автордың кітабын онлайн тегін оқу Muxtasar Islom tarixii (cyr)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
МУҚАДДИМА
Тарих таърифи
Тарих миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи фандир.
Тарих тақсими
Тарих икки қисмдан иборат: умумий тарих ва хусусий тарих. Барча миллат ва жамиятларнинг ахволини баён қиладшан соҳа умумий тарих, деб аталади. Хусусий тарих биргина миллат ва биргина жамиятнинг тарихини ёритади. Ислом тарихи ҳам хусусий тарих жумласига киради; бинобарин, Ислом тарихи Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)нинг дунёга келишларидан ва Ислом динининг дунёга тарқалишидан баҳс қилиб, Ислом оламининг тараққиётини тушунтириб беради. Ислом тарихини билиш барча мусулмонлар учун фарздир.
Биринчи қисм
САОДАТ ДАВРИ
Рум ва Эроннинг Исломдан аввалги аҳволи
Исовий (христиан) дини тарихининг беш юзинчи йиллари дунёда икки улуғ давлат мавжуд бўлиб, буларнинг бирини Рум ва иккинчисини Эрон, дер эдилар. Бу икки давлат подшоҳларидан бири доимо иккинчисининг устига лашкар тортиб, ўртада узоқ давом этган жанглар бўлар эди. Натижада икки томон ҳам ҳолдан тояр, иккови икки томонга чекинган ҳолда яна лашкар тўплар, халқнинг ҳисобига пул тўплаб, яна янгитдан жангга ҳозирлик кўрар эдилар. Жабр-зулм остида қолган бу мамлакатларнинг халқлари бот-бот исён кўтарар, турли диний ихтилофлар баҳонасида подшоҳларини ағдариб ташлаш қасдида бўлар, хуллас, фисқ-фужур, ахлоқсизлик, зўравонлик ва босқинлар бу юртларда кенг тарқалган эди. Натижа ўлароқ, бу юртлар кундан кунга хароб аҳволга келиб, халқнинг сони камайиб борарди.
Араб ярим ороли ва у ердаги халқнинг аҳволи
Бу икки мамлакатнинг жануб тарафида бошқа бир қитъа бор эди; уни Араб ярим ороли (Жазиратул-араб), деб атаганлар. Бу ернинг халқи асосан араблардан ташкил топган. Араб ярим ороли Рум ва Эрон юртлари каби обод эмас, балки кўп ерлари қумликдан иборат бўлиб, баъзи қитъалардагина обод манзиллар мавжуд эди. Бу қитъалардан энг машҳури ва мубораги Ҳижоздир, чунки бу қитъада Макка билан Мадина жойлашган. Харитага қарасангиз кўрасизки, Ҳижоз қитъасининг бир тарафи Қизил денгиз ва бошқа бир тарафи чўлдир. Бу жойларни Рум ва Эрон давлатлари эгаллай олмаганлар. Бу ерда яшовчи халқлар Рум ва Эрон каби ўз ҳукуматларига эга бўлмай, қабила-қабила, яъни тўп-тўп бўлиб яшаганлар. Ҳар бир қабиланинг ўз сардори бўлган.
Барча араблар жоҳил ва бадавий (саҳройи) бўлганлар. Чўпонлик ва қароқчилик билан кун кўрганлар. Бирон йил бўлмаганки, бир қабила иккинчисига ҳужум қилмаган, ўртада қон тўкилмаган бўлсин. Барча қабилаларнинг диии бутарастлик эди. Макка шаҳридаги Каъба хонасида 360 бут (санам) ўрнатилган бўлиб, ҳар бир қабила ўзига тегишли бутга сиғинар эди. Қиморбозлик ва шаробхўрлик уларнинг кўнгил очар ишлари бўлган. Агар уларнииг хотинлари қиз туғса, ор қилиб, бегуноҳ гўдакларии тириклайин ерга кўмар эдилар. Хуллас, на фақат Рум ва Эрон ёки Араб ярим оролидаги қабилалар, балки бутун олам давлатлари хароб аҳволга келган эди. Буюк Ҳазрати Парвардигор бу дунёнинг харобаликларини хоҳламас эди, шунинг учун бот-бот пайғамбарлар тайин қилиб, улар орқали панд-насиҳатлар қиларди. Аллоҳ таоло жуда кўп пайғамбарлар юборгандан сўнг, энди ҳақдин билан охирги пайғамбарни юборишга қарор қилди, аммо охир замон пайғамбарини Рум ва Эрон каби буюк давлатлардан танламади, чунки бу давлатлардаги одамлар кўп беахлоқ, беандиша ва беғайрат бўлиб кетган эдилар. Аммо Араб ярим оролидаги Ҳижоз араблари Рум ва Эрон подшоҳларига ҳеч вақт тобеъ бўлмаган ва у мамлакатларнинг халқлари билан борди-келди қилмаган эдилар; ҳарҳолда ахлоқда улардан мумтозроқ эдилар. Уларнинг хислатларидан баъзилари шуки, улар мусофирпарвар, ростсўз, ғайратли, сўзамол ва шоирлик иқтидорига эга эдилар. Бинобарин, Худойи таоло у буюк Пайғамбарни араб қавмидан тайин қилдики, ул жаноб бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бўлдилар.
Ҳазрати Расули акрам ъалайҳиссаломнинг дунёга келишлари
Юқорида айтдикким. араблар қабила-қабила бўлиб яшаганлар. Ҳижоз араблари ҳам шу каби бир неча қабиладан таркиб бўлган. Уларнинг ичида энг улуғ ва эътиборлиси Қурайш қабиласидирки, зеро Каъбага хизмат қилиш уларнинг қўлида эди. Қурайш қабиласининг бир сардори бўлиб, уни Абдул-Муталлиб, деб аташган, унинг Абдуллоҳ исмли ўғли бўлиб, Абдул-Муталлиб бу ўғлини бошқаларидан кўпроқ яхши кўрардилар. Омина исмли араб қизини никоҳлаб бердилар. Орадан етти ой ўтгач, Абдуллоҳ савдогарлик важҳидан Мадинага бориб, у ерда вафот этадилар. Яна икки ойдан сўнг, исовий сананинг 570 йили, Рабъул-аввал ойининг 12-сида, душанба куни Аллоҳнинг раҳмати билан бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бинни Абдуллоҳ Макка шаҳрида Оминадан дунёга келдилар.
Ҳазрати Пайғамбарнинг тарбиялари
Демак, юқорида айтганимиздек, Пайғамбаримиз дунёга етим келдилар, оталари оламдан ўтган эдилар. Боболари Абдул-Муталлиб ул ҳазратнинг тарбияларини ўз зиммаларига олдилар. Макка халқининг бир яхши одати бор эдиким, янги туғилган гўдакларни саҳройи энагаларга бериб, шаҳар ташқарисига чиқариб юборар эдилар. Абдул-Муталлиб ҳам ул ҳазратни Ҳалима исмли дояга бериб, шаҳардан ташқарига чиқариб юбордилар. Ҳалима бир йил ул ҳазратни тарбия қилди, сўнгра қайтариб топширди.
Ҳазрат олти ёшга тўлганларида оналари вафот қилдилар, саккиз ёшда эканликларида боболари ҳам вафот этдилар. Амакилари Абу Толиб ул ҳазратни ўз тарбияларига олдилар. Ўн уч ёшга тўлганларида Абу Толиб билан Шом шаҳри томон йўлга отландилар. Йўлнинг ярмида Буҳайро исмли бир насроний роҳиб ул ҳазратни кўриб, у кишининг баъзи аломатларидан Пайғамбари охир замон эканларин пайқади ва Абу Толибга: «Бу йигитни Шомда яҳудийлар таниб қолиб, зарар етказинглари мумкин», деди. Абу Толиб Буҳайронинг сўзига кириб, Маккага қайтиб кетдилар.
Пайғамбарнинг уйланишлари
Ҳазратнинг ахлоқ ва одоблари бисёр мақбул ва комил бўлган; ҳеч вақт ёлғон гапирмаганлар, ҳеч кимга хиёнат қилмаганлар, ноинсофлик, мурувватсизлик ва беҳаёликдан йироқ эдилар. Бинобарин, ҳазратнинг эътиборлари ортиб, кундан кунга зиёда бўлган. Макка халқи ул зотни Муҳаммад Амин, деб атади. Ҳазрат йигирма тўрт ёшга тўлганларида маккалик Хадича исмли молдор аёл у кишига молини бериб, Шомга юбордилар. Бу дафъа ҳам йўлнинг ярмида Настуро исмли бир насроний роҳиби у кишини кўриб, Шом сафарини манъ қилди. Шул сабабли молларини ўша ерда катта фойда эвазига сотдилар ва қайтиб кетдилар. Хадича ул ҳазратдан жуда мамнун бўлдилар. Йигирма беш ёшда эканликларида Хадичани ўз никоҳларига олдилар.
Ваҳийнинг келиши
Юқорида биз ҳазратнинг одоб-ахлоқлари ҳақида гапириб ўттан эдик, ҳазратнинг яна бир хислатлари шундан иборат эдики, бошқа маккаликлар ёки умуман араблар сингари бутларга сиғинмас эдилар, уларни бир тош деб билиб, чандон эътибор қилмас ва ҳатто ёмон кўрардилар.
Қирқ ёшга етганларида Аллоҳ томонидан Жаброил орқали «Иқра, бисми раббука» ояти нозил бўлди ва сўнгги уч йил ичида ҳеч бир оят келмади. Сўнг «Йа аййуҳал-муддассиру қум фа-анзир» ояти келди ва у ҳазратни пайғамбарликка амр қилди. Ул ҳазрат бу хабарни аввал Хадичага, сўнг ҳазрати Абу Бакр ва Алига етказдилар; уларнинг ҳаммалари мусулмон бўлишди. Ҳазрати Али бу пайтларда гўдак эдилар. Айтадиларким, энг аввал мусулмон бўлган кимсалар — аёллардан Ҳазрати Хадича, эркаклардан ҳазрати Абу Бакр, гўдаклардан ҳазрати Али мусулмонликни қабул қилганлар. Бундан сўнг ҳазрати Абу Бакрнинг далолати билан Макканинг бир неча улуғлари мусулмон бўлдилар. Дастлаб мусулмонларнинг сони йигирма кишидан иборат бўлган. Ҳазрат бу янги мусулмонлар билан пинҳона ибодат қилардилар, суҳбат ҳам пинҳона эди. Аммо буюк ишларни доимо яшириб бўлмайди, шунингдек, янги дин ҳам буюк иш бўлиб, уни яширишнинг иложи бўлмади; ҳазратнинг Пайғамбарлиги Маккага овоза бўлди; ҳамма ҳайрон, баъзилари келиб ҳазратнинг ўзларидан сўрадилар ва ул зоти шариф тавҳид илмини уларга тушунтирдилар. Пайғамбар билан келиб суҳбатлашган баъзиларга янги дин маъқул келиб, улар ҳам мусулмон бўлдилар. Янги дин одамларни покизаликка, Худодан қўрқишга, эзгу ишларга даъват қилар экан, одамхўрлик ва беҳуда ишларни манъ қилар экан. Араблар бу динга рағбат кўрсатдилар. Лекин Макканинг айрим улуғлари, масалан, Абу Жаҳл ва Абу Суфён: «Агар биз мусулмон бўлсак, Муҳаммадга тобе бўлиб қолиб, улуғликни қўлдан берурмиз», — деб мусулмон бўлмадилар, айни пайтда мусулмонликни қабул қилган кишиларга ҳам кўп азоб бердилар. Ҳазрат кофирларнинг берган азобларидан нолимадилар, доимо Худо амрини бажо келтириб, уларни ҳам чарчамай Ислом динига даъват этдилар.
Ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишлари
Ҳазратнинг доимий сабот ва саъй-ҳаракатлари натижасида арабларнинг атоқли баҳодирлари жаноби Ҳамза ва Умар мусулмон бўлдилар, бундан мусулмонларнинг диллари қувватланди. Ҳазрати Умарнинг далолати билан Пайғамбар ъалайҳиссалом ўз ёронлари билан Каъба масжидига бориб ошкора намоз ўқидилар, одамларни мусулмонликка даъват қилдилар, кишилар бирма-бир, аста-секин келиб мусулмон бўлдилар.
Пайғамбар ёронларининг Ҳабашга кетишлари
Ул ҳазрат Пайғамбарлигининг бешинчи йилида мусулмонлар сони 300 га етди. Мусулмонларнинг сони орта бориши билан кофирларнинг ҳам зулми кучайиб кетди. Шунинг учун ҳазрат кимнинг хоҳиши бўлса, Ҳабашистонга боришлари мумкинлигини айтдилар. Пайғамбарнинг олий ҳимматлари билан бир неча асҳоблари Ҳабашистон юртига кетдилар ва у ернинг подшоҳидан мурувват кўрдилар. Ислом дини куч олгунга қадар асҳоблар ўша ерда истиқомат қилдилар, сўнгра Ҳазратнинг хизматларига қайтиб келдилар.
Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари ҳамда муносабатларнинг узилиши
Кофирларнинг изза ва ҳақоратлари кўпайган сари мусулмон динига рағбат билдирувчиларнинг сони ҳам кундан кунга кўпая борди. Макка улуғларидан бўлган кофирлар мажлис ўтказиб, Пайғамбар ва у кишининг ёронлари билан ҳар қандай муносабатни узишга қарор қилдилар. Қарор натижаси ўлароқ аҳднома ёздилар: бундан кейин ҳеч ким мусулмонларга хотинликка қиз бермайди ва улардан хотин олмайди, улар билан саломлашмайди, савдо-сотиқ алоқаларини қилмайди. Бу аҳдномага имзо чекиб, Каъба дарвозасига осиб қўйдилар. Бу аҳднома уч йил ўз кучида турди. Кўпгина мусулмонлар бу аҳднома натижасидан кўп қийинчилик кўрдилар, аммо мусулмончиликни қабул қилувчи оламлар сафи тўхтамади. Оқибатда аҳдномадан ҳеч қандай наф бўлмай, кофирларнинг ўзлари бу аҳдномани йиртиб ташладилар, аҳли Ислом ундан халос бўлди.
Ҳазрат Пайғамбаримизнинг ваҳий ола бошлаганларининг ўнинчи йилида ҳазрати Хадича ва амакилари Абу Толиб дунёдан ўтдилар. Абу Толибнинг ўлимидан кейин Макка кофирлари Пайғамбаримиз ва мусулмонларга зулмларини ҳаддан ошириб юбордилар. Айни иайтда Расули акрамнинг меърожлари воқеъ бўлиб, ҳазрат моддий оламдан маънавий оламга сафар қилиб қайтдилар. Меърож тунидан бошлаб беш вақт намоз фарз бўлди.
Маккадан Мадинага ҳижрат
Кофирларнинг зулми ва зўравонлиги ҳаддан ошиб кетганлиги сабабли Расули акрам баъзан атрофдан келган мусофирларни Ислом динига даъват қилиш ва ўз тарафдорларини янада кўпайтириш учун шаҳар ташқарисига чиқар эдилар. Пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили бир куни Мадинадан келган бир неча одамни мусулмонликка даъват қилмоқ учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадиналиклар Пайғамбаримизга агар сиз Мадинага келсангиз биз ўз мол ва жонимизни сиз учун кўмак йўлида фидо қилар эдик, дедилар. Пайғамбаримиз уларнинг бу қасамларига ишониб, таклифни қабул қилдилар. Бу учрашув Ақоба мавзеида содир бўлгани учун уни тарихчилар « Ақоба иттифоқи», деб атаганлар. Кейинги йилда Мадинадан яна бир неча улуғлар келиб «Ақоба иттифоқи»ни янгилаб кетдилар. Кофирларнинг қулоғига бу итгифоқ етиб боргач, мусулмонларга нисбатан ўз зулмларини янада кучайтириб юбордилар. Ҳазрат ўз асҳобларига Мадинага ҳижрат қилишни буюрдилар ва мусулмонлар якка-якка ва жуфт-жуфт бўлишиб Маккадан ҳеч кимга сездирмай чиқиб кета бошладилар. Кунлар ўтган сайин Маккада Ҳазратнинг ўзлари Абу Бакр ва Али билангина қолдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг ёлғиз қолганликларини билгач, ул зотни тунда қатл қилмоққа маслаҳат килдилар, ул Ҳазратга Аллоҳ бу маслаҳатдан огоҳ этди ва ўринларига Алини ётқизиб, Абу Бакр билан бирга ўша куни Маккадан чиқиб кетдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг кетиб қолганликларини билиб, излашга тушдилар, айниқса, Ас-Сабоҳ деган кофир кўп қидирди, аммо изларини ҳам топа олмади. Ул Ҳазрат Абу Бакр билан бирга саломат ҳолда Мадинага бориб етдилар. Улар келган кунни Мадина аҳли катта байрам қилди. Ҳазрат Али ҳам орадан уч қун фурсат ўтгач, Мадинага кириб келдилар. Ҳижрати Пайғамбарнинг ўн тўртинчи йилида, исовий 622-санани мусулмонлар ўз тарих ҳисобининг ибтидоси, деб билурлар, яъни ҳижрий йил шу йилдан бошланган.
Масжид қурилиши ва қибланинг тайин бўлиши
Ҳазрат Мадинага келганларидан сўнг, Мадинанинг ташқарисидаги Қубо даҳасида бир масжид қурдилар ва кейинчалик ҳам Мадинанинг ўзида яна бир масжид бино қилдилар. Аллоҳ таоло ҳануз мусулмонларнинг қибласини тайин қилмаган эди. Мусулмонлар намоз ўқиганларида яҳудийлар қибласи бўлмиш Байтул-Мақдисга қарар эдилар, бинобарин, Мадинадаги икки масжиднинг ҳам қибласи ўша томонга қараган эди. Мусулмонлар бир қанча вақт Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқиганларидан кейин, қибла Каъбага қараши кераклиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ўша вақтдан буён мусулмонларнинг қибласи Каъба уйи тарафидадир. Бу воқеа Ислом тарихида қибланинг тайин бўлиши, яъни «Таҳвили қибла», деб аталади. Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри бир неча фойда ва ҳикматга эгадир. Зеро, бу амрнинг ҳикмати шундан иборатки, мусулмонлар ҳар намозда Каъбага қараб намоз ўқир эканлар, асл ватанлари бўлмиш Маккани ёд этадилар ва тезроқ қувватланиб, Маккани кофирлар қўлидан халос этмоққа саъй-ҳаракат қиладилар.
Жиҳодга буюриш
Қибла тайин бўлгач, мусулмонлар ўз ватанларини кофирлар қўлидан халос қилиш орзусида бўлиб, жиҳодни истар эдилар. Ҳижратнинг иккинчи йилида Аллоҳ томонидан жиҳод фарз қилинди. Шундан сўнг мусулмонлар кофирларга қарши кўпгина жанг қилдилар. Пайғамбаримиз иштирок этган ҳар бир жангни ғазот, деб атаганлар ва ўзлари иштирок этмай, лашкар юборган жангларни сариййа деганлар. Мусулмонлар қарийб йигирмата ғазот ва сариййа уюштирганлар. Улардан машҳурлари: Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ҳайбар, Макканинг фатҳ этилиши. Бошқалари ҳақида озрак ёзамиз.
Бадр ғазоти
Дастлабки ғазот Бадр юришидир. Ҳазрати Пайғамбар бу жангга 313 нафар жангчи билан келган эдилар. Макка кофирлари эса, қарийб минг киши бўлиб жангга кирдилар. Икки мухолиф лашкар Бадр деб аталган мавзеда тўқнашдилар. Мусулмонлар ҳақ йўлида яқдил бўлиб жанг қилганликлари учун ҳам ўзларидан уч баробар кўп бўлган душман лашкарини енгдилар. Бу ғазотда мусулмонлардан 14 киши, кофирлардан 70 киши ҳалок бўлди. Бу жангда Исломнинг ашаддий душмани Абу Жаҳл ҳам ҳалок бўлганлар орасида эди. Кофирлардан етмиш нафари мусулмонларга асир тушди. Ҳазрат Мадинага қайтгач, баъзи асирларни товон ҳисобига озод қилдилар. Товон тўлашга қурби етмаганларни эса, мусулмон болаларнинг хат-саводини чиқаришга мажбур қилинди, бу ишни бажаргандан кейингина озод килиниши шарт қилиб қўйилди. Бу ғазот ҳижратнинг иккинчи йили содир бўлган эди.
Уҳуд ғазоти
Кофирлар Бадр жангида мағлуб бўлиб, Маккага қайтдилар. Бир ой азадорлик қилиб, кейин қасос олиш ниятида жангга тайёргарлик кўра бошладилар. Кейинги йилда уч минг лашкар билан Мадинага қараб йул олдилар. Ҳазрати Пайғамбар кофирларнинг лашкарлари келганини эшитиб, асҳобларининг мўътабарларини йиғиб машварат ўтказдилар ва душманларнинг лашкари кўп экан, агар биз шаҳар дарвозаларини беркитиб, ичкаридан жанг қилсак яхши бўлар, дедилар. Асҳобларининг ғайратли ёшлари бу маслаҳатга қулоқ осмай, шаҳардан ташқарига чиқиб душман билан юзма-юз жанг киламиз, дедилар. Ҳазрат уларнинг ташқарига чиқиб жанг қилиш тарафдорлари эканликларини кўрдилар ва ҳеч нарса демай етти юз нафар мусулмонлар билан шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадина шаҳри ташқарисидаги Уҳуд тоғининг тагида душман билан юзма-юз келдилар. Ислом лашкарининг чап томонида бир дара бўлиб, Ҳазрат эллик нафар ўқчиларни ажратиб, сизлар шу жойда туринглар, асло бошқа жойга кўчманглар, агар душман бу ерга келиб ҳужум қилса, ишимиз мушкуллашади, дедилар. Жанг бошланди, мусулмонлар ҳужум қилдилар, кофирлар чекина бордилар, лекин бояги эллик нафар ўқчи Ҳазратнинг фармонини ёддан чиқариб, кофирларнинг ҳар ерда қолган молини ўлжа олиш учун дарадан келди. Бир қанча душман аскарлари бу фурсатни ғанимат билиб, ана шу дарани эгаллаб олдилар ва шу ердан Ислом лашкарига ҳужум қилдилар. Мусулмонлар мағлуб бўлдилар, етмиш нафар мусулмон шаҳид бўлиб, Пайғамбаримизнинг амакилари ҳазрати Ҳамза ҳам шу қаторда эдилар. Ҳазратнинг ҳам бу жангда тишлари синиб, азият чеқдилар. Гарчи кофирларнинг қўллари бу жангда баланд келган эса-да, мусулмонларнинг яна куч тўплаб ҳужум қилиб қолишларидан қўрқиб чекиндилар.
Ҳандақ ғазоти
Ҳижратнинг бешинчи йили Макка кофирлари яҳудийлар билан иттифоқ тузиб, ўн минг кишини гўплаб, Мадина тарафга йўл олдилар. Ҳазрат бу хабарни эшитгач, асҳоблари билан машварат қилдилар. Маслаҳатга биноан Солмон Форсий уч минг киши билан шаҳар ташқарисига чиқиб, шаҳар остонасида Ислом лашкарининг атрофида чуқур қазидилар. Кофирлар Ислом лашкарининг рўбарўсига келиб саф тортдилар, аммо хандақдан ўтолмадилар, ночор қолиб, хандақнинг нариги томонида туриб ўқ отдилар. Мусулмонлар ҳам бу тарафда туриб душман ўқига жавоб бериб турдилар. Оқибатда душман ҳеч қандай натижасиз қайтиб кетишга мажбур бўлди. Мусулмонлар музаффар ва мансур бўлиб Мадинага қайтдилар.
Ҳудайбияҳ сулҳи
Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳазрат беш юз нафар саҳобийлари билан Каъбани зиёрат қилиш ниятида йўлга тушдилар. Жанг қилиш нияти бўлмаганлиги сабабли қиличдан бошқа жанг қуролларини олмасликни буюрдилар. Макка яқинидаги Ҳудайбияҳ мавзеъига жойлашиб, Макка аҳлига элчи юбориб, ўз ниятларини маълум қилдилар. Лекин Макка кофирлариниги сардорлари мусулмонларга бўлган эски адоватлари ҳамда гина-кудуратлари билан Ҳазрат Расули акрам ъалайҳиссаломга Каъба зиёрати учун рухсат бермадилар.
Шунча миқдор мусулмонни кўриб, уларнинг ниятларидан бехабар ёки хабардор бўлсалар ҳам атайлаб, дарҳол лашкар тўплаб, жангга ҳозирлик кўра бошладилар.
Жанг чиқишига сал қолди, лекин баъзи кишилар ғайрат қилиб, улар ўртасида сулҳ ва аҳднома туздилар. Бу сулҳга кўра, Ҳазрат бу йил Каъбани зиёрат қилмай қайтадиган ва кейинги йилда зиёратга келалиган бўлдилар; мусулмонлар ўн йил мобайнида Макка аҳли билан жанг қилмайдилар. Маккадан Мадинага қочган ҳар бир кимсани эса, қайтариб Маккага юборадилар ва Мадинадан Маккага қочган хар бир кимсани Макка аҳли Мадинага жўнатмайдилар. Ҳар икки томон ушбу аҳдномага имзо чекдилар, Ҳазрат Мадинага қайтиб кетдилар, кейинги йили эса Каъба зиёратига бордилар. Бу воқеани Ҳудайбияҳ сулҳи, деб атаганлар.
Ҳайбар ғазоти
Шом ва Мадина орасида Ҳайбар отлиғ қалъа бор эди. Бу жойда яҳудийлар яшардилар. Ҳазрат ҳижратнинг еттинчи йилида шу қалъани олмоқ учун минг нафар Ислом аҳли билан келдилар. Яҳудийлар шаҳар дарвозасини беркитиб, ичкаридан туриб жанг қилдилар. Ислом лашкари ўн кун мобайнида қалъани қатъий қамал қилди, натижада уни эгаллади. Бу шаҳардан Ислом лашкари қўлига беадад ўлжа тушди.
Ҳазратнинг элчилар жўнатишлари
Бу ғалабадан сўнг мусулмонларнинг овозаси ҳар тарафга ёйилди. Турли қавмлар Ислом аҳлининг қувватидан ҳайратга тушдилар. Ҳазрат фурсатни ғанимат билиб, атрофдаги иодшоҳларга элчи ва номалар юбордилар, бу номалар ва элчилар орқали уларни Ислом динига киришга даъват қилдилар. Ҳазрат қуйидаги олти мамлакатга ўз номаларини юборган эдилар: Эрон подшоҳига, Рум подшоҳига, Ҳабашистон подшоҳига, Миср ҳокимига, Яман ҳокимига. Уларнинг баъзилари Ҳазратнинг элчиларини иззат-ҳурмат билан қаршилаган бўлсалар, баъзилари таҳқирладилар.
Макканинг олиниши
Ҳудайбияҳ сулҳига биноан мусулмонлар Маккага қарши ўн йил давомида жанг қилмасликлари керак эди ва мусулмонлар бу аҳдда собит эдилар. Лекин сулҳ имзолангандан кейин икки йил ўтиб, яъни ҳижратнинг саккизинчи йили Макка кофирларининг ўзлари аҳдномани буздилар; Мадинага бот-бот ҳужум қила бошладилар. Ҳазрат ўн минг лашкар билан Маккага юриш қилишга мажбур бўлдилар ва шаҳар ташқарисига келиб, ҳар бир жангчига ўз чодирида олов ёқишни буюрдилар. Макка аҳли ҳомон мусулмонларнинг келганларидан бехабар эди. Шаҳар ташқарисидаги бунчалар кўп ўтни кўриб қўрқиб кетдилар. Абу Суфён хабар олгани келиб, мусулмон бўлиб қайтди ва Макка аҳлига воқеани англатди. Макка кофирларидан баъзилари жангга ҳозирлик кўролмай, ҳар томонга қочиб кетдилар. Ҳазрат жангсиз келиб Маккани олдилар ва Макка аҳлига умумий афв эълон қилдилар. Бошқалар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб мусулмонликии қабул қилдилар.
Ҳунайн ғазоти
Макка фатҳи ҳақидаги хабар ҳамма тарафга тарқалгач, баъзи мусулмон бўлмаган араб қабилалари ғазабга келдилар ва Ҳунайн деган мавзеъга тўпланиб, Ислом лашкарига ҳужум қилишга шайландилар. Ҳазрат бу хабарни эшитиб, 12 минг киши билан уларнинг устига юрдилар. Ҳунайн мавзеъида жанг бўлиб, номусулмон қабилаларнинг лашкари қаттиқ шикаст еди. Ислом аҳли уларнинг юртларини эгалладилар; бутун Араб ярим ороли мусулмонобод бўлди ва Ҳазрат Мадинага қайтдилар.
Табуқ ғазоти
У замонларда Шом вилояти Рум императорининг қўлида эди. Ҳазрат императорнинг фармони билан Шом вилоятида жуда кўп аскарлар жам бўлганини ва Мадинага ҳужум қилиш ниятида эканлигини эшитдилар, ул зот ҳам дарҳол лашкар тўплаш фикрига келдилар. Лекин Рум императорининг лашкари билан жанг қилиш мушкул эди. Бунинг учун жуда кўп лашкар тўплаш керак эди, аммо лашкар харажати учун маблағ топишнинг иложи йўқ эди. Охир-пировардида миллатга мурожаат қилиб, кўмак сўралди. Ҳар ким қўлидан келган нарсасини берди. Шу тариқа лашкарга керакли бўлган анжомлар тўпланди. Ҳазрат 30 минг лашкар билан Мадина ва Шом ўртасидаги Тобуқ мавзесига етиб келдилар. Душмандан асар ҳам кўринмади. Лашкарнинг улуғларини тўплаб машварат қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ, агар шомликлар жанг қилишни ният қилганларида бирор белги бўлур эди, ҳозир эса, улардан ҳеч бир хабар йўқ, маълум бўдадики, уларнинг жанг қилиш нияти бўлмаган, балки бизнинг бу ерга келганимиз уларни қўрқитиб юборган бўлиши мумкин, бунинг устига Шомда вабо тарқалган, агар шу ердан ортта қайтсак, маъқул бўлар эди, деб маслаҳат бердилар. Ҳазрат бу маслаҳатни маъқул топиб, Тобуқ атрофидаги қабилаларни бож тўлашга мажбур қилдилар ва Мадинага қайтдилар.
Видолашув ҳажи
Ҳижратнинг ўнинчи йилида Ҳазрат ҳаж қилиш ниятларини бутун мусулмонларга эълон қилиб, қирқ минг киши билан Маккага кирдилар. Атрофдаги мусулмонлар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб кела бердиларки, натижада уларнинг сони юз минг нафарга етди. Ҳазрат хутба ўқиб, бу дунёдан ўтишлари яқинлигини башорат қилдилар. Мусулмонларга насиҳат қилиб, сўнг Мадинага қайтдилар. Бу Ҳазратнинг сўнгги ҳажлари бўлиб, тарихда «видолашув ҳажи», деб аталган .
Пайғамбар ъалайҳиссаломнинг дунёдан ўтишлари
Воқеан уч ойдан сўнг, ҳижратнинг ўн биринчи йилида, рабъул-аввалдан бир кун олдин Ҳазрат хасталандилар. Асҳобларини жам қилиб шу тариқа насиҳат қилдилар: мен дунёдан кетяпман, Қуръонни сизларнинг ихтиёрларингизга қолдирурман. Доимо Қуръонга амал қилинглар. Бир-бирингизни севинглар, бир-бирларингизга мадад бўлинглар, асло эзгу ишлардая жудо бўлманглар, дунёни обод ва ислоҳ қилишга куч беринглар.
Ҳазратнинг хасталиги кучайиб, рабъул-аввал ойининг ўн иккисида, ҳижратнинг ўн биринчи йили олтмиш уч ёшда дунёдан ўтдилар».
Пайғамбар ъалайҳиссаломнинг сифатлари
Пайғамбар ъалайҳиссалом энг олий хулқ ва раҳмли сифатларга эга бўлганлар, раҳм ва шафқат, карам ва саҳоват, мадад, ақл ва илм бобларида оламда тенгсиз эдилар. Беҳуда ғазабга келмас эдилар, дин ишларидан бошқа масалаларда жузъий камчиликларни кечирар эдилар. Инсоф доирасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмаганлар. Ҳар кимнинг билими ва имконига қараб иш буюрардилар. Бирон кимсадан тамаъ ҳам қилмаганлар ва садақа ҳам олмаганлар. Ўз хотинлари ва хизматкорларига доимо тавозеъ ва очиқ чеҳра билан муомала қилганлар.
Пайғамбар ъалайҳиссаломнинг хотинлари ва фарзандлари
Пайғамбар ъалайҳиссалом ўн бир хотин олганлар. Улардан икки нафари Ҳазратнинг ҳаётлик вақтларида оламдан ўтган ва тўққиз нафари ул зоти шарифдан кейин қолган эди. Хотинларидан энг машҳурлари: Хадича, Ойиша, Ҳафса ва Маймунадирлар. Уч ўғил ва тўрт қизлари бўлган. Ўғиллари: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим. Қизлари: Фотима, Зайнаб, Руқия, Умми Гулсумдирлар. Лекин ҳазрати Фотимадан ўзгалари Ҳазратнинг ҳаётлик вақтларида вафот этганлар.
Иккинчи қисм
БИРИНЧИ ТЎРТ АСЛ ХАЛИФАЛАР
Ҳазрати Абу Бакр халифалиги
Пайғамбар ъалайҳиссаломнинг ҳаётлик чоғларида ҳамма мусулмонлар ул жанобнинг фармонларига тобеъ эдилар. Ул зоти шариф оламдан ўтганларидан сўнг, албатта, мусулмонларга бир йўлбошчи зарурати туғилди. Ҳазрат дунёдан ўтганларидан сўнг, асҳоблар йўлбошчи тайинлаш фикрига тушдилар. Тўпланиб машварат қилдилар. Улар ўртасида ихтилоф туғилиб, низо чиқишига оз қолди. Ҳазрати Умар ғайрат ва шижоат кўрсатдилар; ҳазрати Абу Бакрни аҳли Ислом сардорлиғига тавсия қилдилар ва биринчи бўлиб ўзлари ул кишини тан олдилар. Шундай қилиб, ҳазрати Абу Бакр халифа, яъни Пайғамбаримизнинг ўринбосари бўлдилар. Ул киши минбарга чиқиб, халойиққа қарата нутқ сўзладилар: «Эй мусулмонлар! Мен халифаликка лозим бўлмасам ҳам, орангизда низо ва душманлик туғилмасин учун уни қабул қиламан. Менга Расули Аллоҳнинг айтганларига амал қилишда ёрдам беринглар ва ул зоти шариф сўзларидан чиқсам, менга итоат қилманглар».
Ҳазратнинг вафоти ҳақидаги хабар ҳар тарафга кетгандан сўнг купгина араб қабилалари диндан чиқдилар, яъни Исломдан қайтдилар. Бир неча киши сохта пайғамбарликни даъво қилишди. Мадина аҳли бу воқеани эшитиб, ғамгин ва ҳайрон қолди. Халифа Абу Бакр ғайрат қилиб биринчи навбатда барча диндан чиққанларга қарши жанг қилиб, уларни тор-мор келтирдилар, сўнгра сохта пайғамбарларнинг думини тугдилар.
Қуръоннинг жамъ қилиниши
Қуръони карим Пайғамбар ъалайҳиссаломга Аллоҳ таоло тарафидан оз-оздан нозил қилинган. Ул Ҳазрат ҳаёт вақтларида Қуръон оятлари жамъ қилинмаган эди. Баъзи асҳоблар Ашоҳ томонидан юборилган барча оятларни ёд билганликларидан уларни ҳофизлар, яъни Қуръонни ёддан айпувчилар, деб атаганлар. Аксарият баъзи оятларни ёд билар, қолганларини ёзиб сақлар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр халифа бўлганларидан сўнг кўплаб ҳофизлар ғайридинларга қарши жангларда шаҳид бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр кўрдиларки, иш шу тариқа кетса, бир мунча муддат ўтиб ҳамма Қуръон ҳофизлари дунёдан ўтиши ва Қуръоннинг баъзи оятлари йўқолиб, унутилиб кетиши мумкин. Шу сабабли барча оятларни жамъ қилиб, бир жойга тўпладилар.
Ироқ ва Суриянинг фатҳ этилиши
Ўша замонларда дунёда икки улуғ давлат — бири Эрон ва иккинчиси Рум эканлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Араб ярим оролидаги барча одамлар мусулмон бўлганларидан сўнг Ислом аҳли энди бу икки буюк мамлакат сари бориб, у ердаги одамларни ҳам мусулмон қилишни лозим топди. Шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ ушбу фикрга келганларидан сўнг, Холид бинни Валидни 18 минг нафар жангчига бош қилиб Эрон тарафига ва Обид бинни ал-Жарроҳни бисёр лашкар билан Рум мамлакати чегарасига юбордилар. Холид бинни Валид Эрон лашкари билан қаттиқ жанглар қилиб, араб Ироқи номли кенг бир вилоятни қўлга киритди, сўнг Обид бинни ал-Жарроҳга ёрдамга етиб келди. Бу икки йирик саркарда ҳамкорликда Румнинг кўп лашкари билан жанглар олиб бориб, Румнинг кўп шаҳарларини эгалладилар. Шу вақтлар мобайнида ҳазрати Абу Бакр бетобланиб, ўз ўринларига ҳазрати Умарни халифа қилиб, дунёдан ўтдилар. Ҳазрати Абу Бакрнинг ёшлари 63 да эди ва ул кишининг халифалик даври икки йилу уч ой ва яна 10 кун бўлди.
Ҳазрати Абу Бакрнинг фазилатлари
Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбаримизнинг энг биринчи ёронларидан ва маслаҳатдошларидан эдилар. Ҳижратга ҳам бирга кетган эдилар. Эркаклардан биринчи бўлиб мусулмонликни қабул қилган ҳам шул жанобдирлар. Ҳам товозели, ҳам шижоатли зот эдилар. Ул ҳазратнинг халифалик замонларида Ислом динининг кучга кириши учун кўп ишлар қилинди ва ул ҳазрат бор мол-дунёларини шу йўлда сарф қилдилар.
Ҳазрат Умар халифалиги ва Эрон жанглари
Ҳижратнинг ўн учинчи йилида ҳазрати Умар халифаликка ўтдилар. Мусулмонлар бул жанобга «Амир-ал-мўминин», деб тахаллус қўйдилар. Амир-ал-мўминин энг аввало ҳазрати Абу Бакр васиятларига асосан катта қўшин тўплаб, Саййид бинни Ваққос бошчилигида Эронга жўнатдилар. Бу лашкар эронликлар билан кўпгина жанглар қилиб, бир қанча шаҳарларни қўлга киритди. Бу жанглардан энг қаттиғи ва машҳури Қуддус учун олиб борилган муҳораба бўлди. Мазкур муҳорабада Ислом лашкаридан қирқ минг киши ва Эрон тарафдан бир юз йигирма минг киши ҳозир бўлди. Тўрт кун жанг бўлиб, мусулмонларнинг бешдан бири шаҳид бўлди, Эрон лашкари ҳам кўп талофот кўрди. Натижада Эроннинг пойтахти бўлган Мадойин шаҳри эгалланди. Мусулмонлар қўлига жуда кўп ўлжалар тушди.
Шом ва Қуддуснинг фатҳ этилиши
Ислом лашкари Эрон билан жанг қилаётган пайтда ҳазрати Умар Рум чегараларида жанг қилаётган лашкарга мадад юбориб, Абу Убайд бинни Жарроҳни барча лашкарларга амир қилиб тайин этдилар. Ислом лашкари Шом ва Халабни Рум давлати қўлидан тортиб олди ва лашкарнинг бир қисми бориб Байтул-Мақдисни қамал қилди. Ҳазрати Умарнинг ўзлари қамалга келиб, Байтул-Мақдисни сулҳ йўли билан олдилар ва бу жойдаги насронийлар ҳақига кўп адолат ва мурувват кўрсатдилар.
Миср фатҳи
Шундан сўнг Амир-ал-мўминин Умар бинни ал-Ос исмли сардор бошчилигидаги тўрт минг кишини Мисрга юбордилар. Лашкар жанг билан Мисрни қўлга киритиб, Искандарияга келди. Уч ойлик қамалдан кейин Искандарияни ҳам олди.
Тарихни белгилаш
Ҳазрати Умар замонларида мусулмонларнинг шуҳрати ёйилди ва Ислом мамлакати ғоят кенгайди. Халифалик марказидан ҳар тарафга хатлар ва буйруқлар юбориларди. Бу хатлар ва буйруқларда бир муайян тарих ёзиш даркор бўлиб, мусулмонлар тарихини қачондан бошлаш керак, деган масала ўртага тушди. Ҳазрати Умар бу масала бўйича машварат тўпладилар ва маслаҳат давомида ҳазрати Али тарихнинг бошланишини Пайғамбаримизнинг ҳижрат қилганлари давридан, яъни Муҳаррам ойидан бошлашни таклиф қилдилар. Бу воқеа ҳижратнинг ўн еттинчи йили рўй берди.
Ҳазрати Умарнинг шаҳид бўлишлари
Ҳазрат Умар Ислом динининг авж олишига ва мусулмонлар шавкатини кўтаришга ғайрат қилдилар. Лекин ҳижратнинг йигирма учинчи йилида бир кун насроний қул ногаҳон ул жанобга пичоқ уриб шаҳид қилди. Амир-ал-мўмининнинг ёшлари олтмиш учда ва халифалик даврлари ўн йилу олти ой бўлган эди.
Ҳазрати Умарнинг фазилатлари
Ҳазрати Умар жуда қаноатли, одил, низомпарвар ва ғайратли эдилар. Ўзларига юклатилган вазифалардан бошқа ишлар билан шуғулланмасдилар. У киши машҳурлиги, Эрон ва Румни ларзага солган саркарда бўлишига қарамасдан ҳамиша ямоқ кийим кийганлар. Байтул-Мақдисга сафар қилган пайтларида бир қул билан туяни навбатма-навбат миниб борганлар. Ҳатто Байтул-Мақдис дарвозасига етиб келганларида ҳам азбаройи ғуломнинг навбати келгани сабабли уни туяга миндириб, ўзлари пиёда кириб борган эканлар.
Ҳазрати Усмоннинг халифалиги
Ҳазрати Умар хасталик даврларида ҳеч кимни халифа қилмадилар, балки асҳобларнинг улуғларидан олти кишини тўплаб, ўзларингиз ўз ичларингиздан кимни лойиқ билсангизлар, ўшани халифа қилингизлар, дедилар. Ҳазрати Али, ҳазрати Усмон ва Абдур-Раҳмон бинни Авф шу олти нафар қаторида эдилар. Булар ҳазрати Умарнинг дафнларидан кейин бир уйга йиғилиб машварат қилдилар. Абдур-Раҳмон бинни Авфдан ташқари ҳаммалари Усмонни халифаликка лойиқ топдилар. Абдур-Раҳмон кўрдики, вазият бўлакча, ҳаммадан фарқланиб, халифа бўлишдан чўчиди. Бинобарин, эртанги кун одамлар масжидга тўпланганларида жаноб Абдур-Раҳмон минбарга чиқди, аввалан ҳазрати Алини олдиларига чақириб, баланд овозда сўрадилар: «Ё Али, мен сени халифаликка лойиқ билурман, шу шарт биланки, Пайғамбаримиз ҳазратлари ва аввалги икки халифа тутган йўлдан чиқмайсан». Бу мушкул шарт эди. Ҳазрати Али жавоб бердиларки, мен бунинг уддасидан чиқолмайман. Жаноб Абдур-Раҳмон бу дафъа ҳазрати Усмонни чақирдилар ва яна ушбу шарт билан халифаликни таклиф қилдилар. Ҳазрати Усмон қабул қилгач, одамлар ҳазрати Усмонни тан олдилар.
Фатҳлар
Ҳазрати Усмон замонларида ҳам Ислом лашкари ҳар тарафга музаффарона юриш қилдилар. Эрон ерида бўлган лашкар Эрон мамлакатининг барча жабҳаларини эгаллади ва энди Туркистонга юриш қилди. Рум давлати билан жанг қилаётган лашкар Сурияни эгаллади. Жанубда Африка ҳам шу тариқа зафарли ва ғолибона юришлар натижасида мусулмонликка ўтди. Ҳазрати Усмон замонларида Ислом мамлакатлари жуда кенгайди.
Денгиз жанги
Ҳазрати Пайғамбаримиз замонларидан ҳазрати Усмон замонларига қадар Ислом аҳли қанча жанг қилган бўлса, ҳаммасини қуруқликда ўтказган бўлиб, денгизда ҳеч жанг қилмаган эди. Бу халифа замонларида Ислом лашкари жанг кемалари ясаб, Родос ва Қибрис оролларини олдилар. Рум императори бу хабардан ғазабга келди ва ҳамма кемаларини ҳозирлаб, мусулмонлар билан денгизда қаттиқ жанглар қилди. Мусулмонлар кучли келиб, императорга шикаст етказдилар. Мусулмонларнинг дастлабки денгиз жанги ҳам шу тариқа воқеъ бўлди.
Фитна зоҳир бўлиши ва ҳазрати Усмоннинг ўлдирилиши
Ҳазрати Усмон халифаликка ўтиргач, ҳазрати Абу Бакр ва Умар тарафидан тайинланган вилоятларнинг аксар волийларини бекор қилиб, уларнинг ўринларига ўз қариндошларидан тайин қилдилар. Ҳазрати Усмон қариндошларидан баъзилари уларнинг замонларида қора ишлар билан машғул бўлганлар. Бунга қўшимча равишда ушбу волийлар вилоятларда зулм қилар эдилар. Бинобарин, мусулмонлар ҳазрати Усмоннинг бу ишларини олдинги шартларга мухолиф билиб, унга қарши чиқдилар ва натижада фитна зоҳир бўлди. Миср, Қўфа ва Басра халқи гуруҳ-гуруҳ бўлиб Мадинага келди ва ҳазрати Усмонга дедики, сиз шартингизга вафо қилмадингиз, энди халифаликни тарк қилинг, бизлар бошқа кишини халифа қилурмиз. Ҳазрати Усмон қабул қилмадилар. Одамлар халифанинг уйига ҳужум қилиб, ул жанобни шаҳид қилдилар.
Шундай қилиб, бу фитна мусулмонлар учун кўп ёмон бўлди. Ушбу фитна бошқа фитналарга сабаб ва асос бўлди. Кейинчалик Ислом аҳли ички фитналар билан машғул бўлиб, жаҳонгирликдан қолиб кетди. Агар шу фитналар бошланмаса эди, мусулмонлар аввалгидек ҳамжиҳат бўлиб, Исломни ёйиш билан машғул бўлганларида, бугун бутун олам мусулмонобод бўлган бўлур эди.
Ҳазрати Алининг халифалиги ва Жамал жанги
Ғавғочилар ҳазрати Усмонни ўлдирганларидан сўнг одамлар ҳазрати Алини халифа қилдилар. Лекин ҳазрати Усмоннинг қабилаларидан бинни Уммия ҳазрати Али халифалигини қабул қилмади. Шом вилоятида Муовия ал-Суфён деган киши атрофида одамлар жамъ бўлдилар. Муовия бинни Уммия қабиласининг улуғларидан эди. Бошқа тарафдан Зубайр ва Талха — икки улуғ саҳобалардан эдиларки, ҳазрати Али халифалигини улар-да қабул қилмадилар. Ва ҳазрати Ойиша билан биргаликда Басра шаҳрига келиб, ҳазрати Алига қарши жанг қилишга ҳозирлик кўра бошладилар. Ҳазрати Али аввалдан уларга хат ёзиб, насиҳат қилдилар, улар қабул қилмадилар. Ночор Мадинадан лашкар тортиб, улар устига юрдилар. Қаттиқ жанг бўлди ва бу жангда Зубайр билан Талха ўлдирилди, ҳазрати Ойиша асир олинди. Бу урушни Жамал жанги, деб атаганлар.
Сиффин жанги
Гарчи ҳазрати Али Жамал жангида музаффар бўлсалар-да, олдиларида ҳали улуғ ишлар бор эди. Зеро, Шом вилоятининг волийси Муовия бинни Уммия ўз қабиладошларини атрофига тўплаган эди. Булар ҳазрати Алини ҳазрати Усмоннинг кушандаси, деб унинг халифалигини қабул қилмадилар. Муовия Шом аҳлини ҳаяжонга солиб, ўзини халифа, деб эълон қилди. Ҳазрат Али ночор унинг устига лашкар тортдилар. Сиффин деган мавзеда икки Ислом лашкари рўбарў бўлиб, тўқсон кун жанг қилди. Ҳар икки тарафдан саксон минг мусулмоннинг қони тўкилди.
Ҳакамларнинг тайин қилиниши
Ҳазрати Али қарийб зўр келай деганларида Муовия ҳийла ишлатиб, сулҳ талаб қилди. Икки лашкар жангдан қўл тортдилар. Халифалик масаласини ҳал қилмоқ учун ҳар икки тарафдан икки ҳакам, яъни оқсоқолларни тайин қилишга киришдилар. Ҳазрати Али тарафидан Мусо Аъло Шаърий, Муовия тарафдан эса Умар бинни ал-Ос тайин қилинди. Бу икки оқсоқол бир жойда ўлтириб машварат қилдилар. Умар бинни ал-Ос Абу Мусога фириб бериб, икки лашкар олдига келиб, ҳазрати Алини бекор, Муовияни эса халифа тайин қилди. Ҳазрати Али тарафдорлари бу воқеадан ғамгин бўлиб, ул жаноб етагида Кўфага қайтдилар.
Хорижийларнинг пайдо бўлиши ва ҳазрати Алининг ўлдирилиши
Ҳазрати Алининг баъзи тарафдорлари Сиффин жангида фириб еганлари сабабидан қаттиқ ғамгин бўлиб, ўзларича ҳазрати Алидан гина қилдилар. Наҳравон шаҳрида жамъ бўлишиб, ҳазрати Алининг ўзлари билан жанг қилиш ниятида бўлдилар. Амир-ал-мўминин бу хабарни энгитиб, улар устига юриш қилдилар ва шикаст бердилар. Улар бу воқеадан дарғазаб бўлдилар ва бора-бора ҳазрати Алига душманроқ бўлиб қолдилар. Бу жамоани хорижийлар, яъни ҳавориж, деб атаганлар.
Ҳижратнинг қирқинчи йилида Абдур-Раҳмон бинни Балжом Қўфа масжидида ҳазрати Алини шаҳид қилди.
Мусулмонлар бу тўрт халифани «хулафо ар-рошидин», яъни асл халифалар, деб атаганлар.
Имом Ҳасан
Ҳазрати Али шаҳид бўлганларидан сўнг унинг тарафдорлари имом Ҳасанни халифа қилдилар, лекин имоми Ҳасан кўрдиларки, Муовия билан баробар келиб бўлмас, халифаликнинг баҳридан ўтиб, уни Муовияга бердилар.
Учинчи қисм
УММАВИЙЛАР ВА АББОСИЙЛАР
Уммавийлар халифалиги
Ўтган фасллардан англаганимиздек, ҳазрати Пайғамбарнинг вафотларидан сўнг Муовия замонига қадар халифалик махсус бир кишининг ҳаққи эмас эди. Мусулмонлар кимни хоҳлашса, ўшани халифа қилар эдилар. Имом Ҳасан истеъфосидан сўнг, Муовия халифаликка муқаррар бўлиб, халифаликда расмий сулолани расм қилиб, ўз ўғли Язидни валиаҳд қилди. Шундан сўнг халифалик уларнинг хонадонларида қолди. Улар бинни Уммия қабиласидан бўлганлари учун уларни уммавийлар, деб атаганлар. Бу жамоадан ўн тўрт нафар киши навбатма-навбат халифалик қилдилар. Уларнинг халифалик даврлари тўқсон етти йил давом этди. Пойтахти Шом шаҳри бўлган. Уммавийларнинг машҳур халифалари: Муовия, Язид, Валид бинни Абдул-малик ва уларнинг энг охиргиси Марвон бинни Муҳаммад эди. Энди уларнинг қисқа ҳолларини баён қилайлик.
Муовия бинни Абу Суфён
Муовия уммавийлар давлатининг асосчисидир. Ҳазрати Усмон замонларида Шом вилоятининг волийси қилиб тайинланган эди. Ҳазрати Усмон қатл қилинганларидан сўнг ҳазрати Алига қарши исён қилиб, ҳазрати Усмоннинг хунини даъво қилган ва бу Сиффин жангига сабаб бўлган. Ҳазрати Али ўлдирилгандан ва имом Ҳасан истеъфосидан сўнг халифалик тахтига эришган. Кўп тавозекор ва тадбиркор эди. Ҳар вилоятларнинг улуғларини пул зўри билан ўзига тарафдор қилган. Унинг замонида Ислом лашкари баъзи шаҳарларни қўлга олдилар, ҳатто Истамбул шаҳрини ҳам мусохара қилдилар, лекин ололмаганлар. Биринчилардан бўлиб Ислом вилоятларига қози ва муфтийларни юборган, янги йўллар қурдирган, почтани ҳам таъсис қилган шу зот эди. Ўзи тириклигида ўғли Язидни валиаҳд қилиб, ҳижратнинг олтмишинчи йилида вафот қилган.
Язид ва Карбало ҳодисаси
Язид бинни Муовия отасининг ўрнига ўгирди. Бу ишдан Макка ва Қўфа аҳли ғазабга келди. Қўфа аҳли имом Ҳусайнга хат қилдиларки, биз Язиддан безормиз, келинг, сизни халифа қилурмиз. Имом Ҳусайн уларнинг сўзларига алданиб, Байт аҳли ва ўзларига муталлиқ бўлган етмиш нафар киши билан Маккадан Қўфага равона бўлдилар. Язид бу воқеани эшитиб, лашкар юборди. Язид лашкари Карбало мавзеида ҳазрати Ҳусайнга рўбарў бўлишди. Ул ҳазратни тобелари билан баробар ўлдирдилар. Мусулмонларнинг дили раҳмсизона жиноятдан пархун бўлди. Бу ҳодисадан хурдсол (балоғатга етмаган) имом Зайнал-Обидин бинни имом Ҳусайндан бошқа ҳеч ким халос қолмади. Бу хабардан Макка аҳли ғазабга келиб, Абдуллоҳ бинни Забирни халифа қилдилар. Мадина аҳли ҳам унга тобе бўлди. Язид уларнинг устига ҳам лашкар юборди. Унинг лашкари аввалан Мадинани жанг билан олди, сўнгра Маккага келиб, уни мухосара қилди. Шу ҳангомда Язиднинг ўлганидан хабар топиб, орқага қайтдилар.
Валид бинни Абдул-малик
Валид отаси ўлгандан кейин, саксон олтинчи йили халифалик тахтига ўлтирди. Бу халифа замонида мусулмонлар кўпгина мамлакатларни қўлга киритганлар. Унинг Муҳаммад бинни Қосим исмли сардори Ҳиндистоннинг баъзи шаҳарларини, Қутайба бинни Муслим исмли бошқа бир сардори Туркистон ва Қошғарни забт қилди.
Андалус фатҳи
Андалус Оврупонинг ғарбий-жанубий чеккасида жойлашган. Харитига қарасангиз кўрасизки, бу мамлакат жуда кенгдир. Бизнинг замонамизда Испониё ва Партуғаз номли икки давлат бу ерларда ҳукмронлик қилади. Андалус мамлакати шимол тарафдан Франсиё, жануб тарафдан Форс мамлакатига ҳамсоядир. Форс ва Андалуснинг ораларида бир бўғоз бўлиб, уни Сабата бўғози, деб атаганлар. Шундай қилиб, ушбу мамлакат ҳам Валид бинни Абдул-малик замонида мусулмонлар кўлига ўтди. Шу тариқа Мисрдан Форсга қадар бўлган ҳамма мамлакат Ислом аҳли қўлида бўлди. Бу жойларнинг Мусо бинни Насир исмли волийси Валидга мактуб ёздики, агар халифа ижозат қилсалар, мен Андалусни фатҳ қилурман. Валид ижозат қилди. Мусо бинни Насир ўз ғуломи Ториқ бинни Зиёдни озгина лашкар ҳамроҳлигида Андалус аҳволидан хабар олмоққа юборди. Ториқ бу озгина лашкар билан Сабата бўғозидан ўтиб, Андалус хокига келди. Бўғоз этагидаги тоғ этагида тўхтаб, аввалан кемаларга ўт қўйиб ёқиб юборди ва ҳамроҳларига айтдики, энди бизга қайтмоққа йўл қолмади, ғайрат қилингизлар, олдингга юрурмиз ва ул обод мамлакатни қўлга олурмиз. Сўнгра тоғ этагидаги йўлдан юрдилар. Андалус ҳукмдорлари билан жанг қилиб, уларнинг шаҳарларини олдилар. Ушбу тоғни ҳозирга қадар «Жабал-Ториқ», яъни Ториқ тоғи, деб атаганлар ва Сабата бўғозини ҳам «Бўғози Жабал-Ториқ», яъни Ториқ тоғининг бўғози, дейилган. Мусо бинни Насир бу хабарни эшитиб, ўз лашкари билан Андалусга келди. Иккала сардор қўшилдилар, биргаликда Андалус аҳлига қарши жанг қилиб, ул мамлакатни-да олдилар.
Марвон бинни Муҳаммад ва уммавийлар давлатининг заволи
Валид бинни Абдул-малик вафотидан сўнг, аксар халифа бўлган кишилар золим, хунрез ва фосиқ эдилар. Араб бўлмаган мусулмонларга жабр-зулм қилдилар. Зотан, мусулмонлар ҳодисасидан бошлаб улардан безордирлар, нафрат қилардилар. Лекин у пайтлар уммавийлар давлати зўр бўлган. Одамлар ўз нафратларини очиқ баён қилишдан қўрққанлар. Ҳижратнинг 127 йилида уммавийларнинг сўнгги подшоҳи бўлган Марвон бинни Муҳаммад халифалик тахтига ўлтирди. Бу одам кўп ғайратли ва илмли бўлган. Лекин не фойдаки, уммавийлар давлатининг асоси аввалғи ҳукмдорларнинг бахтсизликлари, зулм ва фисқ билан қопланган эди. Уни ўнглаб қолиш мумкин бўлмади. Халқ ҳар тарафдан исён қилиб, Марвонни Абу Муслим Хуросоний зоҳир бўлгунга қадар саргардон қилдилар. Абу Муслим эронлик миллатпарварлардан бири эди. У ўз миллатини уммавий халифалар зулмидан халос қилмоқ истади. Ўз атрофига одамларни тўплаб, уммавийлар тарафдорлари билан қаттиқ жанглар қилди. Абу Муслим айтар эканларки, бинни уммавийлар халифаликни эгаллаб олганлар, улардан халифаликни олиб, асл соҳибларига топширурмиз. Абу Муслимнинг бу сўзлари мусулмонларга маъқул бўлган. Унинг атрофига жамъ бўлишиб, кундан кун қувват топдилар ва ҳижратнинг 132 йили Марвон лашкарини тамоман маҳв этдилар. Марвон қочди. Абу Муслим ҳазрати Аббос авлодларидан бўлган Абу Аббос исмли кишини халифа қилди. Шундай қилиб, халифалик бинни уммавийлар хонадонидан бинни Аббос хонадонига ўтди.
Аббосийлар халифалиги
Ҳазрати Аббос ҳазрати Пайғамбарнинг амакилари эдилар. Аббосийлар ҳазрати Аббоснинг авлодларидирлар. Абу Муслим Хуросонийнинг саъй-ғайрати билан халифалик уммавийлардан уларга ўтди. Уларнинг аввалги бир-икки халифалари уммавийлардан қасос олмоқ ниятида кўп хунрезликлар ва ноинсофликлар килдилар. Бу икки-уч халифадан сўнг бошқа халифалар мусулмонларни илм ва санъатли бўлишга, Ислом мамлакатларини обод қилишга кўп ҳаракат ва хизмат қилдилар. Қолганлари завқ ва сафо билан машғул бўлганлар. Уларнинг замонида Ислом олами парча-парча бўлди. Ҳар тарафдан подшоҳлар ва амирлар пайдо бўлдилар. Аббосийлар жамоасидан ўттиз етти нафари халифалик қилди. Халифалик муддати 524 йил давом этди. Аббосий халифаларнинг пойтахти Бағдод эди. Уларнинг машҳурлари: Хорун ар-Рашид, Маъмун, охиргиси Мустаъсим Билло.
Хорун ар-Рашид
Хорун ар-Рашид ҳижрий 173 йили тахтга ўтирди. Аббосийларнинг бешинчи халифаси эди. Хорун ар-Рашид Исломнинг буюк подшоҳларидан биридир. Унинг замонида кўпгина мадрасалар, китобхоналар ва шифохоналар қурилган. Бу халифа ҳақиқатдўст, маорифпарвар, азамат ва шавкатли бўлган. Кўпгина илм-фан китобларини Эрондан, Румдан ва Ҳиндистондан келтириб, араб тилига таржима килдирган, санъатни ҳам ривож топдирган. Унинг замонида мусулмонлар зангдор соатни ихтиро қилганлар. Хорун ўша соатлардан бирини Фарангистон подшоҳларидан бирига юборган. У ернинг одамлари бунгача зангдор соатни кўрмаган эдилар. Бинобарин, мазкур соатни сеҳрли ва жодули деб қўрққанлар. Хорун ар-Рашид Рум императори билан жанглар қилиб, уни ўзига бож тўлайдирган қилди. Унинг вазири Яҳё бинни Холид Бармакий бўлган. Яҳёдан сўнг ўғиллари Фазл бинни Яҳё ва Жаъфар бинни Яҳё ҳам Хорунга вазирлик қилдилар. Бу учала вазир ҳам жаҳонда одилликлари, инсофликлари, хайру эҳсонпарварлиги билан машҳурдирлар. Тарихда уларни ал-Бармакий, яъни бармакийлар сулоласи, деб атаганлар.
Маъмун
Маъмун Хорун ар-Рашиднинг ўғли ва аббосийларнинг еттинчи халифаси бўлган. Илм ва маърифатнинг тараққийси хусусида отасидан ҳам кўпроқ ҳаракат қилган. Қаерда бирор олим ёки донони эшитса, уларни мамлакатга келтириб асрар ва қаерда ҳикматли китоблар хабарини эшитса, келтириб араб тилига таржима қилдирган. Барча илм олимлари дин ва мазҳабидан қатъи назар унинг атрофида жамъ бўлганлар. Боғдодда кўп билимли табибларни тўплаган ва олий даражадаги шифохоналар барпо қилган. Мусулмонларнинг санъати, тижорати ва зироати Маъмун даврида бошқа ҳамма ажнабий мамлакатлардан кўпроқ тараққий қилган эди.
Ал-Мустаъсим Билло ва аббосийлар давлатининг заволи
Маъмундан сўнг аббосийлар жамоасидан йигирма нафар киши халифалик қилди. Лекин уларнинг аксарияти беобрў, сусттабъ ва баъзилари бадахлоқ эдилар. Бинобарин, аббосийлар давлати кундан кун таназзул топди. Бора-бора Ислом мамлакатларининг ҳар тарафидан бир подшоҳ, кетидан иккинчиси пайдо бўла бошладилар. Аббосий халифалар эса, Боғдодда ўгириб, бу подшоҳлар фармонларининг тобеига айланиб қолдиларки, 640 (ҳижрий) йилда ал-Мустаъасим Билло халифа бўлди. Ал-Мустаъасим аббосий халифаларнинг охиргиси бўлиб, сусттабъ одам бўлган. Ўн беш йил халифалик қилиб, 656 (ҳижрий) йили Халокухон келиб Боғдодни олгач, халифани ўғли билан ўлдирди ва китобхоналарни ёндирди. Жаннатобод Бағдод қон ва оташ ичида қолди. Аббосийлар давлати барҳам еди. Ал-Мустаъсимнинг амакиси Халокухоннинг қўлидан қочиб, Мисрга борди. У ернинг амирига ўзини танитди. Сўнгра Мисрда ўн тўрт аббосий халифалик қилган. Лекин уларнинг халифалиги подшоҳлик қилиш бўлмай, балки шайхлик эди. Усмония давлати халифаликни шулардан олган.
Андалусдаги уммавийлар давлати
Юқорида 132 (ҳижрий) йили Абу Муслим Хуросонийнинг саъй-ҳаракати билан халифалик уммавийлар хонадонидан олиб, аббосийлар хонадонига берилгани ва аббосийларнинг биринчи ва иккинчи бадният халифалари ўч олиш мақсадида кўпгина уммавийларни ўлдирганликларини айтган эдик. Шу замонда Абдур-Раҳмон бинни Муовия бинни Ҳишом исмли киши Андалусга қочиб кетган эди. Андалуслик мусулмонлар уни ўзларининг подшоҳи қилдилар. Абдур-Раҳмон 135 (ҳижрий) йилда Андалус тахти салтанатига ўлтириб, у мамлакат ободлиги йўлида кўп хизмат қилди, масжидлар ва мадрасалар қурдирди, каналлар ва йўллар очдирди. Мамлакат тижорати ва зироатини таракқий қилдирди. Шундай қилиб, Андалус мамлакатида ҳам бир Ислом салтанати таъсис қилинди. Андалус подшоҳлигининг энг катталари Малик Абдур-Раҳмон Солисдирки, 291 (ҳижрий) йили подшоҳ бўлиб, Андалус қитъасини илм ва маданият соҳасида дунёдаги энг олий мамлакатлар қаторига қўшди. У замонларда Фарангистон одамлари Андалусга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва фан ўрганиб, қайтиб кетар эдилар. Шу сабабли олам тарихининг билувчилари Андалус мусулмонларини Фарангистон устозлари, деб атаганлар. Андалус давлати 422 (ҳижрий) йилга қадар шу тариқа шавкатли ва қудратли бўлиб турган. Сўнгра, қўзғолонлар, мардум нифоқи, подшоҳлар андишасизликлари натижасида мамлакат парча-парча бўлди ва ҳар парчаси бир амирнинг қўлига ўтди. Бу амирлар мусулмон эканликларига қарамай бир-бирлари билан доимо жанг қилганлар. Ва насронийлар уларнинг ўзаро ихтилофларидан фойдаланиб, баъзи вилоятларни эгалладилар. Иш шу жойга етдики, Андалуснинг охирги подшоҳи бўлган Абу Абдуллоҳ ас-Сағир замонида Андалус олти қисмга бўлиниб, бир қисмигина унинг қўлида қолган, бошқалари эса, насронийлар қўлига ўтган. Андалус насронийларининг Фердинанд исмли подшоҳи Абу Абдуллоҳ ас-Сағир шаҳарларини ҳам аста-секин эгаллаб, пойтахти Гранадани мусохара қилди. Абу Абдуллоҳ чора топмай, тожу тахтини Фердинандга топшириб, баъзи нарсаларини, қариндошлари ва аёлларини олиб кўчиб кетган. Ушбу тариқа Андалус ҳукумати 870 (ҳижрий) йили ўша ернинг насронийлари қўлига ўтган.
Андалус мусулмонларининг оқибат аҳволи
Мусулмонлар Андалусда ҳукмрон бўлган замонларда ул ернинг насронийлари кўп осуда ва роҳатда бўлганлар. Уларга ҳеч важдан зулм ва жабр қилмаганлар. Лекин Ислом ҳукумати у ерда тугатилгандан сўнг ва мамлакат Фердинанд қўлига ўтгач, Ислом аҳли учун зулм ва мурувватсизлик дарвозалари кенг очилди. Уларни зўрлик ва жабр билан насронийликка ўтказдилар, уларнинг додларини сўрамаганлар. Масжид ва мадрасаларни вайрон қилдилар. Мусулмонларнинг баъзиларини ўлдирдилар, баъзиларини ўтда ёқдилар, қолганларини хийла қилиб, мамлакатдан чиқариб юбордилар. Шундай қилиб, мусулмонлар у ерда кўрган зулмларини ҳеч қайси ғолибдан кўрмаганлар. Шу сабаб бўлиб Андалусда мусулмонлар зўрлик билан барҳам топдилар. Ҳозирги кунда тамоми Андалусда (Испониё ва Партуғазда) бир мусулмон ҳам қолмаган.
Муҳаррир иловаси
Абдурауф Фитрат рисоласини Андалусдаги халифалар тарихи билан тугатади. Тугатган, деган гап агар рост бўлса! Бизнинг назаримизда ҳам рисоланинг давоми бордек. Эҳтимолки, тала-тўпларда, Фитратнинг бошига бало-офатлар ёғилганда асарнинг давоми йўқолгандир.
Тасаввур қилиб кўрайлик: агар асарнинг давоми бўлса, Фитрат нималарни, Ислом тарихининг қайси жиҳатларини ёритди экан?
Назаримизда, албатта Африка ва Андалусдаги тарихий ҳодисаларни ўзига хос лўнда услубда баён қилиб, асосан Мўғул истилосига эътибор берган ва бу истило натижасида қанчадан қанча Ислом обидаларининг, кутубхоналарининг, умуман маданий ва илмий жабҳаларининг йўқолиб кетганлигини ёзар эди. Айни пайтда халифалар ўртасидаги тўқнашувларнинг, бир диндаги, бир миллатдаги одамларнинг бир-бирларининг қонларини тўкиши жамиятни қай аҳволга солганлигини кўз олдимизда гавдалантирган бўлур эди.
Албатта, буюк олим Ислом динининг Ўрта Осиёга тарқалиши ва ундан аввал Ўрта Осиёнинг тарихий, ижтимоий-сиёсий аҳволини баён қилган ҳолда, бу ерга ҳам Ҳақ диннинг нақадар зарур эканлигини исбот қиларди. Фитрат яшаган сиёсий зўравонлик ва маънавий тушкунлик замонида бундай исбот дадиллик талаб қилади, бироқ бундай дадиллик Фитратга хос хусусиятдир.
Уммавийлар сулоласи завол топиб, аббосийлар сулоласи бошлангач, фан ва маданият ривожига хийла эътибор берилгани тарихий далил, албатта. Аммо аббосийлар сулоласи ҳам ўз умрининг охирларига бориб, Фитрат айтгандек, халифалик эмас, шайхлик қила бошлади; бинобарин, Боғдодда ўтирган халифа подшоҳлардан келадиган садақалар билангина кун ўтказадиган бўлди. Аммо бу шайхлик ҳам мўғул саркардаси Хулакухон келиши билан қумга сингиди. Мўғул хонлари ҳам аста-секинлик билан мусулмон динини қабул қилиб, Ислом сулоласининг бир шахобчасини эгалладилар.
Амир Темур тарих майдонига чиққач, бу сулола ҳам Амир Темур эшигининг гадоси бўлиб қолди. Ислом байроғини энди Амир Темур баланд кўтарди. Аммо бу буюк салтанат ҳам завол топди, кейинги ҳодисалар эса бизга қонли урушлар, ўзаро тўқнашувлар манзарасини чизиб беради ва пайдо бўлган ҳар бир сулоланиш таназзулини кўрамиз.
Аммо Ислом ҳамиша барқарор бўлди ва ўзининг собитлигини йўқотмай, тараққий қилди.
Албатта, Фитрат бу ҳодисаларни қисқа тарзда ёритиб, асосий эътиборини Ислом оламида кенг қулоч отган фан ва маданиятнинг тараққиётига бағишлаган бўлур эди.
Муҳаммад ъалайҳиссалом вафотларидан кейин дастлабки илмий иш Қуръони каримни жамлаш бўлди ва Пайғамбаримизнинг амакиваччалари Абдуллоҳ бинни Аббос биринчи бўлиб Қуръони карим тафсири илмига асос солди. Ва у кишининг саъй-ҳаракати билан ҳадислар ҳам тўплана бошланди. Пайғамбаримизнинг кейинги авлодлари, хусусан, Жаъфари Содиқ раҳматуллоҳи ъалайҳ кўплаб ҳадислар тўплади.
Лекин ҳадисларни бир тизимга солиш, уларни илмий жиҳатдан ўрганиш Ўрта Осиё олимларининг буюк хизматларидир, ҳадис илмининг пешвоси бўлган Имом Бухорий ва бу илмнинг азамат намоёндаларидан бири Имом Термизий шу илм орқасида дунёга танилдилар. Қуръони карим тафсири масаласида ҳам Ўрта Осиё олимлари пешқадамликка эришиб, Ислом оламига машҳур, дастурул-амал бўлгулик тафсир китоблари яратдилар.
Ўрта Осиёда ўзига хосгина эмас, балки Ислом олами тан олган авлиёлар сулоласи ҳам вужудга келдики, бу авлиёларнинг жамият тараққиётида, давлатчиликнинг барқарор бўлишида аҳамиятлари буюк бўлди.
Фитрат рисолани давом эттирганда, албатта, мана шу масалаларни олимона тафаккур билан ёритган бўлур эди.
Ҳақиқатда Ислом тарихи буюк бир уммон; уни дафъатан қамраб олиш бир китобнинг, бир муаллифнинг юмуши эмас. Уммавийлар ва аббосийлар халифалигининг ўзи бир неча асрларни қамраб олади ва уларнинг ўзаро курашлари, боз устига аббосий билан аббосийнинг бир-бирига қилич кўтариши, уммавий билан уммавийнинг ёқа бўғишишлари, ҳатто ота-боланинг бир-бирига лашкар тортиши сингари воқеаларни бир зарб билан ёритишнинг иложи йўқ.
Афсуски, ҳали Ислом тарихи бўйича ўзбек тилида салмоқли асарлар яратилмаган, бу иш, албатта, келажакдаги вазифалардандир.
Асрор Самад
