автордың кітабын онлайн тегін оқу Fenomenal xotira
ФЕНОМЕНАЛ
ХОТИРА
ХОТИРАНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ
70 УСУЛИ
КИРИШ
Хотираси ўткир, мияси кучли, ҳамма нарсани эслаб қолади-я, каби гапларни тез-тез эшитиш мумкин. Бу одамлар хотиранинг кундалик ҳаёт ва касбий фаолият учун катта аҳамиятга эга эканлигини англаб етганларидан далолатдир. Барча касбий фаолиятларда хотира жуда қимматли воситадир. Яъни ўртача даражадан баланд бўлган хотирага эга кишилар бошқаларга нисбатан афзалликларга эгадирлар. Фавқулодда яхши хотирага эга кишилар билан бир қаторда, ҳақиқатан ҳам хотираси ниҳоятда ёмон одамлар кам бўлса-да, учраб туради. Зеро, хотира ҳаммада бор. Фақат уни қандай ишлатишни билиш керак, холос.
Дарҳақиқат, ҳаммамиз хотирага эгамиз. Агар айримлар ўз ихтиёрлари билан хотираси ёмонлигини тан олган бўлсалар, бу уларнинг хотирадан фойдалана олмасликларини англатади. Биз анча миқдордаги ғоялар, далиллар, маълумотларни эслаб қоламиз. Бусиз, ҳатто, яшаш мумкин бўлмай қоларди. Унда нима учун биз айрим одамларни эслаб қоламизу, бошқаларининг номлари ёдимизда қолмайди. Баъзи учрашувларни осонгина эслаб қоламизу, бошқаларини ёзиб олишга мажбурмиз. Бир хил топшириқларни бажарамизу, бошқалари ҳақида мутлақо унутиб қўямиз. Айрим маълумотларни ёдлаб оламизу, бошқаларини эса тезда унутиб юборамиз. Бу жумбоқнинг жавоби жуда оддий. Нимадир ёдимизда муҳрланиб қолса, биз эслаб қолишнинг самарали усулларини онгли ёки онгсиз равишда қўллаган бўламиз. Агарда хотирамизда ниманидир сақлаб қололмаган бўлсак, демак, эслаб қолиш жараёни нотўғри ўтган бўлади.
Ақлий машғулот ўтказиш фақат қарияларгагина эмас, балки ёшлар учун ҳам зарур. «Ётган тош остидан сув оқмайди» ибораси хотирага ҳам тегишли. Уни мунтазам равишда мустаҳкамлаб бориш ижодий салоҳият, умр фаолиятига ижобий таъсир қилади.
Бош мия инсоннинг ўзига хос биологик компьютеридир. У бизнинг онгимизни, шунингдек, феъл-атворимизни бошқарувчи асосий механизм ҳисобланади. Миямиз туфайли биз иш ва ўқишда ёшимиз ҳамда индивидуал қобилиятимизга қараб маълум бир натижаларга эришамиз. У бизнинг танамизни, қобилиятимизни бошқаради. Мия ишлаб турганида нималарнидир ўрганиб, ўз қизиқувчанлигимизни намоён қилишимиз, иродамизни белгиланган мақсадларга қаратишимиз, йўналтиришимиз мумкин.
Агар атрофда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар билан қизиқиб борилса, хатти-ҳаракатлар асослантирилса ва мунтазам равишда ўқиб, ўрганиш давом эттирилса, нафақат ёшларга, балки кекса одамларга ҳам муваффақият доим ёр бўлади. Бунда ёшга оид хасталикларни аниқловчи ва мажмуавий даволаш ёрдамида уларнинг олдини олувчи усуллар жуда самарали ҳисобланади.
Ушбу китобдан хотирани машқ қилдириш ва унинг ишчанлигини сақлаб қолишга ёрдам берувчи усуллар билан танишибгина қолмай, ушбу жараёндан завқланиш ҳиссини ҳам туясиз. Бундан ташқари, ушбу усуллар ёрдамида маънан такомилга ҳам етасиз. Агар ахборотлар оқими ичидан энг асосийлари, муҳимларини ажратиб олишга ўргансангиз, у сизга босим ўтказа олмайди. Ушбу китобда баён этилганларнинг ҳаммасини онгли равишда қабул қилишга ҳаракат қилинг. Мабодо натижалар дарров кўринмаса, ҳафсалангиз пир бўлмасин. Ўқув жараёнидан катта қониқиш ҳосил қилиб, қисқа фурсатда ижобий натижаларга эришасиз. Агар бирдан хотирангиз яхшиланаётганига амин бўлсангиз, бу ҳали имкониятларингизнинг чегараси эмаслигини билиб қўйинг.
Китобни ўқиш давомида сиз инсон ўртача олганда ўз ақлий қобилиятларининг жуда кам фоизини ишлатади холос, деган фикрга келасиз. Аммо хотиранинг ажойиб имкониятларини кенгайтириш учун ҳеч қачон кеч эмас. Сизга янгиликни ўзлаштириш, қабул қилиш учун жуда қариб қолганингизни уқтира бошлашлари ёки хотирангиз ҳаддан ташқари ёмон эканлигини таъкидлашлари билан сизнинг фикрлаш қобилиятларингиз дарҳол пасая бошлайди. Шу билан бир вақтнинг ўзида Иоганн Вольфганг Гёте даҳоси жуда кексайган ёшда ҳам меҳнат унумдорлигининг максимал даражасига эришиш мумкинлигини исботлаб беради. Чунки у «Фауст» асарининг иккинчи қисмини 80 ёшдан ошганида ёзган эди. Шоирнинг жамият билан доимо қизиқиб тургани асарнинг бу қисми яратилиши учун қувват ва туртки бўлган.
Инсоннинг ёш ёки қари эканлиги бош миядаги тўқималар катакчалари сони билан белгиланмайди. Бу жараёнда биологик компьютер – миясининг мосланувчанлиги, ҳис-ҳаяжонларга жавоб бера олиш қобилияти ва жисмоний ҳолати ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу хусусиятларни ривожлантириш учун миянинг янги ҳудудлари, қисмларига кириб боришга ёрдам берувчи махсус ишлаб чиқилган усулларни ўзлаштириб олиш керак дегани. Ушбу китобда сиз ўз миянгизга фойдали усулларни қўллаш учун зарур бўлган манбани топасиз ва ўзингизнинг ижодий имкониятларингизни юзага чиқара оласиз.
Дастлаб сиз ўз хотирангизни таҳлил қилиб олинг ва унинг ёрдамида ўз қобилиятларингизни аниқланг. Кейин сиз ҳаётда тез-тез тўқнаш келиб турадиган оддий қоидаларнинг бир нечтаси билан танишасиз. Келгусида хотирангизнинг бундан мураккаброқ хизматларидан фойдаланишингиз осонроқ бўлиши учун бу қоидаларни яхши ўзлаштириб олишингиз зарур.
Ҳар бир одам буюк қобилиятларга эга, фақат ўзи буни билмайди, холос. Китобни ўқиётганингизда сиз ўз хотирангизнинг кутилмаган имкониятларини очиб, ўзингизни яхшироқ билиб оласиз.
Тузувчидан
МИЯ – ХОТИРА ХАЗИНАСИ
Агар сиз миянгизни мақсадли йўналтириб машқ қилдиришни истасангиз, ўзига хос тамойиллар билан танишиб олишингиз лозим бўлади.
Мия инсон организмидаги барча ҳиссий ва жисмоний ҳаракатларни бошқаради. Одамнинг асосий хотираси бош мияда мужассамланган. Бош мия иккита катта – чап ва ўнг ярим шарлардан ташкил топган. Улар бир-бири билан асаб тўқималари – номиссурлар билан боғланган. Чап ярим шар танамизнинг ўнг томони, ўнг ярим шар эса чап томонини бошқаради.
Катта ярим шарлар бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган вазифаларни бажаришга мўлжалланган. Чап ярим шар деярли барча одамларда тил кўникмалари, мантиқ, таҳлил, рақамлар, қоидалар, тизимлаш, тартиб билан боғлиқ; ўнг ярим шар эса фантазия, орзу қилиш, ранг ва товушни макон ҳудудларида қабул қилиш ва мажозий фикрлаш учун жавоб беради.
Илгари мақсадли интеллектуал фаолият миянинг бу фаолиятни қўллаш учун зарур бўлган қисмларини ривожлантиради ва бу вақтда зарур бўлмаган қисмларни ишга солмайди, деб ҳисобланар эди. Маълум бўлишича, бундай ҳолларда синергетик эффект ҳодисаси рўй бераркан. Бунинг оқибатида ақлий фаолиятнинг ҳамма соҳалари ва йўналишлари юқори даражада якунланар экан. Мутлақо янги бўлган бу билим аввалига қўрқув уйғотади, аммо кейин кекса одам бош миясининг ухлаб қолган ўнг ярим шарини уйғотади ва тезда уни яна ҳаётга қайтаради.
Ёш болаларда бош миянинг ўнг томони фаоллашган бир вақтда кекса одамларда ўқиш-ўрганиш ва меҳнат фаолиятининг тугаши сабабли мия хазинасининг бу омбори, асосан, «михлаб ташланган» бўлади. Шунинг учун ушбу китобнинг муҳим вазифаси – мия ўнг ярим шарини имкон даражасида тез ривожлантириш, шу билан бир вақтда чап ярим шарнинг кучли ҳаракатлари (функциялари)ни ҳам машқ қилдиришдан иборатдир. Миямизнинг ҳамма имкониятларидан унумли ва самарали фойдаланиш учун биз унинг иккала ярим шарини бараварига ишга солишимиз лозим.
МИЯНИ МУНТАЗАМ МАШҚ
ҚИЛДИРИШ КЕРАК
Мия танамизни ташкил қилувчи бошқа аъзолар каби парваришга муҳтождир. У тана умумий вазнининг 2 фоизини ташкил қилса-да, бутун танамизга зарур бўлган қувватнинг 20 фоизини сарфлайди.
Нафақат тана, балки мия ҳам машқ қилиш ва яхши ҳолатда бўлишга муҳтождир. Доимий ҳаракат инсон танасининг мушакларини мустаҳкамлайди. Мияни машқ қилдирганингизда эса унинг тезкор хотирасини янгилайсиз ва фикрлашини тезлаштирасиз.
Мия машқи кўп нарса талаб қилмайди. Бунинг учун дунёвий билимлар, фавқулодда қобилиятлар ёки махсус шароитлар яратиш ҳам шарт эмас. Мунтазам равишда ҳар куни ўтказиладиган ўн дақиқалик машғулотнинг ўзи етарли бўлади.
Биз бош мияни, яъни тана ва руҳни бирлаштирувчи бу аъзони машқ қилдиришнинг нақадар муҳим эканлигини тушунишингизни истар эдик. Ақлий марказсиз гавдамиз жонсиз, ҳаракатсиз танага айланади. У юролмайди, ўтиролмайди, овқатлана олмайди, сув ичолмайди, ҳаёт кечириши учун зарур бўлган ҳаракатларни қила олмайди. Худди шундай гапни руҳий ҳолат ҳақида ҳам айтиш мумкин: агар сиз руҳий ҳолатингиз тетик, яхши бўлишини истасангиз, миянгизни машқ қилдиришга жиддий аҳамият беришингиз керак. Чунки фақат шу йўл билангина руҳни тетик ва соғлом сақлаш мумкин.
Мияни машқ қилдириш организмнинг ишчанлик қобилиятини кўтаради, психологик мўътадиллик ва яхши кайфият бағишлайди.Бу амалиётда синалган. Мияни машқ қилдириш учун биз таклиф қилаётган усуллардан фойдаланишингиз мумкин.
Ушбу китобда ажойиб самара берувчи кўплаб усуллар тавсия этилган. Уларни мунтазам бажариш натижасида сиз фақат аниқ-тиниқ хотирагагина эга бўлиб қолмасдан, балки завқланиш ҳиссини ҳам туясиз.
Бу усуллар бош миянинг ўнг ярим шарида бўлганидек, чап ярим шарини фаоллаштиришга сезиларли тарзда ёрдам беради ва шу тариқа ахборотнинг хотирада узоқ вақт давомида мустаҳкамланиб қолишига кўмаклашади.
КЎП БИЛИШ ЗАРАР ҚИЛМАЙДИ
Ҳаётнинг қадрига етиб, умр йўлингизни кузатиб борсангизгина, сизга ёмон иллатлар хавф солмайди. Кўп кузатиш ва ўрганиш натижалари – фақат касбдагина эмас, балки шахсий ҳаётингизда ҳам ютуқларга эришишингизни кўрсатмоқда.
Мия ва хотиранинг чекланмаган қобилият, тўғрироғи, имкониятларидан кенг фойдаланиб, билим олиш, ўқиб-ўрганишни мароқли болалар ўйинига айлантириш мумкин. Шундай қилиб, ҳеч бир муболағасиз айтиш ўринлики, мия ва хотира машқи хатти-ҳаракатларнинг ҳақиқий ва мантиқий асосланишига замин яратади.
Биз сизга тавсия қилмоқчи бўлган усулларни бутун умр давомида қўллаш лозим. Бундан ташқари, қуйидаги тамойилларни доимо ёдингизда тутиб, уларга риоя этсангиз, сиз ҳаётда том маънода омад ва муваффақиятга эришган одамлар қаторида турасиз.
♦ Бир умр ўқиш, ўрганиш: хотирани машқ қилдириш, фантазия, мантиқий фикрлашни, жисмоний қобилиятларни ривожлантириш, эстетикани тушуниш ва турли фойдали алоқаларни тиклашга интилиш.
♦ Атрофдагилар билан мулоқот қилиб яшашга одатланиш: ўз яқинлари, уларнинг тарихи, анъаналарини тушунишга ва шу билан бирга, уларнинг ақлий қобилиятларини ривожлантиришга интилиш.
♦ Ишлашга ўрганиш: ўз ишини расмиятчилик учун эмас, ижодий бажариш, ўз олдига янги вазифаларни қўйиш, уларни амалга оширишнинг режаларини ишлаб чиқиш, жамоавий меҳнат қилиш қобилиятларини намоён этиш.
♦ Билимга чанқоқлик: кенг кўламдаги билимларни эгаллашга интилиш – бу онгнинг доимо ёш бўлиши калитидир.
ХОТИРА ИМКОНИЯТЛАРИДАН
УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИНГ
Ёш ўтиб борган сари хотира ёмонлашиши кўп кузатиладиган хол. Ўз миясини машқ қилдирадиган кекса одамлар эса асаб тўқималари бир-бири билангина эмас, балки организмнинг бош-
қа тўқималари билан ҳам ўзаро фаол ҳаракат қила олишини исботладилар.
Балки сизнинг хотирангиз ўзингизга қаттиқ ишонганингизда яхши бўлиб қолар?! Агар бўш вақтингизда биз таклиф қилаётган машқлар билан шуғуллансангиз, миянгизни хатловдан ўтказишингиз ва ахборотни қабул қилишнинг қайси йўли сиз учун хос эканлигини аниқлаб олишингиз мумкин.
Ўз қобилиятингизни таҳлил қилиб олишингиз учун сиз махсус назорат топшириқларини бажаришингиз керак бўлади. Улар сизга қобилиятингизнинг (визуал, аудитив, моторли ёки эмоционал), хотирангизнинг (семантик, эпизодик, процессуал ёки орттирилган) ва стресснинг салбий ёки ижобий эканлигини аниқлашингизга ёрдам беради.
АСТОЙДИЛ ҚИЛИНГАН
ИШ САМАРА БЕРАДИ
Биз тавсия этаётган топшириқларни бажаришга киришар экансиз, ҳаммасига бирдан қўл урманг. Айниқса, бу топшириқларни бир вақтнинг ўзида бажариш ярамайди.
Энг оддий мисоллар билан чекланиб, ўзингизга тўғри келса, бундан таъбингиз хира бўлмасин. Чунки сизнинг ўқиш, ўрганишингиз энди бошланяпти-ку. Зафар қозонганингизни сезганингиз заҳоти сиз яхши туйғуларни ҳам туя бошлайсиз.
Ушбу китобни ўқир экансиз, стрессларсиз ва ортиқча куч сарфламай ўз хотирангизни мустаҳкамлашингиз мумкин бўлган кўплаб усулларни ўрганасиз.
Энди эса қўлингизга қалам ва ён дафтарни олинг. Топшириқларни бажариш жараёнида сизнинг тезкор хотирангиз синаб кўрилади. Шунинг учун ҳар бир машқдан сўнг қисқача тушунтириш берилади. Шуни ҳам назарда тутингки, бу имтиҳон эмас, балки сизга ўз имкониятларингизнинг чегарасини билишингиз учун яна бир қулай фурсатдир.
Керак бўлса, бу жараёнда ўзингизга баъзан танаффус қилишга рухсат ҳам беринг. Фаолликдаги ҳамда дам олишдаги ўзгаришларни тартиблаб, ақлий қобилиятларингизни ҳаддан зиёд таранглаштирманг. Машқларни янги куч билан бажаришга ҳаракат қилинг.
МАШҚ
Таклиф қилинган ва изчилликда жойлаштирилган 12 та сўзнинг ҳар бири устида 2-3 сония диққатни жамлаб, уларни ўқиб чиқинг.
1. Кунтуғмиш
2. Қозон
3. Гугурт
4. Овчи
5. Мустақиллик майдони
6. Ғафур Ғулом
7. Хива
8. Йўлчироқ
9. Шудринг
10. Метро
11. Тошкент телеминораси
12. Кетмон
Китобни ёпиб, чалғиш учун саволларни тескари тартибда 12 дан 1 гача сананг.
Энди эсда қолган ҳар бир сўзни 1 дан 12 гача тўғри тартибда ёзиб чиқинг.
МАШҚ
Қуйида берилган сўзларни ўқиб чиқинг ва орадан беш дақиқа ўтгандан сўнг улар иштирокида кичик бир ҳикояча тузинг:
Анор, болта, чодир, қармоқ, тўлин ой, уй, пиёла, мактаб, қушлар, саримсоқпиёз, телефон, китоб, самолёт, қалам, тулпор, кавуш, қозон, олов, дарахт, кунгабоқар, бодом, кўйлак, чироқ, машина, тоғ, ракета.
МАШҚ
Қуйидаги сонларни улар жойлаштирилган тартибда эслаб қолишга ҳаракат қилинг (ҳар бир рақамга кўпи билан 5 сония ажратинг).
9564 85 20 17 2397 46 82 15 96
3982 73 96 51 0658 74 45 23 52
Китобни ёпинг ва чалғиш учун кўпайтириш жадвалининг тўртинчи қисмини ёддан айтинг.
Шундан сўнг юқорида келтирилган рақамларни қоғоз билан беркитиб, уларни тўғри тартибда жойлаштиришга ҳаракат қилинг.
МАШҚ
Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку, «уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?
Китобни ёпинг. Чалғиш учун А алифбода нечанчи ўринда келишини эсланг. Албатта, биринчи-да, дейсизми, энди Ж ва К ҳарфлари қайси ўринда келишини эслаб кўринг.
Сўнг юқорида Чўлпон ижодидан келтирилган тўрт қатор шеърни бирор нарса ёки кафтингиз билан беркитиб туриб, унинг ёдингизда қолган мисраларини ёзинг.
МАШҚ
Қуйида берилган ўзбек актёрларининг номларини ўқиб чиқинг ва ҳар бирига 3 сония диққат билан қаранг. Cўнг қоғозга улардан ёдингизда қолганларини ёзинг. Имкон қадар актёрлар ижро этган ролларни ҳам санаб ўтсангиз, мақсадга мувофиқ бўлади. Китобни ёпинг. С ва П ҳарфлари алифбонинг нечанчи ўрнида келади? Эсланг.
1. Ҳамза Умаров
2. Лутфихоним Саримсоқова
3. Ғани Аъзамов
4. Шукур Бурҳонов
3. Тўти Юсупова
