш, равишу одатларидагина эмасдир. Шубҳасиз, хулқу табиатларида ва буларга тааллуқли ҳолларда ҳам бордир.
ЯХШИ ВА ЁМОН ХУЛҚЛАР
Кўркам хулқли бўлган бир киши ҳар ким ила яхши муносабатда бўладир: ҳар кимга раҳмли, эзгулик тиловчи бўлур. Ҳеч бир нарсага аччиқланмас. Ҳар нарсанинг яхши тарафини тутар ва ҳар вақт бошқаларга хуш кўринурга тиришар. Ҳар вақт очиқ чеҳрада бўлур. Юмшоқлик, очиқ табиатлик, шодиёна чеҳрада бўлиш бир пок кўнгилнинг аломатидир.
Ёмон ҳулқли хотун бунинг аксича бўлиб, ҳеч кимнинг кўнглини хушламас. Ҳар ким ила сўз уриштиришга йўл излар. Ўзи ҳеч нарсадан шодланмас. Доим бошқалардан ҳам, ўзидан ҳам зорланур. Ўзидан бездирувчи, ғамгин юзли бўладир, ҳеч кимнинг насиҳатини тингламас, ўзига бир нарсани оқ десалар, қора деб даъво қиладир. Кишилар бир одамни мақтаб сўзласалар, у ёмонлаб сўзлайдир. Агар бировнинг ёмонлигини сўзласалар, у мақтаб сўзлайдир. Жуда тез аччиқланадир. Сўзига озгина эътироз билдирилса, тезда жаҳли чиқадир. Бундай киши ила умр бақириқ, уришиш ичида ўтадир. Бу равишда бўлган одам ҳеч тузалмайдиган касалга ўхшайдир. Ҳар ким унинг тўғрисида: «Ё раббим, ўзинг сақла, қандай уялмас махлуқ, қандай оғир юк экан», дейди. Шунинг учун ҳар бир хотунга энг керакли сифат кўркам ҳулққа боғланган юмшоқликдир. Ақлли, тадбирли бир она ўғлини уйлантиришни истаган пайтида келинликка сайлаган қизнинг бой, гўзал, зийрак бўлувини сўрамас, ҳар нарсадан аввал кўркам хулқли бўлиб-бўлмаганини билишга тиришадир. Гўзаллик, бойлик, зийраклик ҳақиқатда керакли нарсалардан бўлса-да, Аллоҳ таоло бу ҳадяларни бермаган бўлса-ю, аммо қиз эзгу ҳулқли бўлса, юрт жамоалари орасида яхши тириклик қила олур. Ёмон ҳулқли хотун ила яхши тириклик қилмак ҳеч мумкин бўлмас. Кўркам ҳулқли бўлган бир ёш қизни ҳар ким севар, агар бу қиз туғишганлари ёки эр туғишганлари орасида бир тотувсизлик аломати сезса, тезда ярага малҳам суртадир, дилҳираликни битиришга тиришадир. Янглиш англанган сўз ёки ишни яхшилаб англатадир. Эзгулик ҳамма одамларнинг ҳар нафас ва ҳар замон бир-бирини севишига, таҳсин қилувига сабаб бўлган бир фазилатдир. Эзгу ниятли бўлингиз, бахтли бўлурсиз!
ЮРТ ТУТУВЧИ ХОТУННИНГ «НИМА УЧУНЛАРИ» ИЛА «ШУНИНГ УЧУНЛАРИ»
Нима учун жундан ясалган ёки мўйнали кийим кийила-дур? Шунинг учунки, танамиздан иссиқликни чиқармас. Ундай нарсалар танани совуқдан сақлайдир. Жун ва мўйнали кийимлар танани исита оладими? Йўқ, ўзлари танани исита олмас. Бори тананинг ҳаракатлануви ила пайдо бўлган иссиқликни сақлар.
Нима учун ёз куни оқ кийим кийилур? Шунинг учунки, улар иссиқ тута турган нарсалар бўлмаганликдан иссиқликни тортмас, қайтариб юборадур. Нима учун резинка ёмғирпўш, чарм камзул ёки калиш кийган вақтимизда, қайси вақтда танамиз ёки оёқларимиз терлаб кетадир? Шунинг учунки, резинка, чарм пар ўтказмаганидан танамизнинг иссиқлигидан ҳосил бўлган парнинг чиқиб кетишига монелик қиладир, мана шунинг учун резинка ёмғирпўш ёки калишни жуда керак бўлган вақтдагина кийиш керак.
Нима учун ҳўл кирлар орасида ухлаш, ҳўл кийим киймак хатарлидир? Шунинг учунки, ҳўл кирлар, бошқа ҳўл нарсалар қуриш вақтида танадан доим исскқликни тортадир. Бунинг натижасида танада иссиқлик табиий даражасидан камаядир.
Нима учун ичида гул ва бошқа ўсимликлар бўлган хонада ётиш хатарли бўладир? Шунинг учунки, ўсимликлар қуёш нури ила муваллиду-л-қамуза (кислород)ни сочар ва ҳаводан ҳомизу-л-фаҳм(угле кислота)ни оладир. Ҳолбуки бунинг акси ўлароқ кечқурун ўсимликлар, гуллар нафас олган вақтда ичга киришга ярамай турган мазкур газни чиқарадир, чечак ҳидларининг ҳам бу тўғрида гоят зарарлари бордир.
ХИЗМАТЧИЛАР
Хизматчи тўғрисида агар аҳлоқсиз кишиларга учратса, уларни тезда бўшатиш ва уларнинг жўнсиз бўлганларини уйга яқинлаштирмаслик керак. Бундай зҳтиёткорликни жуда тўғри иш деб ўйлайман. Хизматчилзрни тарбия қилишни, уларнинг ишларидан фойдаланувчи хўжа бўлишни истасангиз, уларни жуда сайлаб олингиз. Улар ҳақида тўлиқ маълумот излангиз. Бундан сўнг уларни тарбия этмак, ўргатмак тўғрисида лутфингизни сарф этингиз. Хизматингизга кирган вақтларида улардан кута турган ишларингизни, яхши ишлашлари учун ойликларни ажратиб, тайин қилингиз. Ишни йўлга қўйгандан сўнг белгиланган чизиқдан чиқмасликларига кўз ташлаб турингиз.
Икки тарафнинг ўринлари жиҳатидан хизматчиларимиз ила бизнинг орамизда бир айирма бордир. Бор, бўлиши ҳам керак, лекин уларнинг ҳам биз сингари машаққатларга тўзимсиз, нақ биз сингари камчиликли бўлиб, бир лойдан ясалган қариндошларимиз эканини ҳам унутмайлик. Шундай бўлгач, ўзимизда бўлмаган комилликларни, ўзимизнинг кучимиз етмаган ишларни улардан талаб қилмаклик тўғри бўлмас. Бир хизматчингиз бетоб бўлса, ҳолини сўраш учун тез-тез борингиз, шафқат қилингиз, уни ихлос ила боқингиз, дори келтириб берингиз, қайғурингиз. Уни юпата турган сўзлар айтингиз. Бу ҳолда у чексиз шукурлар қилувига амин бўлингиз. Агар хизматчингизнинг бир зўр қайғуси бўлса, ота-онасидан, яқинларидан бари вафот этган бўлса, унинг ила бирга қайғурингиз. Бойлигингизга қараб ора-сира майда ақчалар берингиз, ишлаб битириш мумкин бўлмаслик даражада кўп иш топширмангиз. Кўп вақт юрт эгаси хотунлар қўшган ишларини ҳисобламаслар, уч кунга ишлашлик ишни бир кишига юклатурлар. Бир сабаб ила танбеҳ бериш керак бўлганда, юмшоқлик ила, сўкинмасдан, ғазабланмасдан ҳамда урмасдан танбеҳ берингиз, бундай танбеҳларингиз чексиз фойдали бўлур. Сўрай турган нарсаларингизни яхшилик ила сўрангиз, топширган нарсаларингизни ҳозирлаб келтирган вақтларида хушланганингизни билдирмангиз. Бир яхши иш қилган вақтида мақтовчи бўлмангиз. Хизматчиларни кузатингиз, лекин зулм ва ҳақорат қилмангиз. Кўз олдиларига ақча қўйиб, уларни синашга тиришмангиз, чунки одамнинг табиати жуда нозикдир. Уларнинг ва кўпроқ ошпазларнинг, сиз учун сотиб олган нарсаларини ҳисоблаб чиқингиз, сизни алдаш учун сўзлаган сўзларига ишонмангиз. Янглишишларини ўйлангиз. Сўраган ойликларини тўлангиз. Хизматчиларнинг ойликларини бекаларидан келиб сўрашлари ўзлари учун катта бир хўрликдир, хизматчиларингизни ётлар олдида ҳеч койимангиз. Бу қандай иш бўлганини билмаган дўстлар, қўноқлар олдида кўнгилсизлик, хизматчилар қошида ҳам бир хўрликдир. Бир хизматчи хотун ёнида айб бўлурлик иш қилиб, қизариб-бўзарувдан ўзингизни жуда сақлангиз, ундан жуда кичик бўлса ҳам айбларингизни, камчиликларингизни яширингиз. Хизматчи хотунга ўз жамоаларингиз орасида бўлган ишларни ҳеч билдирмангиз, хизматчиларнинг ҳукми остида бўлай демасангаз, уларга ҳеч бир сирингизни фош этмангиз. Парвосиз бўлмангиз, илтифотли бўлингиз, парвосизлик ўзингизни бачканалаштиришга сабаб бўладир. Ҳеч бир ёш қиз ҳеч вақтда хизматчи хотун ила ўйин ўйнашмасин ҳамда унинг яқинларидан бўлиб сўзларига ҳеч бир вақт қулоқ солмасин. Ота-онаси қўшмаганда унга ишлар буюришга киришмасин.
ОШ ПИШИРУВ САБОҚЛАРИ
Инглизлар хотунларга оид сабоқлардан бирига ош пиширув санъати деб ном бериб, Лундра (Лондон) ичида бир ош пиширув мактаби очганлар. Уни ҳар турли ошлар ҳозирлаш учун керакли қуроллар, идиш-товоқлар, турли ўчоқлар, плиталар, ёқиш учун кўмир, газ каби ҳар турли нарсалар ила жиҳозламишдирлар. Бундан ташқари мактабда сабоқ беришда қизларга осон бўлсин учун барча ошхона нарсаларини ҳозир қилиб, ўзларига пиширтириб сабоқ бера бошлаганлар.
Бу усуллар тартибга солиниб, кўп мамлакатларда шундай мактаблар очилгани каби Туркияда ҳам кечки қизлар ҳунар мактаби очилган ва мазкур мактабнинг олтинчи, еттинчи йил толибларига навбат ила ҳафтада икки марта туркча, франтсузча ҳар турли ош пиширмак, дастурхон тузамак усуллари алоҳида ва керагинча ўргатилган. Қизлар мактабида шундай сабоқлар берилса, оила оналари умрлари бўйича шукрлар қилувлари шубҳасиздир. Оналар юрт тутув тўғрисидаги ишларни, ош пиширувга тааллуқли фанларни қизларига вақтида ўргатишга тиришишлари керак. Агар ўзи ош пиширишга уста бўлмаса, уни бир устага топшириб ўргатиши керак. Чунки қиз болалар ош пиширув усулларини ёш вақтларида ўрганмасалар, кейинчалик ҳеч била олмасликлари шубҳасиздир. Агар хоним қизлар ота-оналари ёнида турмак вақтида ош пиширувни ўрганувдан қочиб, ўзларидан: «Нега ул керакли ишни ўрганишга тиришмадинг», деб сўраган одамга кулиб: «Ош пиширув оғир ишми, юрт қарарга киришган вақтимда унида ўрганурман», деб жавоб берса, жуда янглишган бўладир. Емоқ жуда керакли бир ишдир. Ошларнинг яхши ҳозирлануви, ўрнида ва вақтида бўлуви юрт халқининг тинчлигига ва бахтлилигига сабаб бўладир.
Бу бобда ўз фикрларимни билдирайин: ишчилардан бирини фараз қилингиз, у кунини оғир, машаққатли бир иш ила ўтказган ва оқшомдан сўнг уйга қайтган бўлсин. Кундаги вақтида ошнинг ҳозир бўлгани хабар берилгач, юзида шодлик аломати кўринур, ғоят тоза ва яхши ҳозирланган бир дастурхон атрофида шод бўлган ҳолда хотуни, болалари ила бирга ўтириб ҳам овқатланур, ҳам улар ила суҳбат қилур. Ошдан сўнг дам олур, кун бўйи ишлаб чарчаганини унутур. Яна шу киши қўлидан иш келмай турган, бепарво, емак-ичмакнинг бўлиш-бўлмаслигини ўйламай турган бир юрт боши бўлган хотуннинг эри деб фараз қилсангиз, аҳвол қандай равишда бўладир. Ул чарчаганликдан ҳолсиз, оч уйига келган ва ҳеч нарса ҳозирланмаган бўлса, шубҳа йўқки, чегарадан ташқари аччиқланадир, тинчсизланадир. Сўнгра бу ҳолдан зорланадир, ёмон сўзлар айтадир. Болалари оталарининг аччиқланганини кўриб қўрқадирлар. Ёнига бориш ўрнига йироқ кетадирлар ёки қочадирлар. Овқат вақти бир турли тинчсизлик, жаҳл-зарда ила ўтар. Ҳар ким ўзининг нима еганини билмаслик даражасида ҳузурсиз, ошиқиб еб, тезда совуқлик ила бир-биридан айриладир. Агар ишчилардан бири ўрнига деҳқондан, сотувчидан, ёзувчидан, ҳатто тўралардан бири ҳақида баҳс қилсак ҳам, ҳол ҳамон юқоридаги ҳолнинг ўзи бўладир. Хоним қизлар, уйингизда бўлган бир уста ошпаз хотун ёки бу тўғрида билимли бўлган бир хоним ош гиширган вақтида ёнида туриб, унинг пиширганини кўриб ўрганишга тиришингиз, ширин овқатлар ҳозирлашга ўрганингиз. Масалан, шўрва, гўшт, сабзавотларнинг ва буларга ўхшаш ҳар кун керак бўла турган нарсаларнинг неча турли пиширилувини ўрганиш тўғрисида ялқовлик қилмангиз. Қайси бир уй бекаларининг пиширган ошлари дастурхонга қўйилганда овқатланувчилар ўз бармоқларини ҳам еб юборгудек бўлиб лаззат ила еганлари эшитилмаган ҳодисалардан эмасдир. Тўғриси, иштаҳа ила егулик бир ош ҳозирлашни, сабзавотлардан фойдали бўлганларини ва этнинг энг яхши бўлакларини танлашни билган, ҳар кун бир турли ош пиширмасдан, ҳафтанинг ҳар бир куни учун турли овқат қила билган оила онаси чин ва ғоят қимматли бир хазинадирки, у бу мақбул ҳаракати ила атрофини ўраб олган юрт жамоаларининг ҳар вақт сиҳату саломатликларига ва бахтли бўлувларига хизмат ва ёрдам этувчидир. Ҳар бир хотун, ҳатто ишлашдан озод бўлганларида, хотун жинси учун энг керакли бўлган ва усули табоҳат номи ила аталган ошпазликни билиши лозим. Бу ҳам ёлғиз бир нарса учундирки, ошпаз бевақт касал бўлуви ёки бир неча кунга рухсат сўраб, ўз ишлари ила шуғулланиши керак бўлуви мумкин, бу вақт ичида оғизлар ёпилиб турмас, овқат емак керак. Бу ҳолда юрт боши хотун ош пишира билса, масала ечилган бўладир. Тезда юрт жамоасидан ўзи истаган бир одамни ёнига олиб ёки ёлғиз ўзи ишга киришадир. Юрт жамоаси бир неча кун ошсиз, оч қолув балосидан қутиладир.
БИР ОШ ПИШИРУВЧИНИНГ БАЪЗИ СИРЛАРИ
Ошпазлик тармоқли ва нозик бир илмдурки, агар уни ўрганишга хоҳиш бўлса, ҳеч бир ғафлат ила ишланмасин, чунки кичкинагина бир камчилик таъсири жуда аъло бўлғуси бир ошни оғизга олиб бўлмас, ёмон қиладир. Бузилган, исланган балиқ, қари товуқ, эскирган ёки қартайган кўкатлар, жуда қаттиқ ёки жуда юмшоқ пишган тухум, жуда шўр ёки тузи паст ош, исланган эт, ёмон ёки бузилган исли нарсалар каби майда-чуйдалар ошларнинг лаззатини йўқотади, юрт қаровчи хотуннинг булардан сақлануви лозим бўлур. Ўқувчиларимизга ёрдам этмак учун бу ўринда керак бўлган қайси бир нарсаларнинг сотиб олинуви ва сақлануви борасида бир оз насиҳатлар қилурмиз. Яхши тириклик қилина турган бир юрт учун вақтида кўпрак олинса, арзон баҳо ила олиш ва бир оз вақт сақлаш мумкин бўлган озиқларни вақтида ҳозирлаш керак. Лекин керагидан ортиқ исроф бўлурлик даражада мўл бўлмасин. Озиқлар сақлана турган ўриннинг очқичи юрт қаровчи хотун қўлида бўлиши керак.
Агар товуқ қари бўлмаса, жунлари юмшоқ, узун бўлур. Юпқа ва оч қизил тусли бўлган териси кичкина-кичкина томирлар ила ўралган бўладир. Бир йилдан ортиқ яшаган товуқларнинг пати юмшоқ бўлур ва томирлари билинмас, терисида оқиш тусда ва озроқ ялтироқ бўладир. Курканинг қари бўлмагани оёқлари қора ва чиройли, оёғининг тирноқлари қисқа бўлувидан билинадир. Қариганининг эса кўзлари чуқур ҳам тирноқлари қаттиқ бўладир.
Тузлаш учун бодринглар мумкин қадар кичкина, кўк, ғоят қаттиқ бўлиши керак.
Кўкатларни қишга табиий ҳолида сақлаш учун энг асосий йўл шулки, кўкатни томирлари ила суғуриб олиб, қуруқ ва иссиқ ҳавода ювилмаган ҳолида бир неча соат ерга ёйиб қўйиладир. Сўнг уни қўйиладиган жойгага элтиб, аввалдан ҳозирлаб қўйилган қум устига бирни-иккинчисига тегизмай жойланадир. Буларнинг устига яна қум сепилиб, усгига иккинчи қават кўкат териладир, кўкатлар битгунча шундай қилинадир ва ўриб олинган хаслар (чим) билан усти ёпиладир. Турли кўкатларнинг ислари бир-бирига сингмасин учун қум орасига алоҳида-алоҳида қўйиладир.
Қовоқнинг бармоқ ила босганда қаттиқ бўлиб, таъмли ҳид келиб тургани яхшидир. Пўртаҳол (апелсин) сотиб олганда катталигига эмас, оғирлигига қараб, пўстлари юпқа, қизғиш ва чиримаганлари танлаб олинадир. Лимоннинг ҳам юпқа пўстли, сариқ, хуш исли бўлгани танланадир. Гуруч йирик, оқ, тоза, ялтилламайдиган бўлсин, чанг ҳиди келмасин. Миср гуручи бошқа гуручлардан ортиқ бўлсада, усти бир оз ғуборли бўладир. Усти оқарган, майда мева бузилгандир.
Бу ўринда турли ошлар тўғрисида кўп нарсалар ёзсам-да, турк овқатлари бўлиб, бизнинг еримизда пишириш мумкин бўлмаганлари ёзилмади. Мен масаллиқлари бизга маълум бўлмаган нарсаларни ёзишдан ўз овқатларимиз тўғрисида бир-икки сўз ёзувни ортиқ кўрдим. Ҳар бир юртда шўрвани пишира билмаган хотунларда йўқ эмас. Шўрва пишира билмаган хотун ҳам бўлурми, деб кулмангиз. Ҳурматли хоним қизлар, бир ширин шўрва пиширмакчи бўлсангиз, жуда тоза ювилган ва артиб қуритилган қозон ёки каструлда бир коса ош пишириш учун икки косадан ортиқроқ совуқ сув солингиз. Этлариншзни чамалаб олиб, совуқ сув ила бир неча марта тозалаб ювиб, каструлдага сувга солиб, остига ўт ёқингиз, қайнаб чиққунча кўпроқ ёқиш керак бўладир. Қайнаб чиққач, сузгич ёки қопчиқ ила кўпигини йиғиб олгандан сўнг керагича туз солингиз. Бир-икки дафна барги (лавровий лист), тўрт-бешта қора мурч солиб қайнатингиз. Милдираб қайнасин, тўхтаб, ҳеч қайнамай турмасин. Бир жуда қаттиқ қайнаб, бир бутунлай тўхтаб пишган ошда қеч қандай лаззат бўлмас. Бир тухумга ярим коса сув солиб, тухум бўлмаса, қайнаб турган шўрвадан солиб қаттиқ хамир қорингиз. Узоқ тиндирилгандан сўнг юпқа қилиб ёйингиз, бошқа ишларингизга қарагунча, ёйган хамирингиз қурисин, кесишга осон бўладир, ҳам ёпишмас. Қуригач жуда ингкчка ёки жуда майда қилиб угра кесингиз. Шўрва қайнаб, гўштлари пишгач, шўрва устидаги мойли қошиқ ила бир идшга йиғиб олингиз, гўштларига олиб, шўрвани элакда сузингиз. Каструлки ёки қозонни ювиб, артиб шўрвани қуйиб, қайнаб чиққач, уграни солиб, угра устига чиққач, бир товоққа сузиб олурсиз. Косадаги майда тўғралган пиёз, кўкатлар устига товоқдаги ошни солиб, ош устидан йиғилган мойдан бир-икки қошиқ қуйиб, мурч сепиб дастурхонга қўярсиз. Гўштни қандай кесган бўлсангиз, шундай еярсиз. Иккинчи идишда (каструлда) шўрвага картошка ила пиёз солиб пиширсангиз ёки картошка ила пиёзни мойда қовурсангаз ҳам бўлади. Гўшт ҳам сувнинг солинуви егувчиларнинг кўплига ила ҳисобланилур. Хамир ҳам режа ила қилинур. Кўпу бемаза қилиб пишириб, қолган ошни чиқариб ташлаш ақлли хотуннинг иши змасдир. Яна товуқ ёки қўй гўштини бўлакларга бўлиб, юқорида айтилганча қайнатгандан сўнг сузиб олиб, сабзини угра каби тўғраб, шул шўрвага солинадир. Картошка ва карам ҳам тўғраб солинадир. Сўнг ошнинг чамасига қараб, гуруч ювиб солинадир. Бир-икки тилим лимон, беш-олти қаланфур, дефна барги, мурч солинадир. Гуруч ва бошқа масаллиқлар пишгач, аввалги ош каби сузиб, пиёз, кўкат, бўлакланган гўштларни сузиб олинган шўрвага солиб, дастурхоига тортиладир.
Сигир гўшти шўрваси бўлганда угра каби тўғраб лавлаги солиб пиширилса ҳам аъло бўладир. Ошни сузиб олгач, қозонни чипта ила яхшилаб ювгандан сўнг қайта-қайта чайиб, тўлдириб сув қуйиб қўйиладир. Овқат ейилиб бўлингач, бир катта идишга бояги қайноқ сувдан солиниб, қошиқ, тарелка, санчқи, коса каби нарсалар чипта ила ювиладир ва икки қайта янги ва қайноқ сув ила чайилиб, ошхона шкафига тўнтариб қўйиладир. Бир оз ўтгандан сўнг ҳар бирини тоза сочиқ ила артиб, ўрнига териладир. Бу ишларни юрт эгаси бўлган хотун ўзи қилмаса, хизматчи хотунга қилдириши керак.
Пирог каби нарсаларга солиш учун гуруч ивитган вақтда уни қайта-қайта ювиб, қайнаган сувга солиб ивитиш керак. Гуруч пишмай ҳам қолмасин, ортиқча пишиб ҳам кетмасин. Шундан сўнг гуруч элак устига солиниб, совуқ сув ила совигунча чайиладир. Суви оқиб битгач, гуруч тоза дастурхон устига ёзиладир. Бу бир зўр иш бўлмасада, гуруч ивита билмагандан кўп хотунларнинг балиш (пирог) ва шу каби нарсалари одам ирганарлик бир ҳолда бўладир. Қўй ёғи, сариёғ бўтқа ва қуймоқ каби нарсаларга керак бўлганда кичкина каструлкага керагича солиб, жизиллаган овоз битгунча қиздириш зарур. Қизиганини билиш учун хамир ёки нон солинадир, у жуда тез қайнаб устига чиқса, ёғ қизигани бўлур. Бу арзимас нарсадек туюлса ҳам қиздирмай солинса, табиатга кўп оғир ҳам жуда бемаза бўладир. Бу тўғрида бепарволик қилган хотунлзр оз эмасдир. Сиҳат-саломатликнинг юрт ичида хукм сурмоғи оила онасига боғлиқдир. Чунки ризқлар ила шуғулланувчи фақат угинадир. У ошларнинг хосиятларини, ошқозони заиф бўлганларга, кексаларга, болаларга ва бошқаларга қандай гўштнинг, қандай кўкатнинг тўғри келишини билиши лозим. Шу боис бу ўринда ош тез сингиши учун зарур бўлган нарсаларни билдириб, сўнгра энг керакли ошларни кўздан кечирурмиз.
Ея турган нарсалар тиш ила яхши чайналиши керак. Ош тўғрисида икки нарсани эътиборга олмак керак. Бири танни сақлай турган ош, иккинчиси, тез синга турган ошни танламақдир. Сигир этидан пиширилган шўрва танга жуда яхши таъсир этади. Қанча қувватли бўлса, шу қадар тез сингадир, танга фойдали бўладир. Кўп сув ила пишган шўрва суви кўп бўлганлигидан сингишли бўлмас, ошқозонга оғирлик қиладир. Эндигина касалликдан тузалганларнинг, ошлари тез сингмай турган одамларнинг ошқозонлари шўрванинг жуда озгинасини қабул қила оладир. Яхши шўрва ҳозирлаш учун эт совуқ сувга солинадир, агар қайнаётган сувга солинса, этнинг суви қайноқ сув ила тезда қуюқлашиб, эт ҳам қаттиқлашадир. Шўрвага қуввати чиқмас.
ТИРИКЛИК ҚИЛМАК СУВРАТИ
Тириклик қила билиш сиҳат учун чексиз кераклидир. «Ҳар қачон тўрт касалликнинг учтаси иккинчи дорига муҳтож бўлмай, бори тириклик билув ила тузаладир», деган одам жуда чин сўзлагандир, ҳар ким ўзини билиши, табиатига қараб, ўзининг қандай сувратда тириклик қилишини тажриба қилиб, шул сувратда тириклик қилиш ила шуғулланиши керак. «Хайру-л-умур авсатуҳо» дейилгани каби, яъни ҳар ким учун ўртача тириклик хайрлидирки, бу маълум ўлчовда эт, сув, тухум каби маводди ҳайвонийялар ва ўланлар ила ризқланмакдир. Ёлғиз гўшт ёки ўлан илагина тириклкк қилув сиҳат учун зарарлидир. Шунинг учун эт ила ўланларни бирга емак керак. Овқатланиш аниқ соатларда бўлиб, икки овқатланишнинг ораси тўрт соатдан кам бўлмаслиги керак. Кечки овқатланиш ётишдан уч-тўрт соат аввал бўлиши керак. Овқатланган вақтда сув ичмакчи бўлсангиз, қуюқ овқатлар еган вақтда ичиш керак. Овқатланган вақтда бир неча бор сув ичилса, жуда фойдали бўладир. Саломатлик учун ошларнинг жуда қувватли нарсалар солинмагани фойдалидир. Овқатни секин, тамоман чайнаб емакни одат этиш керак. Шошиб овқатланиш одамни ош сингмай турган касалликларга гирифтор қилур. Одам ейдиган овқатнинг миқдори унинг ишлашига, шуғулланишига кўра бўлиши керак, кўпрак ишласа, кўпрак ейиши керак. Хотунларнинг тан ила, ҳам ақл ила шуғулланувлари эрлардан озроқдир. Шунинг учун енгилроқ овқатлар ила қаноат қилувлари лозим бўладир. Еб битирар-битирмас шуғулланувдан, ишга тутинувдан сақланиш керак. Агар газета ўқув каби бир енгил иш ила шуғулланилса зарари бўлмас. Тухумни сақлаш учун юз эллик дирҳам сўндирилмаган оҳакнинг устига аста-секкн беш литр (юз зллик дирҳам қадоқнинг чораги чамасидаги бир ўлчов) сув қуйиб сўндириладир. Бу сув ўттиз олти соат тургандан сўнг тухумларнинг устига қуйиб қўйиладир. Бу тухумлар узоқ замон бузилмас. Оҳакли сув тухум пўстларини юмшатганидан тухумларни бу сувдан олган вақтда жуда эҳтиётлик ила аста олиш керак. Тухумларнннг бузилмаганини билиш учун нурга, ёруққа тутиб қараладир. Тухумлар қанча ёруғ, ялтироқ бўлса, шу қадар янги, қанча хира бўлса, шу қадар эски бўладир. Тухумларнинг янги ёки эскилигини шундай усул билан ҳам билса бўладир: агар тухум янги бўлса, тўппа-тўғри сувнинг тубига тушадир, бир кун аввалги бўлса, энг тубига тушиб етмайдир, агар уч кунлик бўлса, сувнинг ўртасида сузиб юрадир. Демак, тухум қанча эски бўлса, шунча сувнинг юзига чиқадир.
ҚИЁМ ВА МEВА ҚИЁМИНИ ТАЙЁРЛАМАК
Фикрли юрт тутувчи хотунлар ҳар йил мева пишган вақтида қиём ва мева қиёмлари каби ширинликлар пишириб, уларнинг ҳар турлисини қўл остида бўлган юртида ҳеч вақт битирмасликка тиришурлар. Яхши қайнатилган қиём истаганча турадир, ҳеч бузилмас. Узоқ сақлаш учун уларни керагича қайнатиб, ҳеч шакар қизғанмаслик керак. Агар шакар қизғанилса, узоқ қайнатиш керак бўлиб, қиём озайишига ва узоқ қайнаганидан меванинг ҳиди битишига сабаб бўладир. Пиширувчилар қиём олов устида вақтида кўпирган кўпикларини сузгич ила олиши ва каструл тагига ёпишмаслиги учун ора-сира кавлаб турмаклари керак. Қиём ва мева қиёмининг пишиб етилгани бир томчисини сувга солгач эримаганидан ёки ликопчага томизгач, тарелкани қия тутганда оқмаганидан билинадир. Қиём пиширувни сўзлашдан аввал шакар пиширувни билдириш фойдали бўлур. Чунки қиёмнинг яхши пишуви шакарнинг моҳирона пишуви ила бўладир. Беш стакан шакарга бир стакан сув солинса, яхши бўладир. Шакар ила сувни қайнатишга қўйгач, ўттиз минут тутиладир, қайнаб етилганини билиш учун ликобчага томизиб кўриладир, томчилар томган кўйича турса, қайнаб етилгани билинур.
Майда хитой олмалари бутун-бутун ҳолдиа солинадир. Юмшагандан сўнг совуқ сув ила ювиб, элакда сувини силқитиб, бир қисм мева, ярим қисм шакар ҳисобида шакар суви қайнатгач, мева ёки олмани солиб, керагача қайнатиладир, бир оз лимон суви солиб банкаларга қуйиб, совигандан сўнг оғзи беркитиладир. Юмшоқ мева (қулупнай, маймунжон каби мевалар)ни эзмасдан, бандларини тозалагандан сўнг бу меваларга нисбатан бир ярим миқдордаги шакарга солиб, биқирлаб қайнагунча, малина бўлса, меваларга шакар сингигунча қайнатиб, совимасдан аввал банкаларга қуйиб, совигач оғзи қопқоқ ила беркитиладир. Олчаларнинг бандини олиб тозалагандан сўнг, банди томонидан бир игна ила данаги чиқариладир. Олчага зарар етказмасдан игна кирган жойидан чиқариладир. Данаги ила пиширилса ҳам дуруст. Олчага нисбатан бир ярим миқдордаги шакар каструлга солиниб, устига олчани данагини олганда чиққан сувни элакдан сузиб қуйиладир. Бунинг сўнгада олчани ҳам солиб, каструлни кучли ўтга қўйиладир. Ичидаги олча қайнаб, кўпиклангач, ўтни пасайтириб, кўпига олинадир. Қайнаб етилгани маълум бўлгач, каструлни ўтдан олиб, қайноқ кўйича банкага солиб, совигач оғзи беркитиладир.
Франтсуз узуми ва анор шарбати (мева шарбатлари шакар ила қилинган қуюқ ва ширин нарса, бир икки қошиғи бир стакан сувга солиб, аралаштириб ичилади. Мева қиёми пирогларга ҳам солинади) бу мевалардан қайси бири бўлсада эзиб, злакдан ёки докадан сузиб олингандан кейин бир кун турғизилиб, бир қадоғига ярим қадоқ шакар аралаштириб қайнатиладир. Қуюлгандан сўнг бир оз лимон суви солиниб, иссиқ ҳолида банкаларга қуйилиб, совигач оғзи беркитиладир.
БEҲИ, ОЛМА ВА НОК ҚИЁМЛАРИ
Олма ила нокнинг хуш исли, тоза ҳамда энг майдаларини танлагандан сўнг пўстларини артиб, тўғраб, ичидаги уруғларни олиб, қайси бирининг қиёми пиширилса, ўшани қайноқ сувга солиб, қанча юмшоқ бўлувини исталса, шунча юмшатиш керак.
ҚЎЛ ҲУНАРЛАРИ
Ёш қизларга таълиму тарбия берган вақтда улар учун керакли бўлиб, ҳеч ўрганмай қолишга ярамай турган фан бўлса, у ҳам қўл ҳунарлари фанидир. Энг юқори билим ва маълумот ҳам бу фаннинг ўрнини боса олмаганлиги боисидан ёш хоним қизларнинг бу фанни ўрганишга тиришишлари лозимдир. Қўл ишларига уста бўлган хотун қўлларининг иш билуви сабабли адабу иффат ичида тириклик қила олур. Бой оила хонимлари қўл ҳунари орқасида бир хуш ва қузурли вақт ўтказурлар ҳамда муҳтожларга ёрдамлар қилиб, одамликда бўлурлар. Игна бир тўғри ва чин дўст бўлиб, кўп вақтда юрт халқининг ёрдамчиси ва энг қимматли қуролларидан биридир. У ёлғиз вақтларда юпанч бўлиб, ғам-қайғуни битирур, яхши ишларни майдонга чиқарур, керак бўлганда фақирлик ва муҳтожликка қарши курашур. Қўл ҳунарларини кичкина ёшдан бошлаб тартиби ила ўрганиш керак. Аввал бошда ип йигиришдан, катта-катта кўклашдан ва қуроқ тикишдан, ямашдан бошлаб, буларнинг ҳар бирини тамом уста тикувчи бўлиб ўргангандан сўнг вақти ила сўкукларни тикиб, ямоқ қилиб, кийимларнинг бўлакларини кўкламак, бостирмак, тугма қадамак ёки илма тугма тикишни ўргатиб, охири қийқимлар ила қам пайпоқни ямай билмакдир.
Тикув ишларини тўлиқ ўрганиб бўлгач, тезроқ нақш ишларини ўрганингиз. Тиришқоқ ёш қизшшг куйлакларини тузатиб, сўкух, йиртиқни тикиб, ямаб, пайпоқ билан пайпоқ йиртиғини ямаб, оила онасига қанча ақча йигиб беражагини ўйлаб кўрингиз. Кичкина хоним қизлар, қўл қунарларининг ҳар бирини ўрганингиз. Улар сизни қам юпатар, ҳам манфаатлантирадир. Умр ўтиб, кексая бошлаган ҳар бир хотун игналарини мақтаб, шу мунгли сўзларни сўзламакка мажбурдир: «Игнам! Сенга бўлган муҳаббатим неъматингга шукримни, сенга бўлган ташаккуримни сўзламаслигим мумкин эмас. Кийган кўйлакларимга, рўмолимнинг безакларига, деразадаги оқ газламадан тикилган пардаларга ва бошқа нарсаларга қарайманда, бутун керак яроғим сенинг ёрдаминг орқасида бўлганини кўраман. Кийим тикмак, кўрпа қопламак тўғрисида менга ёрдамда бўлган ва кичкина қизимнинг жуда мақтаниб қўғирчоғига кийгизган атлас кўйлагининг турли бўлакларини бир ерга келтириб бириктирган сенсан.
Игнам! Сенинг ҳақингда ҳозирга қадар мақтовларим жуда оз, сенинг эса, дўстларим, жинсдошларим қаршисида қадринг жуда баланддир. Сен бир жўмард, неъмат берувчи қуролсанки, сенинг ёрдаминг ила бечоралар қорин тўйдирурлар, сенинг ёрдаминг ила неча қайғу куюнчлар битирилур. Сенинг бир кун қўлларда ҳозир бўлувинг нақадар фойдаю эзгуликларни чақириб, тортиб келтирувини билурмисан, игнам? Кишиларнинг фақирликларини ва муҳтожликларини тугатувингни, бўш вақтларини ҳузурли ўтказувингни ва инсониятга қилган хизматларингни санаб адо қилиб бўлурми? Агар қурбинг келса эди, бошингдан ўтганларни бирма-бир ёзар эдинг, сенинг бу ҳолларингни билган воқеа (ҳикоя) ёзувчилар бўлса эди, улар учун нақадар таъсирли, фойдали воқеаларнинг ўрнини олур эдинг».
Бир игнанинг лисони ҳоли: «Eй, кичкина хоним! Сен мени биринчи марта нозик ва дўмбоқ қўлларингга олувинг эмасми? Шундай бўлса, менинг сўзларимни яхшилаб тингла! Бу дунёда одамлар тиришмоғи керакдир. Тиришмаганлар ҳеч вақт одам орасига кира олмасликларини бир маротаба кўз олдингга келтир. Аввалларда не ҳолда бўлганимни ва ҳозир не ҳолга кирганимни кўрда, бунинг бир тиришув ва иш ила бўлганини англа! Мен аввал яратилган вақтимда тупроқлар остида кўмилган хом ашё ва ишлов берилмаган бир маъдан кулчаси эдим. Бор ишлари маъдан қазиб чиқариш бўлиб, отлари ҳам маъданчи этилган одамлар мен турган ўринга қадар кириб, мени тупроқдан чиқардилар, тозаладилар ва мендан темир ясадилар. Ўт ёрдами ила, кўп турли ишлар воситаси ила мени темир ҳолимдан бир пўлат симга айлантирдилар. Охири иккинчи кишилар бу пўлат симни кўп бўлакларга бўлиб, бир бошимни ингичка қилиб, иккинчи бошимни сал яссилантириб тешдилар. Шунинг учун пўлат симдан игнага айландим, жило бериб ялткратганларидан сўнг вазифамни бажариш учун қўлдан-қўлга юра бошладим. Энди ўйлаб қара, ойимқиз! Агар тиришиш натижасиз бўлиб, мен бўлмаган бўлсам, устингдаги ул кийимни қандай тикар эдилар. Чунки унинг турли-туман парчаларини бир-бирига қўшиб бириктирган мен».
ТИКУВ ИШЛАРИ
Нажмия ойимқиз ҳали ўн олти ёшга ҳам етмагандир. Бармоқлари тезликда ва усталикда бир пари бармоғига ўхшаганлигини сўзлайдурлар, чунки уни ҳеч бир ишлай олмаган иши йўқлигини қизнинг ўртоқлари ҳар кун кўрадилар, бичими энг келишган, энг қийин кийимларни тикувда усталик кўрсатадир. Шунинг каби у одатдаги ишлардан, ямашлардан ҳам ялқовланмас, пайпоқларни, йиртилган кийимларни ғоят чиройли ямашга устадир. Аввалда яхши бойликлари бўлиб, кейинчалик тақдирн Худо ила одатдан ташқари торликка тушган, кўп жамоали оиланинг катта қизи бўлган Нажмия ойимқиз ўзининг одатдан ташқари чеварлиги ила юрт жамоаларининг ҳар бирига юртларининг хазинаси каби саналмишдир. Кийимларни кишига бичтириб тикдирганда оила отасининг киссасидан нақадар кўп ақчалар чиқишини билган Нажмия ойимқиз кийимларии ўз қўли ила бичиб, тикишга ўрганиб, кийим-кечакларнинг яхши бўлувини кузатиб, уларни яхши килишга тиришадир. Қиз қариндошларига янги кийимлар тикиб берадир ва эскирганларини тузатадир. Илгарироқ тикилиб расмдан чиққанларини сўкиб, янгича қилиб ўзгартирадир. Қўлининг усталиги, ўзининг ишбилармонлиги орқасида бузиб тикканлари янги тикиб зийнатланган каби кўринадир. Хотунлар кийимини тузатгапга уста бўлгани каби, отасининг, эркак қариндошларининг кийимини ҳам нақ бир тикувчи сингари тузатиш қўлидан келадир. Палтоларнинг ичидаги астарларини алмаштира оладир. Ёқа ва енглардаги ҳатифа (духоба) ва бошқа зийнатларини тузатадир. Тугмаларини янгилайдир. Узилган боғичларни янгидан тикадир. Киссаларни алиштириб, ўрнига янгисини қўядир. Керак бўлганда михга илиб йиртилган ерларни ҳеч билинтирмай ямайдир. Бир кўйлак ёки кийимда кўринмаслик даражада михга илинган ер ямалмаса, у тобора катталашиб кўзга чалинадир, қўлқопда бўлган бир ип узилиб, кўринуви ила тикилмаса, тезда катталашиб, у жойдан бармоқ чиқа бошлар. Йиртиқ пайпоқ вақтида ямалмаса, ювилгандан сўнг кир юва турган уйдан тўпиқсиз бўлиб келадир. Шунинг учун юрт ишлари қаровчиларининг ёки келгуси кунда юрт тутувчи бўладиггн кичкина қизларнинг бундай майда нарсаларни ҳам кўзларидан йироқ тутмай, Нажмия хоним сингари тузатишгае ямашга қўлларидан келган қадар тиришувлари лозимдур.
ҚЎЛ ИШЛАРИ УЧУН КEРАК БЎЛГАН НАРСАЛАР
Қўл ишларига уста хотуннинг керак нарсалари, қуроллари ҳозир бўлиши лозим. Қуроллар нақадар яхши бўлса, иш шу қадар яхши ва нақадар кам, ёмон бўлса, иш ҳам шу қадар ёмон бўлиб чиқадир. Шунинг учун қўл ишларига уста бўлгиси келган ёш қизлар қўлларида ғоят мукаммал ва жиҳозли бир қутича бўлиши керак. Тика турган матоларининг қалинлигига, юпқалигига кўра игна ва ипни танлай билиши лозим, акс ҳолда, узоқ машаққатлар чекиш ила вақтини ўтказиб, иши ҳам бемаъни бўлиб чиқадир. Мукаммал ва жиҳозли қутича деганимнинг усти духоба ила зийнатланган, ичи қимматли, нафис нарсалар ила тўла қутича деб тушунмасин, одатдагидек бир қоғоз қутича ҳам бу ишга ярайдир. Тикув-бичув учун ҳамма нарсалар, яна ёзажак нарсалар бўлса, бу вақтда у қутича жиҳозли ва мукаммал қутича бўладир. Аввало қутичада узунликда, қисқалиқда, ингичкаликда турли-туман игналар бўлиши керак. Яхши пўлатдан ясалган игналар синмас, қийшаймас, нақадар кўп тутилса-да, учи тўмтоқ бўлмас. Игна фабрикаларда рақамлар ила ясалиб, қоғозларга қўйилур. Йирик игналар кичик рақамли, майда игналар катта рақамли бўлур. Ҳар хил игналар ўн иккк рақамга бўлинадир. Игнани қилина турган ишга қараб тутиш керак бўлганини, игнага ўтказилган ип жуда узун ёки жуда калта бўлмаслиги кераклигини ва қўрқинчли қазога сабаб бўлмаслиги учун игнани ҳеч бир вақт оғизга солиш, шишга тиқиб кўриш ярамаслигини ҳурматли ўқувчи хонимлар ҳам биладилар. Игналар тутилмаганда игна қутисига солиб қўйиш ёки керак вақтда тезроқ олиш осон бўларлик қилиб қалин матога қадаб қўйиш керак. Қутичада бармоқларга жуда мос келган бир неча ангишвона ҳам бўлиши керак. Чок ва нақш намуналари, андозалар, турли ингичка ва йўғонликдаги иплар, нақшлар учун турли рангдаги ипак, жун иплар керак. Булардан ташқари қутичада қайчи, қаламтарош, чилвир, лента (метрли), бигиз, тўғнағич, игна санчиб қўядирган ёстиқча ва тугмалар бўлиши керак.
Аввалги замонларда қўл ҳунарларини билмаган қизларнинг ҳеч қадри бўлмаганидан ва бундай қизга ҳеч ким қизиқмаганидан ҳар бир қиз кичкина вақтиданоқ уларни ўрганишга одатдан ташқари тиришган. Бу ҳунар эски замон тарбиясидан қолган бўлиб, ҳозирда ҳам бу ҳунарлардан тўлиқ билимли хонимлар борлиги эшитилмакдадир. Шу вақтга қадар ёш қизларни қўл ҳунарлари ўрганишга қизиқтириш кераклигини, қўл ишлари қизларни дайди бўлув балосидан қутқариш учун тамом фойдали йўл эканини даъво қилиб келганлар. Барча хотунлар учун ишни севишдан керакли ҳеч бир нарса йўқдир. Иш кўнгилни очадир. Ул кўнгилда бахтсизлигу қайғуларни ўйлашга ярарлик бир вақт қолдирмас, ҳатто вақтни хушлик ила ўтказадир. Дайдилик одамни фақирликка, муҳтожликка туширадир ва кўп қайғуларга гирифтор қиладир. Ва ҳатто умрини хунобгарчилик ила ўтказадир. Дайдиликка ўрганган қизларнинг аввалги табиатларини қўйганлари ҳозирга қадар ҳеч кўринмаганлиги учун қизларни кичкина вақтидан ҳар турли ишга одатлантириш керак. Уйида ўтирувни билмаган, уй ишлари ила шуғулланувдан ва қўл ҳунарлари каби бир неча кўнгилли ишлардан лаззат олмаган бир хотун қандай ишлай оладир? Маълум лаззатларни четга чиқиб излаши керак бўладир. Хотун киши учун бундан ҳам ёмон хатарли нарса бўлурми? Қиз болаларга қўл ҳунарларининг ҳар бирини янги кийимлар, кўйлак, сочиқ, дастурхон каби нарсаларни тикмак ва эскиларини тузатмак, ямоқ ямамак, пайпоқ тўқимак, бўз тўқимак кабиларни билмак келгусида юрт тута бошлагач керак бўлажагини билдириб, уларни кия турган кийимларни кичикликдан ўз қўллари билан тикишга ўргатиб, бир юртга хўжа бўлгандан сўнг ундай нарсаларни дўкондан катта баҳолар ила сотиб олишга ёки тикувчиларга кўп ақчалар бериб тикдиришга одатлантирмасликка сўнгги даражада тиришмак керак.
КИРЛАР ВА УЛАРГА КEРАК БЎЛГАН ШАРТЛАР
Ўтган замонда юрт ишлари ила шуғуллана турган хотунлар уйларида кирлар қўйиш учун бир жавон ҳозирлаб, жуда кўп кирлар, юздан ортиқ чойшаблар тайёрлашга тиришар эдилар. Бу керакли матоларнинг ҳозир арзонлигида, қачон тиласанг истаганча сочиқ, дастурхон, кўйлак-иштон, чойшаб ҳозирлаш мумкин бўлганлигидандир. Бора-бора бу одат йўқолмиш, тўғрироғи, йўқолишига тўғри келмакда. Ҳар йили бу нарсаларни керагидан ортиқ ҳозирлаб, бир йўла кўп ақчалар сарф қилиб, уйни кир ила тўлдиришдан фойда йўқдир. Юрт ишларини устларига олувчилар кирларни ҳар вақт тайёр қилиб, яхши сақлаб, ўрни ила тутсинлар. Яхши ювилмаган кирлар кўзга жуда хунук кўринганидек, одам устига ҳам кийгиси келмас. Эркаклар яхши ювилмаган, яхши дазмолланмаган кир кўрсалар жаҳллари чиқадир. Кераксиз усул ила ювилган кирлар тез чириб, тутиб бўлмас бир ҳолга келадир. Кўп кир ювувчи хотунлар кўпинча кирларни бураб сиққан вақтда парвосизликларидан йиртиб қўядилар. Сувга хлор каби кирни ўядиган нарса соладирлар. Шунга кўра юрт ишларига қаровчи хотун бундай бир неча турли ишлардан сақланиши ва чин кўнгилдан тиришиб кирлар ила шуғулланишп керак.
Рўмол, қўл сочиқ, докадан қилинган нарсалар, енглар, ёқалар, пардалар каби кичик кирларни оила онасининг ўзи ювса ёки қизи юваётганда олдида қараб турса, ҳеч қийинчилиги, ташвиши бўлмаган бир ишдир. Бу билан эса, кирни ювган вақтда йиртувдан сақлаган бўладирлар. Ёш қизлар ҳам эринмай майда ва нозик нарсалар ювилган ва дазмолланган вақтда қараб турсалар ёки қарашсалар оз вақт ичнда ул ишларни ўрганиб, оналари каби уста бўладилар. Кирларни ювишга бермак учун ҳозирланган вақтда бирма-бир тўғри санаб, дафтарга ёзиб қўйиш керак, чунки унутилиши ёки янглишиш сабабли кирлар ювилиб қуритилгандан сўнг юрт боши хотунга топширилаётганда кўнгилсиз уриш-талашлар чиқадир. Қандай кир бўлсада бўлсин, тузатарлик, ямарлик нарсалар кўринса, тахлаб қўйгунга қадар қараб, текшириб, тузатиб, ямаб қўйиш керак. Тузатиш мумкин бўлган нарсани тузатишни кечиктириш, иккинчи марта ювганда нарсани кийишга ярамайдиган қилув демакдир. Кўп оила оналари бўладики, кир ювилиб қуритилгандан сўнг кирларни дазмоллаб, ҳар бирини ўз ўрнига жойлаб, тахлаб қўяди. Кейинроқ кир жавонларини очиб кўриб, ўзларининг ишларидан мамнун бўлиб мақтанурларки, бундай ишлардан маҳтансалар ҳақлари бордир. Чунки турли-турли юрт нарсаларининг ҳар бири ўз ўрнпга қўйилганини кўришдек кўнгилга хуш кела турган ҳеч бир нарса топилмас. Бунда юрт эгаси хотун кирларни кўйган ўрнидан бир нарса олишни тилаган вақтда кирларни остини устига келтирмасдан, машаққатсиз топиб олур. Яна янги ювилган асирларнинг ҳозир тутилмайдиганларини ҳозир тутиладиганларнинг остига қўйиб тахлашга одатланиш керак. Ювишга берилган вақтда бири устига бири отилиб, айқаш-уйқаш қилиб берилмасин. Кирлар хили ила ажратилиб, аввал ва сўнг ювиладиганларини тартиби ила бири ортидан бирисини ювиш ёки ювдиришга бериш керак.
КИРЛАРНИ ҲАВОГА ҚЎЙМАК
Ушбу равишда кирларни ҳавога қўядилар. Ҳавога қўйиш кирларни жуда оқартиради. Кирларни ости парма ила тешилган бочкага ёки саватга бирма-бир, кирларини остига, тозаларини устига қўйгандан сўнг бочкани усти очиқ уч ёқли бир курси устига қўйиладир. Остига тос қўйилиб, устига бўз қоп каби қалин мато ёпилиб, бу матонинг устига кирларнинг ҳар бирига етарли чамада кул элаб солинадир. Сўнг матони бочканинг оғзига боғлаб, кулнинг устидан аста-аста иссиқ сув қуйиладир. Бу сув кирлар орасидан ўтиб, тешиклардан тосга оқиб тушадир. Бу оққан сувни олиб иситиб, кулнинг устига яна қуйиладир. Бир неча марта шундай қилиниб, кулли сув кирларнинг орасидан ўта-ўта кир тамомила оқариб, доғлари кетадир.
Кир ювиш учун керак бўлган сувнинг — ҳавонинг яроқли бўлгани совуннинг кўпикланиши ила маълум бўладир. Кўпикланмаган сув кир ювишга ярамайдир. Ҳовуз, анҳор, чашма сувларида бу хосият бўлса-да, энг яхшиси ёмғир сувидир. Қудуқ сувларида кир ювиш яхши эмас. Лекин кирни синкалаш учун қудуқ сувлари ишлатиладир. Чунки қудуқ сувлари оҳакли бўлганидан бўёқни кирга сингдирадир. Бу вақтда кир ювиш учун кул истеъмол қилиш унутилув даражасига келгандир. Кир ювувчилар кул ўрнига сода ишлатганлигидан кирларнинг чидамсиз бўлуви таассуф ила кўринмакдадир, янги усулда кирларни қозонда қайнатиб, пар ила бир турли ҳаво ясай бошладилар. Бунинг усули эса кирларни тосга бирин-кетин жойлаштириб, устига совуқ кул суви ёки содали сув, солиб ивитгандан сўнг, эртасига махсус бир қозонга қуйиб, остига ўт ёқиб қайнатиладир. Бу усулларнинг қайси бири ила бўлсада, ҳаво ясаб бўлгандан сўнг кирларни совун ила яхшилаб ювиладир. Ҳаво ясалган ёки кирларни ювишни бошламасдан олдин юпқалик, қалинлик, йириклик, майдалик, оқлик, ранглилик, ифлослик жиҳатидан кирларни бир неча турга ажратмак, сўнг иш бошламак ва ҳар бир тури айрнм-айрим ювилиши керак. Агар ажратмай, қандай тўғри келса шундай аралаштириб, қайнатилиб ювилса, жуда кир бўлганларининг кирлари иккинчн тоза кирларга ўтиб уларнинг аввалгадан ҳам кирли бўлувига сабаб бўладир. Оқ кирдан бошқа рангли ва бўёқли кирларни ҳеч бир вақт ҳавога қўйиш яхши эмас, ҳам оқ кирлар ила аралаштирилмас.
СОВУН ИЛА КИР ЮВМАК
Илгари ёзилганига кўра кирлар бир неча турга бўлинур. Ҳар бир тур айрим-айрим ювилур. Кир ювувни бошламасдан олдин бир бочкага яримдан кўпроқ жуда қайноқ сув солиниб, усти қоплаб қўйилур. Кирларни биттадан ости-устига совун суртиб, кир ва доғлари кетгунча ювиб сиққандан сўнг, бояги бочкадаги қайноқ сувга солинур. Сўнг икки-уч қаватли бўз ила бочка оғзи беркитилиб қўйилур. Эртаси кун бочкадан кирлар биттадан олиниб, чайилгандан сўнг яна совун суртиб ювилур. Кейин кир қайнатадиган қозонга ярим қилиб сув қуйиб, кир ювгандан қолган совун бўлакларини тўғраб, бир кичкина каструлда эритиб қозонга солинур. Суви кўпиклангандан сўнг бояги кирларни солиб, йигирма минут қайнатилур. Сўнгра битта-битта қозондан олиб, яна совун ила ювилгач, чайқалиб, жуда яхши сиқилиб, синкалаш мумкин бўлганларини синкалаб, ғижимлари текисланиб, шабада жойга ёки қуёш нури тушиб турган ерга қуритиш учун ёйилур. Мана шу равишда ювилган кирлар ғоят оқ ва тоза бўлур.
Рангли кирлар оқ кирлар каби ювилса-да, буларни иссиқ сув ила ювиш, ҳеч бир қайнатмаслик керак. Ранги чиқа турган чит ёки жунли нарсаларни сувда ҳеч сақламай, тезгина совуқ сувда совун ила ювиб, жуда тез чаюв керак. Ҳеч бир вақт икки турли кирни бирга ювув керак эмас, айрим-айрим солиб чаюв керак. Ранги чиқа турган нарсаларни бир ҳовуч туз солинган сувга ботириб, сўнг чаюв керак. Рангли пайпоқлар ювилгач, сирка аралаштирилган сувга солиб чайилур. Кирни синкаламак учун синканииг энг яхшисини танламак керак. Икки қават бўзга ўраб янчиб, майда-майда тугунлар ясаб, кирларни синкалаб бўлгандан сўнг бу тугунларни куритув керак. Бўёқ бўялмай қуритилса, иккинчи ишлатувга ҳозир бўлиб турур. Синкалаш учун бўёқли тугунни сувга солиб, сув керак бўлурлик тусга киргандан сўнг кирлар бир оз вақт бўктирилур. Кирлар бир тусда бўлуви учун оралатиб бўёқли тугунни солиб сиқилур. Синкаланган кирлар тезда арқонга ёйиб қуритилур. Синкага солингандан сўнг олинмай узоқ турса ёки яхши ботмай турса, кирда йўл-юл чизиқлар ҳосил бўлиб, хунук қилиб қўядир. Кирни синкаламасдан аввал ҳозирланган сувга бир латта ботириб кўрув лозимдир.
Фланелларни (ип ёки жундан тўқилган, икки томони тукли газлама) ювмак. Фланеллар совунли, иссиқ сувда устига совун суртилиб, қилдан ясалган чўткалар ила жуда текислаб чўткаланур. Агар жуда кир бўлса, бир оз сода солинур. Фланеллар тоза сувда намланса қотиб қолур, юмшоқлигини сақламак учун совунли сувда ювмак керак.
Фланеллар ун ила ҳам ювилур. Фланелларни ун ила ювув исталса, уч қошиқ унни икки литр совунли сувга аралаштириб қайнатилур. Атала каби бир нарса хосил бўлур. Бунинг ярми иссиқ ҳолида фланелга тамом сингигунча қўл ила ишқаб суртилур. Қолган ярмига қайноқ сув қўшилиб, фланел чайилур, сўнг совун суртилиб, чўткалаб ювиб, чайиб қуритилур.
Фланелни картошка ила ювув исталса, бир оз картошка артиб, майда тўғралгандан сўнг озгана совунли сув ила эзиб, қаттиқ бир турли хамир ясалур. Бу хамир совун ўрнида тутилур. Фланелни иссиқ сувга солиб, картошка совуни суртиб, чўтка ила чўткалаб ювилур, сўнг аввал иссиқ сувда, кейин совуқ сувда чайилиб қуритилур. Бошқа жун матолар ҳам шу усулда ювилса, юмшоқ бўлиб, аввалги тусини ҳеч йўқотмас.
ДОҒЛАРНИ КEТКАЗИШ
Дунёда тозалик каби нарса йўқдир. Ифлослик ила машҳур бўлган кишилар тенгдошлари оддида қадрли, эътиборли бўлмаслар. Тозаликнинг энг катта душмани доғдир. Мой, чанг, лой излари кўринган энг яхши, энг чиройли кийимлар ҳам ҳеч бир вақт кўзга чиройли кўринмас, ҳолбуки тоза кийимларни кўриб кўз тўймас. Шунинг учун одам кийган кийимларга доғ туширмаслик учун одатдан ташқари сақлануви керак. Агар сақланмай, доғ қилган бўлсалар, тезда доғни йўқотувга ғайрат қилмак керак. Турли доғларни йўқотув учун чоралар бордир. Кийимингизга ёғ томган бўлса, доғ устига булут (дока) ёки қоғоз қўйиб, устидан қизиган дазмол енгилгина юргизилур, дока ёки қоғоз олингандан сўнг доғнинг кетгани кўринур. Агар бир мартада кетмаса, бу амал икки-уч марта қайтарилур. Бундай доғни кетказиш учун яна бензин ҳам тутилур. Бензин мой теккан ерга бир бўз ила суртилур...
Қорамой доғлари. Аввал бу доғларнинг матога сингмаган қисми қайчи ила кўчирилиб, қолганига сариёғ ёки оғоч мойи суртилур, шундан сўнг совун ила ювилгач, доғ осонлик ила кетадир. Франтсуз сиёҳи ва занг тегиб бўлган доғлар милҳи ҳаммоз (кислота тузи) ила кетказилур. Доғли ўринни қўллаб, устига бир оз туйилган милҳи ҳаммоз сепилур, сўнг қайноқ сув буғига тутиб турилур, буғда милҳи ҳаммоз эриб, доғни йўқотур. Доғ кетар-кетмас милҳи ҳаммоз сепилган ерни совуқ сув ила яхшилаб ювмак керак.
Мева доғлари. Мева доғлари олтингугурт ила кеткизилур, лекин олтингугурт матонинг рангига таъсир қилмаслиги учун шул тариқа қилинур: доғ теккан ерни қўллаб, бир идшпда озгина олтингугурт ёндирилиб, тутунига доғли жой тутилур. Доғ кетар-кетмас доғ ўрнини кўп сув ила ювилур. Жавел суви (хлорли эритма) ҳам кирлардан доғ кетказмакка фойда берур. Кирларнинг доғли ерлари жавел сувига солиб қўйилур. Олти минутдан сўнг мўл сув ила ювилур. Олти минутдан ортиқ тутув керак эмас. Юрт ишлари қўлига топширилган хотун болалардан яшириб бир шиша жавел суви, бир кичкина шишада милҳи ҳаммоз, бир шиша бензин олиб қўймоғи керак.
Сирка, лимон суви каби нарсалар доғлари. Бундай доғлар матонинг тусини ўзгартириб юборур. Бундай доғлар совунли сув ила ювилса ёки кўпроқ сув қуйилган нашатир спирти ила тозаланса, осонлик ила аввалги ҳолига қайтур. Тўқ тусли мовутлардаги мой доғлари нашатир спирти қўшилган сув ёки нашатир спиртининг ўзи ила кетказилур.
ДАЗМОЛЛАМАК ҲАМ КРАХМАЛЛАМАК
Кирлар қуриб йиғиштирилгандан сўнг уларни олиб нам ҳолида ёки крахмалга ботириб дазмол урилур. Дазмол қилувчи хотуннинг иши фақат кирларни дазмол қилувгина эмасдир, кирларни ялтиратув ва ишлов берув керак бўлганлиги учун крахмал тайёрловни ҳам билмаги керак. Шунинг учун дазмолчилик фани крахмални эритиб, қуюқ-суюғини билгандан сўнг, кирни ботириб дазмоллаган вақтда бир чети ялтироғ-у, бир чети хира, бир чети қаттиғ-у, бир чети юмшоқ ёки бир чети ғоят силлиғ-у, иккинчи бир чети ғижим бўлувига ҳеч ўрин қолдирмай, ҳамма ерини бир хил қилиб, усталик ила дазмол қилувни билувдан иборат бир нозик фандир. Энди крахмални қандай тайёрлов кераклигини айтув қизлар учун катта фойда бўлажагини, қуйида ёзилган бир неча йўлни билмак учун тиришиб ўқувларини рижо қиламан. Крахмалланган кирлар дазмолланган вақтда уларда ҳеч бир ғижим қолдирмай дазмолламак керак. Агар ғижимлар қолса, янгидан крахмалга солиб, ишга янгидан тутинмак керак бўлур.
Одатдаги крахмал. Бир косага икки ёки уч қошиқ крахмал ва озгина совуқ сув солиниб, жуда яхши эзилур. Шундан сўнг уни тоғорага солиб, устига крахмаллашга етарли сув қуйилур.
Қайнатнлган крахмал. Бу крахмал ҳам худди юқоридагидек тайёрланади. Крахмал яхши эзилиб етилгач, керагича аста-секин қайноқ сув қуйилур. Ёғоч қошиқ ила кавлаб, паст ўтда йигирма минутча қайнатиладир. Крахмал қайнаб етилгач, яхшилаб кавланиб, докадан сузилиб, кўк бўёқ ила ранг берилур.
Бурали (натрий бор тузи) крахмал. Крахмалланган кирларни ялтироқ қилиш учун крахмални қайнатган вақтда, крахмалнинг саккиздан бири қадар буратош қўшилур. Дока, парда каби крахмалга бўктирилган юпқа нарсаларнинг ҳар бири дазмолланмасдан аввал бирма-бир қўл ила ғижимлари текисланур. Шундай қилинганда дазмоллаган вақтда устларида крахмал ёпишиб қолмас ҳам жуда ялтироқ бўлур.
Крахмалланган буюмларнинг қаттиқ бўлуви керак бўлса, уни бир кун аввал қайнатилган крахмалга, иккинчи кун чорак соат аввал қайнгтилмаган крахмалга бўктирилур. Крахмалланадурган буюм қанчалик юпқа бўлса, крахмал шунчалик қуюқ ва қанчалик қалин бўлса, шунчалик суюқ қилиб тайёрланур. Аёллар юбкалари, куйлаклари, каравот чсйшаблари, франтсуз кўйлакларннинг ёқаю енглари қайнатилмаган крахмал ила, дока, парда каби юпқа буюмлар қайнатилган крахмал ила крахмалланур. Дазмолланадурган кирлар дазмол қизигунча саватларга яхшилаб тахлаб тайёрлаб қўйилур. Дазмол қила бошлаган вақтда бир юла дазмолланадиган нарсаларнинг устларига бир оз сув пуркаб намланур. Шундан сўнг устларидаги ғижимлар кетуви учун ҳар четидан тортиб тузатилиб, иккига ёки тўртга буклаб дазмолланур. Бу вақтда кирлар тур-турига ажратиб қўйилса, бир турли бўлган кирлар жуда осондазмолланиб, иш тез битур. Бу орада крахмалланган кирлар дазмоллангунча бир қуруқ чойшабга тугиб қўйилур. Дазмол қилишни бошламасдан аввал ҳар вақт дазмолни созламак керак. Дазмолнинг таги мумли бир латта ила артилур. Мум шами бўлса, яна ҳам яхши. Дазмол қилувчи хотун кичикроқ кирларни дазмол қизий бошлаганда, каттароқ кирларни дазмол жуда қизиган вақтда дазмолламаги керак. Устида дазмол қилина турган стол керагича кенг ва бошқа столлардан каттароқ бўлмаги керак. Стол устига икки ёки уч қават қилинган жун адёл, шолрўмол каби нарсалар, унинг устига бир юмшоқ чойшаб ёзмак керак. Стол бўлмаганда бу ёймани полга ёйиб дазмол қилинса ҳам бўлур. Кирлар дазмолланиб бўлгач, тур-тури ила тахланур. Бу тахлов тўғрисида ҳам бир турли режа тутмак керак. Жуда катта қилиб тахланса, жавонларга, сандиқларга жойлаштирган вақтда катта қийинчилик туғилур. Кир букилиб, қийшайиб қолур. Агар жуда кичкина қилиб тахланса, текис жойлаб бўлмас, ҳолатга қараб тахлаб қўймак керак.
УЙ ВА ХОНАЛАР
Бир ёш қизнинг хонасига кирилса, келгусида қандай хотун бўлажаги жуда тез маълум бўладир. Чунки хонадаги покизалик ва батартибликдан у қизнинг келгусида бир юртнинг ғоят қимматли хотуни бўлиш-бўлмаслиги синалур. Энди бир оз бу кичкина хонага кириб, кўнглимизга келган нарсалардан қисқагина маълумот берамиз. Бир қарашда бу хона унга кирганларнингодатдан ташқари ёқтириб қолишларига ва хушвақт бўлишларига сабаб бўлиб, ичида турувчининг бир кўркам табиат эгаси ва кўп меҳнат қилишни севувчи қиз эканига шубҳа қолдирмас. Бир ёқда қор каби оппоқ пардали каравот кўзга ташланиб турадики, устидаги партўшак ғоят гўзал бўрттирилган. Чойшаби эса, ғоят текис-силлиқ қилиб ёпиб қўйилган. Ёстиқлар бўрттирилиб, ўрнига келиштириб қўйилган. Бу усулда тузатилган каравот чанг бўлмаслиги учун қор сингари оппоқ дока ила ёпилиб, тамом чиройли бўлиб турадир. Каравотнинг бошига бир жойнамоз осиб қўйилган, бунинг устида ёш қиз беш вақт фарз намозини ўқур. Бир оз четроқда шкаф ва бир жавон кўринадир. Бири кирларни, иккинчиси кийимларни қўйиш учун бўлиб, жавон усти бир мусиқали соат, икки шамдон, бир тухум шаклидаги кўзгу ва иккита гул солинган гулдонлар ила безатилгандир. Дераза олдида бир ёзув столи, девор ёнида бир китоб шкафи турадир. Ёзув столида ёзув нарсалари солинган қутича қўйилган, китоб шкафининг ичида унга тақдим этилган китоблар ила ақоид, ахлоқ тўғрисида ўттиздан ортиқ чиройли териб қўйилган китоблар кўзга ташланур. Булардан ташқари яна бир кресло ва уч ўриндиқ бўлиб, бу бўлмада бор нарсалар шулардир. Кўриб турибсизки, бу хонада зийнатла ҳеч бир нарса, такаллуфли ҳеч бир жиҳоз йўқ. Шундай бўлса-да, уни кўрганлар гўзаллигига, тозалигага нақадар эси кетаднр. Ичига кирган одам нақадар соф ва янги ҳаводан нафас олур, у ердан ҳеч чиққиси келмас. Бу ерда шодлантирган, хушлантирган нарсалар бўлса, ул ҳам бори у ердаги тартиб, чексиз поклик, қизнинг қандай йиғиштириш, қандай тозалаш кераклигини билдирган кўркам табиатидир. Бир юрт тутувчи хотун ўзи яшаб турган юртнинг ичинигина яхши қарамасдан, мумкин қадар ҳар бир ерига яхши қараб, яхши тутуви лозимдир. Буни бажармоқ учун ҳеч бир ялқовлик қилмаслик керак. Бир қанча чиройли ва қимматли юрт нарсалари олишга қизиқув ўрнига тозаликни кузатув шарти ила янгими, зскими, қандай бўлса бўлсин, фойдали ва чидамли бўлган нарсаларни танлаб, уйида бўлдируви зарурдир. Бир хонани зийнатламак ва кўркам кўрсатмак учун жуда оз нарса лозимдир. Аввал деворларни ғоят тоза қилиб тутув ёки арзон, чиройли қоғоз ила қопламак керак. Тутилиб ялтироқлари ўчган нарсаларни ялтиратмак учун бир оз лак олиб артмак, жуда тоза пардалар билан деразаларнинг чиройини очмак, дераза ойналари ва атрофнинг, чанг бўлган ҳар бир нарсанинг, полларнинг, эшикларнинг ҳар вақт ювилиб, жуда тоза тутилуви лозимдир. Юрт ичидаги нарсаларнинг ҳар бири ушбу сувратда зийнатланиб, ҳар қачон пок тутилса, хоҳ саломатликни сақлаш жиҳатидан, хоҳ табиатга хуш келув жиҳатидан юрт эгаси бўлган хотунга жуда катта ютуқдир.
Ўрин жиҳозлари. Турли сувратда ва турли баҳода бўлган сим каравотлар тутув ҳозир ҳар ким томонидан маъқул топилгандир, чунки буларнинг қандала уя қурмаслиги учун ва осонлик ила қурилиб, осонлик ила бузилмаги учун, хонада жойни оз эгалламаги, озгина меҳнат ила тозаламак мумкин бўлувда ҳам фойдалари кўпдир. Каравотда ётиш учун керак бўлган нарсалар — бир тўшак, бир матрас ва бир жун ёстиқ; ерга солинса, бир жун тўшак, икки матрас, бир ёстиқ керак бўладир. Баъзи кишилар тўшак ичига туяқуш патларини қўшиб соладирлар, қуш патлари тўшакда йиғилиб қолганда ҳам сиҳатга зарари тегмас. Агар фақат қуш патларидан бўлган тўшак устида ётилса ёки қуш патидан қилинган ёстиқ устида ётилса, ҳифзу-с-сиҳат қоидаларига хилоф иш қилинган бўлиб, зарари тезда сезилур, Тўшакларнинг устига ёпмак учун икки ёки уч чойшаб, вақтига кўра бир ёки икки жун ё момиқдан кўрпа бир ўриннинг жихозларидир. Бундан ташқари ўрин текис бўлиб, бош ости бир оз баландроқ бўлмаги керак, қаттиқ ўрин юмшоқ ўриндан фойдали бўлур. Кичик болалар қишда бир партўшак ила кўрпа, ёз куни ёлғиз партўшакда ётувлари сиҳатга мувофиқдир. Эрталаб уйқудан тургач, адёл, кўрпаларни қоқиб, бир оз шамоллатгандан сўнг жойига йиғиладир. Агар шамоллатмай, борини бир каравотга тахлаб, кечқурун яна шуларни солиб ётилса, сиқатга жуда зарарли бўлур. Агар саломат вақтда ўриннинг сиҳатга мувофиқ бўлмаган равишда солинуви бир турли тинчсизликларни, ҳасталикларни келтирувга сабаб бўлса, ажабо, оғир ҳасталиклар ила роҳатсиз бўлганларнинг ҳоли қандай бўлур. Даволовчи табиб касал ётган хонанинг ҳавосини мумкин қадар яхши, янги бўлувига даъват қилур. Касалликларнинг чўзилиб кетишига ва кишига юқишига каравотнинг ва ўрин-жойнинг сиҳатни сақлашга хилоф равишда бўлганлигидан бошқа бир сабаб йўқдир. Шунинг учун касалликдан тузала бошлаган одамлар ўрин-жойини ё бутунлай алмаштирмаги ёки тозаламаги керакдир. Тўшакларни, кўрпаларни тоза, пок тутув лозимдир. Кам деганда ҳар йили бир марта ичидаги жун, парлари олиниб титилур, авра-астарлари ювилур. Жуннинг савалаб тутилуви юрт халқи орасида қилинуви мумкин бўлса-да, тадбирли уй хотуни тўшак, кўрпа ва ёстиқларни тозаламаги керак бўлган вақтда ишчини ўз юртига чақириб, кўз олдида ишлатадир. Яна такрор айтаманки, ўрин-жой зотларидан бўлган ҳар бир нарса одатдан ташқари тоза тутилуви керак. Агар ўринларда қандалалар кўрина бошласа, ул зарарли нарсаларни яширинган ерларидан йўқотмак тўғрисида ҳеч бир ялқовлик қилмаслик лозим. Эринмай йўқотишга тиришув улардан қутилмак учун кифоя қилур. Буларни йўқотмак учун биринчи галда деворлардаги ёғоч нарсаларнинг ёриқларига, тўшакларнинг чокларига, пардаларнинг букилган жойларига, каравот қисмларининг ораларига, пол тахталарининг ёриқларига бундай нарсаларни ўлдирадиган кукун дорилар сепиладир.
МEҲМОНХОНА
Меҳмонхона қўноқ учун тайёрлаб қўйилган бир хонадир. Хона ҳар кимнинг бойлигига-ю, ўрнига мос равишда жиҳозланган ва кўркам бир сувратда зийнатланган бўлиши керак. Катталиги ўртача бўлган бир меҳмонхонанинг жиҳозлари бир кичикроқ диван, олти суянчиқли юмшоқ курси, тўрт ўриндиқ, думалоқ стол, бир жавон ва бир пианинодан иборатдир. Думалоқ стол хонанинг ўртасига қўйилиб, устига бир дастурхон ёзилган бўлур. Хонада расмли албом, газета, китоб бўлур. Пианинони юрт эгаси хоним чалишни билмаса-да, хонага гўзаллик берувчи, фойдали нарсалардан биридир. Ёз кунларида деразаларга дока пардалар илиб, қишда қалин матодан тикилган пардаларга алмаштирилур. Жавон икки дераза орасига қўйилиб, устига яхши бир кўзгу қўйилур. Полга бир гилам солув керак. Уйни чиройли ва хуш кўрсатгиси келган хотун меҳмонхона ила овқатлана турган хонани чиройли гуллар ила безатур. Қиш кунлари булар ўрнига қишда кўкара турган гуллар ёки ясама гуллар қўядир. Уйига кечроқ меҳмон келувини билган хотун кечки овқат тайёрлаш учун керакли масаллиқларни, меҳмонхонага керакли нарсаларни ҳозирлатадир. Меҳмонни яхши кутиб олмак учун ҳар бир нарсани, меҳмон бўлиб келган қариндошлар, азиз дўстлар учун алоҳида бир хонани тайёрлаб қўюв лозимдир. Меҳмонларни одатдан ташқари иззат, ҳурмат қилмак учун одатдан ташқари тиришмак керак. Меҳмонлар киши уйида эканларкни кўнгилларига келтирмай, гўё ўз уйларида ўтиргандек бўлмаклари учун хонада ҳеч бир нарса кам бўлмаслиги керак. Меҳмонлар ўтирадиган хонада яна сув тўла графин, ёнида бир стакан, хат ёзмак учун керакли нарсалар, бир тунги лампа ила яна қўл шамдони ҳамда бир қути гугурт бўлмаги керак. Хонанинг муносиб бир ўрнида кийим илув учун чуй (илгич), яна сочиқ, пардоз столи, ювинмак учун бир идишда сув, совун тайёр турса жуда яхшидир. Қиш бўлса, хона яхши иситилиб, ис тегмаслиги учун форточкалар очилган бўлсин.
Меҳмонлар каравот ёки полга солинган ўринда ухлаши ва тинч бўлиши учун ҳар бир керакли нарса тайёр турсин. Меҳмонлар тамом роҳат ҳилиб ухласинлар.
ҚУТЛОВ ЁКИ ҲОЛ СЎРОВГА БОРМАК
Қутлов, ҳол сўровга бормак орадаги дўстликни мустаҳкамлайдир. Ўрни келганда улуғларимизга, дўстлару қариндошларимизга, яқин танишларкмиз-у, қўни-қўшниларимизга қутловларимизни ва ташаккурларимизни билдирмак зарур, лекин бир сабаб ила қадимий урф-одатимизни тугатувга тиришишлар жуда фойдасиздир. Қутловлар, ҳол сўровлар ё иҳтиёрсиз, ё иҳтиёр ила бўлур.
Ихтиёрсиз ҳол сўров ташаккур билдирув ва ҳайитларда кўрувга борувлар, байрам қутловлари ва шодлик кунларида табриклов ёки қайғули кунларда бориб, ҳамдардлик билдирувдир. Ҳайитлар кириб келганда, қайси бир кунида бўлмасин, яқинларни бориб кўрув лозимдир. Хотунлар айтганидек: «Хотунларнинг байрамлари ўттиз кундир», деган сўзларига амал қилиб, ялқовлик қилмай, тезда ҳурмат, улуғлик жиҳатидан аввал кўриш керак бўлганларидан бошлаб тартиб ила тез кўриб, ишни битирув адабу тарбияга мувофиқдир. Ҳайитларнинг биринчи, иккинчи кунларида энг ҳурматли кишиларни ва қариндошлардан ёши улуғларни, бошқа кунларда яқин дўстларни ва қўшниларни қутлаш учун уйларига бориладир. Кўнгил сўралган дўстлардан ёки таниш билишлардан бирининг шодлиги ёки қайғуси бўлса, киши ҳеч таъсирланмай қолмас ва ўзига таъсир қилган шодлик ёки қайғуни уларга билдирувга мажбур бўлур. Никоҳ аҳд қилинганда, мартаба юқори кўтарилганда, медал олганда қутлаб келингиз, дўстларингиз сиздан мамнун бўлсин. Юрт жамоаларидан бири вафот қилганда қайғуда бўлганларнинг ҳолларини сўрашга борингиз, сизга қаттиқ кўнгил қўюрлар. Дўсту яқинлар, қўшнилар бетоб бўлган вақтларда кўп мартаба ҳолларини сўраб турингиз, бемор сизни яхши кўрса ёки сизни кўргиси келганини билсангиз, унинг ҳолини сўрамоқ учун борув одамгарчилик, диёнатга лозим бўлган ишдир. Қутловга ёки ҳол сўровга борганда озгина вақт турувга диққат қилинг. Масалан, ҳайит, байрам ва бошқа одат бўлган қутловларда юрт эгаси зўрлаб олиб қолмаса, йигирма минут ёки ярим соатдан ортиқ ўтирмаслик керак. Дўстлар ёки яқин кишиларни кўришга борувнинг ёки меҳмонга борувнинг белгили чеки бўлмаса-да, кўпи ила бир соатдан ортмагани маъқул. Узоқ ўтирилса суҳбат тугаб, дуруст бир сўз тополмаслик даражасига келинур. Юрт эгаси хокимнинг юзидан ва ҳолидан зерика бошлагани билинса ёки соатга қараб-қараб қўйса, уйдан чиқувингиз хайрли бўлур, чунки бу ҳолат ўзи борадиган ери борлигини ёки юрт ичида керакли ишлари борлигини билдира турган ҳол бўлганидан керагидан ортиқ ўтирувингиз келишмаган бир ишдир. (Юрт эгасининг кўп ўтиргандан зериккани эснаб, уйқуси келган каби сузилиб, қўлларини уқалаб, бармоқларини ўйновидан маълум бўлур). Қутлову ҳол сўровга борган жойга бошқа келувчилар келганини кўрар-кўрмас тезда у ердан кетувга ҳозирланмак керак. Ўзидан кейин келган кишининг кетувини кутмак асло яхши эмас. Одатда қутловлар, ҳол сўровлар ва тўйларга борганда ўн бешдан кам ёшда бўлган болаларни олиб бормаслик керак. Қариндошлар, дўстлар ила кўришув, ҳол сўров ёки меҳмонга борганда ёш хотун ёки ёш қиз улуғларнинг олдида ғоят адабли бир ҳолда бўлмаги керак. Қўлига таяниб ўтирмаслик, агар ўриндиқда ўтирган бўлса, ўриндиқ орқасига суянмаслик ва ҳеч бир вақт оёқларини чалиштирмаслик керак. Адаб ила тўғри, олдига қараб ўтирмак, хусусан, улуғлар сўзлашганда орага ҳеч бир сўз ташламаслик, ўзидан бир нарса сўралмагунча сўзламаслик керак. Сўзлаганда ҳам жуда секин ёки жуда қаттиқ овозда сўзламаслик лозим. Тингламакдан ортиқ сўзламакка, одатдан ташқари кўп сўзлашга ҳавас қўйган хотунларнинг одати каби, барчаси сўзлаб, бирининг сўзини иккинчиси эшитмаслик каби бир ҳолда бўлув балосидан ҳам ўзларининг, ҳам халқнинг қутулувига тиришмак керак.
МАЖЛИС
Меҳмон чақирган вақтда меҳмонларнинг ҳурмати учун юрт эгаси хотуннинг овқатларни вақтида пишириб, дастурхон тузашни хизматчиларга топшириб, ўзи ҳар бирига кўз ташлаб турмаги энг биринчи бурчидир. Юрт эгаси хотун меҳмонлар кела бошлаган вақтга қадар ҳамма ишларини битириб, меҳмонларни очиқ чеҳра ила қарши олиб, уларни жуда хушнуд қилиб бирга ўтирмаги, ҳеч бир ишни кейинга қолдирмаслиги керак. Меҳмон келгач, ҳеч бир нарса излаб машғул бўлиб юрмаслик учун дастурхон жуда яхши тузалган бўлсин, чунки меҳмонлар келганда юрт эгаси хотун меҳмонлар кўз олдида бўлмай, бошқа бир уйда бўлувидек кўнгилсиз иш йўқдир. Унинг меҳмонларни қолдириб чиқиб, ошхонани, қазноқни, овқат тайёрланган хоналарни айланиб, куймаланиб юрувидек хунук иш бўлмас. Агар юртида дастурхон тузовга ва ош берувга уста хизматчи хотунлар бўлмаса, юрт эгаси хотун меҳмонлар келувидан аввал дастурхонни тузамаги ва овқатнинг дастурхонга қандай тартибда ва қаерга қўйилажагини хизмат қилувчи хотунларга ўргатиб қўймага ёки бу ишларга уста бир-икки хотунни мажлис кунларида ҳақ берув шарти ила тутуви лозим бўлур. Ишлар тамом бўлгандан ва меҳмонларнинг ҳаммаси келиб бўлгандан сўнг емоқ учун столга ўтирилганда юрт эгаси хотуннинғ иши хоҳ суҳбат орасида, хоҳ дам олиш вақтида бўлсин, ширин сўзлару кўп хурсандчиликлар ила меҳмонларнинг, ҳар бир кишининг кўнглини олиб, уларни сийлашга, ҳар бири учун керак бўлган озгина бир нарсани-да, кам қилмасликка боғлиқ бўлиб қолур.
БАЪЗИ НОЗИК ОДАТЛАРНИНГ ЎРИНЛАРИ
Икки киши бирга юрган вақтда ўнг ёқда ва агар уч киши бўлсалар, иккисининг ўртасидан бормоқ яхшидур. Кўчада улуғ бир киши ила юрганда қандай бўлса ҳам ундан бир оз орқада қолиб юрмак керакдир. Кўпчилик орасида бир нарса емак, ким бўлмасин, қандай нарса бўлмасин бармоқ ила туртиб кўрсатмак ва йўлда учраган кишиларни кўрув учун ортига айланиб боқмак тарбиясизлик бўлганлигидан бу ишларни қилмак ҳеч бир дуруст бўлмас.
Насли, бойлиги ва қариндошлари ила мақтанмак такаббурлик ёки аҳмоқлик қилмаклиқдир. Меҳмон чақирган ёки уйига бир меҳмон келувини билган юрт эгаси хотун ялтироқ зийнатлар ила меҳмонлардан ортиқ бўлмаслиги, оддийгина бир равишда кийинмаги лозимдир.
Ёзилган хатларни диққат ила ёзмак, ўйлаб ёзишга тиришмак кўп керакли бир ишдир. Тўрт йўлли бир оддий мактубча қандай ўқиб, қандай тарбия кўрганингизни кўрсатадир ва ўйламай ёзилган бир неча сўз сизни айбли қилиб, обрўйингизни туширурга етадир. Сўз ҳаво кабидир, лекин ёзилса йўқолмас. Ўз номингизга ёзилмаган хатларни очиш, имзо чекмасдан хат ёзмак ҳам яхши эмас. Имзосиз, сирли суратда хат ёзмак номуссиз, уятсиз кишиларнинг ишидир. Ҳар бир она қизига юборилган хатларни ўқиб ёки ўқитиб, нима тўғрида эканлигини билмакка бурчлидир. Агар сизга бир неча киши ёнида хат берилса, уни асло очиб ўқимангиз, агар тез жавобини кутиб турсаларгина ул хатни ўқишга рухсат сўрангиз.
Мусофир бўлиб дўстларингиз уйига борсангиз ёки улар тарафидан чақирилсангиз, уларнинг ҳар бир ишига қарашингиз. «Меҳмон бўлсанг, мулойим бўл», деганлар. Уларнинг хизматчиларини хизматга қўшмангиз, сизни қўйган хоналаридаги ўрин ва бошқа асбобларни кир қилувдан, бузувдан эҳтиёт бўлингиз.
Васвасали, ғамгин-касалманд бўлган кишилар мажлисга бормаслиги керак. Чунки борсалар ҳам ўзларини, ҳам бошқа меҳмонларни бетинч қилурлар.
Ҳифз-и сиҳат. Ҳифз-и сиҳат бизнинг сиҳату саломатлигимизни сақловга ўргатувчи бир илмдир. Одамга келган оғриқларни битирувга мумкин қадар хизмат қилган нарса ҳифз-и сиҳатдир. Тозалик сиҳату саломатликнинг керакли бир шартидир. Тозаликнинг қуроллари иккитадир: таҳорату ҳаммом. Ёздагидек қиш кунида ҳам бизга фарз бўлган беш вақт намоз учун таҳорат олувдан ҳеч бир эринмаслик керак. Ҳаво терига ёпишиб, уни кирлантира турган чанг-ғуборни ўз ичига олганидан беш вақт намоз учун олинган таҳорат терини тоза тутувга ҳам Аллоҳнинг амрини ўрнига келтирчакка сабаб бўлур.
Тозалик учун ҳаммом энг яхши нарсадир. Лекин унда ярим соат ёки чорак кам бир, энг кўпи бир соатдан ортиқ турилмасин. Бу тўғрида ванна олув ҳам фойдалидир. Ваннада ярим соатдан ёки чорак кам бир соатдан ортиқ турув ярамайдир. Иссиқлиги ўттиз бир ила ўттиз беш даражадан ортиқ бўлмаслиги керак. Киши касал вақтида ваннага тушса, иссиқлиги табиб тарафидан белгиланиши керак бўлур. Юмшатиш учун ванна қилинса, юпқа бўз халтанинг ичига беш литрга қадар ёрма солиб, иссиқ сувнинг ичига қуйилур. Ёрманинг хосияти сувга ўтмаги учун қўл ила халтани сиқув керак. Шундан сўнг бу сув ваннага солинадир. Ош сингмасдан аввал ҳаммомга ёки ваннага тушув ярамайдир, овқатлангандан сўнг ҳеч бўлмаганда уч соат ўтмаги керак. Ванна қилув кичик болаларнинг ухламаги учун жуда яхшидир, уларни ваннадан сўнг бир қат кийимларини кийдиргач, ётқизмак керак. Ваннага тушган вақтда иссиқлигининг даражасини билмак учун бир икки минут оёқларни сувга солиб турмак керак... Сўнг аста ваннага тушув яхши бўлур. Ваннадан чиққач, қуруқ ва аввалдан иссиққа қўйилган сочиқ ила яхшилаб артинмак, кейин жун ёки момиқдан бўлган чойшабга ўраниб олмак керак.
Бош оғриғини қолдирмак учун оёқлар ўн беш минут иссиқ сувга солиб турилур. Оёқлар иссиққа ўргангач, яна тилаганингиз қадар иссиқ сув солурсиз. Оёқ ваннасига беш юз грамм оддий туз ёки шу миқдорда горчитса солмак мумкин.
Бир ёнғоқча содани бир литр иссиқ сувда эритиб, бу сув ила бош ювилса, жуда яхши бўлур. Бундай ювув ёлғиз бошни тоза тутишгагина эмас, сочларни юмшатув учун ҳам фойдаси бўлур. Сочлар ҳар кун таралиб, ўрилмаги керак.
Ҳаввос-и хамса (беш сезги)нинг сиҳатни сақламаги. Ҳаввос-и хамсанинг бизга катта хизматлари бордир. Шунинг учун уларни тўхтата ва ўзгартира турган нарсалардан сақламагимиз лозим.
Там билув хоссасининг (сезгисининг) ўрни оғизнинг ичидадирки, бунинг ёрдами ила тил ҳар турли тамни жуда ортиқ сезув хосиятига эгадир. Бу сезув бизга ош бўлувга хизмат қилган нарсаларнинг хосиятларини билдирур. Тишлар ейилган нарсаларни енгил сингдирурлик қилиб майдаламак учун керак бўлган қуролларнинг энг биринчисидир. Уларни сақламак учун чексиз тиришув керак. Эртаю кеч овқат егандан сўнг оғизни чаюв, тишни тиш чўтка ила тозаламак керак. Тишларни бузув эҳтимоли бўлган сув ва порошоклар тутувдан сақланмак лозимдир.
Тиш оғриқларининг сабаблари. Тишлар аччиқ ёки бирин-кетин совуқ ила иссиқ нарсаларнинг оғизга олинуви ила бузилур, шунинг учун жуда қайноқ нарса емакдан, жуда совуқ нарсалар ичувдан сақланмак керак.
Ҳид била турган қувватнинг ўрни бурун тешикларидир-ки, бу ош сингдира турган аъзонинг юқори тарафидир. Шунинг учун ҳиди ёмон ош кўнгилни оздириб, қийинлик ила сингар. Сезув аъзоси турли ҳидларни жуда тез сезадир. Бурун тешикларини ўраб турган тери шишса, ҳид сезув йўқолур. Бурунга дори юборув ҳам ҳид сезувни йўқотур.
Eшитув қуввати. Қулоқни одатдан ташқари тиришиб тозаламак ва пок тутмак керак. Эшитувга керакли бўлган бу қурол энг нозик аъзоларнинг биридир. Қулоқларни ҳар кун эрта билан ювмак ва бўзга ўралган қулоқ кавлагич ила қулоқ пардасига тегизмай, ичини жуда тиришиб тозаламак керак. Агар тозалаб турилмаса, қулоқ кири деб аталадиган сариқ нарса кўпайиб, эшитувга хос бўлган тешикни бекитиб қўядир.
Кўрув қуввати. Кўрув қувватиниг аъзоси кўздир. Бу ҳам ғоят нозик аъзодир. Кўз ҳаддан ортиқ ёруғликнинг таъсиридан, тебраниб тура турган ялтироқ нарсалар кўрувдан ва шу кабилардан уринадир ҳам оғрийдир. Кўзга энг яхши даво кўзнинг дам олувидир. Қизарганини йўқотув учун кўзлар иссиқ сув ила ювилуви керак. Агар кўзлар ёзув каби нарсалар ила кўп шуғулланувдан таъсирланган бўлса, уларни иссиқ сувга тутув керак.
Қуввай-и ломиса (ушлаб сезув қуввати). Ушлаган нарсани сезув, таннинг сезуви терининг ҳар бир ерида ҳукмини юритса-да, кўпроқ сеза турган оёқ ва қўллардир. Булардаги бармоқлар сезув борасида энг салоҳиятли қуроллардир. Оёқлар, қўллар беш вақт таҳорат олинганда ювилгани каби қўллар ишдан сўнг ёки чанг, кир нарсалар ушлагандан кейин жуда яхши ювилмаги керак. Қўлу оёқларнинг тирноқларини олиб турмак, ўстирмаслик лозим.
Тан ҳаракати. Тан ҳаракатининг тириклик учун одамга нақадар кераклиги маълумдир. Болаларнинг қувватларини орттириш учун энг керакли қурол ҳаракатдир. Болалар ўйнаган вақтида этлари силкинур, қонлари ғоят тез ҳаракатда бўлур, ўпкалари кенгаюр, овқат егилари келур, овқатлари осонлик ила сингар. Юрув, югурув, пиёда узоқ юрув, арғимчоқ учув, курашув, тўп ўйнаш каби нарсалар кўпроқ уйда ўтириб, ташқарига сийрак чиқа турган кишиларга сиҳатни сақлов учун тавсия қилинган фойдали тан ҳаракатларидан саналур. Бола ўйнаб, югуриб дарсу мутолаа орасидаги дам олувдан лаззатланур.
Сингиши осон бўлиши учун ошлар тамом бир низом ила ейилмаги керак. Овқатланув ораси жуда узоқ ҳам, жуда қисқа ҳам бўлмасин. Икки овқатланув орасида тўрт соатга қадар вақт бўлмоғи керак. Ўрта ёшдаги бир кишига кунда уч марта овқатланув етса-да, қарилар ила болаларга кунда тўрт, ҳатто беш марта овқатланув керак бўлур. Лекин енгил овқатлар бўлмоғи лозим.
Уйқу ҳар ким учун зарур, бундан воз кечмак яхши бўлмаганидек, ихтиёрий ҳам эмасдир. Уйқу ухламасликдан бўлган роҳатсизликларни тузатур. Ёлғиз тангагина эмас, ақлга, зеҳнга ҳам роҳат берадир. Аъзоларни енгил қилиб, зеҳнни ўткир қилур, иш қобилиятини қайтарур. Уйқу кўп ҳам, кам ҳам бўлмаслиги керак. Одатда кўп ухлаган кишиларнинг танларида ҳар вақт бир оғирлиг-у, зеҳнларида фаросатсизлик бўлур. Ҳифз-и сиҳат уйқу учун шул қоидаларни берадир: биринчи, саломат бўлган одамлар учун етти ёки саккиз соат, касалдан янги турганлар, саломатликлари заиф бўлганлар, касаллар учун тўққиз соат, болалар учун ўн соат етадир. Қибла томон мамлакатларида, иссиқ мамлакатларда ёз куни куннинг ўртасида, иссиқ вақтларда чорбоғларда ухламоқ жуда фойдалидир. Иккинчи: овқатлангандан икки соат кейин ётмак керак. Учинчи: ўнг томонда ётиш лозим, ҳеч қачон чалқанча ётмаслик керак. Чунки чалқанча ётув босинқировга сабаб бўладир. Тўртинчи: бир кишини, кўпинча болаларни тўсатдан уйқудан уйғотув тадбирсизликдир, чунки шу сабабдан бирор турли асаб касалликларининг келиб чиқуви эҳтимоли бўладир. Бешинчи: агар каравотга парда тутилган бўлса, ётган вақтда уни олиб қўймак керак. Олтинчи: тунда деразаларни очиб ётмаслик керак. Еттинчи: ухлайдиган хонада ҳеч қачон гуллар, чечаклар бўлмаслиги лозим. Ҳар турли ҳидларни хонадан чиқарув учун кеч бўлувдан бир оз аввал ухлай турган хонанинг деразаларини, эшикни, қиш бўлса, форточкани очиб, ҳавосини янгиламак зарур. Агар хона ҳаво кириб турадирган ўринда бўлмай, ҳавосини янгилатув мумкин бўлмаса, деразаларни очиб, қўлга бир сочиқ олиб, хонанинг ҳар тарафига уни силкитиб, ёмон ҳавони чиқармак керак.
Сиҳат учун ўгитлар. Терлаган ҳолда жуда совуқ сув ичмаслик керак. Шабада эсиб турган хонада ўтирмангиз. Подвал, ертўлага ўхшаш совуқ ерларга тушмангиз. Дарвоза остонаси яқинида ўтирмангиз, чунки у ерда хатарли ел эсадир. Қиш кунлари танангизни совуқдан сақлаб, совқотмасликка тиришингиз. Очиқ ерда ҳеч ухламангиз. Ёз кунларй ялангбош қуёш нури остида юрмангиз. Кўчада танимаган итни қўрқитмоқчи бўлмангиз. Тепув эхтимоли бўлганлигидан ҳеч бир вақт на бир отнинг яқинидан, тисланув эҳтимоли бўлганлигидан на бир араванинг ортидан ўтмангиз. Хоҳ кўчага, хоҳ йўл четларига шиша синиқлари, апелсин, олма пўчоқлари, юрувчилар босиб олганда уларни тойдириб йиқитувчи нарсаларни ҳеч ташламангиз. Кўчада юрганда ўнг четдан, уйларнинг ёки дарахтларнинг ёнидан юрингиз. Бу ҳол сизни иккинчи ёқдан келувчиларга урилиб кетувдан сақлайдир. Чақмоқ чаққан вақтда дарахтлар остида ва катта бинолар тагида турмангиз. Ивиб кетган бўлсангиз-да, очиқда турингиз, чунки ҳўл кийимларга яшин тушмайдир. Бир бино ичида маъдан нарсалари (темир каби) ёнида турувдан сақланингиз. Чақмоқ чаққанини кўрган вақтингизда, момақалдироқ овозини эшитганингизда қўрқмангиз.
Eҳтиётсизликдан келиб чиқадиган касалликлар. Бир неча касалликлар бордурки, уларни эҳтиётсизлигимиздан, парвосизлигимиздан ўзимиз чақириб келтирамиз. Агар ҳифз-и сиҳат қоидаларига амал қилиб, танимизни эҳтиётлаб сақласак, унга чидаб бўлмас иш юклатмасак, мумкин қадар бир неча касалликлардан сақлай олган бўлурмиз. Шунинг учун кўргану эшитган бир неча воқеаларни ёзмакка киришурмиз. Июл ойида афандилардан бири ўзи туғилган қишлоққа бормак учун поездга улгурмакчи бўлиб, бир оз шошилиб юрур ва стантсияга терлаб-пишиб етиб келур. Поезд юришига ҳали вақт борлигини билиб, яқин бир жойдан музқаймоқ еядур. Тўсатдан оғрий бошлаб, бечоранинг бориб билет олувга ҳам ҳоли қолмас ва ёнидаги одамлардан бир арава ила юртига элтиб қўювни ўтиниб сўрайдир.
Ўрим вақтида ғалла эгаларининг бир кунга ҳам зор бўлганлари кўринадир. Ишчилардан бир нечасининг бир кун аввал ишлаган вақтда кўп совуқ сув ичгандан жуда оғир ҳасталанганлари ва булардан бирида вабо аломатлари зоҳир бўлгани билинур. Тан терлаган вақтда совуқ сув ичмак ғоят хатарлидир. Совуқ нарсалар ўпкага қон тўпланувига, қон тупурувга, ошқозон санчувини ва қайси бир вақтда вабога ўхшаган касалликларни пайдо қилувга сабаб бўладир. Боболаримиз: «Мўрчада сув ичмангиз, жин урадур», деб қўрқитганлари шундай офатлардан эҳтиёт қилмак учун бўлса керак. Бундай касалликлардан сақланмак учун сувга бир оз шакар, бир неча томчи кофе, лимон суви ёки сирка каби нарсалар қўшмак керак. Совуқ нарсаларни аста-секин ичмак ва меъдага етмасдан аввал оғизда мумкин қадар узоқ тутув ғоят ақллиликдир.
Ёзнинг бир гўзал кунида бир ёш одам қаттиқ ишлаганидан терлаган экан, бир оз салқинлаш учун ёртўлага тушиб, унда икки соатга қадар ухлаб қолмиш, уйғонган вақтида тишлари такиллаб, рангида бир ёмон ҳолатга кирмиш. Бечоранинг ертўлада ухлаб қолуви ревматизм касаллигини келтириб чиқармиш. Ўн саккиз ойдан сўнгра юрак ҳасталигидан вафот қилгани эшитилмиш.
Терлаган кўйича салқинламак учун устдан кийим ечмак, шамол эсиб турган ерларда турмак ва ўтирмак, қўлу оёқларни совуқ сувга тиқмак ҳаддан ташқари хатарлидир. Бори бир вақтда зоту-л-жанб (зотилжам, ўпка пардасининг яллиғланиши), кўкрак шамоллаши ҳасталикларининг келиб чиқмагига сабаб бўлиб, ҳатто баъзи вақтларда вабо ҳасталигининг келиб чиқувини тезлаштирадир. Қаттиқ шамоллашдан эҳтиёт бўлув учун терлаган вақтда кўйлак алмаштирмак, ҳеч бўлмаса, бир оз юрмак ила танага ҳаракат бермак хайрлидир.
Бир кун саккиз ёшдаги бир бола вафот қилганининг қайғули хабари тарқаладир. Бечоранинг вафотига сабаб эса, бадбахт онасининг бир мис каструлда гўшт пишириб, уни бошқа бир идишга бўшатмай, совусин учун шул каструлда қолдирганидир. Кеч бўлгач, ул гўштни еган кишиларнинг ҳар бири жуда қаттиқ оғриб, булар ичида энг ёши бўлган боланинг вафот этгани кўринур. Мис зарар қила турган маъдан бўлмаса-да, муваллиду-л-ҳамуза (кислород) ёки бир аччиқ нарса васирка ила бирикар-бирикмас «зангори занг» деб аталган бир туз ҳосил бўлиб, ўлдира турган заҳарга айланур. Ҳар кун мураббо қайнатувчиларнинг бир неча каттаю кичик каструлларда шакар ва қиём қайнатганларини, ошпазларнинг гўшту ўлан пиширганларини, бу нарсаларнинг ҳеч бири кипгага зарар қилмаганини кўрамиз. Бу нима учун?! Бу шубҳасиз уларни пишган вақтидаёқ ул каструллардан бошқа идишларга олганлари учундир. Агар овқатларни совигунига қадар мис каструлда тутсалар, унинг заҳарга айлануви шубҳасиздир. Шунинг учун мис идишларда совигунига қадар ҳеч бир нарса қолдирмаслик ва бундай идишларда турган сувларни ҳеч бир вақт ичмасликка одатланмак керак. Агар мис идишлар қалай югуртириб оқартирилса, ичида қолиб совиган ошлар оғуланмас. Мис идишларнинг қалайи кўча бошлаганда янгидан қалайлатмак керак бўладир.
Козим исмли бир кичкина бола бир булутли кунда ўзининг қўрқоқ эмаслигини кўрсатмак учун булут орасидан чақнаган чақмоққа кўз узмай қараб турадир. Шул кундан сўнг у кўзларининг яхши кўрмай қола бошлаганини сезадир. Кўзнинг заифлигига ва қайси вақтда бутунлай кўр бўлиб қолувига сабаб бўлгани учун болаларнинг қуёшга ҳам, чақмоққа ҳам тикилиб қаровдан ўзларини сақловлари вожибдур.
Яна эҳтиётсизликлардан келиб чиққан касалликлар. Ҳалима хоним ёз охирининг иссиқ бир кунида устига ёзги кийимларидан жуда юпқа бир кийим кийгани ҳолда мактабдош ўртоқларидан бирининг уйига борур. Кечқурун қайтар вақтида ҳаво айниб, совуқ изғирин турганидан қалтирай-қалтирай уйига келур. Тезда ўрнига ётиб, илтиҳоб-и қасабот, яъни (бронхит) натижаси ўлароқ бир ой оғир ҳаста бўлиб ётадир.
Кийилган кийимлар шул вақтнинг ҳавосига яроқлик равишда кийилмаги керак. Бу кийимларни алиштирув аста-секинлик билан бўлиб, бирдан алмаштирув яхши бўлмас. Биз юқорида совуқ ҳаводан баҳс этдик. Шуни ҳам қўшимча қилайликки, намлик, совуқ ҳаво ханоқ (бўғма) касаллиги, илтиҳоби қасабот, зоту-л-жанбларнинг ва ҳатто бод деб атала турган бел оғриқларининг сабабчисидир. Ҳавоси яхши янгилатилмаган, заху паст уйларда яшамак тилча (доу-л-ҳа-нозир (тутқаноқ) ва вабо) касалликларининг тарқалишини енгиллаштирадир.
Малиҳа хоним узун бўйли, бақувват бир ёш қиз бўла туриб, гавдасининг кўркамлигини орттирадиган нарсалар тўғрисида ёлғиз бир фикрдадирки, ул ҳам кичкина кўрина турган гавдада бўлувини тиламагидир. Бу орзусига эришмак учун Малиҳа хоним корсетни (хотин қизларнинг белини сиқиб туриш учун куйлак ичидан киядиган кенг белбоғи) шу қадар қисиб боғларки, зўрға нафас олур. Бундай бир аҳволда бўлувдан не фойдадир? Қандай фойда олсин, ош сингдира турган қувват осонлик ила хизматини қила олмаса, бош оғриғидан ва нафас қисилувидан зорланса. Табиб эса, ўпкага таъсир қилиб, бир ҳасталик пайдо бўлувидан қўрқадир. Корсетлар кўкрак суякларини, ошқозоннинг бўш ўрнини қисуви ярамайдир ва кўкракнинг ўсувига монеълик қилмаслиги керак. Агар жуда тор корсет тутсалар, ўпка ила юракнинг силкинувига монеълик қилур. Бу икки керакли аъзо учун ҳасталиклар ҳозирланур.
Гул хоним боғга кирар-кирмас ҳар нарсадан аввал меваларнинг қайси бир дарахтда кўпроқ бўлганини топиб, очкўз киши каби тезда ул ёққа борур ва истаганича улардан узиб еядур. Бу ҳеч кўрилмаган ҳасталикларнинг бошидир.
Бир табибнинг сўзига қараганда, нафас олув емак демак бўлиб, ҳаво нафаснинг нонидир. Ёлғиз бир айирмаси бордурки, ул нонни емак ўрнига нафас олинувидир. Бундан бошқа ҳавонинг кунда икки ёки уч мартаба еган нонимиздан айирмаси ҳеч бир вақт ораси узилмай келиб қонимизни сақловидир.
Ҳаво камайса, ризқнинг камайгани учун ўлим тезлашур. Ҳаво зарарли нарсалар ила бузилса, энг танланган яхши ризқлар бўлса-да, қон бузилур, туси ўзгарур. Бунинг аксича қишлоқларнинг софу тоза бўлган ҳавоси ҳар қандай ея турган нарсалар ёмон бўлса-да, қишлоқ халқини сиҳату саломат сақлайдир.
Қуёш нури остида соябонсиз кўп вақт юрилса, кун урувидан ҳосил бўла турган қон уюшуви пайдо бўлиб, оғир бир ҳасталикка мубтало қилур.
Поездда юрган вақтда очиқ деразалардан бошни чиқариб борилса, эртасига тиш, қулоқ оғригани кўринур.
Қишнинг қор-ёмғирли кунларида оёқларни иссиқ тута турган оёқ кийим кийилса-да, кўчада бир неча соат юриб, оёқлар қўл бўлиб совуқ қотса, жуда қаттиқ томоқ оғриғига сабаб
бўлур.
Аччиқ овқат ва кўп сиркаланган салатлар еювга одатланган киши ошқозони оғриганидан ва кундан-кун орта турган ош сингмаслигидан зорланадир.
Ҳомиз-и финик. Бу фенол номи ила шишада сотиладир. Турадиган ўринларни пок тутув учун бундан бир литр сувга уч қошиқ солиб, аралаштириб сепиладир. Бу сув беморларнинг кирларини, идиш-оёқларни ва бошқа нарсаларни тозаламак учун ҳам тутиладир. Агар гиламларни ҳўл қилиш исталмаса, бир оз қумга ҳомиз-и финик сингдирилгандан сўнг хоналарга сепилур. Финик уй ичида қайнатилса ёки ярим косача солиб, стол устига қўйилса, учиб ҳавони тозалайдир. Бу кунларда ҳавони яхшиламак учун кибрит-и нуҳос (мис купороси), қилўр-и тўтиё (рух хлориди), ҳомиз-и бўр (бор кислотаси) каби нарсалар ишлатмакни тавсия қилурлар. Ҳилўр деган моддайи кимёвийя ҳайвон ўлаксаларидан, чириган ўсимликларнинг қолдиқларидан чиққан ҳидларни жуда яхши йўқотур. Ундан юқумли касаллар ётган касалхона залларининг, хоналарининг сассиқ ҳидларини йўқотув учун ҳам фойдаланилур.
